“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ХОТИРА:МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ПОАЙТАХТИ ТОШКЕНТНИНГ БИРИНЧИ ҲОКИМИ КИМ?

                Тошкент бугун янги қиёфага эга бўлмоқда. Ёшармоқда, бағри одамларга тўлмоқда. Мустақиллик йилларидан то ҳозиргача Тошкентга Адҳамбек Фозилбеков, Козим Тўлаганов, Рустам Шоабдураҳмонов, Абдуғаффор Тўхтаев, Раҳмонберди Усмонов ҳоким бўлган. Ҳар бири пойтахтнинг ўзгача чирой очишида ҳиссасини қўшган.

Бугун азим пойтахт – Тошкент шаҳарининг илк ҳокими Адҳамбек Фозилбековнинг таваллуд топган куни. Марҳум ҳаёт бўлганида 80 ёшда бўлар эди.

Адҳамбек Фозилбеков 1940 йил 12 августда Тошкент шаҳридаги Эгарчи маҳалласида зиёли оилада таваллуд топган. Уни яқинлари жуда ҳаракатчан, ўқимишли, батартиб инсон эди, дея хотирлашади. Маҳалладаги 75-мактабда таҳсил олиб юрган кезлардаёқ унинг илми ва салоҳияти яққол кўзга ташланган.

– Акам ниҳоятда кўп китоб ўқирди, – деди Ақида Фозилбекова. – Шунинг учун ҳам синфдошлари акамни “Гений” дерди. 7-синфлигида мактаб кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб бўлгани учун, кутубхоначи опа акамни Ҳамза театри ёнидаги болалар кутубхонасига боришни тавсия қилган. Рус тилини пухта биларди.

Тенгқурлари ўзбек тилидаги бадиий адабиётларни энди мутолаа қила бошлаган кезларда акам Пушкин, Толстой, Лермонтов, Булгаков, Горький, Шолохов, Гоголь каби рус адабиёти намоёндалари асарларини бемалол аслиятидан ўқирди. Қизиқувчан, билмаганларини идрок этгиси келар эди. Ана шундай қобилияти учун ҳам иқболига юқори мартабаларда бўлиш бахти битилган бўлса керак.

Адҳамбек Фозилбеков мактабни олтин медаль билан тамомлагандан сўнг Тошкент политехника институтининг кимё-технология факультети талабаси бўлади. Унинг институтдаги таҳсили ҳам самарали кечди. Ёш Адҳамбек ўзбекистонлик тенгдошлари билан Россиянинг Дульёва шаҳридаги чинни заводида икки ой амалиётда бўлади.

Бу ердаги янги техника ва технологиялар билан танишади. Ишлаб чиқариш амалиёти билан бевосита юзма-юз келади. Кичик цехлардан ташкил топган заводнинг ҳар бир бўлинмасини кузатиб, кўп таркибли хомашёдан шиша ажратиб олиш, унга ишлов бериш жараёнларида иштирок этади.

Мутахассислар тақчил бўлгани боис завод раҳбарлари ишчан ва зеҳни ўткир йигитга қизиқиб, уни олиб қолмоқчи бўлади. Аммо Адҳамбек Тошкентда ана шундай завод қуришни, бу соҳани ўз она юртида кенг қулоч ёзишини истарди…

Талабалигидаёқ иқтидори билан кўпларнинг назарига тушган, нисбатан тор соҳа ҳисобланувчи биллур олиш технологияси бўйича тан олинган саноқли олимлар эътиборига тушган Адҳамбек Фозилбеков “Миконд” заводига раҳбарлик қилган йиллари иқтидорининг бутун қирраларини намоён қилди. Янги технологияларни жорий қилиш, заводни соҳанинг йирик марказларидан бирига айлантириш билан бирга унинг маҳсулотларини кўпайтириб, ёш давлатимиз эҳтиёжларини қондиришга муяссар бўлди. “Миконд” заводида тайёрланган биллур қандиллар музейлар, метро бекатлари ва масжидлар пештоқини безади.
– Тўйимиз 1968 йилнинг ноябрь ойида бўлган, – дейди Адҳамбек Фозилбековнинг рафиқаси Масъуда ая. – Жуда меҳрибон ва халқпарвар инсон эди. Табиатан оғир-вазмин, камгап бўлган умр йўлдошим ички туйғуларини ошкор қилавермас, лекин унинг ақлли ва теран нигоҳларидан қандай жиддий ишлар билан банд эканини сезардим. У ўзига юкланган вазифани иштиёқ билан бажарар, эзгулик йўлида хизмат қилаётганидан бахтиёр бўларди.

Тўйимиздан бир-икки ой ўтиб, Москвага аспирантура ташвишлари билан боришга аҳд қилди. Қайнонамнинг ундови билан мен ҳам ҳамроҳлик қиладиган бўлдим. Музейларга, саньат масканларига ташриф буюрдик. Айниқса, Эрмитажга борганимиз эсимдан чиқмайди. Адҳамбек акам ҳар бир экспонат олдида тўхтаб, менга улар ҳақида қизиқарли ва батафсил ҳикоя қиларди. Санъат тарихидан бунчалар кенг маълумотга эга экани мени лол қолдирган.

Шунда турмуш ўртоғимнинг фақатгина шиша технологияси билан шуғулланадиган изланувчи эмас, балки адабиёт ва санъатни чуқур тушунадиган, уларнинг инжа сирларини таҳлил қилишга қодир ўткир зеҳнли зиёли эканини англаб, тақдир шундай умр йўлдошига дуч қилганидан қувончим ичимга сиғмай кетган. Бутун бошли шаҳарга ҳоким бўлса-да ўзини йўқотиб қўймади. Характери билан ён-атрофдагиларга ўрнак бўлди.

Тошкентдаги маънавий муҳит, омманинг кайфияти, амалга ошириладиган ислоҳотлар, ижтимоий вазият мамлакатнинг кайфиятига ҳам таъсир қилар ва шунинг учун ҳам пойтахтга раҳбарликка шу замоннинг характерли жиҳатларини яхши биладиган, пойтахт аҳлининг муаммолари, дардини тушунадиган, албатта, унинг ичига ҳам кириб кета оладиган кадр муносиб эди. Фозилбеков шаҳар ҳокими бўлган вақтларда ана шундай талабларга тўла жавоб берди. Шаҳар ривожи учун жон куйдирди…

Орадан 30 йилга яқин вақт ўтган бўлса-да Адҳамбек Фозилбековни билганлар яхши хотиралар билан эслайди. Унинг ўнлаб ижодкорларга пойтахтда ватанли бўлишда кўмаклашгани, етимларнинг бошини силагани, саховатли ва халқпарвар инсон бўлгани эса алоҳида эътироф этилади. Мустақил Ўзбекистон пойтахтининг илк ҳокимини Тошкент шаҳар собиқ ҳокимлари орасида лавозимидан ягона тўн билан кузатилган ҳоким, дея ҳам эслашади…

Д.Маматова, ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/khotira-musta-il-zbekiston-poytakhtining-birinchi-okimi-kim–12-08-2020 ЎзА сайти (12.08.2020)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!