«Олтин қалам – 2021» танловига

Рустам ЖАББОРОВнинг ижодий ишлари

 

Биз ўз босқинчисини кўкка кўтарган илк миллат сифатида тарихда қоламизми?

Бундан 2-3 йил аввал Андижонда, араб саркардаси Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи давлат маблағлари ҳисобидан қайта таъмирлангани ҳақида ўз муносабатимни билдиргандим, Қиличмозор қишлоғи ҳудудида Қутайба ўз сафдошлари томонидан ўлдирилгач, кейинчалик бу ерда унинг мақбараси бунёд этилган. Анча таъмирталаб аҳволга келиб қолгач, Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан бу қадамжо обод қилинди. Балки, Қутайба юртимизни ислом нури билан нурлантиришга ҳисса қўшгандир. Аммо, унинг исломиятга қадар бўлган маданиятимизни ер билан яксон қилганини ҳам унутмаслик кераклигини айтиб ўтгандим, ўшанда.

Яқинда Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан юртимизни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган 24 нафар рус аскари шарафига бунёд этилган Авлиё Георгий бутхонасининг қайта таъмирланиши ҳақида турли фикрлар пайдо бўлди.

Тасаввур қилинг, бу босқин халқимиз бошига не-не кунларни солмади. Наҳотки, озодлик учун жон берган ўн минглаб аждодларимизни, кули кўкка соврилган шаҳару қишлоқларимизни, ёндирилган, йўқ қилинган маданий бойликларимизни, топталган динимиз, қадриятларимиз, тарихий меросимизни эсдан чиқариш шу қадар осон бўлди?

Ватан деб, иймон деб, ор-номус деб жон берган шаҳид кетган боболаримизга муносиб кўрилмаган бундай шараф не ажабки, уларни беаёв қирган, отган, осган, бадарға қилган золимларга насиб қилган бўлса? Албатта, биз рус халқининг Пушкин, Толстой, Чехов, Гоголь, Грибоедов, Есенин сингари буюк даҳолари олдида ҳамиша таъзимдамиз. Уларнинг хотирасини қанча ардоқласак арзийди. Аммо, Ватанимизни поймол қилган фотиҳларни эмас.

Тан олиш керак, бизнинг ота-боболаримиз ҳам бошқа юртларга қўшин тортиб боришган, бошқа ҳудудларни ўз давлатларига қўшиб олишган. Аммо, шу пайтгача бирор юртга кириб борган туркийларимиз шарафига маҳаллий халқ томонидан тикланган обидани кўрмадим. Биз ҳар қанча улуғламайлик, Грузияда Жалолиддин Мангубердини, Эрон ёки Ҳиндистонда Амир Темурни босқинчи деб билишади. Ҳар йили ноябрь ойида Тбилисида Кура дарёси бўйича Жалолиддин бобомиз буйруғи билан қатл этилган гуржилар хотираси ёдга олинади. Усмонийлар давридаги зиддиятлар натижасида ҳалок бўлган арманлар хотираси «геноцид» сифатида бўрттирилиб, арман халқи учун ҳаёт-мамот масаласига, Арманистоннинг давлат сиёсатига айланганини гапирмаса ҳам бўлади.

Аввало, бутун дунё, жумладан бизнинг халқимиз ҳам пандемиядан азият чекиб, коронавирусга чалинганлар ортиб бораётган, юз минглаб оилалар карантин туфайли даромад манбаидан айрилган, давлат иқтиисодиёти хавф остида турган бир пайтда, миллионлаб маблағ эвазига бу ёдгорликни тиклаш шунчалик зарурмиди? (Гарчи бу ташаббус анча олдинроқ бошланган бўлса-да) Шундай вазиятда ҳам бунёдкорликни унутмаган эканмиз, обод қилиниши, тикланиши, таъмирланиши лозим бўлган бошқа муассасалар, таълим-тарбия масканлари йўқмиди? Бу маблағ эвазига танг аҳволда қолган минглаб оилаларга ёрдам кўрсатиш мумкин эди-ку?

…Эсимда, бир пайтлар Самарқандга кираверишда, Чўпонота тепалигида юртимизни босиб олишда ҳалок бўлган чор аскарлари хотирасига атаб қурилган ёдгорлик бўларди. Бу ҳам ўз вақтида юртимиз зиёлиларининг жиддий норозилигига сабаб бўлган, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон бу ёдгорлик ҳақида шундай сатрларни битганди:

Самарқандга яқинлашган он,

Юрак бирдан ғазаб-ла урар:

Юксак адир устида, не тонг,

Босқинчилар ҳайкали турар…

Бу дунёда босқинчидек ғар,

Босқинчидек золим йўқ, халқим!

Ҳайкал эмас, сенинг кўксингда

Занглаб ётар битта ўқ, халқим!..

Хуллас, шу чиқишлар, даъватлар сабаб бўлдими, бошқами, тепаликдаги бу ёдгорлик тамомила йўқ қилинди. Орадан йиллар ўтиб, худди ана шу йўналишда барпо этилган яна бир ёдгорлик обод этилди. Ким билсин, шаҳар чиройини очиш учун балки бу ҳам керакдир? Аммо, шаҳарни томоша қилиш учун келган хорижлик меҳмонларга бу обидани қандай «таништирамиз»? «Мана, бир пайтлар биздек «ёввойи» халққа тараққиёт, озодлик олиб келишдек буюк мақсад йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган азамат аскарлар шарафига қурилган обидани биз таъмирлаб қўйдик» десак қалай бўларкин?

Балким, ўз босқинчисини кўкка кўтариб, унинг хотирасига бағишланган обидаларни таъмирлаб, кўз-кўз қилган илк «бағрикенг» миллат сифатида тарихда қолармиз?

P.S: 1886 йилда барпо этилган бу бино тарихий обида сифатида ўз қийматига эга, дейдиганларга жавобим: мен ҳам бу бутхонани таг-туги билан йўқотиш керак эди, демоқчи эмасдим. Тарихий бино сифатида асл ҳолатида тургани яхши эмасмиди? Ахир, ЮНЕСКО талаблари бўйича тарихий бинолар асл кўринишида сақланалиши, реставрация эмас, консервация қилиниши керак эмасмиди? Ўтган йили Қорақапоғистондаги Шамъун Наби зиёёратгоҳи бузилиб қайта тиклангани ҳам катта шов-шувга сабаб бўлмаганмиди? Битта нарса қизиқ: Қорақалпоғистондаги бу зиёратгоҳ тикланганда, «тарихни бузиб, йўқ қилишяпти» деб шовқин кўтарган айрим русийзабон журналист ва блогерларимиз нега ушбу бутхона тикланаётганида, «тарихни ўзгартирманг» деб фарёд солишмади? Ё биз бехабар қолдикмикин?

Рустам Жабборов,

Хабар.уз сайти, 24.25.2020


КАВКАЗ БАҒРИДАГИ ЖАРОҲАТ
ёхуд Тоғли Қорабоғ муаммоси қачон ечим топади?

Аввал хабар қилинганидек, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни тонг саҳарда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида қуролли ҳаракатлар бошлади. Расмий Боку арман ҳарбийларининг маҳаллий вақт билан соат 6.00 атрофида йирик калибрли қуроллар ва минемётлар ёрдамида ўққа тутганини маълум қилган.
Озарбойжон мудофаа вазирлиги якшанба тонгида Арманистон томони Тартар, Жаброил ва Фузулий аҳоли пунктларини ўққа тутгани, Озарбойжон армияси тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кенг кўламли қарши ҳужум бошлаганини, армия фақат тинч аҳоли пунктларига уюштирилган ҳужумларга жавоб қайтаргани ва Арманистон ҳарбий-ҳаво кучларининг 12 та зенит-ракета мажмуаси йўқ қилинганини билдирди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилишида Қорабоғдаги вазиятни тартибга солишни «Озарбойжоннинг тарихий вазифаси» деб атаган.
АзерТАж маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар натижасида, Озарбойжон қуролли кучлари арманлар қўл остида бўлган Қорахонбейли, Нузгар, Юқори Абдураҳмонли, Канд-Хорадиз, Буюк Маржонли, Ғарванд қишлоқларини озод қилган.
Арманистон эса, бу қуролли ҳаракатларда Озарбойжонни айбламоқда. Ҳар икки томондан жиддий талафотлар, қурбонлар ва ярадорлар борлиги хабар қилинган.
Мозийга назар
Тоғли Қорабоғ муаммоси сиёсат майдjнида пайдо бўлганидан бери орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтди. Музокаралар, учрашувлар, баҳс-мунозаралар ҳануз давом этаётган бўлса-да. Тоғли Қорабоғ тақдири ҳамон муаллақ қолаётир.
Хўш, бу муаммонинг асл моҳияти нимадан иборат? Масалага ойдинлик киритиш учун анча ортга чекинишга тўғри келади. Тоғли Қорабоғ ҳозирга қадар расман Озарбойжон Республикаси таркибидаги мухтор вилоят ҳисобланади. Бу ҳудуд асрлар мобайнида асосан туркий давлат тузилмалари таркибида бўлиб келган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам 1386-1387 йилларда Эрон Озарбойжонини забт этиб, ўша йилги қишни Тоғли Қорабоғда ўтказгани ҳақида маълумотлар бор.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Тоғли Қорабоғгаа асосан 1828 йилда Россия билан Эрон ўртасида имзоланган Туркманчай сулҳ битимига асосан 130 минг нафардан ортиқ арманлар кўчириб келтирилган. Бироқ, улар ҳам Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлар қадим-қадимдан ўз аждодларига тегишли бўлгани ҳақидаги даъвони илгари суриб келишади. Худди ана шу масаладаги келишмовчиликлар Жанубий Кавказда беқарор вазиятни келтириб чиқарган.
1920 йилда Озарбойжон Демократик Республикаси Совет Иттифоқига таркибига қўшиб олингач, 1923 йил 7 июлда арманларнинг сон жихатдан устунлигини ҳисобга олган ҳолда Тоғли Қорабоғга мухтор вилоят мақоми берилган.
Битмаган яра
Бу ҳудудда чигал вазиятнинг юзага келишининг иккинчи тўлқини собиқ империянинг емирилиш йилларига тўғри келади. Статистик маълумотларга кўра, 1989 йилда Тоғли Қорабоғ аҳолиси 189 085 кишини ташкил этган. Шундан 76,9 физини арманлар, 21,5 фоизини озарбойжонлар, 1,6 физини руслар ва бшқа миллат вакиллари ташкил этган.
Вилоятда таркибий жиҳатдан кўпчиликни ташкил этган арманларнинг, хусусан Қорабоғ айирмачиларининг Озарбойжондан ажралиб чиқишга интилиши Арманистон ССР ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланди. Икки халқ ва давлат ўртасидаги қуролли ҳаракатларнинг бошланиб кетиши 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти кенгашининг Озарбойжон таркибидан ажралиб, Арманистонга қўшилиш ҳақидаги қарорининг қабул қилиниши билан боғлиқ.
Арманистон Олий кенгаши 1989 йилнинг 1 декабрида «Арманистон ва Тоғли Қорабоғни қайта бирлаштириш тўғрисида»ги қарорни қабул қилгач, бу борадаги ҳатти-ҳаракатлар янада кескин тус олди. 1988-1993 йиллар мобайнида Озарбойжонннинг Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ва унга ёндош бўлган еттита туман ишғол қилинди. Натижада қанчадан қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилди.

Тоғли Қорабоғ вилоятнинг Арманистон билан умумий чегараси бўлмагани боис ушбу мамлакат ҳудуди ва Тоғли Қорабоғ оралиғида бўлган Лочин, Келбажар, Қубодли, Зангилон, ҳатто бу оралиқда бўлмаган Ағдам, Фузулий ва Жаброил туманлари – Озарбойжон Республикаси умумий ер майдонининг 20 фоизи ҳали-ҳануз ишғол остида сақланаётир.. 20 минг нафардан ортиқ аҳоли бу босқиннинг бегуноҳ қурбонига айланган, 50 мингдан ортиқи турли даражада тан жароҳати олган.
Дунё аҳли нигоҳида
Вазият тақозосига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама алоқалар тамомила тўхтаб қолган. Бу эса, на Озарбойжон, на Арманистоннинг ҳар тарафлама манфаатларига уйғун келади. Тоғли Қорабоғ можароси тарихий алоқаларнинг қайта тикланиши йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб қолаётир.
Бу масала аллақачон дунё ҳамжамияти диққат марказига кўтарилган. бу муаммо бартараф этиш юзасидан бир қанча халқаро учрашувлар ўтказилган. 1992 йилда Жанубий Кавказдаги бу жиддий муаммони ҳал этиш юзасидан Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг АҚШ, Россия ва Франция давлат расмийларидан иборат Минск гуруҳи ташкил этилган эди. Мазкур гуруҳ вакиллари шу пайтга кадар ҳар икки давлат ҳамда Тоғли Қорабоғ раҳбарлари билан ўнлаб маротаба учрашувлар ўтказди, музокарарлар олиб борди. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, тарафларни муросага келтириш ва муаммони бартараф этиш борасидаги натижалар кўзга ташланигани йўқ.
1993 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан икки давлат орасидаги муносабатларни яхшилаш, ҳарбий харакатлар ва душмнчилик муносабатларига барҳам бериш, Тоғли Қорабоғ муаммосини адолатли ҳал этиш, Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудларини қайтариб бериш ва у ердан қуролли кучларни олиб чиқиб кетиш сингари талаблар илгари сурилган учта резолюцияси қабул қилинган бўлса-да, Арманистон ҳукумати босиб олинган ҳудудларини қайтариш масаласини оркага суриб келаётир. Тоғли Қорабоғда эса, бошқарув тўла-тўкис арманлар қўлига ўтган. Бу ҳудудда дунёнинг бирор мамлакати томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ (Арцах) Республикаси деб аталган тузилма ташкил этилган.
Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида бу зиддиятни тинч йўл билан бартараф этиш юзасидан олиб борилган музокаралар амалий натижа бермай келмоқда. Расмий Боку босиб олинган ҳудудларни қайтаришни талаб қилаётган бўлса, Ереван, бу талабларни бажармаслик баробарида, Озарбойжоннинг Тоғли Қорабоққа эгалик ҳуқуқидан расман воз кечишни, бунинг эвазига ишғол қилинган ҳудудларнинг бир қисминигина қайтаришни истайди.
Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудларини қуролли кучлар ёрдамиад қайтариб олишга уриниш 2016 йилнинг апрель ойида бошланган. Тўрт кун давом этган уруш ҳаракатлари чоғида ҳар икки тарафдан ўнлаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлгшани хабар қилинган. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар натижасида 2000 гектардан ортиқ ер арманлардан қайтариб олинганини билдирган.
Икки давлат ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 2018 йилда, шунингдек жорий йилнинг июнь ойида ҳам кузатилган.
Халқаро ҳамжамият муносабати
Жанубий Кавказ минтақасида қуроллий ҳаракталарнинг бошланиши халқаро ҳамжамиятнинг ҳам жиддий хақотирига сабаб бўлди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған унинг мамлакати аввалгидек Озарбойжонни қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди. “РИА-Новости” маълумотларига кўра, 27 сентябрь куни Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди. Туркия президенти Озарбойжон давлат раҳбарига ва халқига Арманистон ҳарбий провокацияси оқибатида Озарбойжон ҳарбий хизматчилари ва тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди», дея Алиевнинг матбуот хизматидан иқтибос келтирган РИА Новости.
Европа кенгаши раиси Шарль Мишель твиттердаги саҳифасида Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокаралар бошлашга чақирган.
Европа кенгаши бош котиби Мария Пейчинович-Бурич ҳам томонларни тинчликка чақирган ва бу икки давлатни кенгашга аъзо бўлиб киришда олган мажбуриятларини – зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш мажбуриятини эслатган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий баёнотида томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва вазиятни барқарорлаштириш учун музокаралар бошлашга чақирди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Озарбойжон, Туркия ва Арманистон ташқи сиёсатм акамалари раҳбарлир билан телефон орқали мулоқотга киришиб, Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлардан жиддий ташвишда эканини билдирган.
«Биз тинчлик тарафдоримиз!»
Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикаси муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Мамлакатимиз ташқи ишлар вазирилигининг баёнотида қайд этилишича, ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.
«Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз» – дейилади баёнотда.

Рустам Жабборов,
журналист

http://hudud24.uz/kavkaz-ba%D2%93ridagi-jaro%D2%B3at-yohud-to%D2%93li-%D2%9Borabo%D2%93-muammosi-%D2%9Bachon-echim-topadi/

Hudud24.uz 29 сентябрь


БУГУН БИРИНЧИ РАҚАМЛИ МАВЗУ КОРОНАВИРУС: У ҚАНЧАЛИК ХАВФЛИ?

Машҳур миллиардер Билл Гейтс ҳали 2015 йилдаёқ “агар яқин орада юз минглаб инсонларни маҳв этиш керак бўлса, бунинг учун уруш эмас, вирус ишлатилади.

Шунинг учун биз ракеталарга қарши ҳарбий техникалар эмас, эпидемияга қарши кураш тизимига кўпроқ маблағ ажратишимиз керак бўлади” деган эди. Афсуски, у ҳақ бўлиб чиқмоқда.

Бугун биринчи рақамли мавзу – коронавирус! Интернетга киришимиз билан аввало у билан боғлиқ хабарларни излаймиз. Тобора катталашиб, бораётган рақамларни кўнглимиз безиллаганча, бу балойи азимнинг тезроқ бартараф этилиши бўйича бирор янгилик чиқмадимикин, дея шу мавзудаги маълумотларни излаймиз. Ҳаммамизни бир хил савол қизиқтиради: Бу офат яна қанча давом этади? У яна қанча одамнинг умрига зомин бўлиши мумкин? Унинг давоми борми? Ва, энг муҳими…Вакцина қачон тайёр бўлади? Бу борада дунёнинг турли бурчакларида етук олимлар иш олиб боришмоқда. Маълумотларга кўра, коронавирусга қарши вакцина ва препаратлар яратиш бўйича қирқдан ортиқ илмий марказларда юзлаб мутахассислар иш олиб боришмоқда.

“Евроньюс” телеканалининг маълум қилишича, вакцина яратиш баъзида 10-15 йилни талаб қилади. Бироқ, Африкада Эбола вируси тарқалганда, бу борада ишлар тезлаштирилган, қисқа муддатда вакцина яратилган эди. АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармонлар бўйича сифат назорати бошқармаси раҳбари Стивен Ханнинг айтишича, коронавирусга қарши вакцинани яратиш ва синовдан ўтказиш учун 12 ой талаб қилиниши мумкин.

Март ойининг ўрталарида америкалик Женнифер Халлер коронавирусга қарши синов тариқасида биринчи эмланган инсон сифатида тарихга кирди. Айни пайтда ўз танасида турли препаратларни синаб кўришга розилик билдирганлар сафи кенгайиб бормоқда. Агар препарат улар танасида кутилган натижаларни берса, бошқаларда ҳам бемалол қўллаш мумкин бўлади.

Умидбахш “пойга”лар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, COVID-19 га қарши вакцина яратишда асқотадиган юзлаб ишланмалар мавжуд. Бироқ уларнинг жуда оз қисми клиник синовдан ўтказилган. Улардан бири коронавируснинг генетик материалига таъсир ўтказишга қаратилган.

Франциянинг Саломатлик ва тиббий тадқиқотлар миллий институтида коронавирус таркибидаги РНК тузилишига мос равишда вакцина ишлаб чиқариш устида бош қотирилмоқда. Германиянинг CureVac компанияси июнь ойида ўз вакциналарини клиник синовдан ўтказишни мақсад қилган. Еврокомиссия раҳбарияти томонидан мазкур компанияга коронавирусга қарши курашга йўналтирилган тадқиқотлар учун 80 миллион евро маблағ ажратган.

Франциялик микробиолог олим Дидье Рауль биринчи бўлиб, коронавирусни даволашда энг оддий усул – безгакни даволашда ишлатиладиган гидроксихлорохин ва антибиотикларни биргаликда қўллашни таклиф қилди. Бу усул Италия шифохоналарида ҳам синовдан ўтказилди.

“Коронавирус: нажот борми?”

АҚШнинг Виржиния штатидаги Жорж Мейсон университети профессори Анна Баранова ҳам коронавирус ҳақида жуда қизиқ мулоҳазаларни илгари сурди. Лента.ру нашрининг ёзишича, олима узоқ йиллардан бери вируслар ва уларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида илмий изланишлар олиб боради.

Яқинда интернетда унинг “Коронавирус: нажот борми?” номли электрон китоби жуда машҳур бўлиб кетди. Олиманинг қайд этишича, бошқа эпидемиялар сингари бу кунлар ҳам қисқа фурсатда тарихга айланади. Аммо, эртами-кечми Ер юзидаги инсонларнинг 60-70 фоизи бу касаллик билан тўқнаш келиши мумкин экан. Фақат, бунинг учун асло ваҳимага берилишнинг кераги йўқ. Чунки, коронавирус инфекцияси одамдан одамга ўтгани сайин ўзининг дастлабки “қудратини” йўқотиб боради. Бу фанда “аттенуация” деб аталади. Бу ҳолат бошқа кўплаб вируслар билан ҳам содир бўлган.

Оддий мисол: Covid-19 илк бор пайдо бўлганида, унинг ўлим кўрсаткичи 50 фоиздан юқори бўлган. Яъни, бу касалликка чалинган ҳар иккинчи одам вафот этган. Вақт ўтиши, вирус бир танадан иккинчисига ўтиб бориши жараёнида бу кўрсаткичлар ҳам камайиб келмоқда. Бора-бора у оддий грипп, тумов сингари мавсумий ўткир респератор касалликлардан бирига айланиб қолиши мумкин.

Бир пайтлар коронавирусдан кўра даҳшатлироқ бўлган SARS, MERS сингари касалликлар бугун ҳеч кимни безовта қилмай қўйди. Аслида улар ҳеч қаерга йўқолиб кетгани йўқ. Масалан, Яқин Шарқда асосан туялар орқали одамларга юққан MERS вируси бугун ҳам мавжуд. Фақат эндиликда туялар билан ишловчи одамларда ушбу вирусга қарши антитаначалар шаклланган. Шу боис, эндиликда бу касаллик инсонларга хавф сололмайди.

“Биз, инсонлар учун янги коронавирус ҳам тез орада деярли хавфсиз вирусга айланади. Бунинг учун ҳар биримиз ўта эҳтиёткор ва огоҳ бўлишимиз, у ҳақидаги билимларимизни тобора ошириб боришимиз керак”, – дейди Анна Баранова.

Рустам Жабборов

http://darakchi.uz/uz/89927

2020 йил, 6 АПРЕЛЬ


ЭЛЛИК МИЛЛИОН ЎЗБЕК ТУҒИЛГАН КУН БУ

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Мазкур фармонда 2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини кенгайтириш, янги дарслик ва қўлланмалар, электрон дастурлар яратиш, хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини кўпайтириш сингари муҳим вазифалар ўрин олган.

Ўзбек тили халқимизнинг энг катта бойлиги десак хато бўлмайди. Олимларимизнинг айтишича, ўзбек тилининг илк илдизлари эрамиздан аввалги мингйилликларга бориб тақалади. Айрим турколог олимлар дунёдаги энг қадимий ёзма манбалардан бири бўлган, қадимги шумер тилида битилган “Гилгамеш” достонини таҳлил қилишганида унда туркий тиллар, жумладан, бугунги ўзбек тилида ҳам фаол қўлланиб келинаётган 300 га яқин сўз ва сўз бирикмаларини аниқлашган. Қарангки, ҳозирги тилимиздаги оз, ёз, эр, қиз, буз, қуш, қош сингари сўзлар бундан 30-40 аср илгари ҳам ҳозиргидек кўринишда бўлган экан. Айни пайтда қадимги шумер тили бўйича тадқиқотлар давом этаётир.

Даниялик олим Вильгельм Томсен 1890-йилларда ҳозирги Мўғулистон ҳудудидан топган улкан харсангтошлар сиртидаги битиклар аввалига турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Кейин улар туркий халқларнинг ҳозиргача аниқланган энг қадимий ёдгорликлари “Ўрхун битиклари” номи билан дунёга донг таратади. Бу битиклар 680-745 йиллар орасида, Турк ҳоқонлигининг “олтин” даврида руний алифбосида, эски туркий (кўктурк) тилда битилгани аниқланди. “Култигин”, “Билга Ҳоқон” ва “Тўнюқуқ” битиктошларидан иборат ушбу обидалар Ер юзидаги барча туркий тилларнинг энг нодир намунаси бўлса-да, бу битиклар услуби, жозибаси, тиниқлиги ўзбек тили учун ҳам хослиги аниқ кўринади. “Билга ҳоқон битиги”даги “ҳоқоннлиғ будун (эл) эрдим, ҳоқоним қани?” сингари иборалар тилимизнинг эски кўктурк тилига қанчалик ҳамоҳанг эканини кўрсатади.

Эски ўзбек тили тарихда бугунгидан ҳам кенгроқ миқёсда ишлатилганини бир қатор тарихий манбалар исботлайди. Бу тил Шарқда Хитойнинг марказий қисмидан тортиб, ғарбда Литва князлигига қадар, шимолда Олтин Ўрдадан жанубда то Мисрга қадар улкан ҳудудда муомалада бўлган.

Хитойнинг Цин империяси (1644-1911) даврида Хэбэй вилояти ҳудудида қурилган Ёзги тоғ саройининг дарвозасида хитой, мўғул, манчжур, чиғатой (эски ўзбек) ва тибет тилларидаги битиклар учрайди. Асосий дарвоза тепасида соф туркий тилда, настаълиқ хатида битилган “Равшан: ўртадаги дарвоза” деб ёзиб қўйилган. Олимларнинг айтишича, эски ўзбек тили Цинь империяси даврида ишлатилган бешта муҳим тилдан бири бўлган.

2012 йилда Миср Миллий кутубхонасида Алишер Навоийнинг ўғуз лаҳжасида битилган қадимий девони топилди. Бу Эҳромлар юртидан топилган илк туркий манба эмас. Маълумотларга кўра, буюк ўзбек шоири Сайфи Саройи умрининг охирига қадар Мисрда яшаган, шу ерда ўзининг ўзбек тилидаги бир қатор шеъру достонларини яратган эди:

Ўсиб тупроғим узра найзалар, мен эвдин айрилдим,
Ватандин бенишон ўлдим-да, ўзга юртга эврилдим.

Бир пайтлар туркий адабиётнинг ёрқин вакили Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достони ҳам айнан шу ердан – Қоҳира кутубхонаси ертўласидан топилган. Қолаверса, бугунги кунда Қоҳира марказида Узбакия деб аталадиган тарихий маҳалла, шу ном билан аталадиган кўча, масжид, театр ва боғ ҳам бор.

…Эсимда, 2006 йилда бир гуруҳ ҳамкасблар билан Мисрга боргандик. Қоҳирадаги қадимий “Хон ал-Ҳалилий” бозорида бир дўконга кирдик. Бир шеригимиз чиройли сувенирнинг нархини кўриб, менга:

– 20 фунт экан, сўранг-чи, 10 фунтга берармикин? – деб қолди. Шунда бизни кузатиб турган сотувчи ўзбек тилида “ўн беш фунт бера қолинг” деса бўладими?! Ўзга юртда юрганингда ўз тилингдаги калом қулоғингга жуда лазиз эшитиларкан. Маълум бўлишича, сотувчининг ота-боболари асли туркистонлик бўлиб, Мисрга келиб, ўрнашиб қолишган экан…

Суриянинг Дамашқ, Ҳалаб сингари шаҳарларида ҳам тарихий ўзбек маҳаллалари “ал-Узбакия” номи билан машҳур бўлган. Умуман, Яқин Шарқ давлатларида ўзбеклар яшайдиган мавзелар кўп учрайди.

Эски ўзбек тили асрлар давомида нафақат мусулмон мамлакатлари, балки Европа марказигача кириб борган. Бу тилдаги кўплаб матнлар Шарқий Европа, жумладан, ҳозирги Литва, Украина, Польша ҳудудларидан ҳам топилган. Хусусан, 1618 йилда Львовда босма усулда чоп этилган “Олқиш битиги” китобидан олинган мана бу парчага эътибор қилинг:

“Бермагин бизни синамоғлиқға,
Йўхса қутқар бизни ёмондан,
Зеро, сенингдур хонлиқ-да, қувват-да,
Сенга ҳайбат мангулик…”

Маълумотларга кўра, Шарқий Европа ҳудудида яшаган, туркийлашган поляк, арман ва литваликлар ўзаро мулоқот тили сифатида қипчоқ лаҳжасидаги эски ўзбек тилидан фойдаланишган, ҳатто шу тилда ибодат қилишган, дуо ўқишган.

Амир Темур салтанати (1370-1405) даврида Буюк соҳибқирон асосий фармон ва қарорларни, келгуси авлод учун яратилган тошбитикларни ҳам эски ўзбек тилида битишга кўрсатма берган, “Темур тузуклари”нинг илк нусхаси ҳам она тилимизда битилган эди. Айрим тарихчиларнинг айтишича, мана бу соф ўзбекона мисралар Соҳибқироннинг шеърий иқтидори маҳсули бўлган экан:

Ёрға еткур сабоким, макр қилмишдур манга,
Қилди эрса кимга макрин, қайтаадур бир кун анга!

Амир Темур томонидан 1391 йил Олтин Ўрда хони Тўхтамишга қарши юриш қилган чоғида ҳозирги Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти ҳудудидаги Улуғтоғ этакларида тошда битиб қолдирилган ушбу битиклар тилимиз Соҳибқирон пайтида қанчалик тиниқ ва жозибали бўлганини кўрсатади:

“Тарих етти юз тўқсон учинда, қўй йили ёз ойи ораси Туроннинг султони Темурбек уч юз минг черик била ислом учун Тўхтамишхон – Булғор хониға (қарши) қарши юрди. Бу ерга етиб, белги бўлсун деб бу ўбани қўпорди. Тангри нусрат бергай, иншоолоҳ. Тангри эл кишига раҳмат қилғай, бизни дуо била ёд қилғай”.

Назм мулкининг султони Мир Алишер Навоийнинг ўзбек тили тараққиётида қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.

Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам,

деганда буюк шоир тилимизнинг ўз даврида нуфузи, обрў-эътиборини юксалтиришга жуда катта ҳисса қўшганини ҳақли равишда эътироф этган эди. У ўзининг бой мероси билан туркий тилнинг бошқа тиллардан устун жиҳатларини ҳам амалда кўрсатиб берди. Навоий “Муҳокаматул-луғатайн” асарида туркий тилнинг афзал жиҳатларига урғу бериб, ўзга тилни афзал билган шоиру фозиллар ҳақида таассуф билан шундай деган эди:
“Бу халқ орасидин пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди. Ва агар иккаласи тил била айтур қобилиятлари бўлса, ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди, ва яна бир тил била озроқ айтсалар эрди…”.

Таассуфки, ўша даврларда ҳам тилимизнинг буюклиги ва бойлиги, гўзал ва бетакрорлигини тўла англамаган, унинг қадрига етмаган инсонлар бўлган экан. Бугун қувонч билан таъкидлай оламизки, ўзбек тили ўзининг қаддини кўтармоқда. Ер юзидаги етти мингга яқин тил ичида ўзбек тилининг ўз ўрни, нуфузи ва эътибори борлиги барчамизни қувонтиради.

Бизнинг она тилимиз мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30 дан ортиқ тиллар киради ва уларда Ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади.

Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган 100 га яқин тилларнинг бири экани ҳам қалбимизда фахру ғурур уйғотади. Агар дунёда 7000 га яқин тил ва лаҳжалар мавжудгини эътиборга олсак, бу ёмон кўрсаткич эмас. Ҳолбуки, дунёда давлат тили мақомига эга бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам бор.

2019 йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Яқинда Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида инсоният олдида турган энг муҳим масалалар хусусида ўзбек тилида нутқ сўзлагани тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам бўлди.

Бир пайтлар Доғистоннинг буюк фарзанди Расул Ҳамзатов ўз она тили ҳақида ёзаркан:

Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,
Она тилим менга муқаддас буюк,

деган эди. Не бахтки, бизнинг она тилимиз жаҳон минбаридан ҳам жаранг сочди. Бинобарин, бугунги кунда ҳар бир ўзбек Расул Ҳамзатов орзу қилган шарафга эриша олди, дейиш мумкин.

Давлат тили унинг барча рамзлари каби муқаддас саналади. Яқинда кучга кирган янги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишни истаган шахс давлат тилини лозим даражада билиши кераклиги белгилаб қўйилди. Бундай тартиб дунёнинг кўплаб давлатларида жорий қилинган. Қўшни ва қардош халқларнинг давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларида ҳам ҳар бир фуқаро учун давлат тилини билиш шарт қилиб белгиланган. Шундай экан, ўзини шу тупроққа дахлдор деб билган ҳар бир инсон давлат тилини ҳурмат қилиши, бу борадаги қонун ҳужжатларига риоя этиши керак бўлади.

Рустам ЖАББОРОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими

http://darakchi.uz/uz/105920

2020 ЙИЛ 21 ОКТЯБРЬ


“ЧИН ДЕМАС ЭРСАНГ, ДЕМА ЁЛҒОН ДОҒИ”

Ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди
Ахборот – жуда катта куч. Унинг ёрдамида дунёни бошқариш мумкин. Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий “эрурсен шоҳ, агар огоҳсен – сен” деганда айни шу ҳақиқатни назарда тутган эдилар.
Ҳар бир тарқатилаётган ахборот ортида маълум бир мақсад ётиши ҳеч кимга сир эмас. Баъзи ахборот шунчаки инсонларга янгилик етказиш, огоҳ этиш, қизиқтириш мақсадида тарқатилса, айримларининг ортида маълум шахс ёки гуруҳларнинг манфаатлари ётади. Аслида бу ҳам ўзаро кураш усулларидан бири.
Албатта, халқаро қонунчилик ахборот тарқатишда ҳар бир инсоннинг шаънини, обрў-эътиборини камситишга йўл қўймайди. Хусусан, 1948 йида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига аралиш, дахлсизиини бузиш, шахсий ёзишмаларни унинг розилиги розилигисиз ошкор этиш, номус ва шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон ана шундай аралашув ва тажовузлардан қонунан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.
Бироқ, шунга қарамасдан, маълум шахсларни қасдан обрўсилантириш, камситиш ҳоллари ҳар доим, ҳамма жойда кузатилган. Хусусан, бугунги кунда, оммавий ахборот воситалари, айниқса электрон нашрлар, ижтимоий тармоқлар тобора ривожланиб, ркинлашиюб бораётган бунунги кунда, мамлакатимизда бундай ҳолатлар тез-тез кўзга ташланмоқда.
Хусусан, катта аудиторияга эга бўлган сайтларда фуқароларнинг, таниқли санъат ва маданият ходимлари, мансабдор шахслар фаолиятига оид ҳаққоний фикрлар билан бир қатор нотўғри, асоссиз маълумотлар тарқатиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Ҳали айбланувчининг айби суд томонидан қонунан исбот этилмай туриб, уни жиноятчи сифатида кўрсатиш ҳоллари тез-тез учрамоқда.
Кўпгина нашрларда дастлабки тергов ёки суд материалларга асосланган хабар ва лавҳаларда “фалончи фирибгарлик қилди”, “пистончи қотилликка қўл урди” ёки “ўғирлик қилди” деган мазмунаги маълумотлар берилади. Ҳолбуки, бу ўринда шахснинг жинояти ҳали тўла-тўкис исботланмаган. У шунчаки айбланяпти, холос. Суд жараёнида судланувчи ўз айбсизлигини исбот қилишга ҳақли, у дастлабки суд ҳукмидан норози бўлиб, аппелация, кассация ёки назорат тартибида тегишли инстанцияларга мурожаат қилиши мумкин. Бугун қотилликда ёки фирибгарликда айбланган шахс эртага айбсиз деб топилиши, суд залидан озод қилиниши мумкин. Афсуски, бунгача “айбсиз айбдор”нинг “қилмишлари” журналистлар, ҳаттоки ҳуқуқ-тартибот ходимари томонидан ҳам эга ошкор қилиниши, бундан ҳалиги инсоннинг ўзи, яқинлари, оила аъзолари моддий ва маънавий зарар кўриши мумкин.
Бундан беш-олти йил муқаддам мамлактимизнинг йирик газеталаридан бирида таниқли журналист ва прокурор ҳаммуаллифлигида ёзилган мақолада бир жиноят тафсилоти ёритилади. Мақолада бир йигит ўзи ёқтирган қизни алдаб, унинг қимматбаҳо тақинчоқларини тортиб олгани, қизга тан жароҳати етказгани кўрсатилган. Йигит жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Суд ҳукми ўқилиши билан орадан кўп ўтмай ушбу мақола чоп этилган. Бу орада айбланувчи ҳукмдан норози бўлиб, аппеляцион шикоят берган. Хуллас иш судларда бир неча бор қайта кўрилган. Тўққиз ой деганда йигитнинг айби етарлича исботланмагани боис, озод қилинган. Маълумотларга кўра, жиноятга сабаб бўлган далилий ашё – қимматбаҳо тақинчоқ ҳеч қаердан топилмаган.
Албатта, бу ўринда гап йигитнинг қанчалик айбдор ёки айбсизигида эмас Аммо, факт шуки, жиноятга сабаб сифатида кўрсатилган далилий ашё йўқ. Шу боис, адвокат айбланувчининг оқланиши учун асос топа олган. Демак, қонун нуқтаи назаридан қаралганда, мақолада йигитни талончиликда, зўравонликда айблаб, унга нисбатан ноҳақлик қилинган.
Шундан сўнг, озодликка чиққан йигитнинг биринчи иши – у ҳақда мақола ёзган муаллифлар ва нашрни судга бериш бўлди. Албатта, бу мурожаат бир неча бор қайта кўрилиши натижасида, суд муаллифлардан тегишли миқдорда маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Бундай мисолларни оммавий ахборот воситалари фаолиятидан кўплаб келтириш мумкин. Бу борада қонунчиликни такомиллаштириш журналистлар ва ҳуқуқ-тартибот и

дорлари вакиллари олдидаги ахборот тарқатиш бўйича масъулият қанчалик юқори эканини кўрсатади.
Бу жараён миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топмоқда. 2020 йил 25 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча – 2022-модда киритилди. Унга кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солса уни тарқатган шахс БҲМнинг 100 бараваригача (22 млн 300 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.
Шунга мувофиқ тарзда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳам ўзгартириш киритилган. Жиноят кодексининг 2446-моддага кўра, юқоридаги ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Бу ерда гап фақат бир шахснинг шаъни, обрў-эътибори ҳақида кетяпти. Борди-ю, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот кўплаб инсонлар ҳаётига, хавфсизлигига таҳдид солса-чи?
Маъмурий қонунчиликка киритилган янги ўзгаришга кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳозир интернетда ўз ўқувчилари, “мухлислари” сафини кенгайтиришнинг энг осон йўли шов-шувли маълумотларни кўпроқ ва тезроқ тарқатиш бўлиб қолди. Айниқса, 2020 йил март ойида бошланган пандемия ва карантин чекловлари пайтида бундай хабарлар салмоғи ошди. Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда одамларни ваҳимага солувчи, таҳликали маълумотлар кўпайиб кетди. Карантиннинг дастлабки кунларида одамларнинг асоссиз хабарларга ишониб, озиқ-овқат ғамлашга киритишиши, бунинг натижасида бозорларимизда нарх-навонинг кесикн ошиб кетиши кузатилди. Бунда ижтиоий тармоқлардаги шов-шувларнинг ўрин катта бўлди.
Маълумотларга кўра, пандемия шароитида коронавирусга чалинганлар билан бир қаторда юрак-қон томир ва асаб хасталиклари билан оғриган ва уларнинг оқибатида вафот этганларнинг ҳам сони сезиларли равишда ошган. Қолаверса, тушкунлик, ваҳима ва стресс коронавирус хавфини ошириши ҳам олимлар томонидан исботланган.
Демак, аудитория сонини оширишга қаратилган биргина шов-шувли хабар бир қанча инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғириш мумкин. Агар, бу борадаги қонунчилик такомиллашмас, белгиланган чоралар кескинлашмас, инсон ўзи тарқаган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийиги учун жавобгарликни ҳис қилмас экан, юқоридаги ҳолатлар давом этаверади.
Дейлик журналист, блогер ёки ҳар қандай интернет фойдаланувчиси қандайдир асоссиз шов-шувни тарқатди, бунинг учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, бир неча миллион сўм жарима ҳам тўлади, дейлик. Бундан тегишли равишда хулоса чиқармаса-чи? “Нари борса беш-ўн миллион билан қутуларканман” деб бундай ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса-чи? Яна аввалгидек жарима билан қутулишнинг имкони борми?
Йўқ, кейинги “қамчи” қатиқроқ бўлади. Энди маъмурий эмас, жиноий жавобгарлик қўлланади. Яъни илк хатосидан хулоса чиқармаган шахс энди шунчаки ҳуқуқбузар эмас, жиноятчига айланиши мумкин. Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш даражасига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда (Базавий ҳисоблаш миқдори бугунги кунда 223 минг сўмга тенг) жарима солишдан то уч йилгача озодликни чеклашгача жазоланиши мумкин.
Дарвоқе, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб ю

боришга даъват этадиган маълумотлар учун алоҳида жавобгарлик бор. Жиноят кодексининг 2441-моддасига кўра, ана шундай ҳаракатларнинг даражасига қараб, уни содир этган шахс БҲМнинг 200 бараваригача миқдордаги жаримадан тортиб, саккитз йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Хўш, бу нима? Яна сўз эркинлигини чеклаш, журналист ва блогерларга “мушт дўлайтириш” эмасми, қабилидаги иддаоларга ҳам дуч келяпмиз. Йўқ, асло ундай эмас! Бу нафақат сўз эркинлиги ва у билан бирга ҳар бир шахснинг обрў-эътибори, жамоат хавфсизилигини ҳимоялашга қаратилган ҳаракат. Жамиятни ёлғон ва асоссиз мишмишлардан, фисқу-фасоддар, фитнадан ҳимоялашга қаратилган ҳаракат.
Зотан жамият фақат ҳақиқат ва адолат тантана қилган жойда тараққий этади. Ёлғон, мишмиш, туҳмат ва иғволар авж олган маконда эмас.
Ҳақиқатни айта олиш инсондан катта жасорат талаб этади. Ёлғондан, туҳматдан чекинишнинг залвори ва масъулияти ҳам ундан кам эмас. Сўзимиз бошидаги каби, яна ҳазрат Навоийга юзлансак:
Неча зарурат аро қолғон чоғи,
Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи…
Менимча, изоҳга ҳожат йўқ.
Рустам Жабборов,
“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

ЎзА, 2020 йил, 30 декабрь


ЎЗБЕК-ҚИРҒИЗ ЧЕГАРАСИ: МОЖАРОДАН КИМ МАНФААТ КЎРАДИ

Аслида ҳаммаси жуда оддий: чегараларнинг ўта нотекис белгиланиши, бир иттифоқдош республика ичида бошқасига тегишли ҳудудларнинг жойлаштирилиши, сунъий анклав ва экславларнинг яраталиши бир пайтлар “катта оға”нинг узоқни ўйлаб юритган сиёсати маҳсули эди. Асрлар давомида бир жону бир тан бўлиб яшаб келаётган элатларни турлича этник бирликларга ажратиш ва улар ўртаси низо қўзғаш ҳам ана шу сиёсат натижаси эди.

Бугун, орадан йиллар ўтиб, бу кўчатлар ўз мевасини бера бошлади. Кейинги бир йил ичида юз берган ҳодисаларга бир кўз ташлайлик. Давлат тилига четдан “ёрдамчи тил”ни жалб этишга уринишлар, ЕОИИга аъзолик масаласи, пойтахт марказидаги бутхона, Захарованинг заҳарли иддаоси, ўзбек тилига нисбатан таҳқиромуз постлар, тожик-қирғиз чегарасидаги тартибсизликлар, ва бугунги Сўх можаролари… Улар орасида кўринмас бир ришта бордек туюлмаяптими?

Дарвоқе, Сўх тумани Ўзбекистонга қарашли, Қирғизистоннинг ичида жойлашган, асосан, тожиклар истиқомат қиладиган ҳудуд… Бир қарашда ўзбек, қирғиз ва тожик халқларининг бирдамлигини ифодалайдигандек туюлади. Шу билан бирга, ҳар учала халқ, ҳар учала давлат ўртасида низо чиқариш учун ҳам қулай ҳудуд… Ўзбекистон ҳуқуқий жиҳатдан бу ҳудудга тўла-тўкис эгалик қилишга ҳақли. Аҳолининг асосий қисми тожик, бинобарин, қўшниларимиз орасида бу ҳудудга нисбатан даъволар тез-тез кўтарилиб туради. Қирғизларга эса, ўз мамлакати ҳудуди бошқа бир юртнинг тупроғи борлиги хуш келмайди, аксинча бир қатор муаммоларни туғдиради.

Айни пайтда қирғиз расмийлари можарога сабабчи бўлган чашма уларнинг ҳудудига тегишли эканини айтиб, бу сув иншоотига эгалик ҳуқуқи фақат уларга тегишли эканини айтади. Бир қирғиз депутат бош вазиримизга мурожаат қилиб, “керак бўлса, халқингизни олиб кетинг” дейишгача борибди. Бу ҳодиса тожик матбуоти ва ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида ҳам жиддий муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса, бу можарони имкон қадар тез ва самарали бартараф этиш учун барча чораларни сафарбар этмоқда. Чунки, Сўх қаерда жойлашганидан қатъи назар бизнинг еримиз, у ерда кимлар яшашидан қатъи назар бизнинг ватандошларимиз…

Бу ҳудудда учта халқ ўртасида адоват юзага келса, у фақат ва фақат тўртинчи — ушбу вазиятни юзага келтирган томоннинг фойдасига ишлайди, холос. Вазият издан чиққудек бўлса, яна бориб-бориб жиловимизни “катта оға”ларга тутқазиб, фақат улар кўрсатган йўлдан юришга мажбур бўлиб қоламиз…

Рустам Жабборов

http://darakchi.uz/uz/95270

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.3 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!