“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИГА ҲАР ТОМОНЛАМА КЎМАК БЕРИШ

инқироз оқибатида юзага келган ўта мураккаб вазиятда ҳам изчил давом этади

Сўнгги йилларда томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда. Кўплаб кишилар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини ҳам, бозорни ҳам арзон ва сифатли қиш лоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминламоқда.

Бир пайтлар томорқасида етиштирган маҳсулотини сотаман деб қўлига кишан солинганлар қанча эди. Оила даромади деган тушунчалар йўқ эди. Мустақиллик туфайли ўз эркимизга, ўз еримизга эга бўлдик.

Жаҳондаги карантин чоралари сабаб дунёда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб кескин ортди. Натижада кўплаб мамлакатлар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини чеклаб қўймоқда. Шу туфайли ҳам БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар пандемия шароитида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш зарурлигини таъкидламоқда. Пандемия даврида мамлакатимизда ҳам озиқовқат маҳсулотларига бўлган талабни ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қондиришга долзарб масалалардан бири сифатида қаралмоқда. Аҳоли даромадини кўпайтириш муҳим мезон  бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта захира ва имкониятлар мавжуд. Мухбиримиз мамлакатимизда томорқачиликни ривожлантириш, бу борада яратилаётган шароит ва имкониятлар, соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги истиқболдаги вазифалар юзасидан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам ҲАИТОВ билан суҳбатда бўлди.

— Охирги йилларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан соҳа ривожига қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди ва бу ҳужжатлар ижроси изчиллик билан амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, айрим қонунларга ўзгартишлар киритилди, — дейди А.Ҳаитов. — Масалан, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича “Томорқа хизмати” МЧЖ корхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Кенгаш ҳузурида Фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси иш бошлади. Жамғармага ажратилган маблағ бугунги кунда, асосан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлашга, улар фаолиятини янада ривожлантириш, кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш ва томорқа ер эгаларининг инновацион фаолиятига кўмаклашиш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш, мамлакат қишлоқ хўжалигига янги самарали технологияларни жорий этишга сарфланмоқда. Хусусан, 2020 йилда экин экиш, ихчам иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, чорвачилик ва бошқа йўналишлар учун 58,6 миллиард сўм ва сув таъминоти оғир жойларда суғориш қудуқлари қазиш учун 16,8 миллиард сўм ажратилиши фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига қўшимча молиявий мадад, уларни машаққатли даврда қўллаб-қувватлаш намунаси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дунёда озиқовқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин бўлган шароитда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробар кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва манфаатдорликни ошириш борасида замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қарор билан ер ости сувлари захираларидан фойдаланиш орқали экин экилмай қолаётган мавжуд ер майдонларини ўзлаштириш ишларига давлат кўмаги берилиши кўплаб томорқа ер эгалари учун катта имкониятлар эшигини очди. Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган, олдин бўлмаган янги тизим яратилди. Бундай вазиятда ўзимизда мавжуд имкониятларни ишга солиш, шу жумладан, аҳоли ихтиёридаги томорқалардан унумли фойдаланиш учун зарур шарт- шароитлар яратиш, яъни сув, зарур маблағ, уруғлар, кимёвий ўғитлар, ёқилғи ва бошқа зарур материаллар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Томорқа ободлиги, албатта, сувга боғлиқ. Ана шу мақсадда ўтган йили жойларда 233 та қудуқ қазилиб, 4,5 мингдан ортиқ хонадондаги томорқанинг сув таъминоти яхшиланди. Жорий йилда кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 85,1 миллиард ажратилиб, шундан 49,5 миллиард сўми артезиан қудуқлари қазиш, ихчам иссиқхоналар қуриш, 35,3 миллиард сўми “Томорқа хизмати” МЧЖ корхоналари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятини янада ривожлантириш ва фермерларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.   Қишлоқ хўжалигида вақтинча фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириб, кам таъминланган оилаларни банд қилиш бўйича яратилган тизим яхши самара бермоқда. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 31 та кооператив ташкил этилиб, 1 минг 600 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундай кооперативлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғармадан 50 миллиард сўм ажратилди.

 — Аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича қандай амалий чоралар кўрилмоқда?

— Бу йил қанчалик оғир ва синовли келганига қарамай, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда, 4,5 миллион аҳоли томорқасидаги 432 минг гектар ер майдонларида экинлар экилиши тўлиқ таъминланди. Эрта баҳорда 306 минг гектар томорқа майдонининг 46 минг гектарига картошка, 53 минг гектарига помидор ва бодринг, 35 минг гектарига пиёз, 20 минг гектарига сабзи, 18 минг гектарига карам, 21 минг гектарига кўкатлар, 27 минг гектарига дуккакли,  86 минг гектарига бошқа экинлар экилди. Тўқсонбости усулда экилган 126 минг гектар томорқа ерларида 1,9 миллион тонна пиёз, саримсоқпиёз, карам ва бошқа сабзавотлар етиштирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, эрта баҳорги экинлардан 5,1 миллион тонна ҳосил олинди. Шунингдек, 301 миллион долларлик 521 минг тонна маҳсулот экспорт қилинди. Бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, экиндан бўшаган 226 минг гектар томорқага такрорий (ўртаги) экинлар экилди. Улардан 3,1 миллион тонна қўшимча маҳсулот олиш мўлжалланмоқда. Камбағалликни қисқартириш, аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 10,1 минг гектар ерда 366 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилди ва 20 минг нафар фуқаро иш билан таъминланди. Дастлабки ҳисобларга кўра, ушбу кооперативларда 210 минг тонна сабзавот ва полиз маҳсулоти етиштирилади. Камбағалликни қисқартириш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларнинг 84 минг гектари 266 минг эҳтиёжманд оилага ажратиб берилди, уларнинг катта қисмини ишсиз ёшлар ва аёллар ташкил этмоқда. Уларга амалий ёрдам кўрсатиш учун фермерлар ва “Томорқа хизмати” МЧЖ корхоналари бириктирилди.  Айни пайтда “Томорқа хизмати” МЧЖ корхоналари сони 244 тадан 367 тага етказилди. Улар томонидан аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш кўлами кенгайди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида хонадонларга 9,4 миллион туп сабзавот ва мевали дарахт кўчати, чорва, парранда, зотдор қуён, асалари уялари етказиб берилди, 51 минг гектар томорқа ерларининг экишга тайёрланишига яқиндан кўмаклашилди. Мазкур корхоналар фаолиятини янада яхшилаш, қўллаб-қувватлаш ҳисобига жорий йилда улар томонидан 39,7 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.

— Аҳоли ва фермерлар томонидан етиштирилган маҳсулотларни сақлаш борасидаги ишлар билан ҳам ўртоқлашсангиз.

— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз равишда таъминлашда уларни сақлаш долзарб муаммолардан ҳисобланади. Бу муаммолар ечимининг топилиши аҳолини йил бўйи арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини беради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сунъий совутиладиган омборхоналарда сақлаш энг самарали усулдир. Чунки бунда сақланаётган маҳсулотнинг вазни йўқолишининг олди олинади. Қиш лоқ хўжалиги маҳсулотлари оддий омборларда анча вазн йўқотади. Сунъий совутиладиган омборларга сақланганда эса табиий камайиш 0,5-1,0 фоиздан ошмайди. Мева ва сабзавотларни саноат шароитида сақлаш анча мураккаб вазифа. Шунинг учун уларни сақлаш даврида сифатига таъсир қиладиган ҳамма жараёнларни ва омилларни эътиборга олиш лозим. Ҳозирги пандемия шароитида фермерлар ва аҳолининг кичик ҳажмли совутгичлар қуришга бўлган талабларини қондиришда маблағ етишмовчилиги ҳам бир тўсиқ. Аммо уларга имтиёзли кредитлар бериш орқали молиявий қўллаб-қув имкониятлари мавжуд. Ўзбекистон Президентининг 2020 йилнинг 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этади. Қарорда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар барпо этишга кредит ажратилиши белгиланган. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва кенгашимиз ҳамкорлигида ҳудудларда кичик ҳажмли совутгичлар қуришга бўлган дастлабки талаблар ўрганилди. Ўрганишлар жарёнида жорий йилда 642 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида биттадан кичик сиғимли совутгичлар қуриш зарурлиги аниқланди. Вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган манзилли дастурга кўра қурилиши мўлжалланган кичик сиғимли совутгичларнинг умумий сиғими 17 минг 313 тоннани,  талаб этиладиган маблағ миқдори 42 106 миллион сўмни ташкил этади. Айни кунларда бу борадаги амалий ишлар бошлаб  юборилди.

 — Томорқачиликни янада ривожлантириш борасида келгусида қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда?

— Эришилган ютуқлар билан бир қаторда зудлик билан амалга оширилиши  зарур бўлган вазифалар ҳам бор. Жумладан, аҳоли томорқаларида маҳсулот етиштиришни янада кўпайтириш мақсадида 2020 йил 15 декабргача 25 та туманда 270 минг хонадонни қамраб олган ҳолда “Томорқа хизмати” кластерлари ташкил этиш белгиланган. Уларда 16 гектар кўчатчилик иссиқхонаси, сиғими 6 минг тонна бўлган совуткичли омбор, 90 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш ва қуритиш линияси, сиғими 22 минг тонна бўлган сутни қабул қилиш омбори, 37 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариш қувватлари бўлади, инкубаторда 12 миллион дона жўжа очириб, аҳолига тарқатиш имконияти яратилади. Шунингдек, 1 210 та маҳаллада енгил конструкцияли дала дўконлари ва кичик ҳажмли музлаткич омборлар қурилади. Аҳолига маҳсулотлар арзон нархда “даладан дўконгача” тамойили асосида етказиб берилади.  Айни кунларда 57,1 минг гектар ва ноябрь-декабрь ойларида 105,2 минг гектар томорқага тўқсонбости усулида сабзавотлар экиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан иккинчи ярим йилликда 187 миллиард сўм маблағ, биринчи навбатда, 25 та томорқа хизмати кластери, кооперативлар ва томорқа хизмати корхоналарини қўллаб-қувватлашга, ихчам иссиқхоналар қуришга йўналтирилади. Шунингдек, жорий йил якунига қадар  Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳузуридаги Ахборот-маслаҳат марказлари (Extension center) ҳамда In-vitro лабораторияси томонидан ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлари ва кўчатларини тайёрлаш, етказиб бериш, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ҳамда етиштириш агротехникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш юзасидан маслаҳат ва тавсиялар бериш бўйича хизматлар шартнома асосида ташкил этилиши белгиланган. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатда томорқа хўжалигидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига молиявий кўмак бериш, уларга зарур маблағни имтиёзли ва улар учун қулай шартларда ажратишга ҳам эътибор қаратилган. Кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармасидан маҳсулот етиштириш харажатлари учун 24 миллиард сўм субсидия ажратилади. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга мевали кўчатлар, сабзавот уруғлари ва бошқа моддий ресурслар етказиб берилади. Инқироз оқибатида юзага келган ўта мураккаб вазият, дунё бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ошиб бораётган бир шароитда томорқа ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам изчил давом эттирилаверади.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 155 (155), 2020 йил 18 август, сешанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.3 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!