ҲАМДАРДЛИК ЖИЗЗАХ МАТБУОТИ ОҒИР ЖУДОЛИККА УЧРАДИ

2021-04-16T14:10:58+05:0016 Aprel, 2021|Жиззах вил.|

Таниқли журналист,  кўплаб ёшларнинг устози, “Пахтакор ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Холбўта Худоёров 83 ёшида оламдан ўтди.

Холбўта Худоёров бутун умрини жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш каби эзгу ва хайрли ишга бағишлаган фидоий инсон эди.

У 1962 йилда Тошкент давлат университетининг филология факультети, журналистика бўлимини тамомлаб, дастлаб меҳнат фаолиятини “Янгиер газетаси”да бошлаган эди. Шундан сўнг Тошкент телевидениесида муҳаррир, “Сирдарё ҳақиқати” газетасида мухбир ва бўлим мудири, “Гулистон” газетасида бош муҳаррир, Гулистон туман партия қўмитасида тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири, “Жиззах ҳақиқати” газетасида бош муҳаррир ўринбосари, Жиззах вилоят босмахонасида раҳбар, Жиззах вилоят кенгаши ижроия қўмитасида ташкилий ишлар бўлими мудирининг ўринбосари, Жиззах вилоят Матбуотда давлат сирларини сақлаш бошқармаси бошлиғи, Жиззах шаҳридаги “Жиззах” кинотеатри директори, қарийиб 30 йилга яқин эса Пахтакор тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Пахтакор ҳаёти” газетасининг бош муҳаррири лавозимларида масъулият билан фаолият кўрсатди.

Х.Худоёров, шунингдек, фуқаролик жамиятининг фаоли эди. Унинг раҳбарлигида бир қатор долзарб, ижтимоий аҳамиятли лойиҳалари миллий грантларга сазовор бўлган эди. “Ёшлар сиёсатини ҳаётга тадбиқ этишни такомиллаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашва соғлом турмуш тарзининг тарғиботи”, Кексаларни эъзозлайлик” лойиҳалари шулар жумласидандир.

Етук журналист ва серқирра ижодкор мамлакат миқёсида ўтказилган кўплаб ижодий танловлар ва кўргазмаларда ҳам қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаган ва турли даражадаги дипломлар билан тақдирланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15, 20, 25 йиллиги муносабати билан эсталик нишонларига сазовор бўлган.

Олижаноб журналист, тажрибали раҳбар, меҳрибон устоз Холбўта Худоёровнинг порлоқ хотираси воҳамиз матбуотчилари, кенг жамоатчилиги, шогирдлари ва яқинлари қалбида абадий сақланиб қолади.

Холбўта Худоёровнинг вафоти муносабати билан  унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

 

Ўзбекистон журналистлари ижодий

уюшмаси Жиззах вилояти бўлими