ЭЗГУЛИККА СЕН ЁР БЎЛГИН

2021-05-05T14:12:02+05:005 May, 2021|Умумий янгиликлар|

 

Холмурод САЛИМОВ,

“Олтин қалам” XV миллий мукофоти учун халқаро танлов

ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари.

 

— Айтиш жоиз, мамлакатимизда кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил, замонга ҳамоҳанг тарзда давом этаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситалари вакилларини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда.

2006 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлови ҳам юртимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, медиа соҳага қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Ушбу танловни ўтказишдан асосий мақсад – миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқлари ҳамда илғор тажрибаларини кенг оммалаштириш, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз фуқаролик позициясини намоён этиши учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни такомиллаштиришга қаратилган.

Бу йил мазкур нуфузли танлов 15-бор ўтказилди. Ўтган вақт давомида танловда 7000 дан ортиқ журналист 107 000 га яқин материаллари билан иштирок этди. Уларнинг 290 нафардан ортиғи ғолиб ва совриндор бўлди.

Маълумки, ўтган 2020 йили коронавирус пандемияси туфайли “Олтин қалам” танловини ўтказишнинг имкони бўлмаган эди.

Агар жорий йилги танлов ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, бу йил танловда 447 нафар журналист уч мингдан ортиқ ижодий иши билан қатнашди. Ҳайъат аъзолари ҳар бир ижодий ишни диққат билан кўриб чиқди. Бу жараёнда улар журналистнинг фуқаролик позицияси, сўзга масъулият ва ифода маҳорати каби мезонларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 августдаги тегишли қа рори асосида ташкил этилган Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Танловга давлатимиз томонидан қарийб бир миллиард сўм йўналтирилди.

Таъкидлаш жоизки, танлов нафақат миллий ҳамкор- ларимиз, балки мамлакатимизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар ҳамда қатор хорижий мамлакатлар элчихоналарида, шунингдек, чет элларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Нуфузли “Олтин қалам” танловига бундан икки йил аввал, яъни 2019 йили 21 мамлакатдан ўттиз нафарга яқин чет эллик журналистлар қатнашган бўлса, 2021 йили 28 давлатдан 45 нафардан кўпроқ журналист она Ватанимиз ҳақида хорижий ОАВларида эълон қилинган ижодий ишлари билан иштирок этди. Бу мазкур танловнинг қамрови янада кенгайиб бораётганидан далолатдир.

Шу ўринда яна айтиб ўтиш мумкинки, мазкур танлов доирасида айни кунгача 120 нафардан зиёд журналист дунёнинг энг обрўли халқаро ташкилотлари, шу жумладан, юртимиздаги хорижий элчихоналар таъсис эт ган мукофотлар билан тақдирландилар. Бу йил ҳам бир қанча хорижий ташкилот ва мамлакатимиздаги хорижий элчихоналар вакиллари ўзлари таъсис этган мукофотларини ижодкорларга топширгани эътиборли бўлди.

Бугун яна бир бор журналистика соҳасида “Олтин қалам” XV миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини қутлашдан бахтиёрмиз.

Барча ҳамкасбларга ижодий муваффақиятлар доимий ҳамроҳингиз бўлсин, уйғоқ сўз, холис фикр ва мушоҳада билан эл-юртимизнинг қувончу шодликларига, одам ларни ўйлантираётган айрим муаммоларга камарбаста бўлиш саодати ёр бўлсин деймиз. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид қаламига мансуб “Олтин қалам” манзумасида айтилганидек:

Она юртим, жоним юртим,

Қалбда қуёш ёнар дилим.

Эзгуликка сен ёр бўлгин,

“Олтин қалам”, “Олтин қалам”…

(«HURRIYAT» газетасининг 2021 йил 5 май 19-сонидан олинди)