«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-12T10:31:36+05:0012 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ЁВЛАРГА АЙЛАДИ КЎКСИНИ ҚАЛҚОН

                              Элини  асради  шерюрак  ўғлон,

                             Ёвларга кўксини айлабон қалқон,

                             Жасорати бўлди тилларда достон,

                             Юртига Широғу Фарҳод Хайриддин!

Ўткинчи дунёда яхши ном билан из қолдириш осон эмас. Саноқли инсонларнинг номигина мангуликка муҳрланади, уларга атаб шеъру достонлар битилади. Йиллар ўтса-да, каттаю кичик уларнинг номини эҳтиром ила тилга олади, ҳурмат ила хотирлайди. Айниқса, Ватан тинчлиги ва ҳурлиги учун жон тикканлар ёди  ҳамиша эҳтиром ва эъзозга лойиқдир.

АЪЛОЧИ, СПОРТЧИ, ҒАЙРАТЛИ

Фарғона вилояти Сўх туманидаги 18-умумтаълим мактабидамиз. Таълим даргоҳи ҳовлисига 2000 йили Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманларида халқаро террорчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб қаҳрамонларча ҳалок бўлган катта сержант Хайриддин Холбоевнинг бюсти ўрнатилган. Мактаб ичида эса қаҳрамон йигитга бағишланган ихчамгина музейга дуч келасиз. Унинг катта портрети олдидан Хайриддинга бағишланган хотира шеъри жой олган. Юқоридаги мисра шу шеърдан парча. Ўқувчиларнинг кўплари бу шеърни ёд олган ва қаҳрамон ҳақидаги маълумотларни яхши билади.

Ташрифимиз чоғида ҳам мактаб ёшлар иттифоқи етакчиси Офарида Қосимова бошчилигидаги ўқувчилар Хайриддин Холбоевга бағишланган шеър ва қўшиқлари билан меҳмонларни хушнуд этишди. Зеро, мардлар номи унутилмаслиги эътирофи бу.

– У жуда иқтидорли ўқувчи эди, – Хайриддинни ёдга олади устози Аюбжон Ғойибов. – Буюрилган топшириқни ўз вақтида бажарарди. Фанлардан аълочи бўлиш билан бирга спортда ҳам етакчилардан эди, айниқса волейболда. Шу сабаб, у иштирок этган туман мусобақаларида мактабимиз ўқувчилари биринчи ўринни эгалларди. Хайриддин ғайратли ва қатъиятли, дўстларига меҳрибон бўлгани учун ўртоқлари доим унинг  ортидан эргашарди…

ОРЗУЛАРИ КЎКСИДА КЕТГАН ЎҒЛОН

Йигирма йил, Сариосиёдаги ҳарбий ҳаракатларга август ойида йигирма йил бўлади. Демакки, Хайриддиннинг бу дунёни тарк этганига ҳам… У ўшанда 21 ёшда эди. Ўт-олов, ғайратли, орзулари бисёр, куёвлик сарполарини кийишга бир қадам қолган, тўйи бўлиш арафасида турган йигит…

Сўх туманидаги Лембург қишлоғида Шодибек ака Холбоевлар оиласининг ўз ўрни ва ҳурмати бор. Хайриддин шу хонадоннинг тўнғич фарзанди. Оила бошлиғи қурувчи уста. Қишлоқдаги ва ўша ён-атрофдаги кўплаб уйларнинг қад ростлашида Шодибек аканинг улуши катта. Шу боис, оила фарзандлари Хайриддин ва Шамсиддин ҳам устачиликка эрта меҳр қўйган, оталарига ёрдамчи бўлишган. Бироқ Хайриддин ҳарбий соҳа вакили бўлишни болалигидан орзу қилган, жисмонан бақувват бўлишга интилган. Спорт билан шуғулланган, ҳар тонг югуриш машқини бажарган. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган бобоси Кетмас акадан уруш воқеаларини тинглашдан чарчамас, саволлари адоқсиз бўларди унинг. Шу сабаб,  десантчилар ҳарбий қисмида муддатли хизмат ўтаган йигит хизматини шартнома асосида махсус операция кучлари батальонида давом эттиришга муваффақ бўлган.

– Хайриддин билан хизматда ҳам, ҳарбийлар шаҳарчасидаги тураржойда ҳам, Сариосиёдаги ҳарбий ҳаракатларда ҳам бирга бўлганмиз, – дейди сафдош дўсти истеъфодаги сержант Ойбек Ҳамдамов. – У ҳақиқий махсус гуруҳ посбони эди. Мард, ортга чекинмас, ҳар қандай шароитга мослаша оладиган, қўрқмас йигит эди у. Назарий машғулотларда аълочи, ёзуви жуда чиройли бўлиб, ҳуснихатига ҳар қандай одам тан берарди. «Қиз болаларга ўхшаб чиройли ёзасан», деб ҳазилашиб гоҳида унинг ғашига тегардим. Машғулотларда улгура олмасам, албатта, менга ёрдам берарди. Амалий машғулотларда ҳам доим олдинги сафда бўлган. Биласиз, Сўх тоғли ҳудуд, тоғда ўсган йигитнинг чапдаст ва эпчил бўлиши шубҳасиз.

Иккимизнинг ҳам келажак орзуларимиздан бири оила қуриб, фарзандлар кўриш эди. У кўп ўтмай унаштирилди, тўйи бўлиши керак эди, бироқ… Халқаро террорчиларга қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда ёнма-ён турдик. Амалий машғулотларда шартли душман билан жанг қилган махсус гуруҳ посбонлари учун бу ҳақиқий синов майдони эди. Биз бу кунга ҳар томонлама тайёр эдик, лекин сафдошлардан айрилиш…  Хайриддин ҳалок бўлганда ҳам бирга эдим. Мен оғир ярадор бўлдим, у эса…

Ҳа, ҳаётдан эрта кетган дўстни эслаш осон эмас, айниқса у яқин сафдошинг бўлса. 2000 йилдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган махсус гуруҳ посбонларининг деярли барчаси ҳозир истеъфода. Аммо Хайриддиннинг қайси бир сафдоши билан суҳбатлашмай, у ҳақдаги ўзига хос фикрлар, илиқ хотираларга эга бўлдим. Оиласида бўлганимизда эса бизни ота-онаси, яқинлари билан бирга, маҳаллий ҳокимият вакиллари, қўни-қўшни ва қариндош-уруғлари қарши олди. Ҳар бирларининг қаҳрамон йигит ҳақида айтадиган дил сўзи, фикрлари бор. Бундай дамда энг оғири ота-она билан жигарбандларини ёдга олиш.

– Хайриддин катта ўғлимиз, ишонган тоғимиз эди. У ҳарбий хизматчи бўлишга қарор қилганида дадаси иккимиз рози бўлдик, – Гулсимбиби опа кўзларида ёш ила ўғлини хотирлайди. – Чунки у бир ишга аҳд қилдими, эришмагунча тинчимасди. Аскарлик бурчидан сўнг, хизматини давом эттирди. Бағримиздан узоқда бўлгани учун уйлантириб қўйишга қарор қилдик. Олдида иссиқ-совуғидан ҳабардор бўлиб турадиган яқини бўлса яхши, кўнглимиз хотиржам бўлади, деб ўйладик. Бағримизга охирги марта келганида 2000 йилнинг июль ойи эди. Август ёки сентябрда тўйини ўтказмоқчи эдик. Доим «тўйимга Хуршид Расуловни олиб келамиз», дерди. Ўн кун ёнимизда бўлди. Дўстларининг бири қўйиб бири келиб турди. Таътили тугагач, хизматига отланди, хайрлашиб йўлга тушди. Ортидан термилиб турибман. Шунда, беш-ўн қадам юрди-ю, орқасига қайтди…

Гулсимбиби опа мужгонларини артар экан, бир муддат жим қолди. Англашимча, кўз олдида беихтиёр ўша онлар гавдаланди. Ўшанда она-бола ўртасида қуйидагича суҳбат бўлиб ўтганди:

– Тинчликми, болам, бирор нарсанг ёдингдан кўтарилибдими?

– Йўқ, онажон, ҳаммаси жойида, фақат тўйга тайёргарлик кўрмай туринглар.

– Нега?

– Мен бир жойга кетяпман, узоқ жойга. Қайтмаслигим мумкин.

– Бу нима деганинг? Ундай дема, болам, бўлажак келинимиз сени қачондан буён кутади, уни ноумид қилма.

– Қайтсам, ўша қиз меники. Агар қайтмасам, уни укамга олиб беринглар. Сиз айтгандек, ноумид бўлмасин…

– Хайриддин кетганидан кейин ўйлаб ўйимга етолмадим, – хўрсинади Гулсимбиби опа. – Ўғлим нега ундай деди, бирор режаси бўлса, менга айтгиси келмадими. Аммо боламни ўшанда охирги марта кўриб туришим, бағримга тобутда қайтишини асло хаёлимга келтирмагандим…

Руҳи тоза инсонлар бўладиган ишни олдиндан сезади, дейишади кексалар. Хайриддин таътилдан қайтаётганда Сариосиёдаги ҳарбий ҳаракатлар бошланмаган, унда иштирок этиши ҳали номаълум эди. Не бўлганда ҳам сирли дунё бу.

Оиладаги хона тўридан жой олган мўъжазгина уй-музейга эътибор қаратаман. Унда катта сержант Хайриддин Холбоевга тегишли «Жасорат» медали ва турли мукофотлар, расмлар, ҳарбий либослар ва бошқа бир қатор буюмлар бор. Албатта, бу музей ва қаҳрамон йигитнинг ота-онасини зиёрат қилгувчилар ҳам етарли. Бир сўз билан айтганда, йиллар, даврлар ўтар, авлодлар алмашар, лекин юрт тинчлиги, миллат эрки учун ёш умрини ёвга қалқон қилган жўмардлар номи барҳаётдир. Шоирона айтганда:

 

                                  Юрт шаънига тиккан йигит жонини,

                                 Чақин  умри  тутди Ватан шонини,

                                 Жанггоҳларда тўкди шаҳид қонини,

                                 Ёвқур кетган келбати Фарҳодларим.

 

                                 Авлодларда яшар юрак чўғингиз,

                                 Эрк тахтида баланд тутар туғингиз,

                                 Ҳумо қуши асли Сизнинг руҳингиз,

                                 Ватан узра сўнмас руҳи шодларим.

 

Зулфия ЮНУСОВА,

“Ватанпарвар”, 2020 йил 24 апрель, 17сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.1 / 5. Baholaganlar soni: 25

OAV nomi va parolini kiriting!