“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МУҚАДДАС ХОЛИҚОВА –“РОЛЬ ТАНЛАШДА ТАЛАБЧАНМАН”

Актёрлар орасида шундай инсонлар борки, уларнинг исмини эшитганингиздан юзингизга илиқ табассум югуради. Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова ана шундай актёрлар сирасига киради. У ижро этган роллари орқали кишига ўзгача кайфият улашади.

Муқаддас Холиқова бугун театрда юзлаб роллари билан ўзбек санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшган бўлса, кино-фильмларда ижро этган роллари ижодкорни янада машҳурлик томон етаклади. Санъатдаги самарали меҳнати эвазига кўплаб танловларда иштирок этиб, давлат мукофотларга лойиқ топилди.

– Театр – маҳорат мактаби, деб бекорга айтилмаган, – дейди М.Холиқова. – Саҳна мени тарбиялади, мураккаб ролларни ижро этишда менга куч берди. Муқаддас Холиқова ўз ўзидан шу номга, шу машҳурликка эга бўлиб қолгани йўқ. Бунда узоқ йиллик меҳнат ва устозлар кўмаги сабабчидир. Санъатни нонини ейиш қийин.

Профессионалларгина унинг оғирига ҳам, енгилига ҳам қўнади. Кўчадан, бошқа соҳадан юлдуз бўлиш илинжида келган актёрлар соҳа инжиқликларини кўтара олмайди. Актёрлик енгил-елпи касб эмас. У кишидан сабр-тоқат талаб қилади. Ёзнинг жазирамасида қалин пальто кийиб томошабинга совқотган киши образи тақдим этиш ёки қишда жазирамада қолган инсон образини яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ҳаммасидан ҳам зийрак томошабинни ишонтириш қийин.

Актриса ижоди давомида «Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси» сериалида анчайин жиддий ва салмоқли ролни ижро этган бўлса, «Кўнгил кўчалари», «Қайнона операцияси», «Улфатлар 1,2», «Бойвачча», «Анора», «Амакиваччалар», «Ошиқлар» каби фильм ва сериалларда хушчақчақ ва ҳазил-мутойибага ўч ўзбек аёли образларини яратган. Қарийб 30 йилдан буён театрда бир-биридан такрорланмас, ўзига хос ролларни ижро этган.

– Она фарзандини аяр экан, қийинчилик чекмасин, деркан, –дейди санъаткор. – Мен ҳам фарзандларим бу соҳадан кетишини хоҳламаганман. Аммо ундай бўлмади, қизимнинг санъатга бўлган қизиқиши менинг қаршиликларимдан устун келди. Бир томондан хурсандман. Санъатда ўз давомчим бор. Биз ҳам насиҳат қиладиган, ёшларга ўгит берадиган ёшга етиб қолдик. Шунинг учун тажрибаларимни ёшларга бўлишиб тураман. Роль танлашда қанчалик талабчан бўлсам, мен билан роль ижро этаётганларга нисбатан ҳам қаттиқ талаблар қўяман. Кинодаги шеригим ролни маҳорат билан ўйнамаса режиссёрдан олдин ўзим койиб берадиган ҳолатлар ҳам бўлиб туради.

Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова 1960 йили 14 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. 1981 йилдан буён Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритиб келмоқда.

Д.Маматова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/muqaddas-holiqova-rol-tanlashda-talabchanman_257715 ЎзА сайти (14.04.2021)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!