“Олтин қалам” XV Миллий мукофоти – эътироф, рағбат, ишонч!

2021-05-03T22:02:43+05:003 May, 2021|Умумий янгиликлар|

Ҳар қандай рағбат ва эътибор ортида ишонч ётади. Бугунги тезкор, ҳолис, замон билан ҳамнафаслик руҳида яшаётган дунё нафасини ўзининг қалами, ижоди, сўзи билан ёритиб келаётган журналистлар эса албатта эътироф, эъзоз, эҳтиромга муносиб.

Бугун, 3–май – Жаҳон матбуоти  эркинлиги куни. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида  Жаҳон матбуоти  эркинлиги кунига бағишлаб  таъсис  этилган  журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХV Миллий мукофоти учун халқаро танловининг  ғолиб  ва совриндорларини  тақдирлашга  бағишланган  тантанали маросим  бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, давлат, жамоат ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, соҳада узоқ йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган журналистлар, Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этишди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда  бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказиб келинаётган  ушбу танлов халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимларининг фуқаролик позицияларини намоён этишлари ҳамда журналистларда танқидий–таҳлилий, мушоҳада ва ўз фаолиятларига янгича ёндашувни такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Дунёда глобаллашув жараёнлари тобора ривожланиб бораётган ҳозирги пайтда барча соҳаларда инновацион технологиялар ва янгича ғояларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, дaвлaт вa жaмият қурилиши тизимининг очиқлигини таъминлаш борасида замонaвий axборот–коммуникaция тexнологиялaри имкониятларидaн самарали фойдаланишни тақозо этади.

Танлов бу йил ўн бешинчи  маротаба ўтказилмоқда.  Миллий медиаоламда энг нуфузли бўлган “Олтин қалам” танловида ўтган йиллар давомида 7 минг дан ортиқ журналистнинг 107 000 га яқин ижодий иши кўриб чиқилди ва 290 нафардан ортиқ  журналистлар танлов ғолиби бўлди.

Байрам тадбирини “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов кириш сўзи билан очди ва танлов ғолиблари ҳамда байрам тадбирига келган меҳмонларни самимий қутлади.

–Аввало Сизларни бугун бутун дунёда кенг нишонланаётган Жаҳон матбуоти эркинлиги куни билан  “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан чин қалбимдан табриклайман. Сизларга аввало соғлик-саломатлик, ижодий муваффақият, ўқиш ва ишларингизда улкан ютуқлар тилайман,–деди у кириш сўзи аввалида.

Хабарингиз бор, 2020 йили коронавирус пандемияси туфайли  “Олтин қалам” Миллий мукофоти  учун халқаро танлов ўтказилмаган эди. Жорий йилдан эътиборан ушбу танловни аввалгиларидан бироз бошқача, бугунги кун талаби даражасида — янгича форматда ўтказишга ҳаракат қилинди. Тегишли таклиф-тавсиялар асосида танлов низомига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан:

– Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун  рағбатлантирувчи номинация асосий мукофотлар қаторига киритилди.

– Танловга тақдим этилган материалларнинг электрон шакли  уюшмамизнинг journalist.uz  веб-сайтида очилган  “Олтин қалам-2021” бўлимига жойлаштириш, уни беш балли тизим бўйича баҳолаш йўлга қўйилди. Бу жараёнда иштирокчиларнинг ҳар бир материалини ОАВ, ижодий ташкилотлар, соҳага кадрлар етказиб берувчи олий таълим муассасалари, шунингдек, ахборот хизматлари жамоалари номидан баҳолаш жорий этилди.

Танловга тақдим этиладиган ижодий ишлар сони чекланди – бештадан кам, ўнтадан кўп бўлмаслиги белгиланди.

Мазкур халқаро танловга 2019 йили 21 мамлакатдан ўттиз нафарга яқин чет эллик журналистлар қатнашган бўлса,  жорий йилда   28 давлатдан 45 нафардан кўпроқ журналист юртимиз ҳақида хорижий ОАВларида эълон қилинган ижодий ишлари билан иштирок этгани мазкур танловни нуфузи ошиб, қамрови янада кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Шуни алоҳида айтиб ўтишим керак, танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди  маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, – дейди ташкилий қўмита раиси Холмурод Салимов ўз нутқида.

Жорий йилги танловда 447  журналист  уч мингдан ортиқ ижодий иши билан  қатнашди.  Барча йўналишлар  бўйича  ҳайъат аъзолари  ҳар бир ижодий ишни, ҳар бир материални диққат билан кўриб чиқди.

Энг муҳими, ҳар бир ижодий иш бугунги кунда ҳаёт олдимизга  қўяётган талаблар–сўзга масъулият ва ифода маҳорати,  журналистнинг фуқаролик позицияси,  танқидий–таҳлилий мушоҳада, юксак профессионализм, ижодий фаолиятга  янгича ёндашув  каби  мезонлари асосида  баҳоланди.

Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш, яъний якуний хулосага келишда танлов низомида белгиланганидек Уюшма сайтида амалга оширилган баҳолаш натижаларига ҳам таянилди.

Тақдирлаш маъросими доирасида таниқли санъат усталари, ўзбек миллий эстрадасининг юлдузлари ва ёш санъаткорлар  иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.