«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-15T19:18:27+05:0015 Aprel, 2021|Матбуот|

Хуршида ЭРНАЗАРОВАнинг ижодий ишлари

 

Ургутда ўқиган қизлар “ўтириб қолади”(ми)

ёхуд нега ёшлар талаба бўлишни истамаяпти?

Самарқанд вилояти ўтган йил умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш бўйича 8,2 фоиз билан 11-ўринни эгаллаган эди. Вилоят халқ таълими бошқармасининг маълумотига кўра, бу йил битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш кўрсаткичи 12 фоизни ташкил этмоқда.

Жорий йил энг юқори кўрсаткич Самарқанд шаҳри мактабларига тўғри келмоқда. Шаҳарда бу йил 6295 нафар ўқувчи 11-синфни битирди ва уларнинг 22,3 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди.

Иккинчи ўринни Пахтачи тумани мактаблари эгаллади – 16,6 фоиз мактаб битирувчиси олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Битирувчиларининг 14,6 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Каттақўрғон шаҳри учинчи ўриндан жой олди.

Мактаб ўқувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичи энг паст ҳудудлар – Каттақўрғон (10,3 фоиз), Жомбой (9,9 фоиз), Ургут (5 фоиз) туманлари бўлди. Ургут тумани мактаблари ўтган йили ҳам нафақат вилоятда, балки республика миқёсида энг паст кўрсаткичга эга бўлганди. Хўш, нима сабабдан? Шу саволга жавоб излаб, Ургут туманида бўлдик.

Ургутда Қоракўл мактаби филиали очилади

– Куни кеча тумандаги барча мактаб директорлари билан биргаликда Бухоронинг Қоракўл туманидаги машҳур мактабга бориб келдик, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Бахтиёр Обломуродов. – Биз мактабнинг ташқи кўринишига, таъмирига эътибор берар эканмиз. Қоракўлдаги мактаб оддий таълим даргоҳи бўлиб, у ерда фақат ўқувчининг билими биринчи ўринда турар экан. Мактаб директори билан анча вақт суҳбатлашдим, ўқувчиларининг ютуқлари сабабини сўрадим ва Ургут туманида ҳам Қоракўл мактаби филиали очишга қарор қилдик. Собиқ иқтисодиёт коллежи биносини янги йилгача ихтисослашган мактабга айлантиришни режалаштиряпмиз. Шунингдек, ўрганган тажрибаларимиз асосида йўл харитаси тайёрлаяпмиз. Ўзим Ғўс маҳалласидаги 153-умумий ўрта таълим мактабини оталиққа олдим. Бу мактабда ўқувчилар қатор йиллардан буён олий таълим муассасаларига ўқишга кирмайди. Энди бу мактаб доим назоратим остида бўлади.

Бундан ташқари, 8 та ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби очмоқчимиз. Ҳанузгача аҳолиси зич жойлашган туманимизда атиги битта ИДУМ бор.

2020 йилнинг 22 октябрь ҳолатида, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 5 фоизни ташкил этяпти. Ҳали ўқишга кириш давом этмоқда. Кимдир қўшни давлат олий таълим муассасасига ҳужжат топширган бўлса, кимдир табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишни истамоқда. Ҳеч бўлмаса, кўрсаткичимиз 7 фоизга кўтарилади, деган умиддаман.

Тойлоқ туманидан 800 нафарга яқин ўқитувчи қатнаб ишлайди

Бугун туманда 143 та мактаб, 14 та мактаб филиали бўлиб, уларда 6463 нафар ўқитувчи ёш авлодга таълим-тарбия беради. Ўқитувчиларнинг 66 нафари олий тоифа, 408 нафари 1-тоифа, 1343 нафари 2-тоифа, 3958 нафари мутахассис кадрлардир. Шунингдек, туман мактабларида 246 нафар тугалланмаган олий маълумотли ва 688 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар меҳнат қилмоқда. Бир қарашда туман мактабларида фан ўқитувчилари етарлидек, бироқ уларнинг 800 нафарга яқини Тойлоқ туманидан қатнаб ишлайди. Нега? Сабабига кейинроқ тўхталамиз.

360 ўринли мактабда 847 нафар бола ўқийди

Ғўс маҳалласида 99-умумий ўрта таълим мактабидан бу йил олий ўқув юртларига бирорта ҳам ўқувчи кирмаган. Ўқитувчиларнинг айтишича, бу йил ҳомийлар ёрдамида кўчадан мактабгача бўлган қия йўл цемент бетон қилинибди. Авваллари аҳвол бундан ҳам баттар экан, қишда қор ёғиб, ер музласа, мактабга кириш йўли жуда хавфли бўлиб қоларкан.

Мактаб 360 ўринли бўлиб, унда 847 нафар бола ўқимоқда. Мактабнинг бир қаватли пастқам эски биноси 1991 йилда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, ички йўлаги пол қилинмаган. Синф хоналари, ўқитувчилар хонаси ва ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари хонасида иситиш мосламаси йўқ. “Қишда печка қурамиз”, дейди ўқитувчилардан бири. Афтидан ўтган йили вилоят бўйича буржуйка печларидан воз кечдик, деб эски мактаб биносидаги қўлбола печларни ҳам олдириб ташлашган кўринади. Мактабнинг эски биноси умуман замон талабига жавоб бермайди. Эшик, деразадан тортиб, хона ичидаги жиҳозларгача эскириб кетган.

– Мактабимизда ўқувчиларнинг ўзлари ўқишни истамайди, – дейди мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Жарқин Исматов. –  Сабаби, маҳаллий аҳоли чет элга майиз, туршак каби қуруқ мева сотиш билан шуғулланади. Ўғил болалар мактабни битириб, ота касбини танлайди, шунинг учун улар олий маълумот олишга қизиқмайди. Қиз болаларни эса мактаб давриданоқ унаштириб қўйишади. Мактабни тугатгач, турмушга узатишади. Улар фақат уйда тўн тикиш билан шуғулланади.

Мактабнинг янги биноси 1998 йилда қурилган бўлиб, ўқув хоналарнинг бирида атиги 4 нафар ўқувчига дарс ўтаётган ўқитувчини учратдик.

– Пандемия шароитида синфларни иккига бўлиб ўқитаяпмиз. Бугун 15 нафар ўқувчи дарсга келиши керак эди, – деди биология фани ўқитувчиси Хушнуддин Азимов. – Ўқувчилар 2-3 соат дарсда қатнашиб, кетиб қолишяпти. Мана кўрганингиздек, атиги 4 нафар ўқувчига дарс ўтяпман.

Биз дарсга қатнашаётган 10-синф ўқувчиларидан келажакда ким бўлмоқчи эканини сўрадик. Улардан бири иқтисодчи, уч нафари эса тадбиркор, яъни қуруқ мева савдоси билан шуғулланишини айтди.

Испанзада қизлар ўқувчилигида унаштириб қўйилади

Испанза қишлоғида жойлашган 7-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиларининг ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи жуда паст аҳволда. Бунинг сабабини мактаб директори Шамсиддин Саидмуродов қуйидагича изоҳлади:

– Бу йил мактабни 86 нафар ўқувчи битирди, шундан 64 нафари олий таълим даргоҳларига ҳужжат топширди (унинг учун ҳам ўқувчиларнинг ҳар бирининг уйига бориб, ота-онаси билан гаплашганман) ва атиги 1 нафари ўқишга кирди. Аҳоли Россия, Украина давлатларига қуритилган мева сотиш билан шуғулланади ва яхши даромад қилади. Шунинг учун ёшлар ўқишни давом эттиришни истамайди.

Мактабда 19 йилдан бери раҳбарман. Эски мактаб биносини давлат дастурига киритиб, реконструкиця қилдик. Бироқ 2017 йилда қурилган бинонинг физика, кимё, биология синфларига лаборатория жиҳозлари ҳалигача берилган эмас.

Афтидан бу мактабда ҳам иситиш тизими ишламайди, бироқ директор «мактабимиз қишда иссиқ бўлади», деди.

– Мактабга 20-25 километрлик узоқдан қатнаб ишлайдиганлар бор, – дейди директор ўринбосари Наргиза Маматкаримова. – Ўзим Тойлоқ туманидан қатнаб ишлайман. Дастлаб Ургут тумани марказигача, сўнгра бошқа транспортда мактабгача келаман. Тойлоқда олий маълумотли ёшлар жуда кўп, шунинг учун у ердаги мактабларда дарс соатлари кам. Дарс соатлари камайганидан кейин маош ҳам камаяди. Қийналсам ҳам узоқдан келиб ишлайман. Қишда кечки пайт транспорт топиш қийин бўлади. Аранг соат 19:00 да уйга кириб бораман.

Испанзада қизлар эрта унаштириб қўйилади. Мактабни битиргач, турмушга бериб юборишади. Бу ерда олий маълумотли бўламан дейдиган қизлар кам. Бирор қиз олий таълим даргоҳида ўқиса, “ўтириб қолади”. Шунинг учун ота-оналар қизини ўқитишдан кўра, турмушга беришни афзал кўради.

Бинога оптик тола келган, аммо интернетга уланмаган

Тумандаги 136-ИДУМнинг 49 нафар битирувчисидан 18 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

– Ўтган йилги кўрсаткичимиз бундан ҳам яхши эди, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Бахриддин Нажмиддинов. – Бу йил пандемия сабаб, ўқишга кирганлар сони бироз камайди. Бизнинг ҳам ўзимизга яраша муаммоларимиз бор. Ўқув даргоҳимиз 1991 йилда «Иқбол» лицейи номи билан ташкил қилинди. Бироқ, алоҳида ўқув биномиз йўқлиги сабабли тумандаги 54-мактабда фаолият олиб бордик. 2005 йилдан лицей ихтисослашган давлат умумтаълим мактабига айлантирилди. Ҳозирги кунда СамДУнинг 3-сон академик лицейи биносида вақтинча турибмиз. Ушбу бинога оптик тола келган, аммо интернетга уланмаган. Лаборатория хоналари мавжуд эмас. Иситиш тизими ишламайди. Математика ўқитувчисини четдан олишга мажбур бўляпмиз, информатика ўқитувчиси бир нафар, аслида икки нафар бўлиши керак, мусиқа ўқитувчиси йўқ. Агар мавжуд муаммолар ҳал этилса, ўқув даргоҳимизда таълим сифати яна ҳам ошарди.

Тоғли ҳудудлардаги мактабларда мобиль телефон ҳам ишламайди

Туманда 121 та мактаб оптик толали интернетга уланмаган. Буниси ҳам майли, баъзи тоғли ҳудудларда жойлашган мактабларда мобиль телефон ҳам ишламайди.

– Агар бирор топшириқ берадиган бўлсак, тоғли ҳудудларда жойлашган мактабларнинг директоридан қоровулигача телефон қилиб чиқамиз, – дейди исми сир қолишини истаган туман халқ таълими бўлими ходими. – Зора, биронтаси алоқа бор жойда бўлса-ю, биз боғлана олсак деймиз.

Эътибор беринг, таълим сифати кўрсаткичи ўрганилаётганда мана бундай муаммолар борлиги эътиборга олинмайди. Тўғрироғи, бу каби муаммолар ҳеч қаерда айтилмайди.

Савдогарларни ҳам ўқитиш фойда эмасми?

Ургут тумани бозори республикамизда машҳур бозорлардан бири. Бозор атрофидаги аҳоли савдо-сотиқ билан шуғулланади. Суриштирув натижасида шу нарсага амин бўлдикки, туман бозорига яқин ҳудудларда жойлашган мактаб ўқувчилари болалигидан савдо-сотиқ, тижорат билан шуғулланишга қизиқаркан. Бунга имконият ва шароит етарли. Хўш, шундай экан, чет элга ўз маҳсулотларимизни экспорт қилиш билан шуғулланаётганлар учун мактаб маълумоти етарлими? Ургутлик ёшларни рус ва инглиз тилларига мукаммал ўқитиш, туманда маркетинг соҳасида олий ўқув юртларининг филиалини ташкил қилиш вақти келмадими? Жаннатмакон юртимизнинг сархил мева-чевалари жаҳон бозорларини тўлдириш учун чет тилларни биладиган тижоратчилар тайёрлаш керак эмасми?

Бундан ташқари, ота-оналар билан ишлашни йўлга қўйиб, қизларни ҳам олий маълумотли қилишга ёрдам бериш керак. Наҳотки, бу ҳақда мутасаддилар ўйламаётган бўлса? Балки, ургутлик қизлар ҳам ўқишини давом эттиришни истар, уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бордир? Қишлоқ шароитида мактаб, боғча, тиббиёт соҳасида ҳам хотин-қизлар керакку.

Сафаримиз чоғида биз туман марказига яқин мактаблар билан танишдик ва муаммоларини ёритишга ҳаракат қилдик.

Яна бир гап. Туман ва шаҳарлар кесимида олиб қаралса, Ургут туманида 143 мактаб бўлса, Каттақўрғон шаҳрида атиги 18 та мактаб мавжуд. Бундай тафовут ҳам таълим тизимини бошқаришда бирдек талаб қўйиш адолатдан эмаслигини кўрсатади. Сиз нима дейсиз?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

“Зарафшон” газетаси 2020 йил, 27 октябрь. 121-сон.

https://zarnews.uz/post/urgutda-oqigan-qizlar-otirib-qoladimi-yoxud-nega-yoshlar-talaba-bolishni-istamayapti

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Директор ва “завуч” назорат дарсига кирадими?

Бугун ўқитувчига берилаётган рағбат, имтиёз ва имкониятлар унга қўйилаётган талаб ва масъулиятни ҳам кучайтиради. Мактабларда таълим сифатини ошириш учун, аввало, ўқитувчиларнинг билими, дарс ўтиш маҳорати, тажриба ва кўникмасини ривожлантириш керак. Ўқитувчи ўз устида ишлаши, доимий маҳоратини оширишга интилиши учун дарсларни директор ва “завуч” (ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари) назорат қилиб боради.

– Директор ва унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳафтада 4 соат дарсларни кузатади, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси рус тили методисти Ҳилола Шарипова. – Улар ўқитувчининг билимидан тортиб, дарснинг тарбиявий аҳамиятигача эътибор беради. Сўнгра таҳлил дафтарига қайд этади.

Хўш, ҳақиқатан ҳам мактабда директор ва “завуч” назорат дарсларига кирадими?  Дарсларни таҳлил қиладими?

– Ҳафтасига 4 соат назорат дарсларига киришим керак, аммо баъзида бир кунда 3 соат назорат дарсларига кираман, – деди Нуробод туманидаги 33-умумий ўрта таълим мактаби директори Зироат Садинова. – Бироқ, очиқ дарсларга деярли кирмайман, сабаби, бундай дарсларга ҳамма тайёрланган бўлади.

Мактаб директорининг жавобидан қониқиш ҳосил қилиб, ундан таҳлил дафтарини сўрадик. Бироқ З.Садинова таҳлил дафтарини кўрсата олмади. Унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Л.Эшмирзаева таҳлил дафтарини кўчириш учун уйига олиб кетгани ва ёдидан кўтарилиб қолдирганини айтди.

Аслида таҳлил дафтари кўчирилмайди, ҳар бир раҳбар қатнашган дарсини ўзи таҳлил қилиши лозим. Хуллас, биз бу мактабда таҳлил дафтари борлигига ишонмадик.

Шунга ўхшаш ҳолат Нуробод туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабида ҳам рўй берди. Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Санжар Суюнов аввалига назорат дарсларига киришини айтди. Сўнгра таҳлил дафтари йўқлигини тан олди.

Шу ўринда ўқитувчилардан ҳам “Директор ва “завуч” назорат дарсларига кирадими?” деб сўрадик. “Назорат дарси нима у? Очиқ дарсни айтяпсизми?” деган ўқитувчилар ҳам бўлди. Демак, айрим мактаб раҳбарлари фақат очиқ дарсларга киради, бироқ дарсларни назорат қилмайди. Акс ҳолда ўқитувчилар назорат дарси ҳақида тушунчага эга бўларди.

Шуни афсус билан қайд этиш керакки, бугун таълим сифатининг пасайиб кетиши мактабларда назоратнинг йўқлиги, раҳбарларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётганидандир. Агар директор ва унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳар куни 1 соат дарсни назорат қилиб борса ҳамда педагогик кенгаш йиғилишларида таҳлил қилса, ўқитувчи ўз ишига масъулият билан қарайди, дарсни шунчаки ўтмайди.

Дарсни назорат қилишнинг энг самарали усули, бизнингча, синфларда овозли кузатув камералари ўрнатиш. Директор ҳам, ўринбосари ҳам ва ҳатто уман халқ таълими бўлими услубчилари ҳам бу тизим орқали ўқитувчи дарсига фаолиятига баҳо бериши мумкин. Бундай ёндашув бугун ўз самарасини бераётгани ҳам яхши маълум. Бу билан барча мактаб раҳбарларини ўз ишига совуққон демоқчи эмасмиз. Уларнинг орасида ўз касбини яхши кўрадиган, вазифасини пухта уддалайдиганлари ҳам бор, албатта.

– Ўқитувчиларнинг билимини баҳолаш учун назорат дарсларига кириб тураман, – дейди Ургут тумани 7-умумий ўрта таълим мактаби директорнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Наргиза Маматкаримова. – Бизда билимли, тажрибали ўқитувчилар талайгина. Бироқ, ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам сифатли дарс бера олади, деб айтолмайман. Айниқса, ёш педагогларда дарсни ўқувчига етказиб бериш маҳорати етишмайди, уларни “Устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ тажрибали ўқитувчиларга бириктирамиз. Мактабимизда ёш ўқитувчилар катта тажрибага эга ўқитувчилардан маҳорат сирларини ўрганади.

Аслида ҳам бир касбнинг моҳир устаси бўлиш учун биргина билимнинг ўзи камлик қилади. Айниқса, ўқитувчи ўзидаги билимни ўқувчига етказиб бериш маҳоратини ҳам эгаллаган бўлиши керак. Масалан, ёш ўқитувчиларнинг дарсини четдан кузатсангиз уларда болаларнинг диққатини ўзига жалб қилиш маҳорати етишмаётганини кўрасиз. Шунинг учун болалар ёш ўқитувчининг дарсидан кўра тажрибали, ёши катта ўқитувчининг дарсини диққат билан тинглайди. Агар мактаб раҳбарлари дарсларни вақтида назорат қилиб борса, улар қайси ўқитувчи қандай дарс ўтишини яхши билади ва шунга қараб чора кўради. Ўқитувчилар ҳам ўз устида астойдил ишлайди, маҳоратини оширишга ҳаракат қилади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

“Зарафшон” газетаси 2020 йил, 14 ноябрь. 131-сон.

https://zarnews.uz/post/direktor-va-zavuch-nazorat-darsiga-kiradimi

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Пайариқдаги мактабларда бола сони кўп, синфхоналар етишмайди: Таълим сифатининг пасайиб кетишига яна нималар сабаб бўлмоқда?

Мактаблардаги таълим сифати, яратилган шарт-шароит, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўрганиш мақсадида бу галги сафаримиз Пайариқ туманида бўлди. Тумандаги 99 та умумий ўрта таълим мактабини 2019-2020 ўқув йилида 3841 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 419 нафари, яъни 10,9 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Ўтган 2018-2019 ўқув йилида бу кўрсаткич 4,4 фоиз бўлиб, туман мактаблари республика миқёсида ҳам қуйи ўринлардан жой олганди. Бу йилги кўрсаткич бироз ошган бўлсада, 16 та мактаб битирувчиларининг бирортаси ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмагани афсусланарли.

Туман мактабларида меҳнат қилаётган 4813 нафар ўқитувчининг 3799 нафари олий маълумотли бўлса, 208 нафари тугалланмаган олий, 806 нафари ўрта махсус маълумотга эга.

– Таълим сифатини ошириш борасида биринчи галда педагоглар таркибини ўрганаяпмиз, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Шокир Уралбоев. – Улар ҳақиқатда ҳам ўз мутахассислиги бўйича ишлаяптими ёки таниш-билишлик орқали бошқа фанлардан ҳам дарс бераяптими? Ҳақиқатни тан оладиган бўлсак, айрим мактаб раҳбарлари қатор йиллар ўз қариндош(лар)ини қўллаб-қувватлаб келиши ортидан ҳам таълим самарадорлиги оқсади. Бугун мева бермаган дарахт каби битирувчилари олий таълим даргоҳларига кира олмаётган мактабларнинг аксариятида мутахассис кадрлар етишмайди.

Шунингдек, ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қила олмайдиган, айрим мактабларда электрон журнал ташкил қилинган бир пайтда туман мактабларининг атиги 20 таси оптик толали интернетга уланган. Мактаблардаги жами 2316 та компьютернинг 366 таси яроқсиз ҳолда.

Мактабда синфхоналардан ташқари фақат директор хонаси бор

Дўстлик маҳалласида жойлашган 49-умумий ўрта таълим мактаби 2015 йилда 96 ўринга мўлжаллаб қурилган. Атиги 20 сотихдан зиёдроқ майдонга эга бўлган мактабда спорт зали қурилмаган. Кутубхона, ўқитувчилар хонаси, фаоллар зали, тиббиёт хонаси йўқ. Хуллас, мактабда синфхоналардан ташқари фақат директор хонаси бор. Бор-йўғи 125 нафар ўқувчига эга бўлган мактабда синфхоналар етишмагани боис дарслар 2 навбатда ўтилади. Мактаб даштли ҳудудда жойлашган бўлиб, унга 4 та қишлоқ болалари узоқ масофадан қатнаб ўқийди.

– Мактабимиз 11 йиллик бўлганига атиги 2 йил бўлди, – деди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Хайрулло Тангириев. – Битирувчиларимизнинг бирортаси ҳам олий ўқув юртларига киролмаганининг сабаби яқин йилларгача олий маълумотли мутахассислар етишмай сифат кўрсаткичимиз пасайиб кетди.

Кўмирни элакдан ўтказмасдан ишлатиб бўлмайди

Жовшарота маҳалласида жойлашган 4-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси 2017 йилда қурилган. Аммо мактаб биноси ўралмаган, режада қурилиши керак бўлган спорт зали қурилмаган. 180 ўринли мактабда 310 нафар бола таҳсил олмоқда. Синфлар етишмагани сабабли янги бинода фақат дарс ўтилади. Директор хонасидан тортиб, кутубхона, маънавият хонаси, тиббиёт хонаси, кўмирхона мактабнинг ёнидаги эски, совуқ бинода жойлашган. Эски бино бир вақтлар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

– Бу йил мактабни 13 нафар ўқувчи битирди, уларнинг 2 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, – деди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зиёмиддин Эшмирзаев. – Мактабимизда фақат рус тили фани ўқитувчиси етишмайди, қолган фанлардан педагоглар етарли.

Мактабга куз-қиш мавсуми учун 8 тонна кўмир берилган, аммо брикет берилмаган. Кўмирнинг кукуни кўплиги боис элакдан ўтказиб ишлатишяпти.

Туман халқ таълими бўлимининг маълумотига кўра, куз-қиш мавсуми учун мактабларга 2528,0 тонна кўмир ва 163,0 тонна брикет (аслида 1918,0 тонна берилиши керак) тарқатилган ва гўёки режа бажарилган. Бироқ, мактаб раҳбарлари берилган кўмир қишдан чиқишга етмаслигини айтишди.

Мактаб электрон кундаликка уланган, бироқ интернет йўқ…

Тумандаги намунали мактаблардан бири Алишер Навоий маҳалласида жойлашган 6-умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, унда 1910 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Аммо мактаб биноси 840 ўринли, бу ерда ҳам синфхоналар етишмайди. Шунинг учун мактабга қўшимча фойдаланиш учун тумандаги 1-касб-ҳунар мактабининг 6 та хонаси берилган. У ерга юқори синф ўқувчилари қатнаб ўқимоқда. Мактабга 5 та маҳалла болалари келиб ўқийди. Бу йил мактабни 144 нафар ўқувчи битириб, улардан 30 нафари олий таълим даргоҳларига ўқишга кирган.

– Мактабимизда барча педагоглар ўз касбини астойдил севади ва жамоада соғлом муҳит бор, – деди мактаб директори Зебинисо Юсупова. – Мактабда 130 нафар ўқитувчи бўлиб, уларнинг 14 нафари олий тоифа, 28 нафари 1-тоифали ўқитувчилардир. Ўқув даргоҳимиз туманда намунали мактаб сифатида ном қозонишига бу ерга тажрибали, фидойи ўқитувчиларнинг тўпланганидан деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам мактабимиз таянч мактаби бўлиб, бошқа мактаб ўқитувчиларига бизнинг ўқитувчиларимиз маҳорат дарслари ўтади.

Намунали мактабнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Мактаб электрон кундаликка уланган, бироқ оптик толали интернетга уланган бўлсада, интернет ишламайди. Масъул идораларга қилган мурожаатлари бесамар кетгани боис мактаб раҳбарияти ўз ҳисобидан тўртта wi-fi сотиб олиб, муаммони ҳал этмоқчи.

Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида мактаб капитал таъмирланиши керак эди. Пандемия сабаб мактаб таъмири қолдирилган.

850 ўринли мактабда 1892 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда

Яссавий маҳалласида жойлашган 79-умумий ўрта таълим мактаби ҳам намунали мактаблардан ҳисобланади. 850 ўринли мактабда 1892 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Афсуски, бу мактабда ҳам ўқувчилар 2 навбатда ўқиса ҳам синфхоналар етишмайди. Шунинг учун мактабдан 2,5 километр узоқликда жойлашган коллеж биноси филиал сифатида берилган.

2019-2020 ўқув йилида мактабни 144 нафар ўқувчи битирган бўлиб, улардан 23 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

– Ўқитувчи ва ўқувчиларимни рағбатлантириб тураман, – деди мактаб директори Асатулло Джураев. – Яқинда фан олимпиадалари туман босқичида 8 нафар ўқувчим 1-ўринни эгаллади. Уларни ва ўқитувчисини мактаб жамоаси олдида фахрий ёрлиқ билан табрикладим. Ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам қимматбаҳо совға эмас, рағбат керак. Директор педагогларни руҳлантириб турса, улар ўқувчиларга мотивация беради. Ўқувчилар дарсни қизиқиб тинглайди, ўқиш, ўрганишга иштиёқи ошади.

Мактаб оптик толали интернетга уланган, иситиш тизими яхши. Мактаб кутубхонасида 2,5 мингдан ортиқ бадиий китоблар бор. Фақат мактабнинг 1976 йилда қурилган биноси капитал таъмирга муҳтож. Шунингдек, мактаб ҳовлисидан қўшимча бино қуриш керак.

Ўтган ўқув йилида вилоятда атиги битта мактаб қурилди

Суриштирувимиз жараёнида шу нарса маълум бўлдики, туман мактабларидаги асосий муаммо синфхоналар етишмаслиги экан. Шу боис айрим мактабларда ўқитувчилар хонаси йўқ. Ўқитувчи дарсдан кейин ёзув ишларини қаерда бажаради? Биз юқорида бўлган мактабларнинг барчасига қўшимча бинолар қуриш керак. Бошқа мактабларда аҳвол бундан ҳам оғирдир?

Бугун айрим синфларда 40 тагача бола таҳсил олмоқда. Аслида ўқувчилар сони 25 тадан ошмаслиги керак. 2019-2020 ўқув йилида вилоят бўйича атиги битта мактаб қурилгани ҳам фикримизнинг исботидир. Янги мактаб Самарқанд шаҳри, Қорасув массивида қад ростлади, бироқ ҳали ишга тушган эмас. Йилдан йилга аҳоли сонининг ортишини ҳисобга оладиган бўлсак, 3 миллион 930 мингга яқин аҳоли яшайдиган Самарқанд вилоятида бир йилда битта мактаб барпо этиш камлик қилади, албатта. Ушбу муаммо бугун республика миқёсида ўрганилиши ҳамда таълим соҳасига бюджетдан етарлича маблағ ажратилиши лозим.

Ҳар ойда ўқитувчилардан имтиҳон олинади

Туман халқ таълими бўлимида бир янгиликни эшитиб, хурсанд бўлдик. Мактаб ўқитувчиларининг билим савиясини баҳолаш мақсадида улардан тест олиш йўлга қўйилибди. Тест саволлари дарслик асосида тузилган бўлиб, ҳар бир фан ўқитувчисига ўзининг фанидан саволлар берилади. Натижалар ҳар бир мактабнинг эълонлар тахтасига жойлаштирилади. Бир ойдан сўнг ўқитувчилардан яна тест саволлари асосида имтиҳон олинади. Бу уларнинг ўз устида ишлашига хизмат қилади.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ҳам авваллардагидек осон эмас, таниш-билишчилик йўқолган. Вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида айрим ўқитувчилар малака имтиҳонидан ўтолмаяпти. Бу ҳам адолатли, шаффоф тизим ўрнатилганидан далолатдир.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

“Зарафшон” газетаси 2020 йил, 24 ноябрь. 135-сон.

https://zarnews.uz/post/payariqdagi-maktablarda-bola-soni-kop-sinfxonalar-etishmaydi-talim-sifatining-pasayib-ketishiga-yana-nimalar-sabab-bolmoqda

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Олий таълим муассасаларида ўқув бинолари етарлими?

Бугун олий таълим муассасаларида талабалар анъанавий ёки онлайн тарзда таълим оляпти. Самарқанддаги анъанавий дарс жараёнлари билан танишиш мақсадида айрим олий таълим даргоҳларида бўлдик.

Самарқанд давлат университетида

Бу ерда анъанавий дарслар 1- ва 4-курс талабаларига ташкил этилган. Душанба, сешанба кунлари 4-курс талабаларига, ҳафтанинг чоршанба, пайшанба, жума, шанба кунлари 1-курс талабаларига анъанавий дарслар бўлиб ўтмоқда. 2-, 3-курс талабалари эса онлайн тарзда таълим оляпти.

Шунингдек, магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг фақат 1-курслари учун анъанавий дарслар ташкил этилган.

Университетда дарс соатлари 80 минутдан 60 минутга қисқарган, хоналарни шамоллатиш учун танаффусга 20 минутдан вақт ажратилган.

Ўзбек филологияси факультетида ҳозирча дарслар бир навбатда ўқитиляпти. Агар 2- ва 3-курс талабалари ҳам анъанавий дарсларга жалб этилса, дарслар икки навбатда ўқитилади. Рус филологияси, география ва тарих факультетларида ҳам ўқув хоналари камлиги боис барча курсларни бир навбатда ўқитиш имконияти йўқ. Математика факультетида шароит янада оғир.

– Биринчи курсларимиз 20 та гуруҳдан иборат, ҳозирча 511 нафарни ташкил этяпти, – дейди ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Ўткир Нишонов. – Ўқув хоналаримиз камлиги боис 1-курсларни икки навбатда ўқитяпмиз. Агар 2- ва 3-курс талабаларига ҳам анъанавий дарслар бошланса, аудиториялар етишмайди.

Шунингдек, математика факультетида кечки таълим шакли талабалари учун ҳам анъанавий дарслар бошланган. Уларга дарслар соат 17:00 дан 19:20 гача белгиланган.

Ўзбек филологияси, рус филологияси, география, тарих ва математика факультетларида анъанавий дарс­ларда ҳар бир партада биттадан эмас, икки нафардан талаба ўтирибди. Агар талабалар партага биттадан ўтирса, жойлар етишмайди. Ҳатто ўзбек филологияси ва математика факультетларида умумий лекция дарсларида аудиторияда 2-3 тагача гуруҳ талабалари қатнашаётганига гувоҳ бўлдик. Факультет раҳбарлари бундай ҳолатни ўқув хоналари етишмаслиги, гуруҳлар бўлиб ўқитилса, қўшимча дарслар учун иш ҳақи тўланмаслиги билан изоҳлади.

Бундан ташқари, университетда бу йил табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишни истовчи талабгорлар ҳам кўпайган. Масалан, рус филологияси факультетига 80 нафардан ортиқ, тарих факультетига эса 300 нафардан кўпроқ талаба табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Ушбу ҳолат ҳам ўқув хоналарининг етишмаслигига сабаб бўлган.

Бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг 9200 ўринга мўлжалланган 11 та ўқув биноси мавжуд. Университетда кундузги, кечки, сиртқи бўлим талабалари эса 27800 нафарни ташкил этмоқда. Маълумотларга кўра, бугун университетда анъанавий дарсларга қатнашаётган биринчи ва тўртинчи курс талабаларининг сони 9 минг нафар атрофида. Ҳозирча ўқув бинолар етарли. Аммо талабалар анъанавий дарсларга қайтарилса, ўқув хоналари етишмайди. Масалан, география факультетида бу йил 200 нафар қабул квотаси асосида, 67 нафар табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабалар ўқишга қабул қилинган. Факультетда умумий талабалар сони 760 нафарни ташкил этади, ўқув хоналари эса атиги 11 та экан. Бошқа факультетларда ҳам аҳвол шундай. Ушбу муаммо бир-икки йил ичида пайдо бўлмаган, балки йиллар давомида кузатилган. Бироқ, муаммога ечим топилмаган.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида

Институтда 1- ва 2-курс талабаларига анъанавий дарслар ташкил қилинган. 3-, 4-курс талабалари якуний назорат ишларини топширяпти.

Дарслар 60 минутдан бўлиб, танаффусга 10 минутдан вақт ажратилган. Дарслар икки навбатда олиб бориляпти.

Биз архитектура, қурилишни бошқариш, қурилиш факультетларидаги анъанавий дарс жараёнларини кузатдик. Газ босими пастлиги сабабли ўқув хоналари совуқ, иситиш батареялари ишламаяпти. Бўлажак архитектор ва қурувчилар полининг бўёғи кўчиб кетган эски хоналарда таҳсил оляпти. Ўқув хоналаридаги эшик, дераза, пол, шифтлар ниҳоятда эскириб кетган, замон талабларига жавоб бермайди.

– Институтнинг саккиз қаватли 1800 ўринли бош биноси капитал таъмирланяпти, – деди ўқув ишлари бўйича проректор Абдуазиз Раҳимов. – Пандемия туфайли май ойидан буён таъмирлаш ишлари тўхтаб қолди. Бино таъмирига 43 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ишлар тугагач, факультетларимиз замонавий шарт-шароитларга эга янги бинога кўчирилади.

Биз институтнинг таъмирланган биносини ҳам бориб кўрдик. Ичкари хоналар таъмирдан чиққан, баъзи хона жиҳозлари ҳам келтирилган. Фақат бинонинг ташқи қисмидаги ишлар чала.

– Бино 70 фоиз таъмирдан чиққан, фақат хоналардаги иситиш тизимини созлаш ва ҳовлидаги чала ишларни тугатишимиз керак, – деди “Сармоя сервис” МЧЖ иш юритувчиси Мақсуд Халилов. – Аслида бино 4 августда топширилиши керак эди, маблағ тушмагани боис ишимиз ортга сурилди. Энди 16 февралгача топширишни режалаштирганмиз.

Бугун институтнинг 2625 ўринли ўқув биноларида бакалавр йўналишидаги 5061 нафар талаба таҳсил оляпти. Шунингдек, институтда 206 нафар магистратура, 800 нафар сиртқи йўналишларда таълим оладиган талабалар ҳам бор. Бош бино фойдаланишга топширилса, ўқув бинолар сиғими 4425 ўринли бўлади. Шунда ҳам талабаларни бир навбатда қамраб олиш имкони бўлмайди.

Ўқув хоналарининг етишмаслиги биргина Самарқанд давлат университети ёки Самарқанд архитектура-қурилиш институтида эмас, балки вилоятимиздаги бошқа олий таълим даргоҳларида ҳам оғриқли масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар йили қабул квоталарининг оширилиши, қўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабалар ўқишга қабул қилиниши олий таълим муассасаларида ўқув хоналарининг етишмаслигига сабаб бўлмоқда.

Хўш, олий таълим даргоҳларида қабул квоталари режалаштирилаётганида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талаба ўқишга олинаётганда ўқув биноларининг сиғими ҳисобга олинмайдими? Ҳисобга олинса, нега янги, қўшимча бинолар қурилмаяпти?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

“Зарафшон” газетаси 2020 йил, 24 декабрь. 150-151-сонлар.

https://zarnews.uz/post/oliy-talim-muassasalarida-oquv-binolari-etarlimi

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Нурободда нега таълим сифати паст?

Мактаблар эътибордан четда қолгани учунми ёки педагогларнинг етишмаётганиданми?

Бугун туманлар миқёсида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи таҳлил қилинмоқда. Мактаблардаги шарт-шароитлар ўрганилиб, таълим сифатини ошириш чоралари кўриляпти. Таълим сифати паст бўлган туманлардан бири Нуробод туманидир. Тумандаги мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 2018-2019 ўқув йилида 3,4 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган ўқув йилида ушбу кўрсаткич 10,6 фоизга етди. Аммо бу рақам ҳам қувонарли эмас.

Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов туманда бўлиб, мактабларнинг таълим сифатини ўрганди, педагоглар билан учрашиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Туман мактабларида таълим сифати нега пастлиги ва куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганиш мақсадида биз ҳам айрим мактаблар фаолияти билан танишдик. Келинг, аввал дашт ҳудудда жойлашган мактаблардаги шарт-шароит ҳақида тўхталсак.

Туман марказида жойлашган 1-умумий ўрта таълим мактаби 536 ўринга мўлжалланган. Бола сони кўплиги боис бугун ушбу мактабда 1356 нафар ўқувчи ўқийди. Мактабда 101 нафар ўқитувчидан 16 нафари ўрта махсус маълумотли.

– Ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар пенсия ёшига 2-3 йил қолгани сабабли ишлаяпти, – дейди мактаб директори Элбек Ҳамроев. – Бизда педагоглар етарли. Мактабимиз битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича туманда юқори ўринларда туради. Бу йил мактабни 67 нафар ўқувчи битириб, улардан 12 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди.

Ушбу мактаб тумандаги намунали мактаблардан бири бўлишига қарамай, унда физика фани учун лаборатория хонаси йўқ. Кимё, биология фанлари учун лаборатория хонаси бор, аммо берилган кимёвий моддалар етарли эмас.

– 2008 йилдан буён лаборатория машғулотлари учун кимёвий моддалар берилмаётган эди, фақат ўтган йили берилди, – дейди биология фани ўқитувчиси Инобат Йўлдошева. – Бироқ лаборатория учун органик моддалар кам ажратилган.

Мактаб марказлашган иситиш тизимига уланган бўлиб, қишда синфхоналар яхши иситилади.

Мактабга лаборатория учун кимёвий моддалар берилмаган

Қиличлар маҳалласида жойлашган 34-умумий ўрта таълим мактаби 280 ўринга мўлжалланган бўлса-да, 499 нафар ўқувчи ўқимоқда. Бу йил 28 нафар битирувчидан 8 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Мактабда атиги 11 та синфхона мавжуд бўлиб, ўқитувчилар хонаси, тўгарак хоналари, психолог хонаси йўқ. Лаборатория хоналари мавжуд эмас, фақат кимёвий моддалар сақлаш учун иккита кичик хона бўлиб, унда махсус приборлар, асбоб-ускуналар бор, холос.

– Бизга бу йил лаборатория учун кимёвий моддалар берилмади, – дейди мактаб директори Нафиса Норбобоева. – Лаборатория хоналаримиз бўлмаса ҳам, оддий лаборатория ишларини партада бажарамиз.

Мактаб директори охирги марта мактабга лаборатория ишлари учун қачон кимёвий моддалар берилганини эслай олмади.

Бундан ташқари, информатика хонасидаги 15 та эски “Пентиум-1” русумли компьютердан 7 таси ишламайди. Мактаб оптик толали интернетга уланмаган.

Куз-қиш мавсуми учун мактабга 22 тонна кўмир берилган, мактаб маъмурияти яна 7 тонна кўмир сўраб мурожаат қилган.

Мактабга сув ташиб келтирилади ва бир ойга яқин ҳовузда сақланади

Мусоқоқ қишлоғида жойлашган 33-умумий ўрта таълим мактаби 360 ўринли бўлиб, унда 399 нафар ўқувчи таълим оляпти. Бу йил 35 нафар битирувчидан атиги 2 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Ўтган йили бирорта ўқувчи олий таълим даргоҳига ўқишга киролмаган.

– Бизда мутахассис ўқитувчилар етишмайди, шунинг учун таълим сифати паст, – деди мактаб директори Зироат Садинова. – Масалан, ўтган йили она тили, математика ўқитувчилари етишмасди. Рус тили ўқитувчиси марказдан қатнайди, пенсияга чиққан бўлса-да, мутахассис йўқлиги учун яна мактабга қайтардик.

Мактабда физика, кимё, биология фанлари учун лаборатория хоналари мавжуд эмас. Мактаб атрофи ободонлаштирилмаган, очиқ спорт майдонининг тақирлигини кўриб, бу ерда болалар қандай тўп тепишини ўйлаб қолдик. Янаям ачинарлиси, мактабга бочкада сув ташилади. Мактаб ҳовлисида махсус ҳовуз бўлиб, келтирилган сув бир ойга яқин сақланади.

Мактабга 21 тонна кўмир берилган, мактаб маъмурияти томонидан яна 10 тонна кўмир сўралган.

Ўқувчилар нега Алишер Навоий кимлигини билмайди?

Яна бир гап. 9-синф ўқувчиларидан Алишер Навоийнинг ғазалларидан ёд айтишни сўрадик. Афсуски, бирор ўқувчи ғазал айтиб беролмади. “Алишер Навоий ким бўлган?” деган саволимизга синф сардори “Шоҳ ва шоир бўлган” деб жавоб берди. “Алишер Навоий кўпроқ қайси тилда ижод қилган?” деган саволимизга “форс-тожик тилида ижод қилган” деган жавобни олдик.

Худди шундай ҳолат Ургут тумани мактабларида ҳам кузатилганди. Бир синф ўқувчидан бирортаси буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг ғазалларини ёддан айтиб беролмаганди. Хўш, нега? Мактабларда навоийхонлик кечалари, мушоиралар ўтказилмайдими? Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилмайдими?

22 нафар ўқитувчидан 12 нафари олий маълумотли…

Тошқудуқ қишлоғида жойлашган 32-умумий ўрта таълим мактаби икки бинодан иборат бўлиб, янги биноси 2016 йилда 160 ўринга мўлжаллаб қурилган. Аммо мактабда 300 нафар ўқувчи ўқийди. Шунинг учун эски бинодан ҳам фойдаланилар экан. Эски бино 1989 йилда ҳашар йўли билан қурилган. Унинг ичидаги барча стол-стул, эшик-деразалар эскириб кетган. Бинонинг кириш йўлаги пол қилинмаган, цемент ётқизилган, холос.

Бу йил мактабни 27 нафар ўқувчи битирган бўлиб, улардан 1 нафари олий таълим даргоҳига ўқишга кирган.

– Мактабимизда кимё, физика, немис тили, рус тили ўқитувчиси йўқ, – дейди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Санжар Суюнов. – Бизда меҳнат қиладиган 22 нафар ўқитувчидан 12 нафари олий маълумотли бўлса, 10 нафари ўрта махсус маълумотга эга.

Туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган ушбу мактабда спорт зали, тўгарак хоналари йўқ. Лаборатория хонаси бор, аммо жиҳозлари берилмаган. Шунинг учун ундан кутубхона сифатида фойдаланиляпти. Ушбу мактабга ҳам сув ташиб келтирилади ва 20-30 кунгача ҳовузда сақланади.

Мактабга 10 тонна кўмир берилган, яна 10 тонна кўмир керак. Эътиборли жиҳати, мактабнинг эски биносига ўтган йили туман ҳокимлиги томонидан янги иситиш тизими қуриб берилган. Бино талабга жавоб бермаса-да, синфхоналар исийди.

***

Туман мактабларига 2020-2021 йил куз-қиш мавсуми учун 483 тонна кўмир, 494,9 тонна брикет олиш режалаштирилган. Туман халқ таълими бўлимининг маълумотига кўра, режадаги ёқилғи барча мактабларга тўлиқ тарқатилган. Бироқ биз бўлган мактабларда олинган кўмир қиш мавсумига етмаслигини ва қўшимча ёқилғи сўраб мурожаат этганликларини айтишди. Савол туғилади, мактабларга кўмир тарқатилмасдан олдин, қанча кўмирга эҳтиёжи борлиги ҳисобга олинмайдими? Аслида ёқилғи эҳтиёжидан келиб чиқиб, режа қилиниши керак эмасми? Шунингдек, берилган кўмирнинг сифати ёмон, тўғрироғи, тупроқ аралаштирилганлиги кўриниб турибди.

Сув учун “завхоз” пул тўлайдими?

Эшитишимизча, мактабларга ташиб келтириладиган сув учун мактабнинг хўжалик ишлари мудири пул тўлар экан. Исми сир қолишини истаган “завхоз” бир бочка сув учун 40 минг сўм тўлашини ва у бир ойга етмаслигини айтди.

Мактабларда кимё, информатика, рус тили, инглиз тили ўқитувчилари етишмайди

Даштли чўл ҳудудида жойлашган Нуробод тумани вилоятимизда майдони энг катта туманлардан бўлиб, аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади. Туманда 76 та мактаб бўлиб, энг олис мактаб туман марказидан 150 километр узоқликда жойлашган. Туман мактабларида 2498 нафар ўқитувчи ўқувчиларга таълим-тарбия беради. Уларнинг 1236 нафари олий маълумотли бўлса, 276 нафари тугалланмаган олий маълумотли ва 496 нафари ўрта махсус маълумотга эга педагоглардир.

– Бизда таълим сифатининг пастлигига сабаб мутахассислар етарли эмаслигида, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Латиф Элмуродов. – Масалан, мактабларимизда кимё, информатика, рус тили, инглиз тили, мусиқа фанларидан жами 103 нафар ўқитувчи етишмайди.

Шунингдек, тумандаги 76 мактабдан атиги 12 таси оптик толали интернет тармоғига уланган.

Муаммонинг ечимига баҳона эмас, имкон топиш керак

Ўрганишларимиздан шу нарса маълум бўлдики, мактабларда ўқитувчилар етишмайди. Бунинг устига туманда бошқа ҳудуддан қатнаб ишлашга шароит йўқ. Масалан, ўтган сафар Ургут тумани мактабларига Тойлоқ туманидан ўқитувчилар қатнаб ишлаши ҳақида ёзгандик. Нуробод туманида эса бошқа қишлоқдан қатнашга ҳам шароит йўқ. Туманда ички йўналишларда қатновчи уловлар жуда кам, борлари ҳам қиммат, оладиган маошга таксида қатнаб ишлаб бўлмайди. Айрим қишлоқлардан эрталаб туман марказига ёки Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарларига қатновчи автобуслар қўйилган. Ушбу автобуслар куннинг иккинчи ярмида шаҳардан ёки марказдан қишлоққа қайтади, бироқ эрталаб марказдан қишлоққача автобуслар қатнамайди. Шунинг учун ҳам икки қишлоқ наридаги ўқитувчи ҳам қатнаб ишлай олмайди. Хўш, унда нима қилиш керак?

Бошқа ҳудуддан қатнашнинг имкони бўлмаса, айнан ўша маҳалла ёшларидан олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш чораларини кўриш керак. Бунинг учун ҳозир ОТМда мақсадли қабул жорий этилган. Бу имкониятдан фойдаланиш, ўқувчиларни касбга қизиқтириш лозим. Нима бўлганда ҳам халқ таълими тизими раҳбарлари муаммонинг ечимига баҳона эмас, имкон топиши керак.

Яна бир гап. Туман марказидаги мактаб ўқитувчиларига 75 фоиз устама тўланар экан. Ваҳоланки, уран қазиб олинадиган бошқа ҳудудлардаги мактаб ўқитувчилари бундай имтиёздан маҳрум эмиш. Айрим мактаб ўқитувчилари мана шу муаммога ҳам ечим топилмаётганидан арз қилди.

Шунингдек, мактабларнинг атрофи ободонлаштирилмаган, гуллар, дарахтлар экилмаган. Фақат туман марказидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ҳовлиси кўкаламзорлаштирилган. 32-, 33-мактабларнинг атрофи тақир ердан иборат, номига икки-учта дарахт экилган. Бунинг сабаби сув йўқлигидан бўлса, нега ҳовлида номига экилган дарахтлар кўкариб турибди? Назаримизда, сув эмас, ҳафсала йўқдек туюлди.

Тумандаги катта-катта майдонларнинг бўш ётиши, йўл четида бирор дўкон, дорихона, қишлоқ врачлик пункти каби аҳолига хизмат қиладиган шохобчаларнинг йўқлиги маҳаллий аҳолининг қийин шароитда кун кечиришини билдириб турибди. Жойларда лоақал қишлоқ номлари ёзиб қўйилмаган.

Чорвачиликка ихтисослашган туманда аҳоли чорвачилик ортидан зўр даромад қилганида, аҳвол бундай ачинарли бўлмасди. Шароитдан келиб чиққан ҳолда туманда ёшларни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатадиган бизнес мактаблар, лалми ерлардан унумли фойда олишни ўргатадиган аграр соҳага оид ўқув даргоҳлари очилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

“Зарафшон” газетаси 2020 йил, 10 ноябрь. 129-сон.

https://zarnews.uz/post/nurobodda-talim-sifati-nega-past-maktablar-etibordan-chetda-qolgani-uchunmi-yoki-pedagoglarning-etishmayotganidanmi

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Бизда Қоракўлдагидек мактаб бўладими?

Қоракўл Бухоро вилоятининг олис чўл тумани бўлиб, у ерда замонавий шарт-шароитга эга бўлмаса-да, машҳур мактаб бор. Унга 7-синфдан иқтидорли болалар саралаб олинади. Мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий таълим муассасаларига ўқишга киряпти. Буни яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда алоҳида эътироф этди.

Мактабни машҳур қилган қишлоқнинг фидойи ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаевдир. Байрам арафасида у “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Таълим маскани эришаётган ютуқлар инобатга олиниб, ўтган йили у Халқаро математика мактабига айлантирилди.

Халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам шартнома асосида таълим олишлари мумкин.

Шунингдек, ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш мақсадида халқаро мактабга хорижий мамлакатлардан ҳам ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат этилди.

Президент ўз нутқида нега бошқа вилоятларда бундай таълим маскани йўқлигини қайд этади. Олти ой муддат ичида Хоразм, Самарқанд, Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳам мана шундай ихтисослашган мактаблар ташкил этишга топшириқ берди.

Самарқандда математикага ихтисослаштирилган махсус мактаб ташкил этилади

– Самарқанд шаҳридаги 1- ва 10-сон Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари 229 нафар боладан 145 нафарга қисқарди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Абдуҳошим Зиёдов. – Ота-онаси бор болалар ўз оиласи бағрига қайтди. Шу муносабат билан иккала меҳрибонлик уйи 1-сон Меҳрибонлик уйига бирлаштирилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси вилоят ҳокимига шаҳардаги 10-сон Меҳрибонлик уйини математика фанига ихтисослашган мактаб-интернат қилиш таклифи билан чиққанди. Вилоят ҳокими ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. Икки ой муддатда Меҳрибонлик уйи биноси математикага ихтисослаштирилган 300 ўринли мактабга мослаштирилади. Мактабга иқтидорли, тажрибали ва билимли ўқитувчилар ишга қабул қилинади.

Бу йил мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ошди

Вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотларига кўра, 2019-2020 ўқув йилида вилоятимиздаги умумий ўрта таълим мактабларини 53583 нафар ўқувчи битирди.  Уларнинг 2187 нафари касб-ҳунар техникумларига, 46528 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди.

Бугунги кунда мактаблар кесимида битирувчиларнинг ОТМга ўқишга кирганлиги таҳлил қилинмоқда. 2020 йил 8 октябрь ҳолатида, битирувчиларнинг 5700 нафари олий таълим муассасаларининг талабаси бўлди. Уларнинг 192 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

– Бу йил вилоятда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасасига ўқишга кириш кўрсаткичи 3 фоизга ошди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов. – Бунинг учун, аввало, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирдик, ота-оналар билан янада кўпроқ ишладик. Уларга фарзандининг келажаги учун ўқишини давом эттириши кераклигини тушунтирдик. Шунингдек, халқ таълими бўлимлари ва мактабларда битирувчиларнинг онлайн ҳужжат топшириши учун шароит яратдик. Бу ҳам ўқувчиларга ёрдам бўлди. Натижада, бу йил Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Пахтачи туманларида битирувчилардан бирортаси ўқишга кирмаган мактаблар қайд этилмади.

Бундан ташқари, сентябрь ойидан 7-синфдан бошлаб ўқувчиларга вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида дарслар ташкил этиляпти, яъни айрим фанлар чуқурлаштириб ўтиляпти. Ўтган йили вариатив ўқув режа асосида дарслар синов тариқасида жорий этилгандиы. Бундай ўқитиш тизими ўқувчиларнинг олий ўқув юртига ўқишга киришига кўмаклашади ҳамда ота-оналарнинг репетиторга эҳтиёжини камайтиради.

***

Таҳлил натижаларига кўра, Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари олий ўқув юрти талабаси бўлди. Шаҳардаги 37-умумий ўрта таълим мактабининг 169 нафар битирувчисидан 122 нафари, Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 45 нафар битирувчисидан 31 нафари ҳам тест синовларидан муваффақиятли ўтди.

Шунингдек, Нарпай туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабининг 115 нафар ўқувчисидан 61 нафари, Иштихон туманидаги 1-ИДУМнинг 43 нафар ўқувчисидан 22 нафари, Қўшработ туманидаги 75-умумий ўрта таълим мактабининг 6 нафар ўқувчисидан 3 нафари, Нарпай тумани 16-умумий ўрта таълим мактабининг 55 нафар ўқувчисидан 22 нафари, Паст Дарғом туманидаги 1-ИДУМнинг 23 нафар ўқувчисидан 11 нафари, Паст Дарғом тумани 28-ИДУМнинг 53 нафар ўқувчисидан 23 нафари, Каттақўрғон тумани 88-умумий ўрта таълим мактабининг 16 нафар битирувчисидан 7 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздаги 1236 мактабни 30983 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 2556 нафари, яъни 8,2 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган эди. Бу йил эса ўқишга ҳужжат топширган 46528 нафар битирувчидан 5736 нафари ўқишга кирди.

Битирувчиларнинг бирортаси ОТМга киролмаган мактаблар ҳам бор

2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздаги 356 мактабдан олмаган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида эса 128 мактабда бирор ўқувчи ОТМга ўқишга киролмади. Битирувчиси ўқишга киролмаган мактабларнинг аксарияти Ургут, Булунғур, Қўшработ, Паст Дарғом ва Нуробод туманларида.

– Карантин сабаб бу йил битирувчилар билан жиддий шуғуллана олмадик, – дейди Нарпай туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактаби директори Феруза Равшанова. – 24 нафар битирувчимиздан бирортаси олий таълим муассасасига ўқишга киролмади. Айни пайтда 3 нафар ўқувчим Қозоғистондаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.

Бугунги кунда вилоят халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичлари таҳлили мактаблар кесимида давом этмоқда. Якуний натижаларга кўра, юқоридаги кўрсаткичлар янада ортиши кутилмоқда.

Самарқанд шаҳрида ҳам машҳур мактаб бор

Дилафрўз Жайналова, Самарқанд шаҳридаги 1-ИДУМ директори:

– Мактабимиз математика-физика фанига ихтисослашган бўлиб, ўқувчилар 5-синфдан саралаб олинади. Ўтган ўқув йилида мактабимизнинг 67,4 фоиз ўқувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 81,1 фоизни ташкил этди. Мактабимиз ҳар йили вилоятда таълим сифати кўрсаткичи бўйича юқори ўринда туради. Сабаби, биз фақат билимли, қобилиятли ўқувчиларни саралаб оламиз. Саралаш босқичи қандай бўлади? Биринчи босқичда талабгорлардан ҳужжатлар қабул қилинади. Иккинчи босқичда ўқувчилардан психологик тест олинади. Кейинги босқичда Давлат тест маркази томонидан ўқувчиларнинг ёшига мос тузилган тест саволлари асосида имтиҳон қилинади.

Бугунги кунда мактабимизда 1251 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 68 нафар ўқитувчи дарс беради.

Камолиддин ОДИЛОВ, Каттақўрғон туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби:

–  Фанлар ўзаро бир-бирига боғланган. Физика фанини яхши ўзлаштириш учун, аввало, математикани яхши билиш керак. Математик формулаларсиз физикани ўқувчига тушунтириб бўлмайди. Шунинг учун математика фанини бошланғич синфдан яхши ўқитиш лозим. Бундан ташқари, дарсликда берилган физик ҳодисаларни она тили ва адабиётни яхши ўзлаштирмаган ўқувчи тушунмайди. Физика фанини ҳамма ҳам бирдек ўзлаштириб кета олмаслигининг сабаби шунда.

Самарқандда Қоракўлдагидек мактаб барпо қилиш учун айнан мана шу томонларни ҳисобга олиш керак, яъни мактабга тажрибали, билимли, салоҳиятли, янгича услубда дарс бера оладиган ўқитувчиларни жалб этиш лозим. Ўқувчи бир фанни мукаммал эгаллаши учун бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштирган бўлиши керак.

Иззат ЖЎРАЕВ, репетитор:

– Мен математика фанидан ўқувчиларга репетиторлик қиламан. Бу йил 27 нафар ўқувчимдан 19 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирди. Бир кунда абитуриентларга 4-5 соат дарс ўтаман. Битта синф дарслигини 1 ҳафтада ўтиб тугатаман. Ҳар ҳафтада ўтилган мавзулар бўйича тест оламан. Тест саволлари ҳам ўтилган мавзуни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Юқори синфлар учун мактабларда асосий фанлар ўқитилиши тарафдориман. Шундай йўл тутилса, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи ошади.

Озода НАСИМОВА, уй бекаси:

– Самарқандда математикага ихтисослашган мактаб ташкил этилишини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Фарзандларим бошланғич синфда ўқийди, математика фанидан мисол ва масалаларни ўзлари мустақил ечади. Уларнинг билимини доим назорат қилиб бораман. Аммо яна бир хавотирим бор. Ишқилиб, ихтисослашган мактабга қабул жараёни таниш-билишчилик бўлиб кетмасин-да. Акс ҳолда биз каби оддий одамларнинг фарзандлари бундай мактабларда ўқий олмайди.

Ҳамма ота-она ҳам фарзандининг яхши билим олишини истайди. Баъзида бошланғич синфда аъло баҳоларга ўқиган болалар юқори синфга ўтгач, негадир билими пасайиб кетади. Иқтидорли болаларга тажрибали ўқитувчилар таълим-тарбия берса, менимча улар биз кутган натижага эришади.

Қоракўлдаги мактабнинг сири нимада?

Ўқитувчилари билимлими ёки ўқувчилари? Мактабнинг асосий ютуғи ўқувчиларни қабул қилишда адолатли тизим жорий этилганида экан. Мактаб директори Темир Рўзиев журналист Зуҳра Абдуҳалимовага берган интервьюсида буни тасдиқлади. У ҳеч қандай таниш-билишчиликка йўл қўймасдан, фақат билимли ўқувчилар 3 босқичда синовдан ўтказилиб, мактабга қабул қилинишини айтди. Шунингдек, ишга кираётган ўқитувчилар ҳам саралаб олинади.

Таълим тизимида адолат, шаффофлик бўлса, сифат ўз-ўзидан ошади. Таълим сифатини зўрма-зўракилик билан кўтариб бўлмайди.

Самарқандда очилиши режалаштирилаётган математикага ихтисослашган мактабнинг келажакда равнақ топиши учун Қоракўлдаги сингари ўқувчилар адолатли қабул қилиниши керак. Бунинг учун адолатли раҳбар, билимли ўқитувчилар ва иқтидорли ўқувчилар жалб этилиши лозим. Шундагина мақсадга эришилади. Хўш, ҳақиқатдан ҳам Самарқандда ўқувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий таълим муассасасига ўқишга кира оладиган мактаб яратиладими? Буни вақт кўрсатади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

“Зарафшон” газетаси 2020 йил, 15 октябрь. 116-сон.

https://zarnews.uz/post/bizda-qorakoldagidek-maktab-boladimi

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.1 / 5. Baholaganlar soni: 9

OAV nomi va parolini kiriting!