«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-16T10:43:56+05:0016 Aprel, 2021|Матбуот|

Норқобил ЖАЛИЛОВнинг ижодий ишлари

 

Йўлнома

ИСТАНБУЛ ДАФТАРИ

Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Элчихонаси маданият ва туризм бўлими “Safe Tourism” мавзусида ташкил этган пресс-турда бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари сафида “XXI asr” газетаси махсус мухбири ҳам қатнашмоқда. 25–31 январь кунларига мўлжалланган тадбирдан мақсад халқаро пандемия шароитида ҳам Туркияда “хавфсиз туризм”нинг мавжудлиги, барча санитар-эпидемиологик чора-тадбирлар кўрилганини тарғиб қилишдан иборатдир. Нашримизнинг бугунги сонида саёҳат таассуротлари муқаддимаси билан танишасиз. Кейинги ҳафтада эса пресс-тур тафсилотларига кенгроқ ўрин беришни режалаштирганмиз.

Кутилмаган сафарлар хайрли кечади. Туркия Республикаси элчихонаси ходими қўнғироқ қилиб, ушбу пресс-турга таклиф этганида аввалига ўйланиб қолдим. Сабабики, жуда қисқа муддатда хорижга чиқиш паспортини тўғрилашим, таҳририятдаги катта-кичик ишларни якунига етказишим лозим эди. Кундалик юмушлар тугамаслиги аниқ. Ҳаммасига вақт қурғур етмайди. Умр эса ҳеч кимни  кутиб ўтирмайди. Хуллас, бир ҳафта, ўн кун деганда руҳан қадим Туркия сафарига тайёр бўлдим ва…

Паспорт деганлари ортиқча оворагарчиликсиз, тез ва осон битди. Яшнобод тумани ички ишлар бўлими ходимларининг хушмуомалалигига ҳам тан бермасликнинг иложи йўқ. Аслида ҳамма ёқда аллақачон шундай тартиб-интизом бўлишини халқимиз неча йиллардан буён кутаётганди. 24 январдан 25 январга, якшанбадан душанбага ўтар кечаси Тошкент аэропортидан Истанбулга учдик. Сафар баҳонасида ўзимиздаги кўнгилни хира эмас, ёруғ қиладиган айрим ўзгаришлардан яна бир шингил ёзмоғим лозим деб ҳисобладим. Аэропорт дегани – мамлакат остонаси, давлатда қонун устуворлигини кўрсатувчи, жамиятнинг маънавий савиясини акс эттирувчи ойна мисоли. Кўз тегмасин, кўп нолинадиган жабҳамизда ҳам анча янгиликлар борлигига гувоҳ бўлдим.

Сайёҳлик қачон ривожланади? Борган жойингда очиқ чеҳра билан кутиб олишса, юксак эҳтиром билан муомала қилишса, чуқур мулозамат билан кузатиб қўйишса… Ҳали кетмасингданоқ яна қайтгинг келса. Мана шундай илиқ муҳитни яратиш туризмни ривожлантиришнинг бирламчи шарти эканини Туркияга босилган илк қадамларимизданоқ сездик. Фақат давлат хизматчилари ёки аэропорту меҳмонхона ходимларида эмас, балки шаҳар аҳли, кўча-кўйдаги оддий одамлар ва ҳайдовчиларда ҳам инсонга инсондек муносабатни, айниқса, хорижлик меҳмонларга самимий илтифотни сезиш қийин эмас эди.

Истанбул жаҳоннинг энг муҳташам ва муаззам шаҳарларидан эканига шубҳа йўқ. Жаҳон сайёҳлари албатта бориб кўришни орзу қиладиган масканлардан бири. Бу ерда денгизлар туташади. Ғарбу Шарқ юз кўришади. Тамаддунлар кесишади. Маданий ранг-баранг­лик ва айни пайтда бағрикенглик Истанбулга хос хусусият. Шу боис мазкур мегаполисга осиёлигу оврупалик ошиқади. Фақатгина Тўпқопи ва Аёсофияга ҳар йили бир неча миллион зиёратчилар келади.

Тўпқопи дунёнинг бугунгача етиб келган энг қадимий саройларидан саналади. 600 йил ҳукм сурган Усмонли империясига тўрт аср давомида идоравий марказ сифатида хизмат қилган. Кейинчалик музейга айлантирилган. Муқаддас омонатлар бўлимида сақланаётган ашёларни кўриш ҳар бир мусулмоннинг орзуси бўлса, ажаб эмас. Бундан ташқари, ўлкамиз тарихига оид ноёб экспонатлар ҳам намойишга қўйилган.

Аёсофия мажмуасида икки дин, икки маданият уйғунлашиб кетган. Византия меъморлигининг ноёб обидаси. Бир ярим минг йилдан бери қад кўтариб турибди. Олти асрдирки, жоме сифатида хизмат қилмоқда. 1935 йилдан музейга айлантирилган эди. Айни пайтда яна масжид мақомида. …Қолаверса  Дўлмабоғча саройи, Бейлербейи саройи, Галата минораси, Султон Аҳмад майдони… Истанбулдаги диққатга сазовор жойларни бафуржа айланиш учун ҳафталар етмаса керак.

Ижтимоий тармоқларда ҳам сафар тассуротларини дўстларимиз билан баҳоли қудрат баҳам кўриб боряпмиз. Олдинда ҳали Кападокя ва Анталия турибди. Саёҳату зиёратга бағишланган туркум мақолаларни газетамизнинг кейинги сонларида батафсил ўқийсиз.

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

 “XXI asr” махсус мухбири

Тошкент – Истанбул

—————————————————————————————————————————————————————————————————

ВАТАН ТИЛДА СЕВИЛМАЙДИ

Баъзан ўқиб, баъзан эшитиб қоламан: тўтиқушдай сайраётган айрим ёшларни кўрсам, энсам қотади, лекин кап-катта одам минбарга чиқволиб, “Ватанни севайлик, уни мадҳ этайлик, у жонимиз, жаҳонимиз, у…” деб сохта овозда ёлғондакам ваъз ўқиб ўтирса, юрагингиз оғримайдими сизнинг? Меники эса оғрийди. Сабаби, ўша маддоҳ ўттиз йил бурун ҳам худди шундай оҳангда артистлик қилиб юрарди-да. Бугун-чи?

Бугун замон анча ўзгарди. Одамлар ҳам даврга мослашяпти, ошкора фикр­лаш, тўғри сўзни айтиш, ўз ҳаққини талаб қилиш кучайди. Аслида шундай бўлиши керак эди. Айтилаётган оғриқли муаммо, масалаларни Президент кун тартибига олиб чиққунича кутиб туришимиз тўғри деб ўйлайсизми? Албатта, йўқ! Жамоатчилик муҳокамаларида айнан туризмни ривожлантириш бўйича жиддий эътирозлар бўлаётганига сабаб нима? Бу гапларни ёзаётганимга Туркияда бир ҳафта давом этган сафаримиз мавзуси туртки бўлди.

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими ташаббуси билан “Safe Tourism” мавзусида ташкил этилган пресс-турда мамлакатимизда фаолият юритаётган бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари сафида мен ҳам қатнашдим. 25–31 январь кунларига мўлжалланган ажойиб тадбирдан кўзланган мақсад пандемия шароитида ҳам Туркияда “хавфсиз туризм”нинг мавжудлиги, барча санитар-эпидемиологик чора-тадбирлар кўрилганини тарғиб қилишдан иборатлиги ибратлидир.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керак: бугунги кунда Туркия дунёда туризми ривожланаётган ва айнан ана шу тизим ортидан энг кўп даромад топаётган давлатлар орасида олдинги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Оддий мисол, 2019 йилда бу сеҳрли диёрга 50 миллион сайёҳ келган! Тасаввур қиляпсизми? Аҳолиси 80 миллиондан ошаётган мамлакат иқтисоди нима учун йил сайин кўтарилиб, гуллаб-яшнаётганига биргина шу мисолнинг ўзи кифоя эмасми? Пандемия кучайган 2020 йилда эса меҳмонлар келиши анча камайган ва бу рақам 15 миллион нафарга тушибди…

Биламизки, икки қардош давлат –  Ўзбекистон ва Туркия ўртасида кейинги тўрт-беш йил ичида деярли ҳамма соҳада силжиш кузатилди. Айниқса, туризмни янада юқори босқичга олиб чиқиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Эътиборли жиҳати, ўтган оғир ва машаққатли йилда мамлакатимиз туризм тармоғи жиддий синовга дуч келди. Бу жараён ҳозир ҳам текис йўлга тушгани йўқ. Ҳамон хатарли вазият сақланиб турибди. Табиийки, карантин шароитида хорижий алоқалар анча чекланди.

Бу жаннатмонанд ўлкада нафақат туркий ёхуд ислом маданиятига оид, балки инсоният тарихига бевосита дахлдор нодир осори атиқалар сақлаб қолингани ҳар қандай зиёратчини ҳайратга солади. Истанбулдаги Аёсофия ёдгорлигини оласизми, Каппадокиядаги ер ости шаҳри ҳамда тошлардан ўйилган сирли уйлар, ибодатхоналарни айтасизми, ҳамма-ҳаммаси, тан оласизми-йўқми, барибир, шу мамлакат халқининг бебаҳо бойлиги саналади. Кўпчилик фақат кўнгилли дам олиш манзилларидан бири деб ўйлайдиган Анталиядаги Белкис, Серик, Перге каби масканларда милоддан аввалги ва кейинги асрларга хос маданий ёдгорлик­лар қолдиқлари ёхуд Эски шаҳарнинг қадимда қандай бўлса, шундайлигича сақлаб қолингани ақлни шоширади.

Ҳар қадамда бетакрор замонавий бунёдкорлик иншоотларини барпо этаётган қардош турк халқи кўҳна обидалардан битта тошниям олиб кетмагани уларнинг маданий қараши бутунлигига ишора эмасми? Ишонмасангиз, келиб кўринг, Ғарб маданияти намунасими, Ислом тамаддуни осори атиқасими – барчаси кўз қорачиғидек сақлаб келинмоқда. Қаерга борсак, дарров қиёсу солиштириш учун Ўзбекистондаги зиёратгоҳ ва сайёҳлик манзиллари кўз олдимизга келаверди. Очиғини айтаман, биз бу қондош халқдан қадимий шаҳарларимизни туризм учун энг қулай масканларга айлантириб, мамлакат иқтисодиётига улкан ҳисса қўшиши мумкин бўлган ибратли тажрибаларни оғринмасдан ўргансак, фақат ютамиз деб ўйлайман.

Эслайлик, бир пайтлар кўҳна шаҳарларимизнинг шарафли тўйларини нишонлаш муносабати билан савобли ишлар қилинганидан ташқари кўнгилни хира торттирадиган қанча воқеалар рўй берган эди. Биттасини айтаман, салкам уч минг йиллик тарихга гувоҳ Кеш – Шаҳрисабз шаҳри икки марта реконструкция қилиниши оқибатида Оқсаройни ўраб турган асрий деворлар шафқатсизларча бузиб юборилди. Хўш, хароба ҳолида бўлса-да, аслини асраб қолсак, осмон узилиб ерга тушармиди, айтинг! Ҳозир қаранг, “янги” деворни кўрган қайси сайёҳ ҳайратланади?

Ҳайрон қоласан киши, нега биз доим тузиш эмас, бузишдан роҳатланамиз? Самарқанд, Сурхондарё, Оролбўйи, Хоразм ёки Тошкент шаҳридаги баъзи обидалар, девор қолдиқлари ҳар хил баҳоналар билан йўқ қилинди ёки янги эгаларига бирор иншоот қуриш учун тақдим этилди. Оқибатда аслиятдан бутунлай йироқ “замонавий” бинолар пайдо бўлмоқда. Шуларни кўргач, бир таклиф туғилди: ўша бузмоққа иштиёқи баланд амалдор ва қурувчиларни бир ҳафтагина Туркия ё туризм соҳасида бой тажрибага эга давлатларга юборайлик, маданий меросни қай йўсинда сақлашаётганини кўрсин, кўзи очилсин, хулоса қилсин!

Президентимиз яқинда туризм муаммоларига атрофлича тўхталиб, бизда саводли гидлар йўқлигини ҳам жиддий танқид қилганди. Жуда тўғри ва адолатли эътироз бу. Биз кечагина кўрдик туркиялик гид, экскурсавод, кузатувчи мезбонларни, уларга ҳаваси келади одамнинг, жуда саводли ва зиёрат одобини пухта эгаллаган, ўз халқи ва мамлакати тарихини жуда яхши билади. Исталган саволга жавоби тайёр. Бизда эса, афсуски, тес­кариси. Муомаласидан бошлаб, ўзини тутиши, билими ҳаминқадар, чала-чулпа маълумотларни ёдлаб олганлари қанча.

Сафар баҳона кўнгилдан кечган айрим фикрларнигина сиз билан бўлишдик. Ҳали туризмга оид таклиф ва мулоҳазалар бисёр. Сездингизми, англадингизми, Ватанни севмоқ ўтмишга, аждодлар меросига муносабатда ҳам яққол намоён бўлар экан. Мамлакатдаги ҳар бир осори атиқа, қандай кўринишга эгалиги, қайси даврга хос бўлишидан қатъи назар, шу халқнинг муқаддас бойлигидир. Биз ҳам борини асраб қолишга улгурайлик. Эртага кеч бўлади.

ДАФТАР ЧЕТИГА БИТИЛГАН
АЙРИМ ҚАЙДЛАР

Истанбул

Йўл бошловчимиз Мурад гиднинг изоҳлашича, дунёнинг мегаполис шаҳарларидан бири бўлмиш бу қадим шаҳарда тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 20 миллиондан кўпроқ аҳоли яшайди. Келиб-кетувчилар, рўйхатдан ўтиб-ўтмаганлар билан қўшиб ҳисобланса, 23-25 миллионни қоралаб қоларкан. Пандемиягача бир кунда Истанбулга етмиш мингдан ортиқ сайёҳ қадам ранжида қилган. Ҳозир эса 10-15 минг атрофида дейишди.

Икки кунгина шаҳарнинг 3-4 та кўҳна зиёратгоҳини кўришга улгурдик, холос.Тўпқопи, Аёсофия, Бўздағ кино павильони, Истиқлол майдони, Европа ва Осиёни боғлаб турган Босфор кўп­риги… Булар алоҳида мавзу!

Дўкону бозорлар атрофи гавжум. Кўз илғамайди, кўча тўла машина. Лекин бирор жойда биздагидек айрим фаросатсиз шофёрларнинг қулоқни тешворгудек сигнал босиши, бетиним қоидабузарлик ё дуч келган жойда ўтган-қайтганнинг ҳужжатини сўраб, сумка титкилайдиган полициячи, “хато қилишингни кутарлар”ни ёдлаб олган бирор ЙПХчини кўрмайсиз. Энг қизиғи, сўкиниш  ё ёқавайрон бўлиб жанжаллашган, йўлда йиқилиб ётган пиёниста, хира пашшадек ёпишгувчи тиланчининг қорасиям кўринмайди. Исталган дўконга кирсангиз, сермулозамат сотувчи тутқазган кофе ё чойни ичиб, ортга қуруқ қайтишдан уялиб кетади одам.

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Тошкент–Истанбул–Каппадокия–
Анталия–Тошкент

 

 ————————————————————————————————————————————————————————————————–

 

ОҚСАРОЙ ЗИЁРАТИ

ёхуд дунёга машҳур “Bozdag film” павильони хусусида

Оқсарой… Бутун дунёга маълуму  машҳур ном бу! Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими шафелигида уюштирилган ижодий сафаримиз дастурида “Bozdag film” павильони ҳам борлигини кўриб, роса суюнгандим. Сабаби, кўпчилик мухлислар учун асосан ҳинд ва Америка, корейс фильмлари ишланадиган Ҳолливудга ўхшаш кинокомпаниялар жуда таниш. Лекин улар орасида турк кино ва сериаллари суратга олинган  Оқсарой вилоятида жойлашган тарихий манзилга  қилган саёҳатимиз шаррос қуйиб турган ёмғир остида бўлсаям ажойиб кечди.

Тасаввур қилинг: Истанбулдан  салкам 50 чақирим узоқликдаги бу кинопавильон 340 гектар майдонни эгаллаган, ҳудуд деярли ўрмонлар билан ўралган. Бир томони Қора денгизга туташ, адоқсиз далалар, адирлар бағрида махсус кинопавильонлар қурилган. “Марҳабо, менинг қардошларим, ҳозир сизларга ҳаммамизнинг ота юртимиз Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарлари бўлмиш Бухоро, Урганч, Хиванинг рамзий манзараларини кўрсатаман.  Туркий дунё халқлари қаҳрамони, ҳатто Чингизхондай саркардани лол қолдирган ва унинг енгилмас қўшинларини зир титратган Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳикоя қилгувчи тарихий сериал (ижтимоий тармоқларда маълум қилинишича, “Мендирман Жалолиддин” шу йилнинг 14 февралидан бошлаб телеканаллардан бирида намойиш этилар экан)ни суратга олиш учун бир йил давомида махсус барпо этилган 7 гектарлик майдондан ҳали ҳам айрим жойлари сақланиб турибди” дейди бизларни самимий қаршилаган “Bozdag film” павильони масъулларидан бири Ҳусейн Ўзчелек.  Сўнгра экскурсовод-гидимиз Исметбей Янар мезбонларнинг илтимоси – сурат ё видеога олиш мумкин эмаслигини ишора қилди. Қизиққонлик билан “Нега энди?” деди орамиздан кимдир. Ўзбек тили билан туркча ўртасида фарқ камлиги боис Ҳусайн афанди тушуниб, секингина изоҳ берди: “Бу ерда ҳозир ҳам бошқа бир тарихий кино тасвирга олиняпти-да”…

Суҳбат мавзуси ўзгаради. Бу улкан павильонда бир пайтнинг ўзида 3-4 тагача фильмни суратга олиш имконияти бор экан. Ўзимизнинг туркона ўтовлар, кўҳна сарой, қалъалар, бозор, карвонсаройларнинг маҳорат билан ишланган “тирик” макети. Қуламайдиган қилиниб, металлли конструкцияларга ўралган қадимий шакл ва нақшлар асосида жиҳозланган тарихий манзаралар кўзни қувонтиради. Масалан, “Bozdag film” маҳсулоти саналмиш  “Тирилиш – Эртуғрул” сериали 80 дан ортиқ давлатда намойиш этилибди, бу дегани деярли бир ярим миллиард томошабин уни кўрган. Демак, шунинг ўзи ҳам Туркия Республикасининг дунё миқёсидаги имижига ижобий таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири. Ҳамроҳимизнинг таъкидлашича, ушбу павильон дунё кино саноатидаги энг йирик павильон­лар учталигига кираркан, мус­таҳкамлиги жиҳатидан эса етакчи.

Бу ҳудудни томоша қилиш учун бир ҳафта ҳам етмаслигини айтган Ҳусейнбей билан махсус қўриқланадиган дарвоза олдида хайрлашарканмиз, у ўзбекистонлик киноактёрларга ҳам самимий саломларини йўллади ва насиб этса, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ижодий ҳамкорликни давом эттиришни астойдил исташаётганликларини билдирди.

ДАФТАР ЧЕККАСИдаги
АЙРИМ ҚАЙДЛАР:

Байроқсевар миллат… Туркия тупроғига қадам қўйи­шингиз биланоқ, энг аввал кўз илғар-илғамас жойларда ҳам улкан байроқ ҳилпираб турганини кўрасиз. Чекка шаҳар ва қишлоқларини-ку санаш шарт эмас, уйлар дарвозасию эшигида, офису машиналаридаям бу давлат ва миллатнинг ушбу гўзал рамзига нечун бу даражада чексиз эҳтиром кўрсатилиши кишини ҳайратлантиради.

Бошқа бир мисолни айтаман: мафтункор Анталиядан 45 чақиримча узоқликдаги Белкис ва Серик, ниҳоят Аспендос деган ҳудудлардаги қадимий осори атиқларни томоша қилиб қайтаётган эдик. Мўътадил иқлимга мос қилиб экилган ҳар хил ўсимликлар яшнаб ётган улкан иссиқхоналарни кузатиб боряпман. Ул ёқларда ҳозир цитрус мевалар айни пишган маҳал. Айниқса, мандарин, лимон дарахтлари ҳосилни кўтаролмай ётибди. Аспендослик мезбонлардан бирининг даласига изн сўраб ораладик. У киши оила ­аъзолари билан мулкдор, яъни замонавий тилда фермер эканини айтаркан, бизам  соддалигимизга бориб, ҳокимларингиз ким, прокурор-чи, сизлардаям режалар борми, деб сўрабмиз-да. Лекин тушунишди ва ҳайрон бўлиб, йўқ, ҳоким, прокурор, ҳатто полиция бошлиғи кимлигиниям билмаймиз. Бизни уларга ишимиз тушмайди. Бу ер бизга хусусий қилиб умрбод берилган. Неча гектар бўлса, ўзимиз истаган экин ё кўчатни экамиз. Лекин солиғини ўз вақтида тўлаймиз, режа…тушунмадим тўғриси, деб елка қисиб қўйди…

Дарвоқе, кенг даладаям байроқ илинган. Энг қизиғи бошқа, катта йўл устида ўз даласида пишган меваларни растага қўйиб сотиб ўтирган боғбонларга кўзим тушди. Ишонасизми, ҳар бир растанинг ёнида Туркия Республикаси байроғи қадаб қўйилган. Ана сизга ҳақиқий ватанпарварлик, миллий ғурур, фахр туйғуси қандай шаклланади? Бизда эса… бу алоҳида мавзу!

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Истанбул–Каппадокия–
Анталия–Тошкент  


АФСОНАЛАР ВОДИЙСИ

Сафар таассуротлари

Дунёда кўҳна тарих шодасига тизилган ажойиб ва ғаройиб манзиллар кўп. Ана шундай гўшалардан бири Каппадокиядир. Кичик Осиёнинг шарқий қисмида жойлашган Каппадокия ҳудудида Кайсери, Қаймоқли, Учҳисор, Невшеҳир, Нисса, Гёрема, Аванос, Султонхон, Гўзалюрт, Алайхон, Оқсарой, Ҳожибектош, Мустафопошшо сингари шаҳар ва марказлар бор. Айтишларича, бир пайтлар улуғ авлиё Жалолиддин Румий ҳазратлари мангу қўним топган Коня ҳам Каппадокия таркибида бўлган экан. Бу ерда вулқонлар отилиши натижасида ҳайратомуз шаклга кирган тошлар, милоддан аввалги ва кейинги асрларга хос бўлмиш ҳозиргача сақланиб қолган ерости шаҳарларидан тортиб, тошлар бағрида қурилган монастирлар, Гёремадаги миллий парк ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими ташаббуси билан “Safe Tourism”(хавфсиз туризм) мавзусида ташкил этилган пресс-тур баҳонасида шу йилнинг 25–31 январь кунлари Каппадокияда икки кунгина бўлиш насиб этди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керак: “Каппадокия” сўзининг маъноси турлича талқин этилар экан. Айрим тадқиқотчилар изоҳига кўра, эрончада Huw-aspa-dahyu “энг гўзал отлар ўлкаси” деган мазмунга эга. Лувийларда Kat-patuka яъни “қуйи мамлакат” дейилиши ҳақиқатга яқин деган тахминлар ҳам бор экан. Қолаверса, Ҳеродотнинг ёзишича, каппадокийлар деган ибора форсийлар томонидан қўлланилган, ўша даврда эллин давлатидагилар каппадокияликларни “оқ сурияликлар” деб аташганига ҳам ишора бор. Хуллас, бу тахминларнинг қай бири тўғрилиги биз учун муҳиммас, аксинча, бу жойнинг дунёда бошқа ўхшаши йўқ манзил эканлигидир. Замонлар силсиласида Каппадокия чегаралари ўзгариб турган. Бугунги кунда эса денгиздан олисда жойлашган бу ном жуда катта ҳудудни эгаллаганлиги билан Туркияда ажралиб туради. Ўзгача табиий иқлим ва деярли дарёлар кам учрайдиган Каппадокия денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда. Жануб томондан Эржияс (3864 м, Аргей тоғи) ва Ҳасантоғ (3253 м, Тавр тоғ тизмаси) ҳамда шимолий ҳудуди Қизилирмоқ дарёсига туташ водий ҳамда Туз кўли ўраб туради. Каппадокия таркибига кирувчи шаҳарларнинг деярли барчаси тарихийўтмишга эгалиги билан ажралиб туради.

Бизга йўлбошловчилик қилган Мурат Челикернинг таъкидлашича, бу ерда 200 га яқин ер ости шаҳарлари сақланиб қолган. Биз ўз кўзимиз билан кириб, гувоҳи бўлган Қаймоқлидаги 14 қаватли ер ости шаҳрида қадимий қабила аҳли яшаган. 4 қаватгина тушишга юрагимиз бетлади. Албатта тор, ўртача гавдали одам зўрға сиғадиган ғорсимон йўллардан юриш қўрқинчли ва бу ер кислородга қандай тўйинганлиги жудаям сирли. Бизни ҳайратга солгани, ҳозирам ҳайбатли тошлар бағрида одамлар яшаётгани бўлди.

Қарангки, уйчаларга электр ва канализациядан фойдаланишга рухсат берилмас экан. Табиийлик бузилади, дея изоҳ беришди одамлар. Каппадокияда ҳозир айни қиш, совуқлиги боис сайёҳлар кам. Мавсум пайтида бўш меҳмонхона деярли топилмас экан. Айнан шу ҳудуддагина ҳаво шарлари самога учирилиши алоҳида мавзу. Аванос шаҳарчасидаги “Guray” кулоллар сулоласи музейи ва устахонасини эса таърифлашга сўз ожиз. Ноёб осори атиқалар, кулолчилик намуналарини кўриб, кўз олдимизга ўзимизнинг Риштон кулоллари келди…

НОРҚОБИЛ ЖАЛИЛ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

“Олам аро” журнали / февраль 2021

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.4 / 5. Baholaganlar soni: 11

OAV nomi va parolini kiriting!