3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни

2021-05-04T17:22:23+05:004 May, 2021|Умумий янгиликлар|

“ОЛТИН ҚАЛАМ”НИНГ ОЛТИН СОЛНОМАСИ

саҳифаларига энди “Янги Ўзбекистон” номи ҳам муҳрланди

Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХV миллий мукофоти учун халқаро танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган ушбу танловнинг мунтазамлигида, афсуски, ўтган йили кучайтирилган карантин сабаб узилиш кузатилган эди.

Маълумки, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш ва рағбатлантириш мақсадида мазкур халқаро танловни ўтказиб келади.

Кейинги йилларда миллий медиа соҳани ривожлантириш борасида кўплаб амалий ишлар бўй кўрсатди. Сўз ва матбуот эркинлиги учун тобора кўпроқ имкониятлар яратилди. Айни дамда эркинлик масъулиятини ҳис этиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, медиа соҳада янги тизим яратилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатимизда 1минг 800 ортиқ ОАВ фаолият кўрсатмоқда. “Олтин қалам” миллий мукофоти танловида ўтган йиллар мобайнида 7 мингдан ортиқ журналист 107 мингга яқин ижтимоий аҳамиятга молик ишлари билан қатнашди. 290 нафардан кўпроғи танлов ғолиби бўлди.

Жорий йилги танловга 430 нафар журналист уч мингдан ортиқ ижодий иши билан иштирок этди. Тақдим қилинган ишлар сўзга масъулият ва ифода маҳорати, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, юксак профессионализм, ижодга янгича ёндашув каби мезонлар асосида баҳоланди.

— Ўтган йили пандемия туфайли бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам турли соҳаларда режалаштирилган аксарият ишлар, режалар амалга ошмай қолди. Шу жумладан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танлови ҳам кейинга қолдирилган эди. Жорий йилда ижодкорларнинг мазкур кўригини ҳар йилдагидек кўтаринки руҳда ўтказилишига ҳаракат қилинди, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов. — “Олтин қалам” танлови ижодий парвозларга даъват қилади, рағбатлантиради. Шу ўринда, давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган эътибор туфайли миллий матбуотимизда ҳам кескин бурилишлар, ўзгаришлар даври бошланганини айтиб ўтиш жоиз. Бугунги оммавий ахборот воситалари бундан 4-5 йил олдинги даврдан тубдан фарқ қилади. Шаффофлик, очиқлик тамойилига асосланган сўз эркинлиги, ошкоралик журналистларимизнинг қаламини кун сайин чархламоқда.

“Туркистон” саройида журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” миллий мукофоти ХV танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ҳаяжонларга бой бўлди. Меҳнати ва заҳмати, изланиш ва тадқиқотлари, ижод намуналари ва истеъдодлари эътироф этилган ҳамкасбларимиз қувончларини яширишмади.

Танловнинг асосий – “Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот” (телевидение), “Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио), “Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма нашрлар), “Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет-журналистика) ва “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияларининг барча ғолиблари муносиб тақдирланди.

Бундан ташқари, рағбатлантирувчи номинацияларда “Инсон ҳуқуқлари мавзусидаги энг яхши материал”, “Энг яхши фоторепортаж”, “Энг яхши матбуот хизмати” ва бошқа ҳамкор ташкилотлар, хорижий элчихоналар томонидан таъсис этилган кўплаб мукофотлар ҳам ўз эгаларини топди.

Танловнинг бош совринига эса икки жамоа – Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш, газетада эълон қилинган долзарб таҳлилий, танқидий материаллар жамоатчилик эътиборини қозонгани учун “Янги Ўзбекистон” газетаси ҳамда юртимиз ички ва ташқи сиёсатини кенг ёритиш, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имижини оширишга қўшган ҳиссаси учун “Дунё” ахборот агентлиги лойиқ топилди. Ғолибларга мукофотни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев топширди.

— Бугун ижод ахлига, қаламкашларга яратилаётган шарт-шароитларга жавобан жамоамиз аъзолари юртимизда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг, ўзгаришларнинг моҳиятини яхши англаган ҳолда меҳнат қилмоқда, — дейди “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари Бош муҳаррири Салим Дониёров. — Янги Ўзбекистоннинг янгича қарашлари намойиши сифатида ахборот майдонига тушган “Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси жамоаси қисқа вақтда ўз овозига эга бўла олди. Орадан бир йилдан зиёд вақт ўтди. Ҳатто пандемиянинг оғир шароитида ҳам таҳририят фаолиятини бир дам бўлса-да сусайтиргани йўқ. Албатта, янги нашр, янги жамоа, вазифалар улкан, масъулият катта. Бундай шароитда осон бўлмаслиги, ўқувчилар эътирофини қозониш мушкул. Лекин тинимсиз ҳаракатлар, изланишлар туфайли газета жамоаси эришган ютуқлар билан бугун ҳақли равишда фахрланамиз. Бугунги юксак мукофот эса бу йўлда бизга янада ғайрат, илҳом ва жўшқинлик бағишлайди. Ушбу навбатдаги муваффақият биз билан бир қаторда масъулиятли юкни ортмоқлаб келаётган, бизни қўллаб-қувватлаб турган кўпсонли муаллифларимизнинг, қолаверса, муштарийларимизнинг ҳам ютуғидир. Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг учинчи босқичи пойдевори яратилаётган айни дамларда янада фаол бўлиш ОАВ ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Шунинг баробарида, янги ўзгаришларга гувоҳлик ва дахлдорлик ҳар биримизни руҳлантиради, куч-ғайрат бағишлайди, янги марралар сари чорлайверади.

Демак, “Олтин қалам”нинг олтин солномасига энди “Янги Ўзбекистон” таҳририятининг номи ҳам муҳрланди.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири