«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-15T12:28:55+05:0015 Aprel, 2021|Матбуот|

                                                                                  Фозил ЖАББОРОВнинг ижодий ишлари

 

Ислоҳотлар ёзувчи нигоҳида

КИЧКИНА ШАҲАРНИНГ КАТТА ТАШВИШЛАРИ

Бисмиллоҳ, дегилу қўйгил қадам”

2020 йилнинг 31 октябрь санаси. Шанба. Эрталаб соат 9:00. Метронинг “Пахтакор” бекатидамиз. Кимгадир дам олиш, кимгадир иш куни. Тошкент вилояти Ахборот хизмати таклифи билан Олмалиқ шаҳрига медиа-турга отланганмиз. Журналистлар, тасвирчилар иккита микроавтобусга бўлиндик. “Қайдасан, Олмалиқ?” дея жўнадик. Бундай сафарлар аввалида Алишер Навоийнинг “Йўл ёмону яхшисидан ема ҳам, Бисмиллоҳ, дегилу қўйгил қадам”, сатрлари эсга тушади. Суҳбатдошларинг яхши бўлса, йўлнинг узоқлиги ҳам билинмайди. Ёшлар” телеканали “Давр” ахборий дастури мухбири Нодирбек Шамсиддин, “Севимли” телеканали “Замон” ахборий дастури мухбири Элёр Гўрўғлиев билан турли мавзуларда гурунглашиб борамиз. Орқа ўриндиқда Тошкент вилояти Ахборот хизмати мутахассиси Элбек Шойимов телефонда кимлар биландир гаплашиб, ташкилий ишларни ҳал қилиб кетяпти. Қизғин гурунг оғушида Олмалиқ шаҳрига ҳам етиб келганимизни билмай қолдик.

Очиқ матбуот анжумани

Олмалиқ шаҳри қишли-қировли кунларга тайёрми? Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиали биносида шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов билан ўтказилган матбуот анжуманида бу саволга мутасаддилар жавоб беряпти. Зерикарли ҳисобот шаклида бошланган йиғинни ҳоким шартта бўлди-да, журналистлар ўзимизни мақташимизни эшитиш учун келмаган, дея анжуманни савол-жавоб тарзида давом эттиришни сўради. Элёр Гўрўғлиев мутасаддилардан ҳисоботларни электрон шаклни беришларини сўради. Шу билан ухлатадиган учрашув қизқин анжуманга айланди.

Йиғилишда айтилишича, Олмалиқ шаҳрида жами 674 та кўп қаватли уй-жой мавжуд экан. Шундан 355 тасига 37 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва 1 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатяпти. Аҳолининг ширкатлардан 7 милиард сўм муддати кечиктирилган қарзи бор. Ширкатлар банклардан 13 миллиард сўм қарз. Бу муаммо қандай бартараф этилади? Анжуманда асосий масала шу саволга жавоб топиш бўлди.

Шаҳардаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тизими инқирозга учраган. Шу боис мутасаддилар Юнусобод туманида тажрибадан ўтказилаётган бошқарув сервис компанияларини Олмалиқда жорий қилишни мақсад қилибди. Хусусан, ширкатларда янги электрон тизим жорий қилинар экан. Яъни, хонадон эгаси қарздорлиги ё тўлаган пуллари қаерга кетаётганини телефони орқали билиб турармиш. Янги тизимда мажбурий бадал 1 квадрат метр жойга 800 сўм этиб белгиланибди. Ширкатлар уч тоифага ажратилган: оғир – қизил, ўрта – сариқ, яхши – яшил. Қизил тоифадаги шиткатлар бошқарув сервис компанияларига ўтказилади.

Оталиққа олинган бола

Матбуот анжумани тугагач, жойларга чиқиладиган бўлди. Ташқарига чиққанимиздан сўнг, шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов қўлида жилд кўтариб олган бир йигитчани бизга таништирди. Кўринишидан тиришқоқ йигитнинг қўллаб-қувватланишга эҳтиёжи бор экан. Ҳоким: “Мен бу болани оталиғимга олдим, ғамхўрлик қиламан, ўқишга киритаман, бундай айтсам, ўғил қилиб олдим. Ёшларни қўллаш керак, биз уларга бугун керакмиз, эртага улар бизга керак”, дейди унинг қўлини ушлаб. Ҳокимнинг халқпарварлигидан хурсанд бўлдик. Элёр Гўрўғлиев ота-болани билдирмасдан суратга олиб, телеграмдаги каналига бу ҳақда пост ҳам жойлаб қўяди.

Бошқарув сервис компанияси

“Олмалиқ коммунал сервис” бошқарув сервис компаниясига қарашли захира омборига борамиз. Оммавий ахборот воситалари ходимлари у ердаги қурилиш материаллари захираси билан танишади. Бу материаллар тўғридан тўғри заводдан олиб келингани боис арзон ва сифатли экан. Захира омбори БСКнинг ўз маблағи ҳисобига шакллантирилган. Сарфланган маблағ аҳолидан тушган пул ҳисобига қопланади. Маълумотларга кўра, 10 октябрь куни очилган компания ходимларга 1 500 000 сўмдан 2 500 000 сўмгача ойлик тўлаяпти экан. Унда ҳозирча 18 киши ишлаяпти. Демак, бир ойдан бери 18 оиланинг рўзғори бутланяпти.

“Халқ билан бўл, халқ ичинда бўл”

Бугун виждони бор, аҳоли ва ўзини ҳурмат қилган ҳокимлар халқ ичига кириб боряпти. Пресс-тур давомида ҳам бунга гувоҳ ҳам бўлдик.

Олмалиқ шаҳри Абдулла Қаҳҳор номидаги маҳалланинг 12-уйи ёнидамиз. Аҳоли ҳамда ҳоким, мутасаддилар юзлашди. Айтишларича, маҳаллага хизмат кўрсатувчи “Олмалиқ коммунал” ширкати яхши ишламаган. Натижада аҳолининг муаммолари йиғилиб қолган. Одамлар иссиқлик тизимига йил-ўн икки ой пул тўлаши, аммо уйлари уч ойгина исишини, айтяпти. Кимдир маҳаллада бекат ва стадион йўқлигини билдирди. Кимдир қайсидир кўп қаватли уй олдига даладан сув оқиб келишидан нолияпти. Яна биров иссиқсув-совуқсувчилар кўчани кавлаб, қазилган жойни ёпмасдан кетганидан ёзғирди.

Йиғилиб қолган муаммолар тортинмасдан айтилди. Ўзгариш қилиш мақсадида бугун “Олмалиқ коммунал” ширкати тугатилган ва энди маҳаллага “Олмалиқ коммунал сервис” БСК хизмат кўрсатади. Одамларнинг ҳоким ва оммавий ахборот воситалари ходимларига шикоятларини тўхтамасдан гапиришини кўриб ичимдан шундай ўй ўтди: “     Ишқилиб, янги тизим ўзини оқласин-да”.

Автобусдаги жиддий гурунг

– Стадион йўқ, деяпти бир киши, – дейди Тошкент вилояти ҳокими матбуот котиби Беҳзод Қобулов Теракли қишлоғига автобусда кетар эканмиз.

– Қанақа стадион? – сўрайди Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов.

– Мана шу ерда, маҳаллада. Уч километр нарида 2 та стадион бор. Олмалиқда бундай муаммо йўқ-да, – жавоб қайтаради Беҳзод Қобулов.

– Ишонасизми, Олмалиқ шаҳрида 25 та кичик стадион бор, – дейди Қобил Ҳамдамов.

– Айнан мана шу ҳудудда борми? – кимдир савол ташлайди.

– Йўлнинг нарига бетига ўтамиз, бу томонда, мана, стадион, – дея қўли билан кўрсатади ҳоким.

– Лекин биргина стадион муаммоси айтилмаяпти-да, – эътироз билдиради “Ҳуррият” газетаси мухбири Абдулазиз Аҳмедов. – Йўлларнинг муаммоси кўтарилди. Сув муаммоси. “ЖЕК” умуман ишламайди, дейишяпти.

– Яхши-ку, савол кўтаргандан кейин ишлаймиз-да, – жавоб беради  Қобил Ҳамдамов. – Албатта ҳар битта камчилигини ўрганиб чиқишимиз керак. Дастур тайёрлашимиз керак. Манбасини аниқлашимиз керак. Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини “ширкат” деймизми ё сервис компанияси, дея атаймизми, улар ўз ишларини тизимли йўлга қўймаса, иш олдинга силжимайди. Йиллар давомида қилинмаган ишлар бўлса, бир кунда қилиб бўладими? Ўн кунда қилиб бўладими? Керак бўлса, бир йилда ҳам қилиб бўлмайди? Биласизми, Олмалиқ шаҳрида сув йўқотиш даражаси 42 фоизни ташкил қилади. Бу жуда катта йўқотиш. Уни бартараф этиш учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда қувурларни алмаштиришимиз керак. ХХ асрнинг 60-70-йилларида ётқизилган қувурлар бугунги кунда чириб бўлган.

– Сиз аввал вилоятда ҳам ишлагансиз-ку, шу масала нима учун аввал кўтарилмаган, бу ердан бунақа таклиф бормаганми? – қитмирлик қилиб ҳақли савол беради Элёр Гўрўғлиев.

– Таклифлар ҳар йили киритилади, ҳар йили дастур ишлаб чиқилади, – жавоб қайтаради Олмалиқ ҳокими. – Мана, мисол учун 2019 йилни гапирадиган бўлсам, муҳтарам юртбошимиз Тошкент вилояти учун қўшимча 300 миллианд сўм маблағ ажратди. Олмалиқ шаҳрини оладиган бўлсак, марказлашган ичимлик суви билан 100 фоиз таъминланган десак бўлади. Лекин Оққўрғон, Чиноз, Қуйи Чирчиқ туманларининг таъминланганлик даражаси, ишонасизми, 40-50 фоиз. Ажратилган маблағни манзилли йўналтирдик. Эвазига вилоятда марказдашган ичимлик суви билан таъминланганлик дарадаси 74 фоизга кўтарилди. Шунинг учун бу оғир ва катта пул талаб этиладиган масала. Битта шаҳарнинг бутун коммуникация тизимини алмаштираман десангиз, миллиард-миллиардлаб пул кетади. Шунинг учун бу муаммоларни бир йилда қилиб бераман, деб ваъда бера олмайман. Маҳаллий бюджетдан имкон даражасида маблағ ажратамиз ва қиламиз. Республика бюджетидан берилган маблағни эса манзилли ишлатамиз. Халқ биздан рози бўлиши керак. Рози бўлиш учун биз ишлашимиз керак. Етарли даражада ишладикми-ишламадикми, бунинг баҳосини халқ беради. Мен ўзимча ўзимга баҳо қўя олмайман-ку. Айтолмайман мен яхши ишладим деб. Олмалиққа ҳоким бўлиб келганимга икки ҳафта бўлди. Ишни энди ташкил қиляпман. Келажакда – олти ой, бир йилдан кейин халқ ишимга баҳони ўзи беради.

Теракли маҳалласига сув келади

Айтишларича, Теракли маҳалласининг Қоратоғ иккинчи даҳа ҳудудида шу пайтга қадар марказлашган ичимлик суви тизими бўлмаган. Бу ерда 20 га яқин оила яшайди. Улар сувни баҳорда булоқлардан ё сойдан ичиб келади. Йилнинг июн ойида булоқдаги, сойдаги сув тақа-тақ тўхтайди. Шундан сўнг одамлар қўлда челакларда сув ташишади, сувдонларни эшакаравага ортиб қўшни маҳаллаларга сувга боришади. Ҳар йили шу аҳвол.

Энди 5 чақирим жойга ичимлик суви қувури тортиляпти. Энди Теракли маҳалласининг Қоратоғ иккинчи даҳасига ҳам сув келади. Пресс-тур давомида журналистлар жараённи ўз кўзлари билан кўришди. Аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

Маҳалла аҳли билан гурунглашаман, ичидан ўтаётганлари билан қизиқаман.

– Хурсандлигимиздан ўзимизга сиғмай кетяпмиз, – дейди Теракли маҳалласида яшовчи Анвар Қувондиқов. – Ёш болаларимиз ҳам меҳнатда, ҳар куни сув билан овора эди. Ювишгаям, чайишгаям, ҳамма нарсага, арава билан сув ташийди. Бошқа иложимиз йўқ. Техникаси бор одам техникада олиб келади. Йўқ одам айтганимдан пиёда. Мажбур бўлган пайтда иккита “баклажка”ни ҳам кўтариб бораверасиз-да сувга. Ҳаммага раҳмат!

Туман ҳокими маҳалла аҳли билан юзлашади. Ўзини Абдужаббор Абдуқодиров деб таништирган отахон муаммоларини бир-бир санай бошлайди:

– Шу ерда туғилиб, шу ерда катта бўлганмиз. Муаммомиз сув эди. У ҳам яқинда бўп қоладиган бўлди. Кейин маҳалла моллари учун жайлов жўқ. Мана бу томонимизни тўртта фермер эгаллаб олган, – дея қўли билан кунчиқар тарафдаги адирни кўрсатади отахон. – Бу тарафга ўткизайлик десак, бу ёқни ҳам яна битта фермер олган. Ё “доля”сини беришимиз керак, ё бошқа қилишимиз керак. Бирон гектарам бизга жой қолдирмаган. Пскент тумани ҳокимига неча маротаба хат билан бордик. Лекин ҳеч қанақа ўзгариш йўқ.

– Сизларнинг асосий даромадларингиз чорва-да? – сўрайди “Ёшлар” телеканали мухбири Нодирбек Шамсиддин. Отахон жавоб беради:

– Чорвачиликда. Бошқа қаёққа ҳам борамиз. Жер ҳақи – “налуг”и бўлса, “налуг”ини берамиз. Энди чорвамизни сотишга мажбур бўляппиз-да. Битта “пресс”ди 12 минг сўм минам уйга оп кеп берса. Фермер пичанни ўради, бойлайди, бизга сотади. Биз сотиб оламиз. Биз бориб ўрайиқ десак, бизга жўл бермайди. Улар қонуний фермерми, бошқами, уни ҳеч ким билмайди, борсак, битта қоғозни кўрсатади. Печати бор. Лекин давлат пойдаси тегадиган пермерлармасда улар. Бутун вилоятнинг молини олиб келиб боғади ўзлариям. Ҳашагини ўриб сотади. Шу. Ҳеч бало экилмайди. Далада сув йўқ. Ҳаммаси лалми. Бу адирлар Пскент ҳудудига киради. Лекин биз ҳамма тўловди Олмалиқ шаҳарга тўлаймиз. Газ, свет ва ҳамма нерсани.

Ҳоким муаммоларни ёзиб олишга отахондан изн сўрайди. Муаммоларни ҳоким ўринбосарларидан бири ёзиб олади.

– Пскент тумани ҳокими билан алоҳида гаплашаман бу масала бўйича, – дейди Қобил Ҳамдамов. – Силарга жавобини айтамиз.

– Шўндай бўсин, – дейди отахон. Муаммоларини гапиришда давом этгиси келиб Олмалиқ шаҳрига бориладиган йўлни кўрсатиб давом этади у: – Мина йўлимизнинг аҳволини қаранг. Ҳеч ким қарай демайди. Ҳеч бўмаса, ямаб беринглар, десагам қимайди.

– Бу йўл Тошкент вилоятининг 472-автойўли, – “Теракли” МФЙ раиси Умрқул Тўрақулов отахоннинг гапини тўлдиради. – Йўл Пскентга қарайди. Биз аввал “Олтин топкан” кони балансида бўлганмиз. Кон ёпилгач, сувни сувоқавага берди, светни “ГорСет”га берди, телефонни “Тоштелеком”га берди, 2000 йили Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан йўл Пскентга ўтказиб юборилган. Бу йўл Пскентга умуман керак эмас. Мен тўрт йилдан бери мана шу масалани кўтариб келаман. Ҳар йили 6-7 миллион сўм “лимит” ажратар экан бу йўлга. Бу йил 80 миллион сўм ажратишибди. 80 миллион бу йўлнинг “ремонти”га урвоқ ҳам бўлмас экан. Бултур ҳам, бу йил ҳам сайёр қабулга борганман шу масалани кўтариб. Бу муаммони фақат сенаторлар ҳал қилар экан.

– Буниям ёзиб олинг, – дейди Олмалиқ шаҳри ҳокими ўринбосарларидан бирига. – Биз ўрганиб чиқайлик. Ҳисоб-китоб қилайлик.

– Йўлнинг узунлиги қанча? – сўрайди кимдир. Раис жавоб қайтаради:

– 14 километр.

Оёғи ердан узилмаган ҳоким

14 километрлик уйдим-чуқур йўлни босиб Олмалиқ шаҳри марказига қайтамиз. Бизни Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиали биносида тушлик дастурхони кутиб турарди. Ҳоким ҳам биз билан қўшилиб дастурхон бошига ўтиради. Чойдан сўнг у оммавий ахборот воситалари ходимларига келгани учун миннатдорчилик билдиради. Битирадиган бошқа ишлари борлиги учун биздан узр сўраб хайрлашади. Биз эса Олмалиқ шаҳрини иссиқлик энергияси билан таъминлайдиган “Иссиқлик манбаи” МЧЖ иссиқлик марказини томоша қилгани борамиз.

Пресс-тур тамом бўлиб, уйга қайтар эканмиз, 2019 йилнинг 14-16 декабрь кунлари Корея Республикасига қилган сафарим давомида у ердаги ҳокимлар ҳақида эшитганларим эсимга тушади. У ёқларда ҳокимлар халқ измидан чиқмас экан. Чунки уларни халқ сайларкан-да. Агар уларнинг бирор ножўя хатти-ҳаракати кузатилса, халқ уларни ҳокимиятдан четлатар экан. Аниқроғи, қайта сайламас экан.

Бизда ҳам ҳокимлар халққа яқинлашаётганидан кўнглим бироз таскин топади. Олмалиқ шаҳар ҳокими журналистларнинг кўзича халққа берган ваъдаларининг устидан чиқишига ишонгим келади. Буни эса, унинг ўзи айтганидай, вақт кўрсатади. Кун келиб, бизда ҳам ҳокимлар сайланишига, ҳамма ҳокимларимиз халқнинг дарду ташвишлари билан яшай бошлашига умид боғлаб, ушбу мақоламга нуқта қўяман.

Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Мақола 2020 йил 14 ноябрда “Тошкент ҳақиқати” газетасида чоп этилган.

—————————————————————————————————————————————————————————————————

АДИБЛАР ХИЁБОНИ – ҚУТЛУҒ ДАРСХОНА

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,

Фақат бекор билиб ором қучоғини –

Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,

Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

Адиблар хиёбонига келган киши, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ёзганидай, бутун оламнинг шеърга, адабиётга айланганига гувоҳ бўлади. Бу ерда ижод қадрланди. Сўзга ҳурмат кўрсатилди. Улуғ ёзувчи-шоирлар хотираси улуғланди. Ўзбек адабиётининг устунлари қад кўтарди. Ўзбекистонлик шоирлар бир давра бўлишди. Энг юқорида эса сўз мулкининг султони Алишер Навоий уларга боқиб турибди. Гўё адабиётдан сабоқ бераётгандай.

Адиблар хиёбони бугун нафақат юртимиздаги, балки дунёдаги энг гўзал, сўлим, чиройли масканлардан бири бўлди, десак гапимизни ҳеч ким ёлғонга йўймаса керак. Бу ерга келган кишининг вужуди сокинлашади, руҳи тиниқлашади, улуғлар билан руҳан юзлашади, бир қадар юксалади. Маърифат масканига келган киши нафақат ёзувчи-шоирларнинг ҳайкалларини томоша қилиши, балки ўриндиқда ўтириб, мириқиб китоб ўқиши, дам олиши, қушларнинг сайрашини тинглаши мумкин.

Хиёбонда йигирма беш нафар истеъдодли адибга ўн уч нафар қўли гул ҳайкалтарошнинг асрларга таътигулик санъат асарлари ўрнатилди. Мир Алишер Навоий (муаллифлар Нодари Бандзеладзе, Эйнулла Алиев, Василий Дягтерёв), Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бронза (муаллиф Равшан Миртожиев), Огаҳий (муаллиф Илҳом Жабборов), Бердақ (муаллиф Баҳром Норбоев), Муқимий (муаллиф Жасвант Анназаров), Фурқат (муаллиф Тўлаган Тожихўжаев), Абдулла Қодирий (муаллиф Баҳром Норбоев), Чўлпон (муаллиф Ўрол Яхшиликов), Абдулла Авлоний (муаллиф Баҳром Норбоев), Беҳбудийнинг гипс (муаллиф Оллоберган Оллаберганов), Ҳамид Олимжон (муаллиф Яков Шапиро) ва Зулфиянинг бронза (муаллиф Равшан Миртожиев), Ойбек (муаллиф Равшан Миртожиев), Ғафур Ғулом (муаллиф Равшан Миртожиев), Абдулла Қаҳҳор (муаллиф Баҳром Норбоев), Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова мис (муаллиф Равшан Миртожиев), Ибройим Юсупов (муаллиф Тўлаган Тожихўжаев), Тўлепберген Қайипбергенов (муаллиф Улуғбек Отаназаров), Александр Файнбергнинг гипс (муаллиф Улуғбек Усмонов), Мақсуд Шайхзода (муаллиф Жасвант Анназаров), Эркин Воҳидов (муаллиф Жасвант Анназаров), Абдулла Орипов (муаллиф Баҳром Норбоев), Озод Шарофиддинов (муаллиф Баҳром Норбоев), Муҳаммад Юсуфнинг бронзадан (муаллиф Оллоберган Оллаберганов) ишланган ҳайкаллари Адиблар хиёбонининг кўркига айланди.

Адиблар хиёбони дастлаб ташкил этилганида у ерда Навоий ва ХХ аср замонавий ўзбек адабиёти вакилларигагина ҳайкаллар ўрнатилганди. Гўё бунда ўзбек адабиётининг орадаги бир неча асри йўқ бўлиб қолган эди. Бугун эса ўша жарлик, кемтиклик тўлдирилди. Яъни, Бобур, Огаҳий, Фурқат, Муқумий сингари мумтоз шоирларимизга, шунингдек, халқни ўйғонишга, маърифатли бўлишга чорлаган ва шу учун ҳам қатағон қилинган, таъқиқу тазйиқларга учраган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Абдулла Авлонийга ҳам ҳайкаллар ўрнатилди.

Адабиёт эътибордан юксалади. Рағбатдан куч олади, ривожланади. Тарихга назар солинг. Саркарда ва сиёсатчи – соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида юксак эътибор туфайли маданият, илм-фан қатори адабиёт ҳам ривожланди. Туркий тил ва адабиёт юксак чўққига чиқди. Ўнлаб улуғ шоирлар камол топди, юзлаб бебаҳо асарлар ёзилди. Ишонаман, бугунги адабиётга бўлаётган эътибор ҳам яқин орада ўз мевасини беради.

20 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбонини очиб берди. Давлат раҳбари хиёбонда ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар билан бўлган учрашувда: “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавияти”, деди. Биз – Ўзбекистон ёзувчи-шоирлари халқимизнинг мана шу юрагини, миллатимизнинг маънавиятини, замон қаҳрамонларининг портретини, ўзбек халқининг қиёфасию кўнглидаги изтиробларини бадиий тил орқали кўрсатиб беришимиз лозим.

Тўғри, юртимизда ижодкорларнинг асарлари доимий равишда чоп этиляпти. Аммо энди уларнинг ижоди бор бўй-басти билан дунёга олиб чиқиш кераклиги таъкидланди. Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Усмон Азим сингари дунё ёзувчи-шоирлари билан бемалол бўйлаша оладиган ижодкорларимизнинг асарлари энди фақат таржимонларнинг шахсий ташаббуси ва қизиқиши билангина эмас, балки Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва бошқа хорижий тилли олий ўқув юртлари билан биргаликда профессионал тарзда хорижий тилларга ўгирилади.

Бугун Адиблар хиёбонига келсангиз, боғ аллақачон қутлуғ дарсхонага, адабиёт, маърифат ва маданият масканига айланган. Ҳар бир адиб ҳайкални муайян олий ўқув юртига бириктирилди. Бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, адиблар ижодини ўрганиш бўйича тақдимотлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Қайси олий ўқув юртининг ўқитувчилари билан гаплашманг, улар нафақат хиёбондаги муайян адиб ҳайкалига масъул, балки ўша адиблар ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида китоблар ва фильмлар яратиш, янги асарлар ёзишни ўз олдига мақсад қилган. Масалан, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти катта ўқитувчиси, санъатшуносик бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Ёқубовнинг айтишича, олий ўқув юрти жамоаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодий мероси, шеъриятида ифодаланган мавзу, умуминсоний ғояларни янада чуқур тадқиқ қилиш, халқимиз, айниқса, ёшларимиз орасида кенг ёйиш, шоир шеъриятида акс этган ватанпарварлик ва миллат бирдамлиги ғоялари руҳида талаба ёшларни тарбиялаш ҳамда улар қалбида адабиёт орқали ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш вазифаси мақсад қилиб қўйилган. Айниқса, театр ва кино санъатининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда Муҳаммад Юсуф ижоди, унинг ҳар бир йўналиши ва ғоялари ҳақида бадиий ва ҳужжатли филмлар суратга олиш бу вазифаларни бажаришнинг асосий йўналиши ҳисобланади.

Бугун Адиблар хиёбони одамлар билан гавжум. Куни кеча телевидение учун материаллар тайёрлаш учун у ерда бўлганимизда, бир отахон набиралари билан боғни айланиб юрган экан. Улар Абдулла Қодирий ҳайкали олдига келгач, набиралардан бири ҳайкал тагкурсисидаги ёзувларни ўқиди: “Абдулла Қодирий”. Болани саволга тутдим: “Абдулла Қодирий ким бўлган?” Бобо набирага ўргатди: “Романчилик мактабининг асосчиси”. Бобонинг сабоғига қўшимча қилдим: “Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси”.

Мана, Адиблар хиёбони нима учун қурилди? Халқимизга бу дарсхона нима учун керак? Халқ, келажак эгалари ўз қаҳрамонларини таниши керак. Кейинги йилларда маърифатпарварлар ижодини ўрганишга, уларнинг ҳаёти ҳақида ёзилаётган бадиий асарлар, яратилаётган бадиий ва ҳужжатли филмлар туфайли бугун халқимиз узилиб қолган ўтмиши билан юзлашмоқда, тарих билан алоқани тиклаяпти. Бу эса Ўзекистоннинг, ўзбек миллатининг янада юксалишига, дунё тамаддунида қайтаттан ўрин эгаллашида катта рол ўйнайди.

Адиблар хиёбонида қардош қароқалпоқ шоири Бердақ, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов ҳамда  Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергга ҳам ҳайкаллар ўрнатилгани, ўзбек халқи адабиётда ҳам ниҳоятда бағрикенг эканини яна бир бор исботлади.

Бугун интернет замони. Айниқса, ёшлар электрон адабиётлардан кўпроқ фойдаланишни исташади. Лекин миллий адабиётимиз хазинаси интернетда кенг кўламда жойлаштирилмаган. Масалан, бугун ўзбек адибларининг асарлари зарур бўлганда интернетда асосий мукаммал манба сифатида мурожаат қиладиганимиз – ziyouz.uz, ziyouz.com интернет порталлари ҳам журналист Даврон Тожиалиевнинг шахсий ташаббуси билан 2002 йилда ташкил этилган. Қаранг, булар ҳам бир ё икки йиллик меҳнат эмас. 18 йиллик машаққат.

Ўша учрашувда Президентимиз “Адиблар хиёбони” деб номланган интернет портали ташкил этиш таклифини билдирди. Унда мумтоз ва замонавий асарларнинг электрон нусхалари, ёзувчи-шоир, адабиётшуносларнинг маҳорат сабоқлари жамланади. Портал ўзбек (лотин ва кирилча), инглиз ва рус тилларида фаолият кўрсатса, ундан хорижлик адабиётсуярлар ва адабиётчилар ҳам бемалол  фойдаланади. Бунинг учун эса портални профессонал тарзда яратиш, ўзбек адабиёти хазиналари жамланган асосий манбага айлантириш керак бўлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари ва юртимизнинг навқирон ёзувчиси сифатида ушбу портални ташкил қилишда бир қанча таклифларни бермоқчиман.

Портал сарлавҳасига Алишер Навоийнинг: “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам” мисраси ё бошқа адибнинг адабиётга оид бирор таъсирли сўзини ёзиш керак бўлади. Сўз порталнинг ташриф қоғозига айланиши зарур.

Портал ташкилотчиларидан бири саналган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, аввало, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда нашриётлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, ўзбек халқ оғзаки ижоди асарлари ва китобларининг “ворд” ва “пдф” форматдаги нусхаларини электронлаштириш керак. Шунингдек, нашриётлар ва Ўзбекистондаги жами ёзувчи-шоирларнинг ўзлари ё оила аъзолари, ё бўлмаса, адабий меросхўрларидан адибларнинг шеър, достон, драма, фожиа, ҳикоя, қисса, роман сингари жанрларда ёзилган асарлари, китоблари матнининг, сўнг бу асарларнинг, китобларнинг бошқа тилларга таржима қилинган нусхаларининг “ворд” ва “пдф” шаклдаги электрон омборини яратиши керак бўлади.

Порталда Ўзбекистон ва дунё адабий жараёнида кечаётган янгиликлар билан бойитиладиган “Адабий жараён” ёки “Янгиликлар”, ўзбек халқ оғзаки ижоди – эртак, достон, лапар, латифа, лоф ва бошқа жанрлардаги асарларни ўзида жамлаган “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” ёки “Фольклор”, ўзбек шоирларининг асарлари ва таржимаи ҳоли алифбо ё туғилган йили тартибида бериладиган “Ўзбек шеърияти антологияси”, ўзбек ёзувчиларининг насрий асарлари – ҳикоя, қисса, роман ва бошқа жанрдаги асарлари алифбо ёки туғилган йили кетма-кетлигида тартибланадиган “Ўзбек насри антологияси” бўлимларини яратиш зарур.

Шунингдек, жаҳон адабиётидан ўзбек тилига, ўзбек адабиётидан жаҳон тилларига ўгирилган асарлар эълон қилинадиган “Таржима”, мумтоз ва замонавий адабиёт намуналаридан шарҳлар, адабий асарлар таҳлили бериладиган “Таҳлил” ёки “Тадқиқот”, асар қаҳрамонлари ҳақида батафсил маълумотлар бериладиган “Адабий қаҳрамонлар”, ёзувчи-шоирларимизнинг сайтлари, фейсбукдаги саҳифалари ва телеграм каналларининг ҳаволалари жойлаштириладиган “Адибларнинг блоглари”, “Sharq yulduzi” ва “Звезда Востока”, “Yoshlik”, “Амударё”, “Jahon adabiyoti”, “Tafakkur”, “Guliston”, “Saodat”, “Yosh Kuch”, “Ijod olami” сингари адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий журналлар, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi”, “Adabiyot ziyosi” сингари адабий-бадиий газеталарнинг янги ҳар бир сони, уларнинг узоқ йиллик архивлари “пдф” форматда, матбуотда эълон қилинган адабий-бадиий мавзудаги материалларнинг электрон нусхалари бериб бориладиган “Матбуот”, янги чоп этилган китоблар ҳақида хабарлар, мақолалар эълон этиладиган “Янги китоблар”, нашриётлар томонидан чоп этилган китоблар етказиб бериладиган ва электрон тарзда сотиладиган “Китоб дўкони” сингари бўлимларни ташкил этиш керак бўлади.

Шунингдек, порталда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳаси ва умуман, ёш адибларнинг илк тўпламларининг электрон ва “пдф” форматдаги нусхалари бериладиган “Биринчи китобим” бўлимини ҳам яратиш керак бўлади. Бунда фақат китобнинг ўзини шунчаки жойлаб қўймасдан, муаллифларнинг сифатли сурати ва ёнида у ҳақдаги маълумот келтирилади. Китоблар ҳақидаги мақолалар ҳам шу ерга жойланади. Балки буни йиллар кетма-кетлигида ташкил этиш керакдир. Ёшларга берилаётган эътибор айнан шу бўлимда кўриниши керак.

“Ижод мактаблари” бўлимини ҳам ташкил қилмоқ жоиз. Бу бўлимда юртимиздаги ижод мактаблари ўқитувчию ўқувчиларининг шеъру ҳикоялари, мақолалари, бадиалари, ўқув масканлари ҳаётига оид янгиликлар, у ерларда ўтаётган адабий тўгараклар, суҳбатлар, гурунглар, тадбирлар ҳақида хабарлар бериб борилади.

Юртимиз бўйлаб ўтаётган адабий тадбирларда туширилган энг сара суратлар ва уларнинг ўтмиши ҳақида изоҳлар, адибларнинг ҳеч қаерда эълон қилинмаган, қизиқарли тарихга эга суратлари бериб бориладиган “Ойнак” (фотогалерея) бўлимини ҳам яратиш айни муддао.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси телеканаллари, “Ўзбеккино” миллий агентлиги архивидаги адабий-бадиий материалларни порталга жойлаш лозим. Хусусан, “O‘zbekiston” телеканалининг адабий суҳбатлар тарзидаги “Турчироқ” ва “Ташриф”, “O‘zbekiston 24” телеканалида адабий-бадиий тадбирларга оид эфирга узатилган лавҳалар, шарҳлар, 2018 йили бир муддат эфирга кетган “Ijodiy portret”, “Madaniyat va Ma’rifat” телеканалининг “Oddiy haqiqatlar”, “She’r sehri”, “She’riyat kechasi”, “Uyga qaytib”, “Meni o‘zgartirgan asar”, “Ijodiy uchrashuv”, “Sevimli” телеканалининг “Eslab-eslab…”, “UzReport” телеканалининг “Bitmas xazina” сингари адабий кўрсатувлари, адабий суҳбатлари, адиблар ё уларнинг асарлар тўғрисидаги кўрсатувлари, ҳужжатли фильмлари, бадиий фильмларидан иборат  “Видеогалерия” бўлимини яратиш керак.

“Аудиогалерия” бўлимида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси радиоканаллари архивида сақланаётган – ёзувчи-шоирларимизнинг нодир овозлари ёзиб олинган эшиттиришлар, уларнинг ўқиган шеърлари, улар билан бўлган суҳбатлар жойлаштирилади.

“Нигоҳ” бўлимида ёзувчи-шоирларимизнинг Бадиий академия тизимидаги галериялар, шахсий коллекцияларда сақланаётган, рассомларнинг ижодхоналарида яратилган портрети ва адабий қаҳрамонлар акс этган картиналарнинг фото нусхаларини олиниб, жойлаштирилади.

Портал аудиторияси чекланмайди. Масалан, болажонлар учун вақти-вақти билан танловлар ташкил этиб бориш имкониятини ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Асарлар ё мақолаларга изоҳ қолдириш ёки муносабат билдиришнинг янги шаклларини яратиш зарур. Бунда масалан биз ҳозир телеграм ё фейсбукда фойдаланадиган “лайк”ларни “қойил”, “тилим лол”, “тасанно”, “офарин”, “гап йўқ”, “бўлади”, “яхши эмас”, “ёмон” сингари адабий ифодаларга ўгирса бўлади.

Кун ҳикмати тарзида адиблар ҳикматидан порталнинг бош саҳифасида бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш керак. Бунда асосан ижодкорларнинг туғилган куни, нечадир йиллигини нишонлаш каби мезонларга ҳам эътибор қаратилади. Ёки шароитдан ҳам кели чиқиш мумкин, масалан, пандемия шароитида портал фойдаланувчиларини қўрқувдан халос этувчи, уларга мотивация берувчи, руҳлантирувчи афоризмлардан келтирилади.

Хусусан, адибларнинг туғилган кун саналари арафасида порталда табриклар, уларнинг асарларидан парчалар, улар ё асарлари ҳақида мақолаларни бериб боришни тизимли йўлга қўйиш лозим. Яъни ушбу сана арафасида туғилгани куни нишонланаётган адибнинг сурати ва у ҳақдаги маълумотлар бир неча кун биринчи саҳифада чиқиб туради.

“Сабоқлар” бўлимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг устоз ёзувчи-шоирлар иштирокидаги “Маҳорат дарслари”, шунингдек, ёш шоирларнинг “Онажоним – шеърият”, ёш ёзувчиларнинг “Умид”, ёш таржимонларнинг “Дилкўприк”, ёш адабиётшуносларнинг “Ёш мунаққидлар” сингари тўгаракларининг сабоқларини онлайн ёки ёзиб олиб порталга жойлаб бориш керак.

“Китоб ва кино” бўлимини ҳам очиб, унда фильмларга айланган асарлар ҳақида мақолалар, ўша филмларнинг ўзини жойлаб бориш лозим бўлади.

Буларнинг бари учун эса профессионал жамоа ва салмоқли маблағ керак бўлади. Назаримда, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Китоб ўқиган, миллатнинг улуғларини, устунларини билган, буюкларини таниган халқнинг келажаги ҳам, албатта, буюк бўлади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топишда, уларни эзгуликлар сари бошлашда адабиётнинг кучидан фойдаланишни мақсад қилган мамлакатнинг ҳам эртаси порлоқ. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, Адиблар хиёбонида сўзга кўрсатилган бундай эҳтиром бугун ўзбек адабиётининг янги даврига тамал тоши қўйилганини билдиради. Энди ёзувчи-шоирларнинг ҳам мақсадлари юксалади. Энг асосий иш: жаҳон адабиётига бўйлашадиган асарлар яратиш. Бундан кўзланган оқил муддаони эса маърифатпарвар Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон бир аср таридан туриб айтиб кетган эди: адабиёт яшаса, миллат яшайди.

Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари, ёзувчи

Мақола 2020 йил 27 ноябрь куни “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган.

—————————————————————————————————————————————————————————————————

Публицист ўйлари

МЕНИНГ УЙИМ

Ватан қандай қурилади?

Узоқ йиллар бурун шоир Шавкат Раҳмон Дўрмонда уй қура бошлайди. Ҳар шанба-якшанба кунлари бориб ишлайди, қора меҳнат қилади. Шунда ёзувчи Шукур Холмирзаев унинг ёнига ўтиб: “Шоир, шеърингни ёзсанг-чи, ана, “Селхоз”нинг ректорига айтаман, укамиз бўлади, талабаларидан юборади”, деса: “Йўқ, Шукур ака, мен ватан қураяпман, ватанни ўзимнинг қўлим билан қуришим керак”, дея жавоб берган экан.

Ҳа, ватан шундай барпо этилади. Ватанни ўз қўлимиз билан қурсак, унинг қадри бўлади, қиммати ошади. 2019 йили Абдулла Қодирий уй-музийига айлантирилган хонадондаги икки қаватли синч уйни, ғиштли шийпонни ёзувчининг шахсан ўзи қўллари билан қурган экан.

Айтганча, бугун синч, пахса, лойсувоқ, сомонсувоқ, қумсувоқ, лўмбозли, пастак уйлар қуриш жудаям камайиб бормоқда. Бу каби уйлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлган. Уларни қишда иситиш учун унча кўп иссиқлик ҳам керак бўлмаган.

Аммо ХIХ асрнинг ўрталарида ишлаб-чиқариш, фан ва техника тараққиёти натижасида пайдо бўлган замонавий архитектура, метал (пўлат) қазиш, қайта ишлаш технологиясининг ривожланиши архитектурада кутилмаган ўзгаришларга олиб келдики, бу ўз-ўзидан ХХ асрда юртимиз ҳудудига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. “Янги архитектура” бу давр талаби, албатта. Лекин нима учун асрлар синовидан ўтган ўз қадимий архитектурамизни бугунги қурилишларда деярли фойдаланмаяпмиз. Ахир уларни янги архитектуранинг замирига сингдириб юбориш мумкин-ку!

Навоийга қандай мақбара қурмоқчи бўлдик?

2004 йили Ҳирот шаҳрининг Гавҳаршодбегим боғидаги Мир Алишер Навоий қабри устидаги мақбара Ўзбекистон ҳукумати буйруғига биноан халқаро Бобур жамғармаси томонидан бузилган ва қадимги мақбара ўрнига замонавий бино барпо этиш режаланган. Бироқ Афғон расмийларига кўра, Ўзбекистон лойиҳасига БМТнинг маданият жамғармаси – ЮНЕСКО қарши чиққан. Негаки мақбаранинг Темурийлар даври меъморчилик услубига мос бўлиши талаб қилинган. Кўряпсизми, бу ҳодиса бизнинг анъанавий архитектурамизни йўқ қилиб юборганимизни билдиради. Ахир Темурийлар даврида биноларга бетон ва пўлат ишлатилмаган-ку.

Бугун Ҳастимом мажмуасининг ёнида қурилаётган Ислом цивилизацияси марказининг ташқи ва ички кўринишигина қадимий биноларимизга ўхшайди, холос. Аммо унинг қурилишига тўлиқ бетон ва пўлат ишлатилмоқда. Ахир уни ҳам Регистондаги IV асрдан бери вақтни енгиб келаётган Мирзо Улуғбек, Шердор мадрасалари ё Тиллакори мадраса-масжиди архитектураси бўйича қуриш мумкин эмасмиди? Ношукурлик бўлмасин, бу қурилишда ҳам замонавий ва анъанавий архитектура уйғунлашгани кишини барибир хурсанд қилади.

Қодирийнинг уйини ким қурган?

Абдулла Қодирий уй-музейи директори Хондамир Қодирийнинг айтишича, унинг архивида отаси Ҳабибулла Қодирий рассом Алишер Мирзаевга айтиб туриб чиздирган боғ-ҳовлининг эски кўриниши акс этган сурат бор экан. У ерда ҳамма нарса оддий эмиш: пахса ва лойсувоқ деворлар ва ҳоказо. Назаримда, музей ана шу сурат асосида қурилганида ўз замонасига мос бўлган бўларди. Унинг ҳозирги кўриниши устунли айвонлардан иборат, яъни аслига қараганда дабдабалироқ экан.

Давлат раҳбари ташаббуси билан қурилган, 2019 йил 26 декабрь куни очилган Абдулла Қодирий ижод мактаби, “Турон” кутубхонаси, “Абдулла Қодирий” музейи биноларида анъанавий архитектура билан замонавий архитектура ғоят уйғунлашган. Масалан бинонинг ташқи деворлари лойсувоқ қилинган, айвонларига устунлар ўрнатилган. Бино ичкарисидаги шифтлар, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг парталари ХХ аср мактабларини эслатади.

Афсуски, Ўзбекистонда бугун жуда кўп мусулмонлар католикларнинг черковига ўхшаган катта-катта, баланд-баланд ўйлар қуришмоқда. Кўчирмакаш архитекторлар интернетдан лойиҳаларни кўчириб оляпти ва талабгорларга гўёки “чизиб” беряпти-қўяяпти. Ҳайҳотдай уйларни иситиш учун эса жуда кўп электр, газ керак бўлмоқда. Назаримда, бу кўриб чиқилиши керак бўлган улкан муаммо. Тўғри, бетон ва пишган ғиштли уйларнинг “умри” узоқ бўлади. Аммо, менимча, бу каби уйларни қуришда ҳам замонавийлик билан қадимги анъаналаримизни уйғунлаштириб юбориш керак.

                                             Маҳаллада қурилган “дом”лар

Яна бир муаммо. Ҳозир ҳовлили маҳаллаларда кўп қаватли уйлар ҳам пайдо бўляпти. Яъни, тадбиркорлар эски, дейлик олти сўтихли жойни сотиб оляпти ва у ерга ертўла ва 4 қаватли уй қуриб, 10, 15 та квартира сифатида сотяпти. Шундан сўнг бу иншаотнинг канализация, электр токи, газ, сув, чиқинди, “автостоянка” сингари муаммолари пайдо бўляпти. “Дом”нинг тепадаги деразаларидан қўшни хонадоннинг ҳовлиси бемалол кўриниб туради. Бундан эса уйи паст бўлиб қолган қўшнилар норози. Масалан, 2018 йилнинг июнь-июль ойларида аҳолидан тушган ана шундай мазмундаги шикоят хати асосида “Ўзбекистон 24” телеканалидан Юнусобод тумани Туркқўрғон маҳалласига съёмкага бордик. Юсупов исмли тадбиркор маҳалланинг бир нечта жойидан эски хонадонларни сотиб олиб, уларни бузиб, ўрнига уч-тўрт қаватли, кўп квартирали хонадонлар қуриб ташлабди. Юнусобод туманининг ўша пайтдаги ҳокими Бахтиёр Абдусаматов билан учрашдим. У вазиятни ўрганиб, бунинг ҳокимиятга алоқаси йўқ, бу ҳақда ҳеч қандай қарор чиқармаганман, бу давлат хизматлари агентлигидан рўйхатдан ўтадиган иншаотлар, деб тушунтириш берди. Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармасининг Юнусобод тумани филиали мутахассиси Шарофиддин исмли ака билан гаплашдим. У бинонинг туман мемори томонидан тасдиқланган лойиҳа асосида қурилгани, кадастр йиғма жилди шакллантирилгани, аммо иморатга эгалик ҳуқуқи берилмаганини айтди. Авваллари бу эгалик ҳуқуқи ҳокимнинг қарори билан қонунийлаштирилган, энди эса бу ҳуқуқ Давлат хизматлари марказларидан олиняпти экан. Бунда ҳам комиссия тузилиб унинг далолатномаси хулосасига кўра эгалик берилар экан. Ўшанда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасига ҳам бордик. Юнусобод тумани меморини қидириб. Аммо туман мемори Искандар Бойназаровни топа олмадик. Қўнғироқ қилдик, “болничний”даман деди. Ишхонасидагилардан сўрадик, “болничний”си тугаган дейишди, қайта қўнғироқ қилдик, телефони ўчирилган бўлди. Саволларимизга бошқа ҳеч ким тайинли жавоб бермади.

Меморни топа олмаганимиз боис материал ўшанда эфирга берилмай қолиб кетди. Бошқа лавҳалар билан чалғиб, шундан сўнг бу мавзуга қайтмадик ҳам.

Қаранг, ҳамма муаммодан ўзини олиб қочади. Муаммо бор. Айбдор эса йўқ. Тасвирчимиз Анвар Илмурзин айтганидай ҳамма “жиннини ёқволган”. Мен, ўйлайманки, аҳолининг шикояти бугун ҳам ўз ечимини топмаган. Балки давлат хизматлари маркази қўшниларини норози қилган “дом” эгасига эгалик ҳуқуқини бергандир, балки йўқ, буниси менга қоронғи.

Стадион ўрнига хусусий клиника қурилмоқда

Келажак ёшларники деймиз. Улар мамлакатнинг эртаси бўлиши учун маънан ва жисмонан соғлом бўлиши кераклигини айтамиз. Аммо бунинг учун эса шароит яратиш жуда муҳим эканини доим ҳам англамаймиз. Масалан, мен аввал яшаган ҳудуд – Алимкент маҳалласида Яшнобод тумани ҳокими Дилмурод Турдиевнинг 2017 йил 18 июлдаги “Замонавий маҳалла” лойиҳаси асосида маҳалла марказлари ҳамда савдо ва маиший шаҳобчалари ташкил этиш учун ер майдони ажратиш ҳақида”ги қарори билан тадбиркор мавжуд спорт майдонини бузиб ўрнига маҳалла биносини қурди, эвазига лойиҳасида ичида қишги сузиш ҳавзаси бор бўлган маиший хизмат уйи учун унга жой ажратилди. Ушбу ҳужжатга эса Президентнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асос қилиб олинган. Аммо ҳар иккала ҳужжатни ҳижжалаб ўқиб чиқдим, уларда спорт майдони ўрнига маҳалла маркази қуриш ҳақида ҳеч гап йўқ. Нега унда улар бундай қилишди?

Масалага янада чуқурроқ ёндошсак, Алимкент МФЙнинг неча йилдан бери фойдаланиб келаётган бир қаватли биноси бор эди, ҳозирги кунда мазкур бино бошқа маҳаллаларда қурилаётган замонавий маҳалла марказларидан қолишмайди. Лекин ушбу бино 2-секторга бериб юборилди. Модомики, Алимкент МФЙнинг аввалдан “ўтирган” ўз биноси бор экан, нега унда уларга янги бино керак бўлиб қолди? Нега ўзи ўтирган яхши бинони бошқа ташкилотга беради?

Яна бир гап. Маҳалла биноси бошқа ташкилотга бериб юборилган экан, унга бино қуриш керак экан, нега айнан спорт майдони бузилиб, унинг ўрнига қурилиши керак? Маҳалла ҳудудида бошқа ташландиқ ҳудуд камми? Маҳалла маркази барибир ҳам қурилиши керак экан, бинони ўша ташландиқ ҳудудларда қуришсин, шунда бир қаровсиз жой обод масканга айланиб қоларди.

2019 йилнинг бошида “Ҳуқуқ” нашридан саволларимга жавоб топдим. Бош прокуратура Тошкент шаҳрида собиқ ҳоким Раҳмонбек Усмонов даврида янги маҳалла марказларини қуришда аҳоли розилигини олмасдан биноларни бузиш ва қурилиш қилиш ҳолатларига йўл қўйилганини аниқлайди. Маълум бўлишича, қонунчиликда Тошкент шаҳрининг туман ҳокимлари доимий фойдаланиш учун ер участкаси ажратиш ваколатига эга эмас. Бироқ Тошкент шаҳар собиқ ҳокими жами 11 қарорида мазкур қонун талабига зид равишда туман раҳбарларига “Замонавий маҳалла” лойиҳалари учун ер ажратиш юзасидан топшириқ берган. Бу хато эса бошқа юзлаб хатоларга йўл очган. Бунинг натижасида туман ҳокимлари томонидан 392 та қонунга зид қарор қабул имзоланган.

Демак, бу ерда Президент фармони ортига беркиниб, “иш” қилинмаган дея оласизми? Бу ерда саллани олиб кел дейилганда, каллани кўтариб бориш йўқми? Кичик маҳалла биноси ва катта хусусий иншаотнинг лойиҳаси бизни шундай ўйлашга мажбур қилди. Демак, бу халққа, Президентга, асосийси, келажак авлодга хиёнат!

Ноқонуний қурилишни тўхтатиш учун бормаган, ёзмаган жойимиз қолмади ҳисоб. Туман ҳокимияти, шаҳар ҳокимияти, халқ қабулхонаси, шаҳар прокуратураси, бош прокуратура, телевидение, интернет нашрлари, Тошкент бош плани ва ҳоказо. Аммо фойдаси бўлмади. Адашмасам, бугунги кунда у ерда 4 қаватли клиника қуриляпти. Баҳайбат. Кунботиш томондаги кўп қаватли уйларнинг шундоқ биқинида: қуёшни тўсиб қўймоқда, ҳаво айланишини бузяпти. Қаранг, стадион, спорт майдонининг тўртдан бир қисмига бир қаватли маҳалла биносини қуриб бериш эвазига тадбиркор стадион, спорт майдонининг 4дан уч қисмига хусусий клиника қуриб олиши адолатданми? Аҳоли энди чиқиб у ерда футбол ўйнолмайди, спорт билан шуғулланолмайди, дам ололмайди. Болалар-чи, қаерда ўйнайди, қаерда спорт билан шуғулланади энди?

Қизиқ, фуқаролар ушбу ишлардан норозилигини билдириб кўп жойга боришади, шикоят қилишади. Қилинган мурожаат “уларнинг бахтига” яна айланиб Яшнобод тумани ҳокимиятига келаверади. Демак, туман мутасаддиларига эса спорт майдонидан кўра, хусусий клиника биноси керак, келажак авлоднинг соғлом бўлиши уларни қизиқтирмайди.

Ариза ва мурожаатларимиз футбол тўпидай копток қилиб тепилди. Отангга бор, онангга бор тарзида. Энг қизиғи, Тошкент бош плани лойиҳалаш ва илмий тадқиқот институтидан қурилишга рухсат берилмагани тўғрисида жавоб олдик. Кайфиятимиз кўтарилди. Кайфиятимизни туширадигани эса қурилиш давом этяпти. Шаҳар бедарвоза, деб шуни айтишсалар керак-да.

2018 йил  июнь ойида Яшнобод тумани Маъмурий судида Тошкент шаҳар архитектура-қурилиш назорати инспекцияси томонидан Алимкент маҳалласида спорт майдони (стадион, болалар майдончаси, турник, брус ва бошқалар) ўрнига маҳалла биноси, маиший хизмат уйи қураётган “Sarvar baraka” ХК раҳбари Курбанов Бобоходжага нисбатан қўзғалган маъмурий суд иккинчи маротаба бўлиб ўтган. Биринчи суддан сўнг Курбонов Бобоходжа: “…бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ тўхтатилган ва бу ҳолат бошқа такрорланмайди”, деб ўз қўли билан тушунтириш хати ёзиб берган, шунга қарамасдан, у қуришда давом этяпти.

Боласи йўқ одам ҳақиқат учун курашиши мумкин эмасми?

Қурилиш бўлаётган ҳудуднинг ёнидаги уйда яшайдиган 83 ёшли Флюра исмли татар кампир бор. У “бечора” бу ишлар болалар тарафига ҳал бўлишига бош-қош. 2018 йили мутасаддилардан бири ўзи ўриндиққа ўтириб олиб, кампирни эса тикка турғизиб қўйиб: “сизнинг футбол ўйнайдиган болаларингиз йўқ-ку, юравериб безор бўлмадингизми? Одамлар номидан мурожаат қилиш учун нотариусдан ишончнома олишингиз керак! Бўлмаса, сизни уч суткага қаматтириб юбораман!” деб таҳдид қилибди занғар. “Қамат!” дебди ҳеч кимдан қўрқмай қўйган опа. Қанақа ишончнома? Қанақа ўз болалари? Эй, номард! Ўзбекистон болаларининг келажагини ўйлаш ўз болаларининг келажагини ўйлашдан кўра юксакроқ фазилат эмасми? Бўралатиб сўкким келди. Аммо тилимни тишлайман. Флюра опа йўлтўсарнинг юзига айтганидай, у шу гаплари билан ичини кўрсатди. Афсуски, бундай йўлтўсарларнинг бадбўйи ачиган тухумдай бўрқсиб ётибди бугун. Уларни топиб, сассиғини кетказиш учун эса йиллар кифоя қилармикан?

Опанинг айтишича, баъзи эсини еганлар уни ҳатто жиннихонага ётқизишмоқчи ҳам бўлишибди. Агар бирор кун, худо кўрсатмасин,  Флюра опа жиннихонага ётқизиладиган бўлса, биз ҳақиқатни ўз қўлимиз билан “псих болница”га топширган бўламиз.

Ўқиган бўлсангиз, Чехов ҳикояларининг қаҳрамонларини кўз олдингизга келтиринг! Масалан, бормаган жойи қолмаган чолу кампир ноҳақ қамалган ўғлининг иши бўйича охири шифокорга мурожаат қилади. Қандай даҳшат-а?! Биз бугун ўша қаҳрамонларнинг ўзгинасимиз! Даҳшатли даҳшат!

2018 йил 16 июн куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоевга “КАТТАКОНЛАР”ГА МУРОЖААТНОМА” рукнида очиқ хат ёздим. Аммо бунга ҳеч ким эътибор бермади. Иттифоқ раиси Алишер Саъдуллаев бўлгач, 2019 йилнинг 3 сентябр куни унга ҳам фейсбук орқали муаммони етказдим. У эса: “Биз жойига борсак яхши бўларди, бир кун вақтини келишиб, ўзим ёки ўринбосарларимдан бири чиқиб келишади. Фақат телефон рақамингизни қолдиринг”, дея жавоб ёзди. Ўшанда телефон рақамимни ёзиб: “Кутаман”, дедим. Мана, ҳалигача қўнғироқни кутяпман гўё.

Ишонч сўнди

Бундан икки йиллар аввал холис одамлар, холис раҳбарлар Алимкент маҳалласига келиб ҳақиқий вазиятни ўрганади, аҳоли билан мулоқот қилади, уларнинг бу ишларга муносабатини – рози ё норозилигини сўрайди, ким бузган бўлса, Алимкентнинг келажаги бўлган ёш авлоднинг соғлом бўлиб вояга етиши учун спорт майдонимизни тиклаб беради, деб умид қилардим. Аммо у умид бугун сўнди.

Стадионимизни бузишганда менинг болаларим йўқ эди. Энди фарзандим бор, бироқ мен у манзилдан кўчиб кетдим. Лекин Яшнобод туманидаги Алимкент маҳалласида болалар кўп. Улар энди футболни кўчада, подъездлар олдидаги бетон йўлакда ўйнашга мажбур. Бундай ҳолатларни кузатиб туриб ичим ачийди.

Яна футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқа олмаяпмиз, дея жар соламиз. Мана, болаларга муносабатимиз. Уларга футбол ўйнашга шароит яратиб бериш ўрнига, бор спорт майдонини бузиб, ўрнига пултопар хусусий клиникалар қураверсак, қайданам “мундиал”га чиқардик?! Эҳ, янги Ўзбекистон ёшлари, сизларга дардкашман!

Уйингиз “снос”га тушса…

Адашмасам, 2015 йили Тарққиёт (ҳозирги Махтумқули) кўчаси узайтирилиб, Паркент, Темур Малик, Оҳангарон кўчаларига обориб уланадиган бўлди. Натижада Яшнобод туманида жойлашган 22-авиашаҳарча ҳудудидаги 18 хонадон яшайдиган кўпқаватли ғиштли уй, 15тача оила яшайдиган ҳовли уйлар “снос”га тушиб бузилди. Ҳарбий врач бўлиб ишлайдиган Ҳамид жеззам ҳам оиласи билан ўша хонадонлардан бирида яшарди. Шаҳар ҳокимлиги ўшанда ҳаммага уй кўрсата бошлади. Уйи бузилганларга ўринга ўрин уй беришди. Шаҳарчадаги 3 хонали уйда яшаган жеззамга эса 4 нафар фарзандини ҳисобга олиб, Қўйлиқ 2-даҳасидан 4 хонали уй беришди. Аввалги уйининг яшаш майдони 42 квадрат метр эди, янгиси 56 квадрат метр бўлди. Хоҳловчилар икки ё уч хонали уйининг устига маблағ қўшиб, 4 ё 5 хонага алмаштириб олишди. Баъзилар уйнинг пулини яхши нархда олишган. Хуллас, ҳамма рози бўлганди ўшанда. Аммо бир нарса ғашли эди. 15-20 йиллик қўшнилар, касбдошлар шаҳарнинг ҳар қаерига тарқаб кетишаётгани уларни хафа қиларди. Ўшанда Дилфуза аммамнинг қадрдон қўшнилари билан йиғлаб хайрлашгани ҳеч эсимдан чиқмайди.

Энди менинг ҳам уйим бор

Мақоламни бадбин эмас, некбин тарзда тугатгим келди. 2020 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 110 аъзосига Қозиробот маҳалласида Президент қарори асосида қурилган кўп қаватли хонадонлар ипотека кредити асосида берилди. Йигирма йилга. 110 киши ичида мен ҳам бор эдим. Тўғри, уч хонали уйимиз кичик ўлчамли, тўртинчи қаватда жойлашган. Аммо икки деразаси ва очиқ айвонининг эшиги қунчиқарга қараган, бошқа икки деразаси эса кунботарга қараган. Яъни, куннинг ҳар қандай маҳалида ҳам уйимизга қуёш нури тушиб туради. Эшик ва деразаларининг ҳаммасидан йўл, анҳор кўриниб туради. Яқинда қор ёғиб, кечаси ҳарорат -8 даражагача тушганда энг кичкина хонамизда жон сақладик. Демак, кичик ўлчамли уйларда ҳам мана шундай ҳикмат бор экан.

Насиб этса, бир кун мўъжазгина ер олиб уй қурадиган бўлсам, албатта, шоир Шавкат Раҳмонга ўхшаб ватанимни ўзим қураман. Уйнинг атрофини ёғоч ё бетон синч қиламан, ичига пахса девор ураман, томи пастроқ бўлади, устини лўмбоз қилиб ёпаман, деворларини лойсувоқ ё қумсувоқ қиламан.

Фозил Фарҳод

Мақола 2020 йилнинг 12 декабрь куни

“Ҳуррият” мустақил газетасида эълон қилинган.

 ————————————————————————————————————————————————————————————————–

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАЯНЧЛАРИ

Жиззахлик ўн икки нафар ижодкор Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида ёшларни барча соҳаларда қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор мақсаду режалар ҳақида алоҳида сўз юритди, ҳудудлардаги истеъдодли ёшларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Жиззах давлат педагогика институти талабаси, “Мард ўғлон” мукофоти совриндори Сайфиддин Оканов мазкур учрашувда таклифларини баён қилиб, сўнгра ўзи ёзган шеърини ўқиб берди. Шунда давлатимиз раҳбари: “Бундай сатрларни ёзиш учун Ватанни севиш керак”, дея иқтидорли ижодкор ёшлар юртимизга жуда кераклигини яна бир бор таъкидлади.

Жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари Уюшма раиси Сирожиддин Саййид бошчилигида Жиззах вилоятида бўлиб, ижодкор ёшлар билан юзма-юз учрашди. Вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Иқтидорли ёшлар – Янги Ўзбекистон таянчи” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, атоқли адиблар Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гуллар қўйиб, улар хотирасига ҳурмат-эътиром кўрсатиш билан бошланди. Шундан сўнг Жиззах давлат педагогика институти маданият саройида пойтахтдан борган таниқли адиб ва шоирлар билан вилоят ёшлари ва ёш ижодкорлари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Президентнинг Ўзбекистон ёшлари форумидаги фикрлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, маданият ва адабиётга берилаётган эътибор, бу жараёнда ижод аҳлининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулияти, шунингдек, бу борада Ёзувчилар уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикрлар билдирилди. Жумладан, атоқли адибларнинг юбилей саналари муносиб нишонланаётгани, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ижодий анжуманлар ўтказилаётгани, ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари “Ижод” жамоат фонди ҳисобидан кўп минг нусхада нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилаётгани таъкидланди.

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган ўн икки нафар жиззахлик ижодкорга гувоҳномалар топширилди. Улар орасида Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг “Сангзор мавжлари” тўгараги раҳбари Сайфиддин Оканов, Зомин туманидаги “Зомин булбуллари” тўгараги раҳбари Абдуғаффор Шодмонқулов, Шароф Рашидов туманидаги “Истеъдод ғунчалари” тўгараги раҳбари Абдухалил Сатторов, Ғаллаорол туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби қошидаги “Қақнус” тўгараги раҳбари Бекназар Қоражонов каби фаол ижодкор ёшлар ҳам бор. Шунингдек, маънавий-маърифий тадбирлардаги фаол иштироки учун уч нафар жиззахлик ёш фаол ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Кези келганда шуни айтиш керакки, бундан салкам чорак аср муқаддам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти ҳокими бўлиб ишлаган пайтларда у кишининг ташаббуси билан кўпдан кўп иқтидорли ёшларни рўёбга чиқарган Зомин семинарига асос солинган эди. Ўриклисой боғларидан бошланган адабиёт байрами, ёш ижодкорларга юксак парвоз учун қанот бағишлаган адабий анжуман бугунги кунда бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйиб, ўз меваларини бераяпти.

Учрашувда Жиззах давлат педагогика институти ректори Шавкат Орипов, филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Усмонжон Қосимов ижодкорлар номидан Ёзувчилар уюшмасига миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг тадбир Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчилари иштирокидаги мушоирага уланиб кетди.

Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Жиззах давлат педагогика институтнинг “Изланиш” тўгараги ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг Жиззах шаҳри ва ҳар бир тумандаги тўгараклари фаолиятини янада яхшилаш бўйича фикр алмашилди.

Ёш қаламкашлар билан учрашувларнинг асл мақсади халқ ардоқлаган устозлар йўлини давом эттириб, эл-юртга хизмат қилиш, адабиётимиз равнақига ўз ҳиссасини қўша олишдир. Мустақил мамлакатимизда кечаётган бунёдкорликлар, халқ онгу шуурида рўй бераётган янгиланишларни тарихнинг ёрқин саҳифаларига битиш ва халқни бунёдкорлик сари рағбатлантира олишдир.

Тадбирда фаол қатнашган ижодкорларга, миллий гвардия, божхоначи ва ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси «Ижод» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан чоп этилган Ҳамид Олимжоннинг «Танланган асарлар», Одил Ёқубовнинг «Эр бошига иш тушса», Вали Ғафуровнинг «Вафодор», Александр Бекнинг уруш йиллари фожиасига бағишланган “Волокаламск йўлларида”, “Сўз чамани” туркумида чоп этилган мумтоз адабиёт намуналари, ёш ижодкорларнинг «Биринчи китобим» рукнидаги юзлаб китоблари совға қилинди.

Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати бошлиғи

Мақола 2021 йил 8 январь куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган.

 ————————————————————————————————————————————————————————————————

УЛУҒ АДИБ УЙ-МУЗЕЙИДА

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 2021 йил давомида хайрли ишларни режалаштирган: юртимизда яшаб, ижод қилган ёзувчи-шоирларнинг уй-музейлари, улар туғилган қишлоқлар, маҳаллалар, адибларимиз номидаги ижод мактабларига оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорларни саёҳатга чорлаяпти. Илк саёҳат – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, академик Ойбекнинг уй-музейи бўлди.

2021 йилнинг 11 январь санаси. Пойтахтимиздаги Ифтихор 1-тор кўчасида жойлашган 26-уй. Болахонали, ғиштли хонадон. Нақшли ёғоч дарвоза табақалари ланг очиқ. Ойбек таваллудининг 116 йиллиги муносабати билан бу ерга оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар бирин-кетин кириб келмоқда.

Ичкарида турли ўқув юртларининг талабалари экспонатларни томоша қилишаётир. Академик Наим Каримов, Ўзбекис­тон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосарлари Нодир Жонузоқ, Ғайрат Мажид, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Баҳодир Қобул, Муҳиддин Абдусамад, Жавлон Жовлиев ва бир қанча меҳмонлар қатнашган учрашувда адиб Ойбек илиқ сўзлар билан хотирланди.

– Уй-музей кўчасидан озроқ юрганда Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домланинг уйлари бор, – дейди академик Наим ­Каримов. – Одатда машинада юрадиган одам бу тор кўчадан эмас, нарёғдаги катта кўчадан уйига келади. Лекин биз қачон Миртемир домла билан у кишининг уйига борадиган бўлсак, қишми, кузми, бизни мана шу кўчадан бошлардилар. Ойбекнинг уйи тўғрисига келганда эшикка таъзим қилиб, кейин ўтарди. Ўша даврдаги ёзувчилар учун Ойбек домла авлиёга ўхшаган бир инсон эдилар.

Буюк сиймолар яшаган манзил-макон азал-азалдан халқнинг соғиниб борадиган, зиёратга шошадиган жойларидан саналиб келган. Шоир Миртемирнинг бу таъзими замондош ёзувчига меҳри, ижодкор руҳига эҳтироми эди.

Кейинги сўз Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабийга берилади. Ҳофиз танбур торларини созлагунча журналист Нигора Умарова блогер Отабек Исроиловнинг интернетда эълон қилган “пост”ини ўқиб беришга шошади:

“Ойбек домланинг юбилейларига Умарали Норматов Субутой Долимов билан борган эканлар. Хаста ҳолида ётган домла улар билан кўришибди. Салом-аликдан сўнг касаллик азобларини сездирмайгина Ойбек домла титраб:

– Субутой… Ушшоқ… дутор, – деган эканлар.

Субутой Долимов дуторда “Ушшоқ”ни чалганларида Ойбек домла токай ашула тугагунга қадар сел бўлиб йиғлаган эканлар.

Шу воқеани эшитганимдан буён “Ушшоқ”ни тингласам, сел бўлиб йиғлаб ўтирган Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек кўз ўнгимда намоён бўлаверади.

Бу раҳматли шоира Ҳалима Худойбердиеванинг эсдаликлари, хотиралари эди”.

Шундан сўнг ушбу сўзга мос тарзда Ҳасан Ражабий севги ва бахт куйчиси, шоир Ҳамид Олимжоннинг “Куйгай” ғазали асосида яратилган қўшиқни куйлай бошлайди:

“Сўзимнинг шарпаси текканда

олам боб, боб куйгай,

Денгизлар, дарёлар, ҳаттоки

кўлларда ҳубоб куйгай.

Камондек қошларинг

киприкларингдин ўқ отар доим,

Сенинг ёдинг билан тинмай

ҳама нозу итоб куйгай.

Ёниб ишқингда қалбим

кулга айланса ажаб эрмас,

Кўзинг осмонга тушганда

ловуллаб офтоб куйгай.

Олай тоқатни қайдин,

кўзларингга ҳеч қаролмайман,

Тушубдир учқуни бағримга

гўёки китоб куйгай”.

– Ҳозир ҳаммамизга совға сифатида бир тақвим тарқатилди, – дейди Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Унга қарасак, устоз Ойбек китоб ўқиб турибди, орқасида ҳазрат Алишер Навоийнинг полотноси турибди. Бу бежиз эмас. Чунки биз ҳазрат Алишер Навоий ҳақида гап кетганда, бевосита, устоз Ойбекни эслаймиз. Ёки Ойбек ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. “Навоий” романининг қандай шароитда яратилганини ҳаммамиз яхши биламиз. Буни тарихий манбаларда ўқиганмиз, устозларимизнинг гурунгларида эшитганмиз. Қандай оғир пайтда, Иккинчи жаҳон уруши кетаётган даврда, Зарифа опанинг кундаликларида ёзилганидай, баъзан ейишга арзигулик нарса тополмасдан, оч ҳолатда ўтириб, лекин беш аср нарига хаёлан сайр қилиб, устоз Алишер Навоийнинг сиймосини адабиётимизда яратган.

Пресс-саёҳат иштирокчилари Ойбек таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан 1985 йилда барпо этилган уй-музейни томоша қилиб, ёзувчининг қўлёзмалари, китоблари, суратлари, фойдаланган буюмлари, яшаб, ижод қилган хоналарни ўз кўзлари билан кўришди.

Ойбек уй-музейига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди кўмагида чоп этилган китоблар – Ҳамид Олимжоннинг “Танланган асарлар”и, Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса”, Йўлдош Эшбекнинг “Сени сўроқлайман”, Вали Ғафуровнинг “Вафодор”, Орзиқул Эргашнинг “Қалб гавҳари” совға қилинди.

Алқисса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкиллаштирилаётган бундай пресс-саёҳатлар орқали ижодкорларимизнинг уй-музейлари, ижод мактаб­лари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгач, халқимиз ва дунё аҳли кўпроқ келадиган, зиёрат қиладиган севимли ­гўшалардан бирига айланади, деган ­умиддамиз.

Фозил ФАРҲОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати бошлиғи

Мақола 2021 йилнинг 15 январь куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган.

 ————————————————————————————————————————————————————————————————–

КОРРУПЦИЯНИ ЙЎҚОТА ОЛАМИЗМИ?

ҲАЛОЛ БЎЛСА ОТАЛАР, БУЮК БЎЛАР БОЛАЛАР

Ҳақиқатдан унган ривоят      

    Яқинда шундай ривоят эшитдим. Мазмунини ҳикоя қиламан. Бир киши катта заминдорнинг қўлида боғбон бўлиб ишлайди. Заминдор куз кунларининг бирида мевалари ғарқ пишган боғига амалдорлар, бойлар, ҳудуднинг кўзга кўринган, энг номдор одамларини чорлайди. Меҳмонлар жам бўлгач, мезбон боғбонни чақиради-да, энг сара узумлардан келтиришни буюради. Боғбон энг чиройли, энг сара узумларни узиб келади. Мева меҳмонларга тортилади. Узумлар нордонроқ чиқади. Мезбон боғбонни чақиради-да, узум ғўрроқ экан, дея тағин узум олиб келишини буюради. Боғбон яна бир бор узум келтиради. Буниси биринчисидан-да кўркам, биринчисидан-да рангдор, биринчисидан-да сархил эди. Меҳмонлар олдига тортилган узум яна тахир чиқади. Бундан заминдор мулзам тортади. Бой боғбонни четга чақиради-да: “Мен шаҳарнинг энг обрўли одамларини боғимга чорладим. Сенга энг яхши узумлардан олиб кел, десам ҳам икки бора тахир узум олиб келдинг, менда қасдинг борми?” дея жеркийди. Шунда боғбон жавоб беради: “Ҳожам, мен ҳақиқатан ҳам боғдаги энг сара узумларни териб келтирдим, лекин мен буларнинг тахир ё ширинлигидан хабарсизман. Чунки менга боғни парвариш қил деб тайинлагансиз. Ундан тот деб айтмагансиз”.

Ғоят таъсирли-а? Бу ҳалол инсон ким бўлган деб ўйлайсиз? Айтилишича, у Имом ал-Бухорийнинг отаси шайх Исмоил ибн Иброҳим эди.      Бу бир ривоят. Аммо манбаларда ҳам қайд этилишича, Исмоил ўта тақводор, парҳезкор, художўй, ҳалол инсон бўлган. Буни Аҳмад ибн Ҳафс шундай хотирлайди: “Абу Абдуллоҳнинг отаси Исмоил жон бераётганда олдига кирдим. У: “Молу давлатим ичига шубҳадан бирор дирҳам ёки динор аралашганини билмайман”, деди. Шунда ўзимни амалларим кўзимга жуда арзимас бўлиб кўриниб кетди”.

Бу сўзлар ривоятга илмий асос. Отаси ўзи ишлаётган боғдаги узумни тотиб кўрмайдиган даражада ҳалол бўлгани учун ҳам фарзанди буюк олим, муҳаддислар султони, яъни ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи бўлиб етишди. Модомики бу ҳақиқат экан, коррупциялашган мамлакатни ҳалол давлатга айлантириш учун ҳам эл ичида шайх Исмоилдай ҳалол инсонларни кўпайтириш зарур бўлади.

Наҳот бўлолмаймиз Сингапурчалик?

Қолаверса, ҳалол мамлакатни биргина ислоҳотчи инсон ҳам қура олади. Масалан, 1965-2011-йилларда Сингапурда Бош Вазир, Оқсоқол (катта) Вазир, Вазир-устоз бўлиб ишлаган, улкан мамлакатдан ажралиб чиққан қашшоқ, коррупциялашган шаҳар-давлатни эллик йил ичида ривожланган ва замонавий давлатга айлантирган инсон Ли Куан Ю фикримизга исботдир. У бу йиллар ичида тўзиб кетган колонияни жуда бой мегаполисга айлантирди, мамлакатни иқтисодий ривожлантирди, экологиясини тозалади, молия, банк, таълим тизимини ўзгартирди, коррупцияга қарши кескин курашди. У коррупцияга қарши шу қадар кескин курашдики, ҳатто унинг устидан ғалаба қозониш учун айб иш қилиб қўйган дўстлари ва қариндошларини ҳам турмага тиқишдан тап тортмади. Натижада бугунга келиб, жаҳонда коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича мамлакат 6-7-ўринга кўтарилди.

Наҳотки, табиий бойликларга, инсон ресурсларига бой бўлган Ўзбекистон табиий бойликлари йўқ, аҳолиси оз бўлган Сингапурчалик бўла олмаса?

Бизни ўраб турган олам – коррупция

Энди ўзимизга назар ташлайман. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Aкмал Бурҳонов “Газета.uz”га берган интервьюсида айтишича, мамлакатимизда ўтган икки йилда 1986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бош прокурор 2 йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида етказилган зарар 2 триллион сўмдан ошганини айтди. Эътибор қилинг! 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштирилган. Маданият вазирлигида 12 миллиард сўм бюджет маблағи ўмарилган. 2020 йилнинг ўтган ярим йиллигида соғлиқни сақлаш тизимида 285та ҳолатда 14 млрд. сўм маблағнинг ноқонуний ўзлаштирилиши ва мақсадсиз сарфланиши ҳолларига йўл қўйилган. Мактабгача таълими вазирлиги тизими ташкилотлари томонидан жами 48,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган. 300дан ортиқ сохта ҳарбий тавсиянома аниқланган. Ўтган икки йилда 371 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган, халқ таълими вазирлиги томонидан 2,8 млрд сўм мақсадсиз сарфланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2,6 млрд сўм ўзлаштирилиб юборилган. Ўҳ-ҳў! Шунинг учун ҳам биз коррупцияни қабул қилиш индексида 180та давлат орасида 158-ўриндамиз-да. Яна ўҳ-ҳў!

“Ўҳ-ҳў”ларимиз жудаям кўп. Бизнинг жамият одамлари бешикдан то қабргача минглаб коррупция ҳолатига дуч келишини ўйлайман. Туғуруқхона, боғча, мактаб, олий ўқув юрти, банк, нотариус, касалхона, ФҲДЁ, гўрков ва ҳоказо.

Майда коррупция занжири

Ҳаётимда учраган биргина мисолни такрор бўлса ҳам ҳикоя қилай. 2018 йилнинг октябрь ойида Эргашев номидаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасида фарзандли бўлдим. Болам туғилишидан аввал акушер гинеколог хотин “Келишиб оламизми?” деди. Унга 100 минг сўм “суюнчи” бердим. У: “Биринчи болага “ставка” 300 минг сўм, майли, сиз 250 минг бера қолинг!”, деди. Бошқа пул бермадим. Буям кичик бўлса-да коррупция. Боламни туғуруқхонадан олиб чиқиб кетишим учун кўнгилли сифатида қон топширишим ёки 40 минг сўм пул беришим кераклигини айтишди. “Мажбурий кўнгилли” бўлиб “Қон препаратлари” деган жойга бориб, 450 грамм қон топширдим. Бу коррупция эмас деб айтинг-чи? Қўлимга қон топширганим тўғрисида қоғоз беришди. Уни клиникага обордим. Қоғозни дўхтир менга фарзандим ўша ерда туғилгани ҳақидаги маълумотномага алмаштириб берди. Уни олиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун Яшнобод туман ФҲДЁ бўлимига бордим. У ерда мендан гувоҳнома учун кассада “36 минг 500 сўм” олишди. Чек беришмади. Сўраб олдим. Аслида чекда хизматнинг давлат нархи “30 409 сўм 50 тийин” ёзилган эди. Яъни, бу гувоҳнома ўша йилдаги энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида эканини кейин билдим. Ўшанда кассир қизга: “Бу ерда 30 409 сўм ёзилган, аммо сиз мендан нега 36 500 сўм олдингиз?” деганимда у “30”даги “0”ни “6” эканини исботлашга роса уринганди. Майли, 6 минг сўм арзимас пулдир, аммо барибир бу коррупция.

Эътибор қилинг, фарзанд туғилганидан то гувоҳнома олгунингизгача коррупция занжир бўлиб кетган.

Коррупциядан йиғилган пулга мактаб қурса бўлади

Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистонда 768520 бола туғилган. Тасаввур қилинг, уларнинг ҳаммасининг ота-онасидан кассир қизлар тахминан 6000 сўмдан олиб қолган бўлса, бу пул қанча бўлади? Калкуляторни ишга соламан: 4611120000 сўм. Бу оз пулми? Бу пулга битта мактаб қурса бўлади-ку! Мисол учун Жондор туманида 2020 йил фойдаланишга топшириган 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби маҳаллий бюджет томонидан 4.2 миллиард сўмга қурилган. Чуст тумани Садача маҳалласи ҳудудидаги 216 ўринга мўлжалланган 76-умумий ўрта таълим мактаби эса 4 миллиард 500 миллион сўм давлат маблағи эвазига барпо этилган. Майли, ҳар бир туғилган боланинг ота-онасидан 6000 сўмдан йиғиб, йилиги биттадан мактаб қурайлик, ўша пулни одамлар рози бўлиб ташлаб кетади.

Таққослагим келади. Интернет титкилайман. Сингапурликлар фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани уйда зарур шаклларни тўлдириб, тегишли органларга электрон почта орқали юбориш орқали олишар экан. Ҳукуматнинг бундай хизматларни Интернет орқали тақдим этиши одатий тарз сифатида қабул қилинади. Қизиғи, агар фуқаро ушбу хизматларни олиш учун муассасага шахсан келса, у ҳолда ушбу муассасага алоҳида эҳтиёжсиз келгани учун унга жарима солинар экан. Бизда эса эндиликда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани давлат хизматлари марказидан олиш мумкин. Нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи. Яъни бугунги кунда бу 39 370, 5 сўм бўлади.

Ишдан ҳайдаш билан иш битадими?

2018 йил туғуруқ жараёнидаги коррупция занжирини ўғлимга мактуб тарзида фейсбукда “пост” қилиб ёздим. Мақоланинг мингдан ортиқ киши ўқиб “лайк” босди. Гинеколог аёл ишдан ҳайдалди. Бундан хурсанд бўлмадим, албатта. Чунки бу йўл билан коррупцияга қарши курашиб бўлмасди. Шундан кейин мамлакатда гинекологларнинг “суюнчи” олиши камайиб қолдими? Албатта, йўқ.

2020 йилнинг 8 октябрь куни “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатуви орқали эфирга узатилган видеотасвир ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда Фурқат тумани туғруқхонасидаги айрим ходимларнинг “суюнчи” пули талашиб жанжаллашгани акс этган. Орадан бир неча кун ўтгач, телеграму фейсбукда туман ҳокими Дилмурод Солиевнинг туғуруқхона ходимларига бақириб, “оғиз йиртган” видеоси ҳам тарқалди. 1 ноябрь куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати бу ҳолатга расмий муносабат берди. Унда айтилишича, 2020 йилнинг 20 октябрь куни Фурқат тумани касаба уюшмаси қўмита раиси бошчилигида ўтказилган йиғилиш қарорига мувофиқ бирлашманинг буйруғи чиқарилиб, туғруқ бўлимининг ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ўртасида ротация (ўрин алмаштириш) ўтказилган, туғруқ бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ўрнига янги бўлим бошлиғи тайинланган, туғруқхона хўжалик бекаси бетоблиги сабабли соғлиги тикланганидан сўнг у билан тузилган меҳнат шартномасини беқор қилиш масаласи кўриб чиқиладиган бўлган, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнида янги раҳбар иш бошлаган. Бўлди, шу билан гўё муаммо “ҳал” бўлди, коррупция “йўқотилди”. У уч йил ўқиган ҳамширалар, етти йил ўқиган дўхтирлар қаерга боради энди? Шу ҳақида кимдир ўйлаб кўрдими?

Дўхтирлар қачон 1000 доллар ойлик олади?

Бу коррупцияга қарши курашишда одилона ечиммикан? Ишдан бўшатиш билан иш битадими? Икки йил олдин ёзилган мактубда мен дўхтир ва ҳамширалар ойлиги камлигидан улар беморларнинг қўлига қарайдиган бўлиб қолганини ёзгандим. Бугун ҳам шу фикрдаман. Оқ ҳалатлиларнинг ойлигини меҳнатига яраша ошириш зарур.

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида дўхтирларнинг ойлиги 1000 доллар бўлармиш деган гап-сўз тарқади. Ўқиб-кўрсам, Президент 20 ноябрь куни пойтахтда ишлаётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан учрашувда шифокорлар ҳам 1000 доллар миқдорида иш ҳақи олиши кераклиги ҳақида айтган экан. Бу, албатта, ният. Авалло, бунинг амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш керак. Бу ёғига мутасаддилар бош қотиришлари лозим бўлади. Эҳтимол янги тайинланган соғлиқни сақлаш вазири буни амалга оширар.

2020 йилнинг 9 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигида  57 нафар мансабдор шахс коррупция жинояти бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Бу рақамлар тиббиёт тизими ислоҳотга муҳтож эканини кўрсатади. Вазирлик олдида катта муаммо турибди.

Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Мақола 2021 йил 21 январь куни “Ишонч” газетасида эълон қилинган.

—————————————————————————————————————————————————————————————————

КОРРУПЦИЯНИ ЙЎҚОТА ОЛАМИЗМИ?

МАДАНИЙ ВА “ҚОНУНИЙ” ПОРАХЎРЛИК ҲАҚИДА

Иккинчи мақола

Маданий коррупция

ХХ асрнинг буюк менежерларидан бири, ишлаб чиқаришда оқим-конвейер йўлини жорий этган, АҚШнинг автомобиль саноатининг “отаси” Ҳенри Форднинг ушбу гапларини ўқийман: “Тайёр маҳсулотларни олиб-сотиш – бизнес эмас. Чайқовчилик порахўрликнинг маданийроқ кўринишидир”. Ўқийман-у, уйимнинг тирқишларидан совуқ ҳаво ичкарига кирадиган деразасидаги резина “Акфа” ромларига ва очиқ айвонга олиб чиқадиган резина “Акфа” эшикларига қарайман ва қаттиқ ўксинаман. Наҳот бу ҳам коррупция бўлса. Чалғиш учун телевизорни ёқаман ва “Артел” деган ёзувга кўзим тушади. Уф! Бирор ёруғ хабар ўқий, дея интернет титкилайман. 2020 йилдаги пандемия даврида давлат ва маҳаллий бюджет маблағларига “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти 398 млн сўмга 1 та, Нарпай тумани ҳокимлиги 398 млн сўмга 1 та, Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси 398 млн сўмга 1 та, Сурхондарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси 398 млн сўмга 1 та, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси 398 млн сўмга 1 та, Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимлиги 370 млн сўмга 1 та, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 1 млрд 194 млн сўмга 3 та, Наманган вилояти ҳокимлиги 400 млн сўмга 1та, Хоразм вилоятининг Тупроқалъа тумани ҳокимлиги 398 млн сўмга 1 та, Денов тумани ҳокимлиги 398 млн сўмга 1 та, Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокимлиги 370 млн сўмга 1 та Traiblazer автомобилини харид қилганлари ҳақидаги хабарларни ўқийман. Асабим тирналади. Шунингдек, яна бошқа-бошқа ҳокимлик ва молия бошқармалари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, фақат йиғиладиган, устига 50 фоиз нарх қўйиб сотилаётган қиммат нархлардаги Malibu, Tracker, Equinox машиналарини олгани тўғрисидаги хабарлар ҳам қаршимдан чиқади. Яна ичим ачийди. Негадир бутун танам қашқаш кетади. Наҳот булар ҳам коррупция бўлса?

Бугун атрофимизни коррупция шу қадар ўраб олганки, қочиб қутулишнинг имкони йўқдай туюлади.

Ислоҳотлар амалга кўчса…

Маҳмудхўжа Беҳбудий ёзган: “Адолат ҳукмрон ерда ислоҳотга ҳожат йўқ”. 2016 йил охирида Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими ўзгарди, янги Президент сайланди, ҳукумат янгиланди ва жуда кўп соҳаларда ислоҳотлар ўтказилди. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳам.

Менинг эътиборимни тортган жиҳат, юртимизда коррупцияга қарши курашишда Сингапур йўлидан бироз улгу олингани бўлди. Масалан, учта мисолни санайман.

  1. Сингапурда коррупцияга қарши ислоҳотлар, аввало, қонунчилик базасини ислоҳ қилишдан бошланган. Қонунчиликдаги барча бўшлиқларни ёпишга қаратилган қонунчилик инвентаризацияси ўтказилган. 1960 йили йигирма уч йил аввал қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги эскирган Қонун ўзгартирилган.

Бизда эса шу номдаги қонуннинг ўзи йўқ эди. Коррупция ҳақида кодекслар ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар ичида айрим моддалар бор эди, холос. 2017 йилнинг 3 январида Президент имзоси билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. У 34 маддадан иборат эди.

  1. 1960-йиллари Сингапурда Коррупцияни текшириш бўйича бюро (КТБ) коррупцияга қарши курашиш билан шуғулланган асосий органга айланади, У ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги йирик порахўрликларга эътиборини қаратади. Бюро ходимлари суткасига 24 соат Сингапурнинг ўша пайтдаги бош вазири Ли Куан Юга мурожаат қилишга рухсат берилади.

2020 йил 29 июн куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Ушбу орган тўғридан-тўғри Президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисоб беради.

  1. Ли Куан Ю мамлакатдаги сиёсатчилар, вазирларни юқори маош билан таъминлайди. Натижада бу коррупциянинг кескин камайишига олиб келади. У юқори ойликни ҳокимиятдаги барча ходимларга эмас, у ердаги билимдон ва олимкор ходимларга бериш кераклигини айтади.

Бизда ҳам кейинги йилларда раҳбарлик лавозимларида ишлаётган аксар кишилар – Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг, ҳокимият тизимидаги раҳбар ва ходимларнинг, олий ўқув юртлари раҳбариятининг ойлиги босқичма-босқич 5-10, 10-15, 15-20 миллион сўмга чиқарилмоқда. Юқори маош олган кишининг порага эҳтиёжи қолмаслиги учун шундай йўл тутилмоқда. Тузилмаси 2020 йили янгиланган агентликда ишлайдиган касбдошимнинг айтишича, уларда бўлим бошлиқларининг ойлиги 11 миллион сўм, бош ва етакчи мутахассисларнинг маоши 9-10 миллион сўмни ташкил этар экан. Ҳамма ҳам бундай ойлик олмас экан. Ишхонада “ки-пи-ай” тизими йўлга қўйилган бўлиб, яъни иш самарадорлигига қараб ойлик белгиланар экан. Яхши ишламасангиз, топшириқлар ижроси кечикса ва бошқа шунақа ҳолатлар бўлса, ойликка жиддий таъсир кўрсатади, яъни камаяди. Вазирликда ишлайдиган яна бир касбдошимнинг айтишича, ходимлар ишга қанча кўп кечикса, шунча кам ойлик олар экан. Уларнинг ҳам ойлик маоши 10 миллион сўм атрофида экан.

2020 йилнинг 3 январь куни “Umid 2.020” халқаро конференцияси вақтида Адлия вазири Русланбек Давлетов “Ҳозир маошларимиз қанчалигини яширишга ҳожат йўқ, ҳаммаси шаффоф. Масалан, Адлия вазирлигидаги бошқарма бошлиқлари (мукофот пуллари ва бошқа тўловлар билан бирга) камида 15-16 миллион сўм ойлик маош олишмоқда”, деган. Тасаввур қилинг, ҳар ойига мўмайгина ойлик келиб тургач, улар биров берган чой-чақага қарайдими? Масалан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 ойи давомида 1 нафар адлия тизими ходими коррупцияга оид жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилгани тўғрисидаги хабар тизим коррупциядан анча тозаланганига исбот бўлади.

Бизда “қонуний” коррупция борми?

Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари агентлиги ва унинг қошидаги марказлар Ўзбекистонда коррупцияни камайтириш учун ташкил этилди. Улар ҳозирги кунда 150 га яқин хизмат тури бўйича аҳолига хизмат кўрсатади. Аммо у ерда қизиқ ҳолатга дуч келасиз. Агентликнинг davxizmat.uz сайтида ёзилишича, давлат хизматларини навбатсиз олиш хизмати мавжуд. Яъни, унинг нархи Тошкент шаҳрида 133 800 сўм, вилоят марказларида 100 400 сўм, туманларда 66 900 сўм. Унга қуйидагича тасниф берилган: “Давлат хизматлари марказларида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган ихтиёрий пуллик хизмат”. Бу нима дегани? Пули бор одам навбатни сотиб оляпти деганими? Бу “қонуний” коррупция эмасми? Сайтда “Ихтиёрий тезлаштирилган хизматлар” бўлимиям бор. Унда учта хизматга мўмайгина ҳақ эвазига ишингизни тезлаштириб ҳал қилиб беради. Улардан бири …савдо қилиш учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, иккитаси …лицензияни тезлаштирилган тартибда олиш хизматларидир.

2020 йилнинг 15 сентябрь куни касбдошим И.З. Учтепа тумани давлат хизматлари марказига ФҲДЁ архивидан “Никоҳда турмаганлиги ҳақидаги маълумотнома” олиш учун борди. Оператор унга икки хил хизматни таклиф этган. Бири маълумотномани ўз нархида, беш иш кунида тайёрлаб бериш. Иккинчиси 150 минг сўм эвазига ушбу маълумотномани бир соатда олиб бериш. Табиийки, касбдошим ўз нархида, беш иш кунида тайёр бўладиганини танлаган. Шунда кассир хизмат учун 17 000 сўм олади. Савол туғилган: нега квитанцияда 11 205 сўм 75 тийин ёзилган? Кассир жавоб беради: “5 500 сўм комиссия учун”. Ваҳоланки, кейинчалик чекка қаралганда комиссия учун 55 сўм 75 тийин олингани қайд этилган. Айёрликни қаранг, 55 билан “5500” ўхшашми? Иккита “нол” кўпайтирилса, иш битади. Умуман нега комиссия хизмати мижознинг гарданига юкланиши керак. У марказ билан банк ўртасида бўлиб, хизмат нархининг ичига кириб кетиши керак эмасми? Қолаверса, 150 минг сўмга бир соатда маълумотнома олиб бериш учун ФҲДЁ архиви электронлаштирилган бўлиши керак-ку! Гарчи электронлаштирилган бўлса, хизматни 150 минг сўм эмас, 11 205 сўм 75 тийин эвазига бажариб берса бўлмайдими? 150 минг сўм “қонуний” коррупция эмасми аслида?

Яна бир муаммо. davxizmat.uz сайтида ушбу маълумотномани олиш муддати уч иш куни деб кўрсатилган. Нега унда касбдошимга оператор 5 иш куни дея айтган? 15 сентябрь – сешанба куни тўлдирилган сўровнома қонунда кўрсатилганидай 18 сентябрь – жума куни тайёр бўлиши керак эди. Хизматчи эса мижозга маълумотномангиз душанба куни – 21 сентябрга тайёр бўлади деган. Олинган маълумотномада “Ҳужжат яратилган сана: 2020-09-19” кўрсатилган. Яъни, ҳужжат шанба куни тайёр бўлган. Шанба куни эса давлат хизматлари марказлари ишламайди. Ана, холос.

Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистонда 34 миллион аҳоли бор. Уларнинг ўн фоизи шу хизматдан фойдаланди дейлик. Уларнинг ҳар биридан 5500 сўмдан ортиқча пул олиб қолинса, бу қанча пул бўлади? Яна калкульяторни ёрдамга чақираман: 18700000000 сўм. Ўҳ-ҳў! Бу пулга неча-неча мактабни нолдан қурса бўлади? Майли, 150 минг                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                             сўмдан ҳисобламай қўя қолайлик. Калкульятор хоналарига сиғмай қолиши мумкин. Ҳай-ҳай, дея шайтонга ҳай бераман.

Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Мақола 2021 йил 23 январь куни “Ишонч” газетасида эълон қилинган.

Журналист, ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати бўлими бошлиғи,

—————————————————————————————————————————————————————————————————

ПАРИЗОДИМ, СЕНИ ИЗЛАБ ТОҒЛАРГА БОРДИМ…

Гўрўғлини сўраб шивирлаган ёзувчи

Қарашлар эврилиши

Ўйласам, бу қораламани ёзишга узоқ чоғланибман. Атайлаб эмас, кўнгил йўл бермабди, ҳали фикрлар пишиб етилмаган, мулоҳазалар узуқ-юлуқ эди-да аввалига. Орада ёзмасликка ҳам қарор қилдим. Бироқ бирор адабиётчи ё киночи асар ҳақида ичимдаги гапни тўлиғича айтолмагач, фикрлар кемтиклигидан ҳамон минг истиҳола билан қўлимга қалам олдим.

Киноқиссани картинадан аввал ўқиганим учунми, филмни илк бор кинозалдан кўриб чиққанимда дилим анча хуфтон бўлди. Асарни ўқигач, тасаввуримда пайдо бўлган инсон қиёфасидаги самовий фаришта филмда ердаги ташвишларга қоришиб яшаётган оддий одамга айланиб қолганди. Шу таассурот таъсирида юрганим учун филм ҳақида фикр сўраб радиога чақиришганида уни боплаб танқид қилганим ҳам рост. Ҳозир ўша интервю воқеасини эсласам, кулгим қистайди. Лекин филмни кейинчалик қайта-қайта кўришим натижасида дастлабки таассуротим бироз ўзгарди. Бу филмнинг фестиваллардан қўша-қўша мукофотларни олиб келиши билан боғлиқ эмас асло. Бунинг сабаби оддий: фаришта режиссёр томонидан моддийлаштириб – ерлаштириб қўйилган эса-да, адабий асос – сценарийнинг бақувватлиги картинага устун бўлиб турарди, маҳоратли актёрлар ижроси ўша устунни мустаҳкамларди, мусиқанинг кучи эса филмга жозибадорлик бахш этарди. Шунга қарамай, келажакда бу асарни моҳирлик билан қайта экранлаштирадиган, Паризодни ҳақиқий фаришта қиёфасида гавдалантира оладиган режиссёрнинг туғилишига бўлган умиддан ҳеч қачон воз кечмайман.

Шу ўринда яна бир гап. Киноқиссанинг номи “Фаришта”, лекин асар кадрга “Паризод” номи билан муҳрланди. Бу тўғри ўзгартириш. Негаки, ҳаётда кимдир қизига Фаришта исмини қўйганини эшитмаганмиз, аммо Паризод исми халқ орасида учрайди. Шу маънода асар матнда “Фаришта” номини бемалол кўрата олади, лекин экран буни кўтара олмаслиги мумкин эди. Шунингдек, асардаги Бозор кал кинода Бозор девга айлантирилган. Бу ҳақда филм режиссёри Аюш Шаҳобиддиновдан сўраганирмизда: “Эркин Аъзамдан “асарнинг мифологик асоси борми?” деб сўраганимда ёзувчи Бозор кални Бозор девга айлантириб берди”, деб жавоб берганди. Бу режиссёр ва ёзувчининг ниҳоятда тўғри қарари эди. Бунинг нега тўғри эканини қуйида изоҳлаб ўтаман.

Бечоранинг чораси

Кимсасиз қишлоқда, қоронғулик қарида Бозор дев (Тоҳир Саидов) чангалидан омон қолиш учун инграниб, оғир қисматни бошдан кечираётган вужудни нозик оёқлари ила кўтариб чопқиллаётган Паризод (Зарина Низомиддинова) гўё тақдирдан қочмоқчидай, шўр пешонасига битилган аччиқ ёзиқни четлаб ўтмоқчидай. Тўғри-да, жамоли ой деса ойдек Пари келиб-келиб қандайдир тентак, худобехабар бир баттол Бозор девга насиб этсинми бўлмаса? Бунинг устига мифологиямизда ҳам девлар париларни севсаларда, лекин ҳеч қачон уларга чанг солмаган ахир. Достонлардаям Кўҳиқофда Эрам боғида яшаган Париларни ғайритабиий кучлар – девлар қўриқлашган, холос. Парилар идеал қаҳрамонга – етук инсонга, масалан, Гўрўғлига илгаридан «белгиланган», «аталган» бўлсалар-да, улар машаққат, куч, ақл, фаросат, тадбиркорлик билан қўлга киритилган, висолига етишилган. Шу маънода, боя айтганимдай, Эркин Аъзам асарда салбий қаҳрамонини бошида “хато қилиб” Бозор кал атаган бўлса-да, кадрда бу хатосини тушуниб, “кал”ни “дев”га айлантиргани бу асар қийматини янада оширган, киноқиссадаги мифологик асосни жойига қайтарган.

Паризоднинг ёлғизлиги бошқа жувонлар – эри урушга кетган ё вафот этган аёлларнинг ёлғизлигига сира ўхшамас. У ёлғизларнинг ёлғизи, танхоларнинг танхоси. Майлийди, урушгами ё узоқроқ сафаргами кетган бирор кутгани бўлса. Чунки ундай маҳал умид бўлади одамда. Йўқ, афсуски, тақдир қаҳрамонимизни ёлғизлик қамчиси билан аёвсиз – юрак-бағри эзилгунча калтаклаган, пешонасига аччиқдан аччиқ қисматдан бошқасини битмаган.

“Худо урган бу шўрлик” тўй кечаси чимилдиққа кириб-кирмай қайлиғидан ажралса-да, жувонмарг куёвига қайнотасиникида бир-икки вақт мотам тутиб ўтиргач, кейин “касофат, шумоёқ” деган насаҳ билан қувилса-да, ёлғиз момосидан бўлак ҳеч кими йўқ, аммо момо ҳам ўтган кузакда қазо қилиб, ҳайҳотдек чорбоғда бир боши билан қолса-да, кечалари Бозор девдан қочиб эшикни ичкаридан тамбалаб, саҳаргача дағ-дағ титраб чиқса-да”, паймонаси тўлмади ва пешонасига қандайдир бетайин Бозор девга ем бўлиш битилмаганини исботлаш учун “эшик-деразасини қўлидан келганча михлаб ташлаб”, тугунини қўлтиқлаганча Пари қишлоқдан бош олиб, “қаёққа йўл оганиниям, энди нима қимоқчилигиниям ўзи билмаган ҳолда” чорасизликда чора, йўлсизликда йўл ахтарган ғарибу бенаво кимса сингари янги қисмат қидириб йўлга чиқади.

Тақдир учрашуви

Бу пайт пешонасига эл корига ярашдан бошқаси битилмаган, яккақўл онаси билан ёлғиз яшаётган, тўйини ўтказиш учун “бирор жойга бориб уч-тўрт танга ишлаб келиш”ни ният қилган қўли калта йигит – эҳтимол, бақувват, тоғни талқон қиладиган аждодларидан фарқ қилувчи, бугунги замон эврилишлари олдида ожиз қолган замонавий Гўрўғли – Жонибек (Самиддин Лутфуллаев) одатдаги юмуши билан, Эшон бобони уколлаб уйига қайтаётганди. “Йўлингизда фаришталар ҳамроҳ бўлсин!” деган эшон ака – Шамсиддинхон (Рустам Аҳмедов)нинг дуоси ҳамда ярим йўлда бузилган мотоцикл кажавасида кўрилган туш ижобат бўлиб Жонибекка аччиқ қисматдан қочган ҳалиги Пари ҳамроҳ бўлади. Жонибек уни уловга солиб ўз қишлоғига олиб жўнар экан бирининг қидираётган, иккинчисининг ҳали англанмаган янги тақдирлари бошланади.

Саргардонлик

Қаерга оборишни билмаган Жонибек Парини ўй уйига бошлаб келади-ю, бошига бало орттириб олади. Қишлоқдошлар гап-сўзи, унаштириб қўйилган қайлиғи Ойтуман (Шаҳло Тимирова)нинг айниб қолиши уни чигал вазиятга солиб қўяди. Бу орада Парига “эр” ҳам топила қолади. Оиланинг тўнғич фарзанди Салима (Лола Элтоева)нинг таклифи билан Жонибек Парини Расул муаллим (Бахтиёр Қосимов)га элтиб беради. Ҳовлисидаги гулзор ичида бармоғига қадалган атиргул тиконидан азоб чекаётган Паризодга эҳтирос билан қараётган Расул муаллимни “қариб қуйилмаган сассиқ чол” дея сўккинг келади. Бироқ унинг қилган ишидан ўзи уялиб “астоҳфуруллоҳ, астоҳфуруллоҳ” дея калима қайтариши ва “тўғриси, биз унга муносиб келмаймиз” дея унга муносиброқ – ёшроқ куёв ахтаришини кўрганингда муаллим кўзингга бамисоли фаришта, ёинки, пайғамбарсифат одам бўлиб кўринади.

Паризод “муносиб куёв”га ҳам насиб этмайди. “Янги куёв”нинг акаси Эргашқул (Фарҳод Худойбердиев)нинг “Борига-барака, қилиб ўқиб ташлайвермайсизми, мулла ака!” мазмунидаги ялинишига қарамай, никоҳ ўқиётиб нафаси ичига қайтиб кетган мулла (Омон Шоимов) дарвозадан чиқар экан шу пайтгача ўқиган никоҳлари бирор дафа заха емаганини, “бу заифанинг бир балоси бор”лигини айтиб, иймонига қарши бормай ортига қайтади. “Бозор бўлган” ҳамда беникоҳ хотинни уйида сақлашни ўзига ор билган Абдурашид (Толиб Мўминов) уч нафар етим боласининг зорланишларига ҳам қарамай уни Жонибекнинг ҳовлисига қайтариб олиб бориб ташлайди. Бу орада Парининг довруғи бутун қишлоққа ёйилиб улгуради, ҳатто хабар қўшни қилшоқдаги Исмат бойвачча (Беҳзод Муҳаммадкаримов)нинг қулоғигача етиб боради ва у Жонибекнинг уйидаги “қушча”га харидор бўлиб бир даста пул қўлтиқлаганча “Парини мотоциклга солиб ҳовлима-ҳовли олиб юрадиган” деган ном орттирган йигит ҳузурига келади. Тақдирнинг синовлари олдида ожиз қолган, ихтиёрини янги қисмат ҳукмига топширган Паризоднинг Исмат бойваччага жазман бўлишга кўнмай бошқа иложи йўқ эди.

Қўли юпқа, бироқ Исмат бойваччанинг ҳаром пулини олишга ғурури йўл қўймаётган ҳалол ва пок йигит – Жонибекдан бошқаси муносиб бўлмаган бу гўзал ҳилқат худди оловдан омон чиққан каби қўли истаган ерига етадиган Исмат бойваччанинг чангалидан ҳам бокиралигича чиқади. Худо сақлайман деса, шунча бўлади-да!

Одамлар, о, дамлар

Бироқ бу сақловлар қалб кўзи ҳали тўла очилмаган Жонибекка ҳеч кор қилмайди. Қаёқдан ҳам кор қилсин. Гулдай қиз – Ойтуманни қўйиб, тоғ ошиб келган, эр кўрган бир “бенаво”га уйлансинми энди: “Одамлар нима дейди ахир?”

Бироқ ўша гап-сўзга ўч одамларнинг ҳаётида салбий томонга бўлаётган эврилишлар, замоннинг ғалати янги тутумлари филмда ёзувчи томонидан бир неча бор уқтирилган:

Тугал хола (Дилором Каримова) ховлию боғини чинни қилиб қўйган Парини қизига оғзидан бол томиб мақтаётиб айтади: “Тавба, шу замонда ҳам шундай қизлардан қолган экан-да, а, Зиёда?!”

“Мўйсафид отасига ёш хотин қидирадиган тушунган қиз” – Салима (Нафиса Тошматова) хотинидан кўнгли совиган, туғилган ҳовлисида пайдо бўлган Парига бир қарашда ошиқу беқарор бўлган шаҳарлик укаси Шавкат (Насрулло Нуров) билан отасининг уйига ўз оёғи билан келган, борадиган жойи, сўрайдиган одами йўқ ўгай онаси ҳақида гурунг қилаётиб одамлардан зорланади: “Тўғри – ёш, ёшроқ. Дадамнинг ўзлариям унамай турибдилар – уволмиш, гуноҳ бўлармиш! Лекин мосроғини қайдан топардинг, ука? Бу замоннинг бевасига ҳам қирғин келган. Ё бойроғини кўзлайди бари, ё ёшроғини!”

Расул муаллим ахтарилган “янги куёв”нинг акаси Эргашқул билан унинг дўкони ёнида гаплашаётиб одамларнинг ўзгарганига ишора қилади: “ – У ёқ-бу ёқдан бирор бева-бечорани ҳам кўрмабсизлар-да? – Униси ҳам бўлди, ака. Бултур денг, анов чимзорлик бир туғмас хотинни олиб келувдик. Беш-олти ой юриб, кетиб қолди. Бўйида бўлганмиш, қаранг! Тағин ўша – ўн йилдан зиёд бирга яшаган эриникига борса-я! “Ўзимни бир синаб кўрмоқчи эдим”, дермиш мочағар”. – Ё пирим-эй! – дейди Расул муаллим ёқа жуфтлаб. – Замонасиям чархпалак бўлиб кетди-ёв, а, Эргашқул?”

Рамзлар тилга кирганда

Шу ерда ғалати парадоксга бошимиз урилади. Ҳаётнинг муқаддас тутумларини бузиб, ана шундай оламжаҳон ўзгаришлар қилишга улгурган одамларнинг басир қалби Парининг ҳилват бир тоғу тошдаги турган-битгани эзгуликка йўғрилган пажмурда, аммо яшаш умидидаги муштдеккина ғариб кўнглини пайқашга ожиз! Қайтага уни “бозор кўрган” хотинга чиқариб ўтирибди. Қалби басир бу одамлар Жонибекни исён қилишга-да ҳеч қачон йўл қўймасди? Тўғрироғи, бахтни тақдир қўш-қўллаб бериб турса-да, замоннинг аллатовур чиркин тутумларини парчалашга Жонибекнинг ўзи асло журъат қилолмасди, гарчи қисмат унга бу ҳақда бир неча бор рамзлар тилида гапирган бўлса-да. Шамсиддинхон аканинг дуоси ва кўрган тушидан кейин бу Пари йўлида бекорга учрамагани, никоҳ ўқиётган мулланинг нафаси ичига қайтиб кетгани, Парининг фалакка мунгли муножати – рақси билан Исмат бойваччанинг ўтакасини ёргани, қудаларнинг фотиҳани бузмоқчи бўлгани сингари воқеаларнинг ҳар бири Жонибекка ишора берарди. Аммо энди жудаям кеч бўлганди, ўйлаб кўриш-да душвор эди. Жонибек уни ўзи қўш-қўллаб Исмат бойваччага ўйнашликка олиб бориб бўлганди. Парини бойвачча дарвозасига ташлаб кетар экан, ожиза қиз “мени нима қилаяпсан, кимларга ташлаб кетаяпсан” дегандай Жонибекка илтижоли кўзлари билан нажотзорона ўгирилиб қарайди. Ўзини айбдор ҳис қилган йигит эса бу нигоҳларга дош беролмай кўзларини бошқа ёққа олиб қочади. Шу ўринда нигоҳлар сўзлашуви мусиқа таъсирида юракка шу қадар кириб борадики, буни ҳар қанча сўз билан ҳам ифодалаш мушкул…

Шу ўринда яна бир рамз эътиборимиз тортди. Жонибекнинг унаштирилган қайлиғининг исмига диққат қилинг: “Ойтуман! Ҳам ой, ҳам туман-а!” Аслида бу қиз Жонибекка муносиб эмаслиги ушбу исм замирида яширилган эди.

Филм кулминациясида янги қисмат ахтариб йўлга чиққан, аммо тақдир тугул бир чимдим бахт ҳам тополмаган Паризод алал-оқибатда барибир замоннинг одамларига қўшилиб айний бошлаган, Кўҳиқофда Эрам боғида яшаган инсофли аждодларидан батамом фарқ қилувчи Бозор девга ем бўлиши кераклиги ойдинлашиб қолади. Жонибекнинг мотоцикли тепаликдан пастга қараб қулагач, кажавасидаги қўлбола тайёрланган курси – Пари рамзидаги “тахт”нинг у ер-бу ери синади. Бу синиқ “тахт”ни шу атрофда тимирскиланиб юрган Бозор дев Жонибекдан сўрайди. “Соғ жойи қомаган-у, уни нима қизасиз?” деган йигитга дев “Кер-рак” дея дағал жавоб беради ва “тахт”ни ўзи билан олиб кетади, нарироққа бориб унда бироз ўтиради-да, Парининг қишлоққа қайтиб келганини кўриб, хурсандчилигидан “тахт”ни жарга улоқтиради. “Тахт” парча-парча бўлади. Бу парчаланиш – Парининг дев қўлида қурбон бўлишига ишора эди.

Драматик ечим

Бироқ Паризод фалакнинг бундай шармандали ёзиғига рози эмас. Шунда унинг олдида ягона чора қолади: сиртмоқ! Бу Паризоднинг ўзига ҳусну малоҳат бергану бироқ шунга муносиб тақдир ато этмаган фалакка сўнгги – даҳшатли исёни эди.

Ўз жонига қасд қилишни биз диний қарашларга кўра доим қоралаб келамиз. Аммо қисмат олдида бошқа чораси қолмаган Паризоднинг ҳолини қоралашга тил бормайди, бу шўрпешона ожизани муҳаббатини деб бир маромда бораётган оиласи – гулдай фарзандию ҳиссиз бўлса-да, бошидаги эридан воз кечиб, ҳам жамиятнинг қаҳру ғазабига учраган, ҳам қидирган муҳаббати шунча қурбонликларга арзимаслигини кеч англаган Анна Каренинани тушунган сингари тушунамиз, холос.

Эркаклардан ижозат ва маъзур сўраган ҳолда жайдарича, яъники, эркакча хулоса ясасак. Аёл ҳилқатининг қисмати биз эркакларникидан анча аччиқроқ, беҳад аянчлироқ. Негаки уларнинг ярим тақдири эркаклар қўлида, эрлар зиммасида. Ёзувчи айтганидай, аёлларнинг энг ёмони учун ҳам биз эркаклар айбдормиз, аслида. Шундай экан, Паризоднинг ўз жонга қасд қилишининг гуноҳи, тавони биз – тажаввузкор, бироқ худобехабар Бозор девлару хато қилганини кеч англайдиган қўли юпқа, аммо ҳалол ва виждонли Жонибекларнинг гарданида…

Филм сўнггида ёзувчининг рамзий маънодаги фалсафий хулосаси – қилган хатоси учун Парини топган ва йўқотган ўша харсанг тош устида азоб чекиб ўтирган, дейлик замонавий Гўрўғли қиёфасидаги Жонибек ўрнида тағин Пари пайдо бўлиши – томошабинни фикрлашга чорлайди. Шу ўринда биз қуйидагича икки ечим ясадик: бири – Жонибек қилган хатоси учун қисмат олдида ўлпон тўлаши – ўзи ҳам кўркам ҳилқатнинг кўрксиз кечмишини бошидан кечириши учун тақдир томонидан Парига айлантирилиши бўлса, бошқаси – ёзувчининг ҳаётда бундай Парилар ҳали борлигини, уларни асраш эса мард ва жўмард Гўрўғлилар қўлида эканини ўқувчи – томошабин қулоғига хавотирли шивирлашидир.

Фозил ФАРҲОД

Эскартма: Филм номи: “Паризод”,

сценарий муаллифи: Эркин Аъзам,

постановкачи режиссёр: Аюб Шаҳобиддинов.

Мақола “Саодат” журналининг 2020 йил 6-7-сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.2 / 5. Baholaganlar soni: 19

OAV nomi va parolini kiriting!