«Олтин қалам – 2021» танловига

Сарвар Зияевнинг ижодий ишлари

 

Даладан ўзга дарди йўқ аёл — Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова билан суҳбат

Меҳнаткаш ўзбек аёлининг рамзи бўлмиш Лола Муротовани танимаган, билмаган, кўрмаган кимсанинг ўзи топилмаса керак. Қаҳрамон фермер билан бепоён далада бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашишни кўнгилга тугдик.

«Лола опа анча инжиқ, даладаги юмушим қолиб кетади», – деб вақтдан қизғаниб, журналистларнинг саволларига тўлиқ жавоб бермайди, деган гаплар ортидан ҳар эҳтимолга қарши бунга ўзимни руҳан тайёрлаб йўлга чиқдим…

Олтиариқ марказига келиб, ундан Марказий Фарғона чўллари ҳудудида жойлашган Белариқ қишлоғидаги Лола опанинг «Нурли обод» фермер хўжалигигача хийла йўл босилди. Ўнг томон теракзор, чап томонда зовур ёқалаб тут дарахти экилган. Чор-атроф бепоён дала…

Ниҳоят Лола опа манзил қилган «Нурли обод»га етиб келдик. Ажойиб манзара!

Фермер хўжалигининг шундоққина ёнидан ариқ ўтган. Ариқ тепасида улкан тол дарахти кўкка бўй чўзиб турибди. Шийпон ичида сўри. Деворда эса «Ўзбекистон Қаҳрамони» ёзуви билан Лола опанинг катта сурати осиб қўйилган, бошқа томонда эса қаҳрамоннинг отаси билан тушган сурати кўзга ташланди…

Бироздан кейин бошига ҳар доимгидек оддий оқ рўмол ўраган, самимий, салобатли, ғайратли Лола опанинг ўзи илиқ кутиб олди ва салом-аликдан сўнг, сўрига таклиф қилди. Дуодан сўнг ҳовлида куймаланиб юрган аёл чой дамлаб чиқиб, иккимизга бирма-бир пиёла узатди…

Лола опа миш-мишларга терс ўлароқ, инжиқ эмас экан. Самимият ва мулойимлик билан саволларга жавоб қайтара бошлади. Узоқ ўтмишдаги ширин хотиралари уйғониб кетди чоғи, энди уни гапдан сира тўхтатиб бўлмасди:

Деҳқончилик соҳасига қизиқиш қандай уйғонган?

«Деҳқончиликка қизиқишим болалигимдан бошланган. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим биз яшаб турган қишлоқда колхоз даласида пахта етиштириларди. Тушлик пайти соат 2 гача мактабда ўқиб, уйга бориб қоринни тўқлаб, далага кетардик.

 

Онамиз бу пайтда далада бўларди. Онамизга талпиниб, уларга ёрдам берайлик, деб унинг ёнига далага борар эдим. Онамизга ғўзалар атрофини ёввойи ўтлардан тозалаш учун ёрдам берардим. Маҳалламиздаги қўни-қўшни аёллар, момоларнинг далада қилган ишини кўриб қизиқиб, уларга ёрдам бергимиз келарди.

Далага бўлган меҳр ота-онамдан ўтган. Уларнинг ҳаёт йўли колхоз билан чамбарчас боғлиқ эди. Отам тракторчи, механик, кейин эса инженер бўлиб ишлаган. 1941–1945 йилгача урушда иштирок этган. Урушдан қайтиб келган отам қишлоқда механик, инженер вазифасини давом эттирди.

 

Ёшлигимданоқ колхоз гаражига келиб, бу ерда қилинаётган ишларини қизиқиб томоша қилиб ўтирардим. Ҳамон ўша дамлар кўз ўнгимда гавдаланади. Отамнинг шериклари гаражда машина ремонт қилган пайтда ёнига фартук тутиб олишарди, фартуклари ёғ бўлганидан қуёш нурида ялтираб туриши ҳали-ҳануз кўз ўнгимда. Саратонда 40–45 даража иссиқда отамнинг ҳамкасби Холиқ тоға Аҳмадалиев темирни ўтда қиздириб, кувалдада уриб, ғўзага ишлов берадиган култивация тракторларига мосламалар ясаб берарди. Уларнинг қилиб турган ишларини кузатиб туриб, ўзим аёл киши бўлсам-да, тўғриси, уларга ҳавас қилар эдим.

Ёшлигида кимларга ҳавас қилган?

Республикадан чиққан Турсуной Охунова, туманимиздаги Раъно Каримова, Хола опа, Тожи опа, Мамлакат опа исмли механизаторимиз бор эди. Мактабда ўқиб юрганимизда «Саодат», «Гулистон», «Шарқ юлдузи» журналида уларнинг суратини кўриб, шу аёлларга ўхшаб механизатор бўламан, қишлоқ аёлларининг оғирини енгил қилиб, машинада пахта тераман, деб астойдил ният қилганман. Худога шукур, орзуларим амалга ошган. Яхши ният қилсангиз, муродингизга етар экансиз.

Севган касби

Ишни ота касб — механизаторликдан бошлаганман. Бу менга отамдан юққан деб биламан. Раҳматли отам менга иш ўргатган. Ўша пайтдаёқ қишлоғимизнинг катта-ю кичиги аёл киши бўлсам ҳам далага бўлган иштиёқим баланд эканини жуда яхши англарди.

У пайтлардаги тракторнинг кабинаси бўлмас эди. У томонда бир қанот, бу томонингизда бир қанот, ўртада битта рул. Ана шундай тракторларда ғўзаларга ишлов берганмиз.

Мактабни битирганимдан кейин туманимиздаги 82-ҳунар-техника билим юртига механизаторлик ва чеварчилик курсига ҳужжат топширдим. Чунки механизаторлик курсини битирмаганларга трактор беришмас эди. Ҳозирги Катпут қишлоғида жойлашган Москва колхозидаги билим юртида бир йил таҳсил олиб, 18-группага староста бўлганман. Москва колхозининг ҳамма даласини билардим. Чунки амалиётга далаларга чиқар эдик. Ерни қандай шудгорлаш, текислаш, чигит экишга тайёрлаш буларнинг барчасини қилиб кўрганмиз амалиётда. Ўша ердаги механизаторларга шогирдликка тушиб, улардан кўп нарсаларни ўрганганмиз. Механизаторлар, бригада бошлиқларига шогирдликка тушиб далада чиниққанмиз.

Ғўза экиш усулларини ўқувчилик пайтиданоқ яхши ўзлаштирганман. Ўз касбингизни севмасангиз, унга меҳр қўймасангиз бўлмайди. Деҳқончиликда ҳам ерга меҳр бермасангиз, бир нарса ололмайсиз.

 Касбга ва ерга меҳр қўйиш

Оилада ота-онангизга, фарзандларингизга қандай меҳр берсангиз ерга ҳам худди шундай меҳр бериш керак. Фарзандингизга берган меҳрни ерга ҳам берсангиз, ғўза бўладими, буғдойми ёки бошқа экинларми, албатта, сиз кутган ҳосилни оласиз, даромадингизни ҳам беради. Ер ўз саховатини ҳеч қачон аямайди.

Ота-онамиз ортидан эргашиб ерга меҳр берган эканмиз. Бугунги кунда Президентимиз ва элимиз эъзозидамиз. Бундай эътибор ва эътирофларнинг чеки йўқ. Яратганга беҳисоб шукур. Инсон ўз олдига катта мақсадлар қўйиб яшаши керак. Биздан кейин келажак авлод шу даврда мана шундай кишилар яшаб ўтган экан, деб фахрланиб юришсин.

 Пахтачиликни ривожлантириш йўлида чекилган заҳматлар

Мана, бу йил қишлоқ хўжалик соҳасида фаолият бошлаганимга 43 йил бўлди. Биз тайёр ерга келмаганмиз. У маҳаллари далалар ҳозиргидек унумдор бўлмаган. Далалар қумлоқ ер бўларди. Ўша ерларни ўзлаштиришда иштирок этганман. Булдозерларда қумларни олиб чиқиб ташлаб, ерларни текислаб жой тайёрлаганмиз. У пайтларда дала шийпонлари бўлмаган. Битта бригадада 30–40 нафар аёл ишлар эди.

Ўз боласи билан далага келган оналар фарзандини беланчакка белидан боғлаб қўйиб, далага кириб кетишар эди. Брезент палаткалар тикилар эди. Шамолда қум аралаш брезентларни шамол учириб кетарди. Қулоқ ва кўзларимизга қум тўлганидан йиғлаб юборган пайтларим кўп бўлган.

Эртаси куни далама-дала  юриб, ҳисоб-китоб қилиб чиқар эдим. 182 гектар пахтани шамол қуритиб кетган. Бир куни саҳар 5 яримда қуриган пахта ёнида йиғлаб ўтирсам, туман партия қўмитаси котиби Усмонжон Бегматов ёнимга келиб, «қизим нега йиғлаяпсан», деб қолди. 182 гектар ердаги пахтани шамол нобуд қилди дедим. «Эртага давлатга пахта режасини қандай топшираман?» — деб яна йиғладим .Бегматов «Нима қилиш керак?» – деб сўради. «Битта мен билан нима ўзгаради. Мени қумга олиб келиб қўйганингиз билан. Аввало, ишчиларга шароит қилиб беринг, брезент палаткалар эмас, ҳар бир бригада учун дала шийпон қуриб берсангиз кейин меҳнат унумдорлиги бўлади», — дедим. У шийпон қилиб беришга ваъда берди. Ваъдасининг устидан чиқди ҳам…

Аёл киши учун бу касб мураккаб эмасми?

Бошқа касбларга қараганда қишлоқ хўжалиги соҳаси аёл киши учун ниҳоятда мураккаб касб. Юракдан бу ишга меҳр бермасангиз қийналасиз. Туғма қизиқиш бўлиш керак. Ота-онамнинг колхозда қилиб юрган ишларини кўриб юриб, қизиққаним учун ўзим билмаган ҳолда деҳқончиликка кириб кетдим. Инсон ўз касбига меҳр қўйса ҳар қандай машаққатни енгиб ўтади. Машаққатсиз касбнинг ўзи йўқ бу оламда. Усиз бир нарсага эришиш қийин. Сабр-матонат билан меҳнат қилсангиз, Яратганнинг ўзи сизни қўллайди. Ўз ҳаётимда бунга амин бўлдим.

Ишни механизаторликдан бошлаган бўлсам, механизаторлик қилиб ғўзапоя орасида юрдим. Машинада пахта тердим. 130 тоннагача пахта терган кунларим бўлган. Бу албатта аёл киши учун жуда оғир, машаққатли. Лекин ишингизга меҳр қўйсангиз, машаққатларни ҳам енгиб ўтар экансиз. Мен ўша пайтда пахта терган далаларнинг кўпи ҳозир қишлоқ бўлиб кетган.

1991 йилдан кейин аҳолига яшаш учун томорқа берилиши муносабати билан янги қишлоқлар пайдо бўлди. Дала ўрнида пайдо бўлган қишлоқда яшовчилар ҳозиргача мени кўришганда «Лола опа, шу ерларда пахта териб юргансиз-а?» – деб гапиришади. Ўша пайтларда ҳам газеталарда чиққанмиз. 32 нафар ёш йигит-қизлардан ишчи қилиб, 56 гектарда иш бошлаганмиз. Ерларнинг унумдорлигини оширганмиз.

Шамолда учган ғўзалар…

Ҳозир биз ўтирган жой жамоа хўжалигининг 5-бўлими бўлган. Совхоз даврида бўлим 18 йил режани бажара олмаган жой эди. Мени атай жўнатишган бу ерга. «Сен борсанг, ерни ўнглайсан», – дейишган ўшанда. Келиб, ерни кўриб, бошида мен ҳам қўрққанман. Ернинг ҳолати ўта абгор эди. Ўзлаштирилмаган ерлар экан.

Келсам булдозер ишлаб турган экан. Булдозерчини ёнига борсам: «Бу ерга бекор келибсан, бу ернинг шамоли ёмон, экинингни учириб кетади, ҳосил ола олмайсан, манаман деган эркаклар бу ерни ўнглай олмай қочиб кетган, сен аёл бошинг билан эплай олармикансан, бу ердаги офатни кўриб жуда борса, 3 ойча ишлайсан, кейин қочиб кетасан»,— деди.

Яратгандан ишимга унум беришини сўраб астойдил ишга киришдим. Шамолга қўшилиб мен ҳам учиб кетармикинман, деган хаёллар ҳам ўтди. Яратганга шукур, энг аввало, ишчиларнинг шароитларини ўнглаб бердим. Механизаторларни тўплаб гаплашиб олдик. Ишчилар билан ҳамжиҳатликда 6 та бригада бошлиғи сайладик. Бригадирларимиздан Ҳаёт ака Зокиров ҳозир ҳам ҳаёт. Ёши 100 га қараб кетяпти. Сувчи Эргаш ака Каримов ёшлари 90 да. У ҳам ҳаёт. Улар билан ота-боладек тил топишиб ишлаганмиз.

Халқ ўзи шундай ишга ёпишдики, қумларни ўзлаштириб, ерларни экинга тайёрладик. Бунгача 2 йил қийналдик. Шамол ҳисобига режамизни 98 фоизга бажарадиган бўлдик. 2 фоиз етмагани менга шунақанги алам қилади. Туман партия котиби ҳам «диққат бўлмагин», деб юпатди. Шамол 3 мартадан ғўзани учириб кетган. Қайта-қайта экаверганмиз. Охири экинни шамол учириб кетмаслигининг йўлини ўйлаб топдик. Ерга жавдар (рожь) экиб, уни баҳоргача парвариш қилиб, шунинг ўзига 250 кг карбамид сочиб чиринди қилиб, ўзига ёпдик. Ёпганимизда кўк масса шамол учиришини олдини олар экан.

Қаҳрамонлик масъулияти

Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишнинг жуда катта масъулияти бор. Қайси касб эгаси бўлишдан қатъи назар инсон фидойи, ватанпарвар, ҳалол бўлиши керак. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда, бор билим ва имкониятларни ишга солиб йилдан йилга шартнома режаларимизни бажаришга киришдик. Қанча кўп маҳсулот етиштирсак, даромадимиз ҳам яхши бўлади. Қўлимизни қаерга узатсак етади. Умуман ерга маблағни аямайман. Катта-катта пул сарфлайман. Фермер хўжалигига техника, ёқилғи оласизми, қўл остингизда меҳнат қилаётган ишчилар маошини ўз вақтида бериб бориш керак. Моддий манфаатдорлик бўлмаса, ишда унум бўлмайди. Ишчиларнинг ҳам ўз оиласи, бола-чақаси бор. Улар ҳам ҳаётдан рози бўлиб, яхши яшаши керак.

Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилишини сира ҳам кутмаган эдим. Ўша куни ҳам дала ичида юрган эдим. Сентябр ойи .Пахталар қийғос очилган пайт. Шу пайт телефоним жиринглаб қолди. Телефонни олсам гимназия директори Ҳамиджон Раҳимов экан. «Лола опа, қаердасиз?» — деб сўраб қолди. Унинг гапидан кулиб: «Қаерда бўлардим, даланинг ичидаман-да», дедим.

Ҳамиджон кейин ҳаяжонини яшира олмай, «Опа, Президентимиз сизга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини берди. Тезда даладан шийпонингизга етиб келинг», — деди. Даладан чиқиб шийпонга етиб келиб ўзимни тўхтата олмай, йиғлаб юбордим… Қани энди, шу кунларимни оқ ювиб, оқ тараб, ўқитиб, ватанпарвар, фидойи қилиб тарбиялаган ота-онам кўрса эди, — деган ўй таъсирида кўзимдан дув-дув қувонч кўз ёшлари тўкиларди.

Президентимизга раҳмат. Улар бош вазирликларида далада олиб борган ишларимизни ўз кўзи билан кўрган. Менимча, ўшанда юрагига тугиб қўйган эканми, сира кутмаган эдим Ўзбекистон Қаҳрамони бўламан деб. Яратганга шукур қанча машаққатларни бошимиздан ўтказдик. Бугунги кунда энди роҳатини кўряпмиз. Қишлоқ хўжалиги соҳасига кирибманки, бирор марта ерни ёмон кўрмаганман. Ернинг ёмони бўлмайди, деб доим айтиб келаман.

«Нурли обод» фермер хўжалигида ҳозирда 127 нафар ишчи-ходим ишлайди. Деҳқончиликдан ташқари, 100 бош қўй, 20 бош қорамол парвариш қилиб келяпмиз…»

Суҳбатимиз қизигандан қизиб, вақт қандай ўтганини билмай қолдим. Лола опа болаликка қайтиб, гоҳ ёшлик чоғидаги ажиб дамларни, гоҳ бугунги замон шарт-шароитларини жўшиб гапирарди.

Лола опанинг президент билан қилган мулоқотлари тасвирланган лавҳаларни биргалашиб томоша қилдик. У трактор ҳайдаётган, қийғос очилган пахта пайкалларида юрган кадрларни кўриб севинганидан қиқирлаб куларди.

Лола опа билан суҳбатлашиб унинг ҳақиқатан ҳам юрт, миллатнинг асл қаҳрамони эканига яна бир карра амин бўлдик. Унинг даладан ўзга дарди йўқ аёл эканини ич-ичимиздан ҳис қилдик…

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири


«Хижолат бўлманг, сизга нон бепул» — Қувадаги новвойхонада эҳтиёжмандларга нон текинга берилади

Қувалик машҳур нонвой Исмоил Мирзаев пишираётган ширмой нонларни харид қилиш учун келганлар ҳеч қачон қуруқ қўл билан қайтишмайди. Ҳаттоки чўнтагида пул бўлмаса ҳам…

Орамизда эрта-ю кеч халқ хизматида тиним билмай меҳнат қилаётган инсонлар кўп. Улар умри давомида қўлидан келганича ўзгаларга меҳр-саховат кўрсатиш, дуо ва савоб илинжида бировнинг ҳожатини чиқаришга интилиб яшайди, ҳаётидан умуман нолимайди. Ҳалол ризқ ортидан рўзғор тебратиш баробарида, ён-атрофидагиларга бирдек нафи тегади… ва бу ишидан завқ олади.

Фарғона вилояти, Қува тумани, Чаман қишлоғидаги Фарғона – Қува йўли ёқасида жойлашган новвойхона нонидан кўплар татиб кўрган.

Ўтган кетган йўловчилар, бутун маҳалла аҳли айнан шу нондан сотиб олишга одатланган. Чунки новвойхона нони бошқа жойларникига ўхшамайди. Жуда мазали. Энг асосийси, бу ерда ёпилган нонларни бепул олиб кетишингиз мумкин. Новвойхона фаолиятини эҳсон қилишга қаратган.

Новвойхонада 15 ёшидан буён мана шу касб билан машғул бўлган Исмоил новвой ишлайди. Уни Чаман қишлоғи аҳли ёш-у қари бирдек яхши танийди.

Исмоил новвой ҳар куни уйидан новвойхонагача 2 километр масофани велосипедда босиб ўтади. Тонг саҳар 3да уйғониб келиб тандирга ўт қалайди. Шогирдлари тайёрлаб қўйган хамирдан нон ёпишга киришади. Унинг деярли бир кунлик вақти айнан новвойхонада ўтади. У бир кунда 16 соат ишлаб, кеч соат 19да велосипедига ўтириб уйига равона бўлади.

Исмоил ака шу соҳада ишлаётганига бу йил 25 йил бўлди. У ҳаётидан асло нолимайди. Иши унга доим завқ бағишлаб келган. Одамларга иссиқ ва мазали нон улашишдан ўзгача ҳузурланади.

Айни кунларда унинг новвойхонасида бир кунда 6 қопдан 9 қопгача ундан нон ёпиляпти. Ёзда эса иш бундан ҳам кўпаяди. Энг асосийси, ёпилган нонлар эҳсон қилиб турилади. Новвойхона атрофига «Пулингиз бўлмаса хижолат бўлманг, сизга нон бепул», — деган ёзув илинган. Айримлар новвойхонадан бепул нон олиб кетади.

Исмоил Мирзаев: (новвой)

«Иссиқни-иссиқ, совуқни-совуқ демай халқ хизматидамиз. Худога шукр, шу касб орқасидан рўзғорим бут. Қора қозонимиз қайнаб турибди. Новвойхонамизда анча-мунча эҳсон қилиб турамиз. Кўчадан ўтган ёш болалар, кам таъминланганларга тўй-маъракаларида беминнат нон берамиз. Бундан буёғига яна 5 йилми, 10 йилми новвойчилик билан шуғулланмоқчиман. Катта ўғлим ҳозир 13 ёшда. У ёнимга кириб қолди. Ўғилларим ишимни давом эттиради энди. Менга ҳам отам шу касбни ўргатган.

 

Бир йилда 40 мартагача эҳсон қиламиз. Муҳтожлар, касалхонадан чиққан беморлар, ўтган-кетганларга беминнат нонлар берамиз эҳсон қилиб. Ёз кунларида ишимиз ҳар доимгидан кўра кўпайиб кетади.

Айни пайтда икки хил нон ёпамиз. Кичикроғи донаси 2 минг, каттароғи 3 минг сўм. Эҳсон қилганимиз учун Яратган ишимизга унум ва барака беряпти. Шогирдларим жуда кўп. Бошқа новвойхоналарда ҳам мен чиқарган шогирдлар ишлашади. Эҳсон қилиб, одамларнинг ҳожатини чиқарганимизнинг ўзи биз учун катта нарса. Айтишади-ку, «олтин олма, дуо ол» деб. Одамлар бизни дуо қилиб қўйса бўлгани».

Исмоил ака билан суҳбатлашиб турганимизда, нон олиш учун харидорлар кириб кела бошлашди.

Чаман маҳалласида истиқомат қилувчи Хосиятхон ая Олимова новвойхона ҳақида мамнуният билан қуйидагиларни гапирди:

«Аввало, новвойларимизга раҳмат. Тан-у жонлари соғ бўлсин. Юзлари нондек азиз бўлсин. Доим эҳсон қилиб туришади. Пулимиз бўлмаса ҳам, бемалол, хижолат бўлмай келиб нонларидан олиб кетган кунларимиз кўп бўлган. Улардан халқ хурсанд. Кўчадан ўтган етти ёт бегоналарга ҳам нон эҳсон қилишади. Айниқса, жума кунлари эҳсонлари кўпайгандан кўпаяди. Новвойларнинг ҳиммати доим улуғ бўлсин».

Исмоил ака эса тинмай нон ёпар, тандирдан узилган нонлар зум ўтмай тугаб битарди. Йўлдан ўтаётган аксарият машина ҳайдовчилари ҳам тўхтаб, нон харид қилиб кетар экан. Мактабдан қайтаётган ўқувчилар ҳам нон олгани келишди.

Алоҳида хоначада хамир тайёрланади. Кичик уйча. У ерда бир неча шогирд қўли қўлига тегмай бири хамир қорар, кимдир зувала олар, яна кимдир зувалани шаклга келтириб, чекич урарди.

Ёпишга тайёр ҳолатга келтирилган доира хамир устига қатиқ ва седана суртган яна бир шогирд уни тандир ёнига тинмай ташиб турарди. Юмуш кўплигидан улар ишни смена шаклида ташкил қилишган экан.

Хамир қориладиган хона ичидан ташқарига чиққанимизда нонвойхона эгаси Зоҳиджон Турғуновни тандир олдида учратдик. Тадбиркор бизга қуйидагиларни айтиб берди:

«Новвойчилик билан бир неча йилдан буён шуғулланиб келяпман. Ёз фаслигача иш жойимизни янада кенгайтириш ниятимиз бор. Яна янги ишчилар оламиз. Ёшларни иш билан таъминлаймиз.

Яратганга шукр, пандемия аста-секинлик билан ортга чекиняпти. Ўтган йили пандемия даврида одамлар қийналди. Буни ҳаммамиз бирдек ичимиздан ҳис қилдик. Ўшанда нонларни ярим пулига тарқатган кунларимиз ҳам бўлди. Эҳсонлар қилиб кам бўлмадик.

Аллоҳ таоло шундай раҳмдил зотки, бизга сахийликни бердики, бундан кам бўлмадик. Шундан кейин доимий равишда эҳсон қилишни йўлга қўйдик. Ким келса, муҳтожми, пули йўқми ҳеч иккиланмасдан беряпмиз. «Нон бепул», деб ёзиб ҳам қўйганмиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Ўзларингга ризқ қилиб берган нарсаларингдан инфоқ-эҳсон қилинглар», деб марҳамат қилган. Эҳсоннинг эвазига Яратган кўпайтириб беряпти.

Бошқа тадбиркорларга ҳам шуни айтмоқчиман: ҳеч иккиланмасдан, ўйланмасдан бемалол инфоқ-эҳсон қилинглар. Бунинг натижасини, баракасини албатта кўрасизлар. Ишнинг ривожини кўрасизлар.

Эҳсонлар қилганимиздан одамлар хурсанд бўлиб дуолар қилишяпти. Ҳатто «Нон бепул» деб ёзилган ёзувни кўриб ҳам дуо қилишяпти. Ёнимиздаги касалхонадан беморлар келиб дорига пул топа олмай қолдим, пулга муҳтожман деганига иккиланмасдан пул берамиз. Маҳалла, қишлоқ ва ҳатто бошқа вилоятларда истиқомат қилувчи муҳтожларга эҳсон қилишни йўлга қўйганмиз.

Ёз фаслида ишлар кўпаяди. Саховатимиз ҳам кўпаяди. Ёш болалар мактабдан қайтаётиб новвойхонага тўхташади, қўлига нон тутқазиб, сийлаймиз. Одамлар келади: юзидан, сиймосидан сезиб қоламиз муҳтожлигини. Қўлига тўртта нон тутқазамиз. Хурсанд кетишади. Эҳсон қилиб маза қиласиз, ичингиз яйрайди. Яратган кўпайтириб берганини кўриб, билиб туриб яна яйрайсиз-да! Келажакда фаолиятни янада кенгайтириб, эҳсонлар сонини бундан-да кўпайтиришни ният қилганмиз.

Исмоил ака ҳақида гапирадиган бўлсам, бу киши менга қадрдон бўлиб қолган. Новвойхона ишини бемалол унга ишониб топширганман. Йўғимда ўрнимни билинтирмайди. У бир неча йилдан буён мен билан ишлайди. Исмоил ака ёпган нонлар кўпчиликка ёқади. Акадан ҳаётда кўп маслаҳатлар олиб тураман. У кўпни кўрган. Шогирдларимиз орасида иш ўрганиб бошқа жойларда алоҳида новвойхона очиб фаолият юритганлари ҳам кўп. Улар орасида Россияга бориб, у ерда нон ёпаётганлари ҳам бор».

Ҳассага таянган кекса отахон келиб, нон тахланаётган супа ёнидаги ўриндиққа ўтирди. Отахон қишлоқда анча муддат сартарош бўлиб ишлаб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган экан. У ҳар куни бу ерга келиб, иссиқ нондан татиб, новвойларни дуо қилиб кетар экан.

У новвойларнинг амалга ошириб келаётган эҳсонларидан халқнинг боши осмонда экани ҳақида хурсанд бўлиб сўзлаб берди. Исмоил новвойнинг меҳнаткашлиги, у ёпган нонлар ўзгача мазага эга эканини таъкидлади.

Исмоил новвой эса ҳар доимгидек нон ёпишда давом этар, тандир чўғида унинг икки юзи қип-қизил бўлиб кетган эди. Тандир ичига ҳар бошини суқиб нон узаётган пайтда жилмайиб қўяр, узилган нонлар супачага тахлаётганини кўриб самимият билан ич-ичидан қувонарди…

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири


Олтиариқ узумлари: Ҳосилни келгуси мавсумгача сақлашни боғбонлар қандай уддалайди?

Олтиариқ деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида унумдор тупроқ билан дўст тутиниб узум, бодринг, турп етиштирган, қиш бўлишига қарамай, эл дастурхонига узум ва бодрингни узмасдан тортиқ қилаётган меҳнатсевар боғбон гавдаланади.

Дарҳақиқат, Фарғонанинг бу туманига келсангиз, маҳаллий одамларнинг боғдорчилик борасида анча устамон бўлиб кетганига гувоҳ бўласиз. Олтиариқнинг заҳматкаш боғбонлари бугун нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам довруқ қозонишган.

Чинортаги кўчаси 81-хонадонга кириб борар эканмиз, дарвозадан хонадон ичра ўтишимиз билан худди куз фаслида бўлганидек сўриток узра ястаниб ётган узумларга кўзимиз тушди.

Ишониш қийин. Айни пайтда қиш фасли ҳукмрон бўлишига қарамай, узумнинг бир неча тури сўритокда ғарқ пишиб ётарди.

Файзли ўзбек хонадонларидан бири. Дарвозадан кираверишда сўриток устидан усталик билан «целофан қоғоз» тортилган.

Хонадон дарвозасига узумларга совуқ ҳаво зарар етказмаслиги учун ҳовли ичкаридан махсус материал қопланган. Буларнинг барчаси хонадон соҳиби Ҳусанбой Ғофуровнинг айнан қиш палласида узумларни ток устида сақлашда ўта эҳтиёткор эканидан дарак берарди.

Йиллар давомидаги меҳнати эътироф этилиб, 2020 йилнинг декабр ойида «Намунали томорқачи» кўкрак нишони билан тақдирланган Ҳусанбой ака узум етиштириш ва уни сақлаш сир-асрорлари билан ўртоқлашди.

«Хонадонимиздаги узумларни бир неча йиллардан буён «токнинг устида сақлаш» усулида сақлаб келяпмиз. Узум парваришига алоҳида эътибор қаратамиз.

Кузда пишган узумларни июн ойигача сақлашнинг ўзи бир машаққат. Сақлашнинг эса 3 хил тури бор: ток устида сақлаш (узум пишган вақтда уни узмай жойида қолдириш), бакалашка услуби (узум ғарқ пишган пайти унинг калтаги билан кесиб бандини сувга солиб қўйиш) ҳамда ота-боболаримиздан қолган эски сақлама (октябр ойида узум узиб қўйилади ва яшикларда омборда сақланади) услуби.

Узумчилик билан шуғулланишни бошлаганимга 50 йил бўлди. Ҳар қандай соҳанинг ҳам ўзига яраша оғир ва енгил томонлари бор. Ҳар бир соҳада изланиб турмасангиз, замондан орқада қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Изланишлар самара бериб, 15–20 йилдан буён «бакалашка» услубида сақлаган узумларимизни май ойигача асл ҳолидек сақлашга эришиб келмоқдамиз.

Мана, январ ойи ҳам поёнига етиб боряпти, лекин ҳали биз «бакалашка» услубидаги узумларни сотишни бошламадик. Март ойига ўтиб бу усулда сақланган узумларни сота бошлаймиз. Ҳозирги пайтда банди қуруқ узумларни маҳаллий бозорларга ва қўшни Тожикистонга сотяпмиз.

Изланишларимизга кўра, одатда узум июн-июл ойларида пишадиган бўлса, то кейинги узум пишгунича эски узумни сақлаш усулларини ўзлаштирдик.

Ҳозирда бизда узумнинг 25 хилдан ортиқ тури мавжуд. Ток устида қишда ҳам 5–6 хил узум навини сақлаб келмоқдамиз. Булар – «ҳусайни», «келин бармоқ», «улкан», «қора жанжал», «Ф1» каби навлардир.

Олтиариққа атрофдан, қолаверса, хориждан кўплаб меҳмонлар қадам ранжида қилиб туради. Келган меҳмонларга узумларни тепасидан узиб берамиз.

Ток услубидаги узумларни ҳам май ойигача сақлаб келяпмиз. Энг асосийси, ток устидаги узумлар баҳоргача ўз мазасини йўқотмайди. Келган меҳмонлар эса айниқса қиш фаслида узумни тепасидан узиб егиси келади.

Авваллари тажриба етишмаслигидан ота-боболаримиздан қолган эски сақлама усулида узумларни узоқ муддат сақлай олмаётган эдик. Бу усулда сақланган узумларни жуда борса феврал ойигача «ушлаб» турардик. Изланишлар натижасида ҳозирда омбордаги узумларимизни октябр ойида новдасидан қандай ҳолатда узсак, то узум пишадиган июн ойигача худди шундай асл ҳолатидек сақлаб туришга эришдик.

Узум кўчатини тупроққа қандай ўтқазиш, уни қайси пайтда хомток қилиш, қандай парвариш қилиш – буларнинг барчасининг ўз сир-синоатлари бор.

Баъзида куз ойи ҳар доимгидан кўра иссиқ бўлади, ёки совуқ эрта келиши мумкин. Айрим йиллари узумни сентябр ойида узишга тўғри келади. Ҳаттоки куз иссиқ келиб ҳосилни ноябр ойида узган ҳолатлар ҳам бўлган. Об-ҳавонинг қандай келишига қараб узум парвариш қилиниб, узилади.

Иқлим ўзгаргани боис парвариш ҳам ҳар йили ўзгариб туради. Фаолиятимизга иқлим шароити чамбарчас боғлиқ.

4 ўғлим бор. Керак бўлса, 12 яшар невараларим ҳам узум парваришида менга ёрдам бериб келишади. Зарурий ҳолатда оиламизда ишчи кучи етишмаса, ташқаридан ҳам ишчи ёллаймиз. Парвариш кўнгилдагидек бўлса, мана кўриб турганингиздек узум июн ойигача туриши мумкин.

Узумларнинг йилдан йилга ҳосилдорлиги камайиб боряпти. Сабаби – иқлим ўзгариши, турли касалликларнинг кўпайиб кетиши. Ўтган йили негадир узумлар ҳар йилгидан кўра кам ҳосил берди. Ёшлигимизда ноябр ойида ҳам узум барглари ям-яшил бўлиб барқ уриб турарди, бир неча йиллардан буён айни мева ғарқ пишадиган июн ойидаёқ барглари сарғайиб сўлиб боряпти», – дейди биз билан суҳбатда Ҳусанбой Ғофуров.

Аллоҳ берган неъматни қарангки, боғбон Ҳусанбой Ғофуров ўзи эгиз бўлгани учун унинг икки ўғли ҳам эгиз туғилган экан. Оилада Ҳусанбой Ғофуровлар икки нафар экан.

Эгизак ўғилларидан бири Ҳусанбой Ғофуровга қулоқ тутамиз.

«Оилада 4 ўғил ва 1 қизмиз. Акамнинг ўғиллари ва келинлар билан оилавий қўл меҳнати билан узумларни парваришлаб, боғбончилик билан шуғулланиб келмоқдамиз.

Дадамизнинг кўрсатмалари билан узумларни сақлаш сир-синоатларини қунт билан ўргандик. Дадам 50 йилдан буён боғдорчилик билан шуғулланиб келади. Келажакда омборхоналарни яна ҳам кенгайтириш ниятимиз бор.

Хонадонимизни «Олтиариқнинг энг бахтиёр оиласи» десак арзийди. Узумчилик ортидан кам бўлганимиз йўқ. Узумчилик орқасидан 2 та намунавий уй олдик, тагимизда замонавий машина. Доим Аллоҳга шукр айтиб келамиз. Меҳнатимиз ортидан, дадамнинг бизга берган тарбиялари ортидан устимиз бут, қорнимиз тўқ».

Олтиариқлик оддий, заҳматкаш ўзбек хонадон аъзоларининг тиришқоқлиги, ўзаро аҳиллиги, меҳнатсеварлиги таҳсинга лойиқ. Бободеҳқоннинг етиштирган сархил узумлари бугун дастурхонимизга файз улашиб турибди. Айни организмда витамин етишмаган пайтда улар бу бўшлиқни тўлдиряпти.

Эътибор берсак, ҳовлига, токнинг шундоқ ёнгинасига киви дарахти ҳам ўтқазилган экан. Демак, келажакда оила киви дарахти парваришини йўлга қўйишга аҳд қилган.

Сўритокка осиб қўйилган қушлар қишда ҳам тинимсиз сайраб кўнгилни яйратади. Ҳовли саҳнида ўйнаб юрган Ҳусан тоғанинг набираси, гоҳ қафасдаги қушларни сайратар, гоҳ томорқада юрган ғоз ва товуқларга дон берарди. У ҳам улғайиб моҳир боғбон бобосининг узумчилик ишини давом эттирса ажаб эмас…

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
————————————————————————————————————————————————————————————————

«Устоз шогирдни сеҳрлай олиши керак» – юзлаб ўқувчилари талаба бўлган тошлоқлик ўқитувчи билан суҳбат

Халқимизда «устоз отангдек улуғ» деган нақл бор. Ҳар бир шахснинг камол топиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида, оқ-у қорани ажратишида, албатта, устознинг алоҳида ўрни бор. Ўқувчиси ёки шогирдининг ўқиб-ўрганиб, етук шахс бўлиб етишганидан боши осмонга етмаган устознинг ўзи топилмаса керак.

Kun.uz’нинг бу галги қаҳрамони Фарғона вилояти Тошлоқ тумани халқ таълимига қарашли 6-ўрта таълим мактабнинг биология фани ўқитувчиси Камолиддин Розиқов бўлди.

Яқинда вилоятга ташриф буюрган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбирда халқ таълими тизими фидойиларининг бир гуруҳини тақдирлади. ОТМга ўқувчилари ўқишга киришда намунавий натижаларни кўрсатгани учун Камолиддин Розиқов ҳам вазир томонидан «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Вазир Камолиддин Розиқов сабабли мактаб битирувчиларининг аксарияти айнан биологияга боғлиқ тиббиёт ва фармацевтика йўналишларидаги олийгоҳларга киришгани, ўқитувчи шогирдларининг ҳам кўпчилиги айнан биология йўналишини танлашганини алоҳида эътироф этди.

Камолиддин Розиқов 1983 йилда Тошлоқ туманининг Кўмирчилик қишлоғида туғилган. 1999 йил шу мактабнинг 9-синфини тамомлаб, Фарғона давлат университети қошидаги 11-сонли лицей-интернатда ўқишни давом эттирган.

Лицей-интернатдан сўнг у Фарғона давлат университетига ўқишга кирган. 2005 йил олийгоҳни тамомлаб, ҳозирги кунга қадар биология фанидан ёшларни олий таълим муассасаларига тайёрлаб келяпти.

Қаҳрамонимиз билан суҳбат ёш авлодни тарбиялаш, уларни фанга йўналтириб, жамиятга керакли етук кадрлар қилиб етиштириш йўлидаги машаққатли жиҳатлар ҳақида бўлди.

«Айнан ўқитувчилик касбини танлашимга сабаб, мактабда ўқиб юрган пайтларимда, 7-синфлигимизда мактабимизга Камолиддин Ғаниев деган янги ўқитувчи келган. У ФарДУда олим, фан номзоди, доцент эди. У инсон бир марта дарс бергандаёқ келажакда мен ҳам шу инсонга ўхшаб ўқитувчи бўламан, деб ният қилганман.

Камолиддин Ғаниев бир муддат бизга таҳсил бериб, яна университетга ишга ўтиб кетди. Кейин мен у инсоннинг орқасидан бориб, мени шогирдликка олишини сўрадим. Устознинг розилиги билан шогирд тушдим. Биология фанига қизиқишим шундан бошланган.

Университетда ташкил қилинган лицей-интернатда ўқишни давом эттирдим. У ерда яхши билим олиб, ФарДУнинг ҳарбий таълим факультетига ўқишга кирганман. Ўқишга киргунга қадар биология фанига шу қадар қизиқиб кетганманки, ўзим билмаган ҳолатда фанни мукаммал ўрганганман.

1-курсдан бошлаб абитуриентлар учун репетиторлик ташкил қилдим. Ўқишдан ажралмаган ҳолатда жиянларимни биологиядан тайёрлашни бошладим. Бу орада бир абитуриентни ўқишга тайёрладим. У талабаликка қабул қилингандан кейин менда бу соҳага нисбатан иштиёқ пайдо бўлди. «Демак, мен шу соҳани танлаб, ўқитувчилик қилсам бўлар экан», деган хулоса пайдо бўлганди ўшанда. Кейинги йил ўз-ўзидан ўқувчиларим сони кўпайиб кетди.

Ўқишни тамомлаб, халқ таълими бошқармасига ишга кирдим. У ерда бир йил фаолият юритиб, биология фанидан қайта тайёрловни тугатдим. Менда шундай мақсад бўлди: Ўзимнинг шахсий мактабимни ташкил қилиб, у ерда ўзим хоҳлагандек етук мутахассисларни чиқараман. Бу ғоя ортидан хусусий мактабимга ҳам эга бўлдим. Киндик қоним тўкилган ҳудудда, ўзим вояга етган маҳаллада хусусий мактаб тамал тошини қўйдик.

Аллоҳга шукр, шу соҳа ортидан кам бўлмадик. Вилоятимиз, қолаверса, бутун водий ва пойтахтда шогирдларим бор. Улар орасида соҳани мукаммал ўрганиб, хусусий клиника очганлар ҳам бўлди. Касбим ўзимга жуда ёқади. Бу касбга ўзгача меҳр берганман.

Ҳозирги кунда ёшларни ўқитиш жараёнида шу нарсага гувоҳ бўляпманки, кўпчилик ёшлар билан ишлаш оғирлигини айтади. Мен бу фикрга кўп ҳам қўшилмайман. Сабаби, устоз ёшлар билан дўст тутиниши керак. Жоиз бўлса, ўқувчи устозини ўз яқин қариндоши сингари ўзига яқин олиши керак, деб ҳисоблайман. Оддий қилиб айтадиган бўлсам, устоз шогирдни сеҳрлай ола билиши керак. Ўшанда ўқувчи устознинг йўлидан юради. Табиатан оғир характерли ўқувчини ҳам тўғри йўлга солса бўлади. Фақат бунга тажриба керак бўлади, албатта.

Ҳар йили олий ўқув юртига кираётган шогирдларим сафи кўпаймоқда. Ўтган йили 350 нафар ўқувчим олий ўқув юртига талабаликка қабул қилинди. Ундан аввалги йили эса 300 нафар ўқувчим талаба бўлганди. Буларнинг барчаси меҳнатим маҳсули, деб биламан.

Кун тартибим шундан иборатки, эрталаб 6-мактабга келиб, ўз дарсимни ўтаман. Ундан кейин қўшимча тўгаракларимиз хусусий мактабда бўлади.

Янги ташкил қилинган мактабда фақат чуқурлаштирилган фанлар эмас, имкон даражасида бошқа фанларни ҳам кенг кўламда ўргатмоқчиман. Биология, химия, она тили, тарих фанларини ўзбек тилида эмас, балки чет тилида ҳам ўқитишни мақсад қилганман. Келажакда ёшларимизни асосий 5та фандан эмас, бошқа фанлардан ҳам яхши билимга эга қилиб чиқармоқчимиз.

Давлатимиз хусусий мактабларни ривожлантиришга кенг имконият яратиб берди. Кучим етганича бу мактабни ўзим қуряпман. Секин-асталик билан ҳаммаси бўляпти, Яратганга шукр.

Мақсадим — 3 нафар ўғлимни дунё тан оладиган етук кадрлар қилиб тарбиялаш. Ота-онам биз учун доим қўллари дуода. Турмуш ўртоғим ҳам ўқитувчи.

Узоқ йиллардан буён қилган машаққатли меҳнатим самарасини бугун кўрдим. Мени таълим соҳасидаги юксак мукофот — «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонига сазовор кўришди.

Менга билдирилган ишончни оқлашга ваъда бераман. Ёш авлодни ўқитиб, тарбиялаб, илм-фан чўққиларини забт этиш, Ўзбекистонни дунё тан оладиган даражага кўтариш зиммамда турган энг олий мақсадимдир», — дейди суҳбат давомида Камолиддин Розиқов.

Ўқитувчининг келажакдаги режалари жуда кўп. Аллақачон бутун вилоятда машҳурликка эришган устоз шижоати, фанни ўқувчиларга етказиш маҳорати таҳсинга лойиқ. Устоз билан суҳбатимиз якунига етиб хайрлашар эканмиз, унинг машаққатли ва ўз ўрнида шарафли бўлган иш фаолиятига муваффақиятлар тиладик.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири


Ёзёвонда 16 яшар бола Катта Фарғона каналига тушиб, қайтиб чиқмади. Қидирув жараёнидан репортаж

Қидирув ишлари 2 ҳафтадан буён давом этмоқда. Бола номаълум сабабга кўра қиш бўлишига қарамай совуқ сувга тушган. Айни шу куни унинг Россияда муҳожирликда бўлган отаси уйга қайтиб, фожиадан хабар топган.

Фарғоналик Абдуҳошим Эргашев рўзғор тебратиш, ишлаб пул топиш илинжида икки йил аввал Россияга кетган эди. Пандемия шароитида, қийинчиликлар билан меҳнат қилиб қайтган ота уйга кириб келган кун ўғли сувга тушиб, изсиз йўқолди.

Ота остона ҳатлашидан бир неча соат аввал 16 яшар бола Катта Фарғона каналига тушиб, қайтиб чиқмади.

22 декабр куни соат 19:00ларда Ёзёвон тумани ИИБ навбатчилик қисмига берилган хабарга кўра, 2004 йилда туғилган А.А. Катта Фарғона магистрал каналининг Тараққиёт маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида ўзини ташлаб, оқиб кетган ва сувдан қайтиб чиқмаган.

Болани қидириш шундан буён ҳозир ҳам давом этмоқда. «Тараққиёт» МФЙга кираверишда маҳалла аҳли чайлалар қуриб олишган. Маҳалладошлар бола сувдан бехос чиқиб қолишини пойлаб, чайла атрофида гулхан ёқиб исиниб ўтиришибди.

Ўзини боланинг қариндоши деб таништирган Абдуваҳоб Абдулазизов биз билан суҳбатда масъуллар сув сатҳини пасайтириб беришгани, ғаввослар ҳам жасаднинг топилишида қўлидан келганича ҳаракат қилишаётгани, бола дўстлари билан гаров ўйнаб сувга тушгани ва ундан қайтиб чиқмагани, энг ачинарлиси эса ўша куни 2 йил деганда Россиядан қайтган дадаси Абдуҳошим ака ўғлининг дийдорига тўя олмай бўзлаб қолгани ҳақида сўзлаб берди.

Маҳалла фаоли Ҳусанбой Қўчқоров ҳам Бўтқачи қишлоғи аҳли жабрдийда оилага мадад бўлаётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Интернетда кезиб юрган лавҳани кўриб, очиғи ўзимни тўхтата олмадим. Кейин билсам, ҳамқишлоғимиз бошига мусибат тушган экан. Ота ўғлини сув остидан қидириб топа олмай адойи тамом бўлди», – дейди Ҳусанбой ака.

Йўлда давом этарканмиз, бола чўккан жойгача бўлган оралиқда яна шундай 3 та чайла тикилганига гувоҳ бўлдик. Канал ёқалаб анча одам йиғилган, кимдир ўтин ёрган, кимдир қайиқда сузиб юрган қутқарувчиларни арқонда тортган, яна кимлардир эса кийимини алиштириб қайиққа чиққан.

Асосий қутқарувчилар енг шимариб ишлаётган жойда Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчибой Бойигитов, туман прокурори Илҳом Хўжаев, туман ИИБ бошлиғи Ҳожиакбар Тошматовни учратдик.

Бевосита отанинг ўзи билан ҳам суҳбатда бўлдик.

«Қўлларидан келганича ёрдам беришяпти, раҳмат. Лекин барибир сув кўп. ФВБ ходимлари сув кўплигидан қийналишяпти. Масъулларга мурожаат қилганимиз ортидан сув камида 2 метрга пасайтирилиб, ёрдам қилишди. Лекин барибир сувнинг ҳозирги чуқурлиги ҳам кўплик қиляпти.

Ўзбекистонга келиб тушиб, уйга «мен келдим» деб қўнғироқ қилсам, машъум хабарни етказишди. Тақдир экан. Бу хабарни эшитиб, карахт бўлдим. Ҳеч бир отанинг бошига тушмасин экан.

Самолётимиз Ўш шаҳрига қўнган эди. Қирғизистондан чиқиб, Ўзбекистонга ўтиб, уйга такси гаплашиб, таксичи телефонидан уйга қўнғироқ қилгандим…

Ҳокимиятдан ҳеч нарса сўрамайман, фақат менга сувни пасайтириб беришсин. Ўғлимнинг жасадини бир марта бўлса ҳам бағримга босай, амалларини қилиб тупроққа қўяй. Яратгандан биргина ўтинчим шу.

Сув пастлаган ҳолатда туриши учун менга бир ярим кун муҳлат беришяпти. Агар шу фурсат оралиғида ўғлим топилмаса, мен бошимни қайга ураман?» – дея сўзларини охирига етказа олмади Абдуҳошим Эргашев.

Ҳамюртимизга сабр тилаб, масъулларга қулоқ тутдик.

«ФВБга 22 декабр куни фуқаро каналга тушиб кетгани ҳақида хабар келди. 23 декабрдан бошлаб ҳудуддан ўтган Катта Фарғона каналидан қидирув-қутқарув ишлари амалга ошириб келинмоқда. ФВБ минтақавий қутқарув отрядидан ғаввослар жалб этилган. Ҳамкор ташкилотлар шу ерда. Ғаввослар қиш пайтида ҳам алмашиб астойдил ҳаракат қилмоқда», – деди вилоят ФВБ матбуот хизмати раҳбари, лейтенант Аҳлиддин Алижонов.

Қутқарув ишларида қатнашаётган ғаввослар сув ичида 1 соатдан кўпроқ вақт бўлиб, навбат алмашиб, чиқиб оловда исинишмоқда. Қутқарув отряди ғаввоси Зафарбек Каттабеков сув тубидаги чиқинди ва хашаклар ишлашга халал бераётгани, 13 кундан буён тинимсиз ҳаракат қилаётганликлари, сув сатҳи пасайтирилгани ишлашга қулай бўлаётганини таъкидлади.

Бола қишнинг совуқ кунида сувга тушишига асл сабаб нима бўлгани бизга қоронғи. Биз ҳам у тезроқ топилиши, отанинг, яқинларининг кўнгли бироз бўлса-да таскин топишини тилаб қоламиз.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири


Ақтўбе фожиасига 3 йил. Қурбонлар ёди ва оилаларнинг кейинги тақдири

Бундан роппа-роса 3 йил муқаддам – 2018 йилнинг 18 январь куни ўзбекистонликларни олиб Россияга кетаётган автобус Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида ёниб кетган эди. Фожиа оқибатида автобус салонида бўлган 57 кишидан 52 нафари ҳалок бўлди.

Қурбонларнинг 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона, 2 нафари Андижон, 1 нафари Сурхондарё вилояти, 2 нафари Тошкент шаҳрида яшашган.

Уларнинг энг кичиги 18, энг каттаси 50 ёшда эди. Тириклайин ёниб кетгани айтилган Ақтўбе қурбонлари орасида 47 ёшдаги ота ва унинг 20 яшар ўғли, 31 ва 26, 23 ва 21 ёшдаги ака-укалар, амаки-жиянлар ҳам бўлган.

Чимкент–Самара трассасида содир бўлган фожиа иштирокчилари Ўзбекистондан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олган бўлиб, кимдир уйланиш, кимдир уй қуриш, машина олиш учун пул топишни ният қилишган эди.

Уларнинг орасида 23 ва 37 ёшдаги икки тошкентлик йигит ҳам бўлиб, бири Россияда қолиб кетган отасини қайтариш учун, иккинчиси эса уй-жойини тиклаш мақсадида сафарга отланганди.

Санобар Умаржонова (Муҳиддинжон Умаржоновнинг онаси):

– Ўғлим 24 ёшда эди. Касби ошпаз эди. Кунига 25 минг сўмга ишларди. Фожиадан кейин: «Хорижда нима бор эди, шу ерда ишлашса бўлмасмиди», деб ҳамма гапирди. Лекин ўғлим Россияга ишлашга кетмаганди.

Гап шундаки, хўжайиним ишлашга Уфа шаҳрига кетиб, қайтиб келмаган. Шу ёқда бошқа турмуш қурган. Қиз фарзандли бўлган. Мен бу ёқда икки ўғил билан қолиб кетдим. Рўй берган ишлар соғлиғимга қаттиқ таъсир қилди, ётиб қолдим.

Аммо оиламдаги гапни кўчага олиб чиққан аёл эмасман. Ҳатто жигарларим, уйимдагиларга айтмаганман эрим бошқага уйланиб олганини. Фарзандларимга-ку умуман билдирмаганман. Ўшандан кейин беш йил гаплашмай кетган бўлсак-да, ҳар замонда қўнғироқ қилиб қолганида ҳеч нарса бўлмагандай сўрашиб, «Дадангиз сизларни сўраяпти» деб телефонни болаларимга бериб қўярдим. Оиламизда отанинг шаъни, ўрнига ҳеч қачон доғ туширмаганман.

Эрим Россиядан 100, 50, гоҳида 30 доллар юбориб турарди. Бироқ бу икки ўғилни едириб-ичириш, менинг дори-дармонларимга етмасди. Шу сабабли каттам кун бўйи, кичкинам дарсдан кейин ишларди. Бу ерда топиш-тутиш камлигидан ўғлим устози билан қўшилиб Қозоғистонга ишлашга кетди. Ўша ерда яхши ишлаб келди. Иккинчи сафар кетганида Россиядаги ўртоқлари отасининг уйланганини айтиб қўйишибди.

Эрим Россияга кетишидан олдин бир хонали уйимизни сотиб, тўрт хонали уйга кўчиб ўтгандик. Хўжайиним уйнинг пулини берганини айтганди. Кейин билсак, у уй шунчаки эримнинг номига олинган, аслида бировнинг уйи экан. Уйимизнинг пулини ўзи билан олиб кетган экан. Уй эгаси 2017 йилнинг декабрида – янги йил арафаси қўнғироқ қилиб, 8 йил яшадинглар, ё уйни бўшатинглар, ё пулини беринглар деб айтганда мазам бўлмай қолди. Йиғлаб ўтирганимда ўғлим Қозоғистондан телефон қилиб қолганди, алам устида бу гапни айтиб қўйибман-да.

Отасининг уйлангани бир зарба, уйсиз қолишимиз хавфи боламга яна бир зарба бўлган-да, энди кўчада қоламизми деб ўйлаб, нима қиларини билмай қолган кап-катта йигит. Шу бўлди-ю шошилинчда Қозоғистондан қайтиб келиб, Россияга қараб йўлга отланди. Мен бу вақтда ўртоқлари отасининг уйланганини айтиб қўйганидан бехабар бўлганман. Орадан анча вақт ўтиб, ўғлимнинг рақамини тиклатиб, телефонидаги хабарларни ўқиганимдан кейин билдим буларни. Менга ишлашга кетяпман, келиб сизни даволатаман, деганди.

Мен кетишига қаршилик қилдим, аммо у оёқ тираб туриб олди. Кейин билсам, отасини Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш ниятида Россияга қараб отланган экан. Самолётга чипта олиб, аэропортдан отасига телефон қилган. Бироқ отаси боламнинг келишини хоҳламасдан, уни Россияга бориш фикридан қайтариш учун: «Оғир касал бўлиб ётиб қолдим, ҳолим хароб, бу ерга келма, ҳужжат қилиш қийин, менинг аҳволим бу, сен келсанг баттар қийналамиз», деб айтган.

Болам бечора отасини яхши кўрарди, дадам чиндан қийналиб қолибди, ҳеч ким қарамай қўйибди деб ўйлаб, шартта бир неча кундан кейинга олинган авиачиптасини қайтариб топшириб, автобусга чипта олибди. Автобусга чиқаётганиниям менга сўнгги дамларда айтди. Кейин йўлда мана шу воқеа содир бўлди.

Ўғлим ўтирган автобус ёниб кетганини унинг устозларидан эшитдим. У кунларни эслагим келмайди.

Гулнора Турсунова (Хуршидхон Турсуновнинг онаси):

– Ўғлим ҳаммага бирдай меҳрибон, уйим-жойим дейдиган бола эди. Боқувчимиз эди. Қўлидан келганча ҳаммага ёрдам қиларди. Бировнинг дилини оғритмаган.

Назарбекда ҳовлимиз бор эди. Ҳаммамиз ўша ерда яшардик ўғилларим билан. Каттам шу ҳовлимизни сотиб, пулини тижоратга сармоя қилиб киритди. Бошида ҳаракатлари яхши самара берди, аммо кейин иши орқага кетиб, бор-будимиздан айрилиб қолдик. Мана шу хатомни тўғрилайман, уй-жой қиламан деб сафарга кетганди.

Боламни кўп уришардим. Лекин четга ишлашга кетишига қарши бўлганман. Мана уч йил бўлди, ном-нишонсиз. Қайтиб келсин, болаларига бош бўлсин деб худодан ҳар куни сўрайман. Икки нафар фарзанди бор боламнинг.

Фожиадан сўнг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳокимликларидан масъуллар бизни йўқлаб келишди, аҳволимиздан хабар топишди. Менинг пропискам ота уйимда қолгани учун Учтепа ҳокимлиги 5 йил муддатга вақтинча бошпана беришди. Ҳозир бизга ижарага берилган икки хонали уйда ўғилларим билан бирга яшаб келяпмиз. Шароитимиз оғир бўлгани, яшашга жой камлиги учун келиним айни пайтда болалари билан отасиникида яшамоқда.

Хуршидхондан кейинги ўғилларим 34 ва 32 ёшда. Оилавий аҳволимиз бунақалигидан ҳали оила қуришолгани йўқ. 2018 йилнинг 23 январь куни уйимизга шаҳар ҳокими келганлар, боламнинг тобутини олиб келишганда иккала ўғлингизга ҳам уй ажратамиз, қонун бўйича сизлар давлатдан уй олишга ҳақлисизлар деб ваъдалар беришганди. Бироқ бу гаплар гаплигича қолиб кетди. 9 ой Тошкент вилояти ҳокимлиги, 3 ой Тошкент шаҳар ҳокимлиги сарсон қилгани қолди. Натижа бўлмади. Ҳозир ҳеч ким ҳолимиз билан қизиқаётгани ҳам йўқ.

Ҳозир кўзим яхши кўрмайди. Дўхтирлар операция қилиш керак деган. Ҳозирча сал-пал кўриб турибман, худога шукур қиламан. Операцияга имконим ҳам йўқ. Пенсия ҳалигидай, шу ҳолимда давлат ишида ишлайман. Аммо топганимиз рўзғор, коммунал тўловлардан ортмайди.

Ўғилларим ҳам, биз ҳам Хуршидхоннинг ўлганига ишонмаймиз. Қачондир уйга кириб келади деб кутамиз. Бошқача эди тўнғичим…

***

Сурхондарёлик Рамиль Турғунбоев 28 ёшида Ақтўбе фожиаси қурбони бўлди. Унинг ортидан онаси ва опаси, Рамиль билан атиги 8 ой ҳаёт кечирган беваси бўзлаб қолди. Отасининг вафотидан сўнг туғилган қизалоқ ҳозир икки ярим ёшда.

Евгения Савчук (Рамиль Турғунбоевнинг онаси):

– Икки фарзандим бор, бир ўғил, бир қиз. Аслида фарзандларим Молдовада туғилишган. Ўғлим бир ёшга тўлганда Сурхондарёга кўчиб келганмиз.

Қизимни узатганман, ҳозир Деновда яшашади. Ўғлимни 2017 йилда уйлантиргандим. Келиним билан атиги 8 ой яшашди. Кейин эса: «Ая, Россияга бориб келиб ишлаб топган пулимга машина оламан», деди. Мен: «Турмушимиз яхши, рўзғоримизда камчилигимиз йўқ, борма, қўй», деб айтдим. Аёли ҳам кетманг деб қанча айтди. Лекин машина олгач, кейин шу ерда ишлайман, Россияга бошқа бормайман дегандан кейин ноилож рози бўлгандик.

Чунки олдин икки йил бориб ишлаб келганди. Кейин келиб уйланганди. Бундай воқеалар бўлиши тушимизга ҳам кирмаганди. Рамил кетаётганда аёли олти ойлик ҳомиладор эди. Кейин қизи туғилди. Давлат томонидан аввал 3 млн, кейин 6 млн сўм ёрдам пули берилди. Маҳалла-кўй маърака-маросимларимизга қарашишди. Ҳеч ким қараб тургани йўқ.

Рамил Турғунбоевнинг беваси Навбаҳор Турғунова қизи Мубина билан

Ўғлим жуда меҳрибон, ақлли бола эди. Ишонганим шу эди. «Аяжон, мен ўзим сизни боқаман, ўзим қарайман дерди», дерди. Афсус, умри қисқа экан. Тақдир экан, бўлмади. Худога шукур, ундан зурриёд қолган. Шуларнинг борига шукур.

***

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшаган икки дўст ҳам Ақтўбе фожиаси қурбонлари рўйхатида. Исмлари ҳам бир хил бўлган бу бўз йигитлар эндигина 19 ва 20 ёшни қаршилашганди. Бироқ оиласидагилар уларнинг ўлганига ишонишмайди. Ҳалигача умид билан кутишади.

Қизлархон Ҳожибоева (Исломжон Каримжоновнинг онаси):

– Фарзандим ўртоғи Исломбек билан яхши ниятларда Россияга ишлашга кетишганди. Уч-тўрт йил ишлаб келаман, қайтганимдан кейин уйни ўнглаймиз деганди. Ҳокисор, содда болалар эди иккаласиям.

Бир нафас ҳам тўхтамасдан худодан шуларнинг кириб келишини кутяпмиз. Уч йил бўлди, мана, Аллоҳ ноумид қилмасин. Онанинг кўнгли сезади: болам тирик. Аниқ биламан. Худо хоҳласа, қайтади…

Исломжон энг катта фарзандимиз эди. Ундан кейин қизим ва ўғлим бор. Эндигина 20 ёшни тўлдириб, 21га ўтганди. Катта бўлиб, энди ёнимизга кириб қолганди.

Ўткирбек Ҳожибоев (Исломжон Каримжоновнинг отаси):

– Охирги марта ўғлим билан амакиси гаплашган. Чегарадан ўтиб кетяпмиз деган. Шундан бери дом-дараксиз, нима воқеа бўлган, билмаймиз.

Уйда телевизор кўриб ўтирсам, Самарага кетаётган автобус ёниб кетгани ҳақида хабар бериб қолишди. Шу лавҳани кўрган заҳотим қўшнимникига югурдим, уйида интернети бор эди-да унинг. Интернетга кириб кўрсак, айнан ўғлим кетган автобус ёниб кетган бўлиб чиқди. Тошкентларга телефон қилдик, ўша автобусда бўлган дейишди.

Ўзи у «Газел»да кетиши керак эди. Нимадир бўлиб эски, суғуртаси йўқ автобусга чиқарворишган уларни. Кейин йўлда шу воқеа бўлганини эшитдик.

Ўша пайтлари ўзим Россиядан келганимга кўп вақт бўлмаганди. Ҳали ўғлимнинг дийдорига тўйиб улгурмагандим. У Тошкентда бўларди, мен гоҳ Россияда, гоҳ бошқа жойда ётиб ишлаб қолардим. Уйда бир вақтда кам бўлардик.

Иродахон Адапова (Исломбек Норбоевнинг онаси):

– Биз у ерда ҳолатни, болам қандай ҳолатда нима бўлганини кўрганимиз йўқ. Нима бўлганини ҳеч ким билмайди, уни ёлғиз Аллоҳ билади. Россияга бориб, ишлаб пул топиб, дадамни даволатаман, паспортини олиб бераман деб кетганди. Хўжайиним Қирғизистон фуқароси эди, шу сабаб доим кирди-чиқдидан қийналардик. Қолаверса, хўжайиним оғир касал эди, даволатишга пул керак эди.

Шароитимиз қийинлиги учун ҳам болам ота-онамнинг ишончини оқлай, дуосини олай, укаларимга ёрдам берай деб сафарга кетаётганди. Шундай фожиа бўлди. Бундай ҳол бўлади деб хаёлимга ҳам келгани йўқ. То боламнинг тобутини олиб келгунча унинг ўлганига ишонганим йўқ. Ҳозир ҳам тасаввур қилолмайман, боламнинг мурдасини кўрганим йўқ, буни энди Аллоҳ билади. Фарзанднинг доғи жуда қийин, ота-она ўзидан ўтганини ўзи билади.

Исломбек Норбоев (чапда) дўсти Исломбек Каримжонов билан

Фарзандим 8 ёшидан бери ҳам мактабга бориб, ҳам устага шогирд тушиб ишларди. Чунки оиламизда мен ёлғиз ўзим ишлардим. Хўжайиним диск чурраси билан оғригани учун ишлолмасди. Муолажалардан кейин ҳозир анча аҳволлари яхши, аммо ҳалиям қўлларида кучли қалтироқ бор. Фарзандим бизнинг қийналганимизни кўриб-билиб, ота-онамга ёрдам бераман деб ишлашга кетганди.

***

Президент Шавкат Мирзиёев Ақтўбе фожеасига Ўзбекистонда керакли иш жойлари яратилмагани сабаб бўлганини таъкидлаб: «Халқимизнинг олдида ҳали қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб иш қидириб юришибди», деган эди.

52 нафар ўзбек ўғлонлари ҳам ватанда иш топа олмаганидан, орзуларини амалга ошириш имконияти йўқлигидан, ўғил уйлаш, қиз чиқариш учун маблағ топиш ниятида изғиринга қарамай йўлга чиқишганди. Афсуски, уларнинг ортидан тобутлари қайтди.

Орадан уч йил ўтиб, фожиа қурбонлари оилалари ҳолидан хабар оларканмиз, уларнинг ҳаётида жиддий ўзгаришлар бўлмагани, аксарият оилалар ҳамон ишсизликдан қийналишаётгани, гарчи йўқотишлар жароҳати ҳали битмаган бўлса-да, оиланинг навбатдаги фарзандлари иложсизликдан бахтини рус тупроғидан қидиришга мажбур бўлаётганига гувоҳ бўлдик.

Чимкентдан Қозонга кетаётган автобус 2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида ёниб кетган эди

Ақтўбе фожиаси қурбонларининг Наманган вилояти Косонсой ва Тўрақўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи оила аъзоларининг бугунги куни, туриш-турмуши ҳақида навбатдаги мақоламизда ҳикоя қиламиз. Бу ҳақда батафсил юқоридаги видеолавҳада томоша қилишингиз мумкин.

Kun.uz мухбирлари:
Жамшид Ниёзов
Гулмира Тошниёзова
Сарвар Зияев
Тоҳиржон Турсунов
Юлдуз Йўлдошева
Абдували Қурбонов
Шерзод Содиқов
Аброр Қурбонмуродов

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!