Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигида янги саҳифа очилмоқда

2021-05-07T09:09:12+05:007 May, 2021|Умумий янгиликлар|

Фарида Эгамбердиева, “Олтин қалам” XV Миллий мукофоти учун халқаро танловида Туркия республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасининг  “Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган энг яхши материал учун” номинацияси ғолиби.

  • 15 йил аввал “журналист бўламан” деб олийгоҳга илк қадам қўйган йилим илк бор “Олтин қалам” танлови жорий этилган эди ва биз талабаларни ҳам тақдирлаш маросимига таклиф этишган. Ўша илк ғолибларни кўрибоқ ўз соҳамга нисабатан катта мотивация пайдо бўлганди менда. Бугун эса “Олтин қалам” танловининг қамрови ва нуфузи янада кенгайиб, журналистларнинг “Оскар”ига айланди, гўё. Менимча, ушбу танловда иштирок этиш ва ғолиб бўлишни орзу қилмаган журналист бўлмаса керак… Мен ҳам бу йилги “Олтин қалам” XV Миллий мукофоти учун халқаро танловида Туркия республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тақдим этилган номинацияси бўйича ўз ижодий ишларимни топшириб, ғолиб бўлдим.
  • Бугун Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари, хусусан Туркия Республикаси билан ҳамкорлигида янги саҳифа очилмоқда. Буни икки мамлакат ўртасида олиб борилаётган, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, таълим, соғлиқни сақлаш, инвестиция, маданият, туризм ва бошқа қатор соҳалардаги алоқаларида кўриш мумкин.
  • Агар ўз соҳамиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўтган йил сўнггида Туркия маданият ва туризм вазирлиги, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими томонидан “Хавфсиз туризм” лойиҳаси асосида илк бор ўзбекистонлик журналистлар учун ушбу мамлакатга саёҳат уюштирилди ва бугунга қадар 50 нафардан ортиқ АОВ ходимлари ушбу хайрли ташаббус доирасида Туркияда бўлиб қайтишди. Биз ушбу лойиҳа сабаб қардош давлат ҳақида, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, тарихи, тарихий масканлари ва энг муҳими туризм юксак даражада ривожланган мамлакатда пандемия даврида хавфсиз туризмни йўлга қўйиш бўйича ўрнак олиш мумкин бўлган жиҳатларини ўргандик. Маълумотларга кўра, Туркия иқтисодиётининг 51 фоизи айнан туризм соҳаси улушига тўғри келар экан. Ўзбекистонда давлат раҳбари томонидан туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётган айни пайтда туризм ривожланган Туркия тажрибасини ўрганиш аҳамитялидир, албатта. Туркиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси томонидан илк бор “Олтин қалам” танлови учун ўз номинацияларини эълон қилганликлари эса икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида мақолалар ёзган мен ва ҳамкасбларимизни яна бир хурсанд қилди. Аввало, “Олтин қалам” танлови ташкилотчиларига, шунингдек, ижодий ишларимизни ўз номинацияларига лойиқ кўрган Элчихонага ташаккурлар айтамиз!