“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

АҲД ҚИЛГАН БАХТ ТОПАДИ

Навоий вилояти Навбаҳор тумани аҳолиси меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради. Яна аҳил ва меҳмондўст. Эркаклари деҳқончиликда ўзини кўрсата олган бўлса, аёллари кашта, қуроқ тикиб, ном қозонган.

Тўҳрон маҳалласида истиқомат қилувчи Фарида Хидирова бугун момолар изидан бориб, чеварлик ҳадисини олган. Опа ҳозир нафақа ёшида бўлса-да, бир зум тиним билмайди. Маҳалладошларини доим ҳаракатда бўлишга чақиради. Уч келини билан биргаликда ҳудудда шинамгина тикувхона очган. У ерда келинлар сарпосидан тортиб, кўрпа-ёстиққача тикилади. Бунда тўрт нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланиб, олти аёл билан ички шартнома тузилган. Ҳар ой қўшни маҳаллалардан ўнлаб хотин-қиз келиб, опадан тикиш-бичиш сирларини ўрганади. Бугун опанинг кўрпалари туманда харидоргир. Ким тўй қилса, ким янги уй солса, опанинг маслаҳатини олиб, кўрпа-тўшак ҳаракатини қилади.

– Бугун замон ўзгарди, – деди Фарида Хидирова. – Одамлар уйини ким ўзарга безаяпти. Шунда ҳам ҳар бир хонадонда ўзимизнинг шарқона, миллий тўшакларимизга жой топилади. Бугунги кунда кишиларда ранг-баранг, сифатли кўрпа-тўшакларга бўлган эҳтиёж янада ортган. Биз шуларни инобатга олиб 4 хил болиш, 3 хил гирдихона, 4 хил кўрпача тикяпмиз. Одамлар эшитиб, маҳсулотларимизни харид қилгани қўшни шаҳар ва туманлардан келмоқда. Бу бизни янада қувонтириб, ишимизга унум, ғайратимизга ғайрат қўшаётир. Шунинг учун уйда ҳам бекор ўтирмай, болишларга қуроқ тикиб, кўрпача ва гирдихоналар учун мағиз тайёрлаб ўтирамиз. Кўрпа-тўшаклар сифати ҳақида қайғурамиз.

Тирикчилик илинжида қилинган ҳалол меҳнатнинг уяти йўқ. Турмуш ўртоғидан эрта ажраган Фарида опа олти фарзанди билан ҳаёт йўлларида қийинчиликларга дуч кела бошлади. Ёлғиз боши билан рўзғорнинг ғорини тўлдиришга интилди. Ночорлик кишини тадбиркорликка етаклайди, дейишади. Томорқа, чорва, маҳалла ишларида ўзини синаб кўрган Фарида опанинг чеварликда омади бирмунча юришди. Ҳалол меҳнат ортидан хонадонга барака ва ризқ кирди. Опа бир нафар қизни узатиб, тўрт ўғилни уйли-жойли қилди. Энди опанинг ҳаёт мазмунига айланган тикув-бичув ишлари ҳақида қисқача сизга илинамиз.

Қават-қават кўрпачада савлат тўкиб ўтиришни биларканмизу, аммо унинг ортидаги машаққатдан хабаримиз йўқ экан. Опанинг айтишича, кўрпа тикишда, аввало, унинг қишки ёки ёзгилигига қараб мато танланади. Совуқ кунларда ишлатиладиган кўрпаларга 4-5 килогача, иссиқ кунда фойдаланишга мўлжалланган кўрпаларга ўртача 3 килогача пахта солинади. Биргина болишни тайёрлаш учун аввал чигитланган пахта роса саваланиб, бир-бирига бириккандан сўнг, пахта болишнинг ички қопига солинади. Тўрт бурчак бўлса, тўрт томондан, думалоқ бўлса, икки томондан ичидаги пахта ҳамма ёққа тенг тарқаши учун саваланади.

Сўнг ички қоп тикилади. Ёстиққош, яъни болишнинг тепа қисми томони тепага қилиниб, унга қоплама кийгизилади. Бунда ўртача икки-уч соат вақт кетади. Гирдихонанинг тайёр бўлиши бирмунча қийин жараён экан. Саваланган пахталар гирдихонанинг махсус матолардан тикилган ички қопига солинади. Бунда гирдихонада пахтанинг тенг тақсимланганлигига аҳамият қаратилади. Сўнг мато нақшига қараб, беш-олти қатор қилиб узунасига қавилади.

Бу жараён камида беш-олти соат вақт талаб қилади. Тайёр бўлган гирдихоналар офтобга тоблаб қўйилади. Кўрпанинг ҳам тайёр ҳолга келиши учун анча-мунча сабр керак бўлади. Бунда пахталар солиниб, ички қоп яхшилаб қавилади. Кўрпанинг қавилиши кўрпача ва гирдихоналардан фарқ қилади. Ҳажмига қараб 10, 8, 6 маротаба айлантириб, орасидан 8-10 сантиметр жой қолдирилиб қавилади. Қаторлар орасида тенгликка эътибор қаратилса, кўрпалар ажойиб кўринишга эга бўлади.

– Харидор берган пулига рози бўлиб, ҳаққимизга дуо қилса, бизга шунинг ўзи етади, – дейи Фарида опа. – Биз бунинг учун астойдил ҳаракат қиламиз. Пахтадан тортиб қавиладиган ипгача, матолар ва маҳсулотларни жилолантирадиган махсус безакларгача сифатлисидан оламиз. Иш қуролинг соз бўлса, меҳнат ҳам унумли бўлади. Шунинг учун фаолиятимизда игна, ангишвона ва тевонагача сифатлисини ишлатамиз. Ризқимиз шундан бўлгани учун, келинларим ҳам нолимайди. Барака ортидан қувиб чаққон-чаққон ишлайди.
Ҳар бир кўрпа-ёстиқ тайёр бўлгунига қадар моҳир рассом санъат асарига қанчалар меҳр, эътибор ва иқтидор бағишласа, чевардан ҳам шунча машаққат талаб этилади. Шарқ дунёсида кўрпа-тўшак поклик, ҳалоллик белгиси ҳисобланади. Шунинг учун уни озода сақлаш тавсия этилади. У санитария қоидаларига амал қилиниб, авайлаб, ювиб, ишлатилса, ўн-ўн беш йилгача хизмат қилиши мумкин.

Д.Маматова, ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/a-d-ilgan-bakht-topar–24-07-2020 ЎзА сайти (24.07.2020)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!