Бухорода медиа-тур ташкил қилинди

2021-04-22T10:51:57+05:0022 Aprel, 2021|Бухоро вил.|

Халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг самараси натижасида Бухоро вилоятида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Олис туманлардаги ўқувчиларни ҳам қизиқиш ва қобилиятларини юзага чиқариш, касб-ҳунар танлашларига кўмаклашишга алоҳида аҳамият қаратилган.

Яқинда оммавий ахборот воситалари вакилларини узоқ туманлардаги мактабларда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида олиб борилаётган самарали ишлар билан таништириш ва шу орқали кенг жамоатчиликка тизимдаги ўзгаришларни етказиш мақсадида Ғиждувон туманидаги 60-умумтаълим мактабида пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда умумтаълим мактабларининг амалиётчи психологлари, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари масъул мутахассислари иштирок этдилар.

Пресс-тур аввалида мактаб ўқувчилари томонидан “Ўз қўлимиз билан мўъжиза яратамиз!” шиори остида кўргазмалар намойиши бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар “Устоз-шогирд” анъаналари асосида эгаллаган билим ва кўникмалари асосида ўзлари яратган ҳунармандчилик намуналарини иштирокчилар эътиборига ҳавола этишди.

Шундан сўнг Буюк Британиялик тадбиркор аёл, бадиий дизайнер, рассом, бош ижрочи директор, бош мураббий Гули Хоним Шайх битирувчилар учун маҳорат дарсини ўтиб берди. Бунда бизнесни қандай қилиб бошлаш ва ривожлантиришнинг ўзига хос томонларига эътибор қаратди. Ушбу маҳорат дарси тадбиркорликка иштиёқманд, келажакда ўз бизнесини йўлга қўйиш орзусида бўлган йигит-қизларни руҳлантириб, уларнинг ўзига бўлган ишончини янада кучайтирди.

Бухоро вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази катта ўқитувчиси, тажрибали психолог Темур Олимов томонидан олиб борилган тренинг-машғулотларида эса амалиётчи психологларга ўқувчининг қизиқиш ва қобилиятларини аниқлаш, шу асосда уларни касб-ҳунар танлашга тўғри йўналтириш борасида муҳим тавсиялар берилди.

ЎзЖИУ Бухоро вилояти бўлими