«Олтин қалам – 2021» танловига

Нуриддин Муродовнинг ижодий ишлари

 

Инсон «қонун»и албатта ислоҳ қилинади, бироқ «адолат» ўзгармасдир

UZA.UZ 16:28 / 02.03.2021

Бир пайтлар биз ишонмаган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Сўз ва виждон эркинлиги амалда таъминланмоқда.

Ўтган қисқа даврда уч мингдан ортиқ,жамиятда адолат излаган, бир вақтлар жамиятдан ранжиган ва фақатгина адолатгагина ишонган, унга умид қилган юртдошларимиз суд ҳужжатлари асосида оқланди. Улар адолат қарор топганини гувоҳи бўлишди. Яна қанча ака-ука, опа-сингилларимиз «адолат» тамойиллари асосида афв этилди. Уларнинг яна қанчаси қора рўйхатдан чиқарилди. Биргина 2020 йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Бу 719 нафар фуқаро бутун вужуди билан янги Ўзбекистоннинг адолатли сиёсатини ҳис этди, ана шу адолат талаблар ва уларнинг оила аъзолари бугунги жамиятдан рози бўлди, ҳаётдан рози бўлди, жамиятга меҳри, Ватанга муҳаббати ортди, келажакка ишончи юксалди, ўзига ишончи барқарор бўлди дегандир. Ўзига ишончи барқарор одамлар яшайдиган юрт эса, албатта бахтли одамлар яшайдиган обод гўша бўлади шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, адолат тамойили бузилган қонунлар ўзгарди. Адолатга талпиниш устуворлик касб этиб, қонунлар адолатга, ҳақиқатни рўёбга чиқаришга хизмат қила бошлади. Албатта бунинг учун қонунлар ҳали кўп ислоҳ этилиши керак.

Шу билан бирга, кўп соҳаларда адолат сўзи кўп такрорланаётганлиги боис, «адолат бу аввало қонун деганидир» дейдиганлар ҳам кўпайиб, йўқ кўпайиб эмас, бу тоифа инсонлар хавотирга тушиб қолмоқдалар… Негаки ўрганган қобиқдан чиқиб кетиш осон бўлмайди…

Қозилар учун эса, аввало қонун ва қонун устуворлиги адолатдир. Бу аксиома. Уларнинг қарори қонуний ҳамда қонун нормасига асосланган бўлиши шарт. Шундагина у қонун устуворлигини, қонунийликни, қонун олдида тенгликни, жазо муқаррарлигини таъминлашга астойдил хизмат қилади.

Лекин, яна бир муҳим мушоҳадали жиҳат борки, буни ҳазм қилиш ҳали бери осон бўлмайди. Бунинг учун креатив ёндашув, янгича фикрлаш, демократик – халқпарвар қонунлар асосида яшашга ўрганиш даркор. Эски жамият қобиғидан чиқиб кетишга журъат топа билиш, инсон азиз, адолат эса олий қадрият деб қарашга, шундай фикрловчиларнинг фикрига кўникишга тўғри келади.

Бир мисол, яқин-яқингача республиканинг бошқа ҳудудлари аҳолиси учун Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискасиз юриш, ушбу ҳудуддан уй-жой сотиб олиш ҳуқуқбузарлик саналар ва таъқиқланганди. Чунки, шу ҳақда қонун бор. Энди фикр қилинг, ушбу қонун – «адолат»ми?…  

Бундай мисоллар кўп. Аммо, бир нарса аниқ ва биз буни охир оқибат тан олишимиз ҳам керакки, «Инсон томонидан яратилган ҳар қандай қонун ўзгаришга, ислоҳ этилишга маҳкум, бироқ «адолат» эса бу – ўзгармас қонун»дир. Адолатнинг шакли шамойили турланиши мумкиндир, илло унинг моҳияти тоабад барҳаёт бўлади.

Масалан, мансабдор шахс билан оддий одамнинг фикрлашида ҳаёт ва табиатга, қонунларга нисбатан қарашларида тафовут бўлганидек, эндигина 20 ёшга кирган ёш йигит билан 50 ёшли киши ўртасида ҳам дунёқарашларида ҳам фарқ бўлиши табиий ҳолат. Ёки ўша мансабда ўтирган, мансабдан кетгандан кейин тезда у суянган қонун энди у учун тўла адолат эмаслигини англаб етиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ана шундан кейин денг, ўша ўспирин билан мансабидан тушган кишини ҳаёт қарашида яқинлик пайдо бўлади… Бунинг сабаби, мансабидан айрилганнинг боши деворга ўрилгани, аччиқ тажриба орттирганида эмас, боиси ўспиринни ҳаётга табиий – адолатли қараганлигида, эгардан тушганнинг эса ўз вақтида эгардаги кезларида реал ҳаётдан бир оз чекингани, шу асосда шаклланган «қатъий қонуний», баландпарвоз, халқчил бўлмаган, соддароқ айтганда, халқпарварлик жуда устувор бўлмаган қарашларидадир.

Шунинг учун ҳам баъзан қонунлар ва адолатни теппа-тенг қўллаб бўлмайди. Баъзан, баъзи бир қонунларда адолат тамойили бир оз чекиниб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам қонунлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизасини қиламиз, уларнинг коррупцияген нормалари ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўювчи жиҳатларини экспертизадан ўтказишни адлиядан сўраймиз.

Бир-неча йиллар аввал, тадбиркорлик фаолиятига оид бир қонунга ўзгариш кираётганда, бир «тадбиркор депутат» шу қонунни ёқлаб овоз бериб, уни маъруза қилиб, бироз вақт ўтиб, яъни, мандати тугагандан сўнг ўз тадбиркорлик фаолиятига қайтиб, айни ўша қонун тадбиркорлик фаолияти учун ҳақиқий бош оғриқ эканлигини айтиб, роса сарсон бўлди. Кейинчалик ўша ўзи ёқлаб, олиб чиққан қонунга нисбатан фикри қаттиқ ўзгарганлигини афсуслар билан гапирди…  

Яна юқоридаги мисолга қайтсак, нима деб ўйлайсиз қонунни қўлловчилар учун «прописка»га оид ўша эски таҳрирдаги қонуни қўлламаслик унинг ўрнига адолатни қўллаш мумкинми?

Мумкин! Қандай қилиб дейсизми? Ўзбекистон Республикаси Конституциясига таяниб, яъни, унда айтилган (28,37,53-моддалар) республика ҳудудида кўчиб юриш, эркин касб танлаш (айрим касблар пойтахтдагина борда), мулкка эга бўлиш (жумладан, пойтахт ва унинг вилоятидан ҳам) каби нормалар асосида. Негаки, қонунни қўлловчиларда мақбул қонунни қўллаш ва номаъқулини қўлламаслик ваколати бор. Лекин, бу баҳсли масала…

Айнан мана шу масаладаги мувозанатга суднинг адолати, одил судлов, адолат тантанаси дейилади.

Нуриддин Муродов


“Қонун” бу ҳали “адолат” эмас, лекин адолат мукаммал қонун деганидир

UZA/UZ

15:56 / 11.12.2020

Баъзан баландпарвоз бўлиб туюладиган ушбу жумлаларнинг таг- замирида нафақат чуқур ва яширин фалсафий маъно, балки, синалган, чархланган, албатта тўғри маънода сурилиб-туртилиб, эзилиб, сўнг ростланган ҳаётий тажриба – асосли илм ётади.

Зеро, қадимги ҳинд мутафаккирлари бежизга “Илм бу тажрибадир”, деган фикрни ёзиб қолдирмаган.

Ана ўша тажриба – илм эса, судда одил судловни, айнан ушбу жараёнда адолат ва(ёки) қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда пировардида мазкур тушунчаларнинг судья қабул қилаётган қарорларидаги ўрни ва айнан шу қарорларга келишга омил бўлган хулосаларга таъсири ҳақда бир оз мушоҳада юритишга асос бўлади.

Мушоҳадалар эса, “суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради”, деган процессуал қонун нормасининг талқинидан бошланади.

Яъни, судьянинг ички ишончи таяниладиган хулоса қилиш жараёнида ўз-ўзидан “адолат” ва “қонун” тўқнашинуви юзага келади дейиш мумкин.

Бир тасаввур қилинг, масалан, қарзга оид низоларда қарз берган ҳам олган ҳам сизга мўлтираб юзланиб турса, ҳар иккиси ҳам ўзларини ҳақ деб билиб, бири “шунча пул” қарз берганман, иккинчиси “шунча эмас бунча қарз олганман”, деб турса, “қонун” талабидан келиб чиқиб, тилхат олинмаганлиги, расмийлаштирилмаганлиги, гувоҳларнинг мавжуд эмаслиги, хуллас далиллар, ишнинг ҳамма ҳолатлари қарз олувчига ён босса, “адолат” ён босиб турган даъвогар – қарз берувчи эса зорланиб, “тўғри, қарз берганда сендан тилхат талаб қилмадим чунки, сен ўша қарзга жуда мухтож эдинг аҳволинг танг эди, қолаверса 92 та томиринг эгилиб қарз сўраб келганинг учун, лафзингга ишонганим учун, қарзни вақтида қайтиб берарсан деб ўйлаганим учун… илтимос номардлик қилма, Худодан қўрқ, “адолат” борку, Яратган борку, қўрқмайсанми унинг қахридан”, деб турса, жавобгар –қарз олувчи ҳам секингина ютиниб қўйиб даъвони тан олмай нима бўлса бўлар деган қиёфада турса, устига устак яна у-қарз олувчи томонидан “қонун” тилга кириб, “ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт” чунки, бу меннинг –қонуннинг талаби шу деб юборса, ана ундан кейин судьянинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўраверинг.

Ёки яна бир мисол – ҳаммага таниш “снос” масаласи дейлик, келингки, ҳоким ё бир масъул мансабдорнинг ҳужжатларини албатта расмийлаштириб бераман деган оғзаки лафзига ишонган бир фуқаро-тадбиркор-ишбилармон бир савдо мажмуаси ёхуд бошқа бир хизмат кўрсатиш комплекси учун бино қуришни бошлаб юборди. Бу бино яна ҳам каттароқ ҳоким ё каттароқ бир мансабдорга маъқул келмай уни буздиришга оғзаки топшириқ берди. Балким шу ҳудуд учун вазият ва режалар ўзгарди, нима бўлганда ҳам шу бинони олиб ташлаш керак, бундай ҳолатда суд, ҳужжатсиз (рухсатсиз) бинони бузишга – “қонуний” қарор берадими? Ё бўлмасам ўша мансабдорнинг оғзаки ваъдасига ишонган фуқаро-тадбиркор-ишбилармонни ҳимоя қилиб, қонунга унчалик мувофиқ келмай турган – “адолат”ли қарор берадими? Хулоса ўзингиздан…

Юқорида айтган судьянинг “ички ишончи” нима бўлди дейсизми? Яшанг кулминацион нуқтага энди келдик. Ушбу мисолардаги “адолат” ва “қонун” тўқнашинуви ҳамда судьянинг ички ишончи асосида маслаҳатхонда қабул қилинадиган қарор… бу юкни бир ўз вужудингиздан ўтказиб кўринг!

Бундай ҳолатда чиқадиган қарор адолатли бўлиши керакми ёки қонунийими?

Қарор қонуний бўлмаса ёмон, шикоят қилинади, қарор ўзгаради, бекор бўлади.

Қарор қонуний бўлиб, адолатли бўлмасачи? Адолатни таъминлашга мавжуд қонунлар ожизлик қилсачи? Бундай қарордан шикоят қилса, қаноатлантириладими?

Хулоса шуки:

Аввало, қонунлар инсонпарварлик, ҳақгўйлик, халқчиллик, хаётийлик, реаллик, тажриба – илмга, замонавий, энг илғор ва соф-тоза-шаффоф фикр-ғоялар ва албатта “адолат”га мувофиқ бўлиши шарт.

Моддий ва айниқса процессуал ҳуқуқ нормалари билибми-билмайми адолатни, одил судловни таъминлашда бирор-бир чегара ўрнатиб қўймаслиги хаётий зарурат.

Бу борада Англо-саксон ҳуқуқ оиласидаги судлар фаолияти – “эркин судья, одил судлов, адолатли қарор, азиз инсон” тамойили биз учун мақбулдир. Зеро азал-азалдан донишманд, содда-самимий, ўзи ва кўзи тўғри халқимиз, ҳар қандай қарорни қабул қилишда маслаҳат ва мушоҳадани бирламчи қўйишга, зарур ҳолларда қабул қилинажак қарорнинг оқибати, инсоннинг азизлиги ва адолатнинг тантанаси учун айрим қолип шаклдаги инсон ҳамда тараққиёт манфаатларига жуда ҳам мос бўлмаган қонун-қоидаларга устунлик беришни ножойиз деб билган.

Шундай экан, ҳукм қиладиган судьяларга қараганда қарор қабул қиладиган судьяларда бугун том маънода “судьялик” эмас “қозилик” қилиш имконияти юқорироқ. Яъни, мақбул бўлмаган қонун ва қонун ҳужжатларини қўлламаслик ҳамда шаффофлик> объективлик> холислик> ҳалоллик>етуклик>оқиллик>тўғрилик>виждонийлик каби қадриятга айланиб улгурган тушунчалар асосидаги ички ишончга таяниб, “адолат”ни таъминлаш бирламчидир.

Судьянинг ички ишончи ҳам ўз навбатида синалган, чархланган, ҳаётнинг паст-баланд йўлларида ростланган ақлга йўғрилган ҳаётий тажриба – илмга, инсонни комилликка етакловчи чуқур маънавият ва юксак маърифатга ҳамда албатта инсоний фазилатлар муттасил улуғланадиган унинг муқаддас оилавий шакл-шамойилига ва у тарбияланган атроф муҳитга боғлиқ бўлади.

Демак, судья кадрлардаги мана шу фазилатлари судьялар заҳирасини шакллантиришда, фақат биографияга оид маълумотларни, номзодларга нисбатан бўлган субъектив фикрларни ўрганишдан кўра, муҳимроқ бўлиши даркор.

Гапнинг индалосини айтганда, судьянинг қарори ва “адолат” – “қонун” деганда юқорида келтирилган қисқа ва нозик мушоҳадалар ҳам эътибордан четда қолмасин дейман холос.

Нуриддин Муродов,

судья


Ватан нима деган саволга ниҳоят жавоб топгандай бўлдим, аммо…

UZA/UZ

11:38 / 21.08.2020

Инсоннинг эртанги кунга бўлган ишончи, қувончу, ширин ташвишлари замирида аслида Ватанга бўлган муҳаббат мужассам десак, хато бўлмайди.

Инсоннинг эртанги кунга бўлган ишончи, қувончу, ширин ташвишлари замирида аслида Ватанга бўлган муҳаббат мужассам десак, хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз бежизга “Қилаётган амалларимиз хайр-барокотли, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин”, дея дуо қилишмайди.

Бир қарашда соддагина ҳамда деярли ҳар кун эшитиб ўрганиб қолганимиз ва ҳаёт синовларидан ўтган ушбу дуонинг таг-замирида эртанги қувончимиз – бевосита юртимиз тинчлиги, Ватанимиз ривожи билан чамбарчас боғлиқ деган маъно мужассам.

Шу тобда мамлакатимиздаги умидли ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, «Келажакда, у ёки бу соҳани етук мутахассиси бўлиб, Ватаним равнақига ўз ҳиссамни қўшаман» ёки «Мусобақада албатта ғолиб бўлиб юртимиз байроғини юқори кўтараман» деган сўзларни кўзи ёниб айтади. Албатта, бу сўзлар бизга қанчалик баландпарвоз бўлиб туюлмасин, аслида улар самимий, қалбдан чиқаётган, беғубор иборалардир.

Инсоният бор экан, унга рағбат (stimulus), эртанги кунга ишонч бераётган – Ватанга бўлган муҳаббат ёки Ватаннинг ўзи нима деган саволга жавоб изланаверади. Биз ҳам ушбу мавзу доирасида бироз сўз юритсак ўринли бўлади.

Тан олиш керак энг кўп гапириладиган, ёритиладиган ё бўлмаса, қаламга олинадиган мавзу ҳам айнан шу, барча бирдай тенг фикр билдириши мумкин бўлган ёки инсониятнинг даҳою-фақирлари юрак сўзларини билдирган, таъриф-тавсифлар берган мавзу (тушунча) ҳам айни шу десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Агар ўтган давр оралиғида, яъни, ақлимни таниганимдан бери тахминан ўттиз-ўттиз беш ёшимгача Ватан ўзи нималиги, уни бир тугал таърифи борми деган савол юзасидан таассуротларимни содда, бадиий – публицистик ва салгина образли қилиб ифодалаб берсам, уларни қуйидагича келтириш мумкин:

«Ватан»ни «Авесто»дан изладим, Спитамен суратига термилиб, чуқур ўй сўрдим, Қултегин ва Билгахоқон битигига кўз югуртирдим, Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг»идан, Бухорийнинг «Ал- Жомеъ-ас саҳиҳ»ию, Термизийнинг «Суннан Термизий»сидан. Шу савол жавобини Фаробийнинг «Фозил одамлар шаҳри»дан, Берунийнинг глобусидан, унинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлари»дан, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»дан, Марғилонийнинг «Ал ҳидоя»сидан, Хоразмийнинг «Ал-жаъбр вал-муқобала»си ҳамда «Китоб сурат ул-арз»идан, Фарғонийнинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум»идан изладим.

Мангубердидан «сўрадим», унинг сафдоши Темурмалик ҳам чуқур ўйга толди, кекса Кубро эса, отга қамчи солди, «Ё Ватан ё шарофатли ўлим» , – деб қолди.

Ватанни ҳамон таърифлолмай, Амир Темурнинг мозий салтанатига термилдим, «Темур тузуклари»ни варақладим, Улуғбекнинг «юлдузлари»дан, Навоийнинг ғазалидан, «Хамса»си, бари-бари асаридан, Бобурнинг кўз ёшидан томган рубоийлари, «Бобурнома»сидан, Авлонийнинг «Алифбосидан», Фитратдан, Беҳбудийдан, Чўлпоннинг «Кеча ва кундузи» ва «халқидан», Қодирийнинг «Ўтган кунлар»идан, Усмон Носирнинг хотиротидан, Ислом Каримовнинг «Келажаги буюк Ўзбекистон»идан, Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим»идан, Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон»идан” ўқидим.

Улар Ватанга берган таърифлар турли-туман, чек-чегараси ва ўхшаши йўқ, шу билан бирга, уларнинг барчаси ҳақ…

Яна айтишдики, «Ватан – ҳеч кимга берилмас маъводир, душманнинг оёғи қирқиладиган табаррук тупроқ. Ватан Она экан, яхшию ёмон боласин тишида тишлаб ўтар экан Ватан. субҳидамда, чол тушда, узун тунда тараладиган Она алласи экан Ватан!»

Ватан – ота юрт, аждодларинг кўмилган қабристон, мунғайган пастаккина томли уй экан… Ота-онанг излари қолган кўчалар, биринчи бор қорни кўрган, ўйноқи қорга ҳайратланиб термилган жойинг экан Ватан. Ватан – биринчи бор баҳорни таниган, илк бор варрак учирган, биринчи марта ҳайитлик олган еринг, биринчи муаллимингни, биринчи муҳаббатингни таниган макон экан – Ватан.

Давом этдиларки, “Ватан ордир, номусдир, қомусдир, шарафдир-шондир. Ватан – опа-сингил, ака-ука, қариндош уруғим… Ватан жигаргўшаларим юрти, отамни, мени ва фарзандимни тебратган бешик, ана шу табаррук бешик излари чизилган замин, ана шу муқаддас бешикнинг ғичирлаган куйи экан – Ватан! Акам билан пойга ўйнаб кирар ҳовли-эшик экан Ватан. Ҳа чиндан ҳам ўхшаши йўқ экан Ватаннинг, илоҳий тушунча экан Ватан. Ватан саждагоҳ экан, онам каби қиблагоҳ, отам каби тоғ экан Ватан.

Мурғак синглимни асраган каби муҳофаза қилинадиган, акамдан ғурурланган сингари ғурурланадиган, укамдан фахрлангандек фахрланадиган, она ва опамнинг ибосидай пок хилқат экан Ватан! Фақат одамларигина эмас, бир сиқим тупроғининг иси ҳам азиз экан Ватаннинг.

Ватан – водий, теп-текис қумликлардан иборат чўлу биёбон – бетакрор манзаралар, боғлар, анҳору сойлар, тўрт фаслининг беқиёс об-ҳавоси билан мўътадил, серқуёш макон экан.

Хуллас, хизматкор ҳам ижодкор ҳам санъаткор ҳам, Ватанни севгисига мушарраф бўлишни ўзига саодат деб биларкан. Берилган барча таърифлар хаёлим қатларида бир-бир гавдаланди, садо бериб изма-из ўта бошлади. Бир неча йиллар давомида тафаккуримда чархланган соддагина ўз таърифим ҳам Ватан борасидаги тавсифларга қўшилиб, онгу-шууримда жуда катта ғалаён қилди.

Ватан нима деган саволимга ниҳоят жавоб топгандай бўлдим! Бундан қувондим.

Бироқ, кўнглим, Ватанга берилган барча таърифларни ҳали тугал эмас, деб қолди. Тугал жавобни топа олмадинг, деб қатъий туриб олди… Ундан қаттиқ ранжидим. Энди кўнглим билан тортишмоқдан ўзга чорам йўқ…

Ҳаёти давомида Ватанни англаш учун кўрган-билганларим, эшитган-ўқиганларим, йиққан маълумотлар, даллилар, улар асосида ёзилган ҳамда уни англаб етиш ва таърифлаш учун сарфлаган меҳнатларим камми дедим?

Албатта кам – деди кўнглим. Ундан баттар ранжидим.

Негаки, мен, юрт тарихини яхши ўзлаштирган, ўзлиги ва айниқса, Ватанини тўла англаган, севадиган, юртининг ҳар бир қарич ерини беш қўлдай биладиган инсон дея ўзимни баҳолаб юргандим.

Лекин, кўнглимнинг эътирози бошимни хам қилди, мени уялтириб қўйди. Ноилож, кейин кўнглимни жеркиб бериб, унинг ўзини саволга тутдим.

– Эй, кўнглим унда ўзинг айт, Ватан нелигин?

У деди: Ватан ҳеч бир таърифга, ҳеч бир ташбеҳга сиғмайди, уни изоҳлаб берадиган тушунча йўқ! Ватан изоҳ доирасида эмас! Ватан бу – менинг мулким, – деди. Сенга ўхшаш, сенданда минг карра улуғ инсонлар ҳам бу заминга келган ва келаверади. Уларнинг сон-саноғи, адоғи йўқ. Улар ҳам Ватанга, яъники менинг мулкимга тугал таъриф топмаган ва топмаслар. Шу асосда сен ҳам асло ранжима! Билгинки, менинг мулким – мендадир, яъни англагинки, шунинг учун унга тугал таъриф фақатгина уни севувчи қалбларда мужассамдир… Тўғрида, ҳар бир инсоннинг қалбида ўз «Ватани» бор…

Бугун ёшим қирқдан ўтиб, Ватанга бўлган муҳаббат аслида ҳар бир шахс – инсоннинг қувончи, унга ҳақиқий рағбат берувчи бебаҳо неъмат эканлигини янада чуқурроқ англаб бораяпман.

Агар санъаткор ўзи куйлаётган сўзларининг маъносини тўла англамай туриб ёки сўзни тўғри талаффуз қилмай Ватан, Ватан деб сохта нола қилса, жаҳлим чиқади. Ватан сўзи муқаддаску, нега тил учида айтасан? Ватанга муҳаббат илоҳийку, нега ноланг қалбдан чиқмайди? Ҳадиси шарифларда келтирилганидек, «Энг кучли муҳаббат яширин муҳаббатдир», «Ватанга муҳаббат иймондандир», шундай экан, ўша муҳаббатни «ёв»лардан яширмай ошкор айтишга жазм этибсан, нега унда иймон билан айтмайсан? Нега қўшиғингда Ватанга бўлган чин ишонч сезилмайди?!

Кўп кузатганимиз – айримлар ўз хизмат ёки лавозим вазифасини адо этаётиб, «Ватан равнақи, юрт фаровонлиги йўлида тинимсиз, кечаю-кундуз ишлаябмиз» деса, бу сўзлар эриш туюлади? Уларга қарата «аслида бу бурчингиз, сизга ишонч билдирган халқ ва Ватан олдидаги хизмат вазифангиз эмасми», дегим келади.

Шунинг учун ҳам ўз манфаатини юрт манфаатидан устун қўядиганларга тоқатим йўқ, ким бўлишидан қатъи назар, билибми ёки билмайми жонажон Ватанимиз шаънига хоҳ ичкаридан, хоҳ ташқаридан бўлсин, салбий сўз айтадиганларни, келтирадиганларни ёхуд ана шундай муҳит яратишга уринаётганларни, халқаро майдонларда унинг номига соя солмоқчи бўлганларни кўргани кўзим йўқ…

Қилаётган эзгу амалларимиз хайр-барокотли, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, кириб келаётган эзгу ва қутлуғ айём – Мустақиллик куни барчамизга муборак бўлсин!

Нуриддин Муродов,

ФИБ Учтепа туманлараро суди судьяси


«Ниятингиз холис бўлса, фикрингиз асосини келтиринг» – Ҳуқуқшунос ижтимоий тармоқдаги «негатив»лар ҳақида

Kun.uz 20:55 / 12.08.2020

Тарозининг ҳам икки томони бор, бир томонига ўз манфаатингиз учун оғирроқ тош қўйсангиз, мувозанат бузилади. Дастлаб кимгадир, сўнгра бутун жамиятга зиён етади. Шу тариқа, жамиятда адолатсизлик юзага келади. Жамият тарозининг оғир томонига қараб оғиб кетиши ҳам мумкин. Ана кейин ҳақиқий фалокат, жамиятни «хаос»га етаклайди.

Кейинги пайтларда, айниқса, ижтимоий тармоқларда ҳаётдан нолиш, нолийвериш, нимаики ислоҳотга қўл урилмасин ҳали ўша ислоҳот бошланмасиданоқ, унга ишончсизлик билдириш, ҳеч бир фуқаролик масъулиятини ҳис қилмай туриб, масалани чуқур англамай, осонгина негатив фикр билдириш ҳолатлари болалаб деймизми, сунъий урчиб деймизми, нима бўлганда ҳам хуллас кўпайиб кетяпти.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» («Ҳужурот» сураси, 6-оят).

Ҳайронман, жамиятда бирор бир мавқега эришмаган, ҳатто ўз яқин атрофдагилардан меҳр кўрмаган, меҳрни виртуал оламдаги «лайк»лар ва «тўғри масала кўтардингиз, буларни танобини тортиб қўйиш керак», «раҳмат сизга», «юрагингиз иккитами дейман… қойил-ей», «сизни қўллаб-қувватлайман» дейиладиган шарҳлар йиғишга «касал» бўлиб қолганлар, диванда ётиб олиб, ижтимоий тармоқдаги каналларида оқибатини ҳам ўйлаб кўрмасдан, ўртага тўла асосланмаган «негатив»ларни ташлаб мазза қиладиганлар фаолияти урфга кириб улгурди.

Бугун ижтимоий тармоқларнинг «пиар» номли тўридаги ўзига ўхшаган тор доирада фикрлайдиганлар билан «ижтимоийлашган», виртуал мулоқот оламининг фаолларимиз дейдиган, бир томонлама дунёқараши шаклланиб бораётган, ўзи қуруқ танқиддан бошқа жамият учун бирор-бир фойдали иш қилмай, сохта (реалликдан анча йироқ) бўлган ўз виртуал оламида «менман» (менинг битта негатив постим бутун муаммони ҳал этади, ўша масалани мен кўтариб чиқдим, мен ҳал қилдим) деган қабилида, аслида масаланинг фақат бир томонинигина кўрадиган, бошқа томонига «тупурган»лар (чунки у томони унга керакмас) сони кўпайиб бормоқда.

Ушбу тоифа масалани реал қўйса, маслакдошлари уни қўлламайди. Маслакдошлар фақат негатив фикрлиларни қўллайди. Шунинг учун ҳам у масаланинг негатив томонига зўр беради, позитив томонига эса тақиқ қўяди (нопозитив) ёки масалани бошқа томони унинг виртуал оламдаги «пиар» имижига салбий таъсир этади…

Яна бир гап, ижтимоий тармоқларда каналлар очиш, аъзоларни кўпайтириш, «виртуал шоу-бизнес» вакилига айланиш, шу орқали даромад манбайига эга бўлиш ёки айрим гуруҳ ва шахслар манфаатида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш – булар бошқа бир алоҳида мавзу бўлиши мумкин…

Бугунги хавотирим эса, бутун дунёда, ҳатто «манаман» деган энг тараққий этган давлатларда ҳам амалда мавжуд ҳамда ечими билан кундалик ва тизимли шуғулланиш лозим масалаларни ҳам ушлаб олиб, «Ўзбекистондаги у раҳбар қаерга қараяпти? Бу раҳбар қаерга қараяпти? Бу ҳукумат ўзи нима қилмоқчи? », «Ким-ким, мендек инсонни ижтимоий тармоқда билдирган мутлақ фикрим жавобсиз қолди», «Қани адолат? Қани демократия, қани инсон ҳуқуқлари?» дейдиганлар вирус сингари урчиб боряпти.

Вирусларни биласиз, аксарият зиён келтирувчилар ҳисобланишади. Лекин, фойдали вируслар ҳам бор. Бизга айни дам офат ёғдирувчи, зарар келтирувчи вируслар ортиқча…

Айтмоқчиманки, ҳаммага кундай равшан бўлган масалани байроқ қилиб олиб, бўлар-бўлмасга ҳадеб нолийверманг…

Бирор масала юзасидан негатив фикр бердингизми, агар ниятингиз холис бўлса, мақсадингиз тоза-пок бўлса, давлат ва жамият, халқ манфаатини устувор билсангиз, фикрингиз асосини келтиринг! Майли у илмий мақола бўлмасин. Бироқ, ҳеч бўлмаса қуруқ гапдан холи, объектив ахборотлар, асослар бўлсин!

Қолаверса, ўзингиз кўтараётган муаммонинг ечимини ҳам таклиф қилинг! Чора-тадбирларини кўрсатинг, балки, давлат идораларига фойдангиз тегар, балки, улар сиз билган нарсани билмас, кўрилаётган масала юзасидан таклиф, дастур ёки бошқа бир ечимни ишлаб чиқишга фақатгина Сиз қодирсиз…

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали ҳукумат ундай қилди, ҳукумат бундай қилди, сиёсий партия тузсам у қиламан, бу қиламан деб аравани қуруқ олиб қочиш ҳам бошланди. Агар мақсад давлат ва жамият манфаатига хизмат қилишдек шаффоф, очиқ бўлса, бу учун сиёсий партия тузмасдан, таклиф йўллаш, фаол фуқаролик позициясини тўғридан тўғри ваколатли органга мурожаат қилиш орқали билдириш ҳам мумкин-ку… Мабодо мақсад ўзгача бўлмаса…

Энди позитив фикр юритишга ва фаол фуқаролик позициясини объектив билдириш учун асослар сифатида кейинги уч йилда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг айримларини келтириб ўтсам:

  • юртимизда сўз ва фикр юритиш ҳамда эътиқод эркинлиги ҳуқуқи амалда таъминланди;
  • диний эътиқод, диний бағрикенглик масаласида 2016 йилдан бошлаб илк бор тақиқланган гуруҳлар аъзолари афв этила бошланди, 20 мингдан ортиқ юртдошларимиз «қора рўйхат»дан чиқарилди, амалда «қора рўйхат» деган тушунча йўқ қилинди. Айниқса, президентнинг БМТда «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси ҳамда «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвецияси»ни қабул қилиш ташаббусини илгари суриб, бунга эришгани бу юртимизда давлат сиёсати негизида инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқлари устиворлигини англатади;
  • болаларнинг мажбурий меҳнатига амалда чек қўйилди;
  • пахта «умуммиллий ҳаракати» ислоҳ этилди. Пахта режаси деган тушунчага барҳам берилиб, меҳнатга яраша тўлов жорий этилди. Ўқитувчи ва соғлиқни сақлаш ходимлари, талабалар ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ходимларининг беминнат хизматларидан фойдаланиш амалиёти деярли тугатилди;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилиниши бекор қилинди, Ўзбекистонда прописка тизими, шубҳасиз, босқичма-босқич барҳам топади;
  • қатор давлатлар билан визасиз тизим жорий этилди ва Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам қатор давлатларда виза тартиби бекор қилинди. Туризм ривожланиш сари қадам ташлади. Туристлар сони тўрт баравар ошди, бу соҳада хизмат кўрсатишнинг комплекс тармоғи шакллана бошлади, соҳада минглаб аҳолига янги иш ўринлари яратилмоқда;
  • Ўзбекистоннинг чет элдаги элчилари фаолиятидан энди чет эллардаги фуқароларимиз кенгроқ бохабар бўла бошлади. Бир сўз билан айтганда, элчиларни халқ таниди, элчиларнинг халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги роли сезиларли оширилди;
  • чегаралар очилди, ташқи сиёсатда яхши қўшничилик – яқин қўшничиликда «янги баҳор» сиёсати ўрнатилди;
  • «ЯИМ 8 фоиз ўсди, бюджет 2 фоиз профицит билан бажарилди», деган ҳисоботлардан воз кечилди;
  • давлат бюджети, ЯИМ таркиби ва харажатлар, валюта ва олтин захирасига оид маълумотлар, давлат ғазнасига оид ҳисоботлар очиқланди;
  • қанчалик мураккаб бўлмасин валютани либераллаштириш сиёсати изчиллик билан олиб борилмоқда;
  • Боботоғда яшаётган пенсионер нафақасини илк марта нақд пулда олди. Энди у туман марказига пул тўлаб транспортда боради, сир эмаски, унгача нақд пул олмагандан кейин яёв юришга ҳам мажбур эди, унгача жойларда транспортларда нақдсиз пул тўлови шаклланмаганди;
  • нақд ва нақдсиз тўлов тафовутлари йўқ қилинди. Энди узоқ туманларда ҳам нақдсиз харид қилган маҳсулотингиз учун ортиқча 20 фоизгача устама тўламайсиз;
  • давлат идоралари фаолияти очиқланди. Давлат идоралари раҳбарлари жамоатчилик олдига чиқиб бемалол гапирадиган бўлди;
  • ортиқча йўл патрул постлари олиб ташланди;
  • коррупцияга қарши курашга алоҳида масъул агентлик ташкил этилди. Бу эса, айни соҳада ҳам ислоҳотлар ортга қайтмаслигидан далолатдир;
  • инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Аввало, қийноқлар тан олинди. Тергов фаолияти ислоҳ этилмоқда. «Жаслиқ» жазони ижро этиш муассасаси фаолияти тугатилди;
  • бугун судларда оқлов ҳукмлари чиқариш одатий ҳолга айланди. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо чораларини тайинлаш сезиларли равишда камайди;
  • судлар мустақиллик сари илк қадамларини ташлашга улгурди;
  • одил ва мустақил судловни таъминлаш, суд ва тергов органларида инсон ҳуқуқларини амалда самарали таъминлаш, ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва адвокатура институтини мавқейини ошириш юзасидан Давлат раҳбари томонидан 16та фармон, қарорлар қабул қилинди. Шу асосида қонунларга тузатишлар киритилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Исбот тариқасида жорий йил 24 июнда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон ҳамда куни кеча имзоланган «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир десак бўлади;
  • тадбиркорларни текширишлар амалда кескин қисқарди;
  • ҳукумат муаммоларни тан олмоқда ва очиқ муносабат билдирмоқда;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар сотувига рухсат берилди;
  • эндиликда хусусийлаштириш натижалари амалда қайта кўриб чиқилмайди;
  • таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги тизимли муаммолар эътироф этилди, тан олинди. Уларнинг ечимига қаратилган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда;
  • олий таълим тизимида квота институтини йўқ қилиш сари ишлар изчил амалга оширилмоқда. Фуқароларимизнинг чет давлат ОТМларидан Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчириш содалаштирилди, ҳатто жорий йил ўқишни кўчиришга ялпи равишда рухсат берилди;
  • мактабгача таълимда қамровни тўла таъминлаш сари амалий ишлар давом эттирилмоқда, хусусий сектор ҳам бунга кенг жалб этилди;
  • ўқитувчилар ойлиги ва мавқейини ошириш сиёсати тизимли давом эттирилмоқда. Ўқитувчиларни бошқа мажбурий меҳнат ва жамоат ишларига жалб қилиш амалиётига деярли чек қўйилди;
  • фидокор меҳнат муҳожирларимиз эндиликда расмий статистикаларда ҳам тан олинди. Уларга муносиб шароит яратиш, уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш бўйича президент фармони имзоланди, бу борада изланишлар олиб борилмоқда;
  • айнан президент халқ қабулхоналари томонидан аҳолининг арзон ва умуман уй-жойга бўлган юқори талаби, камбағал фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ночор аҳволи кўтариб чиқилди. Жойларда тезкорлик билан қулай ипотека шартларида арзон минглаб турар жойлар қурилиб эгаларига берилмоқда. Муҳтожларни текин уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам четда қолмади. Масалан, биргина ўтган 2019 йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида 500дан ортиқ квартира ҳеч бир шартсиз муҳтожларга текинга берилди. Ушбу эзгу иш республика миқёсида давом этмоқда;
  • йиллар давомида йиғилиб қолган ва кўз юмилган аҳолининг ижтимоий (баъзан табиий эҳтиёжига оид муаммолар ҳам) муаммоларини ҳал этиш учун давлат бюджети ва гранд ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан, «Халқимиз бугун яхши яшаши керак» деган тамойил асосида амалда қўрқмай, очиқ-ошкора маблағ ажратиш кенг йўлга қўйилди. Асосини биргина Мўйноқ туманига олиб борилган ичимлик сувида ҳам кўриш мумкин. Ёки Оролни ўрмонзорга айлантириш юзасидан қилинган амалий ташаббус ва амалий иш республика аҳолисини шу ташаббус доирасида бирлаштирган умумҳаракат сифатида акс этганини эслаш кифоя;
  • амалда жамоатчилик назорати учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Жамоатчилик палатаси ташкил этилди, Ёшлар парламенти тузилди, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди;
  • маъмурий ислоҳотлар концепцияси амалга киритилди. Давлат функциялари ННТ ўтказиш ишлари давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. 100дан ортиқ вазифалар ННТларга ўтказилди. Бу жараён давом этади;
  • Парламент ва маҳаллий вакиллик органлари ваколатлари кенгайтирилди. Бу борадаги ислоҳотлар ҳам мантиқий давомлиликка эгадир;
  • «давлат идоралари халққа хизмат қилиши», «инсон манфаатлари устуворлиги» тамойили давлат сиёсатининг бош майдонига олиб чиқилди. Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, Давлат хизматлари агентлиги орқали давлат хизматларини кўрсатиш кенг йўлга қўйилди. Электрон ҳукумат, бюрократиясиз фаолият сари тизимли ишлар қилинмоқда.
  • ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва Миллий армия ислоҳ этилди. Миллий армия рейтинги бир неча бор юқорилади. Мудофаа саноати йўлга қўйилди, бу учун махсус қўмита ташкил этилди. Янги ташкил этилган – Миллий гвардия халқ ичига кира олди;
  • энг асосийси эса, давлат ва ҳукумат ҳар бир мурожаат ва муносабатга имкон қадар эътибор қаратмоқда. Жамоатчиликнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганмоқда ва ҳисоблашмоқда.

Мисол учун, биргина бизнинг йигирмага яқин таклифимиз президентнинг парламентга жорий йилги Мурожаатномасида акс этди ва тегишли давлат дастуридан ўрин эгаллади.

Ҳар қандай хушомаддан холи равишда, объектив ёндашиб, юқоридаги каби ислоҳотлар рўйхатини анча давом эттириш мумкин. Лекин, асл муддао бунда эмас.

Тўғри, ҳаётга татбиқ этиладиган ислоҳотлар ҳар доим ҳам силлиқ кетиб, кутилганидек натижани тақдим қилавермайди. Ислоҳотларнинг 20-30 фоизи кутилган самарани тақдим этмаслиги ёки қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳам айнан шунча фоизи ўз вақтида ижро этилмаслиги ёхуд умуман ижро этилмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Бу жараён ва ҳолат ҳам фалокат эмас, тараққий этган давлатлар тажрибасига таянсак ҳам, бу табиий ҳолат, бекаму-кўст ислоҳотлар жараёнининг ўзи жаҳон тажрибасидаги ноёб ҳолатлардандир.

Шундай экан, кенг қамровли ислоҳотлар жараёни албатта, катта куч, тажриба, фидокорлик (Жанубий Корея фуқаролари каби қимматбаҳо тошларини ҳам давлатни қўллаб-қувватлаш учун топширганини мисол қилмоқчи эмасман), меҳнат, маблағ ва белгиланган вақтни талаб қилишини охир-оқибат тушунишимиз, ё бўлмаса тушуна билишимиз, англаб етишимиз ёки шунга хоҳишимиз бўлиши, буни тан олишимиз муҳимлигини айтмоқчиман, холос.

Илло, юртимиздаги бугунги шиддатли ислоҳотлар пакетларини тан олмаслик, кўриб кўрмасликка олишга ҳеч биримизнинг на маънавий на ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққимиз бор.

Билъакс, бу ислоҳотлар жараёнига фақатгина негатив фикрларга асосланган арзон популизмга муккадан кетиш, фаол фуқаролик позициямиздан, давлат ва жамият, она халқимиз ва жонажон Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздан бироз йироқлаштириши эҳтимолдан холи эмас.

Узоқ изламайлик. Бугун Ғарбни қийнаётган энг асосий икки муаммо: иккинчиси – мигрантлар оқимини тўхтатиш масаласи бўлса, биринчиси – сиёсий (ижтимоий) популизмдир.

Биздаги қанотчаларини ёзиб шаклланаётган шахсий пиар, арзон ижтимоий (сиёсий) популизмни хавфи эса, ўн баробар юқори негаки, бунинг асоси бир томонлама негатив факторлар доирасига таянса, популизмдаги мунозара ва муҳокама жараёнлари фаолиятга эмас кўпроқ шахсларга қаратилиб, маданий аҳамият касб этмаяпти. Тажовузкорлик кайфиятини белгилари сизиб чиқмоқда. Бу эса, нафақат ижтимоийлашув жараёни қоидаларига, балки, жамиятнинг ижтимоий қадриятларига путур етказиши мумкин…

Яна бир гап, ҳадисда келтирилганидек, «Барча амаллар ниятга қараб бўлади». Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта ижобат бўлади. Агар ислоҳотлар жараёнига ўз ҳиссамизни қўшмас эканмиз ҳеч бўлмаса, бу жараёнларда жамият умумкайфиятига салбий таъсир этувчи, асоссиз негативлар ўрнига фойдали иш билан машғул бўлиш хайрлироқдир.

Агар, парламентга Мурожаатномадаги сўзлар билан айтсак, барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.

Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз. Бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари мададкор бўлади.

Нуриддин Муродов, ҳуқуқшунос


https://repost.uz/ 01.02.2021 йил

Судья Учтепинского района заявил о необходимости отмены государственной пошлины в спорах по алиментам

Нуриддин Мурадов отметил, что государственные пошлины будут излишнем бременем для малообеспеченных семей и не только.

Судья Учтепинского межрайонного суда города Ташкента Нуриддин Мурадов считает, что  в большинстве случаев, для лиц, которые и без того зарабатывают мало и не имеют возможности обеспечивать своих детей или родителей, либо тех у кого две семьи, государственная пошлина является излишнем бременем.

Алименты – это принудительная оплата или перевод средств по закону. В случае отсутствия соглашения между родителями о воспитании несовершеннолетних детей, средства, взыскиваемые судом в размере ¼ части ежемесячной заработной платы и (или) других доходов отца/матери на одного ребёнка, 1/3 части на двоих детей, ½ части на троих и более детей.

Статья 64 Конституции Узбекистана обязывает родителей содержать и воспитывать своих детей до совершеннолетия.

Кто обязан выплачивать документы?

  • Родители;
  • Совершеннолетние, здоровые дети, добровольно не выполняющие обязательства по обеспечению.

Кто вправе получать алименты?

  • Несовершеннолетние дети или совершеннолетние нетрудоспособные и нуждающиеся в помощи лица;
  • Пожилые родители, нуждающиеся в содержании.

Кто может подать иск о взыскании алиментов?

  • Родители (муж или жена по отношению друг к другу);
  • Родители (пожилые родители по отношению к детям);
  • Органы опеки и попечительства;
  • Ребёнок, достигший 14 лет.

Алименты взыскиваются на основании решения судов по гражданским делам или судебного приказа.

Известный психолог Масар Ибуки утверждает, что основное воспитание ребёнка закладывается до 3 лет.

Поэтому в нашем законодательстве не напрасно имеются положения о взыскании содержания для матери до достижения ребёнком 3 лет, помимо алиментов в размере ¼ части ежемесячной заработной платы и (или) других доходов отца/матери на одного ребёнка, 1/3 части на двоих детей, ½ части на троих и более детей.

Поскольку, если подумать логически, в большинстве случаев, для лиц, и без того зарабатывающих мало, добровольно не обеспечивающих своих детей или родителей или не имеющих возможности их обеспечивать, либо тех, у кого две семьи, а также другие расходы вместе с алиментами, государственная пошлина является излишним бременем.

Будет лучше, если прибавить эти средства к алиментам, и это будет безвозмездной помощью государства таким семьям. Это предложение также небезосновательно.

Таким образом, можно сказать, что, если не взимать государственную пошлину, это хоть немного облегчит жизнь семьям.

Иногда говорят: «Я нигде не работаю, у меня нет нормального дохода, еле плачу алименты на детей. Правильно ли взыскивать с меня государственную пошлину?». Возможно, в этих претензиях присутствуют доводы, заслуживающие внимания. Если правительство проанализирует этот вопрос, от этого всем будет только польза.

Подводя итог, хотелось бы сказать, что доходная часть бюджета абсолютно не нуждается в средствах, поступающих по вышеуказанным спорам, отметил Нуриддин Мурадов судья Учтепинского межрайонного суда города Ташкента.

Нуриддин Мурадов судья Учтепинского межрайонного суда города Ташкента.


«Суд иши менинг иштирокимсиз кўрилди» ёхуд «Суд почтаси»ни шакллантириш вақти келмадими?..

Uza.Uz

11:10 / 25.01.2021

Одил судловга тарафлар керакми ёки тарафларга одил судлов?!

Биласизки, Фуқаролик ишлари бўйича судларга ҳам икки хил тарзда мурожаат қилиш мумкин:

Оддий – муайян иш билан боғлиқ бўлмаган мурожаатлар, яъни ариза, таклиф, шикоятлар;

Муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган мурожаатлар, яъни ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоятлар.

Албатта, сиртдан кўриб чиқиладиган ишлардан ташқари, даъво ариза ва ариза (алоҳида тоифадаги ишлар) бўйича фуқаролик ишлари қўзғатилар экан, суд мажлиси тарафлар вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши лозим. Бу қонун талабидир.

Бироқ, суд мажлисида тарафлар тўлиқ иштирок этиши учун нима керак? Улар хабардор бўлиши керак. Тарафлар хабардор бўлиши учун нима қилиш керак? Уларни хабардор қилиш керак. Бунинг учун нима керак? Суд мажлиси ҳақида тарафларга хабар берувчи мукаммал тизим ва воситалар керак. Мана гап қаерда…

Ана шундай тизим-воситалардан бири, бу – замонавий почта хизмати. Почта хизмати билан ФИБ судларнинг ҳуқуқий муносабати. Бугун тан олиб айтиш керак, иқтисодий судларда суд чақирувлари ва хабарномаларини почта алоқаси орқали етказиш бир мунча яхши йўлга қўйилган. Балки бу ИИБ судларда иштирокчилар юридик шахслар бўлгани, аксарият ҳолларда уларнинг почта ва юридик манзили аниқлиги учундир.

ЯНА БИР МУҲИМ ЖИҲАТ…

ФИБ судларда ишларни сиртдан кўриш ваколати ҳам борлигини унутмаслик муҳим. Айни ана шу ваколат эса, аҳолининг «суд ишни менинг иштирокимсиз кўрди» деган ҳақли баъзан ҳақсиз эътирозларига сабаб бўлаверади. Афсуски, бу эътироз ҳали-ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Аслида ишни сиртдан кўришнинг нимага ё кимга кераги бор? Ишни сиртдан кўриш шартми? Нега аксарият ривожланган давлатларда иш сиртдан кўрилмайди? Нега мазкур давлатларда бу тушунча – ишни сиртдан кўриш ҳатто уларнинг қонунчилигида ҳам йўқ. Ишни бирйўла кўриб қўя қолса бўлмайдими? Судга бир тараф келмаса-келмабди, уни чақиришга маҳкам ёпишиб олиш шартми?

«Низо қонуний-адолатли ҳал этилса, шуниси муҳим эмасми?» деган мантиққа асосланган ҳақли мушоҳада ҳам бор, бироқ бу яна бир бошқа мавзуга тортадиган каттагина мақола-пост бўлар эҳтимол…

Айни дамда низони тўғри-қонуний ҳал этиш учун эса, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тарафларни хабардор қилиш ва суд ишини уларнинг иштирокида кўриб чиқиш албатта муҳимдир.

Ана шунинг учун ҳам ФИБ судлари жонли судлар дейилади.Чунки ФИБ судларида хулосалар кўпроқ ҳужжатларгагина асосланиб қолинмаслиги, тарафларнинг кўрсатмалари низони тўғри ҳал этишда асосий омиллардан бири бўлиши ҳам мумкин…

Шундай экан, бугун – ХХI асрнинг 21 йилида ФИБ судларида суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тарафларни хабардор қилиш тизими қанчалик талабга жавоб беради? Йўлга қўйилган хабардор қилиш тизими (почта хизмати, телефонаграмма, факсограмма, электрон почтага орқали юбориладиган хабарнома ва ҳоказолар) фаолиятидан аҳоли розими?

Шахсий фикримга кўра, катта ҳарфларда «ЙЎҚ».

Чунки, аксарият фуқаролик судлари ҳали ҳамон почта алоқа хизматлари билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатни лозим даражада йўлга қўймаган.

Ҳудудларни қўйиб турайлик. Пойтахтда ҳам ФИБ судларида буюртма хабарномалар, сифатли почта хизмати, замонавий почта алоқаси рисоладагидек йўлга қўйилган деб бўлмайди.

Демак, суд хабарномалари деярли буюртма почта орқали юборилмайди. Шундай экан, суд хабарномасини тарафларга етиб борган ё йўқлигини ўз вақтида билишнинг имкони 50/50. Буни ё кечикиб биласиз ё тараф судга хабарномани олиб келиб иштирок этганда билиш мумкин. Бу борада муаммо сақланиб қолмоқда…

Хуллас, электрон почта орқали хабарнома юбориш, sms хабар юбориш тизими маромига етгунча, ФИБ судларида суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида зудлик билан қиладиган ишларимиз:

Биринчидан, ҳеч бўлмаса почта алоқа хизматлари билан хабарномаларни тарафларга етказишнинг буюртма шакли ҳақида шартнома асосида фаолиятни йўлга қўйишимиз даркор. Бу ишни кечиктириб бўлмайди;

Иккинчидан, айрим илғор давлатлардаги каби суднинг ўз почтаси «Суд почтаси»ни шакллантириш вақти келди. Суд почтаси тарафларнинг манзилига бориб, «суддан салом келтирди,к низони бирга ечамиз, адолатни бирга юзага чиқарамиз, низонгизни қонуний ҳал этиш учун бир судга ташриф буюринг» десин. Буни «Суд почтаси» электрон шаклда, электрон воситалар орқали айтса ҳам бўлади. Агар тарафларда АКТ воситаларидан кенг фойдаланиш имкони бўлса, улар узоқ масофада бўлсалар, бошқа давлатларда бўлиб турган бўлса…;

Учинчидан, ҳар бир туманлараро судда мурожаатчиларнинг электрон манзил захираси яратилиши ва у почта алоқа бўлимларига иш қўзғатилиши билан юбориладиган ягона интеграциялашган электрон тизим асосида йўлга қўйилиши керак. Хабарномани конвертга солиб, почта бўлимига олиб бориб берадиган тизимдан, дастурий таъминотга асосланган имкон қадар интеграциялашган электрон тизим орқали юбориладиган электрон хабарномалар (видео, аудио, смс ва ҳоказолар) тизимини жорий этиш мумкин. Бу қисқа муддатда қилса бўладиган иш…

Тўртинчидан, фуқаролик низоларини кўриб чиқилишида фаол жалб этиладиган ёки тез-тез судга чақирилиб туриладиган ё суд томонидан ишни мазмунан тўғри ҳал этиш учун яқиндан кўмак берувчи ва уларга жуда кўп талабнома, сўровномалар юборилиб ёхуд хулосалар сўралиб туриладиган давлат ва нодавлат ташкилотлари – масалан: давлат хизматлари агентлиги бўлимлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, адлия органлари, Адвокатлар палатаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, МФЙлари, нотариуслар, ФХДЁ, МИБ, кадастр, миграция хизматлари, ИИВ органлари, ахборот марказлари ва ҳакозоларга электрон суд хабарномалари, суд сўровнома ва талабномалари юборишнинг интеграциялашган тизимини ишлатиб юбориш фойдадан холи эмас;

Энг асосийси – юқори муаммолигича қолиб кетаётган процессуал қонунчиликдан ўз вақтида воз кеча билиш… Яъни, тараф судга келиш керак, улар иштирок этиш керак, бунча муддатда келиши лозим, бўлмаса, судья яна бир марта ишни кейинга қолдириб, 2-3 марта суд мажлисида кўриб юбориши мумкин, судья шундай тарзда ишни кўрмаса, юқори инстанция суди ишни қуйи инстанция суди тўғри ҳал этган-этмаганлигидан қатъи назар, процессуал қонун бузилиш деб баҳолаб, янгидан биринчи инстанция судига қайтаради, каби нормаларни чиқариб ташлаш, «бу борада бизнинг миллий қонунчиликлигимиздек бўлмаса ҳам» лекин нисбатан кўпроқ ютуқларга эришган, мақбул тажриба тўплаган ривожланган давлатларнинг амалиётини кўчириб олсак ҳам, биров бир нарса демайди. Чунки бу одил судлов, халқ манфаатида, инсон ҳуқуқларини кенгроқ таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Биз эса «қонунларимиз, айниқса процессуал қонунчилигимиз мукаммал, уларни концептуал нуқтаи-назардан кўп ҳам ўзгариши мақсадга мувофиқ эмас, керак бўлса, у давлатлар бизнинг қонунчилигимиздан намуна олсин» деб юраверамиз.

Айтмоқчиманки, ФИБ судларида – процессуал қонунчилик – судларда тарафлар иштироки – почта (электрон шакллардаги хабарномалар) – «суд почтаси»ни яратиш бугунги кунда, олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар жараёнида жуда катта бир ўйга толдирадиган масала эмас. Аслида, халқаро жамоатчилик ҳам тан олинаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги бугунги ислоҳотларни ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.

Лекин, унча катта бўлмаган ва самарали «Суд почтаси» тизимини амалга ошира олсак, ишни сиртдан кўришга ҳам ҳожат қолмайди, «одамлар ишни суд менсиз кўрди» ҳам дейишмайди, сиртдан кўрилиб (атай сиртдан кўрилишини кутиб), кейин сиртдан кўрилган қарорга нисбатан арз қилиб, шу суднинг ўзи уни бекор қилиб, 90 фоиздан ортиқ ҳолларда яна ўша ўзи бекор қилган аввалги қарорни қайта чиқариб, вақт ва маблағ кетказишни ҳам олди олинарди.

Балким, ана шунда судлардаги чақирув хатлари, почта хабарномалари, тарафларнинг хабардорлиги, почта харажатлари ҳам алоҳида бир яхлит қонун ҳолига келиб, «Почта харажати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни деб номланиб,«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўхшаб соҳани тартибга солишга хизмат қилар…

Демак, одил судловга тарафлар керакми ёки тарафларга одил судлов?!Аввало, ҳар биримиз ўз ҳуқуқий онгимизда ана шу чегарани аниқлаб олишимиз керак. Ривожланган давлатлар ва ҳуқуқий маданият, ижтимоий ҳуқуқий қарашлар юксакроқ жамиятларда эса,албатта тарафларга одил судлов керак деган тамойил амалда…

Хулоса ўзингиздан!

Нуриддин Муродов,

Тошкент шаҳар, Учтепа туманлараро суди судьяси


Судлар мустақиллиги – уларнинг ОАВ ва блогерлардан ҳам мустақиллигини англатади

UZA.UZ

10:27 / 07.04.2021

Агар суд мажлисига ОАВ вакили ёки блогерлар қонунга мувофиқ тарзда киритилишига рухсат этилмаса, бу суд мустақил эмас ёки суд фаолияти шаффоф ё ошкора ташкил этилмаган, деган хулосани келтириб чиқармаслик керак.

Бу борада билдирилаётган фикрлар албатта, конституциявий ҳуқуқларимиз асосида турлича яъни, фикрлар хилма-хиллиги, плюрализм, шахсий муносабат, ҳар бир кишининг эркин фикрларига таянилган ҳолда билдирилиши таббий ҳолат.

Шу билан бирга, судлар иш юритувидаги муайян ишга аралашиб қўймаслик, бошқача тарзда суд ва судьяларга таъсир ўтказиб қўймаслик ҳам ҳуқуқий демократик, сўз-фикр ва ахборот эркинлигига асосланган жамиятнинг асосий белгиларидан биридир.

Шунинг учун ҳам бу борада имкони борича кенг ва чуқур мушоҳада, объектив фуқаролик позицияси ҳамда энг асосийси қонунлар талабларига риоя қилинган, қонунларни ҳурмат қилган ёки ўша қонунларни бузмасдан, уларни менсиб, тарафкашликка берилмасдан ё бошқа мақсадлар кўзланмаган тарзда билиб-билиб фикр-муносабат, позиция билдирилса, бундан фақат ва фақат жамиятга наф етади.

Тан олиш керакки, бугун олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёни аввало, судлар мустақиллигини тўла таъминлашга қаратилгандир. Илло, бунингсиз инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, унинг манфаатларини тизимли, изчил таъминлаш, айниқса, одил судлов азиз инсон учун деган эзгу тамойилни хаётга бекам-куст тадбиқ этиш мушкул.

Агар суд тўла мустақил бўлмас экан, одил судлов ҳам таъсир остида қолади.

Бугун судларга электрон мурожаат, ариза, даъво ариза билан мурожаат қилиш, ишни видеоконференцалоқа тарзида кўриб чиқишни сўраш мумкин.

Веб-сайтлар орқали судларнинг интерактив хизматларидан фойдаланса бўлади. Телеграм каналлар орқали суд матбуот хизмати билан фаол ҳамкорлик қилса бўлади.

Ҳозир суд қарорларининг ягона электрон баъзаси яратилган. Ҳохлаган низо юзасидан қилинган хулосалар, чиқарилган қарорларни ҳар бир шахс, монеликсиз Олий суд веб-сайти орқали кўриб чиқиши мумкин.Қайси ишлар қачон ва ким томонидан қайси судда кўрилишини билиш ва қизиқиш билдирилса матбуот хизмати орқали олдиндан боғланиш мумкин.

Суд раҳбарияти ва судьялар тинимсиз сайёр қабул, сайёр суд мажлисларини ўтказишмоқда. Судларда очиқ эшиклар куни ўтиб турибди, жойларда суд раислари ва ўринбосарлари брифинглар ўтказишга мажбур, қонунда белгиланган.

Давлат идоралари устидан оддий фуқаро ва тадбиркорлар устидан юритилаётган суд ишлари анча-мунча бўлиб қолди, судлар миллардлаб маблағларни – фуқарога ёки тадбиркорга етказилган зарар (компенцацияни) сифатида давлат ташкилотларидан ундириб бермоқда. Мана куни кеча ҳам Тошкент шаҳар ҳокимиятидан миллиардлаб маблағ ундириш юзасаидан судда хулоса қилинди.

Майли бу кабиларни қўйиб турайлик, лекин, баъзан, ижтимоий тармоқ, вертуал оламда кўп муҳокамаларга сабаб бўладики, у суд мажлисида ОАВ вакили киритилмади, бу судда блогерлар киришига рухсат этилмади…

Албатта, бу эътирозларнинг асосга эга бўлганлари ҳам бор, аммо аксарияти қонуний асосга эга эмас.

Нега? Чунки, бугунги суд кечаги суд эмаслигини барчамиз гувоҳи бўлмоқдамиз. Бунинг исботини, Kun.uz, Uza.uz, Daryo.uz, Qalampir.uz, xabar.uz, Human.uz, gazeta.uz, sof.uz ва бошқа сайтлар томонидан ёритилиб борилаётган суд жараёнлари, суддаги масалалар, шунингдек, бир қатор халқимиз ардоғидаги, биз ҳурмат қиладиган блогерларимиз томонидан турли ижтимоий тармоқларда, жумладан FB, телеграмм каналари ва бошқаларда муҳокама қилиб борилаётган суд ишлари, суд фаолияти, судлар фаолиятига оид танқидий чиқишлар, чиқарилган суд ҳужжатларига нисбатан турли муносабатларда ҳам кўриш мумкин.

Бироқ, кўпчилик эътирозлар асосга эгамаслиги шу билан изоҳланадики, жуда кўп ҳолларда судда айбдор, жабрланувчи ё даъвогар, жавобгар ёки уларнинг яқинлари суд мажлисида ОАВ ва блогерларнинг иштирок этишига розилик бериша вермайди. Ўз эътирозларини билдиришади.

Асоски, процессуал кодексларга ва шу кодекслар асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли қарорида суд процессларини ёритиш тартиби батафсил белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқининг қандай тартибда амалга оширилиши, оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд процесслари иштирок этиши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик  тўғрисидаги кодекслари асосида  белгилаб қўйилган кўпчилик кўп ҳам эътибор бермайдиган нормалар билан белгиланган.

Аммо, лекин, бироқ деганларидек, кўпчилик суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқининг қандай тартибда амалга оширилиши, оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд процесслари иштирок этишини “Судлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунлари нормалари билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаслигига кўз юмади.

Демак, ОАВ ва блогерларни талаби ушбу қонун ҳужжатларига мувофиқ келса, судья – раислик қилувчи уларни суд мажлисларига киришига суд процесси иштирокчиларининг розилиги билан рухсат этади. Акс ҳолда рухсат этмайди. Бу жараёнга аралашишга эса, ҳеч кимни ҳуқуқи ё ваколати йўқ.

Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларига мувофиқ бўлиши ва судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги ҳам лозим.

Якунда айтмоқчиманки, сўз эркинлиги, ахборот олиш кафолатлари ҳудди мустақил одил судлов каби ҳар бир жамиятда таъминланиши зарурдир. Акс ҳолда жамият ривожланишда оқсайди. Зеро, сўз эркинлиги ва мустақил, одил судлов бор жойда албатта тараққиёт бўлади. Буни исботлаш шарт эмас, илғор давлатларнинг тажрибасига бир назар солишнинг ўзи етарли бўлади.

Шунинг учун ҳам ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлат муҳим бир тамойилга таяниб иш кўради, яъни, “Ўз ҳуқуқларингни амалга ошириш чоғида ўзгалар ҳуқуқ ва манфаатига таъсир этма, акс ҳолда “Habeas Corpus…”

Нуриддин Муродов, Судья


Ўзбошимчалик билан иморат қуриш, бу – таваккалчиликнинг энг юқори чўққисими ёки ақлсизлик?!

UZA/UZ 16:18 / 25.12.2020

Халқимизда «пул топибсан-у ақл топмабсан» ёки «пулни топишни эмас, сарфлашни ўрган», «тадбиркор, бу – маблағ топишни билган эмас, уни сарфлашни билгандир», … каби ибратли сўзлар кўп.

Бугун ўзбошимчалик билан иморат қуриш, ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш яхшигина бош оғриққа айланган.

Айтишингиз мумкиндир, «ўзбошимчалик билан ўша қурилмани қуришдан олдин ҳокимиятга мурожаат қилган-ку, ҳокимият билган-ку, лекин мурожаатга ўз вақтида жавоб олмагандан кейин қурадида, нима қилсин ёки бунда коррупция ҳолатлари бор, кимдир тамаъгирлик қилиб ваъда берганки, қургандир, бўлмаса, унинг ҳам калла (ақли)си бор, ўз-ўзидан қурмас», деб…

Бу энди алоҳида мавзу, аммо мазкур мавзуда ўзбошимчалик билан қурилган иморат – ақлсиз сарфланган меҳнат ва ҳавога совурилаётган маблағ ҳамда унинг оқибатлари ҳақида бироз мушоҳада қилиш ўринлироқ.

Аввало, «Ўзбошимчалик билан қурилган иморат», деган иборага аниқлик киритиб олсак:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Ана шу асосларда ҳам судларда бундай даъволар деярли 100 фоизга қаноатлантирилади, яъни ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш ҳақида хулоса қилинади.

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридаги битта туман судида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш ҳақида, мисол тариқасида олайлик, бир ой – ноябрь ойида 9 та иш кўрилган бўлса, ушбу ишлар доирасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси майдони ўртача 1 000 кв/м (эгаллаб олинган ушбу жойлар бўйича киритилган даъволар бўйича уларнинг кичик майдони 12 кв/м бўлса, катта майдони 625 кв/м. ташкил этади.)дан кўпроқ майдонни эгаллагани ҳолда шу майдонда иморат қурилган.

Энди бунга сарф қилинган куч-меҳнат, вақт, асаб, ҳавога совурилган харажат ҳамда мазкур иморатларни бузиб ташлашга қилинадиган харажат-чиқимларни тасаввур қилаверинг… Бир сўз билан айтганда, қонунга амал қилмаслик оқибати дейиш мумкин.

Биз келтирган бу мисоллар албатта, қонуний иморатлар, қонунга мувофиқ давлат ва жамият манфаатлари учун олинадиган кучмас мулк, ер участкаси, «снос»лар ва улар учун зарарни қоплашга доир низоларга тааллуқли эмас.

Энди мақола мавзусидаги шарҳ қисмига ўтамиз:

Давлат эгалигидаги ер майдонида ўзбошимчалик билан иморат қуриш, ер участкасини эгаллаб олишнинг келиб чиқиш сабаблари қуйидагилар:

– Юқори таваккалчилик (риск) – ўзбошимчалик билан қуриладиган иморатга ҳужжат расмийлаштириб олишга бўлган асоссиз ишонч ва ушбу асоссиз ишончни қонун устуворлигидан муҳим деб билиш айрим тоифа аҳоли онгига сингиб қолганлиги ҳамда ер участкасини эгаллаб олишга бўлган хоҳиш-истакнинг ўта кучлилиги;

– Ер участкасига нисбатан рухсат олиш жараёнида, рухсат бериш тартиб-таомилларининг мураккаб жараёни, бу соҳада ҳали-ҳамон бюрократия, сан-салорликнинг сақланиб қолаётганлиги;

– Ер участкасини ажратиш масаласи охир-оқибат якка бир мансабдор ёки комиссия, ишчи гуруҳнинг хулосасига қаттиқ боғланиб қолинганлиги, бу борада қонун устуворлигининг етарлича таъминланмаётганлиги;

– Коррупциявий омиллар, ўзбошимчалик билан иморат қуриб олган шахснинг маълум масъул ёки мансабдорнинг пора олишга ундай билишга бўлган ишонч, маълум масъул ёки мансабдорни манфаат эвазига оғдиришга ишониш аҳолининг айни қатлами онгига сингиб қолганлиги;

– Ер участкаси ажратишнинг лозим даражадаги энг мақбул, замонавий, яхлит тизимининг амалда мавжуд эмаслиги. Ҳатто, ер участкасини электрон савдоларда сотиш тизимига ўтилаётганлиги ҳам кутилган самарани бермаслиги, яъни маблағи бор ва ЭСларда тажриба тўплаган шахс, шахслар гуруҳини бундай савдоларда ғолиб бўлиш эҳтимоли юқорилиги, бунда иқтисодий ва молиявий жиҳатдан эҳтиёжманд қатлам ёки имконияти чекланган кичик тадбиркорнинг ҳуқуқлари эътиборга олинмаганлиги;

– Ер участкаси юртимиздаги энг қиммат товарлардан бири – олди-сотди (ноқонуний бўлсада) объектига, шу олди-сотди жараёнлари эса, қора бозор, даромад манбаи, ноқонуний (яширин) бизнес воситасига айланиб улгурганлиги (чала бўлсада иморат қуриш ва мулк ҳуқуқини олиб сотиш авж олганлиги);

– Ер участкаси борасида ваколатга эга бўлган маҳаллий ҳокимликлар ва ваколатли назорат қилувчи идораларнинг назорат институти етарли самара бермаётганлиги, ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар билан боғлиқ ишларнинг кўришда процессуал қонунчиликка мувофиқ, судларнинг даъво предмети билан чекланиши каби бир қатор омиллардир.
НИМА ҚИЛИШ КEРАК?
Демак, бу борада қатъий қонун нормаларини ўрнатиш ва амалга татбиқ этиш;
Айни қонунларнинг самарали назоратини таъминлаш, ер участкасини реализация қилишда топшириқларга эмас, фақат ва фақат қонун устуворлигига амал қилиш;
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар билан боғлиқ ишларни кўришда судлар ваколатини кенгайтириш, бундай низоларни ҳал этишда судлар роли ва ўрнини ошириш, «охирги сўзни суд айтади» деган тамойилга амалда ўтиш, айни низолар бўйича суд қарорлари ижросини белгиланган муддатда ва сўзсиз ижро этиш;
Ҳудудлардаги тафовутлар ва ўзига хос жиҳатларни инобатга олган ҳолда ер участкаси ажратишнинг илғор, шаффоф ва адолатли ҳамда Парламентнинг норма ижодкорлиги кўзатуви билангина (фақат қонунлар асосида) таъминланадиган тизимини яратиш ва амалда йўлга қўйиш, бу борадаги барча қонун ости ҳужжатларидан воз кечиш;
Давлатнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан жамиятда муросасиз муносабатни шакллантиришга эришиш;
Жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, маҳалалалар, бошқа нодавлат секторларининг назорати институтлари имкониятлари ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазаларидан самарали фойдаланиш даркор.
Ва ниҳоят, мақола номида айтишни мақсад қилганимиз – ушбу масалани ким қандай тушуниши албатта унинг илми, дунёқараши, тарбияланган муҳити, тажрибаси ва ҳоказоларга боғлиқку-я, лекин гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, ўзбошимчалик билан қурилган иморат – ақлсиз сарфланган вақт, куч-меҳнат ва ҳавога совурилаётган маблағ (инвестиция) эканлигини тан ола билишдадир.
ХУЛОСА СИЗДАН…
Яна бир мушоҳадаки, тўғри ва ақл билан сарфланган, сарфланажак вақт, куч-меҳнат ҳамда маблағ (инвестиция) ҳар қандай давлатни юксалтириш йўлидаги асосий омиллардан бири саналади…
Давлатнинг юксалишига беминнат ҳиссани қўшиш эса, ҳар биримизни бурчимиздир.

Нуриддин Муродов


Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг суд раислари ахборотини эшитишининг нафи қандай?

UZA/UZ 19:30 / 18.02.2021

Бу эшитувлар…

А) Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқ эмас;

Б) Нафсиз, натижасиз;

В) Юзаки, расмиятчилик учун;

Г) Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг умумий негизга мос келмайди;

Д) Коррупцияген ҳолатларини келтириб чиқаради;

…Я) Бундай эшитувлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ.

Энди ҳар бир сўзга эмас, ҳар бир ҳарфга жавоб излаймиз…

А) Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқ эмас?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасида, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. 107-модда эса, Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир дейилган.

Демак, сизда Нега Парламент (Олий вакиллик органи)га Олий суд ҳисобдор? Маҳаллий вакиллик органига жойлардаги судлар ахборот бермаслиги керак, деган саволлар бўлиши табиий.

Лекин қуйидагиларга ҳам эътибор қаратиш керак:

Суд ҳокимиятининг олий идораси – Олий суд, суд тизими – суд ҳокимияти номидан Парламент (олий вакиллик органи)га ҳисоб берар экан, Парламент фаолиятини тартибга солувчи коституциявий қонунлар (Конституциявий қонунлар, менимча бармоқ билан санарли эканлигини барчамиз биламиз, шунинг учун ҳам уларнинг юридик кучи оддий қонунларникидан кўп-да)да Парламент, депутатлар сўровлари, эшитув саволлари судларнинг муайян ишларига қаратлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган;

-Ва содда қилиб айтганда Парламент депутатлари профессионал қонун ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланади, бошқа жойда ишламайди… тадбиркорлик қилмайди. Улар судларнинг умумий фаолиятини яхшилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда судлар ўрни ва ролини оширишга хизмат қилувчи норма ижодкорлигини қилади, қонунлар яратади, шу мақсадда Парламентнинг умумий назоратини ҳам ўрнатади.

-Маҳаллий ваккиллик органлари аъзолари эса, бошқа фаолият билан шуғулланади… тадбиркорлик қилади…

-Қолаверса маҳаллий вакиллик органи бошлиғи ҳам ҳозирча ҳокимдир. Шунинг учун ҳам жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбари бошчилик қилаётган вакиллик органига судларнинг ахборот бериши, Конституциядаги қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти – ҳокимият бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши дейиладиган, Шарль Луи де Секонда, барон де Ла-Бред и де Монтескье ғоялари асосида умумэътироф этилган тамойилларга шиксат етказиши мумкин.

Б) Нега самара ва натижасиз?

Жавоб: Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг ўзида суд раисларининг 900 та ахбороти эшитилган. Менимча бугунга қадар бу кўрсаткич, 3000 дан ошди.

Энди очиқчасига айтингчи мазкур эшитувлардан Сиз бирор самарани сездингизми?

Мен бу саволни мақолани ўқиётган юртдошларимизга бераётганим йўқ. Бу савол айнан маҳаллий вакиллик органи аъзоларига берилмоқда. Ҳа, дея олмайсиз. Чунки, мен судья сифатида Сиз каби буни самараси бор деб ўйламайман. Одамлар ҳам катта эҳтимол билан шу фикрда. Баъзилари, бу борада Парламент эшитувини ҳам самарасини сезганимиз йўқку дейишаётгандир балки, лекин унчаликмас, Парламент эшитувини самараси бор албатта. Буни қабул қилинаётган қонунларда кўриш мумкин.

Натижа бермаётганлигини, самарасизлигини сабабларидан асосийси эса, аввало эшитувнинг якуни, натижаси ҳақида қандай чора-тадбир белгиланиши, нима ҳужжат қабул қилинишини қонунда белгиланмаганлигидадир. Бу норма белгиланса мободо… лекин белгилаб бўлмайди, сабабки унда бу ахборот эшитиш эмас, ҳисобот сўраш бўлиб қолади ва бу ўз-ўзидан мақсадга мувофиқ эмас…

Бир оз ҳазил бўлсада, шунинг учун ҳам мен “ўтган давр мобайнида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, қолаверса, суд ҳокимиятининг очиқлиги масаласида ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришилди”, деб айнан “халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиёти”ни ҳеч бир мушоҳада қилмай гапираётган нотиқларни эшитсам, телевизорни бошқа каналга оламан. Тўғрида уларнинг гапи ҳам балки тўғридир…

В). Нега юзаки, расмиятчилик учун?

Жавоб: “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34, 38-моддаларида суди раиси – суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади деб белгилаб қўйилган.

Энди шу нормаларни ҳар ҳудудда ҳар хил тушуниш асосида татбиқ этаётган маҳаллий вакиллик органлари ҳоким бошчилигида, ҳар чорак режа-дастур қилиб, суд раисини эшитади, берадиган саволларнинг эса, 90 фоизи судларнинг муайян ишларига боғлиқ, бундай саволларга суд раҳбарлари ҳам “тўғри, ўринли савол”, бу масалада Сизга алоҳида маълумот тақдим этамиз” дейишдан бошқа иложи йўқ.

Чунки, кўпчилик ХДК аъзоларига нима фарқи бор ахборотми, ҳисоботми ҳаммаси ҳам бир, барибир ўзи хоҳлаган саволни беради. Саволлар судларнинг муайян ишларига оид бўлмасин, йилига камида бир марта, “ҳар чорак” ва Юқори палатага ҳисобот бериш учун хоҳлаган пайт судларни эшитиш мақсадга мувофиқ эмаслиги…, эй буям бир гап бўлар…

Эшитувларнинг юзаки, расмиятчилик учун эканлигининг яна бир сабаби шуки, судлар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар (ҳар бир туман кесимида, иш ва низоларнинг таркиби, статистикаси) Олий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Суд раислари ҳам эшитувларда аксарият ҳолатда шу маълумотларни берадида, ё уларнинг ахбороти бошқачами?

Кейинги сабаб эса, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34 ва 38-моддасида суд раислари – бир ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради деб белгиланган. Демак, аҳоли ҳар ой оладиган ахборотни ХДК аъзолари кейинроқ эшитув жараёнида олса, мантиқ қаерда бу ерда дейманда.

Г). Нега суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг умумий асосларига мос келмайди?

Жавоб: Умуман олганда суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга одамларни ишонтириш аввало судларнинг чинакам мустақиллигига аҳолини ишонтириш билан бошланади. ХДК раислари ким? Ҳокимлар. Ҳокимлар ким? Улар ижроия ҳокимиятининг жойлардаги раҳбарлари. Улар ҳам судларга мурожаат-даъво қиладиларми? Ҳа. М: снос масаласида ва бошқа масалаларда. Бу мурожаатларни ким кўриб чиқади? Судьяларми? Суд раиси ҳам судьями? Ҳа. Мана бу Сизнинг маҳаллий вакиллик органларини Парламент депутатлари, улар фаолиятига солиштирганлигингизга жавоб – Парламент аъзолари судга даъво ариза кирита олмайдилар. Шунинг учун уларнинг бевосита судлар фаолиятига аралашуви йўқ…

ХДК аъзолари – маҳаллий депутатлар ким? Улар бир пайтнинг ўзида тадбиркор, корхона-ташкилот раҳбарлари, шифокор, мураббий, қурувчи ва ҳоказолар. Улар судларга даъво аризалар, аризалар бера оладиларми? Ҳа. Улар берган даъво аризаларни ким кўради? Судьялар. Суд раислари ҳам судьяларми? Ҳа. Бу қайси қонунда ёзилган? “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида. Яшанг! Мана гап қаерда…

Д). Нега коррупцияген ҳолатларини келтириб чиқаради?

Жавоб: мисол учун, Сиз маҳаллий Кенгаш депутатисиз, сизни таниш билишингиз, “балки ўзингиз”, қариндошингиз ёки кўпинча сайловчингиз Сизга мурожаат қилдики, “Депутат ака(опа), “сайловларда кўп ваъда бердингиз, ҳар бир мурожаатларингизга имкон қадар ёрдам бераман дедингиз, мана мени ишим, (ўғлимни, қизимни… ва ҳак) иши судда бир ёрдам қилинг”.

Сиз нима қиласиз, судьяни қабулига муайян иш билан бора олмайсиз. Мумкин эмас, энди ўша “эшитув”да ҳеч бўлмаганда шу масалани бир кўтариб кўрасиз-да, “Аввало узр сўрайман, ўзимни муаммом эмас сайловчиларники… Ҳурматли суд раиси шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз?” Саволни қаранг шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз. Раислар ҳам нима дейди. “А энди бу муайян иш бўйича экан мен ёзиб олдим, қонун асосида кўриб чиқилади, сизга қўшимча ахборот берилади”…

Табиийки, Сиз бу жавобдан қониқмайсиз. Чунки, Сизни бу жавобингиздан сайловчи қониқмайди… Сиз эса, сайловчига амалий ёрдам беришни сўрайсиз, суд раиси қонундан чиқишни истамайди. Сиз, буни сайловчига тушунтира олмайсиз, ана шундан бошланади… денг манфаатлар тўқнашинуви деган энг чатоқ коррупцияген ҳолатлар. Кейин суд раиси депутатлар олдида ахборот беришда сер мулозамат бўла бошлайди, акси бўлса, депутатлар кераксиз савол беради, ахборотингиздан қониқмадик дейди… ва бошқа нозик, сезилар-сезилмас амалиёт шакллана боради.

Бундай жараёнлар, расмиятчиликда яширинган бюракратия, ваколат ва мартабадан фойдаланиш, гуруҳбозлик, манфаатлар тўқнашинуви деган салбий иборалардан фойдаланишимизга асос яратиб бораверади… Бу эса, аҳоли ишончига акс таъсир этади. Буниси эса, ортиқча…

…Я) Нега Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг суд раислари ахборотини эшитувларидан воз кечиш мақсадга мувофиқ?

Жавобни: қисқача қилиб, А), Б), В), Г), Д) да кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилдим.

Фақат бир қўшимча мулоҳазамки, мавлоно Ж.Румий ҳазратлари таъкидларидек, “Сўз (гап) кўпайиб боргани сайин, сўздан маъно чекинади, мақсад узоқлашиб боради”. Бундан хулосани, фикрни ўзингиз, ўз қаришингиз асосида қилаверинг?

Муддао эса, самарасиз ва жамиятга нафи “0”га тенг, зиёни сезилар-сезилмас ортиб бораверадиган, худди кераксиз ҳамда натижа бермайдиган ортиқча тадбир, йиғилиш каби бир расмиятчилик бўлган бу – эшитувдан воз кечиш ҳайрлироқлиги ҳақида фикр билдириш эди холос!

Нуриддин Муродов,

ФИБ Тошкент шаҳар

Учтепа туманлараро суди судьяси


«Чириган ақидалар» ортидаги низолар: қиз болани мустақил ҳаётга тайёрламай узатамиз, бечора эрнинг эса турар жойи йўқ…

 

UZA/UZ

1704

11:31 / 15.03.2021

Нотинч бўлган, ажрим ёқасига келиб қолган, умуман шунга ўхшаш носоғлом оилалар (уй-жойлар)дан мажбур бўлиб чиқиб кетган ёки чиқариб юборилган ё аразлаб кетиб, сўнг қайтиб келолмаган, қайтиб келса, келин бўлиб тушган уйига киритилмаган аёллар ҳақида албатта кўпчилик эшитган.

Чунки, улар ҳам кимнингдир синглиси-опаси, қариндоши, қўшниси, синфдоши, касбдоши умуман олганда, таниш-билиши, қисқаси улар ҳам бегона эмас – юртдошларимиздир.

Биз буни пинагимизни ҳам бузмай, «ҳа оиласи бузилиб келибди, энди болалари билан қаерга сиғади, уларни ким боқади?» деймиз. Агар шундай деб ғийбат қилмасак, албатта…

Хом ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳри ва республика вилоятларининг марказий шаҳарларида ана шундай аёлларнинг фақатгина 3 % фоизига яқини, қишлоқ туманларида эса 0,5 % фоизи болалари билан бирга келин бўлиб тушган уйига киритиб қўйиш ҳақида судларга даъво қилади.

Умумий ҳолатда оила-никоҳ низоларида кучли биринчиликни алиментга оид даъволар, иккинчи ўринни никоҳдан ажратишга оид низолар эгалласа, топ учталикни юқорида баён этилган болалари билан бирга уйга киритиб қўйиш ҳақидаги даъволар якунлаб беради.

Шунингдек, бундай даъволарга қарши даъволар ёки уларни уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уларни ушбу уйлардан кўчириб юбориш тўғрисида даъволар эгаллайди.

ТАСАВВУР ҚИЛГАНМИСИЗ?

Норасида болалари билан борадиган, яшайдиган уй-жойи ва имконияти йўқ аёлларни, чорасизликдан ўша нотинч оилага (уй-жойга) бўлса ҳам киритиб қўйиш учун судда жон ҳолатда тортишаётган, ўз ҳуқуқларини талаб қилаётган аёлларни ҳамда уни ва болаларини уйга киритмаслик учун ҳар қандай чорани кўришга тайёр эр, қайнона-қайнота, қайинсингил-қайинопа, қайинака-қайинукаларни ҳеч тасаввур қилганмисиз?

Қолаверса, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини таҳлил қилсак, бунга асосий омиллардан рашк мотивидан кейинги ўринни уй-жойи ва борадиган жойи бўлмаган вазиятдаги аёллар ташкил этади.

Илғор давлатларда эса, ёшлар ота-онасининг орзу-ниятлари асосида тезроқ оила қуришга эмас, вояга етибоқ катта ва мустақил ҳаётни ўрганишга, бировнинг кўмагисиз яшашга, ҳеч бўлмаса шунга ўзини тайёрлашга уринишади.

Никоҳдан ажраган ёки ажрашаётган ёш аёлларнинг вояга етмаган болалари билан бирга уйга киритиб қўйиш ҳақида судга бераётган даъволарнинг асослари, уларнинг келиб чиқиш сабаб-омиллари ва бу каби низоларнинг олдини олиш юзасидан бир-икки таклифларни ўртага ташласак, фойдадан ҳоли ёки ёмон бўлмайди.

УЙГА КИРИТИБ ҚЎЙИШ ҲАҚИДА СУДГА БЕРИЛАЁТГАН ДАЪВОЛАРНИНГ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси «Уй-жой кодекси»нинг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Демак, қисқа ва содда қилиб айтганда, хотин уйга киритиб қўйишни сўраши учун ўша низоли уй эр-хотиннинг биргаликдаги мулки, яъни никоҳлари даврида олинган бўлиши ёки уй, квартира мулкдорининг оила аъзоси, шунингдек у билан доимий яшаётган ё шу уйдан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлиши керак.

УЙГА КИРИТИБ ҚЎЙИШ ҲАҚИДА НИЗОЛАРНИНГ КЕЛИБ-ЧИҚИШ САБАБ-ОМИЛЛАРИ

Никоҳдан ажрашиш ва аёлни фарзандлари билан бирга ота уйига кузатиб қўйиш, агар ота уйи бўлса ёки у уйга сиғса, туғилиб ўсган ўз уйига ҳам сиғмагандан кейин судга даъво киритиши табиий, бошқа чораси ҳам йўқ.

Агар аввал бошдан никоҳдан ўтувчиларнинг жуда катта қисмини ўз мол-мулкига (кўчмас) ёки уй-жойга эга эмаслигини тан олсак, бир ҳақиқат аён бўладики, кўпгина оилалар яхши бўлиб кетар деган ўйда, яхши ниятлар асосида қурилади ёки опа-сингилларимизни ҳаётга ўзимиз таваккал кузатамиз.

Хуллас, оиласи бузилиши ва қайтиб келиши мумкин бўлган вазиятларни ҳисобга олмай, бундай ҳолатларда лозим тайёргарлик, шарт- шароитларни яратиб қўймай ё уларни уйсиз қолган вазиятда яшаши учун муқобил турар жой йўқлигини билсак ҳам, яхши ниятда шоша-пиша, мустақил ҳаётга тайёргаликни яратмай, тезроқ узатишим керак, деган қотиб қолган, чириган ақидалар асосида, кўп ҳам бош қотиришни ёқтирмайдиган миямиздаги ана шундай»доминант» фикрда уларни ўзимиз узатиб юборамиз.

Оила бошлиғи, яъни, бечора эрнинг эса, ўз хотини ва болалари билан бир оила бўлиб яшаши учун шахсий ёки доимий яшаши учун турар жойи йўқ. Унинг ўзи ҳам ота-онаси ва ака-ука, опа-сингиллари томонга ўтиб, хотин ва вояга етмаган болаларни уйдан ҳайдашга мажбур. Чунки, у оила яшаётган турар жой эрнинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошларига тегишли. Хотин (келин)нинг уйдан чиқарилиб юборилишига ҳам айнан мана шу низоли уй-жой бу оиланинг ўзига тегишли бўлмагани асосий омиллардан биридир.

ЧОРА-ТАДБИРЛАР…

Уйга киритиб қўйиш ҳақида низоларни камайтириш учун қуйидаги чора-тадбирларни кўриш муҳим:

Ўзбекистон республикаси «Оила кодекси»да белгилаб қўйилган никоҳ шартномаси ҳуқуқидан кенгроқ фойдаланиш, бизнинг қонунчиликдаги никоҳ шартномамиз шундоқ ҳам кўп масалани қамраб олмайди, фақатгина, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви ҳисобланади. Яъни агар амал қилинса, аёл болалари билан кўчада қолмаслиги мумкин.

Айни пайтда бозор иқтисодиёти қоидалари амал қилаётган бошқа жамиятлар каби, юртимизда умрбод, доимий, эгаликка бериладиган ижтимоий уйлар ва ижара уйларни кўпайтириш, бу борада ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан давлатнинг илмий ва ҳаётий тажрибага асосланган Дастурини йўлга қўйиш долзарб вазифалигича қолмоқда.

Албатта бу борада давлатимиз раҳбари жорий йил 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача – жами 6,5 мингта оилага кредит берилади.

Оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилиши ҳақида кўрсатма берилди ва шу мақсадда ҳар бир ҳудудга хусусиятидан келиб чиқиб, 10 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Ёш оилалар ва муҳтож аёллар учун ижтимоий уй-жойлар ва ижтимоий ижара уй-жойлар қуришни кўпайтириш бўйича, қурилаётган уй-жойлар таннархини кескин туширишга кўрсатма берилди.

Кейинги ўта долзарб масала эса, энди бу борада қарашларни ўзгартиш вақти келди. Хусусий мулк, кўчмас мулк, оила мулки, бозор иқтисодиёти шароити нималигини англаб етиш, барча шароитни давлат яратиб беради, кўп бўлмаса, қарз-кредит олармиз, аввал орзу-ниятларни қилиб олайлик, қиз узатайлик, ўғил уйлайлик, шулардан қутилайлик қолгани бир гап булар деган эскича ва ночор фикрдан воз кечиш даркор.

Фарзандларни мустақил ҳаётга тайёрлаш устида улар жуда ёшлигидан бошлаб бош қотириш, шунга ҳаракат қилиш, чойхона, гап-гаштак, катта-катта тўй-тантана фақатгина шу мақсад учун маблағ тўплаш сарфлаш каби ҳали жуда кўплаб сақланиб қолаётган, имконимиз ҳар доим кўтармайдиган (шароити борлар бундан мустасно улар ўзлари билади, барча шароитни ҳозирлаб қўйган, ҳаётда ўз ўрнини топиб қўйган бўлса), гўёки, бизни ижтимоий иллатимиз (норасмий мажбуриятимиз)га айланиб қолган кераксиз вақт ва ҳавога соврилаётган маблағ каби сарфлаётган одатларимиздан қутилишни тезлатишимиз лозим.

Хуллас оила-никоҳ, фарзандларимизга муносиб ҳаёт, шарт-шароит, мулк ҳозирлаш, ҳеч бўлмаса уларнинг ўзларини шунга ўргатиш тизимли эътибор бериш, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш тадбиркор, тадбирли, ишбилармон, илмли қилишга бор имкониятни ва диққат-эътиборни қаратиш, бу – баландпарвоз гаплар эмас, буни амалга оширишимиз керак.

Агар-ки, умримизни кам вақти, маблағ ва имкониятларини бу йўлда сарфлар эканмиз, қизларимиз, опа-сингилларимиз суд остонасига «уйга киритиб қўйиш ҳақида» даъво билан келаверади… Бу эса бизнинг халқимизга хос эмас.

Айтганча, яна бир гап, биз Иккинчи жаҳон уруши даврида миллионлаб болаларни бағрига олиб, ўз уйидан жой, меҳр берган буюк инсоний фазилатлар соҳиблари бўлган аждодларнинг авлодларимиз.

Бугун эса ўз ўғлининг фарзандлари, невараси, жияни, яқинлари норасидаларни келинига қўшиб уйдан чиқариб юбориш учун судга даъво киритиб, низо кўтармоқдамиз…

Албатта бунда келин-аёл томонини ҳам қўлламоқчи эмасман, асосий масала оилаларни пароканда бўлишга қўйиб бераётган, уларнинг ҳаётига ортиқча аралашиб, ижтимоий амбициясини босиб олмаётган катталармиз…

Хулоса ҳар биримиздан!

Нуриддин Муродов

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!