“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ҲАРБИЙ ЛИБОС МАСЪУЛИЯТИ

Отабек Чориевни бугун божхона соҳасида ишлайдиган аксарият одамлар яхши танийди, жамоада ҳурмати баланд.

У Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Соҳага садоқати ва фидойилиги туфайли қатор ютуқларга эришди. 2005 йилда «Шуҳрат» медали, 2020 йилда «Мардлик» ордени билан тақдирланди.

 

Отабек Чориев 1974 йил Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ўқитувчи оиласида туғилган. Шу сабаб болалигидан илмга интилиши, мутолаага иштиёқи баланд бўлган. Қишлоқдошлари билан спорт ўйинлари ўйнаб чиниққан бўлса, тенгдошлари билан кураш тушиб, майдонда ҳалоллик, тўғри ва нотўғри амалларни ажрата бошлади. Отаси натижа қандай бўлмасин рақиб қўлини сиқиб қўйишга куч топиш зарурлигини, мардлик эркак кишининг зийнати эканлигини уқтирган. Ёшлигидан зукко ва зийрак бўлиб ўсган Отабек Чориевга ишда, турмушда – ҳар қадамда ота-онасининг берган тарбияси асқотиб келмоқда.

–Раҳматли отам ҳалол ва садоқатли инсоннинг ҳар ерда омади юришади, дерди, – дейди Отабек Чориев. – Биз болалигимиздан ҳалол луқма еб катта бўлганмиз. Бировнинг ҳаққи, пора, таъмагирлик, деган нарсалардан анча узоқ бўлганмиз. Камтар яшаганмиз. Зиёли оиладан бўлганимиз учун ўғил-қизларни ўқитиш ота-онамиз учун фахр эди. Отам ўқишимиз учун барча шароит яратиб берган. У вақтлар ўқишнинг ўзи бўлмасди. Сурхондарёнинг чекка бир туманида туриб, Тошкентда ўқиш, бу ерда ишлаш биз учун орзу эди, холос. Мен бир вақтлар келиб катта-катта лавозимларда ишлайман, ҳукумат томонидан, Президент томонидан тақдирланаман, деб ўйламас эдим. Фақат катта бўлсам, ҳалол яшайман, Ватан корига ярайдиган инсон бўламан, ота-онамни Тошкентга айлантиргани обораман, деган беғубор, самимий орзуларим бўларди…

Божхона соҳаси қизиқ, унда фаолият юритган киши соҳа ичига кириб бораверади. Отабек Чориев 25 йилдан буён соҳанинг ичида. Шу вақт давомида тизимда турли лавозимларда фаолият юритди. Олий ўқув юртини тамомлаб, 1996 йилдан Тошкент вилояти божхона хизмати 3-сонли «Эшонобод» божхона пости инспектори лавозимидан иш бошлаган бўлса, 23 йил давомида республиканинг турли ҳудудларида фаолият юритишига тўғри келди. Давлат божхона қўмитаси Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши кураш бўлими инспектори, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда, божхона қоидалари бузилишига қарши кураш бўлими, Контрабанда, наркотрафик, божхона қоидалари бузилишига ва бошқа криминал ҳолатларга қарши кураш бўлинмаси муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили, Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ойбек» божхона пости бошлиғи, Андижон, Бухоро вилоятлари божхона бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлади. 2018 йилдан буён Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда.

– Инсон қанчалар касбини севса, у ўша ишда эъзозланади, – дейди Отабек Чориев. – Касбимизнинг нозик томонлари жуда кўп. Уни соҳага бугун кириб келган киши билмаслиги мумкин. Бунинг учун йиллар, тажрибали инсонлар кўмаги керак. Мен қаерга бормай яхши устозлар этагидан тутдим, улардан кўникмалар олишда эринмадим. Ишимиз юзасидан уйқусиз ўтган тунларимиз, ҳаловатсиз ўтган кунларимиз кўп бўлган. Соҳага кириб келаётган ёшларга, аввало, касбга садоқатли бўлиш кераклигини уқтирамиз. Ҳарбий либос масъулияти кишини етук шахс бўлишга ундашини таъкидлаймиз. Яхши устозларимиз кўмаги билан бугун биз ҳам устозлик мақомига эришдик. Қўл остимизда ишлайдиган болаларга бошимиздан ўтган қийинчиликларни сўзлаб берамиз. Уларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш учун ҳаракат қиламиз.

Отабек Чориев турмуш ўртоғи билан тўрт фарзандни тарбиялаб келаётир. Бугун улар мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда.

Дилобар Маматова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/harbiy-libos-masuliyati_195424 ЎзА сайти (17.12.20)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!