«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-12T14:52:13+05:0012 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Бугуннинг гапи

ЁЛЛАНМА ИШЧИНИНГ  ҲАМ  ҲАҚ-ҲУҚУҚИ  БОР

Бугун уч-тўрт сўм маблағ топиб, рўзғорини тебратиш, фарзандларини уйли-жойли қилиш, ўқитиш мақсадида минглаб эркаклар оиласи бағридан узоқда меҳнат қилишмоқда. Гап фақат хорижда ишлаётган ватандошларимиз ҳақида эмас. Турли вилоятлардан келиб, пойтахтимиздаги қурилишларда ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилаётганлар ҳам оз эмас.  Улар қандай шароитларда яшайди, овқатланади, ишлайди. Уларнинг меҳнати, ҳақ-ҳуқуқлари муҳофаза қилинганми, деган савол туғилиши табиий. Ушбу саволларимизга жавобни уларнинг ўзларидан  олдик.

Мардикорга осон эмас…

– Оғир иш шароити ҳақида гап кетса, негадир фақат хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳаёти мисол қилиб кўрсатилади. Мамлактимиздаги қурилиш ташкилотларида ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилаётган ака-укаларимизнинг ҳаёти, туриш-турмуши бинойидай эканми? – дейди андижонлик Рустамжон исмли йигит. – 2016 йили ўқишга кира олмагач, Зангиота туманида намунавий лойиҳа асосида уй қураётган қурилиш фирмасида ёлланма ишчи сифатида ишладим. Қурилиш ишлари сентябр ойида бошланди. То уйлар тикка бўлгунича омонат қурилган баракларда яшадик. На махсус кийим, на бошни ҳимоялаш учун каска берилгани йўқ. Қишни эса ўзимиз қурган, эшик-деразаси йўқ уйларда ўтказдик. Қанча йигитлар касал бўлиб қайтиб кетди. Қурилиш фирмаси билан оғзаки келишув асосида ишлардик, ҳеч қандай қоғозга қўл қўйганимни эслай олмайман. Бу-ку майли, ойлаб хусусий уй-жой қурилишларида ишлаб, ё прорабнинг муттаҳамлиги, ё уй эгасининг номардлиги туфайли ҳалол меҳнат ҳақини ололмай юрган танишларим қанча…

Касбимни ўзгартирдим

– Ўн йил  пойтахтда прораблик қилдим, – дейди қўқонлик Самад исмли танишим. – Қўл остимда қариндош-уруғларим, ака-укаларим ишларди. Ишчиларим орасида Акбар исмли узоқроқ қариндошимиз ҳам бор эди. Мен билан уч йил бирга ишлаб, шу касб ортидан ўғлини уйлантирди, қизини узатди. Бир хонадоннинг томини ёпиш арафасида Акбар ака томдан йиқилиб, бели синиб, шифохонага тушиб қолди. Операциядан кейин бир ой шифохонада ётиб, оламдан ўтди. Ўша куни онамнинг қистови билан жанозага бордим. Дарвозадан ўтишим билан, ўғли келиб, ёқамга ёпишиб, “Дадамни ўлимига сен сабабчисан”, дея таҳдид қилди. Ишчиларнинг айтишича, Акбар ака томга чиққанида қўл телефонини пастга ташлаб кетмаган. Уйидагилар қўнғироқ қилиб қолгач, телефонда ниманидир муҳокама қилаётиб, суҳбатга берилиб, юқорида юргани ёдидан чиққан ва йиқилиб тушган.  Шу воқеадан кейин маҳалладошларимнинг кўзига ёмон кўриниб қолдим. Қўни-қўшнилар, қариндошлар фарзандларини мен билан ишлашга юбормай қўйишди. Икки йилча уйдан чиқмай, ҳеч нарсага қизиқмай ўтирдим. Шу воқеада ўзимни айбдор ҳис қиладиган бўлиб қолдим. Охири прорабликни ташладим, ҳозир киракашлик  қиляпман.

Фалокат оёқ остида

– Мен эса ўзимнинг эътиборсизлигим туфайли бир умрга ногиронлик аравачасига михландим, – дейди қашқадарёлик Собир исмли уста йигит. – 14 ёшимдан бошлаб ёлланма ишчи бўлиб ишлайман. Дадам ичкиликка ружу қўйгани боис, рўзғорнинг бутун ташвиши онамнинг елкасида қолиб кетди. Муҳтожлик сабаб тоғаларим билан пойтахтга келиб ишладим. Лой ташиш, идиш-товоқларни ювиш, теша болталарни олиб келиб бериш каби майда-чуйда ишларда ёрдам бериб турдим. Касб-ҳунар коллежини битирганимдан сўнг катта устага айландим. Бир хонадондаги эски уйни бузаётганимизда оёғимга резинка шиппак кийиб олгандим. Эски деворларни қулатаётганимизда шиппагим сирғалиб, оёғим чалишиб, ерга йиқилдим. Устимга девор қулаб тушди. Тез ёрдам машинасида шифохонага олиб боришди. Рентген натижалари чап елкамнинг суяги синганини тасдиқлагач, зудлик билан операция столига ётқизишди. Жарроҳлик операциясидан сўнг ногирон бўлиб қолдим. 25 ёшимда ногиронлар аравачасида юришга мажбурман. Ҳар доим ишга кетаётганимда онам: “Қорнинг оч юрмагин, оёғингга эски бўлса ҳам қулайроқ  оёқ кийим кийиб ол, юқорида ишлаётганингда телефонда гаплашма”, деб тайинларди. Фалокат оёқ остида, деб шунга айтсалар керак-да.

Бандлик бошқармасидан берилган маълумотларга кўра, ёлланма ишчилар бахтсиз тасодиф туфайли жароҳат олса ёки унинг ҳаёти фалокат билан тугаса, фақат юридик шахс бўлсагина ўша жойга чиқиб, текширув ишлари олиб бориш тартиби ўрнатилган. У қанақа ташкилот бўлишидан қатъи назар ходимларнинг аралашишга ҳуқуқлари бор. Жисмоний шахслар ўртасида содир бўлган турли ҳодисаларни ўрганишга эса ҳақлари йўқ. Чунки жисмоний шахслар асосан оғзаки келишув бўйича ишлашади. Жисмоний шахс ёлланма ишчини ўзининг хусусий уйига олиб бориб, келишувга асосан ишлатади.  Ёлланма ишчилар қаерда ишлашидан қатъи назар, ўз ҳаёти кафолатланганлиги ҳақида маълумотга эга бўлишлари керак.

Инсон ҳаёти ўз қўлида

Азиз КАРИМОВ,  муҳандис:

– Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг муҳандислик факултетини тугатганман. Отам ҳам муҳандис бўлган. Ёшлигимда кўпинча уларнинг ёнида юриб, ишларини ўрганганман. Бу ишнинг нонини ейиш осон эмас. Айни кунларда 7 қаватли бинода қурилиш ишлари билан шуғулланяпмиз. Қўл остимда 24-25 ёшдан 50 ёшгача бўлган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятидан келган 50 нафар ишчи бор. Иш бошлашдан олдин рўйхат тузилиб, ҳар бир ишчининг ёши, имкониятига қараб иш тақсимланади. Кўп қаватли уйларни қуришда иш асосан кран орқали бажарилади. Ишчилардан хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари, бошига махсус каска, оёғига этик, белига камар тақиб, қўлқоп кийишлари талаб этилади. Юқори қаватларда телефон ишлатилмайди. Ортиқча сим, арматура ёки ғишт бўлаклари оёқларига илиниб қолмаслиги учун ҳар якшанба куни чиқиндилар тозаланади. Кимнингдир оиласида муаммо бўлса, кетишига рухсат берамиз, ўрнига бошқа ишчи қабул қилинади. Соат олтидан кейин иш тўхтатилади. Янги келган ишчига техника хавфсизлигига риоя қилиш тушунтирилади. Аммо ҳар бир инсоннинг  ҳаёти ўз қўлида.

“Яна оч қоладиган бўлдик”

Отабек МУСАЕВ, ҳайдовчи:

–  Ҳозир маҳалласидаги беш-олти ишсиз йигитни йиғиб бригада тузиб олган прораблар кўпайиб кетди. Уларни пойтахтга олиб келиб, шахсий хонадонларда ишлатишади. Бировларнинг меҳнати эвазига фойда кўриб, қўша-қўша машина олаётган, участка қураётганлар ҳақида ҳам эшитганман. Майли, хоҳлаганича бойлик орттирсин, бироқ бу оғир меҳнат қилаётган ишчиларнинг ризқ-насибасини қирқиш эвазига бўлмаслиги керак. Ўтган йили  участкамда уста ишлатдим. Прораб билан келишиб, озиқ-овқат учун пул бериб турдим. Бир куни ишчилардан хабар олгани келсам, йигитлар қуруқ нон билан чой ичиб ўтиришибди. Тушликда гўштсиз макарон, кечқурунга мастава қилиб бераётган экан. Ўша кундан бошлаб овқатни келинойингиз ўзи пишириб берадиган бўлди. Ўзимиз нима есак, усталарга ҳам ўша таомни едирдик. Йигитлар ҳам бинойидек ишлашди, ҳеч бирининг соғлиғида муаммо чиқмади. Иш тугагач,  бригадир усталарни  янги буюртма берган фирмага олиб кетадиган бўлди. Йигитлардан бири: “Яна оч қоладиган бўлдик-да”, деди ёнидаги шеригига норози оҳангда.

– Қандай яшаш инсоннинг ўзига боғлиқ, – дея суҳбатга қўшилди Шамсиддин исмли бўёқ устаси. – Масалан, бизнинг ишимизни соғлиққа зарар томони кўп. 35-40 ёшдан кейин кўпинча аллергияга мойиллик бошланади. Шу сабаб бизга икки ҳисса кўп маош тўлашлари керак. Битта уйни таъмирдан чиқариш учун бригадир шартнома тузади. Ҳар кимни бажарадиган ишига қараб, пул тарқатади. Баъзида айёрлик қилиб, пулни камроқ берса ҳам йигитлар индамайди. Айрим танишларим меҳнатини қилиб қўйиб, пулини ололмай, ялиниб юришади. Мен эса ҳаққимни бир тийинини ҳам қолдирмасдан оламан.

Демак, одам қаерда яшаб, ишламасин, ўзи учун қулай шароит яратиб олиш, унинг ўз қўлида. Ҳаққини билган хор бўлмайди, дейишадику.

Нигора РАҲМОНОВА,

Журналист

Хабар газетаси. 2020 йил 1 октябрь.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 27

OAV nomi va parolini kiriting!