ЁШЛИК БУ – ЖАСОРАТГА ИНТИЛИШ ДЕМАК

2021-05-05T15:02:33+05:005 May, 2021|Умумий янгиликлар|

Нурилла Чориев,

“Ёшлик” журнали бош муҳаррири вазифасини бажарувчи,

“Олтин қалам” XV миллий мукофоти (матбуот) 3-ўрин соҳиби.

— “Ёшлик”нинг “Олтин қалам” XV миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиблари сафида эътироф этилганидан жамоамизнинг қувончи чексиз. Бу қувончни ифода этиш учун ғайратимиз тошганидан ҳатто “Олтин қалам”имиз ҳам титраяпти.

Таҳририят ходимлари доимо бу муқаддас даргоҳда хизмат қилаётганидан фахрланиб юришади. Бугун ана шу фахримиз қўшалоқ бўлди. Гарчи танлов низомига кўра номзодларнинг бир йиллик фаолиятига баҳо берилиб, эътироф этилган бўлса-да, қувончли дамларда киши барибир ўтган кунларига назар ташлар, хотиралари янгиланар экан.

Ўзбек халқининг сўнгги қирқ йиллик тарихига эътибор қилсангиз, каминадек, Сиз ҳам ҳаяжонга тушасиз. Аниқроқ айтганда, “Ёшлик” миллатнинг адабий тафаккурига, интеллектига, маданияти ва санъатига сезиларли таъсир кўрсатди.

Бу бир жумла билан ифодаланганидек, осон бўлган эмас, журналнинг юкини шараф билан кўтарган устозларнинг заҳматини эсламасликнинг имкони йўқ.

Бир ўйлаб қарасак, Эркин Воҳидов шўро замонида ўзбек халқининг кўкрагидан кўтарадиган асарлар чоп этиб “муҳокамалар”да қолмаганмиди? Омон Матчон юртни эркин ва озод кўрмоқ умидида ёзилган асарларни чоп этиб не бир маломатларга қолмаганмикин?

Аммо буларнинг барчаси эл-юртга камарбаста бўламан деган кишилар учун шараф-ку… Вақт ўтган сари миллат ойдинларининг хизмати тарих кўзгусида ярақлаб бораверади.

Зиёлиларимизга маълумки, “Ёшлик” ўз даврида ижтимоий-адабий зарурияти билан майдонга келган. Мана, шу зарурият таҳририят ходимларига доимо ғайрат бағишлаб туради.

Нашрни элга манзур қилиш йўлида юзлаб истеъдодли адиблар меҳнат қилди.

Бугун бир қувонч борки, мамлакатимиздаги ўзгаришлар тўлқинида адабиётимизга кўплаб истеъдодли ёшлар қадам ташлаётир. Бу, албатта, мамлакатимизда ёшларга берилган кенг имкониятнинг, уларга қаратилаётган эътиборнинг натижаси ўлароқ юзага чиқяпти. Маълумки, ижодкорнинг обрўсини оширадиган, нашрнинг номини кўтарадиган ягона омил бу, албатта, юксак савиядаги асардир. Aсар ўқувчилар қалбига йўл топса, унда катта таассурот қолдирса, шубҳасиз, муаллиф ҳам, унинг асарини чоп этган нашр ҳам тилга тушади.

Шу боис, “Ёшлик” истеъдодли ёшларнинг ОВОЗИ бўлиш, уларни адабий жамоатчиликка яқиндан таништириб боришда куч ва ғайрат билан ҳаракат қилади. Ўйлаймизки, бу йўлда, аввало, ёшларнинг ўзи жонбозлик кўрсатади. Нозим Ҳикмат айтганидек: “Ёшлик, бу – орзу. Бу – ишонч. Бу – жасоратга интилиш. Бу – лирика ва романтика. Бу – келажакка тузилган улкан режалар. Бу – истиқболнинг бошланиши”.

“Олтин қалам” миллий мукофоти таҳририятимизга жамоатчилик томонидан билдирилган юксак ишонч, ёш ижодкорларга кўрсатилган катта рағбатдир. Бу шараф бизга янада масъулият юклайди.

Негаки, энди “Олтин қалам”ли нашрмиз!

(«HURRIYAT» газетасининг 2021 йил 5 май 19-сонидан олинди)