“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Пахта–2020

МАВСУМ ОИЛА БЮДЖЕТИГА ФОЙДА, РЎЗFОРГА БАРАКА КЕЛТИРАДИ

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан жадал суръатларда бошланди. Бунда нафақат фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчи-хизматчилари, балки қўшимча даромад топиш мақсадида иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам ихтиёрий равишда фаол иштирок этмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки давлатимиз томонидан пахта йиғим-теримида фаол қатнашаётган теримчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сир эмас, қаердаки моддий манфаатдорлик бўлса, ўша ерда ишнинг унуми, қилинган меҳнатнинг самараси ўзини кўрсатади. Бугун пахта далаларида меҳнат қилаётган ҳар бир теримчига терган пахтасининг пули ўша куннинг ўзида, дала бошида берилаётгани, илғор теримчилар қўшимча рағбатлантирилаётгани уларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшиб, ўзаро соғлом рақобатнинг шаклланишига замин яратмоқда. Бугун далага кирадиган ҳар бир фуқаронинг меҳнат муҳофазаси таъминланмоқда. Шу билан ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ишга яраша ҳақ олишлари ҳам икки томонлама шартномада белгилаб қўйилди. Терим мавсумидаги янгича ёндашув жойлардаги пахта штаби аъзолари томонидан фуқароларга етказилмоқда ва бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини ҳам кўрсатяпти. Ғалла ва пахтачиликда бой тажрибага эга Сурхондарё вилояти аҳли 244 минг 800 тонналик “оқ олтин” хирмонини яратиш мақсадида 74 минг гектардан ортиқ майдонга чигит қадаган. Ўтган давр мобайнида ғўзани культивация қилиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, зараркунандаларга қарши курашиш, дефолиация тадбирларини белгиланган вақтда сифатли амалга оширишга эришилди. Яна бир мавсумий шайлик — деҳқоннинг яқин кўмакчиси бўлган қишлоқ хўжалик техникаларини мавсумга тайёрлаш борасида ҳам аниқ режа асосида иш олиб борилди. Теримга жалб қилинадиган 1124 дона пахта ташиш транспорти, 1603 дона тир кама шай ҳолатга келтирилди. Вилоятда 1518 та терим отряди тузилди. Отрядлар таркибига 10 минг нафарга яқин уюшмаган ва “темир дафтар”га киритилган 8 минг нафардан ортиқ фуқаро бор. Ангор туманида ҳам жорий йилда 31 та фермер хўжалиги ва “Ангор Сурхон ғурури” МЧЖ  кластер корхонаcи томонидан 6 минг 700 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирилди. Ҳосилни йиғиб-териб олиш мақсадида 110 та терим отрядида 14 минг 753 нафар теримчи билан иш берувчи ўртасида икки томонлама шартномалар имзоланди. — Айни кунларда жамиятимиз томонидан мавсумни тез ва сифатли ўтказиш мақсадида 150 та хорижий техника, 300 га яқин агрегат харид қилинди, — дейди “Ангор Сурхон ғурури” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Сафарқулов. — Мавсумда тўлиқ ўзимизни ўзимиз техника воситалари билан таъминлаймиз. Йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан ўтказиш учун барча чора-тадбирлар кўрилган. Энг муҳими, теримчиларга муносиб шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, мавсумда муносиб иштирок этган теримчилар кластер томонидан қўшимча рағбатлантирилади. Теримчиларнинг иссиқ овқати, тиббий ёрдам, карантин талабларига риоя қилиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилган. — Ўтган йили ҳам пахта теримида иштирок этган эдим, — дейди теримчи Гўзал Бобоева. — Лекин бу йилги шароитлар менга маъқул бўлди. Мавсумнинг олдингиларидан фарқли жиҳати шуки, кунлик норма белгиланмаган, иш берувчи билан тузилган шарномада барча ҳуқуқларимиз белгиланган. Яна бир муҳим жиҳати, тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳлар даланинг ўзида теримчиларнинг соғлиғини мунтазам назорат қилиб боради. 4 фарзандим бор. Турмуш ўртоғим вафот этган. “Темир дафтар”да рўйхатда тураман. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган барча моддий ва маънавий ёрдам учун миннатдорман. Пахта мавсуми биз каби фуқаролар учун яхшигина даромад манбаи. Бу йил ишлаб топган пулимга уй-жойимни таъмирлаш, қизимни турмушга узатишни режа қилганман. — Кунлик ишларда 30-35 минг сўм учун ишлаб келаётган эдим, — дейди теримчи Фотима Ҳусанбоева. — Мавсум бошлангандан буён кунига 100 килограммдан ошириб пахта теряпман. Бу эса бир ойда 3 миллион сўм дегани. Даромадимга болаларимнинг қишки кийим-кечагини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаб олмоқчиман. Жорий йилда Сурхондарё вилоятида пахта йиғим-терим мавсумига 175 минг нафардан ортиқ теримчи жалб этилиши режалаштирилган. Уларнинг ётоқ жойлари, овқатланиш ва дам олиш шароитлари карантин талаблари асосида ташкил этилади.

— Бу йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун эҳтиёжманд ва “темир дафтар”га киритилган оилалар вакиллари, уй бекалари, хориждан қайтган меҳнат мигрантларидан иборат терим отрядлари шакллантирилди, — дейди Ангор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Азиз Йўлдошев. — Туманимизда теримга жалб қилинган аҳолининг барчаси билан фуқаролик шартномалари имзоланди. Бу шартномада теримчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, биринчи ва иккинчи теримда белгиланган пул миқдори аниқ қилиб кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, улар даланинг ўзида фермер ва кластерлар томонидан бепул  иссиқ овқат билан таъминланиши ҳам белгиланган. Бундан ташқари, ҳар бир теримчининг тиббий ҳолати ҳам  назоратга олинади. Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз пахта хирмонининг юксалишига ҳисса қўшиш мажбурий меҳнат эмас, балки оила бюджетига фойда, рўзғорга барака келтирадиган даромад манбаига айланиб бормоқда. Асосийси, буни теримчиларимиз ўз фаолияти, меҳнати ва ҳаётида чуқур ҳис этмоқда.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 182 (182), 2020 йил 23 сентябрь, чоршанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!