“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

САҲНА МАСЪУЛИЯТИНИ ҲИС ЭТИБ…

Ҳаёт саҳна. Унда ҳамма ўзига белгиланган ролни ўйнайди. Кимдир бунда ўйнай олади, кимдир ўзига берилган вазифани уддалай олмайди. Салбий ва ижобий қаҳрамонлар синфи пайдо бўлади.

Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо саҳнада белгиланган ролни яхши ижро этмаслик мумкин эмас. Санъат адашишни, хато қилишни кечирмайди. Санъат асари қай даражада мукаммал бўлса, ижро этилган роль ҳам шу қадар камчиликлардан холи бўлмоғи керак.

Ёшлиги Марғилон шаҳрининг Нодирабегим кўчасида ўтган Мунаввара Абдуллаеванинг болалик йиллари таассуротларга бой кечган. Қайсар қизалоқнинг бир йил олдин мактабга бориши, катта ёшлилар билан бир синфда таҳсил олиши, бувиси томонидан тикиб берилган бўз сумка қувончи, иш даври, олийгоҳга яширинча топшириши, барчаси кинога ўхшайди…

 

–Илк ижро этган ролим ялмоғиз кампир образи бўлган, дейди Мунаввара Абдуллаева. – Мактабда бошланғич синфда ўқир эдим. Устозимнинг гримда сени ҳеч ким танимайди, образга кириш, деган гапларига ишониб, ролни маромига келтириб ўйнаганман. Ролни шунчалар берилиб ўйнаганманки, ҳеч ким мени таний олмаган.

Мактабни тамомлаб, савдо соҳасида бир муддат ишлаганман. Сўнг уйдагиларга савдо соҳаси бўйича ўқишга топшираман деганман-у, тўғри Н.Острановский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтига келиб ҳужжатларимни топширганман.

Имтиҳонларимни топшириб, ҳеч нарса кўрмагандай, ишимни давом эттираверганман. Сўнг иш жойимга ўқишга қабул қилинганим ҳақида хабар келган. Уйдагиларнинг қаршиликларига қарамасдан шу танлаган соҳамда ўқишга қарор қилганман. Олийгоҳни тугатиш вақтимда Сирдарёда театр томошаларини қўйганмиз. Аям илк маротаба диплом ишим ҳимояси томошасига келган. Устозларимнинг эътирофи, маҳорат билан ижро этган ролларимни кўриб мени қўллаб-қувватлай бошлаган. Ана шу ишончдан сўнг санъат соҳасида бир қанча ютуқларга эришганман.

 

Талабалик йилларида таянч таълимни мустаҳкам эгаллаган Мунаввара Абдуллаева ҳам назарий, ҳам амалий илмларини баравар олиб боришга ҳаракат қилади. Москва давлат театр санъати институтида аспирантура босқичида таҳсил олади. 40 йиллик санъат соҳасидаги заҳматли йўлни босиб ўтган актриса «Кичкина табиб», «Осмондаги болалар 2», «Аросат», «Муҳаббатим-қисматим», «Ўйин», «Иссиқ нон», «Бахт уйи», «Осмон яқин», «Қовун» каби кинофильмларда маҳорат билан роллар ижро этган бўлса, педагог сифатида юзлаб актёрларга санъатда ўз ўрнини эгаллашида тўғри йўл кўрсатди. Олима сифатида соҳада қатор илмий изланишлар олиб борди.

–Мунаввара Абдуллаева билан илк танишувим 1998 йил «Кичкина табиб» бадиий фильмини суратга олиш жараёни олдидан бўлган, – дейди актёр Дилшодбек Каттабеков. – Саҳнада она-бола ролини ижро этдик. Ана шундан бошлаб ҳаётда ҳам менга кўп яхшиликлар қилди. Қимматли сабоқларини берди. Олийгоҳга киришда устоздан олган дарслар асқатди. Умуман олганда, Мунаввара опадан кино санъатида олган сабоқларим саҳнада роль ижро этаётганимда мудом қўл келади.

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Мунаввара Абдуллаева турмуш ўртоғи билан 4 нафар фарзандни вояга етказиб, 10 га яқин набирасининг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш билан бирга, ёшларга сабоқ бериб келмоқда.

Дилобар Маматова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/sahna-masuliyatini-his-etib_254890   ЎзА сайти (05.04.2021)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!