«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-17T13:09:09+05:0017 Aprel, 2021|Матбуот|

Зулфия ЮНУСОВАнинг ижодий ишлари

 

ВАТАН ДАРДИ БИЛАН ЁНГАН МИЛЛАТМИЗ

СПИТАМЕН

Панжикент ҳокими, сўғдлар лашкарбошиси Спитамен милоддан аввалги 329 – 327 йилларда Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн) бошчилигидаги юнон-македон босқинчиларига қарши кураш олиб борган. Партизанлик усулини қўллаган ҳолда душман қўшинларига катта талафот етказган.

Спитамен онаси сўғд, отаси сак қабиласига мансуб аслзода хонадонда туғилган. Ёшлигидан махсус тарбия остида абжир, уддабурон, билимдон  бўлиб улғайган. Отда чопиш, камон отиш ва қиличбозликда унга ҳеч ким тенглаша олмаган.

Жаҳон ҳарбий санъатида ном қозонган Александр Македонский қисқа муддат ичида улкан Эрон салтанатини забт этиб, Сўғдиёна ва Бақтрияга қарши ҳарбий юришни бошлайди. У истеъдодли лашкарбоши сифатида, машҳур македон фалангасини ташкил этади. Оғир қуроллар билан қуролланган ва ўзини қалқонлар билан пана қилган жангчилардан иборат зич маҳобат бир бутун бўлиб, силжиб борганда ҳамма жанглар муваффақиятли ҳал қилинар эди. Александр уруш олиб боришнинг пухта тактик усулларини қўллаб, улкан зафарларга эришади ва ўз йўлида ўзига муносиб рақибни учратмайди.

Лекин Александр Ўрта Осиё тупроғида Спитамен раҳбарлигидаги халқ озодлик ҳаракатининг қаттиқ қаршилигига дуч келади. Бу ердаги аҳоли ўз маҳаллий жойларини яхши билганликлари учун Македон армиясини майда тўқнашувлар билан ҳолдан тойдиришга қарор қилади. Яъни фаланга услубига қарши партизан уруши тактикасини қўллайди. Натижада Александр Ўрта Осиё ерининг ҳар бир бўлаги учун жанг қилишига тўғри келади, ҳар бир шаҳар ёки манзилгоҳ қалъага айланиб, душманга қаттиқ қаршилик кўрсатади.

Айнан Ўрта Осиё Спитамен каби шерюрак ўғлонлари сабаб, Александр қўшинини ҳолдан тойдиради, ҳужумкорлик руҳини сўндиради. Босқинчиларга қарши умумхалқ урушига раҳбарлик қилган Спитамен йирик ҳарбий бўлинмаларга дуч келишдан тийилган ҳолда, айрим кичик бўлинмаларга ҳужум қилиб, тинимсиз партизан ҳаракатини олиб боради.

Антик муаллифлар (В.В. Ян, Арриан, Курций Руф)нинг хабарларига кўра, Ўрта Осиёда яшовчи халқларда ҳарбий қуроллар, истеҳкомлар ва жанг олиб бориш санъати анчагина юқори ва грекларга номаълум усулларда бўлган. Хусусан, милоддан аввалги 329 йилнинг кузида бошланган Спитамен бошчилигидаги қўзғолончилар Мароканд (Самарқанд)даги душман лашкарларини қириб ташлаб, шаҳарни озод қилади. Александр уларга қарши Фарнух етакчилигида уч минг пиёда ва 800 отлиқ қўшин жўнатади. Спитамен Политимет (Зарафшон)нинг қуйи оқимидаги ерларга чекинади. Бу ерда кўчманчиларнинг отлиқ қўшини билан бирлашиб, яна ҳужумга ўтади. Тўсатдан қилинган ҳужум натижасида юнон-македон қўшинларига катта талафот етказилади. Александр Спитаменга қарши Андромах, Менедем ва Каран бошчилигидаги отлиқ ва пиёда қўшин юборади. Спитамен бундан хабар топиб, ўрмон орасидан ўтадиган йўлга пистирма қўяди ва кутилмаган ҳужум билан душманни саросимага солади.

У мазкур жангда ўзгача ҳарбий усул қўллайди. Ҳар бир отга иккитадан жангчи миндирилиб, улар душманга икки томондан зарба беради. Бири найза, қилич ёки камон билан ҳамла қилса, иккинчиси тош билан уриб, ёвнинг бошини мажақлайди. Бу жангда ҳам душман жуда катта йўқотишга учрайди. Шундан кейин озодлик ҳаракатига қарши Александр асосий кучларини ишга солади, Спитамен сафдошлари билан чўл ичкарисига чекинади. Босқинчилар уни таъқиб этмайди. Балки ёғий озодлик ҳаракати етакчисининг навбатдаги жанг тактикасига рўбарў келишдан чўчигандир.

Бироқ душман Зарафшон воҳасининг тинч аҳолисидан қаттиқ ўч олади. 120 минг киши қириб ташланади. Шаҳар ва қишлоқлар вайрон қилинади, экин ва боғлар ёндирилади. Александр Суғдиёнадаги бир неча қалъа ва пойтахт Мароканд (Самарқанд)да катта қўшин қолдириб, ўзи қолган кучлари билан қишловни ўтказиш учун Бақтрия (баъзи маълумотларда Навтак)га қайтади.

Милоддан аввалги 328 йилнинг баҳорида қўзғолоннинг иккинчи босқичи бошланади. Кўплаб суғдийлар турли қалъаларга тўпланиб, юнон-македон ҳокимларини тан олмайди. Суғдиёна қўзғолон ўчоғига айланади. Спитамен Александрнинг йўқлигидан фойдаланиб, рақибининг орқа томонидан айланиб ўтиб, 600 отлиқ билан Бақтрияда юнонларга қақшатқич зарбалар бериб турган. Юнонлар лашкарбошиси Кен Спитаменга қарши чиқиб, уни даштга чекинишга мажбур қилади.

Милоддан аввалги 328 йилнинг кузида Спитамен Зарафшоннинг қуйи қисмидаги қальалардан бирини эгаллаб, уч минг отлиқ билан Суғдиёна пойтахти томон юради. Юнонлар бутун кучларини унга қарши ташлайди. Жангда қўзғолончилар мағлубиятга учрайди. Суғдий ва бақтриялик зодагонларнинг бир қисми Спитаменга хиёнат қилиб, истилочилар томонига ўтиб кетади. Уч йиллик курашдан кейин Спитамен хоинлик қурбони бўлади.

Баъзи маълумотларга кўра, унинг ўлимида хотинининг қўли борлиги айтилади. Тарихчилар, хусусан, Аррианнинг ёзишича, қўзғолончиларга қўшилган кўчманчи массагет қабилалари раҳбарлари босқинчиларнинг чўл ичкарисига юриш қилишидан қўрқиб, Спитаменнинг жонига қасд қилган ва бошини Александрга юборган. Спитаменнинг қизи Арана эса Салавк I га берилган. Бу никоҳдан салавкийларнинг машҳур ҳукмдори Антиох туғилган.

Юртига садоқатли, ватанпарвар, шерюрак Спитаменнинг номи асрлар оша яшаб, мардлик ва жасорат тимсоли сифатида авлодларга руҳий мадад бериб келган. У ҳақда кўплаб бадиий (В. Ваннинг «Қўрғон узра оловлар», Я. Илёсовнинг «Суғдиёна», М. Қориевнинг «Суғд қоплони») ва тасвирий асарлар яратилган.

АБУ МУСЛИМ

Марказий Осиёда миллий озодлик учун олиб борилган курашлар тарихида Абу Муслим номи алоҳида тилга олинади. Ўрта аср лашкарбошилари сафида ниҳоятда улуғланган Абу Муслим ҳарбий салоҳияти билан замондошларини доғда қолдирган. У 18 ёшида араб босқинчиларига қарши кўтарилган қўзғолонга бош бўлиб, 40 мингдан зиёд қўшинга қўмондонлик қилган. Унинг ҳарбий тактикаси халқ оғзида афсонаю ривоятларга айланган.

Абу Муслим араб халифаси ноибини мағлуб этиб, халифа пойтахтини эгаллаган ва Уммавийлар сулоласига барҳам берган. У Хитой императорининг Ўрта Осиёни қўлга киритиш учун юборган катта қўшинини 751 йилда тор-мор қилиб, саркардаси Гаю-Сянни асирга олган буюк лашкарбоши эди.

Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихига оид манбаларда Абу Муслим шахсияти, унинг наслу насаби ҳақида турлича хабар мавжуд. Масалан, улардан бирида ёзилишича, Абу Муслимнинг насаби қадимги Эрон баҳодирларидан Гударзга нисбат берилади. Маълумки, Гударз Сиёвуш замонасида қора кийимда жанг қилган. Абу Муслимнинг исми Иброҳим, лақаби Абуисхон бўлиб, отасининг исми Муслим бўлган. Абу Муслим ҳам қора кийимда жанг қилган.

Хуросон амири Насри Сайёр ўз рақиби Кирмонийга қарши жангга чиққанда, Абу Муслим ҳам Кирмонийга қарши ҳужум қилади. Бу воқеа ҳақида Насри Сайёр Марвонга, яъни Уммавийларнинг сўнгги ҳукмдори Язид бинни Умарга «…бошқа бир киши пайдо бўлдики, у саррожлар ўғлидир, на асли бору на дини. Хуросон фосиқлари унинг атрофига тўпланган», деб хабар юборади.

Дарҳақиқат, саррожлик (от ва арава абзалини тайёрловчи уста) билан топган маблағининг бир қисмини Уммавийлар томонидан солинган оғир солиқларга, бошқа бир қисмини эса қулликдан қутулишга тўлаб юрган Абу Муслим қалбида ҳукмдорларга нисбатан исёнкорлик руҳи пайдо бўлади. Мана шу руҳ Аббосийлар томонидан юборилган тарғиботчилар таъсирида янада кучайиб кетади. Улар Абу Муслимни ўз томонларига тортадилар, ўзлари билан уни бир неча маротаба Макка сафарига олиб борадилар, Иброҳим Имом билан таништирадилар. У Абу Муслимдаги кучли истеъдодни сезиб, бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги ҳарбий ҳаракатлар тақдирини унинг қўлига топширади. Ана шу пайтда Абу Муслим эндигина 19 га тўлган эди.

Абу Муслим Уммавийларга қирши ташвиқотни Хуросон аҳолисининг юқори табақасига мурожаат қилишдан бошлайди. У Марв шаҳри яқинидаги Сафизанж қишлоғини ўзига қароргоҳ қилиб олади. Дастлаб араб зодагонлари, сўнгра маҳаллий деҳқонлар Абу Муслимни қўллаб-қувватлайдилар. Уммавийларга қарши ташвиқотнинг садоси тез орада Хуросон, Мовароуннаҳр ва Тоҳаристон вилоятлари бўйлаб кенг тарқалади. Гўё мамлакат аҳолисининг катта-кичиги арабларга қарши қўзғалгандек бўлади. Аҳоли отда, эшакда ёки пиёда қуролли ва қуролсиз Абу Муслим қароргоҳи томон йўл олиб, унинг атрофига тўплана бошлайди. Сафизанж қишлоғи ҳар томонлама мустаҳкам бўлса ҳам, тўпланаётган кучлар учун торлик қилади. Шу боис Абу Муслим Мохувон қалъасига кўчиб ўтади.

Абу Муслим қароргоҳи атрофида Ҳирот, Бушанг, Марвируд, Таликон, Марв, Нио, Обивард, Тус, Нишопур, Серакс, Балх, Чағаниён, Тоҳаристон, Хутталон, Кеш ва Насаф вилоятларидан 100 минг нафар лашкар йиғилган эди. Уларнинг деярли ҳаммаси қора либосда эдилар. Етарли лашкарий куч тўплангач, 747 йилнинг саратонида Абу Муслим аҳолини Уммавийларга қарши очиқ курашга даъват этади.

Бу даврда Хуросонда Насри ибн Сайёр ноиблик қиларди. У Абу Муслим лашкари билан тўқнашишга журъат қила олмайди. 748 йилнинг бошида Хуросон пойтахти Марв шаҳрини қўзғолончиларга жангсиз бўшатиб беради ва Нишопурга чекинади. Бироқ орқасидан таъқиб қилиб борган қўзғолончилардан қақшатқич зарбага учрайди. Бу Уммавийлар ҳукмронлиги тақдирини узил-кесил ҳал қилади.

749 йилда Абу Муслим бошчилигидаги қўзғолончилар халифаликнинг марказий вилоятларига йўл олади. Қисқа муддат ичида Ироқ ва Жазоирда Уммавийлар қўшинига бир неча бор қаттиқ зарба берилиб, улар тор-мор келтирилади. Сўнгра халифалик пойтахти Дамашқ шаҳрига юриш қилинади. Пойтахт қўлга киритилиб, халифа Марвон 2 тахтдан ағдарилади. Аббосийлар хонадонидан бўлган Абдулаббос Саффох (749 – 754) халифалик тахтига кўтарилади.

Шундай қилиб, Араб халифалигида давлат Аббосийлар қўлига ўтади. Бу янги сулоланинг ҳокимият тепасига чиқишида, шубҳасиз, ўз даврининг йирик сиёсий арбоби ва саркардаси Абу Муслимнинг хизмати ниҳоятда буюк эди. У Аббосийлар ҳукмронлиги учун ҳаракат қилиш баробарида Хуросон ва Мовароуннаҳрда ўз маҳаллий ҳокимиятини, мустақил давлатини барпо этишга ҳам интилади. Бунинг учун Аббосийлар ҳокимиятининг раҳбарлигига Алавийлар (ҳазрати Али авлодлари)ни қўйишга интилади. Бундан кўзланган мақсад, Алавийлар Аббосийларга нисбатан соддадил, ҳукмронликда тажрибасизроқ эди. Шу сабаб, Абу Муслим истаган пайтда Алавийлардан ҳукмронликни ўз қўлига олиши мумкин эди. Аммо Аббосийлар Алавийларни халифа ҳукмронлигига яқинлаштирмаслик учун барча чора-тадбирларни кўришади.

Абу Муслим ўз мақсадига эришиш ниятида Макка сафарига чиқади. У сафар орқали шу атрофлардаги араб аҳолисини ўз мақсадига эргаштириш ва халифат тахтига Алавийлар авлодидан ҳукмрон қўйишни кўзлайди. Халифа Абу Муслимни эҳтиром билан кутиб олади. Аммо бу «эҳтиром» ортида тубан мақсад яширин эди. Халифа ҳузурига кираверишда унинг қурол-яроғини дарвозабонлар олиб қолади. Сўнгра халифанинг қуролли кишилари унга ташланадилар ва Абу Муслимнинг жасадини ўзи ўлдирилган гиламга ўраб, ўша хонанинг бир бурчагига кўмадилар.

Ташқарида эса Абу Муслимнинг мингта қуролланган йигити саркарданинг чиқишини кутиб турарди. Халифанинг фармони билан мингта халтага мингтадан олтин солдириб тайёрлаб қўйилган эди. Абу Муслимнинг ҳаяллаб қолганидан шубҳаланган минг йигит халифа саройини ўраб олиб, унинг чиқишини талаб қилади. Шунда халифанинг одамлари Абу Муслимни халифалик хоҳишларига қарши хатти-ҳаракатлари учун ўз жазосини олганлиги ва унинг боши эвазига ҳар бир йигитга минг тилладан пул берилишини эълон қилиб, халталарни бирма-бир йигитларга ташлайдилар.  Аскарларнинг бир қисми минг тиллага сотилиб, ўз саркардасини унутади, қолганлари қасос олиш учун халифа саройига ҳужум қилади ва ҳалок бўлади. Бу машъум воқеа 755 йилда рўй беради.

Бу совуқ хабар тез фурсатда Хуросон ва Мовароуннаҳрга тарқалади. Ғазабга тўлган халқ аввал Сунбод раҳбарлигида, кейин Ҳошим бинни Ҳаким – Муқанна раҳбарлигида қўзғолон кўтаради. Кейинги суҳбатимиз Муқанна қўзғолони билан давом этади.

Зулфия ЮНУСОВА,

«Ватанпарвар», 2020 йил 30 июль. 31-сон


ВАТАН  ДАРДИ БИЛАН  ЁНГАН  МИЛЛАТМИЗ

ТЕМУР  МАЛИК

Туронзаминда Ватан озодлиги йўлида босқинчиларга қарши қанчадан-қанча жангу жадаллар бўлиб ўтган. Душманларга қарши олиб борилган ҳар бир жанг ўз баҳодирлари, ўз қаҳрамонларини кашф этган. Бироқ уларнинг саноқлиларигина тарих саҳифаларидан жой олган, номи мангуликка муҳрланган. Мана шундай халқ қаҳрамонларидан бири Темур Маликдир.

Темур Малик Жалолиддин Мангубердининг яқин сафдоши бўлиб, мўғул истилосига қарши кураш олиб борган ўтюрак саркарда сифатида эътироф топган. Айниқса, Темур Маликнинг 1220 йилнинг апрель ойида Хўжанд шаҳрини босқинчилардан асраш йўлидаги кураши, шаҳар яқинида Сирдарё ўртасидаги оролга қурдирган қалъада олиб борган жанги, ўзига хос кураш тактикаси душманларни-да лол қолдирган. Тиллардан тилларга ўтиб, афсоналарга асос бўлган.

Темур Маликка атаб ёзилган бадиий асарлардан бирида бу жанг қўйидагича таърифланади: “Хўжанд вилоятининг ҳокими Темур Малик дарё ўртасидаги қалъани мустаҳкамлаб, мўғуллар билан жанг қилишга жазм этди. Сирдарё ажойиб бир манзара касб этган, қирғоққа тўпланган кишиларни сон-саноқсиз қайиқлар ва кемалар оролга ташимоқда. Кетмон, бел, арра, андава, теша, болта ушлаган кишилар сабрсизлик билан ўз навбатларини кутмоқда эдилар. Қалъа тепасидан юзларча одамлар чумолидек уюмлашиб, девор ва бурчларнинг шикаст ерини тузатмоқдалар…

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас йигирма минг кишилик мўғул қўшини Хўжандга етиб келди. Шаҳар бўсағасида Хўжанд мерганлари ва аскарлар мўғуллар билан жанг қилдилар. Сўнг шаҳарга  чекиниб, томлардан, дарчалардан душман устига ўқ ёғдириб турдилар ва шу билан Темур Малик аскарларининг оролга батамом ўтиб олишларига ёрдам бердилар. Темур Маликнинг мақсади оролда туриб ўқтин-ўқтин душманга ҳужум қилиш ва йигирма минглик мўғул қўшинини узоқ вақтгача шу ерда тутиб туриб, Хоразмшоҳдан мадад келганидан кейин уларни тор-мор қилиш эди.

Мўғуллар қаттиқ жангдан сўнг шаҳарни ишғол қилдилар, бироқ дарё ўртасидаги истеҳком кўкрак кериб, уларни жангга чорлаб турарди. Манжанақлардан отилган тош ҳам, ўқ ҳам қирғоқдан узоқда бўлган қўрғонга шикаст етказолмасди. Аммо баланд қўрғон тепасидан туриб, қозонлардан шиддат билан отилган юмалоқ тошлар мўғулларга кўп талафот етказди. Қўрғон ҳимоячилари душманнинг дарё лабига келиб қозон қуришга ва катта ўқ-ёйлардан ўқ отишига имкон бермадилар…”

Тарих саҳифаларига назар ташласангиз, Темур Маликнинг Сирдарё ўртасидаги қалъадан олиб борган жангида ҳақиқий жасорат, мардлик ва жанг санъатининг ўз даврига хос бетакрор қирраларини кўрасиз. Тадбиркор саркарда минг кишилик қўшини билан мўғулларнинг 20 минг сонли лашкарига қарши тура олади. У душман билан нафақат қалъа ичида туриб курашади, балки махсус кемалар орқали босқинчиларга яқин бориб талафотлар келтиради. Яъни Темур Малик усти намат ва сиркали лой билан сувалган, ўқ отиш учун даричалар қилинган кемалар ясатади. Ҳар куни тонг саҳарда ҳар икки томон қирғоққа олтитадан кема сузиб келиб, ёвга қирғин келтиради.

Мўғуллар оролдаги қалъани маҳв этиш учун 50 мингга яқин аҳолини зўрлик билан олиб келади ва теварак-атрофдан тош, шох-шабба ва хашак келтириб дарёга ташлата бошлайди. Қалъадагиларнинг душманга қарата отган ўқ ва тошларидан аҳоли ҳам жабр чека бошлайди. Охир-оқибат вазият танглашгач, Темур Малик оролни ташлаб кетишга мажбур бўлади. У қолган аскарлари ва юклари ортилган 70 қайиқда Сирдарёнинг қуйи оқими томон сузиб кетади. Мўғуллар дарёни тўсиб қўяди. Темур Малик қирғоққа тушиб душман билан жанг қилади. Кўп талафот бериб, ёлғиз ўзи Қизилқум чўли орқали 1220 йилнинг ёзида Хоразмга етиб келади. Аскар тўплаб Жўжихон қўшинига кучли зарба беради, Касба (Янгикент) шаҳрини босқинчилардан озод қилади. Аммо салтанатда юзага келган мушкул сиёсий вазият туфайли Хоразмни тарк этади.

Темур Малик 1221 – 1232 йиллар давомида Жалолиддин Мангуберди билан биргаликда мўғулларга қарши тинимсиз кураш олиб боради. Султон Жалолиддин ҳалокатидан кейин ўз юртига қайтади. Маълум вақтдан сўнг, Ватан озодлиги йўлида умрини фидо қилган баҳодир саркарда мўғуллар томонидан қўлга олинади ва қатл этилади. Йиллар, асрлар давомида Темур Малик жасорати асарларга муҳрланиб, халқ қалбидан теран жой олиб улгурган. Асрлар давомида унга бағишлаб ёзилган асарлар эл қалбидан муносиб жой олиб улгурган. Айни дамда пойтахтимиздаги шоҳкўчалардан бирига шерюрак аждодимизнинг номи берилган.

МАҲМУД  ТОРОБИЙ

Тарих саҳифаларида Маҳмуд Торобий қўзғолони мўғул истилочиларига қарши олиб борилган халқ курашининг ўзига хос қаҳрамонона ҳаракатидан сўзлайди. Бу исён қўзғолонларнинг чўққиси ҳисобланади. Мозийдан маълумки, Чингизхон бошлиқ мўғуллар 1219 йилда Мовароуннаҳрни қаттиқ қийинчилик, жангу жадал, бешафқат босқинлар ила қўлга киритишга муваффақ бўлади. 1227 йилда Чингизхон ўлимидан кейин унинг босқинчилик билан асос солган салтанати тўртда ўғли ўртасида бўлиб олинади. Шарқий Туркистон ва Еттисувдан Амударёгача бўлган ҳудудлар Чиғатойга насиб этади. Шу тариқа Чиғатой улуси ҳукмронлиги бошланади.

Чиғатой даврида Моворауннаҳр унинг отаси Чингизхон давридагидан-да ёмон аҳволга солинади. Мовароуннаҳр ҳақида ўша даврнинг номаълум тарихчиси шундай ёзиб қолдирган: “Мўғул истилочилари одамларни ҳайвонларга, серҳосил ерларни ва одамлар яшайдиган обод жойларни яйловларга айлантирганди. Шаҳар-қишлоқларни тинимсиз, аёвсиз талон-торож қилган, эркакларни қул, аёлларни эса тул қилиб ҳайдаб кетган. Гуллаб-яшнаб турган ноҳиялар чўлу биёбонга айланиб бўлганди…” Мана шундай зулму ситамлардан, адоғи йўқ ўлпон ва солиқлардан ғазабга тўлган халқ келгинди ҳукмдорлар ва маҳаллий бойларга қарши кўп бор исён кўтаради, оёққа туради. Шундай йирик қўзғолонлардан бири Маҳмуд Торобий бошчилигидаги ҳунарманд ва деҳқонлар курашидир.

Маҳмуд Торобий шахсига тўхталиб ўтадиган бўлсак, у Бухоро яқинидаги Тороб қишлоғидан (ҳозирги Жондор тумани ҳудуди) бўлиб, ҳунарманд оиласида ғалвирчилик билан шуғулланган. У ҳақдаги тарихий маълумотларда элакчи-косиб, шайх бўлган, дея таъриф берилади. Тороб қишлоғи ўз даврида мўғул босқинчиларининг зулмига қарши халқ курашининг марказига айланган. Юртни мўғуллар истибдоди ва зулмидан озод қилиш ва обод кўриш истаги Маҳмуд Торобийдек элпарвар инсонларнинг асосий мақсади бўлган.

Манбаларда келтирилишича, 1238 йилда Бухоро атрофидаги қишлоқларнинг деҳқон ва косиблари ўзаро маслаҳатлашиб, босқинчиларга қарши очиқ курашга киришадилар. Қўзғолонга раҳбарлик қилишни Торобийдан ўша даврнинг машҳур тасаввуф шайхи ва уламоси, қўзғолончиларнинг маънавий пири Шамсуддин Маҳбубий сўраган ва бунга Торобий мамнуният ила рози бўлган. Жувайнийнинг ёзишича, Шамсуддин Маҳбубий қўзғолончиларнинг ғоявий раҳнамоси сифатида қўшин ва халқ ўртасида катта ташвиқот ишларини олиб борган. Улар мўғул босқинчилари ва уларнинг хизматига ўтган маҳаллий маъмурларнинг мол-мулкини бева-бечораларга тарқатиб беришган.

Торобийнинг опаси ҳам қўзғолоннинг фаол иштирокчиларидан бири бўлган. Бу табиб ва дуохон аёл ўз мардлиги, куч-ғайрати, жасорати ва душманга нафрати билан қўзғолончилар орасида алоҳида ажралиб турган.

Маҳмуд Торобий бошчилигида Бухоро бутунлай қўзғолончилар қўлига ўтади. Шаҳардаги Малик Санжар қасри (1206 йилда Бухорода кўтарилган қўзғолон раҳбари қурдирган)ни эгаллаб, ўзларига қароргоҳ қилиб олишади. Уларнинг сафига кўплаб тарафдорлар ва маслакдошлар келиб қўшила бошлайди. Маҳмуд Торобий Робиа саройига жойлашиб, султон қилиб кўтарилган. Шамсуддин Маҳбубий эса шаҳар садри этиб тайинланади.

Мўғул босқинчилари бу пайтда Карманага қочиб, шошилинч тарзда куч тўплай бошлайди. Қўзғолончиларни бостириш учун Бухорога юриш қилади. Аммо қора ниятига ета олмайди. Карманадан юборилган мўғул қўшинларини юрагида ватанпарварлик туйғуси жўш урган Торобий бошчилигидаги қўзғолончилар Бухоро атрофида тор-мор этишади. Жангда 10 минг мўғул аскари ўлдирилади. Қўғолончилар босқинчиларни қувиб Карманагача боришади. Афсуски, бу ерда бўлиб ўтган шиддатли жангда халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий ва Шамсуддин Маҳбубий ҳалок бўлишади. Йўлбошчисиз қолган қўзғолончилар эса мағлубиятга учрайди.

Шунга қарамай Торобий қўзғолони изсиз кетмайди. Мўғул маъмурияти эндиликда маҳаллий аҳоли билан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни тушуниб етади, ўлпон ва солиқларни камайтиради. Маълум муддат турли ўзбошимчаликларга чек қўйилади.

Халқпарвар улуғ аждодимиз Маҳмуд Торобий жасорати халқига муносиб қалқон бўла олган жасур подшоҳ момомиз Тўмарис, эрк учун курашган халқ қаҳрамонлари Широқ, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Нажмиддин Кубро қаторида туради. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Жувайнийнинг “Жаҳонгир Чингиз тарихи”, Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”га кўз югуртиришнинг ўзи кифоя. Ойбекнинг “Маҳмуд Торобий” достони, Асад Дилмуроднинг “Маҳмуд Торобий” номли тарихий романида ҳам мозий қатидаги унутилмас суронли йиллар, жангу жадаллар қаламга олинган. Бир сўз билан айтганда, баҳодир бобокалонларимиз, момоларимиз – улуғ аждодларимиз жасорати биз учун шараф ва ифтихор кўзгуси, Ватан дарди билан яшаган миллатимизнинг тарихга муҳрланган букилмас ғуруридир.

Зулфия ЮНУСОВА,

 “Ватанпарвар”, 2020 йил 30 июль, 27-сон


ВАТАННИНГ  ҲАР  ЗАРРАСИ  АЗИЗ

Халқимиз орасида асрлар оша асралиб келинаётган достон,  ривоят ва афсоналар мавжудки, улар мазмун-моҳиятининг теранлиги, халқоналиги билан  мангуликка юз тутган. Бунинг асосий сабаби уларнинг қатида асралган юксак қадрият ва эзгу туйғулар – ватанпарварлик, инсонийлик, ишқ-муҳаббат, юртга, миллатга садоқат  қирраларининг ҳақиқатга асосланган ҳолда акс этганидир.  Сизга ҳикоя қилинаётган ушбу ривоят ҳам Ватаннинг ҳар сиқим тупроғи, ҳар қарич ери азиз ва мукаррам, уни ҳимоя қилиш ҳар бир инсон учун муқаддас бурч, ор-номус ва шараф эканлигидан сўзлайди.

Ривоят қилишларича, яқин ўтган замонларда гуллаб-яшнаган бир мамлакат бўлган экан. Бу ўлкага ён атрофдаги барча давлатлар ҳавас қилишар, тож соҳиблари ўша мамлакат подшосидек одил ва довюрак, нуфузли бўлишни истаб, давлат ишларини у каби юритишга интилишар экан доим.

Бироқ ҳасад ҳавасдан устун келиб, бир қўшни подшоликнинг ҳукмдори жанг билан, тўғрироғи, зўравонлик – босқинчилик билан обод мамлакатни қарам, халқини қул, бойликларига эгалик қилишга қарор қилибди. Аммо дўстона муносабатда, тинчгина яшаётган бу юртга қилич яланғочлаб кириш учун баҳона кераклигини англаб етибди. Яъни ўзга давлатларнинг ғазабини қўзғатмаслик учун турли хил режалар қўллай бошлабди.

– Улуғ ҳукмдорим, қўшни мамлакатдан келган элчи ҳузурингизга кириш учун ижозат сўрамоқда, – хабар келтирибди сарой аъёнларидан бири.

– Ижозат этаман. Қўшни мамлакатлар билан аҳил-иноқлигимиз кўп томонлама элчиларга ҳам боғлиқ, – рухсат берибди подшоҳ.

Подшоҳнинг изни ила элчи унга ўз ҳукмдорининг тилагини, тўғрироғи, манфур режага асосланган  истагини етказибди:

– Шоҳимиз сизнинг таърифда тенгсиз саман отингизга ғоят ишқибоздирлар. Шу сабаб уни зоти мунавварга ҳадя этишингизни исташмоқда…

Шоҳ амри билан аъёнлар машваратга йиғилибди. Улар қўшни  мамлакат ҳукмдорининг талабини қоралаб, шоҳга асло саман отини тортиқ этмасликни бирин-кетин маслаҳат беришибди:

– Подшоҳим, агар унинг талабини қондирсак, бошқа мамлакат ҳукмдорлари олдида обрўйингизга путур етади, деган истиҳоладамиз.

– Худди шундай, бир қошиқ қонимдан кечинг-у, улар сизнинг мурувватингизни қўрқоқликка йўйишлари мумкин.

– Биз ҳам шу фикрга қўшиламиз, шоҳим…

– Йўқ, унга саман отимни албатта ҳадя қиламан, – аъёнларнинг сўзини бўлибди шоҳ. – Чунки унинг қора нияти менга аён – уруш очмоқчи. Юрт тинчлиги, халқимиз осойишталигини асраш – менинг бурчим. Битта от туфайли элимизни уруш домига, норғул навкарларимни ажал пойига ташлашни асло истамайман…

Ўйлаган режаси амалга ошмаган маккор ҳукмдор яна турли  найранглар  излай бошлабди. Кўп фурсат ўтмай, яна элчи юборибди.

– Шоҳимиз гўзалликда тенгсиз канизагингизнинг таърифу тавсифини эшитиб, уни ўз ҳарамларида кўрмоқни истайдилар. Ижозат этсангиз, канизакни ўзимиз билан олиб кетгани келдик…

Машваратга йиғилган сарой аъёнлари бу гал ҳам унинг беписанд ва беюзларча қилган талабидан ғазабланишибди. Бири қўйиб бири шоҳга ўз маслаҳатини баён қилибди:

– Ҳуснда бебаҳо сарой малагини унга асло тутқазманг, шоҳим.

– Ҳа, бу гавҳарнинг таърифи етти иқлимга етган.

– У Аллоҳнинг сизга аталган гўзал мукофоти.

– Агар уруш қилишни мақсад қилган бўлса, мамлакатимизнинг қудратли лашкарлари жангга шай, – фикрини дадил билдирибди қўшин саркардаси. – Амр этсангиз бўлгани, душманни сарҳадимиз пойидаёқ кунпаякун қиламиз.

Лекин чуқур мулоҳаза юритган ҳукмдор бу сафар ҳам унинг талабини қондиришга фармон берибди.

– Майли, канизакни ҳам қўшни давлат шоҳига берганим бўлсин. Унинг қора ниятидан шу ҳадям қайтара олса, бу менинг ютуғим. Зеро, заминимиз тинчлигию осойишталигидан ортиқ улуғ мукофот йўқ мен учун.

Уруш бошлашга баҳона тополмай чиябўри сингари ўзини ҳар томонга уриб юрган босқинчи яна бир талаб билан элчи юборибди шоҳга.

– Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳукмдорим, – шоҳга юзланибди бош вазир, – қўшни давлатдан элчилар келишди. Уларнинг ҳукмдори сиздан мамлакатнинг энг чекка ҳудудларидан бирини тортиқ этишингизни сўрабди.

Подшоҳ сарой аъёнларини яна маслаҳатга чорлабди.

– Шоҳим, бу гал у маккор сўраган ўша чекка ҳудудни тортиқ этишингизга биз розимиз, – сўз олибди саройнинг бош маслаҳатчиси. – Чунки мамлакатимизнинг борса келмас у гўшасида бирорта гулу гиёҳ ўсмайди, ҳаёт аломати кўзга ташланмайди. Юртимиз ривожига ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Агар у калтабин қонхўрнинг уруш қилиш ниятидан ўша еримиз қайтара олса, ҳадя этганингиз маъқул.

Бош маслаҳатчининг бу фикрини барча сарой аъёнлари бир овоздан қўллаб-қувватлашибди.

Ҳукмдор уларнинг ҳар бир сўзини эътибор билан тинглабди-да, ўзининг қатъий қарорини эълон қилибди:

– Йўқ! Бу сафар қўшни давлат шоҳининг талаби қондирилмайди! Биз мудофаа қудратимиз билан ундан асло кам эмасмиз. У сўраган саман отимни, энг гўзал канизагимни беришимга сабаб, элимиз тинчлиги, ҳаловатини асраш эди. Чунки от ҳам, канизак ҳам ўзимнинг мулким бўлиб, уни бемалол ҳадя эта олардим. Зеро, учқур оту гўзал канизакни топиш мен учун муаммо эмас, бу билан халқимиз манфаатига зиён-заҳмат етмайди. Аммо мамлакатимизнинг чекка ҳудуди ободми, тақир ерми, қандай бўлишидан қатъи назар, биз учун азиз Ватан. Аждодларимиз асраб келган улуғ мерос, табаррук замин, халқимиз мулки. Унинг ҳар қарич ерини керак бўлса қонимиз билан, жонимиз билан ҳимоя қиламиз. Ватан – ўзгага сотиладиган, тортиқ этиладиган мулк эмас! У барчамиз учун бебаҳо ва ягона. Жангга тайёрланинг, ғалаба биз томонда!

Шундан сўнг талаби қондирилмаган босқинчи подшоҳ уруш бошлашига баҳона ҳозирлигидан хурсанд бўлибди. Бироқ чуқур мулоҳаза қилиб, мамлакатининг ҳар бир ҳудудини қандай бўлмасин азиз билган, қадрлаган обод юрт ҳукмдорига тан берибди. Агар уруш очса, улардан енгилишини ҳис қилиб, ўз қора ниятидан қайтибди.

Ҳа, Ватан инсон учун шу қадар тенгсиз, бебаҳоки, ҳатто унинг бир қарич тақир ери ҳам кўзларга тўтиёдир. Бу борада Ватанимиз ҳимоячиларининг она заминимизни асрашдек муқаддас бурчини олий қадрият, десак, арзийди. Улар кифтида асраётган жаннат пойидаги гўзал ўлкамиз жону жаҳонимиз, борлиғимиз, саждагоҳимиздир. Назмий сатрларда куйлаганда:

Она замин – танҳогинам,

Ҳақнинг улуғ неъмати,

Аждодларим хоки сингган

жондек азиз ҳар қати.

Қалбимнинг бир илтижоси,

бир истаги – даъвати,

Юрт ҳажрида дол бўлмоқни

умримга раво этма,

Майли, ширин жондан айир,

Ватандан айро этма.

 

Карвонларнинг қўнғироғи

садо берар мозийдан:

«Боболардан сенга мерос,

омонатдир бу Ватан».

Уни асраб қароғимда,

фидо этай жону тан,

Ёв макрига ён бермоқни

элимга савдо этма,

Майли, қароғимдан айир,

Ватандан айро этма.

 

«Чўли ироқ» бўлиб синггай,

илоҳий қучоғига,

Саҳросида униб чиқай

айланиб гиёҳига.

Ёмғир бўлиб меҳрим берай,

сеҳрли тупроғига,

Хизматига шай туришдек

шарафдан жудо этма,

Майли, ҳаётимдан айир,

Ватандан айро этма.

 

Нафс йўлида ёт элларда

хор-хас бўлишдан асра,

Ахир мен ҳам нафси бедор

хом сут эмган бир кас-да.

Ўзга юртда тоғ бўлгунча

элимда бўлай зарра,

Ўзга дунёлар макрига

қалбимни шайдо этма,

Майли, борлиғимдан айир,

Ватандан айро этма.

 

Гар ночорман, суянмоққа

гиёҳи ҳам чўнг таянч,

Гар муҳтожман, қўл узатсам

кимдир чин бўлар суянч.

Тупроғига сингиб кетсам

кўксимда қолмагай ранж,

Шу заминга хок бўлмоқдан

қаддим мосуво этма,

Майли, вужудимдан айир,

Ватандан айро этма.

 

Саждаларда тилаганим –

буюгим удир танҳо,

Севганиму  севилганим –

суюгим удир танҳо.

Беминнатим,  суянчиғим –

чин бегим удир танҳо,

Фироқида умрим ёқиб,

жонимга жафо этма,

Майли, ширин жондан айир,

Ватандан айро этма,

Ватандан айро этма.

Зулфия Юнусова

2020 йил 5 июнь, 23-сон


ЖАСОРАТ ЛАВҲАЛАРИ

ЎЗБЕКНИНГ АРСЛОН ЎҒЛОНИ

(воқеий ҳикоя)

1943 йил, жанг майдони. Фашистларга қарши олиб борилаётган жанговар ҳаракатлар авжида. Қаҳратон қиш. Табиат ҳам душманга қарши тургандек, бор важоҳатини ишга солган. Қор бўрони ярадор йўлбарсдек ўкирар, кўз очиргани қўймасди. Узоқ чўзилган қишнинг қаҳри аскарлар учун ўзига хос матонат синови эди. Иссиқ ўлкада вояга етган Боис Эргашев каби йигитларнинг бу синовни енгиб, душманга қарши туриши осон эмас. Аммо ҳаёт-мамот остонасида фашистлар билан юзма-юз туриш, босқинчиларга бўлган нафрат жангчиларга бардош, сабот ва жасорат туйғуларини бахш этарди.

ҲАҚИҚИЙ АСКАРЛИК СИНОВИ

Жанг аёвсиз давом этмоқда. Фашистлар қўшинларимиз позициясига тўп билан ҳамла қилгач, автоматчиларини ишга солди, кўзи қонга тўлган босқинчилар бостириб кела бошлади. Жанг майдони ярадорлар билан тўла. Оддий аскар Боис Эргашев командирнинг буйруғига кўра, фелдьшер Петров билан бирга ярадор жангчиларга ёрдам бермоқда. Кутилмаганда окопдан келган хабар уни эсанкиратиб қўйди: «Катта лейтенант Поликарпов яраланди». Бундай қалтис вазиятда командирнинг сафдан чиқиши хавф устига хавф дегани. Буни яхши тушунган Боис ўқ ёмғири остида шериги билан ўша томонга шошилди. Командирни хавфсиз ерга олиб чиқиб, ярасини боғладилар ва зудлик ила окопга қайтишди. Вақт ғанимат, душман автоматчиларига қарши туриш лозим. Ғалабани таъминлаш шарт. Йўқса, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони яна ортади.

Эргашев турган окопнинг чап томонида моҳир пулемётчи Гадаяров қуролини тинмай «сайратиб», душманни обдан «сийламоқда». Шу томондан келаётган босқинчиларни бош кўтаришга йўл бермаяпти. Бирдан унинг пулемёти жим қолди. Қор ичидан паноҳ топган фашист автоматчиларига жон кирди, ҳужумга ўтди. Боис Гудаяров позицияси томон эмаклаб кетди. Ортидан санитар сумкаси билан Петров йўл олди. Тез ҳаракат қилинмаса, пулемётчи кўп қон йўқотади, вақт бой берилади. Бунинг учун эмаклаш эмас, югуриш зарур. У шундай қилди, ортидан шериги. Бироқ оғир яраланган жангчини тезлик ила окопдан олиб чиқиш мушкул. Телбаларча бақираётган немислар яқинлашиб қолган. Шунда Боис  Петровга «сен унинг ярасини боғла», деди-ю, ўзи автоматга ёпишди. Яна «сайрай» бошлаган автомат билан фашистларни «меҳмон» қила бошлади. Ҳайқириб келаётган босқинчиларнинг уни ўчди, қор кавлаб ер бағрига чекинди…

Ҳужум тўхтатилди, душман қораси кўринмай қолди. Шундай бўлса-да, Эргашев совуқ жимликни бузиб, пулемётдан ўқтин-ўқтин ўт очиб турди. У нафасини ростлаб, пешонасидан оқаётган терни артар экан, енгил тин олди. Ўзининг жангчи бўлиб тобланганини илк бор ҳис қилди.

ИМКОНСИЗЛИК АЛАМИ

Қўмондонлик Боис Эргашев хизмат қилаётган эскадронга янги топшириқ юклади. Разведкачиларимиз душманнинг ўрмон томонга чекиниб, ўша ерга мустаҳкам ўрнашиб олиш ниятида эканлигини маълум қилди. Вазифа –  немисларни ўрмонга яқинлаштирмай, очиқ майдонда тор-мор қилиш.

Бир гуруҳ отлиқ аскарларимиз ўрмонга кириш учун жадаллик ила ҳаракат қилаётган немис автоматчиларининг устига от солиб қира бошлади. Боис ҳам оти билан лочиндек учиб, сойдан тепаликка кўтарилди. От жиловини тортиб атрофни кузата бошлади. Пичан ғарамига тўла кенг майдоннинг қаеридадир душман пулемёти тириллар, ғарам билан ниқобланган манфурларни аниқлаш мушкул эди. Шунда майдоннинг бошқа томонидан от солиб келаётган икки фашистга кўзи тушди. От жиловини улар томонга бурди ва иккисини ҳам ер тишлатди. У яна тепаликка кўтарилиб ўзимизникиларни топмоқчи бўлди. Аммо оти бир неча марта сакраб, кети билан ўтириб қолди. Туриш учун бир-икки хезланди, аммо туролмади, иҳраб ёнга ёнбошлади. Унинг оёғини душман ўқи синдириб юборганди. Эргашев жангга киришиб кетиб, пичан ғарамлари томондан отилаётган пулемётни унутиб қўйганди.

Боис от узангисидан оёғини чиқарди-ю, сой томон ўрмалаб кетди. Бироқ қалин қорни ёриб эмаклаш анчайин мушкул. У душман кўзидан пана бўлиш учун қорни кавлаб траншея очар, изғирин совуқда бағрини қорга бериб секин аста силжиб борарди. Бу ҳаракати билан бир кунда юз метр ҳам олға босолмаслигига кўзи етса-да, бош кўтариш ҳам ўлимга юз тутиш билан баробар эди. Фашистлар майдоннинг ҳар қаричини ўққа тутарди. Боиснинг автоматида эса ўқ тугаган. Йигит чуқур ертўла қазиб, қоронғи тушгунча қор ичида ўтиришга қарор қилди.

Отишмалар тингач, у қор окоп ичидан хиёл бош кўтариб, атрофни кузата бошлади. Майдонда тирик жон кўринмайди, у ер бу ерда жасадлар ва пичан ғарамлари қорайиб кўзга ташланади. Бироқ аллақаерда одамлар қорни ғирчиллатиб келаётганга ўхшайди. Эргашев ҳушёр тортди, атрофни теран кузата бошади. Майдонда бир тўп немислар пайдо бўлди. Фашистлар тўрт жангчини милтиқ қўндоғи билан уриб ҳайдаб келарди. Қош қорайиб қолган. Немислар асирларни Боисдан етмиш метрлар чамаси наридаги пичан ғарами олдига олиб келди. Уларнинг овозидан фашистлар қийнаб сўроқ қилаётгани сезилиб турарди. Йигит ноиложликдан алам билан ғижинар, қўлларини мушт қилиб қаттиқ қисарди. Айниқса, узоқдан келаётган кимнингдир инграши кўксига ханжардек ботарди. Қуролдош дўстлари душман қўлида дўзах азобини чекмоқда, у эса ноилож, қуролида ўқ йўқ. Бундан ортиқ азоб бўлмаса керак.

Қасос олиш истаги бутун вужудини қамраб олган йигит беихтиёр окопдан кўтарилди. Аммо нима билан курашади, қандай, ўзи билмайди. Фашистларга сездирмай яқинлашиб олса бўлгани. Битта фашистни ер тишлатса ҳам майли. Шунда бир ғарам ичида мотор тириллай бошлади. У танк овози эди. Асирларни қийнаётган фашистлар ортга чекиниб, қўл-оёғи боғланган жангчилар майдонда қолди. Ўша заҳоти душман танки ўлимга тик боқиб турган йигитларни босиб, мажақлаб ўтиб кетди. Ночорлик, алам ва андуҳда қолган Боис окопга гурсиллаб йиқилди-ю, қўллари билан юзини беркитиб инграб юборди…

ЖАСОРАТГА БОШЛАГАН ҚАСОС ЎТИ

Кунлар ойларга уланди. Кўкси фашистларга нисбатан қасос олови билан ёнган старшина Эргашев босқинчиларга қарши курашда доим олдинги сафда бўлди. Қиш ўтиб баҳор шабадаси эса бошлади. Ерга сув бўлиб сингиган қорлар ўрнини кўм-кўк майсалар эгаллади. Лекин уруш ҳамон давом этмоқда. Жангчиларимиз Днепрга жангу жадаллар билан етиб боришди. Боис дарёнинг жилвакор тўлқинларини биринчи бор кўриб турибди. Бироқ у шоирлар таърифлаганидек зилол ва мусаффо эмас, ўт-аланга ичида.

Немис босқинчилари Днепр қирғоғига оч канадек ёпишиб олган, мудофаа истеҳкомлари қурган. Бу қудратли мудофаа қалъасини қўлдан бермаслик учун Гитлер армиясининг асосий кучлари шу ерга ташланган. Мудофаа учун қулай бўлган ҳар бир аҳоли яшаш жойи, ҳар бир паст-баландлик ўт очиш нуқтасига айлантирилган. Сон-саноқсиз блиндажлар, танк тўсадиган ғовлар… Аммо шиддат билан ғалаба сари интилаётган қўшинларимизни бундай тўсиқлар тўхтатиб қололмасди. Шундай жанглардан бирида душман сафларини ёриб ўтган Эргашев жанг қилаётган қисмни немислар уч томондан ўраб олди. Батальон командирининг буйруғига кўра, Боис ўзи билан бирга алоқачи ва икки жангчини олиб, чап қанотга ўтиб олишга муваффақ бўлди. Вазифа масъулиятли, аҳвол жиддий.

– Дўстларим, – деди Эргашев, – энди бу ердан керак бўлса сўнгги нафасгача орқага чекиниш йўқ.

– Ишончни оқлаймиз, – деди йигитлар бараварига.

Мана, немислар улар томон яқинлашиб келмоқда. Ер сатҳининг паст-баландлиги фашистлар учун жуда қулай. Аммо бизнинг йигитлар ҳам анойи эмас. Улар белгиланган нуқтада қатъий турган ҳолда ўт очишни пасайтирмади. Дастлабки уриниши беҳуда кетган душман тактикани ўзгартирди, ер бағирлаб, жангчилар эгаллаган тепаликни кўзлаб ўрмалаб кела бошлади. Уларни автомат билан отиш мушкул эканлигини Эргашев англаб турарди.

– Гранаталар тайёрланг!

– Тайёр…

Кўзланган мақсад иш берди. Ирғитилган гранаталар портлаб, уларнинг дод-войлари қулоққа чалинди. Лекин майдонни қоплаган чанг ва қуюқ тутун душман ҳаракатини кўздан яширди. Бундан фойдаланган фашистларнинг тирик қолганлари зум ўтмай, Эргашев окопига гранаталар улоқтирди. Кучли портлаш Боисни карахт қилиб қўйди, кўзидан ўт чақнади-ю, устига тупроқ фантани ёпирилди. У қўлидаги гранатани душман томонга қандай улоқтирганини ҳам англамай, окопга қулади.

У ҳушига келганида дастлаб нима бўлганини англай олмади. Қулоғига нимадир эшитилар, бироқ кўтарилишга мажоли йўқ. Бироз вақт ўтиб, фикри тиниқлашди: «Ахир у қуролдош дўстлари билан окопда эди, жанг қилаётганди». У ён томонга қарамоқчи бўлди ҳамки, қадам товушлари эшитилди. Икки немис офицери сафдошларидан бирининг ёнига келиб тўхтади. Улардан бири қўлидаги фонарни ёқиб, ярадорнинг юзига тўғрилади. Юзи қонга бўялган йигит ҳушсиз ётар, инграр, нималардир деб ғўлдирарди. Тўппончадан икки ўқ узилди, йигит жим қолди. Фашистлар қўлидаги фонарь билан окоп ичидаги нимаики бўлса, ёритиб, тепиб кўрарди. Ниҳоят улар Боиснинг устига келиб тўхтади. Йигит беҳол кўзини юмди. Фонарь шуъласи бир неча сония унинг гавдаси ва  юзини ёритди ва ўчди.

Душман офицерлари кетгач, Боис аста ёнбошига ағдарилди. У ҳеч қандай оғриқ сезмас, фақат карахт эди. Тўрт жангчидан биргина у тирик қолганди. Лекин унга ишониб топширилган позиция айни фурсатда душман қўлида. Командир буйруғи бажарилмади. Сафдошлари «сўнгги нафасгача», деган сўзларига содиқ қолди. Фашистлар шу қурбонлар устида туриб кенгашмоқда, қўшинларимизга қандай зарба бериш режасини тузмоқда. Йигит қатъият ила оёққа турди. «Қандай қилсам, Ватан олдидаги бурчимни бажараман, командирнинг буйруғини адо этаман. Борди-ю, позицияни қайтариб ололмасам ҳам ўзбек фарзанди шаънига доғ туширмасдан жон бераман». У автоматини қўлга олди. Олдинда старшина Боис Эргашевни унутилмас жасорат ва қаҳрамонлик кутарди…

Зулфия ЮНУСОВА,

«Ватанпарвар», 2020 йил 20 ноябрь 47-сон


НОРЛАРИНИ ЭЛГА ТУТГАН МУНИСЛАРИМ

Аёл ҳақида сўз юритиш завқли. Таърифлар, ташбеҳлар қуйилиб келаверади. Она ҳақида сўз кетганда эса… Бу «юк» мен учун анчайин залворли. Онанинг фидойилигига муносиб сўз топиш мушкул. У фарзанди учун жонини нисор қила оладиган ягона зот.

Ота-она ўғил-қизини эзгу мақсад ила улғайтиради, ўзи тўйиб емаса-да боласини тўйдиради, ўзи киймаса ҳам боласини чиройли кийинтиради. Кўзи тўқ, қадди тик, соғлом улғайиши учун борини сарфлайди. Эрта келиб кўзимдан нур, белимдан қувват кетганида таянч бўлади, ёнимга киради, деб умид қилади. Меҳр кўзда, дея боласини бағридан узоқ тутмайди. Айниқса оналар вужудининг бир парчаси доимо кўз ўнгида бўлишини истайди. Фарзанди ишдан ёки ўқишдан озгина кеч қолдими ёки касаллик соғлиғига дахл қилдими ёхуд ҳаётида бирор муаммога дуч келдими… Онанинг тунларни тонгга улаши бор гап. Аммо бағридан узоқларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оналари-чи?!

Ушбу мақоламизда паҳлавон ўғлонларни улғайтириб, юрт корига камарбаста қилган фидойи оналар ҳақида сўз юритамиз.

ДУОЛАРИМИЗ БОШИДА ТИНЧЛИК ТУРАДИ

Лола опанинг бугун кайфияти кўтаринки. Сабаби лицейда ўқувчиларга чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик фанидан сабоқ бераётган укаси Ботиржон катта ўғли Дилшоджон ҳақида илиқ фикр билдирди: «Опажон, шу ўғлингиз ҳарбий соҳага жуда қизиқади, шашти баланд, баҳоси доим аъло. Ҳаракат қилса, келажакда ундан зўр офицер чиқади-да…»

Онанинг кўнгли тоғдек кўтарилди, ўғлини ҳарбий либосда кўз олдига келтириб, юраги ҳаприқиб қўйди. Укаси билади, чунки у ҳарбий хизматчи бўлган, тўрт йилга яқин Афғон урушида иштирок этган. Жиянидаги истеъдод, ҳарбий хизматга бўлган иштиёқни кўрмаганида бундай демасди.

Йиллар Лола опа ва Қудрат аканинг ўғилларига боғлаган орзусини юзага чиқарди. Дастлаб Дилшоджон, кейинчалик Бекзод Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида сабоқ олиб, офицерлик либосини кийди.

– Ўғилларимиз ҳарбий хизматчи бўлиб бағримиздан бирин-кетин узоқларга учирма бўлишди, – дейди Лола опа Абдувалиева. – Андижон, Марғилон, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё… Ҳарбий хизматчиларни буйруқ одами дейишади, қаерга тайинланишса ўша ерда бўлишади. Соғинч ҳақида гапирмасам ҳам бўлаверади, ахир онаман. Иккиси ҳам хизмат таътилидагина келишарди. Дадаси иккимиз эса ўғилларимизнинг фақат туғилган кунларида борардик. Чунки иккимиз ҳам ишлардик, кейин оила, рўзғор дегандек… Шунинг учун ўғилларимни деярли бир йилда икки мартагина кўрардим. Аммо дуо қилишдан чарчамасдик. Дуоларимиз бошида ҳамиша тинчлик бўлишини тилардик, ҳозир ҳам шундай.

Лола опа Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида истиқомат қилади. 31 йил давомида тумандаги 78-сонли махсус мактаб-интернатда бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ берган. Турмуш ўртоғи Қудрат ака билан беш фарзанд – уч ўғил ва икки қизни касб-корли, оилали қилиб элга қўшган. Айни дамда набиралар даврасида буви ва боболик гаштини суришмоқда.

– Кенжа ўғлимиз Бобуржон аскарлик бурчини Сурхондарёда Чегара қўшинларида ўтади, – суҳбатни давом эттиради Лола опа. – У пайтлар армия хизмати икки йил эди.  У ҳам  ҳарбий хизматчи бўлишни хоҳлади. Бироқ акаларининг маслаҳати билан олдимизда қолди, ҳозир ўқитувчилик қиляпти. Орзум набираларимни ҳам ҳарбий либосда кўришни истайман. Чунки ҳарбий касб эгаларининг хизмати қай даражада улуғ ва эл назарида бўлишини доимо ҳис қилиб тураман. Ҳарбийларнинг онаси сифатида энг бахтли аёлман.  Элимиз аҳлига, барча ҳарбий хизматчиларнинг оналарига баҳор айёмлари муборак бўлсин!

«ШАҲИДИ АЪЛО ЎҒЛИМ»

Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Ленбург қишлоғидамиз. Бу азиз гўшада 2000 йили Сурхондарёдаги халқаро террорчиларга қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган катта сержант Хайриддин Холбоевнинг ота-она ва яқинлари истиқомат қилади. Орадан неча йил ўтмасин, навқирон ўғлини тупроққа қўйган ота-она билан дилбанди ҳақида суҳбатлашиш осон эмас. Айниқса, онаизори Гулсимбиби опа билан. Хотиралар, айрилиқ азоби, соғинч дарди… Барчасида қаҳрамон йигит волидасининг дарди, сабру қаноати, шукрона ва иродаси мужассам:

– Хайриддин оиламиздаги беш фарзанднинг тўнғичи эди. Ғайратли, меҳнаткаш, бағрикенг, меҳрибон… Спорт билан шуғулланишни яхши кўрарди, тонг саҳар даладаги еримиз атрофида югуриб, кейин бошқа ишга уннарди. Отаси уста бўлгани учун ёшлигидан устачиликка қизиққан, дадасига ёрдамчи бўлган. Ўнинчи синфни битиргач, армия хизматига кетди. Кейин хизматини шартнома асосида давом эттирди. Катта фарзандимиз бўлгани учун тезроқ келин олишни истадик, ўзи хоҳлаган қизга унаштирдик. Бироқ 21 ёшида…

Юрт учун жонини тиккан шаҳиди аъло ўғлим – Хайриддинимдан розиман.

Куёвлик сарполари сандиқда қолиб, чимилдиққа киролмай кетган баҳодир ўғлонидан кўзларида ёш билан рози  бўлган мард Она, қароғлари нам, юзида ним кулги ила элу юртга тинчлик, Ватан ҳимоячиларига омонлигу омад тилаган бағри буюк Она. Барча иззат, барча шараф, барча эҳтиром ва таъзимлар Сизга бўлсин!

«ФАРЗАНДИМ – ФАХРИМ»

Аъзимахон Идрисова Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманининг Гунеқалъа қишлоғида истиқомат қилади. Тўрт ўғлону бир қизнинг волидаси. Муомаласида, содда, меҳнаткаш чеҳрасида самимийлик бўй кўрсатиб турган Аъзимахон опа офицер онаси. Ўғли лейтенант Ақилбек Коразбеков ўн тўрт йилдан буён Ватан хизматида. Дастлаб, Ички ишлар қўшинларида сафдор сифатида фаолият бошлаган йигит кейинчалик Мудофаа вазирлиги тизимида Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё гарнизонларида Ватан ҳимоячилари сафида бўлди. Айни дамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри бошлиғи.

– Ўнта бўлса ўрни бошқа, деганларидек, қайси болангиз бағрингиздан йироқ бўлса, ўшанга интиқ бўласиз, – дейди Аъзима опа. – Ақилбек ҳарбий хизматчи бўлишга қарор қилганида дадаси иккимиз жуда хурсанд бўлганмиз. Орзу-умид билан ўстирган ўғлинг юрт хизматида бўлганига нима етсин. Ҳар гал бизни кўргани келганида ҳарбий либоси ўзига ярашиб турган ўғлимни бағримга босиб, кўксим тоғдек кўтарилади. Масъулиятли хизматидан ортиб кўргани келолмаса, отаси билан ўзимиз борамиз. Мевасидан мағзи ширин, деганларидек, кўз олдимдан невараларим ўтаверади. Фарзандлари билан фахрланиш ота-она учун энг катта бахт. Шундай бахт менга насиб этганидан хурсандман. Тилагим – эл-юртимиз тинч, фарзандларимиз соғу омон, ҳаётимиз нурли ва шодумон  бўлсин.

Ота-она дуосига фаришталар қўл очади, дейишади. Алпомиш ўғлонларини Ватан тинчлигига камарбаста қилган оналар дуосига бутун олам қўшилса, ажабмас. Негаки, бу муҳтарама зотлар эзгу дуоси ила тонгларни қарши олади, сабру қаноати ила чўнг тоғлар-у, теран уммонларга тенг келади. Шоирона айтганда:

 

Норларини элга тутган, нисорларим,

                                     Жигарбандин йўлига зор, нигорларим,

                                     Туну тонгда ором билмас, бедорларим,

                                     Бағри фироқ ҳарбийларнинг Онасини.                                                                                                        

                                      

                                     Еру осмон йўлдош бўлар дуосига,

                                     Фаришталар қўл очади нидосига,

                                     Не расолар тенг келолмас фидосига,

                                     Умри маёқ ҳарбийларнинг Онасини.

 

                                     Гоҳо шаҳид волидаси – кўкси оташ,

                                     Садпора дил – нолаларга умри туташ,

                                     Ўғлонидан рози бўлган мард, жафокаш,

                                     Саботи тоғ ҳарбийларнинг Онасини.

 

                                    Қай юрт нотинч, юрагини ўяр титроқ,

                                   «Юртни асра, кўпни асра…» чекади оҳ,

                                   Илтижою  нидосига  тунлар  гувоҳ,

                                   Қалби уйғоқ ҳарбийларнинг Онасини.

 

                                   Тинчлик кўшкин энг суюкли султони у,

                                   Ботир эрлар қад ростлаган қўрғони у,

                                   Эл мардларин мунис жону жаҳони у,

                                   Жаннат даргоҳ ҳарбийларнинг Онасини.

Зулфия ЮНУСОВА,

«Ватанпарвар», 2020 йил 6 март, 12-сон


ЯНГИ БОСҚИЧГА ҚАДАМ

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали узоқ йиллик тарихга эга нуфузли шифохоналардан бири. Бу саломатлик гўшасида неча юзлаб тиббиёт дарғалари фаолият юритган. Неча минглаб Ватан посбонлари дардига дармон топган, саломатлигини тиклаган. Айни дамда бу ҳарбий шифохона Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигига улкан улуш қўшиб келаётган муаззам тиббиёт гўшаларидан бири.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг, ҳарбий госпиталь янги босқичга қадам қўйди. Сир эмаски, янги тузум муқаддимаси қийинчилик ва синов онларига рўбарў бўлади. Истиқлолнинг илк йилларида барча соҳада бўлгани каби тиббиёт ҳам кескин ўзгаришларга юз тутди. Бу синов палласи ҳарбий тиббиёт муассасаларини ҳам четлаб ўтмади. Олиб борилган ислоҳотлар самараси аста-аста бўй кўрсата бошлади. Ҳарбий шифо масканларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, тажрибали кадрлар масаласи, сўнги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар, биноларни таъмирлаш, замонавий жихозлаш каби масалалар аста-секин ҳал этила бошланди. Йиллар давомида маълум ютуқларга эришилди. 2018 йилга келиб эса… Ҳа, айнан шу йили госпиталь ҳаётида катта бурилиш рўй берди.

ТАРИХИЙ КУН САМАРАСИ

2018 йилнинг июль ойида Марказий ҳарбий клиник госпиталга давлатимиз раҳбари ташриф буюрди. Ҳарбий тиббиётда катта бурилиш ясаган бу қутлуғ ташриф муҳим аҳамият касб этди. Госпиталь ҳаётида тарихий кун сифатида муҳрланди, улкан ўзгаришларга замин яратди. Бу ўзгаришлар жадаллик ила давом этмоқда.

Госпиталга кириб борар эканмиз, янги қад кўтараётган кўп қаватли шифохона биноси эътиборимизни тортди. Қурилиш ишлари авжида. Тўғрироғи, янги тиббиёт муассасаси қад кўтариб бўлган. Айни дамда унда пардозлаш, созлаш ишлари кетмоқда. Унинг ишга туширилиши нафақат ҳарбий тиббиёт ривожида, балки халқимиз учун ҳам улкан имкониятлар эшигини очади, шубҳасиз. Бу янгиланишга аниқлик киритиш учун Марказий ҳарбий клиник госпиталь бошлиғи ҳузурида бўлдик. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими тиббий хизмат полковниги Худойқул Раҳимқулов.

– Худойқул Ҳакимович, аввало сизни мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига кўра тақдим этилган улуғ мукофот – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими унвони билан қутлаймиз.

– Рахмат, менинг хизматимни юқори баҳолаб, юксак давлат мукофотини тақдим этганлари учун муҳтарам Олий Бош Қўмондонимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу мукофотни барча ҳарбий шифокорлар ва госпиталь жамоасининг фидойи меҳнати ва ютуғи самараси деб биламан. Давлатимиз томонидан бизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ишонч ва эътибор кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади, албатта.

– Ҳарбий тиббиёт катта ўзгаришлар остонасида турибди. Буни янги қурилаётган замонавий тиббиёт муажмуасидан ҳам билса бўлади. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.

– 2018 йили мамлакатимиз раҳбарининг госпиталга ташриф буюриши улкан ўзгаришларга сабабчи бўлди. Президентимиз тарихий аҳамиятга эга устувор вазифалар белгилади. Бу вазифалардан бири ҳарбий шифохона ҳудудига замонавий даволаш-диагностика мажмуасини яратиш, уни юқори технологияларга ихтисослашган тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозлашга қаратилган эди. Шундан сўнг, мутахассислар билан ҳамкорликда ҳарбий мажмуа лойиҳаси ишлаб чиқилди. Давлатимиз томонидан қурилиш соҳаси учун 160 миллиард сўм, тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар учун 10 миллион АҚШ доллари ҳисобида маблағ ажратилди. Айни дамда янги тиббиёт биноси қурилиши якунланиш арафасида.

Асосан, жарроҳлик амалиёти учун мўлжалланган мажмуада 255 бемор ётиб даволаниши белгиланган. Юқори тиббий технологиялар билан жиҳозланган 16 та махсус операция хонасида ҳар қандай мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. Жарроҳлик хоналарини энг сўнгги русумдаги тиббий технологиялар билан таъминлаш учун бир қатор чет давлатларда бўлдик. Германия, Италия, Испания, Швейцария, Туркия давлатлари билан шартномалар тузилди. Ушбу давлатлардан тиббий асбоб-анжомлар олиб келинмоқда.

Госпиталь ўзининг замонавий симуляция марказига эга бўлади, ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилади, телемедицина амалиётга татбиқ этилади. Албатта, юқори тиббий технологик аппаратуралар билан ишлаш юқори малака ва билимга эга тиббий мутахассислар талаб этади. Масалан, бизда кардиохирургия, неврожарроҳлик каби бир қатор мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришда ҳарбий тиббий кадрлар етишмайди. Шунинг учун кадрлар масаласига катта эътибор қаратилди. Мутахассисларимиз Россия Федерацияси ҳамда бир қатор Европа давлатларининг ҳарбий тиббий академияларида, тиббий марказларида таҳсил оляпти, малака оширяпти.

Шунинигдек, Хиндистон, Покистон ва Хитой давлати билан ҳам алоқа боғладик. Бундан кўзланган мақсад, чет элдаги юқори малакали жарроҳлар келиб ўз иш услубларини ўртоқлашади, ўргатади. Ривожланган давлатлар билан телемедицина алоқаси йўлга қўйилади, тажриба алмашилади.

Бу эзгу ҳаракатлардан кўзланган мақсад, аввало, оғир ҳолатда келадиган беморларга ўз вақтида, юқори даражада тиббий ёрдам кўрсатиш. Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан фуқароларга ҳам тиббий хизмат кўрсатиш белгиланган. Хусусан, фуқароларимиз чет элга бориб ўтказиб келаётган юрак-қон томир жарроҳлик амалиёти мажмуадаги махсус жарроҳлик хоналарида амалга оширилади.

Ҳарбий тиббиётдаги янги лойҳаларимиздан яна бири гарнизонлардаги ҳарбий госпиталлар билан битта тизимга ўтиш, тиббий ҳужжатларни электрон тизимга ўтказиш белгиланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирлашиб фаолият юритиш, ахборот алмашиш, онлайн усулда дунёдаги етук тиббиёт маркази мутахассислари билан алоқа боғлаш лойиҳамизга киритилган.

Яна бир муҳим воқеалардан бири давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 октябрдаги тегишли қарорига асосан, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факультети Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий тиббиёт академиясига айлантирилди. Бу ҳарбий тиббиётда кутилмаган катта янгилик бўлди. Бир сўз билан айтганда, ҳарбий тиббиётни нурли истиқбол кутмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун азиз ватандошларимиз олдида, Олий Бош Қўмондонимиз олдида мен ва барча ҳарбий шифокорлар жонажон халқимизнинг соғлиғини асрашга доимий шайлигимизни билдириб, бор билим ва имкониятларимизни сафарбар этишга ваъда бераман.

ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАР – МУВАФФАҚИЯТЛАР ГАРОВИ

Ҳар бир соҳа ривожида янгиликлар яратиш муҳим аҳамият касб этади. Тиббиётда ҳам худди шундай. Ҳар қандай даврда кутилмаган касалликлар бош кўтариши табиий ҳол. Унга қарши курашиш учун тиббиёт вакилларидан изланиш, интилиш, билим ва салоҳият талаб этади. Мудофаа вазирлиги тизимида ҳам илмий-тадқиқот ишлари учун кенг имкониятлар яратилган бўлиб, ҳозирда ўнга яқин ҳарбий шифокор тиббиёт соҳасининг долзарб муаммолари бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда.

Қувонарли жиҳати, 2020 йилда икки нафар ҳарбий шифокор илмий иш ёқлади. Тиббий хизмат полковниги Улуғбек Расулов қон томир жарроҳлиги, тиббий хизмат майори Беруний Чориев суд-тиббий экспертизаси йўналишида тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилди. Марказий ҳарбий клиник госпиталдаги улкан янгиланишлар даврида илмий-тадқиқот ишлари янада юқори даражага кўтарилишига шубҳа йўқ.

ҲАРБИЙ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИНГ

ИНСОНПАРВАРЛИК САЛОҲИЯТИ

Сир эмаски, Ватан посбонлари нафақат она юртнинг тинчлиги ва ҳурлигини ҳимоя қилади, балки мамлакатда юз берган ҳар қандай эпидемиологик ҳолат ва фавқулодда вазиятларда ҳам иштирок этади. Ҳарбий тиббиёт ҳодимлари ҳам худди шундай. Улар ҳарбий хизматчилар саломатлигига камарбаста бўлиш билан бирга, кези келганда халқимиз саломатлигига муносиб таянч бўла олади. Буни айни дамдаги эпидемиологик ҳолатда ҳам кузатса бўлади.

Дунё мамлакатлари қатори, республикамизга кириб келган пандемия эпидемиясига қарши курашга ҳарбий тиббиёт вакиллари ҳам жалб этилди. Улар дастлаб, мамлакатимиз пойтахтида дезинфекция-профилактика ишларида фаол иштирок этди. Касаллик авж олгач, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли тиббиёт муассасаларида жой муаммоси юзага келгач, ҳарбий госпиталларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини коронавирус инфекциясидан даволашга мўлжалланган жойлар тайёрланди. Ҳарбий тиббиёт ходимлари падемияга қарши курашда ўз билим ва салоҳиятларини куну тун намойиш этишмоқда.

Уларнинг фидойилиги жорий йилда «Сардоба» сув омборида юзага келган фавқулодда вазиятларда ҳам синовдан ўтди. Кутилмаган вазият оқибатларини бартараф этишда ҳарбий шифокорлар фаол иштирок этди.

Албатта, бир мақола орқали Марказий ҳарбий клиник госпиталь фаолиятини ёритиб бериш мушкул. Шундай экан, сўзимизни мухтасар этган ҳолда, ҳарбий тиббиёт фидойиларини касб байрамлари билан муборакбод этамиз. Тилагимиз – тенгсиз ва бебаҳо хизматлари ҳамиша эътироф топсин!

Зулфия ЮНУСОВА

«Ватанпарвар», 2020 йил 6 ноябрь 45сон


МАРДЛАРНИ  МАДҲ  ЭТГАН  ҲАРБИЙ  ЖУРНАЛИСТ

Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига, жангоҳлардаги жасорату унутилмас хотираларга эътибор қаратсангиз фронтда ҳарбий журналистларнинг ўрни қай даражада залворли бўлганига гувоҳ бўласиз. Улар бир қўлида қурол, бир қўлида қалам билан душманга қарши жанг қилган, баъзилари жангоҳларда ҳалок бўлган. Фронтда бошқа тиллар қатори ўзбек тилида ҳам ўндан зиёд газета чоп этилган: «Ватан шарафи учун», «Ватан учун», «Бонг», «Совет жангчиси», «Душманга қарши олға», «Фронт ҳақиқати», «Суворовчи», «Қизил Армия», «Қизил аскарлар ҳақиқати»…

Фронт газеталаридан ташқари армия ва корпусларда ҳам ўзбек тилида газеталар нашр қилинган. Уларда таниқли ёзувчи, шоир ва журналистларнинг мақола, очерк ва шеърлари бериб борилган. Жангчи қалам аҳли борки уруш оловига кўкрак тутиб ижод қилган, асарлари ила жангчиларимизга руҳан таянч бўлиб, куч, дадиллик, жасорат бахш этишган.

Илёс Муслим, Назармат Эгамназаров, Ёнғин Мирзо, Ҳабиб Турсунов, Мели Жўра, Йўлчи Билолов, Душан Файзий, Султон Жўра, Султон Акбарий, Ҳамид Файзий, Маъруф Ҳаким, Тўғон Эрназаров, Аширмат Эгамназаров, Шариф Бўлатов, Рустам Абдураҳмонов…Бу рўйхат юзларни ташкил этса ажабмас.

Фронт газеталарида хизмат қилган катта ёзувчиларимиз Мирзакалон Исмоилий, Назир Сафаров, Зиннат Фатхуллин, Иброҳим Раҳим, Мумтоз Муҳамедов, Шуҳрат, Адҳам Раҳмат, Адҳам Ҳамдам ўзбек жангчиларининг жасоратини ёритишда ёш қалам соҳибларига намуна бўлган. Улар жанг майдонларида, қорли окопларда, қалин ўрмон ва ботқоқликларда, разведка сўқмоқларида, отишмалар авж олган вайрона шаҳар ва қишлоқларда, ҳатто жанговар самолётларда жангчиларимиз билан бирга бўлишган, уларнинг мардлиги ва қаҳрамонлигини қаламга олган.

ПУЛЕМЁТЧИ  ВА  ҲАРБИЙ  МУХБИР

Иккинчи жаҳон уруши фронт газеталарида хизмат қилган ёзувчи ва журналистларнинг ҳар бири ҳақида мақола тайёрласа арзийди. Мен ўзини «бир умр ҳарбий мухбир», дея таърифлаган  жангчи-ёзувчи Адҳам Раҳмат ҳақида сўз юритишни лозим топдим. Бунга сабаб, республикамизнинг турли ҳудутларида бўлиб, уруш қаҳрамонлари тўғрисида мақола тайёрлаш жараёнида, уларнинг яқинлари  Адҳам Раҳмат ҳақида тўҳталиб, илиқ фикрлар билдиришди. Яъни фидойи ёзувчи нафақат урушда, балки урушдан кейин ҳам умрининг сўнгига қадар Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ҳақида қалам тебратди. Уларнинг ҳонадонларида бўлиб, урушдан омон қайтганлари билан дилдан суҳбатлашди, қора хат эгаларининг яқинлари билан эса дардлашди, диллашди, қаҳрамонликларини асарларига муҳрлади.

Шоир ва драматург, болалар ва ёшлар адабиётига салмоқли улуш қўшган, республика матбуотининг илк заҳматкашларидан бири бўлган Адҳам Раҳматнинг ижоди Иккинчи жаҳон урушидан сўнг катта бурилишга юз тутди. У уруш йиллари ва урушдан сўнг умрининг кўп қисмини, ижодий изланишларини она элимизнинг баҳодир фарзандлари жасоратига бағишлади.

Уруш бошланганда Адҳам ака Ўзбекистон радиоқўмитасида муҳаррир бўлиб ишларди. 1942 йилнинг бошида кўнгиллилар қаторида фронтга отланган ижодкор Олмаотадаги кичик командирлар курсида пулемёт бўлими командири бўлиб жангга боришга тайёрлана бошлади. Лекин уни Иванова шаҳридаги ҳарбий-сиёсий мактабга юборишди. У бу ерда ҳарбий комиссар, яъни сиёсий ходим бўлиши керак эди. Бироқ давр талабига кўра, рус бўлмаган бошқа миллат вакиллар учун ҳам ўз тилларида газета чиқариш мажурияти туғилди. Урушга қадар бир қатор тахририятларда фаолият юритган Адҳам Раҳматга Ғарбий фронтда «Қизил аскарлар ҳақиқати», номи остида газета чиқариш масъулияти юкланди. Шундай қилиб унинг ижодида янги саҳифа – жанговор асарлар ёзиш имконияти очилди.

Дастлаб газетани ёлғиз ўзи юрита бошлаган ижодкорга Иброҳим Раҳим, Ҳамид Файзий, Абдулла Шарфутдинов каби ёзувчи ва журналист қуролдошлари ёрдамга келишди. Ҳарбий таҳририят кейинчалик Наби Жабборов, Маъруф Ҳаким, Ҳаким Ҳусанов, Ғани Маликов каби ҳарбий мухбирлар билан мустаҳкамланди. Улар жанг майдонларида фашистларни доғда қолдириб, ўлимга чап бериб, мардона ғалаба қозонаётган ботир ўзбек ўғлонлари ҳақида жасоратномалар ёза бошлашди. Газета ўз вақтида ва сўнги жанг тавсилотлари ила чиқиши шарт эди. Бунинг учун қаламкашлар олдинги марраларга бориб очерк ва ҳабарлар тайёрлардилар. Гоҳида жанг устидан чиқиб, қўлларига қурол олиб ҳамлага ўтган вақтлари ҳам бўлган. Мана шундай жараёнлардан бирида ҳарбий журналист кичик лейтенант Абдулла Шарафутдинов жангда ҳалок бўлади.

Адҳам Раҳматга ҳам жангоҳларда ажал нафаси неча бор даҳл қилган. Аммо у доимо олдинги маррадаги жангчилар орасида бўлиб, уларнинг жасоратини лавҳаларга муҳрлашдан чекинмасди. Жангчи ёзувчи ва журналист Назармат ўзининг фронт газеталари ҳақидаги «Адолат жарчилари» номли хотираларида «Қизил аскарлар ҳақиқати» газетасини қўйидагича эътироф этади: «Ёзувчи Адҳам Раҳмат урушнинг энг қизғин пайтида 1942 йилнинг августида ғарбий фронтга келади. Уни жанг майдонидан қўмондонлик чақириб олади ва ўзбек тилида фронт газетасини чиқариши зарурлигини унга буюрадилар… Газета Ғарбий фронтда фашист босқинчиларининг қонли йўлини тўсиб, уларга қақшатқич зарба бераётган ҳамюрт жангчиларимиз орасига етиб боради, уларни олдинги марраларда кеча-кундуз давом этаётган жангларда жасоратлар кўрсатишга  чорлайди, жангларда мардлик ва матонат кўрсатаётган ўзбек йигитларининг севимли рўзномасига айланади. Улар ўзларининг кундалик жанговар ҳаёти, орзу-умидлари, эзгу-ниятлари, она юртларидан келаётган хат-хабарлар ҳақида газетага ёзиб турадилар… «Қизил аскарлар ҳақиқати» жамоаси урушнинг охиригача баҳодир жангчиларимизнинг қадрдон маслаҳатчи дўсти бўлиб қолди, уларни янги жасоратларга отлантирди, ғалаба йўлларида озодлик жарчисига айланди».

Адҳам Раҳмат газетага муҳаррирлик қилиш давомида нафақат очерк ва мақолалар, балки шеърлар  ёзар, назмий ижоди билан ҳам жангчилар руҳиятига кўтаринкилик баҳш этарди. Ижодкор ўзи ҳақидаги «Бир умр ҳарбий мухбир» номли эсталикларида буни шундай изоҳлайди: «Мен уруш даври ичида «Мени кут», «Шинель», «Фарғона», «Йиқит ёвни», «Автоматчилар қўшиғи», «Брянск ўрмонларида», «Оталар мададкор», «Гитлернинг мотам қўшиғи», «Онамнинг айтганлари», «Ўғлининг жавоби», «Мардлик меросдир» каби ўнларча шеър ёздим. Қизил Армиянинг Бош Сиёсий Бошқармаси агитация-пропаганда бўлими менинг «Мени кут», «Сен қаерлик?» каби шеърларимни кўп минг нусхада варақа қилиб босиб чиқарди ва барча фронт жангчиларига тарқатди. Совет Армияси Марказий Уйининг топшириғи билан «Қизил аскарлар куйлайди» номли тўплам туздим. Бу китоб ҳам кўп нусхада босилиб чиқди…

Мен Ўзбекистон телеграф  Агентлигининг фронтдаги махсус мухбири ҳам эдим. Мен ЎзТАГга ўзбек жангчиларининг жасорати ҳақида материаллар юбориб турдим. Шу давр ичида «Қизил Ўзбекистон» газетасида фронтдан юборган очерк ва жанговар лавҳаларим босилиб турди.

Фронтимиз қўшинлари ҳужум жангларини давом эттириб Смоленск, Минск, Каунас шаҳарларини озод қилиб Шарқий Пруссияда жанг олиб бориб, урушни Кенигсберг шаҳрида тамомлади. Газетамизнинг охирги сони 1945 йилнинг 31 июль куни чиқди.

Мен урушдан келгандан сўнг ўзбек халқи фарзандларининг Ватан урушидаги иштироки ва улар кўрсатган жасорат ҳақида асарлар ёзишга киришдим. 1967 йили «Брест лавҳалари» ва «Окопдан овозлар» китобим учун республика конкурси мукофотига сазовор бўлдим. 1976 йилда мен А.А.Фадеев мукофотининг лауреати деган унвонни олдим ва СССР Мудофаа Минстрлигининг дипломи билан мукофотландим».

Иккинчи жаҳон уруш жангоҳларида пулемётчи ва ҳарбий мухбир бўлиб қатнашган ёзувчи Адҳам Раҳмат умрининг сўнгига қадар хотира дарди билан яшади. Унга қуролдош юртдошларидан ва уларнинг оила аъзоларидан хатлар келиб турарди. Унинг оиласига қолдирган ижодий меросида шундай мактублар алоҳида ўрин эгаллаган.

Урушда кўплаб баҳодир дўстларидан ажралган ёзувчи уларни ёдга олганда юраги ёнар, уйида ўтиролмасдан қўлига қалам олиб йўлга отланарди. «1969 йилнинг ноябрида қуролдош ҳамкасб дўстим Адҳам Раҳмат билан Брест шаҳрига келдик», дея ўз хотираларида эслайди ёзувчи Назармат. – «Мақсадимиз ўзбекистонлик жангчиларимизнинг Брест қальаси ва бу вилоят ерларида урушнинг дастлабки кунларида кўрсатган жасоратларини ёзиш эди…».

Дарҳақиқат, Адҳам Раҳмат урушдан кейин ҳам бир лаҳза-да тинмади, юрт кезди, уруш қатнашчилари оилаларида бўлди, ҳаёти ва ижодини жанг лавҳаларига бағишлади. У ўзи ёзганидек, бир умр ҳарбий мухбир бўлиб қолди.

Зулфия ЮНУСОВА,

“Ватанпарвар” 2020 йил 24 апрел 17 сон


ХОТИРА УЙҒОҚКИ ИНСОН БАРҲАЁТ

Хотира уйғоқки инсон барҳаёт,

Қадр пойидадир умр ҳикмати.

Шу икки туйғу-ла азиздир ҳаёт,

Шу икки сўзда жо инсон сурати.

1945 йил, 9 май жумлаи-жаҳонни ларзага солган, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, миллионлаб инсонларнинг ҳаётини издан чиқарган, қалбларини мажруҳ қилган катта муҳорабанинг тинчликка эврилган куни. Яъни фашизм устидан қозонилган ғалаба куни. Бу йил ушбу шукуҳли санага 75 йил тўлади. Бироқ бу урушнинг касри, оловли заҳми узоқ йилларга қадар армонли из қолдирганки, неча йил ўтмасин, инсоният у кунларни асло унутмас. Шу сабаб, иккинчи жаҳон урушига қарши бош кўтарган дунё аҳли борки, 9-май санасини улуғ айём сифатида қадрлайди, байрам қилади.

ҒАЛАБАНИНГ  75  ЙИЛЛИГИГА  МУНОСИБ  ТАГДОРЛИК

Мамлакатимизда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини янада кўтаринки тарзда қарши олишга  бу йил юқори даражада эътибор қаратилди. Ғалаба боғи яратиш, Шон-шараф музейини ташкил этиш учун жуда катта ишчи кучи сафарбар қилинди, керакли мутаҳассислар жалб этилди. Ва бу ишчи гуруҳи ўз олдига қўйилган вазифани матонат ила адо этиб келмоқда.

Сир эмаски, дунё аҳли ҳаловатига чанг солган, коронавирус – СОVIД-19 пандемеяси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу сабаб, ғалабанинг 75 йиллигини ўтказиш санаси бир муддатга кечиктирилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ Ғалаба боғини яратиш ва Шон-шараф музейини ташкил этишдаги саъй-ҳаракатлар бир зум бўлса-да тўҳтагани йўқ.

Бизнинг мамлакатимизда 9-май нафақат ғалаба куни, балки давлатимиз томонидан Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилинганига 21 йил бўлаяпди.

Хотира ва Қадрлаш. Мана шу икки сўзда мен ўзлигимизни, миллатимиз қиёфасини кўраман. Негаки, ўзбек халқи ҳамиша ўтган аждодлари хотирасига садоқатли, кексаю ёшга меҳру оқибатли бўлиб келган. Бу улуғ қадриятга ҳамиша амал қилинган. Аслида хотира ва қадрлашни бир-биридан айро тасаввур этиш мушкул. Чунки эл-улус орасида, яқинлари бағрида қадр топган инсонгина бу дунёни тарк этганида ҳам меҳр ила ёдга олинади, авлодлар хотирасида ёрқин асралади, тирикликдаги эзгу-амаллари тилдан тилга ўтади, авлодларда давом этади. Айниқса, Ватан озодлиги, миллат  ҳурлиги, элнинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида сарф этилган умр, баҳшида этилган жон миллат юрагига муҳрланади. Бундай умрлар мангуликка ҳамнафасдир.

Хонадонларимизда амалга ошириладиган бир анъанага кўп бор гувоҳ бўлганман. Яъни яқинларимизнинг оламдан ўтганига неча йил бўлмасин, ҳар йили ўша куни яқин-йироқдагилар йиғилишиб уларни яхши хотиралар билан эсга олиш ўзлигимизга ҳос эзгу амаллардан биридир.

Давлатимиз томонидан 9-май санасини Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши эса, бу қадриятни янада юксак миқёсга олиб чиқди. Иккинчи жахон уруши иштирокчилари, фронт орти заҳматкашлари ва меҳнат фҳрийларини зиёрат қилиш, асрларга туташ хотираларидан баҳраманд бўлиш, ўгит ва насиҳатларига қулоқ тутиш, умр йўлларидан ўрнак олиш олдимиздан турган зарур амаллардан бири десак хато бўлмас. Негаки, қариялари қадрланган элнинг қадри баланд, келажаги нурли бўлади. Негаки, Ватан янглиғ тенгсиз масканнинг ҳар осуда лаҳзасини нафақат олмос билаклар, нуронийларнинг нурли дуолари ҳам асраб туради.

Хотира ва Қадрлаш куни авлод-аждодларимизнинг сўнги манзили бўлган қабристонларни обод қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан ҳам эътиборга моликдир. Турли сабаблар ила яқинларининг қабрини зиёрат қилишга имкон топа олмаганлар учун-да, муҳим фурсатдир бу сана. Шу кун қабристонларни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш асносида, ўтганлар хотираси ёдга олинади. Хотира азиздир, қадр муқаддас, деганларидек, бундай улуғ кунлар муаззам қадриятлар бардавомлигидан далолат.

Хотира ва қадрлашни истиқлол авлодлари учун муҳим жиҳатларидан яна бири, мустақиллигимизни асраш йўлида жон фидо этган шерюрак ўғлонларимиз жасорати, тарих зарварақларига муҳрланган азиз номлари мангуликка даҳлдор эканидан бонг уриб туради. Сариосиё ва Узун туманларида халқаро террорчиларга қарши олиб борилган ҳарбий харакатлар, Бўстонлиқ, Янгиобод, Боткен, Андижон воқеалари, уларда мустақиллигимиз ва тинчлигимизни асраш йўлида мардларча ҳалок бўлган ботир ўғлонлар хотираси унутилмасдир. Улуғбек, Алишер, Баҳром, Бобур, Нариман, Дониёр, Эломон, Сайёр, Юнусжон, Шермуҳаммад, Исматулло, Махмуджон… Иккинчи жаҳон уруши муҳорабасида иштирок этган неча минглаб ватандошларимиз фашизм балосига қарши олиб борилган жангларда жон таслим қилган бўлса, бу жасур ўғлонларимиз халқимизнинг асрлик орзуси – истиқлолимизни асраш йўлида кўксини қалқон қилган мардлардир.

Уларнинг ота-оналари билан бўлган суҳбатлардан бирида «Ўғлимнинг эркимиз йўлидаги жасоратини эл-юртимиз унутмайди, бунга ишонаман», деган эди отахонлардан бири. Дарҳақиқат, бу элимиз қон-қонига сингиб кетган азиз қадрият. Негаки, миллат учун, унинг истиқдоли учун жонини қурбон қилганларни унутиш, ўзликни унутиш билан баробар. Мен бу шердил ўғлонларни тоғларга қиёслагим келади. Улар метин қоялар янглиғ ҳамиша миллат хотирасида қад ростлаб туради.

ҚАРИЯЛАРИ  ҚАДРЛАНГАН  ЮРТ

Кексаларни қадрлаш миллатимизга хос улуғ фазилат. Айниқса, ёши улуғларни эъзозлаш, ғамҳўрлик кўрсатиш, уларнинг панд-насиҳатига қулоқ тутиш, парваришлаш ва ардоқлашда бизга етадигани йўқ. Биргина дастурхон атрофидаги ҳолатни олайлик. Ёши катта инсонлар давра тўридан жой олмоғи шарт ва улардан олдин дастурхон неъматларига қўл узатилмайди. Буни ҳатто сабри сайқалланмаган болакайларимиз ҳам яхши англашади. Шунингдек, уларнинг сўзини бўлиб фикр билдирилмайди. Улардан беруҳсат, уларнинг дуоларисиз дастурхондан турилмайди. Баъзида кексаларимизнинг «қариганинг сари қайтадан ёш болага айланиб, қаровга, меҳрга муҳтож бўлиб қоларкансан», дея хижолатлик ила айтган нолишлари қулоғимизга чалинади. Ҳа, нафақат ўғил-қизларини, набираларини-да кўтариб катта қилган, опичлаб улғайтирган бақувват қўллар, тик қоматлар, ўткир нигоҳлар ҳаёт силсиласида толиқиб, эгилиб, нурсизланиб боради. Яқинлари эътиборига, қаровига муҳтож бўлиб боради.

Ривоят қилишларича, заковатда тенгсиз донишманднинг олдига бир инсон келиб сўрабди:

– Эй аҳли дониш, бир савол юзасидан узоқ йўл босиб хузурингизга келдим. Марҳаматингизни дариғ тутмай хожатимни раво қилсангиз.

– Сизни қийнаётган қандай савол экан, айтинг.

–Зоти паст деб қандай авлодларга айтилади? Биз бу борада дўстлар билан кўп баҳслашдик. Кимдир ўғри-муттаҳамлар зоти паст деса, кимдир зинога берилган аҳлоқсиз ва беҳаёлар авлоди ҳамиша паст бўлиб келган, деди. Яна кимдир бола-чақасини қашшоқлик ва мухтожликка ташлаб қўйган дангаса ва танбаллар зоти паст хисобланади, деб сўзида туриб олди. Ҳуллас бу саволга сиздан жўяли жавоб излаб келдим.

Ҳизрсифат донишманд бир оз ўйланиб турибди-да, жавобини баён қилибди:

– Қайси йўлдан келган бўлсангиз, шу йўлдан ортингизга қайтинг. Саволингизга жавоб йўл юзасида турибди.

Донишманднинг жавобидан бир оз таажжубланган инсон раҳмат айтиб ортига қайтибди ва кўп ўтмай, йўл четида қўш кабутардек бир-бирига суяниб тош устида ўтирган чол-кампирга дуч келибди. Улардан ҳол-аҳвол сўрабди.

– Э-э болам, бевафо дунё деганлари шу экан, – нурсиз қароғлари ёшга тўлиб, кўксини эзиб турган дардини юзага чиқарибди чол. – Бир этак фарзанд кўрдик. Емай-едириб, киймай-кийдириб улғайтириб, уйли-жойли қилдик. Бунинг эвазига қаровсиз ҳолда кўчада қолдик. Ўғил-қазларинг меҳрсиз бўлса қийин экан.

Барчани қийнаган баҳслашувга жавоб излаган инсоннинг фикри тиниқлашибди: «Ота-онаси ва яқинларига меҳрсиз, оқибатсиз авлодлар зоти паст деб айтилар экан-да». У донишманднинг донолигига тан бериб, жавоб топганидан ҳурсанд бўлиб, чол-кампирни парваришлаш учун ўзи билан олиб кетибди.

Қиссадан хисса шуки, бу борада меҳр-оқибатни қадрият даражасига кўтарган бизнинг миллатга, бизнинг авлодларга барча ҳавас қилса арзийди. Қадрли айём сифатида эътироф топган Хотира ва Қадрлаш куни ҳам фикримиз далилидир. Боболаримиз жасорати жо бўлган ғалабанинг 75 йиллиги, хотира, қадр, меҳр ва оқибат айёми барчага муборак бўлсин азизлар!

 Зулфия ЮНУСОВА,

«Ватанпарвар».  2020 йил 1 май 18 сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.3 / 5. Baholaganlar soni: 44

OAV nomi va parolini kiriting!