«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-14T17:42:59+05:0014 Aprel, 2021|Матбуот|

”БИРОНТА ХОНАДОН, БИРОНТА ОДАМ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ”

Халқимизнинг меҳр-оқибати, куч-қудрати қандай жўш урганини кўрмоқчи, билмоқчи бўлсангиз, бугун Сирдарё вилоятига келинг

 

– Сирдарёга бориб, Сардоба сув омбори тошқинидан жабр кўрган аҳолининг кайфиятини ўрганасизлар, уларга кўрсатилаётган амалий моддий-маънавий кўмак кўламини акс эттирадиган таҳлилий мақола тайёрлайсизлар, – деди Бош муҳаррир.

20 май куни эрталаб соат 8.00 да фотомухбир Санжар Шотўлаганов билан Тошкент шаҳар чегарасидаги ЙҲХХ «Эркин» постида кўришадиган бўлдик. Бизни ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Холбек Жалолов кутиб олди.

– Куни кеча сув тошқини бўлган ҳудудларни айланиб, фалокатдан жабр кўрган аҳоли ҳолидан хабар олиб қайтдим, – деди бизни кутиб олган Холбек Жалолов. – Майли, юринглар, сизларни ўзим бориб улгурмаган маҳаллаларга олиб бора қолай.

У шундай дея бизни хизмат машинасига таклиф этди. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик.

– Бу машинани бизга партиямиз Марказий Кенгаши ажратган, иш кўп, уловсиз бирор ерга бориб бўлмайди,– деди у.

Вилоят кенгаши раиси ўринбосари Беҳзод Эшмирзаев ҳам бизга ҳамроҳ бўлди.

Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 28 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Маълумотларга қараганда, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган, улардан 56 киши турли даражада тан жароҳати олган. 5 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 1 нафари бедарак йўқолган.

– Мамлакатимизда 70 та сув омбори бор, улардан 54 таси қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ва электр энергияси ишлаб чиқаришга хизмат қилади, – деди кенгаш раиси. – Сардоба сув омбори асосан Жиззах ва Сирдарё вилоятининг бир қатор туманларида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга мўжалланган. Техноген офат  Сардоба сув омборидан оби-ҳаёт оладиган “Марказий тармоқ” каналининг 8,5 км., “Ўнг тармоқ”  каналининг 4,5 км. ва “Чап тармоқ” каналининг 3 км. қисмига жиддий зарар етказган. Натижада Сирдарё вилоятининг учта туманидаги жами 26,3 км. хўжаликлараро каналлар, 192,5 км. мелиоратив тизимлар, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликларининг 554,9 км. суғориш ҳамда 701 км. коллектор-дренаж тармоғи, улардаги гидротехник иншоотлар, 5 та насос станцияси, 30 та вертикал дренаж қудуқ ва бошқа сув хўжалиги объектларига шикаст етган. Каналларнинг асосий қисмида тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Талафот оқибатларини бартараф этишга қишлоқ хўжалиги тизимидаги барча ташкилотлар, вилоятлар бошқармалари мутахассислари, ишчи-хизматчилар жалб этилган. Объектда 460 дан зиёд техника, жумладан, 160 экскаватор ишлаяпти. Зудлик билан ана шу учта йирик канал ва ички каналлар, суғориш иншоотлари таъмирланмаса, суғориш мавсумига кеч қоламиз. Унда экинларнинг қолганини ҳам бой берамиз..

Тошқин кўлами анча кенг. Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2 минг 570 ҳовли, 76 кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган. 1 минг 781 ҳовли, 52 кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70 та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 километр йўл, электр, газ, ичимлик суви, алоқа тармоқларига зиён етган. Ҳозир тошқин талафотлари бартараф этилаяпти, уй-жойи бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган…

Маълумот учун: “Сардоба“ сув омбори 2010-2017 йиллар мобайнида ҳукуматнинг 2010 йилдаги қарори асосида барпо этилган бўлиб, умумий сиғими 974 миллион метр кубни ташкил қилади. Тўғон узунлиги 28 км., майдони 6 минг 800 гектар.

Объект буюртмачиси «Сирдарё қурилиш инвест» ДУК. Бош пудратчи – «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси. Бундан ташқари, ушбу объект қурилишида 10 дан зиёд ёрдамчи пудратчи ташкилотлар иштирок этган.

Гулистон шаҳридан Оқолтин тумани томонга йўл олдик. Тошқиндан талафот кўрган ҳудудга кириб борарканмиз, лойқа сув босган далалар, экин майдонлари, вайрона ҳолга келган қишлоқлар, маданий, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, корхона, ташкилотлар биноларини кўриб, юрагинг увишади. Ҳайрият, аҳолига, ишчи ва хизматчиларга зиён етмабди, деб шукр қиласан киши.

Экин майдонларининг ҳар ер-ҳар ерида, ҳар бирининг оғирлиги 1-1,5 тонна келадиган арматурали бетон ариқлар (лотоклар) сочилиб ётибди. Демак, тошқиннинг шиддати жуда кучли бўлган… 90 мингга яқин аҳолини Худонинг ўзи асраб қолибди! Агар Фавқулодда вазиятлар, ҳокимликлар масъуллари вақтида тезкор чора кўришмаганида, нима бўлишини тасаввур қилиш ҳам қўрқинчли.  Айтишларича, қишлоқлардан бирида яшайдиган чол ва кампиргина вақтида қочиб чиқиб кетишолмабди…

Йўл бориб-бориб бир томонлама қатновга қисқарди, унинг иккинчи томонини эса қаторлашиб кетган, охир-адоғи йўқ улкан машиналар, техника воситалари эгаллаган. Ҳарбий хизматчиларнинг тартиб билан тизилган юзлаб палаткалари, вайрон бўлган жойларни лойқа ва бошқа чиқиндилардан тозалаётган беҳисоб аскарлар, электр, алоқа тармоқларини тиклаётган, бузилган йўлларни қайта созлаётган ишчилар… Бу манзара урушдан кейинги вайронгарчиликлар домида қолган қишлоқларни эслатди.

– Оқолтин ва Мирзаобод туманлари кесишувида жойлашган Учтом мавзесидан ўтиб Сардоба сув омборининг тошқин рўй берган томонига борамиз, – деди Холбек Жалолов. – Йўл-йўлакай талафот кўрган қишлоқлар аҳолиси билан суҳбатлашамиз…

Учтом қўрғони ҳудудидаги темир-бетон конструкцияли уйлар ўтган асрнинг 60-70 йилларида бу ерда ташкил этилган совхоз томонидан аҳоли учун қурилган. Тошқин пайтида асов сув уйларнинг томигача кўтарилган. Уйлар темир-бетон конструкцияли бўлгани учунгина унинг фақатгина деворлари омон қолган холос. Томини, ичидаги бор нарсасини сув олиб кетган.

– Мана бу жой қовун бозори эди, – дейди Холбек Жалолов айни пайтда турли қудратли техникалар эгаллаган каттагина ҳудудни кўрсатиб. – Бу ерга республика бўйича кўтара қовун сотиб олишга келишарди. Ҳозир ҳарбий техника ва ҳарбийлар жойлашган. Сал нарироқда Сурхондарё вилоятидан беғараз кўмакка етиб келган турли касбдаги кишиларнинг палаткалари жойлашган.

Зарар етган уй-жойларни таъмирлаш, одамларни ўз уйларига қайтариш, инфратузилмани тиклашга керакли куч ва воситалар сафарбар этилган. Бунинг учун Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари туну кун меҳнат қилаяпти. Умуман олганда, бу ҳам Худонинг бир синови, халқимиз жипслиги, ҳамжиҳатлиги, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибат синови. Кимнинг кимлиги ана шундай оғир дамларда билинади…

Сув тошқинидан жами 828 километр йўл зарар кўрган. Шунинг учун биринчи навбатда республика аҳамиятига молик асосий йўлларда ҳаракат тикланди. Сув ювиб кетган икки томонлама йўлнинг бир томони қайта таъмирланмоқда, тошқин олган кўприклар қайта тикланаяпти. Бу кўприклар илгари 50 тоннагача юк кўтаришга мўлжалланган бўлса, энди уларнинг ўрнини 100 тоннагача бўлган оғирликка чидамли, тўрт йўлакли кўприклар эгаллайди.

Учтом қўрғонида тошқин олиб кетган уйларни тиклаш ишлари ҳам қизғин олиб борилаяпти. Ҳарбийлар сув босган уй ва ҳудудларни лойқа ва чиқиндилардан тозалаяпти, қурувчилар хонадонларнинг томини ёпишяпти, электр усталари монтаж, газчилар ва бошқа-бошқа соҳалар ходимлари ўзларига бириктирилган ишларни сидқидилдан, масъулият билан бажаришмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу ерда ҳаёт қайнамоқда.

Тошқин асоратларини бартараф қилиб, аҳоли турар-жойларини тиклаш учун ёрдамга келган, Учтом қўрғонида жойлашган сурхондарёликлар штабига кираверишда режа-харита осиб қўйилган. Унда: «Оқолтин туман Шодлик МФЙ Учтом аҳоли пунктини тиклаш ва таъмирлаш штаби. Масъул: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги» деган ёзувга кўзимиз тушди. Бу ерга Сурхондарё вилоятидан ёрдамга келган мингга яқин турли касбдаги қурувчи ва ишчилар ўзларининг 200 дан ортиқ турли техника воситалари кўмагида Учтом, Навбаҳор, Бобур аҳоли пунктларидаги 120 та бетон панелли турар жойларни қайтадан таъмирлаб, аҳолини уйларига кўчириб киритиш учун астойдил меҳнат қилишмоқда.

Кўчма вагончага жойлашган штабда Сурхондарё вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Аҳмад Сувонқулов, ҳокимлик бўлим бошлиғи Абдухолиқ Каримов, вилоят ИИБ ЙҲХХ бошлиғининг биринчи ўринбосари Асқаржон Мўминовни учратдик.

– 12 майда бу ёққа қараб йўлга чиққанмиз, – дейди Аҳмад Сувонқулов. – Келганимизда ҳаммаёқ сув ичида, бу жойлар бепоён денгизга ўхшаб қолган эди. Қурувчилар палаткаси ўрнатиладиган жойни тозалаб, 19 та техника ёрдамида сувни тинимсиз тортиб зовурга ташлаб турдик. Кейин соз тупроқ тўкиб, текисладик. Устидан тахта, ДСП ташлаб, палаткаларни тикладик.

– Икки сменада ишлаётган бўлсаларингиз керак, – сўрайман ундан.

– Қурувчиларда «световой день» деган тушунча бор, – дейди ҳоким ўринбосари. – Эрта тонгдан кеч қоронғугача ишлаяпмиз. Сабаби, ҳозиргача электр тармоғи узиб қўйилган эди. Ўтган куни электр тармоқлари тизимини янгилаб, ишга туширдик. Барча сектордан вакилларимиз бор, қурилиш материалларидан тортиб, палатка-ю, қозон-товоққача, бутун керакли нарсаларни ўзимиз билан олиб келганмиз. Вилоят раҳбарлари навбати билан Сурхондарёдан келиб, ёрдамчиларга ош қилиб бераяпти, озиқ-овқат тарқатаяпти. Мана, эртага Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг вилоят бошқармаси раҳбари Рўзимурод Авазов 885 кишига ош қилиб бераяпти…

Фақат «суяги» қолган бетон панелли уйларнинг ичидан бурқисиб чиқаётган тутун кўкка ўрлаяпти. «Намни қуритиш учун бўлса керак», деб ўйладим ва ҳоким ўринбосаридан битта уйни тўлиқ таъмирлаб, уй эгаларини кўчириб киритиш учун неча кун кераклигини сўрадим.

– Бундай олганда бунинг учун бизга икки ҳафта кифоя, – деди Аҳмад ака. – Ўн-ўн икки кун ичида битта уйда ишни якунласа бўлади. Лекин бетон панелли уйларнинг асосий қисми керамзит билан қопланган. Керамзит эса ўзига намни яхши тортади. Ишни пишиқ-пухта қилиш учун биринчи навбатда ҳар бир уйнинг ичига олов ёқиб, уни обдон қуритаяпмиз. Ишни комплекс тарзда олиб бораяпмиз. Яъни, газ, электр энергияси, сув таъминоти, қурилиш-монтаж, пардоз-андоз дегандай… Уй эгаси ҳамма нарса муҳайё қилинган уйга кўчиб киради, Худо хоҳласа…

Ҳоким ўринбосари гапираяпти-ю, фожиа комига тушиб, уй-жойи, ўлан тўшагидан мосуво бўлган, жўжабирдай боласи билан жовдираб қолган аҳолига олис Сурхондарёдан гўё яқин қариндошига, жон жигарига ёрдам беришга келган инсонларнинг бундай меҳр-мурувватини кўриб, кўнглим бўшашиб, кўзим ёшланди…

– Биз мана шу 120 хонадон эгаларини иш билан ҳам таъминлаганмиз, – деди Аҳмад ака. – Улар уйида қурувчиларимиз билан ишлаяпти, ойлик маош олишаяпти. Узоғи билан бир ойда уйларига кўчириб кириб, насиб бўлса, ҳовли тўйлари қиламиз. Ҳа, айтгандай, ҳар бир хонадон ёнида атрофи ўралиб, усти ёпилган каравот, унинг ёнига қозон-ўчоқ ўрнатдик. Рамазон ҳайити куни уй эгаларига бу ерда ҳайит байрами қилиб бердик. Уй битгунича улар ана шу ерда яшаб туришади.

Қурилиш-монтаж ишларини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, сенатор Баҳодир Қодиров бошчилигидаги «Сурхонтаъминотсаноат» ишлаб чиқариш компанияси таркибидаги «Термизтаъминот» кўп тармоқли қурилиш компанияси қурувчилари олиб бораяпти. Мана бу киши ана шу компаниянинг бош муҳандиси Иброҳим Каримов бўладилар.

Аҳмад ака шундай дея шляпали, истараси иссиқ инсонни ёнига чорлади.

– Ҳорманглар, камчиликлар йўқми? – кўришаётиб сўрадим ундан.

– Раҳмат, ҳамма нарса етарли, – деди Иброҳим ака. Сўнгра сал нарироқда электр трансформаторини созлаётган икки йигит томонга ишора қилиб:

– Шуларни бир суратга олинг, – деди фотомухбиримизга. – Барака топкурлар, кеча-ю кундуз бош кўтармай ишлашяпти. Наригиси – Ғайрат Қатағонов, буниси – Соатмурод Турдиев. Электр симларини тортиб, трансформаторларни созлаш учун масъул. Улар боис, мана, ниҳоят, ўтган кундан бошлаб кечқурун ҳаммаёқ чароғон бўлди…

Холбек Жалолов бу ердаги ишчиларга ХДП номидан бир ўрам футболка ва шапка тарқатди. Кейин яна йўлга тушдик. Узоқдан пойдеворигача вайрон бўлган уйлар ва ўша ердаги кўча бошида тўпланиб турган одамлар кўзга ташланди. Бу Мирзаобод тумани, Ҳақиқат МФЙга қарашли Барлос қишлоғи экан. Ўша томонга юрдик. Бу ерга хайрия ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун Тошкент вилояти, Пискент тумани ҳокимлигидан вакиллар, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон 24» телеканали мухбири Шоира Ражабова келган экан.

– Тошқиндан жабр кўрган аҳолига моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида бу жойларга иккинчи марта келишимиз, – дейди Пискент туман ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи вакили Манзура Рустамова. – Уларга озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари тарқатаяпмиз.

– Жонимиз соғ қолди, ўлим-йитим бўлмади, шунга хурсандмиз, – дейди пенсионер Турсунбой Холмуродов. – Гўё янгидан туғилгандай, янгидан ҳаёт бошлаяпмиз. Тошқин бўлган куни 12 невара, ўзимиз, фарзандларимиз билан 18 жон фалокатдан қутулиб қолдик. Мол-ҳолимизни тошқин оқизиб кетди. Бош омон бўлса, дўппи топилади. Худога минг қатла шукур, пешонамизни силайдиган Президентимиз, мурувватли халқимиз бор экан, хор бўлмаймиз. Уй ҳам қуриб беришяпти, моддий ёрдам кўрсатишаяпти, 7 турдаги маиший техника воситалари олиш учун сертификат беришди, ҳали кўрмагандай бўлиб кетамиз. Моддий ёрдам кўрсатишди, Ҳозирча қариндошларникида яшаб турибмиз…

Мамаражаб Ҳазратқуловнинг она-бола сигири тошқинда қолиб кетган экан. Офат тўхтаганидан 4 кун кейин келиб кўрса, сигири билан бузоғи бузилиб кетган уйи атрофидаги сувда сузиб юрганмиш. Ўткир укасининг 22 молидан 10 таси оқиб кетибди. Битта молини фалокат аригани учун хомталаш қилиб аҳолига тарқатибди…

Гулчеҳра Юнусова 6 нафар фарзанди билан қолган, боқувчиси йўқ. Гулбаҳор Дониёрованинг тўрт фарзанди бор, боқувчиси йўқ. Тожинисо Холмуродова 6 фарзандли. Уларнинг бугун кўнгли хотиржам, уй-жойи тикланаяпти, қандай ёрдам керак бўлса, кўрсатилаяпти. Жўрабек Йўлдошев ва Барно Йўлдошева, Ойсифат Ҳазратқулова, Холида Юнусова, Шоҳрух Мусаев, Шавкат Юнусов, Саломат Юнусова, Сайёра Бобоева… Бу исм-фамилияларни узоқ давом эттириш мумкин. Булар Барлос қишлоғида уй-жойидан ажралганлар… Умуман олганда, бу қишлоқда 150 та хонадон, 175 оила, 995 нафар аҳоли бўлиб, сув тошқини оқибатида 84 хонадон, 102 оила, 716 нафар аҳоли жабр кўрган.

Мирзаобод туманига қарашли Навбаҳор, Ҳақиқат, Мирзачўл, Дўнгариқ қишлоқларида 1299 хонадон талафот кўрган. 9141 нафар киши эвакуация қилинган. Улардан 2674 нафари яшаш жойларига қайтарилган. 1890 нафари ижтимоий объектларга, 4577 нафари аҳоли хонадонларига жойлаштирилган. Талафот кўрган аҳолининг 1373 шахсини тасдиқловчи, 117 олий, ўрта, ва махсус маълумотли, 1147 уй-жой ва мол-мулкини тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатлар йўқолгани аниқланиб, ИИВ, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Банк муассасаларига рўйхатлар тақдим этилган. 10 кун муддат ичида барча ҳужжатлар тиклаб берилган. Аҳолига тегишли бўлган, йўқолган ёки оқиб кетган 3930 бош йирик ва 6570 бош майда туёқли уй ҳайвонларидан 1672 таси топилиб, эгаларига қайтарилди…

Барлос қишлоғининг уй-жойидан ажралган аҳолиси учун Чинобод мавзесида кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Мустақиллик байрамигача уйлар битказилиб, ҳовли тўйлари ўтказилиши режалаштирилган экан. Бу ҳақда Сирдарё вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Холмирза Қўлдошев ҳамда Мирзаобод туман Халқ қабулхонаси мудири Турғун Сагатов, Ҳақиқат МФЙ раиси ўринбосари Ботир Исроилов гапириб беришди. Шу ҳудуддан Олий Мажлис юқори палатасига сайланган сенатор Анвар Тўйчиев ҳам кун ора тошқиндан талафот кўрганлар ҳолидан хабар олиб, муаммоларнинг жойида ечимини топишга ҳаракат қилаётган экан.

Яна йўлга чиқдик. Бундан 3-4 йил илгари қурилган намунали уйлар кўзга ташланди. Йўлнинг бир томонини тошқин ўпириб кетган, қудратли техникалар тиним билмай ишлаяпти. Иккинчи томондаги экинзорлар тошқин асоратидан яксон бўлиб ётибди. Катта ҳудудда яратилган интенсив боғлар туясидан етим қолган бўталоқлардай қорайиб, мункайиб, чўккалаб қолган… Ўрта кучланишли симёғочлар устига уя қурган лайлаклар бир оёғини кўтарганча олисларга термулиб, хаёлга чўмган…

Намунали уйлар қурилган ҳудуд Темирйўлчилар маҳалласи деб аталар экан. Чунки Сардоба сув омбори қурилишини амалга оширган «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига ушбу ҳудуддан 5 минг гектар ер ажратилиб, кўп тармоқли ёрдамчи хўжалик ташкил этилган. Афсуски, бу хўжалик ҳам вайрон бўлган. Бу ерга етиб келган сув тошқини сатҳи 1,5-2 метргача кўтарилган. Тошқин зарар етказган 100 та намунавий уйни таъмирлаб беришни компания ўз зиммасига олган экан. Ҳар бир хонадонда таъмирлаш ишлари қизғин давом этаяпти, ҳеч ким қўл қовуштириб ўтиргани йўқ.

Узоқдан сув омбори учун кўтарилган тўғон кўзга ташланади. Тошқин ўпирган йўлдан юриш тобора қийинлашиб бораяпти. Биз эса баландликда қурилган, сув тошқинидан омон қолган Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш бўйича дирекция биноси томон бораяпмиз. Етиб келганимизда эса унинг ёнидан ўтган канал йўлни ўпириб, бузиб кетгани ва улкан бульдозер, грейдерлар ёрдамида қайтадан тикланаётганини кўрдик. Бир амаллаб ўша томонга ўтдик. Ҳарбийлар, суд-ҳуқуқ идоралари вакиллари, диспетчерлар, алоқачилар, сув омбори хизматчилари – ҳамманинг иши бошидан ошиб ётибди. Сув омбори директори ўринбосари Нурбек Умаров учраб қолди. У деярли бир ойдан буён уйига ҳам бормай, шу ерда ётиб-туриб ишлашаётган экан.

– 2017 йилда қурилиши якунланган гидроиншоотнинг сув сиғими 930 миллион куб метрни ташкил этади, – дейди Нурбек Умаров. – Тўғонимизнинг баландлиги 28,8 метр. Айлана масофаси қарийб 29 километр. Улар 3 та участкага бўлинган. Учта кузатувчи кеча-ю кундуз назорат олиб боради. 1 май куни саҳар соат 5.00 дан ўтган пайтда кузатувчимиз Сардор Ўрозов 6-пикетдан ўтаётганида, ҳозиргина ўзи ўтган томондан сувнинг бўғиқ шовуллашини эшитади ва дарҳол бу ҳақда диспетчерга хабар беради. Диспетчер зудлик билан ваколатли идораларни оёққа турғазади. Тўғонни бузиб чиққан сув тошқини маълум фурсат ичида унга энг яқин бўлган Сардоба туманига қарашли Қўрғонтепа қишлоғига етиб бориши ҳисобга олиниб, ҳамма куч ўша томонга ташланди. Натижада Қўрғонтепа ва қолган барча қишлоқларда аҳолини муваффақиятли эвакуация қилишга эришдик.

Ҳозиргача сувнинг 30 фоизи чиқиб кетган. Сувни тўхтатиш учун ўша бузилган масофа атрофига айлантириб, вақтинча тўсиқ барпо этилди. Бузилган жойдаги сув тортиб чиқариб ташланаяпти. Техник талаблар бажарилгач, тиклаш-таъмирлаш ишларини бошлаймиз. Ҳозир тошқиндан талафот кўрган Жанубий Мирзачўл канали таъмирланаяпти. Шу битгач, пастки зоналардаги экин майдонларини суғориш учун сувни очиб юборамиз…

Сув омбори дирекцияси биносидан қайтаётиб, келишувга кўра, вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умиджон Шодиев билан йўлда учрашдик. Ундан ҳам керакли маълумотларни олдик.

Йўл четида «Навбаҳор» ҚФЙ ҳақида маълумотлар ёзиб қўйилган чорраҳадан нарига Йўл патруль хизмати ходимлари бизни ўтказмади. Сабаби, кўплаб техника, масъуллар, секторлар раҳбарлари, турли мутасадди ва қурилиш ташкилотлари ишчи-ходимлари шу ерда. Иш қизғин давом этаяпти. Умиджон Шодиевнинг ёнидаги киши «Ҳақиқат» МФЙ раиси Аллаберди Худоёров экан.

– Тошқин зарар етказган жойларда вилоят бўйича тузилган 10 та ишчи гуруҳи фаолият юритаяпти. «Ҳақиқат» МФЙ бўйича ҳам 2 кишидан 10 та гуруҳ тузилиб, хонадонма-хонадон юриб чиқилди. Биз Аллаберди ака билан 20 кундан буён ҳар бир хонадонга кириб, аҳволни жойида ўрганиб, компенсация тўланадиган оилалар рўйхатини шакллантириб чиқдик, – деди Умиджон Шодиев. – Ухласак, 3-4 соат мизғиб оламиз, бўлмаса ўша ҳам йўқ. Одам сони кўп, ҳар хил гаплар ҳам кўп. Бу пул масаласи, бу билан ҳазиллашиб бўлмайди. Ҳар бир тийиннинг сўрови, ҳисоб-китоби бор. Масалан, тошқин ювиб кетган ҳар бир коттежнинг таъмири учун 74 миллион сўмдан маблағ ажратилаяпти. Бундан ташқари, бир оилага яна 40 миллион сўмдан компенсация пули берилаяпти. Бунинг жавобгарлиги учун қанчалик масъул эканимизни яхши биламиз.

Аллаберди Худоёров тошқин рўй берган куни фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳолини охиригача кўчириб, Марказий Мирзачўл канали устига қурилган кўприкни сув олиб кетаётган бир пайтда бу ерни тарк этган. Чинобод қишлоғида яшаётган оиласини вақтинчалик Гулистондаги қариндошлариникига кўчирганидан буён уйига ҳам боргани йўқ экан…

«Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди», деган эди Президентимиз сув тошқини офати рўй берган Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларида  оқсоқоллар, маҳалла раислари ва аҳоли билан учрашувида.  «Энг катта масала – ўлим бўлмаслиги. Одамларни йиғиб, уйларга, палаткаларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб, маҳаллама-маҳалла саранжом қилиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди. Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди»…

Сув тошқини офати рўй берган Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 28 аҳоли пунктларидан Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудига эвакуация қилинган кишиларнинг 66 мингдан зиёди ҳозиргача ўз уйига қайтди. Табиий офатдан зарар кўрган маҳаллаларда ҳаёт аста-секин изга тушяпти, тозалаш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ишлар ана шу ягона, эзгу мақсадга йўналтирилган. Давлатимиз раҳбари ҳар сафар Сир­дарёга келганида, офатдан зарар кўрган инсонларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан танишиб, мутасаддиларга қўшимча топшириқлар беради.

Фожиадан талафот кўрган сир­дарё­ликларни бутун Ўзбекистон халқи қўллаб-қувватлаяпти. Сафардан қайтарканман, офат оқибатларини бир тану бир жон бўлиб бартараф қилишга киришган, мамлакатимизнинг турли бурчакларидан қалб амри билан келиб, меҳнат қилаётган қурувчи-ю ҳашарчиларнинг тантилигини, саховатпешалигини кўриб, тўлқинландим, фахрландим, шодландим. Бу халқнинг сабр-матонати, меҳр-оқибати бундан-да улуғ ишларга қодирлигини тушундим, юрак-юракдан ҳис этдим.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози» газетаси, 2020 йил, 27 май.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!