“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

БОЖХОНАЧИ ГУЛИ ОПА

Гули Бобоқулова ҳарбийлар оиласида туғилган.Отаси турли жойларда ишлагани боис, унинг мактаблари тез-тез ўзгарарди. Аммо қайси мактабга бормасин киришимлилиги, зукко зеҳни туфайли муҳитга мослашиб кетарди. Унда ҳарбийларга хос қатъият ана шу мактаб даврларда шаклланган бўлса ажаб эмас. Ёшлигидан отаси билан сирлашар, касб машаққатлари билан ўртоқлашарди. Отасининг ҳарбий бош кийимини кийиб тенгдошларига мақтангиси келарди…

Орадан йиллар ўтди. 1995 йилда Бухоро давлат университетини тамомлаган Гули Бобоқулова шу ерда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлайди. Сўнг, аспирантурада ўқишини давом эттиради. Турмуш қуради. Бироз муддат оила ва фарзандлар ташвиши, рўзғор юмушлари билан банд бўлади. Барибир ота изидан юриб, 2001 йилдан бошлаб вилоят божхона бошқармасининг божхона назоратини ташкил этиш бўлими инспектори лавозимида ишга киришади. Шу санадан бошлаб опанинг ҳаётида ранг-баранг саҳифалар очила бошлайди. Йигирма йил давомида аэропорт пости, чегара божхона постларида турли лавозимларда ишлади.

Г.Бобоқулова ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Олот» чегара божхона пости катта инспектори лавозимида хизмат қилмоқда. Жорий йил у Президентнинг «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.

– Ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши ила шу соҳага ишонч билан қадам ташлаган бўлсам, турмуш ўртоғимнинг кўмаги туфайли ютуқларга эриша бошладим, – дейди Гули Бобоқулова. – Жамоада обрў қозондим, касбга меҳр бериб, садоқат билан ишладим. Натижада раҳбарият эътиборига тушдим. Шахсий таркиб зобити сифатида божхона хизмати майори унвонини олганимда раҳбариятнинг менга бўлган ишончидан мамнун бўлган эдим. Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидан бўлган «Олот» чегара божхона постида ишлаб туриб, Президент қўлидан унвон оламан, деб ҳеч ўйламаган эдим…

Иш қанчалик қизиқарли ва завқли бўлмасин, аёл киши учун оила биринчи ўринда туради. Гули Бобоқулова фарзандлар тарбиясини ҳам эсдан чиқармаган. Тўрт нафар ўғилни турмуш ўртоғи кўмагида илмга эътиборли қилиб улғайтирди. Бугун катта фарзанди Нукус давлат университети ҳуқуқшунослик факультетида, қолган уч фарзанди мактабда аъло баҳоларга ўқийди.

Бир аёлга етарли бахтга эришган Г.Бобоқулова ҳар қадамда полковник отасининг насиҳатларини эслайди. Марҳум падари бузрукворидек соҳада ном қолдиришга интилади.

Дилобар МАМАТОВА, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/bozhxonachi-guli-opa_190049   ЎзА сайти (27.11.2020)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!