«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-17T19:36:10+05:0017 Aprel, 2021|Матбуот|

Хонбиби МАХАМОВАнинг ижодий ишлари

 

ДОЦЕНТ ТАЛАБАДАН 100 АҚШ ДОЛЛАРИ СЎРАБ, ҚАНЧА ЖАРИМА ТЎЛАЙДИГАН БЎЛДИ?

Файзулла Аъзамов маълумоти олий, оилали, бир нафар фарзанди бор. У 1989 йилдан буён Бухоро муҳандислик технологиялар институтига ишга кириб, 2014 йил сентябрь ойидан буён “Кимёвий технология” кафедрасида техника фанлари номзоди доцент вазифасида ишлаб келади.

Хизмат вазифаларига талабаларга дарс бериш, институт ректорати томонидан берилган топшириқ, буйруқларни бажариш ва бошқалар киради.

2018-2019 йилги ўқув йили учун институт ректори буйруғи асосида 7 нафар талабаларнинг диплом ишига раҳбар этиб тайинланди.

2018-2019 ўқув йилида “Кимёвий ва озиқ-овқат технологияси” факультетининг кундузги бўлимида кимёвий технология йўналишлари бўйича грант ва шартнома асосида таълим олаётган битирувчи 4-босқич талабаси Саттор Султонов ҳам бор эди.

У талаба С.Султоновга битирув малакавий иш раҳбари сифатида бириктирилди.

Битирув малкавий иши 7 қисмдан иборат бўлиб,  битирув малакавий иши бўйича у талабага маслаҳат бериши, йўл-йўриқ кўрсатишини, жумладан талаба С.Султоновнинг битирув малакавий ишига маслаҳатчи сифатида ёрдам бериши лозим эди.

С.Султонов Бухоро муҳандислик-технология институтининг “Кимёвий технология” йўналишига 2015 йил ўқишга кириб, 4-курсда у ўзи битирув малакавий ишини “Аммиакли селитра ишлаб чиқаришда буғлатиш қурилмасини лойиҳалаш” мавзусида маълумотларни йиғиб, мустақил равишда тайёрланди.

Иш учун зарур бўлган адабиётларни ўқиди.  Мавзуни ҳам бемалол гапириб бера оладиган бўлди.

Битирув малакавий ишида ўқитувчи Файзулла Аъзамов унга ёрдам бермади. Ишнинг чизмаларини ҳам ўзи чизди.

Ўқитувчи Ф.Аъзамовнинг олдига боришидан олдин битирув малакавий иши деярли тайёр бўлди.

Ишнинг ҳар бир варағига, жумладан чизмаларига ҳам ўқитувчи имзо қўйиши керак эди. Шунинг учун  ўқитувчи Ф.Аъзамов битирув малакавий иш раҳбари сифатида ишга имзо қўйиб беришини илтмос қилди.

Чунки ўқитувчи имзо қўймаса, талаба ишни ҳимоя қилиш учун кира олмаслигини яхши биларди.

Дастлаб ўқитувчи имзо қўйиши учун ундан 1.000.000 сўм пул сўради.

“Илтимос, домла, мени қийнаманг. Мен ҳаммасини ўқиганман, ҳаммасини биламан. Ўқишдан кейин ишлайман. Пулим кам, шароитим оғир. Шунинг учун ҳадеб «у-бу маълумот кам”, деб қайтарманг”, деди Саттор ўқитувчисига.

“Бўпти, ҳадеб нолийверма. Ҳеч бўлмаса 100 АҚШ доллари берарсиз!”, деди ундан норози бўлиб домла.

“Хўп, топиб келишга ҳаракат қиламан”, деди талаба ҳам норози оҳангда.

Аслида Ф.Аъзамовдай ўқитувчилар институтда ўқийдиган талабалар учун тўсиқ эди.

Саттор сўраб суриштириб, бундай ҳолатлар билан Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими шуғулланишини эшитиб қолди.

Дарҳол ўқитувчиси Ф.Аъзамовнинг ноқонуний ҳаракатларидан норози бўлиб, ариза ёзди.

У ерда унга ўқитувчи Ф.Аъзамовнинг ҳаракатларини фош қилиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилиши, у тадбирда амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатларни тушунтиришди.

Ф.Аъзамовнинг ноқонуний ҳаракатларини фош этиш учун 850.000 сўм пулларга кимёвий ишлов берилиб, унга тақдим қилишди.

2019 йил 17 июнь куни соат тахминан 16:10 ларда Бухоро муҳандислик – технология институтининг 3-корпус 3-қаватида жойлашган хизмат хонасида Ф.Аъзамов талабаси Саттор Султоновдан пулни олгачгина битирув малакавий ишнинг тақризларига имзо қўйиб берди.

Кейин ўқитувчи Ф.Аъзамов Департамент ходимлари томонидан ушланди.

У талаба С.Султоновга битирув малакавий ишни тайёрлашга ёрдам берганлиги эвазига 850.000 сўм пул сўраб олганлигини тан олди. Пулни ўз эҳтиёжи учун сўраганлигини ҳам таъкидлади. У битирув малакавий иши ички ва ташқи тақриздан иборат эканлигини, у малакавий иш раҳбари сифатида ички тақризга имзо қўйиб берганлигини, ишнинг ташқи тақризига имзо қўймаганлигини, бу унинг ваколатига кирмаслигини ҳам айтиб ўтди.

Битирув малакавий ишини давлат аттестацияси комиссиясида ҳимоя қилишини, у иш раҳбари сифатида битирув малакавий ишга имзо қўйиб бериши шарт эканлигини, агар у имзо қўймаса, талаба ишни ҳимоя қилиш учун комиссияга кира олмаслигини, лекин у мазкур комиссия аъзоси эмаслигини, у қилган меҳнати ва ёрдами эвазига талаба С.Султоновдан 850.000 сўм пул олганлигини, бу ҳақда кафедра мудири ёки бошқа бирор кишига айтмаганлигини, пул бериш ҳақида талаба С.Султоновнинг ўзи унга айтганлигини, “ёрдам қилинг” деб илтимос қилганлигини таъкидлади.

Ўқитувчи қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Рустам Алибеков 2017 йил сентябрь ойидан буён Бухоро муҳандислик технология институти “Кимё ва озиқ-овқат технологиялар” факультети декани лавозимида ишлаб келяпти.

Унинг хизмат вазифаларига факультетни бошқариш, ўқув жараёнини назорат қилиш, талабаларни ўзлаштиришларини ва тартиб интизомларини назорат қилиш, илмий, маърифий ишларга раҳбарлик қилиш ва бошқалар киришини яхши билади. Ўқув йили бошланишида битираётган талабаларнинг битирув малакавий ишини кафедра ўқитувчиларига рўйхат асосида тақсимланиб, билдирги орқали ректорга киритилгач, бу ҳақда ректорнинг буйруғи чиқарилди. Битирув малакавий иш мавзулари кафедрада ишлаб чиқилиб, битирув малакавий ишларни бажариш тўғрисидаги Низомга асосан ҳар бир ўқитувчига 7 нафаргача талабалар битирув малакавий иши раҳбарлиги бириктирилди. Талаба малакавий иш раҳбари билан биргаликда тайёрланишини, малакавий иш раҳбари талабага йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беришини, битирув малакавий иши уч қисмдан ташкил топишини, биринчи асосий қисм, иккинчиси технология қисми, учинчиси эса ҳаёт фаолияти хавфсизлиги қисми эканлигини, биринчи ва иккинчи қисмларга талаба, малакавий иш раҳбари, кафедра мудири имзо қўйишини, учинчи ҳаёт хавфсизлиги қисмига эса ҳаёт хавфсизлиги кафедраси ўқитувчиси имзо қўйишини, талаба режада кўрсатилган барча топшириқларни бажаргач, диплом ишига уч киши, яъни талаба, малакавий иш раҳбари, кафедра мудири ва ҳаёт хавфсизлиги кафедраси ўқитувчи имзо қўйишини, улар имзо қўйгач, битирувчи талаба факультет деканига битирув малкавий ишни топширишини таъкидлади.

У декан сифатида малакавий ишни имзолаб, фармойиш чиқаришини, шундан сўнг битирувчи талаба давлат аттестация комиссиясида битирув малакавий ишини ҳимоя қилишини айтиб ўтди.

Кафедра доценти Файзулла Аъзамов ректор буйруғи билан битирувчи талабалар етти нафар талабанинг битирув малакавий ишларига раҳбар сифатида бириктирилди.

Файзулла Аъзамов аслида малакавий иш раҳбари сифатида тайёрланган диплом ишларни кўриб чиқиб, камчиликларини бартараф этиб, керакли маслаҳатларни бериб, имзолаб бериши лозим эди.

Декан доцент Файзулла битирувчи талаба С.Султоновдан пул олганлиги ҳақида умуман хабари бўлмаган. Бу ҳақда кейинчалик институтда бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинганда билганлигини ҳам таъкидлади.

Ф. Аъзамов ўзига бириктирилган талабага битирув малакавий ишига ёрдам бериб, қилган хизмати учун пул олганлиги нотўғри эканлигини, ўқитувчи талабадан пул олиши кераклиги бирор бир йўриқномада кўрсатилмаганлигини, институтда ўқитувчиларга йиллик юкламаси юритилишини, мазкур юкламада ўқитувчиларга битирув малакавий иш учун ҳам иш соатлари ёзилишини, бириктирилган 7 нафар битирувчи талаба учун ўқитувчига 28 иш соати ёзилишини, мазкур иш соатлари ўқитувчининг ойлик маошига қўшиб берилишини, унга талаба С.Султонов доцент Ф.Аъзамов ёки бошқа бирор ўқитувчининг ҳаракатларидан норози бўлиб, мурожаат қилмаганлигини айтди.

Суд Файзулла Аъзамовнинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “в” бандидан Жиноят кодекси 214-моддаси 2-қисмининг “б” бандига қайта квалификация қилиб,  Жиноят кодекси
214-моддаси 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топди.

Файзулла Аъзамов Жиноят кодекси
214-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 (бир) йил муддатга педагогик фаолият ҳамда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида 10.136.500 (ўн миллион бир юз ўттиз олти минг беш юз) сўм жарима жазоси тайинланди.

(Мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган).

Жасурбек ҲОШИМОВ, Бош прокуратуранинг бошқарма прокурори

Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист

“ЗЎР ТАСВИР” газетаси, 2020 йил 9 апрель


ЖИҲОДЧИЛАРНИ ЯШИРГАН  ЖИНОЯТЧИЛАР

Тошкент шаҳрида яшайдиган айрим кимсалар бировларнинг алдовларига учиб Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида яшашмоқда. Улар динни ниқоб қилиб олган ақидапараст худбин кимсаларнинг алдовларига учиб разолат қурбонига айланишган.  Мағфират, Имомиддин ва Сабоҳат шундайлар сирасидандир.

Бу кимсалар Истанбулда яширин равишда фаолият олиб бораётган “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотининг аъзосидир.

Уларга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ТБ томонидан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирув эълон қилинган. Бу ҳақда уларнинг барча қариндош-уруғлари билишади. Чунки уларни огоҳлантиришган. Қариндошлари улар ҳақида бирон гап эшитишса,ёки улар қўнғироқ қилишса бу ҳақда дарҳол керакли жойга хабар беришлари лозим эди.

Бурҳониддин қидирувда бўлган, турмушга чиқиб фарзандсизлик туфайли ажрашиб қайтган, Мағфиратнинг синглиси Муҳаррамга уйланганди.

Кунларнинг бирида турмуш ўртоғи унга деди:

Опам Мағфират ҳозир Туркияда. У исломий таълим оламан деб бошқа йўлни танлаб адашди. Бу йўлдан ҳаттоки ота-онам ҳам қайтаролмади. Ойим унинг кўнглига қараб алоҳида уй олиб бериб хато қилди. Чунки опам назоратсиз қолди. Тушкунликка тушган опамни айёр кимсалар “Диний таълимни бепул ўргатамиз” дея аврашди. Унинг онгини заҳарлашди. Оқибатда ўша кимсаларга қўшилиб Туркияга чиқиб кетди. Энди бўлса ёш жонига қасд қилиб “Жиҳод” қилиш учун Сурия давлатига чиқиб кетмоқчи. Эҳтимол унинг ёнига бориб бу фикридан қайтарармиз. Агар опам бу йўлдан қайтмаса, унинг Чилонзор туманидаги 2 хонали уйини сотиш ҳуқуқини қўлга киритиш керак. Шунинг учун Туркияга опамни ёнига бориб, ишончнома расмийлаштириб келамиз. Чунки опам энди Тошкентга сираям қайтмаса керак.

Аёлининг бу таклифи Бурҳониддинга ҳам ёқиб тушди.Чунки неча йиллардан буён 2 хонали уйини 3 хонали қилишни орзу қилади. Аммо топгани рўзғоридан ортмаётганди.

Шунинг учун у тижорат қилишга йиғиб қўйган 2.000 АҚШ долларини олиб, тезда Туркияга авиа чипта сотиб олди. Сўнгра турмуш ўртоғи билан биргаликда Истамбулга учишди. У ердан Мағфиратга қўнғироқ қилишиб, айтилган манзил бўйича қайнопаси яшаётган уйга етиб боришди.

Қора рангда ҳижоб кийган, юзлари юпқа мато билан ёпилган Мағфират ва у билан биргаликда шу ҳовлида яшаётган қидирувдаги Сабоҳат ҳамда унинг турмуш ўртоғи Имомиддин уларни яхши кутиб олишди. Тошкентдан борган меҳмонларни иззат икром қилишди.

Сўнгра гап орасида уларга Сурия давлатига “жиҳод” қилиш учун тез орада чиқиб кетмоқчи эканликларини хурсандчилик билан айтишди.

Мана, телефонимдаги суратларни кўринг, деди Имомиддин Бурҳониддинга. Ўғлим Муҳиддинали 17 ёшга кирди. Уни Сурияга юборганмиз. Елкасига автомат осиб тушган йигит бизнинг мард, жасур ўғлимиз бўлади. У Сурия майдонларида жиҳод ҳаракатларида қатнашаяпти. У ўша ерда ўлса тўғри жаннатга тушади. Ҳақиқий эркак жиҳод қилиши шарт!

У ердагилар эру хотинга ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик мақомига эришиш ҳақида кўп ва хўп маърузалар қилишди.

Ҳар бир мусулмон киши ислом динини дунёга ёйиш йўлида бошқа мусулмон диёрларига ҳижрат қилиши, ислом динининг душманлари бўлган кофирларга карши жиҳод қилиши, бунинг учун эса жиҳодий амаллар олиб борилаётган юртларга бориб, у ердаги мужоҳид биродарларга қўшилиш, кофирларга қарши жиҳод амалларида қатнашиб шаҳид бўлиш лозим, деди Имомиддин Бурҳониддинга қараб. Сўнг яна сўзида давом этди: Ҳар бир шаҳид кетган мусулмон банда охиратда жаннатда бўлади. Худо хоҳласа, ер юзидаги кофирларни ўлдириб, халифалик давлатини қурамиз!

Бошқа хонада эса Мағфират синглисини ҳам жиҳод қилишга ундарди:

Анави эру хотинлар болалари билан биргаликда Ўзбекистондан “ҳижрат” қилиб Сурияга чиқишни ўз олдиларига мақсад қилиб олишган. Улар Сурияда у ерда қурилаётган ислом давлатига бориб “жиҳод” урушларида қатнашишиб, шаҳид бўлиб, жаннатга тушишмоқчи. У ерда бизларни худо йўлига шаҳидликка тайёрлашади. Исломни тан олмайдиган кофирларга қарши жиҳод қилиш бўйича амалий машғулот ўтказишмоқчи. Унда кофирларни ўлдиришга мўлжалланган портлатиш воситалари билан яқиндан таништиришар экан. Оллоҳ йўлида шаҳид кетишлик мўмин мусулмон учун шарафдир. Чунки уларга жаннатдан жой насиб қилади. Бунинг учун биз сабрли ва матонатли бўлишимиз керак. Ўзимизни ислом лашкаридек тутишимиз лозим. Ислом йўлида керак бўлса ота-онангдан ҳам воз кечасан! Чунки сени яккаю ягона Оллоҳ яратган! Мен ҳам Сурия давлатига ҳижрат қилиб чиқиб кетмоқчиман. У ерда шаҳид бўлиб жаннатга тушаман. Сен ҳам мен билан юр, ҳижрат қил! Қачонгача кофир бўлиб юраверасан? Ҳаттоки намоз ҳам ўқимайсан-а?

Узр опажон. Мен ҳижрат қилишни истамайман. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳам ҳижрат қилишимга рухсат бермайди, деди Муҳаррам кўзларини ерга тиканича худди айбдордек.

Ундай бўлса, эринг билан ажраш! Аслида сенлар кофирсанлар! Агарда эринг чин мусулмон бўлганида ҳозирда Сурияда барча эркаклар қатори мусулмон давлатида бўларди. Елкасига автоматни осиб кофирларни қирарди. Ислом давлати қуриш учун ташкил топган “Жиҳодчилар”ни ташкилотига аъзо бўлиш, зулм кўраётган мусулмонларга кўмаклашиш, мусулмонларга тазйиқ ўтказаётган кофирларни жазолаш керак! “Жиҳодчилар” ташкилоти бутун дунёдаги мусулмонларни ҳимоя қилиш учун тузилган. Сенлар буни қачон англайсанлар!

Опажон, илтимос, бу йўлдан қайтинг. Сурияга борманг. Ойим сизни кўзлари тўрт бўлиб кутаяпти. Бетоб бўлиб ётиб қолган. Эшик тиқ этса “Мағфират келдингми? Бунчаям соғинтирмасанг” дея сўрайверади. Агар сизга бирон кор-ҳол бўлса ойим буни кўтаролмайди. Ўлиб қолади, жон опа! Уйга қайтинг, дея йиғлади Муҳаррам.

Бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман! Керак бўлса онамдан ҳам, туғишганларимдан ҳам воз кечаман! Ота-онам мен учун ҳеч ким эмас. Чунки улар мени туғилишимга сабабчи бўлган осий бандалардир. Ислом давлатида шаҳид бўлсам, албатта, онам билан жаннатда кўришаман! деди мағрурона Мағфират.

Эру хотин у ерда бир ҳафтача яшаб, уларнинг даъватларини  эшитиб ортларига, Ўзбекистонга қайтишди.

Аммо бу ҳақда ўз вақтида қидирувдагилар тайёргарлик кўраётганлигини, Сурияга чиқиб кетишмоқчи эканини яъни ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билган ҳолда ички ишлар идораларига хабар беришмади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, Бурҳониддин ва Муҳаррамни Тошкент шаҳар ИИББга чақиришиб, нима мақсадда Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб келишганлигини сўрашди.

Улар у ерда юқоридаги даъватларни эшитишганлигига иқрор бўлишди.

Улар тегишли жазоларини олишди.

(Мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган).

Жасурбек ҲОШИМОВ,  Тошкент шаҳри, Сергели туман прокуратурасининг катта терговчиси

Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист

“ЗЎР ТАСВИР” газетаси, 2020 йил 11 июнда чиққан.


ҚАБРНИ ТАҲҚИРЛАГАН ОДАМ ёхуд ҚАБРИСТОНДА ЮРГАН КИМ?

          Қишлоқнинг энг чеккасида кўримсизгина уйда яшовчи Шожалил (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйланиб, учта фарзандли бўлди. Бироқ у оталик масъулиятини ҳис қилмади. Тўрт-беш сўм топганини ароққа сарфлади. Турмуш ўртоғи Арофат эрининг хурмача қилиқларидан, жанжалларидан тўйиб кетди. Шожалилни ота-онаси ҳам, маҳалладошлари ҳам тўғри йўлга солишолмади. Шундан сўнг Арофат ажрашиш учун судга ариза берди. Кўп ўтмай улар ажрашди. Болалар онасида қоладиган бўлди.

Шожалил Арофатнинг юзини кўрмаслик учун укаси Матмусанинг уйига борди. Жигар экан ука ҳам акасини уйига киритди ва унга алоҳида битта хона ажратиб берди. Аёлига акасининг иссиқ-совуғидан хабардор бўлишни тайинлади. Ўзи эса иши билан овора бўлди.

Шожалилни бу ерда пишагини пишт дейдиган одамнинг ўзи йўқ эди. Шунинг учун у хоҳлаган пайтда уйдан чиқиб кетар, хоҳлаган пайтда кириб келарди. Нимагадир у доим уйдан чиқаётганида хонасини қулфлаб қўядиган одат чиқарди. Бунга ука эътибор бермади. Ака бировларникида ишлаб тирикчилигини ўтказиб юрди.

Орадан бир йил ўтди. Шожалил тайинли бирор жойда ишламади. Шунинг учун қишлоқдаги одамларнинг уйида мардикорчилик қилди. Кимнидир ғиштини қўйди, кимнидир уйини сувоқ қилди. Хуллас, кунини ўтказиш учун бировларнинг эшигида хизмат қилди. Энди у оиласи билан яхши яшаганини ҳис қила бошлади. Ёлғизликдан қийналди. Айниқса, касал бўлиб ётиб қолганида аёлининг боши атрофида гирдикапалак бўлиб юришларини эслаб кўзига ёш келди. Шундай аёлининг қадрига етмаганига ўкинди. Болаларини соғинди. Аммо уларни бориб кўришга бети чидамади. Аламини ичкиликдан олди. Охир оқибатда касал бўлиб қолди. Қишлоқдошларидан Митан шаҳарчасидаги Т.Мамановнинг хусусий шифохонаси яхши эканлигини эшитиб, ўша ерга борди. Дўхтирга дардини айтиб, даволанди.

Орадан ўн беш кун вақт ўтгач, даволаниб  уйга қайтди. Укасининг бошига дўппи кийиб олганини кўриб ажабланиб сўради:

— Тинчликми? Кимдир оламдан ўтдими?

—  Қишлоғимиздаги Ойсара хола вафот этди. Бугун уни  қабристонга қўйиб келдик. Вақтингиз бўлганида бирров фотиҳага ўтиб қўярсиз, — деди ука бошини эгганича.

Қоронғу тушганига қарамай ака дарҳол дўпписисни кийиб, таъзия билдиргани Одилбекникига йўл олди.

Уни дарвозадан Одилбек аканинг ўғли Ўктамбек кутиб олди.

— Онангни ҳам бериб қўйибсанда жиян. Ойсара холам қандай жаннати аёл эдия. Эссиз. Сенларнинг роҳатингни кўриб юрса бўлмасмиди? Мени қанчалар яхши кўрарди. Мен ношуд бўлсам унинг тобутини кўтаришга ҳам ярамадим. Таъзиясида ҳам қатнашолмадим. Илоё жойлари жаннатда бўлсин. Бардам бўл жиян, бандалик экан, — дея ҳиқиллаганича қўлини юзига тортиб фотиҳа қилди у.

Бироздан сўнг уйга қайтди. Хонасига бекитиб қўйган винони олиб тўйгунича ичди. Кейин ҳовлига чиқди. Укаси, келини ва жиянлари ўз хоналарида эканлигини кўриб атрофга олазарак қаради. Ҳовлида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, омборхонага кирди. У ерни тит-пит қилиб  ер ағдарадиган  лопаткани топди. Уни елкасига қўйганича дарвозадан чиқди. Кўчада ҳам ҳеч ким йўқ. Атроф жим-жит эди. У худди ўғридек ён-верига аланглаб  “Қулчара” қабристонига йўл олди.

Бу пайтда ой ҳам баркашдек бўлиб ҳаммаёқни ёритиб турарди. У қабристон дарвозасидан ичкарига кирди. Пайпаслай-пайпаслай янги кўмилган қабрни топди. У ёқ бу ёққа аланглади. Атроф жим-жит, кўчада ҳам тиқ этган овоз эшитилмасди. Шундан сўнг у шоша-пиша мозорни кавлай бошлади. Тупроқ янги бўлгани учун у қабрни қазишга қийналмади. Кейин қабрга тушди. Бир амаллаб аёлнинг кафанини ечди.  Мурданинг қўлларини кафандан чиқарди. Ойсара холанинг юзини сийпалади. У бир вақтниг ўзида ҳам қабрни, ҳам мурдани таҳқирлади.

Бироз вақт ўтгач, Шожалил қабрдан чиқди. Мозорни бекитишни унутди. Лопаткасини елкасига ташлаганича ётоғига қайтиб, винодан ичиб ухлади.

Эртаси куни Одилбек тонгда қариндошлари билан биргаликда марҳума турмуш ўртоғининг қабрини зиёрат қилиш учун боришди. Қабрнинг очилганини аёлининг қўллари кафандан ташқарида турганини кўрган эр довдираб қолди. Қариндошлар ҳам ҳайратдан ёқасини ушлашди. Қабрнинг устки қисми доирасимон шаклда очилиб ётар, майитнинг кафани ечилиб қўл ва оёқлари кафанидан чиқариб кетилганди. Одилбек нима қилишини билмасдан тезда маҳалла оқсоқоли ва муллани чақириб келди. Улар қабр бошига ўтириб Қуръон тиловат қилишди. Майитни қабр ичига бошқатдан кафанлаб  кўмишди.

Шундан сўнг улар маслаҳатлашиб бу ҳолат ҳақида туман ИИБга хабар беришди. Одилбекни бундай қабиҳ ишни ким қилган бўлиши мумкинлиги қийнарди. Аслида марҳума аёлининг тилла тиши йўқ эди унинг тишини олиш мақсадида кавлаган деб ўйласа. Унинг бирон киши  билан келишмовчилиги ёки қарзи ҳам бўлмаганди. Одилбек ўйлайвериб боши қотди.

Афсуски ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолди. Бу ишни ким қилганлигини ИИБ ходимлари ҳам топишолмади.

Орадан бир ой вақт ўтди. Шожалилнинг бу қилмиши фош этилмаганидан сўнг у бундан янада руҳланиб такроран шундай иш қилишга бел боғлади.

Тинибек қишлоғида яшовчи Олломуроднинг турмуш ўртоғи Муҳтарам  вафот этди. Уни ўша ердаги “Ғойибота” қабристонига қўйиб келишди.

Орадан уч кун ўтгач, Шожалил бир қишлоқдошиникига бориб, ўтинларини майдалаб, тахлаб берди. У меҳнат ҳақи эвазига бир литр вино бериб юборди. Шожалил хурсанд бўлганича винони ётоғига олиб бориб тўйгунича ичди. Кейин тўсатдан яқинда қўшни қишлоқдаги Муҳтарам холани вафот этгани ёдига тушди. Омборхонага кириб лопаткани олиб, уни елкасига қўйдида “Ғойибота” қабристонига йўл олди. Йўлда иккита бола велосапедда кетаётиб унга салом беришди. Кейин болакайлар қизиқиб ундан қаерга кетаётганини сўрашди.

— Тўла қишлоғида пахса ураяпман. Шунга сув керак. Сувни  бу томонга буриш учун кетаяпман, — дея болаларни алдади у.

Кейин у “Тинибек” қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтган сойдан ўтиб тепаликда жойлашган “Ғойибота” қабристонига борди. Шожалил қабристон ва унинг атрофини кузатиб ҳеч ким йўқлигини кўргач, марҳума Муҳтарам холанинг мозорини излаб топди.

У ёқ бу ёққа аланглаб қабрни лопатка билан ковлай бошлади. Қабрни тахминан бир метрлар ковлаб мозорни таҳқирлади. Кейин ўша атрофда қўй боқаётган болакайга кўзи тушиб, бу ишни дарҳол тўхтатди. Елкасига лопаткасини қўйиб ортига қайтди.

Ўша атрофда қўй боқиб юрган Нурмуҳаммаднинг кўзи уч кун олдин дафн этилган қабрни бир метрлар ковланганини кўриб, дарҳол қабристон қоровули ёнига ошиқди. Кўрганларини унга айтиб берди. Улар Олломуродникига боришиб, кўрганларини унга ҳам айтишди. Олломурод дарҳол қабристонга отланди. Марҳума турмуш ўртоғининг мурдаси кўмилган жой кавланганини кўриб ғазабланди. Сўнг ушбу қабристонда эрталабгача қоровуллик қилиб ўтирди. Бироқ ҳеч ким энди бу қабрга яқинлашмади. Кейин у қоровул билан маслаҳатлашиб бу ҳақда туман ИИБга мурожаат қилди.

ИИБ ходимлари қабристон атрофида юрган болакайлардан ўша куни кимлар бу йўлдан ўтганини, қабристонга қандай кишилар келганини суриштиришни бошлашди. Велосипедда кетаётган икки йигитча марҳума аёлнинг қабри ковланган куни қўшни қишлоқда яшовчи Шожалилни  лопатка кўтариб қабристон атрофида юрганлигини айтиб беришди.

Шундай қилиб қабрларни кавлаб таҳқирлаётган инсон — Шожалил эканлиги маълум бўлди.

Суд Шожалил Тўхтамуродовни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Камолиддин ПАНСАТОВ, жиноят ишлари бўйича

Самарқанд вилояти, Иштихон туман судининг раиси,

Хонбиби ҲИММАТ қизи МАХАМОВА, журналист

“ОДИЛ СУДЛОВ” журнали, 2020 йил 12 сонда чиққан.


КЎЗИ ОЖИЗЛАР НЕГА САРСОН? ЁХУД КАСАБА УЮШМАСИ НЕГА БЕПАРВО?

Ногиронларнинг ҳуқуқи бузилганда кимдир уни ҳимоя қиляптими? 3 декабрь Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни. Кўп жойларда ўша кунигина ногиронлар эсланади, дастурхонлар ёзилади, битта пакетда арзимас совғалар тарқатилади.

Самарқанд шаҳрида яшайдиган олий маълумотли кўзи ожиз ногиронлар сарсон. Нодиржон Хушимов Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетини битириб, Самарқанд шаҳридаги 59-Кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернатига 2013 йилдан буён мурожаат қилиб, ишга киролмай сарсон.

Турмуш ўртоғи Сарвиноз Ҳамдамова ҳам олий маълумотли. 2016 йилда прокуратуранинг аралашуви туфайлигина 59-Кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернетига “Қўл моторикаси” тўгарагига раҳбар бўлиб ишга кириб, бир йилдан сўнг туғриқ таътилига чиққан. 2020 йилда таътилдан қайтгач, иш беришни чўзишган. Директор Абдуҳалим Мейлиев шу пайтгача зўрға 2 соатгина дарс берган.

Сарвиноз Ҳамдамова 2013 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетнинг фалсафа факультети психология йўналишини магистуратурасини тугатган. Дипломига “Амалий психолок” деб ёзилган.

2020 йил 24 сентябрда президент виртуал порталига уч маротаба мурожаат қилган. Уни биринчи мурожаатини Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ходими Оловуддин Очилов кўриб чиққан. Уни иштирокисиз бу мурожаатни ёпишган. Уни жавоб хатида Сарвиноз Ҳамдамова ишдан бўшагани, штат қисқартирилгани туфайли ишдан бўшатилгани ёзилган. Мутахассислиги номутахассис. Уни мутахассислигини фалсафа деб ёзишган. Сарвинознинг иккинчи ва учинчи ҳамда республика прокуратураси порталига қилинган мурожаатларига Самарқанд шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбарининг ўринбосари Шерзод кўриб чиққан. 2020 йил 29 октябрь куни мактабдан 2 соатгина меҳнат фанидан дарс олиб берган. 29 октябрдангина С.Ҳамдамовага буйруқ чиқарилган.

С.Ҳамдамова Шерзодга “Мен бу 4 соатга норозиман. Ҳеч бўлмаса 6 соат қилиб беринг” дея илтимос қилган. Аммо у “Қаерга борсанг ҳам, ҳаттоки суд ҳам сенга ёрдам беролмайди. Шу 2 соатлик дарсдан ҳам қуруқ қоласан!” дея таҳдид қилиб, буйруққа имзо қўйдирган.

Шерзодга С.Ҳамдамова текширув мобайнида топилган камчиликлардан нусха беринг, дея ёзиб берган.

Шерзод хулосаларни телеграм орқали юбораман, дея ваъда берган.

Орадан уч ҳафта ўтгач, эру хотин Шерзоднинг ишхонасига бориб, зўрға хулосаларни олган.  У ногиронларга қўпол муомилада бўлган. “Хоҳласам хулосани бераман, хоҳламасам бермайман!” дея ҳужжатларни бермасликка ҳаракат қилган. Кейин зўрға берган. Улар уйига келиб, қўшниларга ўқитса, бутунлай бошқа ҳужжат экан. Яъни интернатда ишлайдиган икки нафар ўқитувчига тегишли ҳужжатлар экан. С.Ҳамдамовага бу ҳужжатларни умуман алоқаси йўқлигини билишган.

Бу кўзи ожизларнинг устидан кулишми? Қани, ким ногиронларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилади? Мактабдаги касаба уюшмаси нима қиляпти? Қачонгача олий маълумотли бўлган ногиронлар сарсон бўлади?

Ногиронларнинг дардини ёзиб олувчи:

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

“ИШОНЧ” газетаси, 2021 йил 21 январда чиққан.


МУРАББИЙ НЕГА 12 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМА ТЎЛАЙДИГАН БЎЛДИ?

 

Айрим инсонлар олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ташкил қилиш ва назорат қилиш билан боғлиқ ваколатга эга бўлмасада пул топиш илинжида содда одамларни алдаб чув туширишади. “Қаҳрамон”имиз Тўхтамурод Ҳотамов Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг спорт мажмуаси сув ҳавзаси мураббийи бўлсада қўлидан келмайдиган ишга ҳам ваъда берадиганлардандир.

Тўхтамуродга июль ойи бошларида таниши Салима унинг номидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига талабани ўқишга киритиш масаласида таниши қўнғироқ қилишлигини, гаплашиб олишини айтди.

Кейинчалик унга Асрор Амиров қўнғироқ қилиб, ўқиш масаласида учрашмоқчилигини айтди. Тўхтамурод уни 2 соатдан сўнг ўз ишхонасида кутиб олиб, ўзининг хизмат хонасига таклиф қилди.

У Асрордан телефон рақамини қаердан олганини сўраганида, “Салима”дан олганини айтди. Салимани яхши танигани учун унга ишонч билдириб, бемалол хотиржам гаплаша бошлади

Асрор танишининг укаси Шодибекни Ўзбекистон жисмоний тарбий институти кураш бўлимига ўқишга киритишда ёрдам беришида илтимос қилди.

У Асрорга Ўзбекистон жисмоний тарбия институтида ишловчи танишлари борлигини айтиб, улар орқали 4000 АҚШ долларига ҳал қилиб беришини мумкинлигини таъкидлади.

Асрор  унинг таклифини ўйлаб кўришини айтиб, хонадан чиқиб кетди.

Орадан бироз вақт ўтгач, Асрор яна Тўхтамуроднинг иш жойига келиб, таниши Шодибек Самиев Ўзбекистон жисмоний тарбия институтининг кураш факултетига ҳужжатларни топшириб қўйганини айтди.

У Асрорга кураш фанидан имтиҳон оладиган танишлари борлигини, хавотир олмаслигини, ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, у билан хайрлашди.

Орадан икки кун ўтгач, Тўхтамурод Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти “Сув хавзаси”да ўтирганида унга Асрор қўнғироқ қилиб, институтга келганини айтди.

Тўхтамурод уни хонасига орлиб кирди. Бир оз суҳбатлашишди.  Ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентнинг паспорт нусхасини сўради.

Тўхтамурод Асрорга Ўзбекистон жисмоний тарбия институти кураш бўлими бошлиғи ва маданият ва маърифат бўйича ректор ўринбосари “Шавқиддин” исмли таниши билан гаплашиб қўйганини айтиб, у билан бирга тушлик қилишини айтди. Улар институт ҳудудида жойлашган ошхонага кириб тушлик қилишди.  Асрор унга айтган 4000 АҚШ долларини олиб келганини, Самарқандга кетаётганини, шунинг учун пулни олиб қолишини таъкидлади.

Тўхтамурод институт ҳудудида ундан пул олишга қўрқиб, Самарқандга кетаёттан бўлса, таксидан почта қилиб юборишини, ўзи эса таксисдан пулни олиб қолишини айтди.

Шунда Асрор уни ўзига бериб кетишини, бошқаларга ишонмаслигини айтди. Асрордан Тўхтамурод институт ҳудудида пулни олишга қўрққанлиги учун унга ҳозир уйига бирга кетишини айтиб, институт сув ҳавзасида турган муқаддам институтда сантехник лавозимида ишлаган “Давлат” исмли танишига уни уйига олиб бориб келишини илтимос қилди.

Давлат унга институтдан чиқиш жойида кутиб туришини, машинасини ўша жойга бошқариб боришини айтди. У Асрор билан бирга институт дарвозасидан чиқиш-кириш жойида Давлатни келишини кутиб туришди.

Орадан 5 дақиқалар ўтгач, Давлат ўзининг оқ рангли “Нексия” русумли автомашинасида уларни ёнига келиб тўхтади. Улар автомашинага чиқиб ўтиришди. Тўхтамурод Давлатдан “Чинобод” санаторияси томонига қараб ҳайдашини айтди.

Юнусобод туманида жойлашган “Чинобод” санаторияси олдида Давлатдан автомашинани тўхтатишини сўради. Асрорга 4000 АҚШ долларини беришини айтди.  Асрор унга 4000 АҚШ долларини берди.

Тўхтамурод пулни олиб, ўзининг шортиги ўнг чўнтагига жойлаштирди. Орадан 10-15 сония ўтгандан сўнг, уларнинг ёнига бир нечта номаълум шахслар келишиб, ўзларини Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари деб таништириб, холислар иштирокида текширув эълон қилишди. Департамент ходимлари уни ва бошқа тадбир иштирокчиларини Департаментнинг Юнусобод туман бўлими маъмурий биносига олиб боришди. Тўхтамурод ёнида мавжуд бўлган Асрордан олган 4.000 АҚШ долларини ўз ихтиёри билан Департамент ходимларига тақдим қилди.

Суд Тўхтамурод Ҳотамовга энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари, яъни 12.163.800 (ўн икки миллион бир юз олтмиш уч минг саккиз юз) сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Осонгина пул топаман деб ўйлаган мураббий энди жарима тўлайдиган бўлди.

(Мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган).

Юсуфали ЭШОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист

“ЗЎР ТАСВИР” газетаси, 2020 йил 20 августда чиққан.


ЎЗИМИЗ КОРРУПЦИЯГА ЙЎЛ ОЧМАЯПМИЗМИ?

        Ўғлим санъат мактабига имтиҳонларни топшириб биринчи синфга қабул қилингач, директорнинг ўзи синфга кириб, ҳар бир ота-она иккитадан мактаб томини устига қора қоғоз олиб келиб беришимизни тайинлади. Қора қоғозни кўтаролмаслигимни билганим учун танишимдан олиб келиб беришни илтимос қилдим. Хайрият, у йўқ демади. Ҳожатимни чиқарди. Боламни шундай мактабда ўқиётганидан хурсанд бўлиб юрганимда сентябр ойининг охирларида ота-оналар мажлисига чақириб қолишди. Бош муҳарриримдан рухсат сўраб мажлисга бордим. Ота-оналар ичидан танланган раис устозни синфдан ташқарига чиқариб юбордида ҳадемай 1 октябрь устозлар куни эканлигини, шунинг учун ўқитувчига ва тарбиячига 10 минг сўмдан пул йиғиб, совға олишни таклиф қилди. Ўша пайтда мен 30 минг сўм маош олардим. Шунинг учун унга ўз фикримни айтдим:

— Шунча пул кўплик қилмайдими? Бу пулни беришга кимнингдир қурби етар кимникидир йўқ. Шуни ҳам ўйлаб гапираяпсизми?

— Улар бизнинг болаларимизга ёзишни, ўқишни ўргатаяпти. Арзимаган совға олсак олибмизда! — деди ота-оналар ичидан чиққан раис.

—  Меҳнатига яраша давлат томонидан ҳақ ҳам оляпти. Бу ишни текинга бажараётгани йўқку! Мен бунча пул беролмайман. Яхшиси китоб совға қиламан, — дедим унинг жавобидан энсам қотиб.

Бошқа ота-оналар унинг таклифига эътироз билдиришмади. Айрим ота-оналар норози қиёфада айтилган пулларни зўрға беришди. Айримлари фарзандларидан бериб юборишини айтиб ўнғайсизланди. Шу билан мажлис тугади. Кейинги мажлис алифбе байрамидан олдин бўлди. Бунда ҳам яна устозу тарбиячига пул йиғиш, болаларга стол ясатиш ҳақида бўлди. Кейингиси эса, албатта, баҳор байрамидан олдин байрамга совға олиш ҳақдаги мажлис эди. Бош муҳарририм энди менга мажлисда узоқ қолиб кетмасликни, сўраган пулини бериб, тезроқ ишга қайтишимни таъкидлаб,  зўрға рухсат берадиган бўлди. Мактабни тугатиш арафасида эса синф раҳбари ҳар бир ота-она синф таъмири учун пул йиғиб бериши шартлигини эълон қилди. Дарҳол бир ота-онага қанча миқдорда пул кетишини ҳисоблаб беришини сўради. У аёл ҳам номига ота-оналардан пол ва дераза-эшик краскаларини нархини сўрагандик бўлдида, “Яхшиси маҳсулот шунча бўлади. Энг зўр бўёқлардан олсак ҳар йили таъмирламаймиз” дея қиммат нархдаги краскаларнинг нархини ёзди. Яна уста ҳақи, дераза олдига қўйиладиган гулларгача ҳисоб китоб қилиб, ота-оналарга қанчадан пул йиғиши лозимлигини таъкидлади. Унинг айтган пули ҳозир ёдимда йўқ. Лекин ўша пул билан битта синфхонани эмас тўрт-бешта синфхонани таъмирдан чиқариш мумкинлигини кейин билиб олдим. Ота-оналар яна эътироз билдиришмади. Ёнида пули борлар дарҳол чиқариб беришди. Пули йўқлар эртага боласидан бериб юборишини таъкидлашди. Мен ҳам ноилож айтган пулини бердим. Зора яна таъмирга деб сўрашмас деган умидда. Афсуски чучварани хом санаган эканман. Кейинги йили ҳам устоз бизни алдаб-авраб таъмирга пул ундирди. Бу ҳолат ҳар йили давом этди. Ҳеч ким бу ҳақда ҳеч нарса демасди. Мен ўша пайтда бу ҳақда газеталарга танқидий мақола ёздим. Мақолам газетада эълон қилиниб, тагига  халқ таълими вазирлигининг телефон рақами ҳам ёзилди. Агарда мактабларда шунақа пул йиғишга мажбурлашаёган бўлса телефон қилишсин деб. Шундан сўнг пул йиғиш бироз камайди.

Ўғлим 12 ёшга тўлди. Устози “Мучал байрами қилиб берамиз, қандай совға берамиз”, дея ота-оналардан сўради. Мен “Энг яхшиси китоб. Китоб совға қилайлик” дедим. Бошқалар эса юмшоқ ўйинчоқни афзал билишди. Шундан сўнг пул йиғишиб, юмшоқ ўйинчоқ олишди.

Бугунги кунда ҳам “йиғ-йиғ” касали ҳамон мавжуд. Фақат уни қоғозга ўраб “ҳомийлик ёрдами беринглар” деган ниқоб остида пуллар йиғиляпти. Ўша пуллар берилмаса нима бўлади? Ота-она боласига устоз тазйиқ ўтказишидан, тенгдошлари орасида изза қилишидан чўчийди. “Оч қорним тинч қулоғим” қабилида иш кўради. Ўзи зўрға яшаб турган бўлса ҳам айтилган пулни қарз қилиб бўлсада топиб беради. Бу аҳволда биз коррупциядан қачон қутиламиз? Қачон? Ўқитувчиларга оғзидан чиққан пулни бериб, ўзимиз коррупцияга йўл очмаяпмизми? Мактабларга миллион-миллион сўмлаб ажратилаётган бугунги кунда яна мактабга қандай ҳомийлик ёрдами керак? Шундай саволларни устозга бероласизми? Ёки болангизни ўйлаб яна тилингизни тишлайсизми? Бу ҳолат қачонгача давом этади?

Сиз нима дейсиз?

Хонбиби МАХАМОВА,  журналист

“ЗЎР ТАСВИР” газетаси, 2020 йил 16 апрель


УНИВЕРСИТЕТГА КИРИТАМАН ДЕБ ДОЛЛАР ОЛГАНЛАР НЕГА ПУШАЙМОН БЎЛДИ?

Университетга ўқишга киришни барча орзу қилади. Шунинг учун Шоакбар ҳам аёлини ўқитиш мақсадида таниши Назифадан сўради:

— Келинингизни ҳам Самарқанд давлат университетига ўқишга киритмоқчиман. Қандай маслаҳат берасиз?

— Мен ҳам худди шу универтситетда ўқимоқчиман. Университетнинг “Меҳнат таълими” кафедрасида Оқил Комилов деган танишим бор. У ёрдам бермоқчи, — деди Назифа унга.

— Унда сўраб кўрингчи, қанча пул билан киритаркан ўқишга.

— Унисини билмадим. Яхшиси сизга унинг телефон рақамини бераман. Гаплашиб олинг, — дея унга Назифа бир қоғозчага телефон рақамни ёзиб берди.

Шоакбар Оқил Комилов билан эртасига қўнғироқлашиб, пиво заводининг олдида учрашиб, гаплашишди.

— Турмуш ўртоғимни СамДУнинг факультетларидан бирига ўқишга киритмоқчиман. Бунинг учун қандай ёрдам берасиз? — деди Шоакбар Оқилга.

— Аёлингизни 70-80 фоиз кафолати билан ўқишга киритиб бераман. Бунинг учун 3.000 АҚШ доллари беришингиз керак бўлади.

— Бунча пулни беришга имконим йўқ, — дея у билан хайрлашиб кетди Шоакбар. Кейин бу ҳақда Назифага айтди.

Аёл Оқил билан ўзи гаплашишини таъкидлади. Назифа Оқил билан “Меҳнат таълими” кафедрасининг қабул бўлимида танишганди. Аммо у бу кафедрада бор-йўғи лаборант эди холос. Назифа пул бериб бўлсада ўзи ва Шоакбарнинг аёли Гулшодни ўқишга кириш нияти борлигини айтгач, Оқил унга ёрдам беришга киришди. У “Мусиқа ва тасвирий санъат” факультетида ўқитувчи бўлиб ишловчи Эшмўмин Давроновнинг ёнига борди. Унга иккита аёл мусиқа йўналиши бўйича ўқишга ҳужжат топширмоқчилигини, уларга ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади.

— Касб таълимида қайси йўналишда ўқиган экан? — дея сўради домла.

— Бири тасвирий санъат йўналишида, иккинчиси тиббиёт коллежида таҳсил олишган.

— Тасвирий санъат йўналишини битиргани бемалол ўқишга ҳужжат топширсин. Тиббиёт йўналишида ўқигани бўлса, мусиқа йўналишида ўқиб бўлмайди. Имтиҳон вақтида ёрдам беришим мумкин холос.

— Ўқишга кириш учун ёрдам берсангиз, бу аёл ҳам пул бермоқчи ахир.

— Ундай бўлса ҳаракат қиламиз, — дея мийиғида кулди домла.

Шундан сўнг Оқил Назифани домла билан таништириб қўйди.

— Мен қабул комиссиясининг раисиман. СамДУнинг “Тасвирий санъат” ва “Мусиқа таълими” йўналишларига ўқишга осон йўллар билан киритиб қўяман. Фақат пулларни Оқилдан бериб юборасизлар, — деди домла Назифага.

Назифа Оқилга 6.000 АҚШ доллари берган вақтида уни ИИБ ходимлари қўлга олишди.

Суд Оқил Комилов ҳамда Эшмўмин Давроновларга тегишли жазо тайинлади.

(Мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган).

Юсуфали ЭШОВ, Бош прокуратура бошқарма прокурори

Хонбиби ҲИММАТ қизи, (МАХАМОВА), журналист

“Тараққиёт ва стратегия” газетаси, 2021 йил 22 январда чиққан.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.1 / 5. Baholaganlar soni: 57

OAV nomi va parolini kiriting!