“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Орамиздаги одамлар 

ХАЛҚ АРТИСТИ АҲМАДЖОН ШУКУРОВ НЕГА КАМНАМО?

Бир даврада санъаткорлар ҳақида гап кетди. Иштирокчилардан кимдир Аҳмаджон Шукуров ҳақида сўз очиб, “Шу одам кўринмай қолди. Ўзига хос бетакрор овози бор эди. Мен унинг қўшиқлари мухлиси эдим”, деса, иккинчиси “катта”лардан бирортасига ёқмай қолгандир”, деди мийиғида кулиб. 

Суҳбатни секин кузатиб турар эканман, беихтиёр Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Аҳмаджон Шукуровнинг бугун нима учундир “панага” ўтиб олгани мени ҳам қизиқтириб қолди. Суриштирдим. Аҳмаджон ака Қибрайдаги мусиқа мактабида директор лавозимида ишлаётган экан. Шу аснода кўплаб саволлар билан таниқли ҳофизга мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлди.

– Аҳмаджон ака, баъзи мухлисларингиз сизни хилватнишин бўлиб қолган, дейишяпти?

Бу саволга у киши қуйидагича жавоб берди.

– Аввало, мухлисларнинг эътиборидан, уларнинг назарида борлигимдан мамнунман. Хилватнишин бўлишга сабаб керак. Менда эса қўшиққа, санъатга муҳаббатдан бошқа истеъдод йўқ. Бизга берилган тарбия, оилавий турмуш тарзимиз шу йўсинда улғайтирган.

Очиғи, бировга лаганбардорлик қилиш, ёлғон сўзлар билан уни мақташ каби “фазилатлар” менда йўқ. Боз устига борини бордек гапираман, дилимдагини тилимга чиқараман. Ҳамма нарсанинг ростини айтаман. Очиғи, ростгўйлик ҳам гоҳида бошга бало бўлганига тарихда мисоллар кўп. Навоий ҳазратлари айтган эканлар:

Ҳар неча бу сўз демак – керакмас,

Чун ростдурур, керак – керакмас.

Яьни, агар бир сўз тўғри бўлсаю, аммо айтиш керак бўлмаса, демак, уни айтиш керак эмас. Менда, эҳтимол, шу хислат етишмас.

– Демак, сиз ижоддан, янги қўшиқлар яратишдан тўхтамагансиз. Шундан таскин олгансиз. Сизни яқиндан биладиганларнинг айтишича, ўқиган китобларингиз бир вагондан ортиб кетар экан. Кимдир ҳофизликдан ташқари шеърлар ҳам ёзишингизни айтган эди. Мавриди келиб қолди, санъатга кириб келишингиз, “бу гулшан ичра ҳаёт”ингиз ҳақида сўзлаб берсангиз…

– Зиёли оилада туғилганим энг катта бахтимдир. Отам мулла Шукур Азизий маърифатли давраларда фаол иштирок этиб юрганлар. Ўзлари ҳам яхшигина шоир бўлганлар. Биз туғилиб ўсган Бухоройи шариф адабий муҳитига дахлдор бўлган Жамол Камол, Неъмат Аминов, Тошпўлат Аҳмад сингари ижодкорлар хонадонимизга тез-тез ташриф буюришарди. Қизғин адабий суҳбатлар бўларди. Мен меҳмонларга чой ташиш баҳонасида уларнинг гурунгларини тинглардим. Отам мадраса таҳсилини кўрган инсон бўлганлиги туфайли фарзандларини комил шахс қилиб тарбиялашни мақсад қилган чамаси, бизга миллий созлардан бирини чалишни вазифа қилиб юклаган.

Акам рубоб олиб келиб, машқ қила бошлади. Мен беш ёшларда эдим. Негадир менинг уринишларим яхшигина самара берди. Акамдан кўра менинг қўлим тезроқ рубобга келиб, унинг сирларини осонлик билан инкишоф қилдим. Хуллас, мактабда ташкил этилган мусиқа дарси ва ўқитувчиларимизнинг фидойи саъй-ҳаракати ҳамда Бухоро педагогика институти (ҳозирги БухДУ) нинг мусиқа факультетидаги таҳсилим туфайли бу соҳанинг сир-асрорларини анча ўргандим. Шу туфайли бўлса керак, институтнинг тўртинчи босқичида ўқиб юрган пайтимдаёқ мени республика филармониясига созанда сифатида ишга таклиф қилишди.

Бу жойда ўша вақтда Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Мукаррама Турғунбоева каби соҳанинг дарғалари фаолият кўрсатарди. Улар билан бир жамоада ишлаш, насиҳатларига қулоқ тутиш, тажрибаларини ўрганиш чинакамига улкан мактаб эди. Мен тақдирнинг бу инъомига шукроналар қилиб, ўқиб-ўрганишни астойдил давом эттирдим. Тенгдошларим Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов, Қизлархон Дўстмуҳаммедова ва бошқаларнинг ўша ердаги изланишлари жараёни нечоғлик мазмунли кечганини уларнинг кейинги фаолияти айтиб турибди. Саъй-ҳаракатларим самараси ўлароқ Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева эътиборига тушдим. Опа мени “Баҳор” ансамблига ишга таклиф қилди. Шу билан катта санъатга қадам қўйдим, ютуқларга эришдим. Дунёни кездим, довруғ қозона бошладим.

“Баҳор” ансамбли фақат собиқ иттифоқ ҳудудида эмас, балки дунё миқёсидаги энг таниқли бадиий жамоалардан бирига айланди. Унинг бир марталик концертига исталган мамлакат катта миқдорда ҳақ тўлашга рози эди. Бу ўзбек миллий санъатининг халқаро доирада чинакам эътирофи эди. Унинг ҳар бир аъзоси бундан фахрланарди. Қолаверса, унинг сафида бўлиш санъаткор таржимаи ҳолини нурли нуқталар билан безарди.

Мен ҳам 1983 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон халқ артисти, 1992 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти деган юксак унвонларга сазовор бўлдим. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Баҳор” ансамблини тиклаш ҳақидаги қарори меросга ҳурматнинг, санъатимиз тарихида ёрқин из қолдирган бадиий жамоа фаолиятига эътиборнинг гўзал намунаси бўлди. Албатта, янги “Баҳор” ансамбли барҳаёт анъаналарни тиклайди, миллий санъатимиз довруғини оламга тараннум этади.

– Санъат оламида кечган ҳаётингиздан орттирган сабоқларингиз нималардан иборат?

– Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, дейишади. Ҳозир иши юришмаган баъзилар санъатга ўзини ураяпти. Бизнинг миллий санъатимиз минг йилликларга етиб борган теран томирга эга ва унинг истиқболи ҳам шундай буюк. Лекин шу кунларда бу илоҳий майдонда содир бўлаётган баъзи воқелар ҳар қандай кишини ўйлашга мажбур қилади. Мен тўла ҳуқуқ билан айта оламанки, санъатда кечган умримдан хафа эмасман.

Бундай юксакликни таъминлаган омил эса шу соҳанинг қадриятларига эътиқод қилиш, уларни улуғлаш ва тарғиб этиш бўлди. Булар касбга садоқат, яьни ҳалоллик, устозлар эришган ютуқларни давом эттириш ва миллий заминга таяниб, қўшиқчилик санъатини бойитишдир. Ўйлантирадиган нарса эса соҳадан йироқ, табиий иқтидор, юксак инсоний фазилатлардан маҳрум, фақат тирикчилик учун шу соҳага қадам қўйган кишиларнинг кўпайиб кетгани, ҳатто улар гоҳида соҳанинг иқлимини белгилаб бераётганидадир.

Санъаткорни қадимдан шамга ёки Қақнусга менгзаганлар. Демак, у доим нур сочаётган шамдек порлаб турмоғи лозим. Юртимизда бу борада қилинаётган саъй-ҳаракатлар, айниқса, муҳтарам Президентимизнинг мақом санъатини ривожлантириш соҳасидаги амалий ғамхўрликлари эртанги кунга ёруғ умид билан қарашга имкон туғдирмоқда. Ўтган йили Шаҳрисабзда ўтган халқаро мақом фестивали бу жанрнинг қанчалик теран томирга эга эканлигини ва бундай асарлар инсон руҳиятига нечоғлик сирли таъсир қилишини амалда кўрсатди. Шунингдек, мақом илмини ўрганиш, уни замонавий дунё қўшиқчилиги билан узвийликда тадқиқ этиш лозимлиги янада ёрқинроқ кўринди. Шу маънода Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа институтининг ташкил этилиши айни муддао бўлди. Албатта, ўзбек санъати ўз обрўсига яраша мавқега эга бўлиши шарт.

– Миллий мусиқамиздан яхши хабардор, тажрибали ҳофиз сифатида бугунги қўшиқчилик санъати ҳақида нималар дея оласиз?

– Менимча, кейинги йилларда энг кўп муҳокама қилинган мавзу қўшиқчиликнинг аҳволи бўлди, чамамда. Мен ҳам айтилган жами танқидий фикрларга қўшиламан. Ростдан ҳам санъатни энг кичик унсуригача бекаму кўст сақлаш керак, билъакс, ундаги нафосат, гўзаллик йўқолади. Ана шу меъёрни сақлашнинг неча йиллардан бери амал қилиб келинадиган талаблари бор. Қўшиқ ёки ашула кишига завқ улашишдан ташқари унинг туйғуларига таъсир қилиши керак.

Яъни яхшиликка чорлаши, эзгуликка даъват этиши, умуман, ҳаёт мазмунини теран англашга ёрдам бериши лозим. Агар шу нуқтаи назардан қарасак, бугунги қўшиқчиликда нима бор? Аввало, шеърларнинг мазмунига эътибор берсак, улар назмнинг энг оддий қонун қоидаларига жавоб бермайди. Турли электр асбобларнинг жўрлигида бир сўзни (масалан “Ҳой асалим, Гули, кўйлаклари гулли…”, “Жамила, Жамила…” ёки “Нилуфар, Нилуфар…”ларни) қайта-қайта такрорлаган билан нима ўзгаради? Булар ҳақида кўп танқидий фикрлар билдирилди, аммо натижаси кўзга ташланмаяпти.

Бир вақтлар телевидениеда бадиий кенгашлар жуда яхши ишларди. Уларнинг рухсатисиз ҳеч нарса эфир юзини кўрмасди. Санъат ҳеч вақт моддий манфаатга хизмат қилмаслиги лозим, унинг ўз олтин қоидалари бор. Уларга амал қилинмаса, ҳаммаси бир чақа. Яна бир ёмон томони, одамларнинг диди ҳам шунақа “халтура” даражасига тушиб қолмасин. Бир тўйда суҳбатдошимиз бачкана қўшиқларни лаънатлаб ўтирган эди.

Ҳаял ўтмай қарасак, ўзи ҳам шунақа қўшиққа берилиб рақсга тушиб кетди. Ҳозирги айрим ёшлар мумтоз мусиқамизнинг моҳиятини чуқур тушунмайди, шунинг учун уни қабул қилолмайди. Бу ҳол авлодлар ўртасида катта девор пайдо қилиши мумкин. Бундай ҳоллардан эҳтиёт бўлиш лозим. Юртбошимиз томонидан мусиқа мактабларининг ташкил қилиниши, ҳар бир ўқувчининг биронта соз чалишни билиши шунинг учун ҳам ғоят аҳамиятли талаб қилиб қўйилиши вазиятни анча ўнглайди, деб умид қиламиз.

Ҳозирги эстрадамизнинг яна бир аянчли аҳволи шундаки, маҳаллий санъаткорлар хориж мусиқасига кўр-кўрона тақлид қилишяпти, очиқчасига чет эл санъаткорларидан оҳанг, усулни ўғирлаяпти. Бу миллий мусиқа санъатимиздан бехабарликнинг асоратидир. Мана шу кўчирмакашлик, тақлид туфайли кучли овоз соҳиблари кам. Ахир дунёни мафтун этган мақомларимизда жами сир-асрорлар мужассам. Четга юзланмасдан, мумтоз мусиқамизга мурожаат қилинса, маъқул иш бўлур эди. Чунки бу бой хазинадан ҳар бир замонга мос тотли куй яратиш мумкин.

– Гапларингиздан ишонч ҳосил қиляпманки, сиз ҳам ҳаёти паст-баландликлардан иборат кишилар тоифасидан экансиз. Энди, албатта, мусиқа мактаб директори лавозимига тайинланганингизнинг ҳам ўзига хос тарихи, сабаби бўлса керак.

– Кейинги уч-тўрт йилда рўй бераётган ўзгаришлардан бошим осмонга етаяпти. Бу даражада ободлик, фаровонлик олдинги йилларда кузатилмаган. Менинг ҳам заҳа тортган туйғуларим ўзгаришлар руҳидан уйғонди. Айтганингиздек, панада қолиб кетганимдан хижолат бўлдим. Президентимизнинг таниқли санъаткорлар билан мусиқа мактаблари ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ҳақидаги кўрсатмаларидан сўнг Қибрайдаги мусиқа мактаби директорлигига таклиф қилишди. Албатта, келажагимиз эгаларига бу соҳа сирларини ўргатиш мен учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу билан бирга бу юмуш жуда ҳам завқли.

Мактабда 300 дан зиёд иқтидорли болалар таҳсил олади. Уларга замонавий талаблар асосида билим беришга интиляпмиз. Мактаб етарли даражада мусиқа асбоблари, ўқув-услубий адабиётлар билан таъминланган. Ишимиздан кўнглимиз тўқ, болаларнинг ҳам санъатга интилиши кучли. Лекин қизиғи шундаки, мана икки йилдан ошаяпти, бирон мутасадди киши келиб, “Аҳволинг қалай, нима билан бандсан, ишлар қандай кетяпти?” деб, фаолиятим билан қизиққани йўқ…

Санъат фидоийси, кўплаб унвонлар соҳиби, минглаб дилларни ўзининг сеҳрли овози билан мафтун этган Аҳмаджон Шукуров бугун ҳам боқий санъатимизнинг ёруғ келажаги йўлида хизматга камарбаста. У ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бугун яратилаётган шароитларни кўриб, юртимизда кўплаб иқтидор эгаларининг пайдо бўлишига ишонч билан қарамоқда. Гарчи минглаб томошабини бор саҳналарда кўринмай қолган бўлса-да, доимо ўзини миллионлаб навозанда мухлислари билан бирга ҳис қилади. Уларга ёқадиган, кўнглини мафтун этадиган асарлар яратиш ҳаракатида. Мухлислар эса Аҳмаджон Шукуровни катта саҳналарда кутмоқда.

Дилобар Маматова суҳбатлашди

https://uza.uz/uz/posts/khal-ofizi-a-madzhon-shukurov-nega-kamnamo-12-08-2020 ЎзА сайти (12.08.2020)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!