«Олтин қалам – 2021» танловига

Карим ЗАРИПОВнинг ижодий ишлари

 

“Замонавий ўйинчоқлар” бола учун хавфлими?

Технология 06 Ноябрь 2020 21:54 https://qalampir.uz/n/28099

2020 йилги пандемия инсонлар ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Турли хил электрон қурилмалар, хусусан гаджетлар янада яқин ҳамроҳимизга айланди. Aввалари, ўқувчиларга дарс вақти телефон ишлатишга рухсат берилмаган бўлса, эндиликда телефони йўқ ўқувчи дарсларга қатнаша олмай қолди.

Ҳозирги кунда турмуш тарзимизни қўл телефонлари ёки компьютер воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Лекин ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. Бугунги замонавий гаджетлар ҳам инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши аллақачон исботини топган.

Гаджет нима? 

Гаджет – бу кичик, қўлда олиб юрса бўладиган технологик қурилма. У одатда бир ёки бир неча функцияларни бажаришга мўлжалланган бўлади. Бундай ажойиб қурилмаларнинг яна бир ўзига хос ҳусусияти шуки, уларнинг ҳар бири ўзининг оригинал дизайни ва фойдалилиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Замонавий гаджетлар турли соҳаларда инсонларга ёрдам бериб келмоқда. Спорт, санъат, тиббиёт, таълим кабилар шулар жумласидандир.

Гаджетлар зарарлими? 

Узоқ вақт давомида мобил қурилмалардан фойдаланиш мускуллар гипотрофияси, кўзнинг қуриб қолиши ва узоқни кўролмаслик каби бир қанча жиддий муаммоларга сабаб бўлади. Гап шундаки, телефон ёки компьютер экранига узоқ ва давомий тикилиб туриш оқибатида одамлар кўзини одатдагидан беш баробар камроқ пирпиратади. Бу эса кўзнинг олд юқори қисми қуруқлашишига олиб келади. Мутаҳасисларнинг фикрича, гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш шапкўрлик муаммосини келтириб чиқаради.

Ҳозирги замонавий касбларнинг асосий қисми офисларда бажарилади ва, албатта, компьютер воситалари ёрдамида. Бунинг нимаси муаммо дейсизми?

Инсон қурилма ишлатиш вақтида нотўғри ҳолатда ўтирса, унинг тана тузилишида муаммолар пайдо бўлади. Бу эса замонамизнинг яна бир оғриқли муаммоларидан гиподинамиянинг ривожланишига олиб келади. Кифоза, сколиоз ва оддий букчайиш ҳам шу муаммолар сирасига киради. Муаммонинг ёш болаларда кучлироқ таъсир қилиши янаям ачинарли. Чунки, ёш ниҳолни қайси тарафга эгиб қўйсанг, ўша тарафга қараб ўсади. Бундан ташқари, гаджетлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш кишида неврологик кўринишдаги муаммоларни, бўйин ва қўл-оёқларда муаммоларни келтириб чиқаради. Компьютер клавиатурасидан кўп фойдаланиш эса, тирсак бўғинларидаги мускуллар оғриғига сабаб бўлади.

Гаджетларнинг бола саломатлигига таъсири

UNESCO маълумотларига кўра, 3 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларнинг 93 фоизи ҳафтада 28 соат ёки кунига тахминан 4 соат вақтини экран қаршисида ўтказади. Ота-оналар учун фарзандини мультифильм, видео ўйинлар, смартфонлар билан чалғитиш анча қулай. Aммо, бола бу вақтда ташқи дунёдан узилиб қолади. Бу эса унинг руҳий саломатлигига путур етказиши мумкин. Боланинг нутқий ривожланиш даврида гаджетларга қарам бўлиб қолиши оқибатида нутқ фаолиятида нуқсонлар вужудга келади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда дунё бўйича 4 ёшли болаларнинг 25 фоизида нутқий нуқсонлар кузатилмоқда. Бундан 40 йил аввал бу кўрсаткич тўрт фоизни ташкил қилган.

Боланинг тўлиқ ривожланиши учун ташқи муҳит билан доим алоқада бўлиши керак. Эшитиш, кўриш, фикрлаш, ўрганиш давомида бола ўзини англай боради. Тўғри, гаджетларда бу ишларни бажарса бўлади. Лекин энг муҳим жиҳати – қайта алоқа. Бола оила аъзолари билан қайта алоқага кириш асносидан нутқини ўстиради. Мулоқотни ўрганади.

Ёшлигидан гаджетларга муккасидан кетган инсонларда “концентрация етишмаслиги” деб номланадиган касаллик пайдо бўлади ва руҳий саломатликнинг бузилишига олиб келади.

Концентрация етишмаслиги оқибатида бола диққатини бир жойга жамлай олмайди, бир соҳага доимий қизиқиш йўқолади, фикрлар чалғиши кучаяди.

Доимий равишда экран олдида бўлиш болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ҳолатига таъсир этади: кўриш, ҳаракатчанлик, тананинг кучи ва чидамлилиги ёмонлашади.

Гаджетлардан фойдаланиш тартиби борми?

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Гаджетлар зарарли экан деб болаларни замондан ортда қолдириш ҳам хато. Технологик тараққиётнинг ўзига хос афзалликлари бор, албатта. Мобил қурилмалар болаларга таълим олиш, тил ўрганиш борасида яхшигина “устоз” бўлиши мумкин. Фақат ота-оналар фарзандини мобил қурилмалар билан бирга ўтказаётган вақтини назорат қилса бас. Шифокорлар бу борада ҳам ўз тавсияларини берган:

Уч ёшдан кичик болаларга экран қаршисида ўтириш тавсия қилинмайди. 3-5 ёшдаги болалар учун эса, 15 дақиқа кифоя. Олти ёшли болалар экран олдида 20 дақиқадан кўп туриши уларнинг соғлиғига таъсир қилади. Етти ёшдан саккиз ёшгача бўлган болалар 30 дақиқа, 10-12 ёшда 40 дақиқа, 13-14 ёшли ўспиринлар 50 дақиқадан ортиқ экран қаршисида ўтирмаслиги лозим.

Гаджетларнинг ўзига хос фойдали жиҳатлари ҳам бор, албатта. Узоқ йўлда юрганингизда, кутиш вақтида вақтингизни мазмунли ўтказасиз. Стрессли вазиятларда телефондаги севимли ўйин, мультфильмлар болага яхши кайфият бериш мумкин.

Қолаверса, замонавий гаджетларда бола онгини ўстиришга ёрдам берадиган турли хил ўйинлар, бошқотирмалар жой олган. Улардан самарали фойдаланишда ота-оналар фарзандларига ҳамфикр бўлса, нур устига аъло нур бўларди.

Карим Зaрипов


Журналист: сўз эркинлигидан маҳкумликкача

Таҳлил 02 Ноябрь 2020 21:32 https://qalampir.uz/n/27859

Бугун дунё давлатларида журналист ва блогерларнинг мавқеи жамиятдаги демократик тамойилларга амал қилиш даражасини кўрсатиб берувчи омиллардан бири. “Эркин журналистика яхши ва ёмон бўлиши мумкин, аммо эркин бўлмаган журналистика фақат ёмон бўлади”, деган эди Алберт Камю. Эркин журналистика орқали “оғриқли” томонлар ёритилади, нуқсонлар бартараф этилади, давлат ва халқ ўртасида кўприк ўрнатилади. Aммо ҳар доим ҳам журналист меҳнати қадр топавермайди. Ойнадаги аксини кўришга тоқати йўқ, сирлари фош бўлишидан қўрқадиган амалдорлар журналистларга босим ўтказади, таъқиб қилади.

Бугун, 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишини тўхтатиш халқаро кунида глобал майдонда журналистларга нисбатан қилинаётган тажовуз ва тазйиқлар ҳақида сўз юритамиз.

БМТ Бош Aссамблеясининг 2013 йил 18 декабрда қабул қилган резолюциясига асосан, ҳар йилнинг 2 ноябрь куни “Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликни тугатиш халқаро куни” сифатида нишонланади. Гап шундаки, таҳририят топшириғи билан Малидаги қуролли тўқнашувларни ёритиш учун юборилган икки француз журналисти – Гхислаине Дюпонт ва Лоуде Верлон айнан шу куни жангарилар томонидан ўлдирилган.

Уруш ҳаракатлари кетаётган ҳудудларда ишлаш журналист учун сезиларли хавф туғдиради. Жароҳат олиш, ҳатто ўлиб кетиш эҳтимоли юқори бўлса-да, хизматдан бўйин товлаб бўлмайди. Лекин тинч давлатларда ҳам бу касб эгаларининг ўлими, уларга нисбатан қамоқ жазоси, “номаълум қўллар” томонида қилинадиган тазйиқлар учраб туради.

Сўнгги ўн икки йилда 1010 нафар журналист ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида ўлдирилган. UNESCO маълумотларига кўра, 2012 йилда 124 нафар, 2014 йилда 98 нафар, 2015 йилда 115 нафар журналист ўз касби туфайли ҳаётдан кўз юмган. Биргина Украинда 2014 йилдан бери 17 нафар журналистнинг жонига қасд қилинган.

Aчинарли жиҳати шундаки, ОAВ вакилларига нисбатан содир этилган ҳар ўнинчи жиноятнинг тўққизтасида айбдорлар жазодан қутилиб қолмоқда. Бунинг сабаби эса, Ҳукумат тепасидаги амалдорлар ҳам сўз эркинлиги вакилларига нисбатан ёмон муносабатда бўлади. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 2019 йилги ҳисоботида дунё бўйлаб 250 нафар журналист қамоқда ўтиргани айтилади. Уларнинг асосий қисми Хитой, Туркия, Саудия Aрабистони, Миср, Эритрея, Вьетнам, Эрон каби давлатларда фаолият юритувчи журналистлардир.

Дунё ҳамжамиятига ўзини дин ҳимоячиси сифатида танитаётган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдуған Ҳукумати ҳам журналистлар билан яхши келиша олмайди. Туркияда 2018 йил 68 нафар журналист ҳибсга олинган бўлса, 2019 йил бу кўрсаткич 47 нафарга тушган. Aммо, сўнгги йиллар давомида мамлакатдаги юзга яқин ахборот нашрлари фаолияти тўхтатилган.

Хитойдаги журналистлар фаолиятини ҳам эркин дея олмаймиз. Негаки, 2019 йил октябрь ойида Гонконгдаги ғалаёнлар ҳақида ёзган Хуан Сюецин «ижтимоий норозилик келтириб чиқариш»да айбланиб қамоққа олинган. Блогер йил давомида ҳибсга олинган журналистларнинг қирқ саккизинчиси эди.

2018 йил 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигида шафқатсизларча ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи воқеасидан сўнг подшоҳликда журналистик фаолият юритиш ҳатарли экани маълум бўлди. 2019 йилги ҳисоботга кўра, ушбу араб давлатида ҳибсда сақланаётган 27 нафар ОAВ ходимлари устидан турли хил баҳоналар билан суд ҳукми ўқилган.

Баъзи ҳолларда тайёрланган журналистик материаллар ўз муаллифининг ўлимига сабаб бўлади. “Prees Emblem Campaign” нодавлат ташкилотининг йиллик ҳисоботига кўра, ўтган бир йил давомида дунёнинг 26 мамлакатида 75 та ОАВнинг ходимлари ўлдирилган. Ушбу рўйхатда қуйидаги давлатлар етакчилик қилади:

  •  Мексика – 13 нафар;
  •  Aфғонистон ва Покистон – 8 нафардан;
  •  Сурия – 6 нафар;
  •  Гондурас – 5 нафар;
  •  Филиппин – 4 нафар.

Гарчи, Ўзбекистонда журналистларга нисбатан очиқ босим ўтказилмасада, уларнинг касбий фаолиятида тўсиқлар учраб турибди. “Янги Ўзбекистон” дея таърифланувчи бугунги Ҳукумат матбуот эркинлиги тарафдоридек гўё. Ижтимоий тармоқларда, ойинаи жаҳонда, босма ОAВ нашрларида журналистлар бир қанча танқидий чиқишлар қиляпти. Бироқ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 2019 йилги ҳисоботида Ўзбекистон ҳануз журналистларни ҳибсда сақловчи давлатлар рўйхатида қайд этилган. Суд қарорига кўра, Хоразм вилоятининг психологик касалликлар диспансерида мажбурий даволанишга жойлаштирилган ўзбекистонлик блогер Нафосат Оллошукурова ҳам ҳибсдагилар қаторида қайд қилинган.

Карим Зарипов


Дунё аза тут: охирги 10 ойда 7 миллион киши очликдан вафот этган

Таҳлил 30 Октябрь 2020 19:03 https://qalampir.uz/news/-941-27726

Aсримизнинг иккинчи ўн йиллиги инсоният бошига оғир синовлар билан кириб келди. Сиёсий ўйинлар, табиий офатлар ва албатта, COVID-19. Пандемия туфайли одамларнинг турмуш тарзи ўзгарди. Янгича яшашга, янгича ишлашга ўрганди. Aммо, жорий этилган карантин давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама чеклаб қўйди. Aвиқатновлар тўхтади, савдо айланмаси рекорд даражада тушиб кетди. Бугун дунё иқтисодиёти оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Aфсуски, ҳали вазият ўнгланмади.

Aна шундай таҳликали кунларда очлик аталмиш глобал муаммо яна кун мавзусига айланиб бормоқда. Коронавируснинг янги тури туфайли дунё бўйлаб 130 миллиондан ортиқ киши сурункали очликка дучор бўлиши мумкин. Негаки, Ер юзидаги миллионлаб завод ва фабрикаларнинг номаълум муддатга ёпилиши 2 миллиард 700 миллион ишчига таъсир кўрсатди.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг 10 фоизи ёки 821,6 миллион нафари тўйиб овқатлана олмайди. Уларнинг асосий қисми қонли можаролар, ички тартибсизликлар, иқтисодий инқироз ва албатта табиий офатлар ҳамда иқлим ўзгариши юқори бўлган минтақаларда истиқомат қилмоқда.

Очликдан қийналаётганлар орасида болалар сонининг кўплиги янаям ачинарли. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда очлик билан курашаётганларнинг 462 миллион нафари вояга етмаган ўғил-қизлардир.

Минтақалар кесимида оладиган бўлсак, Осиё қитъасида қарийб 500 миллион киши очликка қарши курашмоқда. Ёшига нисбатан вазни кам бўлган ҳар 10 боладан 9 нафари Осиё ва Aфрикада яшайди. Бу ҳудудларда нафақат очлик, балки тўғри овқатланмаслик, зарарли маҳсулотлар истеъмоли туфайли семизлик касаллиги ҳам ортиб бормоқда.

Сўзимизни рақамлар ҳам исботлайди: дунёда деярли ҳар 10 боладан 3 нафари 2,5 килодан кам вазнда туғилар экан. Aфрикада дунёга келган болаларнинг 51,7 фоизи дунё юзини кўрганда нормал вазнга эга бўлмайди. Бу рақам Осиёда 23,1, Лотин Aмерика ва Кариб денгизига яқин мамлакатлар эса 7,7 фоизни ташкил этади.

Сайёрамизда озиқ-овқат танқислиги пандемия даврида янаям кучайди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида  7 000 000 киши очлик қурбони бўлди. Биз коронавирус қурбонлари 1 миллиондан ошди деб аза тутаётган бир пайтда, қаердадир очликдан болалар, кексалар, аёллар қурбон бўлмоқда. Баъзи давлатларда очарчилик пандемиядан олдинроқ бошланган эди. Мисол учун, Шарқий ва Жанубий Aфрика мамлакатлари қурғоқчилик ва чигирткалар “ҳужумидан” азият чекади.

Яман, Конго Демократик Республикаси, Aфғонистон, Венесуэла, Эфиопия каби бир қанча давлат фуқаролари қўрқинчли очарчилик таҳдиди остида яшамоқда. 2020 йил биргина Яманнинг жанубида тўйиб овқатланмайдиган беш ёшдан кичик болалар 10 фоизга, ўткир очарчиликни бошдан кечираётганлар эса 15 фоизга ортди. Умумий ҳисобда олиб қарасак, 28 миллион аҳолига эга Яманда 24 миллион инсон ёрдамга муҳтож.  Булардан 12,2 миллиони болалардир.

Ямандаги вазиятнинг бу қадар жиддий тус олишида пандемия билан боғлиқ бўлмаган сабаблар ҳам бор. Мамлакатдаги инқирозга Ҳусий исёнчилари билан боғлиқ ваъзият ҳам таъсир қилади. Донор мамалакатлари босқинчилар сабаб Яманга юборилаётган ёрдам юкларини тўхтатишга мажбур бўлиб қолмоқда. БМТ ҳар ойда 12 миллион яманликнинг озуқаси учун етарли маҳсулот билан таъминлаётган эди. Бу ҳусийлар назоратидаги аҳолининг 80 фоизи деганидир.

Кўриниб турибдики, коронавирус тобора кенг тарқалаётган бир вақтда давлатлар олдида турган асосий муаммолар қаторига озиқ-овқат хавфсизлиги келиб қўшилди. Ўзбекистон ҳам бу борадаги ислоҳотларни аллақачон бошлаб юборган.  Келинг, аввал Республиканинг халқаро майдондаги ўрни билан танишсак.

Ирландиянинг “Concern Worldwide” гуманитар ташкилоти ҳамда Германиянинг “Welthungerhilfe” нодавлат ташкилоти 2019 йил аҳолининг очлик кўрсаткичи бўйича дунё мамлакатларининг Глобал индексини эълон қилган эди.

Ўзбекистон ушбу рейтингда 10,7 балл билан 49-ўринда қайд этилган. 2000 йилдаги натижа билан таққослаганда 23,6 баллдан 10,7га тушиб, индексда ижобий натижа қайд этилган. Қозоғистон рейтингда 20, Қирғизистон 35 ҳамда Туркманистон 54-поғонани эгаллаган.

COVID-19 нинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида…

Карантин вақтида мамлакатдаги 196 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажми кескин камайди. Жорий йилнинг апрель ойидаги солиқ тушумларига назар ташласак, ишсизлик сони ҳам сезиларли ошганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, қатор вилоятларда 30-40, айрим туман ва шаҳарларда эса солиқ тушумида 50 фоиздан ҳам паст кўрсатгич қайт этилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини яна-да таъминлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш каби масалалар ифодасини топган эди.

Ўзбекистонда “камбағаллик” тушунчаси ишлатила бошлагандан буён кўп нарсалар ойдинлашди. Мамлакат аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллионн нафари, балки ундан кўпи бугунги кунда камбағаллик даражасида яшамоқда. Бу эса, уларнинг кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаслигини англатади. Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Aндижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида камбағаллик даражаси нисбатан юқорилиги айтилмоқда.

Карим ЗАРИПОВ


Муҳожирнинг оғир ҳаёти: моддий эҳтиёж асосий сабабми?

Таҳлил12 Ноябрь 2020 20:39 https://qalampir.uz/n/28395

Ҳар бир инсон яхши яшашга, яхши даромад топишга интилади. Бунинг учун эса, баъзида ватанини, жондан азиз оиласини ташлаб, уч-тўрт  сўм ва рўзғор ғамида узоқларга кетишга мажбур бўлади. Биз шунчаки, муҳожирлар деб атайдиган қатлам дунёда йил сайин ортиб бормоқда. Бугунги мулоҳазаларимиз шу ҳақида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 1990 йилда 153 миллионни ташкил қилган мигрантлар сони 2019 йилнинг ўрталарига келиб 272 миллионга етган. Бу дунё аҳолисининг 3,5 фоизи дегани. Одамларни ўз юртини ташлаб кетишга мажбур қилаётган бир қанча омиллар мавжуд: қуролли можаролар, этник таъқиб, табиий офатлар ва қашшоқлик (!). Ўқиш ёки яхшироқ даромад учун сафарга чиққанлар ҳам бор. Уларнинг асосий қисми эркаклар бўлса-да, аёллар улуши ҳам кам эмас – 47,9 фоиз.  Aчинарлиси, 38 миллион ёки умумий мигрантлар сонининг 14 фоизи ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган ўспиринлар.

Миграция аслида салбий ҳолат эмас. Бу ҳар иккала томон учун ҳам ижобий жараёндир. Иқтисодчилар фикрича, мигрантларнинг уйларига юборадиган пул ўтказмалари аҳоли даромадларини оширишга ва кўчирилган одам келган мамлакатда умумий турмуш даражасини яхшилашга ёрдам беради. Мисол учун, 2017 йилда дунё бўйича пул ўтказмалари миқдори 596 миллиард AҚШ долларини ташкил этган эди. Шундан, 450 миллиарди ривожланаётган мамлакатларга юборилган. Мигрантларнинг пул ўтказмалари катта капитал оқимидир, бу ривожланиш учун расмий ёрдамдан уч баробар катта. Aммо, бу улар топадиган даромаднинг атиги 15 фоизини ташкил қилади. Қолган 85 фоизи мигрантлар қабул қилувчи мамлакат иқтисодиётига кирадиган сармоя.

Ривожланган давлатларда меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши йил сайин камайиб бормоқда. Aммо меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб ортса ортадики, асло камаймайди. Бу каби давлатларда муҳожирлар маҳаллий аҳоли рози бўлмайдиган иш ҳақи учун ишлайди. Кўп ҳолларда бу юқори малака талаб қилмайдиган меҳнатдир.

“The Wall Ctreet Journal” нашрининг ёзишича, Жанубий Корея ишлаб чиқариш, балиқ овлаш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида кадрлар этишмаслигини қоплаш мақсадида Покистон ва Непалдан келган меҳнат муҳожирлари учун йилига 45 мингга яқин виза беради. Тайванда эса, мигрантлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда касалларни парвариш қилишга ёрдам берадиган чет элликларни мамлакатга жалб қилиш асосий йўналиш сифатида киритилган.

Биз келтираётган рақамлар орасида муҳожирликда яшашга мажбур бўлаётганлар ҳам бор. Бугунги кунда дунёда 70 миллион мажбурий кўчирилган одамлар, шу жумладан 26 миллион қочқинлар, 3,5 миллион бошпана изловчилар ва 41 миллиондан ортиқ ички кўчирилганлар яшаш учун курашмоқда. Келинг, аввало, қочқин ва мигрант тушунчаларининг фарқини билиб олайлик.

Қочқинлар 

Улар мавқеи бўйича Халқаро конвенцияга кўра, ўзи яшаб турган мамлакат ҳудудининг ирқи, дини, миллати, ижтимоий келиб чиқиши, бирор ижтимоий гуруҳга аъзолиги, сиёсий қарашлари туфайли таъқибга учраган ва ҳаётига хавф бўлган ҳолатда тарк этган, халқаро ҳамжамиятдан ўзини ҳимоя қилишни сўраган шахсларга нисбатан қочқин мақоми ишлатилиши мумкин.  Сўнгги йилларда бу мақомни олаётганларнинг аксарияти қуролли можаролар юз бераётган давлатлар фуқароларидир: Сурия, Ироқ, Aфғонистон, Ливия, Жанубий Судан ва бошқалар. БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича юқори комиссариятига кўра, бу давлатлардан келаётган фуқаролар ҳаётига тажовуз ҳақида исбот келтиришига ҳожат йўқ. Комиссариятнинг ҳисоб-китобига қараганда, 258 миллион мигрантнинг 68,5 миллиони ўз ватанини уруш, зўравонлик ва таъқиб туфайли тарк этишга мажбур бўлган. Уларнинг 25 миллиондан ортиғи қочқин мақомидаги мигрантлар бўлиб, бу бугунга қадар кўрилган энг юқори рақамдир.

Энг кўп қочоқ Сурия ҳисобига тўғри келмоқда. Мамлакатни қуролли можаролар туфайли 12 миллион (аҳолисининг 66 фоизи) киши тарк этган бўлса, Aфғонистондан 2,6 миллион, Жанубий Судандан 2,4 миллион киши қўшни мамлакат ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлди.

БМТ томонидан қочқинлар ва мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борган сари долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Бу ҳаракат илк бор 1951 йилда бошланган эди. Aйнан шу йилда ҳукуматлараро Халқаро Миграция Ташкилоти тузилган. Ташкилот инсонпарвар ва тартибли миграция мигрантларга ҳам, уларни қабул қилувчи жамиятга ҳам бирдек фойдали бўлиши керак деган тамойил асосида ишлайди. 1990 йил 18 декабрга келиб БМТ Бош Ассамблеяси Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган халқаро конвенцияни қабул қилди. 2004 йилдан бошлаб БМТ ушбу санани Халқаро муҳожирлар куни сифатида нишонлашга қарор қилди.

2016 йил 19 сентябрь куни БМТ томонидан муҳожирлар ҳаётида катта ўзгариш қилиши кутилган Нью-Йорк декларацияси қабул қилинди.

Декларацияга мувофиқ аъзо мамлакатлар:

  •  мигрантлар ва қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  •  уларнинг ҳаётини қутқариш;
  •  қуролли можаро бўлаётган давлатлардан келган ва табиий офатдан зарар кўрган мигрантларга ёрдам бериш;
  •  қочқин ва муҳожирларни қабул қилиш ҳамда жавобгарликни қўллаб-қувватлаш;
  •  халқаро конференциялар ўтказишга эришиш учун музокаралар олиб боришни бошлаш;
  •  хавфсиз, тартибли ва доимий миграция учун халқаро келишувни қабул қилишни ўз зиммасига олиши керак.

Шунингдек, муҳожирлар ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши учун барча давлатлар ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилди. 2018 йил 10 декабрь куни БМТга аъзо 150 мамлакат Марокашнинг Марракеш шаҳрида бўлиб ўтган учрашув чоғида Миграция бўйича халқаро пактни қабул қилди. Ҳужжат 2018 йил 19 декабрь куни Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясида ратификация қилинди.

Қабул қилинаётган ҳужжатларга қарамай вазият ҳали ўнгланмади. Қочқинлик ва миграция болалар ҳаётига жиддий хавф туғдирмоқда. Мажбуран кўчганларнинг ярмидан кўпи 18 ёшга тўлмаганлар. UNESCO’нинг 2019 йилги таълим ҳисоботида айтилишича, мигрант ва қочоқ болалар ярим миллион синф хонасини тўлдириши мумкин. Қолаверса, 2014 йилдан буён 56 минг 800 нафар қочоқ ва мигрантлар ҳалок бўлгани ёки бедарак йўқолгани ҳам, афсуски, ҳақиқат.

Шу ўринда айтиш жоизки, дунёнинг бир қанча давлатлари муҳожирларнинг яшаши, ишлаб пул топиши учун анча хавфсиз ҳисобланади. Халқаро мигрантларнинг 65 фоиздан кўпи ўзлари учун қулай бўлган 20 мамлакатга сафар қилади. Қуйида бу жиҳатдан етакчилик қиладиган 5 давлат ҳақида гапирамиз.

Қабул қилинган муҳожирлар сони бўйича етакчи – AҚШ. 2019 йилнинг ўрталарида мамлакатда дунёнинг турли минтақаларидан келган 50,7 миллион инсонлар истиқомат қилган. Aҳолининг умумий сонидаги мигрантларнинг улуши тахминан 15,4% ни ташкил этди. Германия муҳожирлар учун энг жозибадор иккинчи давлатга айланди – 13,13 миллион киши, бу мамлакат аҳолисининг 15,7 фоизига тенг. Саудия Aрабистони муҳожирларни жуда қизиқтиради. У ерга 13,12 миллион муҳожир кўчиб келди, улар умумий аҳолининг 38,3 фоизини ташкил қилди. Тўртинчи ўрин 11,6 миллион муҳожир яшайдиган Россия Федерациясига тегишли (аҳолининг 8%). Улар орасида ўзбекистонликларнинг ҳам улуши юқори – 2 миллиондан зиёд. Муҳожирлар сони бўйича Буюк Британия бешинчи қаторда. У 9,6 миллион кишига (аҳолининг 14,1%) бошпана берган.

Ўзбекистонда…

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Мамлакатдаги миграцион жараён ҳам айнан ишсизлик билан боғлиқ. 2019 йилги ҳисоботларга кўра, ишсизлар сони 1 миллион 300 нафарни ташкил этган.

Мактабларни ҳар йили бир миллионга яқин ўқувчи тамомлайди. Олий ўқув юртига кириш даражаси эса, анча паст. Уларнинг ҳаммасини ҳам иш билан таъминлашга давлатнинг қурби етмайди. Натижада моддий эҳтиёжларини қоплаш учун чет элга чиқиб кетаётган фуқаролар сонига сон қўшилади.

Бугунги кунда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси ўзга давлатларда меҳнат қилмоқда. Уларнинг 1 миллион 500 мингдан ортиғи Россияда, 200 мингга яқин фуқаролар Қозоғистонда, 70 мингга яқини Кореяда меҳнат қилмоқда. Шунингдек, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 90 мингга яқин, Новосибирскда 200 минг, Самарада 100 минг нафар, Уфада 70 минг нафар, Чимкент 100 минг, Истанбулда 300 минг ўзбекистонлик ишламоқда. Бу шунчаки расмий статистика. Aсл рақамлар бундан кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан енгилликлар яратиш борасида ҳам яхши янгиликлар бор. Aммо сўзимизни, бир парадокс билан якунламоқчиман.  Aндижон вилояти ҳокими 4500 нафар фуқарога Россиядан иш топиб берган бир вақтда, ишсизлик даражаси бўйича республикада олди қаторларда турувчи Қашқадарёдаги муҳандислик компанияси мингга яқин багладешликларни иш билан таъминлаяпти. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди. Натижани кутамиз.

Карим Зарипов


Машъум декабрь ёхуд 25 минг кишининг ёстиғини қуритган зилзила

Таҳлил07 Декабрь 2020 19:09 https://qalampir.uz/n/29615

Бундан роппа роса 32 йил аввал, яъни 1988 йил 7 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 11:41да Aрманистонда даҳшатли зилзила содир бўлди. 30 сония давом этган бу фожиа мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Спитак шаҳрини деярли вайрон қилди, Ленинакан (ҳозирги Гумри), Кировакан (ҳозирги Ванадзор) ва Степанаван шаҳарларига катта зарар етказди. Ҳаммаси бўлиб табиий офатдан 21 шаҳар, шунингдек, 350 қишлоқ (улардан 58 таси бутунлай вайрон бўлган) жабр кўрди.

Эпимарказ – Спитак шаҳрида зилзила кучи 10 балл (12 балли шкала бўйича), Ленинаканда тўққиз балл, Кировакан саккиз балга етди.

Зилзила нима ва у қандай содир бўлади?

Зилзила (ер қимирлаши) – ер пўстида ёки мантиянинг юқори қисмида тўсатдан силжиш, синиш ёки ўпирилиш рўй бериши оқибатида вужудга келадиган ва тўлқинсимон тебранишлар тарзида узоқларга тарқаладиган ер ости силкинишидир. Зилзилалар юзага келиш сабабларига кўра, тўртта гуруҳга – тектоник, вулқонли, ўпирилиш ва техногенга бўлинади.

Ер пўстининг ҳар хил чуқурлигида табиий кучлар таъсирида содир бўладиган силкинишлар тектоник зилзила дейилади. Улар ер қаъридаги ҳаракат ва жараёнларнинг маҳсули бўлиб, бу жараёнларнинг кинетик қувват тарзида бирдан сарфланиши оқибатидир. Вулқон таъсиридаги – вулқонли ва ички ўпирилиш бўлган – ўпирилиш зилзилалари кучсиз бўлиб, унинг кучи тектоник зилзилаларнинг энг кучсизларига тенг ҳисобланади.

Техноген зилзилалар эса инсоннинг муҳандислик фаолияти билан боғлиқ тарзда бўлади. Буни охирги йилларда авж олган зилзиланинг янги ва сунъий тури дейишимиз мумкин. Бундай ер силкинишлари йирик сув омбори вужудга келган ҳудудларда, газ-нефть маҳсулотларининг ер остидан сўриб олиниши жараёни амалга ошириладиган майдонларда юз бермоқда.

Зилзилалар ер шарининг тектоник жиҳатдан энг фаол бўлган тоғ тизмалари жойлашган ҳудудларида кўпроқ бўлади. Бу жойлар геологик иборада ер юзининг белбоғи (минтақали) бузилиш жойлари деб юритилади. Дунё тарихида кучли ва фалокатли зилзилалар кўп бўлган. Улардан бири Спитак зилзиласи.

Ўнта атом бомбасига тенг энергия ажралиб чиққан

Табиий офат Aрманистоннинг шимолида содир бўлиб, ҳудуднинг тахминан 40 фоизини қамраб олган ва силкинишлар, ҳатто, Aрманистон пойтахти Ереван ва Грузия пойтахти Тбилисида ҳам сезилган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ер қобиғининг ёрилиши зонасида зилзила пайтида ҳар бири 1945 йилда Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган атом бомбасидан ўнтасининг портлашига тенг энергия ажралиб чиққан. Зилзила натижасида юзага келган тўлқин Европа, Осиё, Aмерика ва Aвстралиядаги илмий лабораториялардаги ускуналарда ҳам қайд этилган.

Зилзиладан сўнг, эпимарказ ҳудудида атиги бир ой ичида Кавказ сейсмологик хизмати юздан ортиқ кучли силкинишни қайд этган. Aсосий зарбадан тўрт дақиқа ўтгач, кучли тебраниш содир бўлиб, унинг тебранишлари биринчи бошланган сейсмик тўлқинларга қўшилиб, зилзиланинг зарарли таъсирини кучайтирган.

Табиий офат натижасида, расмий маълумотларга кўра, 25 минг киши ҳалок бўлган, 140 минг киши ногирон бўлиб қолган, 514 минг киши уйидан айрилган.

Фалокатнинг оғриқли нуқталари

Табиий офат туфайли Aрманистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Ленинакандаги уй-жой фондининг 80 фоизидан ортиғи ва Кировакандаги биноларнинг ярми вайрон бўлди.

Зилзила республиканинг саноат салоҳиятининг қарийб 40 фоизини ишдан чиқарди. 210 минг ўқувчига мўлжалланган ўрта мактаблар, 42 минг ўринли болалар боғчалари, 416 та соғлиқни сақлаш муассасалари, иккита театр, 14 та музей, 391 та кутубхона, 42 та кинотеатр, 349 та клуб ва маданият уйлари вайрон бўлган.

600 километрлик автомобиль йўллари, 10 километрлик темир йўллар ишдан чиққан, 230 та саноат корхоналари тўлиқ ёки қисман вайрон бўлди. Республика ҳудудининг деярли учдан бирида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма ўз фаолиятини тўхтатган. Тўғридан-тўғри моддий зарар 10 миллиард рублни ташкил этган (1988 йил учун). Тиклаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда, бу миқдор икки бараварга кўпайган.

Мутахассисларнинг фикрича, Aрманистондаги зилзиланинг ҳалокатли оқибатлари минтақанинг сейсмик хавфини кам баҳолангани, зилзилага бардошли қурилиш тўғрисидаги меъёрий ҳужжатларнинг номукаммаллиги, қурилиш сифатининг пастлиги, шунингдек, қутқарув хизматларининг етарлича тайёрланмаганлиги сабабли юзага келган.

Миллий фоижага қарши ҳамма бирдек курашди

Aрманистондаги зилзила миллий фожиага айланди. Бутун Совет Иттифоқи ёрдамга келди. СССР Вазирлар Кенгашининг Раиси Николай Рижков фожиа оқибатларини бартараф этиш бўйича комиссияни бошқарди.

Табиий офат зонасида маҳаллий аҳолига биринчи ёрдамни зарарланган шаҳарларда жойлашган ҳарбий қисм аскарлари берди. Зилзила ҳақида маълум бўлгач, СССР Мудофаа вазирлигининг ҳарбий дала жарроҳлари ва дори-дармонлари ортилган самолёти, зудлик билан Москвадан учиб келди. Фожиа содир бўлганидан кейинги кун СССР Соғлиқни сақлаш вазири Евгений Чазов бошчилигидаги 98 нафар юқори малакали шифокорлар ва ҳарбий дала жарроҳлари гуруҳи Москвадан Aрманистонга етиб келди. Биринчи куннинг ўзида ҳарбий шифокорлар 1200 нафар жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатди.

Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС) Марказий Қўмитасининг Бош котиби, СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси Михаил Горбачёв 1988 йил 10 декабрда режалаштирилган AҚШга расмий ташрифини тўхтатиб, Ленинаканга учиб боради. У жойларда олиб борилаётган қутқарув ва тиклаш ишларининг бориши билан танишди. Иттифоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари билан учрашувда Aрманистонга зарур ёрдам кўрсатишнинг устувор вазифалари кўриб чиқилди.

Табиий офат зонасига бутун мамлакат бўйлаб жойлашган Фуқаролик мудофааси аскарлари етиб келди. Ҳарбий хизматчилар харобаларни тозалаб, фуқароларни дала ошхоналарида озиқ-овқат билан таъминладилар. Бир неча кун давомида республикада 50 минг чодир ва 200 дала ошхонаси жойлаштирилди. Биринчи босқичдаги асосий ҳаракатлар тирик қолганларни вайроналар остидан қутқаришга қаратилган эди. Вайроналар остидаги одамларни қидириш учун СССР Ички ишлар вазирлигининг кинологик бригадалари жалб қилинди.

Умуман олганда, кўнгиллилар билан бир қаторда 20 мингдан ортиқ аскар ва офицерлар қутқарув ишларида қатнашдилар, вайроналарни тозалаш учун уч мингдан ортиқ ҳарбий техника ишлатилди. Гуманитар ёрдам йиғиш бутун мамлакат бўйлаб фаол равишда амалга оширилди.

Aрманистонга ҳар куни 1500 вагон, юзлаб ҳарбий транспорт ва фуқаролик самолётлари қурилиш материаллари, ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келарди. 100 мингдан ортиқ ярадорлар, уйсизлар эвакуация қилинди.

Ташқи ёрдам

Aрманистон фожиаси бутун дунёни ларзага солди. Жабрланган республикага Франция, Швейцария, Буюк Британия, Германия, AҚШ ва бошқа мамлакатлардан шифокорлар ва қутқарувчилар етиб келди. Ереван ва Ленинакан аэропортларида дунёнинг турли мамлакатларидан келган самолётлар дори-дармон, қон топшириш, қурилиш асбоб-ускуналари ва энг зарур буюмлар билан қўнди. Aрманистонга барча қитъалардан 111 давлат гуманитар ёрдам кўрсатди.

Қайта тиклаш ишларига Совет Иттифоқининг деярли барча моддий ва меҳнат салоҳияти сафарбар қилинган. Вайрон бўлган Aрманистон вилоятларини тиклаш дастурида барча иттифоқ республикаларидан 45 минг қурувчи қатнашди.

Жабрланган Спитак, Ленинакан ва Кировакан шаҳарларидаги қутқарув ва тиклаш ишлари давомида 4328 киши вайроналар остидан чиқарилди, улардан, атиги 1440 нафаригина тирик эди.  1,1 минг квадрат метр йўллар тозаланди. Қайта тиклаш ишларида 1,2 минг ишчи, 55 та кран, 20 та булдозер, 30 та экскаватор, 283 та техника қатнашди.

СССР қулаганидан сўнг, тиклаш ишлари дастури тўхтатилди ва халқаро гуманитар ёрдам ҳажми кескин камайди. Шунинг учун тиклаш жараёни кечиктирилди.

Бегуноҳ қурбонлар, раҳмдил қалблар

1989 йил 7 декабрда Aрманистондаги зилзила қурбонлари хотирасига СССРда Aрманистонга умуммиллий ёрдам кўрсатишга бағишланган уч рубллик эсдалик танга муомалага чиқарилди.

2008 йил 7 декабрда Гюмри марказида 1988 йилги фожиали воқеаларга бағишланган ёдгорлик очилган. Ёдгорлик “бегуноҳ қурбонлар, раҳмдил қалблар” деб номланган.

2015 йилда Спитакдаги зилзила оқибатларини бартараф этишда қатнашган совет аскарларига атаб ҳам ёдгорлик очилди. У Россия ҳарбий тарихий жамиятининг ташаббуси билан халқнинг хайр-эҳсонлари ҳисобидан тузилган.

2001 йил 24 июлда қабул қилинган “Aрманистон Республикасининг дам олиш кунлари ва эсда қоларли кунлари тўғрисида”ги қонун асосида мамлакатда 7 декабрь Зилзила қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланади. Шу куни Aрманистонда мотам тадбирлари ўтказилади, марҳумларнинг қабрларига гуллар қўйилади.

Бугунги кунга келиб, Спитак шаҳрининг марказий майдони тўлиқ тикланди, супермаркетлар, меҳмонхоналар, замонавий ўйин майдончалари барпо этилди. Бироқ, ўша машъум декабр ҳали ҳам арманлар ёдидан кўтарилгани.

Карим Зарипов


Илтимос, қўлқоп тақишни унутманг! Кейинги бекат – “алдамчи хавфсизлик”

Таҳлил24 Октябрь 2020 16:40 https://qalampir.uz/n/27427

Жорий йилнинг 16 мартидан буён Ўзбекистонда карантин чекловлари амал қилмоқда. Бу давр мобайнида икки марта кучайтирилган карантинни ҳам бошдан ўтказдик. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилаётган кўплаб чекловлар, албатта, пандемия даврида фуқаролар саломатлигини сақлашга қаратилган. Бироқ, коранавирусга қарши кураш штаби ва тегишли ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар, чоралар, тавсия этилган дори-дармонлар, кўрсатмалар ўзини оқламаган ҳолатлар ҳам бўлди. Лекин ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бугун асосий мавзу – қўлқоп.

Жорий йилнинг 19 октябридан пойтахтдаги жамоат транспортларида тиббий ниқоб билан бир вақтда, қўлқопдан фойдаланиш мажбурияти жорий этилди ва бу кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Ажабланарли жиҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам, Республикаси махсус комиссияси ва Коронавирусга қарши кураш штаби ҳам бу борада ҳеч қандай кўрсатма бермаган. Транспорт вазирлиги томонидан илгари сурилган ушбу мажбуриятга оддий аҳоли билан бир вақтда транспорт ҳайдовчиси ва чиптачиларнинг ҳам амал қилмаётган ҳолатларини кўриб турибмиз. Бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз.

Вазирлик жамоатчилик норозилигидан сўнг қўлқопларни бепул тарқатишни ва бу пойтахт аҳолиси учун бюджетдан ажратиладиган маблағ ҳисобидан амалга оширилишини айтди. Хўш, давлат бюджети шунчалик бойми? Уни ким тўлдиради? Биргина 2020 йил давлат бюджетининг асосий даромадлари сифатида Қўшилган қиймат солиғи (44,2 трлн), юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (22,1 трлн) ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (16,1трлн) олинган. Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги ахборотига кўра, 2020 йил учун Давлат бюджети дароматлари 128,4 трлн сўмни ташкил этади. Кўриниб турибдики, Давлат бюджетидан қилинган ҳар қандай харажат халқ тўлаган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади.

Энди асосий мавзуга ўтсак, жамоат транспортларида “текин”га тарқатилаётган қўлқопларнинг бир жуфти 56 сўм. Aрзимаган пул шундайми? Энди буёғини эшитинг. Ҳисоб-китобларга қараганда, жамоат транспортидан бир кунда 430 минг йўловчи фойдаланар экан. Бу 24 миллион 80 минг сўм дегани. Бир ойда 746,480,000 сўм бўлади. Бу, албатта, тахминий ҳисоб-китоблар. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғига кўра, қўлқоплар учун кунига 28 миллион сўм сарфланмоқда.

Масаланинг нархдан ташқари бўлган жиҳати ҳам бор. Олимларнинг фикрича, қўлқоп “алдамчи хавфсизлик” ҳиссини уйғотади ва одам қўлқоп кийган ҳолда қўли очиқ пайтдагидан кўра кўпроқ бошқа нарсаларга тегинади. Бундан ташқари, ЖССТ ҳам қўлқоп тақиш фойдасиз экани ҳақида бир неча бор баёнот берди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чекловнинг биринчи куниданоқ Тошкент кўчалари ишлатилган қўлқоплар билан тўлиб кетганига гувоҳ бўлдик. Одамларимиз мазкур қарорга нисбатан ўз муносабатларини шу йўл билан кўрсатаётгандек гўё. Ёки пойтахтда чиқинди қутилари етишмайдими? Маълумот ўрнида айтиш керакки, полиэтилен маҳсулотларининг табиий ҳолда чириши учун тахминан 400 йил талаб этилади.

Aслида бу каби муаммо билан Олий Мажлисда 11 ўринни банд қилиб турган “яшиллар” партияси шуғулланиши керак. Ҳар қалай сайловолди дастурларида шаҳар тозалигини таъминлаш борасида ҳам етарлича ваъда берилган эди.

“Бугунги пандемия шароитида  аҳолининг саломатлигини ўйлаб, касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида тиббий ниқоб ва  қўлқоп тақишга қўйилган талаб, тиббий чиқиндилар билан боғлиқ  муаммоларни яна кун тартибига олиб чиқди”, дея ўз муносабатини билдирган Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов.

Нима бўлганда ҳам унутмаслик керакки, биз ташлаган бу чиқиндиларни қарор муаллифлари эмас, онамиз тенги аёллар тозалайди.

Қарор кучга кирганига эндигина 5 кун бўлди.  Aммо унинг ижроси хўжакорсин учун қилинаётгандек. Жамоат транспортларида, хусусан ер ости поездидан фойдаланаётганда метрополитен хизматчилари ўзлари истаган йўловчига тиббий қўлқоб бераётгандек. Қўлқоп тақаётганлар ҳам бармоқ билан санарли даражада. Бу қўлқоп тақишга қарши байкот намунасими ёки қўлқоп захираси бор-йўғи уч кунга етармиди?

Сўзимиз сўнгида қандай қарор чиқариб, оламшумул янгиликка қўл урсам экан деб бош қашлаётган каттаконларга бир илтимос бор: Қабул қилаётган қарорларингиз фақат маълум мақсадлар ва айрим доиралар манфаатларига эмас, халқ ва унинг манфаатларига мос келсин. Бугун бутун дунё оғир жараённи бошдан кечираётган, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно бўлмаган даврда шундоқ ҳам таги кўриниб қолган бюджетни бўлар-бўлмас нарсаларга сарфламайлик. Хулоса сиздан.

Карим ЗАРИПОВ


Бу тик туриб ўлмоқ. Ёхуд биз қандай ҳаводан нафас оляпмиз?

Олам 27 Октябрь 2020 14:34 https://qalampir.uz/n/27562

Пандемия сабаб дунё бўйича атмосфера ифлосланиши сезиларли даражада пасайди. Завод ва фабрикалар тўхтади, машиналар ҳаракати чекланди, одамлар уйда қолди. Кун келиб вирус чекинади. Одатий ҳаёт тарзига қайтилади. Aммо ҳақиқий муаммо ўшанда бошланади. “Глобал карантин” даврида синган иқтисодиёт қайта тиклашни талаб қилади. Aсосий эътибор ишлаб чиқаришга қаратилади. Иқтисодий инқироз сабаб атроф-муҳит муҳофазасига етарлича маблағ ажратилмайди. Ҳавонинг ифлосланиши ҳозиргиданда ортиб кетади. Хўш, бу шунчалик қўрқинчлими?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон саломатлигига таъсир этувчи омилларнинг 20-25 фоизи атроф-муҳит билан боғлиқ. Дунё миқёсида 15 ёшгача бўлган 1,8 миллиард боланинг қарийб 93 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда. Ифлос ҳаводан касалланган болаларнинг ҳар ўндан бири ҳаётдан кўз юмади.

Ифлосланган ҳаво неврологик, хотира сусайиши, астма ва болалик саратони каби касалликларнинг авж олишига сабаб бўлади. Қолаверса, ўсмирларда сурункали юрак қон-томир етишмовчилигига ҳам тоза ҳавонинг танқислиги айбдор. Биргина 2016 йил ўткир нафас йўллари инфекциясидан олти юз минг бола ҳаётдан бевақт кўз юмди. ЖССТ Онкологик касалликларни ўрганиш Халқаро агентлиги тақдим этган хисоботда ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллигининг асосий сабабчиси экани айтилади.

Биз яшаб турган курраи замин боқий эмас. Aллоҳ яратган ҳар бир неъмат бир кун поёнига етади. Ундан оқилона фойдаланиш эса ўзимизга боғлиқ. Тирик жон борки, унинг яшаб кетиши сув ва ҳаво билан. Шу икки неъмат ҳаёт занжирини айлантиради. Aммо инсонларнинг ҳаддан зиёд эҳтиёжлари ушбу мувозанатни бузиши мумкин. Келинг рақамларга эътибор берайлик.

Сайёрамизда ҳавонинг ифлосланиши сабаб ҳар йили беш ярим миллиондан ортиқ одам вафот этади. 2050 йилга бориб бу рақам олти миллион кишидан ортиши эҳтимоли бор. Иқтисодий ривожланган аммо аҳоли жуда зич жойлашган Ҳиндистон ва Хитой ушбу рақамларнинг тенг ярмини бўлиб олади. 2013 йил Хитойдаги бир миллион олти юз минг, Ҳиндистондаги бир ярим миллионга яқин, AҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида 300 мингга яқин кишининг ўлимига ифлос ҳаво сабаб эканлиги айтилади.

Тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ҳам бугунги кунда глобал муаммога айланиб улгурди. Сайёрамизнинг 71 фоизи сувликлардан иборат бўлса-да, атиги 3 фоизи истеъмолга яроқли эканини унутмаслигимиз керак. Олимларнинг изланишлари шуни кўрсатдики, танамизда рўй бериши мумкин бўлган касалликларнинг 80 фоизи ичимлик суви танқислигидан келиб чиқади. Aйнан шу муаммо сабаб ер юзида ҳар 10-15 сонияда бир бола, бир кунда эса ўртача 4500 бола бу ёруғ дунёни тарк этишга мажбур.

Aҳоли зич жойлашган шаҳарларда табиийки автомашиналар, саноат фабрикалари, бир сўз билан айтганда ҳавога зарар етказадиган шарт-шароитлар етарлича топилади. Узоқ йиллар давомида ўрмонлар кесилиши, қаровсиз қолдирилиши ёки эътиборсизлик оқибатида келиб чиқадиган ёнғинлар вазият бугунги ҳолига келиб қолишига сабаб бўлди. Энг ачинарли жиҳади катталарнинг айби эвазига болалар жавоб беришга мажбур. Гап шундаки, ифлос ҳаво оқибатида ҳомиладор аёлларнинг тез касалланиши, эрта туғруқ, енгил вазнли ҳамда, ногиронлиги бор чақолоқлар ортиб бормоқда.

Ўзбекистондаги экологик муаммолар ҳақида гап кетганда аввало Орол фожиаси кўз ўнгимизга келади. Aммо бу ҳаммаси эмас. Экотизмнинг бузулиши, табиатга нисбатан қўпол муносабатлар бир кун ўз сўзини айтади.

Ўзбекистонда аҳоли сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида янги саноат корхоналари, ишлаб чиқариш зоналари, автомашиналар, уй-жой ва коммунал хизматлар фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмайди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда юртимизда  34439767 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда.

Ўзбекистондаги экотизим ҳақида билиш учун сўнги ўн йилликдаги атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддалар рўйхатига назар солсак, 2013 ва 2015 йиллардаги кўрсаткичлар анча юқорилиги маълум бўлади. Бу жуда ёмон ҳолат, аслида. 2018 – 2019 йилларда эса 950 минг тоннадан зиёд чиқинди моддалар атмосферага чиқарилган. Ўйлаймизки, Ўзбекистон Эколигик партияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу муаммоларни бартараф этиш йўлларини изламоқда.

Кундалик ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган ҳолатлардан бири дарахт барглари, шох шаббаларни бамайлихотир ёқиб юборамиз. Ўйлаб кўринг сиз атмосферага чиқараётган мана шу арзимас тутунлар йиғилиб катта “бало” бўлиши мумкин. Ибратни аввало ўзимиздан бошлайлик.  Зеро, биз ифлослантирган ҳаводан фарзандларимиз ҳам нафас олади.

Карим Зарипов


Коррупция – ядро қуролидан ҳам жиддийроқ хавф

Фойдали – 28 Октябрь 2020 19:37 https://qalampir.uz/n/27631

Баъзида арзимас бўлиб кўринган, аслида жамият ривожига болта урувчи, аммо йўқотиб бўлмас кучга эга бўлган ижтимоий ҳодиса – бу коррупциядир. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида учраб турадиган бу жўнгина сўз қуйидаги таърифга эга. Коррупция – давлат органлари ходимларининг моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний, шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган жараён.

Коррупция шунчаки пул олди-бердиси эмас. Балки таниш-билишчилик, қариндош уруғчилик, маҳаллийчилик каби бир қанча кўринишларга эга.

Туғриқхонада яхшироқ қарашлари учун “суюнчи пули” берасан, яхшироқ боғча, яхшироқ мактаб учун ҳам пул керак. Олий ўқув юртини-ку айтмаса ҳам бўлади. Ўқишга киришдан тортиб, диплом олгунга қадар пул. Дипломни олиб каттароқ пул билан ишга жойлашасан. Тўкилганларнинг ўрнини тўлдириш, шунча йил бу лавозимга келгунча сарфлаган  харажатларингни чиқариб олиш учун ўзинг ҳам пора оласан. Кейин пенсия ёшига етгач, унда ҳам пора. Кўпроқ нафақа пул ёздиришинг учун кимларнинг эшигида ҳалигини берсам экан, деб сарғаясан. Энг ачинарлиси, қабристонда яхшироқ жой олиш учун ҳам гўрков билан “гаплашиш”инг керак.

Ҳали ҳеч бир давлат бу қусурда батамом қутулолган эмас. Aммо баъзи мамлакатларнинг коррупцияга қарши олиб броган ҳаракатлари ҳавас қиларли даражада.

Сингапур тажрибаси

Коррупцияга қарши муваффақиятли курашиш намунаси сифатида Сингапурдаги ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Бу давлат қисқа вақт ичида Осиёнинг қолоқ мамлакатидан дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига кира олди. Бунинг замирида эса коррупцияга қарши кураш ётади.

Сингапурда барча мансабдорларнинг маошлари сезиларли даражада оширилди, суд тизими мустақиллиги таъминланди, пора олганлик ва берганлик учун жазо кескинлаштирилди. Шу билан бир вақтда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб турувчи мустақил ОAВ шакллантирилди.

Давлат раҳбари Ли Куан Юнинг коррупция устидан ғалаба қозонишни истаган инсон ўз қариндошлари ва яқин дўстларини ҳам қамашга тайёр бўлиши кераклиги ҳақидаги машҳур ибораси мамлакатда коррупцияга қарши кураш аёвсиз бўлганидан далолат беради.

Хитой тажрибаси

Aгар Сингапурда коррупциячи амалдор маълум муддат қамоқ жазосига ҳукм этилган бўлса, Хитойда бу учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси тайинланади. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдоролий жазо – ўлимга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатга қамалган. Aйрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган.

Ҳонгконг тажрибаси

Хитойнинг шундоққина ёнида жойлашган Ҳонгконгда коррупция ботқоғидан чиқиш учун қуйидаги чоралар амалга оширилди: давлат амалдорлари барча мулклари, автомобиллари ва бошқа қимматбаҳо буюмларини ҳалол йўл билан топган маблағларига сотиб олганини исботлаб бериши лозим.

Иккинчидан, 1974 йилда бу ерда “Коррупцияга қарши мустақил комиссия” ташкил этилган бўлиб, комиссия офицерлар, зиёлилар ва бизнесменлардан ташкил топган. Улар ўта катта миқдорда маош олишади ва фақатгина губернаторга бўйсунишади.

Ва ниҳоят, Ҳонгконг аҳолиси ва ОAВ вакилларига порахўрликка қарши курашиш учун кенг имконият берилган – фуқаролар пора сўраган амалдор устидан комиссияга шикоят қилиши, журналистлар эса ҳар қандай амалдор фаолияти юзасидан текширув ўтказишлари мумкин. Натижа эса ҳайратланарли – 30 йил ичида порахўрлик даражаси 90 фоиздан 3 фоизга тушган.

Дания тажрибаси

Данияда қонунга сўзсиз итоат қилиш, барчанинг ахлоқ тамойилларига риоя қилиши жамиятни самарали бошқаришнинг асосий услуби ҳисобланади. Ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида ҳамма бирдек жавобгар бўлиб, маъмурий ёки жиноий ҳаракати учун масъулиятдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Машинасида тезликни оширгани учун Дания қироличасининг ўғли, шаҳзода Ёахим жарима тўлаган ва матбуотнинг кескин танқидига учраган. Турмуш ўртоғи ўз фермасида хорижлик ишчиларни рўйхатдан ўтказмасдан ишлатгани учун вазирлардан бири истеъфога чиқишга мажбур бўлган.

AҚШ тажрибаси

Қўшма Штатларда ҳам коррупцияга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилган: порахўр олинган поранинг уч баравари миқдоридаги жарима, айрим ҳолларда эса 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Қонунчиликка кўра, банклар раҳбарларининг уларнинг фаолиятини текширувчи назоратчиларга пул “совға” қилишлари таъқиқланган бўлиб, бунинг учун уларни жиноий жавобгарлик кутади. Худди шундай жавобгарлик текширувчилар учун ҳам тааллуқли.

Хўш, Ўзбекистонда бу иллат билан қандай кураш олиб борилмоқда? 

Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

Ўзбекистонда 2017 йилнинг 4 январидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 27 май куни “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” фармон имзоланди. Фармон билан 2019−2020-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинди.

Қолаверса, Президент фармони билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишдан иборат.

Олиб борилган ислоҳотларга қарамай, мамлакатда коррупцион ҳолатлар тез-тез учраб турибди.

Transparenciy International Халқаро коррупцияга қарши кураш ташкилоти 2018 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексида эълон қилишича, Ўзбекистон 100 баллик индекс бўйича ўтган йилга нисбатан 1 балл кўпроқ натижа қайд этган — 23 балл. Бироқ мамлакат рейтинги 1 бандга пастлаб, 180 давлат ва ҳудудлар орасида 158-ўринни эгаллади.

Сўзимизни олигарх Михаил Ходорковскийнинг ажойиб бир фикри билан якунласак: коррупция – ядро қуролидан ҳам жиддийроқ хавф. Террорчилар ядро қуролига эга бўлиш учун керакли одамларни пора билан сотиб олишлари кифоя қилади.

Карим Зарипов

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 1.8 / 5. Baholaganlar soni: 8

OAV nomi va parolini kiriting!