“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МУРОД РАЖАБОВ КАСБИНИ ЎЗГАРТИРДИМИ?

        Театр ва кино актёри, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов ўзининг самимий, комедик роллари билан аллақачон томошабинлар меҳрини қозонган. 20 йилдан ортиқ Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва Республика ёш томошабинлар театрида самарали ижод қилган.

Мурод Ражабов ижодий фаолияти давомида “Темир хотин” фильмидаги Қўчқорбой роли билан кенг жамоатчилик эътиборини қозонади. У ранг-баранг роллар ижро этди. Гоҳ ўғри, гоҳ тўғри, гоҳ ҳазилкаш, гоҳ жиддий ролларни маромига етказди. «Ажойиб хаёлпараст» ва «Тўйлар муборак», «Оловли йўллар», «Темир эркак», «Тангалик болалар», «Кичкина табиб», «Шайтанат», «Девона», «Сарвиноз», «Улфатлар», “Кечир”, “Мактуб”, “Супер келинчак”, “Келгинди куёв”, «Афюн гирдоби», “Келгинди қайнона” каби фильмларда ўзига хос ролларни маҳорат билан ўйнаган.

Мурод Ражабов сценарийси ва бош муҳаррирлигида суратга олинган “Анора” бадиий фильми ҳам санъатга кириб келаётган актёр ва актрисалар учун маҳорат мактаби бўлган, десак муболаға бўлмайди. Актёр охирги вақтларда экранларда кам кўринаётгандек наздимизда.

– Кўпчилик, Мурод ака кўринмайсиз, касбингизни ўзгартирдингизми, деб ҳазиломуз гап ташлайди, – дейди Мурод Ражабов. – Ижодкор касбини ўзгартириши учун соҳани севмаслиги керак. Ҳаётимнинг мазмуни эса актёрликдан иборат. Ундан воз кеча олмайман. Ижодкор ҳаётида бир-бир турғунлик даври бўлади. Аммо ижоддан бир қадам ҳам узоқлашганим йўқ. Турли лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Шогирдларга қўлдан келганча сабоқ беряпмиз. Янги сценарийлар устида ишлаяпман. Оилам бағрида ижодни давом эттиришга ҳаракат қиламиз.

Мурод Ражабовнинг шогирдлари кўп эмас, саноқли даражада. Улар орасида саҳнада катта ютуқларга эришган, кинода кўплаб ролларни ижро этган таниқли актёрлар ҳам бор. Чунки актёр шогирд танлашда жуда инжиқ, талаблари анча баланд.

– Ёшлар бироз масъулиятсиз, – дейди актёр. – Уларга бир нарсани уқтириш қийин. Ёш актёрлар шогирд оласизми, деб келишади. Устозлик қилишга вақтим бор, аммо тоқатим йўқ. Чунки улардан кўнглим тўлмайди. Соҳага меҳр бермайди. Мақсадлари фақат юлдуз бўлиш. Битта роль ижро этса-ю бирдан эл оғзига тушса. Илгари кўп бўларди битта роли билан машҳур бўлиш. Ҳозир замон ўзгарди, рақобат кўп, камига одамларнинг дунёқараши, ҳаётга қараш ракурслари ўзгарган. Уларни лол қолдириш, ҳайратлантиришнинг ўзи бўлмайди. Тинимсиз изланиш, соҳани севиш керак. Актёрлик тоза касб, унга гард юқтирмаслик лозим.

Мурод Ражабов 1949 йили 30 март куни Тошкентда туғилган. Пойтахтдаги ўрта мактабни тамомлаб, Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтида ўқишни давом эттиради. Талабалигидан турли роллар ижро эта бошлаган. Соҳадаги самарали ижоди учун Ҳамза номидаги давлат мукофоти ва Ўзбекистон халқ артисти каби юксак мукофотларга сазовор бўлган.

Д.Маматова, ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/murod-razhabov-kasbini-ozgartirdimi_253006 ЎзА сайти (30.03.2021)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!