«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-19T11:35:26+05:0019 Aprel, 2021|Матбуот|

Холниса РАҲМОНҚУЛОВАнинг ижодий ишлари

 

Қадриятларимиз

МИЛЛИЙ ЛИБОСЛАРДА МОЗИЙ ЗАРРАСИ

—Мана, бу  қадимги ўзбек аёлларининг бош кийими «ўдана» деб номланган, — дейди Гавҳар опа. — Бу момоларимизнинг хазина сақланадиган бош кийими ҳисобланган.  

Опанинг маълумотлари жуда қизиқтириб қўйди. У билан миллий либослар тўғрисида суҳбатлашар экансиз, кўплаб шундай янги  маълумотларга дуч келасиз. Сабаби, у нафақат барча турдаги қадимий миллий либослар тикиш билан балки, уларни сақлаш, тарғиб этиш, келажак авлодга етказишдек хайрли ва масъулиятли ишни ният қилган. Гавҳар Астанақулова Жиззахдаги ҳунармандчиликнинг каштачилик йўналиши бўйича ягона ҳунарманд саналади. Уйида ўз шахсий музейи ҳам бор. Унда жуда қадимий, IVII асрдан қолган паранжию чачвонлар, тақинчоқлар, кашта ва бошқа миллий ҳунармандчилик ишлари бор.

Гавҳур Астаноқулова 1961 йилда Ғаллаорол туманининг Сарбозор маҳалласида туғилган. Уч нафар ўғли, уч келини бор, 7 неваранинг суюкли бувижониси. Тошкент давлат ирригация институтини тамомлаган.  Турмуш ўртоғи Аброл ака билан 32 йил қишлоқ сув хўжалиги соҳасида хизмат қилди. 2015 йилда пенсияга чиққач, ўз олдига қўйган она касби  билан шуғуллана бошлади.

—Ҳунармандчилик  билан  момоларимиз, боболаримиз шуғулланиб келишган, —дейди  опа. —Гилам тўқиш, кашта тикиш, миллий либослар тикиш,  паранжию чачвон тикишни бувиларимиздан ўрганганмиз. Онам кашта тикар, пилладан ипак олиб бўяшарди, сўзаналар, бўғжама, бўхчалар тикишган. Бизни даврдаям рўмолчалар, куёвбелбоғлар, жойнамозлар, олача, гажариқ олача, холи гилам, зулбароқлар тайёрлашган. Тенгдошларимиз ҳам тиккан, биздан кейингилар тиккани йўқ. Ўтган йили Жиззах вилоят мусиқали драма театри биносида ўз кўргазмамни ташкил қилдим. Унда йўқолиб бораётган миллий либосларимизни намойиш этдик.

—Миллий қадриятларимизни сақлаш ва келажак авлодга етказишда нималарга эътибор қаратаяпсиз?

—Уйларимиз замонавий жиҳозланиши билан миллий маҳсулотларимиз, кашталар намуналар бир чеккага сурилиб қолди. Ҳатто чекка қишлоқлардаги уйларда ҳам баъзан кашталарни тополмай қоламиз. Буларни сақлаш учун аввало шогирдлар тайёрлаш керак. Ғаллаорол, Бахмал туманларида каштачилик бўйича сабоқлар бердим, у ерда шогирдларим бор. Кўп хонадонларда бўлдик, аммо қадимий кашталарни топа олмадик. Биз қадимги усулда тикилган кашталарни тикканмиз,  рўжа, сўзана, манглайқош, зардевол, шуларнинг ҳаммаси миллий каштачилик намуналаримиз саналади. Миллий либослардан желак, ридо, паранжи, тикдим, эски паранжиларни қишлоқларни айланиб топиб, сотиб олдик. Буларни яна кўргазмаларга олиб чиқяпмиз, дўппи, сумкалар тикяпмиз, уларнинг ҳаммаси  қўл меҳнати намунаси саналиб, катта аҳамиятга эга. 5,6 авлоддан бизга мерос бўлиб ёпинчиқ, желаклари қолган. Ўтган йили “Бувижоним кийган либослар” танлови бўлди. Шогирдларимни кийинтириб олиб чиқдим. Қисқаси, ўз қадриятларимизни келажак авлодга қолдириш. Гавжум жойларда одамларга қадимги қадриятларимизни ўргатардим, 30, 40 нафардан зиёд шогирдларим бор. Улар Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах шаҳрида бор, белбоғ, ёстиқ, дўппилар тикишади.  Устозларим — бувим, онам, опам. Катта келиним билан вилоят Ҳунармандлар уюшмасига аъзомиз, у менинг ҳунаримни давом эттиради, ҳозирда кичкина келиним ҳам ўрганиб олди. Ўртанча келиним тикувчилик қилади.

—Кўплаб танловларда, халқаро фестивалларда иштирок этиб, олган таассуротларингиз?

—Ўтган 2019 йилда Термиз, Зоминда Бухоро, Қўқон, Жиззахда ташкил этилган кўплаб миллий ҳунармандчилик фестивалларида қатнашдик. Қўқонда ҳунармандларнинг халқаро I фестивали бўлиб ўтди. Ўша ерга маҳсулотлар ва анжомларимиз — олача, ўрмак, урчуқни олиб бордик. Ҳатто ўрмакни танимайдиганлар, урчуқ нималигини билмайдиганлар бор экан. Паранжи, чакмон, желакбош, ёпинчиқларни кийиб кўришди. Чет элликлар қатори ёшларимиз ҳам буларни катта қизиқиш билан сўрашди. Қўқонда саккиз кун бўлган бўлсак, кечаси соат 1,2 гача ёнимиздан одам узилмасди. Чет элликларга интервью бердик, маҳсулотларимизни намойиш этдик. Улар биз тиккан сумка, дўппиларни харид қилишди. Хорижликлар ўзбекларнинг миллий либоси, тарихига қизиқади, замонавийлик уларнинг ўзида ҳам тўлиб ётибди.

—Момоларимизнинг тилло сақланадиган сейфи бош кийимида бўлган дедингиз?

—Либослар тарихини ўрганганимда жуда узоқ, қадим даврда аждодларимиз оқ пахталик либослар кийишгани маълум бўлган. Момоларимиз катта рўмол ўрашган, ўдана, тиллақош, қасабалар тақишган. Булар ҳам ўз вақтида тиллодан ясалган. Эналаримиз, оналаримиз айтишарди, қасаба ёки қасава деб аталувчи, қадимда ўзбек аёллари рўмолининг устидан ушлаб туриш учун кийиладиган бош жиҳози бўлган. У соф қуйма олтиндан ясалган. Жиззах воҳасида, Маржонбулоқда олтин бўлган, ота-боболаримиз тиллодан қасабалар қуйиб, аёлларнинг бошларига кийгазган. Буюк Ипак йўлининг устидамиз, у томон-бу томондан келган ёғийлар бор қимматбаҳо нарсаларни, аёлларимизнинг тиллоларини жангу жадаллар билан олиб кетишган. Эрлари, ўғиллари ўлгач, оч-яланғоч қолмаслик учун бошларига олтин қасабаларнинг устидан уларни яшириш учун ўдана боғлашган. Бир сўз билан айтганда, бу ҳозирги тилда — сейф. Бошларидан ечмай юрган, ухлаган. Кечаси ёғийлар бостириб келаётганида эркаклар курашишган, аёллар эса болалари билан қочиб кетган.  Ёш йигитлар, куёвлар ўлганида, оналари, хотинлар ҳеч нарсасиз қолади.  Қасабани бўлиб-бўлиб, шу тиллони сотиб кун кўрган, болаларини боққан. Аждодларимиз жуда ақлли  бўлишган. Авлодларимиз йўқолиб кетмасин, яшасин деган мақсадда  аёлларининг бошига тиллодан шу бош кийимни кийгазиб қўйганлар. Бу манбалар момолар, оналаримиздан бизгача етиб келган. Бу манбани ҳеч қаерда эшитмайсиз.

—Жиззах воҳасининг миллий либослари хилмахиллиги тўғрисида гапирсангиз?

—Ишонасизми, ўша пайтларда ота-боболар, момоларимиздан қолган нарсалар 17 йилдан сўнг  ҳам  ҳалиям янгидек туради. Бўлмаса, деярли 100 йил бўлди. 17 асрдаги паранжини кўринг, жияклари ипакдан тикилган, нақшлари, безаклари кишини ҳайратга солади. Жиззах воҳасининг қадимий либослари бир-бирига жуда ўхшаш бўлган, ўртада деярли фарқ йўқ. Аммо Ғаллаоролда бу хилма хиллик кенг сақланиб қолган. Жиззах билан Сурхон миллий либослари жуда ўхшаш, кашталаримиз, либосларимизда айниқса, бу кўзга ташланади. Ўша даврда ҳудуддан ҳудудга кўчиб яшашган, балки шунинг учун бу қадар ўхшашдир. Ҳаммамиз ҳам аслида битта ота-онанинг фарзандларимиз. Ўтган йиллар давомида  туркияликлар келиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизни сотиб олиб, йиғиб кетишганини ўз кўзим билан кўрдим. Ғаллаорол, Қўйтош, Ўгатда ҳаммасини арзонга сотиб юборишди. Бир кун қарасам, “Эртуғрул” фильмидаги ўтовлар ичига бизнинг кашталаримизни илиб қўйишган!

—Битта ҳунармандчилик намунасини тайёрлашга қанча вақт сарфлайсиз?

—Паранжи тикиш учун 2 ойдан кўпроқ вақт кетади. Дўппи тўлиқ бир ҳафта тикилади. Юртимиз аёлларига ҳозир кўпроқ европа кийимлари ёқади. Лекин бу кийимлар иқлимимизга мос эмас. Қуёш нури иликдан ўтади дейишарди оналаримиз. Миллий либослар танани қуёш зарраларидан ҳимоя қилиб туради. Бу либосларимиз бежиз бундай бичимда тикилмаган, аждодларимиз, момоларимиз доно бўлишган… Битта ҳунарманд яхши ишлаши учун сифатли иш қуроллари, хом ашё керак. Ҳамманиям ҳунарманд қилолмайсиз, қизиқиш бўлса, шогирдликка берса, йиллар давомида ўрганиб, шаклланиб ҳунарманд бўлинади. Бунинг олийгоҳи йўқ. Ўргатадиган тарих йўқ, китоб йўқ, булар — ўргатадиган ота-оналаримиз, устозларимиздир. Чет элликлар каштангни қанчага сотасан дейишади. Тикиб беришим мумкин, сотолмаймиз, ҳаммаси қадимий дедим. Уларнинг сифати яхши, табиий ипакдан бўлиб, ранги ўчмайди. Ҳозир аёллар тикса, материалда, ипидан муаммолар бор, сифатли эмас.

—Юртимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги ишларга қандай қарайсиз?

—Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб- қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори бу соҳада қатор имкониятларни берди. Биз  ҳунармандлар учун ўз маҳсулотларимизни намойиш этиш, ўзбек миллий ҳунармандчилигини дунёга танитиш мақсадида турли халқаро фестиваллар ташкил этилди. Ҳамма харажатлар давлатимиз томонидан қоплаб берилди. Ишимизнинг қадрига етиш, миллий либослар ривожини ўйлаш бўлса, шунча бўладида! Бу яхшиликлардан қандай кўз юмиш мумкин? Ҳунармандларга катта енгилликлар, имтиёзлар бериб қўйилгани, кичкина меҳнатимизни қадрлашганининг ўзи катта гап. Ҳар бир фестиваль, танловлар бекор кетмаяпти, албатта нимадир ўрганиб қайтяпмиз. Чет элликлардан иш ўргандик, уларга ҳам ўргатяпмиз. Норвегиядан Михаил деган киши аёли билан келди. Бизнинг кигизга, кигиздан тайёрланган чакмонга қизиқди. Уларнинг кигиз тайёрлаш технологиясини биз ҳам ўргандик. Бу каби учрашувларда вилоятимизда бу борада ҳали анча иш қилишимиз кераклигини тушуниб етдим.

—Воҳада миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун нималар қилиш керак деб ҳисоблайсиз?

—Бизда Ҳунармандлик коллежи бор, унга каштачилик каби йўналишлар киритилса, соз бўларди. Қадимги ҳунарларни яратиш бўйича бирор курс йўқ. Бу борада битта мактаб яратиш керак, деб ўйлайман. Жиззахда туризм қанчалик ривожлантирилса, бизнинг маҳсулотларимизга қизиқиш ҳам, талаб ҳам ортган бўларди. Бизга раста қилиб беришмоқчи эди, ҳали қилинмади. Агар  шу ишлар қилинса, ҳамма ҳунармандлар бориб маҳсулотларини сотган бўларди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

«Янги Ўзбекистон» газетаси, 2020 йил, 27 октябрь


МОЗИЙ – ҲАҚИҚАТ ТАРОЗИСИ…

ФАЙЗОБОД ВА САЙҲОНСОЙ ДАХМАСИ

тарихнинг сирли воқеликлари билан боғловчи маскан

Тарих зарварақлари эврилиб, қадимги Туронзаминга оқ юзли, қизилранг сочлари ўрилган юечжилар, қўшқанотсимон жанг либосидаги хун, усун ва сармат  қабилалари, илк ўрта асрлардаэса хионий, кидарийлар кириб келади. Кўчманчилар ва ўтроқ аҳоли дил топишиб, тил топишган кезлар кўз олдингизда гавдаланиб, ажиб ўтмиш воқеалари жонланади… Гапни олис ўтмишга тақаганимизнинг боиси шуки,  Жиззах вилоятида ана шу мозий қатлари билан бугунни уловчи дарча топилди.

Жорий йилнинг июнь ойида Шароф Рашидов туманидаги аввал Файзиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тепалик бағридан, сўнгра Сайхонсой ҳудудидаги тепаликдан ғоят қадимий хилхоналар топилди. ЎзФА Миллий археология  маркази, Жиззах экспедицияси бошлиғи Мухтор Пардаев ушбу объектларнинг бир неча авлоднинг хилхонаси бўлганлигини маълум қилди. Шу куннинг ўзидаёқ, мутахассислар томонидан тезкор ва қисқа айрим текширув ишлари ўтказилиб, мазкур дахманинг кўҳна Мовароуннаҳр, шарқ маданиятига, ислом дунёси тарихига дахлдор эканлиги таъкидланди. Бу дафн маросими, дафн ишларининг қурилиш меъморий маданиятига тегишли эканлиги маълум қилинди.

Милоддан аввалги I-минг йилликнинг сўнгги чорагида Евроосиё даштларидан кўп сонли чорвадор аҳолининг энг йирик тўлқинларидан бири антик ва илк ўрта асрларда Ўрта Осиёга кириб келади. Антик даврда кечган бу жараёнда ушбу ва бошқа  қабилаларнинг Ўрта Осиёнинг ички ҳудудларига, айниқса, жанубий минтақаларга кириб боради. Бу эса Уструшонадаги ижтимоий сиёсий жараёнларга ҳам катта таъсир кўрсатади. Узлуксиз, кузатиладиган бу жараёнлар ўтроқ аҳоли ва кўчманчилар ўртасидаги маданий алоқаларни янада фаоллаштирган. Бу даврга оид археологик материаллар Ўрта Сирдарё бўйининг турли маданият вакиллари учун алоқа макони вазифасини ўтаганлигини кўрсатади. Мавжуд археологик ва ёзма манбалар антик даврда кириб келган қабилалардан нуфуз жиҳатидан кўпчилигини юечжи  қабилалари ташкил этганлигини кўрсатмоқда. Айрим манбаларда мазкур қабилалар маданиятининг кўринишида  олдинги осиёликларга ўхшаш жиҳатлари борлиги таъкидланади.

—Қадимги Уструшона давлатида оилавий қабрлар бўлиши урфга айланган, — деди ЖДПИ тарих факультетининг тарих ўқитиш методикаси  кафедраси мудири, доцент  Фурқат Тошбоев. — Бу каби объектлар тоғли ҳудудларда, Ўратепа атрофларида ҳам топилган. Сағананинг ғиштларидан кўриниб турибдики, ривожланган ўрта асрларга тааллуқли. Яъни, Хўжа Аҳрор Валий яшаган даврларга тўғри келади. Ўша пайтларда оилавий сағаналар Самарқандда ҳам кўп бўлган. Топилган дахма жуда пухта қурилган. Ғиштлари бир-бирини тўлдириб турибди. Майитлар тепадан ғарбга қаратиб қўйилган. Қабр эни 2 метр, гумбазининг баландлиги 1,60 метрга тўғри келаяпти. Узунлиги тахминан 5 метрга боради. Ўзбекистон ҳудудида бу каби дахмалар кўп тадқиқ қилинган. Оилавий дахмалар анъанаси борлиги, Б.А.Литвинский тадқиқотларида ўрганилган. Дахма— бу қабр устига ўрнатилган меъморий иншоот, мақбара саналади. Баъзи юқори табақали кишилар кўмиладиган алоҳида бино, ҳовлилар ҳам дахма дейилган. Улар қимматбаҳо, мустаҳкам тошлардан ишланиб, гўзал ва нафис нақшлар билан безатилган.

Тарихчининг айтишича,бу Қозоғистон ҳудудида кўплаб уруғларда бор, Тошкент, Фарғонада, Навоий Карманада мавжуд, сағананинг айнан илдизи, Уструшона, яъни Сирдарё, Жиззахнинг  ғарбий ва шарқий томонида “куркат скелетлари” номи билан машҳур. У ерда ғорга махсус қўйилиб, бу дафнлар давомий бўлган. Файзобод дахмаси мана шу жиҳатни ўзида сақлаб қолган.

—Иккисининг боғлиқлиги шуки, Сайхондаги қабр ҳам давомли, оилавий, гуруҳли хилхона бўлган, —дейди тарихшунос Фурқат Тошбоев.  —Бунда учта майитнинг боши жанубга қаратиб қўйилган бўлса, иккитасиники шарққа қаратиб қўйилган. Тартибсиз ҳолатда бўлган, сабаби эски суяклар сурилиб, навбатдагиси, янгилари қўйилган. Бу қабр одатда жуда катта бўлмайди, лекин Файзободда ўрганилган қабрнинг узунлиги 5 метр, эни 2 метрга етади. Ёнидан яна майитлар қўйишни режалаштиришгани аниқ. Лекин биринчи ярмида жасадлар дафн этилиб, тўлдирилган, иккинчи ярми тўлиқ бўш турибди.  Сайхонсойдаги хилхонанинг узунлиги ва эни 2,5 га 2,5. Баландлиги бир метр бўлиб, гумбаздан иборат. Марҳум дафн этилгандан сўнг суяклари сурилиб, яна майит қўйилиб, анатомик жиҳатидан қўзғатилганини кўрсатади. Бу оилавий хилхона эканлиги маълум. Файзободдаги сағанада 10 нафаргача кишининг бош суяклари топилган бўлса,  Сайхонсойдагида 5 та жасаднинг бош суяклари мавжуд.  Файзободда яшаган оила маълум сабабларга кўра кўчиб кетган. 200 йилча вақт ўтиб, вафот этганларни шу ерга кўмиб, кўчиб кетганми, тўхтаб қолган. Сағана ниҳоятда сифатли пишиқ ғиштдан қилинган, қўйилиши ўтроқ воҳа аҳлига тегишли эканини кўрсатади. Маълумки, Хўжа Аҳрор валийнинг Жиззахда ерлари бўлган. Ўша даврларда оилавий дахмаларга дафн этиш урф эди. Файзободдаги дахма йирик зодагон кишиларнинг оиласига мансуб  қабрлардир.  Одамлар ҳозирги шароитда бундай дахмаларни қилолмайдилар.  Сайхонсойдаги қабр эса антик давр, яъни милоддан аввалги 3,2 асрлардан бошлаб кўчманчи қабилалар маданиятига мансуб. Бу қабрнинг ашёлари айнан милодий 2,4 асрларга оид. Қабр катакомба қабр, бунинг хусусияти шуки, узун давом  этувчи айвон ва перпендикуляр ҳолатда сағанага келиб туташади. Унинг йўлаги тўрт ярим метрга  чўзилиб кеган. Йўлак орқа тарафдан хилхонага келиб туташади.  Катакомба қабрларнинг тарқалиши ҳам антик даврга тўғри келади. Хунлар, сармат ва юэчжуларда катакомба қабрлар бўлган. Бу қабрлар ашёларга бой.

Баъзи манбаларда юечжиларнинг қабри моддий ашёларга бой бўлгани ёзилади. Жумладан, юечжи подшоҳининг қабри топилганида ундан кўплаб қимматбаҳо ашёлар топилгани битилади. Хитой қўлёзмаларида эрамизгачаIII асрда юечжи ва усунлар деб аталгани келтирилган. Улар майитларни шарқлик қўшнилари каби тош қутиларда эмас, балки қўрғонларда сақлашгани ёзилади.

Сайхонсой сағанасида 2,4 асрларга оид сопол хурмача, кўза, сопол қозон пичоқ учлари, исириқдон сурмадон, ойна, жангчининг қилични тутиб туришга мўлжалланган тўқа каби моддий ашёлар аниқланган. Ва қабрда ёқиш аломатлари кузатилади. Ўша пайтда жасадларни ёқиш анъанаси бўлиб, Зомин тумани ҳудудидаги Ғулбо ҳудудларида ҳам шу каби одат бўлган. Бундан қабрнинг бурчагида алоҳида маросим ўтказадиган суяклар ёнган, қурбонлик келтирилган.

—Ҳайвоннинг суяклари ва кул қатлами топилди, — дейди Фурқат Тошбоев. — Бу қурбонлик маросимидан далолат. Биз илгари Ғулбода ўрганганимиз, А.Грицина томонидан ўрганилганда ҳам қабрнинг оёқ томонига чуқурчалар ковлаб қўйилганини кузатганмиз.  Шундай  анъаналар Сайхонсойдаги дахмаларда жуда кўп учрайди. Бу А.Ашировнинг тадқиқотларида ўрганилган. Киши вафот этса, бўсаға томонига оёқ томонига ковлаб қўяркан. Маддаси ортади, 20 дан қирқигача майит ёрилади, деб қийналмай оёқ томонидан товонидан ёрилсин деган одат ҳозир ҳам бор экан. Уларни ёқиб юбориш эса, олов билан уларни поклаш,  нариги дунё билан бу дунё ўртасида оловли тўсиқ қўйиш, ўлгандан қўрққанлар, сўнг руҳи яъни марҳум келиб бу дунёда безовта қилмасин дея, яна бир томони уни поклаш  буюк худо —қуёш худосига  покланган ҳолда юбориш белгилари бор. Оловга сиғиниш билан боғлиқлик ҳам бор. Исириқдоннинг қозон ичига солиб қўйилгани бу зардўштийликка хос. Лекин ёқиш аломати кўчманчиларга хос одат. Марҳумнинг ёвуз таъсирини камайтириш билан боғлиқ ирим бу кўчманчиларга хос. Бу хилхона шаклига кўра кўчманчилар дафнида ўрганилган катакомба қабрларга ўхшайди. Шу пайтгача Сағаноқ Ғулбо, Учтепада, Ширинтой қўрғонлари, то шарқий Туркистон, Еттисув тарафга  қараб кетади. Бу кабилар Ўрта Осиёда кўп ўрганилган бўлиб,  улар антик даврларда кенг оммалашган.

Файзобод дахмаси — кечмишнинг энг олис ва энг илк гувоҳларидан биридир. Сабаби, унинг халқимиз ҳали ўзбек номини олмасидан, ўзбек бўлиб шаклланмасидан ҳам аввалги даврлардан шоҳидлиги бор.

— Файзобод дахмасидаги бош суяклар европоид типга хос, ҳозирги одамларга ўхшайди, —дейди тарихчи. —Ўзбек халқи антропологик  шаклланиб бўлганидан кейинги шаклга оиддир. Сайхонсойда ўрганилган бош суякларида ҳали тўлиқ ўзбек халқига хос типлар шаклланиб ўрганилмаган. Буларни ўрганиш учун олдик, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Миллий археология маркази юбориш учун олинди, улар таҳлил қилиб кўришади. Айнан дашт кўчманчиларига хос хусусиятлар  мавжуд. Сайхонсойда ўрганилган қабр ўз хусусиятига кўра катакаомба қабрлар типига киради. Мозорқўрғонларда ўрганилган моддий ашёлар ва дафн маросимларида, қадимги даврда кириб келган юечжи, ҳун, усун ва сармат  қабилалари ҳамда илк ўрта асрларда кириб келган, хионий, кидарий, эфталит ва турк ҳоқонлиги даври моддий ва маънавий маданиятига мансуб хусусиятлар кузатилади. Бумозорқўрғони материалларида кулоллик идишлари —сопол хурмача, ваза, исириқдон ва металл буюмлар ойна, тўқа, пичоқ мавжуд. Мозор-қўрғондаги кулолчилик идишлари асосан жасад бош томони ва ёнига қўйилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини кўпроқ кўчманчилар даштларида учрайдиган,  қўлда ясалган сопол идишлар ташкил этади. Мазкур хурмачага ўхшаш идишлар Ўрта Осиёнинг шимолий  минтақаларида кенг ёйилган кўчманчилар моддий маданиятида кўплаб учрайди. Бу хилдаги сопол идишларҚовунчи маданиятига оид ёдгорликлар, милодий I-II асрларга оид Фарғона водийси ва Чоч ҳудудидаги қурум ва муғхоналарда учрайди. Шунингдек, бу каби идишлар  милодий эранинг 1-IV асрларига оид Кугай, Қорабулоқ маданияти ўрта этапларига тааллуқли  сопол идишлар ва милод бошларига мансуб, Қуйимозор ва Лавондак қабрларидаги сопол идишларга жуда ўхшаш.

Бу ерда яна бир даврнинг ўзига хослигини англатиб турувчи, гўзал ойимлар жамоли акс этган қадимий буюм — бронза кўзгу топилган. Бу топилма Мозорқўрғондаги қабрда, ўртадаги жасаднинг олд тарафига, юзига қаратиб қўйилган. Кўзгунинг диаметри 8 х 8 см бўлиб айлана шаклида, сиртига томон текис бўртиб чиққан. Ушбу диск бир пайтлар кўзгу сифатида ишлатилганлиги ва эгаси вафот этгач, қабрга у билан бирга қўйилганлигига шубҳа йўқ. Машҳур олима Н.Г. Горбунованинг таъкидлашича, “… у замонларда кўзгулар бронзадан қилинар ва уларнинг ярқиратиб тозаланган юзасида одам ўз аксини кўрар эди”. Кўзгунинг  сиртига ялтироқ ишлов берилган, ички қисмида эса, учта, қандайдир нарсани ёпиштириш учун ишлатилган металл елимнинг изи сақланиб қолган. Ушбу изларнинг иккитаси бир-бирига параллел ва 4 см масофада ёнма-ён, пастидагиси эса алоҳида  жойлашган. Ёнма-ён турган эритма устига кўзгунинг тутқичи маҳкамланган(Ф.Тошбоев).

Тарихшуноснинг маълумотига кўра, ушбу кўзгуга ўхшашлари Шимолий Бақтриядаги Тўпхона мозор-қўрғонларида кўплаб қайд қилинган. Б.А. Литвинский Ўрта Осиёда ўрганилган кўзгуларнинг пайдо бўлиши ҳамда улар билан боғлиқ дафн удумларини кенг таҳлил қилган ва текис тутқичи бор дисксимон кўзгуларни 4 та типга, тутқичсиз кўзгуларни эса 3 та типга ажратган. Бунга ўхшаш кўзгулар Зарафшон воҳасидаги Лавандоқ, Фарғона водийсидаги Ворух, Қорабулоқ, Боркарбоз мозор-қўрғонларида ҳам қайд қилинган. Жанубий Тожикистондаги Вахш II ёдгорлигида эса икки дона текис сиртига томон бўртиб чиққан, атрофи кўзгу ойнасини жойлаштириш учун валик қилинган тўғрига қайрилган, диаметри 8,7-9,7 см ўлчамидаги кўзгулар қайд қилинган. Булар ҳам ушбу топилмага жуда ўхшаш.

Бу қабр қандай пайдо бўлган?Инсоний фазилатларга йўғрилган тенглик, биродарлик ҳамда бағрикенглик башарият тарихида ажаб яхшиликларни яратган. Қайд этилишича, антик ва илк ўрта асрларда Уструшонада ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг бир-бирини тўлдирувчи маданияти шаклланган. Археологик тадқиқотлар, бу даврда мустаҳкам ҳимоя иншоотлари ва қалъаларга эга бўлган шаҳарларида, йирик қишлоқ ва қўрғонларида нуфузли қабила бошлиқлари, уруғ ёки жамоа оқсоқоллари, бой бадавлат оилалар ва қисман ҳунармандлар яшаганлигини кўрсатади. Турли ҳунармандчилик соҳалари ривожланди, тижорат гуркиради, суғориш иншоотлари қурилди. Бу жараён ўлка халқлари моддий ва маънавий ҳаётига ҳам кучли таъсир кўрсатди. Қанғ даврида ўтроқ деҳқончилик ва шаҳарлар тараққий этиши билан биргаликда, атрофда яшовчи чорвадорлар билан ҳам ҳар томонлама алоқалар уйғунлашиб боради.

—Чоч, Илоқ, Уструшона каби Қанғ конфедератив давлати тасарруфида бўлган қадимий деҳқончилик воҳаларида нафақат, ўтроқ хўжалик тараққий этиб, шаҳарсозлик маданияти юксалиб борган, — дейди Фурқат Тошбоев. —Балки, икки хил хўжалик соҳибларининг бир-бирини тўлдирувчи маданияти ҳам шаклланиб, сайқал топиб борган. Бу воҳалар атрофидаги бепоён дашт, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида қадимдан яшовчи  ва кейинги даврларда келиб жойлашган чорвадор аҳолининг ижтимоий сиёсий ва этно-маданий ҳаётга таъсири ортиб борган. Уструшонада ўрганилган мозорқўрғонлар ашёлари кўчманчиларнинг Сирдарё орқали кириб келиши ва жанубга томон ўтиб бориши ўлка халқлари маданий ҳаётига катта таъсир кўрсатганлигини тасдиқлайди. Бу ҳолат Уструшонанинг муҳим боғловчи зона бўлганлиги билан изоҳланади. Кириб келган юечжи, хун ва усун каби  қабилаларнинг баъзи гуруҳлари жанубга ўтиб кетмасдан, воҳага туташ, чорва учун қулай жойларда ҳам қолиб кетган ва бу ерларни ўз қишловлари сифатида макон тутишган. Улар ўтли яйловларни излаб, асосан тоғолди дашт зоналари, тоғ дарё ва жилғалари водийлари бўйлаб, ҳали маҳаллий ўтроқ ва чорвадор аҳоли томонидан ўзлаштирилмаган ҳудудларда ўрнашганлар. Улар ихтисослашган хўжалик юритиш анъанасини давом эттириб, нафақат яйловли чорвачилиги, балки металлургия ва примитив деҳқончилик билан ҳам шуғулланаверишган. Маълумки, Уструшона тоғларида жуда кўп металл конлари заҳиралари мавжуд эди. Моҳир ҳунармандлар улардан унумли фойдалана билишган ва энди ҳарбий қуроллар ишлаб чиқариш соҳаси янада кучайган. Аста-секин кириб келган аҳоли билан маҳаллий — чорвадор ва ўтроқ аҳоли ўртасида айирбошлаш ва савдо-сотиқ алоқалари мустаҳкамланиб борган. Моддий маданиятдаги сифат ўзгаришлар бундан гувоҳлик беради. Биз тадқиқ этаётган мозорқўрғонлар соҳиблари ҳаёт фаолияти ҳам ана шу жараёнлар билан боғлиқ бўлган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу ер сайёҳлик зиёратгоҳига айлантирилиши лозим. Эндиликда объект муҳофаза қилишга молик,  давлат аҳамиятидаги, илмий қимматга эга бўлган жой саналади.

—Топилмамиз археологик ва архитектура ёдгорлиги сифатида  вилоятимиздаги маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиши кўзда тутилмоқда, —деди вилоят маданий мерос бошлиғи Синдор Қорабоев. – Бу тўғрида маҳалла фуқаролар йиғини, жамоатчилик вакиллари билан бирга жамоатчи инспектор тайинлаш ҳамда ушбу объектда археология ва илмий таҳлилий хулосаларини, қазув ишларини бажариш учун келишиб олинди.  Бу дахма келажакда маданий мерос объектлари  рўйхатида ўрин олиб, давлат томонидан муҳофаза этилади.

Эндиликда бизни тарихнинг сирли ва жозибали воқеликлари билан боғловчи яна икки маскан бор. Мозийдан қолган бу ёдгорликларни асраб-авайлаб келажак авлодга етказиш, каттаю кичик қалбида маънавий меросимизга ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини уйғотиш — галдаги вазифамиз.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил, 18 февраль


Қадриятларимиз

ДУНЁТЕПАДАГИ  ХАЗИНА

Яшиллик билан бурканган бу масканда оппоқ ва узун қабр бор. Тепасига пирлар туморига ўхшаш белги, оқ мато тикиб қўйилган. Бу қадамжо  минг йилликлардан овоз беради, ундан авлиёлар назар солиб тургандек туюлади.

Азалдан одамлар мушкулларини енгил қилишига ишонадиган, ҳаётдан нажот топишга ундайдиган ва уларга таскин бера оладиган, ўша миллатгагина хос бўлган қадриятлар бор. Улар халқнинг руҳий маънавий бойлиги, боболардан қолган мероси ва уларни бирлаштирадиган муқаддас масканлардир. Ш.Рашидов туманининг Шароф Рашидов Ҳудудий фермерлар уюшмаси ҳудудида жойлашган “Қулфсар” зиёратгоҳи ана шундай тарихга дахлдор макон.

-Мазкур зиёратгоҳ икки қардош халқлар яъни ўзбек ва қозоқ халқларининг муқаддас қадамжоларидан бири ҳисобланиб, ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги билан бошқа зиёратгоҳлардан ажралиб туради, – дейди ЖДПИ  тарихшунос олими Фаррух АКЧАЕВ.  – Ҳозирги кунда ушбу қадамжога зиёратга келувчилар орасида икки миллат вакилларини учратиш мумкин. Бу ерга зиёратга келувчилар асосан аждодлар руҳини хотирлаш, баҳор фаслида чорвадорлар учун йилнинг яхши келиши ва йил давомида оила аъзоларининг соғ-саломат бўлиши учун қурбонлик қилиб, яратгандан мадад истаб келадилар.

Бу зиёратгоҳнинг тарихи жуда қадимларга бориб тақалади. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида Жиззах шаҳри яқинидаги Қулфсар қадимий қабристонида дольмен топилгани ёзилган. Унинг икки томони очиқ, атрофи тош териб ўраб қўйилган, тепасидаги тоштахтада қурбонлик қилинган ҳайвон қони изи бор. Дольменлар бу — сўнгги неолит ва илк жез даврига оид дафн иншоотларидир. Марҳумларни «доимий уй» билан таъминлаш мақсадида ҳар бири бир неча тонна оғирликдаги катта тош бўлаклари ва тоштахталар тик ҳолда ерга ўрнатилиб, усти катта ҳажмдаги бир ёки бир неча массив тоштахталар билан ёпилган. Дольменларнинг ичига алоҳида бўлмалар ясаб, марҳум ўтирган ҳолда дафн этилган. Уларнинг ички деворларига ва шипларига қабартириб нақшлар ва бўёқ билан суратлар ишланган. Қулфсар қабристонидаги дольмен жез даврига оид, деган хулосага келинган.

Тарихчи  археолог олим Яҳё Ғуломов 1936 йилдан Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғонадаги бир неча археологик экспедицияларга раҳбарлик қилган. 1956 йилда унинг раҳбарлигидаги ЎзР ФА Тарих ва археология институтининг Мохандарё экспедицияси Жиззах воҳасининг археологик ёдгорликларини ўрганади. Иш  жараёнида  Жиззах шаҳридан 30 км шимол томонда, яъни зиёратгоҳ ҳудудида жойлашган қадимда кўчманчилар дашти билан чегарада қурилган IX-X асрларга оид Қулписар рабоди ва илк қурилиш даври милодий I-II асрларга оид Дунётепа қалъасини очиб ўрганганини ўз китобида келтиради.

Фаррух АКЧАЕВнинг изоҳ беришича, ушбу объектни ўрганиш мобайнида Дунётепадан 100-120 м шарқ томонда жойлашган “Қулписар ота” зиёратгоҳининг асосий сиғиниш ва қурбонлик учун жонлиқ сўйиладиган, ўлчами 180 см х 150 см ва баландлиги 120 см бўлган бир нечта тош бўлакларидан тикланган ва усти тош плита билан ёпилган, қон излари сақланиб қолган тош иншооти ҳам ўрганилган. Я.Ғ.Ғуломов “Қулфисар қабристони” китобида “Қулписар ота” ёдгорлиги муқаддас ҳисобланиб, бу ерга келган шифо ёки мадад талаблар дольмен ва узун сағанага сиғинишганлигини ёзади. Қурбонлик учун олиб келинган жонлиқлар шу ерда сўйилган. Бу ерга келганлар иншоотнинг юқорисидаги туйнукдан ўтишган. Бундай дольменлар дафн иншооти сифатида бронза давридан то ислом дини оммалашгунча кенг ёйилган.

Оға Бургутлининг “Жиззах вилояти зиёратгоҳлари” китобида “Қулписар ота” зиёратгоҳи, зиёратгоҳ ҳудудида хонақоҳ, масжид, археологик ёдгорликлар ўрни, қалъалар қолдиқлари ва кўҳна қабристон мавжудлиги келтирилган. Зиёратгоҳдаги қабр 12-13 метрни ташкил этиб, маҳаллий аҳоли “Қулписар” атамасини “қулфлаб кўмилган бош” деган маънони англатишини таъкидлайди. Маҳаллий аҳоли ўртасида тарқалган ривоятларга кўра, Авлиёнинг танаси Фориш туманининг Можурум қишлоғида дафн қилинган бўлиб, уни маҳаллий аҳоли Ҳазрати Зайнулобиддин номи билан боғлаб зиёрат қилишади.

Ривоятларга кўра, қадимда бир подшо ўз аскарларига бир  авлиёнинг бошини олиб келишни буюрибди. Аскарлар топшириқни бажариб қайтаётиб, бир қишлоқдаги йўлда тунамоқчи бўлишибди. Шу атрофда эътиқоди бутун бир кекса момо бўлиб, у тунда аскарлар туғида санчилиб турган бошга нур ёғилиб тургани ва бошнинг калима қайтараётганини кўриб қолибди.  У ўғилларига бу биркароматли авлиёнинг боши эканини ва уни олиб қолиш кераклигини айтади. Ўғилларидан бири шаҳид бўлиб ўз бошини беришга рози бўлади. Шунда момо бошни алмаштириб, сандиққа солиб қулфлаб қўяди. Аскарлар кетгач, у авлиёнинг бошини ўғлининг танасига яқинлаштирганида тана бирлашиб қолади ва уни шу ерга дафн этишади.

– Фориш тумани  Можурум қишлоғидаги Ҳазрати Зайнулобиддин зиёратгоҳи ҳақида ҳам “Қулписар ота” зиёратгоҳи каби ривоят мавжуд, – дейди Фаррух АКЧАЕВ. – Халқ орасида тарқалган ривоятларга кўра, ҳазрати Зайнулобиддинни душманлари ўлдиради ва у кишининг таналари Можурум қабристонида қолади, бошлари эса Чустга олиб кетилади. Ўзбекистон Республикаси ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик  Институтининг қўлёзмалар фондида сақланаётган “Хазинат ул-асфиё” китобида келтирилишича, мусулмон оламида икки зот Зайнулобиддин деган лақаб олган. Бу лақабни биринчи бўлиб ҳазрати Али ибн Ҳусайн ибн Али Муртазо олганлар. Ул зотнинг кунялари Абулҳасан, лақаблари Зайнулобиддин бўлиб, 36 ёки 38 ҳижрий йилда Мадинада туғилганлар. Иккинчи бир Зайнулобиддин деган лақабни олган зот исмлари – Аловуддин, лақаблари Зайнулобиддин (тахминан 895 йилда туғилган), Ҳазрати Алининг 25-авлодлари ҳисобланадилар. Ҳазрати Зайнулобиддин айни йигитлик чоғларида Ногур йўлида отаси Саййид Абдулқодир Соний кўз  ўнгида йўлтўсарлар қўлида (тахминан 915 йилда) шаҳид бўлганлар.

“Ушбулардан келиб чиқиб, Фориш туманидаги Ҳазрати Зайнулобиддин зиёратгоҳи ва Қулписар ота зиёратгоҳлари битта шахсга тегишлидир, деган тахминий хулосага келиш мумкин”, дейди тарихшунос. Мовароуннаҳрда ислом дини ва маданияти тарқалиб, ҳудуд халифаликка қўшиб олингач, Жиззах воҳасидаги Саъд ибн Ваққос, Новқаота, Хўжаи Сероб каби исломгача бўлган зиёратгоҳ(ибодатхона)лар кейинчалик ҳудуддаги ислом динига эътиқод қилувчиларнинг ибодат марказларига айлантирилган.

-Таниқли уструшонашунос олим М.Ҳ. Пардаевнинг таъкидлашича, “Қулписар ота” зиёратгоҳи мил.авв. II-I асрлардан бошлаб асосан чорвадор дашт аҳолиси сиғинадиган улкан тош санами мавжуд бўлган мажусийлар маркази сифатида фаолият кўрсатган, – маълум қилади Фаррух АКЧАЕВ. – Кейинчалик Қанғ давлати билан Суғд чегараларида жойлашган Кабудон рустоқининг марказий ибодатхонасига айлантирилган. Кабудон тарихи ва унинг “локализацияси” фанда ҳануз ечимини кутаётган илмий муаммодир.

Унинг таъкидига кўра, Кабудон рустоқининг исломгача бўлган марказий ибодатхонаси ҳокимлик марказидан алоҳида ҳудудда яъни, ҳозирги “Қулписар ота” зиёратгоҳи ўрнида бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Тадқиқотчи олим Қ.Ҳакимов қадимий қишлоқ номининг асл шакли “Худийсар” бўлган дея таъкидлайди.  “Унинг илмий этимологияси ҳозирча аниқланмаган бўлса ҳам, аммо қишлоқнинг географик ўрни, яъни тоғ ва чўлни туташган чегарасида жойлашганини ҳисобга олиб, қишлоқ номи “чекка ҳудуддаги қалъа” маъносини беради, деб таҳлил қилишимиз мумкин”, дейди Фаррух.

Шароф Рашидов туманидаги  Янгиобод қишлоғи, “Янгидиёр” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кексалар Қулфисар отанинг беш ака-укалардан бири бўлиб,  уларнинг қабрлари  Сўлиқли ота, Ойна ота каби зиёратгоҳларга айлантирилганини айтишади.  Бу масканларга маҳаллий аҳоли соғлиги, ишларининг ривожи учун ниятлар қилиб, кўнгил хотиржамлигини топиш учун боришади. Авлиёлар руҳларига осойишталик тилаб, қурбонлик қиладилар.

Қадимий зиёратгоҳлар ҳақида кўҳна ва сирли нақллар юради. Улар тўғрисида тарихий фактлардан тортиб афсонаю ривоятларгача мавжуд. Оғиздан оғизга кўчиб юрадиган, ушбу масканларни янада мўъжизакор кўрсатувчи бу ривоятларда халқнинг жасорати, фидойилиги ва ватанпарварлиги акс этади… Дунётепадан бўйлаётган бу хазина ҳам халқимиз бирдамлиги, маънавий бойлиги ва жасоратининг тимсолидир.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

“Янги Ўзбекистон” газетаси,  2020, 14 июль


УНУТИЛГАН МАКТАБ

 

Мана, ўқув даргоҳлари очилиб, дарслар бошланганига анча бўлди. Лекин Фориш тумани “Осмонсой” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-сонли умумтаълим мактаби ҳамон ёпиқ. Сабаби…сабаби жуда улкан ва бу муаммо йилларки, ушбу даргоҳ устоз-мураббийларини қийнаб келади. Уларнинг дардига бирор қулоқ солгувчи йўқ.

— Мазкур даргоҳ 1959 йилда мактаб-интернат бўлиб ишга туширилган, —дейди мактаб директор ўринбосари Озод Назаров. —2014 йилда интернат мактабга айлантирилиб, туман халқ таълими бўлими  тасарруфига ўтди. Олти йилдан буён туман маҳаллий бюджети асосида фақат жорий таъмирдан чиқарилган холос.

Бинога кириб кўрарканмиз, унда елвизакнинг ўйнаб юрганини ҳис этдик. Бироз туриб, совуқ оёғимиздан ўта бошлади.  Ромлардан кирган шамол пардаларни ўйнатаяпти. Деразалар ҳам яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. “Ҳамма деразалар шу ҳолатда”, тасдиқлайди хўжалик мудири. “Иншоотда 300 дан ортиқ дераза бор. Учинчи қаватга клеёнка олиб қоқишга бир одамнинг ойлигиям етмайди,” деди. Йиллар давомида бу ерда болалар соатлаб қандай ўқишган экан? Дарвоқеа, кириш қисмининг қурилиши ҳам ўқув даргоҳига мос эмас…

Мактабнинг биноси 3 та асосий корпус ва спорт залидан иборат. Объект 784 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 272 нафар ўқувчи бор.  Бугун ўқувчиларнинг ҳаммаси уйда ўтирибди. Бу ер охирги маротаба дастур асосида 2006 йилда капитал таъмирланган. Муассасани иситиш учун  табиий газ ва кўмир ёқилғисига мўлжалланган 14 та алоҳида қозонхоналар мавжуд.  Жорий йилнинг 9 февралида  юз берган кучли шамол оқибатида  мактабнинг томидаги 234 дона шифер яроқсиз ҳолга келиб қолган. Том қисмининг жиддий зарар етгани иситиш тизимидаги муаммолар ва мактабнинг капитал таъмирга муҳтожлиги 2020-21 ўқув йиллар давомида ўқувчиларнинг таълимни тўхтатишларига мажбур қилиб келмоқда. Мактабда синф хоналари етишмайди, қўшимча ўқув, тўгарак хоналари, ошхона, фаоллар зали, кутубхонага эҳтиёжи бор.

—Ушбу даргоҳнинг қурилганига икки ойдан кейин 15 йил бўлади, —дейди Фориш туман ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича бош мутахассиси Шахбоз Аббасов. —Унинг таъмири учун ажратиладиган маблағга иккита мактаб қурса бўлади. Иншоотни рисоладагидек ҳолатга келтириш учун 2 миллиард сўм етмайди. Вилоят ҳокимига бу масала бўйича хат тайёрлаб қўйилган. Учинчи маротаба хат  ёзишимиз. Вилоят халқ таълими бошқармаси, вазирликкаям хат юборилган. 2020-21 йиллар учун шифер маблағ сўраганмиз. Капитал таъмирдан чиқарилса ҳам барибир ўз ҳолидек бўлмайди.  Мактабни 250-300 ўринли қилиб янгидан қурса бўлади. Узоғи билан 2,5 миллиард сўм кетади.

—Охирги йиғилишимизда 4 миллиард 300 миллион сўм маблағ кетади дейилди, — дейди хўжалик мудири Собир Адилов. — Иситиш тизими умуман яроқсиз. Шу аҳволда турса, томни шамол яна учириши аниқ. Қўшни  1-, 33- мактабларда  250 ўқувчи бор,  янгидан таъмирдан чиқарилди, бизга ҳам ана шундай мактаб қурилса бўларди.

—Мен бу ерда 1998 йилдан бери ишлайман, —дейди директор ўринбосари Озод Жабборов. —2017 йилда қозонхона алмаштирилиб, кўмирга мослаштирилди. Кўмир билан қозонхона иситолмади, сувни ҳайдаб беролмади. Шу сабабли, бу катта бинони иситолмади. Бу иншоот яхшилаб капитал таъмирланиши керак. Бундайини кейин қуриш қийин бўлади. Бизнинг спорт залимиз бор, кўплаб мактабларда йўқ, бу уларга армон. Янги қурилган таълим муассасаларида бундай шароитларни топиш мушкул.

—Кўмир энди олинади,  газ билан икки-учта қозонхона иситади, —дейди хўжалик мудири. —Таъминлашга, ёниш мосламаларини алмаштириш, сиртдаги қувурларни ямаш, кранларнинг чириганини алмаштириш учун 8 миллион маблағ ажратилган. Қачонки, шулар яхшиланса, газ босимини берса, том таъмирланса, дарслар бошланишига рухсат берилади. Томнинг 2012 йилдан бери ҳар йили шиферини алмаштирамиз,  учиради, қоқамиз, яна учиради.  Фақат шиферини алмаштираяпмиз, ёғочларини эса йўқ. Иншоот шамолга кўндаланг қурилган. Шундан сўнг 36 миллион ажратилди, нариги блокнинг устини профнастил билан ёпдик. Лекин иккинчи қаватдан  ёмғир ўтиб, шувоқлари тушиб кетган.

Жорий йилнинг февраль ойида кучли шамол, ёмғир ёққач, бинодан ёғин ўтган. Мактабда 21 та хона бўлиб, 12 та синф бор. Ўқувчилар сув ўтмаган бўш синфхоналарга кўчирилган. Пастки хоналарга, совуқ бўлган пайтларда қуёш тушадиган синф хоналарига ўқувчиларни ўтказдик, имконият етганча деразаларни ёпиб, дарс ўтамиз, дейишганини эшитиб, лол қоласиз, нечанчи асрда яшаяпмиз ўзи деб?!.

—Ҳозирда иситиш тизимини янгилаяпмиз, бунинг учун 8 миллион ўтказилган, — дейди хўжалик мудири Собир Адилов. —Бу муаммолардан халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги, вазирликнинг ҳам хабари бор. Ҳар йили келишади, ўрганади, мана бу йил капитал ремонтга киради  киради  худо хоҳласа, дейишади. 2017 йилда мактаб таъмири учун 400 миллион пул ажратмоқчи бўлишди. Вилоят архитектура ва қурилиш давлат назорат инспекциясидан, фирмалардан келиб ўрганиб чиқишди. “Эээ, бу пул бу ерга ҳеч нарса бўлмайди”, дейишди. Ёмғир тушадиган томонлар нураб бошлаган. Бинонинг олд қисмини 100 фоиз таъмир қилмаса бўлмайди. Ҳисоблаб кўрилса, шунинг ўзига 400 миллион кетар экан, бошқа ҳеч нарсага етмайди.  Улар яна бир таклифни киритди. Ўқувчи ўқийдиган асосий блок томини таъмирлаб берайлик, дейишганди. Кейин халқ таълими бўлимидан сўрасак, сметага кирмай қолиб кетибди. “Сизнинг мактабингиз таъмирланадиган пулга 4-5 та мактабни капитал таъмир қилса бўлади”, дейишди.

Учинчи қаватга чиқиб хоналарни кўрарканмиз, очиғи, ҳайратдан ёқамизни ушладик. Сабаби, синфхоналарга ётқизиб чиқилган пол тўшамалари йиртилиб, сифатсиз аҳволга келганига ҳам анча  бўлган. Инсон боласи учун ой бир қадам, Марс икки қадам бўлиб турганида, замонамиз болаларининг, миллат болаларининг шу синфхоналарида дарс ўтиб келганига ҳеч ақлингиз бовар қилиши мумкинми?

—Бу қаватдаям сув ўтиши натижасида деворлари тушган, — дейди хўжалик мудири. — 2006 йилда таъмирланиб, хоналарга тўшалган бу  линолеум қопламаларига 14 йил бўлаяпти. Ахир бу тўшамалар 14 йилга чидайдиган нарса эмас. Ҳозир қурилишларда фойдаланиладиган тўшамалар 3 йилда ишдан чиқади. Бир йили ҳисоб рақамимиздаги маблағ эвазига компьютер хонасига линолеум тўшатдик. Ўшалар ҳам уч йилнинг ичида йиртилиб кетди.

Ёғингарчиликда нам ўтиб, нурай деб ётган бу бино томининг яна бир кучли шамол ёки бўронга дош бера олишига кўзимиз етмайди. Шу хоналарда наҳотки ўқувчилар ўтирган бўлса, деб ёқа ушлашингиз тайин. Ҳовлида чала ётган бинони кўрдик. Бу эски хўжалик биноси бўлиб, қурилиш пайтидаёқ чала қолиб кетган, охирига етказилмаган. Бинода 14 та қозонхона бўлиб,  алоҳида-алоҳида, блок-блок қилиб қўйилган. Ҳозирда таъмирланиб қовурғали ёниш мосламаси қўйиб чиқилган.

Мактабга истеъмол суви чиқмайди. Сабаби, аҳоли учун сув минораси яқинда қурилди. Ундан фақат бир маҳал сув чиқади. Ҳали мактабга тармоқ ҳам тортилмаган. Таълим даргоҳида иккита қудуқ бўлиб, бириси истеъмол учун мўлжалланган, бири техник қудуқ саналади. Балки бошқа мактаб қуриш, бу бинони тўлиқ таъмирдан чиқарилмаса аукционга қўйиш, қайсидир тадбиркор ундан унумли фойдаланиши мумкиндир, деган таклифларимизни мактаб маъмурияти қатъий рад этди.

Хуллас, бошимизда ўйлар чувалашганча қайтдик. Лекин бугунги кунда уйда ўтирган 272 нафар ўқувчининг тақдири нима бўлади? Онлайн дарслар қаерда дейсиз, қишлоқда интернетга уланиб бўлмаса!Уларнинг саводи чиқиш-чиқмаслиги, ўзлаштиришда оқсаётгани наҳотки ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаса, юраги ачишмаса?

Р.S. Яқинда вилоят мутасаддилари бир гуруҳ бўлиб келиб, яна мактабни ўрганиб кетишибди. Ҳозирча 300 миллион маблағ ажратамиз, босқичма-босқич таъмирланади дейишган. Лекин бу ҳар йилги иддаолардан бири эмасмикин?..Воқеаларни биргаликда кузатамиз.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

“Жиззах ҳақиқати” газетаси, 2020 йил, 31 октябрь


Куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай?

Муассасага етган дарз ва мутасаддилар бўйнидаги қарз

Фориш туманида мактабгача таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарликлар қандай кетаётганини билиш мақсадида туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 1-сон “Ғунча” мактабгача таълим ташкилотига бордик.

Ушбу таълим муассасаси 1970 йилда 280 болага мўлжалланиб қурилган. 2018 йилда капитал таъмирдан чиқди.  «Лазиз» фирмаси пудратчи ташкилот сифатида таъмирлашни бошлаган. Ишлар 2016 йилда бошланиб, бунинг учун ажратилган маблағда икки йил давомида узилишлар бўлган. Маблағ бўлмагач, қурилиш бироз тўхтаб қолган. Таъмир учун маҳаллий бюджет асосида 1 миллиард 65 миллион сўм маблағ ажратилган эди.

— 2014 йилда бу ерга ишга келганман, — дейди мудира Барно Қозоқова. — Шундан сўнг бир марта 2016 йилда таъмирлаш учун топширилди. Ундан аввал 1985 йилда таъмирланган деб эшитганман. Муассасада айни пайтда гуруҳлар тўла шакллантирилмади, 72 нафар тарбияланувчи, умумий гуруҳлар бўйича 17 нафар тарбиячи мураббий бор. Мактабгача таълим муассасасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги билан қизиқдик. Қозонхоналар янги, сув билан тўлдирилган, тайёр ҳолатда турибди.

—Иситиш тизими ўтган йили ўрнатилди, шу боис ҳали янги, яхши ҳолатда турибди,  — дейди мудира. —Болалар енгил либосда ўтиришади.   Боғчанинг  ГРПси алоҳида, иссиқликдан умуман қийналмаймиз.

Муассасани айланиб кўрарканмиз, ногоҳ бинонинг ўртасидан кетган катта дарзга кўзимиз тушди. Мудира изоҳ бера бошлади.

—2019 йил 21 декабрда қаттиқ шамол ва зилзила юз берди. Бино ўртасидан ёрилиб кетди. Буни кўриб дарҳол тегишли ташкилотларга хат билан чиқдик. Давлат архитектура ва қурилиш назорат инспекциясига хат юбордик. Улардан мутахассислар келиб, ёриқни ўлчаб маяк ёпиштириб кетишди. Ёриқнинг кенгайиш-кенгаймаслигига қараб, ҳаракат қиламиз, дейишди. Маякда ўша пайтда ўзгариш бўлмагандан кейин шу бўйича қолди.

Бинонинг орқа тарафига ўтиб, унинг нақ ярмисигача ёриқ ўтганининг гувоҳи бўлдик. Хавфли ҳолат, яна зилзила бўлса билмадик, қандай ҳолатга келади?! Камига маякда ҳам ўзгариш бўлганини, ёриқ кенгайиб маякни узиб кетганини кўрдик. Биз билан келган Фориш туман ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича бош мутахассиси Шахбоз Аббасов ҳам бу борада бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат бўлганини тасдиқлади.

—Биз ҳам воқеа содир бўлгач, дарҳол Давлат архитектура ва қурилиш назорат инспекциясига хабар қилдик. Маякдаги бу ўзгариш яқинда юз берган. Узоқ муддатда энди очилибди. Албатта, бу жуда хатарли ҳолат. Дарров тегишли ташкилотларга бу ҳақда яна хабар берилади, — деди у.

Муассасанинг ички тарафига кириб кўрдик. Нафақат тик ҳолатда, балки ён тарафлама, ҳатто пойдеворгача кўплаб ёриқлар тушганига гувоҳ бўлдик.

—Бу ёриқ тушган жойда маъмурият хонаси ва тарбияланувчилар мусиқахоналари жойлашган, — деди мудира Барно Қозоқова. —Ички тарафини ҳашар йўли билан ўзимиз бироз таъмирладик.  2018 йилда муассаса таъмирдан чиққач, яхши қабул қилиб олдим, бироқ орада узилиш бўлгани учун бироз бузилган жойлариям бўлди.

Холисанлилло айтганда, тегишли идоралар мутахассислари бу ҳолатга бироз қўл учида қараганлари кўриниб турибди. Аслида четдан қараганда ҳам ваҳима уйғотувчи бу ёриқни кўриб, ота-оналарнинг кўнглига ғулғула тушмайди деб ким айтади? Қолаверса, шу ҳолатда болаларни бу ерда тарбиялашнинг ўзи нотўғри эмасми? Қайсидир кунда яна бирор кичик табиий офат юз бермаслигига ким кафолат беради? Олдинда совуқ, ёғин сочинли, қор қировли кунлар турибди. Бу нобоп деворлардан зах ўтмаслиги, деворлар тўкилиб тушмаслиги мумкин деб ким айта олади? Ана шу вақтда ғафлатда қолиниб, кеч бўлмасмикин деган хавотир кўнгилни чулғайди.

Вилоят ва туман мактабгача таълим муассасалари бошқармаси, Давлат архитектура ва қурилиш назорат инспекцияси вилоят, туман бўлимлари келажак эгаларининг ёриқ ортидан келадиган хавфга термулиб ўтирмасликлари учун ҳозир, дарҳол ҳаракат қилишлари лозим эмасми? Зеро, келажакка, тақдирларга на панжа ва на ёриқ ортидан қараб бўлмайди, тепадан топшириқ кутиб ўтирадиган вақт эса аллақачон ўтган деб ўйлаймиз.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

2020 йил, 21 октябрь «Жиззах ҳақиқати» газетаси

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.6 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!