«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-20T20:21:58+05:0020 Aprel, 2021|Матбуот|

Санжар ҚУРБОНОВнинг ижодий ишлари

 

“ТАНҚИД ОБЪЕКТИ ҚОЛИБ, СУБЪЕКТГА ЭЪТИБОРНИ ҚАРАТИШ МУАММОЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТМАЙДИ, АКСИНЧА…”

Пандемия халқ сабрини синаяпти. Одамларимизнинг меҳр-оқибатли, аҳил эканлигига шубҳа йўқ. Аммо карантин даврида баъзи бир инсонларнинг касбига бўлган масъулияти, ўз вазифасига эътиборсизлиги, айрим ташкилот ва муассаса ходимлари, эҳтиёжманд кишиларга ҳомийлик қилаётган инсонлар кўрсатаётган ёрдамларини номигагина, телевидение учун ёки ўзини кўрсатиш учунгина бажаришаётгани кундек равшан бўлиб қолди. Буни ижтимоий тармоқларда ёритилаётган ҳали “темир дафтар” атрофидаги ҳангомалар тугамай туриб, навоийлик бўлажак журналист қиз тақдиридаги судгача етиб борган можаролар мисолида кўриш мумкин.

Ҳаётимиздаги мана шундай салбий ҳолатларнинг айримларини қаламга олиб, танқидий ўрганиб, уларни халқ эътиборига ҳавола қилаётган журналистлар меҳнати эътирофга моликдир. Бироқ бу баъзи инсонларга ёқмаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ушбу мақолада синовли даврда саховатпеша ҳомийлар, маҳалла фаоллари ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олишгани ва бу жараёнда юзага келган айрим кўзбўямачиликлар, ноҳақликлар қаламга олинган. Чунки “ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин” деган мақол бор ахир. Кузатганмисиз, аксарият аҳоли олаётган ёрдам пуллари ёки саховат эҳсонларини ОАВ лари орқали хабардор қилинишини истамайди. Хусусан, талаба журналист Махфуза Пўлатова эҳтиёжманд кишиларга ёрдам беришда баъзи ҳомийлар ҳар бир жараённи тасвирга олиб, телевидениеда кўрсатишни ташкиллаштиришаётганини ҳаётий мисоллар асосида кўрсатиб ўтган. Бу ҳолат Кармана туманидаги “Боғишамол” маҳалласида ҳам бўлиб ўтгани ва унда хўжакўрсинга қилинаётган ишларни муаллиф танқид қилган.

Мақола чоп этилгач, анча вақт ўтгач мақола ҳақида мендан сўрала бошлади. Кейин билдимки, мутасаддиларга мақолага муносабат билдириш вазифаси юклатилган. Бу орада М.Пўлатова яшайдиган “Боғишамол” МФЙ раиси М.Пардаев ушбу мақолани кўриб, у журналист қизнинг уйига боради.

М.Пўлатованинг маълум қилишича, раис унинг уйига борганда бу мақоладан норози кайфиятда эканлигини билдириб, унга камчиликларни эмас, маҳалланинг ютуқларини мақтаб ёзиши кераклигини айтади. Бундай ҳолларда орада анча-мунча гап ўтади. Ажабланарлиси, эртаси куни эрталаб М.Пўлатова менга қўнғироқ қилиб, отасини ён қўшниси дўппослаганини айтди. Шу заҳоти туман ички ишлар бўлимидан маҳалла профилактика инспекторининг телефон рақамини олиб, тезда воқеа жойига боришини сўрадим. Кармана тумани прокуратурасига бориб, прокурор қабулига киришимни маълум қилдим. Минг афсуски, ҳам журналист, ҳам депутат сифатида ваколатларимдан худди шу ерда фойдалана олмадим. Мени қабул қилишмади. Вақтни йўқотмаслик мақсадида туман пракуратураси ишонч номери орқали мурожаатимни қолдирдим. Бу орада Маҳфуза ижтимоий тармоқлар орқали ҳолатни баён қилган. Бунинг ортидан унинг курсдошлари, интернет сайтлар воқеликни ўрганишга киришган.

Тўғри, маҳалла раиси айтмоқчи бўлган мақтов гаплар ҳаммага ёқади. Бироқ юқоридаги каби камчиликлар, кўзбўямачилигу ноҳақликлар қачонгача босди-босди бўлиб қолаверади? Талаба қиз ушбу мақолада нафақат ўзининг атрофда кўрган-эшитганлари, балки ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазалар орқали жараёнларни таҳлил қилиб берган. Бундан кишилар ўзларига тўғри хулоса чиқаришлари лозим эди. Шунингдек, раис ва унинг ходимлари ўз ваколати доирасида эҳтиёжманд оилаларни рўйхатга олиш, уларга пул, озиқ-овқат тарқатиш борасида қилинаётган барча ишларга жиддий қараши, хўжакўрсинга қилинаётган ишларни ўзлари бош бўлиб назоратга олишлари, низолар юзага келишига йўл қўймасликлари зарур эди.

Маҳаллада ўтказилган суҳбатда ҳам мақолани ўқимай, унда кўтарилган масала моҳиятига бормай ёш журналистни айблаш томонга ўтиб кетилди. Аслида, Маҳфуза сингари қизлар маҳаллаларнинг фахри, умиди бўлиши керак. Жамоатчилик, отахон ва онахонлар ҳур фикрли ёшларни муносиб тарбияламоғи лозим.

Афсуски, мақолада тилга олинган онахон билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Тўғрироғи, бизни қабул қилишни хоҳламади. Буни эса онахоннинг виждонига қарши бормаслик йўлини танлади, деган хулосада қабул қилдик.

Бизнингча, маҳалла раиси муаллифнинг маҳалладош эканлигидан фойдаланиб, мақола моҳиятини яхши ўрганиб чиқиши лозим эмасмиди?! Танқидга тоқатсизлик ҳали ҳамон жамиятимиз ривожига кишан бўлиб турибди. Танқид объекти қолиб, субъектга эътиборни қаратиш муаммоларни бартараф этмайди, аксинча… Қолаверса, бу энди журналистика касбининг сир-асрорларини ўрганиб, дадил қадамлар билан соҳага кириб келаётган ғайратли, шижоатли ёшларнинг қизиқишларини сўндиришга, ҳуқуқларини поймол қилишга олиб келмайдими, деган ҳақли саволларни туғдиради.

8 сентябрь куни Кармана тумани маъмурий судида “аввалдан низоси бор” қўшниларнинг иши кўриб чиқилди. Эътибор беринг, низоли ҳолат айнан маҳалла мутасаддилари Р.Пардаевнинг уйига келиб кетгандан сўнг, эртаси куни содир бўлган. Олдин ҳам эмас, анча вақт кейин ҳам эмас. Лекин суд уларнинг ҳар иккаласига ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 41 ва 52 моддаларига асосан жарима жазосини қўллади.

Унинг ортидан эса, Бош пракуратуранинг “Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди” сарлавҳали хабари Кармана тумани прокуратураси томонидан ўрганилганлиги ҳақидаги муносабати эълон қилинди. Аммо мақола иштирокчилари ва муаллиф билан бирор марта ҳам суҳбат ўтказилмай қаҳрамонлари билан бирор марта ҳам суҳбат ўтказилмай, хулоса чиқарилди. Ҳатто, таҳририят нуқтаи назари ҳам қизиқтирмаган бўлса-я?

Маҳалла нега хатти-ҳаракатини яширишга уринади?

Тушунарсиз ҳолат

Аслида яхши амалларга ҳам, ёмонликларга ҳам доно халқимизнинг ўзи баҳосини беради. Маҳфуза сингари ёниқ қалб ёшлар ўз мақоласи орқали жамиятдаги қайсидир иллатларни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшаётганидан хурсанд бўлишимиз керак. Зеро, бугунги матбуот бугунги ҳаётимиздаги воқеликлар, реал ҳаётимизнинг ҳаққоний тасвирини ўзида акс эттирувчи ойна бўлиши зарур. Буни тўғри қабул қила олиш эса виждони уйғоқ, ориятли ва маданиятли кишиларга хосдир.

Санжар ҚУРБОНОВ,

“Навоий зиёси” газетаси бош муҳаррири,

Навоий шаҳар Кенгаши депутати.

Даракчи” газетаси, №33 (1112), 17 сентябрь 2020

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

ЗАМОНАВИЙ ДУНЁҚАРАШ ВА ПУХТА БИЛИМ –

БИНОСОЗНИНГ ИККИ ҚАНОТИ

Қурувчилар ҳақида гап кетганда, узоқ йиллик тажрибага эга касб эгалари кўз ўнгимизда гавдаланади. Бироқ бу галги қаҳрамонимиз ёш қурувчи. Ёш бўлса-да катта натижаларга эришган ва хорижда ҳам ўз меҳнати билан эътирофга сазовор бўлган биносоз.

Меҳрож Раҳматов 29 ёшда. Тиббиёт йўналишида таҳсил олган. Стоматолог ва пластик жарроҳ. Хўш, қурилишда нима қилиб юрибди, дейсизми? Ҳамма гап шунда. Инсон бирор соҳада ўқиб, маълумотли бўлиши, лекин умуман бошқа соҳада муваффақиятга эришиши мумкин. Буни айни Меҳрожнинг ҳаёт йўлида кузатасиз. Отаси Самад Раҳматов – стомaтолог. Балки битта ўғилнинг ўз изидан боришини истагани учун шифокор бўлишини хоҳлагандир. Нима бўлганда ҳам Меҳрож шифокорлик томон қадам ташлади. 2010 йил Украинада, 2013 йил Германиянинг Гамбург шаҳридаги тиббиёт институтларида таҳсил олди. Ўқиш йиллари Киев ва Гамбург шаҳарларида “Ўзбек дастурхони” номли тамаддихоналарни очиб, хизмат кўрсатиш соҳасида тажриба орттирди. Архитектура ва интерьер дизайнига бўлган қизиқиш унинг қурилиш соҳасига кириб келишига туртки бўлди. Хориждаги таълим давомида дарсдан кейинги меҳнат фаолияти қурилишларда бўлганлиги ва у ердаги тажриба соҳага кириб келишига сабаб бўлди. Ён-атрофида доим ёшлардан иборат тадбиркорликка қизиқувчи тенгдошлари, профессионал жамоани шакллантиришга бўлган ҳаракатлар ўз натижасини бера бошлади.

Ўзбекистонга қайтгач, ўзининг дастлабки иши Самарқанд шаҳридаги “Эмирхан” меҳмонхонасининг қурилиши бўлди. Шу тариқа хонадонлар, енгил конструкцияли биноларнинг лойиҳасидан тортиб, қурилишигача бўлган ишларни амалга ошириб борди. 2016 йил 23 ноябрда “NAVOI GOLDEN HOUSE” МЧЖни ташкил этди. Бу вақтда корхона ўн нафар ишчи, бир дона 50 тонналик автокран, битта экскаватор, икки дона “MAN” русумли 20 тонналик самосвал билан фаолият юритар эди. Орадан уч йил ўтиб, бугунги кунда масъулияти чекланган жамиятда 31 нафар доимий ишчи-ходим, 100 нафарга яқин мавсумий ишчи, 13 та техника ва битта бетон заводи ишламоқда.

Айни пайтда “NAVOI BRIGHT BUILDINGS THE FUTURE” номи остида иш олиб бораётган МЧЖ мамлакатимиз билан бир қаторда хорижда, хусусан, қўшни мамлакат­ларда ҳам ўз фаолиятини юритмоқ­да. 2016 йилнинг ўзида Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида “Оқ масжид”нинг ташқи гранитларини айнан навоийлик усталар бунёд этишди. Бу жараёнда “Аntonovich.design” интерьер компанияси билан келишув амалга оширилди.

2018 йилда Навоий шаҳридаги “Форобий” кўчасида Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг умумий қиймати икки миллиард сўмлик биноси, Бухоро шаҳридаги “Роҳат” ресторани қуриб берилди. Айни пайтда Навоий шаҳридаги Амир Темур кўчаси 44-“А” манзилида 8 қаватли, 98 хонадондан иборат 1-7 хонали, 31 миллиард 600 миллион сўмлик “ақлли уй” типидаги турар-жой биноси қурилмоқда.

– Мазкур иншоот бунёд этилса, ҳар бир хонадонга махсус телефон­лар тақдим этамиз ва айнан мана шу восита орқали уйнинг ташқариси ва ичидаги барча электрон техника­ларни бошқариш мумкин бўлади, – дейди ёш тадбиркор. – Сиз хоҳлаган жойда туриб эшикни очиб-ёпишингиз, хона ҳароратини назорат қилишингиз мумкин. “Дазмолни ўчирган эдимми?” деб хавотирланишингизга ҳожат қолмайди.  Телефон орқали турган жойингизда текшира оласиз.

“Гулистон-3” массивида 250 ўринли олти миллиард сўмлик, уч миллиарди жамият улуши бўлган “Болажон” номли хусусий болалар боғчасининг қурилиш ишлари давом этмоқда. Мазкур мактабгача таълим ташкилоти ишга тушиши билан 41 та янги иш ўрни яратилади.

Кейинги лойиҳаларда Кармана тумани ҳудудида беш юлдузли меҳмонхона ва замонавий кўп тармоқли поликлиника қуриш режалаштирилган. Бу ҳам 2021 йилда амалга оширилади.

Хориж томон йўл

Ёш тадбиркор Хитойнинг қурилиш техникалари ишлаб чиқарувчи “DASION” компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда. Унинг Ўзбекистондаги диллери сифатида энг замонавий қурилишга хизмат қилувчи машиналар билан мамлакатимиздаги қурувчиларни таъминлаяпти. Мазкур техникаларнинг энг кўп харидорлари Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари қурувчилари ҳисобланар экан.

Катта мақсадлар билан яшаш керак. Меҳрож бошчилигидаги корхонанинг ана шундай улкан режаларидан бири 2023-2025 йилларда Дубай шаҳридаги “Hilton” меҳмонхонаси қурилишида иштирок этиш. Меҳмонхонанинг саккиз миллион 700 минг АҚШ долларга баҳоланган монолет қисмини айнан юртимиз бунёдкорлари томонидан барпо этилиши ёш қурувчининг халқаро миқёсда катта обрўга эга бўлишига замин яратади.

– Ҳозирда бино архитектурасининг фундамент қисми бизни жуда қизиқтирмоқда, – дейди қаҳрамонимиз. – 40-50 қаватлик иншоотларнинг пойдевори лойиҳада асосий ўрин эгаллайди ва бу бўйича бизда тажриба етарли эмас. Дубай шаҳридаги энг баланд иморат “Бурж-ал Халифа”нинг бош инженери Стив Мартин билан виртуал танишиб, алоқада бўлиб турибман. Келгусида, албатта, у билан учрашаман. Ўрганишдан тўхташ йўқ. Дубай ҳам қумда бунёд этилган. Чўл зонасидаги Навоий шаҳри ёки бошқа шаҳарларимизда нега 100, 120 қаватли биноларни қурмас эканмиз. Буларнинг ҳаммасини қилишимиз мумкин.

Архитектура – жаҳон миқёсида янгилик энг кўп кириб келаётган соҳалардан бири. Лекин ҳалигача қурилаётган баъзи биноларимиз эскича дизайн ва усулларда бунёд этилмоқда. Шаҳарсозлик бугун умуман янги қиёфага кирди.

Меҳрож Раҳматов билан суҳ­батлашар экансиз, унинг ғоялари реал ҳаётни синовдан ўтган тажрибалар билан ривожлантиришга қаратилганлигини кўрасиз. Унинг давлат хизматлари кўрсатиш ҳақидаги фикри ҳам тажрибага асосланган.

– Биласиз, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давлат хизматлари марказлари фаолиятини бошлади, – дея суҳбатни давом эттирди М. Раҳматов. – Хорижда мазкур марказлар 600 дан ортиқ хизматларни кўрсатади. Бизда эса бу кўрсаткич 100 тадан ошди. Аслида мазкур соҳада ҳам тадбиркорлар хусусий корхоналар ташкил этиши мумкин. Биз келгусида 24 соат ишлайдиган давлат хизматлари кўрсатиш агентлигини ташкил этмоқчимиз. Масалан, ҳозирда биргина қурилиш ёки бинога энг зарур газ, сув, электр ўтказишингиз учун камида икки ой вақтингиз кетади. Давлат хизматлари бунда энг тез хизматни кўрсатиши, бунинг учун 24 соат ишлаши лозим. Масалан, тун ярмида уйингизда нимадир бузилди ёки узилди. Сиз кимни чақирасиз? Тонг отишини кутасиз. Биз шу вазиятда ҳам ҳеч оғринмай хизмат кўрсатадиган агентлик лойиҳасини, албатта, амалга оширамиз.

Рақобатдан қўрқмаслигини айтган қаҳрамонимиз “Бунинг сабаби асосан, профессионалларга тая-нишим эвазига”, дейди. Ёш тадбиркорнинг соҳа юзаси-дан фикрлари аслида унинг ҳаётий қарашлари билан вобаста: “Қурилишда ҳар қандай вазиятга тайёр туриш керак. Ва, албатта, сизда доим иккинчи йўл – захира бўлиши зарур. Захира бу – билим, захира бу – интеллект ва кучли жамоа”.

Санжар ҚУРБОНОВ,

“Навоий зиёси” 2020 йил 10 сентябрь, №30-31 сон 6 августь 2020

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

ГМО

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ ТАБИИЙ МАҲСУЛОТЛАР ИСТЕЪМОЛИ БИЛАН МУСТАҲКАМЛАШИМИЗ МУМКИН

Боғларимиз, полиз экинларининг серҳосил бўлиши учун уларга ўғитлар қуйилиши сир эмас. Сўнгги пайтларда мазкур озиқ­лантирувчиларнинг сон ва сифат жиҳатдан такомиллашиб, қишлоқ хўжалигидаги барқарор ўсиш суръатини таъминлаётгани эса қувонарли ҳол. Шу боис ҳам бозорларимиз қишин-ёзин она заминимизда етиштирилган маҳсулотлар билан тўкин. Бу расталарни четдан импорт қилинаётган айрим қимматбаҳо мевалар ҳам безаб туради, аммо улар ҳар доим ҳам фойдали эмас. Мутахассислар баъзи полиз ва боғ маҳсулотларининг гени ўзгартирилаётгани ҳақида бонг уришмоқда. Олимлар буни илм тараққиёти, бироқ табиийлик таназзули деб қабул қилишаяпти.

ГМО, яъни Генетик модификацияланган организмлар бирор ўсимлик ген кодларига ёт микроорганизм ҳужайраларини “елимлаш” орқали ҳосил қилинмоқда. Бу гўё ўлик тана ҳужайраларини тирикларига улаб чиқаётган Франкиштейн лабораториясини ёдга солади. Масалан, озиқ-овқатларимиз қаторининг асосини ташкил қиладиган севимли картош­каларимиз, хусусан уларнинг “Голландский” турига сичқон ёки чаён гени қўшиларкан. Натижада, ҳеч қандай қурт-қумирсқа емайдиган, узоқ муддатли, рисоладагидек таъмга эга сабзавотлар уйимизнинг тўридан жой олади. Шунингдек, помидор ва ер тутга полёр комбал гени чатиштирилиши билан, бу мевалар совуққа чидамли, айниш, чириш ҳодисасидан бироз узоқ бўлган истеъмол маҳсулотига айланади.

  • ГМО – Генетик модификацияланган организмлар. Булар организмга янги хусусиятларни (айрим гербицидлар, зараркунандалар, касалликлар ва шўрланишга, юқори ва паст ҳарорат таъсирига чидамлилик, ҳосилдорлик, калориялилик ва бошқалар) бериш мақсадида ген муҳандислиги усули ёрдамида генотипи табиатда имкони бўлмаган услубда ўзгартирилган ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидаги организмлар; пировард маҳсулот сифатининг ўзгариши (ранги, таркиби, сақлаш давомлилиги, етилиш муддатлари); атроф-муҳитни ифлослантирувчи органик моддалар ва оғир металлардан тозалаш муаммоларини ҳал этиш; ўсимлик организмидаги муайян бирикмалар (шу жумладан фарм­препаратлар) синтезини таъминлаш ҳамда ўсимликлардан ушбу бирикмалар ҳосил қилинадиган фабрика сифатида фойдаланиш

Жаҳон целекционерлари бу йўл инсониятни очликдан қутқаради, деган тахминни илгари сурмоқда. Қайсидир маънода мазкур фикр ўз асосига эга. Дейлик, агар помидор ва қулупнай совуққа чидамли бўлса, уларни ҳар қандай иқлим шароити, хусусан, олис шимолда ҳам етиштирса бўлади, картошкалар эса ҳашоратлар ҳужумидан ҳоли бўлгани учун исталганча муддатда сақланиши мумкин. Шу боис, айрим давлатларда ушбу турдаги маҳсулотларни етиштириш ва аҳолига сотиш қонунан белгилаб қўйилган. Евро­пада маҳсулот таркибида 9 фоиздан ошмаган миқдорда ГМО бўлиши аллақочон меъёр сифатида қабул қилинган. Японияда бу кўрсаткич 5 фоиз, АҚШда 10 фоизни ташкил этади. 2009 йилда Украина Вазирлар маҳкамаси ҳам ГМО маҳсулотларни рўйхатга олиш тартибига доир қарор қабул қилди. Бу жараён айни пайтда Европа меъёрларига асосан амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур давлатларда гени ўзгартирилган маҳсулотларга у ҳақда маълумот берувчи махсус ёрлиқ ва муҳр босилиши қатъиян белгилаб қўйилган. Россия Федирацияси қонунларида кўрсатилишича ГМО махсус белгисиз сотувга чиқарилса, чора шу корхонани ёпиш даражасигача кўрилиши мумкин.

Мамлакатимиз биохавфсизлик бўйича Картахена протоколига 2019 йилда қўшилган эди. Картахена про­токолига қўшилиш мамлакатимиздаги ГМО билан боғлиқ ҳолатга қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги парламентарийнинг саволи юзасидан собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов  норматив талаблар, хусусан, озиқ-овқатларда ГМО таркибининг рухсат этилган чекланган меъёри – 0,9 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда белгиланишини айтган эди. Бунда болалар овқатларида – бундай таркибга йўл қўйилмайди.

Вазирлик раҳбари ички қонун ижодкорлиги ишларига оид режалар ҳақида ахборот бериб, яқин истиқболда бир қатор ваколатли вазирликлар ва идораларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқилган ГМО ва ген муҳандислиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламентга киритиш мўлжалланаётгани ҳақида хабар берган эди. Орадан 2 йил ўтса ҳамки, энг долзарб бўлиб турган озиқ-овқат хавфсизлиги ва ГМО масаласида ҳали бирор ҳаракат сезилгани йўқ. Биз бугун Олий Мажлис депутатларидан миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ билан уйғунлаштирган ҳолда Ўзбекистонда таркибида ГМО бўлган маҳсулотлар оборотини тартибга соладиган Қонунни тез фурсатда қабул қилишни талаб қилишимиз зарур.

  • Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенцияга (Рио-де-Жанейро, 1992 йил 5 июнь) Монреалда 2000 йил 29 январда Протокол имзоланган. Протокол биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишга нохуш таъсир кўрсатишга қодир бўлган, ўзгартирилган барча тирик организмларни трансчегаравий олиб ўтиш, транзити, уларга ишлов бериш ва фойдаланиш борасида инсон соғлиғига хавф солиши мумкинлиги ҳам ҳисобга олинган ҳолда қўлланилади.

Хўш, бу маҳсулотлар соғлигимизга зарарми, фойдами? Айни саволга аниқ бир ечим ҳамон топилгани йўқ. Баъзи олимлар ГМОнинг киши био­логиясига жиддий таъсири ҳақида айтиб, ҳаётга татбиқ этилишига мутлақо қарши бўлса, айрим илмий доирадагилар бу келажакда башариятга хавф солиши мумкин бўлган очлик муаммосига муқобил ечим дея бонг уришаяпти.

– Бу масалага муаммо ёки имконият деган яхлит назария билан қараш мушкул. Бир ўйлаб кўринг, жаҳон бозорларини тўлдириб турган бир хил шакл ва ҳажмдаги памидорлар. Улар чиндан ҳам гўзал, аммо табиий шароитда бундай ўлчамнинг бўлиши мумкин эмас. Бир хил кўринишдаги помидорлар одатда гулғунчалик даврида гибрелла аралашмасига ботириб олинади. Бу припарат полиз экинининг бир текис ривожланишини таъминлайди. Ёки дони йирик чиройли кўринишдаги, мағзи этли-ю, данаги деярли кўринмайдиган баъзи узумларни олайлик. Улар ҳам айнан шу технология асо­сида етиштирилган бўлиб, мазкур меваларнинг уруғларидан қайта фойдаланишнинг иложи йўқ. Уларнинг пучлиги илмда исботланган. Минг таассуфки, гибрелла бу меваларга қандай таъсир этган бўлса, истеъмолдан сўнг инсон организмида ҳам худди шу тахлид намоён бўлади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Пахтачи туман бўлими катта инспектори Зоҳид Сафаров.

Соя мойи, консерва маҳсулотлари, ярим тайёр озуқалар, пичениелар, музқаймоқлар, салқин ичимликлар (айниқса кока-кола, пепси), колбаса, сосискалар йирик ҳажмли ер тут, маёнез, кетчуплар ГМОларнинг кенг тарқалган турларидан ҳисобланади.

Мутахассислар мазкур трансген маҳсулотларининг салбий оқибатлари ҳақида аниқ маълумот бермаётган бўлса-да, уларнинг танамиз­даги моддалар алмашинуви ва оқсиллар бўлинишига “электр токи” мисол таъсир этишини яширишмаяпти. Ахир шу далилнинг ўзиёқ трансгенлар саломатлигимиз кушандаси эканлигига исбот эмасми?! Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги пайтларда кишилар ўртасида аллергик ва ўсма касалликлари(рак)га чалинаётганлар сони сезиларли даражада ошган. Шунингдек, ошқазоничак хасталикларининг ҳам ҳар икки кишига тўғри келаётгани мута­хассисларни ташвишга солмоқда. Боиси, инсон организмининг айнан шу қисми бутун тана иммунитетининг 70 фоизини ўзида тутиб туради. Иммунитетнинг пасайиши эса соғликнинг тизгинидан ситила бориши демакдир. Энди таҳлилларга ўтсак, гени ўзгартирилаётган маҳсулотлардан фойдаланиш тақиқланмаган АҚШда аллергик касалликлар билан оғрийдиган беморлар 70 фоизни ташкил этаркан. Сунъий озуқалар истеъмоли чегараланган Швецарияда эса аллергик касалликларга чалинганлар рўйхати 7 фоиздан ошмаган. Буни шунчаки тасодифга йўйиш мушкул.

– Айрим маҳсулотларнинг таркиби ўзгартирилаётгани ҳақида манбалардан маълумот олганман. Айниқса, бугун бозорларимизда кенг тарқаган броллер – юмшоқ жўжа гўштларига махсус гармонлар қўшилаётгани таъбимни хира қилди. Тўғри, бу гўштлар таркибидаги кимёвий таъсирларнинг ўз меъёри бор, бироқ айрим “уддабурон тадбиркорларимиз” ана шу меъёрга амал қилмай, сервазн парранда гўштини 40 кунда етиштираётгани мутасаддилар томонидан аниқланган. Мен оиламда бу каби маҳсулотлар истеъмолини ҳозирда чегаралаганман, – дейди Халқ депутатлари Пахтачи туман Кенгаши депутати, ўқитувчи Сурайё Абдуллаева.

ГМОларни ҳаётга татбиқ этиш, кимларгадир мўмай даромад келтираётгани сир эмас. Гап шундаки, жаҳон бозорида нормал шароитда етиштирилган маҳсулотлар трансгенларидан кўра анча қиммат туради. Бу ҳолатда авом халқ табиийки, кўриниши чиройли, нархи ҳам “чўнтакбоп”ларини танлайди. Масалан, дунё расталарида табиий ҳолда етиштирилган буғдой қиймати 300 доллар, трансгенлариники эса 40-50 долларни ташкил этади. Айни пайтда қай бири серталаб маҳсулот эканлигини англаш қийин эмас.

Шу тоб мамлакатимизда аҳоли томорқаларидан фойдаланиш маданияти ҳамда самарадорлигини ошириш ва аҳоли ўртасида паррандачилик, чорвачилик, балиқчиликни ривожлантириш вазифаларининг туб моҳияти яққолроқ намоён бўлади. Бунда наинки халқ фаровонлиги, балки мустаҳкам соғлигимиз кафолати мужассам. Зеро, боболаримиз айтганидек  “Тоза луқма – танга юқма” демакдир.

Санжар ҚУРБОНОВ,

“Пахтачи” газетаси, № 9 (7156) сон 31 март 2020

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

СУВ ТАЪМИНОТИ:

уни етказиб бериш тарифлари нега  оширилмоқда?

 

Шу кунларда одамлар орасида “Сув таъминоти” МЧЖ томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифининг оширилиши ҳақида кўп гапирилаётгани барчамизни бефарқ қолдирмаяпти. Хўш, ҳақиқатан ҳам “Навоий сув таъминоти” МЧЖ сув таъминоти бўйича истеъмолчиларга етказиб бераётган сув нархларини оширмоқчими? Бунинг қандай сабаблари бор?

Юртимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, бу борада халқнинг талаб ва эҳтиёжлари, мавжуд сув манбаларининг, ҳудудларнинг ҳолатини ҳисобга олиб, замонавий лойиҳаларни амалга ошириш давр талабидир.

Жорий йилдан ўз фаолиятини бошлаган “Навоий сув таъминоти” МЧЖ вилоятимиз бўйича жами 87 минг 512 нафар абонентларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Шу йилнинг ўтган январь-июль ойларида корхона томонидан аҳолига 8 537,5 миллион сўмлик ва улгуржи истеъмолчиларга 2 706,1 миллион сўмлик ичимлик суви ҳамда оқова сув хизматлари кўрсатилди.  Бироқ шуни қайд этиш лозимки, шу йилнинг 1 август ҳолатига корхонанинг дебитор қарздорлиги 6 580,7 миллион сўмни ташкил этиб, барчаси аҳоли абонентлари ҳиссасига тўғри келяпти. Дебитор қарздорлик эса йил бошига нисбатан  2 540,4 миллион сўмга ўсган.

ОЛДИМИЗДАН ОҚАЁТГАН СУВНИНГ ҚАДРИ БАЛАНД БЎЛАДИ

– Корхонамиз томонидан истеъмолчиларга етказиб бериладиган 1 метр куб ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифини ошириш кўзда тутилмоқда, – дейди “Навоий сув таъминоти” МЧЖнинг Молия-иқтисодиёт масалалари бўйича директор ўринбосари Саидазим Шерназаров. – Чунки жамиятнинг моддий техника базаси етарли эмас, борлари ҳам носоз ва эскирган. Бу эса тармоқларда ҳосил бўлган аварияларни ўз вақтида бар­тараф этишда ноқулайликлар туғдиряпти.

Бундан ташқари, корхонада ишчи-ходимларнинг иш хақидан, солиқ тўловидан, “Дамхўжа сув таъминоти” МЧЖдан, Навоий вилояти “Иссиқлик манбаи” ДУКдан ва бошқа жойлардан қарздорлиги мавжуд.

Жамият балансидаги сув иншоотларининг 28 таси, 463,4 км. ичимлик сув қувури, 95 та насос, 49 та сув сақлаш ҳовузи, 34 та сув минораси ва 5 та сув қудуқлари эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Корхонанинг яна бир оғриқли нуқтаси шундаки, бу ерда ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари жуда паст. Бу эса ўз навбатида иш сама­ра­дорлиги пасайишига ва кадрлар қўнимсизлигига олиб келмоқда. Мана шу ҳолатлар инобатга оли­ниб, корхона томонидан истеъмолчиларга етка­зиб берилаётган ичим­лик суви ва канализация хиз­матлари тарифи оширилиши режалашти­рил­моқда.

Ушбу корхона томонидан оширилиши режала­ш­ти­рилаётган 1 метр куб ичимлик суви ва кана­лизация хизматлари тарифларига эътибор қа­ратсак. Унга кўра, ичимлик суви бўйича аҳоли учун – 2 600 сўм, бюджет ва бошқа улгуржи истеъмолчилар учун – 7 000 сўм, канализация хизматлари бўйича аҳоли учун – 2 000 сўм, бюджет ва бошқа улгуржи истеъмолчилар учун – 5 500 сўм нархлар белгиланиши таклиф қилинмоқда.

Қайд этиш лозимки, вилоятимизда чет эл инвестицияси ҳисобидан 12,5 миллион АҚШ доллари, республика бюджети ҳисобидан 0,435 миллион АҚШ доллари молиялаштирилиши натижасида вилоятнинг 5 та туманида 23 та сув тарқатиш иншооти, 22 та сув тарқатиш минораси ва 23 та қудуқ қурилиши, 466,2 км. сув тармоқлари тортилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ҳақиқатда эса ҳозирги вақтда 5 та сув тарқатиш иншооти, 1 та сув тар­қатиш минораси, 2 та қудуқ қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган 18 та сув тарқатиш иншооти, 21 та сув тарқатиш минораси, 21 та қудуқ қурилиши охирига етказилмай қолиб кетган. Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган кредитлар бўйича амалга оширилаётган ишлар охирига етказил­маган. Натижада “Навоий сув таъминоти” МЧЖда Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит бўйича асосий қарз ва фоиз тўловларини тўлашда қийинчиликлар юзага келмоқда.

Ҳозирги вақтда “Навоий сув таъминоти” МЧЖ мутахассисларининг таъкидлашларича, агар корхона истеъмолчиларга етказиб бераётган ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифини оширса, сув тармоқларидаги мавжуд аварияларни бартараф этиш, таъмирталаб қувурларни, ҳовузларни босқичма-босқич реконструкция қилиш, эскирган сув насосларини эса энергия тежамкор замонавий насосларга алмаштириш ҳамда ишчиларнинг иш ҳақларини ҳам бирмунча ошириш имкониятлари яратилар экан. Албатта, бу тоза ичимлик сувини йўқотишлар даражасининг кескин камайишига ҳам ёрдам беради. Шу кунларда ушбу масъулияти чекланган жамият ўзининг мазкур тариф кўрсаткичларининг оширилиши билан боғлиқ таклифларни Халқ депутатлари Навоий шаҳар ва вилоят Кенгаши депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйишган.

Вилоятимизда фаолият кўрсатиб келаётган Навоий вилояти “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 январдаги “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг соҳага оид бўлмаган, ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этилмаган активларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 23-сонли қарорининг 4-бандига асосан вилоят Молия бош бошқармасининг 2020 йил 3 августдаги №ТМ-08-82-сонли Декларация ҳужжатларига кўра 2020 йил 20 августдан бошлаб истеъмолчиларга етказиб бериладиган иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова (канализация) хизмати, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, оқова сувни биокимёвий тозалаш хизмати, техник ва ирригация сувларини қувур орқали етказиб бериш хизматлари бўйича тариф нархларини ўзгартирди.

– Ҳозирги вақтда биз Навоий шаҳри, Зафаробод қўрғони, Учқудуқ тумани ва Зарафшон шаҳрига, Кармананинг “Дўстлик” посёлкасидаги кўп қаватли уйлар, ётоқхоналарга иссиқ, совуқ сув ва оқова сув тармоқлари ҳамда иссиқлик энергияси бўйича хизмат кўрсатиб келяпмиз, – дейди Навоий вилояти “Иссиқлик манбаи” ДУК матбуот котиби Алижон Низомов. – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида давлат унитар корхонамиз қайта ташкил этилгач, белгиланган лойиҳалар асосида иссиқлиқ таъминоти тизимларини, кўп қаватли уйларнинг иссиқ ва совуқ сув тармоқларини таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз. Корхонамиз томонидан аҳолига кўрсатилаётган иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари учун янгиланган нархлар (тарифлар)ни жумладан, биргина Навоий шаҳри мисолида қуйидаги жадвалда аниқ кўришимиз мумкин:

(БУ ЕРДА НАРХ-НАВО БЎЙИЧА ЖАДВАЛ БЕРИЛГАН).

Бундай нархлар белгиланишида истеъмолчилар учун белгиланган тарифлар кўрсатилган хизматларнинг таннархини ҳамда уларни ривожлантиришга оид харажатларни тўлиқ қоплаши кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур давлат унитар корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва оқова (канализация) тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 05/1-4774-сонли топшириғи ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2019 йил 11 апрелда чиқарилган “Ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун махсус устама ҳақ миқдо-рини белгилаш тўғрисида”ги Қ-69-сонли қарорига асосан, 2020 йил 20 августдан бошлаб вилоятда ичимлик суви таъминоти хизматлари учун махсус устама ҳақи миқдори 50 сўм/м3 ва оқова сув (канализация) хизматлари учун махсус устама ҳақи миқдори 50 сўм/м3 қилиб белгиланди.

Сув – бебаҳо неъмат, уни увол қилиш эса гуноҳ…

Бугунги кунда Навоий вилояти, унинг туман ва шаҳарларида сув таъминоти билан боғлиқ барча лойиҳаларнинг сифатли бажарилиши, ажратилаётган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши, уларнинг халқимиз эҳтиёж ва имкониятларига нечоғли мос келиши ҳокимликлар, вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари томонидан ўрганиб борилиши йўлга қўйилмоқда. Аслида бу ишлар бундан бир неча йиллар илгари бошланиши керак эди. Шунингдек, ичимлик суви тарифларини тасдиқлаш ҳам Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ваколатига ўтказилди. Бу бежиз эмас.

Маълумки, 2020 йил 25 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомил­лаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга кўра, эндиликда тадбиркорларга насос ва сувни чучуклаштирувчи ускуналарни харид қилганлик учун компенсация берилади. Шу билан бирга 2020 йил 1 октябрдан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар маҳаллий Кенгашлар розилиги билан амалга оширилиши, сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар монополияга қарши курашиш ва нархларни тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, маҳаллий Кенгашлар қарори билан маъқуллангандан сўнг тасдиқланиши ҳамда 2021 – 2022 йилларда 30 та туман ва шаҳарларнинг ичимлик суви таъминоти тизимлари тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида топшири­лиши белгилаб берилди.

Бу эса аҳолининг сув таъминоти билан боғлиқ тўпланиб қолган кўплаб муаммоларини ўз вақтида ижобий ҳал этишда, тоза ичимлик суви етиб бормаган ҳудудларни сув билан таъминлаш сифатини оширишда ва сув нархларига оид тарифларни ҳар томонлама пухта ўйланган режалар асосида ўзгартиришда муҳим аҳамият касб этиши аниқ.

Афсуски, бугун дунё миқёсида тоза ичимлик суви захиралари ва манбалари жуда кам ҳамда бундай тоза сув барча халқлар ва барча ҳудудларга тенг миқдорда тақсимланмаган. Айрим мамлакатлар аҳолиси сув­сизликдан, тоза сув танқислигидан азият чекишади, уни қиммат нархларга сотиб олишади. Биз эса ҳалиҳануз олдимизда турган бу улуғ неъматнинг бебаҳо эканлигини етарлича ҳис этмаяпмиз. Зеро, кўчаларда, аҳоли яшаш хонадонларида, ҳар қадамда сувни исроф этаётган инсонларни кўп бора учратяпмиз. Уларни кўрганда, “сувни хор этиб, сўнг унга зор бўлиб қолмасмикинмиз” дея ўйлаб қоласан киши.

ХУЛОСА ШУКИ…

Нима бўлганда ҳам, сув етказиб бериш нархлари қанчага оширилишидан қатъи назар ҳар бир истеъмолчи ундан тежамкорлик билан, оқилона фойда­ланиши зарур. Боболаримиз бежизга ёшларга тилак билдирганда “сувдек сероб бўлинглар” дейишмайди. Зеро, она табиатнинг бир бўлаги, мўл-кўлчилик, барака манбаи бўлган бебаҳо неъматни – сув захираларимизни увол қилмай, унга эътиборсиз муносабатда бўлмай, аксинча, эртанги авлодларимиз учун ҳам асраб қолишни жиддий ўйлашимиз керак.

Санжар ҚУРБОНОВ,

“Навоий зиёси” газетаси, №40-41 сон 12 октябрь 2020 йил

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

У НЕГА КЕТМАЯПТИ?

(журналистик суриштирув)

Инсоният учун навбатдаги абсурд!

Гарчи, Уни кимса кутмаган эди. Ҳатто, ўша, ҳар балони еяверадиган хитойларнинг таомномасида ҳам “Ундан панд ейиш” ёзилмаганди. Бултурги кузда “Сариқ аждар юрти”нинг бир кунжагида бу балонинг тарқалаётгани хабаридан ҳар ким ўзича хулоса ясаганди. Сиёсатпарасти “Ўйин бу! Демографик портлашнинг кўрсаткичларини қисқартириш учун махсус ўйланган ўйин!”, – деган бўлса, диндори “Уйғур мусулмонларига кўрсатаётган зулмлари учун хитойларга келган Худонинг қаҳри!”, деди. Олими “Бу фитна! Фитна бўлмаса, нима учун Ухон вилояти лабараторияларида Уни илк бор аниқлаган докторларнинг ҳаммаси бедарак йўқолди? Бирортасининг телефонига тушиб бўлмайди, лоақал?”, – дея бонг урган эрса, руҳшуноси “Инсоният учун навбатдаги абсурд!”, – деб ташҳис қўйди.

Кўп ўтмади. У яжуж-мажуж мисол “Хитой девори”ни ошиб ўтиб, дунёга тарқалди. Ва бизга – Ўзбекистонгаям кириб келди. Аммо анча шум экан: Хитой қолиб, Туркиядан, толиба қиз билан бирга келди, аввалбошда. Кейин-кейин Фарангистондан пойтахтимизга “ташриф буюрдилар”. Ниҳояти, Фарғонада умра сафаридан Уни етаклаб қайтган онахон уйида юз йигирма кишилик зиёфат бердию…

У кетмади…

Ҳукуматимиз раийятга уқтирди: қўлингни кунига фалон марталаб, пистон сониядан совунлаб юв, айниқса кирсовунни аяма – У кетади! Раийят риоя этди. Қўллари оқариблар кетди. Дўконларда совунлар олатасир сотилиб кетди. Кечагача ит ҳам сўрамаган кирсовун талош бўлиб кетди… У кетмади.

Баъзи “луқмони ҳаким”лар авомга маънилатди: кунора “юз-юз” отиб туринглар, спирт инфекцияни қирқади – У кетади! Авом бажонидил бажарди. Қанчаси уйига эмаклаб кетди. Мастлик касрига нечта оила ажрашиб кетди. Яна нечтасини сархушлигида машина уриб кетди… У кетмади.

“Халқ табобати”дан ақл сўққанлар бўлди: саримсоқ даво экан! Оқибатда, саримсоқнинг килоси тўқсон минг сўмгача сакраб кетди… У кетмади.

Уламо башорат қилди: ҳаво ҳарорати йигирма беш даражадан юқори иссиқ бўлса, У кетади! Саратонда ҳаво эллик даражадан ошиб, қизиб кетди. Улус уйида қамалиб ўтирган жойида қора терга тушиб кетди. Сувлар офтобда танни куйдиргулик бўп кетди… У кетмади.

Вазирлар қарор устига қарор чиқарди: уйда ўтиринглар! Кўчага бесабаб чиқманглар! Чиқсанглар ҳам тиббий ниқоб тақиб, оғиз-бурунни ёпиб чиқинглар!.. Уйда ўтиравериб, юраклар қон бўлиб кетди. Болаларку роса сиқилиб кетди. Уч юз сўмлик тиббий ниқоблар – уч минг сўмгача баландлаб кетди. Баридан баттари, рўзғорларнинг ҳоли танглашиб кетди… У кетмади.

Тақво аҳли ваъз ўқиди: ибодатни кучайтиринг, истиғфор айтинг, таҳоратни мукаммал қилинг, ёлвориб Ўзига ўтининг!.. Илми етса-етмаса, “художўй” кўпайиб кетди. Ўйингоҳлар – хонақоҳга дўнди. Катта-катта майдонлар (Фарангистон), кўчалар (Андалусия), йўллар (Чин) саждага бош қўйганларга, муножот қилаётганларга тўлиб кетди… У кетмади. Бир муддат кетгандаай бўлдию бўлакча авжда қутурди. “Иккинчи тўлқин”, деди билгичлар. “Covkars 2”, деди янада билгичроқлар. Бунисининг “найзача”лари эгилувчан экан. Илиб қолса, бас, илдиз отмай қўймасакан. Қисқаси, буниси унисидан ёмонроқ чиқди.

Пул керак

Билониҳоя, одамларнинг тоқати тоқ бўлди. Ташқарига отилди. Бозорларга, идораларга, шаҳарларга ёприлди. “Ун керак”, дейишди, “Ёғ керак”, дейишди, “Дори керак”, дейишди, “Ўтин керак,”, дейишди, “Иш керак”, дейишди, “Пул керак”, дейишди…

Ҳамма ҳам давлат таъминотида эмас, ахир. Борки фуқаронинг пластигига пул тушиб тургани йўқ – ойлик бўлиб, нафақа бўлиб, ёрдам пули бўлиб, стипендия бўлиб… Мутараққий давлатларни, майли, айтмайлик, қўшниларимизчалик бўлолмадик, ақалли. Пул топиб, инсофини йўқотмаган бойлар кўмакка қўлини чўзди, ҳарқалай. Мисол учун, Алишер Усмонов! Марказий Осиё давлатларига миллионлаб доллар атади. Хўш, ўша пуллар қандай тақсимот топди? Қозоқлар хат­жилдларга юз доллардан солиб, муҳтож “азамат”ларига уйма-уй тарқатди. Тожиклар ночорларига қирқ етти доллардан улашди… Ўзбек йўқсулларига эса тасаллинамо хабар тегди, холос, ўшанда: “…тиббиётимизнинг моддий таъминот баъзасини яхшилаш учун сафарбар қилинди”.

Рамазонда қанчалаб эҳсон пуллари йиғилди, ундан сўнг давлат бюджетидан миллиардлаб сўмма вилоятма-вилоят ажратилди, ундан сўнг, мана, “Темир дафтар”лар очилди… Саҳрога тўкилган сувдай изсиз йўқолмоқда бари. Бу ўлкада касалдан кўра ишсиз, ишсиздан кўра виждони бир замонлар “истеъфога чиқиб” кетганнинг кўпроқлигига исботмасми, буям?!

Шифокорларимиз турмушини танг деб топишди. Мояналарини уч миллиондан ўн икки миллион сўмгача, “чинўлат”ни юқтирганлар билан бевосита ишлайдиганларини йигирма беш миллион сўмгача кўтаришди. Ўзлариям хасталаниб, жон таслим этганларининг оила аъзоларига юз миллион сўм хатлашди… Хўп, тиббиётимиз аҳволи яхшиландими? Эл шифокорлардан, шифохоналардан рози бўляптими?.. Буни билиш учун сохта статистикаю кўпикка қоришган ахборот хизматларимизга лаққа ишониб юравермасдан, одамларнинг ўзига юзланиб, сўзларига қулоқ тутиш кифоя. Шундай қилдик ҳам. Вилоятларимиздан биргинаси – Самарқанднинг битта тумани – Пахтачидаги бир нечта айни дардга чалинган беморлари бор хонадонларга қулоқ тутиб кўрдик.

– Аямнинг жигари олдин ҳам икки марта касал бўлганди. Нафақада. Ҳозир синглим иккимиз қараяпмиз. Отам ўтиб кетган. Акам беш йилдан бери қамоқда. Шунга анча қийналиб қолдик. Донаси 50 минг сўмлик дорилар оляпмиз ҳозир, аямга. Уколни синглим қилиб турибди. Мен эрим билан ажрашганман. Иккита қизим бор. Алимент пулига кун кўрамиз. Униям вақтида ундириш учун тегишли жойларга ёзишга, югуришга тўғри келади, ҳар сафар. Маҳалладан ёрдам сўрагандик. Келишди, текширишди ва ҳеч қандай ёрдам бермасликларини айтишди. Нимага десак, уйимизнинг томи бормиш. Томи борларга ёрдам йўқ, дейишди(?)… Туман “СЭС”идан дори ташлаб кетишганди, бир марта. Аямни текширган дўхтир “Опага бу дориларни ичиш мумкинмас!”, деди. Ўзларига қайтарамиз энди. Ёрдамку беришмас экан, тузукроқ дори беришсин, ҳеч бўлмаса?!, – дейди “Мирзо Улуғбек” маҳалласида яшовчи бемор Т.Ҳасанованинг қизи К.Тошбоева.

Бу арз-дод юзасидан “Мирзо Улуғбек” маҳалласи маъмурияти билан боғландик:

– Т. опанинг касаллигини энди эшитиб турибман, – дейди маҳалла раисаси Олтиной Исканова. – Патронаж ҳамширалари билан ҳар куни гаплашаман. Хабар олиб турибман, ҳаммаси жойида, дейди фақат. Ортиқ ҳеч нарса дегани йўқ-ку, менга?! Қизи К.Тошбоева биздан боласига ёрдам пули сўраган, лекин онасига…(?) Майли, ёзма равишда мурожаат қилиб чиқишсин, агар чинданам муҳтож деб топсак, қарашамиз. Аммо уларнинг машинаси бор, ўша қизи бозорда савдо қилади, Туркияга қатнайди… “Муҳтож” дейиш мумкинмикан?..

Тумандаги яна бир беморли хонадон билан боғландик:

– Каттақўрғондаги касалхонада ётибман ҳозир, – дейди зўрға нафас олиб, “Нурафшон” маҳалласида яшовчи фуқаро Б. Хўжақулов. – Яхши даволашяпти. Патронаж уйдагилардан хабардор. Ёрдамми?.. Ҳозирги шароитда давлатдан бир нима сўрашнинг ўзи уят. Фақат битта сўровим: маҳалладан тикув машинаси беришса? Хотиним ишсиз. Икки ойлик фарзандимиз бор. Онам пенсионер. Рўзғор озроқ чарчади, шу кунларда. Шунга ёрдам қилишса, хотиним ниқобми нимадир тикиб сотарди-да. Тадбиркорлик, дейдими?..

Беморнинг сўровини маҳалласи маъмуриятига етказганимизда, қуйидаги жавобни олдик:

– Б.Хўжақулов Каттақўрғон ички ишлар бўлимида ишласа, ойлик олса, онасига нафақа чиқса, Навоий шаҳридаги заводларда ишлайдиган акалари ҳам тинимсиз қарашаётган бўлса… Қандай қилиб у оилани ёрдамга муҳтожлар рўйхатига тиркаймиз?!, – дейди маҳалла раиси Тўлқин Арзиқулов. – Хотини ҳам ёрдам сўраб келганди, яқинда. Ўша, тикиш машинасини. Бўпти, кредит тўғрилаймиз, дедим унга. Фақат ўзининг паспорт нусхасини, эрининг ойлик маоши ҳақида маълумотнома ва битта кафилликка олувчи одам топиб келишини айтдим. Хўп, деб кетди. Айтганларимни опкелса, қолган ҳужжатларни банк билан бирга тўлдирамиз.

Туманнинг боз бир хастаҳол оиласига қулоқ осдик:

– Касалхонада 10 кун ўз ҳисобимдан даволаниб чиқдим. Овқатлари яхши. Дўхтирларидан ҳам хурсандман. Айниқса, менга қараган Мунира Очиловадан алоҳида миннатдорман!, – дейди “Фай” маҳалласидан Д.Қурбонов. – Аммо маҳаллий ташкилотларимиздан хафаман. Беш-олти ойдан бери 350 минг сўм ёрдам пули олардим. Маҳалла тўғрилаб берганди. Энди шуни узишмоқчи экан… Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. 330 минг сўм ногиронлик нафақаси оламан. Тамом, бошқа кирим йўқ рўзғорга. Ишлашга соғлиғим ярамайди. Хотиним ҳам ишсиз. Катта фарзандимиз         2-синфда ўқийди, кичкинаси 5 яшар. Кредитга товуқ сотволгандик. Униям хотиним мажбурликдан ўн бештасини сотибди. Ҳали кредитини тўлолганимиз йўқ, лекин. Банклар эса ниқтагани-ниқтаган, тўланглар, деб. Менга қарайман деб хотиним ҳам касал орттирди. Ундан эса болаларимга юққан. Уларгаям дори-порини ўзимиз қиляпмиз. Қариндошлардан қарз кўтардим. Ҳадемай, сўраб бошлашади. Оила бор улардаям… Қисқаси, маҳаллий бошлиқлардан илтимос, ёлчитиб ёрдам бера олишмаётганига яраша бор ёрдам пулини ҳам йўққа чиқаришмасин?..

Ушбу илтимос бўйича тегишли идора раҳбарларининг муносабатига қизиқдик:

– Д.Қурбоновга ажратилган ёрдам пулини узишмоқчи эмас, муддатини қайтадан янгилашмоқчи, – дейди “Фай” маҳалласи раиси Ҳикмат Шодиев. – Туман молия бўлими у оилага карантин муносабати билан олти ой муддатга ёрдам пули расмийлаштирган. Ана ўша муддат тугади. Энди шуни биргаликда кўриб чиқиб, узайтиришимиз керак. Бунинг учун ҳамма маълумотларни бериб турадиган котибим касал ётибди ҳозир. Ўзимнинг ҳам мазам йўқ. Тест топширдим. Соғайиб, дармонга кириб олайликчи, Д.Қурбоновнинг масаласини кўрамиз, албатта. Дориларини эса ҚВПдан сўрайсиз.

“Фай” маҳалласи аҳлининг саломатлигига жавобгар бўлган қишлоқ врачлик пунктига мурожаат этдик:

– Хабаримиз бор, у оила аҳволидан, – дейди ҚВП собиқ бош врачи Азиза Эшдавлатова. – Д.Қурбоновнинг тест натижалари аниқ бўлганда, ўзим у кишини қўярда-қўймай туман марказий шифохонасига жойлаштирганман. Чунки аканинг қандли диабети бор, шифохонага ётиши шарт эди. Ётиб чиқди. Мазаси ёмонмас ҳозир. Дориларми?.. Яхши, бир-икки кунда етказамиз. Ҳа-ҳа, бепул берамиз!.. Шифохонада кетган харажатини, энди, ТТБнинг ўзидан сўрайсизларда.

Табиийки, суриштирувимиз йўналишини туман тиббиёт бирлашмасига бурдик:

– Касалхонамиз вирусга чалинганларни, ошиб борса, 40 фоиз таъминот қила олади, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Шавкат Жабборов. – Шундан ортгани барибир беморнинг яқинлари зиммасига тушади. 5 хил дори-дармонлар тарқатамиз. Махсус серобларнинг ҳар бири 50 минг сўмдан. Тўғри, арзон деб бўлмайди, лекин илож қанча? Касалхонанинг ҳозирги пайтда 150 миллион сўм қарзи бор. Вирусга чалинганлар учун бор-йўғи 20-30 кишилик шароитимиз мавжуд. Вирусни орттирганлар эса юзтача…

ҚИЗИҚ, ИДДАОЛАРИЧА, МАҲАЛЛА ЎЗ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРАЁТГАН, МОЛИЯ БЎЛИМИ МУҲТОЖ ФУҚАРОГА САХИЙ, ПАТРОНАЖ ҲАМШИРАЛАР ЎЗИГА БИРИКТИРИЛГАН ОИЛАЛАРДАН БОХАБАР, ҚВП БЕМОРЛАРИГА ЭЪТИБОРЛИ, КАСАЛХОНА КАСАЛЛАРГА ҒАМХЎР… ЭКАНЛИГИ РОСТ БЎЛСА, АҲОЛИДАГИ БУНЧА НОРОЗИЛИК ЎҚТОМИРИ ҚАЕРДА?..

Ҳаммасига биратўла ойдинлик киритиш мақсадида Пахтачи тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига йўл олдик. Унинг ҳашаматли биноси ташқарисида, ўз номига монанд, осойишталик ҳукмрон. Ойнаванд эшикдан хизматчилар сокингина кириб-чиқишмоқда. Биз ҳам ичкариладик. Таажубки, иккинчи қаватдаги “Маъмурият бўлими”га бош суққунимизча “Кимсиз? Ким (ёки нима) керак сизга?..”, – дея на ҳол, на йўл сўровчи учради. Ишчиларининг айтарли бирортаси эгнида ишкийим (форма) кўринмасди. Ўтиб-қайтаётганларнинг, эшиклар олдида тўпланганларнинг қайси ишчи, қайси мурожаатчилигини фарқлаш қийин. Уйида ё тўйида юргандек юришарди. Юра-юра, қабулхонага киришга изн олгач, бош врачнинг ҳам ишкийимсиз, ёлғиз ниқобдагина ўтирганининг гувоҳи бўлганимизда, бу борада изоҳга эҳтиёж сезмай ҳам қўйдик. Шундай қилиб, бош врач Шоира Бобоевага саволларимизни кўндаланг ташладик:

– Туманда карантин қоидалари устидан назорат қандай?

–  Назорат бизга қарамайди. Биз иккига бўлинганмиз. Уларам шу бинода. Олдин битта эдик. 2020 йил бошидан бўлинганмиз. Ҳа… яқиндан республикада бирлашди яна. Вилоятдаям бирлашган… Лекин ҳали туманларда алоҳида. Бизнинг ишимиз: касалликнинг олдини олиш, тарғибот ишлари, лабаратория… Назорат қилиш бизнинг ишимиз эмас, хуллас. Шунга… бу саволингизга жавобни нариги бўлагимиздан – назорат инспекциясидан оласиз!

– Хўп, касалликнинг олдини олиш учун нима чоралар кўряпсизлар?

– Икки мингдан ортиқ мактаб ўқитувчиларини текшириб чиқдик. Сентябрь бошидан бери. Мактабларниям текширдик. Карантин қоидаларига мосми-йўқми, аниқлаб, тегишли хулосалар бердик. Касалликка чалинган, мулоқотдаги мактаб ходимларини изоляцияга олдик. Кейин коллежларга ўтдик. Улардаям шу тартибдаги ишларни қилдик. Кейин болалар боғчаларига бордик. Беш юздан зиёд анализ олдик. Ҳар тарафлама шароитлари яхши боғчаларнинг фаолият юритишига рухсат беряпмиз. Уларнинг ҳам “Тайёрлов бўлими”га, фақат.

– Аҳолидан олинган охирги анализлар бўйича лабаратория натижалари билан танишсак бўладими?

– Лабаратория, анализлар, кўрсаткичлар… Буларни мониторинг бўлимидан батафсил сўраб биласиз.

Мониторинг бўлимига ўтдик:

– Анализ натижаларини икки қисмга ажратамиз: “Аниқ касалланганлар” ва “Гумон қилинганлар”га, – дейди бўлим мудираси Норбегим Ҳусанова. – “Аниқ…”лари Каттақўрғонга кетади. Ўша ёқда бизнинг туман учун ҳам жой бор, даволашади. “Гумон…”ларини эса ўзимизнинг туман тиббиёт бирлашмасига жойлаймиз. У ерда ҳозир терапия бўлимидан ҳам ўринлар қўшилди. Керакли таъминот бўляпти. 60 та кислород баллони етказилди, масалан. Яна сувдан кислород ишлайдиган “Баброва” номли аппаратдан 2 тасини созлаб, қўллашмоқда. Уйида даволанаётган касалларимизга ўз вақтида дориларини бериб бориш учун иккита “мобил гуруҳ” ишини йўлга қўйганмиз. Тушлик вақтидаям, улар, дориларни тарқатиб келаверишади. Оғир аҳволдаги беморлар уйига битта дизинфектор, битта лаборатория ходимасини юборамиз. Анализ олиб келишади. Ҳар куни соат кундузги иккиикки яримларда лаборатория анализларини умумлаштириб, Каттақўрғон шаҳрига жўнатамиз. Ҳеч қандай ёмон аломатлар чиқмаган фуқарони 7 кунда рўйхатдан ўчирамиз. Битта қизиқ тарафи, аксар беморларнинг ё юраги, ё жигари билан боғлиқ ёндош касаллиги борлиги сабаб аҳволи оғирлашиб қолган бўлади. Лабораторияда текширсак, “covid” йўқ? Ҳайрон қоласиз-да. Ундайларни Каттақўрғондаги марказ қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам бизда касаллар кўпайиб боряпти… Ҳозирча диагностикадан муаммо йўқ. Кунига 170 тагача анализ натижаларини обборишимиз мумкин. Йил бошидан буён туманимизда етти юзтадан кўпроқ киши рўйхатга олин­ган бўлса, олти юзтадан ортиғи соғайган. Ўлганлар сони тахминий 17 та. Маъракаларга ҳам махсус вакилимиз қатнашиб, қабр ичигача дизинфекция қилиб келади.

Сентябрь ойида 648 та маъмурий баённомалар  тузилиб, ҳайдовчилардан 4 миллион 460 минг сўм жарима ундирилди…

Мониторинг бўлимидагилар ҳам изчил ишлашаётган бўлса, демак муаммо назоратдами? Назорат инспекциясига юзландик. Инспекция мудираси Норгул Тохированинг хасталиги туфайли саволларимизга инспектор Зебинисо Худойназарова жавоб берди:

– Ўттиз уч йиллик соҳавий тажрибамни ўртага қўйиб айтаман: одамларнинг тиббий маданияти паст!, – дейди суҳбатдошимиз. – Қоидаларга риоя қилишмайди. Ниқобни ўзинг учун тақ, деган оддий гапниям тушунмайди. Ниқоб юзга тақилади – қўлга ё ияккамас. Бир марталик тиббий ниқобни икки соат ишлатиш мумкин. Айримларда кўрамиз, ниқоби кир-чир, титиғи чиқиб кетган… Худди соғлиқлари биз учун ёки бошқа биров учун керакдай тутишади, ўзларини. Карантин юмшатилди дегани карантин тугади дегани эмас. Юмшаган билан учта қоида ўз кучида ҳалиям: икки метр ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш ва қўлларни совунлаб ювиш. Мамлакат иқтисоди оқсаб қолгани учун карантинни юмшатишга мажбур бўлишди. Таъқиқлар қаттиқ даврлардаям қоидабузар етарлича бўлди. Уларга тўхтовсиз “ҳай-ҳай”лаб туриш керак. Илож қанча, одамлар назоратга ўрганиб қолган. Назорат қиляпмиз: ички ишлар ходимлари билан, давлат хафвсизлик хизмати билан, ҳокимият билан биргаликда рейдлар ўтказяпмиз. Бозорларда кунда рейддамиз, қоидани бузганларга маъмурий баённомалар тузяпмиз, кўнмаганига жарималар соляпмиз… Бироқ барибир тиббий маданиятлари ўша-ўша. Энди, нима, калтаклаб турмайсиз-ку! Одамнинг ўзидаям тўғри идрок, масъулият бўлиши керак-да. Сентябрь ойи ҳисобидан 648 та маъмурий жарима қарорлари чиқардик, йўл патрул хизмати билан ҳамкорликда ҳайдовчилардан 4 миллион 460 минг сўм жарима ундирдик… Нима ўзгарди, хўп? Таксистлар ҳам, “Damas” у автобусчилар ҳам билганича одам ортиб ётибди, ҳозир ҳам. Ҳолбуки, енгил машинага 2 та, “Damas”га 4 та кишидан кўп йўловчи миндириш мумкин эмас. Автобус эса ҳар икки кишилик ўриндиғига биттадан йўловчи олиши керак. Қайси бири амал қиляпти? Ҳеч қайси! Гап шу, қачон халқимиз соғлиғи ўзи учун муҳим­лигини англаса, ўшанда вирус чекинади.

Муаллақ кайфиятда қайтар эканмиз, қулоғимизга илинжли бир сўроқ эшитилди:

– Мухбирмисиз?!

Бир аёл тик қараб турарди. Тўхтадик:

– Ҳа..?

Аёл муддаога ўтиб қўя қолди:

– Шу ерда ишлайман мен ҳам, – дея бинога имо қилди. – Исмим Назокат, фамилиям Ўрозова. Эпидемиолог врач ёрдамчисиман… Бизга маҳаллий ҳокимият ҳисобидан битта “Damas” олинган эди. Хизмат машинаси учун-да. Охирги марта ҳокимият ҳовлисида кўргандик. Бир ойдан ошди, беришгани йўқ ҳалиям. Бизга эса яна битта хизмат машинаси жуда керак бўляпти. Шуни бир ҳокимиятдан сўрасангиз, ҳеч бўлмаса беришмаётганининг сабабини айтишсин?..

Туман ҳокимлигидан хабар беришдики, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамаот саломатлиги хизмати ишчилари ўзларида мавжуд машинадан оқилона фойдалана олишмагани боис уларга бошқа хизмат улови берилмайди.

Суриштирувимизга шу нуқтада якун ясадик. Илло, бу масаланинг чувалган калава янглиғ адоғига етиш азобга ўхшайди. Кўринадики, бу – шартли якун. Хулоса ўзингизга ҳавола, қадрли муштарий. Нима деб ўйлайсиз, бунда ким ҳақ? Ва Сизга-да ўша савол: У нега кетмаяпти?

Санжар ҚУРБОНОВ (Ҳурсўз тахаллуси билан),

“Пахтачи” газетаси, 2020 йил 22 октябрь, 26-27-сон.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.1 / 5. Baholaganlar soni: 20

OAV nomi va parolini kiriting!