«Олтин қалам – 2021» танловига

Зиёда АМИНОВАнинг ижодий ишлари
Тилга ҳурмат ҳисси аввало инсоннинг ўзидан бошланиши керак эмасми?

… лозим, керак, даркор. Ҳеч ким айтмайдики, мен ўзимдан бошлайман – дея.

ааа.JPG
Она тилим – жону дилим
 
– Ўзбек тилининг мавқейини ошириш учун нима қилиш керак?Катта анжуманда, нотиқ томонидан ана шу савол куюнчаклик билан ўртага ташланди. Ёнимда ўтирган киши секин ҳамроҳига шивирлади.
– Тил байрам 21-октябрда шекилли. Ҳали борку, аа
– Билмадим, нега домла бу мавзуни кўтаряптилар, менам ҳайрон.

Ҳа, домла жон куйдириб кўтараётган бу мавзу вақт, замон танламайдиган, кунда кунора қайғурадиган мавзудир. Баҳс бошланиб кетди. Ўз фикрини билдирувчиларнинг аксарияти ўқитувчилар экан, фикрлар дадил бўлди.

… боғча ёшидаги болалар учун махсус қўлланмалар зарур;

мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар танловини ҳар чоракда ўтказиш керак;

ташкилот, корхона ва муассаса ходимларининг давлат тилида иш юритиши учун уларни ишга қабул қилишдан олдин, ўзбек тилида тест топширсинлар, бўлғуси оила эгалари ёшлар оила қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий бўлгани каби ўз она тилида иншо ёзиши ҳам мажбурий бўлсин,тест топширсин, ахир бўлғуси ота-онаку улар…

… лозим, керак, даркор. Ҳеч ким айтмайдики, мен ўзимдан бошлайман – дея. Ахир тилга ҳурмат ҳисси аввало инсоннинг ўзидан бошланадиган шарафли иш эмасми? Уйда яқинларимиз билан муомала жараёнида ўзимизни ҳурмат қилиб, сўз сўзласак,“Асси”, “Боҳҳи”, “Диля”, “Алиш”,“Наппи”, “Шаппи” – дейишдан ўзимизни тийсак, кўчада кетаётиб “Мы открылись”, “Милано”, “Ламоур“ ни ёнидан индамай ўтиб кетмасак, ижтимоий тармоқлардаги ўзига хос “имло”дан воз кечишда намуна бўлсак, озгини юракни “қайнатиб” турсаккина хатолардан ҳоли бўла бошлаймиз, назаримда. Хориж ёзувини пештоқига илиб савдо қилаётган дўкон соҳибига бориб, нега “Вумен” деган пешлавҳа бор пешонангизда деганмизми, йўқ. Эй менга нима деймиз, гуёки ютамиз. Аслида “Women” инглизчадан таржима қилганда, аёл деганини айтсак, оддийгина қилиб, “Аёллар учун дўкон” деб ёзилиши ҳақида фикр билдирса, тарғибот мана шундан бошланади.

Тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган йигитга, “Фирманг номини қандай номламоқчисан? дея савол беринг, албатта бирон бир машҳур брендга уйқаш номни айтади. “Сардор бутик”, “Солнешко”, “Гранд”, “Мир электроникс”, “Гранат”. Албатта тадбиркорлик қилиш учун лойиҳа билан чиққани мақтовга лойиқ, унинг ташаббускорлиги ҳурматга сазовор. Аммо меҳнатини янада юқорига олиб чиқадиган, ҳатто хорижлик ҳамкорларнинг эътиборини тортадиган жиҳат унинг ташкилотининг номи билан боғлиқ эканини у билсин, англасин. Шундай чиройли ном қўйсинки, у нафақат туманда, вилоятда, балки республикада ҳам машҳур бўлсин. Хориж компаниялари ўзбекона талаффуз билан унинг корхонаси номини талаффуз қилсинлар ва сўрасинлар маъноси не дея? Мағзини чақиб, бизнинг тарихимизга, ўзбек тилининг мавқейига, чиройига мафтун бўлишсин. Навоий ардоқлаган, Бобур эъзозлаган, Абдулла Қодирий суҳанида қадр топган тилимизни авайлаш нафақат унинг бугуни учун, ҳатто фарзандларининг эртаси учун ибрат, ҳикмат эканини биз тадбиркорга қачон уқдирамиз. Унинг фаолияти тўкисликка йўл бошлаши баробарида, маънавият учун хизмат қилишини, бу эса юрт шарафи билан боғлиқ эканини айтиш гали келди.

– Кечирасиз, мен тадбиркорни ҳимоя қиламан, сиз айтганингиз каби унинг ҳар ишига эътироз билдираверсам, билмадим, қандай бўларкин?

– Яшанг, тадбиркорни албатта ҳимоя қилинг, бугун ҳукуматимиз томонидан қўйиладиган дастлабки талаб ҳам шу. Энди унинг ишига “узукка кўз мисол ярашадиган” фикрни айтсангиз яъни соф ўзбекона ном остидан меҳнат қилиши, фаолият юритиши ҳақида билдирсангиз, уни нафақат қўллаб қувватлайсиз, балки, ҳимоя қиласиз. Миллат вакили сифатида жаҳон бозорига йўл бошлаган бўласиз. Ахир бу миллий ғурур билан боғлиқ тушунча.

Шаҳар бўйлаб кеза бошлайсиз. Агар ўнта дўкон учраса, қани айтинг, шунинг иккитасида ўзбекона ном учраса дўппингизни осмонга отасиз. “Заря”, “Мир ковров”, “Мед центр”, “Дом цветов”. “Идеал”, “Вкусно”, “Обойлар маркети”, “Зеркало”. Бошингиз айланиб кетади. Қаердаман, ўзи?

Тадбиркор қандай ном қўйиши, ишлаб турган ташкилотини қандай номлаши ихтиёрийдир, аммо у рўзғорида фойдаланадиган, ота-онаси эркалаганида болаликдан қулоғидан кириб, онгига сингган она тилини ҳурматини жойига қўйишга масъул ҳисобланади. У жамоатчилик билан муомала қилаётганида бу каби вазифаларга эътибор қаратиши муҳим саналади. Фарзанд бўлиб, ўзи туғилиб ўсган юртга бўлган меҳри ҳам бу жараёнда албатта намоён бўлади. Одатда биз бу ҳақида ҳамма иш битиб, реклама, пешлавҳа одамлар ҳукмига ҳавола этилганидан сўнг бош қотирамиз, афсус. Агар “хато” си борлиги ҳақида айтсангиз, унинг эгаси албатта кўп маблағ сарфлагани, қанча меҳнати кетгани ҳақида “аюҳаннос” солади. Биз эса жим қоламиз, унинг хатоси хиёнат эканини, яъни кўпга дахл ишда хато қилиш хиёнат эканини айтишдан тийиламиз. Қани энди худди шу каби фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлар яъни реклама, пешлавҳа, кўча ёзувларини тайёрлаш билан шуғулланувчилар ҳузурида биттагина ходим яъни муҳаррир бўлсада, “мана бу сўз бундай ёзилади, чизиқчани олиб ташланг, ҳ ёзинг, хар дебсиз, бу қўпол хатолик бўлади, мана энди ҳаммаси жойида” деб турса,кўчадаги таълим, тарбия ишларидаги муаммолар бартараф этиларди. Кўчадаги таълим тарбия дейсизми? Албатта шундай, катта кўчада ҳар куни минглаб одамлар ўтиб қайтадиган жойга илинган пешлавҳа албатта таълим беради, ўтган қайтган йўловчига, ўғил –қизларимизга. Хориждан келган меҳмонлар учун кўзгу бўлади. Таржимаси ҳақида айтинг дейилган чоғда, ҳозир сиз ўқиган сўз “Бек” бўлиб – қадим, қадимдан ўзига тўқ, сармояси бор, уч-тўртта одамни иш билан таъминлаган, кўпга нафи тегадиган кишига нисбатан қўлланган. Ўрта асрларда ҳудудларни беклар бошқарган. Шоҳлар томонидан бекларга катта катта ҳудудлар топширилган, улар шу жойнинг тинчлиги, осойишталиги, халқининг фаровонлиги учун масъул бўлган дейилса, нур устига аъло нур эмасми?

Ҳа, миллий тикланиш, миллий юксалиш ҳақида сўз борар экан, аввало бу йўлда миллий онг, тафаккур тушунчаси устуворлик қилади. Тилга бўлган ҳурмат ҳисси қанчалар устун бўлса, уни асраб –авайлашга ҳисса қўшишдаги дахлдорлик ортиб бораверади. Бу ҳис уйғонмаса, Навоий ҳазратлари айтгани каби магарки, яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ёмонлик ҳам қилма, шу сенинг яхшилигингдир деганларига амал қилингани соз. Тилни асраб авайлаш қўлимиздан келмаяптими, демак уни ғализ қилиб қўйишдан тийилмоқ керакдир.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Вазирлар Маҳкамаси Ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Жойларда айни шу йўналишда фаолият олиб борувчи маслаҳатчилар фаолияти жорий этилди. Нима ўзгаради, дейишингиз мумкин? Энди давлат тилида иш юритиш соҳаси мониторинг қилиб борилади, унинг натижадорлиги таҳлил этилади. Давлат тилига оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш борасида таклифлар мувофиқлаштирилади. Ўзбек тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузи орттирилади. Она тилимизда компьютер дастурлари яратилади. Ўзбекча фикрлаб, ўзбекча гапирадиган авлодни шакллантириш йўлидаги хизмат такомиллаштирилади. Айниқса, яшаб турган манзилнинг обрўйи бўлган жой номларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Чунки таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатадики, баъзи бир қишлоқ номларини ўша ерда яшаб турган одамлар айтишга уялади. Қашқадарёда “Бўйниқора”, “Жунли”, “Ғалча”, “Сариқ”, “Калта”, “Лойқа”, “Чаламозор”, “Бешқўтан” каби қишлоқлар борлигини аксариятимиз биламиз. Уларни қоғозга битишда бори эканда дея ёзиб қўяверилаётгандур, аммо сўрашганида мен “ғалчалик”ман дейиш учун уни айтаётган одам қайсидир ички сезимларини парчалаши керак бўлишини тасаввур этяпсизми?

Инсонга исм берилаётганда албатта кенгашилган. Бу удум қадимдан қолиб келган. Ёши улуғларни жамлаб фикрлашилган. Энг чиройли, эшитимли ном қўйиш ярим давлат экани аён бўлган. Шунга айтишадида, исм чирой, у инсонга бахт келтирувчи истак билан боғлиқ. Бугун бу каби ишларга эътиборни кучайтиришни давр талаб этмоқда. “Зара”, “Митхун”, “Ниҳон”, “Нисрен” каби исмларни қўйиб фарзандимизни “Кимларга ўхшаб боряпсана” дея тергаётган оналар ёнимиздаку бугун.

Нуфузли халқаро спорт мусобақасини оилавий томоша қиляпмиз. Инглиз тилида бошқариб борилаётган мусобақада ҳакам чиройли талаффуз билан “ҳалол”. “ёнбош”, “кураш” деган соф ўзбек сўзларини айтмоқда. Ҳар эшитганингда бир қалқиб кетасан, киши. Нима бу? Миллий ғурур ва миллий онг эмасми! Уйдаги томошабинлар ҳам ҳайқириб қуяди: Ҳаҳ, сани туққан онанг ўлмасин. Кураш тушаётган полвонга ҳам, ўзбекча чиройли гапираётган инглиз ҳакамга ҳам олқиш айтилаётганини ич-ичингдан ҳис қиласан. Қаддинг ўсади, қадринг юксалади.

Ҳа, тил бу хазина. Уни сайқаллаб, тобора дуру-жавоҳирлар билан бойитиш ҳар бир фидойижоннинг кундалик иши, покиза ризқ топишнинг воситаси бўлмоғи даркор. Бу йўлдаги куюнчаклар энди биз манзилга жамланмоқда. Кўпни ташвишга солаётган масалаларнинг ечими борасида, далиллар асосида ўрганилмоқда. Бу ўрганишлар самараси халқ маънавиятини юксалтириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Зиёда АМИНОВА,
Қашқадарё вилояти ҳокимининг
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш масалалари
бўйича маслаҳатчиси

Ko‘zgu xira tortmasin

Qay shahar, qay manzilga bormang ilk eʼtiboringizni ko‘cha yozuvlari, ko‘rgazmali vosita va peshlavhalar tortadi. Asta sekin ularni o‘qiy boshlaysiz. “Optom yaxna ichimliklar”, “Mi otkrilis”, “Mega fayz”, “Mega stroy”, “Chayxana”, “Zavtrak”, “Oboylar do‘koni”, “Ledi butik”, “Mini market”, “Supermarket”, “Xleb bor”, “Har kuni zakaz osh”… Boshingiz aylanib ketishi tayin. O‘z-o‘zingizga savol berasiz: “Men qayerdaman? Ona yurtimdami?”

Tavba, bizga nima bo‘lyapti. Mashhur kinofilmda aytilganidek, xo‘rozqand chet elniki desa yotib yalaydiganlarning soni tobora ortib borayotgani taajjubli. Turli xorij so‘zlaridan yasalgan “qorishma”ni elga tortiq etayotganlar bu ishi bilan nafaqat kulguga qolayotganini, hudud husniga dog‘ tushirayotgani bilarmikin? Axir bolalikdan ongu-shuurimizga onamiz allasi bilan singgan ona tiliga hurmat hissini har bir inson, u tadbirkor bo‘ladimi, savdogar yoki do‘kon egasimi, albatta o‘zida shakllantirishi kerak emasmi?

— Tadbirkorlikni boshlabsiz, tabriklayman. To‘g‘risini aytsam, do‘kon peshtoqiga ilib qo‘yilgan nomga tushunolmadim?

— Shu kunlarda shu savolni beradiganlar ko‘paymoqda. Bu… men, o‘zim, o‘g‘lim, qizimning ismlarini bosh harfini olib shu nomni qo‘ygandek. Qaysi kuni kelib hokimiyatdan ogohlantirib ketishdi, o‘zgartiramiz. Shu paytgacha biron kishi aytmagan ekanda. Bu ishda o‘zboshimchalik qilib bo‘lmaydi, mana anglayapmiz. Almashtiramiz, uzog‘i bilan uch-to‘rt kunda, — deydi tadbirkor.

O‘zbekiston Respublikasining “Davlat tili haqida”gi va “Reklama to‘g‘risida”gi qonunlari ijrosini taʼminlash hamda Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 20-fevraldagi “Tashqi reklama bozorini tartibga solish to‘g‘risida”gi qarori talablari doirasida – Qashqadaryo viloyatida ishchi guruhlar tomonidan o‘rganishlar olib borilmoqda. Reklama bannerlarning joylashtirilishi va ularning qonun talablariga mos bo‘lishiga eʼtibor qaratilib, reklama tayyorlash bilan shug‘ullanuvchi firmalarning ro‘yxati shakllantirildi.

Tuman(shahar) hokimliklari, Monopoliya boshqarmasi va “Tasviriy oyina” ijodiy uyushmasi tomonidan berilgan maʼlumotga ko‘ra ayni kunda viloyatda 201 ta 3 metrga 6 metr o‘lchamdagi reklama bannerlari o‘rnatilgan. Ularni davlat tili va reklama to‘g‘risidagi qonun hujjatlariga muvofiq bo‘lishini taʼminlashga eʼtibor qaratilmoqda.

Qonunga zid bo‘lgan ko‘rgazmali yozuvlar, lavhalar, peshlavhalar bo‘yicha tushuntirishlar o‘tkazilmoqda. Targ‘ibot tadbirlari davomida o‘zini bilag‘on atab, ovozini baland qo‘yib “g‘olib kelmoqchi” bo‘layotganlar ham yo‘q emas. Tartibning bosh negizi – qonun doirasida ish yuritish.

Nimaiki tadbir qonuniydir, demak u doimiydir.

Uch kun davomida Qarshi shahrining to‘rtta ko‘chasi bo‘ylab o‘rganish o‘tkazildi va 70 ga yaqin qonun talablariga zid ko‘cha yozuvlari bartaraf etildi. Mirishkor, Qamashi, Kitob, Kasbi tumanlarida ham nazorat tadbirlari doirasida zarur choralar belgilandi.

Ijtimoiy tarmoqlarda shov-shuv bo‘lgan, yaʼni “Chopar” xizmati haqida maʼlumot beruvchi bannerda hazrati Bobur mirzo qo‘liga pissa berib qo‘yilgani ifodalangan banner ham olib tashlandi. Nazarimizda, ajdodlar merosini asrab-avaylash va unga hurmat hissini oshirish kundalik ishimiz, yurak amri bo‘lmog‘i kerak. Bunda esa jamoatchilik nazoratini kuchaytirish ishi – bu boradagi ishlarning natijadorligini taʼminlaydi.

Yana bir gap, o‘rganishlar davomida shu ayon bo‘lmoqdaki, har bir insonning amalga oshirayotgan ishi uning didi, fahm farosati va maʼnaviyatini ko‘rsatadi. Unga ko‘zgu tutadi. Ko‘zgular xira tortmasin.

Ziyoda Aminova

Qashqadaryo viloyati hokimining maslahatchisi

ҳокимликнинг веб-сайти 17.04.2020


“Болангдан ҳурмат кутсанг, отангни эъзозла”

Тил – элнинг бойлиги.

Тил – элнинг бойлиги

Бу воқеа икки йиллар илгари тўй олди “маслаҳат оши”да содир бўлганди. Кимни қурби нимага етади, ким нима қўша олади каби саволларга жавоб изланаётган пайт. Ўттиз ёшни қаршилаб қолган, аммо анча “катта” кўринадиган Мансур гапга қўшилди:

– Пахан,шу тўйда усилител, артистни мен виручат қилсамда, рублни майдалаб. А, бу Зафар братан эрта биз тўй қилсак ответини қиладику-а. Книгасига шунақа ёзилган, так что… 


– Сендан ҳеч нарса керакмас, барака топгур керакмас, – давра аҳли гув этиб унга юзланди. Негадир отахоннинг тепа лаби дир-дир титрарди, – олдин тилингни чархла, – дадил айтилаётган бу гапда таъкид, қатъият бор эди. –Тўрт кун четга чиқиб келиб отанг, онанг бисотини лойга қорадиган бўлдингми? Пул топиб, ақл топмаган дейди сендақаларни. Дастурхон нон-тузини заҳар қилма. Садқаи одам кет. 

– Эй, бобой, нима бу? Энди… Мансур умид билан тўйболанинг отаси Зафарга боққан эди, у кўрсаткич бармоғини оғзини устига қўйди,“жим” дегандек. 

– Бас. Бошим омон бўлсин десанг, тилингни асра. Отанг бир умр ер кавлаб сенга ризқ тутди. Ҳалол едирди, сен бўлса… Оқ сут берган онанг рози бўлсин десанг, у алла айтган тилда гапир. То тилингни созламас экансан, элга қўшилма. Чиқ, уйимдан. Сенсиз ҳам ўтар шу тўй.
Унинг гапи тугар-тугамас даврани тўрида савлат тўкиб ўтирган Барот ота бир тебранди.
Ҳа, бу томонларда тўйга келма дейишлик элдан чиққанга ишора. Икки йил четда ишлаб, ўзни дунё кўрганга чиқариб, ўзбек тилига рус сўзларни қўшиб гапиришни одат қилган Мансур каби кимсаларни нари итариш унинг учун ўлим билан баробар. Ўшанда тўй мавзусини четга суриб отахоннинг кескин дакки бергани давра аҳлини таранг ҳайратга солганди. Сабабини шу ерда жам бўлган ёши улуғлар билгани боисми ҳеч ким орага тушмади. Кайвонининг қизишиши бежизга эмас.

У қишлоқдаги мактабда она тили ва адабиёти фанидан дарс берган. Ўшанда йигирма ёшларда эди. Бир гал текширувга “каттаконлар” келганида, унинг синфига ҳам киришди. “Барот малим”болаларга меҳр билан сабоқ бераётиб, Абдулла Қодирийнинг “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар” деган гапини айтдию, “балогина”га қолди. Замон қалтис эди, ўша пайтларда. Уч кун тинмай “облоно”га чақиришди, “пўстагини қоқишди”. Тонг отарга яқин судралиб уйга кириб келади. Партия сафидан ўчирамиз, сени мактабдан ҳайдаймиз дейишди. Элнинг болаларига таълим беришда “миллатчилик” қилаётган экан. Ўшанда, юрагини қора қуюн босгани, туганмас дард ичида тўлғонгани рост. Кечаси билан оҳ уриб, нола чекканлари ёдида. Шу юрт, шу халқ фарзанди бўла туриб, ўз ёзувчисининг гапини айта олмаса, қоракўзларга етказа олмаса ким бўлди, ўқитувчиликнинг шарафи нимада? Халқ фарзанди бўлган ёзувчи, шоирнинг бирон-бир шеър ёки нақлини гап орасида ҳам бўлсин, қистириб ўтиб кета олмаса, она тили фани дегани қаерда қолади. Уч кунда сочи оқарди. Ишдан ҳайдалди. Шу сабаб бўлдию, тўрт йил мактаб остонасига йўлатишмади. Ўша кунларни ўтгани ўтган бўлсин. Тилга ҳурмат, уни қадрлаш ҳисси – жон қадар азиз эканини йил ўтгани сари англамоқда. Ота-онасини соғинган кезларда уларнинг панд насиҳатларини ёдга олганда – тил масаласи ор, номус, ғурур билан боғлиқ эканини билади. Ҳа, халқимиз бежизга“Болангдан ҳурмат кутсанг, отангни эъзозла” дея айтмаган.

Бугун Барот отага ўхшаганларнинг қалбида яна қуёш порламоқда. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини юксалтириш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари томонидан 21 октябр –Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди, қонун қабул қилинди. Эҳтиёж бор эдида. Қашқадарё вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб иш бошлаб, буни яқиндан англамоқдаман.

Тил туганмас бойлик, хазина. Хазинани ноёб қиладиган, қимматини оширадиган бу – унинг дуру жавоҳирлари бўлса, биз уни бойитишга ҳисса қўшишимиз керак эмасми? Қайси соҳада ишламайлик баъзида тушунарсиз сўз ёки жумлага дуч келиб қолсак, филолог, мутахассисга мурожаат этган жойимиз бормикин? Луғат титкиладикми? Ўз она тилимизни билмаслигимизни тан олгимиз келмади. Таълим масканларининг рўпарасига имло хатолар билан “бежалган” кўча ёзувларини илиб қўйганмиз. Бола айтганга эмас, кўрганига ишонади. Таълимнинг муҳим шарти бу, аввало, ибрат, намуна бўлишликдир. Фарзандга китоб ўқи, китоб ўқи десангизда, аммо ўзингиз телефон “ковлаб” ўтирсангиз, телефон дастагини “Привет, привет, қандайлар?” деб кўтарсангиз…

Бу йўлдаги ишларни амалга ошириш учун бирлашиш даркор. Бу давр талаби! Тадбиркорман дея, кўнгилга келган сўздан ёрлиқ тайёрлаб, дўкон пештоқига илиб қўйиш урф бўлган. “Гранд”, “Ангел”, “Бутик”, “Волна”,“Мадам”, “Астория”, “Мастер”, “Посудани зўри”, “Мистер”, “Заказга товар келтирамиз”. Ҳамюртимизнинг тадбиркорлиги, маҳсулот ишлаб чиқаришию, савдо сотиқдаги иши таҳсинга лойиқдир, аммо ўзи яшаб турган замини, унга ризқ тутган давлат тилига ҳурматсизлик, беписандликни – хиёнатга тенглагим келади. Нега дейсизми? Тил – элнинг бойлиги, покиза дастурхони. Кўпнинг ҳақига нотоза қўлни тиқиб булғамоқдан оғир гуноҳ йўқдир. Шоир Муҳаммад Юсуф айтгани каби, юракни тирнаб бир нола ўтади: Она тилим, кечир мени, она тилим. Тилнинг равнақи ва сайқали йўлидаги ишлар албатта, кўпнинг иши. Бунда жамоатчилик назоратининг аҳамияти юксак. Уларнинг орасида сиз ва биз ўз ўрнимизни янада теранроқ тушунсак, нур устига аъло нур. Бу улуғвор ишга ҳисса қўшиш эса, албатта савоб. Аждодлар меросини асраб авайлаш учун бурчлимиз. Шу йўлда жасорат, фидоийлик кўрсатган зиёлилар хотираси олдида бош эгиб, улар бошлаган ишларни давом эттирмоқлик азми аъмолимиз бўлмоғи керак.

Тилимиз ғазнасини оҳиста кўздан кечириб афсус уятдан юз қизариб кетмоқда. Сиз ва мени улғайтирган, дунёқарашимизни шакллантирган, юракни жунбушга келтирган сўзларни биз ҳеч қандай маъносиз, сиёғи йўқ, юракка етиб бормайдиган, қуруқ сўзларга алмашмоқдамизку? Гоҳ билиб, гоҳ билмай. Бундан бир неча йиллар илгари – айирбошлаш, тақвим, нусха кўчириш, дўкон, мажмуа, лойиҳалаш, ёрлиқ, қувватлаш, тузилма дея сўзлашган бўлсак, бугун маркет, ксерокопия, дизайн, комплект, текст, феномен, товар, дирекция, унитар, инфратузилма, фонд каби сўзларни ҳеч қандай оғриқларсиз ишлатмоқдамиз.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг равнақи учун қатор ишлар қилинди, илмий тадқиқотлар олиб борилди. Луғатлар чоп этилди. Бу каби ишларни янада кўпайтириш, илдамлаб кетаётган замон зайлининг шиддати билан бақамти бўлиш вазифаси илгари сурилмоқда.

Тил тараққиётини белгилашнинг бош мезони китобхонлик экани бугун тобора аён бўлмоқда. Қанчадан қанча ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари чоп этилмоқда. Мамлакат раҳбари ташаббуси билан китобхонлар қўллаб-қувватланмоқда. Буюк мутафаккир, адиб, ёзувчи, шоирларнинг асарлари лотин алифбосида чоп этиляпти. Орада анчайин узилиш бўлган эдида. Мен ёшлигимда қўлимдан қўймай ўқиган асарлар кирилл алифбосида, фарзандим мактабда лотин алифбосини ўрганган. Бугун мана шу эҳтиёжларга барҳам бериляпти. Давлат бошқарув органларида давлат тилида иш юритиш, масъул ходимларни масъулиятини ошириш, кўча ёзувлари, пешлавҳаларни маънавиятимизга мос бўлишини таъминлаш, географик объектларни номланишида учрайдиган камчиликларни бартараф этиш йўлида ҳамфикр бўлиб иш олиб борилмоқда. Мақсад ягона ҳазрат Навоий якқалам қилган, Бобур, Қодирий, Чўлпон, А.Орипов, М.Юсуф жон бериб сайқаллаган она тилимиз қаддини тикламоқ, ўзбекча фикрлаб, ўзбекча гапирадиган авлодни тарбиялашдан иборатдир. Бу йўлда, яъни Ибрат бобомиз айтгани каби ватаний ишда бирлашиш истагидасиз, сафимизга қўшилинг. Онамиз тилини ардоқлаб, қадр топиш шарафи муборак бўлсин!

Зиёда АМИНОВА,
Қашқадарё вилоят ҳокимининг 
Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, 
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини 
таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 36

OAV nomi va parolini kiriting!