“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

РАССОМ ДУНЁСИГА САЙР

Замонавий ўзбек рассомчилик санъатида Дамир Рўзибоев яратган санъат асарлари ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради.

Унинг асарлари табиийлиги, ишончлилиги ва маҳорат билан ишланганлиги билан аҳамиятли. Рассомнинг тафаккур маҳсули бўлган ҳар бир асаридан фалсафа учқунлари уфуриб туради, борлиққа инсоннинг соф ва самимий туйғуларидан жаранг сочади.

Дамир Рўзибоев мўйқаламни қўлига шунчаки эмас, янгилик, ихтиро қилиш мақсадида тутади. Ана шунданми, санъатшунослар унинг асарларини мукаммаллиги, меҳр ва юксак дид билан яратилганини алоҳида эътироф этади.

– Бир куни Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган дафтарчалар – анъанавий безакларни ўргатишга мўлжалланган ХIV-XVI асрга оид букланадиган дафтарлар эътиборимни тортди, – деди ижодкор.

– Улар тугалланмаган, қандайдир сирли гирихлар эди. Айнан ана шу гирихлар менга мутлақо замонавий товуш графикасини ёдимда солди. Бунда янгича исломий йўналишни кашф этдим. Дафтардаги ҳар бир чизиқлар, ёзувлар менга замонавий тасвирий санъат асарлари сингари юрагимгача кириб борарди. Ҳайкалтарошликда ҳам ўзимни синаб кўришга ҳаракат қилдим, тажрибамни бойитишга уриндим. Бир гуруҳ тажрибали мутахассислар билан бирга Холчаён рангли ҳайкаллари қазишма ишларида қатнашдим. Бу мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Деворларга нақшлар шунчаки чизилмаслиги, унда ўша давр муҳити, одамларнинг кайфияти, табиати, иқлими акс этиши кераклигини англаганман.

Дамир Рўзибоев тасвирий санъатнинг барча жанрларида ижод қилиб келмоқда. Ҳайкалтарошлик ва наққошликда кўплаб нодир асарлар яратди.

Мусаввирнинг турли мавзуларда «Буви ва невара», «Сайрамлик қиз», «Наврўз маликаси», «Тўй», «Хонанда», «Мусиқа» каби рассомчилик ва кулолчиликда яратган нодир асарлари санъатшунослар томонидан юқори баҳоланган.

– Дамир Рўзибоев серқирра инсон, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Отаназар Матёқубов.

– Бугунги кунда кўзга кўринадиган ўзбек рассомлардан бири. Унинг асарларида миллийлик ва умуминсоний қадриятлар уфуриб туради. Дамир санъатни шунчалар қадрлайдики, у ҳеч қачон моддият учун ижод қилмайди. У қалб туғёнларини миннатсиз қоғозга туширади, борлиққа инъом этади. Ёши 82 да бўлса-да , ҳаракатчан, изланишдан толмайди. Ҳалол, тоза инсон. Бу унинг яратган асарларига ҳам кўчган. Ундаги истеъдод ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Дамир бамаъни инсон, уни бемалол ҳақиқий рассом, дея айта оламан. Шунинг учун ҳам унинг асарлари қадрли. Ўзининг соҳада довруғи баланд. Россия ёки Францияга бориб қайси замондош ўзбек рассомини биласан, деб сўрасангиз, улар биринчилардан бўлиб Дамир Рўзибоевни айтишади. Чунки аллақачон унинг ижоди тан олинган, асарлари тадқиқ этиб келинмоқда.

– Рассомнинг дунёқараши кенг бўлиши керак, – дейди Дамир Рўзибоев.

– У бир ерда тўхтаб қолишга, ўқимасликка ва изланмасликка ҳаққи йўқ. Мухлислари, яратажак асарлари учун у доим ҳаракатда бўлмоғи керак. Ҳаётим давомида менга кўплаб масъулиятли ишлар топширилган. Уларни сидқидилдан бажарганман. Навоий шаҳар аэровокзали биноси деворларини безаганман. Қатор асарларим сингари Абу Райҳон Беруний образини гавдалантирган «Мутафаккир» асарим эса доим менга фахр туйғусини бериб туради.

Д.Маматова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/rassom-dunyosiga-sayr_254732 ЎзА сайти (05.04.2021)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!