«Олтин қалам – 2021» танловига

Фозил Фарҳоднинг ижодий ишлари

 

ПАНДЕМИЯ 2020: ЧАҚИРИҚЛАР, ХУЛОСАЛАР, ОҚИБАТЛАР

Чақириқлар

2020 йил Худойим компьютерини бир ўчириб-ёқди. Дунё “перезагрузка” бўлди. 16 март куни юртимизда ҳам карантин бошланди. Ҳаммамиз юзимизга ниқоб тақдик. Шу куни касбдошим Фаррух Жабборовнинг фейсбукда ёзган пости ҳеч эсимдан чиқмайди: “Аёлларнинг ўранишига рухсат бермадинглар, ана энди эркаклар ҳам ҳижобда юрибди. Соқолини олган-олмаганиям сезилмайди”. Чиндан бу синовли кунлар Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиққанларга огоҳлик қўнғироғи бўлди. Ниқобли кунларимиз шундай бошланди.

Уйда қолинг! 2020 йил энг кўп айтилган чақириқ шу бўлса керак. Мен Ўзбекистонда жорий қилинган карантин кунларини шундай эслайман. Кўчада машиналар тўхтаган. Ҳамма томон жим-жит. Одамлар ўз уйларига беркиниб олган. Худди урушларда жорий этиладиган комендантлик соатига ўхшайди. Кўчада фақат ҳарбийлар, ички ишлар, миллий гвардия, санитария ходимлари кезиб юради. Телевизор, радио, газета, интернет фақат бир мавзуда гапиради: “Уйдан чиқманг, ниқоб тақинг, қўл бериб кўришманг, масофа сақланг! Кўчага фақат дори ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиш учунгина чиқинг!”

Уйимиздан уч-тўрт чақирим наридаги Авиасозлар деҳқон бозорига ўғлимнинг аравачасини судраб бозор қилишга бораман. Дарвозадан киришда иссиғингизни ўлчайди. Қўлингизга “антисептик” сепишади. Радиокарнайдан ҳам “Илтимос, уйда қолинг!” қўшиғи янграйди. Мен эса аравани судраб егулик қидираман. Ўшанда одамлар озиқ-овқат маҳсулотларини уйига захира қилиб ташлагани боис нарх-наво бирдан ошиб кетгани сезиларди. Давлат буни дарров назоратга олиб, масалан, картошка, ун сингари маҳсулотларни арзон нархда сотилишини таъминлади.

Карантинга оид кетма-кет қарорлар чиқади. У тезда ҳаётга йўналтирилади. Кунда, кунора чет давлатларда ишсиз қолган, ўқиши тўхтаган юртдошларимизни давлат имкони борича чартер рейсларда олиб келади. Кимлардир бошқа юртларда, чегараларда қолиб кетади. Ватан қадри шунда ҳар қачонгиданда билинди.

Ўша кунлари кимлардир интернетда: “Шундай кунларда газеталарнинг чиқиши шартми? Ахир улар орқали ҳам вирус тарқаши мумкин-ку!” деб чақириқ қилди ва газета-журналларнинг ўқувчиларга етиб бориши тўхтатиб қўйди. Матбуот тўхтади. Ҳамкасбларимиз ишсиз қолди. Чиқаётган газета-журналлар ҳам онлайн тарқатила бошлади. Ҳамон ўйлайман. Озиқ-овқат одамнинг моддий эҳтиёжини қондиради, газета-журнал, китоб маънавий эҳтиёжини. Маънавий оламсиз, биз ҳайвонга айланиб қоламиз. Демак, чақириқ қилган кимсалар бизнинг ҳайвонлашишимизни хоҳлашгандай туюлаверади. Ахир нима учун озиқ-овқат учун кўчага чиқар эканмиз-да, газета-журналларнинг уйимизга келиши, кутубхоналар, китоб дўконлари ишлаши мумкин эмас. Мен ўша чақириқни ҳамон ўзимга сингдира олмайман.

Хулосалар

Олам худди янги туғилган чақалоққа ўхшаб қолди. Буни ноябрда ёғиб берган қор ҳам тасдиқлайди. Худди келин тўйда оқ либос қиймагандай, неча йилдан бери қишимиз қорсиз ўтарди. Бу йил машиналар кам юрди, учоқлар кам учди, заводлар кам ишлади. Натижада, олимларнинг айтишича, тешилган азон қатлами ҳам ёпила бошлабди.

Табиат тозаланди ва ўз ҳолига қайта бошлади. Табиат тозалангач, ёмғир-қор кўп ёғмоқда. Натижада сув сероб бўляпти. Сув сероб бўлгач, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ошади, ҳайвонот олами ҳам яшиллик ичида яйрайди.

Инсон ўзгарди. Инсонлар янгиланди. Тозаликка эътибор кучайди. Покизалик биринчи ўринга чиқди. Қўлни тез-тез совунлаб ювадиган бўлдик. Тўйлар тўхтади, ихчамлашди. Одамнинг ҳою ҳаваси, тўқликка шўхлиги озайди. Исрофгарчилик камайди. Одам одамга қадри билинди, одамгарчилик уйғонди, оқибат қайтди. Бир-бирига ёрдам қўлини чўзиш кўпайди. Ҳаётнинг қадри ошди. Ибодатимиз мўллашди. Комил Худони кўп кўп эслайдиган бўлдик. Аллоҳим компьютерини шунинг учун ўчириб-ёққанми деб ўйлаб қоламан баъзан.

Оқибатлар

2020 йил оғир йил бўлди. Ҳеч бир оилани бу касаллик четлаб ўтмади. 9 июль куни менда ҳам бошланган бу касаллик танамни ўн кун уйда қийнади. Аёлим учиб-қўнади, нима қиларини билмайди. Менга қандай ёрдам берсам дейди. Телефоним тинмайди. Дадам ҳар ярим соатда қўнғироқ қилиб, аҳволимни сўраб туради. Мен эса яхши бўлиш ўрнига оғирлашаман. Дадам хавотир олади. Нафас олишим қийинлашади. Ўша кунлари “тез ёрдам” издан чиққан, одамларнинг чақириғига улгурмай қолган эди. Яхши инсонларнинг ёрдами билан мен Эргашев номидаги 4-сон клиникасига ётқизилдим. Икки томонлама зотилжам ташхиси қўйилди. Менга кислород улашди. Уколлар қилишди. Икки кундан сўнг ўнглана бошладим. Зўрға ҳожатхонага бориб-келаман. Шунда ҳам вужудимдан реза-реза тер чиқади. Дўхтирлар, ҳамширалар тинмайди. Укол қилади, иссиғимизни, сатурациямизни ўлчайди. Тўртинчи-бешинчи кунлари кучга кирдим. Лифтда пастга тушиб, дорихонага чиқиб келадиган бўлдим.

Поликлиникадан қўнғироқ қилишади: “Тест натижаларингиз чиқди. Сизда, болангизда “Ковид 19” йўқ, аммо аёлингизда бор”. Уйга қўнғироқ қиламан. Аёлим ва болам бир-икки кун иситмалабди. Хавотир оламан. Аммо касаллик уларда енгил ўтаётганидан хурсанд бўламан. Аёлимдан касалликка чалинганини яшираман.

Шифохонада касалларнинг бари пўккилаб йўталади. Ҳар куни ё кунора бирор жон узилади. Ташқарида йиғи овозлари эшитилади. Кимдир омонатини топширди. Эшитиб эзиламиз. Интернетда ҳам касалликдан ўтаётганлар сони кундан-кунга ошгани ҳақидаги хабарлар тарқалади. Уларнинг орасида танишларимиз, таниқли инсонлар ҳам бўлади.

24 июль куни менга шифохонадан жавоб беришади. Пиёда уйга бораман. Уйда аёлим ва болам мени қучоқ очиб кутиб олади. Мен учун янги ҳаёт бошланади. Гўё онадан қайта туғилгандай бўламан. Ўйлайман: “Дарвоқе, энам нега мендан хабар олмаяпти?” Қўнғироқ қиламан. Мен билан баравар энам ҳам касалликка чалинганини биламан. Энди анча яхши бўлибди. Уйдагиларим менинг касалланганимни онамдан, онамнинг касал бўлганини мендан яширибди. Онам-бола секин-аста тузала бошладик.

26 сентябрь куни касбдошим, ўта самимий ва беғубор инсон Муҳаммаднозим Мавлонов шу касалликдан оламдан ўтгач, мен бу бало одамзодга қандай оқибатлар олиб келганини суяк-суягимгача англадим ва қаттиқ ўкиндим. Шундай инсон бизни ташлаб кетса-я! У киши ҳақида пост ёзиб телеграм ва фейсбукка қўяман. Кўпчилик ўқиб, фикр қолдиради. Устозим Шерзодхон Қудратхўжаев қўнғироқ қилади ва у киши “Ахборот”га биринчи келганида Муҳаммаднозим Мавлоновнинг бошқалардан фарқли равишда ёрдам берганини эслайди. Кўнглимиз бўшайди. Кўзларимиздан ёш тинмайди. Ҳа, “ковид 19” биздан ана шундай яқин инсонларимизни юлиб кетди. Уларнинг ўлими эса бизни бир-биримизга яқинлаштириб кетди. Бундаям ҳикмат кўраман.

Касаллик бизни тарк этиб, орадан бирор ой ўтгач, “ковид 19”га топширган тестининг натижаси манфий чиққанини аёлимга айтдим. У жуда ҳайрон бўлади. Нега айтмадингиз дейди. Мен эса ўшанда айтганимда тушкунликка тушиб қолардинг, дейман. У эса хулоса қилади: “Нимага ўшанда менга бир дунё дори ичирардингиз деб ҳайрон қолардим. Шунга экан-да!”

Касаллик асорат қолдирди, албатта. Сочим дув-дув тўкилди. Соқол ва мўйловимга оқ тушди. Қалбимиз жароҳатланди. Кўнглимиз етим бўлиб қолди. Аммо мен барибир ундан миннатдорман. Менга янги ҳаёт берди. Аллоҳим мени ҳам ўчириб-ёқди.

2020 йилнинг 30 ноябри соат 8:00.

Фозил Фарҳод        

Мақола “Fozil Farhod” номли телеграм каналда 2020 йилнинг 30 ноябрь куни эълон қилинган:

https://telegra.ph/PANDEMIYA-2020-CHA%D2%9AIRI%D2%9ALAR-HULOSALAR-O%D2%9AIBATLAR-11-30

Мақола фейсбукдаги “Fozil Farhod” номли саҳифада 2020 йилнинг 30 ноябрь куни эълон қилинган:

https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=3115810638523865&id=100002848799079


 

Менда “Ковид-19” борми?

Шундай қилиб, 2020 йилнинг 9 июль куни арашон кўлларининг бирини кўриб, бошқасига қадамим етмай ўтирган бир пайтда эртошсойлик шўпирлар булоққа боришимизни таклиф қилди. Бордик, эркак ва аёллар учун алоҳида-алоҳида ҳовузлар қилинган экан. Кимдир уни 27та, кимдир эса 17 касалликка даво деди. «Шифо» учун дея, муз кўлларга кетган шеррикларни кутиш асносида ярим соатча сувда тушдим. Водийлик йигитлар денгиз сатҳидан 2800 метр баландликдаги олтингугурт-водородли геотермал булоқнинг хусусиятлари ҳақида билганларини айтиб берди. Сувининг ҳарорати йил бўйи 36.7 даража иссиқ бўларкан. Тери касалликларининг бари учун даво экан. Қўтирларни бутунлай йўқ қиларкан. Сув касаллик юқтирмас экан. Ичсангиз, ичингиздаги дардларни қуваркар. Бирор 200 граммча ичдим.

Булоқ атрофида палаткалар бор эди. Одамлар кечалари шу ерда қолишаркан.

Бу орада шерикларимиз Бунёд Абдуллаев, Давронбек Тожиалиев, Фаррух Жабборов, Ҳусниддин Ато музли кўллардан қайтди. Давронбек билан Фаррух ҳам сувда 10 дақиқача бўлди. Сувдан чиқаётиб, оёғимнинг томири тортишди, этим жунжикди. Совуқ қотдим.

Ҳаммаси Тошкентгача бўлган 5-6 соатлик йўлда оғир бўлди. Иссиғим 37 даражадан юқори, ичим кетяпти.

Уйга келгунча бўларим бўлди.

Уйда 10 кун ётдим. Иситмам 40қача чиқди. Дорилар заррача кор қилмайди. Иштаҳа йўқ. Таъм билиш йўқолди. Поликлиника врачимиз бориб-кўрай десам, ҳалатим йўқ, дейди. Тез ёрдам телефонига жавоб бермайди. Уйда оилавий дўхтиримиз, дадам кўрсатган дори-дармон бўйича муолажа қилабердик. Аммо аҳволим оғирлашарди. Нафас олишим қийинлашди.

Илмира Боситхоновага қўнғироқ қилдим. АҚШда ҳам тест олиш учун 5-6 кунда боришаётганини айтади. Эртасига мендан ковид-19 учун тест олиб кетишди. Бу учун опага алоҳида раҳмат.

Аммо аҳволим оғирлашарди.

2020 йилнинг 18 июл куни дадамнинг ундови, Азамат ака, Алишер ака ва Фурқат Санаевнинг ёрдами билан тез ёрдам мошинасида мени Эргашев номидаги 4-сон клиникасига олиб келишди. Йўл-йўлакай Даврон ака исмли дўхтир менга телефон орқали ташхис қўйди: икки томонлама зотилжам. Ўпкамни рентген қилишди. Кучли шамоллаш жараёни кечаётган экан. Ўпкам ярмига ишларди. Терапия бўлимида жой йўқлиги боис, кардиологияга жойлаштиришди. Мен кабилар бу ерда кўп эди. Бир кеча нафас олишга қийналдим. Иккинчи кеча ўпкамга кислород улашди. Кислород ва уколлар ниҳоят фойда бера бошлади.

Шундан сўнг ўнглана бошладим. Ўзим нафас оладиган бўлдим. Иситмам бутунлай 36:7га тушди. Иштаҳам, таъм билишим ўзимга қайтди. Врачим –  бўлим бошлиғи Гулжамила Қодирберган қизи, ҳамширалар Ойдин, Мухлиса ва бошқалар жонимга ора киришди. Умрларидан барака топишсин. Дўхтирларнинг ойлигини тезда кўтариш керак. Ажал оғзида юришибди улар. Қилаётган ишлари ҳақиқий жасорат. Замонамиз қаҳрамони шулар аслида.

Дарвоқе, совид-19га топширган тестимнинг жавоби бугун чиқибди. Манфий. Хурсандман. Икки томонлама зотилжамдан сўнг энди менга совид-19 хавфли эмас.

Бугун касалланганимнинг 15 куни. Фақат енгил йўтал бор, холос. Қолгани чекинди. Жамила опа эртага жавоб бераман, деди. Таассуротларим кўп. Аммо ҳаммасини ҳам бу ерга сиғдиролмаяпман.

2020 йилнинг 23 июли. Соат 20:10

Фозил Фарҳод

Пост “Fozil Farhod” номли телеграм каналда 2020 йилнинг 23 июль куни эълон қилинган:

https://t.me/bugunimiz/801

Пост фейсбукдаги “Fozil Farhod” номли саҳифада 2020 йилнинг 23 июль куни эълон қилинган:

https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=3115810638523865&id=100002848799079


 

ХУДДИ ОППОҚ ҚОҒОЗГА АЙЛАНИБ ҚОЛГАНДАЙМАН

24 июль куни касалхонадан уйга қайтдим. Бугун оилам бағридаги тўртинчи куним. Ўзига шукур, ҳаммамиз омонмиз. Ҳеч биримизда касаллик аломатлари йўқ. Таъм билишимиз бироз йўқолган, холос. Буям секин-секин тикланяпти.

Аллоҳнинг хоҳиши, Эргашев номидаги 4-сонли клиник шифохонасининг оқ ҳалатли қаҳрамонлари сабаб касалликларим ариди. Улар неча кунлаб уйларига боришмаяпти, беморларга меҳр бериб қарашяпти.

Санитар ходимлар 800 минг сўм ойлик олишар экан. Занги отадаги касалхонага борсакмикан, у ерда 10 миллион сўм ойлик беришяпти экан, деб гаплашишаётганини эшитиб қолдим. Ҳамширалар-чи, қанча ойлик олади? 1 миллион сўмми? Дўхтирлар-чи, нари борса 1,5 миллион сўм олишар. Мутасаддилар «ковед-19» баҳонасида зудлик билан уларнинг ойликларини кўтариш ҳақида бош қотиришлари зарур. Тиббий суғурта ҳам босқичма-босқич жорий қилинса, тиббиётнинг қадри ошишига, қадди юксалишига олиб келарди. Одамлар ҳам шунда соғлиғининг қадрига янада эътиборлироқ бўлармиди.

Ҳар эҳтимолга қарши, дўхтирим Жамила опа ёзиб берган дориларни ичиб турибман. Антибиотик уколлар олганим сабаб жигарга зарар етмаслиги учун «апкосул» ҳам ичяпман.

Иссиқни унча сезмаяпман. Ҳатто қайноқ овқатлар ҳам илиқдай туюляпти.

Анча оздим. Танам янгиланди. Қайта туғилгандайман. Қушдай енгилман. Худди оппоқ қоғозга ўхшаб қолгандайман. Танамга нималардир ёзиш мумкиндай туюлади.

Касалхонадалигимда ишхонамдагилар – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ходимлари «Ижод» жамоат фонди ҳисобидан олинган озиқ-овқат маҳсулотларини уйимизга олиб келиб беришибди. Раҳмат, барака топишсин.

Ишим онлайн давом этяпти. Ғайратим аввалгидан-да жўшган. Рўзғорим бут.

Мен учун қайғурган ҳамма-ҳаммангиздан Худойим рози бўлсин. Ҳеч ҳам касал бўлманг. Яқинларингизни ҳам Аллоҳ паноҳида асрасин доим.

Насибам узилмаган, ҳали қиладиган ишларим бор экан, бир ўлимдан қолдим. Бахтиёрман. Худойимга шукур.

2020 йилнинг 27 июли. Соат 23:12.

Фозил Фарҳод

Пост “Fozil Farhod” номли телеграм каналда 2020 йилнинг 27 июль куни эълон қилинган:

https://t.me/bugunimiz/806

Пост фейсбукдаги “Fozil Farhod” номли саҳифада 2020 йилнинг 27 июль куни эълон қилинган:

https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=2767809613323971&id=100002848799079


 

37–37=0

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига қилишича, 2020 йил 30 апрел соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тожвирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2039 нафарни ташкил қилмоқда. Йигирма тўрт соат аввалги маълумотларга кўра, улар 2002 нафар бўлган. Яъни, бир кун давомида беморлар 37 нафарга ошган.

Вазирликнинг соат 21:24да тарқатган маълумотларига кўра, 2020 йил 30 апрель куни 37 нафар бемор тузалган. Шунда мамлакатимиз бўйлаб тожвирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони жами 1133 нафарни ташкил этмоқда. 2039 нафардан 1133ни айирсак, бизда 906 нафар бемор қоляпти.

Эътибор қилинг, касаллик аниқланганлар сони 37 нафар, тузалганлар 37 нафар. Биз касалликни қувиб етдик: 37–37=0. Ҳатто, 30 апрел санасида гўё бирорта касал аниқланмагандай.

Шу куни соат 7:00дан 10:00гача, 17:00дан 20:00гача юртдошларимизга хизмат ва шахсий мошиналардан фойдаланишга рухсат берилгани ҳам бежиз эмас. Демак, назаримда, фақат карантиндагилар орасидангина касаллар аниқланмоқда, ташқарида касаллар қолмаган. Шунинг учун ҳам иплар бироз бўшатилмоқда. Лекин бу дегани шаталоқ отиб, чопиш керак деганимас. Барибир ҳозирча уйда қолган маъқул.

2020 йил 30 апрел куни керакли озиқ-овқат маҳсулотлари олиш учун “Авиасозлар деҳқон бозори”га боргандим. Нарсалар аввалгидай талаш эмас, ҳатто картошкалар ҳам кўп жойда сотилмоқда. Ҳеч қандай навбат йўқ. Нархлар ҳам меъёрлашиб қолган, ҳатто баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлашган ҳам.

Юртдошлар, Худо хоҳласа, тез кунда бу оғир кунларни енгиб ўтамиз. Хурсандмисиз? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг!

  Фозил Фарҳод

Пост 2020 йилнинг 1 май куни Fozil Farhod телеграм каналида эълон қилинган:

https://t.me/bugunimiz/723

Пост 2020 йилнинг 1 май куни фейсбукдаги Fozil Farhod саҳифасида эълон қилинган:

https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=2538945109543757&id=100002848799079


 

“КИМКИ БИР КИШИНИ ҚУТҚАРСА, ДУНЁНИ АСРАБ ҚОЛИБДИ”

1942 йил. Польшадаги яҳудийлар шаҳарчаси. Краковдаги гетто. Иккинчи жаҳон урушида Германиянинг нацист генерал-губернатори томонидан ташкил этилган бешта асосий геттонинг бири. Иш учун яроқлилар йўқ қилинадиганлардан шу тариқа ажратиб олинган.

Кичкина ҳужрачада ўнлаб одам яшайди. Чексиз тақиқлар. Жуҳудлар хусусий мулкчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ишсизлик авж олган. Карл Маркс сингари саводли яҳудийларнинг чақачалик қадри йўқ. Олий маълумотинг ҳам бир пул. Ёзувчилик, муаллимлик, муҳандислик, созандалик кераксиз касб-ҳунар, тарих, адабиёт фанлари чиқитга чиққан. У ерда яшовчилардан бири айтганидай: “Гўё ибтидоий ифлос ҳаётга ўхшайди”.

Комендант Амон “гетто”ни икки қисмга ажратувчи кўчадан машинада кетиб боради. Ўнг тараф “гетто “А”. У ерда малакали ишчилар, давлат хизматчилари жойлашган. Чап тараф “гетто “Б”. Бу томонда эса ортиқча ишчи кучи; кексалар, касаллар жуда кўп. Гетто ким учундир озодлик, ким учундир сўнгги манзил. Девор ортидаги хорлик.

“600 йил муқаддам вабо касали тарқалганида ушбу қора ажалнинг сабабчилари сифатида ҳамма ерда яҳудийлар айбландилар. Буюк Казимир деб ном олмиш кимса яҳудийлар Краковга келиб жойлашишлари мумкинлигини эълон қилди. Улар шу ерга ўрнашдилар. Ўзларининг ашқолларини замбил ғалтакларда ташиб келдилар ва ушбу заминда қолиб кетдилар. Шу ерда насл тарқатдилар. Тижоратда, илм-фанда, маданиятда, санъатда, ҳар ерда ютуқларга эришдилар. Бу ҳудудга қўллари бўш ҳолда кириб келишган эди. Ҳеч нарсасиз. Бу ерда фаровонликка эришдилар. Яҳудийлар Краковда 600 йил давомида мавжуд бўлди. Буни мулоҳаза этиб кўринглар. Аммо бугун оқшомда ушбу 600 йиллик ўтмиш йўқлик сари йўл олади. Худди ҳеч қачон воқе бўлмаган каби”. Бу комендант Амоннинг аскарларга дегани.

Қиш оқшоми. Совуқ. Гетто “Б” аёвсиз тинтув қилинади. Жомадонлар ташқарига итқитилади. Буюмлар кўчаларда сочилиб ётибди. Кексалар ва ҳужжати йўқлар итдай отиб ташланяпти. Одамнинг ҳайвонча қадри йўқ. Улар юк машинасида ўлимга жўнатилади.

Атрофда ўқлар учиб юрибди. Шунда Оскар Шиндлер тепаликдан туриб қизил пальтоли қизалоқнинг қирғин ичидан ажралиб чиқиб уй ичкарисига кирганини кўради. Қизил пальтоли қизалоқ уйдаги хонадонлардан бирига киради ва каравот тагига яширинади. Қизчанинг яширинаётганини кўриб, аёлим иккимизнинг хаёлимизга бирдан ўғлимизнинг шкаф ёнбошига яшириниши эсимизга тушиб кетди. Деярли бир хил ҳолат. Аммо икки ўхшашлик орасидаги вазият ер билан осмонча фарқ қилади. Худойим.

Пол ва каравот таги, печка, тумба, ҳатто “Ernst Bartholdt” номли пианино ичи ҳам одамлар билан лиқ тўла. Яшаш учун кураш. Овозингни чиқарсанг, ўласан. Аммо автоматда ҳамма-ҳаммаси илма-тешик қилинади.

Бутун музофотни ўлик босиб кетган. Одамлар бир соат бўлса ҳам тирик қолишга, яшашга ҳаракат қиляпти. Болалар нигоҳида қўрқув, ваҳима, яшашга бўлган умид, нажот, яна тушунуксиз аллақандай туйғулар.

Ишчилар лагери. Комендант ҳашаматли чорбоғда яшайди. Яҳудий қуллар оддий бостирмада. Комендант отининг эгари одамдан қиммат. У уйида журнал варақлаб яҳудий қизга тирноғини силлиқлатади, яҳудий болага ваннасини тозалатади, тозалай олмагач, отиб ташлайди. У энг яхши мусалласдан ичади, зотдор итлар боқади.  Хуллас, шоҳона ҳаёт.

Ҳисобга олувчилар томонидан касаллар соғлардан ажратиляпти. Овоз кучайтиргичда аллақандай мусиқа янграмоқда. Нимжонлар, касаллар, ишга ярамайдиганлар аскарлар томонидан “пақ-пақ-пақ” қилиб отилади. Болалар ота-онасидан ажратиб қаергадир олиб кетилмоқда. Шунда уддабурон баъзи болаларнинг бир-иккитаси пол тагига, тош печка ичига беркинади. Битта жужуқча жонҳолатда ҳамма тирқишга бош суқиб кўради: барининг эгаси бор. Шунда бола нима қилади, биласизми? Ҳожатхонага сакрайди. Нажасга шолоп этиб тушгач, атрофга қараса, у ернинг ҳам ўз эгалари бор. “Нега бу ерга келдинг? Бу ер бизнинг жойимиз, йўқол”, дейди “хўжайин”лардан бири. Қандай даҳшат! Аммо ҳаёт учун кураш.

Шаҳарни босиб кетган ўликларни чеккароққа олиб бориб уюм-уюм қилиб ёқишади. Ҳатто кўмилганларни ҳам кавлаб олиб ўтга ташлашади. Атрофни таналарнинг куйганидан чиқадиган ҳид тутиб кетган. Кибор бошлиқларнинг эса бу исдан кўнгиллари айнийди ва бурунларига оппоқ рўмолчаларини ёпади. Шаҳарда эса кул аралаш қор ёғади. Оскар Шиндлер  ёқишга олиб кетилаётган “чиқит”лар орасидан ҳалиги қизил палтоли қизалоқнинг мурдасини кўриб қолади ва қаттиқ ўкинади…

Бу даҳшатли ҳикоя 2020 йилнинг 23 апрель оқшомида “Sevimli” телеканалидан кўрсатилган, режиссёр Стивен Спилбергнинг “Шиндлер рўйхати” номли тарихий драма фильми сюжетининг айрим жойлари, холос. Ҳа, бу фильм даҳшатлари. Аммо тарихий фактлар асосида ишланган картинаки бизни шунча ҳаяжонга, даҳшатга солар экан, аммо ўша қирғин ўчоғида бўлганлар ҳоли аслида қандай кечган экан?! Худо кўрсатмасин-ку, фарзандларимиз ўша болаларнинг, хусусан, қизил палтоли ширин қизалоқнинг ўрнида бўлиб қолганида нима қилишар эди, нима қилар эдик? Буни ўйлашнинг ўзи даҳшат! Ҳа, иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мана шундай кулфатларни солди.

Таққос қиладиган бўлсак, бугун тожвирус пандемияси туфайли бизнинг карантинли кунларимиз Иккинчи жаҳон уруши даврида жон сақлаш учун ҳар нарсага тайёр яҳудийлар ҳаёти, геттолардаги тақдирлар, умуман, бутун инсоният олдида аслида фожиа эмас. Худога шукур, бошпанамиз бор. Устимиз бут. Қорнимиз тўқ. Баъзиларимиз масофадан туриб оиламиз бағрида ишлаяпмиз. Кўп нарсаларни мулоҳаза қилиш учун айни фурсат. Бугун биз ҳам тожвирус билан жанг қиляпмиз. Тўғри, бу офат ҳам бутун дунё халқига катта ташвиш келтирмоқда. Айрим давлатларда минг-минглаб одамлар ана шу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Аммо унинг оқибатларини одамлар иккинчи жаҳон урушида кўрган жабру жафоларга тенглаштириб бўлмайди.

Фильм охирида немис саноат мутахассиси Оскар Шиндлер умр бўйи йиққан пулига 1100 яҳудийни комендант-у бошқалардан сотиб олади ва ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, уларни корхона ишчилари сифатида Чехословакияга олиб чиқиб кетади. Уруш тугагач, халос этилганлар Шиндлер билан хайрлашаётиб, миннатдорлик рамзи сифатида унга узук совға қилади. Унда иброний тилидаги “Забур” ояти ёзилган эди: “Кимки бир кишини қутқарса, дунёни асраб қолибди”.

Бу оятни ўқигач, Шиндлер афсусланади: “Мен янада кўпроқ одамни қутқаришим мумкин эди. Қанча пулимни маишатга сарфлаб юбордим. Бошқаларни ҳам асраб қолардим. Машинам-чи? Унинг менга нима кераги бор эди. Уни сотсам, ўн кишининг ҳаётини сақлаб қолардим”.

Фильм деярли оқ-қора тасвирларда ишланган. Ҳамма нарсалар, ҳамма одамлар оқ-қора рангда. Худди урушда ҳаёт йўқ деган мазмунда. Қизил палтоли қиз ва фильм охиридаги тасвирларгина бўялган. Бу урушдан сўнг ҳаёт бошланганини билдирарди.

“Кимки бир кишини қутқарса, дунёни асраб қолибди”.

Ҳа, биз ҳам бугун уйда ўтириб ўзимизни, яқинларимизни, демакки, дунёни асраб қолишимиз мумкин.

Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси матбуот котиби, ёзувчи

Мақола 2020 йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ijod.uz сайтида эълон қилинган:

http://ijod.uz/kr/articles/more?id=40

Мақола 2020 йилнинг 27 май куни “Fozil Farhod” номли фейсбук саҳифасида эълон қилинди:

https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=2602906993147568&id=100002848799079

Мақола “Hurriyat” газетасининг 2020 йил 27 май сонида эълон қилинган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.3 / 5. Baholaganlar soni: 12

OAV nomi va parolini kiriting!