«Олтин қалам – 2021» танловига

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВАнинг ижодий ишлари

«Шунчалик ҳам бўлиши мумкинми?» Дунё андоза олиши мумкин бўлган Туркияда нималар ҳайратланарли?

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги саёҳат уюштирилди. Бир ҳафта давом этган тур Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм  бўлимининг шафелиги остида олиб борилди. Бугун сафардан сўнг Туркияда бизни ҳайратлантирган, инчинун, ҳавасимизни келтирган айрим жиҳатларга тўхталиб ўтмоқчимиз.

Аввало Туркия ҳақида қисқача: Туркия Республикаси Ғарбий Осиёда 97% ва Жанубий Европада 3% и бўлган давлатдир. Аҳолиси ўтган йилги кўрсаткичларга кўра, 83 миллион кишини ташкил этади ва бу билан аҳоли сони бўйича дунёда 19-ўринда туради. Ҳудуднинг майдони эса 783 562 км²ни ташкил этиб, ҳудуди бўйича эса 36-ўринни эгаллаган. Давлат тили – турк тили.

Замонавий Туркия 1923 йилда ташкил топган. Мамлакатда туризм юксак даражада ривожланган.

Хўш, Туркия бизни нимаси билан ўзига ром этди, ёхуд биз нималардан ҳайратландик?

Тартиб самолёт бортидан бошланади

Бу давлатга саёҳат қилишни истасангиз, аввало, ўта тартибли бўлишга ҳаракат қилинг. Сабаби аэропортда, самолётга чиқаётган дақиқаларимизданоқ биз буни ҳис қилдик. Мулойим, юзлари кулиб турган стюардессалар сизни айни пандемия шароитида гегиеник воситалар тўплами билан кутиб олади. Сиз то манзилингизга етиб боргунингизга қадар вирусдан ҳимояланиш мумкин бўлган ниқобдан тортиб, антисептик гелгача қуролланасиз. Аммо бу етарли эмас, ҳар қадамда бортни айланиб юрган ходимлар сизга маскангизни тақиб олишингизни, агар сал пастроқ тушиб турган бўлса юқорироқ кўтариб тақишингизни кулибгина эслатиб туришади. Мамлакат аэропортида ленталар орқали жорий қилинган ижтимоий масофани сақлаш усули эътиборга молик. Сиз бораётган давлатингиздаги тартибни ҳали манзилингизга етиб бормасданоқ тушуна бошлайсиз.

Бир тор кўчага сиққан трамвай, машиналар ва одамлар

Саёҳатимизнинг илк куни, албатта, дунёнинг энг қайноқ нуқталаридан ҳисобланган Истанбул марказий кўчаларида бўлди. Ёруғ ва ранг-баранг кўчалар, йирик савдо мажмуаларида сиз ўзингизга ёққан нархларда барча нарсаларни топишингиз мумкин, турли сюрпризлар эса саёҳатнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Бу кўча Истанбулга ташриф буюрган ҳар бир одам келиши шарт бўлган «Истиқлол» кўчасидир. Унинг гавжумлиги ҳақида кўп эшитгандирсиз. Аммо бизни ҳайратга солган бир жиҳат борки, у ҳақда гапирмай иложи йўқ: 3-4 метр кенгликда бўлган бу кўчалардан бир пайтнинг ўзида ҳам пиёда, ҳам транспортлар ҳаракатланади. Шунингдек, трамвайлар қатнови ҳам йўлга қўйилган. Бироқ, ҳеч қачон фуқароларни четга чиқишга ундайдиган, қулоқни қоматга келтирувчи сигналлар, йўлдан ўтиб қолишга ҳаракат қилаётган фуқаролар ёки трамвай йўлини тўсиб қўйган бирор ҳолатга дуч келмайсиз. Гарчи, гавжум кўча бўлса-да, ҳаммаси жуда чиройли ва тартибли.

Пандеми даври: белгиланган вақтда дўконлар «тақатақ» ёпилади

Савдо-сотиқ Туркия туризмининг бир қисми ҳисобланади. Туркияга бориб савдо қилмаслик, дарёга бориб сув кўрмаслик билан баробар, гўё. Истанбул марказий кўчаларидаги сон-саноқсиз савдо дўконлари маҳаллий аҳоли ва бошқа давлатлардан келганлар билан доимий гавжум. Биз ҳам дунёнинг энг номдор бренд магазинларидан тортиб, ҳақиқий турк ширинликлари маконигача учратдик. Бироқ, айни пайтда ўрнатилган тартиб сабаб Туркияда соат 20:00 бўлгач, жамики савдо масканлари ёпиларкан, қоларкан. Сиз нимагадир улгурмай қолишингиз ёки ҳали яна харид қилишни исташингиз бу тартибни ўзгартира олмайди. Маҳаллий аҳоли эса бу ҳолатга аллақачон кўниккан ва барча шу режимга қараб иш тутади. Шанба ва якшанба кунлари эса Туркияда осудалик ҳукм суради. Фақат энг муҳим эҳтиёждаги дўконлар 17:00 га қадар ишлайди. Худди шу дам олиш кунлари биз ҳам 17:00 бўлишига 10 минут қолганда озиқ-овқат дўконига ташриф буюрдик. Машҳур турк қаҳваси, луқум, чой, шоколод дегунимизча 10 минут ўтдию, дўкон ходимлари биздан тезроқ харидни тўхтатиб, чиқиб кетишимизни сўраб қолишди. Ўзбекчилик: улгурганимизча қўлимизга учраган нарсалардан таваккал олдигу, кассага йўналдик. Ахир, уйга қуруқ қўл билан қайтиб бўлармиди?!

Туркия ит ва мушукларга меҳрибон давлат

Истанбул, Каппадокия ва Анталияда ҳайвонларга нисбатан ўта меҳрибонлик гувоҳи бўлдик. Одамлар билан гавжум марказий кўчаларда мушук ва итларинг учраши ва уларнинг инсонлардан чўчимай юриши оддий ҳолат экан. Сиз уларга яқин боришингиз, бемалол эркалатишингиз ёки бирор егулик билан меҳмон қилишингиз мумкин.

Кўчаларнинг ҳар ер, ҳар ерида эса уларнинг овқатланиши учун махсус идишчалар ҳам ўрнатиб қўйилган. Эътибор бериб қарасак, итларнинг қулоқларидан бирида нимадир тақиб қўйилган. Бизга ҳамроҳлик қилган гиднинг тушунтиришича, бу белги ҳайвонларнинг давлат ҳимоясида эканлигини билдирар экан.

Пастқамгина, аммо байроқ илинган кулбалар

Энди одамни чин дилдан ҳавасини келтирадиган жиҳат ҳақида гапирмоқчиман. Туркия байроқлар мамлакати: кўчалар, бинолар, дўконлар ва ҳатто сотиб олаётган кичик эсдалик буюмларигача мамлакат байроғи туширилган. У ҳам майли, ҳар бир аҳоли хонадонлари эшиклари олдида ҳам юрт байроғи илиб қўйилгани ҳайратимизни оширди. Саёҳатимиз давомида шаҳарнинг чекка ҳудудларига автобусда борар эканмиз, оддийгина, пастқамгина уйларнинг кириш эшикларида ҳам Туркия байроғи осиб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Ана ватанпарварлик деймиз, ҳавасда.

Туркияда ҳаммаси турк тилида

Бугун ҳар қандай бизнеснинг ярим ривожи унинг яхши рекламаси билан баҳоланади. Истанбул, Каппадокия ёки Анталия кўчаларини кезар экансиз, турли нарса-буюмларнию, янгича хизматларни таклиф қилаётган реклама баннерларига кўзингиз тушади. Бу нормал ҳолат, бироқ, сиз Туркияда барча ёзувларни фақат турк тилида кўрасиз. Ва, ҳатто сиз сон-саноқсиз турк тилида ёзилган ёзув ва баннерларни ўқиб бориш орқали бу тилда яхшигина сўзлай бошлашингиз ҳам мумкин. Гарчи, сиз сайёҳларнинг энг гавжум кўчасида бўлсангиз ҳам турк тилида барчасини ўқишингиз ва тушунишингиз керак. Бу эса ўз тилига нисбатан олий даражадаги ҳурмат, бизнингча.

«Ўзбекмисиз? Ўзбеклар бизнинг қардошимиз»

Биз саёҳатимиз давомида кўплаб гўшаларда бўлдик, аммо тан олиб айтиш керакки, туркларнинг биз билан муносабати ва сўзлашувида деярли қийналмадик. Таржимон шарт бўлмади. Савдо дўконлари ва бозорларини айландик, маҳаллий аҳоли билан мулоқотлар қилдик. Биринчи жумламизданоқ, «Ўзбекмисиз?» дея сўраб қолишади. Биз ҳам кўзларим ёниб, «Ҳа» дея ғурурланамиз. Ўнг қўлини чап кўксига уриб, «Ўзбек менинг қардошим» дейди турклар ва юзларида табассум билан янада илиқроқ муносабатда бўлишади.

Ана шундай ҳайрат ва таассуротларни олгач эса бу диёрга яна боргинг келаверади.

Фарида Эгамбердиева,

Тошкент -Истанбул-Каппадокия-Анталия-Тошкент

“darakchi.uz” нашри, 2021 йил 4 февраль
“Xalq so’zi” нашри, 2021 йил 4 февраль

—————————————————————————————————————————————————————————————————

60 МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МАНЗАРА, ЕР ОСТИДА ЖОЙЛАШГАН 8 ҚАВАТЛИ ШАҲАР:

КАППАДОКИЯ ВОДИЙЛАРИ АФСОНАМИ ЁКИ ҲАҚИҚАТ

Кичик Осиёда олис ўтмишда вулқон отилиши натижасида пайдо бўлган, бир-бирини такрорламас, пирамида шаклидаги тепаликлар ва жуда қизиқарли ландшафт… Ана шундай тарих сўзлаб турган марказлардан бири Туркиянинг Каппадокия-сидир. Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан, мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими шафелиги остида «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар учун саёҳат ташкил қилинди…

Каппадокия Туркиянинг Кайсери, Невшеҳир, Аксарай вак Нигде вилоятларини ўз ичига олган тарихий ҳудуд. Жойнинг номланиши билан боғлиқ бир нечта маълумот-лар ва афсоналар мавжуд. Ана шу тахминлардан бири-га кўра, бу ном қадимги форс тилидаги Ҳаспадуя ёхуд  Хув-аспа-даҳю жумласидан келиб чиққан бўлиб,  «чирой-ли отлар мамлакати» деган маънони англатади. Бошқа маълумотларда минтақанинг номи қадим хетт тилида-ги Лувиан Кат-патукад сўзларининг ўзгарган шакли бўлиб, «пастки мамлакат» дегани экан.

Тарихий маълу-мотларга кўра, Каппадокиянинг ажоийб манзараси табиат томонидан 60 миллион йил олдин яратилган. Бундай ғайриоддий қўзиқоринсимон устунлар ва пирамидалар табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлгани илмий асосланган. Маълумотларда келтирилишича, сув ва шамол узоқ вақт давомида тошни ўйиб юрган. Натижада, вулқон қотишмалари эрозияга учраган, сабаби улар тошдан анча юмшоқ бўлиб, осонроқ емирилган.

Ушбу тарихий ҳудуддаги дастлабки аҳоли пунктлари милоддан аввалги бешинчи минг йилликда пайдо бўлган. Ўз даврида ҳудуд кўплаб давлатларнинг, хусусан, Хетт, Форс, Рим ва Усмонли империяларининг бир қисми бўлган. Усмонли империяси тугаганидан сўнг, ХХ-асрнинг  бошларида Каппадокия Туркия Республикаси тасарруфига ўтади. Туркия нинг ҳар қандай шаҳар ва вилоятларидан кўриниши, иқлими ва тарихи билан фарқ қиладиган бу масканга нис-батан “Каппадокия — бу алоҳида Туркия” атамасини ишлатилади. Шунинг учун ҳозирда Каппадокия зиёратчилар ташриф буюрадиган энг муҳим гўшалардан бирига айланган.

Яна бир муҳим маълумот Каппадокиянинг кўплаб афсонавий водийлари ва ғорлари аҳоли пунктлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

ДУНЁДА ЯГОНА 8 ҚАВАТДАН ИБОРАТ ЕР ОСТИ ШАҲРИ

Каппадокия 2 та — ер усти ва остидан иборат шаҳар бўлиб, унда 100 дан ортиқ ер ости шаҳарлари ва устки қисмда эса бир-бирини так-рорламас, бир неча асрга эга афсонавий водийлар мавжуд.

Ер ости шаҳарларининг энг каттаси «Қаймоқли»номи билан аталади. Дастлаб, нега айнан «Қаймоқли» деб номланиши ҳақида: айтишларича, бу ернинг қаймоқлари ўзгача мазали бўлиб, таъми бошқа жойлар-никига асло ўхшамас экан. Шунга кўра, пастки шаҳарга ҳам шундай ном берилган. Ер ости шаҳри юмшоқ вулқонли тош қотишмада ўйилган туннеллар ва заллар тизимидир. Манбаларга кўра, ер остида бунёд этилган бу мас кан қочқинлар учун бошпана вазифасини ўтаган. Яъни, у араблар таъқибидан қочган дастлабки насроний-лар учун бошпана бўлиб хизмат қилгани айтилади.

Мазкур ер ости шаҳри 8 қаватдан иборат бўлиб, 20 метр чуқурликда жойлашган. Шаҳарнинг биринчи босқичи хеттлар томонидан қурилган. Кейин чалик, Рим ва Византия ҳукмронлиги даврида сунъий ғорларнинг майдони янада кўпайиб боради ва бу охир-оқибат ер ости шаҳарининг шаклланишига олиб келади.

Ажабтовур хоначалар, тор йўлак ва махсус омборлар душмандан ҳимояланган фуқаролар учун егуликларни яхши сақлаш ва узоқ муддатгача яшаш имконини берган. Қаватлар юқоридан вертикал шамоллатиш қудуқлари, пастки қисмида сув омборлари билан боғланган.

Ер ости бошпаналари асосан икки хонали «кварти-ралардан» иборат бўлиб, уларда шамоллатиш тизими туфайли доимий равиш да + 27 ° C ҳарорат сақланиб тура-ди. Шунингдек, ғорларда ош-хоналар, отхоналар, шароб-хоналар, ибодатхона ва озиқ-овқат маҳсулотларини бир неча ой сақлаш учун омборхоналар жойлашган. “Қаймоқли” ер ости шаҳрида ўз даврида тахминан 15 минг киши бошпана топиши мумкин эди, дейилади тарихий манбаларда.

Алоҳида жиҳати шундаки, ер ости шаҳрига тушиш йўлаклари жуда тор бўлиб, унда фақатгина бир кишиги-на ҳаракатлана олади. Бу эса агар душман ер ости шаҳрига ҳужум қилмоқчи бўлса, жамоавий ҳаракатланишига йўл қўймаслигини таъминлайди. Қайд этилишича, 5 минг йиллик тарихга эга «Қаймоқли «9 км. узунликдаги туннель орқали бошқа ер ости шаҳри Деринкую билан боғланган.

1964 йилдан бошлаб сайёҳлар ташрифи учун очилган ер ости шаҳрининг юқори 4 қаватини айланиб чиқишга рухсат берилган. Бизни ўзга оламга олиб кир-ган йўлбошчимиз Мурат Челикернинг айтишича, ҳозирда пастки қаватларида археологик ишлар олиб борилмоқда. Ажаб эмас, бизнинг бу афсонавий масканга қиладиган кейинги саёҳатимизда янги археологик топилмалар аниқланганига гувоҳ бўлсак.

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА,  Тошкент-Невшеҳир-Тошкент

“Даракчи” газетаси, 2021 йил 11 март 10(1137)-сон.

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

Мандаринлар тўкилиб ётадиган шаҳар, куёвлар беллашуви сабаб яратилган муҳташам театр ёхуд «Гладиатор» қаҳрамонига айланиш сири. Бу маскан қаерда?

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги саёҳат уюштирилди. Қарийб бир ҳафтадан бери бўлиб ўтаётган тур Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм  бўлими томонидан ажойиб назорат остида олиб борилмоқда. Пандемия даври, карантин тартиб-қоидалари инобатга олинган тарзда ташкил этилган саёҳатнинг эсда қоларли манзилларидан бири бутун дунё сайёҳларининг севимли маскани Анталияда бўлди.

Эски шаҳар, мевали боғлар ёки «Гладиатор» қаҳрамонига айланиш сири

Анталия — тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар. Унинг бир томони дунёдаги энг ривожланган шаҳар кўринишини берса, бошқа бир гўшаси эса сизни беихтиёр тарихга қайтаради. Ана шундай тарихий масканлардан бири Туркиянинг жанубий қисмида, Анталиядан 35 км узоқликда жойлашган қадимий Аспендос шаҳри. Тарихда Аспендоснинг яратилиши билан боғлиқ афсоналар мавжуд: шаҳарга Троя урушидан кейин фолбин Мопс ёки Полипет томонидан асос солингани ҳикоя қилинади. Шаҳар денгиз қирғоғидан 16 км узоқликда қурилган. Ўз даврида шаҳар форслар, ундан сўнг Македонский томонидан бошқарилган. Милоддан аввалги II асрда римликлар қўлига ўтган шаҳар ўзининг энг юқори чўққисига чиқади ва Памфилиянинг 3 та йирик шаҳарлари қаторига киради.

Яхши иқлим ва қулай жой шаҳарнинг жадал ривожланишига ва унинг энг йирик савдо марказларидан бирига айланишига ёрдам берган. Дарё бўйида порт ташкил этилган ва яқин атрофда зайтун боғлари ва узумзорлар барпо этилган. Ҳозир ҳам шаҳарга ташриф буюрар экансиз, ўзингизни қадимги дунёга тушиб қолгандек ҳис қилиш билан бирга дарахтларда шиғил бўлиб, пишиб ётган мандарин, апельсин ва лимонлари бор бепаён жаннатмакон боғда юргандек ҳис қиласиз. Буни эса Ўзбекистонда ёз мавсумида олча, ўрик, олхўри ва олмаларнинг ғарқ пишиб, ерга тўкилиб ётиши кўринишига қиёслаш мумкин.

Бизга ҳамроҳлик қилган гиднинг сўзларига кўра, Византия империяси даврида шаҳар харобага айланган. ХIII асрнинг бошларида шаҳар Салжуқийлар томонидан забт этилган ва кейинчалик бузилиб кетган ва охир-оқибат ўз фаолиятини тўхтатган. Бугун бу ерда ўша давр билан боғлиқ ҳар бир тош ва ҳар бир кўриниш ўз ҳолида сақлаб қолинган. Бу эса нафақат Туркия тарихи билан боғлиқ, қолаверса, дунё тарихининг бир қисми ҳисобланади.

Аспендос театри куёвлар беллашуви маҳсулими?

Аспендоснинг диққатга сазовор жойларидан бири бу яхши сақланиб қолган Рим театри. Театрга киришингиз билан сиз ўзингизни барча севиб томоша қилган «Спартак» ёки «Гладиатор» фильмлари саҳналарига тушиб қолгандек ҳис қиласиз.

Театрнинг қурилиши билан боғлиқ ажойиб афсона бор экан: шаҳар қиролининг Белқиз деган жуда чиройли қизига иккита меъмор уйланишни орзу қилади. Қирол шаҳарнинг энг муҳташам биносини тезда қурган одамга қизини беришини маълум қилади. Куёвлар дарҳол ишга киришади: бири театр, бошқаси сув ўтказгич қурган. Иккала қурилиш ҳам қиролга жуда ёқади ва Белқисга иккиси ҳам уйланиши мумкинлигини таклиф қилади.

Сув ўтказгичнинг яратувчиси ушбу таклифга рози бўлади, аммо иккинчи меъмор бундай келишувга рози бўлмай, севгилисидан воз кечади. Шунда қирол театр яратувчисининг севгиси ҳаққоний эканини тушуниб, қизини унга беради.

Ана шундай афсоналарга эга  бир неча асрлик Аспендос театри ҳозиргача деярли ўз ҳолида ва ўта маҳобатли кўринишда сақлаб қолинган. Шу ўринда қўшимча қилиш керакки, гиднинг маълум қилишича, бу бутун дунё атагани каби амфитеатр эмас, театр экан.

«Амфитеатр айлана шаклда бўлади, бу эса ярим айлана шаклда», дея изоҳ берди Илханбей.

Ҳар бир тоши сақланган шаҳар

Одамни ҳайратга соладиган яна бир маскан — Анталиянинг бир қисми бўлган Аксу минтақасининг шимолий-шарқий қисмида жойлашган қадимий Перга шаҳар харобалари. Ҳа, айнан харобалар. Бу ерда сиз ўша давр шаҳарсозлигидан қолган бино, бино қисмлари билан бир қаторда шаҳар вайроналаридан қолган оддий тошларгача учратасиз. Улар очиқ музей кўринишда кўриниб турган ҳозирги Перганинг ноёб ўзига хослигини ва тарихга нисбатан чексиз ҳурматни акс этиб турибди.

Тарихий маълумотларга кўра, бу шаҳар Аспендос каби ўз даврида кўплаб халқлар томонидан бошқарилган ва Рим даврида ўзининг авж палласига етган. Милоддан аввалги I-II асрларда Перга Кичик Осиёнинг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, асосий шаҳар унвони учун Сиде билан рақобатлашган.

Биз кўзимиз билан кўриб турган бугунги шаҳар қолдиқлари Перганинг асосий қисми бўлмаслиги мумкин. Чунки, 1946 йилдан буён ҳудудда қидирув-қазув ишлари давом этмоқда, аммо шаҳарнинг катта қисми ҳанузгача ер остида кўмилгани айтилади.  Саёҳатимиз давомида олинган маълумотларимизга кўра, шаҳар афсоналарда айтилганидан анча қадимги. Бебаҳолиги ва дунё тарихининг бир қисми экани ўлароқ, Перга 2009 йилда ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси объектлари қаторидан жой олган.

Биз тарих билан ҳаёлан суҳбатлашиб, Анталиянинг замонавий, сайёҳлар бориши мумкин бўлган энг гўзал гўшалари томон йўл олдик. У ердан олган таассуротларимиз сизни янги дунёга чорлайди, шубҳасиз. Бу эса энди алоҳида олам ва алоҳида мавзу…

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Анталия
“darakchi.uz” нашри, 2021 йил 1 февраль
—————————————————————————————————————————————————————————————————

Анталия дунё сайёҳларининг севимли маскани. Чунки…

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги саёҳат уюштирилди. Бизнинг навбатдаги манзилимиз дунё сайёҳларининг севимли маскани — Анталия бўлди.

Нега энди сайёҳларнинг севимли маскани?

Ушбу саволнинг жавобини бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсон топади, шубҳасиз. Аввало, сиз Анталиянинг ўзгача эканини самолёт аэропортга қўна бошлаган илк дақиқалардаёқ ҳис қиласиз. Самолёт ойнасидан чексиз уммоннинг бир учи осмон билан туташган нуқтанинг гувоҳи бўласиз. Айни пайтда дунёнинг қатор мамлакатларида ҳукмронлик қилаётган совуқ ва қиш мавсумида, бехосдан баҳор ва яшиллик сизни қамраб олади: тиниқ осмон, илиқ ҳаво, нафис шабода ва, албатта мавжланиб турган Ўрта ер денгизи. Анталия ҳар бир ташриф буюрувчи одамни ана шундай жозибадор кўринишда кутиб олади.

Айни қиш мавсумида Анталияда ҳарорат 10-18 даража орасида бўлиб турибди, маълум қилинишича, бу мавсумга хос об-ҳаво экан. Совуқ ҳарорат ва қор жуда кам ёки қисқа муддатли бўлиши мумкин. Анталиянинг субтропик иқлими бор, шунинг учун қиши илиқ, жуда ёмғирли, ёзи эса узоқ давом этувчи, иссиқ  ва қуруқ. Ёзда ёғингарчилик камдан-кам учрайди, баъзида ёз умуман ёғинсиз ўтиши мумкин экан. Баҳор келиши билан ҳарорат кўтарилиб бориши натижасида бу масканга бутун дунёдан туристлар оқиб кела бошлайди. Яъни май ойида Анталияда туризм мавсуми бошланади. Ўрта ер денгизида эса сузиш мавсуми очиқ деб эълон қилинади. Хўш, дунёни ўзига чорлаб келаётган Анталия аслида қандай шаҳар ва унинг тарихи қанақа?

Анталия қандай тарихга эга?

Анталия Туркиянинг жанубидаги Ўрта ер денгизи соҳилидаги курорт ва порт шаҳар. Шаҳарнинг доимий аҳолиси 1 миллиондан сал кўпроқни ташкил қилади, ёзда эса фаол сайёҳлар оқими туфайли шаҳарда яшаётганлар сони 2 миллиондан ошиши мумкин. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айни пайтда Анталияда қатъий карантин қоидаларига амал қилинаётганига гувоҳ бўлдик. Туризм нуқталари, марказий кўчалар ҳамда йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ижтимоий масофа сақлаган ҳолда сифатли фаолият йўлга қўйилган. Шунингдек, туризм мавсуми ҳали очилмагани боис Анталиянинг сайёҳлар билан тўлиб-тошадиган марказий кўчаларида сокинлик ҳукмрон.

Анталия ҳудуди шартли равишда эски ва янги шаҳарларга бўлинади. Расмий маъмурий бўлиниш 5 та туманга: Аксу, Душемеалти, Кепез, Коняалти, Муратпашага бўлинган.

Маълум қилинишича, ҳозирги Анталияда одамлар тош ва бронза давридан бошлаб яшаб келишган. Тарихда  ҳудуд Ликия ва Памфилия таркибига кирган.  Милоддан аввалги 159 йилда Пергамон қироли Атталус II буйруғи билан Атталия шаҳрига асос солинади. Ҳозир Атталус II нинг ҳайкали шаҳар марказига ўрнатилган.

Шундан сўнг, Атталия узоқ вақт давомида Римга, кейин Византияга тегишли бўлган. Салжуқийлар экспанциясининг бошланиши билан минтақада Ислом дини ёйила бошлайди. 1207 йилда Салжуқийлар минтақани босиб олгач, Атталиянинг номини юнонча Адалия деб ўзгартирилади. 1423 йилда эса Адалия Усмонли турклари томонидан забт этилади ва шаҳар Анталия номини олади.

Қисқа даврда ривожланган туризм

Маълумотларга қараганда, ХХ аср охирида Туркиянинг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш фонида Анталия мамлакатнинг энг муҳим сайёҳлик марказига айланган. D400 автомагистрали уни бошқа курорт зоналари билан боғлайди ва 1998 йил қисқа вақт ичида аэропортда  мамлакатдаги йўловчи ташиш бўйича учинчи ўринни эгаллади. Ҳозирги пайтга келиб эса Анталия Туркия номи билан параллел ишлатилади, дунёнинг энг номдор туризм марказларидан бирига айланди.

Анталияга саёҳатни қаердан бошлаймиз?

Албатта, Анталияга саёҳатни соҳилда жойлашган меҳмонхонадан туриб, тонгда мавжланиб турган кўм-кўк денгизни томоша қилишдан бошлаймиз.

Дарҳақиқат, дунёга Анталия деган ном денгиз ва одамлари гавжум соҳилни эслатади.

Сиз ҳам эрта тонгда, ҳали қуёш нурлари ерга тушиб улгурмай, соҳилда туриб денгизни кузатар экансиз, денгиз усти бўйлаб ер ва осмонни туташтириб турган булутлар ва бутун Анталияга ранги уриб турган мовийлик гувоҳи бўласиз.

Бундай пайтда одам сокин денгиз мавжланишидан роҳатланиш ва тўйиб-тўйиб нафас олиш орқали ҳақиқий завқни ҳис этади. Ушбу кайфият Анталиянинг энг гўзал масканларига бўлган саёҳатларнинг бошланиши сифатида муҳрланиши мумкин. Биз эса юқори кайфиятда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кашф этишда давом этамиз.

Демак, бизни олдинда бир муддат тарихга қайтишга ундовчи қадимий Перги харобалари, асрларки ҳайбатини йўқотмаган маҳобатли «Аспендос» амфитеатри, орзулар оғушига чорловчи шаршаралар мажмуасидан тортиб, дунёда саноқли бўлган йирик аквариумга саёҳатлар кутмоқда.

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Анталия

darakchi.uzнашри, 2021 йил 31 январь

Пандемия даврида хавфсиз туризм: Истанбулда бориш шарт бўлган тўрт манзил

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Кападокия шаҳарларига навбатдаги саёҳат уюштирилди. Бир ҳафта давом этган тур Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм  бўлими  назорати остида олиб борилди. Пандемия даври, карантин тартиб-қоидалари инобатга олинган тарзда ташкил этилган саёҳатнинг эсда қоларли манзилларини сиз билан бўлишамиз.

Истанбул кўчалари — дунёнинг энг қайноқ нуқтаси

Асрлар мобайнида Истанбулда бир нечта маданият из қолдирган. Бугун уларнинг таъсирини ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин, бунинг учун шунчаки, шаҳар кўчалари бўйлаб юриш кифоя. Султон Аҳмет ва ХIХ асрдаги Eвропани эслатувчи оқланган Бейоглунинг муқаддас жойларидан тортиб, замонавий Нишанташи кварталигача, Кадикойдаги клублар ва Бешиктошнинг футболни севадиган кўчалари… Бу масканга келганларнинг ягона иқрори: Истанбул – бу шунчаки шаҳар эмас, балки бир нечта шаҳар, ёки шаҳарларнинг шаҳари.

Истанбул марказий кўчалари бир вақтнинг ўзида ҳам ташриф буюрувчилар ва истеъмолчилар учун, ҳам енгил машиналар учун ҳам ҳаракат йўли ҳисобланади. Шунингдек, трамвайлар қатнови ҳам йўлга қўйилган. Бироқ, ҳеч қачон фуқароларни четга чиқишга ундайдиган қулоқни қоматга келтирувчи сигналлар, йўлдан ўтиб қолишга ҳаракат қилаётган фуқаролар ёки трамвай йўлини тўсиб қўйган бирор ҳолатга дуч келмайсиз. Гарчи, гавжум кўча бўлсада, ҳаммаси жуда чиройли ва тартибли. Шаҳар кўчалари бўйлаб айланар экансиз, қизиқарли акциялар ва йирик чегирмалар асосида буюмлар сотиб олиш имконига эга бўласиз. Шунингдек Истанбулда ҳали кўриб улгурмаган тадбирлар иштирокчисига айланасиз. Савдо фестивали, тарихий мерос, бой маъданият, тансиқ таомлар, савдо ва битмас туганмас кўнгилхушликларни Истанбул шаҳри бир-бирига боғлайди. Ёруғ ва рангбаранг кўчалар, йирик савдо мажмуаларида сиз ўзингизга ёққан нархларда барча нарсаларни топишингиз мумкин, хар хил сюрпризлар эса саёҳатнинг ажралмас қисми бўлиб қолади.

Аё София: черков – масжид – музей – масжид

Византия, яъни Шарқий Рим империясининг пойтахти Константинопол, ҳозирги Истанбулдаги Аё София черкови 532-537 йилларда император Юстинианус томонидан қурилган ва деярли минг йил давомида дунёнинг энг катта черкови бўлиб келган. Константинопол 1453 йилда фотиҳ Султон Маҳмуд томонидан фатҳ этилгач, Аё София масжидга айлантирилади ва 481 йил мусулмонларнинг масжиди бўлиб хизмат қилади. 1934 йил эса Мустафо Камол Отатурк қарори билан музейга айлантирилади ва ҳозирги кунгача туристлар зиёрат қиладиган музей ҳолида эди. Ўтган йил, яъни 2020 йил 10 июлда Туркия Олий суди Отатуркнинг бу қарорини бекор қилди ва энди Аё София  яна қайтадан масжидга айлантирилди. Бугун бу ерга қадам қўйган ҳар бир мусулмоннинг қалбидан шукроналик ўтаётган бўлса ажаб эмас. Бинонинг асосий залига кирар экансиз, шифтга томон бўйлаган нодир безак ва ҳақиқий гўзалликка гувоҳ бўласиз. Бинонинг баландлиги 55,6 м, гумбазнинг диаметри 31 мни ташкил этади.

Масжид бугун дунё сайёҳлари учун очиқ. Фақат, томоша учун намоз вақтларидан бир соат аввал ёпилади. Истаганлар эса ибодатларини адо этишлари мумкин.

Тўпқопи саройи — уни кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак

Туркия киноижодкорлари томонидан яратилган “Муҳташам юз йил” сериалини кўрган ҳар бир инсон усмонийлар саройини бир марта бўлсада кўргиси келади, шубҳасиз. Дарҳақиқат, саройнинг ўзи бир шаҳар. Ҳашаматли дарвозадан кириб, усмонийларнинг яшаш тарзи ва ҳашамдор хоналарни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Бугун у ерда тарих сўзламоқда.

Маълумотларга кўра, Султон Маҳмуд Фотиҳ томонидан қурилиши бошланган Тўпқопи саройи 400 йил давомида 31 ҳукмдор учун қароргоҳ вазифасини ўтаган. Саройга бу ном эса султон ҳар гал саройдан чиққанда ва кирганда тўп отилгани боис берилган.

Бизга ҳамроҳлик қилган Исматбейнинг маълум қилишича, саройнинг гуллаб-яшнаган даврида бу ерда 4-5 мингга яқин киши истиқомат қилгани айтилади. Агар саройда бирор тадбир ўтказиладиган бўлса, у ўзида 10 мингга яқин кишини сиғдира олган. Султон ошхонасида бир вақтнинг ўзида мингга яқин ошпаз ишлаган. Бир йилда саройга 30 мингта жўжа, 23 мингта қўй, 14 мингта бузоқ олиб келинган. Тўпқопи саройи 1924 йилдан бошлаб музейга айлантирилган. Айни дамда умумий майдони 700 минг квадрат метр бўлган саройдан йил давомида сайёҳатчилар аримайди. Бунинг ҳам ўз сабаби бор: сарой бўйлаб айланар экансиз, ўша давр ва тарихий шахсларига тегишли бўлган хоналар, буюмлар ва манзараларнинг тирик гувоҳи бўласиз. Тўпқопи нафақат ҳашамати билан, балки ўша замон сирларини ўзида сақлагани билан ҳам тарихга кирган. Балки, сиз ҳам бу ерга ташриф буюуриб, ўзингизни “Муҳташам юз йил” сериали қаҳрамонлари ўрнига қўйиб кўрсангиз ҳам, ажабмас.

Истанбулни кашф этиш Галата минорасидан қарашдан бошланади            

Шаҳарнинг тарихий масканларидан бири —  Галата минораси Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган баланд бино. У шаҳарнинг энг муҳим рамзларидан биридир. Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган Галата минорасининг баландлиги 67 метрни, диаметри 9 метрни ташкил этади. У денгиз сатҳидан 140 метр баландликда жойлашган. Бу дегани, минора Истанбулнинг исталган нуқтасидан кўриниб туради.

Маълумотларга кўра, 1348-49 йилларда генуяликлар тоғнинг тепасида минора қурадилар ва у мана шу кунгача сақланиб келган. Кейинчалик Константинопол даврида бу минора “Исо Масиҳ минораси” деб аталган. Минора ўзининг ҳозирги Галата номини Усмонли империяси даврида олган. Маълумотларга кўра, минора аввал бундан баланд бўлган, Султон Мехмет гумбазни олиб ташлагач, минора баландлиги 6,8 метрга қисқарган. Султон Мурод III даврида минорадан расадхона сифатида фойдаланилган. Шунингдек, маълум муддат у махсус кузатув жойи ҳам ҳисобланган. 1791 йилда минора реконстукция қилинган ва 1875 йилда минора замонавий кўринишга эга бўлган. 1960 йилларда эса минорада конус шаклидаги гумбаз қайта тикланган. Кейинчалик лифт ҳам қурилган.

Ҳозирда ушбу минорада Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан музей ташкил этилган. Музейни томоша қилиш бир олам таассурот бўлса, миноранинг очиқ айвонига чиқиб, бутун Истанбулни кўриш алоҳида ҳайратланарли. Бу ерда сиз ўз ҳисларингизни беркита олмайсиз. Бир сўз билан айтганда — бутун олам кафтдек намоён.

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Истанбул

zamon.uz” нашри, 2021 йил 3 февраль

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ер ости шаҳри қаерда?

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун ташкил этилган саёҳатнинг бу галги манзили эртакнамо ва тарихий Каппадокияда бўлди.

Бу ерга ташриф буюриш учун Истанбулдан бир соатлик парвоз амалга оширилади. Шунингдек, Кайсери аэропортидан эртаклар маскани Каппадокиягача транспортда яна бир соатлик йўл босиб ўтилади ва сиз тошдан бунёд бўлган оламшумул дунёга тушиб қоласиз. Бу ер энди алоҳида Туркия.

Каппадокия вулқон отилиши натижасида пайдо бўлган, бир-бирини такрорламас, пирамида шаклидаги тепаликлар ва жуда қизиқарли ландшафт кўринишига эга бўлган дунёдаги ягона маскан. Жойнинг номланиши билан боғлиқ бир нечта маълумотлар ва афсоналар мавжуд. Шулардан бири: қадимий форсча Ҳаспадуя номидан келиб чиққан бўлиб, баъзи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Эроннинг Хув-аспа-даҳю —  «чиройли отлар мамлакати» деган маъносидан олинган. Бошқа маълумотларда минтақанинг номи «Лувиан Кат-патука»дан олингани айтилади, яъни «пастки мамлакат» деган маънони англатади.

Нега айнан Каппадокия? 

5 та шаҳарчадан ташкил топган Каппадокия ўтган асрларни ўзида тўлиқ сақлаб қолганки, бутун дунёда бундай ноёб табиий ландшафтларни, табиатнинг ўзи яратган ажойиб расмларни учратмайсиз! Бу ер жуда қадимий, тарихи ноёб ва бой, у кўплаб афсоналарни ўзида сақлайди. Ҳар қандай инсонни Каппадокияга келишга ундовчи беш сабаб бор!

  1. Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ерости шаҳри

Каппадокия 2 та — ер усти ва ер остидан иборат шаҳар бўлиб, унда 100 дан ортиқ ерости шаҳарлари мавжуд. Уларнинг энг каттаси «Қаймоқли» номи билан аталади. Мазкур ер ости шаҳри 8 қаватдан иборат бўлиб, 20 метр чуқурликда жойлашган. 1964 йилдан бошлаб сайёҳлар ташрифи учун очилган ер ости шаҳрининг ҳозирда юқори 4 қаватини айланиб чиқишга рухсат берилган. Маълумотларга кўра, ер ости шаҳри, ер устида ҳужумлар бўлганда, қочқинларнинг душмандан ҳимояланиши вазифасини ўтовчи ҳудуд ва яшаш жойи ҳисобланган. Ажобтовур хоначалар, тор йўлак ва махсус омборлар душмандан ҳимояланган фуқаролар учун егуликларни яхши сақлаш ва узоқ муддатгача яшаш имконини берган. Алоҳида жиҳати шундаки, ер ости шаҳрига тушиш йўлаклари жуда тор бўлиб, унда фақатгина бир кишигина ҳаракатлана олади. Бу эса агар душман пастки шаҳарга ҳужум қилмоқчи бўлса, жамоавий бўлиб ҳаракатланишига йўл қўймаслигини таъминлайди. Қайд этилишича, 5 минг йиллик тарихга эга «Қаймақли» 9 км узунликдаги туннель орқали бошқа ер ости шаҳри Каппадокия – Деринкую билан боғланган.

  1. Учҳисор тепалигидан Каппадокияни кашф этасиз

Ушбу қўрғон Каппадокия тимсолларидан бири. Қўрғон барча атроф манзараларининг устида қад кўтариб туради. Учҳисор тепалигидан Мовий водий ва «Гёреме» ажойиб манзара бўлиб кўринади.

  1. Каппадокияга келган меҳмон қоядаги меҳмонхонада яшаши шарт! 

Каппадокияга саёҳатнинг ўзига хослигидан бири — қоядаги меҳмонхоналарда яшашдир. Маълумотларга кўра, энг машҳур меҳмонхоналар Учҳисор ва Гореме шаҳарчаларида жойлашган. Меҳмонхоналар бир неча асрлик тарихий ноёбликни сақлаган ҳолда тепаликларнинг бағрида ва ғорларнинг ичида жойлашган. Бундай бетакрор муҳитли меҳмонхонани бошқа жойдан топиш мушкул.

  1. Туркиянинг энг мазали таомлари қаерда?

Ўзига хос, такрорланмас ошхонасига эга бўлган Туркиянинг энг мазали таомлари ҳам, шубҳасиз, Каппадокияда. Айнан шу жойда гўштли таомларнинг ўзгача усулда пиширилганининг гувоҳи бўласиз. Бундай мазали таомларни сиз навбат билан баландлаб борувчи тепаликларнинг ажойиб манзарасини томоша қилган ҳолда юқори кайфиятда тановул қиласиз.

  1.  Ҳаво шари — Каппадокия саёҳатининг ажралмас қисми

Бугун дунё аҳолисини Каппадокияга оҳанрабодек тортувчи нарса – бу ҳаво шарлари! Яъни, айнан шу сабаб бу ерга ташриф буюрувчилар кўп бўлади. Ҳаво шарларида бемалол учиш учун энг қулай фурсат куз ва баҳор ойлари. Қиш ойларида эса об-ҳаводаги ўзгаришлар сабаб баъзан бунинг имкони бўлмай қолиши мумкин. Шунга кўра, ҳаво шарларида учиш ҳамиша бир кун аввал ташкиллаштирилади, бироқ, об-ҳаво ноқулайлиги юзага келса, учиш яна бошқа кунга қолдирилиши мумкин.

Хуллас, бир сўз билан айтганда, Каппадокия ҳар бир инсон кўриши лозим бўлган дунёдаги саноқли масканлардан бири. Биз эса афсонавий Каппадокиянинг яна бошқа қирраларини кашф этишда давом этамиз.

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Каппадокия

darakchi.uzнашри, 2021 йил 28 январь

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

Бир кунда тўрт фасл… Ёхуд Каппадокия бағридаги водийлар афсонами ёки ҳақиқат?

Айни пайтда биз эртакнамо ва тарихий Каппадокиядамиз. Бизнинг йўлбошчимиз эса Мурат Челикер.

Каппадокия билан учрашганингизда беихтиёр ўзингизни бошқа сайёрадаман, деб ўйлайсиз, бу ерда манзаралар шу қадар ноёб ва ҳеч нарсага ўхшамайди: қор билан қопланган чўққилар, паст, алоҳида тоғлар, тош массивлари ва унумдор водийлари бўлган қоятошлар мавжуд. Энг ҳайратланарлиси эса фақатгина Каппадокияда бир кунда тўрт фаслни кўриш мумкин: эрталаб шаррос ёмғир қўяётган бўлади, бирдан қуёш чиқиб, ҳарорат кўтарилади, сал туриб эса табиат яратган обидалар устини булут қоплайди ва кун ботганда қаҳратон қиш каби паға-паға қор ёға бошлайди.

Бундай об-ҳавода эса сиз Каппадокиядаги қатор ажобтовур водийларни ва ғорлар ичида жойлашган музейларни мароқ билан сайр этишингиз мумкин.

Каппадокия бағридаги Ўрта Осиё водийси

Каппадокияда бир-биридан ғаройиб водийлар бор. Шулардан бири Ўрта Осиё водийси. Баланд қоялар ўртасида жойлашган водийда ўтовлар мавжуд. Ҳар бир ўтовга ташриф буюриш, Ўрта Осиёдаги қайсидир мамлакатга ташриф буюриш билан баробар. Ўзбек ўтовига кириб борар экансиз, миллатимизга хос либослар, асбоб-ускуналар ва безаклар Ўзбекистон муҳитини ёдга солади. Ушбу водийда ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожиклар саёҳатчилар ва ташриф буюрувчиларга Ўрта Осиё маданияти ва яшаш тарзини кўрсатишади. Маълум қилинишича, бундан 30-40 йиллар аввал ўзбек ва қирғизлардан бир нечта оила бу ерга кўчиб келган ва ҳозирда улар тобора кўпайиб, деярли маҳаллий аҳолига айланиб улгуришган. Шунингдек, Ўрта осиёликлар жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритишади. Энг муҳим маълумот: Ўрта Осиё водийси май ойидан бошлаб барча ташриф буюрувчилар учун очилади.

Ҳаёлотлар водийси: кимни ва нимани кўряпсиз?

Одамлар Ҳаёлотлар водийсига, шунчаки, кўнгил очиш ёки ёрқин жойлари учун келишмайди. Сайёҳлар бу ерга ажойиб кўринишларни яратадиган ноёб ландшафтлар учун келишади. Яъни тасаввурингизни бироз ишга солишингиз кифоя: маҳаллий тошларда сиз турли хил нарсалар ва ҳайвонларнинг силуэтларини ажрата оласиз. Бир муддат сиз ерни бутунлай тарк этиб, бошқа сайёрага тушиб қолганингизни ҳис қилишингиз мумкин. Баландликлар ўртасидан ўтган катта йўлда туриб, тўрт томонингиздан тарихий шасхлар, фильм ва эртак қаҳрамонлари, ҳайвонлардан тортиб, сон-саноқсиз образларни яратиб олишингиз мумкин. Ва, албатта бу сизнинг тасаввур дунёингизнинг кенглигига боғлиқ.

Ноёб кулолчилик маҳсулотлари кўз ўнгингизда яратилади

«Guray» кулолчилик музейи ер остида жойлашган. У ерда қадимий кулочилик маҳсулотиларидан тортиб, замонавий буюмларга қадар ажойиб коллекцияларни кўриш мумкин. Музей заллари ер остида жойлашган бўлиб, тошлоқ ерга ўйилган, бу эса жуда ажабланарли ва ғайриоддий. Энг  ёқимли манзара эса ноёб керамика маҳсулотлариниинг кўз ўнгингизда яратилиши ва уларга нодир безаклар берилишидир. Ҳатто сиз ҳам бу ерда кулолчилик бўйича ўз маҳоратингизни синаб кўришингиз мумкин, яратган маҳсулотингизни эса ўзингиз билан олиб кетиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, музейда замонавий асарларнинг, шу жумладан расмларнинг галериялари мавжуд.

Очиқ осмон остидаги музей

Шаҳар марказидан бир ярим километр узоқликда очиқ осмон остидаги «Гореме» музейи жойлашган. «Гореме» –  кўринмас деган маънони билдиради. У Каппадокиядаги энг катта, энг машҳур ва сайёҳлар тез-тез ташриф буюрадиган черковлар мажмуаси.

Бир-биридан баланд ва бир-бирига ўхшамас юзлаб ғор ва хоналардан ташкил топган музейнинг юқори қисми булутлар билан тўқнашгандек, гўё. Маълумотларга қараганда, ўз даврида бу маскан одамлар учун ибодатхона ва черков вазифасини ўтаган. Бугунги кунда эса  «Гореме» музейи Каппадокия туризмининг бир қисми ҳисобланади.

 

Айни пайтда биз Каппадокиядан олган олам-олам таассуротларимиз билан яна бир туризм маркази — Анталияга қараб йўл оламиз.

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Каппадокия

darakchi.uzнашри, 2021 йил 29 январь

—————————————————————————————————————————————————————————————————
У шунчаки шаҳар эмас… Ёхуд дунёни ўзига ром этган Истанбулнинг сири нимада?

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига навбатдаги саёҳат уюштирилди. Айни пайтда ўзбекистонлик ОАВ ходимлари, хусусан, «darakchi.uz» журналисти ҳам афсанавий Истанбул шаҳрида бўлиб турибди. Саёҳатимизнинг илк куни, албатта дунёнинг энг қайноқ нуқталаридан ҳисобланган Истанбул марказий кўчаларида бўлди.

Асрлар мобайнида Истанбулда бир нечта маданият из қолдирган. Бугун уларнинг таъсирини ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин, бунинг учун шунчаки, шаҳар кўчалари бўйлаб юриш кифоя: Султон Аҳмет ва ХIХ асрдаги Eвропани эслатувчи оқланган Бейоглунинг муқаддас жойларидан тортиб, замонавий Нишанташи кварталигача, Кадикойдаги клублар ва Бешиктошнинг футболни севадиган кўчалари… Бу масканга келганларнинг ягона иқрори: Истанбул – бу шунчаки шаҳар эмас, балки бир нечта шаҳар, ёки шаҳарларнинг шаҳари.

Шаҳар кўчалари бўйлаб айланар экансиз, Сиз қизиқарли акциялар ва йирик чегирмалар асосида буюмлар сотиб олиш имконига эга бўласиз. Шунингдек Истанбулда ҳали кўриб улгурмаган тадбирлар иштирокчисига айланасиз. Савдо фестивали, тарихий мерос, бой маданият, тансиқ таомлар, савдо ва битмас туганмас кўнгилхушликларни Истанбул шаҳри бир-бирига боғлайди. Ёруғ ва ранг-баранг кўчалар, йирик савдо мажмуаларида сиз ўзингизга ёққан нархларда барча нарсаларни топишингиз мумкин, ҳар хил сюрпризлар эса саёҳатнинг ажралмас қисми бўлиб қолади.

Шаҳарда озодалик ва тартиб мужассам. Одамлар билан гавжум марказий кўчаларда мушук ва итларинг учраши ва уларнинг инсонлардан чўчимай юриши оддий ҳолат экан. Сиз уларга яқин боришингиз, бемалол эркалатишингиз ёки уларни бирор егулик билан меҳмон қилишингиз мумкин.

Истанбул марказий кўчалари бир вақтнинг ўзида ҳам ташриф буюрувчилар ва истеъмолчилар учун, ҳам енгил машиналар учун ҳаракат йўли ҳисобланади. Шунингдек, трамвайлар қатнови ҳам йўлга қўйилган. Бироқ, ҳеч қачон фуқароларни четга чиқишга ундайдиган, қулоқни қоматга келтирувчи сигналлар, йўлдан ўтиб қолишга ҳаракат қилаётган фуқаролар ёки трамвай йўлини тўсиб қўйган бирор ҳолатга дуч келмайсиз. Гарчи, гавжум кўча бўлсада, ҳаммаси жуда чиройли ва тартибли.

Нега номи Истанбул?

Шаҳар номи билан боғлиқ ва бир-бирига боғлиқ бўлмаган кўплаб ҳикоялар ва афсоналар мавжуд. Истанбул турли вақтларда Византия, Константинопол, Константине, Аситане (форсча Аситане – пойтахтларнинг пойтахти), Дўрилхилафе ва Дерсаадет (Дерсаадет – саодат, бахт эшиги) деб номланган.

Шундай маълумотлардан бири: юнонистонлик Мелики Тимошнинг исми Истанбул бўлган. Ўғли ҳукмронлигининг тўрт йилида шаҳар қурилишида ишлаган. Бироқ, унинг қурилишини Истанбулга келган Константин тугатади ва шаҳарни ўз номи билан чақиради. Маълум муддат тарихда шаҳар Истинболин деб ҳам номланган.

Истанбулда қурилган 7 та тепалик туфайли уни муҳташам Босфор орқали Осиё ва Европа қисмларига ажратган ва Олтин Ҳорн кўрфази туфайли шаҳар ноёб бўлиб келган ва ноёб бўлиб қолаверади.

Биз эса Истанбулдаги энг диққатга сазовор масканлар ва қадимий обидалар бўйлаб саёҳатимизни давом эттирамиз.

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Истанбул

darakchi.uzнашри, 2021 йил 26 январь

“dunyo.news” нашри, 2021 йил 26 январь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Истанбулни кашф этиш қаердан бошланади?

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун ташкил этилган саёҳатнинг навбатдаги манзили афсанавий Истанбул шаҳридаги Галата минораси бўлди.

Истанбулни кашф этиш Галата минораси баландлигидан қарашдан бошланади

Шаҳарнинг тарихий масканларидан бири —  Галата минораси Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган баланд бино. У шаҳарнинг энг муҳим рамзларидан биридир. Миноранинг баландлиги 67 метрни, диаметри 9 метрни ташкил этади. У денгиз сатҳидан 140 метр баландликда жойлашган. Бу дегани, минора Истанбулнинг исталган нуқтасидан кўриниб туради.

Тарихга кўра…

Маълумотларга кўра, 1348-49 йилларда генуяликлар тоғнинг тепасида минора қурадилар ва у мана шу кунгача сақланиб келган. Кейинчалик Константинопол даврида бу минора «Исо Масиҳ минораси» деб аталган. Минора ўзининг ҳозирги Галата номини Усмонли империяси даврида олган. Маълумотларга кўра, минора аввал бундан ҳам баланд бўлган, Султон Мехмет гумбазни олиб ташлагач, минора баландлиги 6,8 метрга қисқарган. Султон Мурод III даврида минорадан расадхона сифатида фойдаланилган. Шунингдек, маълум муддат у махсус кузатув жойи ҳам ҳисобланган. 1791 йилда минора реконстукция қилинган ва 1875 йилда замонавий кўринишга эга бўлган. 1960 йилларда эса минорада конус шаклидаги гумбаз қайта тикланган. Кейинчалик унга лифт ҳам ўрнатилган.

Ҳозирда ушбу минорада Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан музей ташкил этилган.

Музейни томоша қилиш бир олам таассурот бўлса, миноранинг очиқ балконига чиқиб, бутун Истанбулни кўриш алоҳида ҳайратланарли. Бу ерда сиз ўз ҳисларингизни беркита олмайсиз. Бир сўз билан айтганда — бутун олам кафтдек намоён.

Биз эса Истанбулдаги энг диққатга сазовор масканлар ва қадимий обидалар бўйлаб саёҳатимизни давом эттирамиз.

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Истанбул

darakchi.uzнашри, 2021 йил 27 январь

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

«Биз Онадўлидан биродарларимизни кутмоқдамиз» Бухоро ҳокимининг сўзлари турк газетаси бош саҳифасида қайд этилди

Туркиялик ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар Ўзбекистонга, хусусан Бухорога ташриф буюришди. Анқара Миллий газетасида  журналист Ахмет Ачикайнинг Бухоро таассуротлари чоп этилди.

«Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистоннинг Aнқарадаги элчихонаси таклифига биноан мамлакатга келган журналистлар билан бирга учрашди. Зарипов минтақа(воҳа) ислом цивилизацияси учун жуда муҳим эканлигини ва илм-фан хазинаси бўлмиш Бухорода барчани кутиб қолишини айтди.

Ислом цивилизациясининг энг муҳим марказларидан бири, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳри Бухоро Онадўлидаги биродарларни  кутмоқда.  

Тарихий масжидлари, миноралари ва икки мингдан зиёд ёдгорликлари билан машҳур маданий шаҳар бўлган Бухоро, шунингдек, ислом цивилизациясининг билим хазиналарига ҳам эга.  Буюк астроном Улуғбек, Ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Aбдулҳолиқ Ғиждувоний каби кўплаб илм-фан ва маънавият олимларини етиштирган Бухорога, асрлар давомида Ислом гумбази номини олган минтақага ташриф буюрдик.

«Бухоро тарихий жиҳатдан нафақат бизнинг балки буюк  маданиятнинг бир қисми, буюк цивилизация ҳамдир», деб айтди Зарипов, шаҳар маънавияти юқори даражада эканлигини ва қадимий ёдгорликлари билан шаҳарнинг жуда чиройли кўринишга эга бўлганлигини таъкидлади.

«Мен сизлар орқали Туркиядаги биродарларимизга мурожаат қиламан. Ўзбекистон сизнинг қардош мамлакатингиздир.  Ўзбекистонни ва айниқса Бухорони унутманг.  «Биз сизни ҳам тижорат, ҳам маданий, ҳам туризм нуқтаи назаридан яна кутиб қоламиз»- деди у.  

Вилоят ҳокими Зарипов, айниқса, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги яқин алоқаларни ўрнатган ҳам тижорий маънода, шунингдек, сайёҳлик соҳасидаги ҳолатни ривожлантиришда ўз саъй-ҳаракатларини билдирган ҳолда:

«Ўрта Осиё сизнинг она юртингиз. Aйниқса, Бухоро ислом цивилизацияси учун ҳам, турклар учун ҳам жуда муҳим шаҳар. Биз Туркиядан келган меҳмонларни қабул қилаётганимиздан мамнунмиз», – дея таъкидлади», дейилади турк газетаси саҳифаларида. 

Фарида Эгамбердиева

“darakchi.uz” нашри, 2021йил 18 февраль

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

83 йилки дунёни чорлаётган «Шаби Арус». Туркияда Жалолиддин Румийнинг 747 йиллиги муносиб нишонланди

Туркиянинг Коня шаҳрида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг 747 йиллигига бағишланган хотирлаш маросимлари само рақсини ўз ичига олувчи «Шаби Арус» кечаси билан якунланди. Маълум қилинишича, «Шаби арус» 1937 йилдан буён ҳар йили ташкил этилади, жаҳоннинг турли жойларидаги Мавлоно шайдолари Коня шаҳрига келиб, хотирлаш маросимларида қатнашади. Бу йил у 83-марта ўтказилди.

Тадбирда дастлаб Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Спикери Мустафо Шентоп сўзга чиқиб, нутқини Президент Ражаб Тоййиб Ердўғаннинг саломини етказишдан бошлади.

«Бутун инсоният дунёни қамраб олган глобал эпидемияни бошдан кечираётган бир пайтда, шундай муҳитда сизлар билан учрашиб, Мавлонони хотирлаш мен учун ғурур ва бахтдир. Ушбу кечага Эрдўған жаноблари ҳам ташриф буюрмоқчи эди, бироқ, гарчи уларнинг иштирок этишларига имкон бўлмаган бўлсада, давлат раҳбари барча иштирокчиларга ўзининг самимий саломларини йўллади», деди у. 

«Ҳазрати Мавлоно бизга мерос сифатида бетакрор ҳаёт қолдирди»

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Ҳазрати Мавлононинг одамлар учун ноёб мерос қолдирганини таъкидлади.

“Унинг асарлари унинг меросини сўзлар билан ёдлаш учун эмас, балки биз ўша ҳаётда яшашимиз учун унинг сўзларига эргашиш учун ёзилган. Йўлни топиш учун йўловчига тавсиф керак. Аммо, агар бу мақсад бўлмаса, ҳеч қандай тавсия одамни бошига ёки охирига етказа олмайди. Ҳазрати Мавлононинг каломи тилда эмас, балки қалбда жой топиши керак. Зарур бўлганда уни бошқаларга етказишни эмас, балки яшашни ва уни ҳамма жойда шахсан қўллашни ўрганиш керак. Чунки биз ҳақиқатан ҳам сўз доимий бўлишини ва бошқа қалбларда акс этишини истасак, уни сўз билан эмас, балки яшаш орқали одамларда вужудга келтиришимиз керак.

Бугун, дунёга назар ташлаганимизда, кўп одамлар ўзларига яхшилик келтираман деганларнинг қўлида ёмонлик билан учрашаётганини кўрамиз. Кеча ва бугун ёмон ниятлар яхши сўзларнинг орқасида яшириниши мумкинлигини билиб олдик. Демак, яхшиликни керакли жойда, тўғри йўлда ва тўғри одамларда излаш бошқача. Бундан ташқари, биз олдимизда туриб нотоғри ва тўғри йўлимиз учун жавобгарликни ўз зиммамизга олишимиз керак, биз танлаганимиз учун бошқаларни айблашимиз мумкин эмас, шунинг учун биз Мавлонога мурожаат қиламиз. Биз Ҳазрати Мавлонони раҳмат ва миннатдорлик билан эслаймиз», деди Меҳмет Нури Эрсой

Шунингдек, унинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда «Шаби Арус» ҳақидаги пост хабарлар 150 миллион марта кўрилган.

Само рақси — қалбни тозалаш йўли

Шундан сўнг, катта саҳнада кечанинг асосий қисми бўлган Само рақси ижро этилди. Қайд этилишича, Само рақси – дарвешлар учун Худога яқинлашиш йўли ҳисобланиб, қалбни тозалайди. Ундаги ҳар бир хатти-ҳаракат ўзига хос мазмунга эга. Дастлаб, дарвешлар саҳнага қора кийимда чиқишади ва айлана бошлайдилар. Бунда улар коинот сирларини эшитади ва бундан завқланади. Aйланаётган дарвешларнинг ўнг қўли осмонга, чап қўли эса ерга қараган ҳолда бўлади. Яъни уларнинг ўнг қўли Аллоҳдан раҳм тилаш, чап қўли эса бошқаларга улашиш маъносини англатади.  Рақсдан кейин эса улар қора либосини ечиб, оқ либосда гавдаланади. Бу ҳам ўзига хос маънони англатади: қора либос фоний дунё, у ечилгандан кейин қоладиган оқ либос эса кафанлик рамзи.

Фарида Эгамбердиева 

darakchi.uzнашри, 2020 йил 18 декабрь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.3 / 5. Baholaganlar soni: 46

OAV nomi va parolini kiriting!