«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-12T11:20:35+05:0012 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Пулли йўллар

ПУЛЛИ ЙЎЛЛАР ҚАЧОН, ҚАЕРДА, ҚАЙ ТАРТИБДА ҚУРИЛАДИ?

Ўзбекистонда пулли йўл қурилади, дейилганига ҳам анча вақт бўлди. Бироқ натижадан дарак йўқ. Бир қарашда пулли йўл бизга зарур ҳам эмас. Чунки пулли йўл қуришдан олдин мавжуд йўлларни жаҳон стандартларига мослаб таъмирлаб қўйсин, дегувчилар ҳам кам эмас.

Хўш, ўзи Ўзбекистонда қайси ҳудудларда пулли йўл қурилади. Уларни ким, қачон қурмоқчи? Бундай йўлларда юриш учун оддий халқ қанча тўлаши керак? Унда ҳам светофор, радар бўладими? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлатхусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг Иқтисодий соҳаларида Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини таҳлил қилиш бошқармаси етакчи мутахассиси – транспорт соҳаси бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳа менежери Шоҳжаҳон ТОҲИРОВга мурожаат қилдик.

 – Дастлаб «Тошкент – Андижон» ва «Тошкент – Самарқанд» пуллик автомобиль йўллари қурилиши режалаштирилмоқда, – дейди Шоҳжаҳон Тоҳиров. – «Тошкент – Андижон» пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича дастлабки техникиқтисодий асослар (ДТИА) Жаҳон банки консультантлари томонидан ишлаб чиқилиб, ўтган йили тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди. Лойиҳа бўйича «Инвестициядан олдинги тадқиқот»(Preinvestment study) ни ўтказиш бўйича консультантни аниқлаш ишлари бошланиш арафасида. Бир йилдан кўпроқ муддат давомида ўрганиш ишлари ўтказилгандан сўнг, халқаро тендер эълон қилинади.

«Тошкент – Андижон» пулли йўлни қуриш қанчага тушади?

 – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий қиймати 2 млрд. АҚШ долларидан ошади. 340 км.лик йўл қуриш учун 5-10 йил керак бўлади. Бироқ ҳали қурилиш ишлари бошланмаган. Икки босқичли тендер асосида танланган халқаро инвестор билан ДХШ тўғрисидаги битим имзолангач, қурилиш ишлари бошланади.

Ушбу йўлда юриш нархи қанча бўлади?

– Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобиль ва енгил юк машиналар учун тахминан 5 ва 7 АҚШ доллари, юк машиналари ва автобуслар учун 15 АҚШ доллари этиб кўрсатилган. Ушбу лойиҳа бўйича Президент қарори қабул қилиниши кўзда тутилган бўлиб, мазкур қарорда йўлдан фойдаланувчилар учун нархлар ўзгариши ёки тўловнинг маълум қисми субсидия ҳисобига қопланиши ёхуд йўлнинг бепул бўлиши ва имтиёзга эга бўлган фойдаланувчилар рўйхати шакллантирилиши масалаларига аниқлик киритилади.

«Тошкент – Самарқанд» пуллик автомобиль йўли-чи?

Ушбу йўл бўйича «Европа тикланиш ва тараққиёт банки» консультантлари билан битим имзоланди. Ҳозирда ДТИА бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда. Лойиҳанинг умумий капитал харажатлари тахминан 1,5 млрд. АҚШ долларидан ошади. 300 км.лик йўл учун умумий қурилиш даври кетмакетлигига кўра, 5-8 йилни ташкил этади.

Нархи-чи?

«Европа тикланиш ва тараққиёт банки»нинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобиль ва енгил юк машиналар учун тахминан 5 ва 7 АҚШ доллари, юк машиналари ва автобуслар учун 15-20 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳали мазкур лойиҳалар бўйича аниқ белгиланган маршрут ва нархлар мавжуд эмас. Сўнгги тасдиқланган рақамлар ҳукумат ва инвесторлар ўртасида тузиладиган келишув асосида аниқ бўлади. Айтилган рақамлар халқни амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар бўйича умумий тушунчага эга бўлиши учун маълум қилинди.

Пулли йўлларда ҳам светофор, радар, «ГАИ»лар бўладими?

 – Йўқ, радар, «ГАИ» бўлмайди. Светофорлар қўйилиши ёки қўйилмаслиги қурилиш жараёнида, яъни ҳукумат даражасидаги келишувда акс этади. Яна бир гап: халқаро тажрибага кўра, пуллик йўл қурилганда одатда аҳоли учун бепул алтернатив йўл сақланиб қолади. Демак, бизда ҳам айримларда хавотир уйғотаётган мавжуд трасса йўллар фойдаланишда қолади. Ҳозирда иккала лойиҳа бўйича ишлар деярли бир хил босқичда. Лойиҳалар кўлами ва таъсири жиҳатидан Марказий Осиё бўйича йирик лойиҳалардан бўлганлиги учун жаҳон тажрибаси жиҳатидан узоқ муддатда амалга оширилиши нормал ҳолат ҳисобланади.

Ўзи бу пулли йўллардан халққа, давлатга қандай фойда?

 – Мамлакатнинг транзит салоҳияти ортади. Йўлдан фойдаланувчилар вақти тежалади. Иқтисодий ўсишни жадаллаштиради. Бундан ташқари, йўл қурилиши ва лойиҳа билан боғлиқ бевосита ва билвосита минглаб иш ўринлари яратилиши мумкин. Энг муҳими, лойиҳани молиялаштириш давлат бюджетидан эмас, асосан, хусусий шерик томонидан амалга оширилади.

Назаримизда, пулли йўлни қурмасдан олдин мавжуд йўлларни таъмирлаш лозим. Негаки, пулли йўл қурилгач, ҳозирги магистрал йўллар ўз ҳолига ташлаб қўйилиши мумкин. Натижада, оддий халқда танлов қолмагач, пулли йўлдан юришга мажбур бўлади.

Рустам ЮСУПОВ

“Mahalla”

(2021 йил “Mahalla” газетасининг 12-сонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.1 / 5. Baholaganlar soni: 79

OAV nomi va parolini kiriting!