«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-20T10:14:29+05:0020 Aprel, 2021|Матбуот|

Ҳилола ҒАФФОРОВАнинг ижодий ишлари

 

«Ҳаётимизда муҳим ўзгаришлар юз бермоқда…»

Президент Шавкат Мирзиёев маҳал-лабай тизимида йўлга қўйилган ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги ифодасини кўриш, навбатдаги режаларни белгилаш, қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш мақсадида 12 декабрь куни Хоразм вилоятига келди.Ташриф доирасида туманимиздаги янги ишга туширилган “Yantex Invest” корхонасида бўлиб, газлама ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Корхона иш бошлаган бино кўп йиллар қаровсиз ҳолда, фойдаланилмасдан келган. Президентимиз Ш.Мирзиёев  Хоразмга 2017 йилги ташрифи чоғида бу ерда салоҳиятли инвесторларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берган эдилар.

Шундан сўнг “Асакабанк” томонидан унинг юз фоизлик улуши сотиб олинди. Ўткан икки ярим йил ичида қурилиш таъмирлаш ишлари жадал олиб борилиб, ниҳоясига етказилди. Россиянинг Иваново областида  йигирма беш йилдан буён текс-тиль корхоналари таъсисчиси бўлиб келаётган сармоядорлар билан музокараларга киришилди. Инвестор танловига мувофиқ пахтани чуқур қайта ишлаш орқали газлама ишлаб чиқарила бошланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 16,1 миллион доллар бўлиб, у шу йилнинг сентябрь ойида ишга туширилди. Швецария, Бельгия, Германия, Франция, Хитой давлатларидан келтирилган тўқув дастгоҳлари ўрнатилди. Айни пайтда бу ерда олтмиш нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Яна 40 нафари корхонанинг ўзида ташкил этилган ўқув марказида россиялик мутахассислардан касб сирларини ўрганмоқдалар.

Корхона йилига 12 миллион метр газлама, 600 минг комплект чойшаб ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш салоҳиятига эга. У тўлиқ қувват билан ишлаганда уч юз эллик киши иш билан банд бўлади.

– “Yantex Invest” МЧЖда замонавий калава ўраш, тўқиш, тикиш машиналари ўрнатилган. Улар ёрдамида эни 240-270 см. бўлган матолар ишлаб чиқарилади. Зарур хом ашё вилоятнинг ўзида мавжуд.

Лойиҳанинг афзалликларидан бири, энг сўнгги моделдаги ускуналардан фойдаланилаётганидир. Бу  рақобатбардош ва сифатли маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Келажакда ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини жорий этишни режалаштирганмиз, – дейди корхона раҳбари Баҳодир Мустакимов биз билан суҳбатда.

Иш икки сменада ташкил этилган. Ходимлар икки маҳал озиқ-овқат билан таъминланган. Бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

– Касбим тикувчилик. Корхона иш бошлаган кундан шу ердаман. Уйим яқин бўлганидан келиб кетишимда муаммо йўқ. Ойлик маошим, яратилган шарт-шароитлар менга маъқул. Энг қувонарлиси, доимий даромадга эга бўлганим,- дейди остоналик Малоҳат Рўзметова.

– Яқиндагина иш бошлаган бўлсам-да, бу ердаги ҳар бир инсон, ҳар бир ускуна мен учун қадрли.  Вазифам электрик-инжинер. Туманимиздаги катта меҳнат жамоаларидан бирида ишлаётганимдан хурсандман. Тенгдошларим ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз берди. Бундай хайрли янгиланишлар давомли бўлиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораверади,- дейди қувонч билан Жалоладдин Ҳасанов.

Ҳилола ҒАФФОРОВА.

«Янгиариқ овози» газетасининг 26 декабрь 2020 йил 23-сон


Саломатлик посбонлари – давр қаҳрамонлари

8 ноябрь куни мамлакатимиз тиббиёт ходимлари ўз касб байрамларини нишонлайдилар

Мамнунлик балққан нигоҳлар

Инсон ҳаётда, албатта, бошқаларнинг кўмагига эҳтиёж сезади. Аксарият ҳолларда шифокорлар ҳузурига бориб, улардан мадад сўрашимизга тўғри келади. Иссиқ жон, деб беҳуда айтишмаган, у дардсиз бўлмайди. Соғайиб, оёққа туришингизда бор маҳоратини, билимини ишга солган оқ халатли нажодкорни  бир умр эслаб қоласиз. Миннатдорлик ҳисси  қалбингизни эгаллайди. Учратиб қолганингизда раҳматингизни яна бир бор изҳор қиласиз.

Тиббиёт ходимлари байрами арафасида Қўриқтом қишлоқ врачлик пункти биносига ташриф буюрдим. Мени очиқ чеҳра билан қаршилаган жамоа аъзоларининг кўзларига қараб мамнуниятимни нигоҳларимга жамладим. Барчасини яхши танийман. Уларнинг ширин муомаласи зарур пайтда менга дори-дармондан ҳам кўпроқ наф келтирган эди.

Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Муаммо ва камчиликлар бартараф этилиб, хизмат сифати ортиб, таъминот яхшиланмоқда. Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида янгиликлар жорий этилмоқда. Масалан, ҚВПлар қайта жиҳозланиб, зарур ускуналар ўрнатилди. Аниқ ташҳис қўйиш ва даволаш имкониятлари кенгайди.

Қишлоқда яшовчи аҳоли сони 12778 нафарни ташкил этади. Якка-ёлғиз яшовчилар, парваришга муҳтожлар, ногиронлиги бўлганлар, кам таъминланганлар, меҳнат фахрийларига махсус рўйхат асосида алоҳида тиббий хизмат кўрсатилади. Ўн олти нафар ҳамшира Ширшоли, Қўриқтом, Янгиер, Пўрсанг маҳалласи ҳудудида яшовчи аҳолининг саломатлиги учун масъул.

– Бир хафта олдин соғлигимдан шикоят қилиб шу ерга келган эдим. Шифокорлар барча таҳлилларни ўтказиб, ташҳис қўйишди. Тавсияларига кўра кундузги бўлимда шу ернинг ўзида муолажа оляпман. Ўзимни  яхши хис қила бошладим. Бунинг учун шифокор ва ҳамширалардан жуда хурсандман.

Хизматлар пуллик эмас. Фақат баъзи дори-дармонларни ўз ҳисобимиздан сотиб олишимиз мумкин. Хоналар озода ва ёруғ, – дейди Эрназарова Анагул

Муассаса йигирма тўрт соат тинимсиз ишлайди. Якшанба кунлари ҳам навбатчи врач, ҳамширалар иш жой-ларида. Аёллар, эркаклар, болалар учун алоҳида хоналар ажратилиб, ҳар ой тиббий кўрикдан ўтувчиларга малакали хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, хомиладор аёллар, оила қуриш истагида бўлган ёшларга тиббий маслахат соатлари белгиланган. Шифокорлар уларга психологик тавсиялар бериш баробарида соғлом турмуш тарзига риоя этиш қоидаларини ҳам тушунтириб бормоқдалар.

Шифокорнинг эътибори, меҳри улардан интиқлик билан яхши сўз кутаётган беморларга куч ва умид бағишлаши ўз-ўзидан аён. У масъулиятни чуқур ҳис қилиб, вазифасини маромига етказиб адо этиши шарт. Айни ҳақиқатни ҳеч унутмайдиган соҳа фидойиларининг ҳар бир куни қаҳрамонлик. Фаррух Авезов, Умида Отаназарова, Зеваржон Саидметова, Муҳаббат Бобожонова, Санамжон Олламова, Ўткир Жуманиёзов, Муҳайё Жуманиёзова, Шуҳрат Ўриновлар касбга садоқати туфайли каттаг ҳурмат-эътибор қозонганлар.

– Ҳар қандай вазиятда ўзинга, иродангга таян, деган тушунчани ақлимга сингдириб олганман. Беморнинг кайфияти ёмон, руҳи тушкун бўлиши мумкин. Баъзан шу сабабдан қўпол гапирадиганлар ҳам учрайди. Аммо, бу мени асло ранжитмайди. Уларга кулиб жавоб қайтаришга одатланганман. Касбиимизнинг алоҳида жиҳатларидан бири, муҳим қоидаси шу деб биламан. Хасталикдан фориғ бўлганларнинг юзидаги қувончни кўрар эканман, машаққатли дамларни бир зумда унутаман. Бу менинг ҳаёт тарзимга айланган, – дейди ҳамшира Насиба Болтаева.

Ҳаётимизда мураккаб жараёнлар кечаётган бир пайтда дардимизга малҳам излаётган шифокорларга қанча таҳсин айтсак, шунча кам. Улар инсон ҳаёти учун жавобгар, буни қалбдан ҳис қилиб меҳнат қилмоқдалар. Елкасидан босиб турган масъулият юки доим хушёр, сергак, иродали бўлишга ундайди. Оромидан кечиб, ўзини эзгу амалга бағишлаган шифокорларга қўлингиз дард кўрмасин, деймиз.  Байрамингиз қутлуғ бўлсин!

Ҳилола ҒАФФОРОВА.                                                                 

«Янгиариқ овози» газетасининг 7 ноябрь 2020 йил 19-сон


Замонамиз қаҳрамонлари

Меҳр кўнгил шифоси

Жасоратлилик қўрқмаслик эмас, қўрқиб туриб, ўз вазифасини бажаришдир. Бирор мушкул юмушнинг уддасидан чиқаман, дея аҳд қилиш жасурлик, аслида. Бунинг учун қалбда хоҳиш ва матонатни ҳис қилиш кифоя.  Шу куч сизни ижобий натижалар, улкан марралар сари етаклайди. Жонкуяр, фидойилиги туфайли айни ҳақиқатни яна бир бор исботлаган замондошларимиздан бири – Дилдора Абдуллаева. У тиббиёт соҳасида 25 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда.

1996 йилда Тошкент тиббиёт олийгоҳини юқумли касалликлар шифокори мутахассислиги бўйича тамомлаган. Ҳозирда туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиника маркази қошидаги психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш хонаси врачи. У билан суҳбатимиз шундай бошланди:

–  Зиммамдаги масъулият катта. Бир кунда йигирма тўрт соат бўлса, ҳаммасини ишга сарф қилишга тўғри келади, баъзан. Чунки кўпинча бу оддий фаолият бўлмай, балки ҳаёт-мамот масаласига айланиши мумкин. Энг муҳими, ҳар қандай вазиятга доимо тайёр туриш ёки аксинча тушкун, ғамгин ҳолатдан тез чиқиб кетиш талаб этилади.  Кўпчилик инсонлар шифокор фақат дори-дармон, тиббий муолажа орқалигина ёрдам кўрсата олади, деган фикрда юради. Аслида эса у аввало ўз руҳиятини назорат қила олиши, хуш муомаласи билан ҳар қандай дардни чекинтиришга қодир. Беморлар билан мулоқотга киришар эканман, ана шу қоидага амал қиламан. ҳар бир мижоз кайфиятига мослашаман. Бундай ёндашув доимо яхши натижа берган.

– Бир вақтнинг ўзида ҳам она, ҳам рафиқа, ҳам намунали мутахассис бўлиш осон эмас. Сезилиб турибдики, сиз ҳеч қачон бу борада муаммога дуч келмагансиз. Аммо ҳозирги пандемия шароитида одамлар кўпроқ ўз жонини ўйлашга мажбур бўлишмоқда. Сиз қандай қилиб ҳаёт билан хаёлни уйғунлаштирмоқдасиз?

– Ишдаги қийинчиликларни билимларимга асосланиб енгиб ўтаман. 2018 йилда яшаб турган уйимиз техник носозлик туфайли ёниб кетди. Деворларгача нураб, кул бўлди. Мен шунда ҳам умид билан келажакка боқдим. Ўзимни йўқотиб кўймаганимдан ҳайрон бўлган яқинларим ва ҳамкасбларим сен ҳеч уйи ёнган кишига ўхшамайсан, деб кўп айтишди. Барчасига жавобим бир хил бўлган – синовларда синиш эмас, тобланиш керак, деганман. Бу кўргуликни хотиржамлик билан қабул қилганимиз учунми кўрган зиёнларимизнинг ўрнини тезда қоплашга киришдик. Яқинда янги иморат тикладик. Кўчиб кириш арафасидамиз.

Пандемия ҳақида тўхталадиган бўлсам ҳам фикрим шу – ҳаммаси ўз қўлимизда. 16 апрелда Боғот туман юқумли касаллик-лар бўлимида 14 кун давомида касалликга чалинган беморларни даволаш гуруҳида бўлдим. Оғир аҳволга тушганларнинг аксариятида ваҳима ҳуружини сездим. Бунда менга вазминлик қўл келди. Муолажа билан бирга психологик машғулотларни ҳам олиб бордим. 11 май куни гуруҳимиз билан бизни Хонқа санатория дам олиш масканига карантинга жўнатишди. Иккинчи нав-бат 13 июнда бошланиб, 28 июлда тугади. Шу муддат – икки навбат давомида белгиланган тартибда жами олтмиш икки миллион сўм миқдорида мукофот пули олдим. Ҳозир ҳам қатъий иш жараёнидамиз. Ҳисоблаб кўрсам тўрт ой мобайнида 20 кунгина уйда бўлибман. Аммо ҳеч қандай афсусланмайман. Зарур пайтда беморларга саломатлик ва табассум улаша олганимдан мамнунман.

– Инсон ўзи кўрган меҳрнигина ўзгаларга муносиб етказа олади, деган фикр бор. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин?

– Айнан шундай. Мен шифокорлар оиласида туғилганман. Отам – Жуманазар Абдуллаев, онам – Ширин Рустамова ҳам шу соҳада узоқ йил ишлаганлар. Уларни биринчи устозларим деб бемалол айта оламан. Кейинроқ бу рўйхатдан мен учун жуда ҳурматли инсонлар – Абдураҳим Мадраҳимов, Бердибой Солаев, Даврон Нуруллаев, Рустам Юсуповлар жой олганлар. Уларнинг эътибори, муҳаббати туфайли танилдим. Шогирдларим Муҳаббат Абдуллаева, Ирода Юсуповаларга билганларимни ўргатдим. Бундан қувонаман.

Бу дунёга қачон келиб, қачон кетиш одамзоднинг ўзига боғлиқ эмас. Қисматни танлай олмаймиз. Аммо қай тарзда умр кечириш ўзимизнинг ихтиёримизда.   Оғир беморларда шундай бир ҳолатни кузатганман. Улар қийналадилар. Борлиқ ва йўқлик орасида турганликларини биладилар. Ҳар бир нафаси ҳаёт учун кураш эканлигини сезадилар. Умидвор тикиладилар. Тепасида ноиложликдан қийналиб ўтирган сизни – шифокорни кўрадилар. Кўзларини юмадилар. Икки дунёингиз бир бўлиб киприкларингизни ювиб ерга тўкилади ўша пайтда. Кутасиз ва ўзингизга қараб турган нигоҳларни пайқайсиз. Биласиз, бу бемор дунёга қайтиб келди. Сизнинг юрагингиз севинчга, ўзингиздан,  касбингиздан розилик, мамнунлик, ифтихор, юзлаб дард-манд қалбларга шифо бўлган инсоний меҳрга тўлиб тошади.

Ҳилола ҒАФФОРОВА суҳбатлашди.

«Янгиариқ овози» газетасининг 29 август 2020 йил 15-сон

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

Замонамиз қаҳрамонлари

Очерк

Орзулар ортидан югуриб

Ҳаёт  баъзан тўфон, баъзан сокин денгиз каби. Унинг яна тубсиз жарликларию, бепоён лолазорлари бор. Бир қарасам, Қуёшнинг чиқиши мўъжизадек, юлдузларга термулиб, олам ажойиботларини кашф этиб ҳеч тугатиб бўлмаслиги ҳақида ўйлайман. Ўтмишимга қараб умримни сарҳисоб қилар эканман, борлиқнинг мен англаб-англолмаган сиру синоатлари адоқсизлигини тушунаман. Чексиз чалкашликлардан теран ҳақиқат яралади – бор саволларнинг ечимию, калитини қўлимга тутқазади у. У сўз, буюк сўз – инсонийлик. Бани одам шу чўққига кўтарила олса, албатта, тириклигидан бир ҳикмат қолдиради, келгувчиларга. Менинг қаҳрамоним Роҳатжон Абдиримова ўзи танлаган, севган таълим соҳасида ўттиз беш йил заҳмат чекди. Катта меҳр қозонгани, эътибор топгани бунинг сийлови бўлди.

2006 йил 11-ИМИни тугатиб, Ажиниёз номидаги Нукус педогогика институтининг ўзбек-тили ва адабиёти факультетига ҳужжат топширдим. Аммо тест синовларида етарли бални тўплай олмадим. Хуллас уйга қайтиб келдим. Синг-лим 11-синфда ўқирди. Қўшимча машғулотларга қатнай бошлаганди. Ота-онам менинг ҳам боришимни исташди. Ўзимдан кичкиналар орасида ўтиришга уялдим. Рад этдим. Бундан хабар топган устоз  ёнларига чақириб, шундай деганлар:

– Билимга интилиш – мақсад бўлиши керак. Бирор олийгоҳга кириш ёки кирмаслик билан ундан воз кечилмайди. Сен қутлуғ йўлдасан. Бу қанчалик машаққат эканлигини тушунишинг керак. Ҳозир бошқа нарсаларга хаёлингни чалғитсанг, манзилни  йўқотасан. Эртадан машғулотларга кечикмай кел.

Ўзбек тили ва адабиёти билан бирга тарих, инглиз тили курсларига ҳам қайтадан қатнай бошладим. Яна институтга ҳужжат топширдим. Натижаси эса…

Талаба бўлиш менга насиб этмади. Уйга келсам, ўша гап. Дарсларингни такрорлайсан, дейишди. Бу сафар кайфиятим анча ёмон эди. Чунки икки марта омадим чопмади. Кўнглим совигандай бўлди. Шундай кунларнинг бирида устоз қўнғироқ қилиб, тест синови ҳақида сўраб қолди. Жавобим салбий бўлгач, яна ёнига чақирди. Машғулот ўтаётган эканлар. Саломлашиб, ўтиришга рухсат сўрадим. Устоз бирданига мавзуни эълон қилди. Мени тўғри давранинг ўртасига таклиф қилди:

– Бугунги мавзуни Ҳилола тушунтириб беради, – дея ўз жойига бориб, жимгина кузатиб ўтирди. Аввал ҳайратландим. Кейин юрагимни  ҳаяжон чулғади. Устоз эса: икки йиллик тажрибанг бор, қани бошла, дегандай маъноли нигоҳ ташлаб қўйдилар. Машғулотни тугатдим. Ҳамма кетиб бўлгунча кутдим. Устоз бирор сўз айтармикан, деган ҳадик билан пастга қараганча, индамай ўтирдим. У дафтарига нималарнидир ёзарди. Бироз вақт ўтгач,  гап бошлади ва қўлидаги қоғозни менга узатди.

– Уйингга боргач ўқиб чиқар-сан. Талабалик пайтимда ёзган шеърим.

Шеърни ҳозир сўзма-сўз эслол-масам-да, маъноси ёдимда. Орзу ҳақида эди у.

Кўп вақтгача устознинг нега бундай қилганини ўйлаб юрдим. Билсам, у мени ўзим севган оламга етаклаш орқали ниятларимга эришишга ундаган экан. Шундан кейин кўнглимдаги хижилликлар ювилиб кетди. Астойдил ҳаракат қилдим ва учинчи уринишда талабалар қаторидан ўрин эгалладим. Хурсандчилигимни ҳам устозим билан баҳам кўрдим. У                                                           инсон мендан ҳам кўпроқ қувон-дилар.

Устознинг биргина ўзбек тили ва адабиёти йўналишида уч юздан ортиқ шогирди бор. Ундан сабоқ олган, ўқишни бошқа соҳалар бўйича давом қилдирганлар –  шифокор, юрист, журналист, педогог, муҳандислар қанча. Олим бўлиб етишганлари ҳам кўп.

Роҳатжон Абдиримова 1959 йилда Хива шаҳрида туғилган. 1981 йилда Хоразм давлат педогогика институтини ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси йўналиши бўйича тамомлаган.  Фаолиятини туманимиздаги 22-мактабда умумий ўрта таълим мактабида бошлаган. Кейин Қори Ниёзий номли мактабда, 11-ИМИда,  Янгиариқ саноат иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида давом эттирган.

У ҳақда ҳамкасби Саодатжон Қозоқова шундай дейди:

– Роҳатжон изланувчан, билимли, ўз касбини жон-дилдан севувчи ўқитувчи. Ижодкорлик ва интизом энг биринчи фазилати, десам янглишмайман. Матбуотда долзарб мавзудаги мақолалари билан тез-тез чиқиб турарди. Уларни мунтазам ўқиб, кузатиб борганман. Маҳорати, ўз услубига эга эканлиги туфайли барчанинг эътиборига тушган. 1992 йилда Қори Ниёзий номидаги мактабга директорликка тайинландим. Ишга киришишим биланоқ Роҳатжонни бу ерга таклиф қилдим. Бир жамоада салкам ўн йил ишладик. Меҳнатсеварлиги, фидойилиги боис бошқалардан ажралиб турарди. Хамкасблари, шогирдлари билан тез тил топиша оларди. Дарсларни шундай мазмунли ва эсда қоларли ташкил этардики, унинг фанидан уч баҳо олган ўқувчи топилмасди. Самарали фаолияти боис Маҳмуд аз-Замахшарий номидаги лицейга ишга чақиришди. Жамоамиз билан бунга рози бўлмадик. Бир йилдан сўнг, ундан сабоқ олишни истаб туманимизнинг турли қишлоқларидан келаётган ўқувчилар сони кўпайгач, рухсат бердик.

Шу ўринда турмуш ўртоғи Илҳомжон Полвонов хусусида алоҳида айтишим керак. Роҳатжоннинг ютуқларида унинг хизматлари катта. Севимли иши билан шуғулланишига уйда ҳам  шароит яратиб берган. Доим қўллаб-қувватлаб келган. Роҳатжон оилада намунали она. Фарзандларини элга нафи тегадиган, ўқимишли қилиб камолга етказди. Ўғиллари Мансурбек ва Мардонбек ҳарбий йўналишда тиббиёт ходими, Муроджон ички ишлар соҳасида ишлайди. Қизи Юлдузхон Урганч давлат университетининг учинчи босқич талабаси. Келинлари – Дилафруз, Зулайҳо, Дилноза ўқитувчи.

Устоз ҳозир пенсияда.

– Шогирдларимнинг ҳаммасини эслайман. Хўжаназар Ёқубов, Умаржон Гуммиев, Қудрат Бекжонов, Дилрабо Жуматова, Сардор Машарипов, Умида Гуммиева, Муҳаббат Абдуллаева… Улар ҳамиша  фаол. Қўлга киритган муваффақиятларидан қувонаман. Ўзимдан мамнун бўламан, касбим билан фахрланман, – дейди у.

– Мен ўқитувчиман, илмсевар ўғил-қизларнинг интилишларини кўриб, севинчим ортади. Зеро, уларнинг ўткир тафаккур, юксак маънавият эгаси бўлиб етишишида ҳиссам борлигидан ғурурланаман. Севимли касбим ҳаётимнинг бир бўлагига айланган. Изланишлардан чарчамайман, балки ғайрат-шижоатим ортиб, ҳаракат қилавераман. Ёшлик йилларимдан бери ана шу иштиёқни бир зумга йўқотмаганман. Бу ҳам бўлса, устоз сабоқлари самараси, – дейди Жамила Абдуллаева.

Инсон қалбига йўл фақат меҳр-муҳаббат орқали. Кимдаки ана шу тоза туйғу ва чексиз қудрат бор экан, уни ардоқловчилар, ҳурмат қилувчилар беҳисоб. Қалби эзгуликларга, нигоҳи тилакларга тўла яхши одамнинг яқини, дўст-қадрдони бўлиш ҳамма учун ёқимлидир. Роҳатжон Абдиримова  минглаб чуқур билим, ўткир зеҳн, теран тафаккур, ёрқин истеъдод эгаларини атрофига тўплай олган.

Ақл-заковат денгизларда сузгувчи кемаларни яратди, самоларда учиш учун тайёралар ясади, тоғларни забт этди, саҳролар кечиб, дунё кезди. Инсон нима қилса-да, орзулари ортидан қувишдан тўхтамай, югуришдан  бир он тинмай яшаб келмоқда. Унинг ҳаёти ҳали неча минг асрлар шундай кечади. Замонлар силсиласида шунчаки яшаб ўтмайди, ихтиролар қилади, яралади, яратади. Илоҳим шундай бўлсин. Мангу шундай бўлсин. Бузмасин, йўқотмасин. Шуларни хаёлдан ўтказдим. Ўз қалбим ўзимга хитоб қилди:

– Сен бундан-да яхши, бундан-да мазмунли, олий ҳодисаларга гувоҳ бўласан. Чунки иродаси мустаҳкам, маслаҳатлари самимий улуғ устозлар мактабида таҳсил олдинг. Маънавиятинг, маърифатинг шунга элтади…

Эҳтиром ила тилга олганим Роҳатжон Абдиримова биз шогирдлар тафаккури, онгу шуури, юрагига яхшилик ниҳолини ўтқазган. У баракали ҳосил беришидан умидвормиз. Устоздай машҳурлик ва манзурлик барчамизга насиб этсин.

Ҳилола ҒАФФОРОВА.

«Янгиариқ овози» газетасининг 20 август 2020 йил 14-сон


Яшил орзулар

Умр мазмунини меҳнатдан ахтарган деҳқоннинг ҳар куни бир имтиҳон. У машаққатдан қочмайди. Енгилликка юз бурмайди. Меҳри, қалб қўри, пешона тери билан ризқ-насиба ундирада ва бошқаларга улашади.

Қармишлик Баҳодир Рўзметов ана шундай узоқни кўзлаб иш қиладиган инсон. Ўзига ажратиб берилган 26,3 гектар майдонда мана бир йилга яқинлашибдики, бетиним  югур-югурда. У бу ерда боғ яратмоқчи. Яратганда ҳам бошқаларникидан фарқ қилувчи, замонавий, сердаромад, ҳосилдор боғ яратиб, нафақат Ўзбекистонга дунёга донг таратмоқчи. Бу осон қўлга киритилмаслигини у жуда яхши билади. Энг аввало, ўрнатиладиган ниҳолнинг навига эътибор қаратиш лозим. Тупроқ ва иқлим шароитига мосми, экспортбопми, рақобатбардошми?

Баҳодир ака илм одами. Бу масалалар, уларнинг ечими унга яхши таниш. Ҳамиша янгиликка интилиб яшаганидан у фаннинг турли йўналишларида шуғулланиб кўрган, ниҳоятда кенг ва чуқур тасаввурга эга.

Ҳуллас, у бир тўхтамга келгач, Туркиядан ўрик, шафтоли, олхўри кўчатларини келтиришга қарор қилди. Мақсад амалга ошди. Ҳозир йигирма икки гектар майдонда ниҳоллар кўкка бўй чўзиб турибди. Бутун эътибор парваришга қаратилган.

Ташкил этилаётган боғ ўрни бундан 25-30 йиллар муқаддам тўқайзор бўлган. Кейинроқ пахта, полиз экинлари етиштирилган ва бир муддат ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Шу боис тупроқ унумдорлиги камайиб кетган. Бегона ўт босган далани қайта жонлантириш учун ишни илмий асосда йўлга қўйиш талаб этилмоқда. Шунчаки ўроқ, кетмон кўтариб юриб бирор натижага эришиш қийин.

– Инновацион услубларни қўллашни ният қилдик. Айниқса, томчилатиб суғоришни жорий этдик. Бу намлик узоқ сақланишини таъминлайди. Тежамкор ва фойдаси катта технология. Асосий вазифани техника бажаради, – дейди иш бошқарувчи Ҳусан Рўзметов.

– Болалигим  шу қишлоқда кўча чангитиб ўтган. Тенгдошларим қатори ўқувчилик давримдан далада тер тўкканман. Улғайгач, олийгоҳда таҳсил олдим. Тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича илмий иш ҳам қилганман. Боғдорчиликка қизиқишим  ўша пайтлар уйғонган.

Инсоннинг эзгу амали тилга олиниши қанчалик ёқимли. Орзуим шунга эришиш аслида. Бошлаган ишимнинг натижасидан кўнглим тўқ. Бу ўт босган жойда нима ҳам унарди, деган сўзларни кўп эшитдим. Аммо, ўтган-кетганнинг гапига эмас, ўз қалбимга қулоқ тутишни маъқул кўрдим. Бор илмим, тажрибамни бир мақсадга қаратганман. Фарзандларимнинг кўмаги, ишончи менга куч-ғайрат бағишлайди, –  дейди хўжалик раҳбари Баҳодир Рўзметов.

Сахий заминимизда етиштирилган мевалар юртимиздан узоқларда ҳам машҳур. Улар ўз таъми, шифобахш хусусиятлари  туфайли севиб истеъмол қилинади. “Bahodir and sons” хўжалиги майдонларида кўзни қувнатиб       баравж ривожланаётган ниҳоллар вақт етиб ҳосилга кирганда хориж бозорлари расталаридан ўрин эгаллаб, серқуёш ўлкамиз боғбони номини оламга танитишига ишонамиз. Ана шу кунларда бу ерга қайта ташриф буюриб, олтиндай тобланиб пишган ноз-неъматлардан татиб кўрамиз.

Ҳилола ҒАФФОРОВА.

«Янгиариқ овози» газетасининг 12 июнь 2020 йил 10-сон

 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.1 / 5. Baholaganlar soni: 8

OAV nomi va parolini kiriting!