“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ФИРИБ ДОМИГА ЎЗ ИХТИЁРИ БИЛАН ТУШАЁТГАНЛАР

ёхуд нега камбағални туянинг устида ҳам ит қопмоқда?

Оммавий ахборот воситаларида ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам Хатамовдан бундай мазмундаги хабар тарқалди: Ўзбекистонда 2020 йилнинг 10 ойи давомида фирибгарлик йўли билан 33 мингдан ошиқ фуқародан 179,7 млрд сўм ва 11,8 млн АҚШ доллари қўлга киритилгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича 66 нафар шахсга 24 та жиноят иши очилган.

Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятлари, айниқса қонуний фаолиятини йўлга қўйиб, одамлардан гўё «қонуний асосда» миллиардлаб пул йиғиб, сўнг уни осонгина «ҳазм қилиб» юбораётган турли ташкилоту фирмалар сони кўпайгани рост. Хўш, бунинг сабаби нимада? Нега одамлар мўмайгина маблағини ўзлари қўш қўллаб ўша фирибгарлар қўлига топширмоқда. Фирибгарлар токи миллиардлаб маблағларни йиғиб олгунига қадар нега ҳеч кимнинг, ҳеч бир масъул органнинг эътиборига тушмаяпти?

Очиғини айтайлик, ҳар бир юртдошимиз автомобиль сотиб олиш, чет элда ишга жойлашиш ё шуларга ўхшаган бошқа «хизматлар» учун қайсидир фирмага пул бериб, ололмай юрган камида битта одамни билади. «Туяқуш бизнеси» бунга яққол мисол бўлади. Унинг тафсилотлари билан ҳамма яхши таниш бўлгани учун биргина маълумот билан чекланамиз: «Yourmoney» нашри сўнгги йилларда молиявий фирибгарлик турларининг TOP-10 рейтингидан «туяқуш бизнеси» ҳам ўрин олганини эълон қилди.

Энди масаланинг бошқа жиҳатига тўхталсак. Яхши яшашга интилиш, орзу-ҳавас ҳар бир инсонга хос бўлган табиий фитратдир. Фирибгарнинг қопқонига тушганлар ҳаёти фаровон бўлиб кетганидан эмас, балки қатор объектив ва субъектив омиллар таъсирида ихтиёрий-мажбурий тарзда ўзини хонавайрон қилаётганига ҳам эътибор қаратиш керак.

Субъектив сабаблар, айтганимиздек, табиий – ҳар қандай инсон яхши яшагиси келади, шунга яраша ният ва ҳаракат қилади. Бу ўз-ўзини сақлаш ва наслни давом эттириш инстинктининг бир белгиси. Орзу-ҳавас учун одамни айблаб бўлмайди.

Объектив с абаблар ўйлантиради. Одамларни чет элга бориб, ғурбатда ҳаёт кечиришга нима мажбур қиляпти? Автомобиль сотиб олиб, жуда бўлмаганда киракашлик билан рўзғор тебратиш фикри қаердан келиб чиқяпти? Қарз ҳавола қилиб, туяқуш тухумини сотиб олиб, кейин куйиб қолаётганлар ўз ихтиёри билан ўзини фириб домига ташлаяптими?

Фирибгарлик шундай айёрларнинг маккорона найрангики, уларнинг домига тушмаганлар ўзини бундай балодан мутлақо бехавф санайди. «Бундайлар менинг совунимга кир ювмаган, менга учраса, чув тушира олмайди», деган хотиржам ўйда бўлади. Аслида эса фирибдан ҳеч ким кафолатланмаган. Ишонувчанлик, осон бойлик орттиришга берилганлик баробарида билимсизлик, уқувсизлик, эътиборсизлик, ўзига ҳаддан ортиқ ишонч каби камчилик ва хислатлар ҳам баъзан панд беради.

Юқорида келтирганимиз «Туяқуш бизнеси» одамларни шундай осонгина шартларда тадбиркорлик қилиш ғоясига ишонтирдики, кўпчиликда бир йил ўтмай каттагина даромадли бўлишига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Ҳатто оладиган фойдасини қаерларга ишлатиш ҳақида режа туза бошлади. Қарз-ҳавола қилиб бўлса-да, бу лойиҳага маблағ тикишни бошлаб юборди.

Энди бунга бошқа томондан қарайлик. Бу-ку фирибгарнинг тузоғи экан, аммо тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаши зарур бўлган тижорат банкларимиз нега ана шундай ишонарли (фирибгарлик эмас, ҳақиқатда натижа берадиган ) лойиҳаларни аҳолига тақдим этмайди? Кўриниб турибди-ки, агар одамлар учун қулай шартлар тақдим этилса, улар бошланғич м аблағни ҳам, журъату интилишни ҳам топар экан. Афсуски, тадбиркорлик қилмоқчи бўлган яхши ниятдаги инсонларнинг мақсадидан тижорат банкларимиз эмас, айрим фирибгарлар устомонлик билан фойдаланмоқда.

Мисол учун, бир аҳил қишлоқнинг пароканда бўлгани ҳақидаги ибратли ҳикояни олайлик. Бу қишлоқда ҳеч ким пул ишлатмайди. Иқтисодий муносабатларда натурал алмашув жорий қилинган бўлиб, ҳамма бир-биридан рози бўлиб яшайди. Нима бўладию, кунлардан бир кун шу қишлоққа бир фирибгар келади. У одамларга тилло тангаларни кўрс атиб, унинг нима ларга қодир эканини сўзлаб беради ва энг обрўли ўн кишига 10 тиллодан бериб, келаси йили 11 тиллодан қайтариб олишга келишади. Умуман тилло кўрмаган қишлоқда товар-пул муно сабатлари қарор топа бошлайди. Бир йилдан кейин ҳа лиги фирибгар пулини қайтаришни сўрайди. Лекин одамларда у берган тиллолардан бошқа тилло йўқ , 10 фоизни улар қаердан олади? Шунда фирибгар «бағрикенглик» қилади: яна шунча «ставка» билан кредит муддатини узайтиради . Хуллас, бир неча йилдан кейин бутун қишлоқ ундан қарздор бўлиб қолади ва одамлар аста-секин мол-мулкидан ажрай бошлайди. Шу тариқа битта фирибгар ўтирган жойида обод ва фаровон қишлоқни харобу хонавайрон қилади.

Кўриняптики, фириб кутилмаган томондан чув туширади. Алданаётган одам ўз маблағи ё мулкини қўш қўллаб топшираётганини сезмай ҳам қолади. Ҳатто мамнун бўлади.

Энг ачинарлиси, суриштириб кўрилса, ўша фирибгарлар тузоғига илинаётганлар бойлиги ошиб-тошиб кетганлар эмас. Уларнинг акс арияти қарз-ҳавола қилиб бўлса-да, фарзандини хорижга ишга жўнатишни, бор-будини тикиб бирор бизнес бошлашни ёки ҳеч бўлмаса йиғиб-терганини бошланғич бадал сифатида тўлаб бирор улов сотиб олиб, тирикчилик қилишни ният қилган, амал-тақал қилиб кун ўтказаётган камбағал инсонлар эканига шубҳа йўқ.

Тўғри гапнинг тўғмоғи, деган гапни ҳаммамиз эшитганмиз. Лекин эгри гапнинг тўқмоғини эшитсак ҳам хулоса чиқармаймиз. Одамлар қисқа вақтда бирни икки қилиб беришнинг имкони йўқлигини қалбан ҳис қилади-да, барибир аллақандай мавҳум мўъжизага ишонади. Оқибатда куйиб қолаверади.

Тўғри, фирибгарлик ҳолатларини аниқлаш баъзида осон бўлмайди. Идора жуда чиройли расмийлаштирилади, ходимлар ғоят хушмуомала бўлади, ваъдалар осмонга сапчийди. Лекин буларнинг ҳаммаси пулни олгунча. Кейин идоранинг эшиги мудом қулф бўлади, телефонларга ҳеч ким жавоб бермай қўяди. Нари борса, пулингизни фоизма-фоиз пластик картангизга ўтказишга ваъда берилади, шу билан тамом.

Хориж тажрибасида «бир кунлик фирма» деган атама бор. Яхшигина пул эвазига содда бир одамнинг паспорти вақтинча олиб турилади-да, унинг номидан фирма очилиб, вақт кўтарганча ёки сир фош бўлганча найранг қилинади. Кейин фирибгарлар ғойиб бўлади-да, ўзи базўр кун кечириб юрган паспорт эгаси жавобгар бўлиб қолаверади. Ундан пулни ким ҳам ундириб оларди…

Халқимизда « Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур», деган қадим нақл бор. Дабдурустдан катта-катта ваъдаларга дуч келган одам чиройли қилиб пардаланган эгри гапга учмаслиги керак. Масалан, ижтимоий тармоқларда ё телефонда « Сиз фалон сўм ютдингиз! Ютуқни олиш (солиғини тўлаш) учун фалон рақамга фалонча пул ташланг!» каби эълонларга дуч келганда, шартта банк картадан кўрсатилган жойга пул ўтказиш ярамайди. Карта рақами ва айниқса PIN коди сир тутилмаса, ундаги маблағдан ажралиб қолиш ҳеч гап эмас.

Ҳушёрлик билан ёндашишни талаб қиладиган яна бир жиҳат – интернет-савдо. Бирор дўкон ё супер-маркет ҳаддан ортиқ арзон маҳсулот таклиф қилаётган, кўплаб чегирмалар ва бошқа қулайликлар таклиф қилаётган бўлса, демак, бир гап бор. Айниқса, тўловни олдиндан амалга ошириш кераклиги айтилганда, ҳушёр тортиш лозим.

Бинобарин, фирибгарнинг тузоғига тушиб қолмаслик учун биринчи галда уни яхшилаб таниб олиш зарур. Одам юқорида саналган аломатларнинг ҳатто биттасини сезиб қолса ҳам, шу заҳоти тўхтаб, бир мулоҳаза қилиб олиши керак: эгри гап чиройли қилиб айтиляптими, ваъдалар ҳақиқатан амалга оширилиши мумкинми ё бу ерда найранг бўляптими? Шундай пайтда ҳушёр тортган фирибдан омон қолади.

Бугун биздаги аксарият фирибгарлар халқнинг муайян бир қатламининг ҳаддан ортиқ эҳтиёжини ўрганиб, фириб тузоғини ана шу эҳтиёж асосига қураётган экан, бу тегишли вазирликлар, ўша соҳанинг мутассаддиларини ҳушёр торттириши шарт.

Бинобарин, бизнес қилишга пул тикиб, ўзининг тадбиркорлигини бошлаш ниятида бўлган одамларни кўпроқ фирибгарлар ўз тузоғига илинтиряптими, демак, тижорат банкларнинг кредит ажратиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятида муайян камчиликлар бор. Банклар одамларни ишонтира олмаётган, тадбиркорлик қилишдек эзгу истагини қўллаб-қувватлашда сусткашлик қилаётгандирки, улар банкларга эмас, қайси бир мавҳум фирмалар кўмагига ишониб қолмоқда.

Худди шундай ҳолатни хорижга ишга жўнатишда тегишли вазирлик ва агентликлар, ўзимизнинг автомашиналар савдосида сунъий навбатларни ҳосил қилаётган монопол корхоналар мисолида ҳам бемалол қайд этиш мумкин.

Бугун ишбилармонликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий бизнес равнақига йўл очиш борасида кўплаб ташаббуслар илгари сурилмоқда. Лекин масъул идоралар бу ташаббуслар ҳаётда ўз инъикосини топиши учун етарли даражада жон куйдирмаётгани учун ҳам халқнинг ана шу эҳтиёжлари фирибгарлар учун тайёр «гўшт»га айланяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги қарори билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Юқорида айтганимиздек, бор-будини қай бир фирибгарга қўш-қўллаб бериб юборишга, қайсидир маънода мажбур бўлаётган камбағал қатлам тақдири ҳам бу вазирлик фаолияти реал ҳаётимизда қанчалар акс эта олаётгани тўғрисида тасаввур беради. Балки шунинг учун ҳам айримлар ҳатто бундай вазирлик тузилганидан ҳанузгача бехабардир. Ишбилармонларнинг бошини қовуштириши керак бўлгани Савдо-саноат палатаси фаолияти ҳам яққол кўринаётгани йўқ.

Мухтасар айтганда, масъул идоралар одамлар ҳар турли таваккалчиликка фаровон ҳаёт туфайли қўл урмаётганидан қанча тез хулоса чиқариб, қанча тез вазиятни ўнгласа, фирибгарлик шунча тез енгилади. Бу биргина давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан битадиган иш эмас.

Яна бир гап. Юқорида ички ишлар вазири ўринбосари айтган рақамлар билан, эътибор берган бўлсангиз, фош этилган жиноятлар сони ҳақида сўз бормоқда холос. Бу эса фош этилмагани қолмади, дегани эмас, албатта.

Хорижий ижтимоий роликлар дан бирида кўл бўйида оққушларнинг қанотларидан патларни қирқаётган одам тасвирланади. Бир киши келиб, нега қирқаётганини сўраганда, «учиб кетмасликлари учун», дейди. Ҳалиги киши «ундан кўра яхшироқ боқсанг бўларди», деб жавоб қайтаради. Хулоса ўзингиздан.

Мадина МАШРАБХОН

(Анвар БОБОЕВ)

«Оила даврасида» газетаси, 51-сон, 24 декабрь 2020 йил

http://od-press.uz/xabarlar/5490

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!