«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-21T10:52:38+05:0021 Aprel, 2021|Матбуот|

Феруза  ОРИПОВАнинг ижодий ишлари

 

Маънавият сабоқлари

МАСЪУЛИЯТНИ БИЛГАН АДАШМАЙДИ

Дугонам Назира яна янги иш қидираётганлиги ҳақида айтиб ёрдам сўради.

  • яхшигина ишинг бор эди-ку, нега кетдинг, – деган саволимга раҳбар билан келиша олмай қолдим, деб жавоб берди.
  • ҳозир яхши иш топишни ўзи амри маҳол бўлган бир пайтда келишолмай қолишинг нимаси,
  • тортишганим йўқ, хуллас иш топишга ёрдамлашасанми?
  • ҳамма ишхоналарда қисқартириш кетаётган бир пайтда ишдан кетиш ахмоқлик-ку?
  • келиб-келиб сендан нажот сўрадим-ми, майли бош қотирмай қўя қол, ўзим амалларман.
  • қандай амаллайсан, сени шу дангасалигинг, уйқучилигинг борми бошқа жойда ҳам қўним топмайсан. Шу нечанчи иш жойидан кетишинг, ҳаттоки синов муддатини ҳам масъулият билан ўтамайсан. Ёш бола эмассан-ку, бахтингга эринг топармон-тутармон йигит, агар бошқаларга ўхшаб рўзғор юкини ўзинг кўтарганингда борми?
  • бўлди сени гапдонинг очилмасинда, қайданам сенга айтдим. Бир икки ёрдам берган киши бўлиб қахрамонлик қиляпсанми?
  • эй нодон, ёшинг ўттиздан ошди ҳадемай совчи кузатасан, бинойидек уй-жойинг, тинчгина оиланг бор. Аммо сенга уйқу бўлса бас, онанг уйқуга бошқоронғу бўлганми, бутун баракангни ҳам ўзинг масъулиятсизлигинг сабаб ўчирасан.
  • хўп, хайр мен кетдим. Сени дўстим дейману, кесатиқ гапларинг билан жонимни ўйиб оласан, бошқача бўлолмасам нима қилай?
  • ҳушёрроқ бўл, яхшиям дўстингман, ҳақиқат шунақа аччиқ бўлади, сенга бўлса тўғри гап ёқмайди.

Хуллас, дугонам билан тортиша-тортиша яна аразлашиб қолдик. Биз Назира билан болаликдан дўстмиз. Яхши-ёмон кунларда доим биргамиз. У оилада ёлғиз қиз бўлганлиги сабаб аввалига онаси кейин келинойилари уни қўлини совуқ сувга урдирмаган. Уйқуни яхши кўриши ҳам шундан, оилада унга юмуш йўқ, ҳамма унинг кўнглига қарайди, эркатойлиги турмушга чиқиб ҳам қолмади. Сабаби у ўз аммасига келин бўлди. Болалигида юқтирган масъулиятсизлиги уни бутун ҳаёти давомида таъқиб этиб келмоқда. У айнан мана шу масъулиятсизлиги сабаб энг яқин инсонларини туғилган кун ва тўйларида иштирок эта олмади. Фарзандларини биринчи қўнғироқ ва битирув оқшомига етиб бора олмади. Неча бор синфдошлар, дугоналар учрашувида иштирок этмади. Унга нисбатан доим, у ваъдабоз, унга ишониб бўлмайди яна панд беради деб ишончсизлик билдиришади. У эса буни тан олгиси келмайди. Мен эса унга масъулиятли одамлар – меҳнат лавозимларида муваффақиятга эришган одамлар шуни унутма. Ишга вақтида кел, вақтида кет, масуълиятни ҳис қил, ҳурмат қозонишнинг биринчи шарти ҳам шу. Унутма бурч ва масъулиятни билмайдиганлар билан ишлашни ҳеч ким ёқтирмайди. Чунки ишга вақтида келмайдиган одамнинг шахсий ҳаётида ҳаммаси жойида эканлигига эҳтимол жуда кам, дейман.

Тўғрида, агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсак, бизда албатта масъулият ҳисси бўлиши керак. Масъулиятлилик – ютуқнинг гарови. Бизга топширилган ишнинг охиригача масъулиятли бўлиш, масъулиятни ҳис этиш бажарган ишларимизда бизнинг режалилигимизни белгилаб беради.

Масъулият реал ўлчовда бизга сақлаш учун берилган буюмга ўхшайди. Бу ишга бўлган масъулият, фарзандлик масъулияти, ота-оналик масъулияти, оила масъулияти ва ватанга садоқатлилик масъулияти ва бу ҳаттоки сир ҳам бўлиши мумкин. Демак, бу бизга топширилган буюмнинг бутун сақланишига масъул эканлигимиздадир.

Агар бизда ишга бўлган масъулият юқори бўлмаса энг аввало ўзимизни ҳароб қиламиз. Минг ноёб ходим бўлсак ҳам ҳадеб ишга кечикиб келаверсак, бизга берилган вазифани ўз вақтида бажармасак биз учун беҳуда вақт сарфланаётганлиги маълум бўлади ва алал-оқибат биздан воз кечишга тўғри келади. Ва ёки аксинча атрофга назар ташласак айнан масъулиятли кишилар ҳаётда кўп ютуқларга эришадилар. Чунки улар ўқиб ўрганишдан, изланишдан сира чарчамайдилар. Мувоффақиятнинг гарови меҳнат эканлиги, ютуқларга эришиш учун изланиш даркор эканлигини ва изланишлари самарасиз кетмаслигини яхши биладилар. Мисол учун юртимизда истеъдодлар учун жорий қилинган мукофотлар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари ва мусиқа танловлари ғолиблари бу юксак даражага бежиз эришмаган. Улар тинимсиз меҳнат қилишлари ва изланишлари натижасида эришганлар.

Куни кеча ишга келаётиб бир воқеани гувоҳи бўлдим. Автобусда бир аёл қизи билан ёнма-ён ўтириб келарди, афтидан қизи абитируент ўқиши масаласида кетишаётганди. Уларнинг суҳбатидан шунга гувоҳ бўлдим. Кейинги бекатларда ёши улуғ инсонлар чиқишди, аммо ўша аёл  қизига – жим ўтир, жой берма бироздан кейин автобус тиқин бўлиб кетади биз узоққа борамиз – деди. Уларнинг ёнида турганлигим сабабли онанинг бу фикридан таажжубга тушдим. Наҳотки соғлом, ёш, кўркам қизини онанинг ўзи худбинликка ўргатса. Наҳотки онада катталарга ҳурмат ҳисси бўлмаса. Наҳотки она шу арзимас бўлиб турган ҳолатга эрта бир кун ўзи ҳам тушиши мумкинлиги ҳақида ўйламаса. Қани онадаги одамийлик масъулияти. Энди автобусга бир ҳомиладор аёл чиқди. Барча ўриндиқларда ёши катта ва болали аёллар ўтиргани сабабли бошқа жой йўқ эди. Яхши бир ёши катта аёл ўша қизга юзланиб, инсофинг борми, анчадан буён кузатиб келяпман онанг тенги ёши улуғ одамларга жой бермадинг, энди оёғида аранг турган шу ҳомиладор аёлга ҳам безрайиб ўтирибсан. Аҳир хадемай ўзинг ҳам шу ахволга тушасан-ку, дея жаҳл қилди.

Шу он қиз бироз каловланиб қолди ва келинга жой берди. Она бўлса бир оғиз сўз айтмай жим ўтирарди. Наҳотки масъулият деганда биз ўша оддийгина ўзгаларга жой бериш, катталарни ҳурматини жойига қўйиш, ваъдага вафо қилиш, бурчни англаш кабиларни билмасак.

Демак, бугунги куннинг муҳим шарти бу назаримда ота-оналик масъулияти ва фарзандлик бурчи. Бугунги тезкор замонда инсон кўп нарсаларга улгуриши, шижоат кўрсатиши, ўз бурч ва масъулиятини ҳис қилиши лозим.  Бугунги айрим ота-оналар ўзларининг замонавий қарашлари, чиройли яшашга интилишлари, орзу-хаваслари борасида илғор. Айрим ота-оналар фарзандини фақатгина еб-ичириш, чиройли кийинтириш, қимматбаҳо қўл телефони совға қилиш, ўзи ҳохлаган институт талабаси бўлиш бахтига эришиш каби хавойи орзу-хаваслар билан вояга етказмоқдалар. Ваҳоланки, ҳаёт ўша орзу-хаваслардангина иборат эмас-ку. Фарзанднинг маънавий камолоти ҳаётнинг муҳим шарти эмасми? Бугун ўша кам кўрмай, ҳамиша тилаги бажо бўлиб аммо меҳр нима билмай ўсган фарзанд ўзининг фарзандлик бурчини англаб етармикан?

  • Сизнинг вазифангиз боқиш, едириб-ичириш. Хоҳлаганимни муҳайё қилиш. Агар шуларни қилмас экансиз сиздай ота-онанинг боридан йўғи яхши – дея ота-онасининг дилини вайрон қилибди бир танишимнинг ўғли. Онасининг кўз ёшлари юзини ювади, – шу умидлар билан фарзанд вояга етказяпмизми, шуми улардан келган оқибат? Ахир ўшаларни боқиш илинжида куйиб-пишамиз-ку? Бола эканда тушунмаяпти, бир кун келиб ўзи ота бўлганда қадримизга етар.

Мен бўлса ўзингиз уларни жуда эркин қўйгансизда, қачон қараманг интернет кафеда, қўлида қимматбаҳо телефон гап сотади, бекорчи жўралари билан ўтиргани-ўтирган, алламбало кийимлар кийган. Сизлар бўлса ишдан бўшамайсизлар. Нима қиляпсан, қаерга боряпсан, дўстларинг ким – деган саволларни бермайсиз, дегим келади, аммо деёлмайман. Сабаби ўша аёлнинг ўзи ҳаётни фақат тирикчилик ўтказишдан иборат деб билади ва оналик, оила, тарбия каби масъулият тушунчаларини аллақачон унутган.  Қолаверса, дийди-ё қилишга ўрганган ўша аёл менинг фикрларимни инкор қилиши табиий.  У аёлни кузатиб агар одам ўз мажбуриятини бажармаса, ўз масъулиятини ҳис қилмаса демак у мувоффақиятга эришолмаслигига амин бўлдим.

Аслида бизнинг ҳаётимизни ўзи мактаб. У мактабда етарли билим ва малака, тажриба ва матонат инсон учун неки лозим бўлса барчасини топамиз. Фарзандлик бурчига кимдир садоқат сақлайди кимдир эса йўқ. Юқоридаги мисолга зид равишда бир воқеани келтирмоқчиман. Ота-оналик бурчини виждонан адо этиб, фарзандларига тўғри ва яхши тарбия берган, уларни ҳаётда ўз ўрнини топишда вақт ва шароитни топа билган бир инсон бундан ўн уч йил муқаддам вафот этади. Бугун ўша яхши инсонни яхши тарбия топган фарзандлари ота изидан бориб ҳамиша инсонларга яхшилик қилиш, ота-онасига муносиб фарзанд бўлишдек масъулиятли бурчларини адо этмоқдалар. Бу йил оталари ҳаёт бўлганида юз ёшни қаршилаши мумкин бўлган фарзандлар ўзаро келишиб отанинг дўсти ёрлари, қариндошлар ва яқинлар учун дастурхон ёзадилар ва оталарини хотирлайдилар. Ушбу тадбирда иштирок этган айрим фарзандларда бу тадбир жуда илиқ таассурот қолдирадики, улардан бири олис қишлоқда қолган ота мозорини таъмирлашини, яна бири яқинлашиб келаётган отасининг вафот этган кунига унинг дўстларини чақириб ош беришини, яна бири кексайиб қолган онасини ёнига кўчириб келишини, бошқалари фарзанд бўлиб мен ота-онам учун нима қилдим деган саволни ўзларига беришларига сабаб бўлди. Катталар эса фарзандлик бурчини адо этаётган шундай қобил фарзандларни дуо қилдилар. Кимнидир ўз бурчига масъулияти кимгадир ибрат бўлди. Бу яхши нарса. Фақат уни англаб етиш учун инсонда виждон уйғоқ бўлмоғи лозим.

Дунёда тинчлик сўзидан қадрли ва юракка яқин калом топилмагани каби тинчликка хос бўлган бошқа ҳеч қандай хотиржамлик ҳам йўқдир.  Зотан, мана шу қадриятлар силсиласида камол топаётган инсон энг аввало ўзлигини тўла англаб етади. Яшашга бўлган умид ва ишонч юксалади. Эртага менинг ортимдан нимадир қолиши керак – деган масъулият уни атрофдагиларга нисбатан ҳайрихоҳ бўлишга, тинчликни қадрига етишга, эзгулик қилишга, оқибат кўрсатишга ўргатади. Демак, биз учун масъулият зарурий эҳтиёж экан, уни ўз вақтида англаб етайлик. Ютқазилган вақт ҳақида қайғурадиган инсонларга эса қолган вақтлардан ҳам оқилона фойдаланиш насиб этмаслигини билиш инсоний бурчларимизга садоқат сақлаш эканлигини унутмайлик.

Феруза  ОРИПОВА

Республика Маънавият ва

Маърифат маркази бош

мутахассиси

(23.12.2020 йил  “Оила ва жамият” газетаси)


Тил – миллат маънавиятининг кўзгусидир

Хизмат сафари билан хорижда бўлдим ва одам гавжум шаҳарда иш ташвишлари билан овора бўлиб рости бир хафталик сафардан уч кунда зерика бошладим, уйимни, фарзандларимни, ўз тилимда сўзлашадиган юртимни соғиндим. Соғинганим сари тезроқ ортга қайтгим, фарзандларимни бағримга босгим, онам билан суҳбатлашгим, чала қолган китобимни ўқигим, қўшниларим билан роҳатланиб чақ-чақлашгим келарди.

Биз турган мехмонхонанинг ёнида жойлашган дарахтзорнинг ўртасидаги сайхонликда хорижликлар дам олар, кимдир китоб ўқир, кимдир фарзандлари билан ўйнар, яна кимдир яқини билан суҳбатлашарди. Уларни яқиндан кузатгим келиб мен ҳам бўш ўриндиққа ўтирдим. Бир пайт икки болакай билан суҳбатлашаётган аёлнинг сўзлари диққатимни тортди.

  • Ойбек ўғлим, сен ғирром ўйнадинг, синглингни хафа қилдинг,
  • Йўқ бувижон, Солиҳанинг ўзи эркалик қилмасинда…
  • Сен йигит кишисан, синглингни ҳимоя қилиш сени вазифанг ахир
  • Мени ким ҳимоя қилади, мени хафа қилса майлими?
  • Ўғлим сен кучли, иродали, ғурурли бўлишинг керак, худди дадангга ўхшашинг, уларга тиргак бўлишинг керак. Синглинг ҳам, ойинг ва мен ҳам сизларга суянамиз ўғлим.

Бегона юртда ўз тилингда сўзлашаётган одамни кўрсанг космосга учган фазогирдай ўзингни бахтиёр сезаркансан. Мен Сайёра опа билан яқиндан танишиб анча вақтгача суҳбатлашиб ўтирдим. Улар турмуш ўртоғининг илмий ишлари сабаб хорижга келиб, шу ерда ишлаб кейинчалик яшаб қолган эканлар. Қарийиб йигирма йилдан буён хорижда яшасада соф ўзбек тилида гапириб, ҳатто набираларига ҳам она тилида сўзлашишни ўргатган Сайёра опага қойил қолдим, тўғрироғи хавас қилдим.

Дарҳақиқат, она тили – миллатнинг маънавий қиёфасини акс эттиради. Ҳар бир миллатнинг ўз Ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ва бетакрор она тили ҳам бўлади. Инсон учун унинг ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас эканлигини мен Сайёра опанинг тақдири мисолида кўрдим.

Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.

Дарҳақиқат, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Мамлакатимиз ва юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланган ушбу жараён халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.

“Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳим қадамларидан бири бўлди.

Тил – миллатнинг маънавий бойлиги, муаммола воситаси, халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи ва тарихини акс эттиради. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат ўз навбатида ўзаро тушунишни ва мулоқотларга имкониятни яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарур. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг она тилимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаши борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар халқимиз маънавий ҳаётидаги муҳим ҳаётий қадриятга айланди.

2019 йил 21 октябрь санасида Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департаментнинг асосий вазифаларидан бири «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини жорий этишдан иборат эди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда тил масаласида лоқайдлигимиз сабаб ўз тилида маъруза қилишни билмайдиган олимни, ходимларига соф ўзбек тилида муносабат нималигини билмайдиган раҳбарни, ўз тилида дилбандига алла айтолмайдиган онани, ўз тилида дуо қилолмайдиган кексани, фарзандига ўзбекча исм қўйиб ўзбек тилида гапиролмайдиган ота-онани, ўзбек бўла туриб ўзбекона ҳаёт тарзини хушламайдиган оилани тез-тез учратадиган бўлиб қолдик. Ачинарлиси эса, биз зиёли қатлам деб билган инсонлар ҳам ижтимоий тармоқларда ўта саводсизларча ўз фикр-мулоҳазаларини билдириши, имло хатолари тўлиб-тошган муносабатлар, шевадаги сўзлашувлар жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз лозимлигини унутмаслигимиз зарурлигини англатди. Айниқса, баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бунданда ачинарлиси эса кўча-куйда, магазин ва дорихонада, бекат ёки ошхоналарда пешлавхалар ёзувидаги имло хатоларидир. Наҳотки биз шунчалар лоқайдмиз, наҳотки бугунги тилга эътиборсизлик эртага фарзандларимизга қимматга тушишини ўйламаймиз,  наҳотки тил миллат қиёфасини акс этишини унутганмиз? Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг «Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз» деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиши билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратиб берди.

Бугун биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур. Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия тизими каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш, бир сўз билан айтганда, ўзбек тилини илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш, миллий ўзликни англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиш борасида амалий ишлар олиб боришни бирламчи вазифа деб билмоғимиз лозим.

Табиийки, мустақилликка эришганимиздан сўнг халқимиз маънавий ҳаётидаги бошқа кўплаб муаммолар қатори тил ва алифбо масаласи ҳам биз учун кун тартибидаги долзарб вазифага айланди. Айниқса, она тилимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаш борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар бу масалани кечиктирмасдан ҳал қилишни талаб этар эди.

Она тилимизнинг софлигини сақлаш, талаффуз меъёрларидаги чалкашликларга барҳам бериш, имло борасидаги саводхонлик, она тили таълими борасида бажаришимиз зарур бўлган ишлар, эгаллашимиз лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар анчагина.

Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг ҳар бир бурчагида, барча шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси соф ўзбек тилимиз – она тилимизга бўлган ҳурмат ва эхтиромда ўз аксини топсин.

Феруза Орипова

Республика Маънавият ва маърифат

маркази бош мутахассиси


Маънавият сабоқлари

Дўстинг бўлса юкинг ерда қолмайди

            Талабаликда бирга ўқиган қўқонлик дугонам ўғлига хатна тўйи қилиб бизларни тўйга таклиф этди. Фурсат топган курсдошлар тўйга бордик. Ширингина бўлиб ўтган тўйнинг энг аҳамиятлиси биз курсдошларнинг дийдорлашганимиз бўлди. Водийлик курсдош қизлар, воҳалик йигитлар, самарқандлик дўстлар тўй баҳона учрашдик. Ўша тўйда мени таажжубга солгани дугонамнинг 80 ёшли момоси бўлиб, ўша момонинг пойтахтда яшовчи дугонасининг атайин шу тўйга келгани бўлди.

Қаранг, анча йиллар илгари икки дўст бир хафта муддатда икки қишлоқдан уйланадилар. Янги келинлар турмуш ўртоқлари каби дўст бўлишга аҳд қиладилар. Орадан йиллар ўтади, ҳар икки оила фарзандли бўлади тинч-хотиржам ҳаёт кечиради. Тақдир тақозоси билан дўстларнинг бири иш юзасидан пойтахтга кўчиб келади. Ён қўшни жон қўшни бўлган, керак бўлганда бир қозонда овқат еб, бир кийимни кийиб улғаяётган, ҳамма хавас билан қарайдиган икки оила икки томонга ажралади. Энди нима бўлади. Дўстлар – шу кунга қадар дўстлигимиз завол билмади, фарзандларимиз ака-укадек катта бўлишяпти уларни ажратмаслик лозим. Тўй-маъракаларда, яхши кунларда тез-тез учрашиб турамиз. Орамизга ҳеч қандай масофа тўсқинлик қилолмайди – деб келишиб оладилар. Ёзги таътил пайтида тошкентликлар қишлоққа бобоникига эмас айнан даданинг дўсти амакиникига, мактабни тамомлаган қишлоқликлар эса пойтахтдаги амакиникида яшаб, ўқийдилар. Улар ўртасида ҳеч қачон сеники-меники бўлмаган. Оталар рахматли бўлиб кетибди, аммо ўша дўстликни  бугун фарзандлари давом эттирмоқда экан.

Ўзингиз тасаввур қилинг, 80 ёшли момо дугонасининг эвара тўйига довон ошиб боргани наҳот сизни ҳайратлантирмаса. Мана дўстликнинг баҳоси нақадар улуғ. Дўст шундайки, суҳбатингни малол олмайди, узоқда юрсанг унутмайди, бойлик ва камбағалликда ўзгармайди, ҳожатинг бўлса амалга ошириш учун жон-жаҳди билан курашади, яхшилигини миннат қилмайди, бирор ҳожати бўлса сендан яширмайди, аҳволини сир тутмайди, сенга қанча кўп яхшилик қилса, уни шунча кам дейди. Бу ўша 80 ёшлик пойтахтнинг Тинчлик даҳасида истиқомат қилувчи Саломатхон момонинг гаплари.

Бир куни ишдан қайтаётиб таксига ўтирдим. Ҳайдовчи 60 ёшларни қоралаб қолган амаки экан, биз ҳаёт ва ўлим ҳақида суҳбатлашиб кетдик. Амаки, ўлим ҳақида гапирганда негадир хавотирланиб гапирарди, шунда сўрадим, – нима амаки ўлимдан шунчалик қўрқасизми?

  • Йўқ, қизим нега қўрқай, ахир бир бошга бир ўлим бор-ку?
  • Унда нега ўлимни эслаганда бошқача бўлиб кетяпсиз?
  • Бунинг ўзига яраша сабаблари борда?
  • Тўғри, ҳаёт ширин, яшаш завқли, ҳеч кимни ўлгиси келмайди-да.
  • Йўқ, қизим бунинг учун эмас, менинг елкамда қиёмат қарзим бор, ўша қарзни узмай туриб ўлиб қолишдан қўрқаман.
  • Сир бўлмаса қандай қарз экан амаки сизни ўлимдан-да узоқлаштирса,
  • Э, болам бу ҳақида ўйласам юрагим оғрийди. Мен дўстимдан ажралганман, тўғрироғи дўстимни йўқотганман. Сен дўст йўқотиш нималигини биласанми? Билмаганинг яхши, болам.

Биз Азиз билан ён қўшни эдик, бир мактабда ўқидик, бирга катта бўлдик. Бир майизни тенг бўлиб едик. Ҳатто тўйимиз ҳам 3 кун фарқ билан бўлди. Турмуш ўртоқларимиз ҳам бахтимизга меҳрибон чиқди, менда 4 фарзанд 2 ўғил 2 қиз, дўстимда эса 2 қиз ва 1 ўғил эди.  Ҳаётимиз яхши, бахтиёр эдик, бизга ҳамма хавас билан қарарди. Дўстим оилада ёлғиз ўғил эди шу сабабли ҳам кўпроқ менга суянарди. Тақдирни қарагинки, дўстимга дард илашди, дардки давоси йўқ. Дўхтирлару, табиблар ҳеч ким қолмади уни олиб бориб кўрсатмаган афсуски фойдаси бўлмади. Дўстим сўнгги кунларини ўтказаётганда менга – дўстим, сенга оилам ва фарзандларим тақдирини омонат қолдиряпман. Сен мен учун ҳам яша, сўнгги илтимосим, дўстлигимиз ҳурмати фарзандларимни ўз фарзандларинг қатори кўриб уларни келажакда ўз ўрнини топишида, турмуш қуриб бахтли бўлишида бош бўлишингни хоҳлайман.

  • Дўстим, бу нима деганинг, ҳали биргалашиб тўйлар қиламиз, набиралар кўрамиз. Кексайганда болаликдаги шўхликларни эслаймиз, ҳали отдай бўлиб кетасан, ахир дард меҳмон-ку, нега тушкунликка тушасан?
  • Йўқ, умрим поёнлаб қолди, бу ёғи сенга омонат дўстим. Сени у дунёда туриб дуо қиламан. Руҳим доим сен билан бирга бўлади, унутма.

Шу бизнинг сўнгги суҳбатимиз бўлди. Дўстим омонатини топширди. Шунга ҳам 15 йил бўлибди. Мен фарзандларимни барчасини уйли-жойли қилдим. Ўша дўстимни ўртанча қизини кенжа ўғлимга келин қилдим. Энди дўстимни кенжа фарзанди қолди. Шу қиз жойини топса, тўйларини ўтказсак мен ҳам хотиржам бўлардим дейманда.       Шунга айтаман ўлим шошмай тур деб, сен бўлса ўлишдан қўрқасизми дейсан.

  • Амаки, мен сизни яхши билмаганим учун шу фикрга келгандим-да. Мана энди тушундим ва сизга хавасим келяпти. Ахир сиз чексиз савобга эга бўлиб у дунёнинг жаннатига кафолат олиб бўлибсизку, -дедим амакига хавас билан боқиб.

Қаердадир ўқигандим дўст худонинг исмига яширинган бўлади деб. Мана ҳақиқий дўст худога қанчалар яқин бўлади. Ўзи учун эмас дўсти учун яшаб юрган мана шу кичкина жуссали нуроний отахон назаримда дўстликка қўйилган тимсолга ўхшади. Шунинг учун айтсалар керакда ҳалол одам учун дўстларга яхшилик қилишдан ҳам зарурроқ лаззат йўқ деб. Чунки ақлли одам ҳамма нарсасидан жудо бўлса ҳам дўстидан воз кечмайди. Мустаҳкам дўстлик эса ҳамиша мушкул дамларда юзага келади. Одамларга доноликдан сўнг бериладиган неъмат бу бебаҳо дўстликдир. Шу сабабли дўстсиз одамни ғариб дейдилар. Ниятимиз дўстлик ришталари ҳеч қачон завол топмасин. Доимо йиқилсак суягувчи, ютуғимиздан қувонгувчи, бизни ўзимиздай билгувчи, самимий меҳр соғингувчи дўстларимиз бор бўлсинлар, омон бўлсинлар. Биз эса дўстликни ардоқлаш саодатидан сармаст яшайлик.

Феруза  ОРИПОВА

Республика Маънавият ва маърифат

Маркази бош мутахассиси

(18.11.2020 йил  “Оила ва жамият” газетаси)


Маънавият  сабоқлари

Ғийбатга тобингиз қалай?

Ҳар куни эрталаб ишга шошаман, оқшом кетмон чопган одамдай оёғимни зўға судраб уйга қайтаман. Мени уй олдида ҳар куни бир ҳил манзара кутиб олади, уч-тўрт чоғли қўшни аёллар – ҳа, қўшни ишдан қайтдингизми, бир зум дам олинг, ғийбатга тобингиз қалай, келинг ғийбатлашамиз – дейдилар.

Мен уларга жавобан, – рахмат овқат қилишим керак, ҳали замон турмуш ўртоғим ҳам ишдан қайтиб қолади, ишлар кўп  – дея, уйга шошаман. Ғийбатни хуш кўрувчи қўшниларим эса мен кечки овқатни тайёрлаб, оила аъзоларим билан дастурхон атрофида бугунги кун қандай ўтгани-ю, эртанги кун режалари ҳақида суҳбатлашганимиздан кейин фарзандлар дарс тайёрлаш учун хонасига кириб кетган, турмуш ўртоғим телевизор кўриш билан овора бўлган бир пайтда ташқарини кузатсам қўшниларим ҳалиям – ким уйига эрта келди-ю, бугун қайси қўшниникида меҳмон бор, кимникида кеча жанжал бўлди-ю, қайси қўшни эридан аразлади, ким бугун маош олди-ю, ким-кимдан қарз сўраб чиқди каби миш-мишлар билан суҳбати жононни олаётганликларининг гувоҳи бўламан.

Уларга қарата – эй барака топгурлар ғийбат кишидаги қабиҳ феъллардан бири. Бирор кишининг орқасидан гапириш айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, хулқи, бойлиги ҳақида бемаза гапларни гапиришнинг барчаси ғийбат ҳисобланади. Ғийбат оз бўлсада унинг келтирадиган зарари денгиз каби бепоён, у қанчалар кўнгиларни синдиради, қалбларга озор етказади, ҳаттоки отани боладан айиради, оналарни сочига эрта қиров қўндиради, қизларни бахтсизлик сари етаклаб боради. Биргина ғийбатчининг ғийбати сабаб қанчалаб гуноҳлар содир бўлади. Ўша ғийбатчиларга қарата, нега ўзингизни ўзингиз абгор қиласиз, билиб-билмай, ҳақ-ноҳақ айтган гапларингиз гуноҳини ўз елкангизга оласиз – дегим келади. Аммо иложи йўқ, улар шу ғийбат учун яратилган инсонлар назаримда. Ғийбат қилмаса яшолмайди, ғийбат қилиб роҳатланади. Ғийбатчилар ҳаттоки ўзлари билан ҳамсуҳбат бўлган шериклари ёнидан кетса у ҳақида ҳам ғийбат қилишдан қайтмайдилар.

Хофизнинг шундай сатрлари бор эди адашмасам:

Ғийбатчининг миш-мишидан ранжиманг асло,

Нима бўлса асли, наслида бўлган.

Онасининг қорнидан ҳатто,

Турли миш-миш билан дунёга келган.

Бир аёлни биламан, у шифокор бўлишни орзу қилиб бир неча йил омади чопмай охири ўзи истаган тиббиёт ўқув юртига ўқишга киради. Кеч бўлсада орзулари ушлагани учун фақат илм билан шуғулланиб турмуш қуриш масаласини кейинга қолдиради. Ўқишни тамомлагач шаҳардаги марказий шифохонада ишлашга йўлланма олади. Қишлоққа қайтишни кейинга қолдириб мазкур шифохонада шифокор бўлиб иш бошлайди. Бу орада отаси оламдан ўтади, онасининг биргина орзуси шу қизининг турмушга чиқиши, бахтли бўлиб набиралар кўриши бўлади.

Орадан йиллар ўтади. Опанинг ёши ўттизни қоралаб қолгани сабаб унга муносиб йигитни учратиш қийин эди.  Шаҳарда ака-укаларининг ёрдами билан уй-жой қилиб, иш жойида ҳурмат топиб яшаётган опа энди турмуш қуриш орзуси армон бўлиб қолгани ҳақида ўйлаб оиласидагилар билан маслаҳатлашиб ҳарбий хизматчи бўлган акасининг кенжа фарзандини ўғил қилиб олади.

Қишлоғига ўғилчаси билан бир олам қувонч билан борган опани ҳамқишлоқларининг – қайдан акасининг ўғли бўлади, болани ўзи бировдан туғиб олган. Бу бола ҳароми, ўзи ҳам шу ёшгача иболи бўлиб юрармиди, “шаҳар кўрган эчкидан қўрқ” деб шунақаларга айтилади-да, – деган ғийбат гапларини эшитиб қолиб қалби вайрон бўлиб уйига қайтади. Тушкун кайфиятда юрган кунларининг бирида шифохонага янги раҳбар келади. Маълум бўлишича раҳбар хорижда ўқиб, илм билан шуғулланган, олим бўлган-у  аммо оила қилишга вақт топмаган киши бўлади. Ҳамкасблар таклифи билан ўттиз икки ёшли опани қирқ ёшли раҳбарга унаштиришади ва тўйлари бўлиб ўтади. Уларнинг бугун уч нафар ўғли бор. Ҳадемай келин туширади, ҳаётидан, бахтидан, тақдиридан миннатдор аёл ёруғ юз билан тез-тез қишлоғига бориб туради. Ғийбат қилган ўша ҳамқишлоқлари эса ўз ҳатоларидан уялиб  қолганлар. Чунки ҳақиқат аллақачон юзага чиққан эдида.

Ривоят қилишларича, бир олим одамнинг ёнига бегона биров келиб “сизни фалончи ғийбат қилди” – деб айтади. Олим одам дарҳол ғийбат қилган кишига бир товоқ хурмо юборади. У киши хурмони олгач, унинг ёнига келиб “мен сизни ғийбат қилган эдим, сиз бўлса менга хурмо юборибсиз, сабаби нима?” деб сўрайди. Олим одам  “сиз менга яхшилик юборган экансиз, эвазига мен сизга хурмо юбордим” деб жавоб берибди. Бундан маълум бўладики, ғийбат ғийбат қилинувчи учун тўғри йўл кўрсатиши мумкин, аммо ғийбат қилувчига зарар келтиради.

Ҳамкасбимиз Муҳаббат опанинг тўрт нафар қизлари бор. Фақат биргина каттаси Санобарни узатган, яна учтаси бўй етиб турибди. Аммо опанинг фиғони фалакка чиқади-ки, қизларини сўраб келувчи совчиларга маҳаллада кимдир ёмонлаб қўяркан. Биз инсонлар табиатан шундаймиз, ким нима деса ишониб кетаверамиз, неча йиллик қўшниси у яхши биладида, демак айби борки ижобий баҳо бермаяпти – деймиз. Йўқ, бу хато. Ахир яхши қизни харидори кўп бўлмайдими, яхши қизга кўп тош отилмайдими, ёмон одам яхши фикр айтишни билмайди-ку, ғийбатчига барибир эмасми, ғийбатчи нима бўлса ҳам, ким бўлса ҳам ғийбат қилиб роҳат олса бас-ку, демаймиз. Қолаверса, биз наҳотки хулосага шошиламиз. Мулоҳазага шошилмаймиз. Бир ғийбатчининг фикри билан орқага қайтиб кетаверамиз.

Муҳаббат опанинг қон босимлари ошгани ошган, чунки учта қизи бўй етиб турибди, битта тўй қилишни ўзи осон эмас, “ғийбатчининг уйи куйсин, ғийбат қилганга ҳам бало бордир” – деб баъзан алам билан қалбидаги озорларини дилидан тилига чиқариб юборади.  Турмуш ўртоғи билан ўттиз йилдан буён бахтли ҳаёт кечириб тўрт қизни вояга етказдилар, қизларни барчаларини  аввало ҳунарли қилдилар кейин мана учта қизларини олий маълумотли қилди, кенжатойи эса коллежда ўқийди. Қизлари жуда аҳил-иноқ, кўп китоб ўқиган, изланувчан, аниқ мақсадли, келажаги порлоқ. Аммо бир қалби сўқир инсоннинг ғийбати сабаб бир оилани гуллатадиган қизлар ўз бахтини учрата олмаяптилар.

Ақлли одам ёнига биров келиб ўзга бир инсон ҳақида ғийбат гапларни гапирса ишонмайди. Афсуски, айрим одамлар ғийбатчининг гапларига лаққа тушади ва ҳаётида қанчалар кўнгилсизликлар содир бўлишига сабаб бўлади.

Сожида опанинг қулоғига келини Сарвинозни қўшниси Икромжон билан  яқин алоқада эканлиги ҳақидаги миш-мишлар чалинди. Ўғли хотин, болам-чақам деб хорижда ишлаб меҳнат қилаётган бўлса, набиралари бўй чўзиб қолган бўлса, келинининг бу иши…, йўқ, адашаётгандирлар. Аҳир келини ақилли-хушли аёл, алоҳида ховли-жой қилиб, бир оилани рисоладагидек асраб келаяпти-ку? Шу кунгача эр-хотин ўртасида ҳам сен-менга боришмаган бўлса?

Бу нима деган гап, эшитган қулоққа яхши гапмас-ку? Ўзига бу ҳақида айтсам дили оғриб қолса-чи? Борди-ю бу ҳақида ўғлимга хабар етиб борса нима бўлади? Балки бу шунчаки айрим оғзига кучи етмаган ғийбатчиларнинг   миш-мишидир.

Сожида опанинг сабри чидамади, воқеага аниқлик киритиш мақсадида келининикига йўл олди. Ховлида ўша қўшни Икромжон набираси Шохбоз билан темир дарвоза ясатаётган эканлар. Келини Сарвиноз эса қизи Саида билан бозорга кетибди. Сожида хола ховлини кузатиб ўтириб хайратини яширолмади. Келинининг тадбиркорлигига, тежамкорлигига қойил қолди. Ўғлини ишлашга кетганига энди икки йил бўлди. Мана шу икки йил ичида эрининг юборганини маҳкам тутиб мана ёзги ошхона қурилиши, чала қолган икки хонали уйнинг томи ёпилиши, ҳовлидаги узумга сўриток, ҳар бир уйнинг кираверишига темир тутқичлар ва мана ниҳоят темир дарвоза каби ишларни амалга оширибди. Набираси Шаҳбознинг ёрдам беришига қараганда шу уста йигитга шогирд қилиб берган кўринади, чунки анча қўли ҳам келиб қолибди. Агар ўша айрим нокас одамларнинг ғийбатларига ишониб ҳозир келинимга бирор гап айтсам адолатдан бўлмайди. Уста йигитни диёнатли эканлиги шундоғам кўриниб турибди-ку, қандай қилиб шундай оқила келинимни ғийбатчиларнинг гапларига ишониб ранжитаман. Ўзгаларнинг келинлари эри ўзга юртларда қийналиб топган пулларини  ҳавога совурмоқда, айримлари ишлашга кетган эри туриб хиёнат қиляпти, яна айримлари қандай ноҳақликлар қилмоқда… Менинг келиним тилло, у оилапарвар, уйим-жойим дейдиган аёл. Унинг бахтини асрагин, илоҳим.

Ғийбат билан кимдир роҳат топар. Аммо ўша роҳат қачонгача, қисқагина берилган умримизни алақандай ғийбату, миш-мишларга андармон қилиб эмас балки бир-биримизни асраб-авайлаб яшасак ҳаётимиз янада гўзал, умримиз чароғон бўлмайдими? Яна бир гап, ўша ғийбатчининг ғийбатлари таъсирида вояга етаётган фарзанд эртага гуруч ичидаги курмак бўлиб яна қанчалар хонадонларда дилхираликларга сабаб бўлиши бежиз эмас-ку? Демак, келинг умримизни яхшиликлар билан безайлик. Ғийбат умримиз заволи бўлиб қолмасин ва бизни шу балои-офатдан асрасин.

Феруза  ОРИПОВА

(21.10.2020 йил  “Оила ва жамият” газетаси)


Маънавият  сабоқлари

Жаҳл жоҳилликдан нишона

Бир куни жаҳл билан ўзимга ёқмаган ишни қила бошлаган эдим, онам – болам, ғазаб шайтон оловининг шуъласидир, ғазабланган одам куйиб-кул бўлмагунча сўнмайди. У бир дарахтки меваси пушаймонликдир. Шунинг учун ақлли одамлар ғазаб ўтини сўндиришга уринадилар, жаҳл луқмасини эса ичларига ютишга ҳаракат қиладилар. Сиз унутманг, ғазаб билан инсон ҳеч қачон бирор ютуққа эришолмайди. Биргина мисол, узоққа борманг тоғангиз ўз ўғлини жаҳл устида арзимаган хато учун калтаклаб бугун бормаган табибу, шифокори қолмаяпти. Бола бечора ота айби билан 10 ёшида ногирон бўлиб ўтирибди. Укам ҳам тинимсиз афсус-надомат чекади, кўз ёш тўкади, аммо қани бирор чора топилса. Эртага ҳарбийга бориши, уйланиши, ота бўлиши лозим бўлган ўғлини ўз қўли билан яримжон қилиб чекаётган афсусларини энди кимга фойдаси бор. Мана сизга жаҳлнинг хотимаси.

Дарҳақиқат, жаҳлнинг аввали жиннилик, охири надомат эканлиги ҳаммага аён. Жаҳл билан ғазаб эгизакдир. Улар шундай бир дардки давоси йўқ. У бир қайғуки у бор жойда қувонч йўқ. Онам жаҳл келганда ақл кетиши ҳақида менга жуда кўп гапирадилар. Шу сабабми, доим жаҳлимни ютишга харакат қиламан. Чунки ўша ғазаб сабабли ҳаётида катта йўқотиш қилган, жаҳл сабабли қийинчиликларга дучор бўлган инсонларни кўплаб учратганман. Мен бунга мисол қилиб яқин бир танишим айтиб берган қуйидаги воқеани келтиришим мумкин.

… қўшним Хосиятхон билан Ҳамиджоннинг уч ўғли бор. Эр-хотин эрталабдан кечгача бозорда тирикчилик қилади – дея хикоя қилади Қудратилла ака. Кенжатойи мактабга боради, катталари мактабни битиргач бирор ишни этагидан тутмади, коллежни чала ташлаб ҳозирда эса бекорчи. Кўп қаватли уйларда мен тўртинчи қаватда улар учинчи қаватда яшаймиз. Куни билан ухлаб оқшом подеъзднинг олдига ўтиришиб олиб ўзи каби бекорчи дўстлари билан аламаҳалгача гап сотишдан бўшамайдиган йигитлар деярли барча қўшниларнинг ғашини келтиради. Ота-онаси туппа-тузук одамлар, аммо негадир болалар ношуд чиқишди. Сигарет чекиб, телефонда гап сотишдан нарига ўтмайдиган бу йигитларга ким танбеҳ берса балога қолади. Кўп ҳолларда уйининг остонасида туриб олишиб пастга қарата турли ҳил чиқиндилар ташлайди ва менинг хунобим ошиб уларга панд-насиҳат қиламан, тартибга чақираман. Албатта бу ҳол уларга сира ёқмайди. Шу сабабли мени кўрса салом бериш нари турсин ҳатто афтини бужмайтириб ўтиб кетадилар. Мен бўлса майли, бола ёшда бир кун келиб мени тушуниб қолар – деб, индамай қўя қоламан.

Ўша куни арафа эди. Эрталабда келиним бутун подеъздни супуриб, ҳамма жойни озода қилиб қўйганди. Мен бозорга бориб қайтаётсам ўртанча ўғил Баҳром подеъзд олдида бир дўсти билан писта чақиб ўтирарди. Аввало келинимнинг меҳнатига ачиндим. Қолаверса, улуғ кунда эрталабда шундай ўтириш қайси одоб доирасига тўғри келиши ҳақида гапириб уни койий бошладим. Шунда қўшнимнинг бирдан жазаваси тутиб дўстини олдида ўзини кўрсатиб мен билан тортиша кетди. Уни тарбиясиз, ота-онангга ёрдам қилиш ўрнига қилаётган ишингни қара, эссиз сендай болага – деб танбеҳ беришимни биламан, менга яқинлашиб юз-кўзим аралаш ура кетди.

Ёш, билагида кучи бор йигит чангалидан чиқолмай қолдим. Бир пайт ўзимни ўнглолмай бутун гавдам билан юзтубан йиқилдим. Кўз олдимда бутун олам чирпирак бўлиб кетди. Ўғлим тенги бола ёшимнинг ҳурматини ҳам қилмай жаҳл устида мени аёвсиз калтаклади. Бир зумда одамлар тўпланиб кетди. Қўшнилар йигитни койий бошладилар, кечирим сўрашини талаб қилишди, у бўлса ўзидан ўтди, мени тарбиясиз деди, нима ҳаққи бор менга танбеҳ беришга, у мени отаммидики тергаса. Икки дунёдаям кечирим сўрамайман. Унинг гаплари кимнидир ғашини, кимнидир нафратини келтирди. Баҳромнинг феълини билганим учун унга индамасликларини сўрадим, қўшнилар мени аста суяб ўз уйимга кузатиб қўйишди.

Ўша куни мен қўшнимнинг ўғлини қарғамадим, фақат ундан кўнглим оғриди. Чунки уни болалик қилганини, ғазаб келганда ақлини тўхтатиб қололмаганини тушуниб турардим. Шундай қилиб оқшом чўка бошлади, арафа оши ҳам тайёр бўлди. Набирам орқали хотинимнинг хай-хайига қарамай ўша қўшнимникига ош ҳам чиқартирдим. Аммо негадир қўшним ҳеч гапдан хабари йўқ шекилли, чиқиб ўғли учун узр сўрамади. Балки бошқа ўғиллар ҳам ота-онасидан воқеани яширгандир.

“Ғазаб отини жилови билан қайсарлик йўлидан қайтар. Ҳар қандай шубҳа зимистонини ақл нури билан равшан эт. Шунда сен надомат ва пушаймонлик домига мубтало бўлмайсан” – дейди улуғлар. Бу бежизга айтилмаган экан, арафа ошини оила даврасида тинчлик-хотиржамлик билан ейиш ўрнига ўша куни Баҳром  дўстлари  билан  балиқҳўрлик  қилишга шаҳар четига кетишган экан. У ердан қайтаётиб тунда аварияга учраб тўрт йигитдан фақатгина Баҳром ўша жойнинг ўзида ҳаётдан кўз юмибди. Эртасига эрталаб воқеани эшитиб бутун азои-баданим титраб кетди. Мен буни ҳохламагандим. Ёш йигит жони увол кетди. Ноўрин ғазаб уни бадном қилди.

Луқмони Ҳаким шундай буюради: – Бирор киши билан биродарлик ва дўстлик ипини боғламоқчи бўлсанг уни бирор қийинчилик устида сина, асосан ғазаби келиб турган пайтда имтиҳон қил, ғазабини боса олса, шундагина дўстлик қил, ғазабини боса олмаган киши билан дўстлик қилиш қийин. Демак, ғазаб инсонни энг оғир дамларида синайди, ғазаб бизни кўринмас ип билан шундай боғлаб ташлайдики, бошида олов каби кўзингга жозибали кўринади, кейин бўлса боғланган ҳолингда ўша оловда ёндириб кулингни қолдиради.

Буюклардан бирининг “ғазабланганда сўз айтма, шошилганда режа тузма, чарчаганда эртани ўйлама” – деган сўзининг ўзи бизни доимо ҳушёр бўлишга чақиради. Ҳушёрлик ва зийраклик ҳаётимизни осуда ўтишини таъминлайди.

Феруза ОРИПОВА

(28.10.2020 йил  “Оила ва жамият” газетаси)


Маънавият сабоқлари

Бировнинг ҳаққи

Дам олиш кунлари уй юмушларидан бироз тин олгач ойнадан ташқарини кузатишни ёқтираман. Одамлар чумолидай тиним билмайди, хафта давомида ишлаб яна дам олиш кунлари рўзғор юмушлари билан банд бўладилар ва албатта бозорга тушадилар. Назаримда бу ҳаммага таниш манзара ва бизлар бу ҳолга кўникиб қолганмиз ҳатто табиийдек қабул қиламиз.

Менга қизим ҳамрох бўлди. Бизлар табиатдаги ўзгаришлар, баҳорнинг илиқ нафаси, дарахтларнинг уйғониши ва шошиб бозордан қайтаётган қўшнилар ҳақида суҳбатлашдик.

  • ойи, биласизми ҳамма рўзғор учун меҳнат қилади, ҳалол йўл билан оила тебратишни истайди. Лекин қўшнимиз Гулмира опага хайрон қоламан.
  • нега ҳайрон қоласан?
  • чунки улар рўзғор учун ҳеч қачон бозорга бормайдилар. Гулмира опа болалар боғчасида бош ошпаз бўлгани учун картошка-пиёз, гўшту-тухум, сариёғ дейсизми ҳаммасини боғчадан олиб келади. Улар болаларнинг ризқи эмас-ми, шу ҳам инсофдан-ми?
  • Сен буни қаердан биласан?
  • биламанда, уларни кўп кузатганман. Авваллари биров кўрмасин деб ишдан атайлаб кеч келардилар қўлларида оғир халталари билан. Ҳозир бўлса ҳеч кимдан қўрқмайди ҳам уялмайдими ҳам. Кейин дугоналаримнинг укалари ва жиянлари улар ишлайдиган боғчага боришади. Болалар боғчадан доим оч қорин билан келар эканлар.
  • қўй қизим, аниқ исботланмаган нарсага ишониб гуноҳга ботмагин.
  • фақат сиз эътибор қилмайсиз ҳамма қўшнилар уларни гапиради.
  • майли бошқалар гапирсаям сен индама….

Қизимнинг сўзларидан таажубга тушдим. Наҳотки гўдакларнинг ризқидан болаларини боқса. Эр жонивор қаерга қараяпти. “Бировнинг ҳаққи” деган нарсани  биладими улар. Наҳотки виждони қийналмаса. Тўғри ўзи ҳам бир-икки ишдан қайтаётганда Гулмирага тўқнаш келганди, қизи айтмоқчи қўлидаги рўзғор халтаси тўла эди ўшанда.

Онам биз фарзандларга – одамлар олдида уялишинг яхши фазилат аммо бундан ҳам яхшиси ўзингдан-ўзинг уялишингдир – дердилар. Одам қачон ўзидан уялади, қачонки виждонига қарши иш қилса, номардлик ва риёкорлик қилмаса. Гулмиранинг бу ишини оқлаб бўладими, хўп эри бир жойда ишламас экан, ўзи рўзғорга масъул экан буни гўдакларнинг ҳаққи эвазига қилиши шартмикан. Ўзи ҳам уч нафар фарзандни вояга етказяпти эртага улар бировнинг ҳаққини еб улғайгач ким ва қандай инсонлар бўлади. Биз қози бўлолмаймиз аммо ҳаммамизнинг кўксимизда виждон аталмиш қозимиз бор-ку?

Ривоят қилишларича бир ҳалол ва виждонли кишининг ҳовлисига бир қўшниси кириб ўғлидан шикоят қилибди – минг бор узр, ҳалолликда, сахийликда сизга тенг зот йўқ. Аммо айтмасам бўлмайди бу ҳол бир марта эмас бир неча маротаба такрорланди. Кенжатой ўғлингиз бозорга олиб бормоқчи бўлган мешни тешиб ундаги қаймоқни симириб ялаб қўйяпти. Болакайни тартибга чақириб қўйсангиз, дегандим. Қўшнининг арзидан хижолат тортган йигит ўйлаб ўйига етолмайди. Ҳалол меҳнат қилсам, рўзғоримга ҳаром аралаштирмасам, фарзандларимни ҳалол луқма билан боқсам, нега бундай бўлади. Хатойим қаерда, қаерда адашдим, боши қотган йигит хотинини саволга тутади – сен болага оқ сут бергансан, бировни дилини оғритганмидинг ёки кимнидир норози қилганмисан? Нега энди фарзандимиз ўғри томоқ бўлди?

Шунда аёл бошини қуйи солганча, – дадаси кечиринг, шу фарзандингизга хомиладорлик пайтим қўшниникига чиққандим дастурхонда чиройли анор турган экан кўнглим суст кетди. Қўшни ташқарига чиққанида чўнтагимдаги тўғноғич  билан анорни тешиб сувидан бир-икки симирдим ва нафсим ором олди. Ўғлингиз бировнинг мешини тешиши менинг нафсим ва хатойим меваси бўлади. Сиз аввало мени кечиринг, бугуноқ қўшнимдан ўша хатойим учун кечирим сўрайман – деган экан. Ҳалол яшашни истаган одамга кўп нарса керак эмас аслида.

Бир инсонни биламан, ҳуқуқ соҳасида ишларди. Озми-кўпми ютуқларга эришди, ҳовли-жойлар қилди, фарзандларини ўқитди, машинали бўлди, ака-укаларини ҳам қўллади.

Орадан анча йиллар ўтиб ўша инсонни учратиб қолдим. У киши Андижон-Тошкент йўналиши бўйича қатнаб киракашлик қилаётган экан. Мен бу ҳолни кўриб табиийки таажубга тушдим. Узоқ йўл давомида бизлар суҳбатлашиб кетдик.

Маълум бўлишича Азамат ака ўз ихтиёри билан ишдан бўшабди.  Бунга сабаб ўша бировларнинг ҳаққи эвазига топган бойлиги ўзига буюрмабди яъни аввалига янги ҳовлиси бутунлай ёниб кулга айланибди. Ёлғизгина қизи бир нафар фарзанди билан гиёхванд эрдан ажрашибди. Тўнғич ўғли уйланиш арафасида автохалокат туфайли оламдан ўтибди. Иккинчи ўғли эса болаликдан туғма юрак нуқсони билан дард тортар экан.

  • биласизми, мен судя бўлиб одамларнинг тақдирини ҳал қилдим. Баъзан тўғрини нотўғри, оқни-қора дедим. Адолатли хукм чиқармадим, адолат пешвоси деб менга ишонсаларда мен нафсим, эгаллаган курсим сабаб виждонимга қарши бордим. Оқибат эса ширин турмушим заҳарга айланди. Бундан ҳам оғир фожеалар бўлмаслиги учун ўзим ўз хоҳишим билан ишдан бўшадим, чунки яхшилик адолатсизликдан нари юрса, ёмонлик унга яқин юраркан. Яхши одам бўлиш учун адолатсизлик қилмасликнинг ўзи кифоя эмас экан уни бутунлай истамаслик ҳам керак экан. Ахир адолат йўқ жойда инсон ҳаёти ва қадрини ушлаб турадиган ҳеч нима қолмайди-ку.

Ҳозир мана кўриб турганингиздек киракашлик қилиб рўзғорни ҳалол йўл билан тебратяпман. Қизим ҳам қайта турмушга чиқди, куёвимиз андишали жуда яхши йигит. Набирамизни ўзимиз олиб қоламиз десак у энди менинг ўғлим деб қўймай ўз уйига олиб кетди. Яқинда кенжатой ўғлимизни уйлантирамиз. Сизни тўйга таклиф қиламан – дедилар Азамат ака хотиржамлик билан. Мен у кишининг ҳаётидаги хотиржамликдан қувондим.

Сизга айтмоқчи бўлган навбатдаги воқеани замонавий эртак деб қабул қиларсиз балки, афсуски у ҳаётий…

Вилоят халқ таълими бошқармасида болалар боғчалари ва мактаб интернатлари бўйича масъул лавозимда ишловчи татар миллатига мансуб бир аёл бўларди. Юриш-туришидан тортиб кийинишигача, муомиласидан тортиб сўзлашигача ўта киборли бўлган бу аёл билан ҳамма ҳам бемалол гаплашиб кетавермас эди. Бир нафар ўғли билан эрдан ажрашган, феъли ҳам анча тор бу аёлнинг нафси жуда хакалак отган бўлиб боғчалар ва интернатлар раҳбарлари бу аёлнинг сўзсиз итоаткорлари эдилар. Бирор бир байрам ёки туғилган кун йўқ эдики у совғалар билан сийланмаган. Ўз вазифаси бўла туриб ҳар бир амалга оширилиши лозим бўлган ҳужжат ишларига имзо қўйиш учун албатта тамагирлик қиларди. Ҳамиша бировларнинг ҳаққи эвазига кун кўрувчи аёлнинг шаҳарда иккита квартираси, шахсий автомашинаси, озиқ-овқат дўконлари бор бўлиб олмосу-тилла тақинчоқларининг эса саноғи йўқ эди. Ҳалқимизда “сувники сувга” деган яхши ибора бор, яъни бировнинг норози бўлиб бергани бировга юқмаслиги бор гап. Аёл ёлғиз ўғлини уйлантиради, ўғил эса бир йил яшаб хотини ва қизчаси билан хорижга яшашга кетади. Аёл ёлғизликда бир неча йил яшайди ва нафақага чиқиб ўғлининг ёнига боришни режалаштиради. Кетиш олдидан уй-жойлар, тақинчоқларни сотиб йўлга отланган аёлни самалётда юраги хуруж қилиб вафот этади. Навбатдаги манзилда қўнган самалёт аёлнинг мурдасини ўз юртига қайтариб юборади. Ўзи билан бирга олиб кетаётган бойликлар эса изсиз йўқолади. Шунча йиллар давомида тўпланган бойлик ўзгаларнинг ҳаққи бўлганлиги сабаб ўзига ҳам буюрмайди. Ҳаттоки мурда ҳам сарсон-саргардонликда аранг етиб келади ва ўша ҳамкасблар, махалла-кўй аёлни дафн қиладилар.

Бугунги тезкор замонда айримлар “бировнинг ҳаққи” деган иборани унутиб қўйгандай назаримда. Бўлмаса ёши етмишдан ошган онахон бозорда қатиқни қаймоқ деб алдаб сотармиди? Қассоб сизга энг яхши жойидан чиройли қилиб бердим, деб суяк тўла гўштни килосига ҳам етказмай сотармиди? Ёки ҳар куни эшигимиз ёнигача олиб келадиган сутчи аёл ўзимизнинг сигирники деб ишонтириб сув қўшилган сутни берармиди? Бозорда хорижники деб ўзимизнинг маҳсулотларни содда харидорга пуллаётганда наҳот савдогарнинг виждони уйғонмаса. Бировнинг ҳаққи барибир бир куни тешиб чиқиши ҳақиқат эканлигини наҳот унутган бўлсак. Хўп биз катталар гўёки унутамиз аммо касрига фарзандларимиз қолишини ҳам билганимизда эди. Бу ҳақида ўйламаймиз гўёки ўз бурчимизни бажараяпмиз. Бурч дегани эса бировнинг ҳаққини билмайдими? Ҳар не бўлганда ҳам бировларнинг ҳаққидан ҳазар қилиб, ҳалол луқма билан фарзанд улғайтириш ҳаммага ҳам насиб этсин.

Феруза ОРИПОВА

Республика Мънавият ва маърифат

маркази бош мутахассиси

(25.11.2020 йил  “Оила ва жамият” газетаси)

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

Йўл очганнинг йўли очиқ

Буюк соҳибқирон Амир Темур “Агар бизнинг қудратимизга шубҳангиз бўлса, биз қурган иморатларга боқинг” – деган сўзларининг амалдаги исботи сифатида неча минг йиллик тарихга гувоҳ бўлган қадимий ва навқирон Самарқанд бугун дунё нигоҳида.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди. Янги замонавий кўринишдаги муҳташам бинолар шу юртнинг тараққиёти, ҳалқининг эса эмин-эркин яшаб, бахтли ҳаёт кечиришлари учун асосдир.

Андижон шаҳридан Андижон туманининг Куйганёр шаҳарчасига кираверишида – катта йўл бўйида жойлашган, замонавий қиёфага эга, чор-атрофи гул-у яшилликка бурканган, кўрган киши хавас қиладиган иморат – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Кўприкқурилиш” трестига қарашли “2-кўприк қурилиш отряди” унитар корхонасининг маъмурий биносини кўришингиз мумкин.

Эътироф этилаётган ўзгаришлар бевосита корхонанинг ёш, ғайрат-шижоатли, бошлаган ишини албатта якунига етказмагунча тинчимайдиган, изланувчан, салоҳиятли раҳбари Дониёрбек Турғуновнинг ташаббускор ва ташкилотчилиги билан боғлиқ.

Қаҳрамонимиз етакчилик қилаётган ташкилот “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси тизими тасарруфида бўлиб, айни пайтда мазкур ташкилотда 380 нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Мавсумий ишчилар билан ҳисоблаганда, бу даргоҳда қарийиб 600 кишининг рўзғори тебраниб, қора қозони қайнаяпти, оиласида тинчлик, фаровонлик ҳукм сурмоқда. Шу 600 нафар юртдошимизнинг кўнглида хотиржамлик, миннатдорлик, шукроналик ҳукмрон.

Бугунги кунда жамиятда “Ишлашни билган одам ўзини кўз-кўз қилишни ҳам, демакки, бироз бўлса-да, мақтанишни ҳам билиши керак”, деган ақида яхши маънода урфга кириб бўлди. Буни замонавий тилда “пиар” деб атайдилар. Не дейсизки, Дониёрбек Турғунов катта-катта – оғизни тўлдириб мақтанишга арзийдиган қурилишларга бош бўла туриб ҳам рўёбга чиқарган улкан бунёдкорлик юмушлари хусусида бонг уришни ўзига эп кўрмайдиганлар хилидан. Якунига етказилган объектлар хусусида сўрагудек бўлсангиз, “ҳа, энди ишлаяпмиз-да, бу бизнинг вазифамиз”, деб кулибгина қўя қолади. Бу эса унинг камтар ва камсуқумлигидан даракдир.

Сирасини айтганда, Дониёрбек “тиши чиққанидан” буён айни шу соҳанинг қозонида қайнаб келяпти. Бундан 27 йил аввал ўрта мактабни битирибоқ отасига дангал гапни айтди: “Мен сиз билан ишлайман, изингиздан бормоқчиман, қурувчи бўламан”. Отаси Тўлқинбой ака ҳам шу соҳанинг одами – кўп йиллардан бери мазкур кўприк қурилиш отрядида ишларди. Хуллас, фарзанднинг раъйига қаралди, қизиқиш ва шижоатига тўсқинлик қилинмади. “Бу юмушнинг нони қаттиқ, оғир меҳнатига чидасанг бўлди”, дея оқ йўл тилади.

Қурилиш отрядига ишчи сифатида қабул қилинган Дониёрбек бир неча йиллар давомида отасининг ёнида юриб, соҳанинг сир-асрорларини, пасту баландини ўрганди. Устозларнинг ҳар бир ўгитини диққат билан тинглаб, амалиётда қўллашга одатланди. Шундан бўлса керак, олти йил деганда ташкилотда “катта уста” мақомига ўтказилди. Қурилиш ва муҳандисликнинг нозик қирралари билан танишавергач етарлича тажриба тўпланди, амалиёт бор энди айни йўналишда билимини мустаҳкамлашга аҳд қилди. Астойдил саъйи-ҳаракатлар натижасида Тошкент автомобиль йўллари институтида таҳсил олиб, ўз ишининг малакали мутахассиси бўлиб етишди.

Шундан бери, мана 18 йилдирки, унинг фаолияти ўзи ҳавас қилган ғала-ғовурга тўла, доимо ҳаёт қайнайдиган жабҳа билан чамбарчас боғлиқ. Бу орада қатор лавозим пиллапояларидан юқорилаб, бир пайтлар оддий ишчи сифатида ишга қабул қилинган корхонасига бугун раҳбар этиб тайинланди. Айни пайтда Дониёрбек Турғунов бош бўлган корхона Фарғона водийси бўйлаб темир йўл кўприкларини барпо этиб келмоқда. Шу кунга қадар кўплаб замонавий, мустаҳкам, аҳоли учун қулай бўлган кўприклар қурилишига бош бўлди.

Кейинги йилларда пойтахтимизда ва вилоятларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар учун шароит яратиш мақсадида кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда.

– Мамлакатимизда кўприк қуриш бўйича ўзига хос мактаб яратилди, – деган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев. – Кўприкларни барпо этган бунёдкорларга алоҳида миннатдорлик билдираман. Бундан кейин қуриладиган янги кўприклар ҳам сифатли, ҳам жуда пухта бўлиши керак. Бунинг учун кўприксозлик бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиб, тажриба алмашиб боришимиз зарур. Бир сўз билан айтганда, кўприклар ҳам бизнинг бунёдкорлик тимсолимизга айланмоғи зарур.

Демак, бу соҳада миллий кадрларга ҳам катта эҳтиёж сезилди ва албатта Дониёрбек каби ёш, ғайратли, ўз ишини юки ва залворини тўлақонли ҳис қила оладиган қурувчи муҳандисларга ишонч билдирилди.

Чунончи, кейинги пайтларда Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ва қўшни Қирғизистон Республикасидан айланиб ўтувчи асосий йўлларни мамлакатимиз ҳудудида қайтадан қуриш вазифаси Дониёрбек бошчилигида ўз муддат ва маромида, сифатли адо этилди. Шунинг баробарида, корхона мутахассислари юқори шиддат билан бунёд этилаётган “Тошкент” метрополитенининг Сергели тумани ҳамда Роҳат даҳаларидаги қисмида олиб борилган қурилиш жараёнларида ҳам фаол қатнашдилар.

Яқинда давлатимиз раҳбари илк йўловчиси бўлган Дўстлик-2-Қўйлиқ ер усти метросининг қурилиш ишларида фаол иштирок этган Дониёрбек Турғунов раҳбарлигидаги ишчилар телеэкран орқали воқеликни кузатаркан беихтиёр меҳнатлари самарасидан беҳад қувондилар. Инсон учун ҳам аслида энг катта бахт шу, яъни меҳнатларинг самарасини кўришдир.

Яна бир жиҳат. Мазкур корхона қошида барпо этилажак кўприклар учун плиталар, бетон йўлаклар ҳамда бошқа турдаги бетон жиҳозлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Андижон туманининг турли қишлоқларидан келган ўнлаб мавсумий ишчилар айни юмуш билан банд.

Албатта, кўприк барпо этиш, айниқса, темир йўл транспорти ҳаракатланадиган кўприк қуришнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун мутахассислар томонидан жуда кўп ҳолатлар, деталлар инобатга олиниши, майда-чуйда жиҳатларнинг ҳеч бири назардан қочирилмаслиги зарур. “Ангрен-Поп” темир йўл линиясининг очилиши бу борада Дониёрбек Турғунов бошчилигидаги мутахассислар учун ўзига хос синов ва мактаб бўлди. Жумладан, линиянинг Наманган вилояти Чодак қишлоғидан ўтган қисмида битказилган узунлиги 500 метр, баландлиги эса 54 метрга тенг кўприк муҳандис ва қурувчиларнинг машаққатли меҳнатлари маҳсулидир. Бугун эса бу йўл узра ҳар куни минглаб йўловчилар манзилларига етиб бормоқдалар. Эл-юрт хизматига камарбаста бўлиб, юртдошларимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш умидида хизмат қилиб элнинг дуосини олаётган Дониёрбекнинг келгусидаги режалари улкан, мақсадлари улуғ.

Феруза Орипова

(июн, 2020 йил “Зўр Тасвир” газетаси)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!