«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-13T11:55:30+05:0013 Aprel, 2021|Матбуот|

Мулоҳаза

500 метр кам эмасми?

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳридаги Учтепа туманида яшовчи 32 ёшли Отабек 52 ёшни қоралаган ўгай отаси — Воҳид аканикига келади. Аммо ичкиликка ружу қўйган ота меҳмон бўлиб келган ўгай ўғлини спиртли ичимлик билан сийлайди. Бу оиланинг беқарорлиги шундан ҳам маълум. Натижада кайфи ошган ота-бола бир-бири билан гап талашиб қолади. Ота отаман деса, ўғил ҳам, гўё сендан ақллиман деганда, бир гапдан қолмайди. Оқибатда ғазабини босолмаган ўгай ўғил столда турган ошхона пичоғи билан отасини пичоқлайди…

Энди кўз ёш қилиб: “Маст эдим, билмай қолдим, мени кечиринглар”, дейиши билан жароҳатлар битиб кетармиди?.. Ўзи ғалвирга илиниб турган томчидек оила ўртасидаги бир чимдим меҳр-оқибат ҳам ичкилик туфайли чил-парчин бўлиб кетди.

Йўқ, ҳар не қилса ҳам энди уни тиклаш мушкул. Содир бўлган мазкур аянчли воқеани ўқиб, кўз ўнгимда яқиндагина бўлиб ўтган бошқа бир воқеа гавдаланди.

Атрофга қоронғи тушганди. Ишдан уйга қайта туриб, “Сергели деҳқон бозори” ёнидан ўтаётувдим, “Вино-водка” дўкони олдидаги емакхона ёнида икки ёш йигит ва бир неча ўрта ёшли одамларнинг жанжалига гувоҳи бўлдим. Ён-атрофдаги гап-сўзларга қараганда, барчаси емакхонада спиртли ичимлик ичишиб, маст бўлиб қолишган, арзимаган тортишув сабаб, муштлашиб кетишибди. Бозор атрофидаги тумонат одамлар бақир-чақирни эшитиб тўпланишган. Ўйлаб қолдим, ҳозирги тезкор замонда спиртли ичимликлар савдоси қизиганга ўхшайди. Ҳар тўрт қадамда “Ароқ-шароб” дўконларига кўзингиз тушади. Минг афсуски китоб дўконларида одамлар жуда сийрак, аммо бу жойларда-чи, кун бўйи одамлар гавжум. Кейинги пайтларда спиртли ичимлик билан савдо қиладиган дўконлар ёнида эса мўъжазгина емакхоналар пайдо бўлмоқда. Спиртли ичимликлар дўкони таълим масканлари, мактабгача таълим муассасалари жойлашган ҳудуддан маълум масофада жойлашган бўлиши қонун билан таъминланган. Аммо спиртли ичимликлар дўконлари, асосан, кўп қаватли уйларнинг шундоқ яқинидаги ҳудудлардалиги ташвишли. Ахир шу уйларда минглаб болалар, ўспирин-ёшлар ҳам яшашади-ку. Ўзим гувоҳи бўлганман, айни пайтда кексани кекса десанг, кўпгина ёшларнинг ҳам, худди салқин ичимлик ичгани келгандек, ошиқиб келадиган жойи спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган емакхоналар, дўконлар бўлиб қолмоқда. Балки бунга сабаб ҳар куни кўзи тушиб турадиган, емакхонадаги қувноқ кулгилар, шўх яллалару қийқириб рақс тушаётган ёшлардир?

Энг ёмони, ушбу дўконларнинг шундоққина ёнида жойлашган ошхона, кафе, барларнинг деярли барчаси санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ахир маст-аласт кимсалар кир босган столларга, ювилмаган қошиқ, ликопча ва косаларга эътибор бермаслиги тайин. Ҳатто, ширакайф одам фарқига борармиди, деб, бу ерда яроқлилик муддати ўтиб кетган тузламаларни ҳам пуллаб юбораверишади. Оқибатда эса майхўрлар, турли бактериялар сабаб, юқумли касалликлар тарқатувчисига айланиб қолишмоқда. Қани энди спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган шахобчалар нафақат мактаблар, балки аҳоли яшаш пунктларидан ҳам 500 метр эмас, 2-3 километр узоқликда бўлса, ана шунда ичишга муккасидан кетган маст-аластлар сони кескин камаярмиди…

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

2021  йил 17 февраль Ҳуррият газетаси №7 сон

 

 

Бетига урсанг бети қотади

Таълим-тарбия — инсон зийнати. Шундай экан, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-онанинг бурчи ҳисобланади. Бола то вояга етгунча, менлигини таниб, ўзини англагунча, ўрни келганда, чиройли хулқини мақтаб, ака-укасига, опа-синглисига меҳрибонлигини, ота-онаси хизматида бўлишга шайлигини кўриб, албатта, уни рағбатлантириб турилиши фойдадан холи бўлмайди. Аммо…

Аммо рағбатлантириш, мақтов ҳам меъёрида бўлгани яхши. “Шакарнинг ози ширин”, деганларидек ҳаддан ортиқ эркалаш ҳам бола хулқида салбий ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Афсуски, бунга ҳамма ота-оналар ҳам бирдек амал қилавермайди. Баъзилар: “Болани калтаклаб туриш тарбияда қўл келади”, деса, баъзи бирлари: “Болани бетига урсанг бети қотади”, деганларидек, ҳадеб калтаклаш болани қаҳрли қилиб қўяди”, дейди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган устоз Зуҳра Толибова ва ўқувчи Акмал Қодировлар ўртасидаги муносабат тасвирланган лавҳани кўриб қолдим. Ўқувчининг ўзбошимчалиги, дарсни тингламасдан, синф хонанинг уёғидан-буёғига бориб келиши, синфдошлари га халақит бериши, табиийки, устозга ёқмаган. Аммо баджаҳл устоз вазиятни юмшатиш ўрнига куч ишлатибди. Яъни, болани калтаклабди.

— Мен ўқитувчилик фаолиятим давомида бундай ҳолатларга кўп бор дуч келганман, — дейди Наргиза Собирова. — Менимча, болани тартибга чақиришда, унга дарс давомида билим беришда “уриш” методикаси хато, деб ўйлайман. Сабаби, биргина ҳаракат сабаб ўқувчини фандан узоқлаштириб қўйиши мумкин. Бунинг ўрнига қизиқарли усуллардан фойдаланиш жоиз. Бундан ташқари, синфхонани фанга доир расмлар билан жиҳозлаб безаб қўйсак, дарсни замонавий методик асосда олиб борсак бу яхши самара беради.

Дунё тажрибасидан маълумки, айрим хорижий таълим ўчоқларида дарслар асосан табиат қўйнида ўтилади. Ўқувчига дарс жараёнида маълум эркинликлар берилади. Уларнинг фикрича, дарсни мунтазам равишда синфхонада ўтиш ўқувчини бездириб қўяди. Ўқувчиларнинг дарсга қизиқишини сўндиради.

Мактабларда ёши улуғ мураббийларнинг устозлик қилиши самарали, аммо ёшларга ҳам ишониш керак. Уларни кенг қамровда мактабга жалб этиш ундан-да яхши самара беришига шубҳа йўқ. Сабаби, инсон ёши улғайиб боргач насиҳатгўй бўлиб қолади. Ҳамма замонларда ҳам “ақл”ли гаплар ёшларга ёқмаган. Бу билан устоз-педагогларнинг тажрибасини, илмий салоҳиятини камситмоқчи эмасмиз, уларнинг сабоғини олиш ёш ўқитувчиларга ҳам асқотади. Шу билан бирга, ёш мутахассислар ҳаракатдаги, жонли, дарс соатларини жўшқин ва болаларбоп қизиқарли қилиб ўта олади, демоқчимиз. Энг муҳими, ёш кадрларда кутилмаган янгиликлар, ғоялар тез-тез юзага қалқиб чиқади. Чунки ҳаётдан ортда қолиб кетмасликлари учун ҳам улар доимо фикрлаш, мулоҳаза қилиш билан банд бўлишади.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.

2021 йил 3 март Ҳуррият газетаси № 9сон

 

 

ВИРТУАЛ МАЙДОНга бадарға қилинган болалар

Бугун жамият жадал суръатларда ўзгариб, четдан турли хил ахборотлар, ижобий ва салбий «одат»лар кириб келмоқда. Шулар қаторига ҳозирги кунда замонавий компьютерхоналар— «Play station»ларни ҳам киритсак бўлади.

Болалар ўйинларни соатлаб бир нуқтага термулганча ўйнайди. Бу билан кўзда турли касалликлар келиб чиқади. Майда қон томирлари узилиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, белгилаб қўйилганки, инсон кўзи билан компьютер оралиғида муайян масофа бўлиши керак. Шундагина турли касалликлар келиб чиқишининг олди олинган бўлади.

Баъзилар шахсий компьютерларида фақат ўйинлар ўйнаб, ўз вақтларини беҳуда ўтказишяпти. Ота-оналар ишдалигида назоратсиз қолиши болаларга асқатмоқда. Шунда айрим ёшлар «Барибир кўришмаяпти-ку» деган қабилида жангари ўйинлар билан машғул бўлишади.

Энг асосий масала — ўз соғлиқларига зарарлигини билишмайди. Ютган сайин ўйин авжига чиқиб боради. Айрим пайтларда мана шу ўйинлар бошқа жиноятларга ҳам туртки бўлиб қолмоқда. Энг ачинарлиси, ўйинлардаги айрим саҳналар миллатимиз учун ёт фаҳш саҳналари билан «бойитилган». Буни кўргач, болалар онги заҳарланиши табиий.

Counter-Strike, GTA, Alien Shooter… Барчасида қонли тўқнашув, ваҳшийларча ўлимлар, ҳалокатли ҳолатларни кўрамиз. Бундай ўйинлар билан машғул бўлган боланинг маънавияти, маданияти бузилмаслигига ким кафолат бера олади?! Бу каби ҳолатлар ёшларнинг билим олишига салбий таъсирини ўтказмай қўймайди. Фикр-хаёли ўйинда бўлган боланинг баҳолари тушиб кетади.

Бундан ташқари, ўйиндаги ҳолатлар айрим пайтларда жиноятларга ҳам туртки бўлиб қолмоқда. Баъзи ўсмир ёшдаги болалар ўйинда кўрган саҳнасини ҳаётида амалга оширгиси келади. Маълум бир маънода қилади ҳам. Буни кундалик ҳаётимиздаги рўй бераётган воқеалардан кўришимиз мумкин. «Отасига қўл кўтарган фарзанд», «Ака укасини пичоқлади» ва ҳоказо. Бу каби воқеаларга Сounterstrike каби ўйинлар ўз таъсирини кўрсатмаган, деб ким кафолат бера олади?!

Компьютердан узоқ фойдаланиш саломатлигимизга ҳам зарар. Масалан, компьютердан фойдаланаётганда кўз бир нуқтага термулганча зўриқиб ишлайди. Натижада кўз мушаклари зарарланади. Бу эса кўзда толиқиш ва чарчоққа сабаб бўлади. Ўйингоҳларнинг кўпида хоналар қоронғу  бўлишидан ташқари яна қора пардалар билан қопланган. Компьютердан чиқаётган зарарли нурлар кўзни толиқтириш, кўриш қобилиятини сусайтириш, бош мияга салбий таъсир кўрсатиш, ҳатто қон босими меъёрини ўзгартириш каби хатарларга сабаб бўлиши мумкин. Бу жангари ўйинларнинг соғлиққа таъсири холос. Яна руҳий-психологик оқибатлари ҳам йўқ эмас. Ўйиндаги баъзи бир воқеликлар ваҳима, қўрқув, жиззакилик, асабийлашиш, бесабрлик, ўзига бўлган ишончсизлик ҳолатларини келтириб чиқаради. Бу кейинчалик ҳаётий муомала-муносабатларда панд бермай қолмайди.

Мулоҳаза қилиб кўрсак, болаларнинг виртуал ўйинларга ружу қўйишида бошқа бир қанча асосли омиллар ҳам борлигига амин бўламиз. Баъзи маҳаллалару кўча-кўйда кўнгилочар ўйингоҳлар, спорт майдончалари, етарли эмас. Борлари ҳам «соатига фалон сўм», деб белгилаб қўйилган. Бу масалаларга масъул шахслар муаммонинг бу томонини ҳам бир ўйлаб кўрса, яхши бўларди. Ҳозир барча ҳудудларда арзон уй-жойлар қуриляпти. Бу яхши, аммо шу қатори болаларни ҳам унутмаслик керак. Ёшлар ҳаракатли ўйинлар ўйналадиган жойларда ўйнаши учун етарли даражада имкониятга эга бўлмаса, у ерга борганда ҳайдалса, бошқа жойдан «Чиқ бу ердан, ҳамма жойни пайҳон қиласан!», деган танбеҳни эшитса, албатта бу ҳолатдан улар ранжийди. Шундан кейин бола нима қилсин? Яна ўзига таниш бўлган манзилга ошиқади-да.

Шундай виртуал ўйинлар ўрнига маҳаллаларда замонавий ва етарли адабиётларга эга кутубхоналарни ташкил қилишга эътиборни янада кучайтиришни таклиф қилган бўлардим. Шунда улар ҳам маънан, ҳам жисмонан етук бўлиб улғайишади. Ташқаридан кириб келаётган бегона ёвуз кучлар тенгдошларимизга ўз таъсирини ўтказа олмасди.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

“Оила даврасида” газетаси 2021 йил 11 март №10 сон

 

Мулоҳаза

Зарарли ва заҳарли ўйинлар

Компьютер ўйинларига ружу қўйиш ўқувчиларнинг билим олишига салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Фикру хаёли ўйинда бўлган боланинг баҳолари қониқарсизга тушиб кетади. Соатлаб мониторга термулганча ўтириш оқибатида кўзда турли хил касалликлар келиб чиқади.

Ота-оналар ишдалиги пайтида назоратсиз фарзандлар уйдаги компьютерда ёки клубларда нафақат саломатликка, балки маънавиятга ҳам зарарли отишма ўйинлар билан машғул бўлишади. Ўйинда ютиш ёки ютқизишдан қатъи назар, ҳаётда ютқизаётганликларини, соғлиқ ва энг муҳим бойлик– вақтидан айрилаётганликларини ўйламайдилар. Компьютер ўйинларига муккасидан кетган ёшларда қўрқоқлик, жиззакилик, ўзига ишончсизлик кучайиши кузатилади. Бу эса кейинчалик мустақил ҳаётида панд бериши турган гап.

Онлайн ўйинқароқлик баъзан жиноятга ҳам туртки бўлаётганидан кўз юма олмаймиз. Counter Strike, GTA, Alien Shooter… барчасида қонли тўқнашувлар, ваҳшиёна қотилликлар, авария ҳолатларини кўрамиз. Ҳамма ҳам бошида шунчаки ўйин-ку деб қарайди, лекин зарарли ва заҳарли таъсирлари онг остида йиғилиб боради. Баъзи ўсмирлар ўйинда кўрган саҳнасини ҳаётда амалга оширгиси келади. “Отасига қўл кўтарган фарзанд”, “Ака укани пичоқлади” қабилидаги мудҳиш хабарлар кунда-кунора қулоққа чалинаётгани бежиз эмас.

Ана энди бир мулоҳаза:маҳаллаларда ўйингоҳлар, спорт майдончалари етарли эмас. Борлари ҳам “Соатига фалон сўм бўлади”, деб белгилаб қўйилган. Аҳолига арзон уй-жойлар қурилаётганда бу жиҳатларниям эътиборга олишса бўлмасмиди? Қолаверса, маҳаллаларда замонавий кутубхоналарни ташкил қилиш ҳам фойдадан холи эмас. Компьютер ўйинхоналарида учинчи Ренессансга пойдевор қўйиб бўлмаслиги кундай равшан-ку!

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

XXI aср газетаси 2021 йил 11март №10сон

 

Зиёратнинг ҳам одоби бор

Зиёрат — фақатгина ўтганларни эслаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиш билан чекланмайди, балки қадамжо атрофини тозалаш, кўркам ҳолатга келтириш ҳам зиёрат амалларидандир. Айниқса, йўқлаб туриш билан инсониятнинг сўнгги манзилини эслаб туриш ҳам зиёратга киради. Ҳозирги кунда юртимизда зиёратгоҳларга эътибор, Яратганга шукрки, кучайди. Таъмир талаблари кўркам ҳолатга келтирилди. Янги мақбаралар, масжидлар қурилмоқда, атрофида боғ-роғлар барпо этилаяпти. Зиёратга, намозга келганлар ҳам тозаликка риоя қилишиб, ўз бурчларини адо этишаётгани қувонарли, албатта.

Лекин…

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир суратга кўзим тушди. Бухоро шаҳри атрофида тарихда яшаб ўтган улуғ алломанинг қадамжоси ёнидаги дарахт шохлари, новдаларига турли хил латталар боғлаб ташланибди. Хаёлимдан ўтгани: наҳотки пирлар макон тутган, одамлар фахрига айланган юртда ҳали ҳам ирим-сиримлар бор бўлса?..

Энг ёмони, баъзи бир зиёратгоҳларда айрим “тадбиркор” акаларимизнинг “бизнеси” ҳам юришгандан-юришади. Яна қанақасига денг, шаҳар марказидаги китоб дўконларидан арзимаган пулга китоблар сотиб олиб, зиёратгоҳда икки баробар қимматига сотишади. Бир парча латтага мажмуанинг номини ёздириб, уни ҳам пуллашади. Нархини кўриб ёқангизни ушлайсиз. Динимизда айтилган тарозидан урманглар, ҳалол савдо қилинглар сингари ўгитлар гўё зиёрат масканларига тааллуқли эмасдек фикр уйғотади одамда.

Айниқса, озиқ-овқат, турли хил ўйинчоқларни ҳам бемалол сотаверишади. Савол туғилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини зиёратгоҳларда сотиш тўғрими? Бизнинг-ча, мақбул эмас. Чунки, у ерда мўмин-мусулмонларнинг қабрлари бор. Ўзингизга маълум, аксарият зиёратгоҳлар эса қабристонлар билан туташ.

Бундан ташқари, ҳар бир қадамжода ҳовузлар бор, уларнинг ҳолатини кўриб ачиниб кетасан. Нима эмиш, ният қилиб сувга пул ташласа нияти амалга ошармиш. Яхши ҳам баъзи зиёратгоҳлардаги ҳовузларда турли балиқлар бор. Шунга қарамай, одамлар уларни кўриб завқ олса-да, айримлари танга ташлаш одатини тарк этишмаган. Аслида бу ҳам динимизга хилоф иш. Ният чин дилдан, ихлос билан қилинса, ҳар қандай ҳолатда ҳам ижобат бўлаверади.

Қолаверса, мутахассислар фикрича, сувга ташланган танга пуллар бора-бора ўзидан турли кимёвий моддаларни ажратиб чиқариб, сувга, ундаги сув жонзотларига зиён етказар экан. Яна бир ачинарли томони, сувга ташланган танга пулларни кўриб: “Наҳотки юртдошларимиз миллий валютамизни ҳурмат қилишмаса”, деган ўй ҳам ўтади кўнгилдан.

Oғриқли нуқталардан яна бири шуки, муқаддас қадамжода овқат пишириш масаласи. Ҳатто бунга шароит ҳам яратилгани. Агар ёнида қабристон бўлмаса тушунса бўларди. Ўша жойга “қон чиқараман”, деб қўчқор ёки хўроз олиб бориб сўйишлар. Тансиқ таом тайёрлаб, ҳордиқ чиқариб ўтиришлар, ачинарлиси, овқат қолдиқларини ва бошқа чиқиндиларни очиқ ҳолда ташлаб кетишлар қанчалик тўғри? Ҳадиси Шарифларда қабр атрофида таомланманглар дейилган.

Зиёратга борганлар авлодидан ўтганлар ҳаққига дуо қилиб, ўзларига яхши амалларни ният қилишса, кўпроқ савоб олишган бўлармиди…

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.

2021 йил 27 январь Ҳуррият газетаси №4сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 8

OAV nomi va parolini kiriting!