«Олтин қалам – 2021» танловига

Нуруллоҳ ДОСТОНнинг ижодий ишлари

 

«Ўзбекистон овози» газетаси, 2020 йил, 10 июнь.

СУДЬЯ ТЕРГОВЧИГА ХУСУСИЙ АЖРИМ ЧИҚАРДИ

лекин айбланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум қилди

Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи Азмиддин Бузуруков тадбиркорлик билан шуғулланарди. 2010 йил октябрь ойида Чилонзор тумани ИИБ терговчиси Аҳрор Ҳожимуродов уни ҳузурига чақиртиради. «Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ер олиб беришни ваъда қилиб, Рустам Манапов деган шахсдан катта миқдорда пул олганингиз бўйича шикоят келган», дейди. Азмиддин Бузуруков бунақа одамни танимаслигини, у билан бирор маротаба ҳам мулоқотда бўлмаганини айтади. Шунда терговчи новчадан келган бир йигитни кабинетга чақиради ва унга: «Мана шу Азмиддин Бузуруков бўлади, танидингми?» дейди. Сўнгра Бузуруковга «Сиз ташқарига чиқиб туринг», дейди…

Шикоятда келтирилишича, Рихси­ Абзалова деган аёл Азмиддин ­Бузуруковнинг маҳалладоши Дилноза Раҳмонова орқали Рустам Манаповга Тошкент шаҳридан қурилиш учун ер майдони олиб беришни ваъда қилган. Кейин Азмиддин Бузуруков гўёки Рустам Манаповга пойтахтнинг бир неча жойидаги бўш ерларни кўрсатиб, 2007 йилнинг 25 ноябридан 2008 йилнинг июль ойигача ундан Рихси Абзалова воситачилигида ҳаммаси бўлиб 285 минг АҚШ долларини олган…

Азмиддин терговчига ўзига қўйилган айблар қуруқ туҳмат ва бўҳтондан иборат эканини ётиғи билан тушунтиради. Аҳрор Ҳожимуродов эса кабинетга бояги новча йигит – Рустам Манаповни таклиф этади ва Азмиддин Бузуруков билан юзлаштиради.

Рустам Манапов тахминан 2007 йил октябрь ойида маҳалладоши Рихси Абзалова орқали Азмиддин Бузуруков билан танишганини айтади. «Ҳой, калланг жойидами, сени биринчи марта кўриб турибманку!» дейишига қарамай,  «Азмиддин Бузуруков тадбиркорлик фаолияти юритишим учун ер майдони ажратилишида ёрдам беришни ваъда қилган. 2007 йилнинг 25 ноябрида телефон орқали гаплашиб, ўртада турган Рихси Абзалова билан бирга унга «Фотон» заводи олдида 30.000 АҚШ доллари берганман», дейди. Бундан ташқари, 2008 йилнинг июль ойида укаси Мурод Манапов иштирокида, Рихси Абзалова воситачилигида унга 72.000 АҚШ доллари берганини, яна 1.900.000 сўм миқдоридаги пулни ҳисоб рақамига ўтказганини айтади. Пулнинг бир қисми – 75.000 АҚШ доллари 2008 йилнинг май ойида Рихси Абзалова гувоҳлигида Чилонзор тумани «Ц» мавзесида яшовчи Дилноза Раҳмоновага етказиб берилган…

Терговчи Аҳрор Ҳожимуродов ушбу ҳолатларнинг ҳақиқийлиги бўйича талаб даражасида текшириш ўтказмайди. Пул қайси ҳисоб рақамга ва кимнинг номига қандай мақсадда тўлангани батафсил ўрганилмайди. Гарчанд Азмиддин Бузуруков Рустам Манаповни умуман танимаслигини, у билан олди-берди қилмагани, телефонда сўзлашмаганини, буларнинг бари туҳмат эканини айтса-да, Аҳрор Ҳожимуродов унга уйига кетишга рухсат бермайди. ­Азмиддин Бузуруковни уч кун муддатга вақтинча ушлаб туриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради.

Азмиддин Бузуруков ўзига қўйилган бу айбларни кескин инкор этади ва уларнинг биротасини тан олмайди. Ҳибснинг учинчи куни Аҳрор Ҳожимуродов Азмиддинга пул ундирилмагунича уни қўйвормасликларини шама қилади. Лекин Азмиддин ўз сўзида қатъий туради. Шундан кейин тергов материаллари судга оширилади.

Табиийки, Азмиддиннинг ота-онаси, яқин қариндошлари қийин аҳволда қолишади. Ота ўғлини гаров эвазига вақтинчалик ҳибсдан чиқариш учун ўзига тегишли савдо дўконини Рустам Манапов номига ўтказишга рози бўлади. Азмиддин Бузуруков гаров эвазига ҳибсдан озод этилгач, адвокат Александр Пакни ҳимоячиликка ёллайди ва унинг ёрдамида ўзига қўйилган туҳмат айбловларидан қутулиш мақсадида ҳужжат тўплашга киришади.

Хўш, Рустам Манапов ва Рихси Абзалованинг ўзи ким ва нима учун Азмиддин Бузуруковга бу қадар ёпишиб олишди?

Рихси Абзалова илгари ҳам бировларга ноҳақ туҳмат, фирибгарлик ва бошқа жиноятлар содир қилгани учун судланган. У танишлари кўплигини рўкач қилиб, «қармоғига» илинган Рустам Манаповга давлат идорасида ишлайдиган Хуршид Муҳамедов деган шахс орқали Тошкент шаҳридан қурилиш учун ер майдони олиб беришни ваъда қилади, ундан мўмайгина пул ундиради. Лекин иш ҳал бўлавермагач, Рустам Манапов Рихси Абзаловадан берган пулини талаб қила бошлайди. Шунда у вазиятдан қутулиш учун олган пулларининг ҳаммасини Хуршид Муҳамедовга берганини айтади. Рустам Манапов ёнига 4-5 танишини олиб, пулини ундириш мақсадида Хуршид Муҳамедовни излаб топади. Бўлиб ўтган савол-жавоблардан кейин Хуршид Муҳамедовнинг Рихси Абзалова билан гаплашмагани, ундан ҳеч қандай пул олмагани маълум бўлади.  Бундан ғазабланган Рустам Манапов Рихси Абзаловага қўнғироқ қилади, жавоб беравермагач, уни излаб топади. Абзалова бу гал ҳам сувдан қуруқ чиқади – «Ҳамма пулни дугонам Дилноза Раҳмонова орқали Азмиддин Бузуруковга берганман», дейди ва Рустам Манаповни унинг устидан шикоят ёзишга кўндиради. Энг қизиғи, Хуршид Муҳамедов устидан ёзилган, қуруқ туҳматдан иборат шикоят бу гал бир ҳарфи ҳам ўзгартирилмай, Дилноза Раҳмонова ва Азмиддин Бузуруковларга йўналтирилади…

Аслида 2007 йил 25 ноябрдан 2009 йил июнь ойига қадар бўлган вақт мобайнида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида тадбиркорлик фаолияти юритиш учун Д.Собировага Шайхонтоҳур тумани, Марказ 13-мавзесидан 6 сотих, Рустам Манаповнинг онасига Чилонзор тумани, Муқимий кўчасидан 0.018 гектар ер майдони ажратилган. Лекин бу қарорнинг сохталаштирилган нусхаларига Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмоноваларнинг исм-фамилияси киритилади, қалбаки имзолари  қўйилади.

ИИВ эксперт-криминалистик маркази томонидан 2010 йил 24 декабрда берилган эксперт маълумотига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг тадбиркорларга ер майдони ажратиш тўғрисида 2009 йилда чиқарган қарор нусхаларидаги имзолар Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмонова томонидан эмас, балки бошқа шахс томонидан бажарилган. Лекин барча ҳолатлар Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмонова томонидан қилинган жиноят иши сифатида кўрсатилиб, Чилонзор туман ИИБга тақдим этилади.

Тергов-суриштирув давомида Рихси Абзалованинг шахси, муқаддам қилинган жиноятларига эътибор берилмаган, Рустам Манапов томонидан даъво қилинаётган пул маблағлари манбаси текширилмаган.

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси ҳамда Архитектура ва қурилиш бошқармасидан ушбу ер майдонлари кимга тегишли эканлиги тўғрисида маълумотнома олинмаган, хизмат текшируви ўтказилмаган, ҳокимият вакиллари сўроқ қилинмаган.

Ахир ер майдони шунчаки бир мулозимнинг саъй-ҳаракати билан ажратилмайди. Бунда ҳокимият вакилларининг иштироки, ёки ерни очиқ савдо орқали расмийлаштириш ҳолатларига эътибор қаратилмаган.

Дастлабки тергов томонидан Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг сохталаштирилган нусхаларига ким, қачон ва қандай ҳолатда имзо қўйгани аниқланмаган бўлсада, А.Бузуруков ва Д.Раҳмоноваларга нисбатан ЖКнинг 228-моддаси 2- ва 3-қисми билан айблов эълон қилинган.

Азмиддин Бузуруков Рихси Абзаловани 2009 йилда опасининг дугонаси, қўшниси Дилноза Раҳмонованинг туғилган кунига келганида кўрган. Унга қадар – 2007 йилда уни ҳам, Рустам Манаповларни танимаган, мулоқотда бўлмаган. Шунинг учун ўша даврда Рустам Манапов, Рихси Абзаловадан унга қўнғироқ бўлгани ҳақида маъумотлар мавжуд эмаслиги ҳақида тегишли ташкилотдан телефонлар сўзлашув рўйхати нусхасини олади.

Рустам Манапов гарчанд 2007 йил 25 ноябрда Рихси Абзалова гувоҳлигида Азмиддин Бузуруковга 30 минг АҚШ доллари берганини даъво қилган бўлса-да, бу пайтда – яъни, 2007 йилнинг 19 ноябридан 27 ноябргача Рихси Абзалова фарзандлари билан Малайзия давлатида туристик сафарда бўлгани аниқланади.

Бундан ташқари, Рихси Абзалова, ака-ука Рустам ва Мурод Манаповларнинг ёлғон кўргазмалари асосида тузилган тергов ҳужжатларида ­Азмиддин ­Бузуруков юқорида кўрсатилган пулларни олганини тасдиқловчи далиллар – аудио, видеоёзувлар, тилхат ва бошқа ҳолатлар умуман кўрсатилган эмас.

2011 йилнинг бошида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судида Дилшод Сулаймонов раислигида суд жараёни бошланади. Азмиддин Бузуруковнинг адвокати судга унга нисбатан туҳмат қилинаётганини исботловчи ҳужжатларни тақдим этади. Судья бундай инкор қилиб бўлмас далилларга ойдинлик киритиш мақсадида ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатган Рустам Манапов, Рихси ­Абзаловалар билан савол-жавоб қилади. Натижада улар берган кўрсатмалар ҳар хил чиқади, ишончли далиллар тақдим этилмайди. Шундан сўнг шу ҳолат бўйича Чилонзор тумани ИИБ терговчиси Аҳрор Ҳожимуродов гувоҳ сифатида судга чақирилади. Савол-жавоблар давомида терговчи Аҳрор Ҳожимуродов хизмат вазифасига лоқайдлик ва совуққонлик билан қараши оқибатида тергов ҳаракатлари етарлича олиб борилмаган, деб топилади.

Судда ака-ука Рустам ва Мурод Манапов Рихси Абзалова гувоҳлигида 2008 йил май ойида Дилноза Раҳмонованинг Чилонзор тумани «Ц» мавзесида жойлашган уйига бориб, унга 75.000 АҚШ доллари бергани ҳақида кўрсатма беради. Бунга жавобан Дилноза Раҳмонова уларнинг кўрсатмалари туҳмат эканини, 2007 йил ёз ойида қайнонаси билан муносабати ёмонлашгани сабабли уйдан чиқиб кетганини, 2008 йил май ойида Чилонзор тумани «Ц» мавзесида яшамаганини далиллар билан исботлаб беради.

Шундан сўнг суд муайян бир хулосага келиш учун танаффус эълон қилади, Азмиддин Бузуруков эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик ушлаб туриш муассасасига, ундан Тоштурмага жўнатилади. Азмиддин Бузуруковнинг айтишича, орадан бир ҳафта ўтиб, яъни, 2011 йилнинг 24 февралида уни Тоштурмадан Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суд мажлисига олиб келишади. Бир воситачи А.Бузуруковнинг ёнига келиб, шу иш бўйича унга «юқоридан» қўнғироқ бўлганини, у айбловларни тан олса, яхши бўлишини, кейин фуқаролик суди орқали пулларини ундириб олиши мумкинлигини билдиради. Лекин Азмиддин Бузуруков қўйилган айбларнинг бирортасини тан олмайди.

Суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Дилшод Сулаймонов туман ИИБ терговчиси Аҳрор Ҳожимуродов томонидан йўл қўйилган камчиликлар бўйича хусусий ажрим чиқариб, унга нисбатан чора кўриш учун Тошкент шаҳар ИИБ тергов бошқармасига юборади. Унда қуйидаги ҳолатлар қайд этилган:

«А.Бузуруков, гувоҳ Р.Абзалова ҳамда жабрланувчи Р.Манапов ўрталарида ўтказилган сўзлашувлар стенограммаси олиниб, ундаги сўзлашувлар кимга тегишлилигини аниқлаш учун унга оид фоноскопия экспертизаси ўтказилмаган».

«Қалбаки қарорлар айнан ким томонидан қалбакилаштирилганини аниқлаш учун судга оид хатшунослик экспертизаси ўтказилмаган».

«Жабрланувчи Р.Манаповнинг кўрсатувлари воқеа жойида амалга оширилмаган».

«Жабрланувчи Р.Манапов ва гувоҳ Р.Абзаловалар судланувчилар А.Бузуруков ва Д.Раҳмоноваларга ер майдони учун катта миқдорда АҚШ долларларини беришаётган вақтларида кимлар бу ҳолатни кўрганликларини аниқлаш учун қўшимча гувоҳлар умуман сўроқ қилинмаган» ва ҳоказо ва ҳоказо…

Энг қизиғи, санаб ўтилган камчиликлар бартараф этилмаган, айбдорликда гумон қилинаётган шахснинг айби исботланмаса-да, судья Дилшод Сулаймонов томонидан шу сана билан Азмиддин Бузуруков Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди, 228-моддаси 2-қисмининг «б» банди, 228-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилади. У 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилади ва жазони умумий тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўташ белгиланади.

Бундай бедодликлардан саросимага тушган Азмиддин Бузуруковнинг ота-онаси унинг тезроқ озод этилишини истаб, аслида қуруқ туҳмат асосида бўйнига қўйилган жиноят иши бўйича моддий зарарни қоплашга мажбур бўлади.

Азмиддин Бузуруковдан жабрланувчи Р.Манапов фойдасига 285.000 АҚШ доллари Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкнинг ҳукм чиқарилган кундаги курси бўйича ундирилади.

2011 йилнинг 29 апрелида бу иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида кўрилади ва Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмоноваларнинг айбидан ЖКнинг 228-моддасининг 3-қисми чиқарилиб, А.Бузуруковга ЖКнинг 59-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида, яъни, 9.814.000 сўм жарима жазоси тайинлаш ҳақида ажрим чиқарилади. Азмиддин Бузуруковга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси жарима билан алмаштирилади. Жабрдийда ота-она емаган сомсаси учун туҳмат балосига йўлиққан жигарбандини қутқариб қолиш мақсадида учун бу суммани ҳам тўлашга мажбур бўлади…

Кассация инстанцияси томонидан А.Бузуруковнинг айбловидан ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми чиқарилган бўлса-да, ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми шундайлигича қолдирилган. Тошкент шаҳар ҳокимининг қайд этилган қарорлари қалбакилаштирилганлиги ҳолати юзасидан номаълум шахсларга нисбатан жиноят иши алоҳида иш юритувига ажратилмаган.

Орадан 5-6 йил вақт ўтди, замон ўзгарди. Азмиддин Бузуруков 2018 йилнинг февраль ойида Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан 2011 йил 24 февралда чиқарилган ноқонуний ҳукмни қайта кўриб чиқиш ва протест келтириш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига шикоят билан мурожаат қилди. 2018 йилнинг 10 апрелида Тошкент шаҳар прокуратураси дастлабки тергов ва суд томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилгани сабабли чиқарилган суд қарорини бекор қилиш юзасидан назорат тартибида протест келтириш ҳақида Бош прокуратурага тақдимнома киритди.

Лекин Бош прокуратура томонидан тақдимнома рад этилди. Шундан сўнг Азмиддин Бузуруков адвокати билан 2018 йилнинг 5 декабрида шу масала бўйича Бош прокурор ўринбосари қабулига кирди. Ўринбосар шикоят тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини билдирди. Аммо афсуски, яна ёзма равишда рад жавоби берилди. Азмиддин Бузуруков Тошкент шаҳар прокуратурасига такроран мурожаат қилди. 2018 йил 14 декабрда Бош прокуратурага иккинчи маротаба тақдимнома киритилди. Масала бу сафар ҳам очиқлигича қолди.

Азмиддин Бузуруков тинмайди, 2019 йилнинг 7 июнида яна шу масала бўйича ўша пайтдаги Бош прокурор қабулига киради. Бу гал ҳам унга рад жавоби келади…

Азмиддин Бузуруков 2019 йилнинг 16 августида топталган ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб Бош прокурор ўринбосари қабулига киради. У ҳам ишни кўриб чиқиб, аввалги ҳамкасблари сингари масалага адолатли ечим топишга ваъда беради. Лекин ҳали ҳанузгача ўзгариш бўлмади.

Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: суднинг қарорлари устидан протест келтириш учун асос бўладиган 10 дан ортиқ ҳолатлар ва 50 дан зиёд важлар бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси суд қарорларини бекор қилиш юзасидан назорат тартибида протест келтириш ҳақида икки марта Бош прокуратурага киритган тақдимномаси инобатга олинмади. 

Шаҳар прокуратурасининг протест келтириш ҳақидаги тақдимномаси жиноят иш билан танишиб чиқиб ёзилгани кўриниб турибди. Лекин бу тақдимномани рад этган томон жиноят иши билан танишиб чиққанмикин?..

Суд-ҳуқуқ идоралари томонидан ишни кўриб чиқмасдан ёки ўрганмасдан туриб, ушбу тақдимномаларга қайта-қайта рад жавоби юборилиши қанчалик тўғри? Улардан бири шу ҳолат бўйича ноҳақлик бўлган, дея тақдимнома киритса, рад жавоби қайтараётган иккинчи томон бу борада бошқача фикрдами?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида: «Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини ­эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди», деб таъкидланган. Демак, йиллар давомида турли босимлар остида фаолият юритган суд-ҳуқуқ тизимидаги адолатсизликларни очиқ тан олиб, қўрқмай ҳақиқатни қарор топтириш керак.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 


«Ўзбекистон овози» газетаси 2020 йил, 8 июль.

БЎСТОНЛИҚ ЯНАДА ГЎЗАЛ ВА ФАЙЗЛИ БЎЛАДИ

маҳаллий ва халқаро туризм масканига айланади

Пурвиқор Чимён тоғлари қўйнида ястанган, Угом-Чотқол миллий боғининг бетакрор табиати билан уйғунлашиб кетган  Бўстонлиқ тумани ўзининг шифобахш ҳавоси, ойдин булоқлари, кўзни қувонтирадиган гўзал манзаралари билан ҳамюртларимизни ва меҳмонларимизни мафтун этиб келади. Пойтахтимиз – Тошкент аҳлини эса тоза тоғ ҳавоси ва ичимлик суви билан таъминлаб келади. Шунинг учун тошкентликларнинг Бўстонлиққа эътибори, ҳурмати баланд.

Тоғ табиати ҳукмронлиги боис, бу жойлар эрта куздан то баҳор адоғиача қиш ҳукмида, ҳамма ёқ қор билан қопланган бўлади, Хизмат тақозоси билан жорий йилнинг февраль ойида Бўстонлиқ туманининг Сойлиқ қишлоғига келганимда, дастлаб кўзга ташланган ҳолат – кўчалар тор, қор босган йўллар сирпанчиқ, бунинг устига, енгил машинлар тинимсиз қатнаб турибди. Пиёдалар учун ҳатто тротуар тугул, ёлғиз оёқ йўл ҳам йўқ экан. Биз ўшанда фахрий журналист Пардабой Эргашев билан кўзланган манзилга сирпанчиқ бўлиб кетган машина қатнов йўлидан атак-чечак қилиб бориб келганмиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги «2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида»ги қарори асосида Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.

Ишчи гуруҳлари томонидан дастлаб туманнинг Чимён, Хўжакент ва Навобод маҳалла ҳудудларидаги, Ғазалкент шаҳридаги турар ва нотурар объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилди,

Тошкент вилояти прокуратураси ва мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тумандаги дала ҳовлилар, уй жойлар ҳужжатлари текширувдан ўтказилди. Ана шу жараёнда ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва тадбиркорларга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар хусусида ҳар хил хабарлар ҳам тарқала бошланди. Бош муҳаррир топшириғи билан бунёдкорлик ишлари билан танишиш, жараённи холис ёритиш мақсадида шанба куни Бўстонлиқ туманига йўл олдим.

Ишчи гуруҳи аъзоларидан биринчи бўлиб Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровга учрашдим.

– Бу ердаги муаммолар кеча ёки ўтган куни пайдо бўлиб қолгани йўқ, – деди Холмўмин Ёдгоров. – Улар узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган ва ҳал этилмаган. Шунинг учун жараён оғриқли кечаяпти. Жуда кўп ҳолатларда жойлар сохта ҳужжатлар асосида эгаллаб олинган, кейинчалик уй-жой, дам олувчилар учун ҳеч қанақа ҳужжатларсиз дала ҳовлилар қурилган. Бу жойларни кимдир сотган, кимдир сотиб олган. Ҳозир буларнинг ҳар биттаси ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги суд ва суд-хатшунослик экспертизаси орқали текширилаяпти. Фуқарога ёки тадбиркорга ер ажратиш қарори ҳақиқий эмас, деб топилган тақдирда, қурилма бузилади, ер майдони асл ҳолига келтирилиб, бу майдон давлат захирасига қайтарилади.

Албатта, бу иш билан шуғулланаётган суд-ҳуқуқ идораларига осон бўлмаяпти. Чунки бундай ҳолатда эгаллаб олган жойига дам олувчиларни қўйиб, мунтазам тарзда даромад олиб келаётган шахс учун даромад манбаидан ажралиб қолиши катта йўқотиш билан баравар. Шунинг учун уларнинг суд қароридан норози бўлиб юқори инстанцияларга, Президент қабулхонаси ва бошқа ваколатли ташкилотларга тинмай шикоят ёзаётганини ҳам тушуниш мумкин.

Биласизми, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёни бошланганидан буён фуқаролар шикоятлари асосида шу ернинг ўзида Олий суднинг сайёр суд мажлиси ўтказилиб келинмоқда. Чунки бунақа ишлар тезкорлик билан ҳал этилмаса, ҳар хил гаплар чиқиб кетади. Ҳозир жамиятимизда ошкоралик, шаффофлик, ахборот олиш эркинлиги ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу туфайли нодавлат ­оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар фаоллашди. Бу – менинг фикримча, жуда ижобий ҳолат. Одамларнинг мамлакатимизда, дунёда рўй бераётган воқеалардан хабардорлиги уларни лоқайдликдан халос этди, таъбир жоиз бўлса, уйғотди. Ҳуқуқий саводхонлик даражаси ошди. Лекин афсус билан айтиш керакки, баъзи бир ижтимоий тармоқларнинг айрим масалаларга бир томонлама ёндашуви одамларни чалғитмоқда. Иккинчидан, нотўғри ахборот бериш ҳеч кимга обрў келтирмайди.

Марҳамат, танқид қилинг, камчиликларни кўрсатинг, бундан бутун жамият манфаат кўради. Аммо олдин масалани қунт билан ўрганиш, ҳужжатларни кўздан кечириш ва томонларни эшитиш керак бўлади.

Мана, ҳозир ҳам туманга тўртта сайёр суд хулосасини олиб бораяпман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бир нарсани унутмаслик керак: бу муқаддас замин, табиий бойликлар халқ мулки. Уни асраб-авайлаш, келажак авлодга безавол ҳолда етказиш ҳар биримизнинг бурчимиз…

Бўстонлиқ туман прокурори даъвогарлигида ўтказилган сайёр суд мажлиси хулосаларига эътибор қаратаман. Туманга қарашли «Чимган» ҚФЙ раиси Б.Режеповнинг 1998 йил 6 мартдаги 8-сонли қарори билан фуқаро Дилшод Ўринбоевга уй жой қуриш учун  8 сотих ер участкаси ажратилган. У ер участкасига бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказмасдан, ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширган. 2019 йилда Шоҳрухбек Мирхолиқов ушбу ер участкасида қурилиш ишларини олиб борган. Кейин Дилшод Ўринбоев бу жойни унга олди-сотди шартномаси асосида сотган. Лекин Тошкент вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика маркази экспертининг 2017 йил 20 декабрдаги хулосасида Дилшод Ўринбоевга ер участкаси ажратиш тўғрисида 1998 йил 6 мартдаги 8-сонли қарор қалбакилаштирилгани, унга Бўстонлиқ туман, «Чимган» ҚФЙ раиси Б.Режепов эмас, бошқа шахс имзо қўйгани кўрсатилган.

Чирчиқ шаҳар архиви томонидан 2015 йил 15 августда берилган маълумотномада 1998 йил 6 мартда фуқаро Н.Сибашвилига Бўстонлиқ тумани, «Чимган» ҚФЙ раиси Б.Режеповнинг 8-сонли қарори билан уй жой қуриш учун  8 сотих ер участкаси ажратилган. Бу жой 2018 йил 18 сентябрда Н.Сибашвили томонидан 80 миллион сўмга Н.Толибовага сотилган. Лекин афсуски, бунда ҳам қарор қалбакилаштирилган, унга Бўстонлиқ туман, «Чимган» ҚФЙ раиси Б.Режепов эмас, бошқа шахс имзо қўйгани аниқланган. Бунақа ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.

Бўстонлиқ туман прокурорининг катта ёрдамчиси Жўрабек Тошниёзов, Тошкент вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Арслон Тошпўлатов билан Чорвоқ гидростанцияси тўғонидан пастда қурилган кўприкдан Хумсон йўналишига қараб юрдик. Тошдан-тошга урилиб оқаётган Угом дарёси қирғоғи муҳофаза зонасида дам олувчилар учун шу ерда яшаётган хонадон соҳиблари томонидан қурилган муваққат каравотлар, истироҳат жойлари бузилаётган экан.

– Мен шу ерда яшайман, – дейди Хўжакент МФЙга қарашли, Идрок кўчасида истиқомат қилаётган хонадон соҳибаси Инобат Ҳожиева. – Бугун эрталаб туман ер тузиш ва кадастр, экология идораси вакиллари келиб, бизга дам олувчилар учун дарё бўйига ўрнатилган каравотларни йиғиштириш кераклигини тушунтириб кетишди. Ҳозир ноқонуний қурилмаларни бузиб, муҳофаза зонаси чегараси бўлишини таъминлаяпмиз.

– Мана шу дарё суви Чирчиқ дарёси билан қўшилиб, пойтахтга кириб боради, – дейди Хумсон йўлидаги ноқонуний қурилишларни бартараф қилиш бўйича мутасадди, Тошкент вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Сатторов. – Чирчиқда унга ишлов берилиб, тозаланади, ичимлик сувига айлантирилади. Бу ичимлик суви Чирчиқ шаҳри ва пойтахт аҳолисини таъминлайди. Лекин тўғрисини айтиш керак, мана шу Угом дарёси бўйига қурилган қанчалаб ҳожатхона, ошхона, ноқонуний дам олиш манзилларини буздиришга тўғри келди. Чунки бу ерга дам олишга келганлар дарёда чўмилади, унга ошхона ювиндиларни ташлайди, ҳожатхона ахлати тўғридан-тўғри ­дарё­­га оқизилади. Пойтахтда эса аҳоли бу сувни истеъмол қилади.

Хўжакент-Хумсон йўналиши бўйича тинимсиз ишлаётган кўплаб техника воситаларини кўрдик. Ишчилар йўл устига чиқиб кетган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиб, унинг икки четига сув оқиши учун лоток ўрнатишаяпти. Яна кейинчалик йўлнинг бир томонига велосипедда юрадиган ва сайр этадиган махсус йўлак қурилиши мўлжалланаяпти. Йўл бўйича жами 55 хонадон қайта қурилиб, замонавий ҳолатга келтирилган. Маблағи йўқлар ҳатто бўёқ, эмульсия сингари қурилиш ашёлари билан таъминланган. Йўлнинг икки томонига пиёдалар учун йўлак қурилаяпти. Хўжакент-Хумсон йўналиши умумий майдони дарё қирғоғидан 3 километр масофадан иборат ёввойи туризм муҳофаза зонасига қўшилиб кетади.  Умуман олганда, Бўстонлиқ туманида қўшни туманлардан келган турли соҳа мутахассислари ҳамда 5 та йўналишда 500 киши меҳнат қилаётган экан. Туманнинг ўзидан ҳам 300 нафардан зиёд қурувчи  ва мутахассис, 30 га яқин техника қурилиш ва ободонлаштириш ишларига сафарбар этилган экан.

Йўл четида пишиқ ғиштдан қурилган, йиллар ўтиши билан нураб қолган бино олдида уч-тўрт киши баҳслашиб турган экан.

– Мен Чорвоқ қўрғони, Дўстлик маҳалласи, 7-уйда яшайман,  – дейди мазкур қурилманинг ярмини 1997 йилда сотиб олган Собир Қанақов. – Уни 2017 йилда кадастр қилганман. Лекин ҳозир қурилиш қилишга маблағим йўқ…

– Бу бинонинг ярми онам Йўлдошева Мавлуда номига берилган, –дейди ўзини Рустам деб таништирган йигит. – Илгари пастда менга қарашли машина ювадиган мойка, кафе ва дўконим бор эди, давлатдан 150 миллион сўм кредит олган эдим. Бу нотурар жой давлат эҳтиёжи учун бузилгач, мана шу жойни онамнинг номига беришди. Йўл юзи бўлгани учун камида икки қаватли бино қуришим керак. Лойиҳам бор, лекин пулим йўқ…

–Бузилган нотурар жой учун бундан икки йил аввал сизга 300 минг сўм товон пули тўланганку, – деди Тошкент вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Сатторов Рустамга. – Бу пулни нима қилдингиз? Бундан ташқари, истасангиз, кредит олиб берамиз, ишчи кучи, техника билан таъминлаймиз, қум, шағал, қурилиш материаллари олиб берамиз, деяпмиз. Биз тадбиркорлар томонидан қўйилаётган ҳар қандай шартга розимиз. Бу жой туристик маршрутдаги йўл ёқасида турибди. Шунинг учун чиройли, замонавий иншоот қуриб қўйсангиз, бу ерга келган меҳмонлар, сайёҳлар ҳам хурсанд бўлишади.

Биз машинада Хумсон томонга кўтарилиб бораяпмиз. Угом дарёси бўйига тикка тушган тепаликларда ҳар хил кўринишда уйлар қуриб ташланган. Дарё ёқасидаги яшил ҳудудда қурилган чорпоялар, дам олишга келган аҳоли машиналари, чўмилаётган одамлар кўзга ташланади.

– Шунча огоҳлантиришларга қарамасдан, дарё қирғоқларининг кўпгина жойларида ана шундай ҳолатларни учратиш мумкин, – дейди Арслон Тошпўлатов. – Тикка қияликлар тепасидаги уй-жойлар эса тупроқ кўчкиси рўй бериши мумкин бўлган хавфли зоналарга қурилган. Жиддий сел келадиган бўлса, уларнинг ҳаммаси кўчки остида қолиб кетиш хавфи бор. Шунинг учун бу уй-жойлар жойлашуви юзасидан экспертлар, экологлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари хулосалари олинган ва уларнинг эгалари бу ҳақда огоҳлантирилган.

Чап томонда, йўл ёқасидан 20-30 метр баландликда, кескин тикка кетган қиялик тепасида таниқли бир хонанда томонидан қурилган салобатли бинода (сарой деб айтса ҳам бўлади!) ҳар йили янги йил шоуси ўтказилиб, унда иштирок этган қатнашчилар фалон сўмдан пул тўлашар экан. Арслон Тошпўлатовнинг айтишича, ана шу сарой ҳам ноқонуний қурилма деб топилибди. Мазкур ҳудудда фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳи томонидан шанба-якшанба кунлари дам олишга келувчиларнинг шахсини текширииш учун дарё устидан ўтадиган кўприкда блокпост ташкил этилган экан. Ҳар куни эрталаб 5 йўналишда фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳига кунлик иш юкламаси берилиб, кечқурун ҳисоб-китоб қилинар экан.

Йўлда кетаётиб, бетакрор манзара касб этган бир жойда йигит-қизлар тўпланиб, суратга тушаётганининг гувоҳи бўлдик. Улар ўтган замон феъли билан айтганда, суратга, ҳозирги давр тили билан айтганда, сельфига тушишаётган экан. Туманга кириб келаётганда ҳам бир неча жойда ана шу ҳолатга дуч келган эдик. Туристик маршрут лойиҳасида ана шулар ҳам ҳисобга олиниб, 12 жойда сельфи майдонларини ташкил этиш, бунда туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилаётган экан.

Мен дам олишга келган меҳмонлар томонидан олинадиган ижара уйлари нарх-навоси билан қизиқдим. Айтишларича, бир кунлик тўлов яратилган шароитга қараб, 1 миллиондан 5 миллион сўмгача борар экан. Лекин шунда ҳам одам гавжум, ижарага уй буюртма берилмаса, дам олувчининг келиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳозир эксперимент сифатида туман солиқ инспекцияси бўлими ходимлари дам олувчиларнинг чўнтагига, қилинадиган тўловига яраша ижарада туриш учун келишилган нархларда уй топиб берар экан. Ўз навбатида, қилинган меҳнат учун маблағнинг 12 фоизи солиқ инспекцияси бўлими ҳисоб рақамига  тушар экан. Бўлим ходимлари ижарачилар билан ўзаро ишонч асосида шартнома тузиб, ҳамкорлик қилишар экан. Агар мабодо ижарачи солиқ ходимларини алдагудай бўлса, уларга 40 миллион сўм жарима солинар экан. Шунинг учун ижрачилар солиқ ходимлари ишончини суиистеъмол қилишмас экан.

Ўтган давр мобайнида туризмни ривожлантириш ва аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида “Меҳмон уйлар”ни очиш учун хонадонларни ижарага берувчи 429 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилишига амалий ёрдам кўрсатилган. 132 та туристик объектнинг тўлиқ санитария-гигиеник ҳолати ўрганиб чиқилди.

– Туманда жуда кўп юришга, кўп муаммоларни бартараф этишга тўғри келаяпти, – дейди Тошкент вилоят прокуратураси фуқаролик суд ишлари юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи, катта адлия маслаҳатчиси, полковник Муҳайё Ашурова. – Айниқса, хатловларда аниқланган қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан кескин чоралар кўрилмаса, бўлмаяпти. Ўрганишларда ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича 396 та ҳолатда фуқароларга огоҳлантириш берилди, туман ҳокимининг ер майдони ажратиш ва эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги 50 та ноқонуний қарорлари протест келтириш йўли билан бекор қилинди. Судларга 109 та даъво ариза киритилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 13 та жиноят иши қўзғатилди. 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шу кунларда кўпрлаб телеканалларга, ижтимоий тармоқларга интервью беравериб, телеюлдуз бўлиб кетди. Уни ҳамма танийдиган бўлди

– Маҳалламизда уч минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, 868 хўжалик бор, – дейди Чимган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ­Жолдибай­ Мадиев. – Шуларнинг ярмидан кўпини ёшлар, мактаб болалари ташкил этади. Лекин ҳозиргача Навобод-Чимён йўналиши бўйича пиёдалар йўлаги йўқ. Болалар қишин-ёзин торгина асфальт йўлдан мактабга қатнайди. Асфальт тор бўлгани учун транспорт қатнови пиёдаларга хавф солади. Шанба-якшанба кунларинику, қўяверинг, кўча “пробка” бўлиб кетади. Ноқонуний қурилишлар йўл устига чиқиб кетган, бу қурилишларни қилганларнинг мушугини биров пишт деёлмасди. Яхшиям туманни туристик зона қилиш бўйича комплекс ишлар бошланиб кетиб, бундай ноқонуний қурилишларга барҳам берилди, ҳужжатсиз қурилган уйлар бузиб ташланди.

Чимён силга қарши болалар санаторийси ҳудудидан бир пайтлар 24 та оила ҳеч қандай ҳужжатларсиз уй жой қурилишини бошлаган. Уларнинг баъзилари битган, баъзилари битмаган. Бу ҳолат бўйича ҳам суд жараёни давом этаяпти.

– Туманда 69 та маҳалла фуқаролар йиғини бор, – дейди туман маҳалла, оилани қўллаб-қувватлаш бўлими хавфсизлик бўйича мутахассиси Бахтиёр Қорабоев.  – Навобод-Чимён йўналиши бўйича кўча четидаги қурилишлар  қонуний ҳужжатлар асосида амалга оширилган бўлса, уларга албатта товон пули тўланаяпти. Агар бу қурилишлар ноқонуний бўлса, унда бузиб ташланаяпти.

– Менинг 18 нафар неварам, 12 нафар эварам бор, – дейди шу ерда доривор гиёҳлар савдоси билан шуғулланадиган Ҳайитбуви ­Тошева. – Ўтган йили мошина қатнайдиган йўлдан кенжа неварамни мактабга якка-ёлғиз юборишдан қўрқиб, қиш бўйи ўзим олиб бориб, олиб келдим. Мана энди, йўлнинг икки четидан пиёдалар йўлаги қурилаяпти, йўл кенгайтирилаяпти. Мактабга қатнайдиган невараларимиздан кўнглимиз хотиржам бўлди.

– Мана шу терак экилган ҳудудга эгалик ҳуқуқи бўлган бир тадбиркор йўл ёқасига ноқонуний равишда қурилиш қилди,  – дейди туман солиқ инспекцияси бошлиғи Ортиқбой Ҳамдамов. – Уни бир неча маротаба огоҳлантирдик, илтимос қилдик, фойдаси бўлмади. Ниҳоят, Олий суд сайёр мажлиси қарори билан бу қурилма бузиб ташланди. Умуман олганда, Навобод-Чимён йўналиши бўйича йўл ёқасидаги 90 та қурилма, 2 та ҳеч ким яшамайдиган турар жой бинолари бузилди.

– Ҳозир йўл қурилиш ишларига туман бўйича 320 нафар ишчи, 30 га яқин турли техника воситалари жалб этилган, – дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Меҳриддинов. – Йўл тор бўлган жойларни кенгайтираяпмиз, чуқурликларни тош билан тўлдириб, грейдер билан сурдириб чиқаяпмиз. Йўлнинг кенглиги аввалги 3,5 метрдан 4,5 метрга узайтирилиб, унинг четида пиёдалар учун йўлаклар ва кечки сайр қилишга шароитлар яратилмоқда. 2020 йил давомида бу йўлларни таъмирлаш учун давлат бюджетидан 40 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозир йўлнинг 8,5 километрлик қисмида реконструкция ишлари давом этаяпти. 2020 йилда Бўстонлиқ туманида жами 625 километр йўл таъмирланиши кўзда тутилмоқда.

Навобод-Чимён йўналишида туман прокурори, ҳоким ва унинг ўринбосарларини учратдик. Уларнинг ҳар бири ўзларига бириктирилган ҳудудда ободонлаштириш-таъмирлаш ишларини назорат этмоқда.

– Бу ерда бажарилаётган ишларнинг барчаси маҳаллий бюджет ҳисобидан қилинаяпти, – деди туман ҳокими Ғайратжон Мадаминов. – Тан олиш керак, бу ерга илгари тайинланган ҳокимлар ҳам йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қўл уришдан ўзини тийган. Чунки ўзингиз биласиз, бирорта қилинган қурилиш эгасини сўраб: «Бу кимники?», дейилса, «Фалончи амалдорники!», дейилган. Тўғрида! Уларнинг ҳужжати борми, тўғрими-йўқми, шуни ҳам сўрашга ботинишолмаган. Энди, тўғриси, у даврлар ўтди,

Айниқса, туманнинг Юсуфхона, Сойлиқ, ­Хондайлиқ ҳудудларида ниҳоятда ноқонуний қурилишлар кўп. Ана шу ишлар бўйича 6 та жиноят иши очилган. Битта мансбдор шахс, 10 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Энди, Чимён силга қарши болалар санаторийси ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатларсиз эгалланган 24 та уй жой қурилишини қаранг. Аслида юқумли касалликлар санаторийси атрофидаги маълум масофадаги ҳудуд риск зонаси ҳисобланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ҳудудда санитария-гигиеник ҳолатга кўра, уй жой қуришга рухсат этилмайди. Яъни, қўпол қилиб айтганда, Худо кўрсатмасин, шу риск зонасида яшаётганларга касаллик юқиши мумкин. Ўзи, ҳеч бирининг ҳужжати йўқ, лекин “бизга нисбатан ноҳақлик бўлди, уй жойимизни тортиб олишди”, деб шикоят қилиб бормаган жойлари қолмади уларнинг. Биз буни ўзимиз учун ёки бировга бериш учун эмас, фуқароларимизнинг соғлигини, келажагини ўйлаб қилаяпмиз. Буни тушуниш керак.

Ҳозир юқори кучланишли электр токи ўтган линиялар остида ноқонуний қурилган 76 та объект борлиги аниқланди. Шунда ҳам Президентимиз бу қурилишларни қилган фуқароларни норози қилмай, юқори кучланишли ток линияларини бошқа томондан ўтказиш вазифасини қўйди. Қаранг, ҳар қандай ҳолатда одамлар манфаати ўйланаяпти.

Хўжакент-Хумсон, Навобод-Чимён йўналишидаги йўлларни тозалаш, кенгайтириш, ноқонуний қурилмаларни олиб ташлаш стратегик аҳамият касб этади. Чунки бундан икки-уч йил олдин бу йўллардан келиб кетадиган дам олувчилар ва маҳаллий аҳоли ҳисобидан бир дақиқада 20-30 та машина ўтган бўлса, ҳозирги пайтга келиб, улар қатнови ўн бараварга кўпайган. Бу, албатта, биринчи навбатда ҳисобга олинди.

Туманимизда рўйхатда қайд этилган 63 та амалдаги қабристон бор. Яна 30 таси қадимий бўлгани учун ҳисобда турмайди. Лекин қаранг, баъзи ноинсоф тадбиркорлар иложини топиб, қабристон ва зиёратгоҳлар устига ҳам турли савдо-сотиқ шахобчаларини қуришмоқда. Масалан, Навобод-Чимён йўналишида, Чорвоқ сув омборининг тепа томонида қозоқ халқининг улуғларидан бўлган Кўкчабой ота қабристони бор. Бир пайтлар ана шу йўлнинг устига савдо шахобчаси қуриш учун бир тадбиркорга 4 сотих ер берилган. У бунга қаноат қилмасдан, ўзбошимчалик билан қабристон ҳисобидан ерини кенгайтириб, уни 15 сотих қилиб олган. Ҳозир бу ерда «555» емакхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шунинг учун емакхонани бузиб ташлаш мақсадида судга туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан даъво ариза киритилди. Энди айтинг, нима қилиш керак, индамайликми? Ана шундайлар ҳам ноҳақлик бўлаяпти, деб гап тарқатишади.

– Ишчи гуруҳлар томонидан туманнинг Чимён, Хўжакент ва Навобод маҳалла ҳудудлари ҳамда Ғазалкент шаҳридан ўтувчи Чирчиқ дарёсининг 50 метр сув муҳофаза минтақасидаги турар ва нотурар объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилди, – дейди туман прокурори Шуҳрат Раҳимов. – Угом дарёсининг 50 метр сув муҳофаза минтақасидаги турар ва нотурар объектлар хатлови давом этмоқда.

Ўтказилган хатловларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича ўрганишларда 408 та турар ва нотурар бино эгаларига амалдаги уй-жой, ер қонунчилиги талаблари тушунтирилиб, уларга ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бартараф этиш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди.

Туманнинг Чимён, Чорбоғ, Ғазалкент, Навобод, Хўжакент, Сойлиқ, Хондайлиқ ҳудудларида жами 592 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва қурилган бинолар аниқланиб, кескин чоралар кўрилди.

Хусусан, 207 та ҳолатда 26,7 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва 385 та ҳолатда 1,13 гектар ер майдонида бино-иншоотлар ўзбошимчалик билан қурилганлиги аниқланиб, ихтиёрий равишда бузилиши ва ўз ҳолига қайтарилиши таъминланди.

Назорат тадбирлари давомида “Чимган” МФЙ, Ёнғоқсой кўчасидаги “Тошкент-Чимён 4Р6” автомобиль йўли муҳофаза минтақасидаги ноқонуний қурилишлар бузилиши таъминланди.

Ғазалкент-Чимён автомобиль йўлининг Главасой қишлоғи ҳудудидаги мактабнинг фойдаланилмасдан турган яроқсиз ҳолатдаги ёрдамчи биноси ҳамда ушбу ҳудудга туташ жойдаги фуқаро Қ.Эргешов томонидан ҳужжатсиз фойдаланиб келинган 0,05 га. ер майдонида қурилган чорва фермаси биноси тўлиқ буздирилиб, ер майдони ободонлаштирилди.

Бундан ташқари, Угом дарёси қирғоқларида жойлашган 68 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан қурилган жами 121 та темир кроват (тапчан), 15 та ҳожатхона, 12 та ёзги ошхона, бассейн, қишки ошхона, гараж, яшаш учун мослаштирилган вагон уйлар, омборхоналар бузилди. Ўзбошимчалик билан ўраб олинган 1,44 га ер майдони, 120 кв.метрли ёзги айвон бузилиб, туман ҳокимлиги захирасига қайтарилди. 890 метр узунликдаги йўл атрофи, 0,45 га ер майдони чиқиндилардан тозаланиб, бетон бардюрлар оқланди, Чинор ва Дўстлик маҳаллаларида жойлашган 24 та хонадоннинг ташқи кўриниши ва деворлари замонавий қиёфада бўялди.

Айтаверсак, бунақа мисоллар жуда кўп. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудни ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва коммуникация тармоқларини янада яхшилаш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилмоқда.

Бўстонлиқ тумани Навобод маҳалласидаги 2,25 гектар ер майдони ҳужжатлари қалбакилаштирилиб, “Mega blok invesnment” МЧЖга сотиб юборилганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаро А.Жумабоев 2017-2018  йилларда Чимён маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келган даврида Ёнғоқсой ҳудудидаги ер майдонларини 16 миллион сўм эвазига фуқароларга сотиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Туман ҳокимининг 1997 йил 17 ноябрдаги қарори билан “Ҳайдар” фермер хўжалиги раҳбари Х.Ҳайитбоевга “Хумсон” ҚФЙ ҳудудидаги ферма хусусийлаштириб берилган. Шу билан бирга 3 гектар ер майдони доимий муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган.

Бироқ, ўрганишда ер майдонидан мақсадсиз фойдаланилаётгани, бугунги кунга қадар агротехник тадбирлар амалга оширилмагани ва ер майдонини ўт босиб ётгани аниқланиб, туман прокурорининг 2020 йил 27 июндаги протестига асосан ҳоким қарори бекор қилинган.

“Хондайлиқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган захира ерларидан 2,5 га ер майдони фуқаро М.Алимовга боғ барпо этиш ва ҳудудни ободонлаштириш учун шартнома асосида 10 йил муддатга ижарага берилган. Лекин ҳозир ер майдонида агротехник тадбирлар ўрнига қурилиш қилинган ҳамда ер майдони бетон девор билан ўраб олинган. Кўрилган чоралар натижасида, ноқонуний ўраб олинган ер майдони бузилиши таъминланди, туман прокурорининг протестига асосан фуқарога ер ажратиш ҳақидаги қарор ҳокимнинг 2020 йил 25 июндаги қарори билан бекор қилиниб, ер майдони давлат захирасига қайтарилди.

Бўстонлиқ тумани, “Сойлиқ” МФЙ. ҳудудида жойлашган нотурар жой бино ва иншоотлар туман ҳокимининг 2019 йил 28 декабрдаги қарори билан ҳеч қандай асос кўрсатилмаган ҳолда “Modern Arch Design” МЧЖга доимий фойдаланиш учун берилган. Аниқланган ҳолат бўйича туман прокурори томонидан 2020 йил 23 июнда туман ҳокимининг.2019 йил 28 декабрдаги қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилди. Натижада бу қарор туман ҳокимининг.2020 йил 25 июндаги қарори билан бекор қилинди.

Шу ўринда Бўстонлиқ туманига келиб, ер майдони ёки дала ҳовлиси сотиб олиш иштиёқида бўлган шахсларни, тадбиркорларни ҳушёр бўлишга, фирибгарлар тузоғига тушиб қолишдан огоҳлантирмоқчиман. Бу ердаги ҳар қандай жойни сотиб олишда албатта ҳужжатларнинг тўғрилигини қайта-қайта текшириб кўринг. Чунки энг ишончли ҳисобланган ҳужжат ҳам охир-оқибатда қалбаки чиқиб қолиши мумкин!

…Қуёш уфққа қараб оға бошлади. Кун бўйи юриб, туманни халқаро ва маҳаллий туризм масканига айлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълум бир тасаввурга эга бўлдик. Бўстонлиқдан қайтаётиб, «Хўжакент» сиҳатгоҳи ёнида Тошкент вилоят прокурори Салом Самадов билан учрашдик.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги «2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида»ги қарори билан «Олтин халқа» концепцияси тасдиқланган эди. Бу концепция истиқболли ҳудудларни янги туризм йўналишлари бўйича ўзаро боғлиқликда ривожлантириш, туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, таклиф этиладиган туризм маҳсулотлари турларини кенгайтириш, туризм соҳасида аҳоли бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришга қаратилган, – деди Тошкент вилоят прокурори Салом Самадов. – Унинг доирасида дастлаб туризм салоҳияти юқори бўлган Бўстонлиқ, Паркент, Зангиота, Оҳангарон, Бўка, Чиноз туманлари ва Ангрен шаҳри қамраб олинади ва кейинчалик вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ қилинади. Бўстонлиқ туманида йўллар ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, экологик қонунчилик ижросини таъминлаш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш бўйича ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти.

Бу эзгу ишларнинг бошида Президентимиз турибди, Тумандаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига жуда кўп ташкилот ва корхоналар жалб этилган. Ҳукумат раҳбарлари қилинган ишлардан доимо хабардор бўлиб турибди. Шу ўринда таъкидлаш керак, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 майдаги «Чорвоқ эркин туристик зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, ҳудудда сайёҳларга замонавий шароит яратишга қаратилган инвестиция лойиҳалари учун жой олиш, солиқ ва бошқалардан кўплаб имтиёзлар белгиланган. Афсуски, баъзи тадбиркорлар бу имкониятлардан тўғри фойдаланмаяпти. Республика ишчи гуруҳи томонидан ушбу ҳудудда ўтказилган мониторинг натижалари ана шундан далолат беради. Мақсад – туризмни ривожлантириш, бу борада аҳолини тадбиркорликка йўналтириш. Халқимиз қанча бой бўлса, давлатимиз шунча мустаҳкам бўлади.

Йиллар давомида туманнинг қурилиш меъёрларига зид бўлган ҳудудлари, тоғ қияликлари, нишаблик ёки йўллар, сув муҳофаза ҳудудлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, турли иншоотлар қуриб ташланган. Бу билан нафақат табиатга зиён етказилган, балки шу ерда яшаётган аҳолига ҳам ноқулайлик туғдирилган. Бундан ташқари, ҳудудда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти йўқ ҳисоби.

Шунинг учун «Олтин халқа» концепцияси асосида Бўстонлиқ туманида энг замонавий туризм инфраструктураси трендини яратиш мақсадида сайёҳлар ва дам олувчиларга янада қулай шароит яратиш, йўлларни кенгайтириш орқали тирбандликларнинг олдини олиш, энг муҳими, табиатни асл ҳолича сақлаш мақсадида республика ишчи гуруҳи ва суд қарорига кўра, барча ноқонуний қурилишларга барҳам берилмоқда.

…Суҳбат асносида йўлнинг нариги четида тўхтаган автомашина эътиборимизни тортди. У бирров тўхтади, эшиги очилиб-ёпилди, кейин яна юриб кетди. Йўл четида эса… машинадан улоқтириб кетилган ичимлик суви идишлари ҳамда бошқа ичимлик қутилари ётарди.

– Ҳар куни шу аҳвол, – деди туман ҳокими Ғайратжон Мадаминов. – Ободонлаштириш, «Тоза ҳудуд» корхоналари ҳар ҳудудда сочиб кетилаётган маиший чиқиндиларни йиғиб улгурмайди. Менинг ўзим ҳам ҳар куни икки марта ҳудудни айланиб, маиший чиқиндиларни йиғиштириб чиқаман. Кўрган кўзга ёмон, бу ерга ҳар хил меҳмонлар келади, уларга «ҳозиргина фалончи мошинадан мана бу бўш идишларни йўлга улоқтириб кетишди», деёлмаймиз. Шунинг учун мен бу ерга дам олишга келаётган меҳмонлардан илтимос қилардим: озгина ўзимизга, қилаётган хатти-ҳаракатимизга эътиборли бўлайлик. Маиший чиқиндиларни йўлга ташлаб кетиш, биринчидан, табиатга нисбатан лоқайдлик ва фаросатсизлик бўлса, иккинчидан, ўзи қатори дам олишга келаётган инсонларга нисбатан ҳурматсизлик бўлади…

Мамлакатимизда туризм равнақи йўлида қилинаётган ҳар бир иш халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ. Тўғри, жаннатмакон гўшаларимиз, сўлим оромгоҳларимиз сон-саноқсиз. Бу борада энди-энди катта, энг пешқадам лойиҳалар асосида ишлар бошланаяпти. Замонавий туризмни ривожлантириш йўлида Бўстонлиқ туманида амалга оширилаётган ишлар, жаҳон талаби даражасида бинолар, меҳмонхоналар барпо этиш учун ишлаб чиқилган режалар ана шу оламшумул ишларнинг дебочаси. Бу фақат хорижлик сайёҳларни жалб қилишда эмас, балки ички туризм равнақида ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

Бўстонлиқ туманида олиб борилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишлар кўламини кўз билан кўрмасдан, нигоҳдан ўтказмасдан тасаввур қилиш мушкул. Тозаланаётган, покланаётган Угом дарёсининг муздек сувидан бир пиёла ичиб, кўнгилни хушланг, навқирон арчазорлар қўйнида сайраётган булбул навосидан илҳомланиб қўлингизга қалам олинг. Ана шундагина бу ерда амалга оширилаётган улкан меҳнат залворини ҳис этасиз, идрок қиласиз. Ўзбекистоннинг Швейцарияси, деб ном олган жаннатмакон Бўстонлиқ бағрида янги ҳаёт бошланаётганини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Яқин орада Бўстонлиқ жамоли бошқача бўлади, янада обод, файзли ва гўзал бўлади.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2020 йил, 5 август.

ТОШКЕНТ ШАҲАР ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИДА йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал бўлаяпти, бу ерга мурожаат қилаётган инсонлар ўз дардига малҳам топаяпти

Бугунги кунда дунё аҳли, жумладан халқимиз мисли кўрилмаган синовларни бошидан кечирмоқда. Нима қиламиз яшириб, халқ бошига тушган балойи азим туфайли ҳозиргача қанча йўқотишларни кўрдик. Пандемия балоси катта-ю-кичикни бирдек аямаяпти. Президентимиз айтганидек, дунёни қамраб олган бу офатдан қутулишнинг бирдан-бир йўли — ўзини-ўзи асраш, иҳоталаш, бир мақсад йўлида бирлашишдан иборатдир.

Коронавирус карантини сабабли ташкилотлар, муассасалар фаолияти вақтинча  чекланди. Сўнгра карантин талаблари юмшатилди. Мамлакатимизда касалликка чалинганлар кўпая бошлагач, карантин талаблари яна кучайтирилди. Лекин коронавирус пандемияси даврида ҳам Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари ўз фаолиятини бир кун ҳам тўхтатмади, аҳоли муаммоларига ечим топишда, уларга кўмак беришда давом этмоқда.

Чунки халқ дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини ҳал этиш мамлакатимизда давлат сиёсатига айланди.

Бугун одамлар давлат идоралари эшиклари олдида сарғаймаслиги, аксинча, давлат идоралари масъуллари улар ҳолидан хабар олиши қатъий вазифа қилиб қўйилди. Барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари учун «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ғоя илгари сурилди.

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ ФАОЛИЯТИ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Карантин пайтида муассаса ва ташкилотлар мутасаддилари билан мулоқотга киришиб, бирор масалани ҳал этиш осон эмас, албатта. Бироқ Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов ва қабулхона масъул ходимлари – Зиуатдин Бобоназаров, Убайдулла Қаршибоев билан телефон орқали боғланиш ҳам учрашиш ҳам қийин бўлмади. Улар ёрдамида Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида фуқароларнинг мурожаатлари ва муаммолар ечими билан танишдим.

Карантин талабларига қатъий амал қилиб, фуқароларни яккама-якка қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун кураш қатъий йўлга қўйилган экан.

Қабулхона иш фаолияти билан танишсангиз, расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларидан холи бўлган бир тизим яратилганининг гувоҳи бўласиз.

Маълумки, кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга давлатимиз томонидан жиддий эътибор қаратилмоқда. Қабулхонага қилинаётган мурожаатлардан кўринаяптики, бу борада ҳозир ҳам муаммолар оз эмас. Қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорлар, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой, коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифати, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд-ҳуқуқ идоралари фаолиятидан ҳамон норозиликлар бўлмоқда.

Аҳоли муаммоларини аниқлаш, уларнинг оғирини енгил қилишда давлат идоралари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир.

«ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИ ХАЛҚҚА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК»

Эътибор берсангиз, ишонч ҳосил қиласиз, Халқ қабулхоналарига айнан эл ўртасида обрў эътибор қозонган, ҳалол меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлиб келган фидойи инсонлар раҳбарлик қилмоқда. Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов ҳам ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ана шундай инсонлардан бири.

— Ишонасизми-йўқми, ҳозир жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини шакллантиришга эришдик, — дейди Тоҳир Муллажонов. — Натижада аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган мурожаатлари  билан ишлашнинг янги ва самарали тизими пайдо бўлди.

Бугун Халқ қабулхонасига келиб тушаётган аксарият мурожаатлар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобига тўғри келмоқда. Шу сабабли, карантин даврида Халқ қабулхоналари аҳоли мурожаатлари билан ишлашни узлуксиз, бир меъёрда ташкил этиш, муаммоларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаяпти.

Халқ қабулхонаси қошида тезкор ишчи гуруҳи штаби тузилди. “Ишонч телефонлари” орқали мурожаат қилган кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли оилалар, боқувчиси бўлмаган инсонларга хайрия ёрдамлари кўрсатилмоқда. Озиқ-овқат, тиббий ёрдам, дори-дармон, электр, сув, газ таъминоти каби муҳим масалалар билан боғлиқ бўлган мурожаатлар қисқа муддатларда ҳал этилмоқда.

Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳозир пойтахтимизнинг барча туманларида фаолият кўрсатаётган тўртта сектор раҳбарлари Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда аҳолининг муаммоларини манзилли ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратаяпти.

Бунда албатта, тадбиркорлар, корхона-ташкилотлар вакиллари, ҳомийлар ёрдамида қийин аҳволга тушиб қолган, кам таъминланган юртдошларимизга кўмак кўрсатиляпти.

Жумладан, пандемия даврида оғир аҳволдаги 800 та оилага 253 миллион сўм миқдорида ун, картошка, сабзи, пиёз, гўшт, шакар, гуруч ва ўсимлик ёғи сингари озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдам тариқасида етказиб берилди.

Қабул жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида аҳолидан тушган ҳар бир мурожаатни қабул кунига қадар пойтахт туманлари кесимида мукаммал ўрганиш ва ечимини топиш тизими шакллантирилди.

Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ўтказилган сайёр қабулда 63 нафар киши ўз муаммолари ечими бўйича туман ҳокими Шавкатбек Иргашев билан учрашди ва тегишли хулосаларни олди. 20 нафар фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ечимини топди, қолган аризалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Аҳолининг мурожаатлари асосан оилавий муаммолар, уйга муҳтожлик, тадбиркорлик, ўз бизнес фаолиятини олиб бориш ва қўшимча ишчи ўринларини яратиш билан боғлиқ экан. Масъул ташкилотлар вакиллари ва маҳаллий депутатлар ёрдамида мазкур муаммолар ечимини топишга эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг 13 июль кунига қадар Тошкент шаҳар ва туман Халқ қабулхоналарига жами 4 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 3 мингга яқини қаноатлантирилган.

Пандемия даврида мурожаатлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, аҳолининг карантин ҳолати билан боғлиқ мурожаатларига алоҳида этибор қаратилди. Яъни, уларни 3 кундан ошмаган ҳолда кўриб чиқиш йўлга қўйилди.

МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ БЎҒИН

Республикамиз ҳудудида эълон қилинган карантин ҳолати даврида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида, Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ишни ташкил этувчи штаб фаолияти ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва олдини олиш юзасидан республика махсус комиссиясининг 10 июль кунидан 1 август кунига қадар кучайтирилган карантин ҳолатига ўтиш ҳақидаги қарори қабул қилингани инобатга олиниб, жорий йилинг 9 июль кунидан бошлаб 3 та ишчи гуруҳи тузилди ва шаҳарда жойлашган туманлар 3 ҳудудга бўлинди.

Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги 514 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан масофавий алоқа тизими ўрнатилган бўлиб, бу улар билан кунига икки маҳал мулоқотда бўлиш имконини беради. Аҳолининг мурожаатлари секторлар, ташкилот ва идоралар ҳамкорлигида қисқа муддатларда ҳал этилмоқда.

Бугунги кунгача пойтахт ҳудудида 2430 та кўчма озиқ-овқат ярмаркалари ҳамда 347 та  дори-дормон, антисептик ва ҳимоя воситаларини сотувчи кўчма дорихоналар ташкил этилган.

– Ўзингиз биласиз, карантин даврида фуқаролар бирор-бир раҳбар билан учрашиши, мақсад-муддаосини баён этиши қийин, – дейди Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Зиуатдин Бобоназаров. – Шунинг учун биз бевосита маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан ишлаяпмиз. Жорий йилнинг 15 мартидан ҳозирги кунга қадар маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ўрнатилган ўзаро ишончли алоқалар натижасида, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, жами 1470 оилага 200 миллион сўмдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 101 та оилага қарийб 28 миллион сўмлик дори-дармон тарқатилиши таъминланди. Карантин вақтида ишсиз қолган бир неча фуқаро Ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, ижтимоий оғир аҳволдаги оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали пластик карточкалар очилиб, моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ушбу маблағларни ногиронлиги бўлган, ўта оғир шароитда яшаётган, карантин даврида даромад манбаидан айирилган фуқароларга етказишда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, секторлар ҳамда Халқ қабулхоналари ҳамкорлиги таъминланди. 35649 та оилага пластик карточка очилди ва маблағлар ўтказилди. Халқ қабулхоналари тавсияси билан 690 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган, сурункали касаллиги сабабли ётиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлар жалб этилган ҳолда уларга жами 27 турдаги  45 миллион сўмлик дори-дармон бепул тарқатилди.

Ушбу йўналишда ишни ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси ва тиббиёт бошқармасининг малакали ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Улар томонидан сурункали касаллиги сабабли ётиб қолган ва ногиронлиги бўлган 80 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилмоқда. Яна ана шундай 110 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилиб, уларни дори-дармон билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2017-2020 йилларда Сирғали туманида қурилган кўп қаватли уйларнинг анчаси ногиронлиги бўлган ва ўта оғир шароитда яшаб келган оилаларга топширилганидан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Шунинг учун туманнинг “Янги Чоштепа”, Янги умид”, “Ҳумо” ва “Ташаббус” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган ногирон ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Шу кунга қадар ушбу ҳудудда яшовчи аҳолидан жами 85 та мурожаат қабул қилиниб, барчаси виртуал қабулхона тизими орқали ижрочи ташкилот ва идораларга юборилди. Шундан 53 таси қаноатлантирилган, 5 таси бўйича йўл-йўриқ кўрсатилган, 27 та мурожаат ҳал этилиш жараёнида.

МУАММОЛАР ЕЧИМИ

— Шунча йиллардан буён халқ дардига юзаки қараш, «Танаси бошқа дард билмас», қабилида иш юритишга кўникиб қолган эканмиз, — дейди Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов. — Бу, хусусан, шахсан менга ҳам тааллуқли. Чунки бундай шароитда ҳар бир масъул шахс камчиликни ўзидан излаши оқилона ечим бўлади. Ҳозиргача турли жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳолининг узоқ йиллардан буён ечимини топмай келаётган турли даражадаги дардини эшитиб, юракларим симиллаб кетади. Иложи борича бундай муаммоларни ўша ернинг ўзида бартараф этиш йўлларини қидираман…

Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабули давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, жумладан, видеоконференцалоқа орқали ўтказилмоқда.

Мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилмоқда.

Мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

– Мен Миробод тумани “Тонг юлдузи” МФЙ да рўйхатда турсам ҳам, 15 йилдан буён ижарада яшаб келаётган эдим, – дейди ёлғиз она Муҳаббат Юсупова. – Ишонсангиз, шу вақт мобайнида уй билан таъминлашларини сўраб бормаган жойим, кирмаган эшигим қолмади. Оҳу зорим Худога етган эканми, Халқ қабулхонаси жонимга оро кирди. Уларнинг аралашуви билан ўтган йили менга Сирғали туман,  Чоштепа мавзесидан 3 хонали уй берилди. Минг раҳмат давлатимизга, Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига!

– Жорий йилнинг март ойида ўғлим ҳарбий хизматчи бўламан, деб тиббий кўрикдан ўтишга борган эди, – дейди ­Миробод тумани Файзиобод маҳалласида яшовчи Ҳамид Қўшматов. –У қандайдир баҳоналар билан “ҳарбий хизматга яроқсиз”, деб кўрикдан қайтарилган экан. Мен бундан норози бўлиб, Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Ўғлим қайта кўрикдан ўтказилганида, унинг соғ-саломат, тоғни урса, талқон қиладигандай кучи борлиги маълум бўлди. Қаранг энди, соппа-соғ боламни арзимаган турли баҳоналар билан кўрикдан қайтаришни қандай баҳолаш керак? Масала ижобий ҳал этилди, ўғлим ҳозир Ватан хизматида.

– Мен Сирғали тумани, Йўлдош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайман, – дейди Нодира Аллаберганова. – 2007 йилда туғилган фарзандим Камола Аллаберганованинг соғлигини тиклаш ва қулоғини жарроҳлик усули билан даволатиш мақсадида бир неча йиллар давомида тиббиёт масканларига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилиб келдим. Мурожаатим соғлиқни сақлаш мутасаддилари томонидан ўрганилган бўлса-да, моддий сабаблар туфайли ижобий ҳал этилмасдан қолаверди. Шундан кейин мен бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Сайёр қабулда менинг мурожаатим бўйича туман Тиббиёт бирлашмаси, Республика (собиқ) хотин-қизлар қўмитаси жамғармаси ҳисобидан 109 миллион сўм пул маблағи ажратилди. “Икки томонлама туғма карлик” ташхиси билан Республика педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, қизимнинг қулоғига имплантант ўрнатиб берилди. Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига минг раҳмат!

САВОБ ИШНИ ҲАР КИМ, ҲАР КУНИ ҚИЛИШИ КЕРАК

— Ҳар  бир инсоннинг дарду ташвишига шерик бўлиб, унинг бу дардларни енгиб ўтишида кўнглига тасалли бериб туришнинг ўзи ҳам катта эҳсон, – дейди Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Убайдулла Қаршибоев. – Бу охир-оқибатда ўша инсоннинг тезроқ мурод-мақсадига етишига сабаб бўлади.

Нигора Мирзаева соғлиги ёмонлашгани сабабли Тошкент шаҳар 1-шифохонада даволаниш учун ушбу муассасага 2020 йил апрель ойида мурожаат қилган. Аммо даволанишга маблағи йўқлиги учун шифохонага қабул қилинмайди. Шундан сўнг у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб келади. Бемор шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг 1-клиник шифохонасида мутасаддилар кўмагида даволаниб чиқади.

– Ҳаётда бошпанасиз қолиб кетма экан, – дейди Насиба Дўстмуҳамедова. – Ҳаётнинг оғир зарбалари сабабли етти нафар фарзандим билан қийин ижтимоий аҳволга тушиб, бошпанасиз қолдим. Шу пайтгача болаларим билан Мирзо Улуғбек туманидаги Қорасув-6 даҳасида танишимнинг уйида ижарада яшаб келдим. Шахсий уй-жойга эга бўлиш мақсадида Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир неча йиллар мобайнида аризалар билан мурожаат қилиб келдим. Ҳеч бир натижа бўлмади. Шундан сўнг 2019 йилнинг май ойида ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим.

Буни қарангки, Халқ қабулхонасининг бевосита аралашуви натижасида ушалмаган орзуларим амалга ошди. 2019 йилнинг ноябрь ойида Сирғали тумани, Янги Чоштепа мавзеси, 13-уйдан уч хонали квартира ажратиб берилди.

— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси ходими Бахтиёр Пирматов. — Фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолат, мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат органлари вакиллари томонидан аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали асосий эътибор инсон ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоясига қаратилмоқда. Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида мурожаатларни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўрилиши таъминланиб, турли хил қонунбузарликларни бартараф этишга қаратилган тизимли амалиёт шакллантирилди.

Мурожаатларнинг соҳалар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатадики, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат органларига тақдимномалар, кўрсатма хатлари киритиш амалий натижалар бермоқда. Давлат дастурида белгиланганидек, барча сайъ-ҳаракатлар  фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этишган, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилгани ҳар бир соҳа вакилига алоҳида масъулият юклайди.

СУД-ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА мурожаатлар ЕЧИМИ

— Шу ўринда суд-ҳуқуқ масалаларига дахлдор бўлган мурожаатларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганини таъкидлаш керак, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Ойбек Тешабеков. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси раҳбари, Олий суд раиси, Бош прокурор, Ички ишлар вазири ҳамда Тошкент шаҳар судлари раислари, Тошкент шаҳар прокурори, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг қабуллари ташкиллаштирилиши кутилганидан ҳам ортиқроқ натижа берди. Очиқ мулоқот орқали мурожаатларда кўрсатилган муаммоларнинг ечимини топишга шарт-шароитлар яратилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти юксалгани сабабли келиб тушаётган мурожаатларнинг сони  йилдан йилга кўпайиб, уларни ҳал этиш сифати ҳам ижобий томонга ўзгараяпти.

Мурожаатларда кўрсатилган асосий муаммолардан яна бир қисми уй-жой, оилавий низолар, тайинланган жазоларнинг оғирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, маъмурий ишлар бўйича жарима миқдорларининг катталиги ва бошқа масалалар ҳисобланади. Уларни ҳал этишда асосий эътибор ёш оилаларни сақлаб қолиш, вояга етмаган фарзандларни оила бағрида тарбияланишларига имкон яратишга қаратилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ҳуқуқий тарғибот ишлари талаб даражасида эмаслиги шикоятлар сонига таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис, Тошкент шаҳар ва туман адлия органлари жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятни, шу жумладан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини чуқур сингдириш, аҳоли ўртасида турли мавзуларда ҳуқуқий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳар бир фуқарода мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарлик муносабатларига нисбатан муросасизлик муносабатларини шакллантириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва туман Халқ қабулхоналари ҳамкорлигида манзилли ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайман.

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ  масалалари юзасидан келиб тушган мурожаатлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар беришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд ишлари бўйича чиқарилган ва амалиётда фойдаланиш учун берилган қўлланмалар, судларга мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилган китоблар жуда қўл келаяпти. Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, ана шу қўлланмалар фуқароларга жуда асқотаяпти. Шунинг учун Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Яратилган янги тизим орқали аҳолининг аксарият муаммолари жойига чиқиб ўрганилганлиги ва ижобий ҳал этилганлиги ҳам олиб борилган ишларнинг самарали натижасидан далолатдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги ҳаёт ва янги жамият пойдеворини барпо этиш учун энг аввало халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларнинг ечимини топиш орқали одамлар дардига малҳам бўлиш, инсон манфаатларини энг олий қадрият, деб билиш талаб этилади. Биз халқимиз ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак, деган ғоя амалда ўз ифодасини топиши учун курашмоғимиз керак…

У барча хизматдошлари фикрини айтди, деб ўйлаймиз. Одамлар муаммолар билан эмас, орзу-ҳаваслар билан, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари керак. Президент Халқ қабулхоналари ташкил этилгани ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2020 йил, 26 август.

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ ТОМОНИДАН ОҚЛАНГАН

лекин амалда бўлмаган модда билан қораланган

 

Яқин ўтмишда спорт-соғломлаштириш, болалар спорти, ёшлар футболини ривожлантириш соҳасида шундай кулгили ва чорасиз ҳолатлар мавжуд эдики, бугун айтсанг, ишониш қийин. Мамлакат бўйича бўлиб ўтадиган спорт мусобақалари, хусусан, вилоятларда футбол учрашувларини ташкил этиш учун каттагина пул маблағи талаб этиларди. Лекин бу маблағни топиш ва тарқатиш шунчалик мураккаблаштириб юборилган эдики, натижада ўша соҳанинг мутасаддилари меҳмон жамоалар олдида уялиб қолмаслик учун ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам пул топиш мақсадида ўзини ўтгачўққа уришга  мажбур бўларди.

 

Биринчидан, Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси Васийлик кенгаши мажлисининг баённомаси (№26) га кўра, вилоят ҳокими футболни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қарор қабул қилади. Маблағ эса ҳомийлар ҳисобидан ташкил этилади. Тўғриси, режалаштирилади, режа эса тўлиқ бажарилмасдан, маблағ масаласи  муаммо бўлиб қолаверарди.

Эргаш Ўринов 2010 йилда Жиззах вилоят футбол федерацияси президенти, Жиззах вилояти ҳокими томонидан Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирги Ўзбекистон футбол ассоциацияси) таркибидаги Жиззах вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти вазифасига тайинланади. Ўша пайтда вилоят “Сўғдиёна” ПФК ҳамда Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали ҳисоб рақамидаги маблағларни талон-торож қилгани учун унинг собиқ президенти ва ижрочи директори ҳамда ҳисобчиси устидан жиноий иш қўзғатилиб, уларга тегишли жазо берилган эди. Ташкилотчи ва серғайрат Бахтиёр Ғафуров эса “Сўғдиёна” ПФК президенти ҳамда Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали ижрочи директори сифатида фаолият юритарди.

Ўша пайтда “Сўғдиёна” ПФК жамоаси ҳисоб рақамида маблағ йўқлигидан футболчилар кўпдан буён хизмат сафари харажатлари, мукофот пули ва ҳатто ойлик маошларини ололмай келишаётган эди. Эргаш Ўринов ҳамда Бахтиёр Ғафуров Жиззах вилоят ҳокимига “Сўғдиёна” ПФК ҳамда Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали фаолиятини яхшилаш бўйича ўз таклифларини беришади. Вилоят ҳокими, айни чоғда футбол федерацияси президенти федерацияга ҳомийлар томонидан тушириладиган пул маблағларини Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Жиззах вилоят филиалининг ҳисоб рақамига кўчиртиришга топшириқ беради. Федерациянинг биринчи вице-президенти Эргаш Ўринов бу топшириқни бажаради.

Шундай қилиб, 2014 йил мобайнида 35 та ҳолатда май-декабрь ойлари давомида турли ҳомий ташкилотлардан Жиззах вилоят футбол федерацияси ҳисоб рақамига 766.889.500 сўм пул маблағлари туширилган. Бу маблағ Жиззах вилоят ҳокими рухсати ва Бахтиёр Ғафуров томонидан тайёрланган қонуний ҳужжат асосида Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Жиззах вилоят филиалининг ҳисоб рақамига кўчиртирилган.

Бахтиёр Ғафуров бу пул маблағларни АТ “Асакабанк” Жиззах вилоят филиалидан нақдлаштириб олади. Шундан 631.262.957 сўмини “Сўғдиёна” ПФК мураббийлари ва футболчиларига ойлик маош сифатида тарқатади.

Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, Бахтиёр Ғафуровга нисбатан 2015 йилнинг 4 февралидан, Эргаш Ўриновга нисбатан 2015 йилнинг 1 июлидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 2015 йилнинг 8 октябрида Жиноят ишлари бўйича  Жиззах вилоят судининг очиқ суд мажлисида Бахтиёр Ғафуров ва Эргаш Ўриновларга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилади.

Унда келтирилишича, Жиззах вилоят футбол федерациясининг биринчи вице-президенти Эргаш Ўринов Жиззах вилоят “Сўғдиёна” ПФК президенти ва Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали ижрочи директори бўлиб ишлаган Бахтиёр Ғафуров билан олдиндан тил бириктирган ҳолда, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, унга пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиниши учун шароит яратиб берган.

Бу айблов қанчалик асосли? Чунки вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти топшириғига, футболни қуллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Бахтиёр Ғафуровнинг талабнома хатига асосан жамоат фондига маблағ ўтказиб берилган.

Бироқ бу маблағдан футболни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қандай фойдаланишини назорат қилиш, текшириш Эргаш Ўринов ваколатига кирмайди. Чунки жамоат фонди юридик шахс. Аммо Эргаш Ўринов вилоят футбол федерациясининг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбланади ва унга қамоқ жазоси тайинланади.

Орадан тўрт йил ўтиб, яъни, 2019 йил 14 февраль куни Эргаш Ўринов ЖИБ Жиззах вилоят суди кассация инстанцияси томонидан оқланган ҳамда 2015 йилнинг 8 октябрида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди томонидан келтирилган зарар суммалари ўз исботини топмагани учун ушбу айблов ҳам унинг зиммасидан олиб ташланган.

– Жиноят ишлари бўйича  Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан менинг хатти-ҳаракатларимда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисмининг “а” бандида қайд этилган, яъни, «ўзганинг мулкини ўзлаштириш» бўйича жиноят аломатлари йўқлиги сабабли оқланганман, – дейди Эргаш Ўринов. – 2015 йилнинг 8 октябрида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди томонидан чиқарилган ҳукмга биноан, гўёки мен Жиззах вилоят футбол федерацияси ҳисоб рақамидаги жуда катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирганман ҳамда талон-торож қилганман. Шунинг учун Жиззах вилоят футбол федерацияси фойдасига мендан 39.230.458 сўм ундириш юклатилган.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, федерация ҳисоб рақамига ҳомийлар томонидан туширилган маблағ унинг президенти, яъни, вилоят ҳокимининг қатъий назоратида бўлса, мен уни қандай қилиб талон-торож қилишим ёки ўзлаштиришим мумкин? Қолаверса, Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиалига ўтказилган пул маблағларининг ҳар бирига унинг раҳбари томонидан ҳужжат тайёрланган бўлса…

Вилоят футбол федерацияси раҳбари топшириғи билан футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси вилоят бўлими ҳисоб рақамига ўтказиб берилган пул маблағларидан қандай фойдаланилганини федерация вице-президенти томонидан назорат қилиб бориш кераклиги бирор бир ҳужжатда қайд этилмаган.

— Ўша пайтда Эргаш Ўриновга нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) Жиззах вилоят бошқармаси тергов бўлими бошлиғи томонидан жиноят иши қўзғатилган ва бундан вилоят прокуратураси раҳбарияти ҳам хабардор эди, – дейди Эргаш Ўриновнинг ҳимоячиси, адвокат Мирзамаҳмуд Искандаров. – Сабаби, Эргаш Ўринов вилоят прокурорига шахсан учрашиб, Миллий хавфсизлик хизмати Жиззах вилоят бошқармаси тергов бўлими бошлиғи томонидан ўзига тазйиқ ўтказилаётгани  ва бўйнига ноҳақ айб қўйилаётгани ҳақида ёзма равишда уни хабардор қилган эди. Лекин МХХ ходимининг ноқонуний ҳаракатига улар ҳам қаршилик қилишга ботинолмади.

Энг қизиғи, МХХ ходими Эргаш Ўриновга, гўёки Жиззах вилоят футбол федерациясидан «ўзлаштирган» 39.230.458 сўм пулни МХХ Жиззах вилоят бошқармаси ҳисоб рақамига ўтказса, қамалмай қолиши мумкинлигини «тушунтиради». Шундан кейин Эргаш Ўринов қарз-қавола қилиб, ушбу суммани айтилган ҳисоб рақамига ўтказади.

Лекин, унинг бўйнига яна катта миқдорда пул тўлаш мажбуриятини юкламоқчи бўлишади. Эргаш Ўринов навбатдаги асоссиз пулни тўлашдан бўйин товлагач, унга нисбатан 2015 йилнинг 1 июлидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилади. Энди қаранг, Эргаш Ўринов қамоқдалиги пайтида, то суд бўлгунга қадар, яъни, 2015 йилнинг 8 октябрига қадар унинг қариндошлари айтилган суммани МХХ Жиззах вилоят бошқармаси ҳисоб рақамига ўтказиб беришади. Яъни, гўё етказилган моддий зиён қопланади. Шунга қарамай, уни қамашади…

Жиноят ишлари бўйича  Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан Эргаш Ўриновнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги эътироф этилган. Зарарларни ундириш қисми ҳам унга нисбатан қўйилган айбловдан чиқарилган. Чунки ЖПКнинг 325-моддасида, ЖКнинг 167, 170, 172, 173-моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилиши белгиланганлиги сабабли юқорида қайд қилинган айбловлар Эргаш Ўриновнинг зиммасидан соқит қилинган.

Хўш, Эргаш Ўриновни суд оқлади, келтирилган зарар учун тўловларни зиммасидан соқит қилди. Лекин афсуски, МХХ ходимининг босими билан тергов ва судгача бўлган даврда Эргаш Ўринов ҳамда унинг қариндош-уруғлари томонидан Жиззах вилоят футбол федерацияси фойдасига тергов ва суд даврида тўланган 85.883.000 сўм пул маблағлари унга қайтариб берилмади ва суд ажримида ҳам бу ҳақда лом-мим дейилмади.

Жиноят ишлари бўйича  Жиззах вилоят судининг 2015 йилнинг 8 октябрида Эргаш Ўриновга нисбатан чиқарган ҳукми Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан ЖКнинг 167-моддаси, 3-қисмининг “а” бандидан 192-11-моддаси 2-қисмининг “а” бандига қайта квалификация қилинган. Унга кўра, Эргаш Ўринов гўёки “Нодавлат-нотижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш” жиноятини содир этганликда айбланган.

Ушбу моддага кўра, мансабдор шахс: “Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, яъни, нодавлат-нотижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса”, у жиноий жавобгарликка тортилишига олиб келади.

Ҳолбуки, Эргаш Ўринов ўз хатти-ҳаракатлари билан фуқароларга, ёхуд давлат ва жамоат нодавлат ва нотижорат ташкилоти ҳисобланган Жиззах вилоят футбол федерацияси манфаатларига зарар етказмаган, деб топилган.

Бундан ташқари, ЖКнинг 13-моддаси “Қонуннинг вақт бўйича амал қилиши” деб номланган бўлиб, ушбу модданинг 2-қисмида “Қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга, яъни, ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан, агар улар судланган ҳисоблансалар, татбиқ этилади”, дейилган. Шу модданинг 3-қисмида: “Қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас”,  деб кўрсатилган.

– Мен 2010-2014 йиллар мобайнида жиноят содир этганликда айбланганман, – дейди Эргаш Ўринов. – Ҳолбуки, ЖКнинг 192-11-моддаси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 30 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни билан киритилган. Яъни, мен судланган пайтимда ЖКнинг 192-11-моддаси амалда қўлланилмаган. Ушбу ҳолат Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан нотўғри малакаланиб, менга нисбатан ноқонуний жазо тайинланган.

Эргаш Ўриновнинг суд қарорларидан норози бўлиб ёзган шикояти 2020 йилнинг 5 мартида Олий суд судьяси Ш.Ражабов томонидан назорат тартибида кўриб чиқилади ва шундай хулосага келинади: “Шикоятдаги Э.Ўриновнинг ҳаракатлари ЖКнинг 192-11-моддаси билан ноқонуний малакаланганлиги ҳақидаги важлар билан келишиб бўлмайди.

Чунки, суд Жиззах вилоят футбол федерациясидан Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига ўтказиб берилган 766.889.500 сўм пул маблағларини ноқонуний тарзда кўчириб берилганлиги натижасида жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги сабабли, Э.Ўриновнинг ҳаракатларини ЖКнинг 167-моддасидан 192-11-моддасига малакалаб, қонуний тўхтамга келган”…

Судья бироз эътиборлироқ бўлганида эди, Эргаш Ўринов ЖКнинг 192-11-моддаси қабул қилингунга қадар жиноят содир этганликда айбланганини инобатга олган бўлур эди. Боз устига, ЖКнинг 192-11-моддаси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 30 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни билан кучга кирган бўлса… Кўриниб турибдики, Э.Ўринов кучга кирмаган қонун билан жазоланиб қолинмоқда.

Бироқ судья Ш.Ражабов Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 30 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига эътибор бермаган шекилли,   «Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг 2015 йил 8 октябрдаги ҳукми ва шу суд кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февралдаги ажримини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли, адвокат М.Искандаров ва судланган Э.Ўриновларнинг назорат тартибида берган шикоятларини қаноатлантириш рад этилсин», деб ажрим чиқарган.

Унда ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ёки унинг ўринбосарига назорат тартибида шикоят берилиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган. Эргаш Ўринов ҳам ана шу маслаҳат бўйича ҳаракат қилмоқда.

2020 йил 24 июлда Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда одил судловни таъминлаш борасида ҳали ҳануз ишлар кўнгилдагидай бўлмаётгани, судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани ёки узоқ муддатга чўзилаётгани, апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган кўплаб ишларнинг бекор қилинаётгани ёки ўзгартирилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Модомики, бугун кун тартибига судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш устувор вазифа сифатида қўйилган экан, адолат тамойили, қонун барҳақлиги, судларнинг холислиги муҳим аҳамият касб этади.  Судларнинг холислиги эса ҳар бир судья ўз ишига, бурчига қай даражада ёндашувига боғлиқ.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2020 йил, 9 сентябрь.

КУЗ-ҚИШ МАВУСМИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИДА

17 та вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ жойларда одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, бартараф этмоқда

 

Таҳририятда ишлаб ўтирган эдим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Зиаутдин Бобоназаров қўнғироқ қилиб қолди.

– Қандайсиз ёшулли, саломатликлар жойидами? Вақтингиз бўлса, шаҳарнинг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларига ўтиб келсак. 2020 йил 20 августдан ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланганидан хабарингиз бор, албатта. Шу икки туманга борсангиз, амалга оширилаётган ишларни ўз кўзингиз билан кўрардингиз. У ерда бизнинг вакилимиз ҳам бор, ҳаммасини кўрсатиб беради…

Тан олиш керак, кейинги уч йил мобайнида республикамиз ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари қатъий назоратга олинди. Жорий йилда ҳам 17 та вазирлик ва идоралар вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар тасдиқланган жадвал бўйича ҳудудларда фаолият кўрсатмоқда. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари 8 та йўналиш кесимида ўрганилиб, камчиликлар жойида бартараф қилинмоқда.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, республика бўйича иккита ишчи гуруҳи тузилиб, 1-ишчи гуруҳи Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Солиев раҳбарлигида Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳрида, 2-ишчи гуруҳи Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Ш.Абдураззоқов раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида фаолият кўрсатмоқда экан.

Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси бўлим мудири Зиаутдин Бобоназаров билан ишчи гуруҳлардан бири фаолият кўрсатаётган Чилонзор туманидаги Катта Қозирабод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига бордик. Бизни Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан шу ҳудудга бириктирилган Умид Маниязов кутиб олди.

– Маҳалладаги тўққиз қаватли 85-уй йўлакларига лифт ўрнатилганига 40 йилдан ошган, – дейди у. – Ҳозир ўшаларнинг ишламай қолган иккитаси янгисига алмаштирилди. Қолган камчиликлар ҳам бартараф этиляпти.

– Тўғрисини айтиш керак, кўпинча лифт ишламай қолиб, қарияларимиз, ёш болалар юқори қаватларга зинадан чиқишга қийналишарди, – дейди шу ерда яшовчи Муяссар Алиева. – «Семурғ-лочин» уй-жой мулкдорлари ширкатига бир йил бурун Саида Султоновани сайлаган эдик. У ширкат кучи билан кўпгина камчиликларимизни бартараф қилиб берди. Жуда ҳаракатчан аёл, раҳмат шунчалик бизга жон куйдиргани учун. Лекин бузуқ лифтларни алмаштириш масаласига келганимизда, бунга ширкатнинг ҳам кучи етмай қолди. Шунинг учун туман сектор раҳбарларига, Халқ қабулхонасига мурожаат этишга тўғри келди…

– Мана кўраяпсиз, ишчи гуруҳи вакилларини, Нодиржон Абдуллаев Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан, Шуҳрат Аҳмедов Президент Админстрацияси масъул ходими, Хуршид Хушвақтов туман прокурори катта ёрдамчиси, Яқуб Қодиров туман ободонлаштириш бошқармаси йўл хўжалиги бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси ва ҳоказо, – дейди тўққиз қаватли 85-уй хўжалиги бошлиғи Навбаҳор Турдиева. – Қишда хонадонларни иссиқ сув билан таъминлайдиган 400 метр масофадаги қувур пайвандчилар томонидан алмаштирилаяпти. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида қурилган уй билан бир вақтда ўрнатилган қувур чириб-занглаб, тешилиб кетган эди. Натижада қишда хонадонларга бериладиган  иссиқ сув таъминоти кўнгилдагидай эмасди.

– Мен «Семурғ-лочин» уй-жой мулкдорлари ширкати бошқаруви аъзосиман, – дейди тўққиз қаватли 85-уйда яшовчи нафақахўр Мавлуда Маматова. – Илгари ширкатга раис ҳам бўлганман. Уйимиз олдидаги кўчанинг асфальти қўпорилиб, чанги чиқиб ётибди, қишда эса лойгарчилик. Болаларимиз, кексаларимиз қийналади. Шу кўчага асфальт ётқизиб беришни сўраб, сектор раҳбарларига мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Шу айтган гапларимизни газетангизда чоп этсангизлар, зора фойдаси тегиб қолса…

– Жорий йил 17 июль куни Президент ҳузурида ва 17 август куни Бош вазир раҳбарлигида республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари белгилаб берилган, – дейди Президент Админстрацияси масъул ходими, ишчи гуруҳи вакили Шуҳрат Аҳмедов. – Ҳозир кўп квартирали уйларни ва ижтимоий соҳа объектларини ҳамда иссиқлик, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ таъминоти тизимларини мавсумга тайёрлаш ишлари ўрганилаяпти. Аниқланган муаммолар жойида бартараф этилаяпти.

Тумандаги 2-сектор штаби «Катта Чилонзор-3» МФЙ биносида жойлашган экан. Штаб ишчан кайфиятда. Сектор раҳбари, туман прокурори Иззатилла ­Бозоров раҳбарлигида ҳар куни бажарилган ишлар, батараф этилган камчиликлар ҳақида кечқурун маълумот йиғилиб, ишчи гуруҳ ўртасида муҳокама қилинади, эртанги кунги вазифалар белгиланади.

– Тумандаги 2-сектор ҳудудида 11 маҳалла мавжуд бўлиб, уй-жой мулкдорлари ширкати қарийб 60 минг аҳолига хизмат кўрсатади, – дейди Чилонзор туман прокурори катта ёрдамчиси, сектор мувофиқлаштирувчиси ­Хуршид Хушвақтов. – Кўп қаватли уйлар 365 та, хонадонлар сони 18 мингга яқин. Маҳаллаларда 11 та кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилган ҳолда 431 та объект ўрганилди, 72 та муаммоли масалалар аниқланиб, шулардан 54 таси ҳал этилди. Қолганлари ҳам турли бошқарув идоралари даражасида ҳал қилинаяпти.  425 та ижтимоий ва бошқа объектлар ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилмоқда. Ишонсангиз, уйма-уй юриб, аҳолидан қандай камчиликлар борлигини сўраб-суриштириб чиқаяпмиз, бизга шундай топшириқ берилган. Иссиқ жон, ҳар бир инсоннинг ўз муаммоси бор. Аммо шундай муаммолар борки, буни баъзан бир киши, ўн киши, ҳатто ширкат ҳам бажаролмаслиги мумкин. Тумандаги кўп қаватли уйлар асосан ўтган асрнинг иккинчи ярмида қурилган, шунинг учун вақт ўтган сайин ҳар хил муаммолар пайдо бўлиши табиий. Бугунги кунда том қисмидан чакки ўтиш, лифт ишламаслиги, иссиқлик таъминоти талаб даражасида эмаслиги, ертўлалардаги қувурлар носозлиги бор гап. Ечимини кутаётган муаммолар жуда кўп. Фаолиятимиз давомида ана шуларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилаяпмиз.

Йирик муаммолардан бир-иккитасини айтиб ўтадиган бўлсам, масалан, «Чарх Камолон-1» ва «Чарх Камолон-3» МФЙларда 3-6 ёшдаги болалар сони 1500 нафардан ортиқроқ. Лекин бу ҳудудда ҳалигача мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмас. Ёки, масалан, «Бешёғоч» МФЙ ҳудудидаги мавжуд якка тартибдаги уйларда канализация тармоғи йўқ. Буларни ҳал қилиш учун эса бир қанча ташкилот ва муассасаларнинг бошини бириктиришга тўғри келади…

Яширишнинг ҳожати йўқ, баъзи ширкатлар талаб даражасида ишламаётганидан ташқари, баъзи ҳолларда ўз манфаатидан келиб чиққан ҳолда шаҳарсозлик қоидаларига амал қилмаётгани ўша ҳудудда яшаётган аҳоли норозиликларига сабаб бўлмоқда. Пойтахтимизнинг Учтепа туман 12-мавзе, 9 қаватли 65-уйда истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқароларнинг мазкур хонадонларга хизмат кўрсатадиган «Афросиёб-2» уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Сойибжон Бойқобилов устидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига, Президент Виртуал қабулхонасига қилган мурожаати бўйича йўл-йўлакай ўша манзилга кириб ўтдик.

Биз «Афросиёб-2» уй-жой мулкдорлари ширкати манзилида унинг раҳбари Сойибжон Бойқобиловни тополмадик, аммо 65-уйни бориб кўрдик. Бу уйнинг аҳоли кириб-чиқадиган йўлагининг нариги томонига бир пайтлар узунасига гаражлар қурилган экан. Болалар ўйнайдиган майдонча йўқлиги сабабли аҳолининг талаби билан гаражлар бузилиб, болалар ўйингоҳи қилинган. Лекин «Афросиёб-2» уй-жой мулкдорлари ширкатига Сойибжон Бойқобилов раҳбар бўлгач, худди ўша жойга қайтадан машиналар учун бостирма қилинган. Болалар ўйингоҳи эса номигагина «бостирма гаражлар»нинг нариги томонидаги ташландиқ жойга кўчирилган, чанг-тўзонга ботиб ётибди. Тўғри, машиналарни қўйиш учун ҳам жой керак. Аммо болалар ўйин майдончаси ҳисобига эмас, деб ўйлаймиз. Бу ҳолатга балки тумандаги мутасадди сектор раҳбарлари баҳо берар?!

Айни пайт мамлакатимиздаги мавжуд 37 мингдан зиёд кўп қаватли уйларга 4,5 мингдан зиёд уй-жой мулкдорлари ширкати  ҳамда 150 дан кўпроқ бошқарув-сервис компаниялари томонидан хизмат кўрсатилади. Ҳудудлар кесимида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатаётган мулкдорлар ширкати ҳолати, айланма маблағлардан фойдаланиш ва ҳисоб-китоб тизимини таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунгача ҳудудларда 45 параметрдан иборат намунавий жадвал асосида мингдан ортиқ мулкдорлар ширкати фаолияти таҳлили ўтказилган. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Аҳолининг кўп каватли уй-жойлардаги ички иситиш тизимидаги эътирозларини камайтириш мақсадида ҳаракатланувчи мобил авария-тиклов бригадалари ташкиллаштирилиб, кўп квартирали уйларнинг ички иситиш тизимларини созлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирги пайтда уй-жой мулкдорлари ширкатларининг муаммоли қарздорлигини қисқартириш, кўп хонадонли уйлар бошқарувини сервис компанияларига бериш тажрибасини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бундан кўзланган мақсад соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва аҳолига қулайлик яратишдан иборат.

Навбатдаги манзилимиз Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ бошлиғи Улуғберди Нарзуллаев раҳбарлик қилаётган 3-сектор ҳудуди бўлди. «Обиназир» маҳалласида жойлашган сектор штабида Шайхонтоҳур тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи  ҳамда бўлим бошлиғи Учқун Қодиров билан учрашдик. Бу ерда қурувчилар ҳар йили қорли-қировли кунларда чакка ўтадиган кўп қаватли 3-уйнинг томини таъмирлашаётган экан. Туманда 51 та маҳалла бўлиб, шундан 13 таси 3-секторга бириктирилган экан.

– 3-сектордаги Кўкча, Шофайз, Маннон Уйғур, Оқлон маҳаллаларида қишда якка тартибдаги хонадонларда газга бўлган талаб ортади, – дейди сектор мувофиқлаштирувчиси Учқун Қодиров. – Чунки ушбу аҳоли уланган газ қувурига «Кўкча» МФЙда жойлашган “Тошиссиққуват”га қарашли 3-сонли қозонхона ҳам улангани сабабли қишда газ босими тушиб кетади. 3-қозонхона хизмат кўрсатаётган кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектларда иситиш тизими ва иссиқ сув меъёр кўрсаткичларидан паст бўлади. Бу масала бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз, муаммони бартараф этишга ҳаракатлар бошланган.

«Кўкча» МФЙда 1080 та хонадон мавжуд. 7300 дан ортиқ аҳоли яшайди, Куз-қиш мавсумида электр токи истеъмоли кўпаяди. Мавжуд юкламани меъёрга солиш мақсадида 630 КVA қувватли трансформатор пункти ўрнатилиши лозим. Яна мазкур ҳудудддаги Кўкча қабристонига туташ 30 га яқин хонадон эгалари бу ҳудуд яшашга номаъқуллиги, муҳит ва шароит оғирлигидан шикоят қилиб келади. Ўтган йили ҳам бу муаммо кун тартибига қўйилган эди. Бироқ бу муаммо ҳозирга қадар ҳал этилмаган. Ана шуларни бартараф этиш мақсадида юрибмиз.

Боғкўча МФЙда жойлашган 44-оилавий поликлиника ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган. Поликлиника 44 мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ўтган йиллар давомида бу иншоотда фақат енгил таъмирлаш ишлари амалга ошириб келинган, лекин капитал таъмирлаш ишлари ўтказилмаган. Бугунги кунда поликлиника капитал таъмирлашга муҳтож.  Мавжуд тиббий аппаратлар ва ускуналар эскирган. Юқори ташкилотларга бўлган мурожаатлар натижасида бу поликлиника жорий йилда  давлат бюджетининг таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун ажратилган маблағлари ҳисобига капитал таъмирлаш режасига киритилган.

Ушбу ишларни амалга оширилиши бўйича  Соғлиқни сақлаш, Молия, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул этиб белгиланган. Шайхонтоҳур туманида 20 мингга яқин якка тартибдаги хонадонлар, 720 та кўп қаватли уйлар мавжуд. 300 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 49 та маҳалласида 42 та кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Уйма-уй юрилиб, 1486 та хонадон ўрганилди, 134 та муаммоли масалалар аниқланиб, шундан 108 таси ҳал этилди. 996 та ижтимоий ва бошқа объектларда ўрганишлар ўтказилиб, мавжуд 456 та муаммодан 345 таси ҳал этилди.

Шайхонтоҳур туманидаги энг катта муаммолардан бири – 1-сектор “Ипакчи” МФЙ ва 3-сектор “Кўкча” МФЙлардан ўтган генерал Узоқов кўчасида жойлашган 46 та кўп қаватли уй, 3 та МТМ ва битта мактабни иссиқлик энергияси билан таъминловчи магистрал иссиқлик тармоғи кўп йиллар давомида эксплуатация қилиниши натижасида авария ҳолатига келган. Куз-қиш мавсумида шу ҳудудда яшаётган 11 мингдан зиёд аҳолига сифатли иссиқлик энергияси етказиб берилмаяпти. 1991 йилда қурилган, жами узунлиги 3.758 погонометр бўлган мазкур тармоқда ҳар йили бир неча ўн маротабалаб авариялар юзага келади. Уларни бутунлай янгиламаса, жуда катта миқдордаги иссиқлик йўқотишлари давом этаверади.

Тумандаги «Кўкча Дарвоза», «Камолон», «Камолон дарвоза», «Маннон Уйғур», «Чақар», «Зангиота» маҳаллаларида ҳам аҳоли сони кўпайганлиги ва электр истеъмоли кескин ошганлиги сабабли кичик қувватли трансформатор пунктларини катта қувватли трансформатор пунктларига алмаштириш лозим.

Аварияларнинг олдини олиш учун  туман бўйича 5280 метр юқори ер остидан ўтган юқори кучланишли ва 15260 метр паст кучланишли кабеллар  ўтказилиши керак. «Зангиота», «Обиназир», «Янгишаҳар», «Эски Жарариқ», «Эшонгузар», «Лабзак», «Самарқанд дарвоза» маҳаллаларидаги эскирган авария ҳолатидаги ёғоч таянчларни темир бетон таянчларга алмаштириш ва 15 километрдан зиёд ҳаво линияларини тортиш лозим.

Республика ишчи гуруҳининг таклифига асосан барча секторларда Шайхонтоҳур туманини  куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва зарурий чораларни кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Шайхонтоҳур туман сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда доимий иш олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳлар билан аҳоли алоқасини йўлга қўйиш учун махсус буклетлар тайёрланиб, унга туман Халқ қабулхонасининг 71-248-10-00 рақамли телефони, сектор раҳбарларининг телефони рақамлари ёзилиб, уйма-уй юриш жараёнида хонадонларга тарқатилмоқда. Тумандаги кўп қаватли уйлар йўлаклари ҳамда  маҳалла идораларида ҳам ана шундай буклетлар мавжуд.

«Обиназир» маҳалласида жойлашган 3-сектор штабидан қайтаётганимизда  томи таъмирланаётган 3-кўп қаватли уйда яшаётган уч-тўрт фуқаро бизни кутиб турган экан.

– Бу уй ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган. 105 та хонадон бор. Анчадан буён томидан чакка ўтарди. Икки марта банкдан кредит олиб тузатишга ҳаракат қилдик. Барибир бўлмади, – деди кўп қаватли уйнинг 73-хонадонида истиқомат қилаётган Муқаддам Тошмуҳамедова. –  Мана, ниҳоят муаммо ҳал бўлди. Аввало мана шу ишларнинг бошида турган Президентимизга, Халқ қабулхоналари, секторлар раҳбарларига минг раҳмат.

Лекин бизларнинг сизга бошқа арзимиз бор. Мана шу уйимизнинг рўпарасига қурилаётган беш қаватли уй ўртасидаги масофа умуман мусулмончиликка тўғри келмайди. Уят бўлса ҳам айта қолай, одам ўз уйида ечинади, кийинади, эмин-эркин юради. Рўпарадаги уйга аҳоли кўчиб кирганидан кейин нима бўлади? Ҳамма нарса деразадан кўриниб туради-ку.

Туманимизнинг олдинги ҳокими томонидан чиқарилган қарор асосида икки қаватли «Замонавий маҳалла» мажмуаси қуриб битказилди. Лекин қарорга кўра, турли ижтимоий соҳаларга йўналтирилган хоналар, қариялар дам олиш уйи, кутубхона, ёшлар учун енгил конструкцияли спорт иншоотлари, болалар ўйингоҳи қурилиши керак эди. Ҳозир ана ўша «Замонавий маҳалла» марказини бориб кўрингчи, юқорида санаб ўтилган маданий-маиший йўналишдаги шохобчаларнинг қайси бири бор экан?!

– Мана шу уйимизнинг рўпарасида ҳозир қурилиши битай-битай деб қолган янги беш қаватли уйнинг ўрнида болалар ўйингоҳи бўларди, – деб суҳбатга қўшилди 73-уй бошқарувчиси Мансур Латипов. – Унинг бир томонида кичкинагина бўлсаям тўй-маърака ўтказадиган жой ҳам бор эди. Бир тадбиркор мана шу жойга янгидан болалар ўйингоҳи, кутубхона, тўй-маърака ўтказадиган жой, қариялар учун дам олиш маскани қуриб бераман, деб архитектура ташкилоти томонидан чиздирган лойиҳасини кўтариб келди. Биз ҳам бу ваъдаларга ишондик, рози бўлдик. Кейинчалик бир гуруҳ қурувчилар келиб, қурилишни бошлади.

Кўп қаватли уйдан мана бу янги қурилишгача бўлган масофа 15 метрча чиқади. Болалар ўйнайдиган майдон тугул, бемалол ўтириб, нафас ростлашга ҳам жой йўқ. Кейинчалик ростми-ёлғонми, билмадик, бизга лойиҳасини кўтариб келган тадбиркор бу жойни бошқа бировга сотган экан. У ҳам ўз навбатида бу уйда яшаётган аҳоли билан келишмасдан, қанақадир савдо комплекси қурилишини бошлаб юборибди, деб эшитдик. Бу жойга майда савдо комплекслари биноси деб қарор чиқариб олинган экан. Ана шундан буён ҳаловатимиз йўқолган…

Суҳбат асносида 73-уй бошқарувчиси Мансур Латипов қўлимга иккита ҳужжат тутқазди. Улардан бири «Замонавий маҳалла» лойиҳаси асосида маҳалла маркази ҳамда савдо ва маиший шохобчалар ташкил этиш учун жисмоний шахс Муҳитдинов Жавлон Ҳасановичга Шомаҳмудов кўчаси, 3-уй ёнидан 0,10 гектар ер майдони ажратиш ҳақида 2018 йил 4 май санаси билан Шайхонтоҳур туманининг ўша пайтдаги ҳокими Б.Ғойибназаров имзолаган қарор экан. Унга кўра, Ж.Муҳитдинов намунавий лойиҳа асосида икки қаватли «Замонавий маҳалла» мажмуасини қуриб битказиб, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлимига беғараз фойдаланиш учун топширади ва эвазига ўзи учун савдо ва маиший шохобчалар комплексини қуради. Қурилиш ишлари якунланганидан кейин фаолият турини ўзгартирмаслик шарти билан жисмоний шахс Муҳитдинов Жавлон Ҳасановичга мулк ҳуқуқи эътироф этилиши таъминланади.

Шу масала бўйича кўп қаватли 3-уй аҳолиси томонидан Президентнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилинган. Бу мурожаатномага ҳам Шайхонтоҳур туман ҳокими А.Тўхтаев имзоси билан 2020 йил 29 августда жавоб олинган. Унда ҳам Шайхонтоҳур туманининг олдинги ҳокими Б.Ғойибназаров томонидан ушбу масала бўйича қабул қилинган қарор келтирилган…

– Бу ерда бўлаётган қурилишнинг бошида ким турганини ҳеч биримиз билмаймиз, – дейди 93-хонадон соҳибаси, нафақахўр Феруза Юсупова. – Қурилиш бошланмасидан олдин пойдеворни бир метр орқага суриш учун қанча уруш-жанжал қилдик, шунда ҳам атиги ярим метр орқага сурдирдик, холос. Учта неварам бор, подъезддан ташқарига чиқса, хавотир оламан. Чунки ўйнайдиган жой йўқ, тротуарни кўриб турибсиз, машина қатнови тинмайди. Ёзмаган, бормаган жойимиз қолмади. Ҳеч кимдан садо чиқмайди. Бу қайси бир қўлини осмонга узатса, ойга етадиган, халқнинг азалий қадриятларини писанд қилмайдиган тадбиркор экан, деб ҳайрон бўламан. Бизнинг дардимизни газетага ёзсангиз, бу ерни қураётган тадбиркор балки инсофга келармиди. Ёки Президентимиз бизнинг гапларимизни газетада ўқиб кўриб, тарафимизни олармиди…

Биз бу масала бўйича 3-кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқароларнинг фикрларини эътиборга олган ҳолда албатта уни газета саҳифасида ёритишга ҳаракат қилишимизни билдирдик…

Икки кун давомида пойтахт шаҳрининг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қандай давом этаётгани билан танишдик, ҳар икки туманда фаолият юритаётган ишчи гуруҳнинг фидойилик билан ишлаётганига, юзага қалқиб чиқаётган камчиликларни бартараф этишда жон куйдираётганига гувоҳ бўлдик.

– Мана, иккала туманда бўлиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмаётганини, аҳоли томонидан тушаётган мурожаатлар жойида ўрганилиб, ечими топилаётганини ўз кўзингиз билан кўрдингиз, ишонч ҳосил қилдингиз, – деди  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Зиаутдин Бобоназаров. – Аслида бу бизнинг кундалик ишимиз. Халқ қабулхоналари куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан чекланиб қолаётгани йўқ. Уйма-уй юриб ўрганишларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, айниқса, ишсиз фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, доимий даромад манбаига эга бўлиши, турмуш шароити яхшиланиб, кам таъминланган оила рўйхатидан чиқарилиши учун ҳар бир хонадон кесимида манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам берилаяпти, иш билан таъминланмаган фуқаролар мутахассислигига қараб ишга жойлаштирилаяпти, оилаларга имтиёзли кредитлар берилаяпти. Давлатимиз, Президентимиз, ҳукуматимизнинг мақсади битта: ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топиши лозим. Ана шундагина ҳар бир инсон эртанги кунни ишонч билан кутиб олади, ўз турмуш тарзини ўзгартиришга, янада яхшилашга ҳаракат қилади. Натижада жамиятда ривожланиш бўлади, аҳоли фаровонлиги ошади.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2020 йил, 25 ноябрь.

ҲУРМАТЛИ МАСЪУЛЛАР

ҳеч бўлмаса, икки ўсмир брла тарбияси, тақдирига ачининглар. Ачиниш нияти бўлмаса, бу мақолани ўқиманглар

 

Турмушидан роҳат кўрмаган аёл вафот этди, лекин ундан ўз номида бўлган уй, икки фарзанди, собиқ турмуш ўртоғига ўлимидан олдин ёзган сўнгги мактуби қолди…

Қуйида келтирилаётган дардли сатрлар тузалмас касалликка чалиниб, 2014 йил 4 октябрда гулдек ёшида бевақт хазон бўлган, эҳтимол, қабрда ҳам руҳи чирқираётган Наргиза Ибрагимованинг сўнгги хати, балки, кўнгил фарёди эди.

«Сиз билан танишган кунимга лаънатлар бўлсин. Сизнинг ёлғонларингизга учган менга ҳам лаънатлар бўлсин. Чиройли ҳаётимни алдоқчи, хиёнатчи, ёлғончи ҳаётга алмашибман, ёлғон севгингизга учибман. Ҳамма сизни ёмонлаганида, улар билан жанжаллашганимга пушаймонман, ҳаётим пушаймонлар билан тўлиб кетди.

Битта хурсандчилигимиккита  ўғлим. Сизни севганимга афсусдаман, қаерданам билибман, пул учун юрганингизниСевгидан кўзим кўр бўлибди, сизни таништирганлар бахтимга зомин бўлди. Пул учун ҳамма нарсага тайёрсиз, ундан кўра биттада ухлатган (ўлдирган демоқчиизоҳ бизники) яхшироқ эди, бунчалик азобланмасдим, соғлиғимни кеткизмасдим, касал орттирмасдим.

Менга биринчи марта қўл кўтарганингизда сизни кечирганимдан минг афсусдаман. Биринчи кунданоқ мендан фойдаланганингиздан кўзимни юмдим, ёлғончи севгига ишониб, ўйинларингизга аралашиб қолдим. Мендан олдинги биринчи турмуш ўртоғингиз хиёнат қилган деб ўйлабман, сизга ачинибман. Лекин кейин нима бўлишини ўйламабман. Худодан сўраб, яхши бўлиб кетар ҳаммаси, шу аҳволда ташлаб кетмай, гиёҳвандликдан даволатай, деб ортингиздан қолмабман.

Кечалари йўлингизга қараб, ухламасдан кутганимга арзимас экансиз. Худо менга берган бойлик билан оёққа туриб, одам бўлиб қолдингизми? Эртага олдинги аҳволга тушиб қолмаслигингизга ким кафил? Жамшиднинг тўйида мени Туркияга жўнатиб, собиқ хотинингиз билан тўйга бордингиз. Болаларимга касал юқмаслиги учун Худога илтижо қилдим… Болаларимнинг тўрт мучаси соғ бўлгани учун шукрлар бўлсин.

Сиз билан ўтказган бахтли кунимни эслолмайман. Севгимнинг уволи тутсин сизни. Худога топширдим, ўзи жазо берсин. Менга бермаган бахтни болаларимга берсин. Менга ўхшаб ҳаётда адашишмасин, умридан фахрланиб яшашсин. Сизни излаб кўчама-кўча юрганларимни, оғзи-бурнимни қон қилиб уриб, қайнаб турган сувга тиққанингни, бошимни стул билан уриб ёрганингизни, кўчаларда судраб урганингизни эсласам, ёмон бўлиб кетаман, нафратланаман, пушаймон қиламан. Туркияда ишлаб топган пулимга «Матиз» олиб, роҳатини кўриб юрдингиз…

Сизга болалар увол, дунёга келиб на меҳрни, на чиройли ўйинчоқларни ва на яхши ҳаётни кўрди. Боғчага, спорт тўгаракларига, қўшимча дарсларга бормади. Фақат уруш-жанжал, тўполондан бошқани кўрмади. Бошқа оталар боласига энг яхши нарсани раво кўради, яхши едириб-ичиради, кийинтиради.

Бир кун келар, виждонингиз бўлса, виждон азобида қоларсиз. Буларнинг ҳаммаси менга дарс бўлди, бошимни деворга урмасам, кўзим очилмасди. Шунча юк билан у дунёга қанақа қилиб кетасиз? Сизнинг аросатли ҳаётингизга ҳеч қачон ҳавас қилмайман. Мен сиздан олдин ҳам яшаганман, сиздан кейин ҳам яшайман»…

Бироқ у узоқ яшамади.

Хўш, ўзи нима воқеа бўлган эди?

…Наргиза Ибрагимова ва Суҳроб Обидхўжаев 2004 йил 9 октябрда қонуний никоҳдан ўтиб, яхши ниятлар билан турмуш қуришади. Юнусобод туманидаги хонадон  Наргизага онаси Зевара Ибрагимова томонидан олиб берилган эди. Улар ана шу хонадонда яшай бошлашади. Ўтган йиллар мобайнида икки фарзанд дунёга келади. Лекин вақт ўтгани сайин Наргизанинг ҳаёти азобга айланиб боради. Наргизанинг онаси Зевара Ибрагимованинг айтишича, Суҳроб гиёҳвандликка ружу қўяди, ичкиликбозликка берилади. Бу ҳам етмаганидай, ҳар куни ярим кечаси келиб, болаларни қўрқитиб, Наргиза билан уруш-жанжал қилади, уни кўчага ҳайдаб, ҳақоратлайди.

– Қизимнинг турмуши яхши бўлмади, – дейди таҳририятга шикоят билан келган Зевара Ибрагимова. – Эр-хотин ўртасидаги сурункали жанжал ва келишмовчиликлар  оқибатида қизим дардга чалинди. Куёвим қизимни ёмон хўрлади. Ўзининг ичкуёв бўлиб яшаётганини унутиб, ёмон ишлар билан шуғулланган, уйда болалар ва хотини устига бегона аёлларни келтиришни одат қилиб, охири ўзи тузалмас дардга чалинган. Бунинг устига, яна гиёҳванд моддалар қабул қилиб келган. Аслида илгари унинг оиласи ва ундан тўрт нафар фарзанди бўлган. Биринчи хотини билан ажрашгач, қизимга уйланган, яъни ФҲДЁ органида никоҳдан ўтган.

Қизим Наргиза ўлими олдидан  ўзи билганча васиятнома ёзиб, яшаб турган уй ва болаларини ҳамда “Матиз” енгил машинасини менинг қарамоғимга ўтказишга  ҳаракат қилди. Лекин бевақт ўлим унинг ёзганларини қонуний ҳужжатлаштириб қўйишга имкон бермади. Эри бундан фойдаланди. Гарчи у қизим яшаб турган уйда рўйхатдан ўтмаган, қизим ўлимидан олдин у билан ажрашган бўлишига қарамай, таниш-билишлар орқали  ниятига етди…

2015 йилда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига қизимга ҳадя қилган уйимни ва невараларимни ўзимга қайтариш учун даъво аризаси киритдим. Суднинг 2015 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан вояга етмаган невараларимнинг яшаш жойи Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадон белгиланди. Лекин куёвим устаси фаранг экан. Ҳаммамизни доғда қолдирди. У фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясига ариза билан мурожаат қилиб, уйга ва невараларимга эгалик ҳуқуқини қўлга киритди. Апелляция инстанциясининг 2015 йил 25 декабрдаги ажрими билан Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, менинг даъво аризамни рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди. Суҳробнинг даъвоси қаноатлантирилди.

Энг ажабланарлиси, қизим билан куёвимнинг никоҳи 2011 йил 31 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг қарорига кўра бекор қилинган. Суҳроб Обидхўжаев 2010 йилдан буён бу уйда яшамаган. Мен қизим вафот этгунга қадар шу уйда яшаб, болаларини оқ ювиб-оқ тараб, коммунал тўловларни, солиқларни тўлаб турганман…

С.Обидхўжаев касаллиги боис, ҳар йили белгиланган пайтда бир маротаба Юнусобод туманидаги республика Вирусология илмий-тадқиқот институтида даволаниши зарур. Тошкент шаҳар наркология диспансерининг 2015 йил 3 июлдаги маълумотномасига кўра, С.Обидхўжаев диспансер рўйхатида турмайди. Аммо Зевара Ибрагимова уни гиёҳвандлик бўйича тиббий кўрикдан ўтказиш кераклигини қайта-қайта айтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш марказининг 2015 йил 20 августдаги хатида қайд этилишича, Суҳроб Обидхўжаев мазкур муассасада рўйхатда туради. Марказ хулосасига кўра: «вояга етмаган болалар ОИВ инфекцияли шахс билан қолганда, агар уларга ОИВ инфекцияли шахс томонидан тиббий муолажалар ўтказилмаса, маиший мулоқот даврида соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда ҳаёт кечирса, шахсий воситалардан фақат индивидуал ҳолда фойдаланса ва бемор қони билан бола терисининг бутунлиги бузилган жой чегараланганда салбий таъсир кўрсатмайди», экан…

Таҳририятга Зевара Ибрагимова тақдим қилган, 2018 йил 1 февраль санаси билан Олий суд томонидан унга жўнатилган жавоб хатида шундай дейилади: «Биринчи инстанция суди вояга етмаган болаларнинг доимий парваришга муҳтож эканлиги, келгусида соғлом вояга етишини ва ­­С. Абидхаджаевнинг «ОИТС» касаллигига чалинганлигини инобатга олган ҳолда сизнинг даъво талабингизни қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган…

…Апелляция инстанцияси …биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилиш ва сизнинг даъво талабингизни рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилиш ҳақида асосли хулосага келган. Юқоридагиларга асосан, шикоятингиз қаноатлантирилмасдан қолдирилди».

Эҳтимол, шундайдир, бу жавоб тўғридир. Бироқ бошқа кўп масалалар кишини уйга толдиради.

Масалан, вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш тартиби қандай ва васийликни белгилашда нималарга эътибор берилади? Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш Оила Кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 171-сон қарори билан тасдиқланган Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида низом асосида амалга оширилади. Низомда келтирилишича, фарзандликка олиш фақат ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болаларга нисбатан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида йўл қўйилади.

Фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни ва фарзандликка олинувчиларни жойлаштириш бўйича туман, шаҳар фуқаролик судларига тавсиялар тайёрлаш туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан амалга оширилади. Фарзандликка олишни хоҳловчи шахс яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига бир қатор ҳужжатларни, шу жумладан, соғлиғи тўғрисида тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансери маълумотномаларини тақдим этади.

Кейин туман (шаҳар) халқ таълими бўлими болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиш натижалари бўйича далолатнома тузади ва хулоса тайёрлайди. Низомга кўра, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар,  фарзандликка олиш бўйича зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганликлари ёки уларни лозим даражада бажармаганликлари, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганликлари, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек, сурункали ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган шахслар васийлик ҳуқуқига эга эмас, деб кўрсатилган.

Юқоридаги ҳолатлардан шундай мантиқий хулоса ва саволлар келиб чиқади:

  1. Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уйдаги низоли 51-хонадон Зевара ­Ибрагимова томонидан қизи Наргиза Ибрагимовага сотиб олиб берилган ва албатта, ўз-ўзидан невараларининг мулки ҳисобланади.

2.Суҳроб Обидхўжаев Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадонга расман рўйхатга қўйилмаган ва 2010 йилда турмуш ўртоғи Наргиза Ибрагимова ҳамда икки фарзандини ташлаб, уйдан чиқиб кетган.

  1. 2011 йил 31 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг қарорига кўра, Наргиза Ибрагимова ва Суҳроб Обидхўжаевларнинг никоҳи бекор қилинган. Ўшандан буён Зевара Ибрагимова Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадонда қизи ва неваралари билан яшаб келган.
  2. Апелляция инстанциясининг 2015 йил 25 декабрдаги ажрими билан Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилинганидан кейин Суҳроб Обидхўжаев гарчанд Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадонга расман рўйхатга қўйилмаган бўлса-да, уйни эгаллаб олиб, икки фарзанди ҳамда шаръий никоҳида бўлган аёл ва унинг икки қизи билан биргаликда яшай бошлайди.
  3. Апелляция инстанцияси Суҳроб Обидхўжаевни фарзандларининг отаси ва уларнинг қонуний вакили эканини, қўни-қўшнилари ва маҳалла фаоллари у ҳақда ижобий тавсифлар берганини, ишга жойлашиб фарзандларини моддий таъминлай олиши важларини келтирган ҳолда биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилган.

Қизиқ, Суҳроб Обидхўжаев оиласидан ажрашган бўлса, ОИТСга қарши курашиш марказида рўйхатда турса, бунинг устига, гиёҳвандликда гумон қилинаётган бўлса, собиқ қайнонаси Зевара Ибрагимова етим невараларига қараб турган бўлса, унинг бу низоли уйни эгаллаб олишига қанчалик ҳаққи бор? Ота васий сифатида ўз бурчини бажараяптими?

2018 йил 25 декабрь куни Юнус­обод туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси собиқ раиси Н.Мирбобоева Зевара Ибрагимова билан суҳбат ўтказиб, унга оилавий келишмовчиликлар ечимини топиш учун Фуқаролик судига мурожаат қилиш кераклигини тушунтирган.

– Қизим вафот этганидан кейин Юнусободдаги уйда невараларим билан 2018 йил сентябрь ойигача яшадим, – дейди Зевара Ибрагимова. – Суҳроб Обидхўжаев бир аёлни шаръий никоҳига олиб, икки қизи билан уйга кўчириб келганидан кейин чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Қандай мажбур бўлмай, қизимга совға қилган никоҳ каравотида невараларимнинг, менинг кўз ўнгимда куёв боланинг янги уйланган хотинига қилган беҳаёликларига чидай олмай, чиқиб кетдим. Бу ҳақда участка профилактика нозирига шикоят қилсам, у: «Бу аёл Суҳроб Обидхўжаевнинг шаръий хотини, шунинг учун мен ҳеч нарса қилолмайман», деди. Лицейда ўқийдиган катта неварам Сарваржон шу йил февраль ойида кийим-кечакларини олиб, менинг уйимга кўчиб келган эди. Ҳозир яна отасиникига кетди. На ота назорати, на буви назоратида бўлмаган бола эртага қандай инсон бўлиб вояга етади? Мени ана шу нарсалар қийнайди…

Гарчанд Суҳроб Обидхўжаевга «Ҳусниобод» МФЙ раиси ва мутахассислари томонидан: «яхши инсон, ишга жойлашиб, фарзандларини боқади», деган ижобий тавсиф берилган бўлса-да, айтишларича, у 1,5 йилдан буён ишсиз юрибди. Онаси пенсия тўғрилаб берган эмиш. Куёвнинг ўзи Вирусология илмий-тадқиқот институтида даволанаётган бўлса, қайси маблағига невараларимни боқади?

Ҳозир кичкина неварам мен билан яшаяпти. Юнусободдаги уйга бормайман, дейди, ҳар куни уруш-жанжал бўлаверганидан юраги зада бўлиб қолган. Куёв катта неварамни пул топиб келиш учун кўчага чиқариб юборган экан. Унинг айтишича, Юнусобод туманидаги «Малика» савдо мажмуасида қўл телефони олди-сотдиси билан шуғулланаётган экан. Кунора уйга келиб, укасидан хабар олиб кетади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 169-моддасига мувофиқ фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади.

– Мен бу йил 6-синфни битириб, 7-синфга ўтдим, – дейди Зевара ­Ибрагимованинг кичкина невараси Сардор. – Ҳозир бувимникида яшаяпман. Уйимизда егулик, озиқ-овқат етарли. Лекин дадам камдан-кам ҳолларда кийим-кечак олиб беради. Ўгай онам менга доим иш буюради, ишламаяпсан, деб уришади. Сарвар акамни «Пул топиб кел», деб чиқариб юборади.

– Суҳроб Обидхўжаев ота сифатида болаларига васий қилиб тайинланган дейишади, лекин уларнинг юриш-туриши қувонарли эмас, – дейди «Ватанпарвар-коммунал» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ижрочи директори Евгения Галеева. – Наргиза Ибрагимова уйдаги гапни, уруш-жанжалларни кўчага ташиб чиқармасди, мендан ёш бўлса ҳам кўз ўнгимда сўниб борарди. Унга неча марталаб: «Бундай азоб чеккандан кўра, эринг билан ажраш», деганман. Бу сабр-тоқат уни гўрга тиқди… Суҳробни ҳозир ҳам баъзида учратиб қоламан, шундаям ҳушёр кўрмайман. Ўтган йили ёзда ҳамма болалар оромгоҳда дам олган бўлса, у катта ўғлини дўконда ишлашга мажбур қилди. Уйда яшаб турса ҳам, коммунал хизматлар ҳаққини тўламайди…

«Ҳусниобод» МФЙ профилактика катта инспектори Акмал Мавлонов билан телефон орқали суҳбатлашганимизда, у Суҳроб Обидхўжаев устидан қўни-қўшни ёки оиласи томонидан ҳеч қандай шикоят тушмаганини, агар янада тўлиқроқ маълумот керак бўлса, учрашиш кераклигини билдирди.

Ваҳоланки, Зевара Ибрагимова неваралари тарбияси, тақдири ҳақида ташвиш чекиб, куёви бу уйда рўйхатда турмаслиги, бунинг устига, бегона аёлни икки боласи билан олиб келиб, яшаётгани тўғрисида участка нозирларига кўп бор айтган.

Зевара Ибрагимованинг таҳририятимизга ёзган аризаси бўйича ўтган йили Юнусободдаги “Ҳусниобод” маҳалласига, тақдири хавф остида қолган икки бола ўқийдиган мактабга бориб, нохуш кайфият билан қайтганмиз. Икки ўсмир тарбияси, соғлиғи ва тақдиридан ташвишга тушганмиз. Ўзбекистон Бош прокуратурасига, Ички ишлар вазирлигига  мурожаат қилганмиз. Афсуски, ёзган хатимиз инстанцияма-инстанция айланиб, энг қуйи ташкилотлардан бирига етиб борган ва ундан: «Бу борада шикоятчи билан учрашилди ва у билан тегишли тушунтириш ишлари ўтказилди», қабилида ўта юзаки жавоб хати олинган…

Ўйлаб қоласан киши. Шуми вояга етиб келаётган инсон тақдирига муносабат?! Суҳроб Обидхўжаев васийлигидаги Сарвар яқинда дарсларни ўзлаштириш даражаси пастлиги учун лицейдан четлаштирилибди. Иккинчи фарзанд – Сардорнинг ҳам дарсга қатнаш ҳолати қониқарли эмас. Хўш, эртага уларнинг тақдири нима бўлади? Биз кўриб-билиб туриб, уларнинг эртага жиноят йўлига кириб кетишига йўл очиб бермаяпмизми? Қачонгача бундай ҳолатларга томошабин бўлиб ўтирамиз? Виждонимиз қийналмайдими?

Шу ўринда яна бир муҳим масалани эътиборга олиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Маълумки, вояга етмаганларга нисбатан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан васийлик ва ҳомийлик фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур фаолиятга жалб этилган мутасаддилар ҳар йили камида икки маротаба васийлик ва ҳомийликка берилган вояга етмаганларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ўз хулосаларини беришлари керак. Амалда эса улар зиммасига берилган бошқа юкламалар туфайли бу вазифани деярли бажаришмайди.

Бизнинг асосий қонунимиз — Конституциямизда, Оила кодексида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари билан фарзандларимиз, яъни вояга етмаган болалар манфаатларининг тўлақонли ҳимояси кафолатланган.

Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида вояга етмаган, шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ёшларни жисмоний ва маънавий етук инсон қилиб тарбиялаш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Ҳар қандай суд муҳокамаси даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли эканлиги, қарорлар қабул қилинишида ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устувор манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шартлиги белгиланди. Афсуски, бу талаблар бажарилаётганига кафолат бериб бўлмайди. Буни юқоридаги мисол ҳам кўрсатиб турибди. Икки йилдан буён Зевара Ибрагимова йиғлаб борган идоралар, жумладан, таҳририятимиз ҳам бу муаммони ҳал этолмаяпти. Чунки, масъуллар бағритошга ўхшайди ёки лоқайдлик ботқоғига ботиб қолишган.

«…бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади», деб ёзган эди бундан бир неча асрлар муқаддам яшаб ўтган улуғ алломалардан бири Абдулҳомид Ғаззолий. Суҳроб Обидхўжаев қарамоғида ташвишли бир шароитда яшаётган икки боланинг таълим-тарбияси, уларнинг эртанги куни муаммолигича қолмоқда. Ҳозирги муҳит уларнинг тарбиясига, руҳиятига, тақдирига салбий таъсир қилмайдими? Болалар ҳуқуқлари ҳимоясига масъул ташкилотлар, хусусан, суд-ҳуқуқ идораларининг бу масалага  қатъий муносабатини кутамиз.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2020 йил, 23 декабрь.

СОБИҚ ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИ ОРАДАН 9 ЙИЛ ЎТИБ АЙБСИЗ ДЕБ ТОПИЛДИ

 лекин ишга тикланмади

Бомуротов Бобир Бомурот ўғли 1976 йил 4 октябрда Қашқадарё вилояти Косон тумани Нартибаланд қишлоғида туғилган. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабини битириб, 1995-2000 йилларда Қозоғистон Республикасининг Экологик-гуманитар академияси ҳуқуқшунослик факультетида сиртдан ўқиб, олий маълумотли ҳуқуқшунос дипломини олган. ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, 2002 йилдан Қашқадарё вилоят ИИБ Косон туман Қўриқлаш бўлимига ишга қабул қилинган. 2008 йилда ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича Ички ишлар вазирлиги академияси сиртқи бўлимини тамомлаган.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг газетамиз Бош муҳарририга йўллаган мурожаатидан иқтибос:

“Мен Ўзбекистон Президентига, Ватанимга, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, осойишталиги учун хизмат қилишга доимо тайёрман. Ички ишлар ходими бўламан, жиноятчиликнинг олдини оламан, деб болалигимдан орзу қилиб, милиционер бўлиш учун тинмай ўқидим ва ИИВ Академиясига ўқишга кирдим. Қашқадарё вилоят ИИБнинг махсус инспекцияси ходимлари мени ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишди. Уларнинг менга нисбатан қилинган туҳматни қўллаб-қувватлаши, нотўғри хулоса чиқариши оқибатида севган касбимдан асоссиз айрилдим”…

Эндигина 33 ёшни қоралаган, ўзига қўйилган вазифани ҳалол бажариб, ишлаган жойида аҳоли ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган, юқори раҳбарият назарига тушган, хизмат пиллапояларидан муваффақиятли кўтарилиб келаётган Бомуротов Бобир Бомурот ўғли  2009 йил 29 апрелда Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан “Ички ишлар идораларида хизматни ўташ ҳақидаги муваққат Низомнинг 69-моддасига асосан, яъни ички ишлар идоралари ходими номига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун” ишдан бўшатилди.

Хўш, Бомуротов Бобир Бомурот ўғли қандай номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этган?

У 2003 йил ноябрь ойидан 2005 йил апрель ойигача Косон туман ИИБ Пўлати қўрғони бўлимида навбатчи ёрдамчиси вазифасида ишлаган. 2005-2008 йилларда кинолог, туман ИИБ статистика бўлимида кичик инспектор бўлган. Туманнинг Чироқчи қўрғонида ҲООБ профилактика инспектори вазифасида ишлаётган кезларида, 2009 йилнинг апрель ойи бошларида тўсатдан хизмат вазифасидан озод қилинган…

Бомуротов Бобир Бомурот ўғли  2009 йилнинг январь ойида Косон тумани Чироқчи қўрғонида профилактика инспектори вазифасида ишлаб юрган кезларида Сурхон қишлоғида  яшовчи, “Ҳумоюн Қосим ўғли” номли фермер хўжалиги раиси Бобораҳим Худоёров “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги раиси Момохол Жумаева ва унинг турмуш ўртоғи Эргаш  Ражабов билан низоли ер майдони устида ўзаро жанжаллашиб қолади. Улар бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишади. Профилактика инспектори жанжалкашларни муросаи-мадорага чақиради, “Бир жойнинг одамларисизлар, арзимаган ишга талашиб, ўз обрўларингизни тўкманглар”, дейди. Воқеани ҳужжатлаштирмасдан, уларни яраштирмоқчи бўлади. Лекин натижа бўлмайди. Шундан кейин Бомуротов Бобир Бомурот ўғли ноилож ишни ҳужжатлаштиришга мажбур бўлади. Томонлар бир-бирини ҳақорат қилганлиги учун у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддаси билан уларга нисбатан маъмурий баённома тузади. Иккала томонга ҳам ён босмасдан, иш материалларини Жиноят ишлари бўйича Косон туман судига ўтказади. Суд 2009 йил 12 февралда мазкур маъмурий ишни кўриб чиқиб, иккала томонни ҳам Ўз.Р МЖтКнинг 41-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топади ва 33-моддани қўллаган ҳолда Момохол Жумаева, унинг турмуш ўртоғи Эргаш Ражабов ҳамда Бобораҳим Худоёровга энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида, яъни, 28 040 сўмдан жарима жазосини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилади.

Хўш, нима бўпти, икки томонга ҳам бирдай енгил жазо чораси қўлланилибди-ку, дерсиз. Тўғри, ҳақиқатан ҳам, шундай бўлган. Лекин Момохол Жумаеванинг ўғли Эркин Ражабов профилактига инспектори унинг онасининг тарафини олмагани учун ИИБ тизимида ишлаётган “яқин танишлари” орқали Бобирдан ўч олиш пайига тушади.

2009 йил 3 апрелдан 4 апрелга ўтар кечаси Эркин Ражабов “Ҳумоюн Қосим ўғли” номли фермер хўжалиги раиси Бобораҳим Худоёров “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги ҳудудидаги ариқлардан бирига кўмилган металл қувурни қазиб олиб, трактори билан тортиб кетаётганини кўради. 2009 йил 8 апрель куни шу ҳудудда профилактика инспектори бўлиб ишлаётган Бомуротов Бобир Бомурот ўғли туман ИИБга чақирилади. Унга Эркин Ражабов томонидан ёзилган шикоятни кўрсатишади.

Унда кўрсатилишича, Эркин Ражабов профилактика инспекторига “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги еридан темир қувурлар ўғирлангани ҳақида хабар қилган. Бомуротов Бобир Бомурот ўғли шу ҳолат бўйича Бобораҳим Худоёров устидан жиноий иш очиш ва уни қаматиш учун гўё Эркин Ражабовдан 300 минг сўм миқдорида пул талаб қилган. Эркин Ражабов 2009 йил 8 апрелда талаб қилинган пулнинг 150 минг сўмини Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг ВАЗ 2106 русумли автомашинасида, профилактика инспектори Шерали Муҳаммадиев иштирокида унга берган…

Аслида ҳудуддаги “Бўстон” СФУ раиси Суюн Рўзиев томонидан “Бўстон” СФУга тегишли металл қувур номаълум шахслар томонидан 2009 йил 3 апрелдан 4 апрелга ўтар кечаси ўғирлаб кетилганлиги ва қонуний чора кўриш ҳақида Косон туман ИИБ бошлиғи номига ёзган билдириш хати 2009 йил 7 апрель куни профилактика инспектори Бомуротов Бобир Бомурот ўғлига тақдим этилган. У билдириш хатини ўша куни хизмат тартиби бўйича Косон туман ИИБни навбатчилик қисмидан рўйхатдан ўтказиб, тергов бўлимига топширган.

Фуқаро Эркин Ражабов шикоятига асосан ўтказилган хизмат текшируви бўйича Қашқадарё вилоят ИИБ шахсий таркиб бўлими махсус инспекцияси томонидан 2009 йил 17 апрель куни хулоса тайёрланади. Унга кўра, Бомуротов Бобир Бомурот ўғлини ички ишлар сафидан бўшатиш ва хизмат текшируви материалларида кўрсатилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Косон туман прокуратурасига мазкур хулосанинг нусхасини юбориш белгиланган. Ана шу хулосага асосан Бомуротов Бобир Бомурот ўғли 2009 йил 29 апрелда ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг таҳририятимиз Бош муҳаррири номига йўллаган мурожаатидан иқтибос:

“Мен инспекция ходимларига: “Бундай хулоса чиқаришга асос қани, далил қани деб сўраганимда, улар: “Эркин Ражабовнинг аризасини МХХ Косон туман бўлими ва МХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси раҳбарияти ўз назоратига олган, агар шундай хулоса қилмасак, бизга гап келади”, деб жавоб беришди”…

Лекин…

  1. Қашқадарё вилоят ИИБ ШТБ махсус инспекциясининг 2009 йил 17 апрелдаги хулосаси ҳуқуқий баҳо бериш учун Косон туман прокуратурасига юборилмаган. Бу ҳақда Косон туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси А.Ҳамроев томонидан 2018 йил 19 июнь куни юборилган 24/2018-рақамли жавоб хатида Бомуротов Бобир Бомурот ўғлига маълум қилинган.
  2. Гарчи профилактика инспектори Шерали Муҳаммадиев Қашқадарё вилоят ИИБ ШТБ махсус инспекциясига Бомуротов Бобир Бомурот ўғли унинг иштирокида Эркин Ражабовдан ҳеч қандай пул сўрамагани ва олмагани ҳақида кўрсатма берган бўлса-да, унинг гаплари инобатга олинмади.
  3. Бундай ноҳақликдан ҳафсаласи пир бўлган Бомуротов Бобир Бомурот ўғли Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғи, полковник В.Ходжаевга, вилоят прокурори К.Исмоиловга, МХХ вилоят бошлиғига, ўша пайтдаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б.Матлюбовга, Омбудсман ва ҳоказо ва ҳоказоларга адолат истаб ариза билан мурожаат қилади. Унга нисбатан туҳмат қилинаётганини билдиради. Масъул мансабдор шахслар томонидан эса, ИИБ ШТБ махсус инспекцияси томонидан тўғри хулоса қилинган, сизни тўғри ишдан бўшатишган, қабилида бир хилдаги жавоблар олади.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг газетамиз Бош муҳаррири номига йўллаган мурожаатидан иқтибос:

“Мен ариза ва шикоятларимга мунтазам равишда салбий жавоб олиб келдим. Махсус инспекция томонидан нотўғри хулоса чиқарилгани, ноҳақ ишдан бўшатилганим хусусида улардан бирортаси ҳам холис хулоса бермади. Мен эса ўз номимни оқлаш ва ишга қайта тикланиш умидидан қайтмадим.

2018 йил 25 июнда шу хусусда яна Косон туман прокурорига мурожаат қилдим. 2018 йил 7 июлда ушбу мурожаатимга Косон туман прокурори Ў.Акрамов томонидан расмий жавоб хати олдим. Унда шундай дейилади: “Аниқланишича, вилоят ИИБ томонидан 17.04.2009 йилда Сизга нисбатан хизмат текшируви ўтказилган бўлиб, хизмат текшируви ўтказилишига фуқаро Э.Ражабовнинг мурожаати асос бўлган.

Туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида фуқаро Э.Ражабов ўз мурожаатида кўрсатиб ўтган 2009 йил 3 апрелдан 4 апрель кунига ўтар кечаси “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги ҳудудидан ўтган темир қувурлари ўғирлиги жинояти содир этганлиги ҳақидаги важи туман ИИБ ТБ томонидан терговга қадар текширув жараёнида ўз тасдиғини топмаганлиги аниқланди(!!).

Бундан ташқари, фуқаро Э.Ражабов ушбу ўғрилик жинояти бўйича тўпланган ҳужжатларни  300 000 сўм пул эвазига туман ИИБ ТБ терговчисига ўтказиб бераман, деган кўрсатмалари, вилоят ИИБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви, шу билан бирга, туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида ҳам ўз тасдиғини топмаганлиги, Сизнинг ҳаракатларингизда бирор бир жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 2018 йил 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди”.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғли деярли ўн йил мобайнида идорама-идора, ташкилотма-ташкилот югуриб, адолат излади, лекин ҳақиқат қарор топмади. Охир-оқибат Косон туман прокуратураси томонидан 2018 йил 7 июлда мазкур иш бўйича фуқаро Э.Ражабовнинг шикоятида келтирилган кўрсатмалар, ушбу ўғрилик жинояти юзасидан вилоят ИИБ махсус инспекцияси ўтказган хизмат текширувида ҳам, шу билан бирга, туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида ҳам ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Яъни, Бомуротов Бобир Бомурот ўғли айбсиз, лекин ишга тикланмади. Бунга нима сабаб?

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг ишга тиклаш учун судга мурожаат қила олмаслигига ўша вақтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг  18-моддаси тўсқинлик қилиб келмоқда. Унинг 18-моддасида: “Айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши мумкин, булар:

ходим билан корхона ўртасидаги меҳнат алоқасининг хусусияти;

ходим меҳнатининг шарт-шароитлари ва хусусияти;

табиий иқлим шароитлари;

ходим меҳнат қилаётган жойнинг алоҳида ҳуқуқий тартиби;

бошқа объектив омиллар билан белгиланади”, деб ёзиб қўйилган.

Ушбу моддада давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари қонун билан белгиланиши кўрсатилган бўлиб, милиция ходими ёки ҳозирги вақтда ички ишлар органи ходими ўзини ишга тиклаш бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳаққи йўқ. Ноҳақ ишдан бўшатилган ички ишлар органи ходими томонидан тақдим этиладиган даъво ариза ана шу моддага асосан аризачига суд ажрими билан кўрилмасдан қайтарилади. Ана шу ҳолат ҳозир ҳам Ички ишлар тизимида сақланиб қолган.

Замон ўзгарди, дунёқарашлар ўзгарди. Амалдаги қонунлар, қоидалар, низомлар ҳам шунга қараб ўзгариши, холис ва шаффоф бўлиши, ҳар бир инсон манфаатини қўллаб-қувватлашга қаратилиши керак. Бомуротов Бобир Бомурот ўғлига нисбатан бўлган бу адолатсизлик Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганилиб, қонуний қарорга келинади, деб ўйлаймиз.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2021 йил, 13 январь.

БИР ИНСОН ТАҚДИРИ ВА ЙЎҚ ҚИЛИНГАН ЖИНОЯТ ИШИ

гўё давлат архивидан ёнғин чиқиб, унга тегишли жиноят иши ёниб кетганмиш

Китоблик Раҳим Даминов, қаршилик Акмал Саидов ва унинг яккабоғлик курсдоши Абдунаби Ғиёсов бир тоғнинг кийиклари эди. Улар Тошкент халқ хўжалиги институтида таҳсил олган беғубор талабалик йилларидан буён бир-бирларини танишарди. Ўқишни битиргач, Раҳим Даминов Китоб туман солиқ инспекцияси тизимида оддий ходим сифатида фаолиятини бошлади. Зиммасига юкланган вазифаларни бекамикўст бажариб келгани учун хизмат пиллапояларидан муваффақиятли кўтарилиб, 1996 йилда Қашқадарё вилоят солиқ бошқармасига ишга таклиф қилинди. Акмал Саидов бу пайтда Миллий хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилоят бошқармасида иқтисодий соҳалар бўйича куратор бўлиб ишларди. Хизмат тақозоси юзасидан улар бир куни учрашиб қолишади. Ўзидан икки курс қуйида ўқигани учун Раҳим Даминов унга талабалик давридагидек муомала қилиши МХХ тизимининг ҳавосини олган Акмал Саидовга ёқмайди. Унинг айтгани-айтган, дегани-деган, қаерга қўлини узатса, етадиган, ҳамма соясига салом бериб юрган пайтда оддий бир мишиқи солиқчининг муносабати, ҳурматини жойига қўймай, менсимаслиги нафсониятига тегади. Ичида: «Ҳап сеними!» дейди-ю, индамай кетади…

Шундан кейин ўз билими ва тажрибасидан бошқа қўллаб-қувватловчиси бўлмаган, хизмат вазифасини сидқидилдан адо этиб келаётган Раҳим Даминов 1998 йилда номаълум сабабларга кўра Қашқадарё вилоят солиқ бошқармасидан Яккабоғ туман солиқ инспекциясига оддий инспектор вазифасига ўтказилади. У қандай хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун хизмат вазифасидан четлаштирилганини аниқлаштириш учун Қашқадарё вилоят солиқ бошқармасига мурожаат қилади, аммо саволлари жавобсиз қолади. Лекин бу иш кимнинг қўли билан амалга оширилганини тахмин қилади, албатта. Аммо қўли калта, дардини бировга ёра олмайди. Нима бўлганда ҳам, «Бошга тушганни кўз кўрар», қабилида иш тутади, ўзига ҳушёр бўлган ҳолда хизматни давом эттиради. 1998 йилнинг охиридан 2000 йилгача Китоб туман солиқ инспекциясида ишлайди. Хизмат вазифасини ҳалол ва виждонан бажариб келаётгани ҳисобга олиниб, 2001 йилда Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Яккабоғ тумани бўлими бошлиғи вазифасига тайинланади.

2006 йилнинг сентябрь ойида департаментнинг туман бўлимига «Пахтабанк»нинг Яккабоғ туман валюта айрабошлаш хазинасида ишловчи Дилнавоз Худойбердиеванинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари юзасидан маълумот келиб тушади. Раҳим Даминов хизмат тақозосидан келиб чиққан ҳолда, қонун талабига кўра, тергов ҳаракатлари ўтказиш учун бу маълумотни Яккабоғ туман прокурорига жўнатади. Ўша пайтда Яккабоғ “Агропродукт” шўъба корхонасини 2003 йилгача бошқариб келган Абдунаби Ғиёсовнинг  собиқ курсдоши Акмал Саидов 2006 йил 2 ноябрь куни ўша пайтда МХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси ички ишлар, прокуратура ва суд идораларини назорат қилиш бўлими бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатаётган эди. Абдунаби Ғиёсов Раҳим Даминовга учрашиб, иши терговга оширилган Дилнавоз Худойбердиева опасининг қизи эканини, шу ишни «босди-босди» қилиш кераклигини айтади. Раҳим Даминов бу иш терговга берилганини, терговга босим ўтказиш унинг ваколатига кирмаслигини билдиради. Шундан кейин Абдунаби Ғиёсов тўнини тескари кияди, унинг танобини тортиб қўйиш учун собиқ ҳамкурси Акмал Саидовга арз қилади.

Абдунаби Ғиёсов 2006 йилнинг 27 октябрида Раҳим Даминов устидан вилоят МХХ бошқармасига шикоят билан мурожаат қилиб, “у порахўр ва фирибгар, тумандаги бозор раҳбари Жалол Одиловдан, сомсапаз Исмоил Ҳусанов ва бошқалардан ҳар ой пул олиб туради”, деб кўрсатма беради. Шу асосда 2006 йилнинг 2 ноябрида прокурор санкциясисиз кечки соат 23:00 дан 24:00 гача Раҳим Даминов ҳамда қизининг уйида ноқонуний тинтув ўтказилади. Вилоят МХХнинг прокуратура назорати шўъба бошлиғи Жаҳонгир Носиров қўлига кишан солинган Раҳим Даминовни МХХнинг Китоб тумани бўлимига олиб келади. Уни кечаси билан тикка турғазиб қўйиб, «Айтганларимни қиласан, ҳамма гапни бўйнингга оласан», деб қўлидаги дубинка билан аёвсиз калтаклайди. Лекин Раҳим Даминовнинг иродаси букилмайди, бошида қора қузғундай соя солиб турган бу бало-қазолардан қачонлардир қутулишини, қачонлардир ҳақиқат қарор топишини сабр-тоқат билан кутади, ёруғ кунлар келишига умид қилади. Орадан икки кун ўтиб у Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосари Мирза Каримов кўрсатмаси билан қамоққа олинади ва судгача бўлган даврда эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик ушлаб туриш учун Бухородаги қамоқхонага жўнатилади. (Энг қизиғи, бир қатор жиноят содир қилганликда гумонланаётган Раҳим Даминов Бош прокурор буйруғи билан 2006 йил 6 ноябрда эгаллаб турган вазифасидан озод этилган!) Абдунаби Ғиёсов томонидан берилган кўрсатмалар терговчи томонидан тўлиқ текширилади, гувоҳлар билан бўлиб ўтган савол-жавобларда шикоятда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмайди. Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди судьяси Содиқ Райимов ишни холис ва одилона ўрганиб, Раҳим Даминовни айбсиз деб топади ва суд залидан оқлаб чиқаради…

Судгача бўлган даврда эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик ушлаб туриш учун Бухородаги қамоқхонага жўнатилганида бу туҳмат ва ноҳақликларнинг бошида ким турганини сезган  Раҳим Даминов ўша пайтда МХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси ички ишлар, прокуратура ва суд идораларини назорат қилиш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб турган Акмал Саидов устидан МХХ раҳбари Рустам Иноятовга шикоят билан мурожаат қилади. Шундан кейин вилоят прокуратураси томонидан Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди қарорига протест киритилиб,  бу иш қайта кўриб чиқиш учун прокуратуранинг ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Хидир Каримовга ўтказилади. Бу сафар Абдунаби Ғиёсовнинг шикоятига Шаҳло Эшова ҳамда Дилшод Худойқуловлар томонидан берилган кўрсатмалар ҳам қўшилади.

Раҳим Даминов илгаридан Хидир Каримов билан таниш эди. У: «Раҳим ака, хизматчилик, МХХ ходимлари сизнинг ишингизни назоратда сақлаб турибди. Уларнинг айтганини қилмасак, эртага бизни ҳам соғ қўйишмайди. Шунинг учун хафа бўлмайсиз», дейди. Кейин уни олдиндан тайёрлаб қўйилган тергов ҳужжатлари билан таништиради. Раҳим Даминов гувоҳларнинг кўрсатмалари билан танишаётиб: «Ие, «Тико» қаердан чиқди?» деб сўрайди. Хидир Каримов унинг бу саволига: «Улар ўйлаб топган навбатдаги ўйинларнинг давоми бу», деб кулади.

Тергов хулосасида Раҳим Даминов Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Яккабоғ туман бошлиғи вазифасида ишлаб келиб, масъул мансабдор шахс бўлган ҳолда ўзига юклатилган, яъни, солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортилган холатларни аниқлаш, солиққа оид жиноятлар ва қонун бузилишларининг олдини олиш, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш, давлатга етказилган зарарни ундириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, яширин иқтисодий фаолиятни аниқлаш ва олдини олиш, хўжалик, молия-валюта сохасида белгиланган қонун нормаларини бузиш йўли билан давлат манфаатларига етказилган жиддий зарарларни аниқлаш каби ваколатларидан қасддан фойдаланиб, 2006 йилнинг 12-13 октябрь кунлари Яккабоғ “Агропродукт” шўъба корхонасида ижара шартномасига асосан иш юритаётган “Айсберг Норд” хусусий корхонасида белгиланган фармон талабларига зид равишда текшириш ўтказганлиги кўрсатилган.

“Агропродукт” шўъба корхонаси омбор мудири Дилшод Худойқулов кўрсатмасида келтирилишича, Раҳим Даминов унга гўёки корхонанинг собиқ бошлиғи Абдунаби Ғиёсов билан Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари шуғулланаётганини, улар Илҳом Ҳамроевга қарашли корхонани ҳам текширишини айтган. Дилшод Худойқулов Илҳом Ҳамроевни топиб келгач, Раҳим Даминов ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, қонунга хилоф эканлигини била туриб, мулкий наф кўриш мақсадида корхона фаолиятини текширмаслиги эвазига унинг бошлиғидан икки тележка узум чиқитини пора сифтида беришни талаб қилган.

Шалола Эшова Шаҳрисабз туманида бир нафар фарзанди билан ота-онасиникида яшайди, ҳеч қаерда ишламайди. У берган кўрсатмада келтирилишича, Раҳим Даминов гўёки Шалола Эшовани топиб, (энг қизиғи, Шалола Эшова 2006 йилнинг октябрь ойи ўрталаригача Яккабоғ туманида яшовчи Абдунаби Ғиёсовни умуман танимаган) Абдунаби Ғиёсовни МХХ ходимлари қидириб юрганлигини айтган. Абдунаби Ғиёсовнинг пули кўп, уни сен орқали қўрқитиб, пулини оламиз, кейин биттадан «Тико» автомашинаси минамиз, деб, шерикликка таклиф қилган…

Раҳим Даминов ана шундай айбловлар билан 2007 йилнинг 20 майида вилоят прокурори ўринбосари Мирза Каримовнинг кўрсатмаси билан иккинчи маротаба эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади. 2007 йилнинг 10 июнида  Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди судьяси Абдуолим Содиқов туман ИИБ биносида суд мажлисини ўтказади ва унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланади.

– Тоғ-тоғ билан учрашмаса ҳам одам-одам билан учрашар экан, – дейди Раҳим Даминов. – Қонун адолатсиз қози қўлида топталса, унинг ажри албатта юқоридан, Худо томонидан берилишини ўшанда кўрдим. Бировга туҳмат қилиб, уни бало-қазоларга гирифтор қилган нокас албатта бир кун келиб жазосини олади. Буни ўз ҳаёт йўлим давомида кўрдим. 2007 йилниннг 11 сентябрида мени Бухоро турмасидан Бекободдаги 21-зонага юборишди. Менинг қўлимга кишан солиб, МХХнинг Китоб тумани бўлимига олиб келиб, дубинка билан аёвсиз калтаклаган вилоят МХХнинг прокуратура назорати шўъба бошлиғи Жаҳонгир Носиров 17 йилга қамалиб, Бекободдаги зонага келди. Рўпарамда тиз чўкиб кечирим сўради, уни шу ишга мажбур қилганларни очиқ-ойдин айтиб берди. Икки марта мени қамоққа олишга санкция берган вилоят прокурори ўринбосари Мирза Каримов ҳам жиноий кирдикорлари фош бўлиб, қамалди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” ги қарорига кўра, жазо учдан бир қисмига қисқартирилиб, 2008 йилнинг охирларида қамоқдан озод қилиндим. 2010 йилда тақдир тақозоси билан Қарши шаҳрида Акмал Саидов билан яна кўришиб қолдим. У мендан астойдил кечирим сўраб, «Ака, мени кечиринг, йўлдан адашдим. Ўзим ҳам жазомни олдим, ишдан бўшатилдим», деб бўйин эгди. Нима ҳам дердим, бўлгани бўлиб, бўёғи ўчган эди. Лекин уни кечирганим йўқ. То оқланмагунимча уни кечирмайман. Мен адолат истайман. 2009 йилдан буён адолат истаб бормаган эшигим, кирмаган инстанциям қолмади. Менинг ишимни Жиноят ишлари бўйича Косон туман судига чиқарган Хидир Каримов бу пайтда Бош прокуратурада прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаётган эди. Турли идораларга тўхтовсиз ариза ёзаётганим учун мени қаматиш мақсадида тайёрланган қалбаки ҳужжатлар фош бўлиб қолишидан хавотирга тушган Хидир Каримов яширинча равишда Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди архивидан менга нисбатан юритилган жиноий иш ҳужжатларини йўқоттирган…

2018 йилга қадар бирор-бир ваколатли органлар раҳбарлари, депутатлар, сенаторлар, Инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Омбудсман, ҳоказо ва ҳоказоларга қилинган мурожаатлар самара бермади. Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ тизимида изчил олиб борилган ислоҳотлар Раҳим Даминовга умид бағишлади, унга қанот бахш этди. 2018 йилнинг май ойида Олий судга ишни кайта кўриб чиқиш бўйича ариза ёзди.

Лекин ўша йили, яъни, 2018 йилнинг 17 июлида Косон туман давлат архивида ёнғин содир бўлиб, айнан Раҳим Даминовга тааллуқли бўлган жиноят иши материаллари “тўлиқ ёниб кетади” деган хабарни эшитади. Бу ҳақда Косон туман Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи А.Аллаёров, Косон туман давлат архиви директори О.Хўжамуродов томонидан Раҳим Даминовга расмий жавоб хати орқали маълум қилинган. Архивда ёнғин содир бўлган бўлса, нима учун айнан Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди ҳужжатлари ёниб кетган? Ёнғин нимадан келиб чиққан, қандай ҳужжатлар ёнган, қанчаси асраб қолинган, ким айбдор, булар ҳақида маълумот йўқ. Шунга ўхшаш кўпгина саволлар очиқлигича қолмоқда.

– Орадан бир ойдан зиёдроқ вақт ўтиб, яъни, 2018 йил 25 август санаси билан ёзган аризамга Олий суд судья­­си Х.Қосимов имзоси билан: “Сизга тааллуқли жиноят иши материаллари билан тўлиқ танишиб чикдим”, деган мазмунда уч варакдан иборат суд ажримини олдим, – дейди Раҳим Даминов. – Савол туғилади: менга оид жиноят материаллари 2018 йил 17 июлда ёниб кетган бўлса, Олий суд судьяси Х.Қосимов қандай қилиб иш билан тўлиқ танишиб чиққан?!

Мен бир неча бор Олий судга ариза билан, виртуал кабулхонага телефонда мурожаат килдим. 2019 йил 18 март куни Олий суд раиси К.Комилов қабулида бўлиб, унга айни дамдаги вазиятни тушунтирдим. У менга оид жиноят иши материалларини Кашкадарёдан Олий судга чақиртирилиши ва ёнган ҳужжатлар максимал даражада тикланиши бўйича кўрсатма берди. Лекин шундан буён ёзаётган ҳамма шикоятларимга бир хил мазмунда, яъни, сизга Олий суд судьяси Х.Қосимов 2018 йил 25 августда  Олий суд ажрими билан батафсил жавоб берган, шу туфайли аризангиз қаноатлантирилмади, деган бир хил мазмундаги жавоблар олаяпман…

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят апелляция инстанцияси судининг 2007 йил 12 сентябрдаги ажрими билан Косон туман суди хукмида келтирилган Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми ”г” банди билан бўлган қисми бекор қилиниб, харакатдан тугатилган. Бироқ, биринчи босқич суд хукмининг қай даражада қонунийлигига бахо беришда, яъни, апелляция инстанцияси суди ҳамда назорат тартибидаги Олий суд судьяси ажримларида бир хил тарзда, яъни, “иш бўйича чиқарилган суд қарорлари қонуний ва асосли” деб топилганлиги билдирилган. 2020 йилнинг 2 ноябрида Олий суд судьяси Ш.Тожиев, 2020 йил 20 ноябрда Олий суд судьяси З.Файзиев томонидан имзоланган жавоб хати ҳам бир хил мазмунда: “Шикоятингиздаги важлар яна бир бор қайта текширилиб, суд қарорларини ўзгартириш ва ишни бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас, деб топилганлиги сабабли, шикоятингиз қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинади”… қабилида берилган

Агар мабодо Раҳим Даминовга тааллуқли жиноят иши материаллари ёниб кетган бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси бўйича  айбсизлик презумпцияси қўлланилиши кўрсатилган. Унда: “Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганида келиб чиқадиган шубҳалар ҳам судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак”, дейилган…

Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Назаримизда, унинг ечими Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексида аниқ-тиниқ қилиб кўрсатиб қўйилган. Фақат инсон тақдири учун жавобгар бўлган, ваколатли органлар томонидан ҳар томонлама кўриб чиқариладиган холис ва мантиқли хулосагина бу масалага нуқта қўяди.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2021 йил, 3 февраль.

”ОНА” ДЕБ НОМЛАНГАН АСАРИНИ СОТМАГАН РАССОМ”

Қадим Мовароуннаҳр азалдан тасвирий ва амалий санъат марказларидан бири бўлганини юртимизнинг турли жойларида олиб борилган қазишма ишлари ҳам тасдиқлайди. Бу жойлардан топилган қадимий буюмлар, турли даврларга мансуб ёзув ва суратлар, осори-атиқалар шундан далолат беради. Машҳур мусаввир Камолиддин Беҳзод даврида санъатнинг миниатюра тури жуда ривожланган ва ўша даврда миниатюра мактабига асос солинган. Биз бу ҳақда ўз замонасининг машҳур мусаввирлари асарларидан яхши биламиз.

Бугунги кунда ҳам ана шу йўналишда ижод қилаётган, ўз асарлари билан дунёга танилган истеъдодли рассомларимиз талайгина. Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлари уюшмаси аъзоси Жўра Асран томонидан яратилган бетакрор рангтасвир асарлар Австрия, Венгрия, Руминия, Германия, Ҳиндистон, АҚШ, Франция, Италия, Россия сингари дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида ўтказилган халқаро кўргазмаларда намойиш этилган.

Андижонда туғилиб ўсган, оддий деҳқон оиласида ўсиб-улғайган Жўра Асран ёшлигидан табиатга шайдо бўлди. Уни ҳар бир табиат ҳодисаси бефарқ қолдирмас, ҳар бир гиёҳнинг ифори унинг тасаввурида бетакрор ранглар жилосига айланарди. Табиатдан ҳайратланиш, уни тинглаш ва қалбига кўчириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди, албатта.

Жўравой мактабни битириб, Тошкентга келди ва Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтига ўқишга ҳужжат топширди. Унинг чизган асарлари ижодий конкурсда юксак баҳоланди. Талабалик йилларида жаҳоннинг машҳур рассомлари ижодини ўқиб-ўрганди, устозлардан сабоқ олди. Ўқишни тамомлаб, кўп йиллар давомида пойтахтда ижод қилди. Низомий номидаги педагогика университетида ўз соҳаси бўйича ёшларга сабоқ берди. Бироқ “тартибли” ҳаёт рассом учун бегона эди. Шу сабабли у эркин ижодга ўтди, ўз асарлари билан дунё кезган оддий мусаввир ҳозирги кунда Хонобод шаҳрида ижодини давом эттирмоқда.

– Ёшлик пайтимдан расм чизишга қизиққанман. Лекин бу оддий ҳавас бўлмаган, кўпроқ у ёки бу ҳолатдан таъсирланиб, ўз тасаввуримдан келиб чиқиб, шуларни қоғозга туширмоқчи бўлганман холос, – дейди Жўра Асран. – Баъзи ўртоқларим менинг чизган қораламамни кўриб, унинг нималигини сўрашарди. Мен эринмай уларга ўз тасаввуримдаги образни тушунтириб бергач, суратга бошқача қарай бошлашар, мен кўрган нарсани кўришга ҳаракат қилишарди. Кўп рассомларнинг ижодини ўргандим, улардан ўзимга керакли томонларини олдим. Энг қизиғи, рассомларнинг сурат чизишда танлаган йўналишлари бир-бирига ҳеч қачон ўхшамаган, ўхшамайди ҳам. Ҳайрон қоласан киши. Лекин ҳар бир асар ўзининг тақдири, моҳияти, кўриниши билан томошабинда эстетик завқ уйғотади, ранглар оламига бошлайди.

Уйғониш даври рассомлари, Италия, Голландия, Россия, айниқса, атоқли ўзбек мусаввирлари ижоди менда катта таассурот қолдирган. Ҳаётим давомида, ўқиган пайтларимда таниқли рассомлар билан учрашганман, улардан сабоқ олганман. Лекин менинг энг биринчи устозим она табиат деб ҳисоблайман. Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков, Чингиз Аҳмаров, Рўзи Чориев, Раҳим Аҳмедов ва бошқа уста санъаткорларнинг ижодини ҳурмат қиламан.

Мусаввир чизган суратни ҳамма ҳар хил қабул қилади. Бу тўғри, чунки ҳаммага асар ҳақида бир хил қолипда тушунтириш берилса, бу зерикарли бўлиб қолади, деб ўйлайман. Ундан кейин, ижодкорнинг ҳар бир чизган сурати унинг тасаввур дунёси билан боғлиқ. Рассом гапирмайди, унинг асари “гапиради”. Баъзида шундай бўладики, қўлим ўз-ўзидан мўйқаламга борганини сезмай қоламан. Терлаб-пишиб, соатлаб қоралама қилганимдан кейин ҳовурим босилгач, нималар юз берганини идрок қила бошлайман. Бу ҳолатни бировга тушунтириб бериш қийин. Тўғрироғи, бировга бу ҳақда гапирсанг, кулгига қолишинг мумкин. Ана шунақа гаплар…

Янги асрда барча соҳалардаги ўзгаришлар дунёни остин-устун қилиб юборди. Вақт қумсоати тезлашиб кетгандай гўё. Янгиликларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Санъат йўналишларида ҳам янгиликлар кўпайди. Мана масалан, поп-арт, оммабоп санъат деган тушунчалар пайдо бўлди. Уларни ҳамма ҳам тушунавермайди. Лекин мен учун анъанавий рассомчилик ҳаммасидан устун ва азиз. Чунки мен ўзим чизган асарга шоир шеър ёзганидай, носир асар ёзганидай, оператор кино олганидай муносабатда бўламан. Ҳеч бир штрих эътиборимдан четда бўлмайди. Ҳар бир рассомнинг ўз йўли бор, албатта. Менинг чизган асарим баъзи бировларга ёқмаслиги, баъзи рассомларнинг чизган асари менга ёқмаслиги мумкин. Бу табиий нарса. Ҳаётнинг ўзи шу-да.

1930 йилда П.Беньков бошчилигида Ўзбекистонда ташкил этилган рассомчилик билим юртида таълим олган Чингиз Аҳмаров, Абдулҳақ Абдуллаев, Рашид Темуров, Ашраф Розиқов, Раҳим Аҳмедов ва бошқалар  ўз асарлари билан юртимизга танилди, юксак унвонларга сазовор бўлди. Ҳозирги давр тасвирий санъатида монументаль, театр ва рангтасвирда ўз йўналишини яратган, манзара ва тарихий жанрларда ижод қилаётган рассомлар бор. Ҳозир технология тараққиёти даврида жозибали график технологияси бўлган офорт, литография, линогравюра, кселография ўрнини компьютер графикаси эгаллади.Фан-техника ривожланган ва инновациялар даврида рассомларимизнинг кўпчилиги янги технология ва ифода воситалари орқали декоративизм, авангард ва модерн йўналишларида ўзига хос асарлар яратаяпти. Мусаввирлик йўлини танлаган ёш рассомлар янги технологиялардан фойдаланган ҳолда ўз асарларида ҳиссий-мажозий тафаккур маҳсули сифатида янгича қарашларни шакллантирмоқдалар.

Рассомликка иштиёқи бўлган, ўз ўрнини топишга ҳаракат қилган ҳар бир инсон аввало ёшлигидан расм чизишда унинг композицион ечими, портретлардаги психологик ҳолат, иссиқ ва совуқ рангларни ўз жойида ишлатиш, рангларни асар руҳига сингдириш каби маҳоратларни албатта эгаллаши керак. Бу эса ундан чидам билан ишлашни, эринмасликни, ҳар бир детални, ҳар бир штрихни кўздан қочирмасликни талаб этади. Бу эса игна билан қудуқ қазишдай гап. Ана шуларни бўйнига олган рассомгина катта муваффақиятларга эришади.

…Рассом тасвирий санъатда рангларни қўрқмасдан ишлатиши керак. Шундагина бундай асар инсонда энг нозик ҳисларни уйғотади, ёдида қолади. Жўра Асран умр бўйи ана шу ғоя билан ижод қилди, бир неча маротаба халқ­аро ва республика танловлари ғолиби бўлди. 1998 йилда Самарқандда Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги, Фарғонада Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан бу улуғ алломалар сиймоси акс эттирилган асарларга танлов эълон қилиниб, Жўра Асраннинг асарлари бадиий академия томонидан халқаро мукофотга лойиқ кўрилди. У 2006 йилда ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» республика танловида биринчи ўринни эгаллади.

– Мен ўз асарларим билан кўпгина халқаро кўргазмаларда қатнашганман, – дейди Жўра Асран. – Халқаро даражада шахсий кўргазма ташкил этишимда ҳомийлар кўмак берган. Харажатларнинг маълум қисмини давлат, маълум қисмини ҳомийлар, маълумини ўзим кўтарганман. Ўша кўргазмаларда менинг ижодим хусусида мухлислар, мутахассислар томонидан айтилган, ёзиб қолдирилган эътирофлар оз эмас. Лекин аччиқ бўлса ҳам айтишим керак, ҳомийлик қилишни бўйнига олган бир ташкилот Америкада ташкил этишим керак бўлган шахсий кўргазмамга ёрдам бермоқчи бўлди. Лекин анчагина маблағ кераклиги учун бу кўргазмам қолиб кетди, пул топилмагани учун Америкага асарларимни олиб боролмадим. Очиғи, халқаро ёки маҳаллий миқёсдаги кўргазмалардан даромад келмайди. Бу ерда Ватанни, халқимизнинг урф-одатлари, ҳаёт тарзини бутун дунёга тарғиб қилиш биринчи ўринга чиқади. Шунинг учун кейинги пайтларда давлатимиз томонидан барча ижодкорлар, хусусан, рассомлар ижодига алоҳида эътибор, хориж мамлакатларида кўргазмаларини ташкил этишда уларга моддий кўмак берилаяпти.

Кўплаб рассомларимиз хорижий давлатларда ташкил этилаётган халқ­аро кўргазмаларда иштирок этишяпти. Бундан мақсад – ўзбек миллатини, буюк аждодларимиз кимлар эканини, ҳар соҳада илғор бугунги кун фидойиларини дунёга танитиш. Мустақиллик берган имкониятларни намоён қилиш, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган бунёдкорликлар ва ободончиликларни кўрсатиш, ёшларимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотишдан иборат. Рассом ана шуларнинг ҳаммасини идрок қилиши, асарларида жонлантириши талаб этилади, ана шу масъулият Жўра Асранни тинч қўймайди.

– Халқимизнинг маънавиятга, маърифатга эътибори кучайди, – дейди Жўра Асран. – Уларнинг ўзи рассомларимиз чизган суратларни сотиб оляпти. Қайси хонадон ёки ташкилотга борманг, деворида албатта бирорта мусаввирнинг асари бор. Бу азалдан халқимизнинг санъат асарларига чанқоқлигини кўрсатади. Иккинчидан, рассом ҳам моддий рағбат олади, ҳам янги-янги мавзуларга қўл уради. Пойтахтимизда бунёд этилган Рассомлар галереясига бир киринг, у ерда мусаввирларимиз томонидан чизилган бири-биридан бетакрор, Ўзбекистон, унинг ўтмиши ва бугуни ҳақидаги асарларни томоша қилиб тўймайсиз. Уларнинг ҳар бирида катта юрт нафаси, мустақиллик тафти мужассам.

…Жўра Асран кўп йиллар мобайнида пойтахтда фақат ижод билан шуғулланди. Ҳафталаб, ойлаб тўйиб овқатланмаса ҳам, ижодни қўймади. Бир бурда нон, бир пиёла чойга қаноат қилди. Ўз ижодхонаси бўлмагани боис, аввал бир ўртоғининг Бодомзордаги хонадонида, кейинчалик Қўйлиқ мавзесини кесиб ўтадиган Чирчиқ дарёси атрофида қурилган дала ҳовлилардан бирида, танишининг уйида яшади, ижод қилди.

Кунларнинг бирида рассом она юрти – Андижонни соғинди, унинг тупроғини тавоб қилиш, кўзига суртиш мақсадида йўлга отланди. Келди-ю, қайтиб пойтахтга кетгиси келмай қолди. Ўзига уй ва ижодхона қуришни ният қилди, ўзи эмин-эркин ижод қиладиган манзил излади. Ниҳоят, Хонобод деган сўлим маскандан қўним топди. Улуғ рассомнинг шу ердан қўним топишга майл билдириши маҳаллий раҳбарларни қувонтирди, унга сўлим кентнинг ўзлаштирилмаган адирликларидан ер ажратилди.

– Ҳозир Хонобод шаҳрида ёш рассомлар тўгарагини ташкил этганман, йигирмадан зиёд ўсмир йигит-қиз тўгарагимизга аъзо бўлган. Уларнинг сони тобора ошиб бораяпти, – дейди Жўра Асран. – Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг биринчисида ёшларни ижодга жалб этиш, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш белгиланган. Бу ердаги ёшларнинг санъатга муҳаббати, иқтидорининг юқорилиги мени ҳайратда қолдирди. 2020 йилнинг март ойида Хонобод шаҳрида кўргазма ташкил қилдим. Худо хоҳласа, яқин келажакда яна қайтадан хориж мамлакатларида шахсий кўргазмамни ташкил этишни режалаштираяпман. Хонободда ўнга яқин янги асар битдим. “Бобочинор”, “Ҳаёт чархи”, “Дугоналар” каби асарларимда табиат билан уйғунлик, бугунги кун руҳи мужассам.

Мусаввир сеҳрли мўйқаламидан бунёд бўлган “Қўшқанот” асари жуда кўп хориж мамлакатларида кўргазмага қўйилган. Унда эгизак невараларини икки қўлига кўтариб олган, чеҳрасидан нур ёғилиб турган, ўз ҳаётидан мамнунлиги акс этиб турган мунис аёл келажакка ишонч билан боқиб турибди. Иккинчи пландаги хурмо дарахти эса асарда фаровонлик рамзи ҳисобланади. Олтинранг мевалар зумрад япроқлар ичра намоён бўлади.

Мусаввир Жўра Асраннинг қўли-қўлига тегмайди, суратдаги ҳар бир жараён унинг мўйқаламидан жило топиб боради, тасвирлар мукаммалашади, ранглар қуюқлашади. Аёл чеҳрасидаги табассум, эгизак неваралар, яшил майсазор оралаб кетган  йўлак – бу ҳаётнинг давомийлигидир.

Жўра Асран асарларининг мавзуси ранг-баранг. Лекин она, аёл сурати, Ватан манзараларини мўйқалам орқали акс эттириш унинг учун ҳар қандай мавзудан устун туради. У Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада ўз асарлари билан қатнашганида, бу кўргазма мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. Мухлислардан бири рассомнинг «Она» деб номланган портрет асарини сотиб олмоқчи бўлади. Жўра Асран уни сотишга рози бўлмайди. Шундан кейин унга жуда катта пул эвазига асарни сотишни таклиф қилишади. Лекин рассом бу таклифга ҳам рад жавобини беради. Жўра Асран шу воқеа муносабати билан тилга тушади, Германия ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларига интервью беради. У мухбирларнинг:

– “Она” деб номланган асарингиз учун жуда катта миқдорда пул таклиф қилишди, лекин сиз кўнмадингиз. Бунга сабаб нима? – деб сўрашганида, Жўра Асран:

– Очиғи, бу асарни сотишга кўнглим бўлмади. Сотсам, онамга, Ватанимга хиёнат қиладигандай ҳис қилдим ўзимни. Бизда Она, Ватан туйғуси ҳар нарсадан устун туради. Бу туйғу бешикдалигимизданоқ қон-қонимизга сингиб кетган. Бор-йўғи шу, – деб жавоб берган эди. Ўша йили Жўра Асран дунёнинг энг ватанпарвар рассоми сифатида жаҳон матбуоти саҳифаларида қайд этилган эди. Бу асар ҳали ҳам кўргазмаларга қўйилаяпти.

– “Қўшқанот” асарим жуда мураккаб сюжетли, – дейди Жўра Асран. – Гарчи, унда акс этган аёлнинг ҳаёти фаровон, фарзандлари бахтини кўриб, неваралари даврасида шодумон юрган бўлса ҳам, эътибор бериб қарасангиз, унинг чеҳрасидаги ғам-ташвиш соясини ҳам илғаб оласиз. Чунки, ҳаёт бор – бахт бор, ҳаёт бор – ташвиш бор. Бусиз яшашнинг ўзи ҳам қизиқ эмас.

Мен Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг ижодкорлар билан учрашувдаги мулоқотини яхши эслайман. Ижодкор учун энг аввало яхши шароит яратиш, уни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилди. Бу менга янада илҳом бағишлади. Ҳозир янги-янги асарлар устида ишлаяпман.

Атрофимизда рўй бераётган воқеалар, ҳаётимизда, жамиятимизда ҳар куни бир ўзгариш, янгиликлар, бунёдкорликлар мени янада баланд руҳ билан ижод қилишга ундайди. Бу тарихий ўзгаришларни қаламга олсам,  дунёга кўрсатсам, замон билан ҳамнафас бўлсам, дейман.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


«Ўзбекистон овози» газетаси 2021 йил, 3 февраль.

ҚАҲРАМОНЛИККА ТАВСИЯ ЭТИЛГАН ЖАНГЧИ

нега бошқа мукофот билан тақдирланган?

Газетамизнинг 2020 йил 13 май сонида Каттақўрғон туманидаги Ёдгорхўжа маҳалла фуқаролар йиғини, Қўшработ қишлоғида яшаган Эсон Жобўриевнинг иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасоратлари учун 1944 йил 21 июлда 233-Черномор полки раҳбарияти томонидан қаҳрамонлик унвонига тавсия қилингани, лекин номаълум сабабларга кўра, бу мукофот “Қизил байроқ” орденига алмаштирилгани ҳақида “222-мукофотлаш варақаси бўйича каттақўрғонлик жангчи Эсон Жобўриев қаҳрамонлик унвонига тавсия қилинган эди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Эсон Жобўриев 1940 йилда Каттақўрғон туманидаги Қўшработ қишлоғидан ҳарбий хизматга чақирилган. 1941 йилнинг ўрталарида уруш бошлангач, у биринчилар қаторида олдинги фронтга жўнатилади ва Ғарбий, Марказий, Жанубий-ғарбий, Брянск ва Белоруссия фронтлари армияси таркибида жангларда иштирок этади, взвод командири бўлади. Эсон Жобўриевга гвардиячи сержант унвони берилиб, бир неча маротаба олий қўмондонлик томонидан орден ва медаллар билан тақдирланади.

Қишлоқнинг бир гуруҳ оқсоқоллари, хусусан меҳнат фахрийси Анвар ака ­Раззоқов томонидан таҳририятимизга йўлланган мактубда собиқ жангчининг фарзандлари Қаҳрамон, Баҳодир ва Баҳром оталари Эсон Жобўриев жангда кўрсатган жасоратлари учун олий мукофотга тавсия қилингани бўйича изланишлар олиб бориб, Москвадаги марказий архивга хат ёзишгани, у ердан ҳақиқатан ҳам оталари 1944 йил 21 июнда жанг майдонида кўрсатган жасорати учун қўмондонлик томонидан қаҳрамонлик унвонига тавсия қилингани ҳақидаги 222-мукофотлаш варақаси нусхасини олишгани ҳақида маълумот берилган эди.

Ўз навбатида, таҳририят томонидан ҳам ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига мурожаат қилинган эди. Айтиш керакки, иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинган ўзбекистонлик жангчиларнинг 120 минг нафари жанг майдонларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатгани учун орден-медаллар билан тақдирланган, 300 нафарига қаҳрамонлик унвони берилган. Шу билан бирга, ҳарбий қисм ёки қўмондонлик раҳбарияти томонидан юксак унвонларга ёки орден-медалларга тавсия қилинган, жанг майдонларида жасорат кўрсатган аскарлар кутилмаган воқеалар, чалкашликлар сабабли унвон ва орден-медалларни ололмай қолган ҳоллар ҳам кўп бўлган.

Масалан, Фарғона вилояти, Сўх тумани, Ҳушёр қишлоғидан урушга чақирилган Тешабой Одиловнинг жангда кўрсатган жасоратлари ҳақида ТАСС мухбири А.Михайлов мақола ёзганидан кейин унинг сурати «Ватан ҳимоясида» («На страже Родины») газетасида босилган. «Союзхроника» томонидан «Снайпер-разведкачи» номли ҳужжатли фильм яратилиб, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг барча ҳудудларида намойиш этилади. Тешабой Одиловнинг номи тилларда достон бўлади.

Ёзувчи Адҳам Раҳмат у ҳақда «Машҳур мерган» очеркини ёзади. Улуғ адиб Ойбек «Йигитларнинг йигити» номли шеърини унга бағишлаган. Фашистларни шаҳарга ўтказмаслик учун Нева-Дубровка тепалигида 48 кеча-кундуз матонат билан мудофаада турган аскарлар сафида Тешабой Одилов ҳам бўлган ва сўнгги нафасигача душман билан жанг қилади. У елка ва оёғидан ярадор бўлиб, ҳушидан кетади. Бир неча минглаб аскарлар ҳалок бўлган ўша тепаликка ўрнатилган ёдгорлик монументида Тешабой Одиловнинг ҳам номи қайд этилган. Лекин Тешабой Одилов госпиталга тушган бўлади, тузалиб чиққач, 1944 йилда Нарва учун бўлган жангда яна оғир ярадор бўлади, уйига иккинчи марта қорахат келган…

У эса урушдан эсон-омон қайтиб келиб, уйланган, 13 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳалол меҳнат қилиб, узоқ умр кўрган. 1961 йилда ­Павел ­Лу­кницкий томонидан чоп этилган «Ленинград ҳаракатда» («Ленинград действует») китобида 1942 йил «Невский пятачок» ҳимоясида ҳалок бўлган аскарлар қатори Тешабой Одиловнинг урушда кўрсатган жасоратлари ҳам тилга олинади. 1971 йилда Павел Лукницкий Тешабой Одиловнинг тирик эканидан хабар топади ва унга хат ёзади. Ўша йили ғалаба байрами муносабати билан Тешабой Одилов Ленинградга таклиф этилади ва унга тантанали равишда «Нева Дубровкаси фахрийси» унвони топширилади. Павел Лукницкий урушда ҳалок бўлганлар рўйхатида номи икки марта қайд этилган бу қаҳрамон ҳақида «Известия» газетасига «Ўлимни енгганлар» («Сильнее смерти») сарлавҳали мақола ёзган. Лекин Тешабой Одиловнинг жангда кўрсатган жасоратларидан юртимизда кўпчилик хабардор бўлмаган. Бу ҳақда гапиришни унинг ўзи ҳам истамаган.

Каттақўрғонлик жангчи Эсон Жобўриев эса полк қўмондонлиги томонидан қаҳрамонликка тавсия қилинган. Бироқ, нима учун қаҳрамонлик унвони ўрнига бошқа мукофот берилган? Архив ҳужжатларидаги маълумотга кўра, ҳақиқатан ҳам гвардиячи сержант Эсон Жобўриев 1944 йил 21 июнда жанг майдонида кўрсатган жасорати учун қаҳрамонлик унвонига тавсия қилинган.

234-гвардиячи Черномор ўқчи полкининг командири, гвардиячи подполковник Шкурко томонидан 1944 йил 30 июлда имзоланган мукофотлаш варақасида Эсон Жобўриев қаҳрамонлик унвонига тавсия этилган. Унда келтирилишича, гвардиячи сержант 1944 йилнинг 17 июлида Белоруссиянинг Волинск вилояти, Диван туманидаги аҳоли пунктини эгаллаш учун бўлган жангларда ярим тунда ўз бўлинмаси билан дарёни кечиб ўтиб, 30 нафар душманни яксон қилган ҳамда 40 нафарини асирга олган. Унда келтирилишича, ўша куннинг ўзида унинг бўлинмаси шиддатли жанглар давомида душман қуршовини ёриб чиқиб, аҳоли пунктидаги 156,8 метр баландликдаги тепаликни ишғол қилади.

Шу билан бирга, тақдимномада келтирилишича, гвардиячи сержант Эсон Жобўриев 1944 йилнинг 21 июлида 13 жангчи билан Брест вилоятининг Домачев туманида Ғарбий Буг дарёсини кечиб ўтади ҳамда унинг ғарбий қирғоғини ишғол қилади. Дубица аҳоли пунктидаги тепаликда Эсон Жобўриев бошчилигида душман ўровида қолган 13 нафар жангчи ёрдам кучлари етиб келгунга қадар тепаликни мардонавор ҳимоя қилади. Мукофотлаш варақасида шахсан Эсон Жобўриев яккама-якка қўл жангига киришиб, бир ўзи 18 нафар душманни ер тишлатгани қайд этилган. Ўша пайтда фронт газеталаридан бирида “Единая боевая семья” рукни остида чоп этилган “Он стал сержантом, бывалым воином” сарлавҳали мақолада Эсон Жобўриевнинг жангда кўрсатган жасоратлари ҳақида ҳикоя қилинади ҳамда сурати чоп этилади. Энди ўйлаб кўрайлик, унинг бу жасоратлари ҳақиқий қаҳрамонлик  эмасми, қаҳрамонлик унвонига муносиб эмасми?

Ўша қаҳрамонлигидан сўнг Эсон Жобўриевга уйига бориб келиши учун икки ойлик таътил берилади. У яшайдиган туман ҳарбий комиссариатига қаҳрамонликка тавсия этилгани тўғрисидаги мукофотлаш варақаси нусхаси ва ташаккурнома юборилади. Лекин Эсон Жобўриев таътилдан кейин ўз ҳарбий қисмига қайтиб борганида, унга қаҳрамонлик унвони ўрнига 70-армия 1-Белоруссия фронти қўмондонининг 1944 йил 7 августдаги буйруғи билан “Қизил байроқ” ордени тақдим этилади…

Қўлимизда Москвадаги марказий архивдан олинган, йиллар тўзони сарғайтирган мукофотлаш варақасининг бир саҳифаси. Унда 95-рақамдан то 105-рақамгача 11 нафар мукофотланганларнинг исм-фамилияси, яшаш жойи, кўрсатган жасоратлари қайд этилган. Уларнинг уч нафари рус, бир нафари карел, 7 нафари ўзбек… Ана шу рўйхатнинг сарғайган биргина варағида мукофотланган 7 нафар ўзбек ўғлонларининг исм-фамилиялари, туғилган манзиллари келтирилган. Қосимов Абдураҳим, Жобўриев Эсон, Арслонов Ҳакимжон, Саидакбаров Шарифжон, ­Абдуллаев Ғанижон, Бойназаров Олимжон, Алибоев (исми тушунарсиз)… Уларнинг кўплари ўлимидан сўнг мукофотларга тавсия қилинган. Биз эса улар ҳақида ҳеч нарса билмаймиз, ёш авлод эса булардан батамом бехабар…

Исм-шарифлари хотира китобларига киритилган бўлса-да, номаълум тақдирлар, кўрсатган жасоратлари ҳақидаги ҳужжатлар Россиянинг турли архивларида қолиб кетган сон-саноқсиз юртдошларимиз руҳи олдида биз ҳамиша қарздормиз. Шу ўринда айтиш керакки, иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинганлар орасида довюраклиги билан донг таратган, тилларда достон бўлган жуда кўплаб юртдошларимиз кўрсатган жасоратлар ҳали деярли тадқиқ қилинмаган, ўрганилмаган. Бундан 20-30 йиллар илгари пискентлик журналист Мажид Самадов ўз маблағи эвазига Россиянинг шаҳар ва қишлоқларини кезиб, архивларда ўтириб, бир неча ойлаб, ҳатто йиллаб қатнаб, урушда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар ҳақида қимматли ва нодир маълумотлар тўплаган ва газеталар саҳифаларида ёритиб борган эди. Бу хайрли иш, албатта. Аммо бу тадқиқотлар кўпайиши керак. Юртдошларимизнинг урушда кўрсатган жасоратлари ўрганилса, ёш авлодга ибрат қилиб кўрсатилса, ҳар томонлама фойдали иш бўлади, ўтганларнинг руҳи ҳам шод бўлади.

Эсон Жобўриев жангу жадаллардан омон чиқиб, қишлоғига қайтди, турмуш ўртоғи Махфират опа билан беш нафар ўғилни тарбиялаб, вояга етказди. Фарзандлар Москвадаги марказий архивдан оталари жанг майдонларида кўрсатган жасоратга доир барча ҳужжатларни тўплашган. Энди гап бундан 77 йил илгари, суронли жангларда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган Эсон Жобўриевнинг олий унвонга сазовор бўлгани ҳақидаги ҳақиқатни тиклашда қолди. Тўғри, умр ўткинчи, ҳеч ким ҳаётга устун бўлолмайди. Лекин инсон шаъни, унинг қадр-қиммати, хотираси ҳамма нарсадан устун. Шундай экан, биз бу мавзуга яна қайтамиз ва бу борада ҳақиқатни тиклашда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўз сўзини айтади, деб умид қиламиз.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.5 / 5. Baholaganlar soni: 39

OAV nomi va parolini kiriting!