«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-16T11:20:42+05:0016 Aprel, 2021|Матбуот|

Исломжон ҚЎЧҚОРОВнинг ижодий ишлари

Таҳлил

ДУНЁ АРМИЯСИ КАРАНТИН ДАВРИДА

Она сайёрамиздаги бугунги вазият ҳақида бехабар одам бўлмаса керак. Шундай одам топилганда ҳам уни жамият замона кишиси сифатида қабул қилолмасди. Чунки коронавирус балоси биргина миллат ё мамлакат ёки қитъага эмас, балки бутун ер юзига тааллуқли муаммога айланиб улгурди. Ҳа, бугун дунё аҳли шу касалликка қарши курашмоқда. Дунёда ҳозирча ёлғиз Хитойгина бу жангда ғалаба қозонган давлат бўлиб турибди.

Хўш, Хитой коронавирусни қандай енгиб ўтди? Бу курашда армиянинг роли қандай бўлди? Умуман, касалликка қарши курашаётган давлатлар армияси бу кўринишдаги жанговар топшириқни қай тарзда бажармоқда? Қуйида шулар ҳақида ўқийсиз (дарвоқе, расмий Пекин коронавирусни Хитойга америкалик ҳарбийлар олиб келган, деган тахминни илгари сурган эди).

Хитойда бошланган жанговар топшириқ

Хитойнинг марказий ҳарбий кенгаши Ухань шаҳрида тарқалган коронавирусга қарши курашга армияни ҳам жалб этади (шу тариқа дунё армиялари мана шу кўринишдаги жанговар топшириққа бирин-кетин жалб қилина бошлади). Уханнинг пульмонология госпитали интенсив даволаш бўлимига юборилган ҳарбий шифокорлар маҳаллий шифокорларга эпидемияга қарши курашда катта ёрдам кўрсатди. Шу тариқа Хитой бу касалликни енгиб ўтди.

Ҳозирда Хитой коронавирус вакцинасини ишлаб чиқиш устида бош қотирмоқда. Эътиборлиси, COVID-19 га қарши вакцина Хитой Халқ-озодлик армияси Ҳарбий тиббиёт академияси олимлари (!) ва маҳаллий фармацевтика компанияларининг мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Француз армияси «дахлсиз душман»га қарши

Францияда ҳам вазият ўта жиддий. Президент Макрон мамлакат фуқароларининг алоҳида сабабсиз уйни тарк этишини тақиқловчи фармонни имзолади. У мактаб, дўкон, кафе ва музейлар ёпилиши етарли чора бўлмаганини айтмоқда.

«Шифокорлар вазият нақадар жиддийлиги тўғрисида огоҳлантирганига қарамай, одамлар хиёбон, бозор ва ресторанларда йиғилишда давом этиб, ҳукумат фармойишларини инкор этмоқда», дейди Макрон миллатга 20 дақиқалик телемурожаатида.

Француз армияси асосан беморларни шифохоналарга ташиш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, мамлакатдаги вазият барқарорлигини таъминлашда ҳам армияга таянилмоқда.

Губернатор армиядан ёрдам сўради

Эпидемиядан энг кўп жабр кўраётган давлатлардан бири бўлмиш Италияда армия карантин қоидаларини текшириш учун кўчаларда патруллик қилмоқда.

Итальян армияси аҳолининг ўзини ўзи изоляция қилиш чораларини тўлиқ назоратига олган. Ушбу қарор Ломбардия вилояти губернатори Aттилио Фонтана армиядан полицияга карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлашда ёрдам беришини сўраганидан кейин қабул қилинди.

Шунингдек, Италия армияси вафот этган кишилар тобутларини шаҳардан олиб чиқиб кетиш ишларини ҳам бажармоқда.

Афғонистонда қизиқ бўляпти

Шу кунга қадар тинчлик нималигини билмай келаётган афғонлар қизиқ воқеаларнинг гувоҳига айланяпти. Толиблар Афғонистон армияси ортидан коронавирусга қарши курашга қаратилган чора-тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

«Толибон»га бўйсунувчи ҳудудларда жангарилар тинч аҳолига коронавирусга қарши қандай курашиш бўйича маслаҳатлар битилган варақалар, совун ва тиббиёт ниқобларини тарқатмоқда. Ҳозирда «Толибон» уюшмаси алоҳида диагностика ва даволаш марказларини ташкил этиш ва ишга тушириш мақсадида фондга маблағлар ажратиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Бундан ташқари, толиблар халқаро ташкилотларни ҳам коронавирусга қарши курашда ҳамкорликка чорлаган.

Таъкидлаш жоизки, 24 март санасидан буён толиблар ҳеч қандай жанговар ёки тажовузкор ҳаракатларни амалга оширгани йўқ. Ким билсин, Афғонистондаги тинчлик келишуви масаласида АҚШ эмас, балки коронавирус ёрдам берар.

Қозоғистонда нима гап?

Қозоғистон Қуролли Кучлари дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун биологик ҳимоя бўлинмаларини тузмоқда, полиция эса фавқулодда вазиятда профилактик чора-тадбирларни олиб бориш ва тартибни сақлашга кўмаклашмоқда.

Мамлакатда 15 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 23 март куни Фавқулодда вазиятни назорат қилиш давлат қўмитаси учрашувида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев армия ва полицияга профилактик чораларни амалга ошириш ва жамоат тартибини сақлашга буйруқ берди.

Шундан сўнг касаллик тарқалишига қарши профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ва тартибни сақлаш мақсадида мамлакат бўйлаб полиция ва ҳарбий патруллар жойлаштирилди.

Айни вақтда Қозоғистон Қуролли Кучлари Биологик ҳимоя бўлинмаларини сафарбар этишга буйруқ берган. Улар индивидуал зарарсизлантириш тўпламлари ва дезинфекция­ловчи эритмалар билан таъминланган бўлиб, Қозоғистон шаҳарларидаги мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари, савдо марказлари, бозорлар, масжидлар, темир йўл вокзаллари, пиёдалар йўлакчалари, бекатлар, хиёбонлар ва майдонларни тозаламоқда.

Ҳарбийлар хорижда қолиб кетган қозоғис­тонликларни ватанига қайтаришга кўмаклашмоқда. Қирғизистон, Саудия Арабистони ва Қувайтда қолиб кетган 56 нафар қозоқ фуқароси 24-25 март кунлари ҳарбий самолётларда Қозоғистонга олиб келинган.

Шу билан бирга, мудофаа соҳасида фаолият юритадиган «Казахстан инжиниринг» пудратчи корхонаси 25 март куни тиббий муассасаларга 180 та сунъий нафас олдириш аппарати етказиб берилганини маълум қилди.

Германия армияси ёрдамга шай

Германия Қуролли Кучлари – Бундесвер эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, зарур чораларни кўрмоқда. Ҳозирда улар фуқаролик соҳасига ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирмоқда. Бундесвернинг тиббий бўлимларида 20 мингга яқин қўшин бор. Ҳозирга қадар улар фавқулодда вазият юз берса, ёрдам кўрсатиш мақсадида 5 та дала касалхонасининг «кучини синаб кўрди». Ушбу шифохоналарда сунъий нафас бериш мосламаларидан интенсив терапияга муҳтож бўлган оғир беморлар учун жой ҳозирланган.

Оддий вазият учун бу етарли, аммо экстремал ҳолларда ҳозирланган жойлар сони камлигини Бундесвер ҳам яхши англаб турибди. Коронавируснинг на миллат, на элат ва на касб танламаётганини инобатга олиб, немис ҳарбийлари ҳеч бўлмаса ўз-ўзини жой билан таъминлаш масаласини биринчи галда ҳал этишга киришди. Яъни жойлар кўпайтирилмоқда. Аммо вазият ўта жиддий тус оладиган бўлса, ҳарбийлар томонидан аҳолига ҳам тиббий хизматлар кўрсатилишига ишонтирилмоқда.

Қуролли кучлар коронавирусга қарши қуролсизми?

Коронавирусга қарши курашда ўз давлатига ёрдам бераётган армиялар ҳам хавфдан холи эмас. Касаллик жанговар сафларга ҳам кириб борган. У давлатлар Қуролли Кучларига-да таҳдид солмоқда. Чунки Қуролли Кучлар коронавирусга қарши қуролсиз эди ва дунё армиясидаги вазият кундан кунга ёмонлашмоқда.

Дунё мамлакатлари армиясига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб юқори мартабали ҳарбий хизматчилар касалликни юқтириб олган. Италия, Греция, Эрон, Миср армиялари COVID-19 дан ҳайратда. Италияда ҳатто 9 та генерал касалликка чалиниб, карантинга олинган. Эрон, Миср ва Юнон қўшинларида ўлим ҳолати қайд этилди. Эпидемия Бельгияда жойлашган НАТО штаб-квартирасига ҳам етиб борди.

Ҳозирча дунё армиялари ичида энг кўп талафот кўргани бу АҚШ армияси бўлиб турибди. Боиси америкалик ҳарбийлар орасида коронавирусга чалинганлар сони бошқаларникига нисбатан кўпроқ. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу АҚШнинг бир неча йил қўшма штатлардан ташқари бошқа ҳудудларда жанговар амалиёт ва машғулотларни олиб боришдан чеклаши мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам армия ҳар бир давлатнинг таянчи. У мамлакат тақдирига дахл қиладиган ҳар қандай хавфни бартараф этишда энг олдинги сафларда бўлади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar»  газетаси 2020 йил, 10 апрел, №15


Марду майдонлар

МАЖМУАЛИ НАЗОРАТ МАШҚЛАРИ

янгича усул ва услубда

Замон шиддат билан ўзгармоқда. Бу замонда яшаётган инсонлар, уларнинг дунёқарашидаги эволюция жараёни ҳам ана шундай тезкорлик ва янгиланиш асосида ўз-ўзини қайта ишлаб боряпти.

Ҳаётий мисол келтирайлик: барчамизнинг қўлимизда уяли алоқа воситаси бор. Ундаги интернет хизматини фаоллаштиришингиз билан телефонингизга кўплаб вазифаларни бажарадиган муҳим дастурларнинг эскиргани ва уни янгилашингиз (обновление) кераклиги ҳақида хабар келади. Табиийки, янги дастур сизга янги имконият ва қулайликлар тақдим эта олади.

Мана шу оддий мисол ҳам Қуролли Кучлар тизимидаги жанг услуб ва услубиятининг замонавий кўринишларини ўзлаштириш, янгича қараш ва фикрлашнинг нақадар муҳим эканлигини кўрсатиб турибди.

Марказий ҳарбий округнинг Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари янгича усул ва услублар асосида ташкил этилган 11 та йўлакдан ўтиб, мажмуали назорат машқларини бажаришди.

Янгича ғоя ва ташаббус билан ташкил этилган ушбу йўлаклар муҳим вазифаларни бажарадиган юрт ўғлонларини реал вазиятларда аниқ ва тезкор ҳаракат қилишини таъминлайди. Улар жисмоний ва руҳий зўриқишларни енгиш ҳамда душманга руҳий босим ўтказиш, гаровдагиларни якка тартибда ҳаракатланиб озод этиш ва ярадорларни эвакуация қилиш чоғида хатосиз ўт очиш, жуфтликда ҳаракатланган ҳолда отиш позицияларини ўзгартириш, ҳарбий-тиббий тайёргарлик меъёрларини бажариш ва ҳаракатланувчи нуқтадан тўғри нишонга олиш каби вазифаларни ўзида мужассам этган машғулотларни юксак савияда бажариб, билим ва кўникмаларини синовдан ўтказишди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йўлаклардан биринчи маротаба Марказий ҳарбий округнинг ҳарбий хизматчилари ўтди. Улар йўлакдаги бир-биридан мураккаб бўлган тўсиқларнинг барчасидан тез ва аниқ ўтиб, нишонларни йўқ қилди, белгиланган вазифани ўз вақтида бажарди. Эндиликда ушбу йўлаклар тунги шароитга ҳам мослаштирилади ва барча полигонларда жорий этилиб, амалиётда кенг қўлланилади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 12 июнь, №24


 «АрМИ – 2020» олдидан

СОНИЯЛАР ҚАДРИДАН

МИЛЛИМЕТРЛАР АҲАМИЯТИГАЧА

Тинчлик даврида дунё мамлакатлари Қуролли Кучлари салоҳиятини белгилаб беришда ҳарбий мусобақаларнинг ўрни беқиёс. Боиси мазкур баҳсларда ҳарбий хизматчилар реал вазиятларда бажарадиган топшириқ ва вазифалар билан синовдан ўтади. Халқаро армия ўйинлари мана шу жиҳатларни билан ҳам аҳамиятлидир.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан ташкил топган Ўзбекистон жамоаси мазкур нуфузли ҳарбий мусобақанинг барча тур ва йўналишларида фаол иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда.

Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ҳарбий хизматчилари ушбу мусобақанинг «Йўл патрули» йўналишида 2017 йилдан буён қатнашиб келади. 2017 ва 2018 йиллари Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги Ногинск шаҳарчасида ўтказилган баҳсларда жамоамиз муносиб иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритган эди. Эрон пойтахти Теҳрон шаҳри мезбонлик қилган ўтган йилги мусобақада ҳам вакилларимиз шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олди.

Халқаро армия ўйинларининг «Йўл патрули» мусобақасига бу йили мамлакатимиз мезбонлик қилиши режалаштирилган. Мусобақа жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб ўтади.

Мусобақа умумий беш шартдан иборат. Унда иштирокчилар яккалик ва жамоавий баҳсларга киришади. Мусобақада нафақат автомобилни маҳорат билан бошқариш, тўсиқлардан беталафот ўтиш ва маррага биринчи бўлиб етиб келиш, шунингдек, ўқотар қуроллардан нишонларни йўқ қилиш, жароҳат олганларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғин чиққан ҳудудга белгиланган вақт оралиғида етиб бориш ҳамда уни бартараф этиш каби бир-биридан мураккаб шартларни ўз ичига олган.

Техника билан тиллашган маҳоратли ҳарбий хизматчилардан иборат жамоамиз йил бошидан бери мусобақага жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Қуйида сиз кўриб турган суратлар тайёргарлик жараёнининг 10 июлга қадар бўлиб ўтган мавсумидан олинган. (Хабарингиз бор, мамлакатимизда кучайтирилган карантин чекловлари боис барча оммавий йиғин ва тадбирлар вақтинча бекор қилинган). Лекин шунга қарамай маҳорат ва тажриба барибир ўз сўзини айтишига ишонасан киши.

Баҳсларни жонли кузатсангиз, бу шунчаки автомобиль шайдолиги эмаслигини англайсиз. Чунки гўё рақсга тушаётгандек кўринган техникалар маълум шарт ва топшириқларни бажараётган бўлади. Бунда вақт нуқтаи назаридан сониялар ҳам инобатга олинса, ўлчов жиҳатидан миллиметрлар аҳамияти кишини ҳушёрликка чорлаб туради.

Сиз ҳам қизиқдингизми? Келинг, унда яхши ният қилайлик: мусобақа ўтказилиши режалаштирилган кунларгача пандемия чекинсин, уни жонли томоша қилиб, юртдошларимизни бирга қўллаб-қувватлайлик.

И. НОРМАМАТОВ

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 17 июль, №29   


Миллий ғурур

“ЎЗИМНИ ҲАМ ЕНГИШИМ КЕРАК!”

… Қирқ икки нафар спортчи ва қирқ икки нафар мураббий. Қирқ икки хил тактика. Қирқ икки мингдан ортиқ ўй. Сен шуларнинг барини енгишинг керак, Жавоҳир! Ие, нега ўзимни ҳам қўшяпман? Мусобақада қатнашаётган спортчилар мен билан қирқ иккита эмасми? Мендан ташқари қирқ битта қолади-да. Йўқ! Ғалаба қозонишим учун ўзимни ҳам енгишим керак! Бу шарт.

Тўхта, тўхта, мен ҳар битта иштирокчи билан бирма-бир жанг қилиб чиқмайман-ку. Ғалаба қозонган тақдиримда ҳам қанақасига ҳаммани енгган бўламан? Йўқ-йўқ, ўзи шунақа бўлади, ахир бу спорт. Кучлилар сараланади-да, финалда баҳслашади. Ҳал қилувчи жангларда кимнинг қўли баланд келса, ўша мутлоқ ғолиб саналади. Тамом-вассалом! Лекин… Оббо, лекин-пекини йўқ, бошим ачиб кетди. Финал остонасида турибсан, Жавоҳир. Бошқа ўйлайдиган нарсанг йўқми? Ҳозир жанг қиладиган рақибингни ер тишлатсанг бўлди, тўғри финалга йўл оласан. Қани, бўшашма.

– Яхши, яхши, ҳимояни унутма, Жавоҳир! Марказда қаттиқроқ тур! – мураббийим Павел Хандан бошқа ҳеч кимнинг гапи қулоғимга кирмайди. У тинмай кўрсатма бериб турибди.

Мана, икки раунд ортда қолди. Таблодаги 12:7 ҳисоби менинг фойдамга. Охирги раундда ҳам ўзимни кўрсатсам, ҳеч бўлмаса мана шу ҳисобни “ушлаб” турсам ҳам ғалабани илиб кетаман. Ишла, Жавоҳир, ишла!

Ҳимоя жангини олиб боряпману (бунда рақиб зарбаларига чап бериш ва ўрни келганида қарши зарба бериш ҳамда майдондан чиқиб кетмаслигим керак), жанг тугашига қанча вақт қолганини кўрсатиб турган лавҳга кўзим тушиб кетди: яна 10 сония. Рақибим ҳам анойи эмас экан, бекорга шу ергача етиб келмаганда. Ҳисобни ҳам 12:11 га етказиб олди. Ҳисоб, вақт, мураббийим (энди унинг бирорта кўрсатмаси қулоғимга кирмай қолганди); буларнинг бари “шип-шип” этиб кўз олдимдан ўтар, ҳолат ва манзара мени драматик фильмнинг бош қаҳрамонига айлантириб қўйган эди. Агар бу кино бўлса, агар мен бош қаҳрамон бўлсам, ҳавотирга асло ўрин йўқ: албатта, ғалаба қозонаман. Йўқ, афсуски, бу кино эмас, ҳаёт экан… Вақтни кўрсатиб турган лавҳга охирги марта кўзим тушганида раунд тугашига бор-йўғи 4 сония қолган эди. Шу пайт бош қисмимдан яхшигина зарбани ўтказиб юбордим ва …ерга йиқилдим. Энди мен учун вақтнинг аҳамияти йўқ эди…

* * *

Одатда бундай батафсил баёнлар қаҳрамоннинг оламшумул ва кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғалабаларидан сўнг битилади. (Ўшандай ғалаба ҳақида ҳам сўз юритамиз. Фақат бироз кейинроқ. Сабаби қуйироқда баён қилмоқчи бўлган музаффарият ҳақида бундан беш йил аввал газетамизда “иссиққина” мақола эълон қилинган эди. Бу гаплар ўтган вақт ичидаги ҳодиса ва тафсилотлар ҳақида) Улар мағлуб бўлганида эса шунчаки “имкониятни бой бериб қўйди” ёки бўлмаса “бу сафар омад ундан юз ўгирди” билан вазиятдан чиқиб кетилади. Аммо Жавоҳир Обиджонов ёшлигидан хатолардан тўғри хулоса чиқаришга, ғалабанинг соясида қанчадан-қанча мағлубиятлар мағлуб бўлиб ётишига, агар спортчи ўз устида тинимсиз ишламаса, чалажон мағлубиятларга қайта жон кириши мумкинлигига ўргатилди.

У беш ёшидан бери спортнинг таэквондо WTF тури билан шуғулланиб келади. Саккиз ёшга кирар-кирмас «қора белбоғ» соҳибига айланганди. Ҳар бир спортчининг бу оламга кириб келиш тарихи бўлгани каби Жавоҳирда ҳам қизиқ тарих бор. «Кимнидир ургим келяпти…» Айнан мана шу гапни Жавоҳирдан эшитган бобоси истеъфодаги полковник Амирхон Алибаев уни чолғучилик тўгарагига беради. Зора, санъатга меҳр қўйиб, табиатидаги бу ғайриоддий истак булутдек тарқаб кетса. Меҳрибон ва ғамхўр бобо неварасини шу тариқа санъат оламига йўналтиради. Аммо болакай хатбошида айтганимиздек, спортга интилаверади-интилаверади. Шу билан бирга санъат ҳам ташлаб қўйилгани йўқ. Жавоҳир ҳозирда аккордеон ва гитарада моҳирона куйлар чалади.

Жавоҳир Обиджонов бугунги кунда Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси ва Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази аъзоси. У 2018 йили бўлиб ўтган республика мусобақасида эришган муваққафиятидан сўнг мазкур сафга қўшилган эди. Унгача ҳам қаҳрамонимизнинг мақтаса мақтагулик, фахрланса фахрлангулик ютуқлари бисёр. Жавоҳир 2017 йили спортнинг таэквондо WTF йўналиши бўйича  пойтахтимизда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида  иккинчи, 2018 йили Қозоғистондаги Остона баҳсларида фахрли учинчи ўринларни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини кўкка кўтарган эди.

Сўнгги сонияларда финал масаласини ҳал қилолмай доғда қолган аламли баҳс эса 2019 йилги республика мусобақаси эди. Ўша воқеадан қаттиқ таъсирланган Жавоҳир ўз устида тинимсиз ишлади, машаққатли йўлни яна бир бор босиб ўтди. Орадан бир йил ўтиб, 2020 йилнинг декабрь ойида 2004-2006 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида яна республика биринчилиги бўлди. Қаҳрамонимиз унда -59 кг вазн тоифасида майдонга тушиб, мутлоқ ғолибликни қўлга киритди. Ана шунақа, мағлубият фақат бошни хам қиладиган жиҳат эмас, у шахснинг ўз компосини яна бир бор тўғрилаб олиши учун имконият демакдир. Буни Жавоҳирнинг фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

У ҳозирда Яшнобод туманидаги 307-ихтисослаштирилган мактабнинг битирувчи синф ўқувчиси. Айнан мана шу ғалаба унга республикамизнинг исталган олий ўқув юртига имтиҳонсиз қабул қилиниш имкониятини берди. Жавоҳирнинг онаси Умида Алибаева Қуролли Кучлар академиясида тингловчиларга чет тилидан сабоқ бериб келади. Бу ерга кўп келиб турадиган Жавоҳир ҳарбийликка меҳр қўйди.

* * *

…2016 йил, октябрь. Венгрия пойтахти Будапештда спортнинг таэквондо ITF йўналиши бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон кубоги баҳслари бўлиб ўтади. Унда жаҳоннинг олтмишдан ортиқ давлатидан қарийб икки мингга яқин ёш спортчилар иштирок этган эди. Ўша нуфузли мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш 12 ёшли Жавоҳир Обиджоновга ишониб топширилади. Якунда вакилимиз олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпионига айланган эди.

… Қарийб икки минг нафар спортчи ва икки минг нафар мураббий. Икки минг хил тактика. Икки миллиондан ортиқ ўй. Сен шуларнинг барини енгишинг керак, Жавоҳир!..

Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2021 йил, 29 январь, №4


«АрМИ – 2020» олдидан

ЭНИ-Ю БЎЙИГА ЎСГАН МАҲОРАТ

ёхуд улар бу йил ҳам «Омон ёр»га ўйнайдими?

Улуғвор ниятлар, покиза тилаклар Ватан дарди йўлидадир. Ватангина муқаддас, Ватангина бетакрор, Ватангина бебадал. Алпомишлару Мангубердиларни элда азиз қилган, достонларда куйлатган ҳам шу муқаддас Ватан, шу қадим эл дардидир. Ватан эл билан Ватандир. Эл Ватан билан элдир. Элнинг шонини кўтаришга ҳамиша Алпомишлар керак. Буюклик ҳам, буюкликка интилиш ҳам эл деган мардлар туфайли бунёд топади.

Гапимизни бежизга она Ватан, унинг шаъни ва қадр-қиммати билан бошламадик. Боиси қуйида шу тупроқни муқаддас билиб, унинг шонини кўкларга кўтариб юрган мардлар ҳақида ўқийсиз. Демак, кетдик!

Танк биатлони…

Youtube, Telegram каналлари, умуман интернет уммонига шўнғиб, юқори хатбошидаги иборани «қидирув» пунктига шунчаки киритсангиз бас. Қоракўз ўзбеклардан иборат танкчиларимизнинг довруғи кўнглингизда ғурур уйғотади.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат Ўзбекистон жамоаси Халқаро армия ўйинларининг «Танк биатлони» мусобақасида ўтган йили илк бор иштирок этди. Мусобақа шартига кўра, янги жамоалар иккинчи дивизионда ҳаракат олиб боради. Ўша унутилмас лаҳзаларни ўз кўзи билан кўрган, олам-олам таассурот олган, ватандошларимиз муваффақиятлари ҳақида юртимиз оммавий ахборот воситаларига пешма-пеш ахборот узатиб турган ҳарбий журналист сифатида шуни айтаманки, йигитларимиз «АрМИ – 2019»нинг чинакам кашфиёти бўлди. Буни баҳсларни тўғридан-тўғри кузатиб борган дунёнинг 40 га яқин давлатидан ташриф буюрган мутахассислар ва ҳакамлар ҳам бот-бот такрорлашди.

Ҳа, ўша мусобақада Ўзбекистон илк бор иштирок этаётганига қарамай, ўз дивизионида фахрли 1-ўринни шараф билан қўлга киритди. Бунинг замирида қанчадан-қанча меҳнат, заҳмат ётганини фақат ғолиблик ҳиссини юрагидан ўтказиб, Ватан байроғини кўкларга кўтарган, ёруғ юзини севинч кўзёшлари ювган, завқи келиб, «Омон ёр»у «Андижон полка»сига рақс тушиб юборган ўша қоракўз йигитларимиз билади. Ғалаба эса бутун Ўзбекистонники! Унда жамики ўзбек оналарининг, оталарининг, азиз сингилларнинг, укажонларнинг, танкчиларимизни интиқ кутган вафодор янгаларнинг ҳаққи бор.

Йигитларимиз ҳозирда замон талабларига тўла жавоб берадиган Марказий ҳарбий округга қарашли «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида «АрМИ – 2020» мусобақасининг «Танк биатлони» баҳсларида иштирок этиш учун жиддий тайёргарлик олиб бормоқда. Бу йилги мусобақа вакилларимиз учун ўтган йилгидан-да жиддий бўлиши турган гап. Чунки жорий йилда жамоамиз биринчи дивизионда иштирок этади.

Белгиланган вақт ичида тўсиқлардан талафотсиз ўтиш, нишонларни йўқ қилиш, танкни моҳирлик билан бошқариш ва биринчи бўлиш кўникмаси мураббийлар штаби томонидан жамоамиз вакилларига чуқур сингдирилмоқда.

Жамоа ўтган вақт ичида ҳар жиҳатдан улғайди. Таркибни, улар олиб бораётган тайёргарлигу ҳаракатларини кузатсангиз, маҳорат ва матонатнинг эни ва бўйига ўсганини сезасиз. Таниш чеҳралар эса кўзингиздаги температурани оширади. Мана бу киши подполковник Давлетов, бу киши майор Маҳаммадиев, ана майор Ҳошимов ва майор Йўлдошев, ҳазилкаш сержант Турдиалиев доимгидек самимий табассуми билан…

Барчамиз бу таркибни жорий йилги мусобақанинг шоҳсупасида кўришни истаймиз. Олға, Ўзбекистон!

Контракт бўйича ҳарбий хизматчи,

оддий аскар Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 24 июль, №30


Бурчга садоқат

ШОҲ СОХТА ЭКАН

      Ўйинбузиқилар ҳамиша топилади. Улар шундай ўйинбузиқики, бузилган қоида ўрнини ундирилган жарима билан қоплаб бўлмайди. Унинг товони қанчадан-қанча одамлар жонига тенг. Ҳа, айнан шундай. Агар газетамизни ўқишда мунтазамлик касб этган бўлсангиз, гап нима ҳақда кетаётганини дарров пайқадингиз. Гап…

Бугун онадек азиз, жондек мўтабар Ватанимиз, муҳтарам халқимиз Ҳақ таоланинг турли синовларини бошидан кечирмоқда. Аввалига коронавирус пандемияси дунё аҳлига қўшиб, халқимизнинг ҳам тинчлигини бузган бўлса, ундан кейин Бухоро вилояти кучли шамол оқибатида талафотга учради. Яқинда эса Сирдарё вилоятидаги кўнгилсиз ҳодисалар бутун диққат-эътиборимизни ўзига қаратди. Албатта, бу синовли кунлар ҳам ортда қолади. Халқимизнинг бирдамлиги, жипслиги, бир-бирига бўлган меҳр-муруввати ёруғ кунлар сари дадил бошлаётган энг муҳим омиллардан бири бўлмоқда.

Карантин давом этаётган навбатдаги кунларнинг бири. Шаҳар анча тинчиб қолган. Машиналарнинг асабий сигнал чалишлари деярли қулоққа чалинмайди. Кўчада фақат махсус рухсатномага эга машиналаргина зарурат юзасидан ҳаракатланмоқда. Шундай бўлса-да, ҳушёрлик ҳеч қачон зарар қилмаган.

Контарк бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Дадахонбой Тожиматов Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан пойтахтимизнинг Яшнабод тумани, Абдулла Қодирий кўчасидаги 2-постда ўз хизмат вазифасини ўтаяпти. Ҳаракатдаги ҳар бир машина постдан ўтаётганида синчиклаб текширилмоқда. Ҳайдовчининг карантин пайти автотранспорт воситасини бошқариши учун махсус рухсатномаси борми, ҳаракат давомида йўловчи ташимаяптими, ўзини тутишидан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар аломати сезилмаяптими, хуллас, чумолининг кўзича келадиган жиҳатларга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Йўқса, оқибати яхшиликка етакламайди.

Чунки бир инсоннинг қанчалаб кишиларга инфекция юқтирганини матбуотда, ижтимоий тармоқларда ўқидик-ку. Албатта, хизматдаги киши фуқароларга инфекция тарқатувчи сифатида қарамайди. Аммо карантиннинг ўз талаблари бор. Уни бажариш ҳаёт давомийлигингни таъминловчи вакцина кабидир. Пандемияни менсимаган давлатлар ҳолига йиғлаган маймунлар талабгорлар томон кўз тиккан.

Постда хизмат фаолиятини олиб бораётган куч тузилмалари ходимлари машиналар қатнови бироз камайганидан сўнг бир муддат енгил нафас олишди. Орадан кўп вақт ўтмай, яна бир нечта улов қаторлашиб навбат ҳосил қилди. Яна текширув, яна ҳушёрлик.

«Ие, мана бу машина ҳайдовчиси ўзимиздан эканку, ҳарбий! Қани, унвони қандай экан? Ээ кўринмаяпти барибир…»

Оддий аскар Тожиматов одатига кўра, ҳар бир машина, унинг ҳайдовчиси, давлат рақамини диққат билан кузатади. Мана бу ҳамкасби ҳам эътиборидан четда қолмади. «Қандайдир ғалати…» кўнглидан ўтказди у. Ички ишлар вазирлиги ходимлари бу пайт «Spark» машинаси бошқарувидаги ҳарбий хизматчи билан тўғрима-тўғри вазиятга келган эди. Барибир бўлмади, Дадахонбойнинг кўнглидаги ғашлик ариши учун у бир иш қилиши керак. Секин «Spark» томон юриб борди-ю, вазиятни тушунгандек бўлди.

– Марҳамат қилиб ҳарбий гувоҳномангизни кўрсатсангиз, – деди оддий аскар Тожиматов.

Ҳеч нарсага тушунмаган Ички ишлар вазирлиги ходимлари секин бир-бирига қараб қўйди. Ҳайдовчининг ҳам одатий хотиржамлиги қаёққадир ғойиб бўлди-қолди. Чўнтакларини титкилайди, машина салонини кўздан кечиради, лекин ҳарбий гувоҳнома қурғур ҳеч топила қолмайди. Дадахонбойнинг гумони тўғри чиққанди. Ҳайдовчи ҳеч қандай ҳарбий хизматчи эмас эди. Унинг ўзини тутиши-ю, кийиб олган ҳарбий либосидаги камчиликлар буни сотиб қўйди. Ҳа, ҳушёр Ватан ҳимоячиси ўзига ўхшаган мардни қадам олишидан танийди. Бу каби ҳарбий либосни ўйинга кийиб олиб, одамларни лақиллатаман, деб ўйлайдиган номардларни эса юзи сотиб қўяди ва эл ичра шарманда этади. Ҳарбий либос синовларда тобланиб, ҳақиқий Ватан посбони бўлган йигит эгнида лов-лов ёнади, мана бундай шармандалар билан эса ҳеч чиқиша олмайди.

«Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради» фильмидаги сохта шоҳ муаллиф сарказми билан вазиятдан осон чиқиб кетади. Фильм одамга чинакам завқ беради. Аммо бу мақоланинг муаллифи Михаил Булгаков эмас. Бизнинг «шоҳ» тутган йўл ҳам бутунлай бошқа. Шу боис сохталиклар ўртасидаги нозик фарқни англаш даркор.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчи,

оддий аскар Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 8 май, №19


 «АрМИ – 2020» олдидан

ШОҲСУПАДАГИ КЎТАРИЛИШ

ёхуд навбат 1-ўринга!

         … Япониялик профессор Хидэсабуро Уэнога ит совға қилишди. Улар жуда тез чиқишиб кетди. Ит ҳар куни ўз эгасини ишга кузатиб қўяр ва ҳар куни бир хил вақтда, бир хил жойда – «Сибурия» темир йўл станциясида эгасини ишдан келишини кутиб ўтирарди.

         Профессор 1925 йили юрак хуружидан вафот этади. Аммо ит ўз хўжайини ишдан қайтадиган айни ўша вақтда вокзалга чиқар, эгасининг келишини кутаверар эди. Аммо у келмасди. Шу зайл орадан 10 йил ўтди. Итнинг вафоси кучайса кучайдики, асло сўнмади. Ҳа, бу ўша садоқат рамзига айланган машҳур Ҳатико эди…

Итлар нафақат инсонга содиқ дўст, балки улар қўриқчи, ҳимоячи ҳамдир. Шу боис инсоният қадим замонлардан бери бу жонивор билан дўст тутуниб келган. Таъкидлаш керакки, махсус топшириқларни бажаришда хизмат итларининг ўрни беқиёс. Уларни турли хил хатти-ҳаракатларга ўргатиш, парвариш қилиш, буйруқларни тўғри ва аниқ бажаришга йўналтириш эса мутахассис-кинологлар зиммасидаги вазифа саналади.

Халқаро армия ўйинлари мусобақаларида ҳарбий кинологларимиз 2018 йили 3-, 2019 йили эса фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Бу, албатта, ўз-ўзидан эришилаётган натижалар эмас. Бунинг замирида она Ватан ҳимоячиларининг тинимсиз машғулотлари ва хизмат итлари билан тўғри йўналишда олиб борилаётган ишлар мужассам.

Вакилларимиз жорий йилда бўлиб ўтадиган армия ўйинларининг барча йўналишлари, хусусан, «Содиқ дўст» мусобақасига ҳам жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ва хизмат итларидан иборат жамоа мусобақанинг ҳар йилги пешқадамларидан бири. Табиийки, бунда бошқа давлат жамоалари илғорларга қараб ўз соат милларини тўғрилаб олишади. Шундан ҳам билиш мумкин, мусобақа ўта қизғин ва муросасиз кечади.

Бу йилги мусобақада иштирок этадиган Мудофаа вазирлиги кинологлар жамоаси жорий йилнинг январь ва февраль ойларида ўтказилган «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг барча босқичларидан муваффақиятли ўтиб, саралаб олинган.

         «Содиқ дўст» мусобақаси «Дог биатлони», «Эстафета», «Ҳимоя қаровул хизмати», «Мина қидириш хизмати» ва «300 метр масофага тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтган ҳолда югуриш» каби жами 5 та шартдан иборат. Ҳарбий хизматчилар шунингдек, якка тартибда умумий 3 200 метр масофага югуриш давомида пневматик милтиқ ёрдамида 50 метрдаги нишонларни мўлжалга олиш шартларига тайёргарлик кўрмоқда.

Вакилларимиз эришиб келаётган натижалар билан юқорида танишдингиз. Эътибор берган бўлсангиз, ўзбекистонлик кинологлар йиллар кесимида олдинга ҳаракат қилиб бормоқда. Яъни, ҳар йили шоҳсупада кўтарилиш бўляпти. Демак, йигитларимиздан бу галги мусобақада фахрли биринчи ўринни кутишга ҳақлимиз. Зеро, бунинг учун уларда барча имконият ва шарт-шароит етарли.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 26 июнь, №26


ЭНДИЯМ ШИФОКОРНИ УРАСИЗМИ?

Онгимизда инсоният ўта қудратли ва енгилмас, у барча балоларни бир зумда бартараф эта олади, деган тасаввур анча шаклланиб қолган эди. Аммо дунёда юз бераётган сўнгги ҳодисалар бунинг тамомила акси эканлигини кўрсатиб турибди. Коронавирус гуриллаб ишлаб турган дунёдаги тириклик моторини бир мартага ўчириб қўйиши мумкин эканлигини кўрсатиб қўйди ва унинг қисқа-юлуқ хуружларини айнан бугун бошимиздан ўтказиб, кўксимизни чангаллаб ўтирибмиз.

Атрофга разм солинг: биз дунёни бошқарамиз, бизда ривожланмаган соҳанинг ўзи йўқ, деб оламга аюҳаннос солган, ўзидан бошқаларни оёқ учида кўрсатиб келган давлатларнинг ҳоли не кечмоқда? Уларнинг тиббиёти, иқтисоди ва бардоши, инсонийлиги (вирус тарқаган деган хавф ила маҳбуслар билан лиқ тўла турмаларга ўт қўйганларни эсланг) қай аҳволда эканлиги аён бўлиб қолмадими? Майли, нима бўлганда ҳам бугун бировнинг устидан куладиган ёки уларнинг хатосини юзига соладиган пайт эмас. Бугун ҳамма ўзини ўзи таҳлил қиладиган, босиб ўтган йўлига бир қур назар ташлайдиган ва шу хулосалари билан эртанги куни учун режа тузадиган палла. Шу нарсани тўғри англаш керакки, бу инсоният учун огоҳлик қўнғироғидан бошқа нарса эмас.

Икки хил либосли посбонлар

Дунёдаги бугунги вазият инсониятни чиндан ҳам эсанкиратиб қўйди. Мана шу пайтда одамларимиз жонига биринчи галда шифокорлар ва ҳарбий хизматчилар оро киряпти, десак, гапимизни асло муболағага йўймагайсиз. Карантинга олинган алоҳида объектлар хавфсизлигини таъминлаш, ташкил этилган блок постлар назорати, касалликка чалинган ва соғлом фуқароларимиз саломатлигига жавобгарлик ҳисси – буларнинг бари мана шу икки хил либосли икки касб эгаларини бугун ҳар қачонгидан-да ҳушёр бўлишга ундаб турибди.

Шу нарсани тан олишимиз керакки, сизу биз Ватан ҳимояси йўлида жонини тиккан, унинг тинчлиги, фуқаролар хавфсизлиги учун туну кун бедор бўлган ҳарбийларни асосан йилда бир марта – Ватан ҳимоячилари куни арафасида ёдга оламиз. Аммо улар ҳар лаҳзада эсланишга арзийди. Яқинда маданият вазири Озодбек Назарбековнинг артистлар энг ватанпарвар касб эгалари, деган иддао­сига, тўғриси, тўхталишни ҳам ўзимизга эп кўрмадик.

Шифокорларни олайлик. Яқин-яқингача ҳам бошини кўтариб юролмайдиган касб эгалари эди улар. Нима учун? Кимдир уларни ёппасига порахўрга чиқарса, кимлардир аламидан чиққунча дўппослади. Аммо ҳеч ким куннинг исталган пайтими ё ярим тунда бўладими, бемор уйига бориб, уни ўлим исканжасидан қутқариб қолганини эсламади. Эсласа ҳам «касби шу бўлганидан кейин қилади-да» қабилидаги муомаладан нарига ўтмади.

Хўш, бугун-чи? Шифокорлар бугун ҳам ўз бурчига, Гиппократ қасамига содиқ қолиб, «эсингдами, сен мени хўрлагандинг, дўппослагандинг?» деган гапни хаёлига ҳам келтирмай, ўзини калтаклаган қўл томирларига нажот томчиларини юборяпти. Ўша пайт уларнинг юзига қарай оляпмизми? Яхшиям юзларига ниқоб тақишган-а? Унда журъатингиз етса, кўзларига қараб кўринг бир.

Кўнгил ҳимоячилари

Республикамиз бўйлаб ташкиллаштирилаётган хайрия ишлари марказлашмагунга қадар кўплаб ташкилот ва идоралар қатори ҳарбийларимиз ҳам боқувчисиз, ёлғиз, эҳтиёжманд оилаларга ўзларининг беминнат ёрдамларини бериб келишди. Шакллантирилган рўйхат асосида хонадон қўнғироқлари чалинади. Эшикни очган юпун ватандошларимиз қўлида бозор-ўчар кўтарган ҳарбий либосдаги кишиларни кўриб, бир зум нима бўлаётганини англолмай қолади. Бир онахоннинг кўздаги ёш билан улар ҳақида айтган гапи ҳали-бери ёдимдан кўтарилмаса керак: «Сизлар нафақат она Ватанни, балки биз, ватандошларнинг кўнглини ҳам ҳимоя қилар экансиз…»

Ҳа, шу кунларда оддий инсонлардан тортиб, катта-кичик давлатлар ҳам синовдан ўтяпти. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистоннинг, она Ватанимизнинг фуқаролар олдида юзи ёруғ. Чунки мамлакатнинг хоҳ ичкарисидаги, хоҳ ташқарисидаги ҳар бир фуқароси учунчин маънода қайғуриляпти. Махсус авиарейслар орқали чет давлатлардан қанчадан-қанча юртдошларимиз олиб келинди ва улар саломатлиги учун жон куйдирилаоқда. Карантинга олинган фуқаролар сони кўплиги боис сиҳатгоҳлар, оромгоҳлар ва бошқа кўплаб муассасаларда тиббий кузатувлар жорий этилди. Афсуски, мана шу вазиятда ҳам норози бўлгувчилар топилмоқда. Не-не музокара-ю келишувлар билан амалга ошаётган бу ишлардан фақат миннатдор бўлиш керак эмасми, аслида? Бундай кишилар Филиппин президенти карантин қоидаларини бузган ва ундан қочган ўз фуқароларини отиш учун рухсат бергани ҳақида эшитмаган шекилли?

Гурунгимиз Хитойда бошланган коронавирус мавзуси атрофида кечгани боис Чин юртига оид бир воқеа ёдимизга тушди. Қадим хитойликлар душманлардан сақланиш учун Буюк Хитой деворини қуришган. Улар ишонганки, девор қанчалик баланд ва мустаҳкам бўлса, уни ошиб ўтиш шунчалик қийин бўлган. Аммо… Девор қурилгандан кейинги юз йилликда Хитой уч марта ташқи душман ҳужумига учрайди. Ҳар сафар ёғийнинг қуруқликдаги қўшини деворни тешиб ёки ошиб ўтишга мажбур бўлмаган. Балки қўриқчиларга пора бериб, тўғри қалъа дарвозаларидан кириб борган. Ўшанда хитойликлар девор қуриш билан овора бўлиб, қўриқчи қуришни унутишган. Хулоса шуки, одамни бино қилиш ҳар қандай қалъани бино қилишдан мушкулдир.

Нима демоқчимиз? Пешонамизга битган бўлса, бу синовли кунлардан ҳаммамиз ўтамиз. Лекин энг муҳими, ундан қандай юз билан ўтишимиздадир! Сўнгги гапимиз шу: синовларда бардошли, сотилмайдиган ва сотмайдиган вужуд соҳиби – ҳазрати инсон БИНО бўлинг.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» 2020 йил, 10 апрел, №15

 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.7 / 5. Baholaganlar soni: 21

OAV nomi va parolini kiriting!