101 ЁШЛИ ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИСИ ҲАҚИДА “ЖАСОРАТНИНГ ЮЗ ЛАҲЗАСИ” КИТОБИ НАШР ЭТИЛДИ

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Жасорат ва матонат” ёшлар тарғибот маркази ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шойим Шерназарнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар бобо Турдиев хотиралари асосида тайёрланган “Жасоратнинг юз лаҳзаси” китоби тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда китоб қаҳрамони 101 ёшли Пирназар бобо билан биргаликда ижодкорлар, ёшлар ва ОАВлари вакиллари иштирок этишди. “Жасорат ва матонат” ёшлар тарғибот марказининг лойиҳаси доирасида чоп этилган мазкур китобда уруш давридаги воқеалар ҳикоя қилинган.

Учрашувда Пирназар бобо Турдиев ёшларга уруш даври хотираларини сўзлаб берди. Ҳозирда китоб қаҳрамони Кармана тумани, Дўрман маҳалласида истиқомат қилади.

– 1942 йилнинг кузида Россиянинг Пенза шаҳрида биринчи урушга кирдик. 2- Блоруссия фронтида жанг килдим. Полтава, Курск, Орёл, Гомел ерларидан фашистларни қувиб чиқардик. Навбат Польша ерларига келди, ундан ўтиб Германияда ғалаба байроғини Рехистаг устига тикладик. Мен билан сафдош не-не ватандошларим кўз ўнгимда ўққа учиб кетишди. Ватанга бўлган муҳаббат, ота-онам дуоси мени омон сақлади. Пешонамда яшаш ҳаққи бор экан, фашист газандаларини таслим қилиб 1946 йилнинг баҳорида юртга қайтдим. Уйга келганимда онам, отам тириклигимга ишонишмаган. Чунки икки маротаба мендан қора хат келган экан-да, – дея хотирлайди бобо.

1000 нусхада чоп этилган китоб ўқув муассасаларига, ёшларга тақдим этилиши режалаштирилган.

ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими