«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-15T17:02:19+05:0015 Aprel, 2021|Матбуот|

         Зебо НАМОЗОВАнинг ижодий ишлари

 

Кузатув

ФОЙДАЛАНИЛМАЁТГАН ҚЎЛҚОПЛАР

ёхуд ҳавога учаётган маблағ

Жамоат транспортидан фойдаланаман. Кунда-кунора ишхонага «Тошкент марказий универмаги – Тошкент халқаро аэропорти» йўналиши бўйича юрадиган 37-автобусда ёки 11-йўналишли таксида қатнайман.

Анчадан буён бир нарсани кузатаман. Эрталаб ва кечқурунги тиғиз пайтларда йўловчилар кўплигидан автобус салонида оёқ қўйишга жой топилмай қолади. Бу қандай ҳолки, 20 дақиқадан камига келмайдиган айрим йўналишларда йўловчилар кўплиги боис «ур-сур» ҳамон авжида. Аммо маблағлар шу абгор хизмат кўрсатиш тизимини яхшилашга эмас, ­бо­­ш­­қа масалаларга сарфланаётгани дилни хира қилади…

Мана, масалан, бугун эрталаб шу гавжумлик асноси ерга сочилган бир марталик қўлқоп­ларга кўзим тушди. Эгасини топмаган «бечора» қўлқоплар пастга тушибди ва йўловчилар оёғи тагида ўралашиб ётибди. Автобус охирги бекатларга яқинлашиб йўловчилар сийраклашгач, кўрдимки, ўриндиқлар орасидаги баландроқ бўш жойда бир тўп резина қўлқоплар уйиб қўйилибди. Менга эриш туюлаётгани, жамоат транспортида бундай қўлқоплар мунтазам мавжудлигига қарамай, сўнгги пайтларда бирор йўловчининг улардан фойдаланганига кўзим тушмаяпти. Ваҳоланки, ушбу қўлқоплар 129 та йўналишдаги 1000дан зиёд жамоат транспортларига тарқатилмоқда. Аянчлиси эса, улар аксарият ҳолатда ишлатилмаяпти.

– Менга қўлқопдан фойдаланиш ёқмайди. Барибир уни кийган билан сумкамизни, кийимларимизни ушлаймиз-ку? Қайтанга қўлларимни совунлаб ювишни афзал кўраман. Ёнимда эса антисептик гел олиб юраман, – дейди йўловчилардан бири Шодия.

Ўз исмини ёзишимизни истамаган 30-автобус ҳайдовчиси эса ҳақиқатан йўловчилар жуда кам ҳолларда бир марталик қўлқоплардан фойдаланаётганини, иложи бўлса, уни тўхтатган маъқул, деган фикрни айтди.

«Тошшаҳартранс» АЖга қарашли «Тошавтотаъмирхизмат» корхонасининг таъминот бўйича раҳбар ўринбосари Аҳмаджон Алимовнинг айтишича, ушбу резина қўлқоплар айни пайтда «Полимер дизайн» МЧЖдан ҳар бир донаси 28, жуфти 56 сўмдан сотиб олинмоқда. Бир кунда 300-350 минг дона харид қилинади. Демак, берилган маълумот асосида ҳисоб-китоб қилиб кўрадиган бўлсак, кунлик ўртача 300 минг дона қўлқопнинг нархи ­­­8­ 400 000 сўмни ташкил этади. Энди шу қўлқоплардан фойдаланиш тартиби 2020 йил19 октябрдан бошлаб жорий этилганини ҳисобга олсак, тахминан бир миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган.

Эсингизда бўлса, ушбу тартиб жорий этилаётганида жамоатчилик, журналистлар ва блогерлар масалага ўзларининг танқидий муносабатларини билдирган, аммо мутасадди ташкилотлар қўлидан келгунча лойиҳа юзасидан тарғибот ва ташвиқотлар уюштирганди.

«Вақт – олий ҳакам» деганларидек, ўтаётган давр мазкур тартибнинг бесамар эканини исботлади. Буни йўловчиларнинг ундан фойдаланмаётганида ҳам яққол кўриш мумкин. Тўғри, коронавирус таҳликаси октябрь ойида бошқача эди. Аммо ҳозирда вазият бироз барқарорлашгани билан, аҳоли янги хавфдан эҳтиёт ва огоҳ бўлиб турибди. Шу боис, юртдошларимиз ниқоб тақишни канда қилмаяпти.

Қисқаси, жамоат транспортида қўлқоп­лар учун маблағ сарфлаш беҳуда исрофгарчилик эмасми? Ахир, аҳоли ундан деярли фойдаланмаяпти-ку? Ишонмасангиз, исталган жамоат транспортига бир чиқиб кўринг…

Ундан кўра, ушбу маблағлар жамоат транспорти хизмати сифатини яхшилашга сарфланса бўлмасмикан?..

Зебо Намозова,

Ishonch

2021 йил, 28 январь

 

************************************************************************

ТАЪЛИМ СИФАТИ

ҚАЧОН ЮКСАЛАДИ?

муаммолар, мулоҳазалар ва таклифлар

­­

Халқ таълими тизимида бўлаётган ислоҳотлар ва янгиликлар барчамиз учун муҳим. Негаки, соҳа бугун ва эртанги кунимизни белгилайди. Қолаверса, маориф бир жабҳа ўлароқ кундалик турмушимиз, ҳаётимиз билан бевосита боғланиб кетган. Дейлик, барчамиз ҳам шу ­масканга қатнаганмиз, сабоқ олганмиз ёки бугун ҳам оиламизда ўқувчи ёки ўқитувчи сифатида иштирокчилар бор. Эҳтимол, шу боис мактаб ҳаёти  ҳар биримизни қизиқтирар. Шу маънода, юртдошларимизнинг бу соҳага жон куйдиришларини, жойлардаги муаммоларнинг ечим топмаётганидан ёзғиришларини тўғри тушунса бўлади, назаримда. Биз ҳам тизим келажагига бефарқ бўлмаган юртдошларимиздан бири сифатида таълим ривожига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳақида айрим мулоҳазаларимизни баён этсак.

Ўқувчи кўпайди, мактаб эса…

Эътибор қилинг, 1980 йилларда мамлакатимизда 3,8 миллион нафар ўқувчи 9458 та мактабга қамраб олинган. Бугун, 2020 йилга келиб эса ўқувчилар сони 6 миллион нафар ошганига қарамасдан, мактаблар сони 9942 тани ташкил этмоқда. Шу рақамларнинг ўзиёқ мактабдаги синфхоналар манзарасини кўз олдингизга келтириши мумкин. Яъни, таълимни ислоҳ қилишда демографиянинг ҳисобга олинмагани бугун битта синфда 45-50 нафар бола таълим стандартларига зид равишда сабоқ олаётганини кўрсатади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, катта шаҳарлар ва вилоят марказларидаги мактабларда болалар бир синфда 30 нафардан 40-45 нафаргача ўтиришади. Пойтахтимизда эса 50 нафар ўқувчи сабоқ олаётган синфлар ҳам бор. 2017 йилда ушбу мавзуни ўрганиб, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси мутасаддиларидан изоҳ сўраганимизда, бу хусусида Халқ таълими вазирлигининг буйруғи чиққанини айтиб, келгусида синфларда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслигини таъкидлашганди.

Мана, ушбу ваъдаларга ҳам уч йил бўлибдики, ўзгариш йўқ. Таълим сифатида натижага эришаётган мактабларда энг муҳим омил болага индивидуал ёндашиш ­ҳисобланади. Бу – бизнинг шароитда ҳам ўз тасдиғини топган усул. Масалан, Қоракўл тажрибасини бунга мисол қилиш мумкин. Ушбу мактаб директори билан суҳбатлашганимизда, ўқувчига индивидуал ёндашишгина унинг қобилиятларини ривожлантириш имконини беришини, ва шу боис келгусида синфларда ўқувчилар сонини янада камайтириб, 15 нафарга туширмоқчи эканини айтганди. Қоракўллик педагог самарани сезганки, шундай хулосага келган.

Энди анъанавий мактабдаги жараённи тасаввур қилинг: 45 нафар ўқувчиси бор ўқитувчи қандай қилиб ўқувчиларга алоҳида ёндашади, бунга имкон ҳам, вақт ҳам етмайди-ку! Уйда дарс қилиб тайёргарлик кўриб борган бола бир кунда устозидан битта яхши гап эшитмаса, ўзлаштириши баҳоланмаса, ундан қандай ўсишни кутиш мумкин? Тўғри, ҳамма жойдаям 10-15 нафар фаол бола бўлади. Аммо ўқитувчининг рағбатига ва кўмагига муҳтож бўлиб қолган ўқувчилар-чи? Педагог улар билан қачон мулоқот қилади? Дарсни текширишга, янги мавзуни тушунтиришга, ўқувчиларнинг жавобини тинглашга, паст ўзлаштирувчилар билан шуғулланишга вақт ортадими?

Қўлимга синфида 45 нафар ўқувчи ўқийдиган 5-синф ўқувчисининг математика дафтари тушиб қолди. У 13 сентябрь (жорий ўқув йилида таълим бошланган)дан буён мактабга қатнаётган экан. Таассуфки, бугунгача ўтган вақт мобайнида ўқувчининг уйга вазифалари баҳоланмабди. Сабаб оддий: муаллимнинг вақти етмаган. Агар ўқитувчи бир ставка ишлаб, 4-5 та синфда дарс ўтса, ҳафтада бир мартадан ўқувчилар дафтарини назорат қилганда ҳам, 200та дафтар текшириши керак. Агар у бошланғич синф ўқитувчиси бўлса, бошқа фанларни ҳам ўзи ўтгани учун босим янада ортади. Энди ўйланг, ўқитувчилар тез-тез тилга оладиган «болада ўқишга мотивация уйғотиш» ишлари шу йўсинда олиб борилаётган бўлса, биз болаларимиздан нима кутамиз? Қолаверса, 45 нафар ўқувчига дарс ўтиш ўқитувчини ҳам толиқтиради. Уларнинг кечаси билан 100та дафтар текшириб, эрталаб яна хотиржам ва бардам кайфиятда дарс ўтишини кутиш ва бунга ишониш – абсурд. Буни тизимдаги раҳбарлар жуда яхши билишади. Қолаверса, мулозимларимиз синфдаги болалар сонини расамадга келтириш учун янги мактаблар қуриш кераклигини ҳам яхши англашади. Бироқ, бизда бугунгача янги қурилишлардан кўра, мавжудларини капитал таъмирлашга кўпроқ эътибор қаратилаётгандай. Аслида эса вазият бизда аллақачон янги мактаблар қуриш ёки болалар сони меъёрдан ортиқ мактаблар капитал таъмирланаётганида, инвестиция дастурига киритилганда уларга қўшимча бинолар қуриб берилиши кўзда тутилишини қатъий белгилаб қўйиш даражасига келган.

Малакасиз директор –  адолатсиз бошқарув

Яқинда бундан ўн йиллар муқаддам «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танловининг Республика босқичи ғолиби бўлган педагог танишимни учратиб қолдим. Ранги сўниқ, илгариги шашт-у шиддатдан асар йўқ. Суҳбатимиз асносида билсам, ишдан, жонажон мактабидан кўнгли совигандай…

– Ҳаммасидан чарчадим. Хусусий мактаб­­га ўтиб кетмоқчиман, жамоамиздаги барча малакали ўқитувчилар шундай қиляпти, –­­ ­дейди у. – Ўз устингда изланасан, болалар учун, мактаб учун вақтингни, соғлиғингни аямай ишлайсан, аммо натижага келганида меҳнатингга муносиб рағбат ҳам, раҳмат ҳам ололмайсан. Моҳиятан қараганда, кўп меҳнат қилаётган одам бошқалардан «рағбат» масаласида озгина бўлса-да, устун бўлиши керак эмасми? Бизда эса аксинча. Фаол ва изланувчан бўлсанг, «жазолашади»: очиқ дарсни ҳам, комиссия келса намунали дарс ўтиб беришни ҳам фақат сенга юклаб қўйишади. Тадбир кетидан тадбир ўтказиб беришни сўрашади. Бунда болалар билан билан ишлашга вақт қоладими? Ишламайдиганлар эса бошқа жойлардагидек вақтида келиб, вақтида кетиб, тинчгина юраверишади. Ўзи, аслида, биз кўпчилик ҳолларда мактабга раҳбар тайинлаш масаласига ўта юзаки қараймиз. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, таълим масканида директорликка муносиб инсонлар танланиши шарт. Негаки, раҳбар жамоадаги муҳитни шакллантиради. Олдинги директоримиз таниш-билишларини ишга солиб, туман халқ таълими бўлимига ишга ўтиб кетди. Ўрнига келгани эса икки ой ишлаб ­«Бошқара олмайман» деб бўшади. Шундан сўнг биринчи раҳбар ўз танишини директор қилиб қўйди, сиртдан мактабни ўзи бошқариб туришга ўтди. Аҳвол шу бўлдики, мактабдаги ошпаздан тортиб кутубхоначи, ҳатто қоровулгача қариндош-уруғини олиб келиб жойлади. Таълим, давомат ҳақида ўйлайдиган одам йўқ. Адолатсизликлар туфайли жамоадаги руҳ, жипслик сўнди. Масалан, ўтган йили бир ҳамкасбим чиқарган синфдан 19 нафар ўқувчи олий ўқув юртига кирди. Албатта, уларнинг барчаси репетиторга қатнагани боис талаба бўлди. Аммо ўқувчиларнинг қалбида ўқишга иштиёқ уйғотиш, юқори синфда қизиқишига қараб, ота-онаси билан маслаҳатлашиб, болани тўғри йўналтиришда ҳам гап кўп. Шу боис ушбу натижа учун ҳамкасбимизни жуда яхши рағбатлантиришди. Аммо бу йил мен чиқарган синфдан 22 нафар ўқувчи талаба бўлишига қарамасдан, ҳеч ким ҳеч нарса, ҳатто қуруққина раҳмат, демаса, кўнглинг оғрийдими, йўқми?.. Бундай бепарволик ва адолатсизликлар ўз касбини севувчи педагогларнинг ишидан совушига олиб келади, албатта.

Ғалати парадокс: ойликлар ошди, даромад кўпаймади…

– Ёдингизда бўлса, бир пайтлар ўқитувчи ва мураббийларга давлат томонидан кўп имтиёзлар мавжуд эди. Сув, газ, электр таъминоти, мол-мулк солиғидан 50 фоиз имтиёзли тўлов қилиш ҳуқуқи. Ҳар ой йўл ҳақи учун ойлик ажратмалар ва чипталар, эҳтиёжи бор ўқитувчиларга ер участкалари берилган. Аммо бу имтиёзларнинг барчаси 2004 йилдан кейин бекор қилинди, – дейди кўп йиллардан буён «Маърифат» газетасида ишлаб келаётган журналист Зилола Мадатова. – 2018 йилнинг 14 августида «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори имзоланди. Қарорда педагогларнинг нуфузини оширишга қаратилган бир қанча имтиёзлар жорий этилиши белгилаб берилган эди. Жумладан, ўқитувчилар маошини ошириш, умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог кадрларини директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш, ҳудудий, ­республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш, таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш, ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга ипотека кредити сифатида бериш каби. Аммо ҳужжатда кўрсатилган ушбу имтиёзларнинг айримлари бажарилган бўлса, айримлари ҳамон қоғозда қолиб келмоқда.

– Таҳририятимизга келаётган кўпгина мурожаатлардан билиш мумкинки, – дейди З.Мадатова, – 2018–2019 йилларда маош ошгани билан дарс соатларининг қисқаргани эвазига ўқитувчиларнинг умумий даромади кўпаймаган. Масалан, 2019-2020 йилнинг таянч ўқув режасига асосан филология фанлари 11 соат, ижтимоий фанлар 1 соат, амалий фанлар 4,5 соатга қисқарди, касбий таълим ва танлов фанларга ажратилган соатлар ҳам олиб ташланди. Жами 25 соат дарс соати қисқарди ва бу ўқитувчиларнинг маошига сезиларли таъсир кўрсатди. «Ўқитувчилар маоши ошди» деб бонг урилгани билан ўқитувчининг дарси бир ставкага етмаса, маоши ошганининг фойдаси борми?

Эркак ўқитувчилар нега кўпаймаяпти?

Эътибор қилган бўлсангиз, сўнгги йилларда мактабларда эркак ўқитувчилар миқдорини оширишга ҳаракат қилинди ва турли даражадаги анжуманларда улар сони ортаётгани бот-бот айтилди. Аммо амалда шундайми? Халқ таълими вазирлиги сайтига жойлаштирилган статистик маълумотларга назар солсак, 2016-2017 йилларда мактабларда 148,695 нафар эркак ўқитувчи ишлаган бўлса, 2020-2021 ўқув йилидаги кўрсаткич 144,749 нафарни ташкил этган. Хўш, нега эркак ўқитувчиларни мактаб­­га қайтаришга эҳтиёж катта-ю, аммо буни амалга ошириш кўнгилдагидек кетмаяпти?

Аввало, ҳар йили ички ишлар вазирлиги томонидан олти ойлик ва йиллик ҳисоботларда мактабларда кузатилаётган уруш-жанжалли ҳолатлар, жиноятлар, ўткир тиғли, жумладан, пичоқ кўтариб юриш ҳолатлари бўйича ҳисоботларда ўқувчилар иштироки кўпайиб бормоқда. Бунинг сабабларини кўпчилик психологлар мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камлиги, болалар асосан аёллардан таълим олаётгани, қаттиққўллик кўрмаётгани, эркак тарбиясининг етишмаётганлиги билан изоҳлашади ва мен ҳам уларни қўллаб-қувватлайман. Қолаверса, бунинг яна бир, айтиш мумкин бўлса, асосий сабабларидан бири деб мактабларда таълим олаётган болаларнинг баъзи ота-оналари хорижга ишга кетиб, фарзандларини яқин қариндош­лари қўлида қолдириб кетишганини кўрсатиш мумкин.

– Яшнобод туманидаги мактаблардан бирида ишлайман, – дейди Сирожиддин Бузруков (исми шартли равишда ўзгартирилди). – Мактабимиз гавжум бозорлардан бирига яқин ҳудудда жойлашган. Ўқувчиларимизнинг аксарият ота-оналари бозорда ишлашади. Айрим ўқувчиларнинг ота-­оналари эса хорижга кетган, болалар бувилари, холалари қўлида қолишган. Табиийки, тарбияси оғир болалар кам дея олмайман. Таълим даргоҳимизда аёл педагог­лар 50 нафардан ошиқ. Эркак ўқитувчилар эса атиги 6 нафар. Аммо улар ҳам маоши оз бўлгани боис, дарслари тугагар-тугамас қўшимча ишларига шошишади. Болалар билан батафсил, қўшимча машғулот ўтказишга ўзларида рағбат сезишмайди. Маънавий-маърифий ишларга масъул бўлганим учун 10-11 синф ўқувчиларига раҳбарлик қилаётган аёл устозлар баъзида «Илтимос, ёрдам беринг, синфимни эплолмаяпман. Бошқа раҳбарлик қилмайман», деб келган пайтлари ҳам бўлади. Имкон қадар уларга ёрдамлашаман, болалар билан бирга ишлаймиз. Ўзим синф раҳбарлик қилай десам, эгаллаган вазифам туфайли бу мумкинмас экан. Ҳозир ишим тўлиқ ставка. Маошим 2.300.000 сўм, табиийки, бу оиламни боқишга етмайди. Яқинда директоримиз яхши ишлаганим учун яна ярим ставка маънавиятчи лавозимини қўшиб бергач, маошим 3 миллионга етганди. Аммо тепадан текшириш бўлганида, раҳбар ўринбосарига бир ярим ставка ишлаш мумкинмас, дея яна ярим ставкамни олиб қўйишди. Албатта, бундай шароитда ким фидойилик билан ишлагиси келади? Яхши ишлай десанг, маош жуда кам, оилангни боқишга етмайди. Меъёрий ҳужжатлар билан имкониятлар чегаралаб ташланган. Фан ўқитувчилари ҳам дарсини ўтиб, бошқа ишга ошиқади. Мактабда, айниқса, юқори синф ўқувчилари билан эркак ўқитувчилар ишлашига катта эҳтиёж бор. Уларга қаттиққўллик, эркак кишининг тарбияси зарур. Аммо юқоридаги каби ­чекловлар эркак­ларнинг мактабда қолишига йўл бермаяпти.

Юқоридаги мулоҳазалардан ҳам маълумки, агар эркак ўқитувчиларга ҳам оиласини боқиши учун етарли миқдорда маош тўланса, ипотека ва автокредитлар берилса, олдинги имтиёзлар қайтарилса, улар мактабга қайтишади. Лекин бу ишлар ҳозирча қуруқ гап ва орзудан нарига ўтмаётир. Ўтган йили педагог­ларга берилган автокредитлар ҳам маълум сабабларга кўра, бу йил тўхтаб қолди. Ўқитувчиларга мўлжалланган имтиёзли ипотека кредитларидан эса ҳамон дарак йўқ…

Халқ таълими вазирлигининг эса олдига қўйган марралари улкан: 2030 йилда таълим сифати бўйича ТОП-30 мамлакатлар қаторига кириш. Ваҳоланки, шундай яхши мақсадларга билимли ва фидойи педагоглар армиясисиз эришиб бўлмайди. Уларнинг ғайратини жўштириш, сидқидилдан ишлашига эришиш учун эса, аввало, маошларни ошириш, имтиёзларни тиклаш, кредитлар беришни амалда жорий этиш, эркак ўқитувчиларга алоҳида рағбатлар ташкил этиш ва бошқа баъзи касб эгаларига кўрсатилаётган эътиборни ўқитувчи-мураббийлар ҳаётига ҳам жорий этиш керак бўлади. Чунки ўқитувчи меҳнати ва машаққати бошқа касб эгалариникидан ортиқ бўлса борки, асло кам эмас.

Зебо Намозова,

Ishonch

2021 йил, 9 январь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Сиз нима дейсиз?

БИЗГА ИЖТИМОИЙ ДОРИХОНАЛАР ҚАНЧАЛИК ЗАРУР?

Ҳозирги пайтда юртимизда 14 ярим мингтадан ошиқ дорихона мавжуд бўлиб, уларнинг 2300 тага яқини ижтимоий дорихоналар, қолганлари эса хусусийдир. «Дори-дармон» акциядорлик компаниясига қарашли арзон дорихоналар илк бор 2005 йилларда ташкил этилган бўлиб, 2017 йилга келиб уларга Президентимиз ташаббуси билан «ижтимоий дорихона» мақоми берилди.

Албатта, бу бежиз эмас. Чунки аҳолининг кам таъминланган қатлами ва олис қишлоқ ҳудудларида яшаётган юртдошларимизни сифатли ва арзон дори маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, давлат назоратида бўлган 13 тоифадаги касалликка чалинган юртдошларимизни 126 турдаги зарур дори маҳсулотлари билан таъминлаш вазифаси ҳам айнан улар зиммасига юклатилган.

Компанияга қарашли дорихоналарда тиббиёт буюмлари ва дори маҳсулотлари чакана нархда харид нархининг 10 фоизидан ошмайдиган савдо устамаси, ижтимоий аҳамиятга эга фармацевтика маҳсулотлари эса қатъий белгиланган нархларда сотилади.

Бундан ташқари, ижтимоий дорихоналар кучли оғриқ қолдирувчи ва психотроп дори воситалари савдоси билан рецепт асосида расман шуғулланади. Хуллас, бозор иқтисодиёти шароитида ушбу дорихоналардан халқ учун кўзланган мақсадлар ниҳоятда хайрли. Шу боис, улар қуйидаги энг муҳим хусусияти билан аҳоли эътиборига тушган.

Арзон нархлар – тармоқлашган
тизим ютуғи

Мазкур дорихоналар, аввало, тармоқлашгани билан фарқ қилади. Хусусий дорихона эгаси биттадан 10 тагача, кўпи билан 100 тагача дорихонани бошқарса, ижтимоий дорихоналар тизимида бутун юртимиз бўйлаб тарқалган 2300 га яқин дорихона бошқарилади ва дорилар билан таъминланади. Масалан, хусусий дорихона эгаси битта доридан 10 дона сотиб олса, «Дори-дармон» акциядорлик компаниясига қарашли дорихоналарнинг ҳар бирига биттадан дори олинганида ҳам улар 2300 донага айланади ва бу орқали компания бозорда дори маҳсулотларини хусусийларга қараганда сезиларли арзон нархларда сотиб олишга эришади. Натижада, бу уларнинг маҳсулотларини бошқалардан арзонроқ сотиши учун ҳам имконият яратади. Шу боис, аксарият юртдошларимиз «Дори-дармон»га қарашли дорихоналарнинг арзонлигини яхши билади ва дорига муҳтож бўлганда, айниқса, нафақахўр ва кам таъминланган оила вакиллари, аввало, уларнинг эшигини қоқади. Масъулларнинг айтишича, тизимдаги 70 фоиз дорихоналар туманлар ва олис қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Айниқса, уларнинг аҳоли кам ҳудудларда зарарга (фойдага ишламаётган) бўлса-да, ўша ҳудуддаги юртдошларимизни тиббий жиҳатдан ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида фаолият юритаётгани таҳсинга лойиқ.

Дори турлари қачон кўпаяди?

– 2005 йилдан 2015 йилгача «Дори-дармон» компанияси дорихоналари арзон нархлардаги дорилари билан энг нуфузли дорихоналарга айланган эди. Аммо кейинчалик компания бошқарувига фармацевтика бўйича етарли билимга эга бўлмаган мутахассисларнинг раҳбарлик қилиши натижасида вазият тубдан ўзгариб кетди.

– Компанияга қарашли дорихоналаримиз банк­рот аҳволга келиб, 2020 йилдагина фойда билан чиқдик, – дейди «Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг «Ички фармацевтика назорати» бўлими бошлиғи Илҳом Халилов. – Ҳозирги пайтда бошқарув тизимида кадрлар янгиланиб, тизимда ижобий ўзгаришлар кўпаймоқда ва хизмат сифатини яхшилаш борасида изланяпмиз.

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида ижтимоий дорихоналарда дори турлари сезиларли камайиб кетди. Ҳар қанча арзон бўлишига қарамасдан харидор излаган дорисини тополмаса, кейинги сафар бу ерга киргиси келмайди. Аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар кам эмас, боз устига, пандемия шароитида халқимизнинг арзон ва сифатли дориларга талаби ҳар доимгидан ҳам юқори. Айнан ана шу мақсадларни кўзлаб ташкил этилган дорихоналар эса туман марказлари, қишлоқ ва олис ҳудудларда жойлашгани билан бирга зарур дориларнинг турини ҳам кўпайтиришга зарурат юқори. Масалан, дорихонада юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун 2800-3000 турдаги дори мавжуд бўлиши керак. Ижтимоий дорихоналарда эса ҳозирда бу кўрсаткич тахминан ўртача 2000 та. Дорихонага кирган одамлар аксарият ҳолларда сўраган дорисини тополмай чиқиб кетади. Масъуллардан бу ҳолатга изоҳ сўраганимизда, улар тармоқлашган тизим бўлгани боис дори турларини кўпайтириш учун жуда катта айланма маблағ зарурлиги, айни пайтда бу масала компания раҳбариятининг ҳам эътиборидаги энг муҳим вазифалардан бири эканини маълум қилишди.

Бундан ташқари, тизимда 24 соатлик дорихоналар сонини ҳам кўпайтириш зарур. Чунки асосий мақсади фақат фойда топиш бўлган хусусий дорихоналар аксарият ҳолларда кундузи ишлайди ва ҳаттоки шаҳар шароитида ҳам аҳоли кечаси узоқларга бориб дори қидиришига тўғри келади. «Дори-дармон» компаниясининг расмий сайтида эса пойтахтимиздаги 8 та дорихонагина 24 соат ишлаши кўрсатилган. Тармоқлашган дорихоналарда дори нархлари имкон қадар бир хил бўлиши ёки катта фарқ қилмаслиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо юртдошларимиз орасида айрим дориларнинг фарқ билан сотилаётганини мисол қилиб келтирганлар ҳам кўп. Демак, бу нарх тафовутлари борасида ҳам чоралар кўрилиши кераклигини англатади.

Рақобатчилар қандай фикрда?

Айрим хусусий дорихона эгаларига «Ижтимоий дорихоналар сизга қай даражада рақобатчи бўляпти?» деган савол берганимизда уларнинг аксарияти фармацевт Аслиддин Файзиевнинг ­қуйидаги фикрларини тасдиқлади: «Ижтимоий дорихоналарда аҳолига зарур дори турларининг камлиги боис, хусусий дорихоналарга кучсиз рақобатчи ҳисобланади. Уларга бу йил давлатдан 1 фоизли субсидия берилди. Аслида эса фармацевтика бозорида ҳаммага бирдек имтиёз берилиши керак!»

Албатта, бу баҳсли мавзу. Чунки агар кучли оғриқ қолдирувчи психотроп дорилар савдоси учун хусусийларга ҳам рухсат берилса, шундоқ ҳам бу борада энди назорат кучайиб, камайган ноқонуний савдолар яна авжига чиқиб кетиши мумкин. Қолаверса, хусусий дорихона эгасига чўл ва олис қишлоқ ҳудудида яшаётган 3000 ёки 4000 нафар аҳолиси бор қишлоқда дорихона очиш унчалик қизиқ эмас. Чунки у ерда фаолият кўрсатиш катта фойда келтирмайди. Ижтимоий дорихона эса ўзининг кўчма ва қишлоқ оилавий поликлиникалари қошида очилган ана шундай зарарига ишлаётган дорихоналарини ҳам шаҳардаги фойда келтираётган бошқа дорихоналари ҳисобига «сақлаб турибди». Масалан, Самарқанднинг Нуробод тумани марказидан 45 километр узоқда бўлган  Олға қишлоғи ёки Қўшработ тумани марказидан тахминан 60 километр узоқда бўлган Урганжи қишлоғидаги 3 минг нафар аҳоли ҳам битта оғриқ қолдирувчи ёки қон босимини туширувчи дори учун шунча узоқ масофани босиб, туман марказига қатнаши қанчалик адолатли?

Ижтимоий дорихоналар эса ана шундай ҳудудларда ҳам кам фойда кўраётган, айримлари зарарига ишлаётган бўлса-да, беминнат хизмат қилиб келмоқда. Шу боис, уларга давлат томонидан имтиёзли субсидия ажратилган. Аммо улар давлат томонидан берилаётган ушбу қайтарилувчи субсидиядан оқилона фойдаланиб, мавжуд камчиликларини бартараф эта олса ва айниқса, дори турларини кўпайтиришга эришиб, хусусийлар билан соғлом рақобат қила оладиган нуфузли тизимга айлана олсагина, чин маънода халқимизнинг ишончини оқлайди. Шундай экан, тизимдан фақат яхши янгиликлар, ислоҳотлар ва ўзгариш­лар кутиб қоламиз. Чунки халқимизга, айниқса, ­қишлоқ аҳолисига ижтимоий дорихона жуда керак!

Зебо Намозова,

Ishonch

2020 йил, 10 декабрь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Бугуннинг гапи

ҚУЁШ ЭНЕРГИЯСИ

ундан фойдаланишга нималар тўсиқ бўлмоқда?   

Шу кеча-кундузда хонадонларда кўп учраётган электр токи ва иссиқлик таъминотидаги узилишлардан аҳоли азият чекаётгани бор гап. Аммо мамлакатимизга аллақачон қуёшдан энергия олувчи панеллар кириб келган ва уларни ўрнатишдан қочилмаса, мазкур қурилмалар 15-20 йилгача самарали ва текин хизмат кўрсатиб, хонадонни узлуксиз иссиқлик ҳамда электр билан таъминлаши, шунингдек, оила даромадини яхшигина тежаши мумкинлигидан хабарингиз борми?  Хўш, бунинг учун нима қилмоқ, қаерга мурожаат қилмоқ керак? Уларнинг нарх-навоси, мослама ўрнатиш истагида бўлганлар учун имтиёзлар ва ноқулайликлар нимада? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

2020 йил давомида мамлакатимиз бўйлаб жами 107 та хонадон ва ташкилот ҳамда корхоналарда қуёшдан энергия олувчи электр панеллари, 396 та объектда эса қуёш сув иситгичлари ўрнатилган.  Умуман олганда, юртимизда бу тизим сўнгги икки йилда ривожланиб, унга аҳоли ва тадбиркорларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётир. Чунки у ўрнатиш бироз харажат талаб қиладиган, аммо бир ярим-икки йил ичида  сарфланган маб­лағларни қоплайдиган ва кейинчалик деярли текинга тушадиган самарали технологиядир. Кўпгина хорижий давлатлар, хусусан, Хитой ва Туркия­­да ҳам қуёш энергиясидан фойдаланиш ниҳоятда ривож топиб, ушбу мамлакатлар 2030 йилга қадар жами электр ва иссиқликнинг 90 фоизини қуёш энергияси ҳисобига ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Мамлакатимизда ҳозирда қуёш энергия­­си асосида олинаётган электр токи ишлаб чиқилаётган жами электрнинг  жуда кам миқдорини ташкил қилмоқда. Юртимиздаги шундай қурилмаларни ўрнатиш билан шуғулланаётган фирмалардан бирининг етакчи мутахассиси Диёржон Худойбердиевнинг маълумот беришича, энг арзон қуёш электр панеллари 150 Вт қувватга эга бўлиб, у 5-6 та хонани ёритиш ва битта телевизорнинг ишлашига ток етказиб беради. Шунинг­дек, кун бўйи қуёшдан олган энергияси ҳисобига қоронғу тушгач ҳам яна 8 соат давомида юқоридаги қувватда ишлай олади.  Нархи эса тахминан 3 млн. сўм атрофида. Агар уйнинг майдони катта бўлиб, иккита телевизор, битта совутгич, 10 та хона ва битта кондиционерни ишлатишга тўғри келса, унда 3 кВт.лик, кондиционер бўлмаган тақдирда эса 2 кВт.лик қурилма ҳам бемалол 5-6 кишилик бир оилага етади. 2 кВт.лик қурилманинг нархи тахминан ўрнатиш харажатлари билан 18 млн. сўмдан 30 млн. (ишлаб чиқарилган давлат маркасига қараб) сўмгача, 3 кВт.лиги эса 20 млн.дан 45 млн.гача тушади. Мазкур мосламалар мамлакатимизда ҳам 15 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланмоқда. Аммо эҳтиёт қисмларнинг асосий ­бўлаклари хориждан келтирилаётир.

– Чекка қишлоқ ҳудудларида асосан аҳоли битта телевизор ва 3-4та хонадаги электр чироғини ёқиб беришга қурби етадиган 150 Вт.лик панелларни ўрнатмоқда, катта хонадонлар ва кичик хусусий ташкилотларда эса 3-5-10 каби кВт.лик панеллар ўрнатилмоқда, – дейди Энергетика вазирлигининг «Энергия аудитини мувофиқлаштириш ва энергия  ресурсларини меъёрлаш» бўлими бошлиғи  Мирзоферуз Ниғматов. – Ушбу мосламаларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ қувватга тенг мослама ўрнатган тақдирда 10 йилга,  хонадон эгалари эса  уйига қуёш энергияси мосаламасини ўрнатган кундан бошлаб  ҳукуматнинг тегишли қарорига биноан 3 йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Бунда қуёш энергиясидан фойдаланаётган хонадон ёки ташкилот анъанавий  электр таъминотидан бутунлай узилган бўлиши даркор.

Қуёшли сув иситиш мосламалари эса бироз арзонроқ. Масалан, 5-6 кишилик хонадонга бир кунда ўртача 200 литр ­сувни иситиб берадиган мослама ўрнатиш мумкин. Мазкур қурилма фойдаланишга тайёр ҳолга келтириш харажатлари билан 4.600.000 минг сўмга тушиб, ҳажми каттароқларининг нархи ҳам шунга қараб ошиб бораверади. Иситиш мосламалари дастлаб яратилган йиллари сувни кундузи иситиб, кеч киргач ундаги исиган сув совуб қоларди. Эндиликда эса улар янада такомиллашиб, сиртки қисми махсус термослар билан  муқоваланмоқда. Натижада 70-80 градусда иситилган сув қуёш кириб кетгач, нари борса 7-8 гардусгача тушади холос.

Тадбиркорлар билан суҳбатлашганимизда, мазкур йўналишда ҳам ўзига хос муаммолар борлиги маълум бўлди. Масалан, 2019 йил 22 августда қабул қилинган 4422-сонли соҳага тегишли қарорда  қуёшдан энергия олувчи мосламаларни ўрнатган ташкилот ва хонадон эгаларига харажатнинг 30 фоизи, аммо 3 млн.дан ошмаган, қуёш сув иситгичларига эса 1.5 млн. сўмдан ортиқ бўлмаган ҳолда компенсация тўланиши кўрсатилган. Аммо шу пайтгача ҳеч кимга бу компенсациялар тўламаган. Энергетика вазирлиги мутахассисининг айтишича, айни пайтда шу йўналишдаги технологияларни жорий этишга махсус жамғарма ташкил этилаётган бўлиб, келгусида жамғармадан юқоридаги меъёрий ҳужжатда назарда тутилган компенсациялар тўлаб берилиши мумкин. Шу пайтгача эса компенсация тўлаш низоми ва тартиби бўлмагани боис бу тўловлар амалга оширилмай келинаётир.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, мамлакатимизда қуёшдан энергия олиш мосламаларини ўрнатишда ҳужжат ишлари  кўплигидан, уни ишга тушириш жараёни узоқ давом этиб, ҳатто ярим йилгача «югур-югур» қилишга, кўпгина ташкилотларнинг рухсатини олиш учун эшикма-эшик қатнашга тўғри келаркан. Ваҳоланки, хорижда бу 3-4 кунгина вақтни олади. Тадбиркорлар  мамлакатимизда қуёш  энергияси лойиҳаларини ривожлантириш, айни пайтда кузатилаётган мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун ушбу ҳужжатлаштириш ишларини соддалаштириш зарурлигини таъкидлашди. Ўйлаймизки, Энергетика вазирлиги бу таклифларни албатта инобатга олади. Чунки мавжуд ноқулайликлар қуёш энергиясидан фойдаланиш борасидаги ишлар жадаллашиб кетишига тўсиқ бўлиб турибди.

Зебо Намозова,

Ishonch

2020 йил, 3 декабрь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Таҳлил

Қишлоққа банкомат керак эмасми?

Ёдингизда бўлса, 2004 йилда илк пластик карточкалар муомалага чиқарилган эди. Ўшандан буён аҳолининг тўловларда электрон тизимдан фойдаланиши сезиларли ошди. Бу тизимнинг фойдаси бисёр. Аввало, вақтни, ортиқча ҳисоб-китоб ишларини тежайди. Олис масофаларни-да қисқартириб, бизга танишимиз ёки яқинимиздан дунёнинг исталган чеккасидан пул жўнатмасини қабул қилиш ёки юбора олиш имконини беради. Айниқса, яширин иқтисодиётнинг олдини олишда электрон тўлов тизимларининг йўлга қўйилгани, унинг ривожланиши катта аҳамиятга эга.

Аммо бу тизимга ўтиш мана неча йилдирки, «оғриқ»ларсиз кечмаяпти. 2015-2016 йилларгача ҳам одамлар карточкадаги пулини нақдлаштириш учун ўша маб­лағнинг15-20 фоизигача харажат қилишига тўғри келар ва бунда, айниқса, қишлоқ ҳудудидаги аҳоли анча-мунча азият чекарди. Эсимда, Самарқанд-Тошкент йўналишида қатнайдиган таксичи қўшнимизга теварак-­атрофдагилар пластик карточкасини олиб чиқиб берар, у эса Тошкентга келганида уларни банкоматлар ёки банкларда арзонроқ фоизга нақдлаштириб, яна эгаларига етказиб турарди. Албатта, бу юмуши учун қўшним ўз «улуши»ни ҳам оларди. Аммо бу улуш 15-20 фоизга нисбатан анча арзонроққа тушарди.

Ҳозирда 15-20 фоизга нақдлаштириш муаммосига барҳам берилди. Терминаллар, инфокиоскалар ва банкоматлар сони ошди. Марказий банк мутахассислари берган маълумотларга қараганда, мамлакатимизда 24 миллиондан зиёд пластик карточка очилган ва уларнинг 17 миллионга яқини фаол ишлайди. Аҳолига 6276 та банкомат, 438,386 та терминал хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари «QR-onlаyn» ва  NFC технологияси асосида ишлайдидан контактсиз, самарали ва қулай тўлов усуллари жорий этилмоқда.Аммо бу тизимга ўтиш мана неча йилдирки, «оғриқ»ларсиз кечмаяпти. 2015-2016 йилларгача ҳам одамлар карточкадаги пулини нақдлаштириш учун ўша маб­лағнинг15-20 фоизигача харажат қилишига тўғри келар ва бунда, айниқса, қишлоқ ҳудудидаги аҳоли анча-мунча азият чекарди. Эсимда, Самарқанд-Тошкент йўналишида қатнайдиган таксичи қўшнимизга теварак-­атрофдагилар пластик карточкасини олиб чиқиб берар, у эса Тошкентга келганида уларни банкоматлар ёки банкларда арзонроқ фоизга нақдлаштириб, яна эгаларига етказиб турарди. Албатта, бу юмуши учун қўшним ўз «улуши»ни ҳам оларди. Аммо бу улуш 15-20 фоизга нисбатан анча арзонроққа тушарди.

 Албатта, қилинган ишлар, амалга оширилаётган бу ўзгаришлардан одам хурсанд бўлади. Аммо, юқоридаги каби жуда кўп­лаб янгиликлар жорий этилаётганига қарамасдан, узоқ йиллардан буён пластик карточкасини нақдлаштириш илинжида овора бўлаётган, қиш­лоқ ­шароитида яшаётган юртдош­ларимиз ҳали-ҳамон овора-ю сарсон бўлиб юргани ҳам бор гап.

Мавзуни ўрганиш жараёнида турли соҳада хизмат қилаётган аҳоли, юртдошларимиз билан суҳбатлашганимизда, улар карточкадаги пулларини нақдлаштириш учун туман марказларига қатнаётганини айтишди. Натижада 10-15, 20-30 километр узоққа бориш нафақат ортиқча вақт ва оворагарчилик, балки ортиқча ­маблағ сарфланишига ҳам олиб келмоқда.

– Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани Илғор қиш­лоғида яшайман, – дейди касби педагог бўлган Фарида Каримова. – Қишлоғимиз туман марказидан 17 километр олисда. Ҳар сафар маош тушганида туман марказига бориш-келиш учун 8 минг сўм йўлкира сарфлайман. Шунда банкоматнинг бир фоиз улуш олиб қолиши ва йўлкира ҳисобига 1,5 миллион сўмлик маошимни нақдлаштиришга ҳар ой ўртача 23 минг сарфлайман. Бош­­қа ҳамкасбларим ҳам шундай. Баъзида шунча йўлдан борганимиз билан банкоматда пул тугаган бўлса, ортга қуруқ қайтамиз.

– Бизнинг Фозил Йўлдош номи билан аталувчи қиш­лоғимиз ҳудудида 8-9 та кичик қишлоқ бўлиб, 4 та маҳалла, 8 та мактаб, 2та МТТ жойлашган, – дейди Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги «Соҳибкор» МФЙ раиси Ҳикматилла Қозоқов. – Уларда 13 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли орасида ­педагоглар, тиббиёт ходимлари ва яна бошқа соҳаларда ишлайдиган юртдошларимиз кўп. Улар плас­тик карточка жорий этилганидан бери, пулини нақдлаштириш учун 15 километр узоқда жойлашган туман марказига қатнайди. Қишлоқ ҳудудидаги 20 га яқин дўконнинг атиги 5-6 тасидагина терминал бор. Аммо уларда нарх бозорга қараганда қимматроқ. Шу боис, аҳолида нақд пулга эҳтиёж катталигича қолмоқда. Телевизорда жойларда банк филиаллари ташкил этилаётгани ҳақида эшит­япмиз, аммо бу қишлоқларимизгача етиб келмаяпти. Агар чекка, бизники каби ҳудудларда ҳам кичик «Банк марказ»лари ташкил этилса, шу баҳонада банкоматлар бизларнинг ҳам мушкулларимизни осон қилармиди?! Ҳозирча эса банкоматлар туман марказларидан нарига ўтолмаяпти. Натижада аҳоли иссиқ ва аёзли кунларда ҳам ортиқча йўлкира сарфлаб, қимматли вақтини йўқотмоқда.

Банк ходимлари билан суҳбатлашганимизда, қишлоқ ҳудудларидаги айрим тадбиркорлар терминал ускунасини ишлатмаслик пайида бўлаётгани ҳам аҳолининг нақд пулга эҳтиёжи ортишига олиб келаётгани, агар юртдошларимиз бундай ҳолатга дуч келса, Солиқ қўмитасининг 244-98-98 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиши лозимлиги, бунда «Солиқ кодекси»га асосан, харидорга 5 миллион миқдорда жарима ундириб берилиши мумкинлигини айтишди. Яна шуни ҳам маълумот ўрнида айтишдики, битта энг арзон банкомат тахминан 16 минг АҚШ доллари туради. Унинг кунлик ишлашини таъминлаш учун мунтазам интернет ва электр токи зарур бўлиб, банкоматда пул тугаганида унга яна маблағ олиб келиш учун йўл харажатлари, кечки пайт кимдир бузиб қўймаслиги ёки шикаст етказмаслиги учун ҳам қўриқлаш харажатларини амалга ошириш лозим экан. Шу боис, қишлоқларда банкомат ўрнатиш муаммо ва кўп харажатли ишга айланаркан.

Бу фикрларни тинглаб, ўйланиб қолдик. Албатта, юқоридаги харажатларни ташкил этиш осон эмас, аммо ҳудудлардаги аҳолининг йиллаб оворагарчиликда юрганидан кўра, банкларнинг аста-секин ва узоқроқ муддатда бўлса ҳам харажатларини чиқариб олгани мақбул йўл эмасми? Зеро, ислоҳотлар барчага бирдек хизмат қилсагина чинакам ислоҳот сифатида эътироф этилишга лойиқ. Акс ҳолда, улар қишлоқларда яшаётган 65 фоиз аҳолининг наздида қуруқ гап ва «Кўрмоқ бор-у, емоқ йўқ» қабилидаги иш бўлиб қолаверади.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch

2020 йил, 26 ноябрь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Шахсий фикр

Келажак дарахтига БОЛТА УРИЛМАСИН!

ёхуд шишага сотилаётган умрлар

Азамат акани қишлоқда ҳамма яхши танийди. Тўрт нафар фарзанди, гулдек оиласи бор. Қўли гул инсон: ҳали деҳқончилик қилади, ҳали қишлоқ аҳлининг уй қуриш, том ёпишида бош-қош…

Аммо уни ёш-у қарига отнинг қашқасидек танитган бу сифатлар эмас. Аксинча, ичкилик балоси. Ичмаса, бинойидек одам. Аммо ичиб олса, ундан дилозорини тополмайсиз. Баъзида бирга ишлаган уста жўралари билан «сан-ман»га борса, кейинги гал тенгдош улфатлари билан ёқа йиртишиб келади. Шунинг учун уни маст ҳолда кўрган борки, иложи борича қочиб қолиш пайида бўлади.

Мамлакатимизда аҳвол қандай?

Яқинда Азамат ака оғир дард – жигар циррозига чалинибди. Ичмаётган эмиш. Кўргани борган дўст-у қадрдонларига «Ароқ мени адо қилди, соғлиғимдан айрилдим, сенларга бу дарс бўлсин. Вақтида кўзларингни очинглар!» деб маслаҳат қилаётган экан. Эҳ, Азамат ака, Азамат ака… шу хулосага келиш, ичкиликнинг «оқибати»ни ҳис қилиш учун азиз неъмат – соғлиғингиздан айрилиш шартмиди? Наҳотки, ота-онангизнинг жавдираши, фарзандларингизнинг «Дадажон, ичманг», дея мунг­­ли ёлворишлари юрагингизга етиб бормади?

Юртимиз Марказий Осиё халқлари орасида ичкиликка ружу қўйган давлатлар қаторида тилга олинмайди. Аммо Республика наркология диспансери мутахассислари шу йилнинг ўтган даври мобайнида аҳолининг спиртли ичимликларга мубталолиги тахминан 2-3 фоизга ошганини таъкидлашди. Транспорт воситалари бошқарувида ҳам спиртли ичимликларнинг таъсир кучи анчайин катта: шу йилнинг январь-август ойларида пандемия туфайли ҳаракат камайганига қарамасдан, 12 минг нафар ҳайдовчи спиртли ичимлик ичган ҳолда рулга ўтиргани аниқланган, уларнинг 1500 нафари тўқнашув ва ҳалокатларга дучор бўлган. Жиноятлар кесимида қарасак, шу йилнинг беш ойи давомида ўтган йилга нисбатан 41 фоиз (5100 та)  кўп­ жиноят содир этилган (17271 та) ва у ўлим билан боғлиқ ўта оғир жиноятларнинг аксарияти ичкилик туфайли содир бўлган.

Алкоголь маҳсулотлари истеъмолининг ошиши сабабларини нарколог мутахассислар одамларнинг пандемия шароитида ишсиз қолиши, узоқ вақт кўчага чиқмагани, дўсту биродарлари билан кўришиб, кўнгличоғлик қилмагани, дам олиш ҳудудларида бўлмагани, оилавий келишмовчилик­лар оқибати сифатида изоҳлайди. Кошки эди, «Майли, пандемия даври ҳам ўткинчи ҳолат, насиб бўлса, вирус балосидан қутулсак, ҳаммаси ўз изига тушиб кетади» деган хулосани айтсагу, кейинчалик янглишмаган бўлиб чиқсак… Аммо мамлакатимизда қабул қилинаётган шу йўналишдаги меъёрий ҳужжатлар мазмуни билан танишгач, хулоса қилишга шошилмаслик кераклигини тушуниб етдик. Очиқроқ айтсак, сўнгги йилларда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмунидан «маънавият», «ёшлар», «келажагимиз» деб қайғуришларимиз бир томону, алкоголь ва шароб маҳсулотлари савдосини ривожлантириш борасидаги амалий ишларимиз бир томон эканига амин бўлдик.

СОТИШ ҳуқуқи ва чеклов

Олдинги тартибга  асосан алкоголь сотиш билан шуғулланувчи дўконлар ўқув, мактабгача ва диний муассасалардан камида 500 метр радиус узоқликда бўлиши белгиланган бўлса-да, кейинчалик бунга ўзгартириш киритилиб, бундай дўконлар мактаб-боғча, диний ташкилотлар ва спорт масканларидан тўғри чизиқ бўйлаб 200 метрдан кам бўлмаган масофа узоқликда жойлашиши қайд этилган. Натижада мактаб ва ароқ дўконлари орасидаги масофа қарийб 300 метр­­га қисқарган. Албатта, 20 ёшга тўлмаган мактаб ўқувчиларига алкоголь маҳсулотлари сотилмаслиги табиий. Аммо бу ерда бизни кўпроқ хавотирга соладигани ўқувчилар эмас, балки алкоголь билан савдо қилувчи дўконларнинг кўпайишига шароит кенгайтирилаётганидир. Шу йилнинг 1 августидан бошлаб алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига  алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳнома чекланмаган муддатга берила бошлангани бунинг исботи.

Бунинг устига, меҳмонхоналар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига савдо залининг ички қисми ҳамда маҳсулотларни намойиш ва дегустация қилиш жойлари, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи кўрсатилган ҳолда ишлаб чиқарувчи ва савдо корхоналарининг расмий веб-сайтлари, темирйўл ва ҳаво транспорти воситалари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида маҳаллий кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари ­рекламасини маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан 07:00 гача намойиш қилишга рухсат берилди.

Балки бу иқтисодиёт ривожи учун керакдир?.. Аммо тарозининг кейинги палласи ёки танганинг иккинчи томонида ёшлар, келажагимиз, аҳолининг соғлом турмуш тарзи, оилаларнинг тинчлиги ва хотиржамлиги, жиноятлар келиб чиқиши ва кўпайиши эҳтимоли билан боғлиқ муҳим масалалар ҳам турганидан наҳотки кўз юмиш мумкин бўлса? Бу орқали жамиятимизнинг тинчлигини асрашдек улуғ мақсад ҳамда ниятларимиз билан амалларимиз ўртасида номутаносиб­лик келиб чиқмаяптими?

Ўз-ўзидан маълумки, соҳа ривожи йўлидаги бундай «чоралар» экспорт орқали иқтисодиётимизга фойда келтириши билан бирга, қишлоғ-у шаҳарларимизда спиртли ичимлик дўконлари сонининг ошишига, у ерга кирувчи юртдошларимиз, сотилаётган ва истеъмол қилинаётган ароғу шароблар миқдорининг кўпайишига олиб келади. Шундан кейин ҳам оилавий ажримлар, жиноятлар, йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ салбий статистика кўрсаткичининг камайишига умид қилиб кўринг-чи?..

Хуллас, аввало миллий генофондимизни ўйлашимиз, миллатимиз келажагини «Балолар онаси» ҳисобланган шароб ва майга, алкоголга алишмаслигимиз керак. Зеро, биз учун миллатимиз ва авлодларимиз саломатлиги ҳар қандай бойликдан қимматлироқдир. Маънавият ва маърифат кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотлар шундай пайтда томошабин бўлиб турмай, жараёнга ўз муносабатини билдирса, бу каби йўналишдаги ишлар тўғри ўзанга бурилишига ҳам таъсир ўтказиши шубҳасиз.

Мавзуга доир маълумот:

Статистикда қайд этилишича, ҳар йили дунёда ўртача ҳисобда ўлим ҳолатларининг ­4 фоизи (2,5 миллион аҳоли) спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш натижасида содир бўлса, цирроз билан хасталанган ҳар 100 нафар одамнинг 13-15 нафарини алкоголиклар ташкил этади. Муттасил ичкиликдан жабр чекиб, даволаниш учун диспансерларга мурожаат қилувчиларнинг 6 фоизи бутунлай тузалиб кетса, қолганлари 3-6 ой, 1-2 йилдан кейин яна шифо истаб мурожаат қилишга мажбур. Дунё аҳолисининг 48 фоизи ҳеч қачон спиртли ичимликлар ичмайди. Кейинги йилларда  ичувчи эркакларга қиёсан олганда аёл ичувчилар сони ҳам сезиларли ошиб бормоқда. Бу борадаги кўрсаткич нисбати –10/7.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch

2020 йил, 24 октябрь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

 

Оғриқ тишлар…

НАЗОРАТЧИ УЧУН НАЗОРАТЧИ КЕРАКМИ?

ёхуд «СOVID» дори тўпламларини етказишдаги шаффофлик хусусида

Кўпчилик коронавирусга чалинаётгани, синов ҳеч кимни аяб ўтирмаётганини кўриб турибмиз. Кечаётган жараёнларда тиббиёт ходимларининг фидойилиги, жонкуярлигига ҳам амин бўляпмиз. Шу билан бирга, барча жабҳаларда ҳам оғриқли, нозик жиҳатларимиз билиниб қолди. Хусусан, ўтган давр давомида халқимиз учун оғир дамларда ўзларига берилган мусъулиятли лавозимдан фойдаланиб қолиш илинжида бўлган «нафс қуллари», ўзганинг дардини ҳис этмас «тош юрак»лар ҳам кўплигига гувоҳ бўлдик.

Вазият жамоатчилик назоратини кучайтириш, масъулаларнинг халқ олдида ҳисобдорлик туйғусини ошириш лозимлигини кўрсатмоқда. Зеро, бугун давлат бюджетидан ковидга чалинган беморлар учун алоҳида «ўрин»лар – тиббий хизматдан тортиб, дори-дармон-у иссиқ овқатгача ажратилаётган бўлиши билан бирга, уйда даволанаётганлар учун дори тўпламлари, касалланганлар билан мулоқотда бўлганлар учун эса яна алоҳида зарур дори воситалари ҳам ажратилмоқдаки, уларнинг ўз эгаларига етиб боришида холислик ва шаффофлик, инсоф ҳамда диёнат деган тушунчалар ниҳоятда муҳим рол ўйнамоқда.

Бундай деётганимиз бежиз эмас. Ўзингизга ҳам маълум, шу кунларда COVID касаллигини оғир ўтказаётганлар билан бирга, енгил ўтказаётгани боис уйида даволанаётганлар ҳам кўп. Пойтахтимиздаги бир гуруҳ уйда даволанган юртдошларимиз билан боғланиб мулоқот қилганимизда, йўтал ва иситма кузатилганини, айримлари эса аҳволи яхшиланиб, тузалган бўлишига қарамай ҳолсизлик йўқолиб кетмаётганини таъкидлашди. Шифокорларнинг айтишича, касаллик билан асло ҳазиллашиб бўлмайди. «Енгил ўтаяпти» деб бепарво бўлиш, дориларни ўз вақтида ичмаслик, ҳаттоки бир-икки кунлик муолажада кечикиш ҳам ўпканинг ҳолатини сезларли даражада оғирлаштириб юборади. Шундай экан, оилавий поликлиникаларда ковидга чалинган ва улар билан мулоқотда бўлганлар учун ажратилаёган дори ҳамда дори тўпламлари нечоғли ўз «эга»ларига етказилмоқда?

Масалага аниқлик киритиш мақсадида Миробод туманидаги 2-оилавий поликлиникада бўлдик. Поликлиника 49 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Шу пайтга қадар ҳудудда 700 га яқин коронавирус касаллиги аниқланиб, ҳар куни 12-15 нафар фуқарога вирус юққани расман тасдиқланмоқда. Гумондорлар эса икки уч баробар кўп. Бош шифокор Муқаддас Олимованинг айтишича, шу пайтгача беморларга тарқатиладиган махсус дори тўпламлари ҳудуддаги 700 га яқин вирус расман тасдиқланган фуқаролар ва 3300 нафар гумондорларга берилган. Гумондорлар кундузи шифокор ҳузурига шикоят билан келган, унда коронавирус белгилари кузатилаётгани тасдиқланган ёки иситмаси чиқиб, йўталиб уйига тез ёрдам чақирган беморлар рўйхати асосида шакллантирилаётган экан. Чақириқлар учун алоҳида «Сaal markaz» ва навбатчилик гуруҳи ташкил этилган. Биз ўша кунги сана – 13 октябрда қанча беморда ковид расман тасдиқлангани, қанча аҳоли эса гумонланувчи бўлгани ҳақидаги маълумот билан қизиқдик. Шу куни 11 нафар фуқарода ковид расман тасдиқланган ва 31 нафар фуқаро гумонланувчи сифатида қайд этилган. Аммо улар орасида ҳеч ким касалхонага ётқизилмаган, барча уйида даволанмоқда экан. Шундай бўлгач, уларга энг муҳим таянч кучи поликлиникадан берилувчи дори тўпламлари ва шифокорларнинг маслаҳатларидир.
Бундай деётганимиз бежиз эмас. Ўзингизга ҳам маълум, шу кунларда COVID касаллигини оғир ўтказаётганлар билан бирга, енгил ўтказаётгани боис уйида даволанаётганлар ҳам кўп. Пойтахтимиздаги бир гуруҳ уйда даволанган юртдошларимиз билан боғланиб мулоқот қилганимизда, йўтал ва иситма кузатилганини, айримлари эса аҳволи яхшиланиб, тузалган бўлишига қарамай ҳолсизлик йўқолиб кетмаётганини таъкидлашди. Шифокорларнинг айтишича, касаллик билан асло ҳазиллашиб бўлмайди. «Енгил ўтаяпти» деб бепарво бўлиш, дориларни ўз вақтида ичмаслик, ҳаттоки бир-икки кунлик муолажада кечикиш ҳам ўпканинг ҳолатини сезларли даражада оғирлаштириб юборади. Шундай экан, оилавий поликлиникаларда ковидга чалинган ва улар билан мулоқотда бўлганлар учун ажратилаёган дори ҳамда дори тўпламлари нечоғли ўз «эга»ларига етказилмоқда?

Шу боис, биз касаллик аниқланганлар ва гумондорлар сафига кирган юртдошларимиз билан боғланиб, уларнинг ҳақиқатдан ҳам дори тўплами олгани ҳолатига аниқлик киритмоқчи бўлдик. Чунки поликлиника маъмурияти ҳар куни дори тўпламлари ўз вақтида етказилаётганини, ҳатто фуқаролар «Ковидга чалинганлар», «Мулоқотда бўлганлар» ва «Оиласидагилар» туркумига ажратилиб, алоҳида дафтарга рўйхатга олиниб, ўз вақтида белгиланган дорилар билан таъминланаётганини билдирган эди. Аммо 13 октябрь куни дори тўпламлари тугаб қолибди. Шу куни аниқланган беморлар ва гумонланувчиларнинг ҳам рўйхати йўқ, ҳаттоки уларга дорилар ҳам етказилмабди. Вазиятга изоҳ берар экан, поликлиника бош шифокори ҳам, телефон орқали биз билан гаплашган бош шифокорнинг ковид бўйича масъул ўринбосари ҳам эртага туман соғлиқни сақлаш бўлимидан яна дори тўплами берилиши режалаштирилаётганини, ўшанда беморларга ҳам гумонланувчиларга ҳам дорилар етказилишини таъкидлади.

Негадир ҳозиргина «ҳаммаси жойида», «ўз вақтида дори тўпламлари бериляпти, ҳатто касалликка чалинганлардан кўра гумондорлар кўп чиқяпти» мазмунида сўзлаб турган шифокорларнинг гаплари бугунги вазиятга келганда тескари чиққани, яъни дори ­тўпламлари берилмагани бизни ажаблантирди. 8 октябрь куни муассасада 20 та дори тўплами бўлган ва яна туман ССБдан 200 та тўплам келтирилган. 220 та тўплам беш кун давомида беморлар ва гумонланувчиларга тарқатилган. Ёш болалар ва 18 ёшга тўлмаганларга берилмаган. Хуллас, бош ҳамшира билан қоралама дафтардаги қайдларни ҳисоблаганимизда, 220 та дори тўпламининг барчаси тарқатилмагани, омборда ортиқча бўлиши лозим бўлган рақамлар келиб чиқди. Аммо қарангки, мен адашиб бошқа маълумотни ҳисоблаган эканман, у ердаги бошқа катакда дори тугагани қайд этилган экан. Аммо адашишимиз бежизга бўлмабди. (Аслида қайд дафтарида рақамлар кўплигидан биз адашиб «тана ҳарорати кўтарилган беморлар сони»ни ҳисоблаган эканмиз, аслида у ердаги бошқа катакда дорилар тугагани белгиси ёзилган экан.) «Дори тўпламларининг барчаси тарқатилмаган-ку, улар қани?» деган саволни кўндаланг қўйганимиздан сўнг масъуллар поликлиника омборхонасида сақланиб турган 89 та дори тўплами ва тахминан 50-60 дан ошиқ қадоқдаги «Цинк» витаминларини кўрсатишди. ­«Омборда шунча дори бўла туриб, нега бугунги беморларга берилмади, ковидга чалинган бемор ҳаётида бир кун ҳам муҳим рол ўйнайди-ку?» деган саволимизга эса шифокорлар аниқ ва жўяли жавоб бериш ўрнига «бу гумондорларга эди», дея олишди, холос.

Қизиқ, нега ковид аниқланган дорига муҳтож бемор бир ёқда қолиб, гумондорларга дори тарқатилиши керак? Нима учун ­омборхонада дорилар мавжуд бўла туриб, улар шу куни аниқланган ковид беморларига берилмаган? Биз муассасага борганимизда соат кечки 17 лар эди. Шунга қарамай кун давомида вирус тасдиқланган ва гумонланганлар рўйхатини топиб беришолмади. Қайд дафтарида ҳам охирги кунлик маълумот 12 октябрда турган экан.

Бу бемор юртдошларимизга бўлган инсонийлик муносабатими ёки шифокорларнинг ғамхўрлиги намунаси? Балки сирли «ўйинлар» шарпасидир? Шундай ўйлар билан кейинги куни ҳам мавзуни ўргандик. Поликлиника маъмурияти касалликка чалинганлар исми-шарифини беришни истамаса-да, ковидга чалинган ва улар билан мулоқотда бўлганлар сафида октябрнинг биринчи 10 кунлигидаги санада рўйхатда турган юртдошларимиз билан телефонда гаплашишга муваффақ бўлдик. Баъзилар дори тўплами олган бўлса, бошқалар олмаган бўлиб чиқди. Энг ажабланарлиси, айрим юртдошларимиз «ковидга чалинган бемор билан мулоқотда бўлган» ёки «ковидга чалинган бемор билан бирга яшайдиганлар» рўйхатига киритилиб, гўёки уларга дори тарқатилган. Амалда эса уларнинг ўзи бу ҳақда ҳеч нарса билмайди, ҳаттоки дори ҳам олмаган.

Кичик ўрганишларимиздан шундай хулосага келдикки, тизимда ковидни даволашга мўлжалланган дориларни тарқатиш, уларни ҳақиқий эгаларига етказиш механизми талабга жавоб бермайди. Ҳужжатларни сохталаштириш, «тугади» деб давлат бюджетидан яна ортиқча дори-дармонларни қабул қилиб олиш ҳолатлари мавжуд. Агар 13 октябрь куни омбордаги дорилар беморларга тарқатилмасдан, расман «тугади» деб эълон қилинган бўлса, 14 октябрь куни поликлиникага соғлиқни сақлаш бошқармасидан яна шундай дорилар келтирилган. Энди эса ўз-ўзидан савол туғилади: Унгача омборда мавжуд бўлган, аммо расман «тугади» деб эълон қилинган ва беморларга етказилмаган бир кун олдинги 89 та тўпламнинг тақдири нима бўлган экан? Бизга буниси қоронғу, чунки поликлиника маъмурияти бу ҳақда батафсил маълумот беришни истамади. Аммо шу пайтгача ўрганишларимиз асосида тўпланган маълумотлар ҳам дори ­тўпламлари етказилишида шаффофлик йўқлигини англаб етиш учун етарли бўлди.

Хуллас, биз гувоҳ бўлган ишлар ортида қандайдир ёқимсиз нохолисликлар, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби қинғир ишларнинг ҳиди келиб турибди. Шу боис, тизимда дори тўпламларининг ­кейинги тақдири зудлик билан жиддий назоратга олиниши, ортиқча харажатларга чек қўйилиши, халқимизнинг пешона тери эвазига келган давлатга тегишли дори-дармон воситалари усулларда йўқ бўлиб кетмаслиги, беморларга ва ҳақиқатдан касаллик белгиси кузатилаётган юртдошларимизга ўз вақтида етказилиши лозим.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch

2020 йил, 20 октябрь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Таҳлил

АВТОҲАЛОКАТЛАР «ПАНДЕМИЯСИ»

муаммо сабаблари ва ечим таклифлари

Ҳар куни ижтимоий тармоқлар ёки телевидение орқали истасак-истамасак йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Очиғи, инсон сифатида ушбу хабарлардан юрагим увушади. Ёш болаларнинг автоҳалокатда кўз юмгани ҳақида ўқиганимда эса она сифатида юрагим ларзага келади.

Нохуш хабарлар

Тошкент транспорт университети мутахассислари берган маълумотга кўра, юртимизда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 2017 йилда 1989, 2018 йилда 1396 тани ташкил этган. Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2017 йилда 218 нафар бола ҳалок бўлган бўлса, 1293 нафар бола турли даражада жароҳат олган. Аянчлиси, 2018 йилда болалар иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси бир йил олдингига нисбатан 593 тага камайган бўлишига қарамай, ҳалок бўлганлар сони 10 фоизга кўпайиб, 218 нафар мурғак ҳаёт билан видолашган.

Умумий кўрсаткичлар шу йилнинг ўтган ойи давомида COVID-19 дан 500 га яқин, йўл-транспорт ҳодисасида 8 ой давомида (пандемия туфайли анча пайт ҳаракат тўхталганини ҳам эътиборга олинг!) 991 нафар юртдошимиз (болалар билан биргаликда) ҳалок бўлганини кўрсатади. Жанубий Кореяда аҳоли сони биздан деярли икки баробар (51 миллион 665 минг нафар) кўп бўлишига қарамай 2000 йилда 588, 2012 йилда 83 нафар фуқаро йўл- транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган. Буюк Британия ва Швецияда эса бир йилда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 2,8-2,9 нафар ҳалок бўлганлар тўғри келади. Мазкур қиёсдан ҳам мамлакатимизда вазиятнинг қанчалик салбийлигини билишимиз мумкин. Хўш, бизда кўрсаткичлар нега бу қадар юқори?

Пиёдалар ҳам хавфдан холи эмас

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 1-7 ёшгача болалар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар маҳаллаларнинг ички йўлларида ҳайдовчиларнинг эҳтиётсизлиги, болалар қаровсизлиги, пиёдалар учун ўтиш жойларининг тартибга солинмагани оқибатида юзага келган.

Соҳага оид статистик маълумотлар таҳлили билан танишганимизда 1-7 ёшга нисбатан 8-15 ёшли болалар ўртасида транспорт воситалари билан боғлиқ бахт­сиз ҳодисалар кўпроқ содир бўлиши маълум бўлди. Бунинг сабаби шуки, 1-7 ёшгача бўлган болалар кўпинча ота-оналари назоратида мактаб ва боғчалар, ўйин майдонларига боришади. 8-15 ёшлилар эса кўча ва маҳаллаларда, мактабга бориш ва келишда мустақил ҳаракатланади. Бу жараёнда уларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича зарур билимга эга бўлмагани, ҳайдовчилар маданиятининг етарли эмаслиги, мактаб атрофидаги ҳудудларда пиёдалар хавфсизлиги яхши таъминланмагани каби ҳолатлар панд беради.

Масалан, пойтахтимиздаги таълим ­масканлари атрофи эрталаб хавфли ҳудуд­­га айланиб кетишини кўпчилигимиз яхши биламиз. Аксарият ота-оналар фарзандларини «яхши» мактабда ўқитиш илинжида уйига яқин бўлмаган мактаб­ларга «ташийди», аксарияти эса ишга кетиш олдидан фарзандларини автомашинада элтиб қўяди. Натижада энг хавфсиз ҳудуд бўлиши керак бўлган таълим маскани атрофи машиналар билан тўлиб-тошади. Жанубий Корея ва Европа давлатларида боғча-мактаб ҳудудларидан 300 метр радиус атрофида 30 километр тезлик белгиланган. Ўқувчилар мактаб автобусларида келгани боис йўлакларда шахсий автомашиналар тирбандлиги кузатилмайди. Пиё­­да ва ўқувчилар учун хавфсизлик тўлиқ таъминлангани учун бу ерларда бахтсиз ҳодисалар рўй бермайди.

Бўёғи кўчган чизиқлар

Пойтахтимиз йирик мегаполислардан бирига айланди. Бу шаҳар ичкарисидаги йўлларда тез-тез тирбандликлар юзага келаётгани, автомашиналар сони ошганида ҳам сезилади. Натижада ўз-ўзидан пиёдалар учун ҳам ҳаракат мураккаблашмоқда. Бунинг устига шаҳардаги айрим пиёдалар ўтиш жойларидаги махсус чизиқлар ўчиб кетган ёки йўл четига осилган пиёдалар йўлаги борлиги ҳақида огоҳлантирувчи белгиларни дарахт шохлари бекитиб қўйган. Оқибатда айрим ҳайдовчилар уларга эътиборсиз бўлиб, авария ҳолатлари келиб чиқмоқда. Агар махсус чизиқлар ёрқин ранг билан ажралиб турса, ҳар қандай ҳайдовчининг зийраклиги ошади. Бироқ шаҳар кўчаларини кузатар эканмиз, аллақачон ўчиб кетган, таъмирга муҳтож махсус чизиқлар кўплигига гувоҳ бўлдик.

Тошкент давлат транспорт университети доценти Моҳира Усмонованинг таъкидлашича, шаҳар ичида қурилаётган замонавий кўприк ва йўлўтказгичлар пиёдалар учун ноқулай ва ҳаракат учун хавфли.

Шу йилнинг 24 август куни Юнусобод туманидаги кўчаларнинг бирида тартибга солинмаган пиёдалар йўлагидан онасининг қўлидан ушлаб ўтаётган 2 ёшли бола ва унинг онасини автомашина уриб кетди. Она қаттиқ жароҳатланди, бола эса ҳалок бўлди. Боланинг отаси Евгений Чеховский ҳалокат бўлган жойда махсус чизиқлар ўчиб кетгани, светофор ҳам йўқлигини, эҳтимол, йўл белгилари талаб даражасида бўлганида фарзанди билан боғлиқ фалокат рўй бермаслиги мумкинлигини таъкидлайди. Жабрдийда бошқалар ҳам бундай фалокатга учрамаслиги учун ўз ташаббуси билан «Ўзавтойўлбелги» ДУК билан боғланиб, ўша жойдаги йўл белгиларини тузатиб, махсус чизиқларни бўяган. Аммо унгача ҳеч ким ҳалокат бўлган жойдаги вазиятни ўрганмаган. Наҳотки, «Авто­йўлбелги» ДУКга шунча фалокатлар «сигнали» ташкилот ҳаракати сустлигини, «уйғониш» кераклигини англатмаётган бўлса!?

Ҳайдовчиларни ким тайёрлаяпти?

– Йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этишда бош иштирокчи ҳайдовчи ва йўловчидир, – дейди М.Усмонова. – Аммо мамлакатимизда ҳайдовчилар ва пиёдалар маданияти қониқарсиз. Шахсан мен хусусий ҳайдовчиликка ўқитиш курсларида таълим сифатини назорат қилиш механизмини кучайтириш, иложи бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ёшини 18 эмас, 20-22 ёш қилиб белгилаш тарафдориман. Бунинг боиси менталитетимизда хусусий ўқитиш курсларида «таниш-билишчилик», бир-икки соат дарс қолдириш ҳолатларидан кўз юмиш каби салбий иллатлар тез-тез учрайди. Қолаверса, босар-тусарини билмайдиган ҳайдовчилар ҳам етарли. Масалан, ўтган 8 ой давомида маст ҳолда автомобилни бошқараётган 12 минг нафар фуқаро аниқланган. Улар иштирокида 1500 ҳолатда автоҳалокат содир этилган. Яқинда ижтимоий тармоқларда «Олмалиқ шаҳар ҳокими  (эндиликда собиқ)нинг ўғли» деб айтилган ёш йигитнинг автомашинада 150 километр соат тезликда шаҳар кўчаларида юрган видеоси тарқалиб кетди. Бу ҳол ҳайдовчилик маданиятига бўлган энг хунук муносабатнинг намойишидир. Аслида бундай оила фарзандлари ҳар жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?

Шу маънода ҳайдовчиликка ўқитиш курсларига 8 соат маънавият ва психология дарслари киритилгани айни муддао бўлди. Аммо бу етарли эмас. Тизимдаги ишларни янада ривожлантириш учун йўл-транспорт ҳодисаси камайишидан манфаатдор ташкилотлар биргаликда иш юритиши лозим. Чунки кун сайин ҳаракат, қатнов ва аҳоли сони ошиб бормоқда. Бундай муаммоларга тўғри ечим топиш учун хорижнинг илғор таж­рибаларини амалиётга жорий этиш зарур.

Интеграция йўқ

Мавзуни ўрганиш, кўчаларни кузатиш давомида яна бир оғриқли масала борлигига амин бўлдик. Шаҳарларда тезкорлик билан янги қурилишлар амалга оширилиб, очиқ ер майдонлари кун сайин тиғизлашиб бормоқда. Бирор ташкилотга зарурат юзасидан келувчилар ёки ходимлар автомашиналарини қўйиш учун автотураргоҳлар етарли эмаслиги сабабли кўчаларнинг бир қисми норасмий автотураргоҳ вазифасини ўтамоқда. Бу йўлларни янада торайтириб, турли кўнгилсизликлар ва автоҳалокатларга сабаб бўлмоқда. Одатда бундай ноқулайликлар юзага келмаслиги қурилаётган бинолар, мавжуд ташкилотлар сони ҳисобга олиниб, автотураргоҳлар масаласи ҳал қилиниши лозим. Бунинг учун аввало шаҳарсозлик, маҳаллий бошқарув ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ўртасида ўзаро алоқа йўлга қўйилган бўлиши керак. Аммо мавжуд муаммолардан кўриниб турибдики, тизимда интеграция мавжуд эмас. Бу эса ҳаракатланишда пиёда ва ҳайдовчилар учун турли ноқулайликларни юзага келтирмоқда.

Жамоат ташкилотларига эҳтиёж бор

Европа давлатлари ва Жанубий Корея­нинг йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу давлатларда йўл ҳаракатини яхшилашга ҳисса қўшувчи кўнгилли жамиятлар, болалар таълим ҳудудларини алоҳида назоратга олувчи «яшил гуруҳ»лар каби турли жамоат ташкилотлари фаолият юритади. Ирландия ва Буюк Британияда йўл транспорт ҳодисасига учраганлар ва уларнинг оиласи учун турли даражада ёрдам кўрсатиш хизматлари мавжуд. Улар мунтазам равишда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйи­­ча семинар ва тренинглар, мактабларда ёшлар билан учрашувлар ўтказади. Қолаверса, шу йўналишдаги илмий ишларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Энг муҳими, мазкур жамоат ташкилотлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга назоратчи ва бошқарув ташкилотларнинг ҳаракати етарли эмаслигини яхши тушунади. Шу сабабли содир этилган ҳалокатлар таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиши ўрганилади ва сабаблари бартараф этилади. Масалан, йўлларга янги инновацион ечимлар жорий этилади. Бундан келиб чиқадики, мамлакатимизда ҳам шу каби илғор хориж тажрибаларини қўллаш, ҳаракат хавфсизлиги йўналишидаги ишларга ёрдамлашувчи жамоат ташкилотларига катта эҳтиёж бор.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch

2020 йил, 15 октябрь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Аёл дарди – жамиятники ҳамдир

Ишли бўлганингиз ростми?

Барча мамлакатлар учун энг оғриқли масала – ишсизликдир. Аксарият кўнгилсизликлар ва жиноятлар ортида муқим бир меҳнат фаолияти билан машғул бўлмаслик ва бекорчилик ётади. Шу боис, Президентимиз маъруза ва чиқишларида аҳолига янги иш ўринлари яратиш зарурати ҳақида кўп гапиради, битта иш ўрни яратган тадбиркорни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдиради. Бу бекорга эмас.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси қошида ташкил этилган 1211 – Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш бўйи­­ча «Ишонч телефони»га бандлик масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилаётган опа-сингилларимиз талайгина. Мурожаатлар сони мавзу ва йўналишлар бўйи­­ча таҳлил қилинганда, бандликни таъминлаш ва ишдаги муаммоли ҳолатлар юзасидан бўлаётган қўнғироқлар уй-жой, ижтимоий масалалар ва карантин муносабати билан ёрдам кўрсатишдан кейинги тўртинчи ўринда туради.Барча мамлакатлар учун энг оғриқли масала – ишсизликдир. Аксарият кўнгилсизликлар ва жиноятлар ортида муқим бир меҳнат фаолияти билан машғул бўлмаслик ва бекорчилик ётади. Шу боис, Президентимиз маъруза ва чиқишларида аҳолига янги иш ўринлари яратиш зарурати ҳақида кўп гапиради, битта иш ўрни яратган тадбиркорни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдиради. Бу бекорга эмас.

ЙЎЛЛАНМА «ИШЛИ БЎЛДИ» ДЕГАНИ ЭМАС

Дилором Дадамирзаева Наманган шаҳридаги «Маданий» МФЙда истиқомат қилади. У мактабни тамомлагач, тақдир тақозоси билан бирор касбни эгаллай олмади. Ҳозирда оилали, ишлашга ­эҳтиёжманд. Аввалига, опа Наманган шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш билан таъминлашни сўраб мурожаат қилди. Аммо у ердагилар дипломи йўқлигини айтишдан нарига ўтмади. Шундан сўнг Дилором опа 1211 – «Ишонч телефони»га сим қоқишга мажбур бўлди.

Опанинг мурожаати Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юборилди. Табиийки, вазирлик ишни Наманган вилоят башқармасига жўнатган, бошқарма эса шаҳарга. Орадан бир оз муддат ўтгач, «Ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўлимига Наманган вилояти бандлик бош бошқармасидан Дилором Дадамирзаевани «АРТ СОФТ» МЧЖга тикувчилик вазифасига ишга жойлаштирилгани ҳақидаги жавоб хати келди. Бир ҳафта вақт ўтгач, ишчи гуруҳдагилар опанинг ҳақиқатдан ишга жойлашганига ишонч ҳосил қилиш учун унга қўнғироқ қилишди. Аммо Дилором опа Наманган шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази «АРТ СОФТ»га йўлланма ёзиб берганини, «АРТ СОФТ»дагилар эса ҳозир бўш жойимиз йўқ, кейинроқ келинг, дейишганини билдирди. Шундан сўнг, ишчи гуруҳ мутахассислари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига телефон орқали қўнғироқ қилиб, вазиятга изоҳ сўрашди. Хуллас, охир-оқибат, опа билан Наманган шаҳар Аҳоли бандлигига кўмак­лашиш маркази ходимлари қайта алоқага чиққан ва Дилором Дадамирзаева «АРТ СОФТ»да иш бошлайдиган бўлди.

ЙЎҚНИ ЙЎНДИРИБ БЎЛМАГАЧ…

Кейинги мурожаатчи чироқчилик Феруза Яхшибоева 27 апрелда ишчи гуруҳга мурожаат билан чиққан. Унинг мурожаатида, жумладан, шундай дейилади:

«Сизларга иш ставкамни кўпайтириб беришингизни сўраб қолдирган мурожаатимдан сўнг ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишмоқда. Мен Чироқчи тумани санитария эпидемиология осойишталик маркази қошидаги инспекцияда 0,5 ставкада ишлайман. Оилавий шароитим оғир, бир ўзим боқувчи бўлганим боис, ойлик маошим етмаяпти. Республика СЭОМга мурожаат қилганимда, менга бошқа туманнинг иш ставкасини олиб, ставкамга қўшиб берилишини айтишди.

Хатни ўрганиб чиққан ишчи гуруҳ унга ечим топишларини сўраб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборган. Қашқадарё вилояти санитария-эпидемиология назорати бошқармасидан келган жавобда эса бош­қарманинг Чироқчи тумани филиалида тасдиқланган штат жадвали бўйича ўрта тиббиёт ходимлари қабул қилиш кўрсаткичи тўлиқ банд экани, агар қўшимча штат ажратилса, биринчилардан бўлиб Ф. Яхшибоевага иш ставкаси кўпайтириб берилиши маълум қилинган. Бу ҳақда мурожаатчи Феруза Яхшибоевага ҳам бир неча маротаба оғзаки ва ёзма тушунтириш берилгани қайд этилган.

Ушбу мурожаат тақдири билан танишиб, «Осмон йироқ, ер қаттиқ» деган мақол ёдимизга тушди. Начора, йўқни йўндириб бўлмаса, бунинг устига мавжуд штатлар ҳам банд бўлса…

– Аммо бошқа ечим ҳам топиш мумкин эди, – дея вазиятга ўз муносабатини билдиради «Ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ихтиёров. – Чироқчи туманида чорвачилик, деҳқончилик яхши ривожланган. Агар туманда гўшт ва сут маҳсулотларини, сабзавотларни қайта ишлайдиган янги корхоналар ташкил этилса, ушбу юртдошимиз бир ташкилотга боғланиб қолмасдан, ўша корхоналарда ҳам ишлаши мумкин эди. Аммо қарангки, баъзида шундай мурожаатлар ортидан тумандаги вазият, саноат корхоналари ташкил этилиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳам баҳо бериш имкони юзага келади. Ҳар қанча кўп гапирилаётганига қарамасдан туманларда саноат корхоналари ташкил этилиши кўнгилдагидек эмас, пули бор юртдошларимиз эса бойлигини сандиғида асрайди. Кўнгилочар иншоотлар қуришни афзал билади. Унинг ўрнига ўзига ҳам, халққа ҳам фойда келтирадиган кичик цехлар ташкил этилса, халқимиз фаровонлиги ошиб, ишсизлик ҳам камаярмиди?..

ТЎЛАНМАГАН МАОШЛАР УНДИРИЛДИ

Андижонлик   Дилоромхон Султонованинг ҳам боқувчиси йўқ. Икки нафар фарзанди бор. У август ойида «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб «Андижонёғмой» АЖда май-август ойлари учун ишлаган ойлик маошини ололмаётганини айт­ган ва ушбу масалада ёрдам сўраган. Иш бевосита Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига юборилган. Сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида масъул ташкилотдан келган жавоб хатида Д.Султоновага «Андижонёғмой» АЖдан май-август ойлари учун ходимнинг 3 732 600 сўм ойлик маоши ундириб берилгани маълум қилинган. Ишчи гуруҳ аъзолари Дилором Султонова билан телефон орқали боғланганида  у ҳақиқатан ҳам ­пластик карточкасига маоши тушириб берилганини айтиб, ўз миннатдорчлигини билдирди.

Қорақалпоғистонлик Саргул Авезова ҳам Нукус шаҳридаги «Ўрмонтўқай» боғида ишлаган бир ойлик иш ҳақини ололмади. Ташкилотнинг ўзига қилган оғзаки мурожаати самара бермагач, «Ишонч телефони» ҳақида хабар топиб, шу ерга қўнғироқ қилди. Ҳайрон қоласан киши, 750 минг сўмгина маошни ўз эгасига топшириш учун шунчалар оворагарчилик шартмикан-а? Ҳа, афсуски, шундай экан. Нукус шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимларининг ёзма мурожаатидан кейин Саргул Авезовага маоши ундириб берилди.

Наҳотки, халқни рози қилиш, уларнинг дардини тинглаш ҳақидаги гаплар ва кўрсатмалар айрим мансабдорларга етиб бормаётган бўлса?! Етиб борганида Саргул каби опа-сингилларимизнинг адолат истаб ёзғиришлари пойтахти азимгача етиб келармиди? Ўша жойнинг ўзида ҳал бўлмасмиди?

«ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ ОПЕРАЦИЯСИ»

Мафтуна Исоқова 10 йилдан буён Ургут туманидаги 35-мактабда котиба бўлиб ишлаб келарди. Шу йил 1-мартда маълумоти олий бўлмагани боис, уни огоҳлантирмасдан ишдан бўшатишди. Бу масалада унинг туман халқ таълими бўлимига қилган илтимосини ҳеч ким эшитмади. Ишчи гуруҳ ушбу иш билан боғлиқ масалани Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига юборгач, Мафтуна 35-умумтаълим мактабига лаборант вазифасига ишга жойлашди.

Кейинги мурожаатчи сирдарёлик Зарифа Пўлатова Мирзаобод туманидаги «Мирзо Улуғбек» МФЙда истиқомат қилади. Ўзи 20 йиллик иш тажрибасига эга ҳамшира. У сўнгги иш жойи – туман тез ёрдам бўлимида чақириқларга жавоб берувчи бўлиб ўн йилдан ортиқ ишлади, аммо шу йил январь ойида ишлаб турган штат бирлиги қисқаришга учради. Зарифа опанинг турмуш ўртоғи руҳий хаста, ишламайди. Икки нафар фарзандлари бор. Опа вазият тақозосига кўра суткалик навбатчилик ишида ишлолмайди, фақатгина кундузи ишлаши мумкин ва бу пайти хаста отага фарзандлари қараб туришади. Эътиборлиси, Зарифа опанинг «Ишонч телефони»га қилган мурожаатидан кейин Мирзаобод тумани бандликка кўмаклашиш маркази туман санитария-эпидемиология назорати марказига дезинфекцияловчи ёрдамчиси қилиб ишга жойлашишига амалий ёрдам берди, аммо у ерда З.Пўлатова атиги икки ҳафтагина ишлади. «Сизни волонтёрликка олгандик, энди бу иш тугатилди», деб ишдан бўшатишди. Шундан бери Зарифа опа яна сарсон ва саргардон бўлиб юрибди. Ишчи гуруҳга юборилган Мирзаобод тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг жавоб хатида эса у гўёки ишга жойлашган ва ҳаммаси жойида.

– Мен доимий иш сўрагандим, аммо 15 кунгина ишладим, – дейди З.Пўлатова билан боғланганимизда. – Шундан бери туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига неча маротаба бордим, телефон орқали ҳам боғландим. Марказ мутахассиси Акмал Ҳасанов ҳар гал «Опа, иш бўлиб қолар, кутиб туринг»дан нарига ўтмайди. Бир сафар туманда янги хусусий боғча очилаётганини, ўша ерга ишга жойлашиши мумкинлигини айтишди, аммо бу боғчанинг раҳбари ким, иш билан боғлиқ масалада кимга бориб учрашишим лозимлиги ҳақида сўрасам, ҳеч қандай маълумот бера олишмади.

Зарифа опа ўз туманида бўш жой бўлмаса, қўшни туман тиббиёт бирлашмасида ёки бошқа тикиш-бичиш билан боғлиқ ишларда, жуда бўлмаганда, мактаб ёки тиббиёт муассасасида фаррош бўлиб ишлашга ҳам рози. Фақат кундузги, навбатчиликсиз тушдан кейин 15:00 -16:00 гача давом этадиган иш бўлиши лозим. Тўғри, туман бандликка кўмаклашиш маркази Гулистон шаҳрида тикувчилик иши борлигини айтишди, аммо у эрталаб 9:00 дан 18:00гача бўлгани боис опага бу маъқул бўлмади.

– Наҳотки, бутун туманда менинг ­шароитимга мос биргина иш топилмаса, – дейди сарсонгарчиликдан дили оғриб, ҳафсаласи пир бўлган мурожаатчи.

Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходими Акмал Ҳасанов билан ҳам суҳбатлашдик. Аммо у З. Пўлатовани иш билан таъминлаш борасида бирор жиддий чора кўрилаётганини, мўлжаллаётган ташкилоти борлигини айтолмади. Янги боғча ҳақида гапирди, аммо бугунги шароитда янги боғча қачон иш бошлаши-ю, кимга учрашиш лозимлиги ҳақида ҳам бирор аниқ фикр билдиролмади. Билган гапи: «Опа олий маълумоли эмас-да, бизда олий маълумотлиларга иш кўпроқ чиқади».

Ким билсин, Зарифа опа ҳам олий маълумотли бўлганида бу ерга иш сўраб келмаган бўлармиди?!

Ўрганишларимиз давомида ажабтовур бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Иш билан таъминланганларнинг аксарияти вақтинчалик бир ойлик, икки ойлик жамоат ишларига жалб қилинган, аммо кейин яна ишсиз қолган. Ваҳоланки, аҳоли бандлигига кўмак­лашиш марказлари уларни «Иш билан таъминладик» мазмунида жавоб хатлари юборишган. Қизиқ, борини бор, йўғини йўқ деб кўрсатиш ўрнига қоғозда «банд» қилиб кўрсатишдан ким ютмоқда? Бандликка кўмаклашиш марказларими ёки мурожаат эгаларими? Аслида эса икки томон ҳам ютқазаётир. Шундай экан, хулосани ўзингизга қолдирамиз.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch 2020 йил, 22 сетябрь

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Долзарб мавзу

Қанд қоғозга ўралган заҳар

Соат сайин эмас, дақиқа сайин янгиланаётган, ўзгараётган дунё ва рақобат майдонида яшаб қолиш, бизнеснинг давомийлиги шартларидан бири бўлиб, ҳатто мўмай даромад маҳсулот истеъмолидан инсон саломатлигига етадиган салбий таъсир ёки ножўя таъсир эҳтимоллари ҳам бироз четга суриб қўйилади. Ёки бошқа бир асосли сабаб билан ниқобланади. Қарабсизки, сифат назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказлари ҳам бундай маҳсулотлар савдосига қаршилик кўрсата олмайди.

Бугун дўконлар ва дорихоналарда думалоқ бежирим идишчаларда пайдо бўлган «никотинли қопчалар»га кўзингиз тушган ёки хабар топган бўлсангиз керак, албатта. Қадоқда кўрсатилган «20 ёшдан катталар учун», «Маҳсулот никотинни ўз ичига олади, у ўзига қарам қилади» деган огоҳлантирувчи ёзувлар киритилгани аслида ёш ўсмирларни ушбу маҳсулот истеъмолидан ҳимоя қилувчи ёрлиқдек туюлса-да, амалда эса ишлаб чиқарувчиларни «Мана биз маҳсулотимиз қадоғига унинг зарари ҳақида огоҳлантирувчи ёзувларни киритганмиз» қабилида иш тутиб, бемалол қонуний савдо фаолиятини йўлга қўйишига шароит яратади. Афсуски, шу пайтгача хорижда кенг тарқалган ушбу никотинли қопчалар ва ундан аввал пайдо бўлган никотинли конфетларни билиб-билмасдан истеъмол қилувчилар ва жабрланувчилар 20 ёшга ҳам тўлмаган ўсмир ёшлардир.

Бирининг ўрнига бошқаси…

Никотинли конфетлар ва сақичлар илк бор Швецияда пайдо бўлиб, 2000 йилларда Россия бозорларига ҳам кириб келди. Оқибатда истеъмолчи организми сигаретга нисбатан икки уч баробар кўпроқ никотин билан зарарланишни бошлади. Энг хавотирлиси, конфет ва сақичларга ҳушбўйлантирувчи моддалар қўшилганлиги боис, ота-оналар фарзанд­лари никотинли тамаки истеъмол қилаётганлигини билмасликлари ҳам мумкин. Фақатгина бироз муддат ўтгач, никотиндан заҳарланиб бораётган боланинг сирли ҳаракатлари, рангу рўйи ва руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар барчасини «сотиб қўяди».

– У оғиз бўшлиғида шимилганлиги боис, ошқозон орқали сўрилади ва кейинчалик ошқозон яраси ва ракини пайдо қилиши мумкин, – дейди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлими мудири Неъмат Эшбоев. – Мунтазам истеъмол қилиш организмда никотинга кучли қарамликни чақиради ва ўсмир олдинги дозага қаноат қилмай, уни ошириб боради. Узоқ муддат истеъмол қилиш натижасида ошқозон, ошқозоности бези ва ўпка раки касалликлари келиб чиқиши мумкин. Оғиздан бадбўй ҳид келадиган бўлиб қолади ва милк ўзгаришга учраб, тишлар жойлашувида қийшайиш ҳамда муаммолар пайдо бўлади. Бундан ташқари, ўсмирда юрак етишмовчилиги, қон босими ошиши каби касалликлар ҳам келиб чиқиши мумкин.

Россия ва бошқа МДҲ мамлакатларида ўсмирлар катта қизиқиш билан ушбу сақич ва конфетларга ружу қўйгани, бу улар ўртасида «мода»га айланиб кетгач, 2015 йилда ҳукумат даражасида бундай конфет ишлаб чиқарувчи фирмалар фаолияти тўхтатиб қўйилган эди. Аммо кўп ўтмай бозорда унинг ўрнига «Тамакисиз никотинли аралашмалар» ёрлиғи остида кашандалар учун мўлжалланган янги маҳсулот – никотинли қопчалар пайдо бўлди. Улар тамаки ва алькогол маҳсулотлари сотиладиган дўконларда эркин сотила бош­ланди. Хавотирлиси, бир пачка сигарет маркасига қараб 10мг.дан 20 мг.гача никотин сақласа, бир шайба идишда 24 та никотинли пакетчалар мавжуд бўлиб, улар турига қараб 20 мг.дан 30, 40 мг. никотинни ўзида сақлайди. Катта ёшдаги киши никотинли қопчалардан таъбига қараб истеъмол қилиши мумкин, аммо ўсмирлар тез ривожланувчи никотинга бўлган қарамликни бошқара олмайди, оқибатда дозани ошириб юбориши натижасида ўзини ҳалокатга маҳкум этади.

Мамлакатимизда вазият қандай?

Мавзуни ўрганиш аввалига «Бу қопчалар ҳали пойтахтимиздаги айрим дўконларгагина кириб келган бўлса керак» деган хаёл менга тасалли бергандек эди ва ҳар эҳтимолга қарши пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган, уйимизга яқин ҳудудлардаги дўкон ва дорихоналарга бирма-бир кириб чиқа бошладим. Тўртта дорихонанинг ҳеч бирида маҳсулот сотилмаётган экан. Ҳатто дорихонада ишлаётган аёл сотувчилар бундай маҳсулот ҳақида билмаслигини айтишди. Аммо озиқ-овқат, салқин ичимликлар сотиш билан шуғулланувчи 9 та дўконнинг 3 тасида бежирим идишчаларга жойланган никотинли қопчалар сотилаётганининг гувоҳи бўлдим. Сотувчилар маҳсулотга «Сигаретнинг носга ўхшаб тайёрланган замонавий варианти» дея таъриф беришди. Тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи дўкон сотувчиси эса янги турдаги маҳсулотни 20 ёшдан кичикларга сотмаётганлигини, ўз вазифасига хилоф иш тутмаслигини билдирди. У никотинли қопчалар асосан аёл кашандалар томонидан сотиб олинаётганини, бу қопчалар сўрилгани боис, ўзидан ҳеч қандай ҳид қолдирмаслигини, аёлларга эса чекканда тамаки ҳиди қолиб кетмаслиги ҳар жиҳатдан қулайлигини айтди.

Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтсак. Мамлакатимизда «LYFT» номи билан қадоқланган никотинли қопчалар кенг тарқалган бўлиб, у Тошкентдаги British American Tobakko компанияси томонидан ишлаб чиқилган. 2019 йил сентябрь ойида пойтахтимизда илк презентацияси ўтказилган. Маҳсулот маҳаллий корхоналардан бири AJ QK «UZBAT A.O» томонидан бозорга чиқарилади. Қадоқдаги ўзбекча ёзувлар орқали маҳсулот таркибига қўшилган моддалар, огоҳлантириш маълумотлари, шикоятларни қабул қилиш манзили билан танишиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир қопча 0,7 мг. оғирликка эгалиги қайд этилган. Бироқ унинг таркибида никотин неча мг.ни ташкил этиши ҳақида маълумот берилмаган.

Шунингдек, бу каби бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг ҳам мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича Республика божхона қўмитаси билан боғланганимизда, улар бундай ҳолатлар аниқланмаганини айтишди. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлими ва Тошкент шаҳар норкология диспансерига ҳам никотинли пакетчалар истеъмоли билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ва мурожаатлар бўлмаганини аниқладик. Аммо маҳсулот савдоси билан боғлиқ айрим кузатувлар хотиржамликка берилишимизга асос йўқлигини кўрсатди.

Хурсанд бўлишимизга асос йўқ

Миробод туманидаги бекатлардан бирининг биқинида салқин ичимликлар дўкони жойлашган. Манзилдан 200-250 метр узоқликда иккита мактаб ёнма-ён. Бу икки ўқув масканида уч мингга яқин ўқувчилар таҳсил олади. Уларнинг кўпчилиги шу бекатдан уйларига йўл олишади ва бекат биқинидаги дўкондан ул-бул нарса ҳарид қилаётган болаларга тез-тез кўзим тушади. Буни қаранг-ки, шу дўконда ҳам никотинли қопчалар эркин сотувда экан. Дўкондан тамаки сотиб олган 40 ёшлар чамасидаги юртдошимизни саволга тутиб, уларнинг никотинли қопчалар ҳақида нималар билиши билан қизиқдик.

Қисқа суҳбатда юртдошимиз бу дўкондан мунтазам тамаки сотиб олишини, «LYFT» идишчаларидан бир неча бор мактаб ўқувчилари сотиб олаётганига кўзи тушгани, унинг қандай маҳсулот эканига қизиққани ва ич-ичидан сигаретнинг ўрнига чекиладиган қандайдир нарса бўлса керак, деб ўйлаганини яширмади.

Албатта, никотинли қопчалар бугун ўзбек бозори учун янги маҳсулот. Ёшлар эса табиатан янгиликка ўч бўлишади. Норкология диспансери ёки шошилинч тез тиббий ёрдамга мурожаатлар бўлмагани яхши, аммо бир кунлик ўрганишимиз давомида мактаб ўқувчилари томонидан бундай қопчалар сотиб олингани ҳақидаги далиллар билан юзлашдик. Жойларда эса қанчадан-қанча шундай дўконлар мавжуд ва уларда ҳам бундай маҳсулотлар ёш ўсмир болаларга сотилмаётганига ҳеч ким кафолат беролмайди. Аксига олиб унинг савдосига мамлакатимизда ҳеч қандай чекловлар ҳам йўқ. Демак, бу хурсанд бўлишимизга асос йўқлигини, аксинча, маҳсулот ёшлар орасида оммалашиб кетмаслиги, заҳри қотил оилаларимизнинг келажак умидларини сўндирмаслиги учун ўз вақтида чора кўриш зарурлигини англатади.

Маълумотларга кўра, Беларус, Қозоғистон, Россия каби давлатлар никотинли қопчаларнинг сотувини 2019 йил охири ва 2020 йилнинг бошларида тақиқлашга эришди. Бинобарин, бизда ҳам дўконлар ва айрим дорихоналарда (ўрганишларимиз давомида суҳбатдошларимиз айрим дорихоналарда ҳам сотилаётганлигини айтишди) сотилаётган бундай маҳсулотларга ўрин бўлмаслиги керак. Қайсидир бир гуруҳга мансуб тадбиркорларнинг моддий фойдасини деб халқимизнинг қора кўз фарзандларининг саломатлик кушандаси бўлган никотин домига ирғитишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аксинча, ўз вақтида уларни бу каби офатлар таъсирига тушиб қолишдан асраш, қўшни давлатларда бўлгани каби бундай маҳсулотлар савдосини қонуний йўл билан тақиқлаш чораларини кўришимиз лозим.

Зебо НАМОЗОВА,

«ISHONCH»

2020 йил, 8 сентябрь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.7 / 5. Baholaganlar soni: 26

OAV nomi va parolini kiriting!