«Олтин қалам – 2021» танловига

«Тарих бир тийинга қиммат эртак, эртагингни айтиб юравер…»

«Тарих бир тийинга қиммат эртак, эртагингни айтиб юравер...»

Фото:«Google Images»

«Тарих бир тийинга қиммат эртак фан, эртагингни айтиб юравер…»

Бу аччиқ гапни менга тўққизинчи синфда жаҳлдор математика ўқитувчимиз айтганди.

Мактабда тарихдан вилоят олимпиадасига йўлланма олгач, бор кучимни битта фанга ташладим. Натижада, ҳисоб фанидан заифлашганимни сезган ўқитувчи алам устида шундай деганди.

Аниқ фан вакиллари тарихни менсимаслиги, унинг эртакка менгзаши бошқа масала. Бугун мен сизга ўзгараётган, керак бўлса хўрланаётган тарих ҳақида гапирмоқчиман.

Бугун 9 май. Хотира байрами. Ҳа бу мен учун шундай.

Лицейда ўқиган давримизда Қамариддин Усмонов деган олимнинг китоби бўларди. Холис ва адекват ёзилиши керак китобда муаллиф советларни авра-астаригача ағдарган ўринлари бор эди. Ўша китобда, Иккинчи жаҳон уруши инсониятга қимматга тушгани, 9 май қайғули Хотира куни экани таъкидланганди. «Улуғ ватан уруши» тушунчаси совет пропагандаси экани айтиларди (ҳозирги дарсликда бу ўринни учрамадим).

Хўш, биз қайси принципни ушлашимиз керак? Нега бу нарсалар ими-жимида ўзгариб қоляпти? Нега манбалар билан, мутахассислар билан ишланмаяпти?

Хуллас, икки-уч йилда тарих ўзгача ёзилиши мумкинлигига ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим. Мактабда бўрни жаҳл билан доскага уриб, мени койиган муаллимни тушунгандай бўлдим…

Қизиқишдан ёшликда турли китобларни варақлаганман. «СССР тарихи» (аслида 95 фоиз Россия тарихи киритилган предмет)да Иккинчи жаҳон уруши жаҳон империалистлари ва нацистлар сабаб вужудга келгани, уруш ғалабасида деярли совет томони ҳал қилувчи роль ўйнагани ёзилган. Шунингдек, иккинчи фронтни очишда имиллаган «капиталистик Ғарб» (АҚШ ва Буюк Британия)га ҳам тош отилган.

Ҳозир эса уруш бошланишига СССРнинг ўзи сабабчи бўлгани ҳақидаги фаразлар ҳам кенг ўртага ташланяпти.

Тарих жозибадор фан, лекин ҳеч бир илм ундай хўрланмаган бўлса керак. Қаранг, бугун ҳар ким 50-60, 100 йил аввалги воқеаларга фол очиб ётибди. Кимдир советларнинг ғалабасини ҳақ деса, кимдир Гитлернинг ғалабаси Туркистонга озодлик берарди деб қўяди.

Менимча, тарихни идеологияга буриш, саҳналаштириш, тарафлаштиришдан тийилмоқ керак. Уни совуққонлик билан холис ёритиш керак.

«Бункер» деган филм бор. Гитлернинг сўнгги кунлари ҳақида. Шу кинода яксон бўлаётган Берлинни коммунистлардан сақлаб қолмоқчи бўлган гитлерюгендчилар ҳаракати, собиқ аскарнинг уларга танбеҳи ва фюрернинг қўллари қалтираб, ёш жангчиларга медал тақиши саҳнаси менга кучли таъсир этган. Кимсан, Гитлер: ҳароб ва ғариб, бир қўли мажолсиз, кунпаякун бўлаёзган салтанатини ҳимоя қилмоқчи бўлган болакайларни тақдирламоқда… (суратга қаранг)

Раҳмингиз келади а?

Афсуски, бугун «Сталин раҳнамолигида ғалаба қилганмиз» ёҳуд «Гитлер урушда ютса яхши бўларди» деган гаплар ошкора янграмоқда. Уруш ҳар бир томон учун бахтсизлик бўлгани, инсоният бунёд бўлиб бундай қатлиомни кўрмаганини ёддан чиқаряпмиз.

Турли тортишувларда томонлар ҳолатини кўриб яна ўша воқеа ёдимга тушади: орадан йиллар ўтса ҳам математика муаллимнинг фикри ўзгармагандир. Қайтанга қатъийлашган бўлса керак. Бунга эса тарихни қайта ёзишга уринган, уни холис ривожи учун тер тўкмаган биз айбдормиз.

P.S: Юқоридаги сўзлар каминанинг ўта шахсий фикри ожизи эди.

Улуғбек Орипов журналист

Xabar.uz  09.05.2020

 

Биз «Чемодан, вокзал, сам знаєш куди» деганимиз йўқ

Биз «Чемодан, вокзал, сам знаєш куди» деганимиз йўқ

Постсовет давлатлари ичида аҳолиси жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи Украинада 2001 йилги маълумотларга кўра, 8 миллиондан кўпроқ рус миллатига мансуб кишилар яшаган. Ўзбекистонда эса ҳозирги кунда уларнинг сони юқоридаги рақамдан қарийб 10 бараварга камроқдир.

Украинадаги радикал партия раҳбари Олег Ляшко Рададаги чиқишларидан бирида рус тилига урғу бераётганларни койиб, «Чемодан, вокзал, сам знаєш куди» (Украинчани ёқтирмасанг, чамадон, вокзал, ўзинг биласан қаерга кетишни) деганди. Тўғри, қўполроқ муносабат. Лекин у ўз она тилини ҳимоя қиляпти.

Кеча Адлия вазирлиги томонидан билдирилган таклифдан айрим русийзабон ватандошларимизнинг дили оғрибди. Айримлари 90-йиллар яна қайтади, кетиш бошланади, деб башорат ҳам қилди.

Аввало ҳеч ким юртдан ҳайдалаётгани йўқ. Ўзбекистон катта мамлакат, унда ҳаммага жой етади. Бизда ҳали Ляшколар чиқмади, ҳеч ким рус тилида сўзловчиларни камситмади. Фақатгина йиллар давомида хўрланиб келган ўз Давлат тилимизга — ўзбек тилимизга озроқ эътибор сўраляпти.

Бир нарсани билишингизни истардим. Журналист сифатида тадбирларга бораман, кўпчилиги бир-икки нафар русийзабон учун ҳам рус тилида ўтади. Мен йиллар давомида шу ва бошқа сабабларга кўра бу тилни ўрганишга ҳаракат қилганман ва ҳозир ҳам ўрганмоқдаман. Тасаввур қиляпсизми, мен ўзбек бўлатуриб, Ўзбекистонда яшаб, ўз тилимда информация тарқатиш учун бошқа тилни ўрганишга мажбур бўляпман.

Ўрганганинг ўзингники дейишингиз мумкин. Тўғри, рус тилини қайсидир даражада ўрганиш менга янги уфқларни очди. Сиз ҳам Ўзбекистонда яшаб туриб, бироз ўзбекчани ўргансангиз, бу миллатга яқинлашасиз, у билан эт ва тирноқ бўласиз.

«Халқ хизматчиси» сериалида омма ўртасида низо чиқаришда тил воситасидан фойдаланайлик дейди, олигархлар. Чунки тил масаласи қайноқ мавзулардан. Кечаги лойиҳа акс-садоси бунга мисол.

Ҳеч ким бировни ўзбекча сўзлашга мажбур қилмаяпти. Мансабдорлардан давлат тилига эътибор сўраляпти холос. Шу вақтгача рус тили Ўзбекистонда эркин қўлланилиб келинган, бундан кейин ҳам вазият ўзгармайди, деб ўйлайман.

Аммо шундай ислоҳот резонансини кутиб ўтирган айримлар ҳақиқий пропагандани бошлаб улгурибди: Шимол дарёларидан сув ичадиган, позицияси билан Россиядаги ОАВларни ҳам ортда қолдирадиган Vesti.uz сайти «В УЗБЕКИСТАНЕ ХОТЯТ ШТРАФОВАТЬ ЗА ЯЗЫК ПУШКИНА» деган ваҳимали сарлавҳа остида хабар чиқарилибди.

Хабарнинг тагида эса тортишувлар авж олган. Умуман олганда сайт мақсадига етган, ўзбекзабон ва русийзабонлар бир бирларини «чиройли» гаплар билан сийламоқда. Мана Vesti.uz га нима керак?

Миллий адоват уйғотишга туртки бўладиган бу сарлавҳалар, ёндошувларга холис баҳо бериш, қарши тура олиш керак.

Рус ва ўзбек тилларига келсак, улар бизга хизмат қилишда давом этади. Ҳеч ким камситилмайди, чамадонини кўтариб қаёққадир кетмайди. Биттагина чиройли сўз: ўзаро ҳурмат.

Юқоридаги фикрлар каминанинг ўхшаган ва ўхшамаган фикрлари эди.

Улуғбек Орипов журналист

Xabar.uz 26.04.2020

 

«Ичкари»да навбат кутаётган муаммолар: вазир Абдуқодир Тошқуловга очиқ мактуб

«Ичкари»да навбат кутаётган муаммолар: вазир Абдуқодир Тошқуловга очиқ мактуб

Фото: Термиз давлат университети

Олий ва ўрта махсус таълими вазири Абдуқодир Тошқуловнинг лавозимга тайинланганига кўп бўлмади. Кўпчилик янги вазирни соҳани ўзгартира оладиган бир куч сифатида кўрса, бошқалар ўзгариш кутмаслигини изоҳлади, яна кимдир кузатувчи мақомида қолди.

Вазир келгач, унинг икки чиқиши омма эътиборини тортди. Биринчиси — хорижий меҳмонлар олдига талаба қизларнинг гул кўтариб чиқиш одати ҳақида бўлса, иккинчиси — бир қаватда истиқомат қилувчи талаба ўғил-қизлар масаласи бўлди.

Четдан кузатувчи одамда савол туғилади: шу муаммоларни айтиш учун вазир алмашиши керакмиди ёки булар вазир даражасига чиқиши ва муносабат билдирилиши лозим эдими?

Бу билан юқоридагиларни ўта арзимас ёки кераксиз масалалар демоқчи эмасман. Ўзбек жамиятида таълим ва тарбия бир олиб борилиши ҳаммага аён.

Аммо Ўзбекистонда коррупциялашган ва танқидлар гирдобидаги тизимни жонлантириш учун фундаментал ислоҳотлар қилиш керакки, юқоридаги муаммолар унинг олдида ҳеч нарса эмас.

Собиқ талаба сифатида уларни айримларига тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчиси, профессор ва ўқитувчилар масаласи. Том маънода, бугун ОТМларда кадрлар масаласида «янги қон» керак. Ўқитувчилар таркибини жиддий кўриб чиқишни кун тартибига қўйиш лозим. Талабалик пайтимизда дарсни қўл учида ўтадиган айрим устозларнинг маърузасида аудиториянинг ярми ҳам тўлмасди. Қаттиққўллик ёки «баҳо сиёсати» билан ушлаб турарди кўпчилик ўқитувчилар. Айримлар сессияда «ёмон кунлар келиши» билан қўрқитарди (балки ҳозир ҳам давом этаётгандир бу ҳолатлар).

Иккинчиси, форма масаласи. Бир қарашда ҳамманинг тартибли кийиниши ва тафовутлар камлиги яхши, аммо йиллар давомида форма масаласи ўзбек жамиятида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқдаки, тизимдаги бошқа муаммоларга «сакраб ўта олмай» қоляпмиз. Кийиниш масаласида талабаларга бироз эркинлик бериш мақбул ечим деб ўйлайман.

«Учинчи семестр» муаммоси: эндиликда икки семестрда баҳо ололмаган талабалар қўшимча пул тўлаб «учинчи семестр»да қарзларини ёпади дея хабар берилди. Хўш, тўлов-контракт пайдарпай ошиб бораётган, вилоят марказлари ва пойтахтда қийин ижтимоий шароитларда яшовчи, ишга жойлашиш ва ижарада синовдан ўтаётган талабага «ҳимматми» бу? Мазкур жараённи шунчаки бепул қилиш учун танқидлар тўлқини керакми?

Ва шунингдек, «ижтимоий дискриминация» гирдобида қолаётган жабрдийда қатлам – талабалар ҳақ-ҳуқуқлари масаласи. Маълумки, барча ОТМларда талабаларни турар жой билан таъминлашга шароит йўқ. Шунақа пайтда талабалар яна бир айирмачиликка дуч келади – кўплаб ижарачилар уларни ижарага қўйишни истамайди. Бу биттагина ҳолат, холос. Ишга олишда, иш шароити яратишда ва бошқаларда ҳам талабаларни ажратиш ҳоллари кузатилади. Шундай ҳолатда вазирлик жамиятдаги ёш, аммо келажаги бор қатламни ҳимояловчи тадбир ўйлаб чиқса зарар қилмасди.

Ўз бошимдан ўтган яна бир фактор ҳақида гапирмоқчиман: журналистика факультетида ўқиб юрганимизда ойлаб телевидениега амалиёт рухсатномаси ололмаган тенгдошларимни кўрганман. Умуман олганда, амалиёт деганда кўп ҳолларда қўл учида тўлдириладиган бир неча варақ қоғоз кўз ўнгимизга келади. Амалиёт бюрократиялашган, талаба учун бошоғриқ яна бир муаммо эмас, унинг келажак касби учун дебоча бўлиши керак эмасми? Талабанинг амалиёти ва иш ўрганиши ҳақида, керак бўлса, энг юқори даражада жон куйдириш муҳим деб ўйлайман.

Зеро, талаба назарияни булбулдек сайраб, ишга келганда нўноқлашса бундан кимга фойда?

Улуғбек Орипов журналист

Xabar.uz  12.02.2021

 

Ҳар кимсага ишонган, вой мани ҳамқишлоқларим…

Ҳар кимсага ишонган, вой мани ҳамқишлоқларим...

Фото:«Наш Киев»

Сарлавҳа сизга қўшиқни эслатиб, юзингизга табассум югургандир. Аммо ушбу мақолада табассум эмас, дилни хуфтон қиладиган муаммо кўтарилган.

Китоб тумани, Катта Тўпчоқ қишлоғи. Икки ҳамқишлоғим эшигимни қоқиб келди. Иккови ҳам тушкун кайфиятда, кўзларида ишончсизлик туйғуси.

Бири ҳикоя бошлади:

«Ўтган йил узум мўл бўлди. Қувондик. Таниш савдогар билан оғзаки келишув асосида килосини 4500 сўмга келишиб сотдик. Қарзга. Бир ой ўтди, янги йил ҳам келди, ана боринг Наврўз ҳам ўтдики, савдогардан дарак йўқ.

Мардикор ишлаб оилани боқдик. Бор-будимизни сарфлаб, яна токка ўғит олдик, ишладик.

ИИБга ёздик. Жиноят аломатлари топилмади, деган жавоб келди. Прокуратура судга беринг деб жавоб қилди. Суд далил келтиринг, адвокат ёлланг деди. Хуллас ишлар халта бўлди.

Сен ҳам ўқиган одам деб, қора тортиб келдик. Қолган ҳамқишлоқлар ярим пулига (2500 сўмдан) рози бўлиб савдогарга тилхат ёзиб беришди. Биз кўнмадик.

Қишбўйи қорда, баҳорда лойда, ёзда жазирамада қийналиб етиштирган узумни нима учун ярим пулига сотишимиз керак?»

Ўйланиб қолдим. Ёнимдагиларни юпатай десам уларни хурсанд қиладиган далил менда йўқ, «баттар бўлинглар, бошидан сергак бўлиб, савдогарга узум бераётганда хат-ҳужжат қилиш керак эди, ҳар томонлама ўйлаш лозим эди» десам ўлганни устига тепган бўлади.

Бу кичик қишлоқда яшовчи оддий одамнинг изтироблари. Аммо ўша ҳосилга у умрини тиккан. Уй солмоқчидир, болаларига кийим-кечак олиб бермоқчидир…

Бунақа ҳолатлар биз томонларда бот-бот учраб туради. Бир йиллик меҳнатига куйиб кетганлар кўп ва хўб топилади. Хўш?

Дастлаб, соҳибкорларнинг ўзига юзланамиз: ота ўғилга ишонмайдиган замонда нега бегонага борингизни хат-ҳужжатсиз, келажагини ўйламай топширасиз? Юзинг-кўзинг дейдиган замонлар ўтиб кетганини наҳотки англамайсиз?

«Тўпчоқ узумзорлари» деган чалажон ташкилот бор, бизда. Солиқ тўлатиш, мажлис қилиш ва пилла тарқатишдан бошқа юмуш уларга ёт. Нега ҳеч қурса шундай муаммоли вазиятда деҳқонга келиб йўл-йўриқ кўрсатмайди, маслаҳат бермайди? Туман ҳокимлигида ишловчи қишлоқ хўжалиги бўйича мутасаддилар-чи? Фермерлар уюшмаси деган ташкилот ҳам бор, шекилли. Деҳқон кимга маҳсулот сотяпти, эртага тақдири нима бўлади деб қизиқмайдиларми?

Бир муттаҳам келсаю, бутун қишлоқни алдаса, қайси кучишлатар органи мурожаатларга совуққонлик билан қараб, «дело»ни бошқа маҳкама ёки юқори органга оширади?

Мавсум давомида ишлайвериб куйиб кўмирга айланган деҳқон ҳосили пулини ярим йилдан кейин, бунинг устига келишилгандан икки баробар арзонга олса, бунга қандай тоқат қилиш мумкин?

Шу гапларни ёзарканман, ҳали қишлоқда яна бир неча киши шу муаммо ортидан югуриб юрганини эшитдим.

Хулоса ўрнида фақат бир сўз хаёлимда айланди: болаларингизни ўқитинг. Ҳақини танисин. Биров билан конструктив гаплашишни, ишбилармонликни ўргансин, ҳуқуқини билсин ва ўзини паст ҳис этмасин. Шундагина юқоридаги фирибгарлар осондан осон бировнинг ҳаққини раҳна қила олмайди.

Улуғбек Орипов журналист

Xabar.uz 07.07.2020

 

Нега ёшлар қишлоқни тарк этади?

Нега ёшлар қишлоқни тарк этади?

Фото:«Shutterstock Premier»

Қиш кечаси қишлоқда машаққат дегани. Қиш кечаси қишлоқда мақсадсиз равишда тонгни кутиб, уёқдан буёққа ағдарилиш дегани…

Мен ҳам ўша кечани мижжа қоқмай ўтказдим. Журналистика факультетига ҳужжат топширган кунимга лаънат ўқидим. Ўзимни журъатсизликда, омадсизликда айбладим. Яна бир-икки қоғоз кўтара олмайдиган дилхираликлар бўлди…

Отам совуқ олдирган оёғини узата олмай қийналади, онам ўчоқда аччиқ тутундан бўғриққан юзини рўмол билан беркитиб, печкага ўтин қалайди. Уларга кўрингим келмайди. Ўзимни кимсасиз, совуқ уйга ураман.  Талабалик давримдан эсдалик — бир токча китоб ҳам менга эш бўлолмай қолган. Ана кулимсираб турадиган Кобо Абэ ҳам хўмрайиб олгандек, Франц Кафка бўлса янада тумшайиб, кайфиятсизлик қаърига кириб кетибди. Достоевскийнинг «Ойдин кечалар»и, Сомерсет Моэмнинг «Ой ва сариқ чақа»си ҳам танамни қиздирмади. Мен Остап Бендердек йўқни йўндирадиган шоввозмас, Расколников каби тунд, чалкаш, иложсиз бир кимса эдим гўё…

Мен ишсиз эдим, ишсиз бўлганда ҳам дипломли ишсиз, беш йил ота-онам умид билан ўқитган, соғинч билан кутиб олиб, ишонч билан жўнатган ишсиз эдим…

Иш излаб, «Халқ қабулхонаси», туман бандликка кўмаклашиш марказига бордим. Мени меҳнат инспектори вазифасида ишловчи опа ҳурмат билан кутиб олди. Дипломимдан нусха кўчираётганда бошини чайқаб қўйди (дипломга ачинди чамамда). Туманда журналистга умуман эҳтиёж йўқ экан (аниқроғи иш ўрни йўқ). Бахтимга бир неча мактаб инглиз тили ўқитувчисига зор экан. Инглиз тилида равон сўзлаша олишимни эслаб, кўнглимда умид учқунлари милтиллади. Аммо чучварани хом санабман. Мактаб директорлари журналист эканлигимни эшитиб, рад этаверди. Қонунан улар ҳақ: мактабга педагогика факультетлари битирувчиси керак. Инглиз тилида равон гапиришда, нотиқликда Девид Кэмеронни ортда қолдирсанг ҳам, Майкл Жексондан ўтказиб куйласанг ҳам директорлар бундан кўра дипломингдаги «фалон факультетнинг инглиз тили йўналишини битирди» жумласини ҳурмат қилишади.

Совуқ ўрнимга чўзилар эканман, дипломим бошқасига алмашиб қолишини орзу қилдим. Аммо дилдираб уйғонганимда мўъжиза содир бўлмаганди. Диплом икки кун олдин токчага қандай ирғитилган бўлса, ўшандай турганди.

Ташқарида эса юлдузли, аёзли кеча. Қишлоқи содданинг устидан шаҳар нечоғлиқ кулса, қишлоқ ҳам «ўқимишли» бекорчини аёвсиз эзади: қишлоққа бундайлар эмас, ерни трактордек ағдарадиган, бедани қизнинг белидек ингичка боғлайдиган азаматлар керак.

Эртаси куни туман халқ таълими бўлимига ошиқдим. Бутун ўқитувчиларга иш тақсимлайдиган амалдорга ниятимни айтди. Яна дипломим «уялтирди».

— Ўқишга пул билан кириб, пул билан амаллаб битириб, бизнинг сифатли таълимни бузмоқчимисиз, йигитча?

Бу мен эшитган якуний жавоб эди. Гарчи кун совуқ бўлса-да пешонамдан тер чиқиб кетди. Дарвоқе, тўрт йил ўқишга тайёрланиб, машаққат билан талаба бўлганим бир четда тура турсин. Жуда-жуда «сифатли» бўлган, Финландияда ҳам муқобили йўқ таълим тизимини «бузиб қўймаслик» учун ҳам, туман таълим тизими тепасида турган амалдор ҳузуридан сўзсиз, садосиз чиқдим…

Талабалик пайтимда пойтахтда «вилоятларни, чекка ҳудудларни ривожлантириш керак» деб уқтиришарди. Худди ёшлар қайтса бўлди, ҳамма жой гуллаб-яшнаб кетадигандек. Бизга шу насиҳатни ўзи ёшлигида қишлоққа қайтиб кетмасдан шаҳарда каталакдек квартирада бўлса-да, яшаб қолган устозларимиз айтарди. Қизиқ парадокс, нима дедингиз?

Хуллас, мен учун қишлоқда якка-ю ягона маош олса бўладиган даргоҳ — мактаб эшиклари ёпилгач, яна юкларимни ҳозирлаб, сафарга тайёрлана бошладим. Отам оёғини совуққа олдирганидан кузатишга чиқа олмади, онам нарсаларимни тахт қилиб берди. Дипломимни сумкамга маҳкам ўрнаштирдим-да, фалон профессор телевизорда «ёшлар енгил ҳаётга берилиб нуқул шаҳарда изғиши, қишлоққа эса янги кадрлар, янги қон жуда зарурлиги» ҳақидаги маъруза қилаётган пайтда қишлоқни тарк этдим.

Улуғбек Орипов журналист

Xabar.uz 12.08.2020

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.5 / 5. Baholaganlar soni: 60

OAV nomi va parolini kiriting!