ХАЛҚИМИЗ ЖУРНАЛИСТЛАРГА ИШОНАДИ

2021-05-05T16:40:40+05:005 May, 2021|Умумий янгиликлар|

Абдужалол ТАЙПАТОВ,

Энг яхши журналистик материал учун (интернет-журналистика)

2-ўрин соҳиби, ЎзА бош муҳаррири.

Журналистлик фаолиятимга расман қирқ йилдан ошаяпти.1981 йилда Қарши чўлида янги ташкил этилган “Баҳо­ристон” туман газетасида иш бош­лаганман. Мен яшайдиган Чироқчи туманининг Кўкдала қиш­лоғидан 150 километр чамаси йўл босиб, ҳар ҳафта ишга бориб келардим. Кейин Қашқадарё вилоят газетасида маҳоратимни оширдим. Сўнг “Ишонч” газетаси, ЎзАга ўтдим.

Ҳаётимнинг қарийб йигирма йили ЎзА билан боғлиқ. Туз-насиба экан, ёшим элликдан ошганда Тошкентга келдим.

Халқимиз журналистларга ишонади. Шундай экан, бу ишончга муносиб бўлиш, элнинг кўзи, сўзи бўлиш шарафдир.

ЎзАда иш одатда ярим тунда тугайди. Навбатчилар гуруҳи – ижодий ва техник ходимлардан иборат йигирма чоғли ходим ишдан сўнг уйга қайтиш учун бинодан чиққанда уларнинг юзларига разм соламан. Бироз чарчоқ бору, аммо руҳ тетик. Ҳазил-ҳузул билан хайрлашамиз. Шунда сезаман: ўз ишини яхши кўрадиган, унга ҳаётини бағишлаган бундай жамоа билан қанча ишласанг ҳам, чарчоқни ҳис қилмайсан!

Ўз ишини чин дилдан севадиган, унга бор меҳру муҳаббатини бағишлаган, меҳнатдан қочмайдиган инсонлар эса маълум бир натижаларга эришади. Мукофот барча муносибларга муборак бўлсин!

(«HURRIYAT» газетасининг 2021 йил 5 май 19-сонидан олинди)