«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-20T14:45:32+05:0020 Aprel, 2021|Матбуот|

Нурилло НЎЪМОНОВнинг ижодий ишлари

 

Муҳокама учун мавзу

ЖАМИЯТГА “ЗУЛФИЯ”ЧИ ҚИЗЛАР КЕРАКМИ?

Ҳар йили атоқли шоирамиз номи билан боғлиқ давлат мукофотига номзодлар тавсия этиш палласи “Фикрнома ёзиб беринг, устоз!” дея марказий нашрлар мухбирлари ҳамда вилоят газетаси журналистларини, шоир ва ёзувчиларни йўқловчи “ижодкор”лар сони кўпайиб кетади.

Айрим ҳолларда номзоднинг ўзи қолиб, ота-онаси ҳам “Ёрдамингизни аяманг энди”, деб илтимосни қуюқ қилишларини айтинг. Юзага келган ноқулай вазиятдан бир кулгингиз қистайди, бир хижолат бўласиз: фарзанди мушкул аҳволга тушиб қолгану, тақдири сизнинг қўлингизда гўё. Бундай пайтда ҳар қандай киши “шу билан муддаосига етса, майли, ёзиб берганим бўлсин”, дейиши тайин.

Бир қизни танийман. Андижон давлат университети талабаси. Беш-олти йилдирки, Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссиясига “Жамоатчилик” соҳаси бўйича ҳужжат топширади. Аслида, танловдан ўта олмаслиги табиий – чунки билим ва савияси анча ночор-да. Аммо жуда сўзамол, жуда гапдон. Танлаган соҳасини чуқурроқ ўрганиш, билим олишдан кўра кўп вақти давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган турли тадбирларнинг ташкилий ишларига кўмаклашиш билан банд бўлади. Мақсад ана шу идора ва муассасаларнинг сертификат, ташаккурнома ёки “Мақтов ёрлиқ”ларини қўлга киритиш. Йиққан-терган шу тоифа ҳужжатлари сони қирқтача чиқар. Улар орасида, бироз муболаға қилганда, “каламуштутарлар жамияти”нинг ташаккурномаси йўқ, холос. Қисқаси, танловга қайта-қайта ҳужжат йиғишдан эринмайди – эрта-бир кун лауреат бўлишидан зўр умиди бор.

Таассуфки, илм-маърифатга интилиш, муайян мутахассислик ёки касб-ҳунар сир-асрорларини пухта эгаллашни эмас, балки зикр этилаётган мукофотга сазовор бўлишни бош мақсад қилган тоифадаги қизлар сафи кенгайиб бораётгандай. Барча ҳаракатлар – ижод ҳам, қўлга киритилиши ният қилинган ютуқлар ҳам “Зулфия”чи деган мақомга эришиш, мукофот ортидаги имтиёзга етишишга қаратилгандай. Ҳатто бу йўлда номдорроқ ижодкорларга битта китобчага етгулик – ўттиз-қирқта шеър ёзиб бериши эвазига яхшигина маблағ таклиф қилган номзодлар ҳам қулоққа чалиниб туради. Хуллас, шоир Мутриб Хонахаробий айтмоқчи, “ҳамма савдо икки газли бўз учун”. Ҳар ҳолда, кузатувларимиз ана шундай хулосага ундаяпти.

Эътибор берсангиз, ҳар йили халқаро хотин-қизлар куни арафасида янги лауреатлар эълон қилингач, айни масала бир муддат ижтимоий тармоқларнинг бош муҳокама мавзусига айланади. Билдирилаётган фикрлар орасида кескин эътирозлар ҳам кўп, мукофотдан бенасиб қолган номзодларнинг иддао ва дийдиёларига-да кўзимиз тушади. Мукофотнинг низомини бутунлай ўзгартириш керак, деган таклифлар ҳам оз эмас.

Очиғи, аксар мулоҳазаларда жон бор. Аввало, тақдирланганларнинг барчасини ҳам низомда назарда тутилган барча талабларга жавоб беради, дея олмаймиз. Биргина адабиёт соҳасини олайлик. Гулжамол Асқарова, Дилнавоз Қўлдошева, Меҳриноз Аббосова каби тўрт-беш нафар зукко, иқтидорли, бугунги кунда ҳам ижодда ва жамиятда фаол шоираларни айтмаганда, қолганларнинг қайси бири бугун “гуриллатиб” ижод қиляпти? Ахир ардоқли шоирамиз издошлари “Зулфия”чи деган улуғ рутбага монанд бўлиши керак эмасми?! Бу фикрни бошқа йўналишдаги лауреатлар мисолида ҳам ҳеч иккиланмай айтиш мумкин.

Бизнингча, мукофот низомини (ҳайъат таркибини ҳам) мутлақо ўзгартириш, хусусан, комиссияга номзоднинг ўзи ҳужжат йиғиб топшириш тизимидан бутунлай воз кечиш вақти келди (аслида, бу гап “Олтин қалам” ва бошқа танловларимизга ҳам тегишли). Ҳатто бутун бошли вазирликлар, қўмиталар қайтадан, ўзгача, замонавий йўсинда ташкил этилаётган бир вақтда мутасаддилар жамоатчилик фикрлари асосида айни масалани ҳам жиддий кўриб чиқишлари зарур.

Рост-да, чиндан ҳам рағбатга, эътирофга арзийдиган иқтидор эгаси нега энди “Менга мукофот беринг!” дея югуриб юриши керак? Боз устига, ҳужжат топшириш тартиб-таомиллари шу қадар мураккаб ҳамда икир-чикирлари кўпки, қуйи босқичдан то республика миқёсига қадар “эсон-омон” етиб олишнинг ўзи номзоддан анчагина оворагарчилик ҳамда вақт талаб қилади. Шу сабаб ҳам кўп жиҳатдан гарчи “Зулфия”чи тенгқурларидан кам бўлмаса-да, ортиқча югур-югур ва даҳмазаларга тоқати йўқ иқтидорлар қанча?!

Яна бир баҳсли жиҳат. Номзодларга қўйилган умумий талаблар орасида “мукофотнинг таъсис этилиши мақсадларида оқила хотин-қиз кадрлар захирасини тайёрлаш ғояси акс этгани боис номзодларда етакчилик, нотиқлик қобилияти ҳам мужассам бўлиши лозим”лиги қайд этилган. Айтайлик, касби-кори меъмор ёки ҳайкалтарош бўлган фавқулодда истеъдодли, зукко бир номзодда етакчилик, нотиқлик қобилияти сустроқ бўлсаю (ахир телекамера қаршисида гапини йўқотиб қўядиган ижодкорлар камми?), унинг рақиби истеъдодидан кўра сўзамоллиги, тили бийронлиги билан ҳакамларни оғзига қаратиб, эътиборга тушса, ғалати эмасми? Аксига олиб, “Зулфия”чи қизларимизнинг кўпчилиги бирам гапга устаки, бу юқоридаги фикрларни қувватлаётгандай бўлаверади.

Хуллас, шу ва шу каби турли гап-сўзлар ва ҳақли эътирозларга чек қўйиш учун эл орасидан кўзга кўринган иқтидорларни комиссиянинг ўзи саралаб рағбатлантириш тартибини жорий этиш зарур. Мукофот муносиб номзодга ўзи ҳам кутмаган совға бўлса, нур устига нур эмасми? Ана шунда юзлаб, минглаб қизлар йил – ўн икки ой кутиб, қаттиқ умид боғлаб, эътирофга лойиқ кўрилмаганда ҳамма нарсадан ҳафсаласи совимайди. Қайтанга, жамиятда маълум имтиёзга эмас, билим эгаллашга, ўз устида ишлашга интилиш муҳити яхшироқ шаклланади.

Узоққа бормайлик, яқинда АҚШдаги Колумбия университетининг илк ўзбек профессори, 32 ёшида тарих ва диншунослик йўналишида фан доктори даражасига эришган, нақ саккиз тилда эркин мулоқот қила оладиган ватандошимиз Азиза Шоназарова давлатимиз раҳбари Фармони билан “Дўстлик” орденига муносиб кўрилганида, барчамиз чин дилдан ҳавас қилмадикми? Жуда кўплаб ота-оналар қизларига Азизани ибрат қилиб кўрсатишди-ку!

Машҳур турк ёзувчиси Азиз Несиннинг “Кофе ва демократия” деган ҳажвияси бор. Адиб “Мамлакатда икки нарса – кофе ва демократия етишмайди, униси ҳам, буниси ҳам четдан келади. Гарчи уруғлари юз йил аввал қадалган бўлса-да, демократиямиз ниҳоллигича қолди. Кофени эса ҳар куни истеъмол қиламиз. Агар юз йилдан бери демократияни алқашга сарфлаган кучимизни кофе етиштиришга йўналтирганимизда эди, мамлакатимиз қаҳва чангалзорига айланиб кетарди”, деган фикрни илгари суради.

Бугун Зулфия номидаги давлат мукофоти ва у билан боғлиқ жараёнларни айни шу асар ғоясига қиёсласак, муболағага йўйманг. Агар у чинакам иқтидорларни, илм-маърифатли ёшларни “сюрприз” қилиб тақдирлайдиган мукофотга айлантирилганида, нуфузи ҳам йилдан йилга ошиб борганида эди, ўтган йиллар давомида Азиза Шоназарова каби ўнлаб олималар юзага чиққан бўларди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

«Ishonch» мухбири

(Мақола «Ishonch» газетасининг 2020 йил 2 июнь кунги 56-сонида чоп этилган).


Қурилиш соҳаси бўйича суд экспертизаси:

«ИШНИ ЧЎЗСАНГИЗ, АДЛИЯ ВАЗИРИГА ШИКОЯТ ҚИЛАМАН!..»

Яқинда Андижон вилояти учун қурилиш соҳаси бўйича давлат суд эксперти штати ажратилгани ҳаммадан кўра судьяларни кўпроқ қувонтиргани бор гап. Бу қарор билан айни йўналишга дахлдор низоларда ойлар давомида «иш»ни ёполмай, асаблари қақшовчи судьяларни боғлаб турган кўринмас иплар ечиб юборилди гўё. Шундан келиб чиқилса, кўнгли бўшроқ қонун пешволарининг хурсандликдан кўзларига чирт ёш келган бўлса, ажаб эмас!

Биласиз, судья ва терговчи, муайян низо ёки тергов иши юзасидан эҳтиёж сезилган чоғда, экспертиза тайинлаш ваколатига эга. Бу қурилиш ва ер билан боғлиқ низоларга ҳам тааллуқли.  Хуллас, эксперт олдига қўйилган саволларга аниқлик киритилиб, то хулоса берилгунига қадар судья ёки тергвчи унинг оғзини пойлаб, кутишга мажбур. Гап шундаки, яқин ойларгача водийнинг уч вилоятида (Андижон, Наманган  Фарғона) тайинланаётган қурилиш-техникавий экспертиза хулосалари фақат битта шахс – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси марказининг Фарғона вилояти бўлими эксперти Ҳотамжон Мадраҳимовга боғланиб қолган эди.

Хўш, нима бўпти дерсиз?

Бугун ким кўп – ер ва қурилиш масалалари бўйича судлашаётган кўп. Хусусан, фуқаролик ва иқтисодий судларда кўрилаётган низолар бунинг исботи. Энди ўйлаб кўринг: қарийб 10 миллион нафар аҳолига эга Фарғона водийси учун битта эксперт ўзига келиб тушаётган барча саволларга вақтида, сифатли жавоб беришига кафолат борми? Йўқ, албатта.

Ҳолатни тиниқроқ тасаввур қилишингиз учун бир мисол келтирсак. Ўтган йили фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти суди кассация инстанцияси даъвогар – Андижон шаҳридаги «Нодира» хусусий корхонасининг – жавобгар Жаннатхон Асқаровага нисбатан «ноқонуний қурилмани буздириш ва ер майдонини қайтариш ҳақида»ги фуқаролик иши юзасидан қурилиш-техникавий ва ершунослик экспертизаси тайинлайди.  Низо объекти, бироз муболаға билан айтганда, товуқ катагидай жой. Яъни суд саволларига жавоб қайтариш учун бир ҳафта муддат кифоя. Аммо эксперт шу ишни нақ тўрт ой «судрагани»га нима дейсиз?

Аввалига вазифа объектни кўздан кечиришни ташкил этиш ҳамда экспертиза тўловлари амалга оширилгани ҳақидаги маълумотлар тақдим этилгунига қадар, яъни 2019 йилнинг 11 мартидан 10 апрелигача тўхтатиб турилди. Бундай қарор қабул қилишга экспертнинг ҳақи бор. Аммо шундан сўнг ҳам судьялар ва тарафлар интиқлик билан кутаётган хулоса яна салкам уч ой «дам еди»  ва июль ойида судьянинг қўлига келиб тушди. «Иш»нинг анча вақт «дам еб» ётгани сабаби бор экан: экспертнинг тоби қочиб қолибди. Меҳнатга лаёқатсизлиги сабаб 1 майдан 3 июнга қадар ишга боролмайди. Соғайиб, оёққа турган куни эса меҳнат таътилига чиқиб кетади…

Халқда «Кутганнинг вақти ўтмас», деган гап бор. Бу муддат оралиғида экспертнинг оғзини пойлаб турган судьялар ишнинг муддати чўзилаётганидан хуноб бўлса, тарафдорлар ҳар ҳафта бир бор суд идорасига бош суқади денг: «бизга янгилик йўқми, қози бува?»

Балиқчи туманида яшовчи тадбиркор Ҳамидулло Абдуллаев ва «Чинобод пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамияти ўртасида юзага келган ҳамда бир неча йилдан бери давом этаётган низо бўйича Андижон вилояти иқтисодий суди тайинлаган экспертиза масаласи хусусида ҳам гап шу. Турли асосларга кўра олти ой чўзилган хулосада эксперт Ҳ. Мадраҳимов кечиктирилиш сабабларини бирма-бир таъкидлаб, орада ўзининг бошқа экспертизалар билан бандлиги туфайли (!) 2019 йилнинг 13 февралидан 11 мартига қадар иш тўхтатиб турилганини очиқ-ойдин баён этади. Айтишга осон, аммо низо юзасидан тегишли хулоса тақдим этилгунига қадар даъвогар ёки жавобгарнинг кун санаб чарчашини, руҳий ҳолатини бошидан ўтказган одамгина билади. Қисқаси, суд ишларининг тақдири битта мутахассисга боғланиб қолганидан виждони уйғоқ суд пешволарининг норози бўлгани ҳам бор гап. Ҳатто айрим «немисча муомала»га ўрганган судьяларнинг муайян низо юзасидан экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримни Ҳ. Мадраҳимовга юбора туриб, «Ишни чўзиб юборсангиз, Адлия вазирига арз қиламан!» дея огоҳлантиргани ҳам рост.

Судьяларнинг бундай асосли эътирозлари Адлия вазирлигига етиб борган шекилли, Республика экспертиза марказининг Андижон ва Наманган вилоятларига ҳам қурилиш, ер билан боғлиқ низоларда хулоса берувчи биттадан мутахассис ажратилди. Бир қарашда масала ҳал: энди ҳар икки вилоят судьялари қабул қилган тегишли ажрим Фарғонага эмас, айни ҳудудларнинг ўзида жойлашган экспертга юборилади. Тақдим этилаётган хулосалар аввалгидек ярим йиллаб эмас, нисбатан тезкор тайинланяпти. Ҳар ҳолда, муддат борасида нолимагудек.

Аммо, бизнингча, кичкинагина бу «ислоҳот» билан экспертиза тизими тўлиқ тартибга тушмагандай. Айтайлик, Андижондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 200 нафарга яқин терговчи бор. Фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ҳамда жиноят ишлари бўйича судларда 100 нафар атрофида судья фаолият кўрсатади. Энди ҳақли савол туғилади: шунча судья ва терговчининг ҳар бири ўзи шуғулланаётган низо ва тергов иши юзасидан, жилла қурса, йилда бир бор қурилиш-техникавий ёки ершунослик соҳаси бўйича экспертиза тайинлаши мумкинми? Албатта! Бу юмушларнинг барчаси тағин битта шахс – вилоятдаги ягона экспертнинг зиммасига юклатилади. Шундан келиб чиқилса, қарийб 3 миллион нафар аҳоли истиқомат қиладиган Андижонда зикр этилаётган йўналиш бўйича тортишув ва низоларга ҳамиша, ҳар доим битта мутахассис хулоса бериши нечоғли адолатли?

Бу гап наинки Андижон, балки Фарғона ва Наманган вилоятларига ҳам тааллуқли.

Тўғри, ҳуқуқ тизимидаги ташкилотларга ишга киришдан аввал мутахассиснинг билим даражаси, лаёқати, савиясига тегишли тартибда баҳо берилади. Синовдан муваффақиятли ўтган кадргина ҳуқуқ пешволари сафига қўшилади. Шу маънода водий вилоятларидаги экспертларга эътирозимиз йўқ. Аммо ҳаёт ҳақиқатини унутмаслик керак: тегишли масала юзасидан бир шахснинг фикри, нуқтаи назари, у минг билимдон ва донишманд бўлмасин, нисбий бўлиши эҳтимоли юқори.

Жойларда адвокатларнинг экспертиза хулосаларидан тез-тез норози бўлаётгани сабаби ҳам шу. Бирорта туман суди судьясининг маълум низо юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарори ҳар доим ҳам қонуний бўлавермайди-ку? Уч нафар судьядан иборат апелляция ёки кассация инстанциясида қуйи судларнинг қарорлари бекор қилинганига мисол кам деб ўйлайсизми? Айни мантиқдан келиб чиқилса, қурилиш-техникавий ҳамда ершунослик масалалари бўйича вилоятларда ягона бўлмиш эксперт ҳам иш устида адашмаслигига кафолат йўқ. Ёки экспертларнинг фарғоналик ҳамкасбига ўхшаб меҳнат таътилидан олдин тоби қочиб қолса, судлашаётганлар тақдири яна ойлаб муаллақ қолиб кетиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бизнингча, шу каби жиҳатларга таяниб, ҳар бир вилоятда мутахассис ишга чиқмай қолганда ўрнини билинтирмайдиган ёки унинг хулосасидан тарафлардан бири норози бўлган тақдирда, худди судлардаги каби қайтадан ўрганиб чиқадиган уч кишилик экспертлар ҳайъати бўлиши мақсадга мувофиқ. Балки хусусий экспертиза марказлари фаолияти йўлга қўйилар? Эҳтимол, вилоят ҳокимликлари ҳузурида қурилиш масалалари бўйича ёши улуғ, тажрибали мутахассислардан иборат, мураккаб низоли вазиятларда асосли, жўяли маслаҳат, йўл-йўриқ бера оладиган кенгаш тузиш керакдир? Аммо бир нарса аниқ: айни йўналиш кечиктирилмай тартибга солинса, судьялар, адвокатлар, экспертга тез-тез иши тушадиган юртдошларимизнинг ўнтадан биттаси дуога қўл очганда Адлия вазири номини ҳам тилга олишига шубҳа йўқ.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

«Ishonch» мухбири

(Мақола “Ishonch” газетасининг 2020 йил 20 октябрь кунги 118-119-сонларида чоп этилган).


МАТМУСА НЕЧА МАРТА УЙЛАНАДИ?

Ёки пиллачиликнинг заҳмати – деҳқонга, роҳати – кластергами?

(“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мутасаддилари ҳам ўқисин!)

Андижон туманининг «Бешпаҳлавон» маҳалласида яшовчи Нодирбек Қосимов «тиши чиққани»дан бери хонадонида бирор-бир мавсум ипак қурти парваришисиз ўтганини эслолмайди. Ҳар йили тутлар барг ёзадиган давр келдими, тамом – оиладаги катта-ю кичик то пилла қабул пунктига топшириладиган паллага қадар ипак қурти атрофида парвона бўлади.

Албатта, бир пайтлар бу юмуш эвазига тўланган иш ҳақининг чўғи баланд, рўзғорга яхшигина қўр бўлгани бор гап. Бироқ фермерлик ҳаракати бошлангач, пилладан келадиган даромаднинг йилдан-йилга баракаси уча бошлади. Шундай кунлар келдики, хизмат ҳақи миқдори ҳатто қурт боқилган хонанинг енгилгина таъмири учун ҳам етмай қолди.

Бундан тўрт йил аввал пиллачиликка алоҳида эътибор бошланибди, махсус кластерлар ташкил этиляпти, деганда «Хайрият, пиллачининг ҳам кўксига шамол тегаркан», деб умид пайдо бўлган эди. Аммо ўтган вақт оралиғида даромадни қўйинг, харажатни қоплайдиган маблағга ҳам эга чиқмагач, бор умид чиппакка чиқди. Узоққа бормайлик, ўтган йилги мавсумда ҳудуддаги фермер хўжаликларидан бири орқали қурт боқиб, тумандаги «Andijan Silk.Co» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонага 84,5 килограмм пилла топширди. Мана, бир ярим йилдирки, пулидан дарак йўқ. Жорий мавсумда эса маҳалладошларидан бири Ойсуда Исмонова касаначи сифатида рўйхатдан ўтиб, ушбу кластердан ипак қурти олган экан. Бироқ оиласидаги шарт-шароит ўзгариб, Нодирбек Қосимовга «пилламизни сиз боқиб беринг, даромади ўзингизга», дея таклиф қилди.

Нодирбек таклифга кўнди ҳамда мавсум якунида «Andijan Silk.Co» корхонасига 17 килограмм кумуш тола топширди. Аммо корхона мана шу хизмат учун арзимасгина пулни ҳанузгача тўлаб бермаяпти.

Савол туғилиши турган гап: модомики даромадини олишга кўзи етмас экан, бу оилага шунча риёзат чекиб, пилла етиштиришдан не наф?! Сабаб шуки, бугун наинки Қосимовлар оиласи, балки қишлоқлардаги у каби минглаб оилалар тут баргидан қоладиган чўпни қиш-қировда ўтин сифатида ёқамиз, дея хонадонига ипак қурти олиб киришади.

…Аслида сўнгги пайтларда ҳеч бир жабҳа давлатдан пиллачилик тармоғи каби катта эътибор кўрмади. Энг аввал Президент қарори билан «Ўзбекипаксаноат» номли уюшма ташкил этилди. Уюшманинг зиммасига юклатилган кўпдан-кўп вазифалари баробарида ваколатлари ҳам бир дунё. Давлат раҳбарининг 2017 йилдан бери тармоққа доир нақ бешта қарор қабул қилинди. Бу ҳазилакам гапми, ахир?

Мазкур ҳужжатларнинг пировард мақсади ипакчиликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, тизимдаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳисобига аввало ипак қурти боқувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш, шу баробарида янги иш ўринлари яратиш, ўзбек ипаги шуҳратини жаҳон бозорида юксалтириш каби жиҳатлардан иборат. Шундай экан, Нодирбек ва унинг тимсолидаги бошқа минглаб пиллачилар турмуш тарзида нега ижобий ўзгариш кўзга ташланмаяпти? Ҳар мавсумда ҳузур-ҳаловатдан кечиб, машаққатли, ҳалол меҳнатга бел боғлаганларнинг нима учун косаси оқармаяпти? Бизнингча, мутасаддилар Президент қарорларидан ё бехабар, ёки ўз билганларидан қолишмаяпти. Кластер эгалари имкон қадар мўмай даромад топиш илинжида фермерлар ва касаначиларнинг манфаатларини оёқости қилишмоқда.

Келинг, мавжуд вазиятни таҳлил қилиб кўрайлик. Энг биринчи муаммо – фермер хўжаликларининг кластерларга шартномавий қарамлиги масаласи. Яъни, икки ўртада тузилажак шартнома шартлари асосан кластернинг фойдасига тош босади. Фермернинг «Бу битим менга маъқул эмас, бошқа кластер билан ишлайман», дейишига йўл берилмайди. Мисол учун, Андижон, Булоқбоши, Избоскан, Марҳамат ҳамда Пахтаобод туманларидаги фермер ва касаначилар фақатгина «Andijan Silk.Co» қўшма корхонаси билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Шартномалар эса туман ҳокимлари аралашуви билан кластер манфаатларига мос тарзда мажбуран тузилган.

Бунда фермерларнинг манфаатлари айтарли даражада ҳисобга олинмаган. Агротехникада бир қути ипак қурти боқиш учун 700 килограммдан 1 тоннагача барг едирилиши меъёр сифатида белгиланган. Бу миқдор ўртача олганда, йирик танали 35 туп тут ҳисобига тўғри келади.

Айтайлик, фермер хўжалигининг балансидаги тут дарахтлари 4 қути қуртни боқишга етади. Аммо шартнома имзолаш чоғида кластер бу жиҳатни ҳар доим эътиборга олмайди: фермерга унинг имкониятларидан камида 30-50 фоизгача ортиқча режа қўйилади – дод десанг ҳам, вой десанг ҳам шу! Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, туманлар кесимида қайдадир гектарига 20 килограмм, бошқасида 40 килограмм ва ҳоказо мажбурий режа мавжудлиги ортида фермерлар кафангадо бўлиши ҳеч гапмас.

…Хуллас, ғалвир сувдан кўтарилган паллада, табиийки, фермер пилла режасини бажаролмайди. Чунки режани тўлиқ уддалашга ҳисобидаги тут барглари етмайди-да! Ана ундан кейин кластернинг фермер бошида қамчи ўйнатишини кўринг: шартноманинг бажарилмаган қисми учун жаримани тезда тўлаб қўй! 2018 йилги мавсумда «Andijan Silk.Co» қўшма корхонаси пилла режасини уддалолмаган юзлаб фермерлардан 9 миллиард сўмнинг нари-берисида жарима ундириб олгани, натижада жуда кўплаб хўжаликлар раҳбарлари «жарима нотўғри қўлланган», деган даъво билан кластерни судга бергани фикримизга яққол исбот.

Ахир, зарар кимга аччиқ эмас: ўша мавсумда фермерларнинг қай бири 4 миллион, кимдир 10 миллион, яна бошқаси 20 миллион сўмдан кластерга нақд пул тўлашди-да (бажарилмаган режа кўрсаткичи, жарима ундириб бўлингач, қоғозларда 100 фоиз деб акс эттирилиб, ёлғон статистика берилиши эса алоҳида мавзу!).

Имкони йўқ фермерлар эса банкдан кредит олиб, кластернинг иштаҳасини қондиришдики, уч мавсумдан буён фермерлар кластернинг «қули»га айланиб бўлишди. Ҳолбуки, Президентнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 12 январь кунги «Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 20 августда қабул қилинган «Республикада пиллачилик тармоғидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 4 декабрь кунги «Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларида жойлардаги мавжуд тутзорларни хатловдан ўтказиш, тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш каби йўналишлар «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг асосий вазифалари сифатида белгилаб қўйилган.

Бу ўз-ўзидан пилла етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилашда мавжуд база ва имкониятлар ҳисобга олиниши зарурлигини англатади.

Таассуфки, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан хатлов ва имкониятлар масаласида тақдим этилаётган баландпарвоз рақамлар реал ҳаётга тўғри келмаяпти. Жойларда тут қаторлари кенгайиш ўрнига борлари ҳам қисқариб бормоқда. Айни вазиятни назорат қилиш ва тутларга қирон келтираётганларга мутасадди органлардан чора кўришни сўраш бош вазифаси бўлган уюшма эса жойлардаги ҳолатдан бехабар ёки томошабин.

Келинг, фикримизни айрим мисоллар билан дастакласак. Бўстон туманидаги «Элдорбек келажаги» фермер хўжалигининг 6 гектарлик тут плантациясидаги бундан эллик йил аввал экилган дарахтлар кексайиб, самара бермай, қуриб қолаётгани, оқибатда ипак қурти боқишда қийинчиликлар юзага келаётгани боис, фермер 2015 йилнинг февраль ойида туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғига мурожаат қилади. Мазмуни шуки, «плантацияни ёшартиришга, эскилари ўрнига янги кўчат экишга рухсат беринг».

Тегишли комиссия ҳолатни ўрганиб, ижозат бергач, кўчатлар янгиланади. Бироқ орадан тўрт йил ўтгач, 2019 йил баҳорида ҳокимлик мутасаддилари майдони 6 гектарга тенг янги плантацияни фермердан тортиб олиб, ҳеч бир сабабсиз бузиб юборишганидан пиллачиликка масъул мансабдорлар нечоғли хабардор? Ҳолбуки, фермер барча харажатларни ўз ҳисобидан қоплаб, кўчатни тутга айлантираётган эди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, нормал ҳолатдаги 1 гектар плантация 5 қути қуртни боқишга етади. Бу – хонавайрон қилинган 6 гектар тутзор яқин келажакда 30 қути қуртни пиллага айлантириши мумкин эди, дегани. Энди савол: 30 қути уруғдан ўртача қанча пилла олинади? Етиштирилган хомашёдан қанча ипак тайёрланади-ю, натижада давлатга қанча валюта келтиради? Бунинг ҳисоб-китоби мутасаддиларга ҳавола.

2019 йилнинг декабрь ойида Андижон вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси тайёрлаган ҳамда Андижон туманидаги ҳолат қайд этилган маълумот қўлимизга келиб тушди. Қаранг, биргина «Андижон агропилла» МЧЖга қарашли тутзорларнинг 90-контурида 12 сотих, 166-контурида 0,70 гектар, 277-278-контурларида 0,30 гектар, 376-контурида 12 сотих майдонни фуқаролар ноқонуний равишда эгаллаб олиб, бемалол қурилиш ишларини бошлаб юборишган. Айримлари ҳатто кўчиб киришган.

Айни туманга бевосита бириктирилган ҳамда асосий вазифаси тут, пилла, ипак ташвиши билан боғлиқ бўлган «Andijan Silk.Co» корхонаси раҳбарияти бу ҳолатдан воқифми? Тут плантациясини бузиб иморат солиш уч кунлик юмуш эмас, камида олти-етти ойлаб давом этадиган жараён, ахир?! Бу ҳам майли, аммо мазкур кластер «бурнининг тагида» бўлаётган номаъқулчилик, яъни айнан ўзига тегишли тутзорларнинг икки қисмида – салкам 14 сотих жойда кимлардир бемалол уй-жой ва савдо дўкони қурилишини бошлаб юборганидан бехабар қолиши мумкин эмас.

Биргина туман мисолида келтирилаётган бу далиллар ихтиёримиздаги узундан-узун рўйхатнинг йигирмадан бири ҳам эмас. Бироқ мана шу бир шингил ҳолат пиллачиликдаги асл вазият хусусида оз-моз тасаввур беришга етиб ортса керак?!

Соҳага доир зикр этилган қарорларда аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш мақсадида тармоқ ташкилотлари томонидан томорқа ер эгаларига 50 бошдан 90 кунлик парранда ҳамда тут кўчатлари шартнома асосида бепул етказиб берилиши қайд этилган эди. Ушбу ташаббусда «пиллакорнинг ишдан кўнгли совимасин, унинг ҳам косаси оқарсин», деган эзгу мақсад бор эди. Аммо пилла етиштириб ҳамон даромадини кутиб ўтирган касаначилар паррандани қўя туринг, хизмат ҳақини вақтида олишса, дўпписини осмонга отишади. Ҳолбуки, касаначиларга пилла пули хомашё қабул қилинаётган пайтда – тарози устида нақд санаб берилиши назарда тутилган.

Яна бир гап. Давлат раҳбарининг 2018 йил 20 августда қабул қилинган «Республикада пиллачилик тармоғидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг таклифига кўра, уй шароитида пилла хомашёсини қайта ишлаш, хом ипак ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш фаолияти билан банд бўлган шахсларга қатор имтиёзлар белгиланган. Демакки, одамларга уйда ўтириб наинки пилла етиштириш, балки уни ипакка айлантиришни ўргатиш, тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мутасаддиларнинг бош вазифаларидан бири.

Не дейсизки, Андижонда бирор оила ўз хонадонида ипак ёки тайёр маҳсулот етиштиришни йўлга қўйибди, деган янгиликни эшитмадик ҳам, кўрмадик ҳам. Ваҳоланки, қарорнинг айни бандида жамиятимиздаги энг нозик масала – ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришдек эзгу мақсад кўзда тутилган бўлса, не ажаб?

Дарвоқе, шартномавий қарамлик хусусида сўз очган эдик. Айни ҳолатни кластернинг фақатгина фермерлар билан эмас, балки касаначилар билан муносабатларида ҳам кузатиш мумкин. Айтайлик, Эшмат Тошматов касаначи сифатида корхона билан ҳамкорлик қила бошлади. Пилла тарозига қўйилиб, лаборатория таҳлилидан ўтказилгач, топширилган ҳосилнинг қанча қисми биринчи, қанча қисми иккинчи, учинчи ёки тўртинчи навларга, яна неча килограмми навсиз пилла ёки қорапўчоққа ажратилгани топшириш-қабул қилиш далолатномасида акс эттирилиши биринчи қоида ҳисобланади. Бусиз даромадни чиқариб бўлмайди.

Бироқ кузатувларимиз ва қўлимиздаги далолатнома нусхаларида маҳсулотнинг умумий оғирлигигина акс этган, холос. Ҳужжатнинг қолган бандлари очиқ қолдирилмоқда. Хулосаки, на касаначи, на фермер топширган хомашёсининг неча фоизи қайси навга қабул қилинганини ҳам, аслида ҳақиқий даромади қанча эканини ҳам ҳеч қачон билмайди.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган йили жаҳон бозорида ўзбек ипагининг 1 килограмми 38-40 доллардан сотилган. Ҳисоб-китобга кўра, 2 килограмму 800 граммгача пилладан 1 кило ипак олинади. Уюшма бу йил кластерларга пилланинг харид нархи учун фермер ва касаначиларга ўртача ҳисобда ҳар килограммига 20 минг 400 сўмдан пул беришни тавсия этди.

Демак, ҳисоб-китоб қилсак, 1 килограмм пилла кластерларга камида 14 доллардан зиёдроқ даромад келтирмоқда. Уни минг машаққат ва заҳматда етиштирган қўли қадоқ деҳқон эса топширган ҳар килограмм пилласи учун бор-йўғи 2 долларга (20 минг 400 сўмдан) эга чиқяпти. Энг ёмони, аслида харажатларни учма-уч қоплашга-да етмайдиган бу маблағ ҳам ўз вақтида эмас, аксинча минг бир сарсон-саргардонлик, асаббузарлик, айрим ҳолларда ҳуқуқ идораларига арз битиш ёки интернетда овоза қилингандан сўнггина деҳқоннинг қўлига тегмоқда.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов қаламига мансуб «Матмусанинг уйланиши» номли шеърни ўқигансиз. Шоир ҳажвий асар қаҳрамони – «Ҳайъатларда кеккайиб, «биз ундоқ, биз бундоқ», деб яйраб-сайраб юрган» Матмуса тимсолида ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатини эслатади: «Алқисса, шу – баъзида шундай бўлиб қолади, биров қилиб меҳнатни, биров обрў олади».

Бугун ипакчилик тизимидаги айрим мутасаддиларнинг иш тутумини ҳам Матмусанинг хатти-ҳаракатларига қиёсласак, биров ёқамиздан олмаса керак?!

Нима дедингиз?

Нурилло НЎЪМОНОВ,

“Ishonch” мухбири

(Мақола “Ishonch” газетасининг 2020 йил 13 октябрдаги 115-сонида чоп этилган).


МИБ ПРОКУРАТУРАНИ ҲАМ АЛДАЙДИМИ?

Ёки ижроси «дам еб» ётган икки ҳужжат қисмати

Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан ўтказиладиган матбуот анжуманларида амалга оширилган ижро ишларига доир катта-катта рақамлар «баланд пардаларда» тилга олинади. Ваъда вафоси билан гўзал бўлганидек, суд қарорининг кучи – ижрода! Бажарилмаган суд ҳужжатининг эса «макулатура»дан фарқи йўқ.

Шу маънода МИБчиларнинг «ишлаган одам мақтанишни ҳам билиши керак», деган замонавий ақидага таяниб, ўз фаолиятларини фаол тарғиб қилишини тушунмоқ даркор. Бироқ ҳамма иш хатодан холи бўлмаганидай, уддалашнинг имкони бўлса-да, ижрочиларнинг тортмасида сарғайиб кетган суд ҳужжатлари ҳам бугун бирма-бир қалқиб чиқяптики, бу қайд этилган ҳаракат ва эътирофларга соя солиши турган гап.

Балиқчи туманида яшовчи Абдувоҳид Турсунов дуч келган муаммо ана шулардан бири.

Аслида масала у қадар мураккаб эмас: Абдувоҳид Турсунов ўзи раҳбарлик қилаётган «Ҳабибулло» кўп тармоқли хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмасига тегишли ҳудуднинг 267 квадрат метр қисмига қўшниси А. Муродов ўзбошимчалик билан бино-иншоотлар қуриб олгани боис уларни жавобгар ҳисобидан буздириш юзасидан судда даъво қўзғаган. Узоқ тортишувлардан кейин фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди «қурилмалар буздирилиши, ноқонуний эгалланган ер эгасига қайтарилиши керак», деган тўхтамга келган. Қонуний кучга кирган суд ҳужжати муҳокама қилинмасдан, сўзсиз бажарилиши шарт. Аммо мана шу тартиб Турсуновга келганда ижрочининг «ёдидан кўтарилса»ми? Аввалига МИБнинг мазкур юмушга масъул ходими қарорнинг моҳиятини англамаганлигини таъкидлаб, низоли ернинг кадастр ҳужжатларида кўрсатилган қайси қисмидаги қурилмалар бузилиши юзасидан суддан тушунтириш сўради. Бюронинг мурожаатига асосан суд 2019 йил 18 апрель кунги ажримида масаланинг икир-чикиригача тўхталиб, ортиқча саволга ҳожат қолдирмай тушунтириб берди. Арзгўйдан савол сўраймиз: «Хўп, ижрочи математик ҳисоб-китобга зарурат сезиб риёзат чекмасин деб, суд ҳолатни кўрга ҳассадек қилиб тушунтириб берибди. МИБ масъули вазифасини охирига етказдими кейин?» «Йўқ-да, йўқ… Ижрочи ўз ишини тўла-тўкис адо этганида, ҳозир сизларга арз қилган бўлармидим?»

Маълум бўлишича, МИБ Балиқчи тумани бўлими ижрочиси А. Худойбердиев ўтган йилнинг 22 апрель куни низоли жойга келиб, назарда тутилган биноларнинг бир қисмини мажбурий тарзда буздириб, қолган қурилмаларни эса қарздор А. Муродов томонидан ихтиёрий тарзда олдириб ташланиши хусусида тушунтириш бериб, бу ҳақда далолатнома тузади. Таажжубли жиҳати шуки, далолатномада жавобгарнинг имзоси бор-у, даъвогар қўл қўймаган. Хуллас, вазифа қоғозда дўндирилган, амалда эса ниҳоясига етказилмаган. Абдувоҳид Турсунов ярим-ёрти ижро иши юзасидан МИБнинг туман ва вилоят раҳбариятига неча марта мурожаат қилди, эҳ-ҳе… Жавоблар бир хил: «ҳужжат ижроси ўзингизнинг иштирокингизда тўлиқ таъминланган…» Бу орада бир эмас, икки бор вилоят прокуратурасининг эшигини қоқди: «Ҳой барака топгурлар, бюро сизларнинг қошингиздаги ташкилот, шу муаммони бир ўрганиб, назорат қилиб беринглар, МИБчилар «ишингизни тугатганмиз», деб бақрайиб ёлғон гапиряпти-ку!»

Мазкур мурожаатлар якунидан англашилишича, прокуратура бюро ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан билдирилган шикоятларни ҳар доим ҳам атрофлича ўрганмайди, чоғи… Фуқаронинг важларидан кўра МИБ ходимининг сўзларига ишонишса керак-да. Негаки прокуратурадан берилган жавобларда ҳам ижро иши сифатли адо этилгани таъкидланади. Жумладан, вилоят прокурорининг ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев имзоси билан 2019 йил 18 сентябрь куни берилган жавоб хатида айни мавзудаги иш тўлиқ якунланиб, ижро варақаси фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судига қайтарилгани қайд этилади.

Айни мавзуда суддан олинган маълумотнома эса юқоридаги жавобнинг акси: «Маъзур тутгайлар, ижро иши якунлангани ҳақида қарор ва далолатномалар бизга келиб тушмаган!» Қай бирига ишониш керак: судгами ёки бюро маълумотномасига асосан жавоб тайёрлаган прокуратурагами? Югур-югурлардан зада бўлган Абдувоҳид Турсуновнинг ҳолатини тасаввур қилаётган бўлсангиз керак? Охирига етказмаган вазифасини «тўлиқ уддаладим» деб ҳатто прокуратуранинг-да «кўзига чўп суқадиган» ижрочининг кўчадан келган оддий фуқарога муносабатини-чи?

…Баён этилган ҳолат андижонлик Дилшод Солижоновнинг МИБ билан боғлиқ «саргузаштлари» олдида ҳолва экан. Салкам тўрт йил аввал Жаҳонгир Турсунов деган йигит «Матиз» автоуловида Андижон шаҳрида йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб, ўз йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган «Нексия» билан тўқнашиб кетади. Оқибатда ҳар икки машинага каттагина зарар етади. «Нексия» Дилшод Солижоновга тегишли эди. Хуллас, етти ёт бегонанинг айби билан автомобилини ўз ҳисобидан 25 миллион сўмга таъмирлатган Солижонов ҳуқуқбузар Жаҳонгир Турсуновни судга беради. Избоскан тумани маъмурий суди 2017 йил 6 ноябрь куни жабрланувчи фойдасига 25 миллион 162 минг сўм ундириш тўғрисида қарор қабул қилади. Орадан ўн кун ўтгач, ижро варақа Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳри бўлимига юборилган.

Тартибга кўра, айни тоифадаги ҳужжатларни ижро этишда қарздорга зиммасига юклатилган қарзини ихтиёрий равишда тўлаб бериши учун 15 кун муддат берилади. Айни вақт оралиғида ундирув амалга оширилмаса, ижрочи ундирувчининг аризаси ёки ўз ташаббуси билан қарздорнинг мамлакат ҳудудидан вақтинча четга чиқиб кетмаслиги учун унга тақиқ қўйиши шарт. Давлат ижрочиси Машҳур Қодиров эса қарздор Жаҳонгир Турсуновга вақтинча тақиқ қўйиш ўрнига ундирувчини сарсон қила бошлаган. Жабрланувчи Дилшод Солижоновнинг «Ҳой, барака топгур, кун билан ой ўтяпти, ҳуқуқбузарга нега тақиқ қўймаяпсан? Эртами-индин четга чиқиб кетса нима қиламиз?» деган гапларига қулоқ солса қани?! Дилшод Солижоновнинг куюнганича бор экан: орадан олти ой ўтар-ўтмас қарздорни излаб топишнинг имкони қолмади – ердаям йўқ, кўкдаям! (Дилшод Солижонов қарздорни МИБ ижрочисининг яқин қадрдони, шу боис унинг қочиб кетишига шароит яратиб берди, деб ҳисоблайди).

Ундирувчининг саккиз ойлик югур-югурларидан кейингина – 2018 йилнинг 3 августига келиб, ижрочи Машҳур Қодиров қарздорга нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисида ҳужжат тайёрлаб, уни ички ишлар идораларига юборди. Бу вақтда ҳуқуқбузар яшаш жойида ҳам, кўча-кўйда ҳам қорасини кўрсатмай қўйганди.

Давлат ижросининг айни хатти-ҳаракатлари юзасидан берилган саволга МИБнинг Андижон вилояти бошқармасидан изоҳ олинди. Маълум бўлишича, Машҳур Қодировнинг шу ва шунга ўхшаш «қилиқлари» кўпайиб кетгани сабаб аллақачон паттаси қўлига тутқазилган экан. Хулоса шуки, ижрочининг ортидан сарсон-саргардон юрган фақатгина Дилшод Солижонов эмас. Шундай қилиб, Солижонов излаётган шахс қидирувга берилганига ҳам роса икки йил бўлди. Бу муддат ичида ижро ҳужжати МИБ Андижон шаҳар бўлими ижрочиларининг биридан иккинчисига, иккинчисидан учинчисига, қисқаси, ҳамон қўлдан-қўлга ўтяптики, натижадан дарак йўқ!

…Энди асосий гапга келсак. Гарчи МИБ томонидан жуда кўплаб суд қарорлари тўла-тўкис адо этилаётгани таъкидланаётган бўлса-да, юқоридаги икки ҳолат бу борадаги тиниқ тасаввурларни хира торттириши турган гап. Ҳар икки вазиятда ҳам ижрочиларнинг лоқайд, совуққон, ишга нисбатан кўзбўямачилиги ортидан муаммо юзага чиқяпти. Суднинг қонуний қарори бажарилмагач эса, фуқаронинг давлатга нисбатан ишончига путур етяпти. Бирники – мингга, мингники – туманга, деган гап бор-а?

Яқинда коммунал хизматлар билан боғлиқ ундирувлар мазкур тизимдан чиқарилгани барчага маълум. Бу ўз-ўзидан бюронинг қуйи тузилмасидан то юқори идораларига қадар иш кўлами анча енгиллатганидан далолат. Демакки, тизимга иши тушиб, йиллар давомида сарғайиб юрган Абдувоҳид Турсунов ҳамда Дилшод Солижонов каби фуқароларнинг шикоятларини батафсил ўрганиб, якунига етказиш учун энди масъулларда кўпроқ фурсат бор. Бюродан норози бўлиб турли идораларга арз битаётганлар сони эса жамоатчиликдан кўра МИБчиларнинг ўзларига яхши маълум.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

“Ishonch” мухбири 

(Мақола “Ishonch” газетасининг 2020 йил 13 август кунги 78-сонида чоп этилган).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!