«Олтин қалам – 2021» танловига

Севара АБДУЛЛАЕВАнинг ижодий ишлари

Кун олими. Эркин НАРБЎТАЕВ: “ҲАЁТИМ КУРАШДАН ИБОРАТ!”

Ҳаёт бир саҳна мисоли. Унда ҳар биримиз ўз ижройимиз билан   тақдиримизни яратамиз. Кимдир умри давомида дуч келган тўсиқлардан айланиб ўтишга ҳаракат қилади, кимлардир эса шу тўсиқлардан қўқрқмай дадил олға қадам ташлайди. Орамизда шундай инсонлар борки, бутун умри фақат курашишдан иборат.

      Бугун “кун олими” лойиҳамизда кўп ёш олимларга ибрат бўлган олим,  юридик фанлари доктори, профессор, полковник Эркин Нарбўтаевнинг курашга тўла ҳаёт кечинмалари билан танишишни жоиз топдик. Қаҳрамонимиз 24 ёшида фан номзоди, 32 ёшида фан доктори ва 34 ёшида профессорлик унвонига эга бўлган.  

 

Эркин Холбоевич1959 йил 17 февралда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кўп болали оддий деҳқон оиласида дунёга келган.

 

Ҳаётим йўлидаги илк кураш!

 

Маҳалламизда турли миллат аҳолиси (татар, корейс, рус) истиқомат қиларди. Табиийки, ана шу турли миллат болалари билан қувлашиб-ўйнаб катта бўлдим. Айниқса, улар ичида Генатулло мен учун яқин дўст эди. Бир куни у мактабга чиқишини мақтаниб айтиб қолди. Унга жуда ҳам ҳавасим келди. Шу заҳоти уйга югуриб кирдиму, ота-онамга “ мен ҳам мактабга бораман,  Генатулло билан ўқийман” дея туриб олганман. Шунда онам, ахир Генатулло сендан каттада, сен ундан кичиксан деди. Мактабга бориш истагим кучлилигини кўрган Генатуллонинг ойиси менга ёрдам бериб, мактабга рус синфига  жойлаштирди. Шундай қилиб, дўстим билан синфдош бўлдим. Аммо рус тилида гапириш тугул биронта сўзни ҳам билмасдим. Мен учун қийинчилик дамлари бошланди. Аввалига мени  ўзбек синфига ўтказмоқчи бўлишди. Бу ҳам, камдай яхшиси мактабдан кетгин, келаси йил яна келасан дейишди. Шундай аҳволга тушмаслик учун мен тиришқоқлик билан рус тилини билишга ҳаракат қилардим. Ҳаётнинг мўжизасини қарангки, бизга дарс берадиган ўқитувчи Зинаида Ибрагимова менга яқин маҳаллада турар экан. Ҳар доим унинг уйга кетишини пойлардим. Кейин эса Зинаида опага ёрдам тариқасида  сумкасини кўтариб, мактабдан бирга қайтардик. Йўл-йўлакай эса рус тилида мана шу сўз қандай бўлади, дея уни тинимсиз саволга тутардим. Хуллас, 4 синфга қадар баҳоларим “2”, “3”, “4” бўлган. Ниҳоят 4- синфда узоқ кутилган “5” баҳони тарих фанидан олдим. Шундай қилиб 5-синфдан баҳоларим яхшиланиб борди. Ўз устимда тинимсиз ишлашим ва изланганим боис 8 ва 9- синфларда аълочи мақомига эга бўлдим. Битирувчи синф бўлганимда олтин медал бериш масаласи қўйилганди. Афсуски, бизнинг синфда менга ўхшаб, яна 3 та ўқувчига олтин медал берилиши керак эди. Аммо медал фақат бир кишига берилиши керак экан. Менга битта ноҳақ “4” баҳони қўйиб беришдида, медални маориф бўлимининг укасига топширишди.. Ичимда медалга давогар бўлган синфдошим, қайси олий ўқув юртига топширса, мен ҳам айнан ўша ёққа бораман деб ният қилгандим. Хуллас, синфдошим Тошкент давлат университетининг юридик факультетига ҳужжатларини топширди. Мен ҳам шундай қилдим. Менга омад кулиб боқди. Аммо олтин медал олган дўстим эса мандатдан ўтолмади.

Талабалик чоғи ўз олдимга яна бир мақсад қўйдим. Олийгоҳни қизил диплом билан тамомлашим керак! Ўз орзуимга эришдим ва қизил дипломнинг соҳибига айландим. Шу даврларда илм-фанга бўлган қизиқишим ортиб борарди. Олийгоҳни якунлагач, домлаларимга шу факультетда ишлаб, фан билан шуғулланиш ҳохишим борлигини айтдим. Раҳматли домлам, диплом раҳбарим Каракетов Йўлдош домла ҳозирча бунинг иложи йўқлигини,  амалий билимларни оширган ҳолда кейин фанни ривожлантириш маъқуллигини тушунтирди. Хуллас, 1980 йиллар амалиёт ўташ учун Гулистон шаҳар ички ишлар бўлимининг терговчиси сифатида иш бошладим.

                 Устоз кўрмаган олим, олим эмас…

Бир йил давомида терговчи бўлиб ишладим. Орадан 4-5 ой ўтгач,  Йўлдош домлам мени Тошкентга чақирдилар. Ўшанда ҳаётимда муҳим роль ўйнаган раҳматли профессор Ғулом Аҳмедов домла билан таништирганлари ҳамон ёдимда. Уларнинг қизғин суҳбатидан ўтганимдан кейин аспирантурага сиртқи бўлимга ўқишга қабул қилиндим. Устозим Ғулом Аҳмедов менинг тиришқоқлигим ёки фикрлаш доирамни кўрганлиги учунми, яна билмадим аспирантуранинг кундузги бўлимига ўтишга ҳаракат қиламиз, дедилар. Ушбу ниятда, мен 1981 йили ички ишлар вазирлигидан ишдан бўшаб, фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институтининг аспирантурасига кундузги бўлимига ўз илмий фаолиятимни давом эттириш учун келдим. Бироқ кундузги бўлимда жой йўқлигини маълум қилишди. Вақтнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат, уни беҳудага сарфламаслик мақсадида салкам бир йил мустақил тадқиқотчи сифатида фан билан шуғулланиб, Москвага йўл олдим. У ерда кўп олимлар ҳамда академикларлар билан учрашдим, фикр алмашдим. Эсимда Ленин номидаги кутубхонада эрталаб соат 9:00 дан кечги соат 21:00 гача қолиб кетардим. Буни қарангки, 8 ой деганда номзодлик диссертациямнинг матнини тайёрладим. Тошкентга қайтиб келгач, кундузги бўлим аспирантурасида ўқишни бошладим. 1982 йили эса номзодлик ишим юзасидан муҳокамалар бошланди…қўшимчалар ва тўлдиришлар бўлди. 1983 йили 24 ёшда эдим. Уйланиш арафасида. Лекин афторефератим чоп этилмас экан, тўйим ҳали бўлмайди, дея отамни тўхтатиб турдим. Шундай қилиб, афторефератим чоп этилди октябр ойида фан номзодлиги бўйича ҳимоя ҳам қилдим. Бироқ…

Ҳаётимдаги энг ноҳуш воқеа!

Номзодлик ишим ҳимояси жуда яхши ўтди. Махсус кенгаш томонидан ҳам маъқулланди. Натижада ҳимоя ишим Москвага аттестация комиссиясига тасдиғини топиш учун жўнатилди. Орада фарзандли бўлдим. Хонадонимизда  қувончли хабар. Бироқ Москвадан мени чақиришаётгани ҳақида маълумот  келди. У ерга боргач, билсам, диссертациямни олий аттестация комиссияси рад этибди!!! Сабаби ёзган номзодлик ишимдаги қоидалар чоп эттирган мақолаларимда акс этмаган эмиш… жуда ҳам нохуш ҳолатга  тушдим. Яна ўзимда куч ва ирода топиб, олий аттестация комиссиясига ишимни апелляция таркибида кўриб чиқишини сўраб, хат жўнатдим. Бу даврлар мен учун жуда оғир кечди. Кўча-куйда одамларнинг кўзига қарашдан чўчирдим. Уларнинг “номзодлик ишинг нима бўлди?”, деган саволларига қандай жавоб беришни билмасдим. Шу йиллар отамдан ҳам айрилдим. Орадан 2 йил ўтгачгина, мени Москвага олий аттестация комиссиясининг Пленумига муҳокамага чақиришди. Эсимда бор, катта бир хонада 5 та академик ўтирган эди. Шунда менга бир савол беришди:

  • Сиз нимани истайсиз?
  • Мен фақат ҳақиқат қарор топишини истайман, дедим.

Кейин улар биз ишингизни ўрганиб чиқдик, эксперт комиссиясига уни қайтадан кўриб чиқишга тавсия қилдик, дейишди. Натижада менга ҳимоя қилган кунимдан бошлаб, фан номзоди унвони берилди. Ниҳоят юзимга ҳаёт қувончи ёғилди!

Фан докторлигига ҳаракат аллақчон бошланган эди!

Номзодлик ишини қайта кўришга кетган 2 йил давр мобайнида домлам Ғулом Аҳмедович мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турдилар. Домлам ҳаммаси яхши бўлишини, кайфиятни сўндирмай докторлик диссертация мавзусини танлаб, шу бўйича материаллар йиғишни бошлашимни айтдилар. Материаллар йиғиш жараёнида 4000 дан зиёд 11 хил турдаги анкеталар туздим. Шулар юзасидан Товоқсой, Уйғурсой калонияларига, вилоят ва туманларга бордим. Кўплаб жиноят ишларини ўргандим, маҳбуслар билан суҳбатда бўлдим. Мутахассислар билан кўришиб, иш жараёнини кузатдим. Назаримда барибир ўзим истаган даражада натижалар олмагандай туюлди. Кейин домламга амалиётга қайтишим кераклигини айтдим. Негаки ҳамма жараённи ўз кўзим билан кўришим зарур эди. Фақат шундагина докторлик ишини маромига етказишим мумкин.

1986 йили Гулистонга қайтиб, прокуратура тизимига ишга кирдим. Дастлаб, тергов бўлимида, кейинчалик Сирдараё туманлараро  прокурорининг ўринбосари сифатида фаолият юритдим. Сўнг вилоят прокуратурасининг жиноят судлов бўлимларида ишни давом эттирдим. Хуллас, жиноий иш билан боғлиқ бўлган барча муаммо ҳамда вазиятларни амалиётда тадқиқ этдим. Жиноий ишларни ўзим тергов қилдим. Шундай қилиб, 1990 йилда докторлик ишини тайёрладим.

Докторлик диссертациямда жиноятчилик ҳолати танқидий нуқтаи назардан ўрганилиб, у билан кураш олиб бориладиган амалдаги жиноий ҳуқуқий чоралар, ўйлайдиган даражада самара бермаётганлигини исботладим. Ўша давр қонунчилигида мавжуд бўлган институтларга хос келмайдиган назарий ёндошув ва таклифлар, шунингдек, моддаларни замонавий конструкцияларини, Жиноят ва Жиноят процессуал кодексининг янги концептуал асосида тузилган тахминий вариантини тавсия эта бошладим. Кўп олимлар диссертациямни ўргангандан кейин даҳшатга тушганларини ҳам кўрдим. Чунки уларнинг тасаввуридаги қарашлар ва фикрлар менинг ишимда ўзгача талқинга эга бўлган. Албатта, ҳар бир янгиликни ҳаётга татбиқ этиш қийин. Шу борада қанча-қанча кўп тўсиқликларга дуч келдим. Лекин Ўзбекистон фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институтининг директори дўстим Акмал Саидовнинг ёрдамини алоҳида айтишим керак. Чунки у бевосита менинг докторлик ишим бўйича Москвадаги олимлар билан учрашган ва гаплашган. Натижада у киши бевосита олим сифатида берган тавсияларимни тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилганлигини нафақат ўзи балки атрофдаги ҳуқуқшунос олимларнинг фикрларини эшитиб, ўз баёнотида изоҳлаб берди. Бундан бағоят хурсанд бўлдим.  Натижада илмий ишим бўйича жараён тезлашиб кетди. 1991 йили прокуратура тизимида ишлаб туриб, докторлик диссертациясини 32 ёшимда ҳимоя қилдим. 34 ёшимда эса профессор даражасини олдим.

Ҳаётимниниг зафарли онлари!

Ҳаётимнинг энг зафарли дамларини мен бевосита Фидокорлар демократик партиясининг бош котиби бўлгани билан боғлайман. Чунки бир ярим йил давомида партия етакчиси бўлганимда атрофимдаги кўплаб фидокор партиясининг аъзолари ва бошқа партияга мойиллик билдирган инсонлардаги ишончни ва кўзларидаги қувончни кўриб, мен жуда ҳам бахтли инсонлигимни ҳис қилганман. Оддий бир деҳқоннинг фарзанди бўла туриб, олий мажлис депутати ҳам бўлдим.

Ички ишлар вазрлигига йўл!

Ҳаётимда катта роль ўйнаган инсонлардан бири домлам Ғулом Аҳмедов бўлса, иккинчиси шубҳасиз ИИВАкадемиясининг бошлиғи раҳматли генерал, профессор Убайдулла Тожиханов эдилар. Улар билан докторлик ишини ёқлаган маҳал кўришгандим. Шу учрашувдан бошлаб, у киши мени ўзлари билан бирга ишлашга тинмай чақирардилар. Охири 1997 йили у кишининг таклифига  рози бўлдим. Мени Тожиханов Ички ишлар вазирлиги академиясининг “жиноят процесс” кафедрасининг бошлиғи лавозимига тайинладилар. Орадан 3-4 ой ўтгач эса меҳнатим ёки  ҳаракатимни қадрлаган жаноб генерал мени академия бошлиғининг фан бўйича ўринбосари лавозимига тавсия этдилар. Кўп ўтмай, президент ҳузуридаги стратегия ва минтақалар институтининг директор ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритишимга тўғри келди.

У ерда бир неча йил ишлагач, яна Академияга қайтиб келдим. У. Тожихановнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли профессор лавозимида, кейинчалик ўзим фан муовини бўлганимда очган 3 тилда чоп этиладиган “Ҳуқуқ, Права, Law” журналининг бош муҳаррири сифатида ишни бошладим. Журнални қабул қилганимда у дотацияда турган экан. Атиги 3-4 мингта обунаси бор эди, холос. Бир йил ичида журнал жуда кенг тарқалиб, мутлақо янгича талқинда чоп этила бошлади. Натижада журналнинг адади 27 мингга етди.

Айтмоқчиманки, менга берилган ва билдирилган ишонч тариқасидаги лавозимлар, яъни кафедра бошлиғи, академия бошлиғининг ўринбосари, партия бош котиби ёки журнал бош муҳаррири бўладими, ҳар бир ишга бор кучим ва ғайратимни сарфладим.

                   Кўп таклифларим ўз тасдиғини топмоқда!

Нафақага чиққунимга қадар 6 та монография ёздим. 60 дан зиёд мақолалар чоп эттирдим. Сўнгра ўқув методик тавсиялар, талаба-тингловчиларга маъруза курсларини тақдим  этдим.

Бир нарсани айтишим жоизки, жуда ҳам катта ёки кўп китоб ёзиш тарафдори эмасман. Ҳар бир инсон  илм-фан йўлида ўзидан қандайдир из қолдиришга ҳаракат қилади. Фикримни ёрқин ифодалаш мақсадида машҳур олим Чезаре Беккарианинг фаолиятини мисол қилиб олмоқчиман. Масалан, у жуда ҳам кўплаб китоблар ёзган. Лекин барча олимлар томонидан унинг 73 бетдан иборат, “Жиноят ва жазо” асари катта қизиқиш билан ўқилади. Чунки асарда  бевосита жиноят ва жазонинг ҳуқуқий асослари ва жиҳатлари ёритилиб берилган.

Шу қоидага амал қилган ҳолда менинг ёзган монографияларим жуда катта ҳажмда эмас. Лекин у ерда асосан менинг қарашларим, фикрларим, ёндошувларим баён этилган.

Жумладан янги жиноят қонунчилиги диспозитив асослар, яъни бевосита ярашув ва хусусий айблов билан боғлиқ тарзда, янги Жиноят процессуал қонунчилиги эса, жиноятчилар билан компромисс консепциясига таянган ҳолда яратилиши керак. Чунки жиноятчилик ҳамда ўта оғир  жиноятчиликларни очишда бевосита айрим жиноятчилар билан келишув тариқасида уларнинг қўшган ҳиссаси ёрдамида мақсадга эришиш мумкин.

Кейинчалик бошқа мақолаларимда докторлик ишимни янада ривожлантирганман. Ёш ўтган сари ҳар бир олимда фалсафий қарашлар кучайиб борар экан. Балки шунгами, чуқур билимга эга бўлишга ҳаракат қилиш, демак бевосита ҳаётда бўлаётган ҳар бир нарсага фалсафий қарашга ундар экан. Ёзган мақолаларимда жиноят процессуал қонунчиликда фалсафий категориялар мавжудлигини эътиборга олиб, жиноят процессуал қонунчиликдаги ҳақиқат, адолат тўғрисидаги мақолаларни чоп этдим. Мақолаларимда ўзимнинг фалсафий қарашларимни ҳам билдирганман.

Бундан ташқари, жиноят ҳуқуқининг қирралари ранг-баранглигини ҳисобга олиб, унинг этнографик жиҳатларига доир монография, жиноий ҳуқуқ соҳасидаги сиёсий жиҳатлар бўйича жиноятга оид сиёсатга дахлдор масалалар бўйича ҳам мақолалар чоп эттирганман. Бугунги кунда хурсандманки, кўп таклифларим ўз тасдиғини топмоқда. Президентимизнинг қарорлари ёки қонунлар билан амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиб борилаяпти.

Олим инсон доим атроф-муҳитни кузатиш ва ҳаёт воқеликларини таҳлил қилиш билан яшар экан. Ўйлайманки, битта аниқ соҳа бўйича чуқур билим орттирилса, келажакдаги ушбу фан юзасидан кузатилаётган муаммолар анчайин бартараф этилган бўларди. Назаримда, инсон касбини севса, ўз устида тинимсиз ишласа, изланса, ўрганса ва чин дилдан астойдил меҳнат қилсагина мақсадига етади. Орзулари рўёбга чиқар экан!

Маълумот ўрнида: Бир ўғил ва 3 қизнинг отасиман. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли ва ўз билми билан юртимизга зиё тарқатишмоқда. Шунингдек, 5 нафар шириндан-шакар набиранинг бобосиман!  Рафиқам билан биргаликда нафақа гаштини сураётганимга ва оллохим шу кунларга етказганига шукр!!!

Севара Абдуллаева суҳбатлашди

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Эркин НОРБЎТАЕВ: “ҲАЁТИМ КУРАШДАН ИБОРАТ!” (mininnovation.uz) 2020 йил 13 майда жойлаштирилган.


                           Qog’oz stakandan Mcdonald’sgacha

   Ayrimlar 50 yoshdan keyin haqiqiy hayot boshlanadi, deyishadi. Go‘yoki bunday so‘zlar ushalmas orzuga o‘xshab tuyuladi. Lekin 52 yoshida oddiy qog‘oz stakan sotib, keyinchalik katta mashhurlikka erishgan va dovrug‘i butun dunyoga ketgan «McDonald’s» kompaniyasi asoschisi Rey Krokning hayoti bunga misol bo‘la oladi.

    Bugungi kunda ushbu Amerika korporatsiyasi butun dunyo bo‘ylab restoranlar, katta hajmdagi pul aylanmasi va ulkan shon-shuhratga ega. Shifokorlar tomonidan «Tez tayyor bo‘ladigan fast-fud yeguliklari salomatlik uchun zarar va semirishga olib keladi», deya bot-bot takrorlansa-da, McDonald’s restoranlari gamburger, fri kartoshkasi va boshqa mazali taomlari bilan tashrif buyuruvchilar bilan doimo tirband.

Ochig‘i, tez tayyor bo‘ladigan yeguliklar butun dunyo bo‘ylab sevib iste’mol qilinadigan taomlar ro‘yxatidan allaqachon joy olib ulgurgan. Yurtimizda ham shunday turdagi taomlar tayyorlaydigan ko‘ngilochar joylarni ko‘plab uchratish mumkin. Faqat ular turli brendlar nomi ostida sotiladi. Bularning barchasiga «McDonald’s» korporatsiyasi ulkan zamin yaratgan, deb bemalol aytish mumkin.

Qizig‘i shundaki, brendlar tarixi sahifamizda sizga tanishtirayotgan qahramonlarimiz orasida Rey Krokning hayoti boshqalaridan mutlaqo farq qiladi. Negaki tez tayyor bo‘ladigan ovqatlarni Rey Krok o‘ylab topmagan, hatto u birinchi «Masdonald’s» asoschisi ham emas. Biroq Rey Krok omadga erishish uchun o‘zida qat’iyatlilik va tashabbuskorlikni shakllantirdi. Natijada dunyodagi eng ulkan biznes asoschisiga aylandi.

McDonald’sga kim asos solgan?
     Kunlardan bir kuni aka-uka Dik va Mak Makdonaldlar birgalikda biznes qilishga qaror qilishadi. Ular o‘ylab-o‘ylab ovqatlanish shoxobchasini tashkil etish fikrida to‘xtalishadi.

Shunday qilib, 40-yillarning oxirida ishbilarmon aka-ukalar AQShning Kaliforniya shtatida kichik bir restoran ochishadi. Dastlab ularning ishi yaxshi yurishadi. Bu biznes orqasidan aka-ukalar yiliga ikki yuz ming dollar daromad olishadi. Restoran “Mashhur makdonald barbekyu”lari nomi bilan tanilgan bo‘lib, ovqatlanish menyusidan 40 ga yaqin turli xil barbekyuda tayyorlangan taomlar o‘rin olgandi. Biroq ko‘p o‘tmay ularga yaqin joylarda ochilgan va boshqa restoranlar ularning mijozlari soni kamayishiga sabab bo‘ladi.

Aka-uka Makdonalslar restoranning olamshumul rivojiga u qadar katta hissa qo‘shmagan bo‘lsalar-da, tan olish kerakki, aynan ular tez tayyor bo‘ladigan ovqatlarning dunyoga kelishiga bosh sababchi bo‘lishgan. Makdonaldslar kuchli raqobatni yengish va g‘alaba qozonish uchun yangi g‘oya o‘ylashi kerak edi. Ular, nihoyat, barcha hisobotlarni ko‘zdan kechirib, eng ko‘p sotilgan mahsulot aynan gamburger degan qarorga kelishdi. Ko‘p izlanishlardan so‘ng aka-ukalar restoranni mutlaqo yangi formatda qayta tashkil qilishga kirishdi: “Yangi restoran shunday bo‘lsinki, taomlari tez tayyorlanadigan va arzon bo‘lsin”, degan fikrga kelishdi.

Dastlab aka-ukalar ishni oshpazlarning oshxonada qanday ishlashini kuzatishdan boshlashdi. Ularning asosiy vaqtini bir joydan ikkinchi joyga o‘tib ishlashlari olishini aniqlashdi. Shundan so‘ng ishbilarmonlar oshpazlarning imkon qadar oshxonada kamroq harakatlanishi uchun sharoit yaratishdi. Natijada taomlarning pishish tezligi sezilarli darajada oshdi. Kaliforniyada hali bunday restoranlar mavjud emas edi. Bir tasavvur qiling-a, ko‘pchilik sevib tanovul qiladigan 30 sentlik gamburgerlar narxini Mak va Dik ikki baravar arzonlashtirdi. Menyular ro‘yxatida esa 10 tagina taomnoma qoldirishdi, xolos. Ro‘yxatdan gamburger, cheyzburger, uch xil alkogolsiz ichimlik, sut, qahva, bo‘g‘irsoqlar va kartoshka fri joy olgandi. Raqobatchi restoranlar bunday narx va sifatga ega emas edi. Oradan bir hafta o‘tgach, ular Makdonaldslar restoranlari yonida tumonat odamning navbatda turishganiga guvoh bo‘lishdi. Bu qayta tashkil qilingan restoran iste’molchilarga juda ham ma’qul kelganidan dalolat edi.

Ushbu restoran haqidagi shov-shuv tez orada butun Kaliforniyaga tarqaldi. Mak va Diklar bundan juda ham baxtiyor edi. Ularni topayotgan daromadlari qondirgani uchun faoliyatlarini yanada kengaytirish va katta biznes boshlash haqida o‘ylashmasdi.

Lekin bir kuni ularning hayotida “qahramon” paydo bo‘ldi. U bir-ikki restorandan dunyo miqyosida shuhrat qozongan eng yirik restoran tarmoqlarini yaratdi. Shu yerdan sahifamizning haqiqiy qahramoni Rey Krokning tarixi boshlanadi. U “Qirol franchayzing” unvoniga munosib inson.

    Franchayzingbu savdo belgisini ijaraga berish degani. Buni shunday izohlash mumkin: agar qandaydir brend nomi bilan restoran ochishni istasangiz, masalan, makdonalds, unda siz franshiz sotib olishingiz lozim. Shu orqali siz makdonalds nomi orqali xuddi shunday ovqatlarni boshqa restoran tarmoqlarida ham sotish huquqini qo‘lga kiritasiz. Albatta, shunga ko‘ra, ma’lum foiz daromaddan kompaniyaga haq ham to‘laysiz.

                                                          Rey Krokka qaytsak…

Umuman olganda, bu insonning hayoti juda qiziqarli. Menimcha, ijtimoiy taomlanish tarixida Rey Krokchalik mashhur inson bo‘lmasa kerak. Ko‘plab taniqli biznesmenlar o‘zlarining tadbirkorlik qobiliyatini yoshlik davridayoq namoyon qilgan bo‘lsa, 50 yoshga kelib ular shaxsiy kompaniyalari va banklarda katta pul mablag‘lariga ega bo‘lishgan.

Endi tasavvur qiling, yoshingiz 52 da. Shu yoshda 17 yil davomida shtatlarlararo 1-2 ta sut mikseri (kokteyl tayyorlaydigan) va qog‘oz stakanini qahvaxona va barlarga sotish bilan shug‘ullanmoqdasiz.

Bunday yosh mutlaqo yangi ishga qo‘l urish va o‘zini rivojlantirish uchun mos davr emas. To‘g‘rimi? Qariya Krok bir dunyo boylik to‘plamadi, garchi oz bo‘lsa-da, o‘z biznesi uchun g‘amlab qo‘yishga erishdi. Butun umri davomida unda turli xil biznes g‘oyalar tug‘ildi. Lekin unga hech biri omad keltirmadi. Bundan tashqari, 52 yoshida uning sog‘lig‘ida o‘zgarishlar kuzatilgandi. Ammo bu omadsiz qariyaning keyinchalik omadli biznesmenga aylanib, butun jahon iqtisodiyotini rivojlantirishda o‘z hissasini qo‘shgani ko‘pchilikni haligacha hayratlantiradi.

Krok qancha sohalarda o‘zini sinab ko‘rmadi deysiz. Jaz pianinochisi, ko‘chmas mulk savdogari, radiostansiya menejeri, hatto qizil xoj xizmatida haydovchi vazifasida ham ishladi. Oxir-oqibat taqdir uning hayotida muhim rol o‘ynagan mikserlar sotish tomon yetakladi.

Shunday qilib, kunlardan bir kuni Rey Krok odatdagidek 1 yoki 2 ta mikserga buyurtmalarni qabul qilayotgan edi. To‘satdan bitta restorandan 8 ta mikserga buyurtma tushadi. Rey Krok 17 yillik faoliyati davomida hali kichik restorandan birdaniga 8 ta buyurtma olmagan edi. Bu esa unda katta taassurot qoldirdi. Shu sababli shaxsan o‘zi “mo‘jizaviy restoran”ni ko‘rish uchun yo‘lga tushdi. U yerda ko‘rgan manzarasi Krokning hayotini butunlay o‘zgartirib yubordi.

                                                             Yangi g‘oya sari yo‘l…

Rey kerakli manzilga yetib kelgach, uning nigohi chiroyli shishali devor ortida tinchgina taomlanayotgan odamlarga tushadi. Atrof juda toza, restoran xizmatchilarining ish kiyimlari saranjom edi. Ayniqsa, uni odamlarning restoranga tezlik bilan kirib-chiqishi hayratlantirdi. Qolaversa, stolda birorta notoza idish-tovoq ko‘zga tashlanmasdi. Ularning hammasi plastmassadan tayyorlangan edi. U juda katta hajmdagi tovar aylanmasi va ovqatlarning past narxi restoranga katta daromad keltirayotganini anglaydi. “Bu mijozlarga samarali xizmat ko‘rsatishning eng ajoyib namunasi edi”, deydi Krok.

Makdonaldslar bu ishni samarali tashkil etishdi, ammo uni katta biznesga aylantirish va jahonga tanitish haqida ortiqcha bosh qotirishmadi. Makdonaldsni katta biznesga aylantirish fikri Krokka kechasi bilan uyqu bermasdi. Aynan bu biznes uning butun umri davomida kutgan imkoniyati ekanligini tushunadi.

Krok Makdonaldslarga restoranni darhol jahon miqyosiga olib chiqish haqidagi g‘oyasi bilan chiqadi. Ularga bu biznesni franshizing orqali kengaytirish va butun dunyo bo‘ylab katta restoranlar ochish kerakligi haqida aytadi. Afsuski, aka-ukalar bunday mas’uliyatli ish bilan shug‘ullanishni istashmaydi. Shu sababli restoranni kengaytirish bilan bog‘liq barcha ishlarni Krokka topshirishadi. Albatta, u bu taklifni bajonidil qabul qiladi. Endi Rey butun umr orzu qilganiday haqiqiy katta imkoniyatlarni o‘zida mujassam etgan biznes bilan shug‘ullanishga kirishadi.

1955-yili u o‘zining birinchi restoranini Illinoys shtatining Des-Pleynz shahrida ishga tushiradi. Keyin esa «Makdonalds tizim Ink» franchayzin kompaniyasini tashkil etadi. 1960-yili kompaniya har bir restoranga franshizlarni sotishga kirishadi. Dastlab ishlar kutilgan darajada daromad keltirmaydi. Yil davomida faqat 18 ta franshiz sotiladi, xolos. Eng katta muammo biznesmenlar o‘zlarining pullarini tezkor ovqatlanish, ya’ni “fastfud”ga o‘xshagan tavakkal ishga tikishni istashmasdi. Sabrning tagi oltin deganlaridek, bir kuni mashhur jurnalist Senford Agate Krokdan franshiz sotib oladi va ishlarini reklamalar yordamida rivojlantirib yuboradi. Shundan keyin Makdonalds restoranining franshiz sotuvi ajoyib darajada yo‘lga qo‘yiladi. Ikki yil ichida Rey Krokning daromadi ham oshadi.

Shu topda Makdonalds kompaniyasi tarixida muhim voqea sodir bo‘ladi. Rey Krok aka-ukalardan kompaniyani 2.7 million dollarga sotishini taklif qiladi. Makdonaldslar esa restoranlaridan yetarli darajada mablag‘ to‘plashganlari bois Krok aytgan taklifga rozi bo‘lishadi.

Agar Mak va Dik Makdonaldslar bugungi kunda 120 ta mamlakatda 35 mingta savdo nuqtasi ochilganini bilishganlarida edi… ehtimol, Krokning taklifiga zinhor rozi bo‘lishmagan bo‘larmidi…

                                      McDonalds dunyoni zabt etdi

McDonalds gamburgerlari odamlar mehrini qozondi. U asta-sekin amerikaliklarning odatiy ovqatlanish turmush tarziga aylandi. Ko‘pchilikka manzur narxlar va juda ham mazali mahsulot o‘z foydasini berdi!

1963-yili har kuni Makdonalds tarmoqlarida taxminan 1 million gamburger sotilgan. Oradan ikki yil o‘tgach, milliardlab gamburgerlar sotilgani qayd etildi. Bu muhim voqea to‘g‘ridan-to‘g‘ri efirga ham uzatildi. Kompaniya juda tez shiddat bilan rivojlanib bordi. 1966-yilda Nyu Yorkning fond birjasiga kirishga muvaffaq bo‘ldi. Qizig‘i, fond birjaga hech qachon “fastfud” tarmoqlari kirishga erishmagan. Oradan to‘rt yil o‘tgach, kompaniya 16 mingdan ziyod restoranga ega bo‘ldi.

O‘ylaymanki, bu ajoyib hikoya bizga juda ko‘p narsalarni o‘rgatishi mumkin. Bir tasavvur qiling-a, bir inson umrining yarmi davomida omadsizlikni boshdan kechirdi. Ammo 52 yoshida ham orzu qilishdan to‘xtamadi. O‘zining kuchiga ishongan holda tezkor ovqatlanish tizimining sanoatida o‘chmas iz qoldirdi.

Qahramonimiz haqida

«Makdonalds»ni butun dunyoga tanitgan qahramonimiz Rey (Reymond Albert) Krok 1902-yilning 5-oktyabr sanasida AQShning Chikago shtatida dunyoga keldi. Uning otasi Luis Krok Western Union kompaniyasida faoliyat yuritgan. Luis farzandlari Rey va uning kichik ukasi Bob hamda singlisi Lorenga yaxshi ta’lim berishni juda istaydi.

Biroq Bob va Loren Reyga qaraganda ta’lim olish va o‘qishga juda qiziqishadi. Mashhur tadbirkorning aytishicha, kitoblarni o‘qish unga zerikarli jarayonday tuyulgan. Lekin men orzu qilishni yaxshi ko‘rardim. Muhimi, o‘sha niyatim sari chuqur o‘ylab, keyin harakatni boshlardim.

«Bolaligimda yaqinlarim meni «xayolparast» deya ko‘p mazax qilishardi. Men hech qachon orzu qilish – bekorga quvvatimizni sarflash degan o‘yga bormaganman. Aynan ular qandaydir harakatni amalga oshirishimiz uchun yo‘l hisoblanadi!»

Sevara ABDULLAYEVA  

“Иннавацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи” сайти

https://indep.uz/qogoz-stakandan-mcdonaldsgacha/  2021 йил 3 февралда жойлаштирилди.

 


 

Депутат Дониёр Ғаниев: «Вакцина яратишда иштирок этган олимларимиздан фахрлансак арзийди!»

    Ўзбекистон ва Хитой олимлари ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 рекомбинант вакцинаси Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Бугунги кунда мазкур вакцинанинг III-фаза тадқиқотлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

     Ҳозирги кунда коронавирусни юқтирган ёки юқтирмаган бўлишимиздан қатъи назар, айнан эмланиш мазкур вирусдан сақлайдиган асосий йўл бўлиб қолмоқда. Дунё тажрибасидан маълумки, давлат аҳолисининг 70 фоизида турғун иммунитет пайдо бўлмагунча мамлакатда эпидемик жиҳатдан барқарорликни таъминлаш қийин кечади Вакцина олишга тайёр бўлган кўнгиллилар орасида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ҳам бор. Депутатнинг вакцинация жараёнлари ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Ўтган йили бутун дунё аҳлининг бошига жуда қийин синовлар тушди. 2020 йил коронавирус касаллигининг энг чўққига чиққан даври бўлиб, аҳоли орасида аянчли ҳолатлар кузатилди. Қанча инсонлар ўз яқинларидан айрилишди. Шу жумладан, ўзим ҳам оиламдаги энг яқин инсонимдан жудо бўлдим. Қайғули кўргиликларни бошқа бир инсон бошидан ўтказишини сира истамайман.

Дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга эътибор берсангиз, энг ривожланган мамлакатларгина аҳолисини оммавий тарзда эмлашни бошлади. Бугунги кунда ягона ечим ва долзарб масала оммавий тарзда вакцина олиш ва оммавий иммунитетни шакллантиришдир. Кўриб турганингиздек, вакцина олиш мақсадида кўнгиллилар сафига мен ҳам қўшилдим. Юртимиз аҳлида вакцинага нисбатан ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги, унинг хавфсизлиги ва самарадорлигига ишониш керак. Вакцинанинг нечоғлик хавфсизлиги унинг 1- ва 2-босқичларида исботланди.

Умуман олганда, вакцина олиш давлатлар ўртасидаги алоқаларга кескин таъсир этади. Негаки вирус юқиш хавфи юқори бўлган мамлакатлар билан муносабатлар тикланиши қийин. Вакцина олмаган мамлакатларда қайсидир маънода чекловлар ўрнатилади. Тезкорлик билан коронавирусга қарши вакцина билан эмланиб, вирус хавфидан ҳимояланишимиз зарур.

Тошкент шаҳрининг 4 та поликлиникасида вакцина олиш жараёнлари йўлга қўйилган. Кузатилган клиник синовларда 7000 га яқин эмланган фуқаро орасида тахминан 10 га яқинида аллергик таъсирга хос аломатлар кузатилган, холос. Бу дегани вакцинага нисбатан ҳеч қандай қўрқинчли хавф йўқ. Яқин орада оммавий эмлаш йўлга қўйилиши кутилмоқда. Ўйлайманки, бу жараёнлар муваффақиятли амалга оширилади.

Вакцина олишни нафақат саломатлигимиз нуқтаи назаридан, балки жаҳон аренасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамда илм-фан жиҳатдан эришган бир ютуғи ва эътирофи сифатида ҳам кўришимиз мумкин. Давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи доирасида ўзаро икки мамлакат ўртасида яқин илмий ҳамкорлик ўрнатилиши йўлга қўйилган эди. Бугун шу муносабатларнинг исботини вакцина мисолида кўриб турибмиз.

Умуман, Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан йўлга қўйилган вакцина қилиш жараёнларини анчадан буён кузатиб келаман. Вакцинанинг Хитой ва Ўзбекистон олимлари ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқарилиши халқимизнинг соғлиғини сақлаш учун катта имкониятдир. Биламизки, Америка, Россия, Буюк Британия, Германия каби давлатлар коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарган. Табиийки, бу каби давлатларда ишлаб чиқарилган вакцина, авваламбор, ўз аҳолисига йўналтирилади. Қолган мамлакатларга эса бу йилнинг ҳисобидан вакцина етказиб бериш жуда қийин масала. Шундай қийин вазиятда олимларимизнинг ҳиссаси туфайли вакцинанинг ишлаб чиқарилиши жуда ҳам қувонарли ва фахрланса арзигулик ҳолатдир.

Севара АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги сайти: Депутат Дониёр Ғаниев: «Вакцина яратишда иштирок этган олимларимиздан фахрлансак арзийди!» (mininnovation.uz)

2021 йил 4 март куни сайтга жойлаштирилди.


Vaksinaning 3 dozasini olgan otaxon: “Yaratilgan imkoniyatdan foydalanishimiz kerak!

    Hozirgi kunning dolzarb mavzusi, albatta, vaksina masalasi. Ma’lumki, koronavirus keksa yoshdagi insonlarda juda og‘ir kechdi. Negaki yoshi katta insonlarda boshqa bir yondash kasalliklar kuzatilishi tabiiy. Qon bosimining ko‘tarilishi, qandli diabet va hokazo. Aynan koronavirus mana shu yondosh kasalliklar avj olishi hamda uning asorati sababli qiyin kechdi, desak mubolag‘a bo‘lmaydi. Oqibatda qanchadan-qancha ayanchli voqea-hodisalar ro‘y bergani ko‘pchilikka ma’lum.
    Yurtimizda koronavirusga qarshi Xitoy -O‘zbekiston hamkorligida yaratilgan ZF-UZ-VAC2001 vaksinasining 3-klinik sinov bosqichi davom etmoqda. Ko‘pchiligimizga emlash jarayonining har bir bosqichini qay tarzda boshidan o‘tkazgan ko‘ngilli fuqarolarning holatlari juda qiziq. Bugun aynan emlash tartibi bo‘yicha vaksinani 3-bosqichidan muvaffaqiyatli o‘tgan “Olimpiya” mahallasi “Nuroniylar” tashkilotining raisi 75 yoshli Zaynitdinov Burxoniddin otaning fikrlarini bilish uchun u kishi bilan uchrashdik.
– O‘tgan yili butun dunyo ahli koronavirusning “kuchli” hujumidan anchagina jabr chekdi, deya so‘z boshladi B. Zaynitddinov. – Hanuzgacha uning dastidan qiynalib kelmoqdamiz. Yaqinlaringni ko‘rishga, ko‘chaga bir hatlab chiqishga ham qo‘rqib qolasan ekan. Ayniqsa, atrofingdagi yaqinlaringni oilasida kasallik oqibatida yuz berayotgan ko‘ngilsiz voqealar seni yanada sergak tortiradi. Buni eslash naqadar dahshatli. O‘tgan yili ayni kuchli karantin o‘rnatilgan mahal rafiqam Matlubaxon ham korornavirusga chalindi. Darhol farzandlarim virusni menga yuqishining oldini olish uchun meni boshqa xonaga joylashtirishdi. Rafiqamning holati yaxshi bo‘lavermagach, uni “O‘zekspomarkaz”dagi maxsus jihozlangan davolash maskaniga joylashtirishdi. Ahvolidan juda tashvishlandik. Xonadonimizda hotirjamlik yo‘qoldi. O‘sha paytdagi holatimizni, hatto, tushuntirib berolmayman. Rafiqamni uzoq vaqt holsizlik, nafas siqishi kabi holatlar qiynadi. Uning reabilitatsiya jarayoniga taxminan 2 oycha vaqt ketdi. Men uchun bu oylar go‘yo yildek tuyuldi.
Nihoyat, yurtimizga kasallikka qarshi kurashishda vaksina keltirilganligini eshitdim. Bu xabar meni juda quvontirdi. Ko‘ngilli fuqarolar safiga qo‘shilish istagini bildirdim. Xuddi shunday vaksinani birinchilar qatorida shifokor o‘g‘lim hamda hamshira bo‘lib ishlaydigan qizim ham olishdi.
Shunday qilib, vaksinani ilk bor olganimdan so‘ng 1 oy o‘tgach, 2- dozasi bilan emlandim. Nihoyat 60 kundan so‘ng uchinchi dozasini ham olishga muvafaq bo‘ldim. Ishonasizmi, mana shu 3-bosqichdan keyin ham o‘zimda hech qanday nojo‘ya ta’sir sezganim yo‘q. Harorat ko‘tarilishi, bosh og‘rig‘i yoki et uvishishi kabi nohush hislarni ham tuymadim. Barchasi a’lo darajada o‘tdi. Vaksinani har gal olishga kelganimda tanish chehralarni uchratardim. Ular bilan emlangandan so‘ng bir-birimizda kechayotgan o‘zaro jarayonlarni so‘rashga oshiqardik. Quvonarlisi, hammasida faqat ijobiy natijalar qayd etildi.
Afsuski, vaksina haqida turli xil noo‘rin, ko‘r-ko‘rona mish-mishlar tarqalmoqda. Yuz marta eshgitgandan ko‘ra, bir marta o‘sha jarayonni boshdan kuzatishganida edi, fikrlari mutlaqo o‘zgarishiga ishonchim komil bo‘lardi. Vatanimiz aynan keksalarning sog‘lig‘idan tashvishlanganidan emlash ishlarini qariyalardan boshlashdi. Zero, har bir inson o‘z sog‘lig‘i uchun o‘zi mas’uldir. Hozirda koronavirusdan yagona ishonchli himoya vositasi aynan vaksinadir. Men endi, nafasni siqadigan himoya niqobdan ham ozod bo‘ldim! Ko‘nglim tubidagi qo‘rquvlarning barchasiga vaksina chek qo‘ydi, deya baralla ayta olaman.

Sevara ABDULLAYEVA

«Инновацион ривожланиш нащриётматбаа уйи»  сайти
https://indep.uz/vaksinaning-3-dozasini-olgan-otaxon-yaratilgan-imkoniyatdan-foydalanishimiz-kerak/ 2021 йил 8 апрелда жойлаштирилди.


                   Covid 19га қарши вакцина самара бермоқдами?

Маълумки, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясида ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинасининг III фаза клиник синовлари амалга оширилмоқда.

Мазкур вакцинанинг I ва II фаза клиник тадқиқотлари муваффақиятли ўтказилди. Унинг хавфсиз эканлиги қайд этилгач, III фаза вакцина синовлари амалиёти йўлга қўйилди. Вакцинани олиш учун 18 ёш ва ундан юқори бўлган кўнгилли фуқаролар қабул қилинмоқда.

      Бутун дунёни ларзага солган тождорвирусга қарши эмланиш жараёни қай тарзда амалга оширилаётганини билиш ва кузатиш мақсадида Инновацион Ривожланиш вазирлигининг биносига йўл олдик.

Вазирлик биносида эмланиш учун ажратилган махсус майдонда 10-15тага яқин кўнгилли фуқароларга кўзимиз тушди. Уларнинг текширувдан ўтишини назоратга олган вазирликнинг Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўлими бошлиғи Масъудбек Матякубовга ўзимизни  қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.

                                 Қандай текширувдан ўтиш керак?

         Авваломбор, вакцинани олиш мақсадида ташриф буюрган кўнгилли фуқаро билан савол-жавоб орқали суриштириш ишлари олиб борилади ва унинг соғлиғига баҳо берилади. Дейлик, инсонда сурункали касалликлар, аллергик ҳолатларга мойиллиги ёки юқори қон босимининг ошиши каби ҳолатларини билишимиз муҳим. Қолаверса, қон касалликлари ҳамда онкологик хасталиклардан азият чекаётган беморга ҳам вакцина олиш таъқиқланади.

Бундан ташқари репродуктив ёшдаги, яъни ҳомиладор ёки фарзанд кўриш истагида бўлган аёлларимиз ҳам клиник синовда қатнашолмайдилар.

     Вакцина олиш истагида келган ҳар бир фуқаро рўйхатдан ўтказилади. Табиийки, назоратимиз остида улар билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Кейин эса тартиб қоидага мувофиқ унинг антропометрик белгилари – бўйи ва вазни ўлчанади. Шунингдек, иммунофермент (ИФА) таҳлил синамасини олишга кўрсатма берилади. Ушбу текширувнинг натижаси 20 дақиқани ичида тайёр бўлади. Бу орқали қонда вирусга қарши антитаначалар бор ёки йўқлигига аниқлик киритилади. Бу эса фуқаро олдин коронавирусга чалинмаганлигини билиш учун керакли фактордир.

           Covid 19 билан касалланган фуқаро вакцина оладими?

ИФА текширувидан сўнг фуқаронинг таҳлил натижаси манфий кўрсатгични кўрсатган тақдирда ҳам ундан кейинги жараён, яъни ПЗР  (полимераз занжир реакцияси) текширувини амалга оширамиз. Унинг натижаси бир кундан сўнг тайёр бўлади. Албатта, бу ҳам манфий бўлгандан кейингина шифокор томонидан фуқарога вакцина олишга розилик берилади. Ковидни бошидан ўтказган беморда антитаначалар борлиги сабабли у синовда қатнашолмайди. Бу клиник тадқиқот йиғишимизга нотўғри маълумотни кўрсатади.

Тўғриси, вакцина олиш истагида келган айрим инсонларда текширувдан сўнг коронавирусни бошидан ўтказганлиги маълум бўлмоқда. Улар бундан, ҳатто ҳайратланишаяпти. Бу асосан вируснинг енгил турини бошидан ўтказган беморларда кузатилмоқда. Негаки тождорвируснинг белгилари оддий гриппга ҳам ўхшайдида.

                     Вакцина қандай тартибда амалга оширилади?

Клиник текширувда кўнгилли инсонларнинг ҳар бир маълумоти бизда сақланади. Фуқароларнинг рўйхати шакллантирилади. Вакцина олган кунидан 30-кунида, иккинчи эмланиш жараёни амалга оширилади. Шундан кейинги учинчи дозаси 60-кунида қўлланилади. Бироқ эмланган фуқаро биринчи вакцина қилинган муддатдан бошлаб, бизнинг назоратимизда бир йил давомида бўлади. Аҳволи ва соғлиғи доимий равишда сўраб турилади. Шунингдек, ҳар сафар вакцина олишдан аввал керакли текширувлардан қайтадан ўтказилишлари лозим.

Агар, клиник тадқиқот давом этаётган пайтда хоҳ биринчи доза ёки иккинчи доза бўлсин фуқарода оғир ножўя ўзгаришлар кузатилаётган бўлганда улар кўрсатмага биноан шифохонага ётқизилади ҳамда даволаш муолажалари амалга оширилади.

                   Қандай ножўя ўзгаришлар кузатилди?

Одатда, эмланган инсонда тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик ёки кўнгил айниш ҳолатлари кузатилади. Ҳозирги пайтгача, ҳали бундай ноҳуш шикоятлар билан мурожаатлар бўлгани йўқ.

Ҳозирда вакцина олиш истагида бўлган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигининг (mininnovation.uz) сайтида алоҳида бўлим ажратилган. Тегишли саҳифа орқали фуқаро онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Очиғи, бу вакцинани ўзим ҳам олдим. Ҳеч қандай ноодатий белгиларни сезганим йўқ. Ўйлайманки, барча уринишларимиз, олимларимизнинг ҳаракатлари вируснинг ҳужумкор исёнидан тез орада ҳимоя қилишда ўз самарасини кўрсатади. Вакцина бизнинг барча кутган натижаларимизни оқлайди, деб умид қиламан!

Севара Абдуллаева тайёрлади

Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтида https://mininnovation.uz/uz/news/2774

2021 йил 12 январь жойлаштирилган.

Kun.uz   https://kun.uz/uz/news/2021/01/13/innovatsiya-vazirligi-koronavirusga-qarshi-xitoy-vaksinasini-sinovdan-otkazish-jarayoni-haqida-batafsil-malumot-berdi

2021 йил 13 январь жойлаштирилган


“Жамоавий иммунитет”ни шакллантирсаккина Covid19ни енгамиз!

Азалдан юқумли касалликларга қарши курашиш ва унинг тарқалишининг олдини олишнинг самарали усули – иммунизация, яъни хавфсиз вакцина қилиш ҳисобланади. Бутун дунё аҳлининг бошига не-не кўргиликларни солган тождор вирусдан ҳимояланишнинг асосий омили ҳам айнан вакцина эканлиги мутахассислар томонидан бот-бот такрорланмоқда. Пандемия эълон қилинган кундан бошлаб бутун дунё олимлари сингари юртимиз олимларининг ҳам олдига коронавирусга қарши вакцина яратиш устида тадқиқотлар олиб бориш вазифаси қўйилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги бошчилигидаги олимлар гуруҳининг олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасини инобатга олиб, Хитойнинг Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси Ўзбекистон Республикасини коронавирусга қарши ZF-2001 вакцинасини бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади ҳамда ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC 2001 номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва фойдаланишга келишилганини маълум қилди. Бугунги кунда мазкур вакцинанинг оммавий клиник синовлари муваффақиятли ўтаётганлиги аён.

Лекин орамизда ҳанузгача ушбу вакцина ҳақида турли хил салбий қарашларга эга инсонлар бор. Бугун биз саҳифамизда мухлисларни қизиқтираётган вакцина билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходими Насиба Тоирова билан суҳбат уюштирдик.

    – Насиба опа, кўпчиликда Хитойдан келтирилган вакцинага нисбатан  бизнинг халқимиз “қуёнча” бўлмоқда, деган гап юрибди. Ана шундай анти қарашга эга инсонларга қандай жавоб берган бўлардингиз?

– Бу мутлақо нотўғри фикр. Негаки дастлаб Хитойнинг ўзида бир неча мингдан ошиқ кўнгилли фуқароларда ZF2001 рекомбинант Хитой вакцинасининг барча фазалари муваффақиятли синовдан ўтказилган. Вакцина қабул қилган фуқароларда биронта ҳам жиддий ўзгариш ёки ножўя асоратлар кузатилмаган. Вакцинанинг ҳеч қандай хавф туғдирмаганлигига ишонч ҳосил қилингачгина, Ўзбекистонда ҳам унинг клиник синовларига рухсат берилди. Бу ҳам бизнинг ютуғимиз! Чунки вакцинанинг таркиби нималардан иборатлиги, уни қабул қилганда  нималарни ўз кўзимиз билан кўришимиз ёки ишонч ҳосил қилишимиз учун имкон туғилди. Айтиб ўтиш керакки, хамюртларимиз орасида олиб борилган синов эмлаш ишлари муваффақиятли ўтди. Сиз айтгандай нотўғри хулоса қилган инсонлар ҳам кузатув жараёнларида ўз фикрларини ўзгартиришди деб ўйлайман.

– Коронавирусга чалинган ва ундан даволанган инсонда иммунитет ҳосил бўлиши ҳақида эшитганмиз. Демак, бундай инсонларнинг эмланиши шарт эмас, шундайми?

–  Айнан шу савол кўплаб мунозараларга сабаб бўлди. Аксинча, Covid-19 билан оғриган инсонлар ҳам вакцина олиши керак. Чунки, касалликдан сўнг хосил бўлган иммунитет оз муддатли хисобланади. Аҳамият берган бўлсангиз, коронавирус мутацияга учрамоқда. Яъни вирус оз бўлса-да ўз хусусиятларини ўзгартирмоқда. Сиз юқтирган вируснинг кейинчалик яна бошқа турлари – айнан мутацияга учраган турларини юқтириб олишингизга ҳеч ким кафолат бермайди.

– Вирусни бир марта юқтирган инсонда бир умрга татигулик иммунитет ҳосил бўлади, дейишади. Тождор вирусдан даволанган инсонда ҳам табиий иммунитет шаклланадими?

– Дарҳақиқат, инсон вирусли хасталиклар билан оғригандан сўнг унда табиий иммунитет ҳосил бўлади. Масалан, ўзимизга жуда яхши таниш бўлган қизамиқни олайлик. Лекин биз касал бўлишдан олдин сунъий равишда иммунитет ҳосил қилишимиз мумкинми? Албатта, бунинг иложи бор. Табиийки, вакциналар ёрдамида.
Шу ўринда вакцинага нисбатан ишончсизлик билан қарайдиган фуқароларга бир мисол келтирмоқчиман. Кўпчилигимиз катта ёшли бувижон ва бобожонларимиз билан бирга яшаймиз. Ҳеч шу инсонлардан нечта фарзанд дунёга келтиргансиз, деб сўраб кўрганмисиз? Уларнинг аксарияти сизнинг саволингизга 12 та ёки 14 та деб жавоб беришади. Уларнинг неча нафари ҳаёт, деб сўрасангиз, 4 та ёки 5 таси дейишади. Қолганлари эса қизамиқдан вафот этганлигини афсус билан айтишади. Унга қарши вакцина ишлаб чиқарилгунга қадар қизамиқ ўлим кўрсаткичи энг юқори касалликлардан ҳисобланган. 2017 йилда Ўзбекистон қизамиққа қарши курашишда Элиминацияга эришди ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус сертификатига эга бўлди. Элиминация нима дегани?  Бу касалликни йўқ қилишда бир қадам олдинга одим ташлашдир. Эшитган бўлсангиз, 2018-2019 йилларда қизамиқ касаллиги   аҳоли орасида бироз бош кўтарди. Тезкор чоралар кўрилиб, эмланишлар олиб борилгандан сўнг, унинг авж олишига чек қўйилди. Аҳолини қизамиқ касаллигидан 2 марта эмлаш орқали шундай жиддий касалликни йўқ қилиш арафасида турибмиз.

Худди шу ҳолат 10 йил олдин полиемиелит касаллигида ҳам кузатилган. Тожикистон орқали тарқалиши мумкин, деган хавф бор эди. Дарҳол болалар режадан ташқари эмланди ва натижада ушбу касалликнинг ҳам олди олинди.

Тиббиётда “жамоавий иммунитет” деган ибора  бор, яъни ахолининг  кўп қисми эмланган холатда, эмланмаган ахолида хам иммунитет шаклланади.

Турли касалликлари бор фуқаролар, яъни, масалан, онкологик хасталикларга чалинган инсонлар эмланиши керакми?

– Ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакцинация қилиш бўйича барча вилоят, шахар, туман соғлиқни сақлаш ташкилотлари, тиббиёт бирлашмалари, СЭО ва ЖСБ соҳаси ходимларига аҳолининг электрон рўйхатини тузиш вазифаси қўйилган. Бу рўйхатга биринчи галда 65 ёшдан ошган ахоли, тиббиёт ходимлари, хавф гуруҳига кирувчилар, яъни юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва бошқа жиддий касалликларга чалинган инсонлар ҳам киради.

Маълумки, кекса ёшдаги инсонларда касаллик жуда оғир ўтди. Нега? Ёши катталарда истаймизми ёки йўқ, биттасида 3 та, иккинчисида 5 тадан ёндош касалликлар кузатилади. Қон босими кўтарилиши, қандли диабет ва ҳоказо. Айнан коронавирус мана шу ёндош касалликлар авж олиши ҳамда унинг асорати сабабли қийин кечди. Оқибатда қанчадан-қанча аянчли ҳолатлар рўй берди. Шу сабабли, ёндош касалликлари бор ахоли, шу жумладан,  онкологик касалликлар билан оғриган беморлар ҳам, албатта, эмланиши керак бўлади.

Шу ўринда табиий савол туғилади: кимларга эмланиш мумкин эмас? Эмлашга келган фуқарода бирор соматик ёки юқумли касалликлар авж олган даврда вакцинация қилинмайди, шунингдек хомиладор аёллар ва эмизикли оналар ўртасида хам эмлаш ишлари олиб борилмайди.

  • Covid-19 вакцинаси орқали организмга вирус тушиши мумкин экан. Бу фикрга муносабатингиз қандай?

– Вакцина вирусни юқтирмайди ва юқтиролмайди ҳам. Вакцина – организмга коронавирус кирганда уни таниб олиш ва унга қарши курашишда махсус оқсил моддасини ишлаб чиқаришда иштирок этади. Шу билан сунъий иммунитет ҳосил қилади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, вакцина рекомбинант, яъни сунъий равишда яратилган вакцина бўлиб, таркибида вирус мавжуд эмас.

    – Вакциналарнинг турлари ҳар хил бўлар экан. “Тирик”, сунъий вакциналар ва ҳоказо. Уларнинг фарқи нимада?

 -Хақиқатан, вакциналарни ишлаб чиқарилиши бўйича қуйидаги гурухларга бўлиш мумкин: “тирик”, инактивлаштирилган, субъединик (тозаланган) холатдаги, бошқача қилиб айтганда, рекомбинант вакциналар ва анатоксинлар.

“Тирик” вакциналар – бу касаллик чақирувчи вирус ёки микробни лаборатория шароитида кучсизлантириш, яъни аттенуизация қилиш орқали амалга оширилади. Бу гурухга қизамиқ, паротит, қизилча, орал полиомиелит, ротавирус, силга қарши вакциналарни мисол келтириш мумкин. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ушбу вакциналар билан аутоиммун беморларни эмлашда жуда эхтиёткорлик талаб этилади.

Инактивлаштирилган вакцина – касаллик чақирувчи вирус ёки микроб лаборатория шароитида махсус озуқа мухитларида иссиқлик таъсири ёки кимёвий моддалар ёрдамида инактивация қилинади, яъни “ўлдирилади”. Бунга мисол қилиб, инактивланган полиомиелит вакцинасини келтириш мумкин.

Субъединик холатдаги вакциналар – оқсилли, полисахаридли, конъюгация  асосида ишлаб чиқарилган вакциналардир. Мисол сифатида, рекомбинант гепатит В вакцинасини келтириш мумкин. Бунда вакцина иммун тизимига вирусдан холи бўлган – тозаланган –  антиген таъсири натижасида иммунитет чақиради. Шунингдек, субъединик вакциналар қаторида менингококк, пневмококк, гемофил инфекциясига қарши вакциналарни  санаб ўтиш мумкин.

Анатоксинлар – масалан, дифтерия ва столбняк анатоксини – бунда касалликни бактериялар эмас, балки улар ишлаб чиқарадиган токсинлари чақиради. Ушбу токсинларни тозалаш ва уларнинг кимёвий хусусиятини ўзгартириш орқали анатоксинлар ишлаб чиқарилади. Ушбу анатоксинлар иммуногенлик хусусияти узоқ давом этмаслиги туфайли, ревакцинация – қайта эмлаш қилиш талаб этилади.

Юқоридаги барча вакциналар “совуқлик занжири”га амал қилган холда, яъни +2 – +8 градусда сақланиши талаб этилади. Баъзи тирик вакциналарни, масалан, орал полиомиелит вакцинасини музлатиш мумкин.

 Ҳар бир вакцинанинг амал қилиш муддати мавжуд. Коронавирусга қарши қўлланилаётган вакциналар организмни неча йилгача ҳимоя қилиши мумкин?

– Ҳозирги кузатувларга кўра, вакцинанинг амал қилиш муддати 1 йилгача деб белгиланмоқда. Аммо одамларда бу борада жуда кўп саволлар туғилмоқда: “Вакцина эскириб қолмайдими?”, “Коронавирус мутацияга учрамоқда-ку…” ва ҳоказо. Вакцина ҳеч қачон эскирмайди ёки ортиқчалик қилмайди. Хозирги кунда вакцина ишлаб чиқарувчи фармацевтик компаниялар вирус мутацияга учрашини инобатга олган холда, коронавирус вакцинасини модернизация қилиб боришмоқда. Демак, вакцина ҳозирги пайтдаги вирусга қарши энг самарали воситадир.

– Коронавирусдан сўнг айрим инсонларда  антитаначалар аниқланмаган. Бу нимадан далолат беради?

  • Коронавирус билан касалланганларда касалликни кечиши турлича бўлди. Организмда антитаначаларнинг қай даражада ишлаб чиқарилиши вирус юкламаси, иммун тизими холатига боғлиқ. Кимлардир вируснинг енгил тури  билан хасталаниб, ҳатто уни юқтирганини билгани йўқ.  Вирус хажми жуда кичик. Касалликнинг оғирроқ даражасида организмга вируснинг миллионлаб “томчилари” тушган бўлиши мумкин. Вирус юкламаси оғир, яъни кўп бўлганда,  беморнинг узоқ муддат касал бўлиши кузатилиб, иммунитет ҳам организмда узоқроқ муддат кузатилиши тахмин қилинган.

Дастлабки тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Covid-19 дан кейин табиий иммунитет организмни узоқ вақт ҳимоя қилмаслиги мумкин.      Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, эмлашдан сўнг хосил бўлган иммунитет касалликдан сўнгги иммунитетдан кўра кучлироқ ва давомийлиги узоқроқ бўлади.

Қизиқарли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Ўйлайманки, коронавирусга қарши қўлланилаётган вакцина барча кутилган натижаларни кўрсатади ва самарали ҳимоя воситаси бўлиб қолади!

Севара Абдуллаева суҳбатлашди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтида https://mininnovation.uz/uz/news/2958?fbclid=IwAR0GW5hZSmLFtfTf_oq51EEUBDRXR-b9Yt5z7dS8-wnOMW5oE5EOjp5C6nE

2021 йил 17 март куни жойлаштирилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида https://uza.uz/uz/posts/vakcinaga-ishonchsiz-qarayotgan-fuqarolar-yoxud-virus-bilan-ogrigan-insonlar-ham-vakcina-olishi-kerakmi_250300?fbclid=IwAR0-A7Et47knMRHqYe4vjMZULtg-GQ94JecMh8uGC8BkRJW0PiDVaxq_IQg

2021 йил 19 март куни жойлаштирилди.


Dunyoni lol qilgan kashfiyotchi ayol

          Olamshumul kashfiyotlar yaratish uchun hatto o‘z jonini fido qilgan insonlarni buyuk jasorat egalari, desak haq gapni aytgan bo‘lamiz. Jahon ilm–fanining haqiqiy fidoyisi, o‘z kasbining yetuk mutaxassisi va zamonaviy fizika fani asoschisi Mariya Sklodovska–Kyuri ana shunday insonlardan biri sanaladi. U fizika hamda kimyo fanlari dahosi, jamoat arbobi, radiaktiv nazariya ixtirochisi va ikki marta Nobel mukofotiga sazovor bo‘lgan yagona ayol olima hisoblanadi. Birinchi rentgen apparati hamda radiy (radioaktivlik ega bo‘lgan kimyoviy element)ni ham aynan shu ayol kashf qilgan. Uni fan olamida radioaktiv fizikaning onasi deb ham atashadi.

     Mariya Kyuri 1867 yilning 7 noyabrida Varshavada o‘qituvchilar oilasida tug‘ilgan. Otasi fizika va matematika fani o‘qituvchisi, onasi esa nufuzli oilalar qizlariga ta’lim beradigan gimnaziya direktori bo‘lib ishlagan. Biroq ko‘p o‘tmay oila boshiga baxtsizlar yog‘iladi: otasi ishidan va to‘plagan mol-mulkidan ayriladi. Kichik singlisi vafot etadi. Onasi ham sil kasalligi asoratidan bu dunyodan erta ko‘z yumadi. Quvnoq va o‘ziga to‘q oila birdaniga nochor ahvolga tushib qoladi.

Mariyani yoshligidanoq ilm sehri o‘ziga maftun qila boshlaydi. Shu bois maktabda o‘qib yurgan kezlarida tabiiy fanlarni juda oson va tez o‘zlashtiradi. Otasining ilmiy doiradagi tanishlari ko‘p bo‘lgan. Bunday aloqalar Kyuriga mashhur shaxslar bilan muloqot qilish imkonini bergan. Jumladan, otasi sababli mashhur davriy kimyoviy elementlar jadvalini yaratgan rus olimi Dmitriy Ivanov Mendeleevning laboratoriyasida laborant bo‘lib ishlaydi. Qizaloqning laboratoriyada ishlash jarayonini kuzatgan olim u haqda shunday deydi: “Agar Mariya shu zaylda faoliyatini davom ettirsa, kelajakda mashhur kimyogar bo‘lib yetishadi”. Shu tariqa iste’dodli Mariya gimnaziyani a’lo baholarga tamomlaydi. Biroq oliy ta’lim olish maqsadini amalga oshirishda ikki to‘siqqa duch keladi: oilasining qashshoqligi va o‘sha davrda Varshava universitetida ayollarning o‘qishga qabul qilinmasligi.

Biroq kurashuvchan va ilmga tashna Mariya hamda singlisi Bronya o‘z orzusini amalga oshirish uchun “antiqa” reja ishlab chiqishadi: Mariya 5 yil davomida singlisining tibbiyot institutida tahsil olishi uchun kerakli mablag‘ni to‘plash uchun tarbiyachi sifatida ishlay boshlaydi. Kerakli muddat o‘tgach, Bronya Parijda shifokor bo‘lib ishga kiradi. So‘ng opasini o‘qitish uchun barcha xarajatlarni o‘z zimmasiga oladi.

Mariya 1891 yili Parij Universitetining (Sorbondagi) tabiiy fanlar fakultetiga o‘qishga kiradi. Bunday baxtga muyassar bo‘lgan olima bor kuchini o‘qishga sarflab, eng bilimli talabalar qatoridan joy oladi. Biroq Mariya muhtojlikda yashaydi. O‘z vaqtida ovqatlanish va kiyinishga imkoni bo‘lmaydi. Hatto bir necha marta ochlik sabab hushidan ham ketadi.

1893 yili birinchi bosqichni yakunlagan bo‘lajak olima Sorbonda fizika bo‘yicha litsensiat darajasi (ekvivalent magistr darajasi) va yana bir yildan so‘ng esa matematika fani bo‘yicha litsensiat darajasiga ega bo‘ladi.

                                                 Ilmiy yutuqlari

Mariya Kyurining biografiyasi ajoyib voqyealarga boy. U orzusi yo‘lida qo‘lga kiritib bo‘lmaydigan natijalarga erishganligi kishini hayratlantiradi. Kyuri-Sklodovskaya fizika fani bo‘yicha ma’ruzalar o‘qishdan tashqari, elementlarning radiaktiv xususiyatlariga oid eng katta kashfiyotlarni ham amalga oshirgan. Shuningdek, ularning amaliy foydalanish imkoniyatlari to‘g‘risida ma’lumotlar qoldirgan. Turmush o‘rtog‘i Per Kyuri bilan hamjihatlikda poloniy (kimyoviy element)ni kashf qiladi. Ular fan tomonidan hali kashf etilmagan boshqa elementlar mavjudligini ham taxmin qilishgan.

Mariya o‘n ikki yil davomida radiy (radioaktivlik xossasiga ega bo‘lgan kimyoviy element)ning xususiyatlari bo‘yicha tadqiqot olib boradi. Va elementni metall shaklida qo‘lga kiritib, xlorid bilan radiyning birikishini ajratib ko‘rsatishga erishadi. Qolaversa, bu izlanishning eng diqqatga sazovor tomoni shundaki, ilgari hyech qanday davosi yo‘q hisoblangan saraton kasalligini radioaktiv nurlanish orqali davolash mumkinligini aniqlab, tibbiyot sohasi rivojiga katta hissa qo‘shadi.

Kyuri, shuningdek, radioaktiv gazlarning yiringli yallig‘lanish kasalliklarini davolashdagi zararsizlantiruvchi xususiyatini aniqlaydi. Hatto u maxsus preparat saqlaydigan idish ham yaratadi. Urush paytida esa olima “kichik Kyuri” deb nomlanadigan yaralangan askarlardan radiatsiya qismlarini aniqlash uchun mobil rentgen apparatlarini to‘plashga ko‘maklashadi. Bu orqali jarohatdagi yara asoratlarini aniqlashga erishildi.

Ishga bo‘lgan talabchanligi va shijoati bilan Mariya Radiy institutiga asos soladi. Olima u yerda dars berishdan tashqari, tadqiqot ishlarini ham olib borgan. Umri davomida Kyuri 30 dan ortiq maqola, 4 o‘quv qo‘llanma va 5 ta kitob nashr ettiradi.

                                              Shaxsiy hayoti

Mariya Kyuri oliygohni tamomlagandan so‘ng ko‘plab ilmiy kashfiyotlar va kristall fizikasi sohasida olib borayotgan tadqiqotlari bilan og‘izga tushgan olim Per Kyuri rahbarligidagi laboratoriyada ishlay boshlaydi.

Per Kyuri o‘z kasbiga muhabbat bilan yondashgan, aqlli yosh olimaga ko‘ngil qo‘yadi va Mariyaga turmush qurish istagini bildiradi. Biroq Kyuri bunday taklifga avval rad javobini beradi. Shunga qaramay, Per Kyurining ko‘ngliga yo‘l topib, uni taklifiga ko‘ndiradi. Xullas, 1895 yilda ular turmush qurishadi. Ular Iren va yeva ismli qizlarni voyaga yetkazishadi.

Bir sohada faoliyat olib borgan olimlarga hamkorlikda ishlash haqiqiy zavq bag‘ishlaydi. Ular birgalikda katta metallurgiya konsernning buyurtmasiga binoan ruda radiatsiyasini o‘rganish borasida tadqiqotlar olib boradi. Biroq bunday baxt uzoqqa cho‘zilmaydi. Per katta yuk mashinasi g‘ildiragi ostida qolib, halok bo‘ladi. Mariya bu qayg‘uni yengish uchun o‘zini butunlay ishga bag‘ishlaydi.

Olima juda ko‘plab tadqiqotlar olib borgan. Xususan, radiatsiya ta’siriga duch kelgan eksprementlarni amalga oshiradi. Hayotining so‘nggi damlarida Mariya radiatsiya kasalligidan kelib chiqqan turli xil kasalliklar asoratidan aziyat chekadi. O‘z sog‘lig‘ini xavfga qo‘yib, radiatsiya nurlanishi ochiq elementlarining inson organizmiga ta’siri xususida uzoq vaqt tekshiruvlar olib boradi.

                                 Cheksiz hurmat va ehtirom

1903 yilda professor Genri Bekkerel, Mariya Kyuri va uning turmush o‘rtog‘i Per Kyurining radioaktivlik hodisalari bo‘yicha olib borgan tadqiqotlari yuqori baholanib, fizika fani bo‘yicha Nobel mukofotiga loyiq topiladi.

1911 yili esa Mariya radiy va poloniy (kimyoviy elementlar)ning sof ravishda ajralishi, tabiati va o‘ziga xos xususiyatlarini o‘rganish borasida olib borgan ishlari yuzasidan kimyo sohasida Nobel mukofotini yana bir bor qo‘lga kiritishga musharraf bo‘ladi.

1922 yilda Mariya Kyuri Fransiya tibbiyot akademiyasi hamda xalqaro millatlar Ligasida intellektual hamkorlik bo‘yicha xalqaro komissiyaning a’zosi etib saylandi.

1930 yilda xalqaro atom massalari qo‘mitasining faxriy a’zosi bo‘ldi. Kyurining sharafiga muassasalar, universitetlar, jamoat joylari, ko‘chalar va muzeylarga uning nomi berilgan. Hayoti va bosib o‘tgan qiyinchiliklari to‘g‘risida turli xil san’at asarlari, tarjimai hollari, kitoblar, filmlar ishlangan.

                            Diqqatga sazovor ma’lumot

Mariya haqiqiy daho ayol edi. Uning xotirasiga bag‘ishlab Varshavada Mariya Sklodovskoy-Kyuri deb nomlangan muzey ochilgan. Parijning Milliy kutubxonasida qo‘rg‘oshin qoplamli qutilarda uning narsalari va laboratoriya uskunalari ehtiyotkorlik bilan saqlanadi. Olimlarning e’tiroficha, yuqori radiatsiya xavfi tufayli uning shaxsiy buyumlariga 1500 yil yaqinlashish mumkin emas ekan.

Parijning Panteon shahrida radiaktiv nurlanishdan himoya qiluvchi maxsus tobutda Mariya Kyuri ko‘milgan. Kutubxonaga tashrif buyuruvchilar, Kyurining kundaligi va jurnallari bilan tanishishdan avval xavf borasida ogohlantirilganliklari haqidagi hujjatga imzo chekadi. Radiy bilan zararlanmaslik uchun himoya moslamasini kiyib oladi. Bu qoida yana bir yarim ming yildan so‘ng o‘z kuchini yo‘qotadi.

Sevara Abdullaeva

“Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи” сайти

https://indep.uz/dunyoni-lol-qilgan-kashfiyotchi-ayol/

2021 йил 21 январда сайтга қўйилди.


ЯХШИ КАЙФИЯТ – БОЛАЛАРГА  КЎМАК!

 Хабарингиз бор, мамлакатимизда қизлар ўртасида технологияларга бағишланган «Technovation Challenge” халқаро танлови ўтказиб келинмоқда.
«Technovation Challenge» танловининг диққатга сазовор томони шундаки, у фақат қизлар ўртасида ўтказиладиган мусобақа саналади. Танловнинг шарти ён-атрофда содир бўлаётган муаммоларни бартараф этишда хизмат қиладиган иловалар яратишдир. Ушбу илова орқали муаммолар бартараф этилиб, дастурни кодлаш ва уни бозорга чиқариш учун компания яратишни кўзда тутади. Дастурнинг асосий мақсади – қизларга танқидий фикрлаш, тадбиркорлик ва дастурий қобилиятларни ривожлантириш, шунингдек муаммоларни аниқлаш, ечимларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш, жамоада ишлаш ва турли аудитория билан мулоқот қилиш имконини беради.

          “Mizash”  ДИҚҚАТНИ  ТОРТДИ

Жорий йилнинг январдан то май ойига қадар ўтказилган  ушбу танловда жуда ҳам кўплаб ёш қизлар ўз иқтидорларини намоён этишди. Лекин айни дамда юртимизда ўрнатилган карантин ушбу танловнинг фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмади. Бироқ технологияларнинг ёрдами туфайли онлайн равишда қизлар мобиль иловаларини ҳайъат аъзоларига тақдим қилишга эришдилар. Мазкур иловалар орасида аутизм болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган  “Mizash” (араб тилидан олинган бўлиб “кайфият” деган маънони англатади) иловаси диққатимизни тортди. Шу тариқа Junior (10 ёшдан 14 ёшгача) қизларга менторлик қилган Муниса Исломова билан суҳбатлашишга ошиқдик.

                 ҒОЯНИНГ ТУҒИЛИШИ

Муҳаммад  Хоразмий мактабида бир куни тадбир бўлганди. Ўша ерда Bahodirova Madina, Asqarova Ominaxon, Umarova Kifoyatxon каби  шижоатли қизлар билан танишдим. Шу тариқа улар билан гуруҳ ташкиллаштириб, мазкур танловда иштирок этиш фикри туғилди. Табиийки, бирон бир ишга бел боғлашдан аввал унинг учини топиш лозим.  Қандай муаммони ўртага ташласак? Унга қандай ечим топсак, дея ўйладик. Қизлар ҳар хил ғояларни ўртага ташлашди. Жуда кўп фикр ва қарашлар бўлди. Сўнг фикрларни жамлаб,  аутизм касаллиги билан хасталанган болалар ҳақида илова тайёрлашга киришдик. Бу фикрни ўртага ташлаган бир қизимизнинг ён қўшниси ёшлигида шу касалликка чалинган экан ва жиддий парвариш ва эътибор бўлгани учун  тузалиб кетган экан. Бу касаллик насл суриши билан ўта аянчли ҳисобланади.  Афсуски, ҳозирда унинг фарзандида ҳам аутизм хасталиги  кузатилмоқда. Бемор қиз эса гуруҳимизнинг аъзосини энг яқин дугонаси экан.

Аутизм қандай касаллик?

 Аутизм (юунонча «аутос» – «ўзим» деган сўз) – бу руҳиятнинг ўзига хос ҳолати бўлиб, бемор ташқи олам, атрофдагилар билан мулоқот қилишни истамайди. У ёлғизликни ёқтиради. Яна бир хил хатти-ҳаракат ва сўзларни такрорлайди. Аутизм ташхисли бола ўз оламида яшайди. Фикрлаши бошқаларникига ўхшамайди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари реал воқелик билан боғлиқ эмас. Аутизм кичик ёки ўсмир ёшдаги болаларда кузатиладиган касаллик саналади. Кўпинча уларда бепарволик кучли бўлади. Мисол учун бирор киши гапирганда, хаёли умуман бошқа жойда бўлиши мумкин. Ёки бўлмаса, қандайдир нарсага нисбатан қўрқув ҳисси кучли бўлади. Ҳаттоки, турган жойида қичқириб юборадиган даражада. Айнан шундай белгилар намоён бўлиши билан болага яхши эътибор берилса, у бутунлай соғайиб кетиши муқаррар.

Аутизмни жуда ҳам кўп даволаш усуллари мавжуд. Бизлар иловамиз орқали ABA (applied behaviour analysis) трампик усулидан фойдаланган ҳолда бемор болаларни ҳар хил ўйинлар ёрдамида чалғитиш ҳамда қизиқтириш билан касалликдан фориғ этишни кўзладик.

Юртимизда касаллик бўйича статистика мавжуд эмас

 Аутизм бўйича Ўзбекистонда статистика қидиришга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳеч қандай маълумот топганимиз йўқ. Аутизмга чалинган болалар сони юртимизда маълум эмас. Ҳатто БМТ қидирув тизимларига ҳам мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Натижада кординаторларимиз ҳам аниқ маълумотга эга эмасликларини билдирди. Бундай ҳолат бизнинг ишимизни  бироз қийинлаштирди.

                  Илова қандай ишлайди?

“Mizash” илова билан танишганингизда,  ҳар хил бўлимларга кўзингиз тушади. Дейлик, турли хил ўйинлар, тест синовлари ва викториналар алоҳида бўлимларга ажратилган.  Иловамизнинг диққатга сазовар томони шундаки, тестларни айнан мактаб дарсликларидан фойдаланган ҳолда тайёрлаганмиз. Тест натижалари боланинг руҳиятига таъсир кўрсатмаслиги учун машҳур инсонларнинг сўзларидан кўчирмалар келтирганмиз. Табиийки, биз нафақат таълим орқали боланинг соғлом  ўсишига таъсир ўтказамиз, балки уларни руҳлантирадиган маслаҳатлар ёрдамида касалликнинг исканжасидан чиқиб кетишларига ёрдам  кўрсатамиз. Айнан аутизмдан жабр чекадиган болалар руҳий рағбатлантиришга  муҳтож эканликларини унутмаслигимиз керак.

Иловадан нафақат аутизм билан касалланган болалар, балки барча бирдек фойдаланиши мумкин. Айни дамда ўқув масканларида кўп болалар онлайн таълим олмоқдалар. Бизнинг лойиҳамиздан фойдаланган ҳолда тест саволларини ечиб, билимларини кенгайтиришлари мумкин.

          КАРАНТИН ВА  ТАЛАЙ ЧЕКЛОВЛАР

Тўғриси, лойиҳани охирига етказиш жуда қийин кечди. Мен жамоамда ёлғиз ўзим ментор эдим. Шунингдек, бу соҳада биринчи бор иштирок этишим. Кординаторлардан ҳам жуда кўп маротаба ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Энг ёмони, тождор вируснинг асорати кўп ишларнинг белига тепмоқда. Юртимизда карантин ўрнатилди! Ҳамма уйда! Гуруҳим аъзоларида ҳам тушкун ҳолатлар кузатилди. Иложи борича, уларни руҳлантиришга ҳаракат қилдим ва кўзлаган мақсадимизни якунига етказишга чорладим.

Ўрнатилган карантин сабабли дастуримиз ҳали тўлиқ ниҳоясига етмади. Қувонарлиси шундаки, «Technovation Challenge» бош ташкилотчилари бизга иловага қайта ишлов бериш учун муддатни узайтириб беришди.

ИЛОВАНИНГ АФЗАЛЛИГИ

Иловада ота-оналар ва шифокорлар ўртасида ҳамкорликни ўрнатишни ҳам кўзлаганмиз. Масалан боланинг тест натижалари ҳамда пазллардан ясаган насраларини ота-оналари шифокорга жўнатиши мумкин. Шифокор боланинг аҳволидан ва унда кечаётган ўзгаришларга қараб, бошқача ўйинлар таклиф этиши мумкин. Ўйлайманки, айнан ушбу бўлим иловамизнинг энг керакли ва фойдали қисмидир.

Тўғри, дунё бўйича аутизм болаларга мўлжалланган иловалар бисёр. Лекин айнан ўзбек тилида ва ўзбек таълимидан (1 синфдон то 11 синфгача) ишланган тестлар ҳамда пазлли ўйинлар мавжуд эмас. Бу эса бизнинг ютуғимиз.

     АУТИЗМ  БОЛАЛАР — КЕЛАЖАК ЭГАЛАРИ

Аутизм болаларда бепарволик ва лоқайдлик аломатлари кузатилгани  билан уларда бир нарсага кучли қизиқиш ҳисси юқори бўлади.  Натижада улар бутун диққатини айнан бир томонган йўналтиради. Масалан, Стив Жобс (apple), Билл Гейтс (Microsoft), Эйнштейн (буюк олим) каби дунёга танилган машҳур инсонлар ҳам ёшлигида аутизм касаллигига учраган эканликларини аниқладик.

Биз айнан боланинг қалбида ёнган қизиқиш учқунини топиб, қобилиятини тест орқали аниқлаш, шу тариқа ривожлантиришни асосий мақсадимизга киритганмиз.

Севара АБДУЛЛАЕВА

“Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи” сайти https://indep.uz/

2021 йил 19 январда жойлаштирилган.


Бахтиёр Холматов: “Мақсадим юқори – малакали энтомолог мутахассисларни тайёрлаш”

Бугунги кунда юртимизда кўплаб соҳалар қатори зоология соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, республикамиз фаунасини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар, турли зараркунанда ҳашаротлар, жумладан, термитлар ва уларнинг зарарларига қарши курашиш борасида қилинаётган тадқиқотлар алоҳида диққатга сазовор. Биз мазкур соҳадаги янгиликлар, ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ишлар, шу билан бирга, соҳанинг бугунги ва истиқболдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Зоология институти директори, биология фанлари доктори Бахтиёр Холматов билан суҳбат уюштирдик.  

Назаримда, юртимизда зоология фани у қадар оммалашмаган.  Ушбу соҳа вакилларига эса талаб камдай. Айнан зоология фанини танлашингизга нима туртки бўлган?

– Зоология фани инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир. Аксинча, бу  соҳа вакилларига талаб жуда юқори. Бироқ таълим жараёнидан бошлаб илмий тадқиқот йўналиши ва ишлаб чиқариш жараёнида зоология соҳасидаги мутахассислар етишмаслиги кузатилади. Ўз навбатида, буни олдимизда турган қатор долзарб масалалар билан изоҳлаш мумкин.

Ёшлигимдан табиий фанларга катта қизиқиш билан қарардим. Олийгоҳда  ўқиб юрган чоғларимда олимлар билан семинарлар бўлиб турарди. Бир куни Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти профессори А.Ш. Хамраевнинг илмий тадқиқот ишлари юзасидан семинар бўлиб ўтди. Бу илмий учрашув менда катта таассурот қолдирди. Шу кундан эътиборан Зоология фанининг Энтомология йўналишида тадқиқот олиб боришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Профессор А.Ш. Хамраев раҳбарлигида магистратура ва аспирантура босқичида зараркунанда ҳашаротлар, айнан термитлардан ёғоч материалларини ҳимоя қилиш технологиясининг илмий асосларини яратиб, уни аҳоли турар жойлари, стратегик аҳамиятга эга бинолар ва тарихий обидаларга жорий қилиш ишларини амалга оширдим. Кейинчалик Зоология институти кичик илмий ходими сифатида фаолиятимни давом эттирдим.

– Зоология фанининг замонавий дунёда тутган ўрни ҳақида тўхталсангиз. Доимий иқлим ўзгариши шароитида бу қай даражада муҳим?

– Зоология фани, яъни ҳайвонот дунёси биохилма-хилликнинг бир қисми сифатида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда фан-техника тараққиёти зоология фани олдига қатор вазифаларни қўймоқда. Булар ҳайвонот оламининг хилма-хиллиги ва тарихий тараққиёти, ҳайвонларнинг тузилиши, ҳаёт кечириши, тарқалиши, ривожланиши, шунингдек, уларнинг яшаш муҳити билан муносабатлари, фанга маълум бўлмаган турларини ўрганиш, камёб ва йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш ҳамда муҳофаза чораларини ишлаб чиқишдан иборатдир. Молекуляр генетик тадқиқотлар ривожланиши бугунга қадар морфологик жиҳатдан ўзаро бир-бирига ўхшаш турларни тадқиқ қилиш орқали фан учун янги турларни кашф қилмоқда.

Иқлим ўзгариши ҳайвонот дунёсининг яшаш тарзига таъсир этувчи асосий омиллардан саналади. Биргина ҳароратнинг кўтарилиши ҳар бир тур учун кўпроқ салбий таъсир этиб, уларнинг биологияси яшаш жойлари, зичлиги ва ҳаёт тарзига таъсир этиши пировард натижада турнинг камайиши ва йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Айниқса, ҳашаротларда фойдали ҳарорат йиғиндисининг тез йиғилиши турнинг кўпайиб ривожланишига таъсири натижасида озуқа етишмовчилиги келиб чиқади. Табиий экотизимдаги озуқа занжирига бўлган таъсири орқали мувозанат бузилади. Бу эса, ўз навбатида, биохилма хилликни камайтириб, экологик вазиятни янада ёмонлаштиради. Аксарият турларнинг кўпайиш самарадорлиги пасаяди ёки бутунлай йўқ бўлиб кетади.

– Ишингизнинг энг қизиқарли жиҳати нимада?

Касбий фаолиятимнинг қизиқарли томони шундаки, эрта баҳордан табиат уйғониши билан ҳашаротларнинг вегетацион ривожланиш даври бошланади. Ҳаво ҳароратининг кескин пасайишига қадар ҳашаротлар биохилма-хиллигини ўрганиш бўйича тадқиқот ишларини олиб бораман. Албатта, бу тадқиқотлар табиий шароитларда, яъни чўл текисликларидан бошлаб тоғли ҳудудларда амалга оширилиши билан алоҳида аҳамият касб этади ва бу касбий фаолиятимга янада илҳом бағишлайди.  

 –– Юртимизда фаннинг истиқболи қандай? Соҳангизнинг қанчалик фойдали ва аҳамиятли томонлари бор?

– Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш бўйича охирги уч йилда жуда катта ишлар амалга оширилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ-6097-сонли “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони юртимизда илм-фанни янги босқичга кўтаришга асос бўлди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби фармон билан тасдиқланган Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида устувор йўналишларни белгилаш, мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар, илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш, юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш каби масалаларнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилган.

Зоология соҳаси республикада ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мавжуд бўлган ҳайвонот дунёсини келажак авлодга етказиш ва ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт ҳамда экотуризмни ривожлантиришга салмоқли даражада хизмат қилади.

– “Ўзбекистон ғўза-беда агробиоценозларида қандалалар (Hemiptera: Miridae) популяцияси ҳолатини баҳолаш ва улар сонини бошқариш усулларини ишлаб чиқиш” мавзусида амалий тадқиқот лойиҳаси олиб борган экансиз. Тадқиқот натижаларининг муҳим тарафларига батафсилроқ тўхталсангиз.

– 2015-2017 йиллар давомида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида, асосан,  Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари хўжаликларида беда ва ғўза агробиоценозида Miridae оиласига мансуб қандалаларнинг 22 тури аниқланди. Улардан 3 та тур доминант, яъни Adelphocoris lineolatus, Ligus pratensis ва Creontiades pallidus ҳисобланади. Сурхондарё ва қисман Қашқадарё вилоятларида сўқир қандалаларнинг Creontiades pallidus тури илк бор учраганлиги ва ғўзага жиддий равишда зарар етказганлигини тадқиқ этдик. Бахтимизга бу тур қандаланинг бошқа вилоятларда учрамаганлиги қайд этилди.

Miridae оиласи қандалаларининг беда ва кўп йиллик ўт ўсимликлар пояларида қишлаши, ўсимликларнинг ривожланиш фазалари,  қандалаларнинг тухум ва эмбрионал даврига таъсири ўрганилди. Miridae оиласи қандалаларининг республиканинг турли ҳудудларида қишлаган тухумлардан личинкалар очиб чиқиши ўсимликларнинг ўсиш тезлиги, тупроқ қатламининг кучли қизиши ва нисбий намлигининг пасайиши билан боғлиқлиги ўрганилди.

Тошкент вилояти шароитида дала қандаласининг ғўза формацияларида тақсимланиши ва ғўза тупининг ўрта формациясида қандалалар тухум  қўйиши учун қулай эканлиги аниқланди. Miridae оиласига мансуб қандалаларнинг 11 та оилага мансуб 29 та тур ўсимликлар билан трофик алоқалари ўрганиб чиқилди

Ғўза агробиоценозида беда (Adelphoсoris lineolatus Goeze) ва ғўза (Creontiades pallidus Rambur) қандалалари доимо бирга учраганлигини ҳисобга олиб, боғчаларга бу қандалалар турли нисбатларда қўйилиб, ғўзага келтирадиган зарари ўрганилди ва 1:3 нисбатда қўйилганда, ҳосилдорликка (60%) сезиларли даражада зарар етказиши аниқланди. Ғўза ва бедага зарар келтираётган Ligus авлодига мансуб қандалаларга қарши Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари фермер хўжаликларида янги  кимёвий препаратлар (А-ратэ 5% к.э. и А-релл-Д 55% к.э., Coral 10% в.р., Имидаклоприд 350 г/л к.с., Химидор 60% к.с., Энтолучо 20% к.с.)нинг дала шароитида синови ўтказилди. Ушбу препаратларнинг биологик самарадорлиги 74,9 дан -87,1 %гачани ташкил этиб, иқтисодий самарадорлик мезонидан юқори бўлиши аниқланди. Олинган натижалар асосида “Ғўза агробиоценозида зарарли қандалаларнинг сонини бошқариш” мавзусида тавсиянома тайёрланди.

– 2018–2020 йилларга мўлжалланган ПЗ-20170927149 сонли “Anacanthotermes авлоди термитларига қарши янги “Antitermit” ем-хўраги ва кураш усулларини ишлаб чиқиш” амалий тадқиқот лойиҳасига раҳбарлик қилиб келмоқдасиз. “Antitermit” ўзи нима? У қандай мақсадларда қўлланилади?

– Республикамиздаги аҳоли турар жойлари, табиий ва тарихий обидалар, иншоотлар ва очиқ майдонларда термитларнинг тарқалиши, зарарли фаолияти юзасидан мониторинг ишлари олиб борилди. 4748 та координаталар белгиланди. Google.earth ва ArcGIS дастури асосида ГАТ харитасига киритилди.

Янги авлод “Antitermit” ем-хўрагининг янги шаклдаги конструкцияси ишланиб, модернизация қилинди. Шунингдек, термитларнинг табиий тарқалган жойларида, аҳоли турар жой иншоотларида мутлақо янги кураш воситаси сифатида юқори биологик самарадорлик кузатилди. “Antitermit” ем-хўрагини ташиш ишлари ва қадоқлаш материалларини такомиллаштириш, термитларга қарши кураш тизимига жорийлаштириш ва ишлаб чиқариш мақсадида “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази”га ушбу ем-хўракни ишлаб чиқариш ускунасини яратишга буюртма берилди.

– “Жанубий Ўзбекистон тўғриқанотсимон (Insecta: Orthopteroidea) ҳашаротлари” мавзусида докторлик диссертацияси ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, биология фанлари доктори илмий даражасига эга бўлганлигингиз ҳақида ўқидим. Докторлик ишингизнинг инновацион жиҳатлари нимада?

– Докторлик диссертация ишимнинг инновацион жиҳати, асосан, олинган маълумотларни рақамлаштиришга қаратилган бўлиб, шу асосда Жанубий Ўзбекистон тўғриқанотсимон ҳашаротларнинг 7 туркум 18 оиласига мансуб 121 турларни ўз ичига олган тадқиқот объектлари бўйича ахборотларни сақловчи, қидирувчи ва ҳисоботларни тайёрловчи функцияларни жамлаган “Orthoptera info” маълумотлар базаси яратилди. Яратилган “OrthopteraInfo” маълумотлар базаси жанубий Ўзбекистон тўғриқанотсимон ҳашаротлари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш учун мўлжалланган. Маълумотлар электрон базасида ҳар бир ҳашарот турининг таснифи, хўжаликдаги аҳамияти, турининг коллектори, тарқалиш ареали, ҳаётий шакли, идентификация тартиб рақами, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган турлар рўйхати ва турларнинг фотосуратлари акс эттирилганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилган. Маълумотлар базаси учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан муаллифлик гувоҳномаси ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига фойдаланиш учун тақдим этилди.

     – Зоология фанини ривожлантиришда халқаро муносабатларни ҳам йўлга қўйгансиз. Айни дамда улар билан ҳамкорликда қандай ишларни амалга оширяпсиз?

– Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти олимлари билан Хитой Фанлар академияси Зоология институти олимлари ўртасида Зоология илм-фани соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичи йўлга қўйилди.

Институт олим ва мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, илмий-тадқиқот ишларини бажариш юзасидан қатор икки томонлама ташрифлар амалга оширилиб, ҳамкорликда меморандум имзоланди.

ЎзР ФА Зоология институтининг 3 нафар ёш олимлари CAS-TWAS дастури доирасида PhD диссертация ишларини амалга ошириб келмоқда.

Шунингдек, ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Ўзбекистон қўриқхоналари энтомофаунасини ўрганиш юзасидан экспедициялар ташкил этилиб, илмий тадқиқот натижалари юзасидан хамкорликда «INSECTS AND SPIDERS IN UZBEKISTAN» монографияси чоп этилди.

Асосий мақсадимиз:

Биохилма-хилликни ўрганиш, ҳайвонот дунёси мониторингини юритиш, зараркунанда ҳашаротлар сонини назорат қилиш;

Марказий Осиёда ҳашаротлар фаунасини ўрганиш ва уларнинг маълумотлар базасини яратиш;

Ҳашарот турларини молекуляр-генетик (ДНК штрих кодирования-Баркодинг) таҳлил қилиш;

Ҳамкорликда конференция, симпозиум ва семинарлар ташкил этиш ҳамда олинган натижаларни муҳокама қилиш ва чоп этиш.

Бундан ташқари, какра ўсимлиги 130 йил олдин Америка қитъасига тасодифан тушиб қолган ва унга қарши кураш бу қитъада катта муаммо туғдирмоқда. Швейцария CABI Bioscience маркази билан ҳамкорликда какра заҳарли ўсимлигига қарши биологик агентлар гербифаглари (табиий кушандалари) ёрдамида кураш усулларини ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқотлар амалга оширилмоқда.

    – Ҳозирги кунда Зоология институтида қандай илмий ишлар қилинмоқда?

– Бугунги кунда Зоология институтида қуйидаги йўналишларда тадқиқот ишлари олиб борилмоқда:

республика фаунасини комплекс тарзда ўрганиш, ҳайвонот дунёси объектларининг замонавий ҳолатини баҳолаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;

алоҳида аҳамиятга эга бўлган зоологик ҳудудларни аниқлаш, ҳайвонот дунёсининг ноёб ва эндем турларини сақлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

республика фаунасининг миллий ахборот-таҳлилий маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва юритиш, ёввойи ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари бўйича давлат кадастри, Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва ҳайвонот дунёси мониторингини юритиш;

зараркунандалар, паразитлар ва иншоотлар биозараркунандалари сонини назорат қилишнинг инновацион технологияларини ишлаб чиқиш;

сув экотизимлари ва гидробионтлар экологиясини ўрганиш, республикада балиқ ресурслари генофондини баҳолаш ва мониторинг қилиш.

– Келгусидаги режаларингиз қандай? 

Ўз олдимга 2 та муҳим мақсадни қўйганман: биринчиси – Ўзбекистон ҳашаротлар фаунасига оид кўп жилдли монография чоп этиш ва юқори малакали энтомолог мутахассисларни тайёрлаш бўлса, иккинчиси – зараркунанда ҳашаротларга қарши экологик тоза биологик кураш воситасини яратиш орқали юртимизнинг янада равнақ топишига оз бўлса-да ўз ҳиссамни қўшиш.

Маълумотнома

Бахтиёр Холматов 1984 йили Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. Тошкент вилояти давлат педагогика институти 2001–2005 йилларда бакалавр, 2005–2007 йилларда магистратура босқичида таҳсил олган. Кейинчалик Зоология институти аспирантура босқичини тамомлаган. 2011 йилда номзодлик, 2019 йилда эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Зоология институти директори. 35 ёшида биология фанлари доктори илмий даражасини олган.

Севара Абдуллаева суҳбатлашди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги UZA сайтида www.uza.uz 2021 йил 2021 йил 9 февралда жойлаштирилган.

“Инновацион ривожланиш нашриёт матбаа уйи” сайти www.indep.uz

2021 йил 26 январ жойлаштирилган.


Кун олими

   Аброр Худойбердиев: “Математика — катта бир уммон”

Илм-фан ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган буюк алломалардан бири, алгебра фани асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмийни бутун дунё танийди. У қолдириб кетган илмий меросдан ҳали-ҳануз илм-фан ривожи йўлида фойдаланилади.

 Юртимизда буюк аждодимизга муносиб издош бўлишга ҳаракат қилаётган ёшлар жуда кўп. Математика илми ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ёш олим, 31 ёшида фан доктори илмий даражасига сазовор бўлган Аброр Худойбердиевни ана шундай зиёлилардан бири, десак муболаға бўлмайди. Унинг ҳаёт йўли кўпчилик ёш ва бўлажак олимларга ибрат ва илҳом бағишлаши, шубҳасиз.

             “5 ёшимда 2-синф масалаларини ечардим…”

Ўзим математиклар оиласида дунёга келганман. Болалигимда ота-онамнинг фаолиятини катта қизиқиш билан кузатардим. Секин-аста мен ҳам математика фанига меҳр қўя бошладим. Қуш уясида кўрганини қилади, деб бежиз айтишмас экан. Гарчи мактабга бормасам-да, 1- ва 2-синфда таҳсил оладиган акам ва опамнинг математика китобида берилган мисолларни бирга ўтириб ишлардим. Ўшанда 5 ёш эдим. Менинг бу қобилиятим тез орада бутун қишлоққа тарқалди. Ҳаттоки мактаб ўқитувчилари “Шу кичкина бола мактаб мисолларини ечаяптими?” деб ҳайратланишган. Математикага бўлган қизиқишимни янада ривожлантириш мақсадида ота-онам менга математикага оид қўшимча масала ва тушунчаларни ўргата бошлаганлар.

Авваллари синфларда ўқувчилар сони кам бўлган ҳолатда, иккита синфни бирлаштириб дарс ўтилар эди. Менинг қишлоғимдаги мактабда ҳам шундай бўлган. Мен 2-синфда ўқиган пайтларимда бизнинг синфда 10 та ўқувчи, 3-синфда эса атиги 4 нафар ўқувчи бор эди. Кичик синф бўлишимга қарамай, устозим доим мени 3-синфлар қаторига қўшиб, улар ечадиган масалаларни берар эди….

Даставвал математика фанига оддий қизиқиш билан қараган бўлсам, йиллар ўтгани сари бу фан ҳаётимнинг мазмунига айлана бошлади. Мақсадни ҳамиша юқори чўққини забт этишга йўналтир, шунда унинг рўёбини кўрасан, дейишади. Мен фақат математика фанидан тенгдошларим орасида “биринчи” бўлишга интилдим. Ўзимга муносиб рақобатчи излашга тушдим.

                      Куч майдонда синалади…

Куч майдонда синалади, деганларидек, фан бўйича турли олимпиадаларда қатнашиб, ижобий натижалар кўрсатишни бошладим. Лекин бу мени қониқтирмасди. Сабаби ўша пайтда мактабимизда, ҳатто туманимизда ҳам менга қарши рақобатчи ўқувчи бўлмаган. Мактабда энг яхши ўқувчи мақомини олиб, туманга келганман. У ерда яна ўз устимда ишлашимга тўғри келди. Кейинчалик туман миқёсида ҳам ўша “энг яхши” деган номга сазовор бўлдим. Орадан йиллар ўтгач, навбатдаги олимпиадада қатнашиш истагида вилоят миқёсига чиқдим. Бироқ ғолиблик шоҳсупасига  чиқа олмадим. Ҳали кўпроқ ўқишим ва ўз устимда  ишлашим кераклигини тушундим.

Мактабни тамомлагач, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетига ҳужжатларимни топширдим. Мандат куни ўз исм-шарифимни 9-ўриндан топдим ва мен билим жиҳатдан шу ўринда турганимни англадим. Сўнг яна юқорига интилишни давом эттирдим. Талабалик ва магистратура даврида энг билимдон талабага айланишга муваффақ бўлдим. Натижада устозлар назарига тушдим. Магистрлик диссертациямни ҳаётимда муҳим роль ўйнаган инсонлардан бири академик Аюпов Шавкат Абдуллаевич раҳбарлигида ҳимоя қилдим. Уларнинг кўмаги ва қимматли тавсиялари билан ўзимга бўлган ишонч ва илм-фанга бўлган меҳрим ортди.

Олийгоҳга киргач, яна олимпиадаларда қатнаша бошладим. Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам аъзо бўлдим. Лекин ўша вақтларда халқаро алоқалар у қадар яхши йўлга қўйилмаганлиги учун, халқаро олимпиадада иштирок этиш насиб қилмади. Магистратурани тамомлагач, Бутун Жаҳон фанлар академиясининг 3 ойлик ёзги мактабига боришга муваффақ бўлганман. Шундай қилиб, 2007 йили илк сафаримни Ҳиндистондан бошладим. Қайтиб келгач, аспирантурага ўқишга қабул қилиндим. Илмий изланишларим натижасида халқаро алоқаларни устозларимиз ҳамроҳлигида йўлга қўйдик. Бир қанча халқаро лойиҳаларда иштирок этиб, чет элларга боришни бошладим.

      “Ҳаётимдаги унутилмас кун!”

2014 йили 29 ёшда эдим. Илмий изланишга чуқур шўнғиган дамлар. Соҳам юзасидан бир қатор яхши натижаларга эришгандим. Жанубий Корея давлатида халқаро математиклар конгрессида иштирок этдим. Испания давлатида 2 ойлик илмий сафардарда бўлдим.

Айнан шу йили устозим  академик Аюпов Шавкат Абдуллаевич Бутун жаҳон фанлар академиясининг ёшлар секциясига аъзо бўлиш учун мени тавсия қилганликларини ва хужжатларимни тайёрлаб, тақдим қилишимни айтдилар. Тўғриси, кутмагандим. Гўёки хаёлимда бундай ютуққа эришишга ҳали эрта, номзодим ўтмаса керак, деб ўйлардим. Хуллас, ёшлар академияси сексиясига аъзо бўлдим. Ҳаётимдаги унутилмас воқеа шу йили бўлди, яъни Омон Султонлигида ўтказилган конгрессда Бутун жаҳон фанлар академияси президенти Баи Чунли(Bai Chunli) қўлидан диплом ва гувоҳнома олдим.

                    Илм-фаннинг замони келди!

2007 йили Ҳиндистонга бўлган сафаримда уларнинг биз билан илм-фанга бўлган муносабатининг ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини кўргандим. Ўша пайтда тенгқурларимнинг илм билан шуғулланаётганини кўриб, уларга бўлган кўмак, жамиятда қўллаб-қувватланишига жуда ҳавас қилганман. Бизда ҳам қачондир шундай ҳолат бўлармикан… Тенгдошларимнинг улардан илм ва иқтидор жиҳатидан кам жойи йўқ, деган туйғу қалбимни тимталади. Қандайдир оғир жараёнларни бошимиздан ўтказиб қайтиб келганмиз.

Минг шукрки, ҳозир ана шу кўнглимиз тубидаги орзу-умидларимиз рўёбини кўрмоқдамиз. Ҳозирда ёшлар ва илм-фан аҳлига бўлаётган эътибор кундан-кун кучаймоқда.

Олимлар учун хорижий сафарлар тинмай уюштириб турилади. Бу эса, энг аввало, янги ғоялар туғилишига имкон беради. Дунё олимлари қандай ишлар билан шуғулланмоқда, қандай янги усуллардан фойдаланади… Бундан ташқари, умумий ҳолат ҳақида ҳам фикр юритишга имкон бўлади, яъни олимлар, педагоглар, профессорларга яратилаётган шароитлар қандай ва унга яраша қандай меҳнат қилинмоқда каби. Хуллас, уларнинг ҳаммасини бир-бирига таққослашга имконият бўлади.

Математика – кенг қамровли фан

Ҳозирга қадар ассоциатив бўлмаган алгебралар назариясини ўрганиш ва уларни тавсифлаш масалаларига доир муаммолар билан шуғулланиб келмоқдаман.  Бир қатор илмий ишлар қилдим. Илмий мақолаларимни жаҳонга машҳур илмий журналларда чоп эттирдим. Айнан шу мақсадларда илмий сафарларга борганман. У ерда ўз маърузаларим билан чиқишлар қилганман, шунингдек, бошқа етук олимларнинг маърузаларини ҳам тинглаб, фикр алмашганман.

Математика – бу бир уммон. Ташқи томондан назар солсангиз, ҳаммаси бир-бирига ўхшаб кетадиган оддий масала ва мисолдай кўринади. Мактаб дастуридаги баъзи бир тасаввурларга эга бўлган инсонлар, уни  оддий саноқ сонлардан иборат деб ўйлайди. Аслида, ундай эмас. Математика жуда кенг қамровли фан. Биринчи навбатда, ҳисоб-китобдан ташқари инсонда мантиқий фикрлашни шакллантиради. Шу сабабли бежизга бу фанни бошқа соҳа вакиллари ҳам ўрганиши бот-бот таъкидланмаяпти. Шунинг учун ҳам кўплаб олий ўқув юртлари кириш имтиҳонларига математика фани ҳам тест синови сифатида қўшилган.

Математиканинг ўзига келадиган бўлсак, у бир нечта тармоқ ва йўналишлардан иборат. Ҳозирги кунда математика шу даражада ривожланиб кетдики, ҳаттоки бир-бирига яқин йўналишга эга бўлган математикларнинг илмий изланишлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади. Ўзим талабалик давримда бир нечта соҳаларга қизиққанман. Тенгламалар ёки алгебра соҳаси билан шуғулланиш борасида йўналиш танлашга қийналганман. Уларнинг фарқини қараб кўрганман. Ўйлайманки, инсоннинг ўзида айнан қайси соҳа билан шуғулланиш бўйича ички бир сезги бўлиши керак. Илм билан шуғулланиш осон иш эмас. Унга меҳр бермасангиз, у зиё уруғини сочмайди. Ўша пайтда алгебра соҳаси менинг эътиборимни кўпроқ жалб қилганди. Шундай қилиб, танловимни қабул қилдим.

           Замонавий оммалашган алгебралар нима учун керак?

Устозим академик Аюпов Шавкат Абдуллаевич ва профессор Омиров Баҳром Абдазовичлар билан бирга магистрлик давримда илмий изланишлар олиб боришни бошлаганман. Ҳозирги замонавий алгебрада, айтайлик, 20 асрнинг ўрталарида ассоциатив алгебра ва бошқа классик алгебралар вужудга келган бўлса, ўтган асрнинг 90-йилларидан сўнг ассоциатив бўлмаган, Малцев алгебралари Лейбниц алгебралари, Зинбиел алгебралари каби бир қатор шунга ўхшаш алгебралар оммалаша бошлади. Айнан академик Шавкат Аюповнинг ташаббуси билан бу янги оммалашаётган алгебралар билан шуғулланишга киришдим.

Хўш, соҳам йўналиши бўйича қандай илмий ишлар қилинади? Асосан,  обеъктларнинг хоссалари ўрганилади. Қандай илмий хоссалари мавжуд ёки  уни таснифлаш усуллари яратилади? Шунингдек, муҳим синфлари тавсифланади. Яъни таснифлаш деганда, айнан қандай алгебра мавжуд? У ерда изоморфизм тушунчаси бор. Изоморфизм аниқлигида нечта алгебра бор, деган саволга жавоб топилади. Буларнинг аксарияти кейинчалик физика масалаларида ўз талқинини топади. Айнан шу йўналишларда илмий йўналишларни ҳозир ҳам давом эттирмоқдамиз.

                                        Ҳаётдаги қийинчилик

Ҳаёт кураш ва қийинчиликлардан иборат. Ҳар бир инсонда, менимча, олийгоҳни тугатгач, энди нима қиламан, деган савол кўндаланг турса керак. Менда ҳам шундай бўлган. Магистратурани тамомлагач, то аспирантурага киргунимга қадар қийинчиликларга дуч келганман. Биринчидан, молиявий томондан. Иккинчидан, фикримни бир жойга жамлай олмаганман. Илмий ишларим ҳам бироз жойида тўхтаб қолгандай бўлган. Ўша пайтда ёшлар ва олимларга эътибор анча оқсаган эди. Минг шукрки, мени ардоқлаган устозларимнинг кўмагида бу жараёнларни енгиб ўтдим.

Амалий математикани кучайтириш керак”

Юртимизда фундаментал математика яхши ривожланган. Амалий математикада бироз оқсоқланишлар бор. Улар иккаласи ҳам бошқа-бошқа соҳа саналади. Фундаментал математикадаги тушунча ва тасаввурлар ҳаётдан анча илгарилаб кетган. Ундаги натижаларни ҳаётга бевосита тадбиқ қилиш қийин. Улар маълум йиллар балки асрлар ўтибгина ҳаётда тадбиқини топади. Йиллар давомида фундаментал математика билан шуғулланган олимлар бирданига амалий математика билан шуғулланиши жуда қийин.

Амалий математикада эса иқтисодиётнинг реал секторига фойда келтирадиган масалаларнинг математик модели яратилиб, уларни ечими топилади. Бунда фундаментал математикада аввал назарий жиҳатдан исботланган натижалар ва яратилган усуллардан фойдаланилади. Ушбу натижаларни ишлаб чиқариш, биология, кимё, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳаларга қўллаш мумкин.

                                     “Ҳаётимдаги муҳим шиор…”

Аксарият одамлар камчиликларни санашни ёқтиришади. Уларни санаш осон. Мен ҳам минг хил камчилик айтишим мумкин. Яхшиси, битта камчиликни бартараф қилишга ҳаракат қилсак, кўп муаммоларнинг олдини олишимиз мумкин. Агар ҳар бир инсон камида 1 та камчиликнинг қайсидир қисмини бартараф қилишга уринса, камчиликлар камайиши муқаррар.

    Маълумот ўрнида

Аброр Худойбердиев Ўзбекистон Миллий университети Алгебра ва функционал анализ кафедраси профессори, физика ва математика фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти етакчи илмий ходими. 31 ёшида физика- математика фанлари доктори илмий даражасини олган.

1985 йили Тошкент вилояти Бўка туманида туғилган. 2001–2005 йилларда бакалавр, 2005–2007 йилларда магистратура босқичида таҳсил олган. Кейинчалик В.И.Романовский номидаги математика институти аспирантура босқичини тамомлаган. 2010 йилда номзодлик, 2016 йилда эса докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. “Шуҳрат” медали соҳиби.

Севара Абдуллаева суҳбатлашди. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги сайти https://mininnovation.uz/uz/news/2670 2020 йил, 11 декабрда жойлаштирилган.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги UZA 5 ёшида 2-синф масалаларини ечган, 31 ёшида фан доктори бўлган ёш ўзбек олими: “замонавий оммалашган алгебра нима учун керак?” (uza.uz)

2021 йил 3 февраль.


Шаҳзод Тахиров: «Бор билимим ва тажрибамни Ўзбекистонда янги муҳандисларни тайёрлашга бағишламоқчиман»

Зилзила содир бўлган вақти инсон жуда ноҳуш ҳолатга тушиши табиий. Унинг давомий ёки тез-тез тебраниши эса инсонни хавотирга солиши аниқ. Ернинг бундай «ғазабланиши» бинолар ичида кучаяди, натижада катта фалокатларга олиб келиши мумкин. Шу орқали фаннинг иншоатларни сейсмик бардошлиги соҳаси билан шуғулланадиган олим фикри билан қизиқдик.
Негаки зилзилабардош бинолар ва уйларнинг қурилиши мазкур соҳа вакиллари томонидан тадқиқотлар орқали синовдан ўтгачгина, барпо этилади. Шундай экан, инсон саломатлиги ва тинчлигини асрашда ушбу масъулиятли касб эгаларининг ўрни ниҳоятда муҳимдир.
Бугунги саҳифамизда фан доктори (PhD), иншоатларни сейсмик бардошлиги буйча муҳандис, АҚШнинг Калифорния штати Беркли шаҳридаги университетнинг етакчи мутахассиси, катта миқёсдаги Structures эксперементал лаборатория мудири Шаҳзод Тахиров билан айнан шу соҳасида олиб борилаётган инновацион ва илмий ишлар юзасидан суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.
– Шаҳзод ака, суҳбатимизнинг аввалини Structures эксперементал лабораториянинг фаолияти билан бошласак. Айтингчи, ушбу лабораторияда қандай ишлар амалга оширилади?
– Экспериментал лабораториямизда иншоатларни сейсмик бардошлиги соҳасига доир жуда кенг кўламдаги ишлар бажарилиб келинмоқда. Жумладан, ушбу соҳага тегишли тажрибалар ўтказилади. Шу тариқа ,илмий ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашим мумкин.
Асосий йўналишимиз биноларнинг сейсмик бардошлилигини ўрганиш бўлса-да, лекин шу соҳага алоқаси бўлган бошқа тадқиқотларни ҳам амалда қўллашга ҳаракат қиламиз. Масалан, бино ва кўприкларнинг мониторинг йўналишига доир кўплаб ишларни бажаришга муваффақ бўлдик. Айтиш жоизки, бу борадаги илмий ишлар бутун дунё буйича бажарилмоқда, ҳатто юртимизда ҳам. Шунингдек, энергетика соҳасига оид анчагина тадқиқотларни ҳам амалга оширмоқдамиз. Дейлик, қимматбаҳо, муҳим электр подстанцияларда ўрнатилган асбоб-ускуналарнинг сейсмик мустаҳкамлигини яхшилаш бўйича ҳам текширувлар ўтказдик. Қолаверса, денгиз тўлқинларининг қувватини электр қувватга айлантиришда қўл келадиган инновацион станцияни яратишда ҳамда ривожлантиришда фаол равишда изланишларни давом эттирмоқдамиз. Илмий ишларга қўшимча равишда биз талабалар билан ҳам шуғулланамиз ва ишлаймиз. Назарий ва амалий билимларни биргаликда олиб бориш лозим. Шундагина етук мутахассисларни тарбиялашга эришамиз.
— Талабаларни иншоатларни сейсмик бардошлиги соҳасига қизиқтириш ва ушбу фанни ўзлаштириш борасида қандай чоралар кўрасизлар?
– Талабаларимиз билан фахрланаман. Улар бир неча халқаро мусобоқаларнинг ғолиби бўлишди. Юқори натижаларга эришиб келишаётгани бизни қувонтирмоқда. Албатта, талабаларнинг ўз соҳасини севиб ўрганиши ва ўзлаштиришида шубҳасиз, мусобақаларнинг ўрни беқиёс. Соҳамизга оид учта энг машҳур, қизиқарли, инсондан катта куч ва масъулият талаб этадиган мусобоқа мавжуд. Биринчиси, бетондан қайиқ ясаш [1]. Мусобақа шартига кўра, эллик нафарга яқин талаба гуруҳ бўлиб, бетондан енгил ва мустаҳкам қайиқ ясашлари лозим. Кейин эса қайиқни сувда суздириб, пойгада қатнашадилар. Натижада белгиланган манзилга биринчилардан бўлиб етиб борган гуруҳ жамоаси ғолиб деб топилади.
Иккинчиси –темир кўприк ясаш мусобоқаси [2]. Қизиқишлари бир-бирига яқин бўлган талабалар гуруҳга ажралади. Танлов шартига кўра, улар енгил ҳамда мустаҳкам кўприк барпо этишлари керак. Кўприк қисмлардан иборат бўлиб, шу қисмлар берилган ҳажмга сиғиши даркор. Бу беллашувда ҳам кўприкни тезкорлик билан оғирликка чидамли ва куч таъсирида кам чўкадиган тарзда йиғиб беришлари лозим.
Учинчиси – сейсмик бардошлилик бўйича мусобақа. [3]. Танловда талабалар кўп қаватли бинонинг моделини ёғоч қисмлардан яратишлари лозим. Бинонинг сейсмик бардошлилигини кучайтириш учун ёғоч қисмлар тестларда синалади. Бинонинг математик модели эса компьютерда тайёрланади. Мусобақа вақтида бинонинг мустаҳкамлиги сейсмик эксперимент орқали кўрсатилиши лозим.
Бундай мусобақалар ёрдамида талабаларимиз лойиҳани бошқаришни, гуруҳ бўлиб ишлашни, лойиҳа бюджетдан ошиб кетмасликни, метални пайвандлашни, метал ва ёғоч элементларни компьютер бошқарадиган машиналарда кесишни ва ясашни, бетон қоришни, материалларни тест усулида синашни ўрганишади. Табиийки, бу усулларнинг барчаси улар келажакда ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишларига замин ҳозирлайди. Лабораториямизда талаба ва аспирантлар ўз илмий тадқиқотларини дунёга машҳур профессор-олимлар раҳбарлигида олиб боришади.
Шундай етук мутахассисларга эга бўлган университет муҳандислик соҳасида бошқа давлат университетлари ичида биринчиликни эгаллайди. Агар хусусий университетларни ҳам ҳисобга оладиган бўлсам, университетимиз АҚШ бўйича учинчи ўринда туради [4].

Бетон қайиқ гуруҳи пойга даврида[1]. Темир кўприк гуруҳи мусобақа даврида[2]. Сейсмик дизайин гуруҳиi[3].

– Калифорниянинг Беркли университетида кўплаб тадқиқотлар ўтказган экансиз. Айтингчи, изланишларингиз қай даражада ўз самарасини кўрсатмоқда?
– Асосий касбим қаттиқ моддаларнинг деформацион механикасини ўрганишдан иборат. Номзодлик ишимни ҳимоя қилиш даврида биноларнинг сейсмик бардошлиги ва сейсмик тўлқинлар механикасига тегишли жараёнларни тадқиқот қилишни бошладим. 1995 йилда тадқиқот ишларимни давом эттириш йўлидаАҚШнинг Фулбрайт фондининг гранд соҳибига айландим. Олти ой давомида Беркли шаҳридаги Калифорния университетида ўз кузатувларимни давом эттирдим. Албатта, бу илмий стажировка менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди. АҚШдан қайтгач эса докторантурани тамомладим. 1997 йили Калифорния университетига тадқиқот ишларимни давом эттириш мақсадида яна чақиртиришди, то 2014 йилга қадар университетга қарашли Тинч океанидаги зилзилаларни муҳандислик тадқиқот маркази (Pacific Earth quake Engineering Research Center)да ишлаб келдим.
Дастлабки лойиҳамни жиддий муаммонинг ечимига қаратдим. Ёдингизда бўлса, 1994 йили АҚШнинг Норсридж шаҳрида кучли ер силкиниши содир бўлганди. Натижада темир ромлардан қурилган бинолар анча жабрланди. Иншоатлардаги устинлар ва горизонтал тўсинлар бир-бирига пайвандлаш йўли орқали боғланганди. Зилзила натижасида ушбу пайвандланган чокларнинг аксарияти ёрилган. Назарий ва экспериментал равишда олиб борилган тадқиқотимизда[5] боғланиш йўлларининг янги усулларини амалиётга татбиқ этдик. Шу тариқа ,АҚШнинг қурилиш нормативларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Koмпьютердаги математик модел[4]. Лабораторияда синалган устин билан тўсин боғланмасиi[5].

Кейинги энг катта лойиҳаларимдан бири зилзила вақтида электрни иншоатлардан имкон даражада сақлаб қолиш масаласига ([6] вa [7]) қаратилганди. Зилзила таъсирида электр энергиясининг зарар кўриши катта иқтисодий зиёнга олиб келади. Масалан, Жанубий Кореяда жойлашган Самсунг компаниясининг компьютер микросхемаларини ишлаб чиқарадиган завод ярим соатга электр энергиясиз қолгани боис 85млн. АҚШ долларига яқин зарар кўрди [8]. Бундай муаммони бартараф этиш юзасидан бутун дунё бўйлаб изланишлар олиб борилмоқда.Бизнинг назарий ва экспериментал тадқиқотимиз натижасида электротехник асбоб-ускуналарга янги талаблар ривожлантирилди. АҚШда ва бутун дунё бўйича ишлатиладиган IEEE693 нормативга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Биз шу стандартни иккита охирги версиясида фаол қатнашдик.

245-kV электр сейсмоплатформада
[6]. Чиннидан ясалган изоляторнинг компьютердаги таҳлили [7]. 500-kV электр ускуна сеймоплатформада[8].
Учинчи катта илмий йўналишим – бу иншоатларни ва асбоб-ускуналарни сейсмик дамперлар ва изоляторлар билан мустаҳкамлигини ошириш эди. Сейсмик изоляторлар бинолар ва кўприкларнинг тагига қўйилади. У худди юмшоқ «ёстиққа» ўхшаб ишлайди. Натижада, зилзила вақтида иншоот жойида туради, бироқ унинг тагидаги пойдевор ер билан бирга тебранади. Бу соҳада шу вақтгача тадқиқотлар олиб бордик. Қурилиш нормативларининг ўзгартирилишига кўмак бердик. Сейсмик изоляторларнинг иккита асосий турларини ўрганиб чиққанмиз. Биринчиси резина ва темирдан ясалган бўлса, иккинчиси силжиш механикасига ассосланган изоляторлардир.

Резина ва темирдан ясалган сейсмик изоляторнинг компьютердаги математик модели [9]. Лабораторияда синалаётган сирпаниш асосида ясалган изолятор [10].
2014 йилдан бери олдинги лабораториядан 5 маротаба катта лабораторияни бошқариб келмоқдаман. Дастлаб, менинг раҳбарлигимга топширилган лаборатория жуда ёмон аҳволда эди. Бор куч ва шижоатимни ишга солиб, икки йил мобайнида зарарга ботган лабораторияни ўзини таъминлайдиган даражага етказдим. Ҳозирги кунда биз ўртача 10 та лойиҳа устида ишламоқдамиз. Барча ишчиларимизнинг дунё миқёсидаги таълимотдан хабардор бўлишига жиддий аҳамият қаратамиз.
Бугунги кунда амалиётга тегишли муаммоларга қизиқиш жуда катта. Тадқиқотларга қўшимча равишда дунёга машҳур компаниялар ҳам ўзларини қийнаётган муаммоларнинг ечимини топиш мақсадида бизга мурожаат қилишади. Масалан, бизнинг мижозларимиз орасида Google, Tesla, USGypsum, Rockfon, Knauf, Mitsubishi, Hilti, Siemens ва бошқалар бор.
– Сиз зилзилабардош ва чидамли қурилиш ишлари бўйича жуда кўплаб изланишлар ва маърузалар билан чиқиш қилгансиз. Соҳангиз бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб боргансиз. Ҳозирда зилзилабардош қурилишлар бўйича қандай инновацион лойиҳаларни илгари сурдингиз ва шунга асосан қандай ишлар бажарилди?
– Ҳар бир тадқиқот амалий муаммога тегишли ва у янги инновацион усуллар ишлатишни талаб қилади. Бу дегани, ҳар лойиҳани амалга ошириш замирида янги экспериментал машина яратишга тўғри келади. Дастлаб, лойиҳанинг концепцияси ривожлантирилади(чапдаги расм) ва ундан кейин уч ўлчамли чизмалари тайёрланади. Экспериментал машинанинг катта босимли кучлар таъсирини кўтара олиши компьютерда текширилади. Кузатувлар натижасида камчиликлар тўлдирилиб борилади. Шундан сўнг компьютербошқарадиган токарлик станогида қисмлари яратилади. Керак бўлса, қисмлари бир-бирига электр еки газ пайвандлаш (сварка- ШТ) ёки мурват (болт – ШТ) орқали ўрнатилади. Сўнг куч яратадиган гидравлика боғланади. У эса компьютер томонидан бошқарилади. Натижада ягона дизайнга эга эксперимент ўтказадиган машина (ўнг тамондаги расм) қурилади. Бу жуда ҳам мураккаб жараён.

Экспериментал аппаратнинг концепцион чизмаси Экспериментал аппаратнинг тайёр бўлган ҳолатиi[11].

Охирги 10 йил ичида, сенсор технолигияларида революцион ўзгаришлар кузатилмоқда. Бундай замонавий ривожланиш даврида бизлар ҳам фаол қатнашиб келмоқдамиз. Шу ўринда, икки масалага тўхталиб ўтмоқчи эдим. Кўпинча Калифорния штатида катта ёнғинлар бўлиб туради. Кўп инсонлар ўз вақтида қочиб улгурмаслиги сабабли ўлим ҳолатлари рўй бераётгани ачинарли ҳол. Охирги ёнғинда 90га яқин одам ҳалок бўлди [11]. Асосан ёнғин ҳолати иссиқ кунларда шамолнинг таъсирида қайд этилаётганини алоҳида таъкидлашимиз мумкин. Дарахт шохлари электр симларининг устига тушиб кетгани туфайли учқун содир бўлмоқда. Мен шу масалага ечим топиш истагида янги усулни ўйлаб топдим. Ғоямни шакллантиршда лазер сканерларнинг ёрдамига таяндим. Автомобилларга ўрнатилган лазер сканерлар атрофдаги объектларни катта аниқликда ёзиб олишга қодир. Олинган маълумот бўйича дарахтнинг ёки дарахт шохларининг хавф солиши мумкинлиги ва унинг кесилиши керак бўлган ҳажмини билсак бўлади (чапдаги расм) [12].
Иккинчи мисол, Смарт Сити тармоқларига тегишли. Аниқлиги юқори бўлган лазер сканерлаш усули орқали биноларнинг деформация ҳолатини мониторинг қилишга мўлжалланган. Бу сенсор симсиз режимда ишлайди. Маълумотни зудлик билан мониторинг маркизига етказиши мумкин (ўнг томондаги расм)[13].Олинган хабардан хулоса қилган ҳолда бинодаги одамларни эвакуация қилиш, унинг ёнига бормасдан ва ичига кирмасдан туриб марказ томондан қабул қилиниши мумкин.
Айни дамда Ўзбекистонда ҳам янги лабораториялар ташкил этишга ҳаракат қилмоқдаман. Лабораторияларда ишлаш учун билимдон муҳандислар ниҳоятда зарур. Афсуски, юртимизда бундай мутахассислар саноқли. Калифорния университетидаги лаборатория янги муҳандисларни тайёрлашга шай. Берилган маблағга қараб, ушбу таълимот Ўзбекистонда ёки Америкада олиб борилиши мумкин.

Ўсимликларнинг электр симларга яқинлигини аниқлаш[12]. Бинолар деформациясини лазер сканер билан мониторинг қилиш[13].
– Биноларнинг зилзилабардошлиги бўйича бошқа мамлакатларда ҳам кузатув ишларини амалга оширган экансиз. У ерда қандай муаммолар кузатилмоқда? Муаммолар ечими бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
– Бизнинг тажрибамиз ва билимимизга дунё бўйича талаб катта. Университетда амалга оширилаётган тадқиқодга қўшимча равишда, дунё бўйича кўплаб амалий муаммоларни ечишда қатнашиб келмоқдаман. Жумладан, яна бир ишим АҚШда энг катта –қуёш нурларини электр энергиясига айлантирадиган станция қурилишига боғлиқ [14]. Иванпах номли бу станция Невада ва Калифорния штатлари чегарасида жойлашган чўлларда қурилган. Бу ерда кучли шамоллар бўлиб туради. Қуёш нурлари ойналар билан битта нуқтага йиғилади. Шу нуқтага қарата катта ҳажмли қозон қўйилган. Қозон миноранинг устига ўрнатилган(ҳаммаси бўлиб учта минора қурилган). Кучли шамол эсганда миноралар титраши оқибатида нурлар йиғилган нуқтадан қозон силжиб қолиши мумкин. Ушбу силкинишларни камайтириш учун махсус дампер ўрнатилган. Бизнинг вазифамиз шу дампернинг тўғри ишлашиниисботлашдан иборат эди.
Яна бир катта ўтказган лойиҳаларимиздан бири Янги Зеландияда қурилаётган катта электрик подстанцияга тегишлидир [15]. Бизнинг вазифамиз ҳамма электр асбоб-ускуналарнинг сейсмик бардошлилигини таъминлашга қаратилганди. Елкамизга қўйилган бурчни адо этиш йўлида бутун дунё бўйича тадқиқотлар олиб бордик. Барча асбоб-ускуналарнинг сейсмик бардошлиги сейсмоплатформаларда зилзила таъсирида исботланди. Мазкур экспериментларни АҚШ, Олмония, Буюк Британия, Италия, Греция ва бошқа мамлакатларда ўтказишга эришдик.
Бундан ташқари, яна бир ишимиз Мексикадаги ичимлик сув таъминлайдиган трубаларнинг сейсмик мустаҳкамлигини яхшилашга қаратилди. Ушбу трубалар эски норматив қоидалари асосида қурилган. Ҳозирги замон талабларига мутлақо мос эмас. Мексика шаҳри эса кўлнинг ўрнида қурилгани боис шаҳар ерлари доимо чўкиб бораётганди. Кучли ёмғир ёки зилзила вақтида ўпирилиш ҳолатлари рўй беради [16]. Оқибатда сув таъминоти кўп вақтгача тўхтатиларди. Бизни ушбу муаммога ечим топиш мақсадида чақиртиришди. Анча вақт олиб борилган кузатувларимиз ва таҳлилларимиз натижасида ушбу трубаларни янги технология асосида Японияда ишлаб чиқариладиган трубаларга алмаштириш лозимлигини аниқлашга эришдик.
– Табиийки, тарихий обидалар ҳар бир мамлакатнинг кўрки ва фахридир. Уларни узоқ йиллар сақлаш мақсадида қандай ишлар амалга оширилаяпти?
– Тарихий обидаларни сақлашда дунё бўйича бир қанча ишларни амалга ошириб келаётганимиз кўпчиликка аён. Тадқиқот учун, албатта, инновацион технологияларга таянамиз. Биринчи халқаро тадқиқотимиз 2010 йили Гаитининг Порт-о-принс шаҳрида юз берган зилзиладан кейин бошланди. Ушбу тадқиқотда инновацион лазер сканерлаштириш технологиясини қўлладик. Лазер сканер объектнинг миллион ёки миллиард нуқталарини уч ўлчамда аниқлаб, уларни йиғиб, ёзиб олади. Натижада объект геометрияси нуқталар булити (облако – ШТ) шаклида қайд этилади. Шу технология асосида дунёда биринчи марта бинолар ва иншоатларнингжароҳатларини уч ўлчамда ўлчадик ҳамда шу мураккаб ўлчамларни оддий, муҳандислар учун тушунарли ҳолатга айлантириб бериш усулларини ривожлантирдик. Шунга ўхшаш ишлар 2014 йилда АҚШнингНапа шаҳрида бўлган зилзиладан кейин ҳам давом эттирилди. Зилзила натижасида бинолар ва иншоатларнинг жароҳатлари текширилди ва тиклаш усуллари тавсия қилинди.
Ўзбекистонда лазер технологиясини 2013 йилдан бошлаб қўллаб келяпмиз. Биринчи тадқиқотимиз Самарқанднинг Регистон майдонини лазер сканер билан ўлчаб чиқишдан бошланди. Ундан кейин Тошкент, Бухоро ва Шахризабздаги тарихий обидаларни лазер сканер билан ўргандик. Йиғилган нуқталар булитлари асосида бир неча бинонинг компьютерлаштирилган моделлари яратилди. Ушбу моделларнинг зилзила таъсирига ва унга бардошлиги компьютерда текширилди. Шу тадқиқот натижалари бўйича реконструкцияга тегишли стратегия усуллари ривожлантирилди [17]. Инновацион дамперларнинг бинолар мустаҳкамлигини оширишда жуда яхши усуллиги кўрсатилди. Бу дамперлар замоновий технологиялар асосида яратилган. Қолаверса, улар кам жой эгаллайди ва обидаларнинг ташқи кўринишига у даражада таъсир кўрсатмайди.

Гаитидаги кўприк жароҳатиi.

Мирзо Улуғбек мадрасасининг портали (нуқталар булитиi). Tиллакори мачитининг нуқталар булити (keсими кўрсатилган).
Лазер сканери Кампанила Минорасини ўлчашда (Калифорния Университети – Беркли)

– Ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларда Ўзбекистон билан ҳам алоқалар ўрнатганингиз қайд этилган. Зилзилабардошлик бўйича бизда ривожланиш қай даражада? Бу борада қандай янги технологиялар қўлланилмоқда?
– Асосий таълимни Ўзбекистон ва Россияда олганман. Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир. Бизда назарий таълим кучли бўлган. Лекин назарий билим амалиётда қўлланилмаса, у билим ишлатилмай, эсдан чиқади. Талабалик даврида ёшлар назарияни тадқиқот орқали қандай ишлашини кўрса, бу билим бутун умр хотирасида муҳурланади.
Афсуски, юртимизда дунё даражасидаги экспериментал асбоб-ускуналар ва лабораториялар мавжуд эмас. Зилзила кучлари жуда қаттиқ зарб бериши бор. Бундай кучга чидамли технологияларни яратиш ва текшириш учун махсус бинолар ва асбоб-ускуналар бўлиши лозим. Шу боис мен ўзимнинг билимимни ва дунё бўйича йиғилган тажрибамни Ўзбекистонда янги муҳандисларни тайёрлашга бағишламоқчиман. Халқаро тадқиқот ва таълим маркази очилиши бўйича ўз таклифимни Калифорния университети орқали ёзиб,Ўзбекистон Инновацион ривожланиш Вазирлигига топширдим. Ўйлайманки, марказ бир-бирига яқин бўлган кўп муҳандисларни бирлаштириб, Ўзбекистоннинг амалий муаммоларини ечишга хизмат қилади. Бундан ташқари марказ қошида замонавий дунё талабларига риоя қиладиган лаборатория очишни ҳам тавсия қилмоқдамиз. Биз ёшларни мактаб давридан муҳандислик соҳаларига қизиқтириб, кейинчалик талабалик пайтида улар билан ишлашни давом эттиришни эътиборга олдик. Энг иқтидорли талаба ва аспирантларни шу марказда тадқиқотлар қилишига жалб қилиш ниятидамиз. Марказда ишлашга дунё бўйича таниқли экспертларни ҳам таклиф қилишни кўзлаб қўйдик.
Кўзлаган мақсадим, марказда бажарилган тадқиқотлар натижасида Ўзбекистоннинг қурилиш нормативлари замонавий талабларга мос равишда ўзгартирилади. Иккинчидан, инновацион мониторинг усулари асосида қурилган бино ва иншоатларнинг мустаҳкамлиги кундан-кунга кузатилиб турилади. Учинчидан, лабораториянинг бир қисми темир йўлларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилишини ҳам инобатга олдим. Бунда поездларнинг тезлиги ва оғирлигини ошириш муаммолари ечилади. Кенг қўламдаги ишлар инновацион мониторинг усуллари ва экспериментлар билан амалга оширилади. Масалан, тез юрар поезддан ёзиб олинган кучлар лабораторияда такрорланиши ва шу кучларни камайтириш йўли топилиши мумкин.Шунингдек, лабораторияда катта сейсмоплатформа ўрнатилиши тавсия қилинган. Унда катта ёки асл масштабда бўлган биноларнинг зилзилабардошлиги текширилади. Қўшимча тарзда Ўзбекистонда чиққан электр ускуналарнинг сейсмик бардошлиги текширилиб, чет элда сотилиши учун сейсмик квалификациядан ўтказилади. Марказда йиғилган маълумотлар янги замоновий ва инновацион усуллар билан таҳлил қилинади: сунъий интеллектга тегишли усул, янги сенсорлар ва янги мониторинг усуллари яратилади.
Шаҳзод ака, келажакдаги режаларингиз билан ҳам бўлишсангиз. Ҳозирда қандай изланишлар билан бандсиз?
– Айни дамда мазкур халқаро марказни ҳаётга тадбиқ этишга ҳаракат қилмоқдаман. Яқинда яна бир грантнинг ғолиби бўлдим. Грантга АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали маблағ ажратилган. Лойиҳамга доир ишлар юртимизда олиб борилади.
Бу грант буйича чет элда орттирилган билим ва тажрибамни ёш тадқиқотчилар билан бўлишиш мақсадида Ургенч Давлат университети қошида икки ҳафталик таълим, тадқиқот маърузалари ва лабораторияга оид дарсларни беришни йўлга қўйиш арафасидаман. Албатта, маърузаларимга қатнашган талаба, аспирант ва домлалар замонавий инновацион мониторинг усуллари бўйича етарлича маълумотга эга бўлиши мумкин. Таълим жараёнимннинг якуний амалий иши қадимги Хива шаҳрида бўлиб ўтишини режалаштирдим. Қадимги иншоатлардан бирини танлаб, уни лазер сканер ва бошқа инновацион мониторинг усуллари орқали бирлаштириб ўрганамиз.
Зилзилабардошлик ва бошқа хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича билим ва тажрибага эга халқаро экспертларни ҳам Ўзбекистонга жалб қилишга киришдим. Шунингдек, дунёга машҳур Miyamoto International компаниясининг филиалини Тошкентда очишга эришдим. Унинг дунё бўйича 20 та филиаллари мавжуд эди. Мана Ўзбекистондаги филиали 21-чи бўлди[18].
Хурсандманки, ташаббусим туфайли 2019 йилда 750 нухсадан ортиқ илмий китоб ва журналларни Ўзбекистон Миллий Кутубхонасига етказилди[19]. Бу акцияда кўплаб ватандошларимиз ва АҚШнинг таниқли профессорлари қатнашишди.
Хуллас, қўл қовуштиришга вақт йўқ. Режалар ва ишлар жуда ҳам бисёр. Шуни ҳам алоҳида қайд этишим жоизки, ҳаётда эришган зафарларимга оиламнинг ёрдами ниҳоятда катта. Доимо мени қўллаб-қувватлаганлари учун энг, аввало, турмуш ўртоғим ҳамда фарзандларимдан жуда миннатдорман.
Қаҳрамонимиз университетдаги фаолиятидан ташқари иккита юқори технологиялар, сенсорлар ва замоновий мониторинг йўналишларига оид компанияларни ҳам бошқармоқда. Қолаверса, Сан-Франциско ва КурфазанингЎзбек Жамияти Марказининг (UCC) [20] директорлар кенгаши аъзоси ҳам.
Севара Абдуллаева
суҳбатлашди

“Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи” сайти https://indep.uz/sha%D2%B3zod-tahirov-bor-bilimim-va-tazhribamni-%D1%9Ezbekistonda-yangi-mu%D2%B3andislarni-tajyorlashga-ba%D2%93ishlamo%D2%9Bchiman/
2021 йил 12 январда қўйилди.

 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.5 / 5. Baholaganlar soni: 11

OAV nomi va parolini kiriting!