СУВНИ ТЕЖАЙДИГАН ТЕХНОЛОГИЯЛАР: ЮҚОРИ ДАРОМАД ВА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ КАФОЛАТИ

2021-04-30T16:05:51+05:0030 Aprel, 2021|Навоий вил.|

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 декабрда эълон қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Навоий вилоятидаги ижроси билан журналистларни яқиндан таништириш мақсадида Кармана туманида пресс-тур ташкил этилди.

Сув хўжалиги вазирлиги Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда 10 га яқин маҳаллий ва республика ОАВ вакиллари ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб журналистлар “Шаҳриёр Агро Экспорт” МЧЖ томонидан 300 гектар майдонда озуқабоп маҳсулот етиштириш мақсадида Украина давлатидан келтирилган ёмғирлатиб суғориш технологияси фаолияти билан яқиндан тинишишди. Корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан 408 минг АҚШ доллари қийматидаги лойиҳанинг амалга тўлиқ амалга оширилиши натитжасида чўл ҳудудида фойдаланилмайдиган ерлар ўзлаштирилиб, натижада 100 га яқин иш ўрни яратилади. Журналистлар корхона масъуллари билан мулоқотлар чоғида ушбу лойиҳанинг амалга ошириш жараёнлари юзасидан тўлиқ маълумотларга эга бўлишди.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Кармана туманидаги “Кумушкон-2019” фермер хўжалигида бўлиб, 97 гектар майдонда пахта ва ғалла маҳсулоти учун 2,4 млрд сўмга олиб келинган томчилатиб суғориш технологияларини ҳам кўздан кечиришди.

Қайд этиш керак, Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан 2020 йилда вилоятимиз бўйича жами 40 та фермер хўжаликларида 1835 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Жорий йилнинг 1-чораги мабайнида ҳосил учун вилоят бўйича талабгорлар ва  пудратчи ташкилотлари ўртасида режадаги жами 9403 гектар ўрнига 12567 гектар томчилатиб суғориш ва 559 гектар ёмғирлатиб суғориш ишлари амалга оширилган. Бу борадаги ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Пресс-тур жараёнида ОАВ вакиллари учун фермер хўжалиги даласида матбуот анжумани ҳам ташкил этилиб, иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Навоий вилояти бўлими раиси.