“HURRIYAT»ИМИЗ

2021-05-05T15:48:40+05:005 May, 2021|Умумий янгиликлар|

“Олтин қалам” XV миллий мукофоти учун халқаро

танлови 1-ЎРИН соҳиби!

3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги куни мамлакатимизда ўзгача бир севинч билан нишонланади. Негаки, инсоният фитратида эркинликка, ҳурриятга, озодликка бўлган иштиёқ, соғинч ва ундан баҳраманд бўлиш таъмаси ҳар доим ҳушёр туради. Бу каломлар эса ўз-ўзидан журналист сўзига, унинг бадалига бориб тақалади. Зотан адл сўзни айтиш ҳамма замонда ҳам қарсак билан кутиб олинмаган, шундай давр­лар ҳам бўлганки, бу учун керак бўлса, қон билан, жон билан товон тўланган.

Бугун ҳар биримиз “Олтин қалам” XV миллий мукофотини олишга лозим топилган номзодларга қараб беихтиёр уларнинг йил давомидаги чиқишларини Ҳақиқат, Адолат, Жасорат деган тамойилларда текширувдан ўтказамиз. Чунончи, ҳар биримизнинг ботинимизда одил бир тарозибон бор.

“Олтин қалам” мукофоти мамлакатимизда 15 йилдан буён журналист ва матбуотчиларга тақдим этиб келинади. Унда миллатнинг ва миллатдошларининг дардини айта олган, бугунги куннинг безовта руҳини ўз хабар ва репортажларида жонлантириб берган, ҳаётнинг орқа фонидаги дарду ташвишларни ҳам олд планга олиб чиққан, бир сўз билан айтганда, миллат юрагига ойна тутган журналист ва таҳририятлар ишига алоҳида эътибор қаратилди. Журналист йилнинг 365 кунида қалам қитирлатади, унинг бир кунида мукофотини олади ёки йўқ. Мамлакатнинг узоғу яқини демай овоз ёзиш ва тасвирга олиш ускуналарини кўтариб тинч “уруш” га отланади. 365 кун давомида журналист қаламининг учи тегмаган мавзу қолмайди ҳисоб. Журналист қавми борки, совуқни совуқ демай, иссиқни иссиқ демай, офатни офат демай, вирусни вирус демай халқ ичига нега шошади? Ҳолбуки уни бунга ҳеч ким мажбурламайди. Ушбу касб эгалари табиатан шундай яралган – безовта ва миллатпарвардирлар.

Ўтган йили пандемия сабаб ҳамма уйидан чиқмай ўтирган бир пайтда журналистлар вирус ўчоқларидан туриб репортажлар тайёрлашди, шифокорлар билан салкам елкама-елка туриб ишлашди, десак муболаға бўлмас. Ёки тарихда мисоллар жуда кўп бунга: Хемингуэй, Оруэллар уруш оралаб юриб, аввалига ўзларининг жонли мақола ва репортажларини, кейинроқ шоҳ асарларини яратишган.

Абдулла Қодирий бобомиз эса “Йиғинди гаплар”ини ёзмаганида эҳтимол 38-йилги қонбўронидан омон қолган бўлармиди… Эҳтимол… Биз буларни бекорга эсламадик, “Hurriyat” юртимизнинг илк бор дунё юзини кўриши жадидларга бориб тақалади. У 1917 йил апрелидан 1918 йил апрелигача – роппа-роса бир йил фаолият кўрсатган ва Чор ҳукумати томонидан ёпилган.

Кўряпсизки, журналистнинг виждонини қолипга солиб бўлмайди, у ҳамиша уйғоқ ва бонг уришга тайёрдир! Шу боис, бу миллатнинг “Ойна”си, “Садойи Туркистон”и чиққан, мустақил “Hurriyat”и халқ билан бирга яшаяпти.

Байрам оқшомида ўтириб негадир Абдулла Қодирийнинг “Сўнгги нутқ”и, Фитратнинг “Тилимиз”, Абдулҳамид Чўлпоннинг “Руҳимиз ўлмасун”, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақолалари эсга тушди. Бир пайтлар жадид боболаримиз ҳақ сўзи учун таҳқирланган, сургун қилинган, отилган эди. Бугун эса ҳақсўз тақдирланмоқда. Сўз учун хизмат қилганлар мукофотланмоқда. Буларнинг олдинги сафида эса “Hurriyat”имиз ҳам ҳалол пешона тери билан қўр тўкиб турибди.

Албатта, бугунги “Hurriyat”имиз — Истиқлолимиз меваси, у мамлакатимиз босма ОАВ орасида ягона мус­тақил нашр бўлиб, бу йил ташкил этилганига 25 йил бўлади!

Бу — бир йигитнинг ёши! Жуда кўркам ёш!

“Йилнинг 365 кунида ҳам матбуотингиз эркин бўлсин” деди халқаро миқёсда ташриф буюрган меҳмонлардан бири. Дарҳақиқат, йилнинг 365 кунини ўзининг юрак зарбларида ёзилган мақолалар билан безаган “Hurriyat” нашри “Олтин қалам” XV миллий мукофотида босма ОАВ йўналишида биринчи ўринга муносиб кўрилди. Тўғри, айрим нашрларда фаолият юритаётганлар бу мукофотни қайта-қайта ёки бир жамоадан бир нечтаси турли номинацияларда олаётган бўлиши мумкин. Бироқ бу “Hurriyat”нинг биринчи “Олтин қалам”идир. Кимдир айтганидек, “Қалам олтинми ёки оддийми, ёзиб турса, бас!” эмас, бизнингча у олтин бўлса, сеҳри ҳам, кучи ҳам бош­қачароқдек. Чунончи, “Hurriyat”нинг айтаётган сўзи, етиб бораётган фикри юракларга олтиндек ўрнашса, деймиз.

Бугунги сўз, кечаги ҳиссиётлар уюми, бугунги дард ўтмишдан қолган йиғинди гаплар эмасдир.

Негаки, бугунги газета аввалги “қоғоз қўғирчоқ” ўрнида хонадонлар эшигини қоқмайди. Зеро, унинг ҳар бир ҳарфида, тиниш белгисида ва рангида журналист виждонининг ҳайқириғи бор!

Айни “Hurriyat”имиз ҳам ўтган асрдан қолган “Hurriyat” эмас! У тамоман янгича тафаккур озуқасига тўйинган, уйғоқ виждоннинг акси тушган, ҳурлик ва озодликнинг шоҳсупаси десак хато бўлмас! Зеро, энди миллатимиз ўз ҳурриятини “Олтин қалам” билан ёзажак!

“Олтин қалам”инг олға юришдан толмасин, “Hurriyat”! Ғолиблар сафи ва шоҳсупадаги биринчи ўрин муборак бўлсин!

 

Газеталар тарихнинг лаҳзаларни яратгувчи қўлларидир.

Артур Шопенгауэр,

немис файласуфи

 

Яхши газета — бу

ўз-Ўзи билан гаплашадиган миллатдир.

Артур Миллер,

америка ёзувчиси

 

Одамлар ўзларида мавжуд бўлган фикр эркинлигидан фойдаланмайдилар ва бунинг ўрнига улар сўз эркинлигини талаб қиладилар.

Сёрен Кьиркегор,

даниялик файласуф

 

Гўзал Бегим

(«HURRIYAT» газетасининг 2021 йил 5 май 19-сонидан олинди)